Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 10 страниц)
Давомат
Бир неча ҳафтадан сўнг Лондонга учдим. Уимблдон турнирини ёритиб боришим керак эди. Дунёнинг энг нуфузли теннис мусобақаси – томошабинлар ўйинчиларнинг руҳини тушириш учун бақирмайдиган ва автотураргоҳда маст-аласт юрмайдиган кам сонли тадбирлардан бири. Бундай тадбирларни кам учратаман.
Англияда ҳаво илиқ ва булутли эди, ҳар тонг теннис кортларига яқин икки чети қатор дарахтлар билан қопланган кўча бўйлаб сайрга чиқардим. Йўлимда сотилмай қолган чипталар учун навбатда турган ўсмирлар, қаймоқ ва қулупнай сотиб юрган чайқовчиларга дуч келардим. Дарвоза ёнига илинган янгиликлар пештахтасида яримяланғоч аёлларнинг расмлари, қироллик оиласининг папаратсилар олган суратлари, мунажжимлар башорати, спорт хабарлари, лотерея ўйинлари ва оз-моз ҳақиқий янгиликлар ҳам чоп этилган бир қанча сариқ матбуот рўзномалари сотиларди. Куннинг энг муҳим янгилиги янги келтирилган газеталар тахламига суяб қўйилган кичик бўрдоскага ёзиб қўйилар ва одатда: “Диана ва Чарльз жанжали!” ёки “Газза жамоасига: менга миллионлар керак!” каби сарлавҳалардан иборат бўларди.
Одамлар мазкур рўзномаларни тезда битта қолдирмай сотиб олишар, уларда берилган ғийбатларни мароқ билан ўқишар эди; олдинги Англия сафарларида мен ҳам ҳеч улардан қолишмасдим. Энди эса ҳар гал бирор аҳмоқона ёки енгил-елпи хабарни ўқиганимда, негадир Морри ёдимга тушарди. Хаёлимда у ҳовлисида қизил заранг дарахти қад кўтариб турган паркет полли уйда нафасини санаб, қолган ҳар бир дақиқасини яқинлари даврасида ўтказаётган ҳолда гавдаланарди. Мен эса бу пайтда соатлаб вақтимни ўзим учун заррача аҳамияти бўлмаган нарсаларга совурардим: кино юлдузлари, супермоделлар, Жон Кеннедининг ўғли, Мадонна ёки Малика Ди ҳаётидаги сўнгги можаролар. Қанчалик ғалати туюлмасин, Моррининг вақти тобора камайиб бораётганига ачинсамда, у бу вақтни мендан кўра мазмунлироқ ўтказаётганига ҳасад қилардим.
Нега биз вақтимизни бундай бемаъни хабарларга сарфлаймиз? Ўша пайтда АҚШда О. Ж. Симпсон устидан бораётган суд жараёни айни қизғин паллага келган, аксарият кишилар тушликка ажратилган соатларини тўлалигича мазкур жараённи томоша қилишга совурар, улгурмай қолган қисмини эса тунда кўриш мақсадида тасмага ёзиб оларди. Уларнинг ҳеч бири О. Ж. Симпсон билан таниш эмасди. Суд ишига алоқадор кишилар билан ҳам. Аммо улар барибир бошқа бировнинг фожиасига муккасидан кетиб, кунлаб, ҳафталаб умрини қурбон қиларди.
Моррининг охирги суҳбатимизда айтганлари ёдимга тушди: “Мавжуд қарашларимиз одамларга ўзларидан қониқиш ҳосил қилиш имконини бермайди. Жамиятда мавжуд қарашлар ҳаётингни заҳарласа, уларга амал қилма, дейиш учун жасорат керак”.
Шу сўзларга амал қилган Морри хасталикка чалинишидан анча олдин ўз қарашларини яратган эди. Муҳокама гуруҳлари, дўстлар билан сайрга чиқиш, Ҳарвард майдонидаги черковда ўз мусиқасига рақс тушиш. Морри ночор одамларга бепул руҳий хасталикларни даволаш хизматларини кўрсатувчи “Иссиқхона” номли лойиҳага асос солганди. У дарслари учун янги ғоялар топиш мақсадида китоблар ўқир, ҳамкасблари билан учрашар, собиқ талабалари билан хабарлашиб турар, узоқдаги дўстлари билан хат ёзишар эди. У бир дақиқасини ҳам телесериаллар ёки “Ҳафта фильмлари” томошасига совурмас, бўш вақтини кўпроқ овқат ва табиатдан баҳра олишга сарфларди. Морри суҳбат, мулоқот ва меҳроқибатдан иборат машғулотлар тўпламини яратган ва шу билан унинг ҳаёти шўрвага лиммо-лим тўла косадек тўлиб турарди.
Мен ҳам ўз қадриятимни яратгандим: иш. Фокус кўрсатаётган масхарабоз каби Англияда матбуот учун бир вақтнинг ўзида тўрт-бешта вазифани бажарардим. Ҳикояларимни АҚШга юбориш учун ҳар куни саккиз соат вақтимни компьютер олдида ўтказардим. Бундан ташқари, телевидение учун репортажлар тайёрлаш мақсадида суратга олиш гуруҳи билан Лондоннинг турли қисмларини кезардим. Шунингдек, ҳар куни тонгда ва тушдан кейин телефон орқали радио репортажларда иштирок этардим. Шундай суръатда ишлашга кўникиб қолгандим. Йиллар давомида иш менинг энг яқин ҳамроҳимга айланган, ишдан бошқа барча нарсани бир четга суриб қўйгандим.
Уимблдонда пайтим миттигина ёғочли иш кабинамда овқатланар ва буни табиийдек қабул қилардим. Ўта тиғиз кунларнинг бирида, бир тўда мухбирлар Андре Агассе ва унинг машҳур маъшуқаси Брук Шилдс ортидан қувиб кетаётганимизда, бўйнига катта фотоаппарат осиб олган инглиз мухбирларидан бири мени туртиб юборди – ерга қуладим. У эса зўрға “кечирасиз” дейишга улгурар-улгурмас, ҳаллослаб йўлида давом этди. Ўшанда Моррининг бошқа бир гапи ёдимга тушди: “Қанчаданқанча кишилар мазмунсиз ҳаёт кечиради. Улар ҳатто ўзлари муҳим деб ўйлаган машғулотларни ҳам мудроқ ҳолатда бажараётгандек туюлади. Чунки улар янглиш нарсалар ортидан қувишади. Ҳаётингга мазмун олиб кириш учун ўзингни бошқаларга меҳр бериш, жамиятга ҳисса қўшиш ҳамда сенга мақсад ва мазмун тақдим этувчи ниманидир яратишга бағишлашинг керак”.
Унинг ҳақ эканини билардим. Лекин амал қилмасанг, билганингдан нима наф?
Турнир охирига етди, у билан бирга мени оёқда тутиб турган туганмас қаҳвахўрлик ҳам ниҳоясига етди. Компьютеримни ёпдим, иш кабинамни тозалаб, нарсаларимни кетишга ҳозирлаш учун хонамга қайтдим. Жуда кеч бўлиб қолганди. Ҳатто телевидение дастурларининг узатилиш вақти ҳам тугаганди.
Детройтга учдим, кун охирлаганда қўндик, зўрға уйимга етиб олдим ва ухлашга ётдим. Уйғонганимда мени қарши олган янгиликдан эсанкираб қолдим: мен ишлайдиган газетанинг касаба уюшмаси аъзолари иш ташлаш эълон қилибди. Ишхона ёпилганди. Асосий кириш эшигининг олди пикетчилар билан тўлган, намойишчилар кўчанинг у бошидан бу бошига юриб, ўз норозиликларини билдиришаётганди. Касаба уюшмаси аъзоси бўлганим учун ўзга чорам йўқ эди: кутилмаганда, умримда биринчи марта ишсиз, маошсиз ва иш берувчиларимга қарши кураш ҳолатида қолиб кетгандим. Собиқ муҳаррирларимнинг аксарияти билан дўст эдим. Касаба уюшмаси етакчилари уйимга қўнғироқ қилиб, улар билан ҳеч қандай мулоқотга киришмаслигимни, бирортаси мен билан алоқага чиқиб, муроса қилишга уринса, гўшакни қўйиб қўйишим кераклигини уқтиришди.
– Ғалаба қозонгунимизча курашамиз! – худди аскарлардек қасамёд қилишди касаба уюшмаси етакчилари.
Саросима ва тушкунлик ичида қолдим. Радио ва телевидениедаги ишларим яхшигина қўшимча даромад келтирса-да, газета мен учун ҳаёт манбаи, сув ва ҳаводек муҳим эди. Ҳар тонг нашрдан чиққан мақолаларимни кўришим ҳеч бўлмаганда бир жабҳада тирик эканимни билдириб турарди.
Энди эса ундан маҳрум бўлдим. Биринчи кун ўтди, кейин иккинчи, учинчи кун… Иш ташлаш давом этаркан, у ойлаб чўзилиши мумкинлиги ҳақида хавотирли қўнғироқлар бўлар, турли миш-мишлар юрарди. Ҳаётим остин-устун бўлиб кетди. Ҳар оқшом спорт тадбирлари ўтказиларди, одатда уларни ёритиб бориш учун ҳеч биридан қолмасдим. Энди эса уйда ўтириб, уларни телевизорда томоша қилардим. Ўқувчилар менинг мақола ва репортажларимга муҳтож деган хаёл миямга ўрнашиб қолганди. Ҳаёт менсиз ҳам бир маромда давом этаётгани тасаввуримга сиғмасди.
Бир ҳафтадан сўнг телефонни олиб, Моррига сим қоқдим. Конни уни телефон ёнига олиб келди.
– Мени кўргани келяпсан-? – деди у.
Унинг гапи саволдан кўра, кўпроқ тасдиқ оҳангида янгради.
– Ҳа. Борсам майлими?
– Хўп, сешанба кунига нима дейсан?
– Сешанба тўғри келади, – жавоб қайтардим мен. – Сешанба мен учун ҳам қулай.
Иккинчи курсда у дарс берадиган яна иккита фанга қатнаша бошладим. Вақти-вақти билан шунчаки суҳбат қуриш учун синфхонадан ташқарида ҳам учрашадиган бўлдик. Авваллари қариндошим бўлмаган катта ёшли кишилар билан ҳеч қачон бирор ерда ўтирмаганман, шундай бўлса-да, Морри билан бирор ерга боришдан тортинмайман, у ҳам вақт ажратишга оғринмайди.
– Бугун қаерга борамиз? – қувноқ овозда сўрайди у офисига киришим билан.
Баҳорда Жамиятшунослик факультети биносининг ташқарисидаги дарахтлар остида ўтирамиз, қишни эса унинг кабинетидаги ёзув столи ёнида ўтказамиз – мен кулранг жемфер ва “Адидас” кроссовкада, у эса Рокпорт чарм пойабзали ва чийдухоба шимда. Ҳар галги суҳбатимизда у менинг бир боғдан, бир тоғдан келиб, алланималарни вайсашимга қулоқ тутади, кейин эса менга ҳаётий тажрибаларидан сабоқ беришга уринади. Университетда кенг тарқалган қарашларга қарши ўлароқ, пул ҳаётда энг муҳим нарса эмаслигини уқтиради. “Том маънодаги инсонийлик”ка интилишим зарурлигини айтади. У ёшларнинг ўз қобиғига ўралиб олишга мойиллиги ҳамда инсон жамиятга “қўшилиб” яшашга эҳтиёжманд экани ҳақида гапиради. Унинг айтганларидан айримларини тушунаман, айримларини эса йўқ. Лекин бу аҳамиятсиз. Суҳбатларимиз мен учун Морри билан гаплашишга бир баҳона. Ҳуқуқшунос бўлишимни истаган дадам билан Морри каби отаболадек суҳбат қура олмайман.
Морри ҳуқуқшуносларни хушламайди.
– Ўқишни тамомлаганингдан кейин нима қилмоқчисан? – сўрайди у.
– Мусиқачи бўлишни хоҳлайман, – жавоб қайтараман мен. – Пианиночи.
– Ажойиб, – дейди у, – лекин машаққатли йўлни танлабсан.
– Ҳа.
– Наҳанглари кўп.
– Мен ҳам шундай деб эшитганман.
– Лекин барибир, – давом этади у, – буни чин дилдан хоҳласанг, орзуйингни амалга ошира оласан.
Бу сўзлари учун уни бағримга босиб, миннатдорчилик билдиргим келади, лекин табиатан тортинчоқман. Шунчаки, бош ирғаб қўяқоламан.
– Гаров ўйнашим мумкин, сен пианинони завқ-шавқ билан чаласан, – дейди у.
Мен куламан:
– Завқ-шавқ?
У ҳам жилмаяди:
– Ҳа, завқ-шавқ билан. Нима бўпти? Ҳозир ҳеч ким бу сўзни ишлатмайдими?
Биринчи сешанба: борлиқ ҳақида суҳбатлашамиз
Конни эшикни очиб, мени ичкарига таклиф қилди. Морри ошхона столи ёнида ногиронлар аравачасида ўтирар, кенг пахта кўйлак ва ундан ҳам кенгроқ иштон кийиб олганди. Моррининг оёқлари қуриб, сони икки кафт ичига сиғадиган даражада озиб кетганлиги сабабли унинг иштони ҳаддан ташқари кенг бўлиб кўринарди. Агар тик тура олганда эди, бўйи беш футдан ошмас, олтинчи синф боласининг жинси шими унга бемалол сиғган бўларди.
– Сизга бир нарса келтирдим, – жигарранг қоғоз қопчани қўлимда тутганча эълон қилдим мен. Аэропортдан келишимда йўл ёқасидаги дўконда тўхтаб, бироз курка гўшти, картошка салат, макарон салат ва бир нечта кулча нон сотиб олгандим. Уйда етарлича озиқовқат борлигини билардим, шундай бўлса-да, нимадир ҳадя қилишни хоҳладим. Бошқа усулда ёрдам беришга ожиз эдим. Бундан ташқари, Моррининг овқатхўрлиги ҳам ёдимда эди.
– Эҳ-ҳе, шунча егулик, – Моррининг юзига хурсандчилик югурди. – Лекин энди буларни бирга ейишмасанг бўлмайди.
Атрофи тўқима курсилар билан ўралган ошхона столи ёнига ўтирдик. Бу сафар ўн олти йиллик айрилиқнинг ўрнини тўлдиришга эҳтиёж бўлмагани сабабли бир пасда университет давридаги мавзуларимиз муҳокамасига шўнғидик. Морри менга саволлар беради, жавобларимни тинглайди ва ора-орада тўхтатиб, тажрибали ошпаз таом таъмини яхшилаш учун унга зиравор қўшгани каби мен айтишни эсдан чиқарган ёки менинг хаёлимга келмаган фикрлар билан мулоҳазаларимни тўлдириб туради. У нашриётимиздаги иш ташлаш ҳақида сўради ва кутилганидек нима сабабдан иккала томон оддийгина мулоқотга киришиб, муаммоларини ҳал қилиб қўя қолмаслиги унинг мантиғига сиғмасди. Унга ҳамма ҳам у каби доно эмаслигини айтдим.
Вақти-вақти билан ҳожатхонага бориш учун танаффус қилишимизга тўғри келарди: бу жараён анчагина вақт оларди. Конни уни аравачасида ҳожатхонагача суриб борар, кейин туришга ёрдамлашиб, тувакка ҳожатини чиқаргунча суяб турарди. Ҳар сафар ҳожатхонадан қайтганда силласи қуригани кўриниб турарди.
– Тед Коппелга яқин орада кимдир орқамни ҳам артиб қўйишига тўғри келишини айтганим эсингдами? – сўради у.
Мен кулдим. Бундай гаплар осонликча эсдан чиқмайди.
– Хуллас, ўша кун яқинлашяпти. Шу нарса мени хавотирга солади.
– Нега?
– Чунки бу қарамликнинг яққол белгиси. Кимдир тагингни артиб қўйиши. Лекин буни устида ишлаяпман. Шу жараёндан ҳам завқ олишга уриняпман.
– Завқ олишга?
– Ҳа. Бундоқ ўйлаб қарасам, яна болаликка қайтиш имконим бор экан.
– Бу жараёнга ўзгача нигоҳ билан қараш.
– Энди ҳаётга ўзгача нигоҳ билан боқишга мажбурман. Тан олайлик: бозор-ўчарга чиқолмайман, тўловларни амалга ошириш учун банкка боролмайман, чиқиндиларни ташлаб келишга ҳам ярамайман. Аммо шу ерда қолган кунларимни санаб, ҳаётда ўзим учун муҳим деб ўйлаган нарсаларимни кузатиб ўтириш қўлимдан келади. Бунинг учун менда сабаб ҳам бор, вақтим ҳам бемалол.
– Демак, – дедим мен ҳам жавобимда унинг синиқ кайфиятини акс эттириб, – ҳаёт мазмунини топишнинг сири уйдаги чиқиндиларни ташқарига чиқармасликда экан-да?
Унинг гапларимдан кулганини кўриб енгил тортдим.
Конни овқатдан бўшаган идишларни олиб чиқиб кетаркан, кўзим газеталар тўпламига тушди. Улар мен келишимдан олдин ўқилгани кўриниб турарди.
– Янгиликларни кузатиб борасизми? – сўрадим мен.
– Ҳа, – деди Морри. – Бу сенга ғалати туюляптими? Ўляпман деб дунёда нималар содир бўлаётганига қизиқмаслигим керакми?
– Балки.
У хўрсинди.
– Балки сен ҳақдирсан. Эҳтимол, бу нарсалар мени қизиқтирмаслиги керакдир. Бари бир улар қандай якун топишини кўришга улгурмасам. Лекин буни тушунтириш қийин, Мич. Ҳозир ўзим азоб чекаётганим учун бошқа азобланаётганларнинг дардини олдингиданда яхшироқ ҳис қиламан. Яқинда телевизордан Боснияда кўчани югуриб кесиб ўтаётган одамлар ўққа тутилганини, ўлдирилганини кўрсатишди. Бегуноҳ қурбонларни кўриб, кўзимга ёш келди. Улар чекаётган азоб-уқубатларни ўз бошимдан кечираётгандек ҳис қилдим. У одамларнинг ҳеч бирини танимайман. Аммо… Қандай тушунтирсам экан? Мени…улар билан қандайдир ришта боғлаб тургандек туюлади.
Унинг кўзлари намланди, мен эса мавзуни ўзгартиришга уриндим, бироқ у юзини артиб, қўлини силтади.
– Салга йиғлайдиган бўлиб қолганман, – деди у. – Эътибор берма.
“Таажжуб” ичимда ўйлайман мен. Ўзим янгиликлар соҳасида ишлардим. Ўлганлар ҳақидаги воқеаларни ёритардим. Мотам тутаётган оила аъзолари билан суҳбатлашардим. Ҳатто дафн маросимларида ҳам иштирок этардим. Лекин ҳеч йиғламагандим. Морри эса дунёнинг нариги ярмида яшаётган инсонларнинг азобланишини кўриб кўзёш тўкаётганди. Қизиқ, одам умри охирлаганда шу ҳолатга тушиб қолармикан? Балки ўлим охир-оқибат мутлақо бегоналарни ҳам бир-бирига ачиниб, кўзёш тўкадиган қилиб қўювчи улкан лангарчўпдир.
Морри сочиқчага бурнини қоқди.
– Сен бу нарсани тўғри тушунасан-а? Эркаклар ҳам йиғлашини?
– Албатта, – деб жавоб қайтардим тезда.
У жилмайди.
– Эҳ Мич, мен билан кўнгли бўш инсонга айланасан. Куни келиб йиғлаш оддий ҳолат эканини исботлайман сенга.
– Ҳа, ҳа, – дедим мен.
– Ҳа, ҳа, – деди у ҳам.
Иккимиз ҳам кулиб юбордик, чунки Моррининг йигирма йилча олдин шу гапни кўп такрорлаш одати бор эди. Асосан, сешанба кунлари. Аслида, сешанба ҳар доим биргаликда ўтказадиган кунимиз бўлган. Моррининг мен қатнашган дарслари сешанбада бўларди, унинг қабул соатлари сешанба кунларига белгиланганди, ва ниҳоят, мен Морри тавсия қилган мавзуда диплом ишимни ёзаётганимда ҳам бошиданоқ Морри билан сешанба кунлари гоҳ унинг кабинетида, гоҳ университет ошхонасида, гоҳида эса Перлман Холл корпусининг зинапояларида бирга ўтириб мавзу устида ишлардик.
Шу сабабли ҳовлисида қизил заранг дарахти қад кўтарган уйдаги учрашувларимизни ҳам сешанбадан бошқа куни ўтказиб бўлмайдигандек туюларди. Кетишга ҳозирланаётиб, Моррига шу ҳақида эслатдим.
– Биз сешанба одамларимиз, – деди у.
– Сешанба одамлари, – такрорладим мен.
Морри жилмайди.
– Мич, сен ўзим танимаган инсонлар ҳақида ҳам қайғуришим тўғрисида сўрагандинг. Лекин шу хасталик туфайли ўзим англаб етган энг муҳим нарса нималигини айтайми?
– Нима экан?
– Ҳаётда энг муҳим нарса – бу ўзгаларга меҳр улашиш ва уни ўзинг ҳам қабул қилишни ўрганиш.
У овозини пастлатиб, шивирлаб гапини давом эттирди.
– Меҳрни қабул қила билиш. Ўзимизни меҳрмуҳаббатга нолойиқ, деб ўйлаймиз; унга қалбимизни очсак, ўта кўнгилчан бўлиб қоламиз, деб ўйлаймиз. Аммо Левин исмли бир доно киши тўғри айтган: “Меҳрмуҳаббат – бу ягона оқилона амал”.
Таъсирли чиқиши учун бир оз тин олиб, кейин яна такрорлади: “Меҳр-муҳаббат – бу ягона оқилона амал”.
Мен одобли талаба каби бош ирғаб, тасдиқладим ва у беҳолгина нафас чиқарди. Мен уни бағримга босиш учун эгилдим. Кейин эса ўзимга хос бўлмаган ишни қилиб, унинг юзидан ўпиб қўйдим. Унинг сийраклашиб бораётган соқол-мўйлари юзимга ботиб, бемажол қўллари қўлларимга текканини ҳис қилдим.
– Демак, кейинги сешанба келасан-а? – шивирлаб сўради у.
У синфга кириб, бир сўз айтмасдан курсисига ўтиради. Индамай бизга қарайди, биз ҳам унга қараймиз. Аввалига бир-икки бурчакдан қиқирлаб кулган овоз эшитилади, бироқ Морри фақат елкасини учириб қўяди, холос. Охир-оқибат, синфни чуқур сукунат эгаллайди ва биз энг паст товушларни ҳам илғай бошлаймиз: хона бурчагидаги иситиш радиаторининг ғувиллаши, бақалоқ талабалардан бирининг пишиллаб нафас олиши.
Баъзиларимиз асабийлаша бошлаймиз. Қачон у бирор гап айтаркан? Типирчилаб, қўлсоатларимизни текширамиз. Баъзи талабалар ўзларини буларнинг барчасидан юқорироқ турадигандек тутиб, деразадан ташқарини томоша қилади. Ўн беш дақиқача давом этган жимжитликдан сўнг Морри пичирлаб сукунатни бузади.
– Бу ерда нима бўляпти?
Секин-аста Морри кўзлаганидек сукунатнинг инсон муносабатларига таъсирини муҳокама қила бошлаймиз. Нега жимжитликдан хижолат чекамиз? Шовқин-сурон бизга қандай тасалли беради?
Сукунат менга халал бермайди. Дўстларим билан тинимсиз чуғурлашсам-да, одамлар олдида ҳистуйғуларим ҳақида гапиришдан тортинаман, айниқса, улар курсдошим бўлмаса. Агар дарсда шу талаб қилинса, мен соатлаб жимжитликда ўтиришим мумкин.
Синфдан чиқаётганимда Морри мени тўхтатади.
– Бугун кам гапирдинг, – дейди у.
– Билмасам. Қўшимча қилишга арзирли фикр келмади.
– Менимча, сенда қўшимча қилишга фикрлар кўп. Ростини айтсам, менга ёшлигида сен каби ўйларини ичида сақлашни хуш кўрган бир кишини эслатасан, Мич.
– Кимни?
– Мени.
Иккинчи сешанба:
Ўз-ўзига ачиниш ҳақида суҳбатлашамиз
Кейинги сешанба яна Моррини кўргани бордим. Ундан кейинги сешанба кунлари ҳам. Ушбу ташрифларни сиз ўйлаганингиздан-да кўпроқ интиқиб кутардим, ўлаётган одамнинг бошида ўтириш учун ҳар ҳафта етти юз миль масофадан учиб борганимдан ҳам билиб олаверинг. Моррининг ёнидалигимда ўзимни бошқа даврга тушиб қолгандек ҳис қилардим ва ўша даврдаги мен ўзимга кўпроқ ёқарди. Аэропортдан манзилгача бўлган масофани босиб ўтишда фойдаланиш учун ижарага мобил телефон олишни тўхтатдим. “Керак бўлса, кутишади”, – таъкидлардим ўзимга, Моррига тақлид қилиб.
Детройтда нашриёт билан боғлиқ можаро тинчимади. Аксинча, янада авж олди. Иш ташловчилар ва уларнинг ўрнига ишга олинганлар ўртасида кескин тўқнашувлар содир бўла бошлади; юк машиналари қатновини тўсиб, йўлга ётиб олганлар калтакланар ва ҳибсга олинарди.
Шу воқеалар таъсири остида Морри билан ўтказилган учрашувларим менга инсон меҳри ёрдамида покланишдек туюларди. Биз ҳаёт ҳақида, муҳаббат ҳақида суҳбатлашардик. Моррининг севимли мавзуларидан бири – раҳмдиллик ва жамиятимизда унинг тақчиллиги сабаблари ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Учинчи ташрифимдан олдин “Нон ва томоша” деб номланган дўконда тўхтаб ўтдим – Моррининг уйида уларнинг ёрлиғи туширилган пакетларга кўзим тушганди. Морри уларнинг маҳсулотларини ёқтирса керак, деб ўйладим, – пластик идишга қадоқланган сабзавотли вермишель, сабзи шўрва ва паҳлава каби бир қанча маҳсулотлардан кўпгина харид қилдим.
Моррининг кабинетига кира солиб, худди ҳозиргина банкни тунаб қайтгандек, қўлимдаги пакетларни тепага кўтардим.
– Озиқ-овқат етказиб бериш хизмати! – қичқирдим мен.
Морри кўз қорачиқларини айлантириб, жилмайди.
Мен эса касаллик ривожланишининг янги белгилари пайдо бўлмадимикан, деб уни зимдан кузатдим. Бармоқлари қалам ушлаш ёки кўзойнагини тутиб туриш каби вазифаларни яхши бажараётганди, лекин у қўлларини кўкрагидан юқорига кўтара олмасди. Морри кундан-кунга ошхона ва меҳмонхонада камроқ вақт ўтказиб, кўпроқ кабинетидаги ёстиқлар, ёпинчиқлар ва қуриб қолган оёқлари учун махсус ясалган пенопласт тиргаклар билан ясатилган юмшоқ креслода ётарди. Унинг ёнида қўнғироқча турарди ва ёстиқни тўғрилаб қўйиш ёки унинг тили билан айтганда, “ташқарига чиқиб келиш” зарур бўлганда қўнғироқни чалиб, шахсий қаровчилари армиясидагилардан бири – Конни, Тони, Берта ёки Эймини ёрдамга чақирарди. Морри учун қўнғироқни кўтариш ҳар доим ҳам осон кечмасди ва буни уддалай олмаган пайтлари ўзидан ҳафсаласи пир бўларди.
Морридан “ўзингизга ачинасизми?” деб сўрадим.
– Баъзан, эрталаблари, – жавоб берди у, – одатда айнан шу вақтда мотам тутаман. Уйғониб бутун танамни пайпаслайман: қўлларим, бармоқларим ва бошқа нимаики аъзоларим ишлаётган бўлса, ҳаммасини қимирлатиб кўраман ва ишдан чиққан тана аъзоларимга аза тутаман. Ўлим мени секин-аста, маккорона йўл билан маҳв этаётганидан чуқур қайғуга ботаман. Кейин эса бирданига зорланишни тўхтатаман.
– Шундай осонгина-я?
– Йиғлагим келса, яхшигина йиғлаб оламан. Лекин кейин диққатимни мени ҳали тарк этмаган ижобий нарсаларга қаратаман. Мендан хабар олгани келаётган одамларга. Улардан эшитадиган ҳикояларга. Агар сешанба бўлса, сенга. Чунки биз сешанба одамларимиз.
Мен жилмайдим. Сешанба одамлари.
– Мич, шундан ортиқ ўзимга ачинишим мумкин эмас. Ҳар тонг оз-оздан, бир-икки томчи кўзёш тўкаман, бўлди.
Мен тонглари соатлаб ўз қадрига ачиниб ўтирадиган танишларимни ёдга оламан. Ўзингга ачинишнинг кунлик миқдорига чеклов қўйиш қанчалар фойдали бўларди. Бир неча дақиқа кўз ёш тўкасан, кейин яна кундалик ҳаётингни давом эттираверасан. Агар шундай даҳшатли хасталикка чалинган Морри буни уддалаётган бўлса…
– Хасталигимни даҳшатли деб ҳисобласанггина, у даҳшат солади, – деди Морри. – Жисмим қовжираб, йўқ бўлиб кетаётганини кузатиш даҳшатли. Бошқа томондан, у менга ҳамма билан хайрлашиш учун вақт бераётгани қувонарли, – жилмайди у. – Ҳамма ҳам менчалик омадли эмас.
Мен уни диққат билан кузатдим: ўрнидан туриш, ювиниш ва ҳатто шимини кўтариб қўйишни ҳам эплолмайди. Шуми омад? Наҳотки у буни чиндан ҳам омад деб билса?
Танаффус пайтида – Морри ҳожатхонага чиққанида, унинг курсиси ёнида ётган Бостон газетасини варақладим. Унда бир кичик шаҳарчада икки нафар ўсмир қиз улар билан дўстлашган етмиш уч ёшли қарияни қийнаб ўлдириб, кейин унинг уй-вагонида дўстларига базм уюштиргани, мурдани келганларга кўз-кўзлаб, қилган ишларидан мақтангани ҳақидаги мақолага кўзим тушди. Бошқа мақолада бир эркак унга телекўрсатув орқали севги изҳор қилган гей кишини ўлдиргани ва тез орада унинг иши судда кўрилиши ҳақида ҳикоя қилинганди.
Газетани жойига қўйдим. Ҳар доимгидек юзидан табассум аримайдиган Моррини хонага суриб олиб киришди, Конни уни кўтариб, ногиронлар аравачасидан юмшоқ ўриндиққа ўтқазиб қўйиш учун эгилди.
– Истасангиз, мен ўтқазиб қўяман? – дедим.
Орага бир лаҳза жимлик чўкди, нега тўсатдан бундай таклиф билдирганимни ўзим ҳам билмасдим. Бироқ Морри Коннига қаради ва:
– Қандай қилишни унга кўрсатиб юборасанми? – деб сўради.
– Албатта, – жавоб қилди Конни.
Унинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда икки қўлимни Моррининг қўлтиқлари остидан ўтказиб бирлаштирдим ва катта болорни тагидан ушлаб кўтаргандек уни ўзимга тортдим. Кейин эса қаддимни тиклаб, уни кўтардим. Одатда бирор кишини кўтарганингизда уларнинг йиқилмаслик учун қўллари билан бўйнингиздан қучоқлаб олишини кутасиз, аммо Морри бундай қилолмасди. У жонсиз юкдек туюларди, уни кўтарганимда боши оҳиста елкамга урилди, танаси ўта юмшоқ улкан нондек шалвираб қолганди.
– Ааааҳҳҳ, – секин ингради Морри.
– Тутиб турибман сизни, тутиб турибман, – дедим мен.
Уни мана шундай бағримга босиб, тутиб турганимда қалбимда уйғонган ҳис-туйғуларни таърифлаб беролмайман. Унинг сўлиб бораётган танасида ўлим уруғлари ниш ураётганини ҳис қилдим. Уни курсига ётқизиб, ёстиқни бошига тўғрилаб қўяр эканман, аччиқ ҳақиқатни – вақтимиз тугаб бораётганини англадим.
Нимадир қилишим шарт эди.
1978 йил, университетда учинчи курс талабасиман. Диско мусиқаси ва “Рокки” фильми роса урф бўлган пайтлар. Брандейсда жамиятшунослик фанидан Моррининг “Гуруҳлардаги жараён” номли ноодатий дарсида ўтирибмиз. Ҳар ҳафта гуруҳимиздаги талабаларнинг ўзаро муносабатларини ўрганамиз, улар жаҳл, рашк ва эътиборга қандай жавоб билдиришларини кузатамиз. Биз одам қиёфасидаги тажриба каламушларимиз. Аксарият ҳолларда бирортамиз йиғлаб юборамиз. Мен жамиятшунослик дарсларига “таъсирчан ва кўнгилчан” деб ном қўйиб олганман. Морри мени теран фикрли бўлишга чақиради.
Шу куни Морри биз учун машқ тайёрлаб қўйганини айтади. Ўрнимиздан туриб, бир курсдошимизга орқа буришимиз ва у бизни тутиб қолишига ишониб, ортга йиқилишимиз сўралади. Кўпчилик ичида ўнғайсизланади, орқага бир-икки дюйм оғиб, кейин йиқилишдан ўзини тўхтатиб қолади. Хижолат ичида куламиз. Ва ниҳоят, озғин, камгап, қора сочли, деярли ҳар доим балиқчиникидек кенг оқ жемферлар кийиб юрадиган қиз қўлларини кўксига чалиштириб, кўзларини юмганча ўзини орқага ташлайди, худди Липтон чойи рекламасидаги модель қиз ўзини сувга ташлагандек.
Бир сония у ерга гурсиллаб тушадигандек туюлади менга. Сўнгги лаҳзаларда шериги унинг боши ва елкаларидан тутиб қолиб, юқорига итаради.
– Ухххх, – бақириб юборади бир нечта талаба. Баъзилар қарсак чалади. Морри табассум қилади.
– Кўрдингми, – дейди у қизга, – сен кўзингни юмдинг. Бошқалардан фарқинг шунда эди. Баъзида кўзимиз билан кўриб турган нарсаларимизга ишонолмаймиз, шунда ички туйғуларимизга суянишга тўғри келади. Ўзгалар сизга ишонишини хоҳласангиз, ўзингиз ҳам уларга ишона олишингизни ҳис қилишингиз керак: кўзингиз юмуқ бўлсин, ҳатто қулаётган пайтингизда ҳам.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.