Электронная библиотека » Норқизил Кенгбоев » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:40


Автор книги: Норқизил Кенгбоев


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Бунинг бир куни дўмбирамни синдириб қўяди, – деб койинардилар отаси. Тўрт ёшга кирганида бўйига мослаб, қошиқдан сал катта дўмбира олиб бериб қутулдилар. Қаҳҳор бахши ёшлик чоғларини қуйидагича ифодалайди.

– Уйимизда тез – тез бахшилар гурунги, гап – гаштак бўлиб турарди. Ҳеч бўлмаганда отамнинг беш – олти жўралари келиб:

– Қодир, янгиларидан айтиб бер – дейишар, отам онамга қозонга ўт қалатиб, овқат тадорогини кўрдирар, сўнгра дўмбира чертиб, достон айтишга тушардилар.

Меҳмонхонамизга айвондан ўтиб кириларди. Кўпинча менга хонадан жой етмаса, шу ерда ўтириб олардим.

Ҳам соз, сўзнинг унчалик фаҳмига етмасамда, давра тарқамагунча жойимни тарк этмасдим. Шундай гаштакларнинг бирида меҳмонхона тўлиблар кетди. Кўпчилик ичкарида жой етишмаслигидан айвонда чордона қуриб ўтиришди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилиб олдим. Отам шу куни ҳар кунгидан ҳам жўшиблар айтди, дўмбира сайради десам кам бўлар, бир парча ёғоч нолалар қилди.

Ўтирибман, вужудим зир қаҳшаб, достоннинг охири кўринмас, одамлар тарқалишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Олти ёшли гўдак, туриб кетай десам даврани кўзим қиймайди, тун ярмидан оққанда уйқу элитибди. Онам секингина кутариб, жойимга келтириб ётқизибдилар. Кўп ўтмай уйғониб кетибман, дўмбира овози баландлагандан, баландлаб борарди, сакраб ўрнимдан туриб:

– Достон эшитмоқчи эдим, мени ким бу ерга келтирди? – деб хархаша қилган чатағин даврага бориб қўшилибман.

Отам бирров ҳовлига чиққанларида яна кўзим илинган экан.

– Болангга қарасанг бўлмайдими, – деб онамни койибдилар.

– Нима қилай, боя жойига кўтариб келгандим, уйғониб кетиб, тоза ғингшиди, охири "Бор-ей, уйқудан қолсанг ўзингга", деб чиқариб юбордим.

Отам:

– Бунингнинг қулоғи дўмбирадан бошқа нарсани эшитмайди. Майли сен дамингни олавер, Қаҳҳорни ёнимга олиб кираман, ётса ичкарида ётар, – дебдиларда,мени меҳмонхонага олиб кирибдилар…

– Мен достон куйлашни бешикдалик чоғимдаёқ ўрганганман, – деди Қаҳҳор бахши отамерос дўмбирасини созлай туриб-отам қирқ ёшга тўлганида бахшичиликнинг энг юқори поғонасини забт эта олган. Негаки шу ёшида мамлакатимиз бахшилари орасида энг кўп – 74 та достонни ёд олган ва эл орасида куйлаган. Рости, дўмбиранинг саси қон – қонимга сингиб кетган. Бусиз ҳаётимни тасаввур этолмайман.

– Болалигимизда уйимизга Қашқадарё ва Сурхондарёнинг барча туманларидан отамнинг шогирдлари тез – тез келиб турарди. Тонгга давур достонлар куйлашарди. Отам ўзи раҳмдил, бироқ талабчан устоз эди. Қай бир шогирдини баҳсу беллашувда рағбатлантирса, бошқасини жазоларди. Жазога тортилган шогирдларини айтишувдан сўнг алоҳида олиб қолиб, батафсил тушунчалар берар, узр сўрашни ҳам унутмас эди. Отамнинг ана шу хислатларими, шогирдларига ёқиб тушиб, устозидан ҳеч ҳам хафа бўлмасди. Аксинча, атрофида парвона бўлаверарди. Отам шогирдларини, баъзида мени ҳам ёнига олиб, ҳафталаб, ойлаб элнинг тўю маъракаларида хизматда бўларди. Бу эса биз учун "Маҳорат мактаби" вазифасини ўтарди. Нимаики ўрганган ва билган бўлсам, отам ва шогирдлари ёнида юриб, илғаб олганман. Отам зеҳнимга кўп бора тасанно айтгани ёдимда. Бугун шогирдларимдан ҳам шуни талаб қиламан. Чин бахши халқона бўлади. Халқона дегани бу туғма талант дегани. Бахшига Худо истеъдод бермаса бахши бўлмайди.

Қаҳҳор бахши, умуман, Раҳимовлар сулоласи ҳақида гап кетганда, дастлаб унинг падари Қодир бахши Раҳим ўғли, бобоси Раҳим бахши, катта боболари Жоббор бахшиларни эсламасликнинг сира иложи йўқ. Негаки, улар ҳаёти мазмунини бахшичилиқдагина деб билмасдан, халқ оғзаки ижоди маҳсули саналган достон, лапар ва термаларни устозларидан пухта ўрганиб, келгуси авлодга етказишда кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Қаҳҳор бахшининг тоғалари – Ражаб бахши, Нормурод бахшилар ҳам бахшичилиқда ном таратган, "тўрғай" овоз соҳиби бўлишган.                  Термаю достонларни маромига етказиб куйлаган. Демакки бахшичилик Қаҳҳор бахши Раҳимовлар сулоласининг қонида бор бобомерос дўмбира ҳеч қачон ерда қолмагай. Улар – бахшичиликнинг ҳақиқий усталаридир.

Қаҳҳор бахши отасига атаб марсия ёзган: У "Кўринмас" деб номланади. Бу марсияда Қодир бахшига хос хислатлар маҳорат билан куйланади.

                  Чўлда карвон келяпти, олдида нор кўринмас,                                          Осмонда булутлар кўп тоғларда қор кўринмас.                                          Давом этар йиғинлар атрофларга қарайман,                                           Келбатли, салобатли Отажоним кўринмас.

                  Карвон юрса йўлларда йўл бошлаган нор эди,                                           Бахшилар бел боғлашса, ҳар йиғинда зўр эди.                                           Ҳурматли эди элда, барча баробар эди,                                                 Ор талашган сардорим эл ичида кўринмас.

                  Оқшом бошлаб достонни, қирқ кечада биткариб,                                     Алпомишни Ойбарчиннинг висолига еткариб,                                           Ёш – қарининг қалбидан бор армонни кеткариб,                                     Тебраниб куйлаётган денгиз отам кўринмас.

                  Гўрўғлини ўйнатиб толғир отга миндириб,                                           Боғ эрамда Мисқолнинг юрагини ёндириб,                                           Зарба қилса арчанинг танасини синдириб,                                           Сел каби оқаётган тошқин дарё кўринмас.

                  Овозидан қув ёғоч мева боғлар шохига,                                                 Ҳай – ҳай деган товуши етар Кўтан товига,                                           Мамизига Гўрўғли ташлар эди ёвига.                                                 Чин берилиб куйласа тоғу – тошлар йиғларди,

                  Тулғониб куйлаганда музлар оқар сел бўлиб,                                           Гар ёғочни мақтаса очиларди гул бўлиб,                                                 Даврадаги чолларнинг кўз ёшлари кўл бўлиб.                                           "Қунтўғмиш"ни айтганда нор отам йиғларди.

                  Достон айтса баланд тоғ силжиб келар қошига,                                     Ҳавас билан кўп булут соя солар бошига,                                           Ҳатто метин тошларни келтирарди ҳушига,                                           Гоҳ хўрланиб куйласа полвон тошлар йиғларди.

                  Минг нағмада чертарди қўлидаги созини,                                           Тоғдай маънога буркаб гапирарди сўзини,                                           Овозга соз қўшарди қўй топгандай қўзини,                                           Жамиратиб айтганда кўкда қушлар йиғларди,

                  Боғбон эди гулларга гуллар ўсиб барқ урар,                                           Қодир бахши номини асрларга топширар,                                           Фарзанди, шогирдлари сел мисоли жўш урар                                           Улуғ бахшини эслаб гўдак ёшлар йиғларди.                                           Норинг ўлса норчанг бор юкинг ерда қолмайди,                                     Бегинг ўлса бекчанг бор соз эгасиз бўлмайди,                                           Қаҳҳор бахши отланса мисол яшин келмайди,                                           Хафа бўлма ўзбегим жоним Ўзбекистоним.

Йиллар карвони из солиб ўтаверди. Кунлардан бир кун Қаҳҳор қисматига бахшиликнинг нони ёзилганини дилдан ҳис қилди.

– Отам ҳақида гапирмай қўяқолай, онамнинг алласини бир эшитсангиз эди. Бу овозда оналарга хос меҳр-муҳаббат, аёлларга хос мунг, дилларни ўртагувчи оҳанг бор эди. Онам алла айтганларида қўни-қўшнилар ҳам, шу яқиндан ўтиб бораётганлар ҳам эшиқдан сездирмай қараб туришар экан. Ўзимизнинг қишлокку майли, ҳатто қўшни қишлоқлардан ҳам оналар йиғлоқи болаларини олиб келиб, онамга алла айттиришарди. Мактабга бориб, саводим чиққандан сўнг мен "ўғри"га айландим. Йўқ, бу бировларнинг мол ҳолини умариш маъносидаги ўғрилик эмас эди, отам ишга кетишлари билан астагина, ҳатто онамга ҳам сездирмасдан у кишининг хоналарига кириб олар, тун буйи қилган ижодларини ўқир, давомини ёзишларини сабрсизлик билан кутардим. Айни ўша кезларда мен ўқиганларим таъсирида дўмбира чертиб, хиргойи этишни одатга айлантирдим. Гапнинг сираси, қулоғим отам чертган дўмбира оҳанглари билан очилди, ғазалхонлигим онамнинг алласидан нолаларини эшитиб шаклланди, бахшилигим "Алпомиш"ни тинглаб юз кўрсатди. "Алпомиш" катта мактаб экан, мукаммал мактаб экан. Бахши бўламан дегани уни тинглаб, мисраларини ёд олиб, оҳангларга жўр бўлиб шу йўлга тетапоя қилар экан. Мен ҳам "Алпомиш" билан давраларга кириб келдим. Отамнинг етовида, у киши айтган достонларни, у киши ижод қилган термаларни куйлаб аста-секин эл дилидан жой топиб бордим.

                  Қизиқ экан бу дунёнинг ишлари,                                                       Кўзда кетиб, баҳор қайтар қушлари.                                                 Навбат кутмас экан қари – ёшлари                                                 Қари ёшга, ёш қарига меҳмондир.

…Бахши шоирлар башоратгўй бўлади дейишади, эҳтимол бу гапда жон бордир, балки довруғи оламга таралган Қодир бахши ушбу мисраларни садафдек тизганида ўзининг ҳам бу кўҳна дунёга меҳмон эканлигини, умр ўткинчилигини мухлисларига аён этгандир. Аммо бу видо онлари шу қадар яқин эканлигини, Қодир бахши эллик ёшга ҳам тўлиб-тўлмай бу кўҳна дунёни тарк этишини ва унинг тўнғич зурриёди – Қаҳҳор ва унинг на укалари, на бахшининг дўст биродарлари, на олис яқиндаги минг – минглаб шинавандалари билишарди. Машҳур бахши 1986 йил 29 август куни автоҳалокат туфайли ёруғ дунёни бевақт тарк этганида, эллик ёшни тўлдиришига бор-йўғи саккиз ойгина вақт қолганди.

Айрилиқ ёмон, аммо йиллар ўтаверади, жудоликлар эскиради, яралар барҳам топади, бироқ санъат оламида эндигина тетапоя бўлиб келаётган ёш бахши кутилмаган жудоликдан кейин тезда ўзини ўнглаб олишига тўғри келди, энди унинг зиммасидаги юк икки баробар оғирлашганди. У ёмон куйлаши мумкин эмас эди. Унинг қисматига бахши бўлиш, бахши бўлганда ҳам эл суйган бахши бўлиш битилган эди. Агар қўл учида куйласа, нафақат ўзига, балки отасининг пок руҳига, қўлида сайраган созига хиёнат қилган бўларди.

Шундай оғир дамлар унга отасининг пири, бир умрга қўлдан тушмаган сози мадад берди. Мана узоқ йиллардан буён у бахшиларнинг сардори "Алпомиш" оҳангларининг жарангдор сўзи бўлиб яшаяпти. 2001 йил ўзи, 2012 йил укаси Абдумурод "Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси" деган фахрли унвонни олишди. Аммо отамнинг йўриғи бошқа,-дейди Қаҳҳор бахши-таниш билишларимиз Қодир бахшининг инсонлар қалбига кириб бориш хислати ижоди сўзи достонлари Қаҳҳорга, дўмбира нағмалари, оҳанглари, соз чертиши Абдумуродга, қадди басти камтарлиги қочирмалари инсонийлиги Баҳромга, соддалиги ишонувчанлиги Баҳодирга, қолганлари шогирдларига ўтган дейишади. Гапнинг сираси, тўрт ўғил бир бўлиб ҳам бир отамнинг ўрнини босишимиз гумон-а …

Бахши истиқлол, юрт истиқболи ҳақида тўлиб тошиб гапиради, ўзи яшаётган Деҳқонобод туманида қад ростлаган мўъжизавий саноат корхоналари таърифини ўтли мисраларга солиб, эл орасида таъриф-тавсиф этади:

– Қани энди шу кунларни отам кўрганида, чинакамига қадриятлар қадр топган, урф одатлар янада шаклланган, муҳими ўзимизни, ўзлигимизни англайдиган замонлар келди. Балки отам саксонинчи йиллар

Ҳулкар билан тарози,                                            Бир биридан норози                                      Бемаҳал қичқиради                           Кремлнинг хўрози,

–деб куйлаганида шу обод замонлар келишини илҳақ бўлиб кутгандирлар.Елкамиз офтоб кўрди. Юртимизга, истиқлолимизга кўз тегмасин, 1999 йил "Ўзбекистон Респуликаси халқ бахши"си унвони таъсис этилди. Икки йилда бир бахши-шоирлар кўрик танлови ўтказилиб турибди. Ойнаи жаҳон дастуридан "Бахшиёна" кўрсатуви муҳим ўрин эгаллаган. Айрим давраларда бахши нимага керак, эстрада хонандаси йўқми? деган гапларни эшитиб қоламан. Ахир бахшилар халқнинг дард-ҳасрати, бахшичилик бизнинг ўзимиз, ўзлигимиз. Уни тушунмаган, ундан юз ўгирган ўзидан, ўзлигидан юз бурган саналади.

Бахшининг мактаби ҳам устози ҳам халқ, у қанчалик кўп тингловчисини топса, эл ардоғида юрганини ҳис қилса, эл юрт тинч, дастурхон обод, турмуш фаровон бўлса, у шунча тўлиб тошиб куйлайверади, ахир бизнинг чекимизга тушгани ҳам шу-да, "Ё пиру муршидларимнинг руҳи, ўзинг қўлла"-дея, дўмбиранинг оҳангига мос тебранганча соҳир овозда янги терма мисраларини хиргойи қилишга тушди.

                  Аждодлардан мерос қолган достоним,                                                 Қўлларимда сайраб турган шўх созим,                                                 Чаманларда янграб турган овозим,                                                 Барисига фидо бўлсин бу жоним.

Бахши пардадан-пардага овозини кўтариб борарди. Дўмбира босим остида зорланар,даврадагилар кўҳна замин оҳанглари оғушида борлиқни унутиб, майингина тебранарди.Бахши ўз овози ва созига мафтун бўлганидан кўзларини чирт юмиб олган, бармоқлари парда устида ўйнар, қўш тор мозийнинг қаъридан оқиб келаётган икки дарёдек сизни ҳам ўз оғушига олиб оқиб бораверади.

Агар сиз ҳам сўз ва сознинг азал ва абад сингари қадимийлигини унинг мўъжизакор кучини ҳис қилишни истасангиз бир бора бўлса-да Қаҳҳор бахши термаларини мириқиб тингланг! Бахши ўз номи билан бахши бўларкан, ҳозиржавоблик эса унинг нақшидир.

–Кўпинча ёлғизлик домига ботганимда, бошимга ташвиш тушганда дўмбира билан суҳбатлашиб, овунаман-, дейди бахши. Дард ҳасратлар, қуввату– шодликларимни у билан баҳам кўраман. Бу дунёда дўмбирага тенг, қиёс бормикан дея "Не билсин" деб аталувчи термасини куйлай кетди…

                  Бедов отга аччиқ қамчи босганин,                                                       Қулоқчиндан жимиллаб тер оққанин,                                                 Тўшойилнинг от тўшига ботганин,                                                От билади, минган одам не билсин.

                  Пиёдалаб тоғ белидан ошмаган,                                                       Узоқ юриб, товонлари шишмаган,                                                       Иссиқкунда терга ботиб пишмаган,                                                Юрган билар, ётган одам не билсин.

                  Кун ботгунча оғир кетмон чопмаган,                                                 Яланг оёқ ерга уруғ сепмаган,                                                       Меҳнат қилиб ҳалол пулни топмаган,                                                 Деҳқон билар, ялқов одам не билсин.

                  Эҳ, дўланиб ёр қўйнига кирмаган,                                                       Тонг отгунча давру даврон сурмаган                                                 Ёр юзига боқиб ойни кўрмаган,                                                       Куёв билар, бўйдоқ бола не билсин.

                  Буғча очиб суйганини киймаган,                                                       Бева қолиб боши тошга тиймаган,                                                      Ўз эрини эркалатиб суймаган                                                       Аҳмоқ хотин, эр қадрини не билсин.

                  Фарзанд кўрмай йўлда йиғлаб юрмаган,                                                 Йиғласада худо бир зот бермаган,                                                       Бола суйиб шодлигини кўрмаган,                                                       Нокас ота, ул қадрини не билсин.

                  Жойи келса юрт қадрини билмаган,                                                 Озод юртда ўйнаб, қувнаб кулмаган,                                                 Ватанига жонин фидо қилмаган,                                                       Хоин кимса ватан қадрин не билсин.

Қаҳҳор бахши Раҳимов бугунги ўзбек бахшичилик санъатининг йирик намоёндасидир. Унинг достон ва термаларида ўйноқи оҳанглар жилоси бор. Улар ўқувчи ва тингловчилар дилига мусаффо тонг ҳавосидек равшанлик олиб киради, Юракларда мустаҳқам ўрнашиб қолади. Кейинги йилларда Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор Раҳимовнинг "Ёдгор", "Аҳмад Яссавий", "Темур ва Тўхтамиш","Қўнғирот" достонлари, "Мангулик жавоҳирлари", "Самодан томган томчилар" номли шеърлар ва термалар тўплами нашр қилинди ва мухлислар томонидан ижобий баҳоланди. Унинг термаларида халқона оҳангларга рубару келасиз, қалбингизни аллақандай ёқимли ҳис туйғулар чўлғаб олади.

Ёшликни эсласам, чақнайди кўзим,                               Гаварам тебраниб, руҳим янграйди.                         Қарасам тошларда ётибди изим,                                     Бу ҳақда булбуллар айтиб сайрайди.

Қаҳҳор бахшининг "Айрилса" термасида мақсад аниқ, фикр-равон. Термада ибратомуз сўзлар халқона оҳангда жаранглайди, буюк ўзбек халқининг куч қудрати борбўй басти билан тараннум этилади.

Ватаннинг қадрини эл – улус билур,                   Иттифоқ бор жойда барака келур,                   Қудрати йўқ давлат ҳасдай букилур,                         Донолар мунғаяр элдан айрилса…

Ёки "Умр оқар дарё" термасида умрнинг қайтарилмас ёшлик онларини ҳаяжон билан, бўлакча ичикиш билан эслаш, беғубор болалик дамларини соғиниб, қўмсаш, унутилмас ажиб воқеалардан руҳланиш туйғулари барқ уриб туради. Терма сизни бир зум сеҳрлаб қўяди ва бир дам бўлсада ёшлик бўстонига сайрга чорлайди. Сиз эса бу боғнинг ғоятда дилбарлигидан руҳланасиз ва яйрайсиз. Мана бу сатрларга эътибор беринг – а.

Бесамар кўринмас осмондаги ой,                               Зулмат ёғдуланиб очади чирой,                               Билинг – ки, бу олам синоатга бой,                               Илмга меҳрини берган одамга.

"Одамга" сарлавҳали термасида маънодор сўзлар ва сирли туйғулар сизни ҳаяжонга солмасдан, руҳингизга маънавий озуқа бермасдан қолмайди.

Бахши:                                                                                                       Осмонда тўлади ойлар                                                                   Баҳорда пишқирар сойлар.                                                             Жилов бермаган от – тойлар,       

Қариса не бўлар бир куни.

Юқоридаги термасида одамзод ва ҳайвонотнинг оқибатига ишора қилса, "Ёронлар" термасида Она – Ватанига, юртига ва элига хиёнат қилмоқчи бўлган кимсаларнинг аччиқ тақдири юксак туйғулар билан баён қилинади ва бундан бошқалар огоҳ этилади:                                                                                                       Ёмгир ёғса, қуруқ ёғоч чирийди,                                                       Аҳмоқ одам ўз элига дорийди.                                                      Юртга дориганнинг шўри қурийди,                                                 Бу сўзимни ёлғон билма, ёронлар.

Қаҳҳор бахшининг "Қолмади" термасида эса дилбар туйғуларга, нозик ташбеҳларга, сирли ва мўъжизакор кашфиётларга дуч келасиз.

                  Қўлимда жаранглар бу ота созим,                                                 Кўплаб дунёларни кездим мен ўзим.                                                 Қанча гўзалликни кўрсада кўзим,                                                       Руҳимнинг омбори нега тўлмади,                                                       Жовдираб кўз қолди, ҳайрат қолмади…

Бахшининг ижод намуналари ҳикматга қоришиқли термалари ва оҳангдор шеърларидаги мусаффо туйғулар сизни мушоҳада қилишга чорлайди, ўйлатади, чуқур фалсафий фикрлари эса бир қадар огоҳликка чорлайди. Унинг асарларида юрт ишқи, ёр ва диёр гўзаллиги, севги муҳаббат, садоқат туйғулари, ахлоқ одоб ва тарбия фалсафалари нозик ифода билан баён қилинади.

Ушбу шеърлар бахши сози ва овозида янада сайқалланиб, гўзал бир таронага айланади ва ҳайратомуз мўъжизани кашф этади. Хулоса қилиб айтганда, Қаҳҳор бахши ижодининг ўзи бир мўъжизадир.

"Осиё Ҳомери" дея эътироф этилган буюк бахши – Қодир Раҳим ўғли унинг падари бузруквори ҳамда устозидир. Ана шу инсон "Барча сўзларим, бадиҳам ва достонларим Қаҳҳорда қолди" деб ўринли баҳо бергани бугунги кунда бахши ижодида ўзининг тўлиқ исботини топмоқда. Қодир бахши ижодидаги ўзига хос услуб ва йўналишлар Қаҳҳор ижодида ўзининг бор бўйи бастини кўрсатмоқда. Ваҳоланки, Қаҳҳор бахши ҳам ота ўгитларига жон қулоғини тутиб, ҳаёти давомида тинимсиз ўқиб – ўргангани ҳолда бахшичилик санъатини давом эттириб келаётгани ўз самарасини бермоқда. Унинг терма ва шеърларида бу ажиб ва бокира туйғулар ўз аксини топмоқда.

Шу нарсани ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, таниқли фолъклоршунос олимлар А. Қаҳҳоров, А. Эргашев, М. Муродов, Н. Очилова, Ю. А. Ҳалилова, Ш. Қаҳҳоровалар Қаҳҳор бахшининг ижодига катта эътибор бердилар. Унинг ўнлаб достонлари ва юзлаб термалари ёзиб олинди. Ёш тадқиқотчи олимлар Қаҳҳор бахшининг ижоди бўйича илмий ишларни олиб боришмоқда ва фолъклоршунослик фанига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Профессор Малик Муродов "Қаҳҳор – халқ оғзаки ижодининг хазинаси" деб бежиз эъзозламаган.

Қаҳҳор бахши 1991 йилнинг октябрь ойида Америкалик фолъклоршунос олимларнинг таклифи билан ва Ўзбекистон санъатшунослик фанлари номзоди Отаназар Матёқубовларнинг тавсияларига кўра океан орти мамлакатида бир ой ижодий сафарда бўлди. Америкадаги энг гўзал ва сўлим маданият марказларида бўлиб достончилик санъатимизни мувоффақиятли намойиш этиб, Ўзбекистонимизнинг довруғини кенг тараннум этди.

Америкалик тадқиқотчи олимлар-Филоделфия университетининг профессорлари М. Тед ва З. Волътерлар "Ўзбекистоннинг маънавияти юксак, мулоҳазали ва ўз соҳасининг билимдон бахшиси Қаҳҳор бахшидир" деб тан олишлари ҳам шубҳасиз.

Бу Қаҳҳор бахши ижодига берилган муносиб баҳодир. Унинг беназир овози, ҳикматга тўла термалари ва дилбар тароналари кишини ўз сеҳрига тортади. Уни ўзига замондош бахшилар билан солиштирганимизда ижодда ҳам, ижрода ва репертуарда ҳам бошқалардан ўктамлиги яққол кўзга ташланади.

Унинг мухлисларидан бири "Қаҳҳор бахши – XXI аср мўъжизаси", деса бошқаси "Қаҳҳор бахши – аср бошларидаги намунали ва ҳайратомуз давр кашфиётидир", деб эъзозлаши кишини тағин ҳам руҳлантиради.

Қаҳҳор бахши 60 та достонни, 200 дан ортиқ ўзбек халқ эртакларини, салкам 300 та анъанавий ва замонавий термаларни 500 дан кўпроқ халқ мақол ва топишмоқларини ёддан билиши, унинг ўзи ҳам 10 га яқин замонавий достонларини яратиб, дўмбирада 50 дан зиёд куй ва нағмаларни маҳорат билан ижро қилиши, ҳатто бадиҳа йўлида соатлаб куйлай олиши ва қалбига муҳрланган достон ва термаларни мароқ билан жарангдор куйлаб, мухлисларини гоҳ шодон, гоҳ маҳзун ҳолатга тушириб, дилларни жунбушга келтиришини неча бор кўрганимизда, мухлислари берган бу баҳоларнинг нечоғлик тўғри эканлигига бизда заррача гумон қолмайди.

– Зеро, гўзал ва мафтункор серқуёш Ўзбекистонимизнинг ер ости, ер усти бойлиги, олтин пахтаси ўзбек халқининг миллий бойлиги ҳисобланса, халқ оғзаки ижоди, миллий урф одатлар, анъаналар ва қадриятларимиз ҳамда аждодлар қолдирган улкан меросни ҳам миллий бойлигимиз десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Вахоланки, Қаҳҳор бахшининг сержило ижоди ва тўплаган ижодий мероси ҳам миллий бойлигимизнинг ёрқин бир бўлагидир.

Олимлар ва оддий мухлислар берган бу баҳолар Қаҳҳор бахшининг Ўзбекистонда йирик халқ бахшиси эканлигидан яққол далолат бериб турибди.

Бугунга қадар Қаҳҳор бахши кўплаб хорижий мамлкатларда жумладан: АҚШ, Англия, Ирландия, Индиана, Мисфолист, Сан – Франциско, Москва, Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби йирик давлатларда ижодий сафарларда бўлди.

У Америкада ижодий сафарда бўлганини қуйидагича хотирлайди.                  – Нью-Йорк, Вашингтон, Чикагода ўзбеклар кўп экан. Зални тўлдириб ўтиришибди. Роса олқишлашди. Сан-Францискода эса залда бирорта ўзбек кўринмади. Шунда дўмбирамни чертиб:


Тоғлар олди буктар – буктар қормикан,                               Айрилганлар бир – бирига зормикан.                               Икки овуз қўшиқ айтиб берайин,

                  Шу залдаям ўзбеклардан бормикан?

– десам, тўртта ўзбек югуриб саҳнага чиқиб келди-ю, дўмбирамни, чапонимни ўпиб йиғлашди. Зал қарсакларга тўлиб кетди.

Унинг шогирдлари ҳам бугун устоз даражасига эришиш учун ҳаракат қилишмоқда. Улардан Абдумурод Раҳимов ва Очил Чоршанбиевлар Ватанимизнинг нуфузли "Ўзбекистон халқ бахшиси" унвони билан тақдирланиши устознинг нечоғли салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Эрта баҳор кунларининг бирида, қисқаси 2017 йилнинг “Наврўз” шодиёналари бошланишидан олдинроқ керага, тузма, увиқ, қирмов, тувирлиқ ва чанғироқлари қадимгидек тузиб созланган, шол буюмлари, қуроқи кўрпачалари рисоладагидек тўшалган, лўла болишу бўғжамалари кўзни қамаштиргудек тартибланган кигиз утовда унинг кўплаб шогирдлари жам бўлган даврада Қаҳҳор бахши сайроқи дўмбирасини созлаб, "тўрғай" овозини мослаб мустақил Ватанимизни, фаровон ҳаётимизни ўзига мос ширали ва жарангдор овозда куйлай кетди:

                  Қишлоқ жойлар шаҳар бўлди,                                                       Ҳар хонадон нурга тўлди.                                                             Она юртим жаннат бўлди,                                                             Истиқлол берган неъматдан.

Бизнинг мана шундай ажойиб кунда бахшилар жам бўлган гулгун даврада бир айтишув эшитайлик, деган таклифимизга жавобан Қаҳҳор бахши Шоқул бахши Мирзаевга бир имо қилган ҳолда дўмбирасининг попугини ўйнатиб куйлай кетди.

Қаҳҳор бахши:                                                                                           Туманли кунларда, совуқ аёзда,                                                       Ер бетига чиқмоқ истаган чечак.                                                       Баҳорнинг хабарин берай деб юртга,                                                 Қуёшга талпинган дилбар бойчечак…

                  Бойчечагим, ойчечагим бойчечак,                                                       Лола билан толда учсанг ҳалгинчак.                                                 Бу табиат очар эди гул қучоқ,                                                       Сен дугона, лола бўлса келинчак…

Шоқул бахши:                                                                                           Бодомлар гуллайди, кўрмаги найза,                                                 Гиламдан кўринар яшнаган майса,                                                       Дилинг очилади ёмғир дўл қўйса,                                                       Шарқираб сув оқар баҳор келганда.

                  Бахшилар қўшиғи, қизлар лапари,                                                      Чавандоз тулпорда чопар кўпкари,                                                      Полвонлар саф бўлар, курашар бари,                                                Ўйин – кулги бўлар баҳор келганда…

Қаҳҳор бахши:                                                                                          Тоғ бағридан эриб кетди қор,                                                            Ўт – ўланлар куйлади алёр.                                                            Атлас кийиб товланар баҳор,                                                      Юртим ўзра Наврўз келганда…

                  Тоғда каклик сайрайди саҳар,                                                            Ҳар дақиқа тўлишар баҳор,                                                            Қувонгандан куйлайди Қаҳҳор,                                                      Юртим ўзра Наврўз келганда.

Шоқул бахши:                                                                                          Созим олдим қўлимга,                                                                  Терма солдим тилимга,                                                                  Ўйнанг, дўстлар, шўх-шодон,                                                            Наврўз келди элимга…

                  Созим, созим, соз бўлар.                                                            Қўшиқ навом ноз бўлар.                                                            Даврасида Наврўзнинг                                                                  Авжи палла боз бўлар.

Қаҳҳор бахши:                                                                                          Узоқдан узоқ ёши,                                                                  Фотима момонинг оши,                                                            Ичида етти тоши,                                                                  Ойнажоним, ойнаё,

                  Сумалагим, қайнаё.                                                                  Майса ошга айланди,                                                                  Бобо-момо шайланди,                                                                  Қизлар куйлаб ўйланди-

                  Ойнажоним, ойнаё,                                                                  Сумалагим қайнаё.                                                Шоқул бахши:                                                                                          Ўн тўртида тўлган осмонда ойдан,

                  Сулув қизлар завқланади чиройдан,                                                 Мадад тилаб яратгандан-Худойдан,                                                 Яна сўйла, сумбул созим, бир майдон.                                                 Қадамларинг етди бугун ҳорижга,

                  Устоз Қодир билан бординг Парижга,                                                 Яна сўйла, сумбул созим, бир майдон…


Қаҳҳор бахши:                                                                                                Истиқлолдан куйлай қувноқ оҳангда,                                                 Кўп ўзгариш бўлди ҳар бир соҳангда,                                                 Қанча замон ўтса ҳамки жаҳонда,                                                      Бизнинг давримиздай даврон бўлмаган.

Истеъдод ва қобилиятни Оллоҳ – таола ўз бандаларига ўзи юқтиради. Худо берган қобилият эгалари эса тинимсиз меҳнат қилиб, уни бойитса, албатта ўз орзуларига етади. Бинобарин, истеъдод олтин ёмбига ўхшайди. уни қанча оҳарласанг, шунча кўп нур таратади, қараган кишининг руҳий оламига улкан куч қудратни, ҳис-ҳаяжонни ва чексиз орзу умидларни олиб киради.

Шу назардан олиб қараганда, Қаҳҳор бахшининг ижоди ҳам мисоли олтин ёмби. Зеро, унинг ижодини қанчалик иштиёқ билан ўрганиб, унинг ичига қанчалик теран кириб борсангиз, шунчалик бетакрор ва нодир кашфиётларга рубару келасиз. Зотан Қаҳҳор бахшининг улкан истеъдоди, юксак қобилияти,жарангдор овози ва сержило ижоди булоқ сувидек тип тиниқ, тоғ ҳавосидек мусаффодир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации