Текст книги "Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари."
Автор книги: Норқизил Кенгбоев
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
1994 йилнинг 12-майида Дехқонобод туманида Қодир бахши Раҳим ўғлининг хотирасига бағишлаб ўтказилган вилоят бахшиларининг кўрик танловида унинг тўнғич ўғли Қаҳҳор бахши Раҳимов Қашқадарё вилоят бахшиларининг Президенти этиб сайланди.
Қаҳҳор бахши Раҳимов 1983 йилда Қарши Давлат Университетининг филология факулътетини тугатган.
– Олийгоҳда бўлиб ўтадиган тадбирларда мен ҳам албатта иштирок этар эдим. Ёшлигимда отам менинг термалар айтишимни сезиб қолиб қаерга борса ўзи билан бирга давраларга олиб юрди бахшичилик маданияти яъни бахши даврада достон термаларни куйлаш жараёнида ўзини қандай тутиши, достон куйлаш, терма куйлаш сирларини ўргатиб борди.
Маҳаллий раҳбарият фуқароларнинг таклифларини инобатга олиб 1996 йилда Қодир бахши Раҳимовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида у яшаб ўтган маҳаллага "Қодир бахши Раҳимов номли маҳалла" деб ном берилди. Бу маҳаллада 1200 хужалиқ яшайди. 4000 дан ортиқ аҳолиси бор. Қаҳҳор бахши шу маҳалладаги 30 – мактабда ёшларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ беради.
– Ёшлигимда қишлоғимизда яшайдиган Юсуф бободан 30 дан ортиқ достонларни урганганман. Ўша даврларда аста-аста мустақил равишда давраларда терма-достонлардан куйлаб ўз репертуаримни бойитиб бордим. Умрим давомида халқнинг Қодир бахшига булган соғинчини, меҳрини оқлашга ҳаракат қилдим, жудолик кунларимда она халқим мени оёққа турғазди, халқ менга мадад қувват бўлди. Бу эса менга катта йўлга чиқиб олишимга туртки бўлди. Ҳаёт йўлларимда отамнинг руҳи менга мадад булди. Бадиҳагуйлик маҳорати ута даражада кучли бўлган отам Қодир бахши тонгни кунга улаб термалар айтар эди. Отам бизларни ҳаётда ҳалол, пок, кечиримли бўлишга, меҳнатдан қочмасликка ундаб келди.
Шукурлар бўлсинки отамизнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмадик.
1989 йили Озарбайжонда бўлиб ўтган халқаро Бутуниттифоқ Болтиқ бўйи ва Кавказ орти мамлакатлари кўрик танловида биринчи ўринни олиб лауреат бўлдим.
1991-1996 йилларда Республикамизда ўтказилган бахши шоирлар кўрик танловида биринчи ўринни олдим.
У нуфузли ЮНЕСКО ташкилоти ўтказган халқаро кўрик – танловлар лаўреатидир. Марказий Осиё бахши – шоирлар, оқин ва жировлар кўрик танловининг ҳам ғолибидир. Қаҳҳор бахши Раҳимов Деҳқонобод туман кенгаши депутатидир. Қашқадарё вилоят оқсоқоллар кенгашининг аъзоси ҳамдир. У 2001 йилда "Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси" деган юксак унвонга сазовар бўлган.
Унинг Абдумурод Раҳимов, Баҳодир ва Баҳром Раҳимовлар, Бойқўчқор ва Зиёдулла бахши Аҳмедовлар каби ўнлаб шогирдлари бор.
– Шу кеча кундузда "Истиқлол" номли достоним устида ишлаяпман. Бу достон оддий ва содда тилда ёзилган бўлиб, қишлоқ шароитида яшаб меҳнат қилаётган фермер ва деҳқонлар, чўпон чўлиқлар ҳамда бошқа фидойи касб эгаларига бағишланган.
Қаҳҳор бахши азалдан халқимизнинг дилида, тилида сақланиб келаётган ҳикматли сўзларни йиғиб давраларда ўзгача маҳорат билан сўзлаб юради, бу ҳам яхши бир фазилат албатта.
Назар тегмай бек бўлмайди, Хизр кўрмай бой бўлмайди.
Бир сафар ижодкор дўстларимиздан бири Абдунаби Абдиев Қаҳҳор бахшига нимадандир хавотирдасиз дея савол берганида, у қалб турида сақланиб келаётган сўзларни яшириб ўтирмади. – Ай.й.й, биродарларим, нимасини айтасизлар асл бахшичилик анъаналари, достонларни билар-билмас чала– чўлпа айтиш, гапира кетса фалонча достонни ёддан биламан дейишади-ю аслида маҳоратлари талаб даражасига тўғри келмайди. Мукаммал иқтидорга эга бўлиш учун бахшиларимиз тинимсиз меҳнат қилиб ўз устларида жиддий машқ қилишлари керак. Назаримда асл бахшичилик анъаналари йўқолиб бораяпти, анъаналаримиз ҳақиқий бахшичилигимиз йўқолиб кетмаслиги керак. Нега водийда катта ашулаларни бошқа мусиқа асбобларини қўшмасдан тарелка билан айтиш анъаналари сақланиб келинмоқда.
Айни пайтда Қаҳҳор бахши турмуш ўртоғи Гулбаҳор Хусанова билан Умид, Илҳом, Шаҳло ва Шаҳноза каби фарзандларини замонамизга муносиб равишда ақлан баркамол, жисмонан соғлом қилиб вояга етказишмоқда.
Қаҳҳор бахши ўзининг эл орасидаги ҳурмат ва эътибори, аввало, ота – онаси туфайли эканлигини қалбдан доимо ҳис этади. Терма – достонларни айтишда эмас, айни вақтда одоб – ахлоқ, оила, рўзғор тутиш, болаларни тарбиялаш, достонни ижро этганда ҳам ўтирган кишиларнинг савиясини ҳисобга олган ҳолда, уларга қайси достон тўғри келиши каби жиҳатларга диққатни тортиб иш куради. Унинг репертуаридан “Ойчинор”, “Ойпарча”,“Гўрўглининг туғилиши”, “Зайдиной”,” Малла савдогар”,”Авазхоннинг олиб келиниши”, “Зайдқул”, “Қайтмас”, “Олланазар – Олчинбек”, "Ёзи билан Зебо", "Бева Барчин", "Туркман Даҳоси" ва бошқа кўплаб достонлар ўрин олгандир. Қаҳҳор бахши "Кўринмас", "Истиқлол", "Бўйдоқларга", "Олтин воқеа", "Қашқадарё қизлари", "Собир қаҳрамон", "Кекса тулки", "Машъал чўпон" каби ўнлаб термаларини ҳам ўзи ижод қилган бўлиб, қиёмига етказиб созга солиб мароқ билан куйлайди.
Қаҳҳор бахши чин маънода серқирра ижодкор бахшидир. Уўз устида тинимсиз меҳнат қилиб, доимо ижодий изланишда бўлади. Бу эса самарали бўлмоқда. У узоқ йиллардан буён ўз фаолиятини достончилик санъати билан боғлаб келаётир. Унинг қалб саховатини даврадагилар мудом ҳис этадилар ва олқишлар билан сийлайдилар.
Бундан илҳом олган бахши эса достончилик санъатини булоқ сувидек доимо пок сақлаб келмоқда. Бугунги кунда унинг ўзи ҳам укалари Абдумурод, Баҳодир ва Баҳромларни ҳамда бошқа шогирдларини янги бир тўлқин, бир шиддат билан мазкур соҳага олиб чиқаётган бағрикенг устоздир.
Зеро инсон маънавиятида қадимдан достончилик санъатининг ўрни бўлакча бўлиб келган. Дарҳақиқат бу санъатга хизмат қилган ижодкор асло кам бўлмайди. Қаҳҳор бахшининг узоқ йиллик машқлари, ўқиш ва ўрганишлари, устозлар угитига амал қилиши, дўстлар маслаҳатига қулоқ осиши, ўзидан куртак ёзган талант бугунги кунда уни бахшичиликнинг юқори чуққиларига олиб чиқмоқда. Мухлислари у билан бўладиган учрашувни ҳамма вақт, ҳар сафар орзиқиб ташналик билан кутишадилар. Бу эса Қаҳҳор бахшига достончилик санъатига яна ҳам меҳр-муҳаббат билан ишлашга, янги-янги достонлар, термалар, айтишувлар ва халқ оғзаки ижодиётининг турфа хил турлари бўйича янги асарлар ижод қилишга руҳлантирмоқда, айни вақтда унга бу борада катта маъсулият ҳам юкламоқда.
Қаҳҳор бахши узоқ йиллардан буён Ўзбекистон радиотелевидениеси орқали тез-тез ҳар бир хонадоннинг азиз меҳмони бўлиб келмоқда. Одамлар эса бу юзидан нур томган, алпкелбат, ёқимтой, хушбичим, хушчеҳра, хушфеъл, хушсурат, хушовоз бахшининг ҳар бир чиқишини интизорлик билан кутадилар.
Қаҳҳор бахши Раҳимовнинг сержило ижодини таниқли ёзувчи Абдуқаюм Беккамов қуйидагича изоҳлайди.”Мен оддий ёзувчи бўлсам-да узоқ йиллардан буён Қаҳҳор бахшининг ижодини ва санъатини ажиб бир туйғу, қонмаган қизиқиш билан кузатиб келаман. Унинг беназир овози, ҳикматга тўла термалари ва дилбар тароналари мени ҳали– ҳамон ўз сеҳрига тортади.
Истеъдод ва қобилиятни Оллоҳ– таола ўз бандаларига ўзи юқтиради. Худо берган қобилият эгалари эса тинимсиз меҳнат қилиб, уни бойитса, албатта ўз орзуларига етади. ”
Қаҳҳор бахши Раҳимов туркман халқининг улуғ шоири Махтумқулига бағишлаб яратган "Туркман даҳоси" номли достон ёзган. Шу достондан бир парча келтиришни азиз ўқувчиларимизга лозим топдик.
(Махтумқули ҳақида достон)
Бугун ҳам подачи шоир бола кўксига китобини босиб, ўнг қўлтиғига заранг таёғини қисиб кўкраги Сангги тоғидай ўсиб қумдаги патларни оёғидаги муккиси билан ғарчиллатиб босиб, подаларни тўдалаб ҳайдаб келаётибди. Орқасидан бир кишининг бехосдан "Ассалому алайкум шоир бола" деган товуши эшитилди. Чўпон бола орқасига шартта бурилиб қараса ўнг томонида бир кекса чолнинг табассум билан қараб турганини кўриб "ва алайкум ассалом" деб жавоб қайтарди. Шунда оқ соқолли, оқ кийимли ва эшакли бу чол чўпон болани синаб кўрмоқчи бўлиб: "туркман болам, не учун китобга бунча ихлосинг баланд, кўп ўқийсан, пода боқсанг нон топасан, китоб ўқиб не муродингга етасан, балки кўз нурингдан айрилурсан, кеч китобдан" деб ўзи кўз қири билан разм солиб турди. Шу пайт шоир бола бобонинг саволига бурро тиллари, тиниқ фикри ва чуқур мулоҳазаси билан шундай жавоб айлади:
Исломнинг таянчи, халқнинг имони, Сизга сўзлар бўлсам бобо китобдан. Жаҳонни англамоқ фазонинг жони, Илмнинг калити бобо китобдан.
Саҳродан олинган зумрад, кумушлар Чўлларда товланган тилла идишлар, Бизгача топилган ҳар қандай ишлар, Сизга сўзлар бўлсам бобо китобдан.
Инсон эътиқоди, қалб фазилати, Худойимга бўлган чух муҳаббати, Жангда Баҳодирнинг ҳар матонати, Сизга сўзлар бўлсам бобо китобдан.
Ўқиган ҳар инсон етар муродга, Бир шеърни англамоқ тенгдир давлатга, Донолар боқмайди ҳеч омонатга, Бу ишнинг ҳикмати бобо, китобдан.
Илм билган одам сира хор бўлмас, Олтинга, кумушга мудом зор бўлмас, Ўқимаган одам билинг ор билмас, Не хосият бўлса бобо китобдан.
Китобнинг илмини бир дунё билдим, Ҳар сўзин кўзимга бир зиё билдим, Илмсиз кишини мен қуя билдим, Не яхшилик бўлса бобо китобдан.
Шунинг-чун кўзимга бу дунё кенгдир, Ҳар қандай юмуш ҳам илм-ла ўнгдир, Шул сабаб ҳар китоб офтобга тенгдир, Не донолик бўлса бобо, китобдан.
Меҳнат ҳам илмга буркар танини, Иш билсанг тоғлар ҳам берар жонини, Мен азиз англайман меҳнат нонини, Не сўз айтган бўлсам бобо китобдан.
Алқисса Қамбар бобо чўпон боланинг ақл-заковати, пойим-паросатига, чуқур билим қобилиятига хурсанд бўлиб, "Офарин болам, офарин. Китоб-жамики муаммоларнинг ва инсон тафаккурининг калитидир. Раҳмат сенга, ўғлим. Китобни, илмни ва меҳнатни севган одам хор бўлмайди. Қани, менга китобингни берчи, болам", – деди Қамбар бобо. Чўпон йигит бағрига босиб турган жигарранг китобни бобога таъзим билан ўнг қўллаб узатди. Қамбар бобо бу китобни қўлига олиб: "Ўҳ-ҳу, Навоийни хам билурмисан, – деди болага ҳурмати ошиб. -Ҳа -деди чўпон одоб сақлаб. -Исминг надур болам?-деди Қамбар бобо. -Менинг исмим Махтумқули. Давлатманд шоирнинг ўғли бўламан, ёшим ўн саккизда, -деб доно-доно жавоб берди чўпон йигит. -Кел, унда мен сенга бир дуо берайин, ма китобингни бағрингга босиб, қўлингни дуога оч, деб Қамбар бобо қиблага юзланди. Шу пайт бутун борлиқ сукунатга бурилди, сувлар шалдирашдан, чўллар милдирашдан, тоғ тошлари ғилдирашдан, чумчуқлар чўлдирашдан тинди. Тоғ устидаги паға-паға булутлар ҳам чайқалиб, жилваланаётган денгиз мавжлари ҳам, ҳайқириб пишқираётган тоғ шамоли ҳам, ҳатто уфққа ботаётган қуёш ҳам бир он тўхтаб бобо дуосининг мустажоб бўлишини ёлғиз худодан сўраб турдилар.
Мард бўларман десанг мардни излагин, Номард йўлдан кўп айланма панд берар. Йигит бўлсанг юртга соғлик кўзлагин, Эл соғ бўлса тош ўрнига қанд берар.
Имонингни сақла, бўлсанг мусурмон, Доно бўлсанг ёғий бўлар қадрдон. Қоматингни алиф қилар парча нон, Нон ушоғи томирингга қон берар. Яратганни мудом сақла дилингда, Қуръон оятлари бўлсин тилингда. Бир парча нон, китоб бўлсин белингда, Чўлда қолсанг юрагингга жон берар.
Ота пиринг оққиб очар йўлингни, Савоб учун ҳеч қайтарма қўлингни, Муқаддас бил ота юртинг, элингни, Ана шунда душман сенга тан берар.
Бахилларни шерик қилма борингга, Фақат дўстинг чопқиллайди орингга. Деҳқон бўлсанг буғдой сепгил ерингга, Зориққанда дастурхонга нон берар.
Бевафога меҳр бериб хушлама, Минг товланса бориб қўлин ушлама, Сўнг аттанг, деб хумор кўзни ёшлама, Фохишалар равшанликка тун берар.
Фозил бўлсин бирга юрган йўлдошинг, Ёмон кунда отанг бўлсин белдошинг, Доно бўлса бирга ётган сирдошинг, Зулматингни қўвиб сенга кун берар.
Қаҳринг келса олма қўлга тиғини, Хазон қилма гул йигитлик чоғини, Қўйни сўйсанг отма думба ёғини, Манманлик ҳам охир бориб хун берар.
Дўст билмагин тўғри келса ҳар ёвни, Ёмғир ёғса пана билма ўтовни, Агар топсанг сайлаб мин бир бедовни, Яхши тулпор мард одамга син берар.
Камбағални кўрсанг кўнглин овлагин, Сағир кўрсанг унга меҳр тайлагин, Очни ушлаб тамоғини мойлагин, Яхши одам сўраганга ун берар.
Чорламаса борма биров уйига, Рўхсат бўлмай хоким бўлма тўйига, Ҳар бир гапни ишлат керак жойига, Шунда худо сенга сўздан кон берар.
Азизман авлиё сенга ёр бўлсин, Қирқ чилтон йўлингда доим бор бўлсин, Пайғамбар, чориёр мададкор бўлсин, Сиғинсанг донолар сенга куч берар.
Сенинг-чун қалбимдан бугун жўш урдим, Яратган худога сени топширдим, Омин деб қўлимни энди қўширдим, Ҳақ сўзга сиғинсанг эгам нур берар.
Шунда бутун борлиқ Махтумқулига қўшилиб "омин, оллоҳу акбар" деб дуо қилиб юбордилар. Махтумқули бўлса Қамбар бобога раҳмат айтмоқчи бўлиб қичқира бошлади…
Шоқул бахши Мирзаев
“ Алпомиш” достонида баён этилишича барча вазифа Барчин ва Алпомишга юкланган. Уларнинг хизмати шундаки, Бойсун – Қўнғирот уруғини қайтадан бирлаштирди, уларни инқироздан чиқарди. Бу достондаги етакчи ғоядир. Шу жиҳатдан ўзбек халқининг давлатчилик тарихини ўрганишда асарнинг қиммати бениҳоя каттадир. Бойсарининг қалмоқлар юртига кетиши, айниқса, Барчин учун оғир мусибат, оғир юрт ва муҳаббат айрилиғи эди. У онасига дейди:
Бу кўчишинг, эна менинг шўримдир,
Бой отамман, бий бобома не бўлди.
ёки
Хотин бўлмасмикан эрнинг вазири,
Насиҳат қилмапсан, эна муштипар!
Бу албатта Барчиннинг, юрак дарди,тўғёнли алами.Оилада хотиннинг ўрни билан боғлиқ масала.Барчин эса урф одатга кўра отага қарши чиқа олмади. Қалмоқ юртига кетишга мажбур бўлди. Барчин “ғайрий динман қандай ўйнаб куламан”, деб изтироб чекади, холос. Барчин Қалмоқлар юртида алпларга дуч келади. Кўкаман алпга айтган қўйидаги сўзлари унинг маънавий дунёсини англатади.
Эркак либосини ўзим киярман
Бор кучимни билагимга жиярман
Қирқ мингингни бир деб санаб қирарман.
Мени олмоққа ҳаддинг борми, бадбахтлар!…
Достонда китобхонларга ибрат бўладиган шу ўринга алоҳида эътибор бермоқ керак. Барчин Қалмоқларнинг 90 Алпидан олти ойга муҳлат олди. Алпомиш шу вақт ичида келмаса, қалмоқларнинг бирига турмушга чиқиши шарт. Барчин Бойсун -Қўнғирот элига Алапомишга хат йўллайди.
Алпомиш Қалмоқлар юртига етиб келади.
Аммо Алпомиш Барчин ёнига тўғри бормайди. Ўзининг келганини Қоражон орқали маълум қилади, бу билан Шарқона одоб сақланади.
Шунингдек Барчин ҳам тоқатсизлик билан Алпомишга кўз тикиб ўтирган, Барчиннинг Қалмоқларга қўйган шартига икки соат вақт қолган эди.Бироқ Барчин Алпомишнинг келганини билгач: “Алпомиш тез мени олиб кетсин” демади. Ҳамма гап шундаки, Қалмоқларга сўз берган, сўзининг устидан чиқиши ва уларни ҳам рози қилиши керак эди.
Шунинг учун 4 та шарт қўйди. Аммо кўнгли Алпомишда. Бў достонда яхши акс эттирилган. Алпомиш барча шартларни бажариб, уруш жанжалсиз Барчинойни Бойсун– Қўнғирот юртига олиб келади.
“Алпомиш” достонининг иккинчи қисмида тугал –тўлиқ адолат ўрнатилиб Бойсари бошлиқ Қўнғиротликларни ўз юртига қайтариш учун Қалмоқлар юртига борганлигини англаймиз.
Пурвиқор Деҳқонобод тоғларига олис-олисдан, яқиндан туриб разм солсангиз қизғиш-сариқ ажиб бир тилло рангда чўлғангандай кўринади. Унга яқинидан бориб қарасангиз, янада ажойиб ; кифт тираган тизмалар уланиб– уланиб, баланд қояларга туташиб кетган. Ҳар фасл ўз ранглари, жилоси билан тоғнинг ён – атроф, этакларига чунонам чирой бағишлайдики , тез орада унинг мафтўни бўлиб қоласиз.
Хўжамахмуд қишлоғи салобатли Деҳқонобод тоғларининг сўлим бир гўшаси. Мана шундай хушманзара ажойиб маскандан дунёга донғи кетган буюк Қодир бахши Раҳимов етишиб чиққан эди. Бахшичиликда ва дўмбира чертишда донг таратган бу инсон ўзидан бадий жиҳатдан юксак даражада ёзилган термалар, достонларни мерос қилиб қолдириш билан бирга, кўплаб талантли, иқтидорли бадиҳагўйлик маҳорати кучли бўлган ёш бахшиларни ҳам етиштириб чиқарган эди. Унинг шундай муносиб шогирдларидан бири Шоқул Мирзаев эди. Қодир бахши Шоқул бахшининг келажагига ишонган, унга ихлоси баланд, унинг бахшичилик маҳоратига юқори баҳо берган эди. Уз даврида Қодир бахши таниқли фольклоршунос олим Абдиолим Эргашевга “ Шоқул бахши бадиҳада кучли, эътибор беринг”, – деган эди.
Шоқул бахши Мирзаев 1956 йил 14 июнда Деҳқонобод туманидаги Хўжамахмуд қишлоғида туғилди, маълумоти ўрта, касби ҳайдовчи. Отаси Мирзаев Исмоил ватан уруши қатнашчиси , ўз даврида дўмбирани жуда яхши чертган, 1997 йили вафот этган. Онаси Эгамбердиева Қизлармона 1928 йилда туғилган. Ўланларни, турей-турейларни маромига етказиб маҳорат билан айтган.Аёли Эсонова Анорхол опа билан 8 фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Унинг фарзанди Абдумалик Мирзаев ота боболари изидан бориб, терма ва достонларни ўзига хос овозда мароқ билан ижро этиб келмоқда.
Ёш Шоқул ҳам ўқувчилик йилларидаёқ она тили ва адабиёти дарсларига ўзгача меҳр қўйди, халқ достонларини тинмай мутолаа қилди, қўлига дўмбира олиб тўйларда дўмбира чертиб элнинг назарига тушди. Унинг 2014 йилда “Насаф” нашриёти томонидан “Оҳу ноласи” номли шеърий тўплами, 2015 йилда “Тулпорим” номли термалар тўплами, 2016 йилда шу нашриёт томонидан “Жаҳонга довруғли Ўзбекистоним” номли китоблари нашрдан чиқди. Унинг “Жаҳонга довруғли Ўзбекистоним” номли китобига бир-биридан қизиқарли гўзал термалар ва “Кунпўлат”номли достони киритилган.
Шоқул бахши кўзларини юмиб, берилиб завқ –шавқ билан табассум билан назокат ила сел бўлиб чайқалиб-чайқалиб ўзига хос ёқимли овозда ўз термаларидан куйлайди. Фолъклоршунос олимлар унга “Термалар қироли” дея баҳо беришмоқда.
Шоқул бахши Мирзаевнинг ижоди ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли фолъклоршунос, давримизнинг етук адабиётшунос олими Абдиолим Эргашев қўйидаги фикрларни билдирди “Шоқул бахши Мирзаев ўз касби, иқтидори, бадиҳагўйлик маҳорати, термаларни ижро этиш ва янги термалар яратиш маҳорати, анъанавийликни сақлаш даражаси билан ажралиб туради.
Шоқул болалигидан машҳур Умир шоир Сафаровнинг жўшиб достон, термалар куйлаганини яхши эслайди. Ақлини таний бошлагач эса беназир талант эгаси Қодир бахшининг ёш шогирдлари сафидан ўрин эгаллади. Ўз бадиҳагуйлик иқтидори билан устоз назарига тушди. Ижодда устоз анъанасини давом эттирди. Бу Шоқул бахшининг термаларида ҳам ўз аксини топди. Биргина мисолга эътибор беринг Қодир бахшида:
Келиной келар ҳимиллаб,
Бетида тери жимиллаб,
Ҳар бир қадам босганда
Летибалари қимиллаб.
Шоқул бахшида :
Қошин қоқиб, кийиниб, ҳимиллайди, ёр-ёр,
Яноғида летиба қимиллайди, ёр-ёр.
Оҳудайин ўйноқлаб дингиллайди ёр-ёр,
Устидаги атласи жимиллайди ёр-ёр.
Қодир бахшидан келтирган мисол “Келиной” достонидан. Шоқул бахшидан олинган парча эса “Ёр-ёр” термасидан . Шоқул бахши маҳорати шундаки, достондаги эпик тасвири билан, ёр –ёр қўшиқларидаги усулни бирлаштира олади. Шоқулда бундай анъанадан унумли ва ўринли фойдаланилган ҳолатлар кўп. Шоқул бахшида бошқа бахшиларда биз кўрмаган бир хусусият бор. У анъанавий достон ва термаларни ижро этганда, бадиҳа йўли билан ўз унсурларини қўша олади ва қайта ижрода шу унсурлар яна ўзгариши мўмкин. Аммо ўзи яратган замонавий термалар қайта-қайта ижрода ҳам ўзгаришга учрамайди, дастлабки ижро миясида тошдек қотиб ёд қолади ва аслини сақлайди.
Шоқул Мирзаев яратган “Икки қадрдон”, “Қашқадарё ”, “Тулпорим”, “Шоирага таъзим”, “ Қўнғирот ўтови” каби термаларнинг ҳар бири мавзунинг долзарблиги, халқчиллиги, тасвирнинг ҳаётийлиги, таъсирчанлиги, мазмунининг чуқурлиги, ифоданинг соддалиги , тушунарлилиги, сўзларнинг ўринли қўлланиши , бадиий тасвирий востиларнинг мўллиги билан ажралиб туради. Шоқул бахши ижодида Ватанга меҳр-муҳаббат, уни улуғлаш , эришилаётган ҳар бир ютўқлардан яйраб қувониш етакчилик қилади:
Иқтидорли бўлди ўғил қизларинг,
Тоғ бетидан ошди пўлат изларинг.
Жаҳон ичра ёрўғ нурли юзларинг,
Ижозат бер, Ватан, куйлайин яна.
Дер экан, бахши кучли бадиҳа қобилиятига эга бўлганидан, юртимиздаги , ҳатто қишлоқдаги ҳар бир ўзгариш, янгилик, эзгу мақсад учун қилинаётган савоб иш ҳақида терма яратиб, шу тарзда таланти, маҳорати, иқтидорини кўрсатиб репертуарини мунтазам бойитиб бормоқда.
Шоқул бахши, ўндан ортиқ достонларни билади, уларни созда ва созсиз айтиб бера олади. Демак эпик билимга эга. “Кунпўлат” достони халқдаги ҳикоя (ривоят) асосида эпик билимга эгалиги туфайли Шоқул бахши ижод қилган достон у фақат Шоқул бахши репертуарига хос ва анъанавий достонлардаги хаёлот билан боғлиқ сюжетга эга эмас, фавқулодда ҳодисалар мифалогик ва илоҳий образлар учрамайди”. Энди Шоқул бахши Мирзаев яратган термаларга эътиборингизни қаратамиз:
ҚАШҚАДАРЁ
Ҳисор тоғ тизмасидан майин шамол эсади,
Қашқанг зилол сувига чўлларда гул ўсади,
Сарҳадингни ёвлардан ўғлонларинг тўсади,
Аждодларимдан мерос, Ватан Қашқадарё,
Сенинг бирла биргадир, жон, тан Қашқадарё!
Ястанади тоғларинг, чўққисида оппоқ қор,
Тупроғинг, тошларинг мисли зарга баробар,
Дунё яшнаганингга бўлаётир иқрор,
Қўшиқ қилиб куйлайман, фахрим Қашқадарё,
Киндик қоним тўкилган, юртим Қашқадарё!
Ирмоқ бўлиб қўшилар сенга Катта Ўраси,
Сурув қўйларга тўла чорвадоринг қўраси,
Қир -адирда элади, тулпор отлар сараси,
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё,
Ҳар гўшаси гуллаган, обод Қашқадарё!
Нўронийлар кулганда, нўр тўкилар юзидан,
Калий ишлаб чиқарар Хужаипак тузидан,
Заводларни қуради, бир-бирининг изидан,
Ҳар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё!
Оқар дарёларингнинг сувларида сеҳри бор,
Кексаларга ёшларнинг юрагида меҳри бор,
Дунёда тинчлик деган қонунимиз муҳри бор,
Ҳар гўшаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман , озод Қашқадарё!,
Оппоқ пахта очилар ғўзангнинг чаноғида,
Бутун жаҳон кулгуси гудагим яноғида,
Фаришталар дуода субҳидам, тонг чоғида,
Хар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё!
Элимнинг иқтидорли ўғиллари, қизлари,
Билим олиб, хорижда янграйди сўзлари,
Булбулдайин сайрайди бахшиларнинг созлари,
Ҳар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё!
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё!
Тоғлардан юксалади ғалла, пахта хирмонинг,
Жаҳонда от ўйнатди Амир Темур султонинг,
Истиқлолга йўл очди, Ислом ота ўғлонинг,
Ҳар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё!
Бургутларнинг макони чўққи ҳамда қоялар,
Қарши чўлингда яйрар қўш ўркачли туялар,
Ҳасад қилганлар кўрса, юзин буриб уялар,
Ҳар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман, озод Қашқадарё!
Чеварлар каштасида товланади юлдуз, ой,
Тарихдан бизга мерос ҳашаматли Оқсарой,
Кўз тегмасин юртимга, қўллагин Қодир –Худой,
Ҳар гушаси гуллаган, обод Қашқадарё,
Қўшиқ қилиб куйлайман,озод Қашқадарё!
Терма , достон жаранглар дўмбирамнинг куйида,
Машшоқлар қўшиқ айтар мустақиллик тўйида,
Шоқул термани куйлар Қашқадарё бўйида,
Ҳар гушаси бир бўстон, обод Қашқадарё,
Достонларга сиғмаган, озод Қашқадарё!
ҚЎНҒИРОТНИНГ ОДАТИ
Ўрасига арпа буғдой жойлайди,
Кўпкарида қўшша така тайлайди,
Қўшиғини дўмбирада куйлайди,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Патирига қаймоқ қўшиб ийлайди,
Меҳмонини тандир гўштда сийлайди,
Ҳаккарисин чарби билан мойлайди,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати,
Тулпорини олти ойлаб бойлайди,
Чироз тутиб дикдикани тайлайди,
Айирар деб кеча -кундуз ўйлайди,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати,
Арча билан заранг экан ўтини,
Бирдан билар қилар ишнинг чўтини,
Эрта билан қаймоқ берар хотини,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати,
Сурув қўйи ўтлар тоғлар бетини,
Кадисида совар сигир сутини,
Маржон деб мақтайди ола итини,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Яйловлари сувли сойнинг бўйида,
Чўпонлари юрар доим қўйида,
Ботмон гуруч пиширади тўйида,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Эчки жундан арқон, айил эшади,
Қатиғини тол кубида пишади,
Пишаберса сари мойи тушади,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Тандирига солар қўйнинг қийини,
Кураш билан кўпкаридир ўйини,
Ҳурмат қилар ўйнаб ўсган жойини,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Белқарсига осиқлидир пичоғи,
Кеча– кундуз тутаб ётар ўчоғи,
Меҳмонига очиқ доим қучоғи,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Янги кўрса дуо қилар ойини,
Дунан чиқмай кузаб қўяр тойини,
Камарда сақлайди қорин мойини,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Қозонини қайроқ тошдай ғишлайди,
Биломиқ еб кунжитини хушлайди,
Мийзам учса қовўнини лошлайди,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Иморатни сомон билан лойлайди,
Мард йигити сулув қиздан сайлайди,
Ошиқлари маъшуқасин пойлайди,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Тол тобоқда ичар кескан ошини,
Кампирига чоли қоғар қошини,
Салла билан ўраб юрар бошини ,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Совганида эчкилари ияди,
Қўвўрмочни толқон қилиб туяди,
Айронини қурўт қилиб жояди
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Кам бўлмасин ўзбек элнинг довруғи,
Обод бўлсин оқ ўтовдай қўрғони,
Шоқул бахши Қўнғиротнинг полвони,
Қизиқ экан Қўнғиротнинг одати.
Азим бахши Хўжаев
(1929-1993)
Ўтмишда ҳозиржавоблик бахши-шоирларга хос бўлган ижобий фазилат саналган. Бу ноёб қобилият ҳар кимга ҳам насиб этавермаган. Шоир Эргаш Жуманбулбул ўғли яшаб ўтган Нурота туманидаги Қўрғон қишлоғи азалдан шоир ва шоиралар маскани бўлган. Атоқли фольклоршунос олим профессор Ҳоди Зариф “Эргаш шоир ва унинг достончиликдаги ўрни” китобига киритилган “Улкан халқ санъаткори” мақоласида шундай дейди:
“Оғиздан-оғизга ўтиб, бизга етиб келган маълумотга кўра, қозоқ оқинларидан бири Қўрғон қишлоғига келган ва у ердаги шоирларни кўриш, улар билан айтишиш иштиёқида эканлигини билдирган. Уни Қўрғон қишлоғи шоирлари йиғинига йўллаганлар. Суҳбат орасида айтишиш бошланиб, қозоқ оқини йиғиндаги шоирларни енгган. Ғолибнинг маҳоратига тан берган бир ўзбек бахшиси : “Сен бизнинг Султон кампир билан тенг экансан ”, – деган эмиш. Оқин Султон кампирнинг уйини сўраганда, уни йўлга солганлар. У отини миниб сой бўйига тушуши билан от бўйнини чўзиб сув ича бошлаган. Ёзнинг куни бир-бирининг устига сув сочиб ўйнашиб юрган болалардан Султон кампирни сўрабди. Болалар орқасига бурилса, Султон кампир кўза кўтариб, сойга эниб келаётган экан. Шу он қичқиришиб танитадилар. Шоира сув бўйига етиб келиши билан оқин:
Сендан савол сўрайман, турган зайип,
Усу турган товларинг неча жасар?
–деб Оқтовни кўрсатган.
Шунда шоира:
Худойимнинг ишин кўр,
Фалакнинг гардишин кўр,
Мен билмайман ёшини
Оғзин очиб, тишин кўр!– ”
-деб жавоб берган ва оқинни енгган экан.
Азим бахши Хўжаев 1929 йилда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Чиял жамоа хўжалигига қарашли Тўқмор қишлоғида ҳунарманд оиласида туғилди. Азимнинг отаси Хўжа бобо донишманд, янгиликка интилувчи, қизиқчи одам бўлиб, уйида махси-ковуш, қовға тикиш жараёнида халқ достонларидан хиргойи қилар эди. Отасидан эшитган халқ достонларидан айтилган термалар ёш Азимнинг мурғак қалбида муҳрланиб қолар ва ўзича айтиб юрар эди.
Ёш Азим бошланғич таълимни 1939-1941 йилларда Чиялидаги бошланғич мактабда олди. Ўз тенгқўр дўстлари Қўйлиев Жуман, Диёров Исмоил, Жуманов Урал, Саипов Бекмирзалар билан мактабга бориш ва келиш чоғларида халқ достонларидан айтишиб, булбулдай сайраб келар эдилар. Бу орада кўпчиликнинг қалбига битмас – туганмас жароҳатлар солиб уруш бошланиб кетди. Ёш Азим уруш йилларида меҳнат фронтида фаол қатнашиб, шу билан бирга термалар айтиб, оддий халқни меҳнат қилишга илҳомлантирди. Дала ишларига асосан ғалла ўрим – йиғимига хотин – қизлар жалб этилган бўлиб, улар ўроқ билан ғалла ўришар эди. Ёш Азим аёлларга турли юмушларни бажаришда қўлидан келганича ёрдам берар, улар ўрган ғалла урамларини йиғиштирар, бошоқларни боғлар, сув ташиш каби ишларни эпчиллик билан бажарар эди.
Аёллардан бировининг эри, бошқа бирининг энг яқин жигарбанди урушда ҳалок бўлгани ҳақида қора хат олган пайтлар, кўпчиликнинг дили хуфтон бўлиб юрган вақтларида, тушликка чиққанларида Азимни ўртага олишиб, достонлардан айттиришар эди. Шу тариқа Азим айтиб берган термалар аёлларга оз бўлсада юпанч, далда бўлар, диллари хушнуд бўлиб кўтаринки руҳ билан яна дала ишларига киришиб кетар эдилар.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, Ватан уруши йилларида душман билан бўлган жангларда кўплаб Чиялилик паҳлавон йигитлар шаҳид кетдилар. Биргина Ғаллакор қишлоғидан 16 баҳодир йигитга она диёрини қайта кўриш насиб этмади. Булар Боймуродов Хурсанд, Раҳмонов Жовли, Сориев Ўнгбой, Хуррамов Қўзи, Бердиев Мейли, Эрдонов Қорабой, Мўминов Холмамат, Холмирзаев Парда, Арзиев Бекмурод, Мостов Жўра, Бердиев Бобоёр, Умидов Ўрол, Боймирзаев Жовқоч, Жумаев Тоштемир, Пардаев Жовли, Қиличев Очил Тоқчи қишлоғидан Саманов Азамат ва бошқа навқирон йигитлар эдилар. Ватан учун бўлган жангларда мардлиги ва кўрсатган жасорати учун Чиялилик Махмарасулов Диёр, Эрназаров Лапас, Қиличев Улаш ва Назаров Оқбуталар “Қизил Юлдуз” орденини тақиб қайтдилар.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?