Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 10 страниц)
Кўргазмали қуроллар
1995 йилнинг мартида ABC TV каналининг “Тунги хабарлар” кўрсатуви бошловчиси Тед Коппел ўтирган лимузин Массачусетс штатининг Ғарбий Ньютон шаҳарчасида жойлашган уй олдида, қор босган йўлакда тўхтади.
Бу пайтга келиб Морри бутунлай ногиронлар аравачасига михланган, шахсий ёрдамчиларининг уни оғир қопдек кўтариб, ётоқдан аравачага ва аравачадан ётоққа олиб ўтишларига ўрганаётганди. Овқатланаётганда уни йўтал тутар, оғзидаги нарсани чайнаш ҳам оғир ишга айланганди. Оёқлари тамоман ишдан чиққан, эндиликда умуман юра олмасди.
Шундай бўлса-да, у тушкунликка тушишдан бош тортарди. Морри фикрлар ўчоғига айланди. Фикрлар қуйилиб келар, профессор уларни тўғри келган жойга ёзиб кетаверарди: ён дафтарчалар, конвертлар, папкалар, қоғоз бўлаклари ёзувларга тўлиб кетганди. Ўлим кўланкаси остидаги ҳаёт ҳақида фалсафий мулоҳазаларини ёзиб борарди: “Баъзи ишлар имкониятингиздан ташқарида эканини, ҳамма нарса ҳам қўлингиздан келмаслигини тан олинг”, “Ўтмишни ўтмишлигича қабул қилинг: уни рад этишга ёки ўзгартиришга уринманг”, “Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам кечиришга ўрганинг”, “Ҳеч қачон бирор ишни бошлашга кеч қолдим деб ҳисобламанг”.
Морри фақат дўстлари билан бўлишадиган бундай “ҳикматли сўзлар”нинг сони тез орада элликдан ошди. Улардан жуда таъсирланган Брандейс университетидаги ҳамкасбларидан бири Мори Штейн “ҳикматли сўзлар”ни “Бостон Глоуб” нашри мухбирига юборди. Мухбир Морри билан учрашиб, у ҳақида катта мақола ёзди. Мақола “Профессорнинг сўнгги маърузалари ўз ўлими ҳақида бўлади” сарлавҳаси остида чоп этилди.
Мақола “Тунги хабарлар” кўрсатуви продюсерларидан бирининг эътиборини тортди ва у Коппелга кўрсатиш учун газетани Вашингтон Д.C.га кўтариб келди.
– Мана буни бир кўргин, – деди продюсер.
Ҳаш-паш дегунча Моррининг хонаси операторлар билан тўлган, Коппелнинг лимузини эса уй ташқарисида турарди.
Моррининг оила аъзолари ва дўстларидан бир нечтаси Коппел билан учрашиш учун уникида тўпланишди. Ушбу машҳур инсон уйга кириб келганида хонада ҳаяжонли ғала-ғовур кўтарилди, фақат Морригина хотиржамликни йўқотмай, аравачасида Коппелнинг олдига чиқиб, чимирилган қошлари остидан унга қаради. Унинг баланд ва жарангдор овози шовқин-суронни бўлди:
– Тед, бу суҳбатга розилик беришдан аввал сени бир синаб кўришим керак.
Бир муддат хонага ўнғайсиз жимлик чўкди. Кейин эса иккаласи кабинет томон йўл олди. Эшик маҳкам ёпилди.
– Урди Худо, – шивирлади эшик ташқарисида қолган дўстлардан бири бошқасига. – Ишқилиб, Тед Моррига юмшоқроқ муносабатда бўлсин-да.
– Аксинча, Морри Тедга шафқат қилсин, ишқилиб, – деди иккинчиси.
Кабинетга киргач Морри Тедга курсига ўтиришни ишора қилди. Қовуштирилган қўлларини тиззасига қўйиб, табассум қилди.
– Сиз қалбингиз тубида асрайдиган нарсалар ҳақида гапириб беринг.
– Қалбим тубида?
Коппел қарияга синовчан нигоҳ ташлади.
– Майли, – деди у эҳтиёткорона ва фарзандлари ҳақида сўзлай бошлади.
Ахир фарзандлари доим қалбида-ку, шундай эмасми?
– Яхши, – деди Морри. – Энди менга эътиқодингиз тўғрисида гапириб беринг.
Коппел бироз ўнғайсизланди.
– Одатда мен бундай мавзуларни эндигина танишган одамларим билан муҳокама қилмайман.
– Тед, мен ўляпман, – деди Морри, кўзойнак устидан унга тикилиб. – Жуда кам вақтим қолган.
Коппел кулиб юборди. Майли. Демак, эътиқод. У Аврелий Маркдан ўзининг қарашларини акс эттирадиган парча ўқиб берди. Морри жимгина бош ирғади.
– Энди мен савол берсам, – деди Коппел. – Ҳеч мен олиб борадиган кўрсатувни томоша қилганмисиз ўзи?
Морри елкасини учирди.
– Адашмасам, икки марта.
– Икки марта? Икки мартагинами?
– Ранжишга шошилманг. “Опра”ни бир мартагина кўрганман.
– Хўп, кўрсатувимни икки марта кўрганингизда қандай хулосага келгансиз?
Морри бироз сукут сақлади.
– Ростини айтайми?
– Ҳа.
– Ўзига бино қўйган одамдек кўрингансиз менга.
Коппел қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
– Ўзимга бино қўйиш учун жуда бадбашаралик қиламан, – деди кейин.
Тез орада меҳмонхонадаги камин олдида суратга олиш жараёни бошланди. Коппел астойдил дазмолланган кўк костюм-шимда, Морри эса кенг кулранг свитер кийиб олганди. У суҳбат учун уст-бошини чиройлисига алмаштиришдан ҳам, пардоз қилдиришдан ҳам бош тортди. Профессор фалсафасига кўра, ўлим уяладиган нарса эмасди, демак, юзига упа суришга ҳам ҳожат йўқ.
Морри ногиронлар аравачасида ўтирганлиги сабабли унинг жонсиз оёқлари камерага тушмади. Ҳали қўлларини ҳаракатлантира олгани учун Морри доим қўлларини силкитиб гапирарди, қандай қилиб ўлимни мардонавор қарши олиш мумкинлиги ҳақида эҳтиросга тўлиб сўзлашини кўришимиз мумкин эди.
– Тед, – деб гап бошлади у. – Мен бу ғалвалар бошлангандаёқ ўзимга бошқаларга ўхшаб тарки дунё қилайми ёки имкони борича ҳаётдан баҳра олиб яшайми, дея савол бердим ва яшашга қарор қилдим. Ҳеч бўлмаганда, қадр-қиммат, жасорат, яхши кайфият ва хотиржамликни сақлаган ҳолда ўзим истагандек яшашга уриниб кўришга аҳд қилдим. Йиғлаб уйғонган тонгларим ҳам бўлиб туради. Ўзимга ўзим аза тутиб, кўзёш тўкаман. Баъзида эса ғазабга тўлиб уйғонаман. Лекин бундай ҳолатлар узоқ давом этмайди. Ўзимга бироз ачиниб олганимдан сўнг ўрнимдан туриб, “Мен яшашни истайман” дея таъкидлайман. Ҳозирча буни уддалаяпман. Яна шундай давом этиш қўлимдан келадими? Буни билмайман. Менимча, қўлимдан келади.
Коппел уни бутун вужуди билан тингларди.
– Ўлимнинг яқинлиги одамни камтарликка ундайдими? – деб савол берди у.
– Қандай тушунтирсам экан сенга буни, Фред, – деб юборди тўсатдан Морри ва тезгина хатосини тўғрилади, – Тед демоқчи эдим…
– Мана буни камтарликка ундаш деса бўлади, – деди Коппел кулиб.
Улар ўлимдан кейинги ҳаёт тўғрисида суҳбатлашишди. Моррининг тобора бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб бораётгани ҳақида гапиришди. Унга овқатланиш, ўтириш, бир жойдан иккинчи жойга ўтиш учун ҳам кимнингдир ёрдами зарур эди.
– Сездирмасдан, секинлик билан жисмингизни емириб бораётган жараённинг сиз учун қўрқинчли жиҳати нимада? – сўради Коппел.
Морри бироз жим қолди. Кейин эса бу нарса ҳақида телевидение орқали гапириш ўринлимикан, деб сўради.
– Албатта, гапираверинг, – ундади Коппел.
Морри Америкадаги энг таниқли телебошловчининг кўзларига тик қаради.
– Нима ҳам дердим, яқин кунларда кимдир орқамни артиб қўйишига ҳам муҳтож бўлишим аниқ.
Кўрсатув жума куни тунда эфирга узатилди. Уни Вашингтонда ёзув столи олдида ўтирган Тед Коппелнинг залварли овози бошлаб берди.
– Морри Швартс ким? Ва нима сабабдан оқшом якунига қадар кўпчилигингиз у ҳақида яқин инсонингиздек қайғура бошлайсиз?
Вашингтондан минглаб чақирим узоқликда, тепаликдаги уйимда одатдагидек каналларни алмаштириб ўтирардим. Телевизор қутисидан жаранглаган “Морри Швартс ким?” деган сўзларни эшитиб, қотиб қолдим.
1976 йилнинг баҳори, Морри бизга ўтган биринчи дарс. Моррининг кенг хонасига киришим билан девор бўйлаб жойлаштирилган жавонларнинг токчалари саноқсиз китобларга тўлиб ётгани диққатимни тортади. Жамиятшунослик, фалсафа, дин ва руҳшуносликка оид китоблар. Хонанинг паркет полига катта гилам тўшалган, деразадан кампус йўлаги кўриниб турибди. Синфда ўн иккитача талаба дарслар режаси ва дафтарларини титкилаб ўтиришибди. Кўпчилигининг устида жинси шим ва катакли фланел кўйлак, оёқларида эса малларанг пойабзал. Гуруҳдаги талабаларнинг ҳаммаси шу бўлса, дарс қолдириш осон бўлмайди, деган фикр хаёлимдан ўтади. Балки бу фандан воз кечганим яхшидир.
– Митчел, – дейди давомат варақасини ўқиётган Морри. Қўлимни кўтараман.
– Мич деб чақираверайми ёки Митчел яхшироқми?
Ҳали бирор марта ўқитувчилар менга бундай савол бермаган. Бўйни узун сариқ жемфер ва чийдухоба шим кийиб олган, кумушранг сочлари пешонасига тушиб турган одамчага диққат билан тикиламан. У жилмаяди.
– Мич, – деб жавоб қайтараман. – Дўстларим мени шундай чақиради.
– Майли, Мич бўлақолсин унда, – дейди Морри гўёки келишувни якунлаётган кишидек. – Айтганча, Мич?
– Лаббай?
– Бирор кун мени ҳам дўст деб биласан деган умиддаман.
Учрашув
Бостон ташқарисида жойлашган сокин Ғарбий Ньютон шаҳарчасида ижарага олинган машинани Моррининг кўчасига бурар эканман, бир қўлимда қаҳва финжонини тутиб, қулоқ ва елкам орасига эса қўл телефонимни қистириб олгандим. Телефон орқали продюсер билан телевидение учун биргаликда тайёрлаётган кўрсатувимиз ҳақида гаплашаётгандим. Бир кўзим машинанинг рақамли соатида (бир неча соатдан кейин ортга учишим зарур эди), иккинчиси эса икки четига қатор дарахтлар экилган кўча бўйлаб тизилган почта қутиларининг рақамларида эди. Машина радиоси янгиликлар тўлқинига созланганди. Ҳаётим шу тарзда кечарди: бир вақтнинг ўзида бешта ишни бажарардим.
– Тасмани орқага айлантир, – дедим продюсерга. – Шу қисмини яна бир эшитиб кўришим керак.
– Ҳозир, – жавоб берди у. – Бир сония.
Кутилмаганда Моррининг уйига етиб келганимни англадим. Тормозни кескин босдим ва тиззамга қаҳва тўкилди. Машина тўхтар экан, баланд қизил заранг дарахти ва унинг яқинидаги йўлакда ўтирган уч кишига кўзим тушди. Ёш йигитча ва ўрта ёшлардаги аёл ногиронлар аравачасидаги қариянинг икки ёнида ўтиришарди. Морри.
Нигоҳим кекса профессоримга тушиши билан музлаб қолдим.
– Алло? – қулоғимда продюсернинг овози жарангларди. – Қаерга йўқолиб қолдинг?
Уни ўн олти йилдан бери кўрмагандим. Юзлари сўлғин, сочлари сийраклашиб, оқлари кўпайибди. Бирданига ҳали у билан учрашишга тайёр эмаслигимни англадим. Биринчидан, телефондаги ишимни ҳал қилишим зарур эди. Иккинчидан, Морри келганимни сезмади деган умидда шу атрофдаги маҳаллада бир-икки айланиш қилиб, ишларимни битириб олмоқчи, баҳонада, учрашувга руҳан тайёргарлик кўрмоқчи эдим. Бироқ Морри – мен бир вақтлар яқиндан таниган одамнинг сўниб бораётган нусхаси машинага қараб жилмаяр, қовуштирилган қўлларини тиззасига қўйиб, машинадан чиқишимни кутарди.
– Ҳой? – чақирди продюсер яна. – Шу ердамисан?
Бирга ўтган дамларимиз, ёш пайтим Моррининг менга кўрсатган меҳри ва яхшиликлари ҳурмати учун ҳам телефонни ўчириб, машинадан чиқишим, югуриб бориб қучоқлашиб кўришишим керак эди. Бунинг ўрнига эса моторни ўчириб, худди ниманидир излаётгандек ўриндиқ остига энгашдим.
– Ҳа, ҳа, шу ердаман, – шивирладим мен ва то ишимиз якунланмагунча продюсер билан гаплашишда давом этдим.
Яна охирги йилларда уста бўлиб кетган ҳунаримни кўрсатдим: ишимни ҳамма нарсадан устун қўйдим, ҳатто умри тугаб бораётган профессоримнинг майсазорда мени интизор кутиб тургани ҳам мени бундан қайтара олмади. Ҳозир бу қилмишимдан жуда уяламан, албатта, лекин ўша куни ўзимни айнан шундай тутдим.
Беш дақиқалардан сўнг, Морри мени қучоқлаб кўришаётганди, унинг сийраклашиб қолган сочлари юзимга тегиб турарди. “Тушиб кетган калитимни қидираётгандим, шунга машинадан чиқишим қийин бўлди” деб айтдим ва уни маҳкамроқ бағримга босдим, худди шу билан кичкина ёлғонимни эзғилаб ташлай оладигандек. Баҳор қуёши илиқ нур таратиб турган бўлса ҳам, Морри устига енгил куртка кийиб, оёқларини ёпинчиқ билан ўраб олганди. Ундан бироз ачимсиқ ҳид келарди, одатда, куни дори-укол билан ўтаётган кишилардан шундай ҳид таралади. Юзи юзимга яқин келганида унинг нафас олиши ҳам қийинлашиб қолганини сездим.
– Қадрдон дўстим, – шивирлади у. – Ва ниҳоят қайтдинг-а!
Морри томон эгилиб турарканман, у мени ҳеч қўйиб юборгиси келмас, билакларимдан тутиб оҳиста чайқаларди. Шунча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам профессорнинг мени бунчалик илиқ қарши олишидан бироз шошиб қолдим: ўтмишим ва ҳозирим ўртасига қурилган тош девор туфайли бир пайтлар қанчалик яқин бўлганимизни бутунлай унутиб юборгандим. Битирув оқшоми, чарм портфель, хайрлашаётганимизда унинг кўзлари ёшлангани ёдимга тушди ва бўғзимга нимадир тиқилгандек ютиниб қўйдим, чунки мен ортиқ у билган содда, иқтидорли талаба йигитча эмаслигимни ичичимдан ҳис этиб турардим.
Яқин бир неча соат ичида у ўзгариб кетганимни пайқамайди, деб умид қилардим.
Уйга киргач овқатланиш хонасидаги ёнғоқ дарахтидан бўлган стол ёнига ўтирдик. Деразадан қўшнининг уйи кўриниб турибди. Морри аравачасида типирчилаб, қулайроқ жойлашиб олишга уринди. Одатдагидек у мени таом билан сийламоқчи бўлди, рад этолмадим. Ёрдамчиларидан бири, Конни исмли бақувват итальян аёл нонни кесиб, помидор тўғраб берди. Бир нечта идишда товуқли салат, хумус ва табули келтирди. Кейин эса бир қанча ҳапдориларни олиб келди.
Морри дориларга қараб, чуқур хўрсинди. Унинг кўзлари анча чўккани, озиб кетганидан ёноқ суяклари бўртиб қолгани эътиборимни тортди. Бу ўзгаришлар уни янада қарироқ ва дағалроқ қилиб кўрсатарди. Фақат у табассум қилганида осилиб қолган ёноқлари пардадек йиғилиб, дағаллик қаергадир йўқоларди.
– Мич, – деди у. – Ўлаётганимдан хабаринг бор, деб ўйлайман.
Албатта, бундан бохабар эдим.
– Нима ҳам дердим, – Морри ҳапдориларни ютиб, қоғоз стаканни столга қўйди ва чуқур тин олди. – Сенга бу ҳақида гапириб берайми?
– Нима ҳақида? Ўлиш қандайлиги ҳақидами?
– Ҳа, – деди у.
Шу тарзда профессор билан сўнгги фандан дарсларимиз бошланган, фақат ҳали мен бундан бехабар эдим.
Университетда биринчи курсман. Моррининг ёши университетимиз профессорларининг кўпчилигиникидан улуғроқ, меники эса мактабни бир йил эртароқ битирганим учун курсдошларимникидан кичикроқ. Ёшимни яшириш мақсадида эски кулранг жемферлар кияман, спортзалда бокс билан шуғулланаман, чекмасам-да, доим лабимга ёқилмаган сигарет қистириб юраман. Тўкилиб қолган “Меркурий Кугар” машинамнинг ойналарини тушириб, мусиқани баланд қўйиб ҳайдайман. Мен ўзлигимни дағалликдан изласамда, Моррининг юмшоқфеъллиги мени ўзига тортади. У менга ёш боладек муносабатда бўлмагани учунми, унинг ёнида ўзимни хотиржам сезаман: каттароқ кўринишга уринмайман.
У бизга дарс берган фан ниҳоясига етгач, мен яна у дарс берадиган бошқа фанга ёзиламан. Морридан баҳо олиш осон, чунки баллар уни қизиқтирмайди. Айтишларича, у бир йили – Ветнам уруши даврида барча эркак талабаларга А(аъло) баҳо қўйиб, уларни армия чақирувидан қутқариб қолган экан.
Мен Моррига “Мураббий” деб мурожаат қила бошладим, мактабда жисмоний тарбия ўқитувчимни шундай чақирардим. Моррига бу лақаб ёқди.
– Мураббий – такрорлайди у. – Нима ҳам дердим, энди мураббийинг бўламан. Сен эса менинг ўйинчим бўласан. Ҳаётнинг мен қарилик қиладиган мўъжизакор жабҳаларида ўрнимга тўп суришинг мумкин.
Баъзида университет ошхонасида бирга овқатланамиз. Моррининг мендан баттар қўполлиги кўнглимга таскин беради. У чайнашни ўрнига жағи тинмай гапиради, оғзини катта-катта очиб кулади, тухумли салатга тўла оғзи билан жўшқин нутқлар сўзлайди, бу пайтда тишлари орасидан сарғиш тухум бўлакчалари ҳар ёққа сочилаётганига заррача эътибор берса қани.
Унинг бу қилиқлари жуда ғашимни келтиради. Танишганимиздан бери мени нуқул икки истак таъқиб қилади: уни қучоқлаб олиш ва қўлига сочиқча тутқазиш.
Синфхона
Овқатланиш хонаси деразасидан тушаётган қуёш нурлари паркет полни ёритиб турарди. Биз деярли икки соатдан бери суҳбатлашаётгандик. Телефон қайта-қайта жиринглади ва Морри ёрдамчиси Коннидан гўшакни кўтаришини сўради. У Моррининг қора рангли кичик учрашув қайдлари дафтарчасига қўнғироқ қилувчиларнинг исмларини ёзаётганди. Дўстлари. Медитация мураббийлари. Муҳокама гуруҳи. Унинг суратини журналида чиқармоқчи бўлган мухбир. Кекса профессоримдан хабар олишга ошиқаётган битта мен эмаслигим аён бўлди: “Тунги хабарлар”даги суҳбат уни машҳур қилиб юборганди. Бироқ Моррининг бунчалик сердўстлиги мени ҳайратга солди, балки бироз ҳасад ҳам қилгандирман. Талабалик йилларимизда атрофимда гирдикапалак бўлган “ошна”ларимни эсладим. Қани ҳозир улар?
– Биласанми, Мич, ўлим тўшагига михланганимдан бери одамлар менга кўпроқ қизиқиш билдириб қолди.
– Сиз ҳар доим қизиқарли инсон бўлгансиз.
– О, – жилмайди Морри. – Жуда илтифотлисан.
“Ҳечам илтифотли эмасман”, хаёлимдан ўтказдим.
– Гап шундаки, – давом этди Морри, – одамлар менга кўприк сифатида қарашади. Ҳозирги аҳволимда мени тирик деб аташ қийин, лекин ҳали ўлганим ҳам йўқ. На у ёқлик ва на бу ёқликман.
Уни йўтал тутди, сўнг яна юзига табассум югурди.
– Мен буюк сафарга отландим, одамлар эса сўнгги йўлга нималарни ҳозирлаш зарурлигини айтиб кетишимни кутишяпти.
Яна телефон жиринглади.
– Морри, гаплаша оласизми, – сўради Конни.
– Бандман, эски қадрдоним мени кўргани келган, – таъкидлади у, – кейинроқ қўнғироқ қилишсин.
У мени бунчалик илиқ кутиб олганининг сабаби менга қоронғи. Уни ўн олти йил олдин тарк этган истиқболи порлоқ талабадан асар ҳам қолмаган. “Тунги хабарлар” кўрсатуви бўлмаганида Морри мен билан қайта кўришмасдан ўлиб кетган бўлармиди? Ўзимни оқлаш учун замонамизнинг барча вакиллари келтириши мумкин бўлган ягона баҳона бор эди: ўзимнинг ҳам ташвишларим бошимдан ошиб-тошиб ётганди. Жуда банд эдим.
“Менга нима бўлди?”, дея савол бердим ўзимга. Моррининг баланд ва бўғиқ овози мени бойлар – золим, кўйлак ва бўйинбоғ – қамоқхона либослари, тонгда ўрнингдан тургач мотоциклда юзингни шамолга тутиб, Париж кўчалари бўйлаб учиш ёки Тибетга йўл олиш эркинлигидан мосуво ҳаёт ҳаёт эмас, деб юрган талабалик йилларимга қайтарди. Менга нима бўлди?
Саксонинчи йиллар келди. Кейин тўқсонинчи йиллар. Ўлим ва хасталик нималигини кўрдим, семирдим, сочларим тўкила бошлади. Саноқсиз орзуларимни каттароқ маошга алмашдим, қизиғи, нималардан воз кечаётганимни англаб етганим ҳам йўқ. Ёнимда ўтирган Морри эса гўёки мен узоқ таътилдан қайтгандек, ҳали ҳам университет йилларидагидек дунёга ҳайрат билан боқарди.
– Қалбингни тортиқ қилишга арзирли инсонни топдингми? – сўради у. – Одамларга яхшилик қиляпсанми? Қалбинг хотиржамми? Қўлингдан келганича инсонийликка интиляпсанми?
Йиллар давомида ўзимни айнан шу саволлар устида чуқур бош қотиргандек кўрсатишга уриниб, ёлғон кетидан ёлғон қалаштирдим. Менга нима бўлди? Ҳеч қачон пул учун ишламайман, Тинчлик Корпусига қўшиламан, дунёнинг гўзал ва илҳомбахш ерларида ҳаёт кечираман, деб ўзимга ваъда бергандим-ку.
Аслида эса, мана ўн йилдирки, фақат бир жойда – Детройтда ишлайман, фақат битта банк хизматларидан фойдаланаман ва фақат битта сартарошга қатнайман. Ёшим ўттиз еттида; компьютер, модем ва мобил телефонлар асирига айланганман, меҳнат самарадорлигим университет давридагидан кўра анча юқори. Мен каби кишиларни назарига ҳам илмайдиган бадавлат спортчилар ҳақида мақолалар ёзаман. Энди ёшим атрофимдагилардан кичик ҳам эмас, ортиқ кулранг жемферлар кийиб олиб, ёқилмаган сигаретни лабимга қистириш орқали каттароқ кўринишга уринмайман ҳам. Тухум салатли сендвич танаввул қилиш баҳонасида ҳаёт мазмуни ҳақида охири йўқ муҳокамаларга киришмайман.
Иш кўплигидан нафас олишга ҳам вақтим бўлмасада, негадир ҳаётдан қониқмаслик ҳисси мени таъқиб қилаверади.
Менга нима бўлди?
– Мураббий, – деб юбордим беихтиёр унинг эски лақаби ёдимга тушиб.
Моррининг юзига нур югурди.
– Шундай. Мен ҳали ҳам мураббийингман.
У жилмайиб қўйди ва қирқ дақиқа олдин бошлаган таомини ейишда давом этди. Мен унинг овқатланишини томоша қилдим: қўллари шу қадар эҳтиёткорона ҳаракатланардики, кўрган киши Морри эндигина қўлларидан фойдаланишни ўрганяпти деб ўйларди. У пичоқни маҳкам тута олмасди: бармоқлари қалтирарди. Ҳар бир тишлам унинг учун бутун бир кураш эди: ютишдан олдин луқмасини майдалаб чайнарди. Баъзан чайнагани оғиз четларидан оқиб тушар, у эса сочиқча билан лабини артиш учун қўлидагини қўйишга мажбур бўларди. Териси билагидан муштигача қарилик доғлари билан қопланган ва шўрвадаги товуқнинг терисидек осилиб қолганди.
Биз – хаста қария ва ёш, соғлом эркак бироз муддат хона сукунатига ғарқ бўлиб, шу тахлит овқатландик. Хонадаги жимлик ўнғайсиз эди, лекин бу ўнғайсизликни фақат мен ҳис қилаётгандек эдим.
– Ўлим, – деди тўсатдан Морри, – қайғу чекишга арзигулик ягона нарса, Мич. Бахтсиз ҳаёт кечириш умуман бошқа масала. Мендан хабар олгани келганларнинг кўпчилиги бахтсиз.
– Нега?
– Хўш, биринчидан, мавжуд қарашларимиз одамларга ўзларидан қониқиш ҳосил қилиш имконини бермайди. Биз ёшларга янглиш қадриятларни сингдирамиз. Жамиятда мавжуд қарашлар ҳаётингни заҳарласа, уларга амал қилма, дейиш учун жасорат керак. Бундай ҳолларда ўз қарашларингни ярат. Бу нарса аксарият кишиларнинг қўлидан келмайди. Улар мендан ҳам бахтсизроқ, ҳаттоки ҳозирги аҳволимда ҳам. Мен ўлаётган бўлишим мумкиндир, лекин мени яхши кўрадиган, меҳрибон яқинларим ёнимда. Бундай дея оладиганларнинг сони нечта деб ўйлайсан?
Мен унинг заррача ҳам ўзига ачинмаётганидан лол қолдим. Рақс тушиш, сузиш, ювиниш ва ҳаттоки юриш бахтидан мосуво Морри; эшиги тақилласа, бориб жавоб бера олмайдиган, ювиниб чиққач, артинишни эплай олмайдиган, ётоқда мустақил бошқа томонга ўгирилиб ётишга ҳам ярамайдиган Морри. Қандай қилиб шунча нарсани бу қадар хотиржам қабул қилиш мумкин? Унинг санчқини зўрға ишлатаётганини кузатдим: помидор бўлагини олишга уринди, дастлабки икки уринишда уддасидан чиқа олмади – қандай ачинарли ҳолат. Шунга қарамасдан, Моррининг ёнимда эканлиги, худди талабалик йилларимдагидек, менга қандайдир осойишталик бахш этганини инкор этолмайман.
Қўл соатимга кўз ташладим, тарки одат – амри маҳол, жўнаш вақтим яқинлашиб қолганди, уйга қайтиш парвозим вақтини ўзгартиришимга тўғри келади, менимча.
– Биласанми, мен қандай ўламан? – сўради у.
Унга ҳайратланиб қарадим.
– Бўғилиб ўламан. Кўксов туфайли ўпкам хасталикка дош беролмайди. ALS тобора юқорилаб боряпти. Аллақачон оёқларимни ишдан чиқарган. У тез орада билакларим ва қўлларимга етиб келади ва навбат ўпкамга келганида, – елка қисиб қўйди у, – умрим ниҳоясига етади.
Унга нима дейишни билмасдим.
– Биласизми… Олдиндан бирор нарса деб бўлмайди, – дедим каловланиб.
Морри кўзларини юмди.
– Мен биламан, Мич. Лекин сен қўрқма. Яхши умр кечирдим, ўлим ҳақлигини эса ҳаммамиз биламиз. Яна тўрт-беш ойча вақтим қолган бўлса керак.
– Қўйсангиз-чи, – дедим асабийлашиб, – Ҳеч ким аниғини билмайди…
– Мен биламан, – майин овозда жавоб қайтарди Морри. – Буни аниқлаш мумкин бўлган кичик тест ҳам бор. Менга шифокор кўрсатганди.
– Тест?
– Бир неча марта нафас ол.
Унинг айтганини бажардим.
– Яна бир марта нафас ол, фақат бу сафар нафас чиқараётганингда яна нафас олишдан олдин улгурганингча сана.
Нафас чиқарар эканман, тез санай бошладим.
– Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз…
Нафасим тугашидан аввал етмишгача санашга улгурдим.
– Яхши, – деди Морри. – Ўпканг соғлом. Энди мени кузат.
У нафас олди ва паст, қалтироқ овозда санай бошлади.
– Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир, ўн икки, ўн уч, ўн тўрт, ўн беш, ўн олти, ўн етти, ўн саккиз…
Шундан сўнг тўхтаб, ютоқиб нафас олди.
– Шифокор биринчи марта бу машқни қилишимни сўраганида, йигирма учгача санаган эдим. Ҳозир эса ўн саккизгача. – У кўзини юмди ва бош чайқади. – Ёнилғи баким деярли бўшаб қолган.
Асабларим таранглашганидан сонимга муштладим. Кўрганларим бир кун учун етарли эди.
Морри билан қучоқлашиб хайрлашдим.
– Кекса профессорингни яна кўргани кел.
Охирги хайрлашувимизда берган шу каби ваъдамни эсламасликка ҳаракат қилиб, ундан яна хабар олгани келишга сўз бердим.
Морри бизга ўқишни буюрган китобларни университетдаги китоб дўконидан харид қиламан. Авваллари мен мавжудлигини ҳам билмаган китобларни сотиб оламан: “Ёшлик: шахсият ва инқироз”, “Мен ва сен”, “Шахснинг иккиланиши”.
Университетга киришдан олдин инсон муносабатларини ўрганиш алоҳида фан ҳисобланиши мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим. Моррини учратгунимча, бундай нарсаларга ишонмасдим.
Унинг китобларга бўлган иштиёқи шу қадар чексизки, юқтириб олмасликни иложи йўқ. Баъзан дарсдан кейин, синфхона бўшагач жиддий суҳбатга киришамиз. У менга ҳаётим тўғрисида саволлар беради, кейин эса Эрих Фромм, Мартин Бубер, Эрик Эриксондан иқтибослар келтиради. Маслаҳат берар экан, ўзи ҳам айнан шундай фикрдалиги аниқ бўлса-да, кўп ҳолларда уларнинг фикрларини келтириб ўтади. Айнан шу лаҳзаларда мен унинг шунчаки “амаки” эмас, ҳақиқий профессор эканлигини тушуниб етганман. Кунларнинг бирида менинг ёшимда жамият мендан нималарни кутиши ва ўзим нимани хоҳлашимни аниқ фарқлаб олиш қийинлигидан шикоят қилдим.
– Сенга қарама-қаршиликлар тортишуви ҳақида айтганманми? – сўради у.
– Қарама-қаршиликлар тортишуви?
– Ҳаёт тортишувлар кетма-кетлигидан иборат: гоҳ олдинга, гоҳ орқага. Сен ниманидир қилишни хоҳлайсан, лекин бутунлай бошқа нарсани қилишга тўғри келади. Ўзинг учун мутлақо безарар деб ўйлаган нарсанг сени жароҳатлайди. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаслигини билсанг ҳам маълум нарсаларга улар бор бўлиши шартдек қарайсан. Қарама-қаршиликлар тортишуви резина боғични таранг тортганингдаги ҳолатга ўхшайди. Кўпчилигимиз эса шу боғичнинг ўртасида яшаймиз.
– Кураш мусобақасини эслатаркан, – дейман мен.
– Кураш мусобақаси, – кулади у. – Ҳа, ҳаётни шундай тасвирласа ҳам бўлади.
– Хўш, бу курашда ким ғолиб чиқади? – сўрайман мен.
– Ким ғолиб чиқади? – жилмаяди у эгри тишларини кўрсатиб. Кўзлари атрофидаги ажинлар йиғилади. – Муҳаббат ғолиб чиқади. Ҳар доим муҳаббат ғалаба қозонади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.