Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 10 страниц)
Саккизинчи сешанба: пул ҳақида суҳбатлашамиз
Аксарият мавжудотлар тақдир ҳукмига бўйсунади, фақат инсонгина онгли равишда ўз ҳаётини хатарга қўяди.
В. Ҳ. Оден, Моррининг севимли шоири.
Мен газетани Моррига кўринарли қилиб тутиб турдим:
Қабртошимда “Мен ҳеч қачон телекомпаниялар тармоғига эгалик қилмаганман” деган ёзув бўлишини хоҳламайман
Морри кулди, сўнг бош чайқади. Тонги қуёш унинг ортидаги деразадан мўралар, унинг нурлари дераза токчасидаги ҳибискус бутаси гулларига тушиб турарди. Иқтибос йирик музокарада CBS телерадио тармоғини ўзлаштириб ололмаганидан нолиб юрган медиа магнат, миллиардер, CNN телеканали асосчиси Тед Турнерга тегишли эди. Бу ҳикояни Морриникига кўтариб келганимнинг сабаби мени бир савол қизиқтирарди: агар ҳозир Турнер кекса профессоримнинг ҳолига тушиб қолиб, нафас олиши қийинлашиб, танаси тошдек қотиб, қолган саноқли кунларини бирма-бир тақвимдан ўчириб яшаётган бўлганида ўзининг телекомпаниялар тармоғи йўқлиги сабабли дод-вой қилаётган бўлармиди?
– Буларнинг бари ўша битта муаммога бориб тақалади, Мич, – деди Морри. – Биз қадрига етишимиз зарур бўлган нарсаларни чалкаштириб қўйганмиз. Бу эса одамларнинг ҳаётдан кўнгли совишига сабаб бўлади. Менимча, шу ҳақида суҳбатлашишимиз керак.
Морри бугун бор диққатини бир ерга жамлаганди. Ҳозирга келиб, унинг кунлари яхши ва ёмонга ажралган, бугун яхши кунлардан бири эди. Ўтган оқшом Морриникига бир маҳаллий мусиқий гуруҳ ташриф буюриб, у учун мусиқий асбобларсиз хор ижро этиб беришибди ва у менга бу ҳақида гўёки машҳур “Ink Spots” гуруҳининг ўзи уникига меҳмонга келгандек тўлқинланиб гапириб бераётганди. Хасталикка чалинишидан олдин ҳам Моррининг мусиқага ишқи баланд эди, бироқ ҳозир унинг мусиқага бўлган муҳаббати шунчалар оташин эдики, куй эшитганида кўзига ёш келарди. Баъзан тунлари кўзларини юмганча опера тинглар, ижрочиларнинг соҳир овозларига ҳамоҳанг хаёлан кўкда парвоз қиларди.
– Кечаги гуруҳнинг ижросини эшитиб кўрганингда эди, Мич! Мана буни овоз деса бўлади!
Морри ҳар доим куйлаш, рақс тушиш ва кулиш каби оддий нарсалардан завқ олишга ишқибоз эди. Ҳозир эса моддий нарсаларнинг қадри ҳар қачонгидан ҳам пасайган ёки улар ўз аҳамиятини бутунлай йўқотганди. Одамлар вафот этганида кўпинча, “Буни гўрингга орқалаб кета олмайсан” деган иборани эшитамиз. Морри бу ҳикматни анча олдин англаб етгандек эди.
– Бизда мияни ювишнинг бир шакли шиддатли тус олмоқда, – хўрсиниб қўйди Морри. – Биласанми, одамлар миясини ювиш қандай амалга оширилади? Бир нарсани қайта ва қайта такрорлайвериш орқали. Мамлакатимизда ҳозир айнан шу нарса содир бўлмоқда. Моддиятга эгалик қилиш яхши. Пулинг кўп бўлгани яхши. Мол-мулкнинг кўпроқ бўлиши ҳам яхши. Қанча кўп фойда келса, шунча яхши. Кўпроқ бўлгани яхши. Кўпроқ бўлгани яхши. Ўзимиз ҳам шуни такрорлаймиз ва токи ҳеч кимнинг ўзгача фикрлашга ҳафсаласи қолмагунича, бошқалар ҳам такрор ва такрор шу нарсани миямизга қуйишади. Бу тушунча оддий инсонларнинг миясига шу қадар ўтириб қолганки, улар аслида ҳаётда нима муҳимлигини ҳам фарқлай олмай қолган. Умрим давомида қаерга бормай, мен учратган одамларнинг барчаси бирорта янги нарсани қўлга киритиш иштиёқида ёнарди. Янги машинани қўлга киритиш. Янги уйни қўлга киритиш. Сўнгги чиққан ўйинчоқни қўлга киритиш. Кейин эса улар, албатта, сенга янги ўлжаси ҳақида айтишни хоҳлайди. “Биласанми, нима сотиб олдим? Нима олганимни топ-чи?” Биласанми, мен буни қандай талқин қилардим? У одамлар шу қадар меҳрга ташна эдики, унинг ўрнини босувчи ҳар қандай нарсани қабул қилаверарди. Моддият бизни ўз бағрига олади, деган умидда одамлар қучоқ очиб, ўзларини моддий нарсалар томон отарди. Аммо бу ҳаракат ҳеч иш бермайди. Дўстлик, муҳаббат, меҳр ёки эзгулик ўрнини моддий буюмлар билан тўлдириб бўлмайди. Пул ҳам, куч-қудрат ҳам меҳр ўрнини боса олмайди. Мана-мана ўламан, деб турган инсон сифатида айтишим мумкин, қанчалик бой бўлма, меҳрга энг муҳтож пайтингда пул ҳам, куч-қудрат ҳам сен излаётган туйғуни бера олмайди.
Мен Моррининг кабинетини кўздан кечирдим. Хона мен келган биринчи кунда қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай эди. Китоблар жавондаги ўрнидан силжимаган, эски ёзув столи устида ўша-ўша қоғозлар уюми. Бошқа хоналарда ҳам ҳеч бир яхшиланиш ёки янгиланиш сезилмайди. Узоқ вақтдан бери, эҳтимол, бир неча йиллардан бери, Морри тиббий жиҳозлардан ташқари, чиндан ҳам бошқа ҳеч нарса сотиб олмаган эди. Бедаво дардга чалинганидан хабар топган куниёқ унинг янги харидларга қизиқиши ўлганди.
Уйда ўша эски русумдаги телевизор, Шарлотта ҳали ҳам ўша эски русумдаги автомобилни ҳайдайди, идишлар, кумуш ошхона анжомлари ва сочиқлар – ҳаммаси ўша-ўша. Бироқ уйдаги муҳит кескин ўзгарганди. Уй меҳрмуҳаббат, илм ва қизғин мулоқотлар билан тўлганди. Дўстлар, қариндошлар, самимий суҳбатлар ва кўз ёшлар билан тўлганди. Уйидан ҳамкасблар, талабалар, медитация мураббийлари, даволовчи шифокорлар, ҳамширалар ва мусиқий гуруҳларнинг оёғи узилмасди. Моррининг банк ҳисобидаги маблағлар жадаллик билан камайиб бораётган бўлса-да, уйи асл маънода бой хонадонга айланганди.
– Бизда одамлар нимани хоҳлашлари ва аслида нимага муҳтожликларини доим чалкаштириб юборади, – таъкидлади Морри. – Сен озиқ-овқатга муҳтожсан, шоколадли музқаймоқни эса хоҳлайсан. Буни очиқ тан ола билиш керак. Энг сўнгги русумдаги спорт автомобилига эҳтиёжинг йўқ, энг катта уйга эга бўлишинг ҳам зарурият эмас. Ҳақиқат шундаки, бу каби нарсалар сенда қониқиш ҳиссини уйғотмайди. Биласанми, нима одамга чиндан ҳам қониқиш ҳиссини беради?
– Нима?
– Беришинг керак бўлган нарсаларни бошқаларга тақдим қилиш.
– Худди бой-скаутга ўхшаб гапирасиз-а!
– Пулни назарда тутмаяпман, Мич. Вақтни назарда тутяпман. Ғамхўрликни. Суҳбатни. Бу унчалик қийин эмас. Яқинимизда қариялар маркази очилган. У ерга ҳар куни ўнлаб қари кишилар боради. Бирор кўникмага эга ёшлардан эса у ерга бориб, ўз кўникмаларини қарияларга ўргатиш сўралади. Айтайлик, сен компьютерга яхши тушунасан – борасан ва компьютердан фойдаланишни ўргатасан. Улар сендан жуда ҳам хурсанд ва миннатдор бўлишади. Шу тарзда ўзинг эга бўлган нарсаларни бошқаларга бериш орқали ҳурмат қозона бошлайсан. Бу каби жойлар анчагина. Ва сендан фавқулодда истеъдод талаб қилинмайди. Шифохона ва бошпаналарда кўплаб ёлғиз инсонлар бор, улар хоҳлайдиган ягона нарса – ҳамсуҳбат, ҳамроҳ. Улар сенга муҳтож – ёлғиз қариялар билан карта ўйнаш орқали ўз-ўзингни ҳурмат қила бошлайсан. Ҳаёт мазмунини топиш ҳақида нима деганим эсингдами? Мен уни ёзиб қўйгандим, лекин ҳозир ёддан айтиб бера оламан: Ўзингни бошқаларга меҳр улашишга бағишла, ўзингни атрофингдаги инсонларга бағишла, ҳаётингга мақсад ва мазмун тақдим этувчи нимадир яратишга ўзингни бахшида эт. Сездингми, – қўшимча қилди у жилмайиб, – маош ҳақида ҳеч нарса тилга олинмади.
Моррининг баъзи гапларини сариқ ён дафтарчамга ёзиб борардим. У нигоҳимдан нималар ҳақида ўйлаётганимни, олийгоҳни битирганимдан бери ҳаётимнинг катта қисмини айнан у танқид қилаётган нарсалар – каттароқ ўйинчоқлар, ҳашамдорроқ уйлар ортидан қувиб ўтказганимни билиб қолмаслиги учун ҳам ёзиш билан машғул бўлдим. Бой ва машҳур спортчилар орасида ишлаганим сабабли эҳтиёжларим ҳақиқий эканлиги, менинг очкўзлигим уларники билан солиштирганда ҳеч нарса эмаслигига ўзимни ишонтиргандим.
Морри бир ҳаракат билан буларнинг бари хомхаёл эканини англатиб қўйди.
– Мич, агар сендан юқорида турган кишиларга ўзингни кўз-кўз қилишга уринаётган бўлсанг, буни эсингдан чиқар. Улар сенга барибир паст назар билан қарашади. Агар ўзингдан қуйи одамларга ўзингни кўз-кўз қилишга уринаётган бўлсанг, буни ҳам эсингдан чиқар. Улар сенга фақат ҳасад қилишади. Мансаб ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Фақатгина очиқкўнгиллик сени бошқа исталган киши билан тенглаштиришга қодир.
У бироз тин олди, кейин менга қаради:
– Мен ўляпман, тўғрими?
– Ҳа.
– Нима деб ўйлайсан, нега бошқаларнинг муаммоларини тинглаш мен учун шунчалик муҳим? Ўзимнинг дардим, оғриқларим камми менга? Албатта, етарли. Лекин кимгадир нимадир бериш орқали тириклигимни ҳис қилиб тураман. Машинам ёки уйимни эмас. Кўзгудаги аксимни ҳам эмас. Вақтимни бериб, ҳозиргина ғамга ботиб турган кишини табассум қилдиришга муваффақ бўлганимда, ўзимни худди соғлом кишидек ҳис қиламан. Қалбинг буюрган ишларни қил. Шундай қилсанг, қониқмаслик ҳиссини туймайсан, ҳасад қилмайсан, бошқаларда бор нарсаларга эга бўлиш иштиёқида куймайсан. Аксинча, қилган ишларинг натижасидан ҳузурланасан.
У йўталди ва курсисида турган кичик қўнғироқчага қўл узатди. Бир неча бор уни қўлига олишга уринди, уддасидан чиқа олмади; ниҳоят, мен уни олиб, Моррининг кафтига қўйдим.
– Раҳмат, – деб шивирлади у. Коннини чақириш учун қўнғироқни ҳолсизгина силтади. – Анави йигит, Тед Турнер қабр тошига ёздириш учун бошқа нарса ўйлаб топа олмабдими? – деди Морри.
Тўққизинчи сешанба: меҳр барҳаёт қолиши тўғрисида суҳбатлашамиз
Ҳар тун уйқуга кетганимда, ўламан. Эртаси куни тонгда уйғонганимда эса қайта туғиламан.
Маҳатма Ганди.
Дарахтлар барги сарғайиб, Ғарбий Ньютон шаҳарчаси оралаб ўтган йўл олтин ва занг тусини олаётган палла. Детройтда касаба уюшмаси ва нашриётлар ўртасидаги можаро боши берк кўчага кириб қолган, томонлар бирбирини муроса қилишдан бош тортаётганликда айблаш билан овора. Телевидение орқали узатилаётган хабарлар эса ундан баттар юракни эзади. Кентукки қишлоқларидан бирида уч эркак қабртош бўлакларини кўприкдан пастга улоқтириб, кўприк тагидан ўтаётган машинанинг олд ойнасини синдирган, машинада оиласи билан зиёратга кетаётган ўсмир қиз эса воқеа жойида вафот этган. Калифорнияда О. Ж. Симпсоннинг суд иши якунига етай деб қолган ва бутун аҳолининг фикру хаёли шу ишга қаратилганди. Ҳаттоки аэропортларда ҳам залларга ўрнатилган телевизорлар CНН каналига тўғриланган бўлиб, то парвозингизга чиқиш учун йўлакдан кириб кетгунингизча О. Ж. Симпсоннинг ишига тааллуқли янгиликлардан бохабар бўлишингиз мумкин эди.
Укамнинг ҳолини сўраш учун бир неча марта Испанияга қўнғироқ қилдим. Чиндан ҳам у билан суҳбатлашишни жуда хоҳлашимни, сўнгги пайтларда муносабатларимиз ҳақида кўп ўйлаётганимни айтиб, овозли хабарлар қолдирдим. Бир неча ҳафта ўтиб, укамдан ишлари жойида экани, лекин хасталиги ҳақида ва умуман гаплашишни истамаслиги, бундан афсусдалиги айтилган қисқа хабар олдим.
Кекса профессоримни эса хасталик тўғрисидаги суҳбатлар эмас, балки хасталикнинг ўзи домига тортиб кетаётганди. Охирги ташрифимдан бери ҳамшира унинг олатига пешобни найча орқали тортиб олиб, курси пойида турган пластик қопга бўшатувчи катетер ўрнатибди. Унинг оёқларини мунтазам тўғрилаб туриш зарур эди (ALSʼнинг шафқатсиз ҳазилларидан бири – профессор оёқларини қимирлата олмаса-да, ҳали ҳам оғриқ ҳис қиларди), чунки оёқлар пенопласт тўшамадан айнан маълум дюймга осилиб турмаса, кимдир уларга санчқи тиқиб олаётгандек азоб берарди. Нақ суҳбатнинг ўртасида Морри меҳмонлардан унинг оёқларини кўтариб, бир дюймга суриш ёки ранг-баранг ёстиқларга қулайроқ жойлашиш учун бошини тўғрилаб қўйишни сўрарди. Ўз бошингизни қимирлатишга ҳам қурбингиз етмай қолишини тасаввур қила оласизми?
Ҳар ташрифимда Морри курсисига тобора чуқурроқ сингиб, унинг умуртқа поғонаси ҳам курси шаклига кираётгандек туюларди. Шунга қарамасдан, ҳар тонг уни ётоқдан олиб, аравачасига ўтқизиб, китоблар ва қоғозларга тўла, дераза токчасида ҳибискус гули ўсаётган шахсий кабинетига элтиб қўйишларини сўрарди. Одатдагидек, Морри шу ҳаракатдан ҳам фалсафий маъно топарди.
– Охирги ёзилган ҳикматли сўзларим шу ҳақида, – деди у.
– Қани, эшитайлик-чи.
– Ётоғингдан турмабсан, демакки, сен мурдасан.
Морри жилмайди. Фақатгина Морри шу ҳолатида ҳам бу каби ҳазилларга кула оларди.
“Тунги хабарлар” кўрсатуви ходимлари ва ҳаттоки Тед Коппелнинг ўзи ҳам унга бир неча марта қўнғироқ қилишди.
– Уйга келиб, мен ҳақимда яна битта кўрсатув олишмоқчи, – деди у. – Лекин яна бироз кутайлик, дейишди.
– Нимани кутади? Сўнгги нафасингизни камерага муҳрлашними?
– Қайдам. Барибир унга ҳам кўп қолмади.
– Ундай деманг.
– Узр.
– Жонингиз узилишини кутаётганликлари ғашимни келтиряпти.
– Менга жонинг ачигани учун ҳам бу сени ғашингга тегяпти, – жилмайди Морри. – Мич, балки улар томошабинларга қайғули томоша кўрсатиш мақсадида мендан фойдаланмоқчидир. Қаршилигим йўқ. Эҳтимол, мен ҳам улардан фойдаланаётгандирман. Улар фикрларимни миллионлаб одамларга етказишимга кўмаклашмоқда. Уларсиз бу нарса қўлимдан келмасди-ку, тўғрими? Шундай экан, бу икки томонлама манфаатли битим.
Уни яна узоқ, томоқни қирувчи йўтал тутиб, охири қуюқ балғам кўчиши билан якунланди.
– Нима бўлганда ҳам, – деди Морри. – Мен уларга кўп кутмасликни маслаҳат бердим, чунки яқинда овозимдан ҳам тамоман айрилишим мумкин. Бу дард ўпкамга етиб келиши билан тилдан қолсам керак. Ҳозир дам олмасдан узоқ гапиролмайман. Мени кўргани келмоқчи бўлганларнинг ҳам кўпчилигига рад жавобини бердим. Мич, улар бирам кўпки. Жуда ҳолдан тойганман. Уларга етарлича эътибор қаратмасдан ёрдам беролмайман.
Ўзимни айбдор ҳис қилганча магнитофонга қарадим. Гўёки унинг қимматли сўзлашиш вақтини ўғирлаётгандек эдим.
– Буни қолдириб турсакмикан? – сўрадим мен. – Сизни анча чарчатса керак?
Морри кўзларини юмиб, бошини чайқади. У қаеридадир турган сассиз оғриқ босилишини кутаётгандек кўринди.
– Йўқ, – деди у ва ниҳоят. – Биз давом этишимиз керак. Ахир бу бизнинг сўнгги илмий ишимиз-ку.
– Сўнгги ишимиз.
– Уни қойилмақом қилиб ёзиш истагидамиз-ку.
Университетда диплом ишимни биргаликда ёзганимиз ёдимга тушди. Ғоя Морридан чиққанди, албатта. У менга аъло даражали диплом иши ёзиш учун билимим етарли эканини айтганди, унгача мен бу нарсани хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Мана энди, худди ўша ишни яна биргаликда бажаряпмиз. Яна барчаси битта ғоядан бошланди. Ўлаётган одам яшашда давом этаётган одамга у нималарни билиши зарурлиги ҳақида сўзлаб бермоқда. Фақат бу сафар мен ишни якунлашга ошиқмаётгандим.
– Кеча менга бир қизиқ савол беришди, – деди Морри, елкам оша деворга осиғлиқ турган килтни томоша қилиб. Дўстлари килтни эзгу тилаклар битилган қуроқлардан тикиб, Моррининг 70 йиллик юбилейига совға қилишган. Килтнинг ҳар бир қуроғида турлича тилаклар билдирилганди: Бардам бўлинг, Морри, энг катта ютуқлар ҳали олдинда! Руҳшунослик соҳасида биринчи рақамли мутахассис!
– Савол нима ҳақида эди? – сўрадим мен.
– Вафотимдан сўнг мени унутиб юборишларидан қўрқаманми?
– Хўш? Қўрқасизми?
– Унутиламан деб ўйламайман. Мен билан самимий, ўта яқин муносабатда бўлган қалин дўстларим жуда кўп. Меҳр – бу дунёни тарк этганингдан кейин ҳам барҳаёт қолиш воситаси.
– Қўшиқ сўзларига ўхшайди: меҳр барҳаёт қолиш воситаси.
Морри қиқирлаб кулди.
– Эҳтимол, шундайдир. Қарагин, Мич, мана шу узоқ суҳбатларимиз-чи? Уйингга қайтган пайтларинг овозим ёзилган тасмани ҳеч эшитиб кўрасанми? Ёлғиз қолганингда? Балки парвоз вақтидадир? Эҳтимол, машинада кетаётганингда?
– Ҳа, – иқрор бўлдим мен.
– Демак, мен бу дунёни тарк этганимдан кейин ҳам мени унутиб юбормайсан. Овозимни ёдга олган онингдаёқ сен турган ерда бўламан.
– Овозингизни ёдга оламан…
– Ўша лаҳзада кўзинг бироз ёшланса ҳам майли, ҳечқиси йўқ.
Эҳ Морри. Биринчи курслигимдан бери мени йиғлатишни хоҳлайди.
– Барибир бир кун йиғлатаман, – дерди у нуқул.
– Ҳеҳ, қўйсангиз-чи, – деб жавоб берардим.
– Мен қабртошимда қандай битик бўлишини исташим тўғрисида бир қарорга келдим, – деди у.
– Қабртошлар ҳақида эшитишни хоҳламайман.
– Нега? Уларни эсласанг, асабийлашасанми?
Мен елка қисдим.
– Майли, мавзуни ўзгартирамиз.
– Йўқ, гапираверинг. Нима қарорга келдингиз?
Морри лабларини чўччайтирди.
– “Сўнгги нафасигача дарс берган” деб ёздириш ҳақида ўйлаяпман.
Морри бу янгиликни ҳазм қилиб олгунимча бироз кутди.
– Сўнгги нафасигача дарс берган.
– Бўладими? – деди у.
– Ҳа, – дедим мен. – Жуда яхши.
Хонага кириб келишим билан Моррининг юзи қувончдан ёришиб кетишини яхши кўраман. Биламан, у келганларнинг кўпчилигини шундай кутиб олади, аммо Морри ҳар бир меҳмонда фақат у келгандагина юзига шундай табассум югурадигандек таассурот қолдириш қобилиятига эга эди.
– О-о, қадрдоним келди-ку, – дерди у, мени кўриши билан, баланд, хирилдоқ овозда. Ушбу ёқимли ҳолат фақат саломлашиш билан тугамасди. Морри ёнингизда ўтирганида чиндан ҳам сиз билан бўларди. У нигоҳини кўзингиздан узмай, сўзларингизни гўёки сиз дунёда мавжуд ягона инсондек тингларди. Агар одамларнинг ҳар тонги, официант, автобус ҳайдовчиси ёки бошлиқларининг жаврашини эшитиш билан эмас, балки мана шундай инсонни учратишдан бошланганида эди, жамиятдаги муносабатлар қанчалар илиқлашган бўларди дейсиз?
– Тамомила фақат бир ерда ҳозир бўлиш мумкинлигига ишонаман, – деди Морри. – Бу бутун вужудинг ва фикру хаёлинг билан суҳбатдошинг ёнида бўлишни англатади. Масалан, сен билан суҳбатлашаётган бўлсам, Мич, мен бор диққатимни фақат иккимизнинг ўртамизда бораётган мулоқотга қаратишга ҳаракат қиламан. Ўтган ҳафта гапирган гапларимиз тўғрисида ўйламайман. Келаси жумага қандай режаларим борлиги ҳақида ҳам ўйламайман. Коппел билан кейинги кўрсатувни олиш ёки қайси дориларни қабул қилаётганим ҳақида ҳам ўйламайман. Мен сен билан гаплашяпманми, демак, фикрим фақат сен билан банд.
Моррининг Брандейсда “Гуруҳлардаги жараён” дарсида бизга ушбу ғояни уқтиришга урингани ёдимга тушди. Ўша пайтлар “шу ҳам университетда ўтиладиган дарс бўлдию”, деб энсам қотган. Эътибор қаратишни ўрганиш? Нимаси муҳим буни? Ҳозир эса шу кўникма университетда ўргатилган нарсаларнинг деярли барчасидан аҳамиятлироқ эканини тушуниб етганман.
Морри қўлимга ишора қилиб имлади ва қўлимни унга узатар эканман, ичимни айбдорлик ҳисси қамраб олди. Қаршимда, агар хоҳласа, ҳар лаҳзасини ўзига ачиниш, емирилиб бораётган жисмини кузатиш ва ҳар нафасини санаш билан ўтказиши мумкин бўлган инсон ўтирарди. Кўплаб кишилар арзимас муаммолар гирдобида яшайди, гапингиз ўттиз сониядан узоқроқ давом этса, нигоҳидан уларнинг хаёли сиздан чалғиганини сезиш мумкин. Уларнинг фикри аллақачон бошқа иш билан банд бўлади: қайсидир дўстига қўнғироқ қилиш, кимгадир факс юбориш ёки суюклиси ҳақида хаёл суриш билан. Фақат гапингизни тугатганингиздагина, уларнинг бор эътибори сизга қайтади ва “Ҳа, ҳа” ёки “Йўғ-э, ростданми?” каби жумлалар билан ўзини худди сизни диққат билан тинглагандек кўрсатади.
– Қисман муаммонинг сабаби шундаки, Мич, кишилар нуқул қаергадир шошади, – деди Морри. – Одамлар ҳали ҳаёт мазмунини топмаган ва шу сабабли улар доим уни топишга ошиқади. Улар мазмун кейинги машина, кейинги уй, кейинги ишда, деб ўйлайди. Кейин эса булар ҳам ҳаётга мазмун беролмаслигини тушуниб, яна қидиришга киришади.
– Бу пойгага киришгач, – дедим мен, – одам ўзини тўхтатиши қийин.
– Унчалик қийин эмас, – деди у бош чайқаб. – Биласанми, мен нима қиламан? Машина ҳайдай олган пайтларим, йўлда кимдир мени қувиб ўтмоқчи бўлса, қўлимни кўтарардим…
У шу ҳаракатни кўрсатмоқчи бўлди, лекин қўли борйўғи олти дюймга зўрға кўтарилди.
– …Қўлимни йўқ демоқчидек кўтарардим, кейин эса жилмайиб, ҳайдовчига қўл силкитардим. Ўрта бармоғингни кўрсатиш ўрнига, уларга табассум билан йўл берасан. Биласанми нима? Аксарият ҳолларда улар ҳам сенга қараб жилмаяди. Ҳақиқат шундаки, машинамда қаергадир ошиқишим шарт эмас. Бунинг ўрнига, қувватимни инсонларга кайфият улашишга сарфлашни афзал кўраман.
Бу ишни мен таниганлар ичида ундан яхшироқ бажарадиган киши йўқ эди. Агар Моррига қандайдир кўнгилсиз ҳодиса ҳақида гапиришса, унинг кўзи намланар ёки ўхшамаган ҳазил қилинса ҳам, кўзлари қувончдан чақнаб кетарди. Менинг ёшимдаги авлод вакилларидан фарқли равишда, у ҳар доим ўз ҳиссиётини очиқ ифода этишга тайёр эди. Биз юзаки суҳбатларгагина устамиз: “Нима иш қиласиз?” “Қаерда яшайсиз?” Бироқ ҳозирги кунда ҳамсуҳбатимизга нимадир ўтказиш, ўзимизга оғдириш, бирор иш қилдириш ёки эвазига қандайдир манфаат олишга уринмасдан, ҳеч уни чин дилдан тинглаймизми? Ишончим комилки, охирги бир неча ой давомида Моррини кўргани келувчилар унга эътибор кўрсатиш учун эмас, балки Морри уларга кўрсатган эътибор туфайли уникига серқатнов эди. Танидаги оғриқ ва емирилишга қарамасдан, ушбу митти чол уларни ўзлари хоҳлагандек диққат билан тингларди.
Мен Моррига у ҳамманинг орзусидаги ота эканини айтдим.
– Нима ҳам дердим, – деди у кўзларини юмиб, – бу борада бироз тажрибам борлиги рост…
Морри ўз отасини охирги марта шаҳар моргида кўрганди. Чарли Швартс Бронксдаги Термонт хиёбонида кўча чироғи остида ёлғиз газета ўқишни ёқтирадиган камгап киши эди. Морри болалигида Чарли ҳар оқшом кечки овқатдан сўнг пиёда сайр қилишга отланарди. У кичик жуссали, кулранг сочли ва қизғиш юзли рус киши эди. Морри ва унинг укаси Девид деразадан термилиб, унинг чироқ устунига суяниб туришини кузатишарди. Морри отасининг уйга киришини ва улар билан гаплашишини жуда ҳам хоҳларди, лекин у деярли ҳеч қачон бундай қилмасди. Шунингдек, отаси уларни ухлашга ётқизмас ва уйқуга кетишдан олдин ўпиб ҳам қўймасди.
Морри ўз-ўзига, агар фарзандли бўлса, уларни бу нарсалардан асло маҳрум қилмасликка ваъда берганди. Йиллар ўтиб фарзандли бўлганида ўз ваъдасини бажарди.
Морри фарзандларини катта қилаётган пайтда Чарли ҳали ҳам Бронксда яшарди. У ҳали ҳам пиёда сайр қилишга чиқарди. Ҳали ҳам газета ўқирди. Бир оқшом у кечки овқатдан сўнг сайрга чиқди. Уйидан бироз узоқлашгач, икки талончи унга яқинлашди.
– Чиқар бор-будингни, – деди улардан бири тўппончасини ўқталаркан.
Қўрқиб кетган Чарли ҳамёнини уларга улоқтириб, қоча бошлади. У то қариндошларидан бирининг уйига етгунича кўча оралаб тўхтовсиз югурди. Шундоққина айвонга етганида, ҳолсиз қулади.
Юрак хуружи. Шу тун у оламдан ўтди.
Морри мурданинг шахсини аниқлаш учун чақиртирилди. У самолётда Нью-Йоркка етиб борди ва моргга йўл олди. Уни ертўладаги ўликлар сақланадиган совуқ хонага олиб киришди.
– Бу сизнинг отангизми? – сўради морг ходими.
Морри ўзини сўккан, уришган, ўзига ишлашни ўргатган, суҳбатлашишни хоҳлаган вақтлари оғиз ҳам очмаган, онасининг хотираларини ким биландир бўлишишни истаганида, онасини хотирлашга йўл қўймаган шахснинг жасадига ойна ортидан кўз ташлади.
Бошини ирғади-да, нари кетди. Кейинчалик Морри хонанинг даҳшати унинг бутун вужудини эгаллаб олгани ва бошқа ҳисларга ўрин қолдирмаганини айтганди. У анча кунгача йиғлай олмади.
Шундай бўлса-да, отасининг ўлими Моррини ўз ўлимига тайёргарлик кўришида дастак бўлди. Бир нарсага унинг ишончи комил эди: қучоқлашишлар, ўпичлар, узоқ суҳбатлар ва кулги бўлади ва рози-ризолик сўрамаган одам қолмайди; отаси ва онасининг вафотида насиб этмаган барча амаллар бажарилади.
Ҳаётининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, Морри ўз яқинлари унинг атрофида бўлишлари ва унинг ҳаёти узилаётганини англашларини истарди. Улардан ҳеч бири телефон ёки телеграмма орқали хабардор қилинмайди ёхуд уларнинг ҳеч бири совуқ ва ёқимсиз ертўлада ойна ортидан унга тикилишга мажбур бўлмайди.
Жанубий Американинг тропик ўрмонларида яшовчи Десана номли қабила дунё барча мавжудотлараро ҳаракатланувчи ўзгармас миқдордаги қувватдан иборат, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳар бир туғилиш бошқа бир ўлимга ва ҳар бир ўлим янги ҳаётга сабаб бўлиши лозим. Шу тарзда дунёдаги қувват ўз ҳолича сақланади.
Десана қабиласи аъзолари ов қилаётганида ўзлари ўлдирган жонзот руҳий оламда бўшлиқ ҳосил қилади, деб билишади. Аммо ушбу бўшлиқни вафот этган Десана қабиласи овчиларининг руҳлари тўлдиришига ишонишади. Бирорта ҳам инсон ўлмаганида эди, бирорта ҳам қуш ёки балиқ туғилмаган бўларди. Менга бу фикр ёқади. Моррига ҳам. Видолашиш они яқинлашгани сари у барчамиз битта ўрмондаги мавжудотлар эканимизни кўпроқ ҳис қилаётгандек туюлади. Нимани олмайлик, албатта, унинг ўрнини тўлдириб қўйишимиз лозим.
– Шуниси адолатли, – дейди у.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.