Электронная библиотека » Одил Ёқубов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "СЎЗ"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Одил Ёқубов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Абдулла Қаҳҳор реализми, классиклардан ўрганган бешафқат реализми, унинг сўнгги, тўғрироғи, ўлимидан сал олдин ёзган «Ўтмишдан эртаклар» қиссасида, айниқса, ёрқин намоён бўлди. Қисса ёзувчининг бола хотираси ва қалбида чуқур из қолдирган одамлар ҳақидаги айрим-айрим ҳикоялардан ташкил топган бўлиб, ягона мақсадга– ўзбек халқининг ўтмишда кечирган ҳаётидаги жабру жафоларни очиб беришга қаратилган. Бу ҳикоялар ўзининг шафқатсиз реалистик кучга эга бўлиши билан кишини ҳайратга солади. Қаттол ҳаёт эзиб ташлаган, охир-оқибатда фақат қутурган ит қопиб эмас, балки ҳоким синфининг ғайриинсоний жабр-зулмидан, одамлик қиёфасини йўқотган ялангоёқ ва оч-яланғоч Бабарнинг фожиали тақдирини ёки бўлмаса айтган одамига турмушга чиқишдан бош тортгани учун отаси ўласи қилиб савалаган гўзал қиз Сарвинисонинг ачинарли қисматини олиб кўринг.

Ёзувчи хотираларидан иборат мазкур иккала ҳикоя ҳам ўтмишни шу қадар ўткир реалистик ва шу билан бир вақтда қайғули бўёқларда тасвирлаб, китобхон кўз олдида гавдалантира олганки, эндиликда таниқли, бироқ ўшанда анча ёш бўлган бир танқидчи беихтиёр эътироз билдириб, шундай деганда:

«– Наҳотки, одамларнинг қисмати шунчалик оғир, даҳшатли бўлган бўлса? Бунга ишониш қийин, устоз!

Бунга Абдулла Қаҳҳор шундай жавоб берган эди:

– Мен ўз кўзим билан кўрганимни ёздим, холос. Мен бор ҳақиқатни аслида қандай бўлса шундайлигича қоғозга туширдим. Агар бу сиз ёшларга эриш туюлаётган бўлса, начора, келинг, сизларнинг ҳам кўнглингиз қолмасин, менинг бу бошдан-оёқ аччиқ ҳақиқатга тўла асаримни эртак, деб атай қолайлик!»

Аёвсиз реалистик қиссанинг «Ўтмишдан эртаклар» деб номланиши шу тариқа юзага келганди. Дарвоқе, бу ҳақда қиссага ёзилган сўзбошида Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи эслатиб ҳам ўтади.

Абдулла Қаҳҳор ижодда ана шундай санъаткор эди. Ҳаётда қандай одам бўлган?

Соч-соқоли оқ, юзидан алломалик нури балқиб турган хушрўй бу инсон бир қарашда қаттиққўл, сиёсатли одамга ўхшаб кўринарди. Ўша пайтдаги адабий муҳитда кенг урф бўлган «Абдулла Қаҳҳор нима деркин?» деган ибора бизнинг авлодимизга мансуб ёзувчиларни шошма-шошарликдан, ўз ишига бепарволик билан ёндашишдан огоҳлантириб, қўлёзмаларимизни қайта-қайта кўчиришимизга мажбур қилар эди. Ҳақиқатда эса у ғоят зийрак, кўнгли очиқ, адабиётга кириб келаётган ёрқин ва истеъдодли ёшларни астойдил қўллабқувватлайдиган инсон эди.

ЗАМОНДОШЛАРИМ

БУЮКЛАР ОДДИЙ БЎЛАДИЛАР

Бундоқ ўйлаб қарасам, ХХ асрнинг энг буюк адибларидан бири деб тан олинган Чингиз Айтматов билан яқиндан танишганимизга 30-35 йил бўлибди. Чингиз ўша маҳалдаёқ «Жамила» қиссаси учун собиқ СССРнинг энг юксак мукофотига сазовор бўлган, шуҳрати кун сайин ортиб бораётган ёзувчи эди.

Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Бир кун уйимга Пиримқул келди.

– Тошкентга Чингиз келган, – деди Пиримқул. У «Тошкент» меҳмонхонасига тушган. Мен уни соат иккига уйга таклиф қилдим. Сен машинангда уйимга олиб келсанг, танийсан-ку уни?

– Ҳа, узоқдан кўрганман, – дедим мен.

Соат иккига етиб бордим. У ҳам роппа-роса иккида меҳмонхонадан чиқди. Баланд бўйли, хушқомат, хушсурат (Худо бераман деса, ҳар жиҳатдан бераркан).

Бориб кўришдим, ўзимни таништирдим.

– Ҳа, ҳа эшитганман, эшитганман, – деди у. – Кетдик бўлмаса, Адилжан (кейин билсам, яқиняқинларгача у мени ўзидан ёш деб ўйларкан). Шушу «Адилжан» деб атайдиган бўлди.

Ўша куни Пиримқулнинг уйида бир неча соат суҳбатлашиб ўтирдиг-ов! (Пиримқул Чингиз билан Москвада, собиқ СССР Ёзувчилар уюшмасида ишлаб юрган пайтларидаёқ танишган, ҳатто меҳмонга ҳам чақирган экан.)

Зимдан кузатиб ўтирибман: жуда оддий. Буюкликдан, калондимоғдан нишона ҳам йўқ, деярли ичмайди, фақат Пиримқул қадаҳ кўтаргандагина бир қултум-бир қултум ҳўплаб қўяди. Мақтовга тоби йўқроқ. Биз бир-биримиздан ошириб шаънига қадаҳ айтсак, «Қўйинглар», – деб гапни бошқа ёққа буради. Лекин иштаҳаси яхши. Суҳбат ниҳоятда ширин. Жуда катта интеллект соҳиби экани шундоқ кўриниб турибди. Ўша куни у бизга жуда кўп нарсаларни гапириб берди. Ҳатто у пайтлар давлат сири деб айтиладиган Кремль деворлари ичидагина бўладиган ғалати-ғалати ҳангомаларни ҳам гапириб берди. Хуллас, биринчи учрашув менда ниҳоятда чуқур таассурот қолдирди.

Кексайганда кишини ёлғон гапиргиси келмайди, ўша пайларда мени ҳам «Икки муҳаббат», «Муқаддас», «Тилла узук», «Матлуба» каби қиссаларим чоп этилиб ва китобхонлардан бир қоп хат олиб, (Пиримқулнинг ҳам «Уч илдиз» романи довруқ қозониб) бир оз талтайиб юрган кезларимиз эди. Шу сабабдан бўлса керак, осий банда мен илк бор «Жамила»ни ўқиганимда сал чирансам, бу қиссани мен ҳам ёза олардим, деган ўйга ҳам боргандим. Сал ўтмай, Чингизнинг «Оқ кема» ва «Алвидо, Гулсари» деган қиссалари чоп этилди-ю, у бас келолмайдиган ноёб истеъдод эканлигига дил-дилимдан иқрор бўлдим.

1973 йили менинг «Улуғбегим» нашр қилинди. Кўп ўтмай роман рус тилига таржима қилиниб, «Дружба народов» журналида босилди, чет эллардан илк шартномалар кела бошлади. Кунлардан бирида кечқурун ишдан қайтсам, умр йўлдошим Марямхон кулиб қарши олди:

– Сизга хушхабар бор. Суюнчи беринг.

У қўлини орқасига қилиб, кулимсираб турарди. Бундоқ қарасам қўлида узун конверт. Шартта юлиб олдим.

Марямхоннинг хушхабар дегани Чингиздан келган хат экан.

Бир соат қандай ўтиб кетганини билмайман. Бошда айтганимдек, ниҳоятда суҳбати ширин, дунё ва ҳаёт тўғрисида теран мушоҳада юритувчи доно инсон, Чингиз бу сафар ҳам жуда кўп қизиқ ҳангомаларни гапириб берди. Ўшанда мен биринчи марта ундан Андрей Сахаров тўғрисида эшитдим.

– Водород бомбасини ихтиро қилгани учун ҳукуматнинг барча мукофотларини олган бу инсон,деди Чингиз, – барча мукофотлари, шоҳона уйлари-ю, кўркам дачаларидан воз кечган, ҳатто ўзи яратган водород бомбасини қоралаб чиққан. Ҳозир Москвадан ҳайдалиб, Волга бўйидаги бир шаҳарчада ғарибона ҳаёт кечирмоқда. Қара, табиат нақадар буюк инсонларни яратишга қодир экан!

Роппа-роса соат ўн бирда Чингиз кетишга ижозат сўради. Мен: – Яна бир оз ўтир, суҳбатингга тўймай қолдик-ку, – деб илтижо қилдим.

– Йўқ, Адил, – деди Чингиз. – Мен Таласдаги туғилиб, катта бўлган аилим (қишлоғим дегани) Шекерга барвақт етиб боришим лозим. Дунёнинг икир-чикир ишлари билан бўлиб, бир-икки йилдан бери у ерга боролмагандим. Дунёдан ўтган одамлар бор, уларнинг хонадонларига бориб фотиҳа ўқишим, кўнгил сўрашим керак. Кейин бир қур бирга ўсган тенгдошларимга ваъда бериб қўйганман, борсам, албатта, учрашамиз, ёшлигимизни эслаймиз, деб.

Чингиз шундай деб мийиғида бир кулиб қўйди:

– Улар ўта бахтли одамлар, Адил. – Бир қўйнинг гўштини қозонга солишади. Кейин сен билан мен ҳам майдалаб ўтирган нарсани косаларга тўлдириб, бир кўтаришда оладилар-у калла гўштларидан уриб, бир-бирини аския қилишади. Гурунглашади, қаҳ-қаҳ отиб кулишади, яйрашади. Улар ўзларича бахтли одамлар. Биз энди улардай бўлолмаймиз. Ётсак ҳам, турсак ҳам, элни ўйлаймиз, халқимизнинг келажаги қандай бўларкин, унинг келажаги борми, йўқми, тилимиз, урф-одатларимиз нима бўларкин, улар сақланиб қолармикин ё суйган халқимиз ассимиляция бўп қолармикан, деб ташвиш чекамиз. Мен уларга бу гапларни айтсам, тенгдошларим устимдан кулишади.

– Ай, Чингиз, Худодан қўрқсанг-чи, – дейишади улар. – Чопонинг ёқасидан белинггача орден, медаль. Олмаган мукофотинг қолмади. Тағин недан нолийсан? – деб таажжубга тушишади. Лекин мен уларни яхши кўраман, соғинаман. Сабаби – энг ёруғ, энг бахтли кунларим шулар билан ўтган. Хўп, зиёфатинг учун раҳмат, энди менга рухсат.

Мен уни Қозоғистон чегарасигача кузатиб қўйиб, орқамга қайтдим. Йўл-йўлакай у айтган гаплар ҳақида ўйлаб кетдим. Ўзимдан ўзим: «Сен ҳам туғилган элингга бориб турасанми, борганингда оламдан ўтганларни йўқлаб, руҳини шод этасанми, оила аъзоларидан кўнгил сўрайсанми?» Бу саволлар узоқ вақт хаёлимдан чиқмай, виждонимни қийнаб юрди.

Кунлардан бир кун журналларимиздан биридан телефон қилишди. Чингиз Айтматов қишлоқнинг энг гўзал ва сўлим масканида (ота-боболаримиз «Шакарбулоқ» деб ном беришган) эллик ёшини нишонлаётган экан. Сиз у киши билан мулоқотда бўлган эмишсиз, шулар ҳақида ўртача ҳажмда бир мақола ёзиб берсангиз.

Мен рози бўлдим ва очеркимда мана шу гапларнинг ҳаммасини батафсил гапириб бердим. Орадан бир-икки ой ўтди. Журнал босмадан чиқди. Лекин не кўз билан кўрайки, Чингиз гапириб берган энг қимматли тафсилотларнинг ҳаммаси олиб ташланган эди. Оқибатда очерк пати ва думи кесилган қушга ўхшаб қолибди.

Кейин билсам, ҳушёр муҳаррирга Чингизнинг қишлоғимга бориб, оламдан ўтганларга фотиҳа ўқийман, жўраларим билан ётиб дардлашаман, деган гаплари ёқмаган, «Чингиз Айтматов улуғ ёзувчи, у бундай гапларни гапириши мумкин эмас», деган эмиш.

Мен узоқ вақт бу пати юлинган қушчага кўзи тушмадимикан, шояд кўзи тушмаган бўлса, деб уялиб юрдим.

Ўша йили кузда Шакарда ёзувчининг кичик юбилейи бўлиб ўтди (каттаси қишда, Бишкекда нишонланди). Шакарда ўтган бу юбилейга таклиф қилинган меҳмонлар орасида мен ҳам бор эдим (мендан ташқари бу тантаналарга ўзбек ёзувчиларидан Асил Рашидов билан Шукрулло ака, ёзувчилардан ташқари зиёлиларимиздан машҳур олим Шабот Хўжаев билан Зиёд Есенбоев ҳам чақирилган эди).

Мен Шакар қишлоғини кўришни кўпдан орзу қилиб юрардим, чунки қайси бир донишманднинг «Адиб ижодининг туб илдизларини билмоқчи бўлсанг, у туғилган юртга бориб кўр», деган насиҳати доим эсимда турарди. Лекин энг муҳими– мен туғилиб, вояга етган кўркам қишлоқ – Қарноқнинг шундай ёнбағрида ҳам Шакарбулоқ деган сердарахт, сербулоқ жой бўлар, биз қишлоқ болалари даштда машоқ териб, тилимиз ва томоқларимиз қуриб тушганимизда бу тиниқ булоқлардан дўппилаб сув ичар, жазирама даштдан кейин Шакарбулоқ бизга бамисоли жаннат бўлиб туюларди.

Энди бу ўхшашликни қаранг: Чингиз туғилган қишлоқ Шакар деб аталиб, қудратли Манас тоғининг шундай этагида жойлашган экан. Бошига оппоқ симобий салла ўралган бу тоғ исми-жисмига монанд дегандай ҳам юксак, ҳам улуғвор, ҳам мафтункор бир чўққи экан. Шакар ҳам ўз номига муносиб, мажнунтол ва осмонга мағрур қўл чўзган сарвлар, оқ тераклар билан ўралган, дарахтлар тагидаги эса, хиёл лоф қилиб айтганда, бир дарё оқиб ётаркан. Ҳақиқатан, донишманд айтганидек, мен бу бетакрор гўзал манзарани кўрганимда, Чингиз ижодининг шоирона ва мафтункор жиҳатларини бутун, тўлалигича илғаб олгандай бўлдим.

Шакарга кираверишдаги катта оломон орасида бошларини оппоқ удана билан ўраб олган юз чоғли кекса аёллар Чингизни қуршаб олишди, бири кулиб, бири кўзига ёш олиб, ёзувчининг пешонасидан, бири у юзи, бу юзидан ўпар, бу манзарадан беҳад хурсанд бўлган адиб ҳам уларнинг елкаларидан қучиб кўришар, ҳол-аҳвол сўрашар, улар сиймосида худди ўз онайизорини кўргандай ҳаяжондан энтикар эди.

Кейинчалик мен ундан кампирларни кимлигини сўраб-суриштирсам, Чингиз: «Э-э, нимасини айтасан, – деди сезилар-сезилмас уф тортиб. – Улар нималарни кўрмаган, бошларидан нималарни кечирмаган. Ўттизинчи йилларнинг очлигини ҳам, сургун-қувғинларни ҳам, ўттиз еттинчи йил фожиаларию уруш йиларидаги заҳматларни ҳам барчасини кўрган муштипар аёллар, кампирлар. Кўпчилиги отам-онамни кўрган, оғир йилларда пешанамни силаб, бир бурда зоғора нон, бир коса айронларини аямаган.

Анча кейин, агар янглишмасам, Иссиқкўл форумини ўн йиллиги нишонланаётган кунлари қирғиз дўстларимиз бизга юзини ажин қоплаган, миттигина, аммо юриш-туришлари, гап-сўзлари тийрак бир кампирни кўрсатиб: бу аёл «Момо ер» қиссасининг қаҳрамони, деб таништиришди. Шунда Чингизни қуршаб олиб, пешанаси, у юзи, бу юзидан ўпган кампирларни эсладим.

Ҳа, ҳаёт бамисоли бир дарё, у оқиб ўтаверади, биров ундан баҳраманд бўлиб, боғ-роғ яратар экан, биров, сабаби лоқайдлик ва дангасалик, қуруқ қолавераркан, деганларича бор экан. Мана, Чингизнинг Шакарда ўтган унутилмас тўйига ҳам йигирма йил бўлибди. Одатда, элликдан ошгандан кейин ижодкорнинг истеъдоди сўна бошлайди, қалами ҳам, ақл-заковати ҳам сусая бошлайди, деган гаплар бор. Ўйлайманки, бу назария Чингиз Айтматов ижодига сира ҳам тўғри келмайди. У ўзини дунёни лол қолдирган «Асрга татигулик кун» ва «Кунда» романларини элликдан ошганидан кейин ёзди.

«Кунда» ва айниқса, «Асрга татигулик кун» уни бугун жаҳон адабиётининг энг ғаройиб ёзувчиси Габриэль Гарсияга тенг миқёсга олиб чиқди. Чингиз яратган Манқурт образи, тўғрироғи, бу сўз китобхонларни ларзага солиб, сотқинлик тимсоли сифатида жаҳон тилларига кириб кетди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Чингиз менга Ҳимолай тоғларининг Жамолунгма чўққисини забт этишга киришган альпинистни эслатади. Фарқи фақат шундаки, Жамолунгмани забт этишга аҳд этган ўнлаб, балки юзлаб шерюрак альпинистлар бу чўққини забт этолмай, фожиавий ҳалок бўлдилар. Чингиз ҳақида эса бугун бир буюк ҳақиқатни ҳеч иккиланмай айта олиш мумкинки, у санъат соҳасидаги бу чўққини забт этди. Эндиликда у ҳеч иш қилмай эришган улуғ зафарларининг гаштини суриб, роҳату фароғатда яшайвериши мумкин эди. Лекин бу кайфият унга батамом ёт. Айни замонда ҳозир қанақа асар ёзяпсиз, деган саволни кўп хушлайвермайди. «Ҳа энди бир асарни қоралаяпман. Аммо ундан нима чиқади, ўзим ҳам билмайман»,– деб қўя қолади.

Умид қиламанки, жаҳон адабиёти мухлислари билишса керак, бундан уч йил муқаддам Марказий Осиё халқлари энг йирик фан ва маданият, адабиёт ва санъат арбоблари Тошкентда йиғилиб, уларнинг дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир ташкилотАссамблея тузишга қарор қабул қилишди. Шу муносабат билан чақирилган катта қурултойда Чингиз Ассамблея Президенти, мен эса унинг биринчи вице-президенти (муовини) этиб сайландик.

Тўғри, Ассамблея ўз олдига қўйилган масъулиятли вазифаларни яхши бажаряпти, ишлар юришиб кетди, дейишга афсуски тилим бормайди. Юксак савия, катта қувонч ва аҳиллик билан ўтган қурултойдан кейин ҳаёт олдимизга жуда кўп қийинчиликларни рўпара қилди. Бу қийинчиликлар ҳам сиёсат, ҳам молия, ҳам майда-чуйда одамларнинг нафсонияти, масаланинг моҳиятига тушунмаслиги ва бу одамларнинг буюк устозимиз Мухтор Авезов ва Ойбек, Собит Муқонов ва Ғафур Ғулом каби устозларимиз васиятларини туркий халқлар маданият арбобларининг дўстлиги ва биродарлигини мустаҳкамлаш ҳақидаги орзуларини писанд этмасликларига бориб тақалади. Лекин шахсан Чингиз Ассамблеяни чин дилдан севади, унинг олдида турган қийинчиликларни бартараф этишга вақтини аямайди. У Ўзбекистонни жуда яхши кўради, тез-тез бўлмаса-да, ҳар қалай йилда бир неча марта келиб туради. Узоқда, Бельгияда яшаса ҳам тез-тез сим қоқиб, ҳол-аҳволимизни суриштиради, маслаҳатлар беради.

Шу йили май ойида Чингиз Тошкентга келди. У Ўзбекистонда ўтган қирғиз кунларида иштирок этди. Бир неча кун Ассамблея ишлари билан шуғулланди, ТошДУ ва Тошкент давлат техника университети талабалари ва олимлари билан учрашди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бу учрашувлар ёшлар учун қувончли байрамга айланди.

Чингиз Айтматов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган бу учрашувлар барча учун, айниқса ёшлар учун унутилмас бир байрамга айланди. Сўнгра биз бу байрамни давом эттириш учун Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига йўл олдик. У ерда ўтган жуда кўп учрашувлар вақтида содир бўлган жуда кўп қизиқ воқеалар орасида икки нарса ёдимда михланиб қолди.

Сафарнинг иккинчи куни биз Ўтрорда бўлдик. Минг афсуски, ҳозирги Ўтрорни Чингизхон қўшинларига биринчилардан бўлиб кўкрагини тутиб берган ва олти ой таслим бўлмаган қадимий Ўтрорнинг ғарибгина бир сояси дейиш мумкин. Лекин ҳозирги шаҳарчада ўша буюк ва мағрур Ўтрор ҳақида, Чингизхон лашкарлари билан мардона курашган шерюрак ўғлонлари тўғрисида озгина бўлса-да тасаввур берувчи катта музей бор. Биз музейни бориб кўрдик. Кейин шаҳар марказидаги санъат саройида учрашув бўлди. Учрашувдан кейин ташқарига чиқсак, музей олдидаги майдонда беш-олтита нортуялар чўккалаб ётипти.

Азиз китобхон мени кечиргай, мавзудан жиндай четлаб кетдим, чоғи. Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бир неча йил давомида бу улуғ ёзувчи билан ёнма-ён туриб ишлаш Оллоҳнинг менга кўрсатган улуғ бир инояти, деб биламан. Шу иноят сабаб, мен уни яқиндан кузатиш имкониятига эга бўлдим, орамиздаги илиқлик янада кучайди, самимиятимизга самимият қўшилди.

Узоқдан кўплар, табиий, ўта мағрур одам, улуғ ёзувчи, унга яқинлашиш жуда қийин, деб ўйлашади. Аслида эса, у ҳаётда жуда содда, ҳатто болатабиат бир инсон.

Бутун умрини бўрилар ҳаётини ўрганишга бағишлаган олмониялик бир олим «Кунда»ни ўқиб чиққач, Чингиз ижодининг тарғиботчилардан бирига уни ёзувчи билан таништириб қўйишни илтимос қилибди.

– Мен ҳайронман, – дебди у, – «Кунда»ни ўқиётганимда менга шундай туюлдики, ёзувчи менга ўхшаб бутун умрини бўрилар орасида ўтказганга ўхшайди.

Умуман олганда, Чингиз Олмонияда биздагидан ҳам машҳур. Ҳатто бизда унча донг чиқара олмаган ёзувчининг «Кассандра тамғаси» романи ҳам Олмонияда жуда машҳур. Сўнгги бир-икки йил давомида, сабаби Ассамблея ишлари, Чингизни қачон суриштирсам, рафиқаси Марина аксар ҳолларда уни Олмонияга китобхонлар билан учрашувга кетди, – деб жавоб беради. Чингиз ўзи эса бу ҳақда гап кетганда хиёл маъюсланиб:

– Эндиликда менинг асарларим ўз элимдан кўра хорижда кўпроқ ўқилади, – дейди хўрсиниб.–Чет эл китобхони ҳалиям бўлса ҳақиқий адабиётнинг қадрини яхши билади. Бизда эса… диди юксак китобхонни кундуз чироқ ёқиб топиб бўлмайди. Россияда эса аҳвол биздагидан ҳам баттар. У ерда интим адабиёт авж олган. Рус ёзувчиларининг аксарияти ҳам фақат интим мавзуда ёзишмоқда. Кўриб кўнглинг озади! Билмадим, қачон бу ботқоқдан чиқиб оламиз. Шундай қилиб, мана бизнинг авлод ҳам етмишга етиб келди. Бугун биз ҳам куни кеча кўз илғамас даражада узоқ туюлган бу чўққининг тепасида турибмиз. Не чора? Ҳаётнинг шафқатсиз қонуни шундай экан, унга бўйсуниш ва шукрона айтишдан бошқа илож йўқ!

Шу йил июнь ойида адабий жамоатчилик менинг етмиш ёшимни нишонлаётганда Чингиздан телеграмма олдим. У ўз телеграммасида каминани бу ёш билан қутлаб, мени, айниқса, чуқур ҳаяжонга солган бир гапни айтибди:

– Мен, – дебди Чингиз. – Машъум Ўш ёнғини кунлари сен ва Пиримқул билан гўё бир отанинг фарзандларидек, гўё уч ака-укадек, оғир фожиа юз берган жойларга бориб, талафот кўрган оилаларга ҳамдардлик билдирган, уларнинг кўнглини кўтаришга, тасалли беришга уринган кунларимизни бот-бот эслайман.

Қадрли дўстим Чингиз. У қора кунларни мен ҳам, ўйлайманки, Пиримқул ҳам эслаб туради. Илоё, ундай воқеа эндиликда ҳеч қачон содир бўлмагай, деб Оллоҳдан тилаймиз. Мен сендай буюк ёзувчи ва айни замонда оддий ва камтар инсон билан замондош бўлганимдан тоабад ифтихор қиламан. Боз устига, яратган Эгам менга сен билан узоқ йиллар дўст бўлиш, охирги йиллари эса олийжаноб бир мақсад йўлида бирга ишлаш, сенинг дилбар суҳбатларингни олиш бахтига мушарраф қилди. Сўнгги пайтларда мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман, айниқса, кечалари, уйқум қочган дақиқаларда кўп эслайман. Чексиз қувонч ва миннатдорлик билан эслайман.

ДАВР ФАРЗАНДИ
(Шароф Рашидов ҳақидаги эсдаликлардан қатралар)
Муқаддима

Бугун халқимиз таниқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 80 йиллигини нишонламоқда. Шароф Рашидов салкам чорак аср республикамизни бошқардилар. Бенуқсон Парвардигор. Шубҳасиз, у кишининг фаолиятида жиддий нуқсонларга ҳам йўл қўйилган эди. Шароф Рашидов собиқ Қўмпартия ва унинг Политбюроси чизган чизиғидан чиқмаган, зотан, у маҳалда бу чизиқдан чиқиб иш қилиш мумкин эмас ҳам эди. Лекин шунга қарамасдан, марҳум билан кўп йиллар бирга ишлаш насиб этган каминаи камтариндек инсонлар, хусусан, биз адиблар марҳумнинг катта ишлари, характерида эса кўп яхши фазилатларни ҳам кўрганмиз, кузатганмиз.

Бугун Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида республикамиз катта зафарларга эришиб, жаҳон миқёсига чиққан бир вазиятда марҳум таваллудининг 80 йиллигини нишонлар эканмиз, Шароф ака билан бўлган баъзи мулоқотларимиз ёдимизга тушди. Ҳурматли ўқувчиларга шу эсдаликлардан айримларини таклиф қилишга журъат этдим.

"Менинг машинамни бериб юборинг"

Саксонинчи йил. Агар янглишмасам, август ойининг ўрталари. Ғафур Ғулом нашриётида ишлайман. Бир кун котибамиз хонамга шоша-пиша кириб келди. Ҳаяжонда. Кўзлари хиёл бежо.

– Одил ака, – дедилар «қулт» ютиниб. – Сизни… Сизни Шароф Рашидович чақиряптилар экан. Тез етиб борар экансиз.

Мен унгача ҳам Шароф ака билан кўп учрашганман, бирга ишлашган пайтларим, узоқ-узоқ суҳбатлашган онларим ҳам бўлган. Шундай бўлса-да, республикамиз раҳбари, ҳатто собиқ Политбюро аъзолигига номзод, боз устига салобатли одам, беихтиёр сусти босар эди.

Котибамизнинг ҳаяжони менга ҳам «юқди». Эски «Волга»м бўларди, шунга ўтириб кетяпман-у хаёлимдан: «Нима мақсадда бунчалик шошилинч чақирдийканлар, ишқилиб, тинчлик бўлсин-да», деган фикр чиқмайди. Неча текшир-текширлардан ўтиб, ниҳоят ҳузурларига кириб бордим.

Шароф ака Ўрдадай катта хонанинг ўнг томонидаги кўк мовут билан қопланган ичакдай узун столнинг тўрида, ёнбошида ўн-ўн бешта оқ телефон, ким биландир гаплашаётган эканлар. Мени кўриб: «Келинг, ўтиринг», деган маънода ишора қилдилар.

Кўрсатган жойларига бориб ўтирдим. У пайтларда уч йил кейин рўй берадиган фожеий ҳодисалардан шабада ҳам йўқ, Шароф ака кайфи чоғ, узунчоқ хушсурат юзида битта ҳам ажин йўқ, фақат анча сийраклашиб қолган сочларига қиров қўнган, телефонда ҳам мулойим кулиб гаплашардилар. Шундай бўлса-да, «Нима сабаб бундай тўсатдан чақирдийканлар», деган савол хаёлимдан чиқмас, дилимдаги ғулу кўтарилмас эди.

Раҳматлининг бир яхши одати бор эди: у киши одатда гапни суҳбатдошининг ҳол-аҳволи, ишлари, бола-чақаси, оиласининг тинчлигини сўраб-суриштиришдан бошлар эдилар. Бу сафар ҳам суҳбат шундай бошланди-ю кўнглимдаги ғалаён тўзғиб, енгил нафас олдим.

Шароф ака савол-жавобдан кейин бир зум хаёлга толиб ўтирдилар-да:

– Бундай, укажон, – дедилар, (у киши ўзларидан ёш одамларни доим «ука», «укажон» деб чақирардилар). – Сизни муҳим бир масала билан таклиф қилдим. Ўзингиз ҳам билсангиз керак, адабиёт газетамизнинг аҳволи жуда ночор. Сони қирқ мингга ҳам етмайди. Адабиёт газетаси ҳам қирқ минг нусхада чиқадими? Мана, сиз кўп йиллар «Литературная газета»да махсус мухбир бўлиб ишладингиз. У қанча нусхада чиқади?

– Билишимча, етти, етти ярим миллион нусхада, Шароф ака, – дедим мен.

– Ана, кўрдингизми? – деди у киши бошини чайқаб. – «Литгазета» етти ярим миллион нусхада чиқса, бизнинг газетамиз лоақал бир-икки юз минг нусхада чиқиши керак-ку? Ё гапим нотўғрими, ука?

Мен гапнинг нишаби қаёққа қараб кетаётганини сездиму, сўз тополмай каловланиб қолдим.

– Хуллас калом, – дедилар Шароф ака, – биз ўйлаб-ўйлаб шу ишни сизга юклашни лозим кўрдик. Кўп йилдан буён масъул жойларда муҳаррир, бош муҳаррирлик лавозимларида ишлаб келяпсиз. Тажрибангиз бор…

Мени ваҳима босди-ю, «Мен бу ишни уддалай олармиканман?» деган маънода яна ғўлдирай бошладим. Шароф ака гапимни шартта бўлдилар:

– Сиз бу гапларни қўйинг, ука, – дедилар қўлларидаги қалам билан столни тақ-тақ уриб. – Менинг маслаҳатим, шу бугуноқ газетага боринг. Ўн кун муҳлат сизга. Ишлар билан яхшилаб танишиб чиқинг. Газета нега оқсаяпти? Уни бу қийинчиликлардан чиқариш учун қандай тадбир, қандай чоралар кўриш керак? Умуман, нималар қилсак, газетанинг савиясини кўтара оламиз? Бу масалаларни батафсил ўрганиб чиқиб, бизга таклифингизни беринг. Яхшиси шу таклифларингизни қоғозга тушириб, олдимга келинг. Биз қўлимиздан келган ҳамма ёрдамни берамиз. Келишдикми?

Раҳматли шундай дедилар-да, «эътирозингизни қўйинг», деган маънода қўлларини узатдилар:

– Ўн кундан кейин кутаман, ука.

У маҳалда газета ҳафталикка айланган бўлиб, Асқад ака бош муҳаррир эдилар. Маълум бўлишича, у киши бошқа ишга ўтган эканлар.

Шу куниёқ собиқ Марказқўм бўлим бошлиқлари мени газета ходимлари билан таништирдилар. Иш билан танишиб, шундай хулосага келдим: кадрлар ёмон эмас. Иш тепасида яхши журналистлар, таниқли ёзувчилар. Ҳамма қусур ташкилий масалаларда. Газетанинг чиқа бошлаганига йигирма йилдан ошган бўлса-да, таҳририятда ҳуку мат телефони йўқ (ҳукумат телефони, яъни «вертушка» бўлмаса, на бирор катта идора, на бирорта вазир билан гаплаша оласиз, – бошқача қилиб айтганда, бирор-бир зарур масалани ҳал қила оласиз). Боз устига машинаси ҳам йўқ. Бу ҳам етмагандай, саккиз саҳифалик адабий газетанинг бир сонига бериладиган гонорар борйўғи саккиз юз сўм, бинобарин, бир «подвал» мақола муаллифи нари борса, 25-30 сўм қалам ҳақи олади, холос.

Идорама-идора югур-югур бошланди.

Биринчи бўлиб, қалам ҳақи масаласи ҳал бўлди. Гонорар икки баробар оширилди, яъни ҳар бир сонининг қалам ҳақи бир минг олти юз сўмга кўтарилди. Бу эса газетага келадиган мақолаларни танлаб олиш, энг муҳими, истеъдодли муаллифларни жалб этиш имкониятини беради. «Вертушка» масаласи ҳам бир ҳафтага қолмай ҳал бўлди.

Йўқ, бу ишлар ўзи бўлгани йўқ, албатта. Масалан, газетага «вертушка» ўрнатиш учун Министрлар Советининг махсус қарори чиқиши лозим экан. Анча югуришга тўғри келди. Энди фақат енгил машина муаммоси қолди.

Шароф ака ҳар ҳафта чақириб, мен қилган илтимосларим ҳал бўляптими-йўқми, сўраб-суриштирадилар.

– Гонорар масаласи нима бўлди?

– Ҳал бўлди, Шароф ака, раҳмат сизга.

– «Вертушка»ни қўйиб беришдими?

– Раҳмат, Шароф ака, қўйиб беришди.

– Машина масаласи нима бўлди?

Мен аниқ бир жавоб беролмай, ғулдурайман:

– Машина ҳам ҳал бўляпти, Шароф ака.

Аниқ жавоб беролмаслигимнинг нозик томони бор. Гап шундаки, машина масаласи ўша маҳалдаги Марказқўмнинг ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаровичга топширилган эди. У кишига ҳар куни ишимиз тушади. Шароф акага очиғини айтсам, Турсун Умарович билан орамиз бузилиб қолишидан чўчийман-у, очиқ гапиролмайман. Бу вазият бир ойча давом этди.

Ниҳоят, бир кун Шароф ака яна чақириб қолдилар.

– Газетангизни кузатиб боряпман, – дедилар у киши. – Ҳар қалай шу орада бир-иккита жиддий танқидий мақола бердингиз. Дадилроқ бўлаверинг. Лозим бўлса вазирларни ҳам танқид қилаверинг. Фақат чиқишингиз асосли бўлсин. Танқидий мақолаларни эълон қилишдан аввал яхшилаб текшириб кўринг. Катта юрт, туҳмат гаплар ҳам бўлиб туради. Ҳар бир хатни аввал текшириб, ҳақиқат қилинг. Маълумот тагида ҳақиқат бўлса, дадил чиқараверинг… Ҳа, дарвоқе, машина масаласи нима бўлди? Ҳал қилиб беришдими?

– Ҳал бўляпти, Шароф ака.

Раҳматли сал ранги ўзгариб:

– Мен сиздан ҳал бўлдими, йўқми, деб сўраяпман. Сиз бўлса ҳадеб ланж жавоб берасиз, – дедилар-да, шартта телефон трубкасини олдилар:

– Турсун Умарович, – дедилар у киши одатдагидан кескинроқ товушда. – Ҳозир олдингизга адабиёт газетасининг бош муҳаррири тушади. Шу одамга менинг машинамни бериб юборинг.

Чамаси Турсун Умарович у кишининг гапига ё тушунмадилар, ё тушунсалар ҳам қулоқларига ишонмай: «Гапингизга тушунмадим, Шароф ака», дедилар шекилли, раҳматли бирдан ранги ўчиб:

– Нимасига тушунмайсиз? – деб сўрадилар.–Мен сизга бундан бир ой муқаддам адабиёт газетасига битта енгил машина ажратиб беринг, деб топшириқ бердим. Сиз менинг бу топшириғимни ҳануз бажармагансиз. Демак, республикада битта ҳам енгил машина йўқ, деган маъно чиқяпти. Шундоқ экан, бу кишига менинг машинамни бериб юборинг. Тамом. Вассалом.– Шароф ака азборойи жаҳли чиққанларидан трубкани «шақ» этиб ўрнига қўйдилар-да, юзимга қарамай:

– Боринг, у кишининг олдига тушинг, – деб буюрдилар.

Ишлар бошқармасига тушсам, чоп-чоп, тўполон. Турсун Умарович машина тўғрисида кимгадир топшириқ берган эканлар, у одам эса бу ишни бошқа бировга топширган экан, учинчи биров бўлса эсидан чиқариб юборган экан.

Турсун Умарович, яхши одам эдилар, дарҳол Министрлар Советига хат ёздилар. Хатга имзо чекиб бўлгач, менга қараб:

– Совмин қарор қабул қилади, албатта, – дедилар. – Лекин пулни Молия Вазири ажратади. Ҳозир йил ўртаси. Пул масаласи жуда мураккаб. Мен ўзим ҳам гаплашаман, албатта. Аммо сиз ҳам қараб турманг. Мана, катта газетанинг муҳаррири бўлдингиз, сиз ҳам у кишига бир телефон қилинг.

Мен рози бўлишга бўлдим-у идорага келгач, иккиланиб қолдим. У маҳалда Молия вазири ҳозирги президентимиз Ислом Абдуғаниевич эдилар. Одамлар, нафақат оддий одамлар, катта мансабдорлар орасида ҳам: «Молия вазири ниҳоятда қаттиққўл одам. Ҳар бир тийинни ўлчайди. Асоссиз илтимосларга қулоқ солавермайди», деган гаплар юрарди. Хонамга кириб, Молия вазири Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини аниқладим. Лекин юрагим дов бермай «Вертушка»га қўл узатаман-у, қўлимни қайтиб оламан. Бу ҳолат бир неча марта давом этгач, ниҳоят юрак ютиб, Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини тердим. Трубкани ўзлари олдилар. Мен ҳаяжонимни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзимни таништирдим. Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлиб:

– Хабарим бор, табриклайман, – дедилар. – Хўш, хизмат?

Мен дардимни айта бошладим: шунақа-шунақа, газетани яхшилаш тўғрисида топшириқ бўлди. Биз ҳаракат қиляпмиз. Лекин қўлимиз калта. Ҳатто машинамиз ҳам йўқ. Марказқўмдан Министрлар Советига хат ёзилди. Бироқ лимит масаласини сиз ҳал қилар экансиз, Ислом Абдуғаниевич…

– Хўп, тушундим. Пул керак сизга.

– Ҳа, ўзингиздан қолар гап йўқ.

Ислом Абдуғаниевич бир зум сукут сақлагач:

– Яхши, – дедилар, – қаттиққўллик хос вазирга зид бир мулойимлик билан, – агар сиз адабиёт газетамизни чиндан ҳам яхшилай олсангиз, биз ҳам сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

Икки кун ўтди. Редакцияга борсам, қаршимдан йигитлар чиқишди:

– Пастда сизни фалон рақамли машина кутяпти экан. Ҳайдовчи телефон қилди.

Лифтни ҳам кутмасдан учинчи қаватдан пастга қараб чопдим. Тушсам… катта кўчанинг шундоқ ён томонида ҳали минилмаган отдай гўзал, оққушдай оппоқ яппа-янги «Волга» турибди.

Бу эсдаликни шу билан тугатсам ҳам бўларди-ю, ожиз банда, газета нима бўлди, деган саволга жавоб беришдан ўзимни тўхтата олмадим.

Газета икки-уч йил ичидаёқ мавқеи анча кўтарилиб, адади 250–300 мингга етди. 80-йилларнинг ўртасига борганда эса 700 мингдан ошиб кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации