Электронная библиотека » Митч Элбом » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Митч Элбом


Жанр: Личностный рост, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 10 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ўнинчи сешанба: оилавий ҳаёт ҳақида суҳбатлашамиз

Морриникига меҳмон олиб келдим. Рафиқамни.

У илк ташрифимдан бери рафиқам билан таништиришимни сўрайди. “Қачон энди Жанин билан таништирасан?” “Қачон Жанинни ҳам олиб келасан?” Бир неча кун аввал Моррининг ҳолидан хабар олиш мақсадида уйига қўнғироқ қилгунимга қадар рафиқамни олиб бормаётганимга доим баҳоналарим тайёр бўларди.

Моррининг телефон ёнига келишига анча вақт кетди. Гўшакни кўтарганида эса шиғиллаган товушдан телефонни бошқа биров унинг қулоғига тутиб турганини сездим.

– Са-ало-о-ом, – деди у, гўёки нафас етишмаётгандек.

– Яхшимисиз, мураббий?

Унинг нафас чиқаришини эшитдим.

– Мич…бугун…. мураббийингнинг аҳволи… бироз яхши эмас.

Тунлари унинг аҳволи тобора оғирлашиб бораётганди. Деярли ҳар тун кислород ускунасини улашларига тўғри келар, йўтал хуружлари эса одамни қўрқитарди. Бир йўтал тутса, соатлаб давом этар ва у тўхтайдими, йўқми Моррининг ўзи ҳам билмасди. У ҳар доим дард ўпкасини маҳв этганида ўлишини таъкидларди. Ажали нақадар яқин қолганини ўйлаб вужудимни титроқ босди.

– Сешанба куни бораман, – дедим мен. – Унгача тетиклашиб қоласиз.

– Мич?

– Лаббай?

– Рафиқанг ҳозир сен биланми?

Жанин ёнимда ўтирганди.

– Гўшакни унга бер. Овозини эшитмоқчиман.

Тан олишим керак, Худо аёлимни мендан анча раҳмдилроқ қилиб яратган. У Морри билан бирор марта ҳам кўришмаган бўлса-да, гўшакни қўлига олди ва бир дақиқага ҳам қолмай у кекса профессорим билан талабалик йилларидан бери таниш кишидек илиқ суҳбатга киришди. Эшитганим фақат “Ҳа, ҳа… Мич айтиб берганди… Вой, раҳмат” жумлалари бўлса ҳам, улар дилдан суҳбатга киришганини ич-ичимдан ҳис қилиб турардим.

У гўшакни жойига қўйгач:

– Келаси сафар бирга борамиз, – деди. Тамом.

Мана энди иккаламиз Моррининг икки ёнида ўтирибмиз. Морри хотинбоз бўлмаса-да, аёлларга суяги йўқ киши эди. Буни ўзи ҳам тан оларди. Ҳозир ҳам йўтал хуружи ёки ҳожатга чиқиш эҳтиёжи мулоқотни бўлаётганига қарамасдан хонада Жаниннинг борлиги профессоримга янгидан куч бағишлаётгандек эди. У тўйда тушган суратларимизни томоша қилди: Жанин альбомимизни кўтариб келибди.

– Детройтликмисиз? – сўради Морри.

– Ҳа, – жавоб берди Жанин.

– Қирқинчи йиллар охирида бир йилча Детройтда дарс берганман. Қизиқ воқеа бўлган ўшанда.

Морри бурун қоқишга тўхтади. Қоғоз сочиқчани олишга уринаётганини кўриб, ўзим сочиқчани олдимда, унга тутиб турдим. У ожизгина бурун қоқди. Сочиқча билан бурнини енгилгина сиқиб, артиб қўйдим, худди машинада кетаётган она боласига қилгани каби.

– Раҳмат, Мич, – Морри Жанинга қаради. – Менинг тенги йўқ дастёрим.

Жанин жилмайди.

– Ҳа, майли. Воқеага қайтсак. Университетда жамиятшунослар жамоаси бор эди. Бошқа фан ўқитувчилари билан покер ўйнардик. Бир жарроҳ йигит бўларди. Бир оқшом ўйиндан сўнг у ёнимга келиб, “Морри, иш жараёнингизни кўрсам дегандим”, деди. Рози бўлдим. Маърузаларимдан бирида қатнашиб, дарс беришимни кузатди. Дарс тугагач, “Энди мени иш жараёнида кузатишга нима дейсиз? Бугун оқшом бир беморни операция қиламан”. Кўнгли оғримасин деб, боришга рози бўлдим. У мени шифохонага олиб борди. Киришимиз билан “Қўлингизни яхшилаб ювинг, ниқобни тақинг ва устингизга халатни илиб олинг”, деди. Ҳаш-паш дегунча у билан бирга операция столи ёнида турардим. Столда аёл бемор ётар, унинг белидан пастки қисми яланғоч эди. Танишим қўлига пичоқни олиб, аёлнинг танасини хотиржам кеса бошлади. Шундай…

Морри бармоғини кўтариб, ҳавода айлантирди.

– Мана шундай бошим айлана бошлади. Ҳушимни йўқотай деяпман. Ҳамма ёқ қон. Уҳ! Ёнимда турган ҳамшира “Доктор, сизга нима бўлди?”, деб сўради. Мен эса “Мен ҳеч қанақа доктор эмасман! Мени бу ердан олиб кетинг!” дедим.

Биз кулдик. Базўр нафас олаётган Морри ҳам баҳоли қудрат кулишга ҳаракат қилди. Морри анча вақтдан бери бундай ҳикоялар айтмай қўйганди. Во ажаб, бошқа бировнинг хасталигини кўриб, ҳушини йўқотай деган одам ўз дардини шундай мардона қарши ола билса-я, деган фикр ўтди хаёлимдан.

Конни эшикни тақиллатиб, Моррининг тушлиги тайёр бўлганини айтди. Мен эрталаб “Нон ва томоша” дўконидан келтирган сабзи шўрва, сабзавотли пишириқлар ва юнонча пиширилган макарон тушликка ярамасди, албатта. Энг юмшоқ егуликларни олиб келишга қанчалик ҳаракат қилмай, барибир улар нимжонлашиб қолган Моррининг чайнаб ютишига қаттиқлик қиларди. Энди у асосан суюқ бўтқа ва шўрвада ивитиб, эзилган кекс ерди. Шарлотта деярли барча егуликларни блендерда майдалаб, эзиб берарди. Морри овқатни сомонча ёрдамида истеъмол қиларди. Мен ҳалигача ҳар ҳафта бозорлик қилиб, унинг ҳузурига харидлар билан тўла пакетларни кўтариб келардим. Унинг юзидаги ифодани кўриш учун ҳам бозорлик қилишда давом этардим. Ҳар гал музлаткични очганимда, у овқат солинган қутиларга тўлиб кетганини кўрардим. Эҳтимол, ҳали яна аввалгидек биргаликда ҳақиқий тушлик қиламиз, мен унинг оғзидан овқат сачратиб, тўла оғиз билан гапиришини томоша қиламан, деб умид қилгандирман. Нақадар аҳмоқлик.

– Шунақа гаплар… Жанин, – деди Морри.

Рафиқам жилмайди.

– Жуда латофатлисиз. Қўлингизни беринг.

Рафиқам қўлини узатди.

– Мичнинг айтишича, профессионал хонанда экансиз.

– Ҳа, шундай – деди Жанин.

– У яна бетакрор овозингиз борлигини ҳам айтганди.

– Вой, – кулди у. – Йўқ, у оғизда шундай дейди, холос.

Моррининг қошлари кўтарилди.

– Мен учун куйлаб берасизми?

Ростини айтганда, Жанинни таниганимдан бери одамлар ундан бирор қўшиқ куйлаб беришни сўрайди. Одамлар қўшиқ айтиб тирикчилик қилишингизни эшитишлари билан доим “Нимадир куйлаб бермайсизми?” деб сўрашади. Тортинчоқлиги ва шароитга талабчанлиги боис Жанин ҳеч қачон бундай илтимосларни бажармасди, хушмуомалалик билан рад этарди. Ҳозир ҳам у шундай қилади деб ўйлаб турганимда, у куйлай бошлади:

 
Хаёлимга келганинг ҳамон
Бу дунёда ҳар нимаки бор
Унутаман барин батамом,
Воқелик ҳам этилар инкор…
 

Жанин матни Рей Нобл қаламига мансуб, 30-йилларда машҳур бўлган қўшиқни Моррининг кўзларига тикилганча бетакрор нафислик билан куйларди. Мен яна бир бора Моррининг одатда туйғуларини пинҳон тутувчи одамларнинг ҳам ҳиссиётларини намоён қилдириш маҳоратига тан бердим. Морри қўшиқ оҳангига маҳлиё бўлганча кўзларини юмди. Рафиқамнинг нафис овози хонани тўлдирар экан, Моррининг юзидаги табассум ярим ой шаклини оларди. Вужуди бир қоп қумдек жонсиз бўлса-да, ичида рақсга тушаётгани яққол сезилиб турарди.

 
Ҳар чечакда сенинг жамолинг,
Нигоҳларинг – кўкда юлдузлар.
Фақат сенда фикру хаёлим –
Фақат сенга томон йўл излар,
Севгилим…
 

Қўшиқ тугагач, Морри кўзларини очган эди, ёноқлари узра ёш думалади. Йиллар давомида рафиқамнинг куйлашини кўп марта эшитган бўлсам ҳам, ҳеч қачон ўша лаҳзада Морри уни тинглаганичалик чин дилдан, куйни ҳис этиб тинглай олмаганман.

Турмуш. Танишларимнинг ҳеч бири оилавий муаммолардан холи эмасди. Айримлари турмуш қуролмай ҳалак, бошқалари эса ундан қутулолмай овора. Менинг ёшимдаги авлод турмуш мажбуриятларини зиммасига олишдан худди лойқа ботқоқдаги тимсоҳ ҳужумидан қўрққандек қочарди. Тўйларида қатнашиб, келин-куёвларни табриклаб, бир неча йил ўтгач эса куёвтўрани бирор ресторанда ёшроқ аёл билан учратиш мени ҳайратга солмай қўйганди. Одатда улар ёнидаги аёлни дўстим деб таништирар ва “Биласан-ку, фалончи билан ажрашиб кетдик”, дея изоҳларди вазиятни.

– Нега шу каби муаммолардан бошимиз чиқмайди? – сўрадим Морридан турмуш муштларини назарда тутиб.

Ўзим ҳам етти йил учрашиб юрганимиздан кейингина Жаниннинг қўлини сўраганман. Муаммо нимада? Менинг ёшимдаги авлод олдингилардан эҳтиёткорроқ бўлиб қолганмикан ёки шунчаки, худбинроқмизмикан?

– Сизнинг ёшингиздаги авлодга ачинаман, – деди Морри. – Ким биландир муҳаббатга асосланган муносабат ўрната олиш жуда муҳим, чунки ҳозирда ҳаётимизда муҳаббат етишмайди. Бироқ замонамизнинг бечора ёшлари бировга чиндан кўнгил беришга ўта худбинлик қилади, ёки аксинча, шоша-пиша турмуш қуришлари оқибатида ярим йил ўтмасданоқ ажрашишади. Улар ўзларига умр йўлдоши сифатида қандай инсонни хоҳлашини ҳам билмайди. Улар ҳатто ўзлари қандай инсон эканлиги ҳақида ҳам тушунчага эга эмас, шундай экан, ким билан ҳаётини боғлаётганини қаердан ҳам билсин?

Морри хўрсинди. У университетда дарс бериб юрган йиллари кўплаб бахтсиз ошиқларга маслаҳат беришига тўғри келган.

– Бу қайғули ҳолат, чунки ёнингда суюкли инсонинг бўлиши жуда ҳам муҳим. Бу айниқса, мени ёшимга етганингда – кучинг кетиб, соғлиғинг ёмонлашганида жуда билинади. Дўстларнинг бўлгани яхши, албатта, аммо улар йўталингни тўхтата олмай, уйқусизликдан қийналганингда туни билан ёнингда парвона бўлиб, мижжа қоқмасдан сенга ғамхўрлик қилиб чиқишга ярамайди.

Морри ва Шарлотта талабалик пайтлари танишишган, турмуш қурганларига қирқ тўрт йил бўлганди. Охирги пайтларда уларни тез-тез кузатардим: Шарлотта келиб гоҳ унга дори қабул қилиш кераклигини эслатади, гоҳ секингина бўйнини уқалаб қўяди, баъзан эса ўғиллари ҳақида гапириб беради. Улар бир тану бир жондек умр кечиришар, бири иккинчиси нима ҳақида ўйлаётганини тушуниши учун бир қарашнинг ўзи кифоя эди. Шарлотта Морридан фарқли равишда, табиатан анча вазмин инсон эди. У рафиқасини қанчалар қаттиқ ҳурмат қилишини билардим, чунки баъзида “Бу нарсани айтишим Шарлоттага ёқмаслиги мумкин”, деб бирор мавзудаги суҳбатимизга нуқта қўярди. Морри фақат Шарлотта бошқалар билишини лозим топмаган воқеаларнигина пинҳон сақларди. Рафиқасини ноқулай аҳволга қўйишни ёки хафа қилишни истамасди.

– Оилавий ҳаёт давомида турмуш – мушт деб бекорга айтилмаслигини англаб етганман, – давом этди у. – Кетмакет синовларни бошдан ўтказасан. Бунда ўзингнинг кимлигингни, турмуш ўртоғинг қандай инсонлигини ва бир-бирингиз билан муроса қилиб яшашга қодирмисиз ёки йўқ – ҳаммасини билиб оласан.

– Турмуш қургач, аҳил яшаб кета олишни олдиндан билишнинг бирор йўли борми?

– Бу осон иш эмас, Мич, – жилмайди Морри.

– Ҳа, биламан.

– Шундай бўлса-да, – деди Морри, – тажрибамдан айтишим мумкинки, муҳаббат ва оилавий ҳаётга оид айрим қоидалар мавжуд: умр йўлдошингни ҳурмат қилмасанг, муроса қилишни билмасанг, муносабатларингиз ҳақида очиқчасига гаплаша олмасанг ва агар ҳаётий қарашларингиз турлича бўлса, муаммолар гирдобида қоласан. Қараш ва қадриятларингиз бир хил бўлиши лозим. Бу қадриятларнинг энг асосийси нима эканини биласанми, Мич?

– Нима?

– Турмушинг сен учун аҳамиятли эканлигига бўлган ишончинг.

У бурнини тортди-да, бир лаҳзага кўзларини юмди.

– Шахсан мен, – хўрсинди у кўзини юмганча, – турмушнинг аҳамияти катта, деб биламан. Унинг нималигини ўз бошингдан ўтказиб кўрмасанг, жуда кўп нарса йўқотасан.

Морри мавзуни ўзи учун дуодек янгровчи шеърдан иқтибос келтириш орқали якунлади: “Бир-бирингизга меҳр-муҳаббат кўрсатинг, йўқса ҳалокатга юз тутасиз”.

– Битта саволим бор, – дейман Моррига.

Қоқсуяк бармоқлари билан кўзойнагини ҳар нафас олганида кўтарилиб-тушаётган кўксига босади.

– Қандай савол экан?

– Айюб китоби ёдингиздами?

– Инжилдагими?

– Ҳа, ўша. Айюб – яхши инсон, лекин Худо унга азоб юборади. Эътиқодини синаш учун.

– Ёдимда.

– Уни ҳамма нарсасидан жудо қилади: уйи, молдавлати, оиласи…

– Соғлиғи.

– Ҳа, унга дард юборади.

– Эътиқодини синаш учун.

– Ҳа, эътиқодини синаш учун. Менга бир нарса қизиқ…

– Нима?

– Шу ҳақида фикрингиз қандай?

Моррини кучли йўтал тутади. Қўллари қалтираб, икки ёнига судралиб тушади.

– Менимча, – дейди у жилмайганча, – Худо бироз ошириб юборган.

Ўн биринчи сешанба: жамиятимизда мавжуд анъаналар ҳақида суҳбатлашамиз

Қаттиқроқ ур.

Моррининг орқасини қоқаман.

– Қаттиқроқ.

Яна ураман.

– Елкасига яқинроқ қисмига… ҳа, сал пастроғига.

Пижама иштон кийиб олган Морри ётоқда ёнбошлаб ётибди, оғзини ланг очиб, юзига ёстиқ босиб олган. Физиотерапевт менга ўпкада йиғилиб қолган заҳарни қотишга улгурмасидан олдин қандай қоқиб ташлашни кўрсатаётганди. Морри нафас олишда давом этиши учун эндиликда ушбу муолажани мунтазам бажариб туриш зарур эди.

– Мени… уриб-уриб олиш истагинг… борлигини доим… сезардим, – ютоқиб нафас олди Морри.

– Бўлмасамчи, – ҳазиллашдим мен териси бўрдек оппоқ тусга кирган орқасига муштлашда давом этарканман. – Мана бу иккинчи курсда менга Б қўйганингиз учун! Қарс!

Хонада асабий кулги кўтарилди – одатда таги чин нохуш ҳазилларга шундай куламиз. Агар ҳаммамиз бунинг ўлим олди жисмоний машқлари эканини билиб турмаганимизда, ушбу кичик саҳна ёқимли туюлиши мумкин эди. Бу пайтга келиб, Моррининг дарди сўнгги манзил – унинг ўпкасига етиб қолай деганди. У ҳаво етишмаслигидан бўғилиб ўлишини башорат қиларди: бундан даҳшатлироқ якунни тасаввуримга сиғдиролмасдим. Баъзан Морри кўзларини юмганча оғиз ва бурун орқали ичига ҳаво тортишга уринар, ташқаридан қараган одамга гўёки у бутун бошли лангарни кўтаришга чиранаётгандек кўринарди.

Октябрнинг илк кунлари. Ташқарида совуқ тушиб қолган, бутун Ғарбий Ньютон шаҳарчасини барг-хазонлар уюми қоплаган. Моррининг физиотерапевти эрта тонгда келарди, мен одатда ҳамширалар ва бошқа мутахассислар уни кўрикдан ўтказишга келганида хонадан чиқиб турардим. Аммо ҳафта кетидан ҳафта ўтиб бораркан, вақтимиз поёнига етиб бораётгани сабабли ортиқ кекса профессоримнинг яланғоч танасини кўришдан уялмай қўйгандим. Унинг ёнида бўлишни хоҳлардим. Бутун жараённи ўз кўзим билан кўришни хоҳлардим. Ўзимга ўхшамасдим, лекин Моррининг уйида сўнгги ойларда содир бўлаётган воқеалар ҳам одатдагидан мутлақо фарқ қиларди-да.

Шундай қилиб, ётоқда ётган Моррини текшириб кўраётган физиотерапевтнинг ишини кузатдим: қовурғаларининг орқа қисмига қайта-қайта муштлаб, ундан ўпкадаги тиқин юмшаяптими, деб сўрарди. Шифокор бироз нафас ростлаш учун тўхтаганида, мендан ҳам унинг ҳаракатларини такрорлашга уриниб кўришни сўради. Рози бўлдим. Юзини ёстиққа босиб ётган Морри ним табассум қилди.

– Жуда қаттиқ урма, – деди у. – Қариб қолганман, ахир.

Мен �ифокор кўрсатмасига биноан ётоқни айланиб, Моррининг орқаси ва ён томонларига ура бошладим. Моррининг ётоққа михланиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги фикр юрагимни тилка-пора қилар, қулоғим остида унинг сўнгги ҳикматли сўзлари жарангларди: “Ётоғингдан турмабсан, демакки, сен мурдасан”. Ёнбошга ғужанак бўлиб ётган ҳолида унинг кичрайиб, заифлашиб қолган нимжон жисми кўпроқ ёш боланинг гавдасига ўхшарди. Бўрдек оқариб кетган терисини, тўкилиб адо бўлай деган оппоқ сочларини, жонсиз осилиб турган қўлларини кўрдим. Шунда қоматимизга чиройли шакл бериш учун қанча вақтимизни тош кўтаришу ўтириб-туришларга сарфламайлик, алалоқибат, табиат буларнинг барини пучга чиқариши хаёлимдан ўтди. Шифокор айтганидек, Моррининг орқасига қаттиқ-қаттиқ урарканман, бармоқларим остида унинг суякларини ўраб турган шалвираган этини ҳис қилдим. Аслида Моррини қўйиб, унинг ўрнига деворни мана шундай муштлагим келарди.

– Мич? – деди Морри ютоқиб нафас оларкан. Мен орқасига муштлашда давом этаётганим сабабли унинг овози узилиб-узилиб чиқарди.

– Ҳа?

– Қачон… мен сенга… Б… қўйгандим?

Морри одамлар табиатан эзгуликка мойил бўлишларига ишонарди. Шу билан бирга, улар нималарга қодирлигини ҳам англарди.

– Кишилар фақат уларга нимадир хавф туғдирсагина худбин бўлиб қоладилар, – деди у кейинроқ, – жамиятимиз эса доим хавф-хатарга тўла. Иқтисодимиз ҳам. Ҳатто ўз ишига эга одамлар ҳам таҳлика остида яшайди, чунки улар ишини йўқотишдан қўрқади. Хавф остида қолганингда эса фақат ўзинг ҳақингда қайғуришни, пулга сиғинишни бошлайсан. Барчасининг негизи жамиятимизда мавжуд анъаналарга бориб тақалади, – хўрсинди Морри. – Мен буни қабул қилолмайман.

Мен бош ирғадим ва унинг қўлини сиқдим. Биз эндиликда тез-тез қўл ушлашиб ўтирардик. Мендаги яна бир янги ўзгариш шу эди. Авваллари мен қилишга уяладиган ёки ирганадиган ишлар энди одатий ҳолга айланганди. Найчаси Моррининг танасига уланган ва носранг пешоб билан тўлган катетер қопчаси оёғим остида, курси ёнида турарди. Бир неча ой олдин, эҳтимол, бундан жирканган бўлардим; лекин эндиликда бу қопча ва ҳаттоки, Морри тувакка ҳожат чиқарганидан кейин хонада анқийдиган ҳидга ҳам эътибор бермай қўйгандим. Морри бу вақтга келиб бир жойдан иккинчи жойга ҳаракатланиш, ҳожатхона эшигини ёпиш ва ҳожатхонадан чиқишда ҳид кетказувчи спрейни сепиш бахтидан маҳрум бўлганди. Бутун ҳаёти ётоқ ва курсида ўтаётганди. Агар менинг ҳаётим ҳам шу тарзда ангишвонадек жойга зичлаб жойлаб қўйилганида, хонамда бундан яхшироқ ҳид таралишига ишонмайман.

– Ўз анъаналарингни ярат дейишим, – деди Морри, – сени жамиятдаги мавжуд барча қоидаларни назарписанд қилмасликка ундашимни англатмайди. Масалан, мен кўчага яланғоч чиқмайман-ку ёки қизил чироқда йўлни кесиб ўтмайман. Бу каби кичик қоидаларга амал қилишим мумкин. Лекин каттароқ масалаларда – фикрлаш тарзи, қадриятлар – танлов ўзимизники бўлиши лозим. Ҳеч кимса ёки ҳеч бир жамият бу нарсаларни сен учун белгилаб беришига йўл қўйма. Мисол сифатида, менинг ҳолатимни олиб кўр. Уялишим керак бўлган нарсалар – юра олмаслигим, кетимни артолмаслигим, баъзан тонглари уйғониб, тўйиб йиғлашни хоҳлашим – умуман уяладиган ёки хижолат бўладиган нарсалар эмас. Хушбичим бўлмаган аёллар ёки бой бўлмаган эркаклар ҳолати ҳам шундай. Аслида, фақат жамиятимиз бизни булар уятли эканига ишонтирган. Сен бунга лаққа тушма.

Мен Морридан нега ёшроқ пайти бошқа бирор ерга кўчиб кетмаганини сўрадим.

– Қаерга?

– Билмадим. Жанубий Америкагами, Янги Гвинеягами, худбинлик АҚШдагидек чуқур томир отмаган бирор ергада.

– Ҳар бир жамиятнинг ўз муаммолари бор, – деди Морри қошларини кўтариб, эндиликда у елка қисмоқчи бўлганида, қош учирарди. – Қочиб кетиш ечим эмас, менимча. Ўз анъаналарингни яратиш устида ишлашинг керак. Қулоқ сол, қаерда яшашимиздан қатъи назар, биз инсонларнинг энг катта камчилигимиз – бу калтабинлигимиз. Биз нималарга қодирлигимизни кўра олмаймиз. Инсон ўз имкониятларини кўра билиши, забт этиши мумкин бўлган ҳар қандай чўққига тирмашиб кўриши керак. Лекин атрофинг “Ҳозироқ ҳаммасига эга чиқишим керак” дегувчи кимсаларга тўла бўлса, бу ҳолат мамлакатда ҳамма нарсага эга бир тўда бойлар ҳамда ночорларни бош кўтариб, бойларнинг мулкини ўғирлашдан тийиб турувчи ҳарбийларнинг вужудга келиши билан якунланади.

Морри ортимдаги деразадан узоқ-узоқларга тикилди. Баъзан йўлдан ўтаётган юк машинасининг шовқини ёки шамол ғувуллаши эшитилиб қоларди. Бир лаҳза қўшниларининг уйларига қараб турди-да, сўзида давом этди.

– Муаммо шундаки, Мич, одамлар бир-бирига ўхшаш томонлари ниҳоятда кўплигини тан олгиси келмайди. Оқ танли ва қора танлилар, католиклар ва протестантлар, аёллар ва эркаклар. Агар ўхшашликларимизни кўра олганимизда эди, ҳаммамиз битта улкан оилага бирлашган ва бу оила учун ўз оиламиз учун қайғурганимиз каби қайғурган бўлардик, эҳтимол. Ишон, жонинг узилаётганида гапларим ҳақиқатлигини англаб етасан. Ҳаммамизнинг ибтидомиз бир хил – туғилиш ва интиҳомиз ҳам бир – ўлим. Шундай экан, қанчалик бир-биримиздан фарқ қилишимиз мумкин? Инсоният оиласига ўз ҳиссангни қўш. Инсонларга ҳиммат кўрсат. Ўзинг севган ва сенга муҳаббат қўйганлардан иборат кичик жамият ярат.

У секингина қўлимни сиқиб қўйди. Мен ҳам унинг қўлини сиқдим – бироз қаттиқроқ. Байрам мусобақаларида болғани зарб билан уриб, дискнинг устун бўйлаб кўтарилишини кузатганингиз каби мен ҳам жисмимда таралган илиқлик Моррига ўтиб, унинг кўксидан бўйнига, кейин эса ёноқлари ҳамда кўзларигача кўтарилганини ҳис қилдим. У жилмайди.

– Ҳаётимизнинг илк кунлари – чақалоқлигимизда яшаб қолишимиз учун бошқалар ғамхўрлигига муҳтож бўламиз, тўғрими? Ҳаётинг сўнгида ҳам, менинг ҳозирги ҳолатимга тушганингда, яшаб қолишинг учун бошқалар ёрдамига эҳтиёж сезасан, тўғрими? – унинг овози пасайиб, шивирлашга ўтди: – Сенга бир сирни очаман – шу икки давр оралиғида ҳам бошқаларга муҳтожлигимизча қолаверамиз.

Ўша куни тушдан кейин Конни билан О. Ж. Симпсон устидан ўқиладиган ҳукмни томоша қилиш учун ётоқхонага ўтдик. Вазият ўта таранг эди: воқеанинг асосий қаҳрамонлари – ўзининг адвокатлари армияси қуршовидаги эгнига кўк костюм-шим кийиб олган Симпсоннинг ҳам, уни тезроқ панжара ортига тиқиш иштиёқида ёнаётган прокурорларнинг ҳам нигоҳи суд ҳайъатига қадалганди. Суд ҳайъати аъзоларидан бири “Айбсиз деб топилди” ҳукмини ўқиб эшиттирганида, Конни “Ё Худойим!” деб қичқириб юборди.

Симпсон адвокатларини бирма-бир қучоқлашини томоша қилдик. Шарҳловчиларнинг ҳукм нимани англатиши, нималар содир бўлаётганини изоҳлашга уринишларини тингладик. Суд биноси ташқарисидаги кўчада қора танлилардан иборат оломон қувонч билан ҳукмни нишонлаётганди, ресторанларда эса бўлаётган воқеалардан лол қолган оқ танлилар телевизор экранларидан кўзларини узолмасди. Қотилликлар ҳар куни содир бўлса-да, бу ҳукм бутун мамлакатни ларзага солганди. Конни коридорга чиқиб кетди. Шу кўргани етарли бўлди унга.

Моррининг кабинети эшиги ёпилгани эшитилди. Телевизорга михланиб қолгандим. “Бутун дунё шуни кўряпти ҳозир” дедим ўзимга ўзим. Кейин эса қўшни хонадан таниш тарақлаш қулоғимга чалинди – Моррини аравачасидан кўтариб олишаётганди. Жилмайдим. “Асрнинг энг шов-шувли суд иши” ўз ниҳоясига етаётган бир пайтда кекса профессорим ҳожатхонада ўз ишини бажарарди.

1979 йил. Брандейс спортзалида баскетбол ўйини ўтказилмоқда. Жамоасининг натижаси яхшилигидан руҳланган томошабинлар ўриндиғидаги талабалар “Биз доим биринчимиз! Биз доим биринчимиз!” деб куйлашга киришади. Морри шу талабаларга яқин жойда ўтирибди. У талабаларнинг ҳайқириқларидан ҳайратда. Ва бирдан навбатдаги “Биз доим биринчимиз!” ҳайқириқлари остида ўрнидан туриб, “Иккинчи бўлишнинг нимаси ёмон?” деб бақиради.

Талабаларнинг нигоҳи у томонга қадалади. Улар куйлашдан тўхтайди. Морри эса юзида ғолибона табассум билан жойига қайтиб ўтиради.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации