Текст книги "Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари."
Автор книги: Норқизил Кенгбоев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Норқизил Кенгбоев
Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари.
“Китоб-беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи.”
“Халқ оғзаки ижоди-гўёки бир чаманзордир.”
Ҳазрат Алишер Навоий
“Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийидир.”
Соҳибқирон Амир Темур
“Мен шунга аминман-китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ.”
“Китоб мутолааси ва тарғиботига эътибор фарзандларимизнинг таълим– тарбияси ҳамда тақдирида муҳим аҳамиятга эга.”
Ш.М.Мирзиёев
Ўзбекистон радиоси орқали ҳар жума куни тонгда бахшилар ҳақида “Бахшилар баёти” эшиттиришида тараладиган наво.
Байти билан таслим этар дилларни,
Ортга ташлар самар бермас йилларни.
Шамолларнинг қанотида учади,
Чечанликда обрў-шараф қўчади.
Масофалар танобини тортади,
Елкангизга завқ юкини ортади.
Эл мулкида достонлардан ганжи бор,
Нопокларни айтар чоғи ранжи бор.
Айтишувлар бобида у зафарли,
Худбинларни савар сўзи заҳарли.
Ватан учун жон фидолик байти бор,
Гоҳо сокин, гоҳ бўрондай пайти бор.
Маънолардан тизиб қўяр мисралар.
Бахт йўлини чизиб қўяр мисралар,
Бахши деган номи бордир шарафли,
Ҳар қадамда таъзим ёрдир шарафли.
Оллоҳ улар умрин шеърга белабдир,
Нури омад азиз бошин силабдир.
Дунёни дўмбира билан забт этган ўзбек бахшилари.
Аждодларимиз жаҳон намуналари оғзаки ижоди меросига ўзининг эртаклари, қўшиқлари, мақол, топишмоқлари, аскияси; айниқса, достонлари билан муносиб ҳисса қўшган миллат мақомига эгадир. Дунёда “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркуми достонлари даражасида халқ қаҳрамонлик эпосига эга халқлар бармоқ билан санарли эканини фольклоршунос олимлар қайд қилиб бўлишган. Яратганга шукурлар бўлсинки, биз бугунги кунда ҳам ота-боболаримиз, момоларимиз ўз вақтида баҳраманд бўлган достонлар ижросида қатнашиш, “Рустамхон”,“Алпомиш”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Маликаи айёр” каби гўзал ижод дурдоналарини тинглаш имкониятига эгамиз. Шубҳасиз, бундай ноёб имконият замонани қадим-қадим замонларда Жасоқ, Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан, Абдулла шоир, Қодир бахши, Чори Хўжамбердиевлар яратиб кетишган бўлса, ҳозир Шоберди бахши, Шомурод бахши, Қаҳҳор бахши, Абдумурод бахши, Баҳром бахши, Шоқул бахши . Зиёдулла бахши, Бойқўчқор бахши, Панжи бахши, Аҳрор бахшилар тўрғай бўлиб сайрашмоқда, Жуманбулбуллар анъаналарини фидойи шогирд сифатида давом эттиришмоқда.
1992-йилда устозимиз-филология фанлар доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Муҳаммаднодир Саидов бошчилигида мен, Тойир Ҳайдаров, Дилшод Долимов Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидаги Хўжамаҳмуд қишлоғига машҳур санъаткор Қодир бахши Раҳимов хотирасини ёд этиш мақсадида бордик. Бизга ўз ҳудудининг машҳур олимлари Абдимўмин Қаҳҳоров ва Абдиолим Эргашев ҳамроҳ бўлишди. Ёдгор бахшининг ўғли Қаҳҳор бахши эндигина Америка сафаридан қайтган экан. Биз меҳмон бўлиб борган кунимиз Қаҳҳоржонга йўқолган сигири топилгани ҳақида хабар келди. Эндигина салом-алик қилиб турсак, ҳовлида мотоцикл овози эшитилди. Хотирам адаштирмаса, биз мезбонникига эшик тақиллатиб кирганимиз йўқ. Чунки биз тасаввур қиладиган ҳовли, девор, эшикнинг ўзи йўқ эдида. Шундай бўш дала. Истиқомат қиладиган уй. Уйнинг ёнида ярим машина қум. Мотоцикл овозини эшитган Қаҳҳоржон яна меҳмон келди шекилли деган фикр билан ташқарига чиқиб кетди. Кўп ўтмай ўзи мамнун, табассум билан кириб келди. Қўшни қишлоқдан тўй ўтказадиганлар келишган экан. Энди ўзингиз ўйланг. Кечагина Американи забт этиб Ўзбекистонда йўқ тасвир ва овоз қурилмаларини олиб келган бўлса, йўқолган сигири топилса, устига устак тўй хабари келса, бахшини тўхтатиб бўладими. Бизнинг келганимизни эшитиб Қаҳҳоржон ишлайдиган мактаб директори, шогирдимиз Болтавой кириб келди: давра яна кенгайди. Бошланди достончилик. Қани энди Қаҳҳоржонни тўхтатиб бўлса. Бир қайнади, бир қайнади. (бахшиларнинг тўлқинланиб достон айтишлари “қайнаш” дейилади). Эрталаб бошланган достончилик тунда Болтавойникида тонггача давом этди. “Алпомиш” дан дейсизми, “Малла савдогар” дан дейсизми. “Алпомиш” даги кўпкарида қатнашган отлар таърифининг ўзини яқин икки соат эшитдик. Магнитафон ишлаб ётибди, дастурхонга қўйилган таомлар совуб қолган, пиёлага чой қўйилади, аммо ичилмай қолиб кетаверади.
Ўша суҳбатда Қаҳҳоржон бир ибратли воқеани айтиб берган. Бахши Америкага борганида уни бир кишилик, аммо жуда ўрта хонага жойлаштиришибди. Кечқурун концертга унга узоғи билан беш-ўн дақиқа достондан парча айтишни топширишибди. Достон айтиш бошланибди. Белгиланган пайтда бахши достон айтишни тўхтатибди. Аммо томошабин-тингловчилар гўлдирос қарсаклар билан бахшига саҳнадан кетишига жавоб беришмабди. Дўмбира чертиш давом этибди. Ўша куни узоғи билан ўн дақиқага мўлжалланган достон айтиш бир соату йигирма дақиқа давом этибди. Ваҳоланки, залда бевосита ўзбек миллатига таллуқли тингловчилар у қадар кўп эмас экан. Америкада концерт йўналишини ҳам пул тўлаган томошабин белгилар экан. Эртасига бахшига нисбатан муносабат ҳам ўзгарибди. Концерт сони кўпайибди. Муддати ўзайибди. Мен бежиз мақоламнинг сарлавҳасини “Дунёни дўмбира билан забт этган ўзбек бахшилари” деб атамадим. Ҳақиқий маънодаги маҳоратли санъат намунаси давлат, ҳудуд, тил, дин, миллат танламайди, деб шунинг учун айтишган экан. Тахминан 2010-2011 йилларда Қаҳҳор бахши укаси Баҳром бахши билан Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетига меҳмон бўлиб келди. Университетнинг катта маданий саройида достон кечаси ўтказдик. Бўлди томоша, бўлди томоша. Бутун зал ўйинга тушиб кетди. Бахши залда ўйнаётган ҳар бир томошабинга бағишлаб алоҳида-алоҳида термани ўша заҳоти тўқиб ташлади. Қизларнинг пальтоси-ю, йигитларнинг телефони ҳам қолмади. Залнинг совуқлиги ҳам билинмай кетди. Менимча, залдаги совуқ айтилаётган достоннинг, бадиҳа термалар тафтидан эриб кетди, назаримда. Отаси Қодир бахши Париждаги французларни ўйинга тушириб юборган бўлса, ўғли Қаҳҳор бахши америкаликларга ўзбекнинг достони қандай бўлишини кўрсатган бўлса, ўзининг ўзбекларини осмонда учира олмайдими, деб ўйладим мен.
Норқизил Кенгбоев “Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари” ( Абдулла шоир Нурали ўғли, Қодир бахши, Қаҳҳор бахши Раҳимов ва бошқалар) китобида эл қалбида меҳр уйғотган моҳир санъаткорлар ҳақида ҳикоя қилади. Норқизил Кенгбоевнинг ўзи биология фани ўқитувчиси. Аммо биология фанидан мутахассис бўлиш унга юртидаги дунёни забт этган бахшилар ҳақида дил сўзларини битишига монелик қилмаган. Қани энди аниқ фандан дарс берадиган ҳамма зиёлилир, муҳандислар, турли касб эгалари ўзлари яшаётган ҳудуд халқ оғзаки ижодига, миллатимиз қадриятларига Норқизил каби тамасиз хизмат қилишса, меҳр кўрсатишса. Мен аввалига қўлимдаги матнга бир оз эътиборсизлик билан қарадим. “Дебоча” ни ўқиганимдан кейин қизиқишим ортди. Чунки бу саҳифаларда хавотир эмас, яхшигина фольклоршунос мулоҳазалари ўрин олган эди. “Абдулла шоир Нурали ўғли” ни ўқиганимда бу фольклоршуноснинг тарихий маълумотларини билишига таҳсин ўқидим. “Қодир бахши Раҳим ўғлининг ҳаёти ва ижоди ҳақида” боби билан танишиш эса Қодир бахшини қайтадан кашф қилишимга сабаб бўлди. Сизга ҳам шу фаслни қайта-қайта ўқишни тавсия қиламан. Гап шундаки, Норқизил бу бахши ҳақида шундай эҳтирос ва меҳр билан ёзадики, Қодир бахши қаршингизда тургандек, сиз билан мунозара қилишга тайёрдек, ҳатто, илтимос қилган достонингизни айтиш учун бармоқлари билан дўмбира торларини чертиб созлаётгандек бўлади. Бахшининг отаси иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганидан мусибатда қолган онасининг кўнглига оро бериш учун айтган термасини эсланг:
Онажон, қўй, сатқа бўлай бошингдан,
Гуллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.
Посбон бўлай доим кўзу қошингдан,
Чўллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.
Бундай мисраларни ўқиган кўнгли бўш китобхоннинг ўзи йиғлаб юборади. Энди бу мисраларни дўмбира жўрлигида хушовоз моҳир санъаткордан эшитган тингловчи қай ҳолга тушган экан.
Муаллиф ўқувчисига ҳамма фикрларини очиқ айтавермайди. Ўз ўқувчиси учун фикрлаш имконини ҳам қолдиради. Масалан, мен саҳифаларни ўқир эканман Норқизилнинг Қодир бахшига деярли ҳар сафар янги гап айтиш қобилиятига эга эканига ишонч ҳосил қилдим. Ўзингиз баҳо беринг. Бахшининг Деҳқонобод ҳақидаги термасидан шундай парча келтиради:
Қодир, сени жўшиб айтарман.
Завққа тўлиб, тошиб айтарман.
Ойдан нишон, қуёшдан орден
Тақиб олган Деҳқонободсан.
Тўғрисини айтсам, не-не ижодий кашфиётларни биламан. Шоирларни ўз ўқувчисига етказган янгиликларни ўқиганман. Ўз юрти, шаҳри, қишлоғини мақтаган ижодкорлар билан танишман. Аммо ватанини Ойдан нишон, Қуёшдан орден таққанидан завқланган соҳибни кўрмаганман.
Халқ дардини халқ билан ҳамнафас одам билади, тушунади, ҳис қилади. Бахшилар қадимдан ўзлари мансуб миллат вакилларининг нафаси билан яшаганлар. Қодир бахши ана шундай эл ташвишини ўзида ҳис қилган, ҳамқишлоқларининг кўнглидаги гапларни элда достон қилган зукко санъаткор эди. Йўқса, унинг ўғли Қаҳҳор бахши эслаганидек, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида не-не арбоблар Москвадаги Кремлга қуллуқ қилиб турган бир пайтда қуйидаги тўртликни айтармиди:
Ҳулкар билан тарози,
Бир-биридан норози.
Бемаҳал қичқиради,
Кремлнинг хўрози.
Устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов бирон бадиий асарни таҳлил қилишдан аввал уни ҳис қилиш керак. Шеърларнинг орасидан ҳақиқий намунани танлаб олиш уни шунчаки таҳлил қилишдан афзал эканини кўп таъкидлар эдилар.
Норқизилнинг китобида ҳаваскор фольклошуносда учрайдиган камчиликлар бор. Хусусан, кўп ўринларда муаллиф фольклор ҳақида ҳаддан ташқари умумий фикрларни баён қилади. Унинг ёзган мулоҳазаларида такрор ўринлар бор. Баъзан термалардан келтирилган парчалар ҳажм жиҳатдан катта бўлиб, айни ўринда ўзини оқламайди. Аммо матн муаллифидаги битта фазилат бу нуқсонларни, менимча, ювиб кетади. Бу фазилат Норқизил келтирган шеърий парчаларнинг, насрий мисолларнинг жуда нозик табиат билан танлаб олинганида аниқ сезилади. Юқорида мен келтирган мисолларнинг китоб саҳифаларидан ўрин олишининг ўзи фикримни далиллайди, деб ўйлайман. Биз фольклоршунослар Норқизилнинг ушбу рисоласидан камчиликлар изламасдан, унинг меҳнатсеварлигини, изланувчанлигини қадрлаган ҳолда уни қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Қаҳҳор бахши ҳақида айтилган мулоҳазаларда яна битта фазилатга эътибор бериш менинг диққатимни ўзига тортди. Муаллиф Қаҳҳор бахшининг ўз отасига бўлган ҳурматини ўз ўқувчисига юқтиришга ҳаракат қилади. Мисол келтираман: “Аммо отамнинг йўриғи бошқа, -дейди Қаҳҳор бахши, -таниш билишларимиз Қодир бахшининг инсонлар қалбига кириб бориш ҳислати, ижоди, сўзи достонлари Қаҳҳорга; дўмбира нағмалари, оҳанглари, соз чертиши Абдумуродга; қадди-басти, камтарлиги, қочиримлари, инсонийлиги Баҳромга; соддалиги, ишонувчанлиги Баҳодирга; қолганлари шогирдларига ўтган дейишади. Гапнинг сираси, тўрт ўғил бир бўлиб ҳам бир отамнинг ўрнини босишимиз гумон-а…”. Қаҳҳор бахши Тошкентдалигида бизнинг уйимизда меҳмон бўла туриб, шундай деган эди: “Менинг бадиҳагўйлигимни, Абдумуроднинг дўмбира чертишини, Баҳромнинг овозини, Баҳодирнинг феълини қўшса, Қодир бахши пайдо бўлади”. Юқоридаги икки мулоҳаза шаклан бошқа-бошқа бўлса ҳам мазмунан бири бирини тўлдиради. Умумий мазмун уйғунлиги ҳосил бўлади.
Хуллас, Норқизил Кенгбоев ўзининг рисоласида Абдулла шоир Нурали ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли, Қаҳҳор бахши Қодир ўғли ва бошқа бахшиларнинг ҳаёти, ижоди, бахшилик маҳорати ҳақида эътиборга лойиқ мулоҳазалари билан халқ оғзаки ижоди мухлисига фойдали маълумотлар беради. Абдулла шоирнинг анъанавий достончилик ривожида тутган ўрнини тўғри изоҳлайди. Айниқса, Қодир бахшининг маҳорат даражаси XX аср 60-80-йилларида ўзбек достончилигида алоҳида аҳамият касб этганини исботлайди. Чет элларда ўзбек миллати қадриятларини тарғиб қилишда Қодир ва Қаҳҳор бахшиларнинг фаолияти муҳим бўлганини таъкидлайди. Рисола билан танишган ўқувчи ўзбек бахшиларининг дўмбира чертиб достон куйлаш билан бутун дунёни забт этганларига тўла ишонади.
Филология фанлари
номзоди, доцент Омонулла Мадаев
Ушбу китобимни падари бўзрукворим Кенгбой бобо Қўшоқ ўғлининг ҳамда муҳтарама волидам Тўлғоной Холли қизининг ёрқин хотираларига бағишлайман.
Муаллиф
Дебоча.
Нафосат оламининг бир томони халқ оғзаки ижодиётига бориб тақалади. Инсон ақл-заковатининг безаволлиги, хаёлотининг теранлигини мушоҳада қилсак, табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида ибтидоий қарашдан тортиб синфий курашнинг залворли тўлқинларигача бўлган воқеалар омманинг бадиий тафаккури меваларида сўнмас из қолдирган. Чинакам ҳаётий заминда авлод-аждодларимиз томонидан қалб қури,зеҳни, билими ва донолиги билан яратилган сўз санъатининг боши-оғзаки асарлар омманинг кўнгил махзани ижодхонасида асрлар бўйи сайқалланиб бизгача етиб келди. Бадиий маданиятни замонлар оша кўз қорачиғидай асраб келган илк жарчилардан бири халқ бахшилари бўлган. Эпосимизнинг қаҳрамонлик анъаналари бўртиб кўринган достонларда ҳам халқ бахшилари ижросидаги асарларда ҳам халқ ҳаёти, ижтимоий давр ҳодисалари бевосита эмас, балки, асосан, билвосита, рамзий, тимсолий тасвир воситалари орқали акс эттирилади.
Нур ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик, адолат ва нохақлик, мардлик ва номардлик, эзгулик, меҳр-шафқат ва ёвузлик, худбинлик, эл юртга садоқат ва сотқинлик, шахсиятпарастлик ўртасидаги зиддият халқ яратган асарларда ўзига хос таъсирчан бадиий шаклда тараннум этилади. Дарвоқе, халқ ижоди асарларининг умрбоқийлиги, ўлмаслиги уларда халқ идеалини ифодаловчи образларнинг зоҳиран ва ботиндаги гўзаллиги, мутаносиблиги, тасвирлаш усуллари буёқларнинг хилма – хиллиги, тилнинг бийронлиги, мусиқийлиги барча даврларда ҳам сарчашма, битмас туганмас хазина бўлиб келган.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди бой ва ранг-баранг. Халқ донолигининг бу дурдонаси жуда қадим замонларга бориб тақалади. Тилдан-тилга, дилдан-дилга ўтиб келган оғзаки адабиёт бизнинг давримизгача ўзининг софлиги ва мусаффолигини сақлаб қолган. Оғзаки адабиётда халқимизнинг яшаш шароити, турмуш тарзи, босқинчиларга қарши олиб борган кураши, орзу умидлари ўз аксини топган. Оғзаки адабиётда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, қаҳрамонлик, ҳалоллик, элу халқ учун фидоийлик мадҳ этилган. Қаллоблик, ёлғончилик, дангасалик, мунофиқлик, текинхўрлик каби иллатлар устидан заҳархандалик билан кулинган.
Халқ оғзаки ижодиётининг дурдоналари халқимизнинг маънавий бойлиги ва мулки бўлиб қолди. Қадим замонларда бахшилар дўмбира чертиб, қўшиқ куйлаб одамларни олға ундаган, мадад бўлган. Шу сабабдан бўлса керак "Бахшили эл-бахтли эл" ибораси бежиз айтилмаган. Халқимизнинг оғзаки ижод соҳасидаги қадим анъаналарини давом эттириб келган бахши – шоирлар серқуёш Республикамизда кўплаб топилади. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пулкан шоир, Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир шоир Сафаров, Қодир бахши Раҳимов, Азим бахши Хўжаев ва бошқалар шулар жумласидандир. Улар халқ достонларини ёддан билишдан ташқари ўзлари ҳам замонавий мавзуларда термалар ижро этишган. Ўзбек халқ қаҳрамонлик достонлари асрлар довомида яратилди ва улар халқ санъаткорлари бахшилар томонидан жонли анъаналарда оғзаки равишда бизгача олиб келинди.
Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ оғзаки ижодининг дурдона асарлари терма, достонларда халқимизнинг мардлик, ватанпарварлик туйғулари ўз ифодасини топган. Терма достонларнинг янада бойиши, уларнинг халқ орасида оммалашишида бахшичилик санъати ўз аҳамиятига эга. Бахшичилик мактаби юзлаб терма, достонларнинг дўмбира сози оҳангида айтилишининг ўз услуб, йуналишлари бор. Халқ оғзаки ижоди бўлган терма, достонлар дўмбиранинг жарангдор овози билан бахшилар томонидан мароқ билан ижро этилади.
Фолъклар ўзбек халқининг маънавий меросида алоҳида ўрин тутади. Биз бу бойлигимизнинг хилма-хиллиги, сон ва сифати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эътиборли жиҳати фолъклор бугунги кунда фақат мерос шаклида қолган эмас, аксинча, замон билан мос жараёнда яшаб келмоқда. Хусусан, мавсумий маросимга тегишли Наврўзнинг умумхалқ байрами сифатида тантана қилинаётгани, Наврўз билан боғлиқ фолъклор намуналарининг қайта жонланиб, куйланаётгани фикримизни тасдиқлайди.
Фолъклорнинг алп жанри бўлмиш достонларга ва халқ эпосининг ижрочилари-бахши шоирларга бўлган эътибор ҳам алоҳида диққатга сазовор. Бу ўринда "Ўзбекистон халқ бахшиси" унвонининг таъсис этилиб муносиб эгаларини топаётганлиги, ёш умидли бахшиларнинг "Ниҳол" мукофоти билан тақдирланиб келинаётганлиги ушбу санъатнинг янада ривож топишига қўл-қанот бўлмоқда.
Халқ: "Бахшили эл-ботир эл", деб айтган. Бу шунчаки қилинган хулоса эмас. Қадим-қадимдан бахшининг жамиятда тутган ўрни, халқнинг маънавий, ижтимоий ҳаётдаги мавқиедан келиб чиқиб берилган баҳодир. Бахшичилик санъатининг пайдо бўлишини халқ шоирлари:
Соз билан суҳбатни ёлғон деманглар, Одам Ато бино бўлгандан бордир. Ҳобил билан Қобил момо қорнида, Улар ер юзига келгандан бордир,
–дея, одамзод ибтидоси билан боғлаб талқин этишади. Бу фикр қанчалик муболағали туюлмасин, бир ҳақиқатни қунжида сақлаган. У ҳам бўлса бадиий сўз ва куйнинг одам насли ўзини англаган даврдан бери борлиги ва бахшичилик санъати ҳам билвосита унга дахлдор эканлигидир.
Халқнинг тасаввурига кўра бахши ҳам танланган шахс саналади. Жуманбулбул, Пулкан ва бошқа кўплаб бахши шоирлар тушида Хизрни кўриб бахши бўлганлари ҳақидаги нақлларнинг илдизи ана шу ишончларга бориб боғланади. Бахши халқ дилининг тили, у шунчаки қўшиқ, терма, достон куйламайди. Бахши одамларни эзгу амалларга чорлайди, яхшини ибрат қилиб ёвузлик лашкари сари курашга ундайди. Қийин шароитда эл кўнглига далда бўлади. Бефарқлик ботқоғига ботиб, чўккан руҳларни уйғотиб, халқни ҳақиқат ва орият манзилларига йўллайди. Чинакам бахши элнинг доно маслаҳатгўйи ҳисобланади. Афсонавий Қўрқит ота ана шундай бахши шоирларнинг тимсоли ҳисобланади. Қўрқит ота ҳақидаги афсоналарда у бахшилик сози-қўбизни ясаган киши, юртнинг оқил маслаҳатчиси, маросим тўйларнинг йўриқчиси сифатида тасвирланган.
Ҳар бир касбнинг ибратли тимсоллари, пиру устозлари бор. Бахшичилик санъати ҳам бундан мустасно эмас. Эргаш шоир уз ижоди ҳақида куйлар экан:
Қариганда кўп достонни Мен юбордим элга ёйиб: Аввал "Холбека"ни айтдим, Менинг устозим кўр Ғойиб,
–деб Бобо Қамбар, Ошиқ Ойдин каби бахшилик тимсолига айланган Кўр Ғойибни тилга олган. Эл орасида Овул патта, Жийрон чечан каби афсонавий бахшилар Оллаберган-Олчинбек мисоли тарихи достонга айланган шоирлар қанчадан-қанча. Эпик меросда "Ошиқ Ойдин", "Кўр Ғойиб", "Оллаберган-Олчинбек" каби бахшилар ҳаётини куйлаган достонларда бахши шоирнинг миссияси, эстетик принциплари, унинг шахс сифатида жамиятдаги ўрни, сўз ва сознинг қадр қиммати бадиий шаклда ифода қилинган. Фолъклоршунос Ш. Қаҳҳорова "Оллоберган-Олчинбек" достонида бахшиликнинг ижодкор ва шахс сифатида амал қилиши лозим бўлган бурчларни устознинг шогирдига берган ўгитлари асосида қуйидаги шаклда яхлитлаштирган.
I. Бахшининг шахс сифатидаги бурчлари, яъни ахлоқий принциплари:
1. Номарднинг хизматини қилма. 2. Аввал элингни рози қилиб, меҳнатингни миннат қилма. 3. Беморлар кўнглини овла. 4. Майга берилма. 5. Тўйга айтишса боргин. 6. Ваъдангдан қайтма. 7. Нафсингни тийиб, ёмонга қўшилма. 8. Кўп билан ўйнашма. 9. Ўғри ва ғарга ҳамроҳ бўлма. 10. Камтар бўл, ўзингни кўз-кўз қилма. 11. Улуғлар номини камситма. 12. Ўзингни бозорга солма, яъни манман бўлма. 13. Худони улуғ билиб, Қуръонни унутма. 14. Хизматингни қадрлашмаса айтма, яъни иззатталаб бўлма. 15. Саломатлигингни қадрига ет. 16. Қиз-жувонга берилма, яъни маиший бузуқ бўлма.
II. Бахшининг ижодкор сифатидаги бурчлари, яъни бевосита сўз санъати ва ижрочиликка доир принциплар:
1. "Сўз билан одамлар қалбини жовла…", яъни овла. 2. "Дўмбира, қўшиқни
муқаддас бил". 3. "Достон айтганингда чала ташлама, ҳар жойидан кемириб, чайнаб лошлама, билмасанг, достонни бўзиб бошлама…". 4. "Шогирдинг ўзганда душманлик қилма…", яъни ҳасадгуй бўлма. 5. "Касбдошларингни ҳеч жойда сотма", яъни ёмонлама, касбингга хиёнат қилма. 6. "Яхши кунда сайрат чечан тилингни". 7. "Созингни алмашиб, қаллоблик қилма". 8. "Ҳар доим устозингни бошингга кўтар, ҳеч қачон устозга ёмонлик қилма".
Бу принцип ва бурчларни бошқа достончилик мактаблари вакиллари айтган терма, достонлар асосида яна тўлдириш мумкин. Асосийси шуки, айни ақида, қоидалар халқимизда бахшиликнинг мукаммал санъат сифатида тўлиқ камол топганлигини, ўз фалсафаси, адабий-эстетик қарашлари, олами мавжудлигини далиллаб бермоқда.
"Ёлғиз отнинг донғи чиқмас, донғи чиқса ҳам чанги чиқмас". Қачонки анъаналар ирмоқларни ҳаракатга келтириб, уларнинг бошини қўшиб катта дарёга айлантирувчи мактаб бўлмаса, бир талант, ижодкорнинг ҳаракати улкан эпик мерос юкини кўтара олмайди. Фолъклоршунослиқда "достончилик мактаби" атамаси билан аталувчи ҳодиса айнан ана шундай куч ҳисобланади. Биз билган "Қўрғон", "Булунғур", "Нарпай", "Шеробод", "Бойсун", "Шаҳрисабз-Китоб", "Хива" ва яна ўнлаб достончилик мактаблари, уларнинг минглаб вакиллари ижод қилиб ўтдиларки, ўзбекнинг эпик мероси маънавий хазинамизнинг дурдоналари бўлиб турибди.
"Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа". Бахши анъаналар изидан боради. Лекин ҳар бир ижодкорнинг ўзига хос бетакрор ижро усули, баёни бор. Ижодкор. аввало, одам. Ҳаётда ҳар бир одамнинг тақдир йўли бетакрор. Бахши "эскилар изидан" борар экан, воқеликни ўз қалб дарёсидан оқизиб ўтади. Қўрғон достончилик мактабининг гўзал достони "Равшан"ни халқ "Жуманбулбулнинг қўш ҳайдаган шудгори", деб таърифлайди.
Отинг Хумор, ўзинг Хумор, Хуморсан, Гир атрофи учбурчакли туморсан, Ошиқларни кўзинг билан жуморсан, Ёр айланай қалпоқ тиккан қўлингдан.
Жуманбулбулнинг Анорхол деган аёлга бўлган муҳаббати бу достонни ўзгача завқ-шавқ билан ишқ-муҳаббат иқлимида куйлашига сабаб бўлган. Эргаш шоирнинг аччиқ қисмати "бузуқ достон"-(трагик) "Қунтўғмиш"нинг янада теран мазмунда куйланишига, янгиланишига замин яратди.
"Алпомиш", "Гўрўғли" каби мумтоз достонларимиз бахши шоир боболаримизнинг ана шундай илҳомий парвозларининг мевасидир.
Йилқичинда ўзи келган синлидир, Тубишқон туёқли, марол беллидир,
Аросат кунида ажаб холлидир, Қиммат баҳо экан ўзбекнинг оти… Бедов миниб, от абзални шайласанг, Пойга қилиб кўп шумликни ўйласанг, Пойганинг бошида тортиб бойласанг, Ўн беш кун илгари берман ҳайдасанг, Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти…
Халқнинг руҳини, феълини бахши каби яқиндан билгувчи йўқ. Бахши борини рост сўзлайди. Ўзбекнинг оти ўзишини билди, айтди, шундай бўлди.
От достонларимизда улкан тимсол. Бахши шоирларимиз қолдирган улкан хазина ҳам илҳом тулпорининг ёнида кўпириб турибди. Биз бу мерос жиловини қўлга олсак, ҳақ йўлига солсак, ўзбекнинг маънавият тулпори маррага аввал етишига шак-шубҳа йўқ.
Тарихдан маълумки, халқимиз орасида эл юрт озодлиги учун мардоновар курашган шахсларнинг қаҳрамонликлари тиллардан – тилларга ўтиб куйланиши халқ оғзаки ижодининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Болалиқдан ҳар биримиз "Алпомиш", "Равшан", "Рустамхон", "Гўрўғли", "Авазхон", «Кунтўғмиш», "Юсуф ва Зулайхо" каби кўплаб достонларни ўқиганмиз. Улардаги қаҳрамонларнинг мислсиз жасорати, она Ватан, содиқ дўст, вафоли ёрга садоқатию муҳаббатига ҳайрат ва ҳавас билан улғайганмиз. Ўтмишнинг сеҳрли дунёси, аждодларимизнинг буюк заковатидан сўзловчи бу каби халқ достонлари бизни фидойиликка, комилликка чорлаши шубҳасиз. Шу боис ҳам, сўз санъатининг бундай ноёб намуналари асрлар оша яшаб келмоқда.
Айтиш жоизки, ўзбек халқ оғзаки ижодида достонлар азалдан муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг тилдан тилга ўтиб, аждодлардан авлодларга ўтгани, йирик достончилик мактаблари ва устоз шогирд анъаналари шакллангани ҳам айни фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Маълумотларга кўра бундай достончилик мактаблари ХV-XVI асрдан бошлаб вужудга келган. XIX-XX асрлар эса достончилик тараққиётининг муҳим даври сифатида эътироф этилади. Олимлар, хусусан, XIX аср охирларидан ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ўзбек бахшилари томонидан куйланган 150 та вариантлари билан қўшиб ҳисоблаганда 400 тагача халқ достонларини ёзиб олингани достончилик ривожидан дарак беради.
Халқимиз куйлаб келган достонлар орасида "Гўрўғли" туркуми алоҳида ўринга эга. Бу туркумдаги достонлар Туркман, Қозоқ, Қорақалпоқ, Татар, Турк, Озарбайжон, Тожик, Арман, Гуржи халқлари орасида ҳам машҳур. Бу достонлар Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Фозил шоир, Тилла кампир, Султон кампир,
Жолмон бахши, Бўрон шоир, Жоссоқ, Йўлдош булбул, Саидмурод Паноҳ ўғли, Берди бахши, Суяр шоир каби машҳур бахшилар ижросида халқимиз тилидан ва дилидан янада чуқур жой олди.
Достонларда халқимизнинг бахтли кунларга, эзгуликка интилиш истаги мужассамдир. Достонларимизга хос яна бир хусусият – уларда асосан саргузашт, қаҳрамонлик каби мавзулар етакчилик қилишидир. Шу жиҳатдан уларни қаҳрамонлик, жангнома, романтик, тарихий ва китобий достонларга ажратиш мумкин. Халқ достонларининг матни шеър ва насрнинг уйғунлиги асосида яратилади. Достонлардаги қаҳрамонларнинг ўй мулоҳазалари, ўзаро сўзлашувлари, от чопишию жанг манзаралари, персонажларнинг тезкор ҳаракатлари асосан шеър орқали ифодаланади. Бундай назм намуналари одатда ўнбир, айрим ҳолларда достонлардаги тасвир талабига кўра, 7 – 8 бўғинли бармоқ вазнида бўлади.
Эътиборли жиҳати достонларимизнинг тили ниҳоятда енгил ва равон. Улардаги ранг – баранг бадиий тил воситалари халқимизнинг бой сўз хазинаси, кенг тафаккур дунёсини намоён этади. Ҳатто достонларимиздаги баъзи байтлар халқ орасида ҳикматли сўзлар даражасига кўтарилган. Масалан, "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", "Зарнинг қадрини заргар билар ҳар ерда", "Яхшиларнинг юзини кўрсанг жаннатдир. Ёмон одам қилган иши миннатдир". Каби жумлалар шаклан бироз ўзгарган ҳолда нутқимизнинг ўзига хос безакларига айланиб улгурган. Халқ достонларидаги насрий тасвирлар ҳам ўзига хос бўлиб, кўпинча саъж, яъни қофияли сочма кўринишида келади. Бу эса асарнинг ифода даражасини юксалтириб, бадиий таъсирчанлиги ортишига хизмат қилади. Достонларимизнинг бадиий жозиба ва сайқали, айниқса бахшиларнинг дўмбира жўрлигидаги ижросида янада яққол намоён бўлади. Ўтмишда тўй базм ва байрамлар бахшилар иштирокисиз ўтмаган.
Халқ оғзаки ижодидаги достонлар ёзма адабиётдаги достонлардан фантазия кўлами, ажабтовур воқеалар, ақлбовар қилмас қаҳрамонликлар тасвири билан фарқ қилади.
"Яхшилиқ қил, дарёга ташла-балиқ билади, балиқ билмаса-Холиқ билади", "Эски чориғингни унутма", "Бир онанг дўст, бир тананг дўст"-бўлар бизнинг қулоғимизга ёшлиқдан сингган мақоллар. Улар бизга ҳаётий сабоқ беради, тўғри йўл кўрсатади. "Кичкина дикча, ичи тўла михча" – бу ихчам шаклли, маъноси келишимли топишмоқни эшитганимиз ҳамон юзимизга табассум югуради, ахир болаликда, илк марта эшитганимизда, анча бош қотириб, жавобини билганмиз. Кенжа ботир, Гулиқаҳқаҳ пари, Муқбил тошотар, Юлдузсанар, Дарё-боғлар, Қилич қарача-бу қаҳрамонларни эртаклардан қўп ўқиганмиз, улар бизнинг тасаввуримиздаги идеал одамлар. Эшагини йўқотганида отаси қилган ишни қилажагини айтиб, ҳазилкаш ўғриларни чўчитган, ўз тўрига ўзларини илинтирган Насриддин афанди латифаларини бўлса, айтарли ҳар бир ҳолат, вазият учун мос келадиганларини ёшлигимиздан бизнинг онгимизга сингдиришган. Бахши кирган давра борки, Алпомишу Кунтўғмиш, Гўрўғлию Авазхон саргузаштлари куйга солинади.
Халқ аслида энг хассос ижодкор. Минг йилликларни ошиб ўтган бой тажрибаси у яратган турли-туман, ранг-баранг, жилосию таровати бир-бирига ўхшамаган ижод намуналарини адабиётнинг олтин хазинасига дахлдор қилган, неча-неча асрлар оша неча-неча даҳоларга маънавий озуқа бериб, қанча асрларга теран илдиз бўлган. Халқ оғзаки ижоди бизни алла айтиб улғайтирган бўлса, эртак сўйлаб тарбиялайди. Топишмоғу маталлари билан ақлимизни, зеҳнимизни пешлаган ҳам, лапар, ўлану бошқа айтимлардаги гўзал бадиий латофати билан дидимизни ўстирган ҳам шу ижод. Бу шундай хазинаки, сарвати олган сари кўпаяди, асло камаймайди, ўрганган сари янгидан-янги қирралари, минг бир қиёфасини кашф этаверади.
Келажак авлодга бу хазинани бус-бутунлигича етказиш маъсулияти эса ҳар бир юксак маънавият эгасини бу нодир меросни асраб авайлашга ундайди. Мамлакатимизда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бу соҳада янги босқич бошланганидан, далолат дейиш мумкин. Республика Вазирлар Махкамасининг 2010 йил 7-октябрда қабул қилинган "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ва шу дастур асосида халқ оғзаки ижодининг янги намуналарини тўплаш, уларнинг электрон шаклини яратиш, китоб ҳолида нашр эттириш каби ишлар олиб борилаяпти.
Ҳозирда бутун Республикамиз бўйлаб халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш, тўплаш, ўрганиш ишлари давом этаяпти.
Халқ оғзаки ижодининг 100 томи нашрга тайёрланмоқда. Биринчи томга "Алпомиш" достонининг Фозил Йўлдош ўғли айтган ва Ҳамид Олимжон томонидан ёзиб олинган варианти киритилган. Шу билан бирга, "Ўзбекистон халқ бахшиси" Қаҳҳор бахши Раҳимов куйлаган, "Алпомиш" ва "Бева Барчин" деб номланган қисмлардан иборат версия ҳам китобдан ўрин эгаллаган.
Мазкур 100 томлик тўпламнинг 60 томи халқ оғзаки ижодидаги энг йирик жанр – достонларни ўз ичига олади. Ҳозирда Жанубий Ўзбекистон бахшичилиги йўналишига мансуб бир нечта достонлар ёзиб олинди ва эндилиқда нашрга тайёрланаяпти.
Бугунги кунда халқ оғзаки ижодига бағишланган 100 томлик тўпламнинг дастлабки томлари китобхонлар қўлига бориб етганлиги қувонарли ҳолдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги "Темур ва Боязид", "Гўрўғли" туркумидаги "Нуралининг туғилиши", Қашқадарё-Сурхандарё бахшилари ижодига мансуб бўлган "Оллоназар ва Олчинбек" каби достонларнинг нашрга тайёрланаётгани Қашқадарё вилоятида яшаб ижод қилаётган бахшилар ижодини ўқувчиларга етказишда айни муддао бўлмоқда деб ўйлаймиз.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?