Текст книги "Моррининг сешанба дарслари"
Автор книги: Митч Элбом
Жанр: Личностный рост, Книги по психологии
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 10 страниц)
Олтинчи сешанба: ҳис-туйғулар ҳақида суҳбатлашамиз
Тоғ дафнаси ва япон заранг дарахти ёнидан ўтиб, кўкимтир тош зиналардан Моррининг уйига кўтарилдим. Том қирраси бўйлаб ўрнатилган оқ тарнов кириш эшиги устида осилиб, айвонча ҳосил қилганди. Эшик қўнғироғини чалдим, лекин мени Конни эмас, Моррининг рафиқаси Шарлотта – аллаловчи оҳангда гапирадиган кулранг сочли гўзал аёл қарши олди. Мен келганимда кўпинча у уйда бўлмасди – Морри хоҳлагани учун Массачусетс технологиялар институтида ишлашни давом эттираётганди; бу сафар уни кўрганимдан бироз ҳайратландим.
– Бугун Моррининг аҳволи унчалик яхши эмас, – деди у. Бир лаҳза елкам оша ташқарига тикилиб турди, кейин эса ошхонага қараб юрди.
– Афсусдаман, – дедим мен.
– Йўқ, йўқ, у ташрифингиздан хурсанд бўлади, – тезда жавоб қайтарди у. – Албатта…
Гапини тугатмасдан жимиб қолди ва бошини бироз буриб, ниманидир эшитишга уринди. Сўнг гапида давом этди:
– Албатта… шу ердалигингизни эшитиши биланоқ ўзига келиб қолади.
Бозордан харид қилган нарсаларим солинган пакетларни қўлимга олдим:
– Одатий озиқ-овқат таъминоти, – ҳазил аралаш айтдим мен.
Унинг юзида хавотир аралаш табассум пайдо бўлди.
– Шундоқ ҳам егулик кўп эди. Охирги марта олиб келинганларидан ҳеч нарса емади ҳали.
Унинг гапидан ҳайратга тушдим.
– Ҳеч қайсини емадими? – сўрадим мен.
У музлаткични очганди, таниш маҳсулотларга кўзим тушди: товуқли салат, вермишель, сабзавотлар, қовоқ дўлма – Моррига атаб олиб келганларим. У ҳозиргина кўрганимдан ҳам кўпроқ егуликлар тўлдирилган музхонани очди.
– Морри бу овқатларнинг кўпини ея олмайди. Ютишга жуда қийналяпти. Энди у фақат юмшоқ ва суюқ маҳсулотларни ейиши мумкин.
– Лекин у менга бу ҳақида ҳеч оғиз очмаган, – дедим мен.
Шарлотта жилмайди:
– У сизни хафа қилишни хоҳламайди.
– Бу мени хафа қилмаган бўларди. Шунчаки, қандайдир ёрдамим тегса дегандим. Унга нимадир олиб келсам дегандим…
– Нимадир олиб келяпсиз. У ташрифингизни интизорлик билан кутади. Ушбу лойиҳани айнан сиз билан амалга ошириши зарурлиги, бунинг учун диққатини бир ерга жамлаши ва алоҳида вақт ажратиши кераклиги ҳақида гапиради. Менимча, бу Моррига яшашидан мақсад борлигини ҳис қилишга ёрдам беряпти…
Унинг нигоҳи яна узоқ-узоқларга тикилаётгандек қотиб қолди, хаёлан бошқа ерда кезиб юргандек эди. Тунлари Моррининг аҳволи ёмонлашиб бораётганини билардим: кечаси ухлай олмасди, демак, Шарлотта ҳам кўпинча мижжа қоқмай чиқарди. Баъзида Морри соатлаб йўталар, чунки томоғига ёпишган балғамдан қутулиш анча вақт оларди. Энди тиббий ходимлар туни билан навбатчилик қилишар, кундузи эса Морридан хабар олгани келувчиларнинг кети узилмасди: собиқ талабалар, ҳамкасб профессорлар, медитация мураббийлари. Айрим кунлари беш-олти киши ташриф буюрар ва кўпинча Шарлотта ишдан қайтганида, меҳмонлар ҳали ҳам профессор билан ўтирган бўларди. Гарчи бегоналар Шарлоттанинг Морри билан ўтказиши мумкин бўлган қимматли дақиқаларини ўғирлаётган бўлса-да, у барчасига сабр билан қарарди.
– …мақсад борлигини ҳис қилиш, – давом этди Шарлотта. – Ҳа. Биласизми, бу фойдали.
– Шундай деб умид қиламан, – дедим мен.
Янги келтирилган егуликларни музлаткичга жойлаштиришга ёрдамлашдим. Ошхона столида турли қайдномалар, хабарлар, маълумотлар ва тиббий кўрсатмалар ёзилган қоғоз парчалари ётарди. Стол усти ҳар доимгидан ҳам кўпроқ дори-дармонларга тўлиб кетганди: кўксов касали учун “Селестон”, “Ативан” уйқу дориси, инфекцияларга қарши курашиш учун “Напроксен”, сутли қоришма кукуни ва сурги дорилар. Коридор охирида эшик очилгани эшитилди.
– Энди бўшади, шекилли… Бориб қарай-чи.
Шарлотта яна мен келтирган егуликларга кўз ташлаганди, бирданига мени уят ҳисси чулғаб олди. Буларнинг бари Морри эндиликда лаззат олишдан маҳрум бўлган нарсаларни ёдга соларди.
Моррининг дарди оғирлашаётганини кўрсатувчи белгилар кўпайиб бораётганди. Ва ниҳоят, Моррининг ёнига кириб ўтирганимда, у одатдагидан кўпроқ йўталаётганини сездим: кўкрак қафасини ларзага келтираётган қуруқ, томоқни қирувчи йўталдан боши олдинга силкиниб-силкиниб кетарди. Навбатдаги йўтал хуружидан кейин у тўхтаб, кўзларини юмди ва чуқур нафас олди. Унинг ўзига келиб олишини кутиб, жимгина ўтирдим.
– Тасмага ёзиб оляпсанми? – тўсатдан сўради у, кўзини очмасдан.
– Ҳа, ҳа, – дедим мен тезда, “Ёқиш” ва “Ёзиб олиш” тугмаларини боса туриб.
– Мен ҳозир, – давом этди у кўзлари юмуқ ҳолда, – воқеликдан узиляпман.
– Узиляпсиз?
– Ҳа. Узиляпман. Бу нафақат мен каби ўлим ёқасидагилар учун, балки сендек тамомила соғлом одамлар учун ҳам муҳим. Воқеликдан узилишни ўрган.
У кўзларини очди. Нафас чиқарди.
– Биласанми, буддистлар нима дейди? Буюмларга боғланиб қолманг, чунки ҳеч бири боқий эмас.
– Тўхтанг, тўхтанг, – дедим мен. – Ахир, доим ҳаётда ҳамма нарсани татиб кўриш керак деган ўзингиз эмасми? Барча яхши ҳисларни, ёмонларини ҳам.
– Ҳа.
– Хўш, агар воқеликдан узилсангиз, қандай қилиб татиб кўрасиз?
– Ҳмм. Фикрлаяпсан, Мич. Аммо узилиш бу воқеликнинг ичингга кириб боришига монелик қилиш дегани эмас. Аксинча, унинг сенга тўлиқ сингиб кетишига имкон бериш. Шундагина уни тарк эта оласан.
– Ҳеч вақони тушунмаяпман.
– Исталган туйғуни олайлик – хоҳ у аёлга муҳаббат бўлсин, хоҳ у йўқотилган суюкли инсонинг ғамида куйиш ёки мен бошдан кечираётган ҳислар: оғриқ ва бедаво дард қўрқуви бўлсин. Агар ҳисларингни ҳадеб жиловлайверсанг, туйғуларингга эрк бермасанг, ҳеч қачон улардан қутула олмайсан, қўрқув исканжасида қолиб кетасан. Оғриқ, ғам сени даҳшатга солаверади. Муҳаббат сени заиф қилиб қўйишидан қўрқасан. Аммо ўзингни ҳеч бир ҳадикларсиз туйғулар уммонига отиб, унга тамоман ғарқ бўлгач, эркингни бутунлай ҳис-туйғулар ихтиёрига топшириш орқалигина уларни тўлалигича ҳис этасан. Оғриқ нималигини англайсан. Муҳаббат нималигини англайсан. Қайғу нималигини тушуниб етасан. Фақат шундан кейингина “Бўлди. Мен бу туйғуни бошдан кечирдим. Уни таниб олдим. Энди эса бир лаҳзага бу туйғудан узилишим керак”, дея оласан.
Морри гапидан тўхтаб, унинг сўзларини тўғри тушунаётганимга ишонч ҳосил қилиш учун менга синовчан нигоҳ ташлади.
– Биламан, гап фақат ўлим ҳақида бораётгандек туюляпти сенга, – деди у. – Лекин сенга такрор ва такрор таъкидлаганимдек, ўлишни ўрганган кунинг яшашни ҳам ўрганасан.
Морри бошидан ўтган энг қўрқинчли онлари ҳақида гапириб берди: кўкрак қафаси хуружлар исканжасида қолиб кетгандек ёки кейинги нафаси сўнггиси бўлиши мумкиндек туюлган пайтлар.
– Даҳшатли онлар, – деди у. – Бундай пайтда энг биринчи бўлиб, қўрқув, ваҳима ва саросимага тушиб қоласан.
Бироқ у ушбу ҳисларни, уларнинг тузилиши, таъми, этни жимирлатиб, мияга чақмоқдек қайноқ қон югуртиришини билиб олгач, ўзига “Яхши. Бу қўрқув. Ундан чекиниш керак. Чекиниш”, дея оладиган бўлди.
Мен бу куч кундалик ҳаётда қанчалар асқатиши мумкинлиги ҳақида ўйладим. Баъзан ўзимизни шунчалар ёлғиз ҳис қиламизки, ўксиб йиғлагимиз келади; лекин йиғлаш уят, деб кўзёшларимизни ичимизга ютамиз. Ёки умр йўлдошимизга нисбатан меҳримиз жўшиб кетган пайтлар ҳам, туйғуларимизни изҳор этиш муносабатларимизга акс таъсир ўтказишидан қўрқиб, индамай қўя қоламиз.
Моррининг ёндашуви тўлалигича бунинг акси эди. Жўмракни охиригача оч. Ўзингни туйғулар билан покла. Бу сенга озор бермайди. Фақатгина ёрдами тегади. Қўрқув ичингга кириб боришига имкон бериб, уни худди кўйлак каби бемалол эгнингга илиб кетаверадиган бўлганингдагина, ўзингга “Ҳаммаси яхши, бу шунчаки қўрқув, холос. У мени бошқаришига имкон бермаслигим керак. Унинг нималарга қодирлигини биламан”, дея оласан.
Ёлғизлик билан ҳам худди шундай йўл тут: унга эрк бер, юм-юм кўзёш тўк. Кейин эса “Мана, ёлғизлик таъмини ҳам тотиб кўрдим. Ўзимни ёлғиз сезишдан қўрқмайман, лекин энди уни бир четга суриб, бу оламнинг бошқа кўплаб туйғулари билан танишиб, уларни ҳам ҳис қилиб кўраман”, дейишга куч топ.
– Воқеликдан узил, – такрорлади Морри.
У кўзларини юмиб, йўталди. Кейин яна.
Учинчисида янада қаттиқроқ йўталди.
Бир пайт у бўғила бошлади: ўпкасида йиғилиб қолган тиқин уни масхаралаётгандек ярим йўлгача кўтарилиб, кейин яна орқага қайтар, нафас олишга имкон бермасди. У томоғига нимадир тиқилиб, ўтирган жойида сакраб-сакраб тушар, қўлларини олдинга узатиб, қаттиқ силкитарди. Кўзлари юмуқ ҳолда қўлларини силкитишидан вас-вас бўлиб қолгандек кўринарди. Пешонамни тер босганини сездим. Мен беихтиёр уни ўзимга тортиб, икки кураги ўртасига шапатиладим; у сочиқча билан оғзини беркитиб йўталди-да, балғам ҳалқобини тупуриб юборди.
Йўтал тўхтади; Морри ўзининг юмшоқ ёстиқларига ястаниб, ютоқиб нафас олди.
– Яхшимисиз? Ўзингизга келдингизми? – сўрадим мен, қўрқувимни яширишга уриниб.
– Ҳа… яхшиман, – шивирлади Морри қалтираётган бармоғини кўтариб. – Ҳозир… Бир дақиқа.
Унинг нафас олиши бир маромга тушгунича жим ўтирдик. Бошим терлаб кетганини ҳис қилдим. У деразани ёпишимни сўради – енгил шабадада ҳам совуқ ерди. Ташқарида ҳаво 26 даража иссиқлигини айтиш эсимдан чиқибди.
– Қандай ўлишни хоҳлашимни биламан, – ва ниҳоят шивирлади у.
Жимгина унинг гапида давом этишини кутдим.
– Мен хотиржам, осойишта ўлим топишни хоҳлайман. Ҳозир кўрганингдек эмас. Мана қаерда воқеликдан узила билиш қўл келади. Агар ҳозиргидек йўтал тутганда жоним узилса, қўрқувдан халос бўлиб, “Вақт-соатим етди”, дея олишим зарур. Бу дунёни юрагимда қўрқув билан тарк этишни хоҳламайман. Мен нима содир бўлаётганини англаш, ҳолатни борича қабул қилиб, сокинликда жон беришни хоҳлайман. Нима деяётганимни тушуняпсанми?
Мен бош ирғадим.
– Фақат ҳали кетмай туринг, – шошиб қўшиб қўйдим мен.
Морри зўрға жилмайди:
– Йўқ. Ҳали эрта. Ҳали қиладиган ишларимиз бор.
– Реинкарнацияга ишонасизми? – сўрайман мен.
– Қайдам.
– Нимага айланиб қайтган бўлардингиз?
– Агар танлаш имконим бўлса, оҳуга.
– Оҳу?
– Ҳа, оҳу. Улар бирам назокатли. Бирам учқур.
– Оҳу?
Морри менга қараб, жилмаяди:
– Сенга танловим ғалати туюляптими?
Унинг озиб-тўзиб кетган гавдаси, қопдек кенг кийимлари, қалин пайпоқ кийдирилиб, ғалвирак резина ёстиқ устига ташлаб қўйилган, маҳбуснинг темир кишан урилган оёқлари каби қимирлашга ожиз оёқларини кўздан кечираман. Саҳрода шамолдек елаётган чопқир оҳуни тасаввур қиламан.
– Йўқ, – дейман кейин. – Ҳечам ғалати эмас.
Профессор: иккинчи қисм
Мен билган Морри, бошқа кўплаб инсонлар билган Морри Вашингтон шаҳрининг шундоқ ташқарисида жойлашган, алдамчи осойишта номга эга “Каштан уйча” руҳий касаллар шифохонасида ишлаган йилларисиз биз таниган инсон бўла олмасди. Бу Моррининг Чикаго университетида магистрлик ва ПҲД илмий даражаларини қўлга киритганидан кейинги дастлабки иш жойларидан бири эди. Тиббиёт, ҳуқуқ ва тадбиркорликдан юз ўгиргач, Морри тадқиқот билан машғул бўлишни бошқаларни эксплуатация қилмасдан туриб жамиятга ўз ҳиссасини қўша оладиган соҳа деб топди.
Моррига руҳий хаста беморларни кузатиши ва уларнинг муолажаларини қайд этиб бориши учун грант ажратилди. Гарчи бу ҳозирда одатий бўлиб туюлса-да, эллигинчи йилларнинг бошларида янги амалиёт ҳисобланарди. Морри кун бўйи бақириб чиқадиган беморларни кўрди. Туни билан йиғлаб чиқадиган, иштонини булғаб қўядиган, овқат ейишдан бош тортган, қўл-оёғини боғлаб, томирига дори-дармон юбориш орқали озиқлантирилган беморларни кузатди.
Шифохонадаги беморлардан бири – ўрта ёшлардаги аёл ҳар куни хонасидан чиқиб, коридорнинг кафелли полига юзтубан ётиб олиб, соатлаб шу ҳолатда қолар, шифокор ва ҳамширалар эса шунчаки уни четлаб ўтиб кетаверарди. Морри унинг ҳаракатларини қўрқув билан кузатса-да, кузатувларини ён дафтарига қайд қилиб борарди – унинг вазифаси ҳам шу эди. Бемор аёл ҳар куни шу ҳаракатини такрорларди: тонгда хонасидан чиқиб келиб, полга ётиб олар ва то кечгача шу ҳолатда қолар, ҳеч ким билан гаплашмас, бошқалар ҳам унга эътибор бермасди. Морри унга ачинарди, унинг ёнида полда ўтиришни одат қилди; аёлни тушкунликдан халос қилишга уринар экан, баъзан унга қўшилиб полга ётиб оларди. Охир-оқибат уни ўтиришга ва ҳатто хонасига қайтишга кўндирди. Маълум бўлишича, аёл ҳам аксарият кишилар каби бошқалар унга эътибор қаратишларини хоҳлаган экан.
Морри “Каштан уйча”да беш йил ишлади. Беморлар билан дўстлашиш тавсия этилмаса-да, Морри уларнинг бир нечтаси билан яқин бўлиб кетди; улар орасида Моррига бой эрининг уни ушбу шифохонага жойлаштиришига қурби етганини ўзининг омади деб билишини айтиб ҳазиллашувчи аёл ҳам бор эди.
– Агар арзон руҳий шифохоналардан бирига жойлаштирилганимда аҳволим не кечарди? – дерди аёл.
Ҳамманинг юзига тупуриб юрадиган бошқа бир аёл Моррини ёқтириб қолган, уни ўзининг дўсти деб атарди. Улар ҳар куни суҳбатлашишар, шифохонадагилар эса ҳеч бўлмаса бир киши бу аёл билан мулоқотга кириша олганидан мамнун эди. Бироқ кунларнинг бирида аёл қочиб кетди ва Морридан уни қайтариб олиб келишда ёрдам сўрашди. Уни яқиндаги дўконларнинг бирида – омборхонада беркиниб ўтирганини аниқлашди. Морри кириб борганида, аёл унга ғазабнок нигоҳини қадади.
– Сен ҳам уларнинг бири экансан-да?! – қичқирди у.
– Кимларнинг бири? – сўради Морри.
– Мени қамоқда сақлаётганларнинг.
Морри аксарият беморлардан яқинлари юз ўгиргани, улар бошқалар эътиборидан маҳрум эканликлари ва кишиларнинг муносабатидан ўзларини бу ҳаётда умуман мавжуд эмасдек ҳис қилишларига гувоҳ бўлди. Уларга ҳамдардлик етишмас, чунки шифохона ходимларида бу туйғу жуда тез поёнига етарди. Беморларнинг кўпчилиги бадавлат, бой оилалардан бўлиб, бойлик уларга бахт ёки ҳаётдан мамнунлик ҳиссини бера олмаганди. Бу нарса Морри учун унутилмас сабоқ эди.
Мен Моррига олтмишинчи йилларда қолиб кетгансиз, деб ҳазиллашардим. У эса ҳозир яшаётган давримиз билан солиштирганда олтмишинчи йиллар у қадар ёмон бўлмаганини айтарди.
Морри Брандейсга руҳий саломатлик соҳасидаги ишидан кейин – олтмишинчи йиллар арафасида келганди. Бир неча йил ичида университет маданий инқилоб ўчоғига айланди. Гиёҳванд моддалар, жинсий муносабатлар, ирқчилик, Ветнам урушига қарши намойишлар. Эбби Хоффман Брандейсда таҳсил олган. Жерри Рубин ва Анжела Девис ҳам. Моррининг дарсларида “радикал” талабалар кўп эди.
Бунинг сабабларидан бири – Жамиятшунослик факультети ўқитувчилари оддийгина дарс беришдан ташқари ўзлари ҳам ушбу жараёнларга бош қўшганди. Масалан, факультет тиш-тирноғи билан урушга қарши эди. Талабалар белгиланган ўртача бални тўплай олмаса, армияга чақирилиши кечиктирилгани ҳақидаги ҳужжатлари бекор қилинишидан хабар топган ўқитувчилар талабаларга умуман баҳо қўймасликка қарор қилишди. Университет маъмурияти агар баҳо қўйилмаса, барча талабалар имтиҳонлардан йиқилган деб ҳисобланишини айтганида, Морри ушбу муаммонинг ечимини топди: “Келинг, уларнинг ҳаммасига А (аъло) баҳо қўямиз”. Ва ҳамма ўқитувчилар у айтганидек қилди.
Кампусга ҳурфикрлилик олиб кирган олтмишинчи йиллар Моррининг бўлимида фаолият юритувчи ходимларга ҳам ҳурфикр ғоялар олиб келди: ишга ҳозирда одат тусига кирган жинси шим ва шиппакда келишдан бошлаб то синфхонага юраги уриб турувчи жонли даргоҳ сифатида қарашгача. Улар муҳокамани маърузадан, амалиётни назариядан устун қўя бошлади. Улар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги лойиҳалар устида ишлаётган талабаларни жанубий штатларга, амалиётчи талабаларни эса катта шаҳарларнинг ночор қисмларига юборишди. Улар норозилик намойишларида иштирок этиш учун Вашингтонга боришар; Морри кўпинча талабалар тўла автобусни ўзи ҳайдарди. У шундай сафарларнинг бирида бўйниларига ранг-баранг мунчоқлар тақиб олган аёллар этакларини ҳилпиратиб, аскарларнинг милтиқларига гул қўйгани, кейин эса майсазорга ўтириб, қўл ушлашиб, Пентагонни фикр кучи билан ҳавога кўтаришга уринишганини майин табассум билан томоша қилди.
– Уни қўзғата олишмади, – деди Морри, кейинчалик шу воқеани ёдга оларкан, – лекин муҳими, уриниб кўришди.
Кунларнинг бирида бир гуруҳ қора танли талабалар Брандейс университетининг Форд корпусини эгаллаб олишди ва унга “Малколм Х университети” деб ёзилган баннер илиб қўйишди. Форд корпусида кимё лабораториялари жойлашгани сабабли айрим маъмурият вакиллари бу радикаллар ертўлада бомба тайёрлаяпти деган хавотирга ҳам борди. Морри гап нимадалигини яхши биларди. У муаммонинг асл моҳияти – ўзларининг қандайдир аҳамиятга эга эканлигини ҳис қилишга уринаётган оддий инсонлар эканини кўриб турарди.
Қўзғолон бир неча ҳафта давом этди. Морри бинонинг ёнидан ўтиб кетаётганида, қўзғолончилардан бири севимли устозини таниб қолиб, деразадан киришга ундамаганида, қўзғолон узоқроқ давом этиши ҳам мумкин эди.
Бир соатдан кейин Морри қўзғолончиларнинг истаклари акс этган рўйхат билан деразадан эмаклаб қайтиб чиқди. У рўйхатни университет президентига етказгач, муаммо ҳал этилди.
Морри ҳар доим муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг уддасидан чиқарди.
Брандейс университетида у ижтимоий психология, руҳий хасталиклар ва руҳий саломатлик, жамоада шахснинг ахлоқи каби фанлардан дарс берарди. Дарслар ҳозирда “касбий кўникмалар” деб аталувчи жиҳатларга кўп ҳам урғу бермасдан, асосий эътиборни “шахсий ривожланиш”га қаратади.
Шу сабабли ҳам, бугуннинг ҳуқуқшунослик ва тадбиркорлик йўналиши талабалари унинг дарсларини ўта содда ва бефойда деб ҳисоблаган бўларди, балки. Унинг талабалари университетни битиргач, қанча пул топди? Неча марта судда катта ишларни ютиб чиқди?
Бироқ шу билан бир қаторда, университетни тамомлагач, ушбу ҳуқуқшунос ва тадбиркор талабаларнинг нечтаси ўзларининг кекса профессоридан хабар олади? Моррининг талабалари ҳар доим уни кўргани келиб туришарди. Умрининг охирги кунларида уникига юзлаб талабалари ташриф буюрди: Бостон, Нью-Йорк, Калифорния, Лондон ва Швейтсариядан; йирик компаниялар ва ночор туманлар мактабларида фаолият юритаётганлар. Унга қўнғироқ қилишди, хатлар ёзишди. У билан учрашиш, суҳбатлашиш, унинг табассумини кўриш учун юзлаб миль йўл босиб келишди.
– Бошқа сизга ўхшаган бирорта ўқитувчи топмадим, – дея таъкидларди келган талабаларнинг ҳар бири.
Морри билан суҳбатларимиз давом этаркан, мен ўлим ҳақида ўқий бошладим: турли маданият вакилларининг ҳаётдан кўз юмишга қарашлари ҳақида. Масалан, Шимолий Американинг Арктикага яқин қисмида истиқомат қилувчи бир қабила ер юзидаги барча нарсанинг ичида ўзининг митти шакли яшайди, яъни кийикнинг ичида митти кийикча, одамнинг ичида эса митти одамча яшайди. Ташқи – катта мавжудот вафот этганида, ички – митти мавжудот яшашда давом этади. У яқин-атрофда дунёга келган бошқа мавжудотга айланиши ёки буюк аёл руҳ қорнида самодаги вақтинчалик ҳордиқ масканига кўтарилиб, ой уни ерга қайта юборишини кутади.
Баъзида ой дунёга келган янги руҳлар билан шу қадар банд бўладики, осмонда кўринмай қолади, дейишади. Шу сабабли ойсиз тунлар бўлиб туради. Аммо охир-оқибат ой ҳар доим қайтади, худди биз қайтганимиздек.
Мана нимага ишонади бу қабила.
Еттинчи сешанба: кексайишдан қўрқиш ҳақида суҳбатлашамиз
Морри жангни бой берди. Энди кимдир унинг кетини артиб қўядиган бўлди.
У буни одатий довюраклик билан қабул қилди. Ҳожатдан кейин қўли орқасига етмаётганини англагач, яна бир имконияти чекланганидан Коннини хабардор қилди.
– Менинг ўрнимга бу ишни қилишга уялмайсизми?
– Йўқ, – жавоб берди у.
Дастлаб инсоннинг ўзидан сўраб олиш Моррига хос хислат эди.
Бу ҳолат қайсидир маънода хасталикка тўлиқ таслим бўлиш ҳисоблангани сабабли Морри унга кўникиш бироз вақт олганини тан олди. У эндиликда энг оддий ва ўта шахсий ишларни бажариш имкониятидан ҳам маҳрум бўлганди: ҳожатхонага бориш, бурнини артиш, авратини ювиш. Нафас олиш ва овқатини ютишдан ташқари, у деярли барча нарсада бошқаларга қарам бўлиб қолганди.
Мен Морридан қандай қилиб шу вазиятда ҳам некбин кайфиятда яшашни уддалаётганини сўрадим.
– Мич, бу қизиқ, – деди у. – Мен мустақил одамман, демак, буларнинг барчаси – машинадан тушишда бировнинг ёрдамига таяниш, кимдир мени кийинтириб қўйиши каби ишларга қарши курашишим зарур, деган фикрда эдим. Бошида бироз уялдим ҳам, чунки жамиятимиз бизга кетимизни ўзимиз арта олмасак, бундан уялишимиз кераклигини уқтиради. Кейин ўйлаб қолдим: “Жамият нима дейишини эсингдан чиқар. Умримнинг кўп қисмини жамият меъёрларига амал қилмай ўтказдим. Бу сафар ҳам уялиб ўтирмайман. Шу ҳам муаммоми?” Биласанми нима? Жуда ғалати нарса содир бўлди шунда.
– Нима бўлди?
– Бошқаларга қарамлигимдан роҳатлана бошладим. Ҳозир мени ёнбошга ётқизиб, оғриқларни олдини олиш учун орқамга малҳам суриб қўйишларидан роҳатланаман. Пешонамни артиб қўйишганида ёки оёқларимни уқалашганда ҳам. Мен бундан завқланаман. Кўзларимни юмиб, хурсандчиликни қалбимга сингдираман. Бу жуда таниш туйғудек туюлади менга. Худди болаликка қайтиб қолгандек сезаман ўзимни. Кимдир чўмилтиради. Кимдир кўтаради. Кимдир артиб қўяди. Бола бўлишни ҳаммамиз биламиз. Бу нарса барчамизнинг ич-ичимизда бор. Мен учун бу, шунчаки, бола бўлишдан роҳатланишни қайта ёдга олиш, холос. Ҳақиқат шундаки, ҳаммамиз ҳам онамиз бизни қўлларига олиши, тебратиши, бошимизни силашидан завқланиб тўймаганмиз. Ҳар биримиз қайсидир даражада ўша кунларни – парваришимиз бутунлай ўзгаларнинг зиммасида бўлган пайтларга, бизга беминнат меҳр, шартсиз эътибор кўрсатилган даврларни қўмсаймиз. Кўпчилигимиз шу меҳрга тўймай қолганмиз. Менга шу нарсалар етишмаган.
Мен Моррига қарадим ва бирданига нега у томонга эгилиб, микрофонни тўғрилашим, ёстиқларини кўтариб қўйишим ёки мижжаларини артишимдан бунчалар хурсанд бўлиб кетишини тушундим. Инсон тафти. Етмиш саккиз ёшида у катталар каби бериб, болаларча қабул қилаётганди.
Шу куни кечга яқин кексайиш ҳақида суҳбатлашдик. Эҳтимол, кексайиш қўрқуви десам тўғрироқ бўлар. Бу мавзу бизнинг авлодимизни қийнаётган саволлар рўйхатидаги масалалардан бири эди. Бостон аэропортидан келгунимча йўлдаги ёш ва чиройли одамлар акс эттирилган реклама тахталарини санадим. Биттасида келишган йигит, ковбойлар шляпаси кийиб, тамаки чекиб турибди, кейингисида иккита ёш, чиройли аёл шампунь идишига қараб жилмаймоқда, яна биридан жинси шимининг тугмалари қадалмаган ўсмир қиз нозли нигоҳ ташламоқда, бошқасида эса қора чийдухоба кўйлакли жозибали аёл костюм-шим кийиб олган эркакнинг ёнида турибди, қўлларида бир қадаҳ шотланд вискиси.
Йўлга ўрнатилган рекламаларда бирорта ҳам ёши ўттиз бешдан ошган кишини кўрмадим. Моррига қанчалик чўққида қолишга уринмай, барибир довонни ошиб, яна пастлай бошлаганимни ҳис қилаётганимни айтдим. Мунтазам жисмоний машқлар қилардим. Тўғри келган нарсани еб кетавермасдим, парҳезли овқатлар ердим. Ойнага тикилиб, сочимнинг фарқини текширардим. Авваллари ёш бўлишимга қарамай, кўп ютуқларга эришганим сабабли ёшимни айтишдан фахрланардим, энди эса қирқ ёшга, демак, касбий таназзулга ҳам жуда яқинлашиб қолганимдан қўрқиб, ёш ҳақида гапиришдан қочаман.
Морри кексайишга ижобий томондан қарарди.
– Ёшликни мадҳ этишларига мен лаққа ишониб кетавермайман, – деди у. – Қулоқ сол, ёшлик қанчалар оғир кечишини биламан, шунинг учун менга ёшликни мақтаб овора бўлма. Олдимга руҳий парокандалик, ички зиддиятлар, ўзидан қониқмаслик ҳиссидан шикоят қилиб келган болаларнинг барчаси ҳаётни ғам-ҳасратга тўла деб билиб, шу қадар тушкунликка тушганидан ўзларини ўлдиришни хоҳларди… Шунча бадбахтликлар камдек, ёшларга донолик ҳам етишмайди. Улар ҳаёт ҳақида жуда саёз тушунчага эга. Нималар содир бўлаётганини тушунмагач, ким ҳам ҳар куни яшагиси келади? Одамлар истаганича қарашларингга ишлов беради, “Мана бу атирни сотиб олсанг, гўзал бўласан” ёки “Мана бу жинси шимни олсанг, жозибадор кўринасан” дейишади ва сен уларга ишонасан! Ғирт бемаънилик!
– Ҳеч кексайишдан қўрқмаганмисиз? – сўрадим мен.
– Мич, мен кексаликни қучоқ очиб кутиб оламан.
– Қучоқ очиб?
– Бу жуда оддий. Ёшинг ўтгани сари ҳаётий тажрибанг ҳам ошиб бораверади. Агар йигирма икки ёшлигингча қолганингда, бир умр йигирма икки ёшингдаги каби жоҳил бўлиб яшардинг. Биласанми, кексайиш бу фақатгина сўлиш дегани эмас. Бу ўсиш дегани. Ажалинг яқинлашаётгани ёмон, албатта, аммо ўлим муқаррарлигини англаб етишинг ва шу сабабли ҳам мазмунлироқ ҳаёт кечиришинг – кексайишнинг ижобий томони.
– Тўғри, – дедим мен. – Лекин кексайиш шунча афзалликларга эга бўлса, нега одамлар доим “Қанийди, ёшлигимга қайтиб қолсам!” дейди. Кимнингдир “Олтмиш беш ёш бўлиб қолсам эди!” деганини ҳеч эшитмайсиз.
У жилмайди.
– Биласанми, бу нимадан дарак беради? Ўз ҳаётидан қониқмаслик. Беҳуда кечган умр. Мазмуни топилмаган ҳаёт. Сабаби, агар сен ҳаётинг мазмунини топган бўлсанг, ортга қайтгинг келмайди. Олға интилгинг келади. Янада кўпроғини кўришни, каттароқ ишларни амалга оширишни хоҳлайсан. Олтмиш беш ёшингни орзиқиб кутасан. Қулоқ сол. Сен бир нарсани тушунишинг керак. Барча ёшлар буни билиши керак. Агар нуқул кексайишга қарши курашиш билан банд бўлсанг, бир умр бахтсизлигингча қолаверасан, чунки кексаликдан қочиб қутула олмайсан. Ҳа, яна бир гап, Мич, – у овозини пастлатди. – Ҳақиқат шуки, сен ҳам охир-оқибат ўласан.
Мен бош ирғадим.
– Ўзингни нималар деб овутишингдан қатъи назар.
– Биламан.
– Бироқ умид қиламанки, – деди у, – унгача ҳали жудаям кўп вақт бор.
У юзида хотиржам ифода билан кўзларини юмди, кейин эса мендан бошининг орқасидаги ёстиқларни тўғрилаб қўйишни сўради. У ўзини қулай ҳис қилиши учун тана ҳолатини мунтазам ўзгартириб туриши зарур эди. У оппоқ ёстиқлар, сариқ поролон ва кўк сочиқлар билан ясатилган ўриндиқда ястаниб ётарди. Бир қарашда Морри юк сифатида жўнатишга тайёрланиб, қадоқланаётгандек туюларди.
– Раҳмат, – деди у, ёстиқларни суриб қўяр эканман.
– Арзимайди, – дедим мен.
– Мич, нима ҳақида ўйлаяпсан?
Жавоб беришдан олдин бироз ўйланиб турдим.
– Майли, – дедим кейин. – Қандай қилиб ёш, соғлом кишиларга ҳасад қилмаслигингиз мумкинлиги ҳақида бош қотиряпман.
– Хаҳ, албатта, ҳасад қиламан, – у кўзларини юмди. – Уларнинг спорт клублари ёки сузишга бориш имкони борлигига ҳасад қиламан. Ёки рақс тушишига. Асосан, рақс тушиш имкони ҳасадимни келтиради. Лекин ҳасад кириб келади, мен уни ҳис қиламан, кейин эса кўнглимдан чиқариб юбораман. Воқеликдан узилиш ҳақидаги гапларим эсингдами? Қўйиб юбор. “Бу ҳасад, ҳозир мен ундан ажралиб чиқаман”, деб айт ўзингга. Кейин эса ундан узоқлаш.
Морри йўталди: узоқ, томоқни йиртадиган даражада қаттиқ йўтал. Сочиқчани оғзига босиб, заифгина тупурди. Унинг қаршисида ўтирар эканман, ўзимни ундан кўра анча кучли, кулгили даражада кучлироқ ҳис қилдим, гўёки уни бир қоп ундек кўтариб, осонгина елкамга ортиб оладигандек. Бу устунлигимдан уялиб кетдим, чунки бошқа ҳеч бир жабҳада ундан устун жиҳатим йўқ эди.
– Ҳасад қилишдан қандай тийиласиз?
– Кимга?
– Менга.
У жилмайди.
– Мич, қариларнинг ёшларга ҳасад қилмаслиги иложсиз. Ҳамма гап ўзингни борингча қабул қилиб, бундан қувона билишингда. Ҳозир ўттиз ёш бўлиш навбати сеники. Мен ҳам бир пайтлар ўттиз ёшли бўлиш гаштини сурганман, энди эса етмиш саккиз ёшли бўлиш вақтим келди. Айни пайтдаги ҳаётингнинг ижобий, гўзал ва асл томонларини кўра билишинг зарур. Ортга боқиш одамда рақобат руҳини уйғотади. Ёш эса рақобатлашадиган масала эмас.
У нафас чиқариб, гўёки ёйилиб кетаётган ҳавони томоша қилмоқчидек, пастга қаради.
– Ростини айтсам, менда барча ёшлар мужассам. Мен уч ёшдаман, беш ёшдаман, ўттиз етти ёшдаман, эллик ёшдаман. Мен уларнинг барчасини бошимдан кечирганман, демак, муайян ёшда бўлиш қандайлигини биламан. Бола бўлиш жоиз бўлса, ўзимни боладек тутишдан завқланаман. Доно қария бўлишнинг ўрни келганда, доно қариялигимдан қувонаман. Тасаввур қилиб кўргин, а, нечта инсонга айлана оламан! Ҳозирги пайтимгача бўлган барча ёшда бўла оламан. Нима деяётганимни тушуняпсанми?
Мен бош ирғатдим.
– Қандай қилиб сенинг ҳозирги ҳолатингга ҳасад қилишим мумкин, ўзим ҳам шу йўлни босиб ўтган бўлсам?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.