Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 10 страниц)
Мич Элбом
Моррининг сешанба дарслари
Ўқув дастури
Кекса профессорим ҳаётининг сўнгги дарслари унинг уйида, у миттигина ҳибискус бутасининг пушти барглари тўкилишини томоша қилиши мумкин бўлган кабинет деразаси ёнида ҳафтасига бир марта ўтиларди. Синф сешанба кунлари йиғилар ва дарс нонуштадан кейин бошланарди. Фанимиз “Ҳаёт мазмуни” деб аталар эди. Унда профессор бошдан кечирган ҳаётий сабоқлар ўқитиларди.
Баҳо қўйилмасди, лекин ҳар ҳафта оғзаки имтиҳонлар олинар, сиздан саволларга жавоб беришингиз ва ўзингиз ҳам саволлар тузишингиз талаб этиларди. Ўқтин-ўқтин профессорнинг бошини кўтариб, ёстиққа қулайроқ жойлаштириш ёки тушиб кетган кўзойнагини бурнининг устига яхшироқ қўндириш каби жисмоний машқларни ҳам бажаришга тўғри келарди. Хайрлашув чоғида уни ўпиб қўйиш орқали қўшимча балл ишлаб олиш мумкин эди.
Ҳеч қандай ўқув қўлланмаларидан фойдаланилмасада, муҳаббат, иш, жамият, оила, кексайиш, кечиримлилик ва ниҳоят, ўлим каби кўплаб мавзулар муҳокама қилинарди. Сўнгги маъруза лўндагина, бор-йўғи бир нечта сўздан иборат бўлди.
Битирув оқшоми ўрнига дафн маросими ўтказилди.
Якуний назорат имтиҳонлари олинмаса-да, берилган сабоқлар хусусида узун тадқиқот иши ёзиш талаб этиларди. Қуйида ўша тадқиқот иши билан танишасиз.
Кекса профессорим ҳаётининг сўнгги дарсларида борйўғи бир нафар талаба қатнашганди.
Ўша талаба менман.
1979 йилнинг кеч баҳори, иссиқ ва дим шанба оқшоми… Юзлаб талабалар бош кампуснинг майсазорига қатор қилиб терилган йиғма ёғоч курсиларда ёнма-ён ўтирибмиз. Мовий нейлон ридоларни кийиб олганмиз. Узундан-узоқ нутқларни сабрсизлик билан тинглаймиз. Маросим якунлангач бош кийимларимизни осмонга улоқтиришимиз билан расман олийгоҳ – Массачусетс штати Уолтҳам шаҳри Брандейс университетининг охирги босқич битирувчиларига айланамиз. Кўпчилигимиз учун ҳозиргина болалик даври ўз ниҳоясига етди.
Маросимдан кейин севимли профессорим Морри Шварсни топиб, ота-онам билан таништираман. У гўё кучли шамол исталган пайтда осмонга учириб кетадигандек майда қадамлар билан юрадиган кичик жуссали киши. У битирув оқшоми ридосида инжил пайғамбари ва Мавлуд элфи қиёфалари қоришмасидан ҳосил бўлган кўринишда эди. Унинг кўзлари кўкишяшил рангда, сийраклашиб бораётган кумушранг сочлари пешонасига тушиб турар, қулоқлари катта, бурни учбурчак шаклга эга, тутам-тутам қошлари эса оқара бошлаган. Тишлари эгри. Пастки тишлари кимдир мушти билан ичкарига киргазиб юборгандек орқа томонга қийшайганлигига қарамасдан, кулганида ўзингизни унга ер юзидаги илк ҳазилни айтиб бергандек ҳис қиласиз.
У ота-онамгаунинг барча дарсларига қолдирмай қатнашганимни айтади. “Ажойиб ўғлингиз бор, бошқаларга ўхшамайди”, дейди профессорим уларга. Уялганимдан ерга қарайман. Кетишимиздан олдин профессорга аталган совғамни бераман: олд томонига профессор исм-шарифининг бош ҳарфлари туширилган жигарранг портфель. Совғани бир кун олдин савдо марказидан харид қилганман. Профессорни унутиб юборишни хоҳламасдим. Балки у мени унутишини хоҳламагандирман.
“Мич, сен яхши инсонсан”, дейди у, портфелни мамнуният билан кўздан кечираркан. Кейин у мени бағрига босади. Белимда унинг нимжон қўлларини ҳис қиламан. Бўйим уникидан новчароқ бўлгани сабабли мени бағрига босганда, ўзимни ғалати, ундан каттароқ сезаман, гўёки мен ота, у эса фарзандимдек туюлади. У мендан хабарлашиб туришни сўрайди, мен ҳеч иккиланмасдан: “Албатта”, деб жавоб қайтараман.
У орқага тисарилганда кўзлари ёшланганини кўраман.
Ўқув режаси
Кекса профессор 1994 йилнинг ёзида ўлаётганидан хабар топди. Ўтмишга назар ташлар экан, Морри қандайдир кўнгилсизлик яқинлашаётганини анча олдин сезганини ёдга олади. Буни рақс тушишни тўхтатган куниёқ англаб етганди.
Кекса профессорим доим рақс тушишга иштиёқманд бўлган. Унга қандай мусиқа қўйилишининг фарқи йўқ эди. Рок-н-роль, биг бенд, блюз. Ҳаммаси ёқарди. У кўзларини юмар ва масъуд табассум ила хаёлидаги мақомга монанд йўрғалай бошларди. Ҳаракатлари ҳар доим ҳам чиройли кўринмасди. Морри шерикка муҳтожлик сезмасди. У ёлғиз рақс тушарди.
Ҳар чоршанба оқшом у Ҳарвард майдонидаги черковда уюштириладиган “Бепул рақсга туш” номли қандайдир кечага борарди. Оқ футболка ва қора иштон кийиб, бўйнига сочиқча ташлаб олган Морри милтироқ чироқлар ва овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган, асосан талабалар билан гавжум хонада айланиб юрар ва қандай мусиқа қўйилса, шунисига ўйнаб кетаверарди. Жими Ҳендрикс ашуласи қўйилса, линди рақси ҳаракатларини бажарарди. Амфетаминдан кайфи ошиб қолган дирижордек қўлларини силкитар, жиққа терга ботмагунича эшилиббукиларди. У ерда ҳеч ким унинг йиллаб тажрибага эга университет профессори ва бир нечта эътиборга молик китоблар ёзган атоқли жамиятшунослик фанлари доктори эканини билмасди. Шунчаки эси оғиб қолган чол деб ўйлашарди.
Бир куни у ўзи кўтариб келган танго мусиқаси ёзилган кассетани қўйдирди. Кейин эса даврани эгаллаб, эҳтиросли испан ошиғидек хона бўйлаб хиром айлай бошлади. Рақсини якунлаганда ҳамма қарсак чалиб юборди. У шу лаҳзаларда бир умр қолишни истарди!
Бироқ тез орада рақс тушишдан воз кечишига тўғри келди.
Морри олтмишдан ошганда кўксов касаллигини орттириб олди. Нафас олиши қийинлашди. Бир куни Чарльз дарёси бўйида сайр қилиб юрганида тўсатдан турган совуқ шамолдан нафаси қайтиб, бўғилиб қолди. Уни зудлик билан шифохонага олиб кетиб, адреналин уколи ёрдамида қутқариб қолишди.
Бир неча йилдан сўнг юриши ҳам қийинлашди. Бир дўстининг туғилган кун базмида бесабаб қоқилиб, йиқилиб тушди. Бошқа бир кечада театр зинапоясидан йиқилиб, ёнида турганларни чўчитиб юборди.
– Унга ҳаво етишмаяпти! Ҳаво керак! – дея бақириб юборди кимдир.
Бу пайтга келиб у етмиш ёшни уриб қўйганди, шу сабабли одамлар “Қариликда…” деб шивирлаганча унинг оёққа туришига кўмаклашишди. Аммо ички аъзоларининг ҳолатини биздан кўра яхшироқ ҳис қилган Морри муаммо қариликда эмаслигини биларди. Қариликдан ташқари яна нимадир бор эди. У ўзини мунтазам ҳорғин сезар, ухлашга қийналарди. Тушларида ўлаётганини кўриб чиқарди.
Морри шифокорларга қатнай бошлади. Кўп шифокорларга учради. Улар Моррининг қонини текширишди. Пешобидан намуналар олишди. Орқа тешигидан мўралаб, ичакларини кўздан кечиришди. Охир-оқибат ҳеч нарса топилмагач, бир шифокор Моррининг болдиридан кичкина бўлакча кесиб олиб, мушаклар биопциясига юборди. Таҳлил натижалари неврологик муаммо борлигини кўрсатди. Моррини яна бошқатдан текширувлар ўтказишга олиб кетишди. Шундай кўрикларнинг бирида Моррини электр курсига ўхшаш махсус мосламага ўтқизиб, электр токи юбориш орқали неврологик реакцияларини ўрганишди.
– Чуқурроқ текширишимиз керак, – деди шифокор натижаларга кўз югуртираркан.
– Нега? – сўради Морри. – Нима дард экан ўзи?
– Ҳали аниқ билмаймиз. Реакцияларингиз суст.
Реакцияси суст? Бу нима дегани бўлди?
Ва ниҳоят, 1994 йил, иссиқ ва нам август кунларининг бирида Морри хотини Шарлотта билан невролог ҳузурига борди. Шифокор янгиликни айтишдан аввал улардан ўтириб олишларини сўради. Моррида ён амиотрофик склероз (ALS), асаб тизимининг бешафқат хасталиги – Лу Гериг кассаллиги аниқланибди.
Ҳали бу касалликнинг давоси топилмаганди.
– Бу дардни қандай орттирдим? – сўради Морри. Ҳеч ким буни билмасди.
– Касаллик ўлимга олиб борадими?
– Ҳа.
– Демак, ўламан?
– Ҳа, – деди шифокор. – Жуда ҳам афсусдаман.
У деярли икки соат давомида сабр билан Морри ва Шарлоттанинг саволларига жавоб берди. Хайрлашиш чоғида шифокор уларга ALS ҳақида маълумотлар ёзилган митти брошюраларни берди. Улар банкда ҳисоб рақами очишда тақдим этиладиган брошюрачаларни эслатарди. Ташқарида қуёш чарақлар, одамлар ўз ташвишлари билан югуриб юрарди. Ана, бир аёл автотураргоҳ ҳисоблагичига танга ташлашга ошиқмоқда. Бошқаси эса бозор-ўчарини елкалаб олган. Шарлоттанинг хаёлида минглаб ўйлар ғужғон ўйнарди: “Қанча вақтимиз қолди экан? Энди нима қиламиз? Қандай кун кўрамиз?”
Кекса профессорим эса бу пайтда атрофда ҳаёт бир маромда давом этаётганидан ҳайратда эди. “Ҳаёт тўхтаб қолиши керакмасмиди? Наҳотки одамлар менга нима бўлганидан бехабар бўлишса?”
Бироқ ҳаёт тўхтаб қолмади, у Моррининг аҳволига эътибор ҳам бергани йўқ. Морри мадорсиз қўллари билан машина эшигини очар экан, ўзини тубсизлик қаърига қулаётгандек ҳис қилди.
– Энди нима бўлади? – ўйлади у.
Кекса профессорим саволларига жавоб излар экан, касаллик уни тобора енгиб борарди: кундан-кун, ҳафтамаҳафта… Бир куни эрталаб машинасини гараждан олиб чиқаётиб, тормоз педалини босишни зўрға уддалади. Шу билан машина ҳайдашдан ҳам воз кечилди.
Ҳадеб қоқилавергач, ҳасса сотиб олди. Шу тарзда мустақил юришга ҳам якун ясалди.
У мунтазам Ёш насронийлар жамиятига сузишга қатнарди, лекин энди мустақил ечинишни ҳам эплолмай қолди. Илк марта шахсий ёрдамчи ёллашига тўғри келди. Тони исмли илоҳиёт фанлари талабаси унинг сув ҳавзасига тушиб-чиқиши ва сузиш кийимини кийиб-ечишига ёрдам берадиган бўлди. Ечиниш хонасидаги сузувчилар ўзларини уларга қарамаётгандек тутар, бироқ барибир томоша қилишдан тийила олмасди. Шу билан ҳаётини бегона кўзлардан яшириш имкони ҳам бой берилди.
1994 йилнинг кузида Морри Брандейс кампусига университетдаги сўнгги курсини ўтиб беришга келди. Келмаса ҳам бўларди. Университетдагилар тушунишарди. Шунча одамнинг кўз ўнгида азоб чекиб нима қиласан? Уйда ўтир. Битмаган ишларингни якунига етказ. Аммо Морри ишдан кетишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Морри ўттиз йилдан ортиқ унга иккинчи уй вазифасини ўтаган аудиторияга оқсоқланиб кириб келди. Ҳасса ёрдамида юргани сабабли курсисига етиб олишга бир мунча вақт кетди. Ниҳоят курсига жойлашиб олди ва кўзойнагини тушириб, унга жимгина тикилиб ўтирган ёш чеҳраларга қаради.
– Дўстларим, барчангиз бу ерга ижтимоий психология фанини ўрганиш учун йиғилгансиз деган фикрдаман. Мен йигирма йилдан бери шу фандан дарс бериб келаман ва бугун биринчи марта бу курсга ёзилиш таваккалчилик эканини айтиб қўйишни лозим топдим, чунки тузалмас дардга чалинганман. Умрим семестрни якунлашга етмай қолиши мумкин. Буни муаммо деб ҳисоблаганларнинг дарсларимга қатнашишдан воз кечиш истаги бўлса, тушунаман.
У жилмайди. Шу билан унинг дардга чалингани ҳам ортиқ сир бўлмай қолди.
ALS ёнаётган шамга ўхшайди: асаб толаларингизни эритиб, танангизни бир уюм мум ҳолига келтиради. Кўпинча у ишни оёқлардан бошлайди ва секин-аста юқорилаб боради. Аввалига сон мушакларингиз ўзингизга бўйсунмай қўяди ва тик туриш қобилиятидан маҳрум бўласиз. Кейин эса бутун тана мушакларингиз назоратини йўқотасиз ва ўтириш бахтидан ҳам мосуво бўласиз. Алалоқибат, агар шунда ҳам тирик бўлсангиз, томоғингизни тешиб ўрнатилган найча орқали нафас оласиз, ҳали мутлақо уйғоқ руҳингиз эса ўз танаси ичида қотиб қолган илмий-фантастик фильм қаҳрамонлари каби киприк қоқиш ёки тилни қимирлатишга зўрға ярайдиган мажруҳ қобиқ ичида тутқунликда қолади. Мазкур дардга йўлиққанингиздан беш йил ўтар-ўтмас шу ҳолатга тушасиз.
Шифокорлар Моррининг яна икки йилча умри қолганини тахмин қилишди. Морри эса икки йилдан камроқ вақти қолганини биларди.
Кекса профессорим қатъий қарорга келган, бу қарор у ўлими муқаррарлигидан хабар топиб, шифокор қабулидан чиқаётганидаёқ етила бошлаганди. “Жимгина сўлиб, йўқ бўлиб кетавераманми ёки қолган вақтимдан унумли фойдаланиб қоламанми?” – дея ўзига савол берди.
У сўлмайди. У ўлаётганидан уялмайди. Аксинча, ўлим унинг сўнгги лойиҳаси – қолган саноқли кунларининг марказий нуқтаси бўлади. Ўлим ҳамманинг ҳам бошида бор экан, унинг тажрибаси бошқалар учун ўта аҳамиятли бўлиши мумкин, шундай эмасми? Унинг ўзи тадқиқот объекти бўлади. Жонли ўқув қўлланмаси.
Секин-аста сўниб боришимни тадқиқ қилинг. Менга нималар бўлаётганини кузатинг. Биргаликда ўрганамиз.
Морри ҳаёт-мамот ўртасидаги кўприкни босиб ўтаркан, сўнгги сафари ҳақида ҳикоя қилиб боришга қарор қилди.
Кузги семестр бир нафасда ўтиб кетди. Дорилар сони кўпайди. Муолажалар эса кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланди. Ҳамширалар профессорнинг уйига қатнай бошлади. Мушаклар фаоллиги йўқолмаслиги учун унинг жонсизланиб бораётган оёқларини ҳаракатлантириш, қудуқдан сув тортаётгандек кўтариб-тушириш, букиш машқларини бажартириш зарур эди. Уқалаш мутахассислари уни мунтазам азоблаётган мушаклар увишишидан халос этиш учун ҳафтада бир марта ташриф буюрарди. У медитация мураббийлари билан учрашар, кўзларини юмиб, бутун борлиғи фақатгина нафас олишга қаратилмагунича хаёлидаги ўйларни бирма-бир ўчириб чиқарди: нафас оламиз-чиқарамиз, оламиз-чиқарамиз.
Бир куни Морри ҳассаси ёрдамида пиёдалар йўлакчасига чиқаман деб, йўл юзига йиқилиб тушди. Шундан сўнг ҳасса тўрт оёқли тиргак билан алмаштирилди. Танаси заифлашиб бораркан, ҳожатхонага бориб-келиш ҳам унинг тинка-мадорини қуритадиган бўлди. Морри тувакка ўтиришга одатланди. Бироқ шуни ҳам мустақил бажаришга ҳоли йўқ эди. Кимдир унга тувакни тутиб туришига тўғри келарди.
Кўпчилигимиз бундай ишлардан хижолат чеккан бўлардик, айниқса, Моррининг ёшида. Аммо Морри кўпчилигимизга ўхшамасди. Яқин ҳамкасблари уни кўргани келганда Морри улардан: “Менга қара, ҳожат чиқаришим керак. Ёрдамлашиб юбормайсанми? Малол келмайдими?”, деб сўрарди.
Меҳмонлар кўпинча уларга бу иш малол келмаслигидан ўзлари ҳам ҳайрон қоларди.
Уни кўргани келувчилар оқими ошиб борар, у эса меҳмонлар кўнглини овлашдан мамнун эди. Ўлим, унинг асл моҳияти, одамлар ўлимнинг нима эканини англамай азалдан ундан қўрқиб яшашлари борасида фикр юритиш учун муҳокама гуруҳлари тузиб олганди. Морри дўстларидан агар улар чиндан ҳам ёрдам бермоқчи бўлсалар, унга ачиниш кўзи билан қарамасликларини, аксинча, ташрифлари, телефон суҳбатлари, одатдагидек муаммоларини Морри билан бўлишиш орқали уни хурсанд қилишларини сўради, чунки у ҳар доим ажойиб тингловчи бўлган.
Дард кучайиб бораётганига қарамасдан, унинг жарангдор овози ҳали ҳам ўзига тортар, хаёлида эса минглаб ўйлар чарх урарди. “Ўлим” тушунчаси “кераксиз” сўзи билан маънодош эмаслигини исботлашга бел боғлаганди.
Янги йил ҳам ўтди. Ҳали ҳеч кимга айтмаган бўлсада, Морри бу йил умрининг сўнгги йили эканини билиб турарди. Бу пайтга келиб, у ногиронлар аравачасига михланган, қадрли инсонларининг барчасига айтиши лозим бўлган гапларни айтиб қолишга улгуриш учун вақт билан курашаётганди. Брандейсдаги ҳамкасбларидан бири кутилмаганда юрак хуружидан вафот этганда Морри унинг дафн маросимига борди. Уйга тушкун ҳолда қайтди.
– Эсиз, – деди у. – Келганлар у ҳақида шунча яхши гапларни айтса-ю, Ирв буларнинг ҳеч бирини эшитмаса.
Кутилмаганда Моррининг хаёлига ажойиб фикр келди. У бир нечта дўстларига қўнғироқ қилди. Керакли санани танлади. Совуқ якшанба кунларининг бирида “жонли дафн маросими”ни ўтказиш учун уникида оила аъзолари ва дўстларидан иборат кичик жамоа тўпланди. Уларнинг ҳар бири сўзга чиқиб, кекса профессоримга ўз ҳурматини изҳор қилди. Баъзилар кўзига ёш олди.
Кулганлар ҳам бўлди. Бир аёл шеър ўқиди:
Севимли ва азиз жигарим…
Ҳаёт сўқмоқлари оралаб,
Замон оша кезарсан танҳо.
Абадий навқирон юрагинг –
Барҳаёт секвойядир гўё.
Морри ҳам уларга қўшилиб кулди, йиғлади. Одатда азиз инсонларимизга айтишга журъатимиз етмай, қалбимиз тубида қолиб кетадиган гапларнинг ҳаммасини айтиб олди ўша куни. Унинг “жонли дафн маросими” муваффақиятли ўтди.
Фақат… Морри ҳали ҳаёт эди.
Бунинг устига, профессор ҳаётининг энг ҳайратланарли даври энди бошланаётганди.
Талаба
Шу ерда мен учун қадрли ва доно профессоримни охирги марта бағримга босган ва у билан хабарлашиб туришга ваъда берган кунимдан бери бошдан кечирганларимни ҳикоя қилиб бераман.
Ундан қайтиб хабар олмадим. Аслида эса университетда мен билган кишиларнинг аксарияти, жумладан, пивохўр ҳамшишаларим ва илк марта тонгда қўйнимда уйғонган аёл билан ҳам алоқаларимиз узилди. Битирув оқшомидан сўнг мен ўз истеъдодини дунёга намойиш этиш мақсадида Нью-Йоркка йўл олган такаббур битирувчи йигитчадан, йиллар давомида тобланган бутунлай бошқа бир инсонга айлангадим.
Бироқ мен кашф этган дунё истеъдодимга заррача қизиқиш билдирмади. Эндигина йигирма ёшдан ошган йилларим ижара ҳақини тўлаш, иш ҳақидаги эълонларни ўқиш ҳамда омад менга кулиб боқмаётганлиги сабаблари ҳақида бош қотириш билан ўтди. Менинг орзум машҳур мусиқачи бўлиш эди (пианино чалардим), бироқ зимзиё ва бўм-бўш тунги клубларда ўтган бир неча йиллар давомида қуруқ ваъдалар, нуқул тарқаб кетаверадиган мусиқий гуруҳлар ва мендан бошқа ҳаммага қизиқиш билдирадиган продюсерлар туфайли орзум ўз аҳамиятини йўқотди. Умримда биринчи марта муваффақиятсизликка юз тутаётгандим.
Айнан шу даврда, биринчи марта жиддий равишда ўлим тушунчаси билан юзма-юз келдим. Мусиқага меҳр қўйишимга сабабчи бўлган, менга машина ҳайдашни ўргатган, нуқул қизлар ҳақидаги ҳазиллари билан жиғимга тегадиган, мени футболга олиб кирган суюкли тоғам – онамнинг укаси қирқ тўрт ёшида ошқозоности бези саратонидан вафот этди. Мен болалигимдан унга тақлидан, “Катта бўлсам, худди у каби бўламан” деб аҳд қилгандим. У қалин мўйлови ўзига ярашган, паст бўйли, хушбичим киши эди. Мен у билан бир уйда, шундоққина у яшайдиган хонадоннинг пастки қаватида турганим сабабли ҳаётининг сўнгги йилларида унинг ёнида бўлдим. Мен унинг бақувват жисми аввалига туршакдек қотиб, кейин эса пуфакдек шишиб боришини кузатар, ҳар тун азоб чекишини, кечки овқат устида кучли оғриқдан лаблари буришиб, кўзлари юмуқ ҳолда ошқозонини чангаллаганча букчайиб қолишига гувоҳ бўлардим.
– Эй, Худойи-и-им”, – инграрди у. – Эй, Худо!
Қолганлар – келинойим, уларнинг икки нафар ўғилчаси ва мен кўзимизни ундан олиб қочиб, жимгина овқатимизни ейишда давом этардик.
Ҳеч қачон ўзимни ўша вақтдагидек ожиз ҳис қилмаганман. Май ойи тунларидан бирида мен ва тоғам унинг балконида ўтиргандик. Илиқ шабада эсиб турарди. У уфққа термилганча бўғиқ овозда кейинги йил фарзандларининг мактабга чиқишини кўра олмаслигини айтди. Мендан болаларига кўз-қулоқ бўлиб туришимни сўради. Мен унга бундай тушкун гапларни гапирмаслигини айтдим. У эса ғамгин тикилиб қолди.
Бир неча ҳафтадан кейин тоғам оламдан ўтди. Дафн маросимидан сўнг ҳаётим бутунлай ўзгарди. Бирданига вақт жўмракдан оқиб тушаётган сув каби бебаҳо неъматга айланган, мен эса уни исроф қилмасликка жон-жаҳдим билан ҳаракат қилишим кераклигини англаб етгандим. Ярими бўш тунги клубларда мусиқа чалишни тўхтатдим. Барибир ҳеч ким эшитмайдиган қўшиқларни ёзишни йиғиштирдим. Журналистика соҳасида магистрлик даражасини қўлга киритишим билан илк иш таклифини қабул қилиб, спорт мухбири сифатида фаолият юрита бошладим. Машҳурликка интилишдан воз кечиб, шоншуҳрат ортидан қувиб юрган спортчилар ҳаётини ёритардим. Бир пайтнинг ўзида ҳам газеталарда ишлардим, ҳам журналлар учун мақолалар ёзиб турардим. Вақт ва меъёрни унутиб, ақлга сиғмас шиддат билан меҳнат қилардим. Тонгда уйғонишим билан тишимни ювар ва кийимларимни ҳам алмаштирмасдан ёзув машинкаси олдига ўтирардим. Тоғам умр бўйи бир корпорацияда ишлаган ва кунлари бир хил ўтгани учун ишидан нафратланарди. Менинг қисматим уникидек якун топмайди, дея аҳд қилгандим.
Нью-Йорк ва Флорида ўртасида саргардон юришдан чарчаб, Детройтга кўчиб ўтдим ва “Детройт Фреэ Пресс” нашрида колумнист сифатида ишлай бошладим. Шаҳарнинг спортга бўлган қизиқиши чексиз эди. У ерда профессионал футбол, баскетбол, бейзбол ва хоккей жамоалари борлиги шуҳратпарастликка бўлган чанқоғимни бемалол қондирарди. Бир неча йилдан кейин мен нафақат газетага мақола ёзаётгандим, балки бир нечта спортга оид китоблар ва радиоэшиттиришлар муаллифига айлангандим ҳамда телевидениедаги мунтазам чиқишларимда бой футболчилар ва иккиюзламачи университет спорт дастурлари ҳақидаги фикрларимни билдириб борардим. Мен ҳозирда мамлакатни қамраб олган оммавий ахборот воситалари бўронининг бир қисмига айлангандим. Ижодимга талаб юқори эди.
Ижарама-ижара юришларим ниҳоясига етди. Орқаолдимга қарамай ҳамма нарсани сотиб ола бошладим. Тепаликда жойлашган уй олдим. Машиналар харид қилдим. Биржа акцияларига сармоя киритиб, қимматли қоғозлар эгасига айландим. Энг юқори тезликни ёқиб олгандим, қиладиган ишларимнинг барчаси учун муддат белгилар ва шу муддат ичида тугатардим. Телбаларча жисмоний машқлар билан шуғулланар, машинани учириб ҳайдардим. Бунча кўп пул топишим тушимга ҳам кирмаган. Жанин исмли қора соч аёлни учратдим, у тиғиз кун тартибим ва деярли уйда бўлмаслигимга қарамасдан, негадир мени севарди. Етти йил учрашиб юрганимиздан кейин турмуш қурдик. Тўйдан бир ҳафта ўтиб ишга қайтдим. Мен Жанинни, шу билан бирга, ўзимни ҳам куни келиб у орзу қилган фарзандларни дунёга келтиришимиз ва рисоладагидек оила қуришимизга ишонтирдим. Аммо бу кун ҳеч келай демасди.
Юқорироқ марраларни забт этиш учун яна ишга шўнғидим. Эришган ютуқларим менга ҳамма нарсани назоратда ушлаш имконини беришига ишонардим: тоғам каби хасталикка юз тутиб, нариги дунёга риҳлат қилишдан олдин ҳаётдан борини олишим, бахтнинг сўнгги томчиларини ҳам сиқиб ичишга улгуришим керак эди. Ўлим бу қисмат эканини тушуниб етгандим.
“Морри-чи?” деяётгандирсиз-а? Баъзи-баъзида хаёлим унга кетар, “одамийлик” ва “ўзгалар ҳақида қайғуриш” каби тушунчаларни менга сингдирганини эслардим, аммо буларнинг бари узоқ ўтмишда қолиб кетган, худди бошқа ҳаётда содир бўлгандек туюларди. Ушбу йиллар давомида Брандейс университетидан келган барча хатларни тўғри ахлат челагига улоқтирардим. Ўзимча, уларга мендан фақат пул керак, деб ҳисоблардим. Шу сабабли Моррининг хасталигидан бехабар қолдим. У ҳақида менга хабар бериши мумкин бўлган кишилар аллақачон унутилган, уларнинг телефон рақамлари чордоқдаги кераксиз буюмлар солинган қутиларда чанг босиб ётарди.
Бир тун телевидение каналларини алмаштираётганимда қулоғимга чалинган овоз эътиборимни тортмаганида барчаси ўз ҳолича давом этаверган бўларди…
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.