Текст книги "СЎЗ"
Автор книги: Одил Ёқубов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ
IБиринчи дафъа «Ўткан кунлар» тўғрисида, тўғрироғи, Отабек-Кумуш қиссаси ҳақида олти-етти яшар чоғимда дадамлардан эшитганман.
Ўттизинчи йилларнинг ўртаси. Дадам, ўн тўққизинчи йилдан партия аъзоси, катта ишларда ишлаб келган одам, нима учундир, ишдан четлаштирилиб, қишлоққа қайтиб келган пайтлари.
Ҳар оқшом катта меҳмонхонамиз одамга тўлиб кетади. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, қиз-келинчаклар йиғилади. Аксарияти ёшлар.
Дадам тахмондаги китоблар орасидан жигарранг жилдли қалин бир китобни олиб, секин варақлайди. Мен унинг тиззасига суяниб, китобнинг безаклари, ажойиб суратларини томоша қиламан. Бу китоб «Минг бир кеча»нинг 1905 йили босилган русча нашри (кейинчалик мен бу китобни қанча изламай, тополмадим!) эди.
Дадам китобни ўқимайди, бир неча бетини ўйчан варақлайди-да, кейин секин ҳикоя қила бошлайди.
Бу ҳикоялар аксарият тун ярмигача, баъзан хўроз қичқиргунча давом этади, мен ҳам ойимларнинг «ёт» дейишларига қулоқ солмай, мижжа қоқмай эшитаман. Эсимда бор: менга, айниқса, машҳур сайёҳ Синдбоднинг саргузаштлари хуш ёқиб тушарди.
Шу қиш оқшомларининг бирида дадам қора муқовасининг устига йўл-йўл оқ чизиқ чизилган қалингина бир китоб топиб келди.
Китобнинг биринчи бетида – бошида духоба дўппи, эгнида қора гимнастёрка устидан кийилган ола тўн, тўладан келган, учбурчак мўйловли бир одамнинг сурати бор эди.
– Бу «Ўткан кунлар» деган ўзбекча роман,– деди дадам. – Уни мана шу одам ёзган. Исмшарифлари Абдулла Қодирий Жулқунбой…
– Жулқунбой? Қозоқми?
– Йўқ, – деди дадам кулиб. – Ўзбек. Жулқунбой бу – кишининг тахаллуси. Ёзувчилар баъзан ўз исмларини ўзгартириб, бошқа исм танлашади.
Китоб қўлдан қўлга ўтиб, яна дадамга қайтди. Дадам шошмасдан ўқишга киришди. Мен ҳам «маза қилиб эшитиш» учун дадамнинг тиззасига суяниб, яхшироқ жойлашиб олдим.
Учинчи ё тўртинчи оқшом ярим кечада уйғониб кетсам, китоб ўқилиб бўлган, қиз-жувонлар кўзёшларини артишиб, пиқ-пиқ йиғлашар, эркаклар оғир сукут сақлашар, дадам эса ёзувчи ҳақида секин ҳикоя қиларди.
Дадамнинг ҳикоясидан эсимда қолганлари шулар:
– Абдулла Қодирий – улкан ёзувчи. Ўзиям ажойиб одам… Ҳукумат унга ҳамма имкониятларни туғдириб берган. Тошкентда унинг катта боғи бор. У ҳар куни эрта саҳар уйғониб, ёзишга ўтиради. Чарчаган пайтлари чиқиб, боғда ишлайди.
Йиллар ўтди. Ўсиб-улғайиб китобга ташналигим, ишқим, меҳр-муҳаббатим ўсиб борган сари «Абдулла Қодирий…», «Ўткан кунлар…», «Меҳробдан чаён…» деган гаплар қулоғимга тез-тез чалинадиган бўлди.
1943 йилнинг охирги ойлари, тўққизинчи синфда ўқиб юрган чоғларим.
Бир кун синфимизга янги ўқитувчи – фронтдан ярадор бўлиб қайтган ёшгина йигит кириб келди. У «ҳарбий иш»дан дарс бера бошлади, лекин адабиётга жуда қизиқса керак, ҳар куни бир китоб кўтариб келар, болаларга вазифа топшириб қўйиб, ўзи китоб ўқиб ўтирарди. Лекин бу қанақа китоб эканини ҳеч ким билмас, чунки, аскарият китобларнинг жилди қоғозга ўралган бўларди.
Кунлардан бирида ўқитувчининг укаси, синфдош дўстим мени четга тортиб:
– Кеча акам «Ўткан кунлар»ни топиб келди, – деб қолди. Дарсдан кейин «Ўткан кунлар»ни бир кечага сўраб олиш умидида синфдош оғайним билан бирга уларникига бордим.
Биз борганимизда, домла олдида қаттиқ нон, икки кўзи аллақандай китобда, чой ичиб ўтирарди. Мен дудуқлана-дудуқлана илтимосимни тушунтира бошлаган эдим, ўқитувчимиз қовоғини солиб:
– «Ўткан кунлар»ни ўқиш мумкин эмас. Билмайсанми? – деди кўзимга тикилиб. Мен ҳаяжондан энтикиб:
– Мана, сиз ўқияпсиз-ку? – дедим. Ўқитувчининг юзида билинар-билинмас табассум пайдо бўлди.
–Биринчидан, мен ўқитувчиман, ёш бола эмасман, – деди у. – Иккинчидан, мен уни танқидий кўз билан ўқийман.
–Мен ҳам танқидий кўз билан ўқийман. Домлажон, бир кечага бериб туринг. Эрталаб олиб келиб бераман. Ҳеч кимга айтмайман.
Домла сал юмшади, лекин ҳамон бир қарорга келолмай пешанасини ишқади.
– Бир кечада-ку ўқиб тугатолмайсан-а?
– Ўқиб чиқаман, – дедим мен.– Албатта, ўқиб битираман! – Домла кулиб юборди.
– Хўп, майли, аммо ўзинг ҳам дейман… бир ёпишсанг, қўймас экансан!
У ўрнидан турди ва токчадаги пиёла-чойнакларнинг орқасига қўл суқиб, қалин сарғиш қоғозга ўралган бир китобни олиб берди.
– Ма, қўйнингга тиқ. Ҳеч ким кўрмасин. Кейин… эртага демайман-у, индинга олиб келиб бер. Уқдингми?
– Уқдим! – Мен унинг айниб қолишидан қўрқиб, китобни қўлтиғимга урдим-у эшикка отилдим.
Ўша кеча мижжа қоқмадим. Тонг пайти охирги саҳифани ўқиб бўлдим. Китобни ёпиб, боққа чиқдим.
Хўроз учинчи марта қичқирган. Япроқлари тўкилиб, яланғоч бўлиб қолган боғда шабада бебошлик қилади, кекса ўриклар, ичлари кавак олмалар ҳазин чийиллайди, нола қилади, олча ниҳоллари, ёш олхўрилар юз муқомга тушиб эгилиб-эшилади.
Мен юзимни шабадага тутиб, боғда узоқ айланаман. Кўзёшларимни артмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлайман…
Ўша маҳалгача ҳеч бир китоб мени шу қадар ларзага солмагандир. Гўё Отабек менинг ўз акам. Кумуш эса ўз келинойимдай уларнинг тақдирига ич-ичимдан куюнаман, изтироб чекаман. Адабий «сир»лардан бехабар: «Аттанг, шу хўракни Зайнабга топширмай, Ўзбек ойим ўзи қилгандаку, бундай бўлмас эди!» деб афсус чекаман… Айни замонда кўнглимда ҳеч бир ғубор, ёмон асорат йўқ…
Бошларига кўп мусибат тушган, кўп довул ва бўронлардан ўтиб чиниққан одамлар ҳар қандай фожиага ҳам мардонавор туриб берадилар, сабот ва олийжанобликни қўлдан бой бермайдилар. Шунинг учун уларнинг фожиаси сизни эзмайди, балки сабот ва матонатга ўргатади, олийжаноблик ва мусаффоликка чорлайди, шунинг учун ҳам сиз Отелло билан Дездемонанинг фожиали тақдирига кўзёши тўкаркансиз, бу кўзёшлар қалбингиздаги ҳамма ғуборларни ювиб ташлагандай бўлади, ўзингизни аллақандай софроқ ҳис этасиз, қалбингиз одамларга ҳамдардлик, ҳамжиҳат бўлиш, яхшилик қилиш истаги билан тўлиб-тошади… Отабек-Кумуш фожиаси ҳам назаримда, менга ҳаётнинг теран ва чигал томонларини кўрсатган, мен гўё беш-олти ёш улғайган, айни замонда дилимга аллақандай ҳазин ва ёруғ нур қуйилган эди…
Кўп йиллар ўтди. Мен ҳам адабиёт майдонига кириб, яхши-ёмон бир-иккита асар ёздим. Бу пайтларга келиб «Ўткан кунлар»ни қайта ўқиб чиқдим. Бу сафар китобнинг кўп фазилатлари билан бирга айрим заиф томонлари ҳам кўзимга чалинди. Лекин улғайганда олган таассуротларим ҳақиқатга қанчалик яқин бўлмасин, китоб устида кўзёш тўкиб тонг оттирган ўша дамларим, эрта саҳар ҳувиллаб қолган боққа чиқиб, танҳо кезган пайтларим сира-сира эсимда чиқмайди…
Бу воқеадан кейин сал ўтмай ҳалиги ўқитувчимиз вафот этди. Ярадор бўлгани етмагандай, фронтда ўпкасини совуқ урган экан, кўкламга чиқмасданоқ узилди.
Яна бир-икки ой ўтди. Қишлоқда бирга тепишиб ўсган дўстларим фронтга жўнайдиган бўлиб қолишди. Гарчанд, мен бир ёш кичик бўлсам ҳам, дўстларимдан айрилишга, улардан ажралиб қишлоқда юришга виждоним ёр бермади-ю, ариза бериб, ихтиёрий равишда урушга кетадиган бўлдим.
Эртага жўнаймиз деган куни кечқурун мен марҳум ўқитувчимизнинг уйига бордим ва унинг укасидан «Ўткан кунлар»ни беришини илтимос қилдим.
Урушга кетаётган одамнинг илтимосини қайтариш қийин. Ўқитувчимнинг укаси қийналиб бўлса ҳам китобни берди.
Мен уни қопдаги талқон, туршак ва қаттиқ нонлар орасига солиб, орқалаб олдим.
Биз қишлоқдан бир йўла қирқ чоғли йигит чақирилган эдик. Бир-икки ойдан кейин бўлиниб-бўлиниб, ўн чоғли йигит қолдик. Минг тўққиз юз қирқ бешинчи йилнинг ёзида шу ўн чоғли йигит фалакнинг гардиши билан Мўғулистон даштларига бориб тушдик.
Қаёққа қараманг, бепоён дашт. Тап-тақир жигарранг адирлар. Каламуш илма-тешик қилиб ташлаган ясси қирлар. Кундуз жазирама – сал ором оладиган жой тополмайсиз, кечаси эса сел ёғади, совуқдан тишлар шақ-шақ қилади…
Биз олис-олисларда қолган она юртни, дўппи билан сув ичган булоқларни, тиззадан тупроқ кечиб юрган қишлоқ кўчаларини соғинамиз. Дўппи-дўппи ўрик териб қизларга тутган чоғларимиз, пода кутиб ўмбалоқ отиб ўйнаган сойликлар, сув сепишиб чўмилишган анҳорлар кўз олдимиздан кетмайди. Кечалари даштдаги чайлаларда бир-биримизнинг пинжимизга суқилишиб ётарканмиз, қишлоқ қизларининг мулойим чеҳраларини, ҳазин ва шўх лапарларини қўмсаймиз, қўмсаймиз-у бутун вужудимиз билан киндик қонимиз тўкилган она тупроққа талпинамиз… Ана шундай пайтларда, буюм халтамни очиб, ўқ-дори, қаттиқ нон ва консерва қутилар орасида ётган «Ўткан кунлар»ни оламан. У соғинган қалбларимизга аллақандай таскин беради, ташна дилларимизни нима биландир қондиргандай бўлади. Биз Отабек-Кумуш саргузаштининг мунгли ва ёруғ саҳифаларини қайта-қайта ўқирканмиз, гўё суюкли қишлоғимизга бориб келгандай, қариндош-уруғ, ёр-биродарларимиз билан дийдор кўришгандай бўламиз… Нур билан йўғрилган севги саҳифалари эса… ўз севгилиларимизни эслатади. Биз гўё олис-олисларда қолган қишлоқ қизларини кўргандай, уларнинг шўх қилиқлари, ҳазил-мутойибалари, куй ва қўшиқларини эшитгандай бўламиз… Ҳа, халқимизнинг баъзи иллатларини шафқатсиз фош этган, айни замонда энг яхши урф-одатларини, ўзига хос фазилатларини ажиб бир шоирона муҳаббат билан тараннум этган бу улкан асар белимизга қувват, кўнглимизга далда берар эди. Шунинг учун ҳам мен бу китоб ва уни яратган буюк инсон олдида ҳамиша бош эгаман, қўлим кўксимда, ҳамиша таъзим қиламан.
IIБугун, бир неча йилдан кейин, «Ўткан кунлар»ни қайта қўлга олдим.
Энди, ёзувчилик «сирлари»ни озми-кўпми ўрганганимдан кейин, романнинг бутун реалистик кучи ва кишини ром қилувчи гўзаллиги ҳам, характерларнинг бетакрор миллий колорити ҳам, шу билан бирга реалистик услубда ёзилган ва бугунги китобхон учун сунъийдек туюладиган айрим саҳифалар ҳам кўзимга ташланади.
Масалан, ҳаётда кўп нарсани кўриб чиниққан, тажриба орттирган Отабекдай йигитнинг худди ёш бир ўспириндай Кумушга ошиқ бўлганини ҳаммадан яшириб, кечалари тўлғаниб чиқишлари, айниқса, оддий хизматкор Ҳасанали ундан яшириқча совчига боришлари, ниҳоят бу сирлардан бехабар Кумушнинг никоҳ кечаси: «Сиз ўшами?» деб «кутилмаган бахт»га муяссар бўлиши… бунинг ҳаммаси китобхонга асарнинг таъсир кучини ошириш учун, «эффект» учун қилинган, яъни бошқача қилиб айтганда – «ясалгандек туюлади». Назаримда, романнинг «Ҳукмнома» боби, Кумуш жаллод қўлига топширилган Отабек билан Қутидорни хат воситаси билан дор тагидан қайтариб, қутқариб қолиши ҳам эртаклардаги воқеаларга ўхшаб кетади. Лекин қизиқ: романни дастлаб ўқиган ўн олтиўн етти ёшимда-ку бу нарсаларни билмас эдим, бироқ нега ҳозир, ёзувчилик «сирлари»ни оз-моз билганим ҳолда, сунъийликни сезганим ҳолда «Ўткан кунлар» ҳануз мени ҳаяжонга солади, чексиз завқ беради, титратади?..
Китобни очаман, «Жодугар ҳинди» деган бобни ўқий бошлайман. Ўзбек ойимнинг ғалати гаплари, Ҳасаналига човут қилишлари, Кумушнинг ҳийлакорликлари ҳақидаги таъналарини ўқиб, қотиб-қотиб куламан, куламан-у тўсатдан бу хотин менга жуда таниш эканини ҳис этаман. Мен бу хотинни – бир маҳалнинг ўзида ҳам меҳрибон, ҳам шафқатсиз, бир қарашда жуда ўктам бўлсада, асли-да ниҳоятда софдил, «думбултабиат» бу аёлни болалигимдан бери танийман. Мен уни ҳар бир қишлоқда, ҳар бир маҳаллада кўрганман. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқнинг ўз Ўзбек ойими бор, ёзувчи айтгандай, буларсиз на тўй ўтади, на аза! Ҳатто эркаклар ҳам уларнинг маслаҳатисиз иш қилишмайди!
Менинг учун Ўзбек ойим «Ўткан кунлар»даги энг ҳаётий, энг жонли, энг мукаммал образлардан бири! Бу образ Абдулла Қодирийнинг улкан реалист ёзувчи эканлигидан далолат беради. Романга ниҳоятда ҳаётий бир руҳ киритади. Гарчи, эпизодик бўлса-да, Азизбек, Мусулмонқул чўлоқ ва Хушрўйбиби тўғрисида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Романда бу образлар бўлмасинчи ёки улар сал бошқачароқ, майинроқ бўёқлар билан чизилган бўлсин-чи, Отабек-Кумуш фожиаси эҳтимол оддий мелодраматик бир воқеага айланиб қоларди!..
«Ўткан кунлар»нинг «Қудаларни кутиб олиш» бобида шундай бир жумла бор: «Кумуш салом берди ва қўлидаги паранжисини ерга ташлади, югуриб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига отди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олган, юзидан шап-шап ўпиб, айланиб, ўргилар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди…»
Гарчи ёзувчи бу ўринда «нима учундир» сўзини ишлатса ҳам, китобхон Ўзбек ойимнинг «нима учун йиғлашини» жуда яхши тушунади.
Ўзбек ойимдай софдил аёл Кумушнинг гўзаллигини, унинг бўлакча жозибасини, тортинчоқ, уятчан табассумини кўрганида ўзининг ноҳақлигини, унга нисбатан қилган адолатсизликларини, уни бахтсиз қилиб қўйганини тушунмаслиги мумкин эмас эди. Ўзбек ойим, соддадил аёлларга хос бир сезгирлик билан буни тушунган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, кўзёши тўкар ва бу билан Кумушдан кечирим сўрар эди…
Бир китобхон сифатида буни мен ҳам сезаман ва беихтиёр кўзимга ёш оламан… Ёзувчининг маҳорати деб, ўз қаҳрамонининг дилини билиши деб – мана буни айтадилар!..
Одатда, Кумушнинг ўлими тўғрисида, тўғрироғи, китобхон буни сеза бошлаши ҳақида гап кетганда Зайнаб билан Хушрўйбибининг суҳбатини, баъзан Отабекнинг тушини эслайдилар. Лекин мен бу фожиани Кумушнинг Тошкентга келиши тасвирланган саҳифаларданоқ ҳис этаман.
Бу саҳифаларни – романнинг энг тиниқ, энг ажойиб жойлари деса бўлади. Қудаларнинг кутиб олиниши, яна тўғрироғи Юсуфбек ҳожининг Ўзбек ойим ва Отабек билан, Отабекнинг эса Зайнаб билан суҳбати, сўнг қудалар зиёфати, Отабек билан Кумушнинг яширинча учрашуви, Кумушнинг сўз ўйинлари, ёлғиз қолган икки кундошнинг аччиқ кинояларга тўла сўзлашуви, ниҳоят, Офтоб ойим билан Кумушнинг видолашув кечалари шундай зўр реалистик бўёқлар билан чизилганки, сиз ҳар бир одамни кўриб турасиз, гўё бу суҳбатларда иштирок этасиз, дам куласиз, дам ачинасиз, дам маъюс туйғуларга чўмасиз. Айни замонда, ҳар бир қаҳрамоннинг дард-ҳасратини, ўйларини, улар ҳам сизга ўхшаган оддий одамлар эканини чуқурроқ тушунасиз. Бу саҳифалар фақат улуғ ёзувчиларгагина муяссар бўладиган бўлакча бир куч билан ёзилган, қандайдир куз офтобидай тиниқ ва илиқ нурга йўғрилган. Лекин куз қанчалик илиқ бўлмасин, келаётган қишнинг дараги сезилгандай бу саҳифаларда ҳам бўлажак фожианинг совуқ нафаси сезилиб туради. Гарчанд ёзувчи келажакда рўй берадиган фожиа ҳақида бир оғиз бир нима демаса-да, сиз буни негадир сезасиз, худди инсон ўзини кутаётган бахт ва бахтсизликни олдиндан сезганидек, ёмон бир нарсалар рўй беришини олдиндан ҳис қиласиз. Шунинг учун ҳам бу саҳифалар сизни тиниқ ва ҳазин куйдай титратади. Сиз баъзан куласиз, баъзан жилмаясиз, лекин юрагингизни чулғаб олган ғамгин туйғудан қутулолмайсиз.
Мен ўз бошимдан кечирган арзимас тажрибамдан биламан: китобхонни бу кўйларга солиш, бўлғувси бўронларнинг совуқ нафасини олдиндан билдириш унча-мунча талантга муяссар бўлавермайди!…
* * *
Юқорида мен Отабек билан Кумушнинг илк учрашуви сал сунъийроқ туюлади деган эдим. Лекин мана, кўп йиллик айрилиқ, ҳижрон доғлари ва висол орзусида ўтган машъум йиллардан кейин улар яна учрашадилар…
Ўртача ёзувчининг қалами остида мелодраматик саҳнага айланиши мумкин бўлган бу лавҳа шундай нозик бир дид, шундай шафқатсиз реалистик бўёқлар билан тасвир қилинганки, мен бу эпизодни романнинг энг зўр жойларидан бири деб ҳисоблайман!
Мана, ўша учрашув, яна ўша икки суйишган қалб, лекин бу сафар илк муҳаббатнинг тотли нафасига маст бўлиб, ўзларини йўқотиб қўйган икки ёш эмас, балки ҳаёт синовларида чиниққан, кўп бўрон ва довуллардан ўтиб, ўзларини тутиб олган икки оқил одам учрашади!
«…Отабек кавушини даҳлизга ечди-да, уй бўйича бир-икки қайта юринди ва энтикиб нафас олди. Шу вақт тахмонга осилган кирпўш ўзўзидан қимирлагандек бўлди. Бу қимирлашни Отабек пайқамади. Ҳалиги қимирлаган кирпўш бирдан очилиб кетиб Отабек чўчиди… Биров тахмондан унга қараб кулимсирар эди…
Отабек титрар эди. Бир оздан кейин иккиси ҳам ўзларини бирмунча тўхтатдилар-да, бирбирларига томон юришиб келдилар ва сўзсизгина қучоқлашдилар…»
Қаранг: қаҳрамонлар на оҳ-воҳ чекишади, на уч йиллик азоб-уқубатларини эслаб кўзёши тўкишади, на бир-биридан ўпкалашади!
Рост, Кумуш кўзига ёш олади, лекин бу – кулги аралаш тўкилган ёш эди. Сўнг… қандайдир маъюс бир нурга йўғрилган қочириқлар, ҳазилмутойибалар бошланади:
«– Сиз… қочқоқсиз! – деди Кумуш.
– Сиз…
– Мен?
– Сиз қувлоқсиз!
– Ажаб қиламан! – деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди.
– Бу ёққа ҳам…
– У ёққа Зайнаб урсин!
– Зайнабнинг… уришга ҳаққи йўқ!
Кумушнинг кўзида ҳалигача кўрилмаган бир шодлик ўйнади.
– Тўғри айтасизми?
– Тўғри айтаман!
– Мана бўлмаса! – деди Кумуш. Отабекнинг иккинчи юзини ҳам силагандек қилиб қўйди. Яна кулимсирашиб, термилишиб қолдилар…»
Бу маъюс ва ёруғ кулимсирашларида, нозик қочириқларда айтилмаган, айтилишнинг ҳожати ҳам бўлмаган қанча-қанча дарду алам, меҳру оқибат, соғинган юракларнинг талпиниши, ҳарорати, ҳаяжони, нидоси бор!..
Ёзувчи бу лавҳада нозик дид ва меъёрни бирор жойда ҳам йўқотмайди, бутун бир саҳнада битта ҳам ортиқча сўз йўқ.
«Кумуш яна бир кулиб қарагандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олган, эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонга ошиқишгина эди».
Ёзувчи учун бундай нозик жойдан «эсон-омон ўтиб олиш» – қилкўприкдан ўтиб олишдай гап!
* * *
Ҳар бир ёзувчи яхши билади: кўп кишилар иштирок этадиган саҳналарни ёзиш, айниқса, қийин бўлади. Эҳтимол, шунинг учундир, ҳар сафар романнинг «Қудаларни кутиб олиш» деган, айниқса, «Зимдан адоват» деган саҳифаларини ўқиганимда ёзувчига таҳсин айтаман.
Бу саҳифаларда қатнашган тўққиз хотиннинг бирортаси ҳам «сояда» қолмайди, уларнинг ҳар бири китобхоннинг кўз олдида туради. Бу саҳнада Ўзбек ойимнинг соддалиги ва думбуллиги, Офтоб ойимнинг босиқлиги ва оқиллиги, Кумушнинг уятчанлиги ва самимийлиги, Зайнабнинг ҳасадгўйлиги, Хушрўйбибининг золимлиги ва муғамбирлиги, қуда томонларнинг адовати, ҳаммаси шундоқ «лўп» этиб кўринади.
Ўзбек аёлларининг ўзига хос виқор ва соддаликлари, иззат-икромлари, ажойиб сўз ўйинлари, нозик қочириқлари, коса тагига ним коса яшириб гапиришлари-чи?
Ёзувчи бу бобда моҳир шахматчига ўхшайди, шатранжнинг бирорта донаси ҳам «четда» қолмайди, унинг қўл остида ҳаммаси ўйнайди, айни замонда бу ўйин ички бир драматизмга тўла. Шу бобда биз кундош билан учрашган Кумушнинг изтиробларинигина эмас, биринчи марта Зайнаб ҳам тирик жон эканини, у ҳам чуқур кечинмаларга қодир эканини чуқурроқ ҳис қиламиз.
IIIБугун «Меҳробдан чаён»ни қайта ўқиб чиқдим. Роман ғалати таассурот қолдирди менда.
Китобни очишим биланоқ фақат Абдулла Қодирийгагина хос бўлган бўлакча бир миллий руҳ, илиқлик, самимият ва меҳр юрагимни жиз эттириб, дилимни равшан қилди. Романнинг илк саҳифаларида ёзувчи менга, лабида табассум, суюкли фарзандларининг ўйинини кузатиб, уларнинг шўхлик ва эркаликларидан завқланиб, айвонда чой ичиб ўтирган меҳрибон отага ўхшаб кўринди. Ота ўз фарзандларининг фақат фазилатларинигина эмас, уларнинг кам чилик ва нуқсонларини ҳам кўради, лекин меҳрибон, вазмин одам, уларни қаттиқ койиб, кўнгилларини оғритгиси келмайди. Рост, тўнғич ўғли Махдумнинг баъзи қилиқлари отанинг ғашини келтиради, лекин ақлли одам, ўғлининг хатти-ҳаракатларидан дарғазаб бўлиб гапирса, дастурхон атрофида ўтирган ҳамсуҳбатларининг (китобхонларнинг) таъбини тирриқ қилишини билади, шунинг учун ҳам тўнғич фарзанди ҳақида дам юмшоқ кулиб, дам билинар-билинмас истеҳзо билан гапиради. Ўқтин-ўқтин, Махдум ҳаддидан ошиб кетган пайтлардагина, меҳрибон падарнинг кўзида ўт чақнайди, бироқ нима бўлганда ҳам пуштикамаридан бўлган фарзанди эмасми, қаҳри ғазаби дарҳол сўниб, ташвиш ва изтиробга айланади. Лекин Анвар-Раъно достонига ўтиши билан ёзувчи худди суюкли кенжатойлари ҳақида гапираётган отани эсга солади. Ҳар бир ота ўз кенжатойларининг нуқсонларини кўрмаганидек, Қодирий ҳам аввал-бошда энг суюкли қаҳрамонларининг камчиликларини кўрмайди, унинг ҳикояси хиёл майинлашади, овозида эркалаш оҳанглари пайдо бўлади.
«Раъно яна бир неча ғужумларни териб узатди.
– Қани юмушингиз?
– Сенда нима юмуш бўлсин, Раъно? Ҳар кунги ўзинг билган гап… сўзлашиб ўлтирамиз; узум тўкилса, менга териб берасан, деб чақирган эдим.
– Дадам хуфтондан қайтиб қолади. Гапингиз бўлмаса, мен кетаман.
–Хуфтон ҳали ўқилган эмас, азон ҳозир айтилди. Башарти дадамиз хуфтонни ўқимай келиб қолса, бунинг ҳийласи осон: дарров анави гулнинг тагига яширинамиз!
–Башарти дадам бизни қидириб, гулнинг тагидан топса, нима қиламиз?
– Нима қилар эдик?.. Сен уйингга кетасан, мен бўлсам меҳмонхонага.
–Икковингиз гулнинг тагида нима қилиб ўлтирган эдингиз, деб сўраса, нима жавоб берамиз?
– Ўзимиз ўлтирган эдик, деймиз.
– Нима учун, деса-чи?
– Қизингиз уялгани учун, деймиз…»
Раъно-ку, майли, ёш бир қизча, лекин Мирзабоши лавозимига кўтарилган Анвардай йигитнинг «дарров анави гулнинг тагига яширинамиз» деб гапириши… жуда ғалати туюлади. Рост, муҳаббат, бу улуғ инсоний туйғу, баъзан катта одамни ҳам ёш болага айлантириб қўяди, лекин, ҳар ҳолда, бундай саҳна ва бундай тасвирлар ёзувчининг ўз қаҳрамонларига ўзгача меҳридан далолат беради. Шу саҳнанинг охирида Анвар Раънодан тўйга розилик олади:
«– Чинингми?
– Чиним!
Хўп бўлгай. Мен, эртага, тўйимиз кўкламга бўлсин деб жавоб айтаман… Ерлар кўк гиламлар билан безалган-да, ҳар тарафни бинафша чечаклари босган, қушлар уя қайғусини чекканда биз ҳам тўй қилармиз, чимилдиқда бахт созини тинглаб, истиқбол куйини куйлармиз… Шундайми, Раъно?
– Шундай…
– Ундан сўнг менинг оғушимда шунинг сингари даданг келиб қолишидан қўрқиб, киши қўлига тушган қуш боласидек типирчиламассан. Шу ҳуснинг, шу малоҳатинг ва шу латофатинг билан тамом меники бўларсан, шундайми?»
Албатта мен, оддий китобхон, ўша оқшом Раънодан илк бўса олган Анварнинг ҳолатига тушуниб турибман. Бу масъуд дамларда унинг кўнглидан худди шу гаплар ўтганига, дилида худди шу туйғулар жўш урганига ишонаман, лекин буни Раънога айтиши, айниқса, шундай ширин-шакар сўзлар, чиройли иборалар билан ифода қилиши… менга сал «ғалатироқ» туюлади… Лекин қизиқ: бу саҳналарда жиндек сентименталликка йўл қўйган ёзувчи Анвар-Раъно фожиаси тасвирланган саҳифаларда, сарой ҳаётига бағишланган бобларда шафқатсиз реалистик услуби билан ҳайратга солади кишини!
Раънога фотиҳа ўқилиб, Махдум буни «ис тиқболнинг хайрли фоли, файзи илоҳий», деб қувонган куннинг эртасига Анвар бу мудҳиш хабарни эшитади ва сўнгга марта Раъноларникига боради.
«Вақт намозшомдан оққан… Шом намозини ўқиб қайтган Махдум меҳмонхонанинг эшигини очиқ кўради. Анварнинг келганини фаҳмлаб, у билан кўришишни истамай ё истаса ҳам нимадандир ҳадиксираб, тўғри ичкарига ўтади. Йиғидан киприклари терилиб, чуқур андиша ичида бошини қуйи солган Нигор ойим ош кўтариб меҳмонхонага киради ва Анварнинг:
– Нега йиғлайсиз?.. Сиз шундай бўлсин деганмидингиз? – деган гапларига жавоб бермай, йиғлаган кўйи меҳмонхонадан чиқиб кетади…»
«…Анвар ошдан бир-икки луқма олиб, қўлини артди, сандал кўрпасини бағрига тортиб, кучли ва узун тин олди.
Чироғпоядаги шам бедиллар юрагидек титраб, меҳмонхонани аранг ёритар, шамнинг титроғи билан кўзини бир нуқтага тиккан Анварнинг ҳозирги хаёлчан юзи ҳам қалтирагандай кўринар эди. Меҳмонхона тип-тинч, фақат бу тинчликни ташқаридан ёққан ёмғирнинг кучсиз шитирлаши, ўқтин-ўқтин қўзғалиб қўйган шамолнинг даричага келиб урилиши ва аллақайси том бошидаги бир мушукнинг мовлаган товуши бузар эди…»
Бу ердаги ҳар бир сўз, ҳар бир деталь – ярим қоронғи меҳмонхонадаги ўлик сукунат, ёмғирнинг шитирлаши, томдаги мушукнинг мовлаши, ҳаммаси Анварнинг юрагидаги туғённи ифода қилади, ёзувчи унинг руҳий ҳолатини тасвирлаб ўтирмайди, чунки бу ҳолатни битта гап билан: «Чироғпоядаги бедиллар юрагидек титраган шам ёруғида Анварнинг хаёлчан юзи ҳам қалтирагандай кўринар эди», деган биттагина жумлада ифода қила олган… Орадан бир пиёла чой ичиш фурсати кечганда… Меҳмонхонанинг даҳлизида қўлида чойдиш, Раъно кўринди. «Икки кўзи қипқизариб, қовоқлари шишиб, кўпчиган, юзида ҳам зўриқиш аломати бор эди. Ерга қараган ҳолда оқ чойдишни Анварнинг ёнига келтириб қўйди, токчадаги пиёлани олиб чойдишдаги чой билан чайқади, пиёлани сочиқлагач, яна чайиб, иккисини Анварнинг ёнига сурди ва бирдан ўкраб юзини танча устига қўйди…»
Тасвирнинг шафқатсизлигини сезяпсизми? Ёзувчи Раънонинг йиғисини кўрсатишга ошиқмайди, аксинча, унинг ҳар бир ҳаракатини энг майда тафсилотлари билан кўрсатишга тиришади, лекин ажабо, ёзувчи Раънонинг кечинмаларини тасвирламаса ҳам сиз унинг тўлибтошиб турганини аниқ ҳис қиласиз, унинг хаттиҳаракатларини кузатар экансиз, юрагини ларзага солган туғён тобора ортиб бораётганини ва пировард портлашини сезиб турасиз, шунинг учун ҳам ниҳоят ўпкаси тўлиб «бирдан ўкраб танча устига бош қўйганида» беихтиёр кўзингизга ёш оласиз…
Бу саҳнада Анвар билан Раъно сизнинг кўз олдингизда камида ўн ёш улғаяди. Севикли қаҳрамонларининг бошига тушган мусибатни улкан реалистларга хос бир шафқатсизлик билан тасвирларкан, ёзувчи Махдумни ҳам аямайди. Романнинг бошида унинг баъзи қилиқлари ҳақида мулойим кулимсираб гапирган адиб, бу бобда, ўғлининг пасткаш хатти-ҳаракатларини билиб қолган адолатли отадай уни аёвсиз жазолайди.
Кечқурун шом намозидан қайтаётгандаёқ Анвар келганини пайқаган Махдум икки дилпоранинг мунгли суҳбатини бўлиб меҳмонхонага кириб келади. Кечагина Анвар Мирзабоши лавозимига кўтарилганда тўйни тезлатиш тараддудига тушиб қолган одам, бугун Анварга, ҳатто салом ҳам бермайди. Чунки кеча бизда табассум уйғотган хасислиги бугун, хонга қайната бўлиш бахти олдида, саройдан келадиган олтинлар олдида пасткашликка, чинакам разолатга айланади.
«Ичкарига кир, Раъно, бевақт бу ерда нима қилиб ўтирибсан?»
Бу гап Анварнинг, фақат Анвар эмас, китобхоннинг ҳам вужудини «ғизз» эттириб юборади. Романнинг бошида Махдумнинг қилиқ лари ва зиқналикларини кулимсираб кузатган китобхоннинг қалбида энди жирканч ва нафрат уйғонади. Бу нафратни ҳаммадан кўра Раъно яхши ифода қилади. Кечагина укаси билан «Лой ўйнаб» юрган қиз, шу топда отасининг бутун шафқатсизлигини, бемеҳр, бағритош бир одам эканлигини дил-дилидан ҳис этади ва ғазабдан титраб:
«Андишасиз!» – деб хитоб қилади. Бу худди сизнинг кўнглингиздаги гап! Шунинг учун ҳам Раъно кўзига жиққа ёш олиб, меҳмонхонадан чиқаркан, қалбингизда унга нисбатан бўлакча бир меҳр ва ҳурмат уйғонади.
«Меҳробдан чаён»нинг энг зўр жойларидан бири хон ҳарами ва қирқ қизлар ҳаётига бағишланган саҳифаларидир.
Адабиётимизда хон ҳарамига тушган бахти қора қизлар ҳақида анча-мунча асарлар бор. Бу асарларнинг ҳаммаси бир-бирини такрорлайди, камбағал деҳқоннинг сулув қизи бўлади. У холасинингми, аммасинингми ўғлини яхши кўради. Лекин хондан қарздор бўлиб қолган камбағал деҳқон қарзини тўлай олмайди-ю, унинг эвазига қизини хонга тортиқ қилишга мажбур бўлади. Севгилисидан жудо бўлган бечора қиз, хон саройида ҳижрон доғида ёна-ёна охири сил касалига учраб ўлади… Худди шундай ҳикоя «Меҳробдан чаён»да ҳам бор. Лекин бу ҳикоядан ҳам кўра қирқ қизларнинг кундалик ҳаётини тасвирлаган саҳифалар даҳшатга солади кишини.
Ҳарамга келтирилган кунлари бир-икки кеча хоннинг «илтифотига сазовор бўлиб», кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилган бу чиройли, соғлом қизлар тўрт девор ичида ўзларини қаёққа уришни билишмай тўлғанишади, зерикканларидан, азбаройи димиққанларидан ҳарамга кириб келган ҳар бир одамга ёпишишади, уни эрмак қилишади. Лекин ҳарамнинг дарвозаси қулф, эркак зоти у ёқда турсин, унга кирадиган аёллар ҳам саноқли. Шунинг учун ҳам Гулшаннинг ҳарамга келиши канизлар учун катта ҳодиса, эрмак, ҳатто байрам, шунинг учун ҳам ҳовли юзида копток ўйнаб, яланг оёқ, яланг бош қувлашиб юрган қизлар уни кўриб олдига югуришади, кулги ва қийқириқ билан қарши олишади:
«Эсонмисиз!… Эрингиз ўлмадими? Шаҳар йигитлари омонми?» – деб ҳазиллашишади. Гулшаннинг: «Бўлди, бўлди! Шўх байтал ўлгурлар!» деган хитобига: «Тўқ байтал! Тўқ байтал!» деб тегажоқлик қилишади. Кейин уни ҳам ўйинга тортишади ва Гулшан ютқизганда «хих, эшагим!» дейишиб, орқаси яғир бўлгунча устига минишиб ўйнашади. Кечаси эса базм қуришиб, мунгли лапарлар айтишади. Лекин ҳар бири бир йигитни бахтли қиладиган бу мазлумаларнинг гўзал базмини тўрт девордан бошқа ким кўради, шўх ва ғамгин лапарлари қайси йигитни шайдо қилади?.. Йўқ, бу гўзал базмни, тўрт девор орасига қамалган парилар ўйинини уларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким томоша қилолмайди. Шунинг учун ҳам бу лапар ва ўйинлар қизларнинг дилини баттар қитиқлаб, ушалмас орзулари чинакам изтиробга айланади, шунинг учун ҳам базмдан кейин аламзада қизларнинг ҳазил-мутойибалари дағаллашади, «кўйлак ечар, иштон солар» каби шарм-ҳаёсиз ўйинлар бошланади.
Биринчи қарашда бир оз «яланғоч» туюлган бу саҳна хон саройида сил бўлиб ўлган қизлар ҳақидаги ҳар қанақа ҳикоядан ҳам қаттиқроқ таъсир этади кишига. Бу саҳифалар сизни титратмай иложи йўқ, чунки шафқатсиз реалистик куч билан ёзилган бу саҳналарда инсоннинг энг улуғ фожиаси – муҳаббат ва она бўлиш бахтидан умрбод маҳрум бўлган аёллар фожиаси бор.
«Меҳробдан чаён»ни бир неча марта ўқиганим ҳолда унинг «Қизиқлар» деган бобини фақат бир марта ўқидим.
Билмадим, эҳтимол бу бобдаги қизиқларнинг қизиқчилиги ва аскияларини «эшитиб» завқланадиганлар бўлса бордир, лекин мен «томоғи остидаги чўғир қовундек бўқоқ ғовлаб ётган мулла Бахтиёрни, кир яктагидан бадани кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаб олган Баҳром қизиқни» кўз олдимга келтирганимда мен бу аскиялардан эмас, ёзувчининг сатирик қудратидан қойил қолдим. Чунки «бурни ўрнида юқорига қараб қурбақа ўрмалаган махлуқнинг» ташқи қиёфасидан, хунуклик ва ифлосликда бир-биридан ўтган бу қизиқларнинг: «Бир пой кафшни еб қўйибсизлар-ку» ёки: «Бўқоғингга кафшнинг ўкчаси тиқилиб қолипти-ку!» ёки: «Сингли талоқ битни қочирдим-да!» каби «аскиялар»ни ўқиганда: наҳот шундай «қизиқчи»ликдан завқ олган Худоёрхондай одам Ўрта Осиёдай катта бир ўлкани ўн йиллар давомида идора қилган бўлса?! деган ўйга борасан. Бу ўй даҳшатга солади кишини. Ёзувчининг асл мақсади ҳам китобхонда худди шу фикрни уйғотиш бўлса керак.
* * *
Китобни ёпиб, узоқ ўйга толаман: бу улкан ёзувчи ҳаёт бўлганда адабиётимиз яна қандай дурдоналар билан бойир эди?
1969 йил
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?