Электронная библиотека » Митч Элбом » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Митч Элбом


Жанр: Личностный рост, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Тўртинчи сешанба: ўлим ҳақида суҳбатлашамиз

Кел, мана бу фикрдан бошлаймиз, – деди Морри, – ҳамма қачондир ўлишини билади, лекин ҳеч ким бунга ишонмайди.

Бу сешанба Морри тўғри мақсадга ўтди. Суҳбатимиз мавзуси ўлим – рўйхатимдаги биринчи масала эди. Мен етиб келгунимча, Морри унутиб қўймаслик учун баъзи фикрларини бир нечта майда қоғоз бўлакларига ёзиб қўйибди. Ёзаётганда қўли қалтирар, қинғир-қийшиқ ҳуснихатини эндиликда ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмасди. Меҳнат куни яқинлашиб қолган, кабинет деразасидан орқа ҳовлидаги исмалоқранг девордарахт кўриниб турар ва мактаб бошланишидан олдин эркинликдаги сўнгги ҳафтада кўча чангитиб ўйнаётган болаларнинг қийқириғи эшитилиб турарди.

Детройтда эса нашриёт иш ташловчилари раҳбариятга қарши курашда касаба уюшмаси билан ҳамжиҳат эканликларини билдириш мақсадида байрам кунига йирик намойиш тайёрлаётганди. Парвоз вақтида ухлаб ётган турмуш ўртоғи ва икки нафар қизини отиб ўлдирган ва бу ишни уларни “ёмон одамлардан” ҳимоя қилиш учун қилганини таъкидлаган аёл ҳақида ўқидим. Калифорнияда О. Ж. Симпсонинг ҳуқуқшунослари нақ машҳур юлдузларга айланиб бораётганди.

Бу ерда – Моррининг кабинетида эса ҳаёт тамомила ўзгача руҳда давом этарди: ўтаётган ҳар бир кун бебаҳо эди. Уйни тўлдириб турган энг янги ускуна – кислород узатувчи қурилмадан бир-икки фут масофада ёнма-ён ўтирардик. Кичкинагина кўчма қурилманинг баландлиги тиззагача келарди. Баъзан тунлари Морри етарлича ҳаво ютолмай қолганида, қурилманинг узун пластик найчаларини бурнига зулукдек маҳкамлаб қўярди. Моррининг бирор ускунага улаб қўйилгани ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ менга тинчлик бермагани сабабли Моррининг гапларига қулоқ тутар эканман, қурилмага қарамасликка уринардим.

– Ҳамма қачондир ўлишини билади, – такрорлади у, – лекин ҳеч ким бунга ишонмайди. Агар ишонганимизда эди, бутунлай бошқача ҳаёт кечирган бўлардик.

– Демак, биз ўлим борасида ўзимизни алдаймиз, – дедим мен.

– Ҳа. Лекин бундан яхшироқ ёндашув ҳам мавжуд. Ўлишингни англаш ва исталган пайт ўлишга тайёр бўлиш. Шуниси афзалроқ. Мазкур ёндашув сенга ўз ҳаётингда содир бўлаётган жараёнларда фаолроқ қатнашиш имконини беради.

– Лекин қандай қилиб ўлимга тайёр бўлиш мумкин?

– Буддистлар каби яша. Ҳар куни сендан: “Ўша кун бугунми? Тайёрманми? Бажаришим зарур бўлган барча ишларни қиляпманми? Ўзим хоҳлаган инсон бўла оляпманми?”, деб сўрайдиган қушча ўтирсин елкангда.

Морри худди айни пайтда елкасига қушча қўниб тургандек бошини бир томонга бурди.

– Бугун менинг сўнгги кунимми? – сўради у.

Морри турли динлардаги қарашларни осонгина ўзлаштириб олганди. У яҳудий бўлиб дунёга келган, бироқ қисман болалигида содир бўлган воқеалар сабабли, ўсмирлик даврида агностга айланганди. У буддизм ва насронийликнинг баъзи ақидаларини ёқтирса-да, маданий жиҳатдан Яҳудийлик динида ўзини уйидагидек эркин ҳис этарди. Динлар борасида каллаварамлиги уни йиллар давомида ўқитган талабаларининг фикрларига бағрикенглик билан қарашига имкон берарди. Умрининг охирги ойларида гапираётган гаплари турли диний тафовутларнинг барчасидан юқорироқ турадигандек туюларди. Ўлим кўп нарсаларга қодир.

– Ҳақиқат шуки, Мич, – деди у, – ўлишни ўрганган кунинг яшашни ҳам ўрганасан.

Мен бош ирғадим.

– Яна такрорлайман, – таъкидлади у, – ўлишни ўрганган кунинг яшашни ҳам ўрганасан.

У жилмайди ва мен унинг бу сўзларни такрорлашдан мақсади нима эканини тушундим. Морри ўзимдан сўраб мени хижолат қилмасдан, унинг сўзларини англаганимга ишонч ҳосил қилаётганди. Айнан шу одати уни яхши ўқитувчига айлантирган хислатлардан бири эди.

– Бетоб бўлиб қолишингиздан олдин ҳам ўлим ҳақида кўп ўйлармидингиз? – сўрадим ундан.

– Йўқ, – жилмайди Морри. – Мен ҳам бошқалар каби эдим. Ғайратим ичимга сиғмай кетган кунларнинг бирида бир дўстимга: “Мен сен умринг давомида учратган энг соғлом чол бўламан!” – деб юборганман.

– Неччи ёшда эдингиз ўшанда?

– Олтмишдан ошгандим.

– Некбин бўлган экансиз-да.

– Бўлмасам-чи?! Айтдим-ку, ҳеч ким ўлишига ишонмайди.

– Лекин ҳамманинг ҳам кимидир вафот этган-ку, – дедим мен. – Нега ўлим ҳақида ўйлаш бу қадар мушкул?

– Чунки, – давом этди Морри, – кўпчилигимиз уйқуда юргандек ҳаёт кечирамиз. Дунёни тўлалигича ҳис қилмаймиз, чунки ярим-уйқуда юрамиз ва кўп ишларни одатланиб қолганимиздан бажаришимиз шартдек қабул қиламиз.

– Ва ўлим билан юзма-юз келиш бу қарашларимизни ўзгартириб юборадими?

– Албатта. Кераксиз нарсаларни ирғитиб ташлаб, диққатингни фақат ўта аҳамиятли нарсаларга қаратасан. Яқинда ўлишингни англаб етган заҳотинг, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарай бошлайсан.

У хўрсинди.

– Ўлишни ўргансанг, яшашни ҳам ўрганасан.

У қўлларини қимирлатганда, улар қалтираётганини сездим. Кўзойнаги бўйнига осиб қўйилганди, уни тақиш учун кўзига олиб борганди, кўзойнак бир неча бор чаккасидан сирпаниб ўтиб кетаверарди; у кўзойнакни ўзига эмас, қоронғида бошқа бировга тақиб қўйишга уринаётгандек кўринарди. Кўзойнак бандини қулоғига қўндиришга ёрдамлашиш учун энгашдим.

– Раҳмат, – шивирлади Морри.

Қўлим унинг бошига текканида, юзига табассум югурди. Инсонларнинг арзимас даражада тегиб кетиши ҳам унга хурсандчилик бағишларди.

– Мич, сенга бир нарса айтсам майлими?

– Албатта, – дедим мен.

– Бу сенга ёқмаслиги мумкин.

– Нега?

– Ҳақиқат шуки, агар чиндан елкангдаги қушчага қулоқ солсанг, агар чиндан ҳам исталган пайтда жон беришинг мумкинлигини тан олсанг, ҳозиргидек шуҳратпараст бўлмаслигинг мумкин.

Мен зўрма-зўраки жилмайиб қўйдим.

– Вақтингнинг кўп қисмини сарфлаётган машғулотларинг – қилаётган ишинг у қадар муҳим бўлиб туюлмаслиги мумкин. Ва эҳтимол, маънавий озуқа учун ҳам вақт ажратишингга тўғри келар.

– Маънавий озуқа?

– “Маънавий” сўзини жининг суймайди-а? Буни таъсирчанлик ва кўнгилчанлик маҳсули деб ўйлайсан.

– Шунақароқ…

Морри кўз қисиб қўйишга уринди, ўхшамади. Унинг қилиғидан ўзимни тутиб туролмай кулиб юбордим.

– Мич, – деди у мен билан бирга кулар экан, – ҳатто мен ҳам “маънавий юксалиш” нима эканлигини тушунмайман. Лекин қусурлардан холи эмаслигимизни аниқ биламан. Биз моддиятга ҳаддан ортиқ муккасидан кетганмиз, лекин моддият барча эҳтиёжларимизни қониқтира олмайди. Меҳрли ришталарни, атрофимиздаги борлиқни ўз-ўзидан мавжуд бўлиши шартдек қабул қиламиз.

У қуёш нури тушиб турган дераза томонга ишора қилиб бош ирғади:

– Кўряпсанми? Сен исталган пайт у ерга – ташқарига чиқишинг мумкин. Кўча бўйлаб югуришинг ва бундан телбаларча завқ олишинг мумкин. Мен эса бундай қилолмайман. Ташқарига чиқа олмайман. Югура олмайман. Ҳар гал ташқарига чиққанимда, “мазам қочиб қолади” деган қўрқувдан юрагим титраб туради. Лекин биласанми нима? Мен шу деразани сендан кўра кўпроқ қадрлайман.

– Деразани қадрлайсиз?

– Ҳа. Ҳар куни шу дераза орқали ташқарини томоша қиламан. Дарахтлар ўзгаришини, шамолнинг қай даражада кучли эсаётганини илғайман. Гўёки мен шу дераза ойнасидан вақт оқимини кўра оладигандекман. Мен вақт-соатим битиб қолганини биламан, шу сабабли ҳам табиат менга ниҳоятда мафтункор бўлиб туюлади, худди уни илк марта кўраётгандек.

Морри жимиб қолди. Бир муддат иккимиз ҳам деразадан ташқарига тикилиб турдик. Мен у кўраётган нарсаларни кўришга уриндим. Вақт ва фасллар алмашинувини, ўзимга сездирмай секин-аста ўтиб кетаётган умримни кўришга уриндим. Морри бошини бироз эгиб, елкаси томонга қайрилди.

– Қушча, ўша кун бугунми? – сўради у, – бугунми ўша кун?

*

“Тунги хабарлар” телекўрсатувидаги чиқишлари туфайли Моррига дунёнинг турли бурчакларидан мактублар келиши давом этарди. Морри ўзини яхши ҳис қилган пайтлари унинг дўстлари ва оила аъзолари мактубларга жавоб ёзишга кўмаклашиш учун уникида йиғилар, Морри жавоб хатлари матнини уларга айтиб турарди.

Ўғиллари Роб ва Жон ҳам уйда бўлган якшанба кунларининг бирида ҳамма уй меҳмонхонасига тўпланди. Озғин оёқларини ёпинчиқ билан ўраб олган Морри ногиронлар аравачасида ўтирарди. У совуқ ея бошлаши билан ёрдамчилардан бири елкасига нейлон куртка ташлаб қўйди.

– Биринчи мактуб нима ҳақида? – сўради Морри.

Ҳамкасбларидан бири онаси ALS хасталигидан вафот этган Ненси исмли аёлнинг хатини ўқиб берди. У онасини йўқотганидан қанчалар азоб чеккани ҳамда Морри қандай азобларни бошдан кечираётганини тушуниши ҳақида ёзганди.

– Яхши, – деди Морри мактуб ўқиб тугатилганда. Сўнг кўзларини юмди. – Келинг, бундай бошлаймиз: “Қадрли Ненси! Онангиз ҳақидаги ҳикоянгиз юрагимни ларзага солди. Қандай оғир синовлардан ўтганингизни яхши тушунаман. Қайғу-азоблар ҳамманинг ҳам бошида бор. Аммо ғам-қайғулар мен учун хайрли бўлди. Сиз учун ҳам хайрли бўлади, деб умид қиламан”.

– Менимча, охирги қаторни ўзгартирганингиз яхши, – деди Роб.

Морри бир лаҳза ўйга толди.

– Тўғри айтасан. Бундай десак-чи: “Ғам-қайғуда ўзингиз учун малҳам бўлувчи куч топа оласиз, деб умид қиламан”. Буниси яхшироқми?

Роб бош ирғади.

– “Ташаккур. Морри”, деб қўшиб қўй, – таъкидлади у.

Кейинги мактуб Жейн исмли аёлдан бўлиб, аёл Моррини “Тунги хабарлар”даги чиқишлари билан одамларни руҳлантиргани учун ўз миннатдорчилигини изҳор этганди. У хатида Моррини пайғамбар, деб атабди.

– Бу жуда юксак эътироф, – деди Моррининг ҳамкасби. – Пайғамбар!

Моррининг юзи буришди. У ўзига берилган баҳодан норози экани кўриниб турарди.

– Унга илтифот учун миннатдорлигимни ёзинг. Ва сўзларим у учун қандайдир аҳамият касб этганидан хурсандлигимни билдиринг. “Ташаккур. Морри”, деб қўшиб қўйишни ҳам унутманг.

Бир Англиялик киши хатида Морридан вафот этган онаси билан руҳлар олами орқали мулоқот қилишга ёрдам беришини сўрабди. Яна бир хат Бостонга уни кўргани келиш ниятида бўлган жуфтликдан келибди. Университетни тамомлаганидан кейинги ҳаётини тасвирлаб ёзган собиқ талабадан келган узундан-узоқ мактуб ҳам бор эди. У қотиллик ҳақида ҳикоя қиларди: худкушлик ва ўлик туғилган учта чақалоқ. ALS туфайли оламдан ўтган онаси ҳақида ёзибди. Шунингдек, онасининг қизи, яъни ўзи ҳам шу хасталикка дучор бўлиши мумкинлигидан қўрқишини билдирибди. Мактуб тугай демасди. Икки бет. Уч бет. Тўрт бет.

Морри бу узун ва ғамгин хатни охиригача мижжа қоқмай тинглади. Ва ниҳоят у якунлангач, паст овозда сўради:

– Хўш, нима деб жавоб берамиз?

Ўртага жимлик чўкди. Охири Роб:

– Узундан-узоқ мактубингиз учун ташаккур, десак-чи? – деди

Ҳамма кулиб юборди. Морри ўғлига қараб кулимсиради.

Унинг курсиси ёнида ётган газета бетига ҳозиргина рақиб жамоани югуришдан маҳрум қилиб, коптокни тутиб олган Бостон бейсболчисининг табассум қилиб тушган сурати босилган. Шунча касаллик қолиб, Морри айнан спортчининг шарафига номланган хасталикка учраса-я, деган ўй ўтади хаёлимдан.

– Лу Гериг эсингиздами? – сўрайман мен.

– Стадиондаги хайрлашув нутқини эслайман.

– Демак, ўша машҳур гапи ҳам ёдингиздадир?

– Қайси бири?

– Қўйсангиз-чи. Лу Гериг. “Янкилар ифтихори”. Овозкучайтиргичлардан акс-садо билан жаранглаган нутқи-чи?

– Эслатиб юбор менга, – дейди Морри. – Ўша нутқни сўзлаб бер-чи.

Очиқ турган деразадан ахлат ташувчи юк машинасининг овози эшитилади. Кун иссиқ бўлса-да, Морри оёқларини ёпинчиқ билан ўраб, енги узун кўйлак кийиб олган. Ранги синиқ. Дард уни бутунлай маҳв этган.

Овозимни баландлатиб, сўзлари стадион деворларига урилиб, акс-садо берган Геригга тақлид қиламан:

– Бу-угун-н-н… Мен ўзимни… ер юзидаги… энг омадли инсон деб биламан.

Морри кўзларини юмиб, оҳиста бош ирғайди.

– Ҳа майли, мен бундай демаганман.

Бешинчи сешанба: оила ҳақида суҳбатлашамиз

Сентябрнинг биринчи ҳафтаси эди. Ўқиш бошланадиган ҳафта. Ўттиз беш йилдан бери биринчи марта кекса профессоримни кузги семестр дарслари университетга чорламаётганди. Бостон талабаларга тўлиб кетди: қайси кўчага кирманг юкларини тушираётган ёшларни кўриш мумкин. Морри эса ўз кабинетида ўтирарди. Нафақага чиққан футболчилар биринчи якшанба уйида ўтириб, ўйинни телевизорда томоша қилар экан, “Ҳали ҳам улар каби майдонда ўйин кўрсатиш қўлимдан келарди-ку”, деган хаёлларга берилгани каби Моррига ҳам уйда ўтириши қандайдир хатоликдек туюларди. Қария спортчилар билан ишлаб кўрганим учун тажрибамдан биламан: ўйинлар мавсуми бошланганда уларни холи қолдирган маъқул. Ҳеч нарса демаслик керак. Аммо Моррига унинг вақти тугаб бораётганини эслатишимга зарурат туғилмади.

Тасмага ёзиб олинаётган суҳбатларимизда Морри бирор нарсани узоқ тутиб туришга қийналаётгани сабабли, қўл микрофони ўрнига телесухандонлар орасида оммалашган тўғноғич микрофондан фойдалана бошладик. Бу турдаги микрофонлар кийим ёқаси ёки камзулнинг қайтарма ёқасига қистириб қўйилади. Морри тобора озиб-тўзиб бораётган эгнига доим майин пахтали кўйлаклар кияр, улар нуқул шалвираб, осилиб тургани сабабли микрофон гоҳ қийшайиб, гоҳ тўнтарилиб қолар, мен эса тез-тез чўзилиб, уни тўғрилаб қўйишга мажбур бўлардим. Бундай пайтларда жуда яқин – қучоқлагулик масофада туриб қолишимиз Моррига ёқадигандек кўринарди. Дардга чалинганидан бери унинг инсон тафтига эҳтиёжмандлиги янада кучайганди. Морри томонга эгилганимда, унинг хириллаб нафас олиши, заифгина йўталиб қўйиши, ютинишдан олдин лабини ялашигача эшитиларди.

– Хўш дўстим, – деди Морри, – бугун нима ҳақида суҳбатлашамиз?

– Оила мавзусига нима дейсиз?

– Оила… – Морри бир муддат ўйга толди. – Кўриб турганингдек, менинг оилам ёнимда. – Боши билан китоб жавонлари устидаги суратларга ишора қилди: кичкинтой Морри бувиси билан; йигитча Морри укаси Девид билан; Морри рафиқаси Шарлотта билан; Морри икки ўғли: Токёда журналист бўлиб ишловчи Роб ва Бостонда компьютерлар бўйича мутахассис Жон билан.

– Сўнгги ҳафталарда муҳокама қилинган мавзулар таъсирида оила янада муҳимроқ аҳамият касб этади, – деди Морри. – Гап шундаки, ҳозирда оиладан ўзга инсон қад кўтариши мумкин бўлган замин – ишончли пойдевор мавжуд эмас. Хасталикка чалинганимдан бери бу нарсани теранроқ англаб етдим. Оиланг қўллаб-қувватлаши, меҳри, ғамхўрлигидан маҳрум экансан, бирор арзирли тиргагим йўқ десанг ҳам бўлади. Муҳаббат – олий неъмат. Буюк шоиримиз Оден айтганидек, “Бир-бирингизга меҳрмуҳаббат кўрсатинг, йўқса ҳалокатга юз тутасиз”.

“Бир-бирингизга меҳр-муҳаббат кўрсатинг, йўқса ҳалокатга юз тутасиз”, – ёзиб қўйдим мен.

– Буни Оден айтганми?

– “Бир-бирингизга меҳр-муҳаббат кўрсатинг, йўқса ҳалокатга юз тутасиз”. Яхши гап-а? Жуда тўғри айтилган. Меҳр-муҳаббатсиз қанотлари синган қушга ўхшаймиз. Айтайлик, мен ажрашган, ёлғиз ёки бефарзанд бўлганимда, бошимга тушган синовларни енгиб ўтиш анча оғирроқ бўларди. Менимча, бардошим етмасди. Тўғри, одамлар мендан хабар олгани келарди: ҳамкасбларим, шогирдларим, аммо улар ҳар доим сен билан бирга бўлувчи яқинларингдек бўлолмайди. Сенга кўз-қулоқ бўлиб, доимо қараб турадиган кимингдир борлиги барибир бошқача. Оиланинг яна бир аҳамияти ҳам шу: фақат яхши кўрибгина қолмай, бошқаларга улар ҳақида қайғурадиган инсон борлигини билдириб туриш. Онамнинг вафотидан кейин айнан шу нарсани жуда соғинганман; мен бу нарсани “руҳий хотиржамлик” деб атайман: оиланг ҳар доим сен учун қайғуришини билиш. Ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. На бойлик, на шон-шуҳрат.

У менга бир қараб олди-да:

– На иш, – деб қўшиб қўйди.

Рисоладагидек оила қуриш қисқагина рўйхатимдаги масалалардан бири эди: кеч бўлмасидан тартибга солиниши зарур бўлган ишлар рўйхати. Моррига бизнинг авлод фарзанд кўришга қаттиқ иккиланаётгани, чунки фарзандлар қўл-оёғимизга кишан бўлиши ва ўзимиз истамаган “ота-оналик” вазифалари бўйнимизга илиб қўйилишидан ҳадиксирашимиз ҳақида айтдим. Ўзимда ҳам шундай ҳадиксираш борлигини тан олдим.

Бироқ Моррига қараб, ўзимга ўзим савол берардим: Агар мен унинг ўрнида бўлиб, ўлим тўшагида ётган бўлсам ва оилам, бола-чақам бўлмаса, ички бўм-бўшликка бардош бера олармидим? У икки ўғлини меҳрибон ҳамда ғамхўр қилиб тарбиялаган ва иккаласи ҳам Морри каби ўз меҳрини намойиш этишдан тортинмасди. Агар у хоҳлаганида, икки ўғил ҳам барча ишини ташлаб, сўнгги ойларнинг ҳар лаҳзасини отасининг ёнида ўтказган бўларди. Аммо у буни хоҳламасди.

– Яшашдан тўхтаманг, – деди у ўғилларига. – Акс ҳолда, бу дард бир эмас, уч кишининг ҳаётини вайрон қилган бўлади.

Шу йўсинда у ўлаётган жойида ҳам фарзандларининг ўз дунёси борлигини ҳурмат қилишини кўрсатди. Балки шу сабаблидир, улар Моррининг ёнида бўлганда, меҳрлари дарёдек оқиши, тинимсиз ҳазил қилишлари, каравот ёнида ўтириб, унинг қўлларидан тутишлари ва ўпиб қўйишлари одамни кўп ҳам ҳайратга солмасди.

– Одамлар мендан фарзандли бўлиш ёки фарзандсиз ўтиш ҳақида қачон маслаҳат сўрамасин, мен ҳеч қачон уларга тўғридан-тўғри нима қилишни айтмайман, – деди Морри тўнғич ўғлининг суратига қараб. – Шунчаки, “Фарзандли бўлишдек буюк неъмат йўқ” деб жавоб бераман. Тамом. Бунинг ўрнини боса оладиган нарса мавжуд эмас. Дўстинг билан ҳам, суюклигинг билан ҳам бу туйғуни бошдан кечира олмайсан. Ўзингдан бошқа бир инсон учун тўлиқ масъулиятни зиммангга олиш, унга чексиз меҳр бериш ва у билан жон риштасини боғлаш туйғусини ҳис қилиб кўргинг келса, унда фарзанд кўришинг керак.

– Демак, агар ҳаётингизни қайтадан яшаш имкони бўлганда, яна фарзанд кўришни танлармидингиз? – сўрадим мен.

Суратга кўз ташладим: Роб Моррининг пешонасидан ўпиб қўяётган, Морри эса кўзларини юмганча кулаётган эди.

– Яна фарзанд кўришни танлармидим? – деди у ҳайрат билан менга боқиб, – Мич, мен ҳеч қачон бундай имкониятни қўлдан чиқармасдим. Гарчи…

У бир ютиниб олиб, суратни тиззасига қўйди.

– Гарчи бу жуда қимматга тушса ҳам, – деди у.

– Чунки барибир уларни тарк этасиз.

– Чунки уларни тез орада тарк этаман.

У лабларини қисиб, кўзини юмди. Ёноғига бир томчи кўзёш юмалаганини кўрдим.

– Энди эса, – шивирлади у, – сен гапирасан.

– Мен?

– Оиланг ҳақида. Ота-онангни биламан. Улар билан анча йиллар олдин битирув оқшомида танишганмиз. Оилангизда қиз фарзанд бор-а?

– Ҳа, – дедим мен.

– Сендан катта, тўғрими?

– Ҳа, опам бор.

– Яна битта ўғил фарзанд ҳам бор, тўғрими?

Мен бош ирғадим.

– Сендан кичикми?

– Ҳа, укам.

– Менга ўхшаркансан, – деди Морри. – Менинг ҳам укам бор.

– Ўхшаш эканмиз, – дедим мен.

– У ҳам битириш оқшомингга келганди-я?

Мен киприк қоқдим. Бир лаҳза 16 йил олдинги ҳаммамиз йиғилган кун кўз олдимга келди: қуёшли жазирама кун, мовий ридолар, қуёш нурларидан кўзимиз қисилган, суратга тушиш учун бир-бирмизнинг елкамиздан қучоқлаяпмиз, кимдир санайди “бир, икки, у-у-уч…”

– Нима бўлди? – сўради Морри тўсатдан жимиб қолганимни сезиб. – Нимани ўйлаб қолдинг?

– Ҳеч нарса, – жавоб қайтардим мен ва мавзуни ўзгартирдим.

Чиндан ҳам укам бор – жигарранг кўзли малласоч йигит, ўзимдан икки ёш кичик. У менга ҳам, қора сочли опамга ҳам умуман ўхшамайди; болалигимизда “Сени бегоналар эшигимиз остонасига ташлаб кетган” деб ҳазиллашардик. “Бир куни улар сени қайтариб олиб кетади”, дердик биз. У бу гапларимизни эшитиб, йиғларди, биз эса такрорлайверардик.

Укам барча кенжатойлар каби улғайди: ҳамманинг эркатойи, севимлиси, аммо руҳан азобда. У актёр ёки хонанда бўлишни орзу қиларди; кечки дастурхон атрофида бутун бошли телекўрсатувларни ижро этиб берар, лабида бахтиёр табассум билан, ҳамма ролни бир ўзи ўйнарди. Мен аълочи ўқувчи эдим, у эса иккичи; мен мўмингина бола эдим, у эса қулоқсиз; мен гиёҳванд моддалар ва ичкиликдан узоқ юрардим, у эса учраган ҳамма нарсани синаб кўрарди. У юқори мактабни тугатганидан сўнг, кўп ўтмай Европага кўчиб кетди, у ернинг беғам ҳаёт тарзини афзал кўрарди. Шунда ҳам у оиламизнинг эркатойи бўлиб қолаверди. Уйга келганида унинг ҳазилкаш ва бебошлиги олдида ўзимни чекланган, консерватив одамдек ҳис қилардим.

Бир-биримизга ўхшамаганлигимиз боис балоғатга етганимиздан кейин тақдирларимиз қарама-қарши йўналишда кетади, деб ҳисоблардим. Ҳамма ўйларим тўғри бўлиб чиқди-ю, фақат бир нарсада адашган эканман. Тоғам оламдан ўтган кундан бошлаб, мени ҳам худди шундай қисмат кутаётгани, оғир дард туфайли бу дунёни бемаҳал тарк этишимга ишонардим. Шу сабабли жон-жаҳдим билан ишга шўнғиб, руҳан ўзимни саратон касаллигига тайёрлардим. Унинг нафасини ҳис қилиб турар, тез орада менинг ҳаётимга ҳам кириб келишини билардим. Мен саратонни ўлимга ҳукм қилинган киши жаллод келишини кутгани каби кутардим.

Мен ҳақ эдим. У келди.

Лекин менга тегмади.

У укамни маҳв этди.

Тоғамнинг бошига етган саратон тури – ошқозоности бези саратони. Камёб тури. Шундай қилиб, жигарранг кўзли малласоч кенжатойимиз кимётерапия ва нур билан даволаш муолажаларини бошлади. Сочлари тўкилиб, эти устухонига ёпишди. “Бу мен бўлишим керак эди-ку”, – деб ўйлардим. Лекин укам мен ҳам, тоғам ҳам эмасди. У жангчи эди, болалигидан шундай бўлган: ертўлада кураш тушганимизда мен оғриқдан бақириб, уни қўйиб юбормагунимча пойабзалим устидан оёғимни тишлаб ўтираверарди.

Шундай қилиб, укам жангга киришди. Бу пайтда у Испанияда яшарди; ўша вақтларда, ҳатто ҳозир ҳам АҚШда мавжуд бўлмаган, энди синаб кўрилаётган дорилар ёрдамида дард билан курашди. Муолажаларни олиш мақсадида бутун Европани кезиб чиқди. Беш йиллик муолажалардан кейин дорилар таъсирида касаллик чекинди.

Бу хушхабар эди. Кўнгилсиз хабар эса укам унинг ёнида бўлишимни хоҳламаслиги эди; нафақат мен, балки оиламиздан ҳеч кимни кўришни истамасди. Қанчалик кўп қўнғироқ қилиб, кўргани боришга уринмайлик, у хасталикни ёлғиз енгиши кераклиги айтиб, оёқ тираб олди ва ҳеч биримизни ўзига яқинлаштирмади. Ойлар давомида ундан бирорта ҳам хабар эшитмасдик. Телефонига қолдирилган овозли хабарларимиз жавобсиз қоларди. Акалик бурчимни бажара олмаётганимдан айбдорлик ҳисси юрагимни тилка-пора қилар, бизни унга ғамхўрлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этаётганидан эса ғазабим қайнарди.

Натижада яна ишга шўнғидим. Ишимни назорат қила олганим учун ҳам ишга берилардим. Иш самара келтиргани ва маъно касб этгани учун ҳам ишлардим. Ҳар сафар укамнинг Испаниядаги уйига қўнғироқ қилиб, телефон автожавоббергичида унинг испанча гапиришини эшитганимда, қанчалик бир-биримиздан узоқлашиб кетганимизни англар, гўшакни қўйиб, яна ишга шўнғирдим.

Балки Моррига боғланиб қолишимнинг сабабларидан бири ҳам шудир. Морри менга укам рад этган ғамхўрликни унга кўрсатишимга имкон берарди.

Ўтмишга назар ташлар эканман, балки Морри бу ҳақида бошиданоқ билгандир, деб ўйлайман.

Болалигимиздаги қиш кунларидан бири, шаҳардан ташқарида жойлашган маҳалламизнинг тепаликларини қалин қор қоплаган. Укам билан чанага миниб олганмиз: мен олдинда, у орқада. Иягини елкамга тираб олган, оёқлари тиззаларимнинг орқа қисмига тегиб турибди.

Йўлакнинг музли бўлакларидан ўтаётганимизда, чана тарақлаб овоз чиқарди. Қирдан пастга сирпанганимиз сари тезлик ошиб борди.

– МАШИНА!!! – бақиради кимдир.

Кўча бўйлаб чап томонимиздан келаётган машинага кўзимиз тушади. Биз қичқирганча, чанани ёнга буришга ҳаракат қиламиз, бироқ унинг оёқлари қимирлай демайди. Ҳайдовчи жон-жаҳди билан сигнал чалиб, тормозни босади, биз эса бундай вазиятларда одатда болалар қиладиган ишни қиламиз: чанадан пастга сакраймиз. Капюшонли курткамизга ўралиб, совуқ, нам қорда ғўладек пастга думалаймиз; хаёлимизда эса мана-мана машина ғилдираклари остида қоладигандек ҳис қиламиз ўзимизни. “АААААА” деб бақириб, қўрқувдан титраганча пастга думалашда давом этамиз: дунё чирпирак бўлиб айланади – тепага, пастга, тепага, пастга.

Кейин эса… бирдан ҳаммаси тугайди. Биз думалашдан тўхтаймиз ва нафас ростлаб, юзимиздан эриб тушаётган қорни артамиз. Ҳайдовчи кўча охирида бурилиб, танбеҳ бергандек биз томонга кўрсаткич бармоғини ўқтаб, қўлини силкийди. Ҳеч қандай шикаст емадик. Чанамиз қор уюмига урилиб, оҳиста ғичирлайди; дўстларимиз елкамизга қоқиб, “Қойил! Ўлишларинг мумкин эди-я!” дейди.

Мен укамга қараб тиржаяман, болаларча мағрурлик бизни бирлаштиради.

– Унчалик ҳам қийин эмас экан, – деган фикр ўтади хаёлимиздан, яна ажал билан ўйнашишга тайёрланар эканмиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации