Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 10 страниц)
Ўн тўртинчи сешанба: хайрлашамиз
Ҳаво совуқ ва нам эди. Зинапоялардан Моррининг уйига кўтарилаётиб, аввалги ташрифларимда илғамаган майда-чуйдаларга ҳам эътибор бераётганимни сездим. Тепалик шакли. Уйнинг тош урилган деворлари. Пастак, ҳамиша яшил буталардан иборат йўлак четидаги девордарахтлар. Мен шошмасдан, оёғим остида текисланиб қолаётган ҳўл хазонларни босиб, секин юриб борардим.
Бир кун олдин Шарлотта қўнғироқ қилиб, Моррининг аҳволи оғирлашганини айтганди. Бу билан у “сўнгги кунлар етиб келди” демоқчи эди. Морри ҳамма учрашувларини бекор қилиб, жуда кўп вақтини уйқуда ўтказаётганди: бу ҳечам Моррига ўхшамасди. У ҳеч қачон ухлашга иштиёқманд бўлмаган, айниқса, гаплашиш учун тайёр суҳбатдошлар бўлганда.
– У сизни келсин деяпти, – деди Шарлотта. – Лекин, Мич…
– Лаббай?
– У жуда дармонсизланиб қолган.
Кириш эшигига олиб чиқувчи зинапоялар. Эшикнинг ойнали қисми. Мен бу нарсаларни секин, кузатувчан нигоҳ билан хотирамга сингдириб борардим, гўёки уларни илк марта кўраётгандек. Елкамга осилган сумкадаги магнитофонни пайпаслаб кўраман, кейин эса тасмаларни ҳам олганимга ишонч ҳосил қилиш мақсадида сумканинг ичини очиб кўраман. Нега бундай қилдим – билмайман. Тасмаларни доим ёнимда олиб юраман-ку.
Эшикни Конни очди. Табиатан хушчақчақ Конни бугун ғамгин кўринарди. Деярли шивирлаб саломлашди.
– Унинг аҳволи қалай? – сўрадим мен.
– Унчалик яхшимас, – дея лабини тишлади у. – Бу ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламайман. Шундай яхши одам-а?
– Биламан.
– Кулфат-ку бу!
Шарлотта коридордан чиқиб келиб, мени қучоқлади. Соат эрталабки 10 бўлаётган бўлса-да, Морри ҳали уйғонмабди. Ошхонага ўтдик. Стол устида қаторлашиб турган оқ телпакли жигарранг пластик аскарчалар – дори идишчаларини кўриб, унга ошхонани йиғиштиришга кўмаклашдим. Кекса профессорим нафас олишни енгиллаштириш учун морфий қабул қиларди.
Ўзим билан олиб келган озиқ-овқатларни музлаткичга жойладим: шўрва, сабзавотли пишириқ, туна салати. Яна овқат кўтариб келганим учун Шарлоттадан узр сўрадим. Морри бу каби егуликларни чайнолмай қолганига анча бўлганини иккаламиз ҳам билардик, аммо бозорлик қилиб келиш одат тусига кириб қолганди-да. Баъзан кимингнидир йўқотаётганингда, майда-чуйда одатларга ҳам чўкаётган одам хасга ёпишганидек амал қиларкансан.
Морри ва Тед Коппелнинг илк суҳбати тасвирга олинган меҳмонхонада кутиб ўтирдим. Столда ётган газетани ўқий бошладим. Миннесотада икки болакай отасининг қуроллари билан ўйнай туриб, бир-бирини отиб қўйибди. Лос-Анжелес кўчаларидан бирида ахлат қутисидан чақалоқ топилибди.
Газетани жойига қўйиб, бўм-бўш каминга тикилдим. Пойабзалим билан паркет полни оҳиста депсий бошладим. Ва ниҳоят, эшик очилиб-ёпилгани, кейин эса Шарлоттанинг мен томон келаётган қадам товушлари қулоғимга чалинди.
– Бўлди, – деди у майин овозда. – У сени кўришга тайёр.
Мен ўрнимдан қўзғалиб, одатий жойимизга томон юрарканман, коридор охирида, йиғма курсида оёқларини чалиштириб ўтирганча китоб ўқиётган бегона аёлга кўзим тушди. У ўлим тўшагида ётган беморлар касалхонасидан келган ҳамшира бўлиб, Морридан йигирма тўрт соат бохабар бўлиб турувчи навбатчи жамоа аъзоси эди.
Моррининг кабинетида ҳеч ким йўқ эди. Бундан бир оз гангиб қолдим. Кейин иккиланибгина ётоқхонага қайрилдим, ҳа, мана у, ётоқда чойшабларга ўраниб ётибди. Мен уни бу ҳолда олдин фақат бир марта кўргандим: у уқалаш муолажасини олаётганида. Яна унинг “Ётоғингдан турмабсан, демакки, сен – мурдасан” деган ҳикматли сўзлари миямда акс-садо берди.
Юзимда зўраки табассум билан хонага кирдим. У тепасига сариқ рангли тунги кўйлак кийиб олган, кўкрагидан пастки қисмига эса кўрпа ёпиб қўйилганди. Унинг кўрпа остидаги танаси шу қадар озиб-тўзиб кетгандики, менга бир нафас у ерда нимадир етишмаётгандек туюлди. Унинг кичрайиб кетган жуссаси ёш боланикидек келарди.
Моррининг оғзи очиқ, юзи териси оқариб, ёноқ суякларига ёпишиб турарди. Нигоҳи менга тушиб, гапиришга уринди, аммо бўғзидан фақат хириллаган товуш эшитилди.
– Мана, қаерда экансиз! – дедим мен бўм-бўш ичимда қолган бор кучимни тўплаб.
У нафас чиқарди, кўзларини юмди, кейин эса жилмайди. Шу жилмайиш ҳам уни ҳолдан тойдираётгандек эди.
– Қадрдон… дўстим, – деди у ва ниҳоят.
– Ҳа, дўстингизман, – дедим мен.
– Бугун аҳволим… унча яхшимас.
– Эртага ўзингизга келиб қоласиз.
У қийинчилик билан яна нафас чиқарди ва зўрға бош ирғатди. Чойшаб тагидан нимадир қилишга қаттиқ уринаётгани кўриб, қўлини чиқармоқчилигини англадим.
– Қўлимдан тут, – деди у.
Кўрпани тортиб, унинг бармоқларини маҳкам ушладим. Улар қўлларим орасида йўқ бўлиб кетди. У томонга энгашдим, юзим юзига тегай деб турарди. Биринчи марта уни соқоли олинмаган ҳолда кўришим эди. Энди ўсиб келаётган оппоқ мўйлари Моррининг юзида шу қадар бегона туюлардики, худди биров унинг ёноқлари ва иягига бир текис қилиб туз сепиб чиққандек эди. Жон ҳамма аъзоларини тарк этаётган бир пайтда янги ҳаёт бошлашга қувватни қаердан олди экан бу соқол?
– Морри, – чақирдим мен.
– Мураббий, – мени тўғрилади у.
– Мураббий, – дедим мен.
Вужудимни титроқ босди. У тўхтаб-тўхтаб гапирди: нафас олиши – ҳаво, чиқариши – сўзлар. Ингичка, титроқ овозда сўзларди. Ундан малҳамларнинг ҳиди келарди.
– Сен… яхши одамсан.
– Яхши одам.
– Мана бу еримдан, – деди у шивирлаб, қўлимни юраги томонга олиб бораркан. – жой олгансан.
Бўғзимга нимадир тиқилди.
– Мураббий?
– А-а?
– Мен қандай хайрлашишни билмайман.
У ҳали ҳам кўксида турган қўлимни оҳистагина уриб қўйди.
– Мана… шундай… хайрлашамиз.
Морри оҳистагина нафас олар, мен унинг кўкрак қафаси кўтарилиб-тушишини ҳис қилиб турардим. У кўзимга тик қараб:
– Сени… яхши кўраман, – деди хирилдоқ овозда.
– Мен ҳам сизни яхши кўраман, мураббий.
– Яхши кўришингни биламан… Яна бошқа… бир нарсани ҳам биламан.
– Яна нимани биласиз?
– Ҳар доим… яхши кўрганингни…
Унинг кўзлари қисилди, кейин эса у йиғлай бошлади. Юзи худди ҳали қандай йиғлашни билмайдиган чақалоқникидек бужмайди. Мен бир неча дақиқа уни бағримга босиб турдим. Осилиб қолган терисини, сочларини силадим. Кафтларимни унинг юзига босдим, қуриган эти остида ёноқ суяклари яққол сезилиб турарди. Доритомизгичдан сиқиб чиқарилаётган томчилардек майда кўзёшларидан кафтим намланди.
Нафас олиши бир маромга тушгач, томоғимни бир қириб олдим-да, унинг ҳолдан тойганини, шу сабабли кейинги сешанба келишимни ва унгача аҳволи бироз яхшиланиб қолишига умид қилишимни айтдим.
– Раҳмат, – деди Морри ва кулишга уриниб, енгил пихиллаб қўйди. Барибир кулгиси ҳам ғамгин чиқди.
Келганимдан бери ёпиқлигича турган, магнитофон солинган сумкамни қўлимга олдим. Буни нега олиб келдим ўзи? Ундан фойдаланмаслигимизни билгандимку. Морри томонга эгилиб, уни ўпиб қўйдим. Зора унга бир лаҳза бўлса-да завқ бағишласа, деган умидда юзимни унинг юзига одатдагидан узоқроқ босиб турдим.
– Бўпти унда, – дедим қаддимни ростлар эканман.
Намланган кўзларимдан ёш чиқмаслиги учун киприк қоққанимни кўриб, унинг лаблари сиқилди ва ҳайратдан қошлари кўтарилди. Ўша лаҳзада кекса профессорим ўз ғалабасидан мамнун эди, деб ўйлайман: ва ниҳоят, у мени йиғлашга мажбур қилганди.
– Бўпти, – шивирлади у.
Битирув оқшоми
Морри шанба куни тонгда оламдан ўтди.
Барча яқин қариндошлари унинг ёнида эди. Роб Токиодан учиб келди – отасини сўнгги манзилга кузатиш учун, Жон ва албатта, Шарлотта ҳам Морри билан бирга эди. Шарлоттанинг жияни – “норасмий дафн маросими”да ўқиб берган шеърида Моррини навқирон секвойяга менгзаб, уни тўлқинлантириб юборган Марша ҳам ўша ерда эди. Улар тунлари навбатма-навбат Моррининг ёнида ўтириб чиқарди. Сўнгги учрашувимиздан икки кун ўтиб, Морри комага тушиб қолди; шифокор унинг исталган пайт жони узилиши мумкинлигини айтди. Бироқ у ҳеч кетолмади, туни бўйи ўлим билан курашиб чиқди.
Ва ниҳоят, тўртинчи ноябрь куни – яқинлари биринчи марта уни ёлғиз қолдириб, бир финжон қаҳва учун ошхонага чиқишганида, у нафас олишдан тўхтади.
Морри бу дунёни тарк этди.
Ўйлашимча, Морри атай шу тарзда жон берди. У бошқаларни қўрқитиб юборишни хоҳламади. Кимдир унинг жони узилишига гувоҳ бўлиб, бир умр шу лаҳза таъқиби остида яшашини истамади. Худди унинг ўзини онасининг вафоти ҳақида телеграмма ёки отасининг жасадини шаҳар моргида кўрганидаги даҳшат бир умр таъқиб қилганидек.
Менимча, у ўз ётоғида ётганини, китоблари, қайдлари ва кичик ҳибискус бутаси унинг ёнгинасида эканини ҳис қилиб турган. У бу дунёни хотиржам тарк этишни хоҳлаганди – худди шундай бўлди.
Дафн маросими тонгида шамол эсиб турар, ҳаво нам эди. Ўт-ўланлар ҳўл, осмон қаймоқранг тусда эди. Биз тепаликдаги янги қазилган қабр ёнида турардик, ҳовуз сувининг қирғоққа урилаётгани эшитилиб турар, ўрдаклар қанотларини қоқиб сузиб юрарди.
Юзлаб кишилар маросимда иштирок этишни хоҳлаган бўлса-да, Шарлотта маросим ихчам ўтишини хоҳлади: фақат бир неча яқин дўстлари ва қариндошлари келди. Раввин Акселрод бир нечта шеър ўқиди. Болалигида полиомиелит билан оғригани туфайли ҳали ҳам оқсоқланиб юрадиган Моррининг укаси Девид, анъанага кўра, белкуракда қабрга тупроқ ташлади.
Моррининг кули қабрга жойлаштирилгач, ён-атрофни кўздан кечирдим. Морри ҳақ эди – ажойиб жой. Дарахтлар, ўт-ўланлар ва қия тепалик.
“Сен гапирасан, мен эса эшитаман”, – деганди у ўшанда.
Морри айтганидек, у билан хаёлан суҳбатлашиб кўрдим. Бу хаёлий суҳбат ростдан ҳам табиийдек туюлди. Беихтиёр билагимга қараб, қўл соатимга кўзим тушди ва бунинг сабабини англадим: кун сешанба эди.
“Тарк этар онда ҳам куйлади отам,
Хониш куртакларга ҳадя этди жон.
(Билардик баҳор ҳам айлашин хиром
Отамнинг қўшиғин эшитган ҳамон)…”
Дафн маросимида Моррининг ўғли Роб томонидан ўқилган шеър, муаллифи – Э. Э. Каммингс.
Хотима
Баъзан ўтмишга боқиб, кекса профессоримни қайта учратишимдан олдинги “мен”имни – тамомила ўзгача инсонни кўз олдимга келтираман. Ўша инсон билан суҳбат қургим келади. Унга нималарни қидириш ва қайси хатолардан қочиш кераклигини айтгим келади. Унга қарата “Бағрикенг бўл, жамият томонидан тарғиб қилинадиган қадриятлар васвасасига учма, яқинларинг сўзлаётганда, гўёки улар билан сўнгги марта суҳбатлашаётгандек диққат билан тингла”, дегим келади.
Энг муҳими, мен унга самолётга ўтириб, Массачусетс штатидаги Ғарбий Ньютон шаҳарчасида яшаётган нуронийни эртароқ – у хасталаниб рақсга тушиш қобилиятини йўқотмасидан олдин бориб кўриши кераклигини айтгим келади.
Биламан, бу қўлимдан келмайди. Ҳеч биримиз ўтган ишларни ўзгартира олмаймиз, аллақачон тасмага муҳрланган ҳаётимизни ҳам қайта яшаш имконсиз. Аммо профессор Морри Швартс менга берган энг муҳим сабоқ – бу ҳаётда “энди жуда кеч” деган тушунчанинг мавжуд эмаслиги. У сўнгги нафасигача ўзини тарбиялашда давом этди.
Моррининг ўлимидан кўп ўтмай, Испаниядаги укам билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Узоқ гаплашдик. Унинг маълум масофа сақлаш истагини ҳурмат қилишимни, мен бор-йўғи ўтмиш хотиралари билан яшаш ўрнига, айнан ҳозир хабарлашиб туришни ва у имкон берганича муносабатларимизни тиклашни хоҳлашимни айтдим.
– Сен менинг яккаю ёлғиз укамсан, – дедим. – Сени йўқотишни хоҳламайман. Яхши кўраман.
Шу пайтгача унга бундай гапларни ҳеч айтмагандим.
Бир неча кун ўтиб, факс орқали хабар олдим. Хабар матни бош ҳарфлар билан ёзилиб, тиниш белгилари пала-партиш қўйилганидан хат укамдан келгани билиниб турарди.
“САЛОМ! ВА НИҲОЯТ, ТЎҚСОНИНЧИ ЙИЛЛАРГА ҚАДАМ ҚЎЙДИМ!”, деб бошланарди хабар. У ҳафта давомида нималар қилгани ҳақида ёзиб, бир жуфт латифа ҳам қўшиб қўйганди.
Хабар шундай якунланганди:
Шу кунларда жиғилдоним қайнаб, ичим кетиб ётибди – мегажин ҳаёт. Кейинроқ гаплашармиз?
Бемор Думба
Кулавериб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
Ушбу китоб ғояси асосан Моррига тегишли эди. У китобни “сўнгги илмий ишимиз” деб атарди. Энг яхши лойиҳаларда бўлгани каби бу иш иккимизни анча яқинлаштирди. Морри бир неча ноширлар китобга қизиқиш билдирганини эшитиб, жуда қувонганди, бироқ уларнинг ҳеч бири билан учрашиш унга насиб этмади. Китоб учун тўланган бўнак Моррининг тиббий харажатларига асқатганидан иккаламиз ҳам мамнун эдик.
Айтганча, китоб номини Моррининг кабинетида ўтириб, бир кундаёқ ўйлаб топганмиз. У ном танлашни ёқтирарди. Морри бир нечта номларни таклиф қилди. Лекин мен “‘Моррининг сешанба дарслари’га нима дейсиз?” деб сўраганимда, унинг юзига табассум, ёноқларига қизиллик югурганини кўриб, шу номда тўхталишимизни англадим.
Моррининг вафотидан сўнг университет давридан қолган китоб-дафтарларим жойланган қутиларни бирма-бир кўздан кечирдим. Улар орасидан Моррининг дарсларидан бири учун ёзган якуний назорат ишимни топиб олдим. Ёзилганига ҳам йигирма йил бўлибди. Муқовасининг олд томонида менинг Морри учун қалам билан қинғир-қийшиқ ёзилган мулоҳазаларим, унинг остида эса Моррининг мулоҳазалари қолдирилган эди.
Меники “Қадрли мураббий…” деб бошланган.
Уники эса “Қадрли ўйинчи…” деб.
Негадир ҳар сафар шу битикларни ўқиганимда, уни янада кўпроқ соғинаман.
Ҳаётингизда ҳеч ҳақиқий устозингиз бўлганми? Сиз ҳали ишлов берилмаган тош бўлсангизда, донолик билан сайқалланса, ноёб олмосга айланишингизга ишончи комил бўлган устоз? Агар омадингиз кулиб, шундай устозни учратиб қолсангиз, вақт ўтиб, албатта, унинг ёнига қайтасиз. Баъзан шунчаки хаёлингизда. Баъзида эса шундоққина у ётган ётоқ ёнига.
Кекса профессорим ҳаётининг сўнгги дарслари унинг уйида, у миттигина ҳибискус бутасининг пушти гуллари тўкилишини томоша қилиши мумкин бўлган кабинет деразаси ёнида ҳафтада бир марта ўтиларди. Синф сешанба кунлари йиғиларди. Ҳеч қандай дарсликдан фойдаланилмасди. Фанимиз “Ҳаёт мазмуни” деб аталарди. Унда профессор бошдан кечирган ҳаётий сабоқлар ўқитиларди.
Сабоқлар давом этади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.