Электронная библиотека » Митч Элбом » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Митч Элбом


Жанр: Личностный рост, Книги по психологии


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Учинчи сешанба:
пушаймонлик ҳақида суҳбатлашамиз

Кейинги сешанба куни одатдагидек бозор-ўчар қилиб келдим: маккажўхорили макарон, картошкали салат, олмали пирог. Яна Сонй магнитофонини ҳам кўтариб келдим.

– Нималар ҳақида суҳбатлашганимизни эслаб қолишни хоҳлайман, – дедим Моррига. – Овозингизни ёзиб олишни истайман… кейинроқ ҳам тинглаш имконим бўлади.

– Мен ўлганимдан кейин демоқчисан-да.

– Ундай деманг.

У кулди.

– Мич, мен ўляпман. Кейинроқ эмас, аксинча, тез орада.

Кейин у янги техникага ишора қилиб:

– Бунча катта бўлмаса, – деди.

Безбет мухбирдек ҳис қилдим ўзимни шу пайт. Дўст ҳисобланган икки инсон орасида магнитофон бегона ўт ёки сунъий қулоқдек ортиқчалик қилади, деган ўй ўтди хаёлимдан. Бунинг устига, шунча одам Моррининг эътиборига муштоқлигини ҳисобга олсак, мен бу сешанбаларда ҳаддан ортиқ кўп нарсаларга улгуриб қолишга уринаётган бўлгандирман.

– Менга қаранг, – дедим магнитофонни қўлимга олиб, – буни ишлатишимиз шартмас. Агар бу нарса сизга ноқулайлик туғдирса.

Морри кўрсаткич бармоғи билан тергагандек ишора қилиб, мени тўхтатди ва кўзойнагини ечган эди, у бўйнидаги ипга улаб қўйилгани учун кўксида осилиб, бир мунча вақт тебраниб турди. Кўзларимга тик қараб:

– Жойига қўй, – деди.

Мен магнитофонни жойига қайтариб қўйдим.

– Мич, – давом этди у юмшоқроқ оҳангда, – сен тушунмаяпсан. Мен сенга ўз ҳаётимни гапириб бермоқчиман. Тилдан қолмасимдан, айтиб қолай деяпман.

Унинг овози пасайиб, шивирлашга ўтди.

– Кимдир менинг ҳикоямга қулоқ тутса дейман. Сен тинглайсан-а?

Бош ирғадим.

Бир лаҳза жим қолдик.

– Хўш, – деди у, – матоҳинг ёниқми?

Ростини айтганда, магнитофоннинг вазифаси фақат хотираларни муҳрлаб қолиш эмасди. Мен Морридан айрилиб қолаётгандим, биз ҳаммамиз уни йўқотаётгандик: унинг оиласи, дўстлари, собиқ шогирдлари, ҳамкасб профессорлар, сиёсий муҳокамалар учун тузилган жонажон гуруҳларидаги ошналари, собиқ раққос шериклари, умуман, барчамиз. Магнитофон тасмалари эса суратлар ва видео-ёзувлар каби ўлим хуржунидан, ҳеч қурса, нимадир ўмариб қолишга бўлган бесамар уриниш эди.

Бироқ Моррининг жасурлиги, юморга бойлиги, сабри ва самимийлигига гувоҳ бўлиш орқали мен унинг ҳаётга тамомила бошқача нигоҳ билан қараётганини тобора равшанроқ англаб бораётгандим. Мен таниган инсонларнинг ҳеч бири ҳаётга бундай қарамасди. Соғломроқ нигоҳ эди у. Теранроқ нигоҳ. Морри эса ўлим ёқасида эди.

Агар тақдирга тан бериб, ўлимга тик боққанимизда фикрларимиз сирли равишда равшан тортадиган бўлса, унда Морри бу ҳодиса ҳақида бошқаларга гапириб бериш истагида эканини билардим. Ва мен бу нарсани қўлимдан келганча узоқроқ хотирамда сақлаб қолишни хоҳлардим.

Биринчи марта Моррини “Тунги хабарлар”да кўрганимда, у ўлими муқаррарлигини билгач, бирор ишидан пушаймон бўлганмикан, деб қизиққандим. Йўқотилган дўстлари учун аччиқ-аччиқ кўзёш тўкдимикан? Агар имкони бўлганда, бошқача ҳаёт кечирган бўлармиди? Худбинларча “Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, амалга оширилмаган ишларим, ҳавога совурилган имкониятларим ҳақидаги қайғули ўйларга ғарқ бўлармидим?” деб ўзимни саволга тута бошладим. Ичимда сақлаб келган сирлар яширин қолиб кетаётганидан афсусланармидим?

Мен шу ҳақида Морридан сўраганимда, у бош ирғади.

– Ҳаммани шу савол қийнайди, шундай эмасми? Бугун умримнинг сўнгги куни бўлса-чи?

У юзимга тикилиб туриб, иккиланиш, паришонлик аломатларини ўқиган бўлса ажаб эмас. Хаёлимда бир куни иш столим ёнида ёзаётган мақоламни якунига етказишга ҳам улгурмай гуп этиб йиқилиб, жон беришим ва тез ёрдам ходимлари мурдамни олиб чиқиб кетаётган бир пайтда муҳаррирларим чала қолган мақоламга очкўзларча ёпишишларини тасаввур қилдим.

– Мич? – чақирди Морри.

Мен бошимни силкиб ташлаб, ҳеч нима деб жавоб қилмадим. Бироқ Морри мендаги паришонликни сезди.

– Мич, – деди у. – Жамиятимиз ўлим тўшагига михланмагунингча бундай нарсалар ҳақида фикр юритишингга йўл қўймайди. Биз шахсий манфаатларимиз домига тушиб қолганмиз: мансаб, оила, пул топиш, ипотека қарзларини қайтариш, янги машина олиш, бузилган иситиш радиаторимизни тузатиш – бўш қолмаслик учун миллионлаб майда-чуйда ишларга кўмилиб яшайверамиз. Бир нафас тин олиб, ҳаётимизга ташқаридан назар ташлаб, ўз-ўзимизга савол беришга одатланмаганмиз: “Бор-йўғи шуми? Мен истаган нарсаларнинг бари шуми? Нимадир етишмаётганмикан?”

У бироз жим қолди.

– Бу йўналишда фикрлаш учун кимдир сенга туртки бўлиши керак. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараёнмас.

Мен унинг нима демоқчи бўлаётганини билардим. Бу ҳаётда ҳаммамиз устозга муҳтожмиз. Меники қаршимда ўтирарди.

“Бўпти, – ўйладим мен, – талаба бўлиш пешонамга битилган экан, имконим етганча яхши талаба бўлишга ҳаракат қиламан”.

Ўша куни самолётда уйга қайтар эканман, сариқ ёндафтарчамга ичимизда барчамизни қийнайдиган масалалар рўйхатини ёзиб чиқдим: бахт, кексайиш, фарзандли бўлишдан бошлаб то ўлимгача. Албатта, ўзўзимизни англаш учун ушбу мавзуларда минглаб китоблар ёзилган, бир дунё телекўрсатувлар бор, соати 9 доллар турувчи маслаҳат дарслари мавжуд. Америка ўз-ўзига ёрдам бериш соҳасида нақ форс бозорига айланган.

Шундай бўлса-да, аниқ-тиниқ жавоблар йўқ эди. Атрофингдагилар ҳақида қайғуришинг керакми ёки “ичингдаги болакай” парваришига эътибор беришинг лозимми? Анъанавий қадриятларга қайтиш лозимми ёки урф-одатларни бефойдага чиқариб, улардан воз кечиш керакми? Муваффақиятга интилиш керакми ёки оддийликками? Шунчаки, “Йўқ” дейишни ўрганган яхшими ёки гап-сўзларни йиғиштириб, ишга киришган афзалроқми? Мен бир нарсани аниқ билардим: кекса профессорим Морри ўз-ўзига ёрдам бериш бизнесида эмасди. У рельсда туриб, ўлим паровозининг ҳуштагини тинглар ва ҳаётдаги аҳамиятли нарсалар ҳақида аниқ тасаввурга эга эди.

Менга шу аниқлик зарур. Йўлини йўқотган ва шубҳагумонлар гирдобида азобланиб юрган қалбларнинг ҳар бири шу аниқликка муҳтож эди.

– Истаган мавзуйингда савол бер, – дерди Морри доим.

Шу сабабли қуйидаги рўйхатни туздим:

Ўлим

Қўрқув

Кексайиш

Нафс

Никоҳ

Оила

Жамият

Кечиримлилик

Мазмунли умр

Август охирлари, сешанба куни Ғарбий Ньютонга тўртинчи бор келаётганимда сумкамда шу рўйхат ётарди. Ўша куни Логан аэропортида кондиционер бузилган экан, одамлар елпиниб, жаҳл билан пешоналаридан оқаётган терни артишар ва кимга кўзим тушмасин, ҳаммасининг юз ифодасидан кимнидир бўғизлаб қўйишга тайёрлиги билиниб турарди.

Тўртинчи курс бошига келиб, мен жамиятшунослик фанидан шу қадар кўп дарсларга қатнашдимки, диплом олишим учун фақат бир неча кредит етмаётган эди, холос. Буни кўрган Морри аъло даражали диплом олиш учун қийинроқ диплом иши ёзишни таклиф этади.

– Мен-а? – сўрайман ундан, – нима ҳақида ёзаман?

– Қайсу мавзу сен учун қизиқ? – дейди у.

Бир дунё ғояларни кўриб чиқиб, мавзу қуриб қолгандек, спортга тўхталамиз. Мен “Футбол қандай қилиб Америкада халқ учун афюн, яъни сал кам дин даражасидаги муҳим удумга айланган?” деган мавзуда бир йиллик диплом ишимни бошлайман. Бу нарса бўлажак касбим учун тайёрлов курси экани хаёлимга ҳам келмайди. Билганим, шу нарса менга Морри билан ҳар ҳафталик суҳбатларимизни давом эттиришга имкон беради.

Баҳор келгунча унинг ёрдамида изланишларим натижалари, иқтибослар ва далиллар билан ҳужжатлаштирилган ҳамда қора чарм муқовага яхшилаб тикилган 112 варақлик диплом ишимни тугатаман. Илк марта гол урган ёш футболчидек, уни фахр билан Моррига кўрсатаман.

– Табриклайман, – дейди Морри.

У ишимни варақлар экан, мен юзимда масрур табассум билан унинг хонасидаги нарсаларга назар соламан. Китоб жавонлари, паркет пол, гилам, диван. Ичимда “Хонанинг қай нуқтасида ўтириш имкони бўлса, ҳаммасида ўтириб чиққанман” дейман ўзимга.

– Бирор нима дейишга тилим ожиз, Мич, – ўйчан ҳолда кўзойнагини тўғрилайди Морри, – бундай яхши ёзилган иш билан сени магистрликка олиб қолмасак гуноҳ бўлади.

– Бўлмасам-чи, – дейман мен.

Мийиғимда кулиб қўйсам-да, у айтган фикр менга мойдек ёқиб тушади. Бир томондан, университетни тарк этишни ўйласам, қўрқувга тушаман. Бошқа томондан эса тезроқ жўнаб қолсам дейман. Қарамақаршиликлар тортишуви. Диплом ишимни ўқиётган Моррини кузата туриб, катта ҳаётга қадам қўйиш қандай бўлиши ҳақида хаёл сураман.

Кўргазмали қуроллар: иккинчи қисм

Морри интервью берган биринчи кўрсатув катта муваффақият қозонгани сабабли “Тунги хабарлар” унинг иккинчи қисмини ҳам олишга қарор қилди. Бу сафар эшикдан кириб келган оператор ва продюссерлар ўзларини Моррининг оила аъзоларидек ҳис қиларди. Коппел ҳам ўзини олдингидан кўра анча дўстона тутарди. Синов жараёни ҳам, суҳбатдан олдинги суҳбат ҳам бўлмади. Гап гапга қовушиши учун аввалига Морри ва Коппел болалик хотиралари билан бўлишишди: Коппел Англияда туғилиб-ўсганини гапириб берди, Морри эса Бронксда катта бўлгани ҳақида сўзлади. Морри доим совқотарди, ҳатто ташқарида тўқсон даража иссиқ бўлса ҳам, шунинг учун узун енгли кўк кўйлак кийиб олганди. Бироқ Коппел костюмини ечиб қўйиб, суҳбатни кўйлак ва бўйинбоғда ўтказди. Морри уни секин-аста, бирма-бир қуролсизлантираётганга ўхшарди.

– Кўринишингиз чаккимас, – деди Коппел, камера тасмалари айлана бошлагач.

– Ҳамма шундай дейди, – жавоб қайтарди Морри.

– Гапиришингиз ҳам тетик.

– Ҳамма шундай дейди.

– Унда соғлиғингиз орқага кетаётганини қаердан биласиз?

Морри хўрсинди.

– Ўзимдан бошқа ҳеч ким буни билолмайди, Тед. Фақат ўзим биламан.

Морри гапида давом этаркан, ҳаммаси ойдинлашиб борарди. У ўз фикрини етказиш учун қўлларини биринчи суҳбатдагичалик бемалол силкитмаётганди. Маълум бир сўзларни талаффуз қилишга қийналар, “л” товуши унинг бўғзида қолиб кетаётгандек эди. Яна бир-икки ойдан кейин у мутлақо тилдан қолиши мумкин эди.

– Кайфиятимга келсак, – деди Морри Коппелга, – танишларим ва дўстларим ёнимда бўлганда, ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Меҳрга тўла муносабатлар менга мадад беради. Аммо тушкунликка тушган кунларим ҳам бўлади. Сизни алдаб нима қилдим. Содир бўлаётган маълум ўзгаришларни кўриб, даҳшатга тушаман. Қўлларимсиз қандай яшайман? Тилдан қолсам нима бўлади? Овқатни юта олмай қолиш мени унчалик безовта қилмайди, чунки у ҳолатда мени шунчаки найча орқали боқишади, тамом, нима бўпти шунга? Бироқ овозим? Қўлларим? Улар танамнинг ўта аҳамиятли қисмлари. Овозим бор экан, гапираман. Қўлларим ишлаб тураркан, фикримни турли ҳаракатлар, ишоралар орқали етказаман. Булар мен учун одамлар билан мулоқот воситалари.

– Тилдан қолганингизда қандай мулоқот қиласиз? – сўради Коппел.

Морри елка қисди.

– Балки ҳаммадан менга фақат жавоби “Ҳа” ёки “Йўқ” бўлган саволлар беришни сўрарман.

Жавоб шу қадар оддий эдики, Коппел беихтиёр жилмайди. У Морридан жимжитлик ҳақида сўради. У Моррининг ҳикматли сўзларини илк марта “Бостон Глоуб” нашрига юборган ҳамкасб қадрдон дўсти Морри Штейнни ёдга олди. Улар Брандейсда 60-йиллар бошларидан бери бирга ишларди. Ҳозирда Штейн секин-аста эшитиш қобилиятидан айрилаётганди. Коппел бири тилдан қолган, бошқаси эса эшитиш қобилиятини йўқотган икки кишининг учрашувини тасаввур қилди. Учрашув қандай ўтаркан?

– Бир-биримизнинг қўлимизни тутиб ўтирамиз, – деди Морри. – Ва ўртамизда чексиз меҳр-муҳаббат оқими сузади. Тед, бизнинг ўттиз беш йиллик дўстлигимиз бор. Буни ҳис қилиш учун сўз ҳам, эшитиш ҳам шарт эмас.

Кўрсатув тугашидан олдин Морри олган хатларидан бирини Коппелга ўқиб берди. “Тунги хабарлар”даги биринчи суҳбатдан кейин унга жуда кўп хат келарди. Бир хат Пенсилванияда ота-онасидан бирининг ўлимини бошдан кечирган тўққизта болакайдан иборат махсус синфга дарс берувчи ўқитувчидан келибди.

– Мана унга ёзган жавобим, – деди Морри Коппелга, кўзойнагини бурнига эҳтиёткорона қўндираркан. – Қадрли Барбара… Хатингиздан жуда таъсирландим. Ота-онасидан бирини йўқотган болалар билан ишлаётганингиз катта аҳамиятга молик деб ўйлайман. Мен ҳам онамдан жуда эрта ажралиб қолганман…

Ғувиллаб айланиб турган камералар қаршисида Морри кўзойнагини тўғрилади. Бироз жимиб қолди, лабини тишлади ва бўғзига тиқилиб келган тугундан халос бўлиш учун ютина бошлади. Кўзларидан ёш думалади.

– Болалигимда онамни йўқотганман… Бу мен учун қаттиқ зарба бўлган… Ўшанда мен ҳам сизникидек қайғуларим билан бўлиша оладиган гуруҳда ўқиганимда эди. Мен, албатта, гуруҳингизга қўшилган бўлардим чунки…

Унинг овози титраб кетди.

– Чунки мен шу қадар ёлғиз эдимки…

– Морри, – деди Коппел. – Онангиз вафот этганига етмиш йил бўлди. Ҳали ҳам қайғудан азоб чекасизми?

– Бўлмасам-чи, – шивирлади Морри.

Профессор

Усаккиз ёшда эди. Шифохонадан телеграмма келди. Рус муҳожири бўлган отаси инглиз тилида ўқий олмаганлиги сабабли янгиликни Моррининг ўзи маълум қилишига тўғри келди. У онасининг ўлими ҳақидаги хабарномани доскага чиқарилган ўқувчидек тутилиб-тутилиб ўқиди. “Чуқур ҳамдардлигимизни билдирган ҳолда, сизга шуни маълум қиламизки…” – ўқишни бошлади Морри. Дафн маросими куни тонгда Моррининг қариндошлари Манхеттеннинг қуйи шарқий қисмидаги қашшоқ мавзеда жойлашган кўп қаватли бинонинг зиналаридан бирма-бир тушиб келди. Эркаклар қора костюм-шимда, аёллар эса бошларига қора тўр ёпинчиқ ташлаб олганди. Мактабга йўл олган қўшни болалар уларнинг ёнидан ўтганда Морри ерга қараб олар, чунки синфдошлари уни бу аҳволда кўриб қолишларидан уялар эди. Моррининг холаларидан бири – тўлачадан келган аёл уни бағрига босиб, йиғлай кетди:

– Онасиз қолган болагинам, энди нима қиласан? Шу кунлар ҳам бормиди бошингда? Ҳолинг не кечади энди?

Морри ҳўнграб йиғлаб юборди. Синфдошлари эса қочиб кетди.

Қабристонда Морри онасининг қабрини тупроқ билан кўмишларини томоша қилиб турди. У ҳаётлигида бирга ўтказган бахтиёр онларни эслашга уринди. Онаси бетоб бўлиб, ётиб қолишидан аввал ширинликлар дўконини юритарди. Хасталикка чалинганидан кейин эса кўп вақтини ухлаш ёки деразадан ташқарига термилиб ўтириш билан ўтказарди; дераза ёнида у жуда нимжон ва ориқ кўринарди. Баъзан у ўғлига дориларини келтиришни айтиб қичқирарди, кўчада тўп чангитиб юрган кичкина Морри ўзини эшитмаганликка соларди. Хаёлида касалликка эътибор бермаса, у ўз-ўзидан йўқолиб кетадигандек туюларди.

Болакай бошқа қандай усулда хасталикка қарши туриши мумкин?

Моррининг отасини ҳамма Чарли деб чақирарди. У рус армиясида хизмат қилишдан қочиб, Америкага келиб қолганди. У мўйначилик соҳасида ишлар, аммо тез-тез ишсиз қоларди. Тайинли ўқимаган, инглиз тилида базўр гапирадиган отаси ниҳоятда қашшоқ киши бўлиб, оила асосан давлат томонидан бериладиган моддий ёрдам ҳисобига кун кечирарди. Улар ширинликлар дўконининг орқа томонида жойлашган қоронғи, тор ва зимистон уйда яшарди. Пул фақат рўзғордаги энг керакли нарсаларга етарди, холос. Машинали бўлиш улар учун орзу эди. Баъзан бироз пул ишлаб олиш мақсадида Морри укаси Девид билан одамларнинг уйи олдидаги зиналарни беш центга ювиб беришарди.

Онасининг вафотидан сўнг болакайларни Коннектикут ўрмонларида жойлашган кичкина меҳмонхонага юборишди. Меҳмонхона катта ёғоч уй бўлиб, у ерда бир нечта оила ижарада турар ва умумий ошхонадан фойдаланар эди. Қариндош-уруғлар болалар учун тоза ҳаво фойдали бўлади деган тўхтамга келганди. Морри ва Девид умрлари бино бўлиб, бунча кўп ўсимликларни кўрмаганликлари сабабли кун бўйи даладан бери келмай югуриб, ўйнаб юришарди. Бир куни кечки овқатдан кейин улар сайрга чиқишганди – ёмғир шаррос қуйиб юборди. Лекин улар уйга қайтиш ўрнига, соатлаб ёмғирда чопқиллаб, жиққа ҳўл бўлишди.

Эртаси куни уйғонишганда, Морри ётоғидан сакраб турди.

– Бўлақол, тур ўрнингдан, – деди у укасига.

– Туролмайман.

– Бу нима деганинг?

Девиднинг юзини ваҳима эгаллади.

– Мен… қимирлаёлмаяпман.

У полиомиелит касаллигига чалинганди.

Албатта, хасталикнинг сабабчиси ёмғир эмасди. Бироқ Моррининг ёшидаги болакай қаердан ҳам буни тушунсин. Анча вақтгача укасининг уй ва ихтисослаштирилган шифохона ўртасида саргардон қатнаши ва оёқларига махсус мослама тақиб юришга мажбур бўлганидан оқсоқлана бошлаганини кўриб, Морри ўзини айбдор ҳис қиларди.

Мазкур воқеалар таъсирида Морри эрталаблари синагогга қатнай бошлади. Отаси художўй киши бўлмагани сабабли ибодат қилишга бир ўзи борарди. Узун қора пальтоли кишилар сафида туриб, Худодан марҳума онаси ва бетоб укасини ўз паноҳида асрашини сўрарди.

Тушдан кейин эса метронинг кириш эшигида журнал сотиб, топган-тутганини озиқ-овқат олиш учун оиласига келтириб берарди.

Кечки пайт жимгина овқатини еяётган отасини кузатар, унинг бирор бир ширин сўз айтиши, меҳр-эътибор кўрсатишидан беҳуда умидвор бўларди.

Тўққиз ёшида елкасида тоғдек юкни кўтариб юргандек сезарди ўзини.

Кейинги йил Моррининг ҳаётига халоскор инсон кириб келди: ўгай онаси Ива. У руминиялик муҳожир бўлиб, паст бўйли, жингалак сочли, кўримсиз аёл эди. Камида иккита аёлнинг ғайрати бор эди унда. Аёл уйда ота яратган бўғиқ муҳитга илиқ нур олиб кирди. Эр жим қолганда, аёл уни гапга солар, тунлари эса болаларга қўшиқ куйлаб берарди. Унинг тинчлантирувчи овози, уй вазифаларини бажаришга ёрдамлашиши, ўжар табиати Моррининг кўнглига малҳам бўларди. Ҳали ҳам оёғига махсус мослама кийиб юрган укаси шифохонадан қайтганида, иккаласи ошхонадаги йиғма каравотда бирга ухлайдиган бўлишди. Ива ҳар тун уйқуга кетишдан олдин уларга хайрли тун тилаб, ўпиб қўйгани кирарди. Морри ушбу ўпичларни кучукча сутини кутгани каби ошиқиб кутар, қалбининг туб-тубида яна онали бўлгандек ҳис қиларди ўзини.

Аммо қашшоқлик уларни ҳеч тарк этай демасди. Эндиликда улар Бронксга кўчиб ўтиб, Тремон Авенюдаги пишиқ ғиштдан қурилган кўп қаватли уйнинг бир хонали хонадонида истиқомат қилишарди. Уй яқинида усти очиқ итальян қовоқхонаси жойлашган бўлиб, у ерда қари кишилар ёз оқшомларини боччи ўйнаш билан ўтказишарди. Буюк иқтисодий инқироз сабабли Моррининг отасига мўйначилик бозорида иш топиш янада қийинлашди. Баъзан оила кечки овқатга ўтирганда Ива дастурхонга қўйгани нондан бошқа нарса топмасди.

– Яна нима бор егани? – сўрарди Девид.

– Бошқа ҳеч нарса йўқ, – жавоб қайтарарди Ива.

Морри ва Девидни ухлашга ётқизаётиб, Ива уларга яҳудий тилида ашула айтиб берарди. Ҳатто қўшиқлар ҳам ғамгин ва ғариб эди. Сигарет сотишга уринаётган қизча ҳақидагиси бўларди:

 
Сигаретлардан олиб қолинг,
Улар қуруқ: ёмғирда ивимаган.
Етимчага раҳмингиз келсин.
 

Оғир оилавий шароитга қарамасдан, Морри одамларга меҳр бериш ва ўзгалар ҳақида қайғуришга ўргатилганди. Шунингдек, илм олишга ҳам. Ивани фақат аъло баҳолар қониқтирарди, чунки у таълимни қашшоқликдан қутулишнинг ягона чораси деб биларди. Унинг ўзи ҳам инглиз тилини яхшироқ ўрганиш учун тунги мактабга қатнарди. Иванинг меҳнатлари туфайли Морри билимга чанқоқ бўлиб ўсди.

У тунлари ошхона столида, чироқ ёруғида дарс қиларди. Эрталаблари эса онаси учун марҳумлар ҳаққига ўқиладиган дуо – Изкор айтгани синагогга қатнарди. Қанчалик ишониш қийин бўлмасин, отаси унга марҳума онасини тилга олишни тақиқлаб қўйганди. Чарли ёш Девиднинг Ивани ўз онасидек кўришини хоҳларди.

Морри учун бу ўта оғир юк эди. Йиллар давомида онасидан қолган ягона ёдгорлик унинг ўлими ҳақидаги телеграмма эди. У телеграммани келган куниёқ яшириб қўйганди.

Морри уни бутун умр ёнида сақлади.

Морри ўсмирлик ёшига етганда, отаси уни ўзи ишлайдиган мўйна фабрикасига олиб борди. Буюк иқтисодий инқироз йиллари эди. Отаси Моррига иш топиб бериш мақсадида юрарди.

У фабрикага қадам қўйиши билан деворлар уни тўрт томондан қуршаб олгандек бўлди. Хона қоронғи ва иссиқ, дераза ойналари кирланиб ётар, бир-бирига тиқиб ўрнатилган машиналар поезд ғилдиракларидек тарақлаб ишларди. Ҳавода учиб юрган мўйна толалари нафас олишни оғирлаштирар, ишчилар игна устида букчайганча мўйна бўлакларини бир-бирига йўрмалаб улашар, хўжайин эса қаторма-қатор юриб, уларни тезроқ ишлашга чақирарди. Морри зўрға нафас оларди. У отасининг ёнида юрагини ҳовучлаб турар, хўжайин унга ҳам бақириб қолиши мумкинлигидан даҳшатга тушарди.

Тушлик пайти отаси Моррини хўжайиннинг олдига олиб борди. Болани олдинга итариб, унга бирор иш топилармикан, деб сўради. Аммо катталарга ҳам деярли иш йўқ эди, бор ишчилар эса фабрикани тарк этиш ниятида эмасди.

Шу ҳолат Моррига нажот бўлди. У бу жирканч жойни тезроқ тарк этишни хоҳларди. Морри шу онда ўзича қасам ичди ва умрининг охиригача унга содиқ қолди: у ҳеч қачон инсонлар эксплуатация қилинадиган ишда ишламайди ва бошқаларнинг пешона тери эвазига пул топмайди.

– Ким бўлмоқчисан унда? – сўрарди Ива.

– Билмадим, – жавоб қайтарарди Морри. У ҳуқуқшуносликни рўйхатдан ўчириб ташлаганди, чунки ҳуқуқшуносларни ёмон кўрарди. Шунингдек, тиббиётни ҳам рўйхатдан чиқаришга тўғри келди, чунки қондан қўрқарди.

Ким бўлмоқчисан?

Ҳаётимда учратган энг яхши профессор тасодифан ўқитувчиликни танлаганди.

“Ўқитувчи абадиятга таъсир кўрсата олади, унинг таъсири қаерда тугашини ҳеч қачон билиб бўлмайди”.

Генри Адамс


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации