Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 10 страниц)
Кўргазмали қуроллар: учинчи қисм
Тунги хабарлар жамоаси Морриникига учинчи ва охирги маротаба ташриф буюрди. Бу галги кўрсатувда руҳият мутлақо ўзгача эди. Одатий суҳбатдан кўра кўпроқ қайғули видолашув саҳнасини эслатарди. Тед Коппел келишидан олдин бир неча марта қўнғироқ қилиб, Морридан қайта-қайта “Суратга олиш жараёни сизни чарчатиб қўймайдими?” деб сўради.
Моррининг кўрсатув охиригача туриб бера олишига ишончи комил эмасди.
– Ҳозирда ҳар дақиқа ўзимни ҳорғин сезаман, Тед. Тез-тез нафасим бўғилиб қолади. Агар баъзи сўзларни айтолмай қолсам, ўрнимга нима демоқчи бўлганимни изоҳлаб турасизми?
– Албатта, – деди Коппел. Кейин эса табиатан қатъиятли бўлган телеюлдуз: – Агар кўрсатувда қатнашгингиз келмаса, айтинг, буни хижолатли ери йўқ, Морри. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хайрлашгани бораман ёнингизга, – дея қўшиб қўйди.
Гўшакни қўйгач, Морри айёрона жилмайди.
– Ва ниҳоят, унинг ҳам қалбини эритдим.
У ҳақ эди. Коппел Моррини “дўстим” деб атай бошлаганди. Кекса профессорим, ҳаттоки, телебизнес вакилларининг қалбида ҳам раҳм-шафқат уйғотишга муваффақ бўлганди.
Жума куни пешиндан кейин ўтказилган суҳбатда Морри бир кун олдин кийган кийимида ўтирди. Бу пайтга келиб, у уст-бошини ҳар икки кунда алмаштирарди ва ҳали икки кун тўлмагани сабабли белгиланган тартибни бузгиси келмади.
Аввалги икки Коппел-Швартс кўрсатувидан фарқли равишда бу галги тасвирга олиш ишлари фақатгина Моррининг кабинетида олиб борилди. У хонада турган курсига банди эди. Кекса профессорим билан ўпишиб кўришган Коппел китоб жавони ёнига қисилибгина жойлашди, акс ҳолда, кадрга сиғмай қоларди.
Суҳбатни бошлашдан олдин Коппел Моррининг дарди қанчалик оғирлашганини сўради.
– Аҳволингиз қандай ўзи, Морри?
Морри бемажол қўлини кўтарди – зўрға қорнигача кўтарилди. Ундан юқорига кўтаришга мадори етмасди. Коппел саволига жавоб олганди.
Тасвирга олиш ишлари бошланди: учинчи ва сўнгги суҳбат. Коппел Морридан “ўлимингиз яқинлашгани сари қўрқувингиз ортиб боряптими?” деб сўради. Морри “йўқ” деб жавоб қайтарди. Аслини олганда, ҳозир қўрқув аввалгидан анча камайганди. У ташқи оламдан тобора узилиб бораётганди: аввалгидек газета ўқиб беришларини сўрамас, почта орқали келаётган хатларга ҳам унча эътибор бермас, буларнинг ўрнига кўпроқ мусиқа тинглар ва деразадан барглар ранги ўзгаришини томоша қиларди.
Морри ALSʼдан азият чеккан бошқа кишилар борлигини ҳам биларди; улардан айримлари машҳур шахслар эди, масалан, буюк физик, “Вақтнинг қисқача тарихи” китоби муаллифи Стивен Хокинг. У томоғидан очилган тешик билан кун кечирар, компьютер синтезатори ёрдамида гапирар ва кўз ҳаракатларини илғаб олувчи сенсор ёрдамида киприк қоқиш орқали ҳарф терарди.
Морри унинг матонатига қойил қолар, бироқ ўзи бу тарзда яшашни хоҳламасди. У Коппелга ҳаёт билан хайрлашиш вақти қачон келишини билишини айтди.
– Тед, ҳаёт мен учун мулоқот дегани. Ўз ҳистуйғуларимни ифода этиш, бошқалар билан суҳбатлашиш, қайғу ва қувончларига шерик бўлиш тириклигимни англатади. – Морри чуқур нафас олди. – Булар поёнига етганда, Моррининг ҳам паймонаси тўлади.
Улар худди қадрдонлардек суҳбатлашишди. Олдинги икки суҳбатдагидек, Коппел “кетни артиш синови” ҳақида сўради – афтидан, ҳазиломуз жавоб кутганди. Бироқ Моррининг жилмайишга ҳам ҳоли қолмаганди. У фақат бош чайқаб қўйди:
– Ҳозир ҳатто тувакда ҳам қаддимни тик тутиб ўтиролмайман. Ҳар ёнга оғиб кетавераман, шу сабабли мени ушлаб туришади. Ишимни тугатгач, кетимни артиб қўйишади. Аҳволим шу даражага келиб қолган.
У Коппелга осойишталикда жон беришни хоҳлашини айтди. Ва ўзининг янги ёзилган ҳикматли сўзи билан бўлишди: “Жуда эрта кетишга ошиқма, лекин жуда узоқ ҳам қолиб кетма”.
Коппел тушкун кайфиятда бош ирғади. “Тунги хабарлар”нинг дастлабки сони олинганидан бери атиги олти ой ўтган бўлса-да, ҳозирги Морри Швартс деярли мурдага айланганди. Кўрсатув томошабинлари ўлим ҳақидаги минисериал кўраётгандек эди, Морри уларнинг кўз ўнгида сўлиб борарди. Бироқ унинг жисми нураб боргани сари шахс сифатида олдингидан-да ёрқинроқ порларди.
Суҳбат охирлаб қолганда, тасвирда Моррининг бир ўзини қолдиришди, Коппелнинг эса фақат овози эшитилиб турарди. Коппел кекса профессоримдан “сизнинг мухлисингизга айланган миллионлаб телетомошабинларга айтадиган бирор сўзингиз борми?” – дея сўради. Коппел буни хаёлига ҳам келтирмаган бўлсада, унинг саволи ўлимга ҳукм қилинган шахсга сўнгги сўзини айтишга имкон бераётгандек янгради.
– Меҳр-шафқатли бўлинг, – шивирлади Морри. – Бир-бирингизга таянч бўлинг. Агар шу нарсалар бизга сабоқ бўлганида эди, дунё яшаш учун яхшироқ жойга айланган бўларди. – Сўнг бир нафас тин олиб, қўшимча қилди – “Бир-бирингизга меҳр-муҳаббат кўрсатинг, йўқса ҳалокатга юз тутасиз”.
Суҳбат якунланди. Лекин негадир тасвирчи видеокамерани ўчирмади ва охирги саҳна ҳам тасвирга тушди.
– Баракалла, суҳбатни яхши ўтказдингиз, Морри, – деди Коппел.
Морри базўр жилмайди.
– Қўлдан келганча ҳаракат қилдим, – деди кейин.
– Ҳар доимгидек.
– Тед, хасталик руҳимга чанг солмоқда. Лекин уни синдиролмайди. Жисмимни барбод қилиши мумкин. Руҳимни эмас.
Коппелнинг кўзлари ёшга тўлди.
– Жуда яхши инсонсиз, Морри.
– Шундай деб ўйлайсизми? – Морри кўзини шифтга тикди. – Ҳозир У билан музокара олиб боряпман. Ундан қайта-қайта: “Фаришталарингдан бирига айланаманми ёки йўқ?” деб сўраяпман.
Морри Худога мурожаат қилишига илк бора иқрор бўлди.
Ўн иккинчи сешанба: кечиримлилик ҳақида суҳбатлашамиз
– Жонинг узилмасидан аввал ўзингни, кейин эса бошқаларни кечир.
“Тунги хабарлар” кўрсатуви тасвирга олинганидан бир неча кун ўтганди. Осмоннинг қовоғи солиқ, ёмғирли кун бўлгани сабабли Морри кўрпага бурканиб олганди. Мен эса курси пойига ўтириб, унинг ялангоёқларини уқалаётгандим. Улар буришиб, қадоқ бўлиб кетган, тирноқлари эса сарғайиб қолганди. Кафтимга ёнимда турган кичик идишдан бироз малҳам олиб, Моррининг тўпиқларини уқалай бошладим.
Бу ойлар давомида ҳамширалар ишини кузатиб, ўрганиб олган муолажаларимдан яна бири бўлиб, Морри ҳақида имкон қадар кўпроқ хотира қолсин, деб уқалашни ҳам бўйнимга олдим. Хасталик туфайли Морри оёқ бармоқларини қимирлатиш қобилиятидан ҳам мосуво бўлганди, бироқ оёқлари ҳали ҳам оғриқ сезар, уқалаш эса оғриқни енгиллаштирарди. Шунингдек, Морри инсонларнинг унга тегинишини ёқтирарди. Бу пайтга келиб, уни хурсанд қиладиган ҳар қандай ишни бажаришга тайёр эдим.
– Мич, – деди у кечиримлилик мавзусига қайтар экан, – кек сақлаш ва ўжарликдан фойда йўқ. Бу нарсалардан, – Морри хўрсинди, – бу нарсалардан қанчалик пушаймон эканимни билсанг эди. Мағрурлик. Манманлик. Нега бизни афсуслантирадиган ишларга қўл урамиз?
Кечиримлиликнинг аҳамияти ҳақида савол бергандим. Фильмларда ўлим тўшагида ётган оила бошлиғи бу дунёни тарк этиш олдидан ўзаро ярашиб олиш мақсадида оқ қилинган ўғлини чақириш саҳнасини кўргандим. Морри ҳам ўлими олдидан “мени кечир” дейишни хоҳловчи бирор ким бормикан, деб қизиқдим.
Морри бош ирғади:
– Анави ҳайкалчани кўряпсанми? – кабинетидаги жавоннинг энг устки токчасида турган бюст томонга боши билан ишора қилди.
Ҳеч унга эътибор бермаган эканман. Бу бўйнига бўйинбоғ тақилган, бир тутам кокили пешонасига тушиб турган қирқ ёшлардаги эркакнинг бронзадан ясалган бюсти эди.
– Бу мен, – деди Морри. – Бир дўстим ясаган, 30 йиллар олдин. Исми Норман эди. Бир пайтлар у билан ажралмас дўст эдик. Чўмилишга борардик. Бирга Нью-Йоркка борардик. Кэмбриждаги уйига меҳмонга борганимда, ертўлада шу бюстни ясаганди. Бир неча ҳафта шу устида ишлаган – уни мукаммал чиқишини хоҳлаганди.
Ҳайкалчанинг юзини диққат билан ўрганиб чиқдим. Ёш, соғлом, уч ўлчамли Моррининг суҳбатимизни кузатиб туришини кўриш жуда ғалати эди. Ҳатто бронзада ҳам унинг нигоҳида инжиқлик акс этиб турарди; дўсти унинг руҳини ҳам ҳайкалда ифодалай олибди, деган фикр хаёлимдан ўтди.
– Энди ҳикоянинг кўнгилсиз қисмини айтсам, – деди Морри. – Норман рафиқаси билан Чикагога кўчиб ўтди. Бироз вақт ўтиб, хотиним Шарлотта жиддий операцияни бошидан ўтказди. Норман ҳам, унинг рафиқаси ҳам бир оғиз хабар олай демади. Улар бу ҳақида билишарди. Шарлоттанинг аҳволини сўраб бирор марта ҳам қўнғироқ қилишмаганидан жуда кўнглимиз оғриди. Шундан кейин улар билан алоқани уздик. Йиллар ўтиб Норман билан бир неча марта кўришдик ва у ҳар сафар ярашишга ҳаракат қилди, лекин мен буни рад этдим. Унинг изоҳларидан кўнглим тўлмади. Мағрурлигим туфайли дўстимни кўксидан итардим.
Унинг овози бўғилди.
– Мич… бир неча йил олдин… у саратондан вафот этди. Ўйласам, дилим хун бўлади. У билан кўришолмадим. Шу сабабли кечира олмадим ҳам. Ҳозир бундай қилганимдан жуда азобланаман.
У яна йиғлай бошлади – жимгина, сассиз. Боши орқага суяб қўйилгани учун кўзёшлари лабига етиб келмай, юзининг ён томонига юмаларди.
– Афсусдаман, – дедим мен.
– Ҳаммаси жойида, – пичирлади у. – Йиғлаш уят эмас.
Унинг оёқ бармоқларига малҳам суришда давом этдим. У эса хотираларга чўмганча, яна бир неча дақиқа кўзёш тўкди.
– Биз кечиришимиз керак бўлганлар фақат бошқалар эмас, Мич, – ниҳоят шивирлади у. – Ўзимизни ҳам кечиришимиз керак.
– Ўзимизни?
– Ҳа, вақтида қилмаган ишларимиз учун. Қачонлардир амалга оширишимиз лозим бўлган, лекин бажарилмай қолиб кетган ишлар учун. Амалга оширилмаган ишлар учун пушаймонлик гирдобида қолиб кетмаслик керак. Менинг ёшимга етиб, ҳозирги ҳолатимга тушганингда, пушаймонликдан фойда йўқ. Доим ўз мутахассислигим бўйича каттароқ натижаларга эришишни хоҳлардим; кўпроқ китоб ёзгим келарди. Авваллари бундай қилолмаганим учун ўзимни койирдим. Бу бефойдалигини энд-энди англаб етяпман. Муроса қил. Ўзинг ва атрофингдагилар билан муроса қил.
У томонга энгашиб, ёшларини сочиқча билан артдим. Морри тўсатдан кўзини очди, сўнг яна юмди. Унинг нафас олиши атрофга эшитилиб турарди, худди хуррак отаётгандек.
– Ўзингни кечир. Бошқаларни ҳам кечир. Кутма, Мич. Ҳаммага ҳам рози-ризолик сўраш учун менга берилгани каби етарли муҳлат берилмаслиги мумкин. Омад ҳаммага ҳам кулиб боқавермайди.
Сочиқчани чиқинди қутисига ташладим ва яна унинг пойига қайтдим. Омад? Бош бармоғимни унинг қотиб қолган этига босдим, у буни сезмади ҳам.
– Қарама-қаршиликлар тортишуви ёдингдами, Мич? Сени турли томонларга тортувчи кучлар?
– Эсимда.
– Мен вақтим тугаб бораётганига ачинаман, лекин у менга хатоларимни тузатиш имконини бераётганидан қувонаман.
Бироз муддат иккаламиз ҳам жим қолдик. Ёғаётган ёмғир томчилари деразага уриларди. Моррининг орқасидаги ҳибискус бутаси ҳали ҳам сўлмаганди – кичрайиб қолган, лекин ҳали бақувват эди.
– Мич, – шивирлади Морри.
– Лаббай? – Ўз машғулотимга шўнғиб, унинг оёқларини уқалашда давом этдим.
– Менга қара.
Бошимни кўтариб, у томон юзландим: кўзларида кескин ифода акс этганди.
– Нега ёнимга қайтганингни билмайман. Лекин бир нарсани айтишни хоҳлардим… – У жимиб қолди, нафаси бўғилди. – Агар менда яна бир ўғил фарзандли бўлиш имкони бўлганида, у сен бўлишингни истардим.
Бармоқларим билан жонсизланиб бораётган оёқлар бармоғини эзғилаганча, нигоҳимни олиб қочдим. Бизр лаҳза дилимни қўрқув эгаллади: унинг иқрорини қабул қилиш ўз отамга хиёнат қилишдек туюлди. Бироқ бошимни кўтариб Моррига қараганимда, унинг ёш тўла кўзлари билан жилмайиб турганини кўрдим ва англадимки, бундай лаҳзаларда хиёнатга ўрин қолмайди.
У билан видолашишга тўғри келиши юрагимга қўрқув солганди.
– Мен дафн учун ўзимга жой танладим.
– Қаерда экан у жой?
– Бу ердан узоқ эмас. Ҳовуз яқинидаги тепаликда, дарахтлар остида. Сокин. Фикрлаш учун яхши жой.
– Ўша ерда хаёл сурмоқчимисиз?
– У ерда ўлиб ётмоқчиман.
Морри қиқирлаб кулади. Мен ҳам унга қўшиламан.
– Мени кўргани келиб турасанми?
– Кўргани?
– Шунчаки, суҳбатлашгани келиб тур. Сешанба кунлари. Ҳар доим сешанба куни келасан-ку.
– Ҳа, биз сешанба одамларимиз.
– Шундай. Сешанба одамлари. Суҳбатлашгани келасанми, шундай қилиб?
Охирги кунларда у шу қадар тез заифлашиб бораётгандики.
– Менга қара, – дейди у.
– Қараб турибман.
– Қабримга кўргани келасанми? Муаммоларинг ҳақида сўзлаб бергани?
– Муаммоларим?
– Ҳа.
– Унда сиз ҳам муаммоларимга ечим топиб берасизми?
– Қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, албатта. Ҳар доимгидек.
Ўзимни ҳовуз ёнидаги тепаликда – унинг қабри ёнида тасаввур қиламан. Морри жойлаштирилиб, устига тупроқ ташлаб кўмилган ва қабртоши ўрнатилган бир парча ер. Эҳтимол, бир неча ҳафтадан кейиндир? Ёки бир неча кундан кейинмикан? У ерда қўлларим билан тиззаларимни қучоқлаганча, бўшлиққа тикилиб ўтирганимни кўз олдимга келтираман.
– Барибир у ҳозиргидек бўлмайди-да, – дейман. – Гапларингизни эшитолмайман.
– Қандай гапираман…
У кўзларини юмиб, жилмаяди.
– Кел, бундай қиламиз. Ўлганимдан кейин сен гапирасан. Мен эса эшитаман.
Ўн учинчи сешанба: мукаммал кун ҳақида суҳбатлашамиз
Морри ўлимидан сўнг жасади куйдирилишини хоҳларди. У бу ҳақида Шарлотта билан маслаҳатлашиб, шу энг мақбул усул, деган қарорга келди. Морри дафн маросимини ўтказишни қадрдон дўсти – Брандейс университети раввини ал-Акселродга ишониб топширди. Ал-Акселрод Моррини кўргани келганда, Морри унга ўз жасадининг куйдирилиши тўғрисидаги режасини айтди.
– Кейин Ал…
– Лаббай?
– Мени ҳаддан ортиқ куйдириб юбормасликларига кўз-қулоқ бўлгин-а.
Раввин ҳанг-манг бўлиб қолди. Энди Морри ўз жасади ҳақида ҳазил қилишга ўтганди. Ўлими яқинлашгани сари у ўз жисмига шунчаки арзимас қобиқ, руҳ сақланадиган оддий идиш сифатида қарай бошлаганди. Барибир танаси қуриб, фақат фойдасиз тери ва устухонга айланиб бораётгани сабабли ундан воз кечиш у қадар қийин эмасди.
– Биз ўлим билан юзма-юз келишдан жуда қўрқамиз, – деди Морри унинг ёнига жойлашганимдан кейин.
Унинг ёқасидаги микрофонни тўғрилаб қўйдим, лекин у яна тушиб кетаверди. Моррини йўтал тутди. Ҳозирга келиб у деярли тўхтовсиз йўталарди.
– Ўтган куни бир китоб ўқигандим. Унда ёзилишича, шифохонада бемор вафот этиши билан уни дарҳол чойшабга ўраб, люкка ўхшаш нарсанинг ёнига олиб боришар, сўнг пастга ташлаб юборишаркан. Улар мурдани тезроқ кўздан йўқотиш ҳақида ўйлайди. Одамлар ўлимга юқумли касалликдек қарашади.
Мен микрофонни унинг ёқасига қотириш билан овора эдим. Морри қўл ҳаракатларимга бир қараб олди.
– Ўлим юқумли эмас. У ҳам ҳаёт каби табиий ҳодиса. У биз тузган келишувнинг бир қисми.
Морри яна йўтала бошлади, мен ортга тисарилиб, доимгидек ҳар қандай жиддий фалокатга тайёр ҳолда кутиб турдим. Охирги пайтларда Морри тунларни минг азобда ўтказаётганди. Даҳшатли тунлар. У атиги бир неча соат ором олар, кейин эса кучли йўталдан нафаси бўғилиб уйғонарди. Ҳамширалар ётоқхонага югуриб келиб, елкасига урар ва ўпкасидаги балғамни кўчиришга уринарди. Ҳамширалар уни одатдагидек нафас олдиришга муваффақ бўлганида ҳам (бу энди фақат кислород юборувчи ускуна орқали амалга ошириларди), бундай кураш Моррининг тинка-мадорини қуритар ва у куни билан беҳол ётарди.
Унинг бурнига кислород найчалари ўрнатилганди. Уларни кўргани кўзим йўқ. Менга найчалар чорасизлик ифодасидек туюларди. Уларни юлиб олгим келарди.
– Ўтган кеча… – Морри секингина шивирлади.
– Хўш, хўш? Ўтган кеча?
– Мени кучли йўтал хуружи тутди. Соатлаб давом этди. Ўлиб қолсам керак, деб ўйладим. Нафас ололмайман. Бўғилиб қолгандим. Бир пайт бошим айлана бошлади… шунда қалбимда қандайдир бир осойишталик ҳисси пайдо бўлди ва мен кетишга тайёрлигимни ҳис қилдим.
Морри кўзларини катта-катта очди.
– Мич, бу бетакрор туйғу эди. Содир бўлаётган ҳодисани қабул қилиш ҳисси, қалб осойишталиги. Ўтган ҳафта кўрган тушим ҳақида ўйладим – унда қандайдир кўприкдан номаълум томонга ўтаётгандим. Манзил қандай бўлишидан қатъи назар, у томон боришга тайёр эдим.
– Лекин бормадингиз.
Морри бир лаҳза тин олди. Сўнг секингина бош чайқади:
– Йўқ, бормадим. Лекин бора олишимни аниқ ҳис қилдим. Тушуняпсанми? Барчамиз излаётган нарса айнан шу. Ўлим ҳақлигини хотиржам қабул қилиш. Агар охир-оқибат ўлимни хотиржам қарши олиш қўлимиздан келишини билсак эди, ана ундан кейин чиндан қийин ишни қилишни ҳам бир амаллардик.
– Қайси иш?
– Ҳаёт билан муроса қилиш.
У орқасидаги дераза токчасида турган ҳибискус бутасини олиб келишимни сўради. Бутани кафтимга қўйиб, унинг юзига яқин келтирдим. У жилмайди.
– Ўлиш – табиий жараён, – такрорлади у. – Биз ўзимизни табиатнинг бир қисми сифатида кўрмаслигимиз сабабли ўлим бизни саросимага солади. Биз инсонмиз, демак, табиатдан устунроқмиз, деб ўйлаймиз.
Морри бутага қараб жилмайди.
– Аслида ундай эмас. Дунёга келган ҳар бир нарса вақти келиб ўлади. – У менга қаради: – Фикримга қўшиласанми?
– Ҳа.
– Яхши, – шивирлади у, – инсон бўлишнинг мукофоти ҳам бор. Шу ғаройиб ўсимлик ва ҳайвонлардан фарқимиз, мана, нимада. Токи бир-биримизни яхши кўриб, меҳр-муҳаббат ҳиссини хотирамизда сақлар эканмиз, ўлганимиздан кейин ҳам бутунлай йўқликка ғарқ бўлмаймиз. Сен қолдирган меҳр-муҳаббат ўлмайди. Сендан қолган хотиралар ўлмайди. Ҳаётлигингда меҳрмуҳаббат ва ғамхўрлигингдан баҳраманд бўлганларнинг қалбида яшашда давом этасан.
Унинг овози титради. Бу унинг бироз тин олиши кераклигини англатарди. Бутани дераза токчасига қайтиб олиб бориб қўйдим-да, ўчириш учун магнитофон томонга юрдим. Ўчиришимдан олдин Моррининг сўнгги сўзлари тасмага муҳрланишга улгурди: “Ўлим – ҳаётнинг интиҳосидир, муносабатларнинг эмас”.
ALS касаллигини даволашда бироз олға силжиш кузатилаётганди: ҳали синов босқичида бўлган янги дори чиқарилиши кутилаётганди. Дори хасталикни бутунлай даволамаса-да, унинг ривожланишини бир неча ойга секинлаштирарди. Моррининг янгиликдан хабари бор, аммо унинг дарди секинлашадиган босқичдан аллақачон ўтиб кетганди. Бундан ташқари, дорининг сотувга чиқарилишига ҳали яна бир неча ой бор эди.
– Мен учун эмас, – қатъиян рад этди у.
Шу дардга чалинганидан бери Морри бирор марта ҳам тузалиб кетиш умидида ёнмади. У ашаддий реалист эди. Бир марта ундан:
– Кимдир сеҳрли таёқчасини силкитиб, сизни тузатиб қўйса, вақт ўтиб яна аввалги Моррига айланармидингиз? – деб сўрадим.
У бош чайқади.
– Ортга қайтишим ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мен ҳозир тамомила ўзга одамга айланганман. Ҳаётга бутунлай бошқача кўз билан боқаман. Жисмимнинг қадрига етишни ўрганганман, олдинлари унга жиддий эътибор қаратмасдим. Инсонга тинчлик бермайдиган муҳим саволларга, ҳаёт-мамот жумбоқларига жавоб топишга бўлган муносабатим ҳам ўзгарган. Биласанми, ҳамма гап шунда. Муҳим саволларнинг жавобини топишга бир киришдингми, тамом, уларни шунчаки қолдириб кетолмайсан.
– Қайси саволларни муҳим деяпсиз?
– Менинг тушунишимча, улар муҳаббат, бурч, маънавият, ҳаёт моҳиятини англаш тўғрисида. Агар бугуннинг ўзида соғайиб қолсам ҳам, ана шу саволлар фикримни банд этган масалалигича қолаверади. Бутун умрим давомида шундай бўлиши керак эди.
Моррини соғлом кўринишда тасаввур қилишга уриндим. Устидаги чойшабларни итқитиб, курсидан даст туришини ва иккаламиз ташқарига сайрга чиқишимизни кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилдим. Худди бир пайтлар университет ҳовлисида бирга сайр қилганимиздек. Уни охирги марта тик оёқда кўрганимга ўн олти йил бўлгани ялт этиб хаёлимдан ўтди. Ўн олти йил-а?
– Агар бир кунга соппа-соғ бўлиб қолсангиз, – сўрадим мен, – нима қилардингиз?
– Йигирма тўрт соатгами?
– Йигирма тўрт соатга.
– Ўйлаб кўриш керак… Эрталаб ўрнимдан турардим, бадантарбия машқларини бажарардим, ўрама ширин кулча ва чой билан ёқимли нонушта қилардим-да, сузишга борардим, кейин эса дўстларимни мазали тушликка таклиф қилардим. Уларни битта-биттадан ёки жуфт-жуфт бўлиб келишга чақирардим, шунда ҳар бирининг оиласи, муаммолари ва қадрдон дўстлигимиз ҳақида бемалол суҳбат қурардик. Кейин бирор чорбоғда сайр қилишга чиқардим, дарахтлар рангини, қушларни томоша қилардим. Ўзим анчадан бери кўролмаган табиат гўзаллигидан баҳра олардим. Оқшом тушгач, ҳаммамиз биргаликда кечки овқатга макаронли таомлар ёки ўрдакни тотли пиширадиган бирорта тамаддихонага борардик – ўрдакни яхши кўраман. Овқатдан сўнг туни билан рақс тушардик. Ҳолдан тойгунимча, у ердаги моҳир раққосаларнинг ҳаммаси билан маза қилиб ўйнардим. Кейин эса уйга бориб, мириқиб ухлардим.
– Бор-йўғи шуми?
– Ҳа, шу.
Унинг истаклари шу қадар жўн, шу қадар оддий эдики. Ростини айтсам, ҳафсалам бироз пир бўлди. У Италияга боришни, президент билан овқатланишни, денгиз соҳилида чопқиллаб ўйнашни ёки хаёлига келган ҳар қандай экзотик нарсаларни татиб кўришни хоҳлайди, деб ўйлагандим ўзимча. Ойлаб ётоқда қолиб, ҳатто оёғини ҳам қимирлатолмай ётгандан кейин қандай қилиб шунчалик оддий кундан лаззат топиш мумкин?
Кейин эса ҳамма гап шунда эканини англадим.
Ўша куни кетишим олдидан Морри мендан “Бир мавзуни кўтарсам майлими?” деб сўради.
– Уканг ҳақида гаплашмоқчи эдим, – деди у.
Вужудимни титроқ босди. Шу мавзу фикру хаёлимни банд этганини Морри қандай сезди экан, билмайман. Бир неча ҳафтадан бери Испанияга қўнғироқ қилиб, укам билан боғланолмай юргандим; бир дўстининг айтишича, у Амстердамдаги шифохонага қатнаётган экан.
– Яхши кўрган инсонинг ёнида бўлолмаслик оғирлигини биламан, Мич. Лекин унинг истакларини ҳам тушунишинг керак. Балки, у ишларингни ташлаб, унинг ёнига боришингни хоҳламас. Балки, бу нарса унга оғир юкдек туюлар. Мен ҳамма танишларимга одатий ҳаёт тарзингизни давом эттиринг, мен ўлаётганим туфайли беҳаловат бўлманг, дейман.
– Лекин у укам-ку, – дедим мен.
– Биламан, – деди Морри. – Шуниси оғриқли-да.
Жингалак малла сочлари бошида коптокдек шишиб турган саккиз ёшли Питер кўз олдимга келди. Ҳовлидаги майсазорда жинси шимларимиз тиззасини ўт доғларига булғаб кураш тушаётганимиз ёдимга тушди. Питернинг тароқни микрофондек тутиб, кўзгу олдида қўшиқ айтаётгани, болалигимизда уйдагилар бизни кечки овқатга топишолмасин, деб чордоқда беркиниб, қисилиб ўтирганларимиз кўз олдимдан ўтди.
Кейин эса оиламиздан узоқлашиб кетган, кимёвий муолажалардан юз чаноқлари бўртиб, озғин ва нимжон кўринишга келиб қолган йигит кўз олдимда гавдаланди.
– Морри, – сўрадим мен, – нега у мени кўргиси келмаяпти экан-а?
Кекса профессорим хўрсинди.
– Муносабатлар маълум бир формула асосида қурилмайди. Улар меҳр билан музокара олиб бориш, ҳар иккала томоннинг истак-хоҳишлари, эҳтиёжлари, имкониятлари ва турмуш тарзини инобатга олиш орқали шакллантирилади. Бизнесда музокаралар ғолиб чиқиш учун олиб борилади. Тадбиркорлар ўзлари учун манфаатли бўлган шартларга эришиш мақсадида музокарага киришади. Балки шу нарса миянгга ўтириб қолгандир. Муҳаббат эса бошқача. Муҳаббат бу ўзганинг аҳволи ҳақида худди ўзингники каби қайғуришингдир. Бир пайтлар уканг билан муносабатларинг жуда илиқ бўлган, энди эса йўқ. Сен ўша дамларни қайтаришни хоҳлайсан. Муносабатларинг узилиб кетишини истамайсан. Лекин одамзоднинг қисмати шу. Ришталар узилади, тикланади, узилади, тикланади.
Мен Моррига қараб, ажал нақадар яқин эканини англадим. Ўзимни бутунлай чорасиз ҳис қилдим.
– Укангнинг кўнглига яна йўл топасан ҳали, – деди Морри.
– Сиз буни қаердан биласиз?
Морри жилмайди.
– Мени топиб келдинг-ку, тўғрими?
– Бир неча кун олдин ажойиб бир ҳикоя эшитгандим, – дейди Морри.
У кўзларини юмиб, бир лаҳза тин олади; мен унинг гапида давом этишини кутаман.
– Хўш, ҳикоя уммонда мавжланиб сузиб, фараҳли умр кечираётган кичик тўлқин ҳақида. У шамол ва мусаффо ҳаводан роҳатланиб сузиб юрганди, бироқ олдидаги бошқа тўлқинларнинг қирғоққа зарб билан урилаётганини кўргач, кўнглига ғулу тушди.
– Эй Худойим, бу қандай даҳшат, – ўйлади тўлқин. – Мана, қандай фалокат кутиб турибди мени!
Унинг ортидан бошқа бир тўлқин етиб келди. У биринчи тўлқинни ғамгин ҳолатда кўриб, ундан сўради:
– Нимадан бунча хафасан?
Биринчи тўлқин унга жавобан деди:
– Ҳеч нарсани тушунмаяпсан, шекилли! Ҳаммамиз қирғоқ билан тўқнашиб, парча-парча бўламиз! Биздан асар ҳам қолмайди! Бу даҳшат эмасми?
Иккинчи тўлқин унга жавоб қилади:
– Йўқ, ҳеч нарсага тушунмаётган сенсан. Сен тўлқин эмассан, уммоннинг бир бўлагисан.
Мен табассум қиламан. Морри яна кўзларини юмади.
– Уммоннинг бир бўлаги, – такрорлайди у, – уммоннинг бир бўлаги, холос.
Унинг нафас олишини кузатаман: нафас олади – чиқаради, нафас олади – чиқаради.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.