Текст книги "СЎЗ"
Автор книги: Одил Ёқубов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
ТАНҚИДЧИ. Адабиётдаги чинакам новаторона кашфиётлар шу тариқа анъаналар билан мураккаб диалектик алоқада майдонга келади. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» адабиётимизда чинакам оригинал бадиий кашфиёт, улкан новаторона ҳодиса бўлди. Ойбекнинг энг буюк адабий хизмати, новаторлиги шундан иборатки, у бутун бир халқнинг тимсоли бўла оладиган, халқ тарихининг энг муҳим палласи ҳақида тасаввур берадиган, халқнинг тақдири, савия-даражаси, орзу-интилишларини ўзида акс эттирадиган ўлмас образлар яратади; адиб даҳоси маҳсули бўлган Йўлчи ва Навоий образлари, Сиз айтгандай, аллақачон халқнинг қалби тўридан жой олган, мангу ўлмас сиймолар сифатида унинг онгига, маънавий ҳаётига сингиб кетган.
Ойбек санъатининг сеҳри шундаки, у оддий меҳнаткаш деҳқон йигити Йўлчини ҳам, тарихда ўтган буюк зот Навоийни ҳам бирдек давр қаҳрамони, халқ руҳияти ифодачилари, халқнинг фахри даражасига кўтара олади.
ЁЗУВЧИ. Бу гапларга яна шуни илова қилиш керакки, реалист санъаткор ҳаётий ҳақиқатга таянган ҳолда оддийликдаги ғайриоддийликни ва аксинча, улуғвор ҳодисалардаги оддийлик, одмиликни кашф эта олди. Ойбек улкан санъаткор сифатида реализмнинг шу икки муҳим хусусиятини ўз ижодида ажойиб тарзда намойиш эта билган. Қаранг, «Қутлуғ қон»даги Йўлчи ўта оддий, камсуқум, меҳнаткаш йигит, лекин у бора-бора тарихий жараённи ҳаракатга келтирувчи улкан бир кучга айланди; «Навоий»даги Навоий улуғ шоир, давлат арбоби, Ойбек айни пайтда, мана шу фавқулодда улуғвор шахс характеридаги оддий одамлар дилига яқин жиҳатларни очиб беради.
Ойбекнинг «Қутлуғ қон»даги энг катта новаторлиги, оригиналлиги яна шундаки, адиб ҳаётдаги социал типларни чинакам бадиий типлар даражасига олиб чиқа олди. Боя сиз айтгандай, «Қутлуғ қон» қаҳрамонлари ё мулкдорлар, ё эзилувчи меҳнаткаш халқ вакили; асар конфликти ҳам синфий кураш асосига қурилган. Биласиз, 20–30-йилларда яратилган қатор насрий асарларда синфий курашни шундоғича жўнгина асарга кўчириш, персонажларни эса ёзувчи – бой ёки эзилувчи-камбағал синфининг оддийгина иллюстрациясидан иборат қилиб бериш ҳолларига дуч келамиз. Улардан фарқли ўлароқ, «Қутлуғ қон» ҳодиса моҳиятини чуқур бадиий таҳлил этиш, социал зиддиятларни чинакам таъсирчан конфликт, социал кучларни эса тирик одам, тўлақонли ёрқин пластик характер– тип даражасига кўтариш санъати билан ажралиб туради.
ТАНҚИДЧИ. Ойбек «Навоий» романи билан ўзбек адабиётида том маънодаги тарихий романга, аниқроғи, тарихий-биографик романга асос солди. Бу роман чуқур илмийлик ва юксак бадиийлик синтезидан туғилган. Адиб Қодирий ҳақидаги тадқиқотларида, жумладан, шундай дейди: «Ҳақиқий реалист санъаткор билан илмий методология ила қуролланган тарихчи маълум нуқталарда учрашувлари керак. Уларнинг тарихий ҳаётни текширишлари, ҳодиса ва воқеаларни танлашдаги йўл ва усуллари қанчалик айри бўлмасин, охирги пайтда, сўнгги натижада улар учрашувлари лозим, яъни тарихчининг ҳақиқати ила санъаткорнинг ҳақиқати мувофиқ, ҳамоҳанг бўлиши керак. Қисқача айтганда, бадиий ҳақиқат тарихий ҳақиқатга мос келсин». Адиб романда бу принципга тўла риоя қилган. Навоий ҳаёти, даврини жуда чуқур билган, у ҳақда ажойиб тад қиқотлар яратган Е.Э.Бертельс: «Романнинг катта муваффақияти шундаки, унга киритилган барча воқеалар бизгача етиб келган тарихий ҳужжатлар билан тасдиқланади»,– деб гувоҳлик беради.
Ойбек Навоийнинг ҳаёти, шахсияти тасвирида ҳаётий фактларга таянади, Навоий ҳаётини «тўлдирадиган» тўқималардан мумкин қадар ўзини тияди; эҳтимол, тарихда аниқ фактлар бўлмагани учун унинг интим ҳаёти, севгиси соҳасини очиқ қолдиради.
Аммо «Навоий» романида бошқа хилдаги тўқима воқеалар, персонажлар бор. Арслонқул, Дилдор, Султонмурод, Зайниддин, Тўғонбек сингари бадиий тўқима йўли билан яратилган персонажлар Навоий образи билан турли даражада мулоқотга киришадилар, романнинг умумий сюжет йўналишида улар муайян ўрин тутадилар… Шундай усул билан яратилган образлар «Юлдузли тунлар»да ҳам, Сизнинг ҳар икки тарихий романингизда ҳам бор. Кейинги романингиз «Кўҳна дунё»да, ҳатто ижодий фантазия маҳсули бўлмиш Ибн Шаҳвоний етакчи персонажлардан бирига айланган, Ибн Шаҳвоний билан боғлиқ можаролар Ибн Сино, Беруний билан салтанат, Султон Маҳмуд орасидаги зиддиятларнинг энг муҳим ҳалқасини ташкил этади. Тарихий романларда тарихий шахсларни тўқима образлар билан мулоқотга киритиш бу шунчаки адабий анъаналар кўринишими ёки бадиий эҳтиёж, зарурият тақозосими?
ЁЗУВЧИ. Тарихий романда илмий ҳақиқат билан бадиий ҳақиқатнинг муносабати ғоят нозик ва мунозарали масала. Адабиёт тарихида шундай асарлар борки, улар илмий жиҳатдан асосланган тарихий фактларга тўла мос келадиган ҳужжатларга таяниб ёзилган. Ойбек домла улкан олим, тарихчи, файласуф бўлгани, Навоий ҳаёти, ижоди, у яшаган даврни пухта билгани учун ҳам, эҳтимол, тарихий фактлардан унча чекинган эмас. Айни замонда шундай тарихий асарлар ҳам борки, уларда умуман ҳаётий ҳақиқатга таянилгани ҳолда ёзувчи хаёлоти – фантазияси орқали тарихий фактни қайта идрок этиш муҳим ўрин тутади, тарихий ҳодисалар, шахслар муаллиф бадиий нияти асосида ўзгача талқин этилади. Адабиёт тарихида бунга мисоллар кўп. Навоий достонидаги Искандар тарихий шахс Александр Македонскийдан кескин фарқ қилади, Мария Стюартни Шиллер ўзича, Вальтер Скотт бошқача, Cтефан Цвейг яна ўзгача талқин этади… Мен бу гапларни Ойбек «Навоий» романида тутган йўл, амал қилган принципни камситиш ё рад этиш учун эмас, балки тарихий асар яратиш йўллари ҳар хил эканлигини таъкидлаш учун айтаётирман. Шахсан мен тарихий асарда ёзувчи хаёлоти-фантазиясига тўла эрк бериш, «тарихчи олим иши тугаган жойда ёзувчи иши бошланади», деган қараш тарафдориман.
Навоийнинг интим ҳаёти, севгиси билан боғлиқ масалада мен Ойбек йўлини ҳеч камситмаган ҳолда, Иззат Султон ва Уйғун драмасидаги талқинни ҳам тўла қўллаб-қувватлайман. Модомики, Ойбек ҳам тарихий фактларга изчил риоя қилган романда бадиий тўқимага, хаёли меваси бўлган образларга ўрин берган экан, бу ҳар қандай тарихий асар учун табиий, зарурий, қонуний бир ҳол.
ТАНҚИДЧИ. Шундайку-я, лекин «тарихий асар» тушунчасидаги «тарихий» сўзининг маъно, аҳамиятини қадрлаш ҳам керак. Том маънодаги тарихий-бадиий асар тарихий ҳақиқатга, аниқроғи, фанга яқинлиги, ҳамоҳанглиги билан ўтмиш ҳақидаги бошқа тур бадиий асарлардан ажралади.
Тарихий романда, хусусан, улкан тарихий шахслар ҳаётидан олинган асарда энг қийин ижодий муаммо ўша тарихий шахсларнинг бадиий концепциясини белгилаб олишдан иборат бўлса керак. Мен кейинги пайтларда Ойбекнинг Навоий ҳақидаги тадқиқотларини роман билан қиёсан ўқиб чиққанда шунга амин бўлдимки, адибда Навоий образининг концепцияси анча аввал мукаммал тарзда шаклланган, илмий жиҳатдан асосланган экан. Кейинчалик романда ўша илмий жиҳатдан асосланган концепция бадиий тус олган.
Навоий ҳақидаги тадқиқотлар билан танишганда туғилган яна бир таассурот шуки, Ойбек Навоий ҳаёти ва ижодини буткул эгаллаган, Навоийга оид жамики фактлар унинг учун миридансиригача аён, энг муҳими, Навоий ҳаёти, ижоди, шахсияти моҳиятини теран англаб етган, бениҳоя чуқур ҳис этган.
ЁЗУВЧИ. Тарихий шахслар бадиий концепциясини белгилаб олиш ва уни жонли гавдалантириш, бадиий образга айлантириш тарихий асардаги ёзувчи меҳнатининг туб моҳиятини ташкил этади, ёзувчи меҳнатининг бутун машаққати ҳам ана шунда. Ойбек «Навоий» романининг ёзилиш тарихига оид мақоласида асар яратиш каби мушкул, оғир иш дунёда йўқдир, чуқур ҳис этиш, қалбнинг зўр ҳаяжони, ўткир фикр, фаҳм, ажойиб илҳом… билмадим, яна ва яна кўп хислатлар керак, дейди. Ҳа, асар яратиш, бинобарин, тарихий шахс концепциясини тайин этиш, жонли гавдалантириш машаққатини, бунинг учун жуда кўп хислатлар зарурлигини бошдан кечирган кишигина чуқур тушунади, ҳис этади. Ойбек «Навоий» романига тайёргарлик жараёни ҳақида тўхталиб: «Кўп тарихий фактлар, материалларни йиғдим, уларни таҳлил этиб, мағзини чақиш учун чуқур ҳис этишга, ўйлашга бошладим», – деб ёзади. Сиз сўраган тарихий шахслар концепцияси худди ўша – тарихий факт, материалларни таҳлил этиш, мағзини чақиш, уларни тушуниш, ҳис этиш орқали шаклланади. Шундан кейингина қўл қаламга боради. Ойбек романнинг ёзилиш жараёни ҳақида гапириб дейди: «Бу ишга шу қадар ғарқ бўлган эдимки, романнинг режаси қоғозда йўқ эди, у менинг кўнглимда, ёдимда эди, бутун борлиғимни банд этган эди. Юрсам-турсам ҳамиша Навоийни ўйлар эдим». Бу ҳар бир ҳақиқий ижодкор учун таниш ҳолат, шундай ҳолатга тушмаган ижодкор яхшиси қўлга қалам олмагани, ёзув столига ўтирмагани маъқул.
Боя сиз тарихий асарда анохронизм, тарихий фактларни бадиий ниятга кўра «ўзгартириб кўрсатиш» анъанаси ҳақида гапирдингиз. Ҳатто Ойбекдек, тарихий фактларга изчил риоя қилган реалист ёзувчи ҳам Навоий талқинида унинг ижтимоий мавқеи билан боғлиқ баъзи жиҳатларни атай четлаб ўтгани тўғри. Бугина эмас, романдаги Мажидиддин образи ҳам ҳаётдаги, аниқроғи, В.Б.Бартольд таърифлаган Мажидиддиндан бошқачароқ, ёзувчи бу одамнинг олим қайд этган ижобий фазилатларини деярли эсга олмайди. Буларнинг барчаси худди ўша тарихий шахс образи концепцияси билан алоқадор масалалардир.
ТАНҚИДЧИ. Мажидиддин образи ҳақидаги гапларингизга қўшилган ҳолда романдаги бир лаҳзани хотирга солмоқчиман. Мажидиддин ўз фаолиятининг сўнгида ҳаёт йўлини, қилган ишларини сарҳисоб этиб, чуқур афсус ва қайғу билан дейди: «Умримдаги энг катта хато – Алишер Навоийга душманлигим бўлди. Мен йигирма йилдан ортиқ Алишерга қарши ҳаракат қилдим… Алишер юраги тоза одам эди». Бу гапларни гарчи боши деворга урилиб, кўзи ярқ этиб очилган дақиқаларда айтган бўлса-да, ҳар ҳолда, шундай адолатли хулосага келган одамнинг табиатида, кўнглида озми-кўпми инсоф, диёнат бўлиши керак! Қаранг, реалист адиб озгина бўлса-да, шунга ишора қилиб ўтади.
Атоқли адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов «Ойбек маҳорати» китобининг «Навоий» романига бағишланган бобини «Буюк шахс фожиаси» деб атайди. Олим асарни бадиий маҳорат нуқтаи назаридан атрофлича таҳлил этади-ю, негадир романда «буюк шахс фожиаси» масаласини етарлича ёритиб бермайди. Бунинг муайян сабаби бор. Асарда Навоий, унинг улуғ идеаллари, орзу-интилишлари, гуманизм билан замонаси, аниқроғи, салтанат орасидаги зиддиятлар кенг тасвир этилади, адиб бу зиддиятлар туфайли шоир қалбида кечган руҳий кечинмаларни, шунингдек, қарашлардаги айрим ожиз жиҳатларни ҳам кўрсатади, лекин бу ҳол, менингча, асарнинг асосий пафосини ташкил этмайди. Навоий даҳоси, ундаги ақл-идрок, мушоҳадакорлик, тадбиркорлик ҳамиша биринчи ўринга олиб чиқилади… Кейинги йилларда яратилган тарихий романларда эса улуғ шахсларнинг фожиаси, қалбидаги руҳий драматик туғённи пафос ҳолига кўтариш характерли хусусият бўлиб қолаётир.
ЁЗУВЧИ. Бу ердаги фарқнинг сабаби материалнинг характерида бўлса керак, деб ўйлайман. Навоий тўғрисидаги романга кўра Ибн Сино, Улуғбек, Бобур ҳаётидан олинган асарларда драматизм, фожиавий тасвирнинг кенг ва чуқурроқ бўлиши табиий. Чунки, ҳазрат Навоий бошига тушган кулфатлар қанчалик оғир бўлмасин, Улуғбек ёки Бобур бошига тушган савдолар характери бошқача, кескин ва даҳшатли. Навоий билан Бойқаро ва ўша даврнинг қолоқ, тубан кимсалари орасида кечган зиддият, тўқнашувлар бошқаю Улуғбек билан ўз ўғли – оқпадар Абдулатиф ва дин пешволари ўртасидаги қарамақаршилик, курашлар табиати, зарби, шиддати ўзгача! Бадиий конфликт, гарчи унинг ифода тарзи, хиллари қанчалик турли-туман бўлмасин, пировард натижада ҳаётдаги зиддиятларнинг инъикоси-ку! Шу маънода сўнгги романларда улкан тарихий шахсларнинг фожиаси кескин тарзда тасвирланган экан, бунга «Навоий»дан ўзиб кетиш, деб қарамаслик керак.
ТАНҚИДЧИ. Гапингиз тўғри, асарда кўп нарса ҳаётий материалнинг характерига боғлиқ. Аммо бунда ижодий анъаналарнинг роли ва аҳамиятини ҳам назардан соқит қилиб бўлмайди. Сўнгги йиллар адабиётида ҳаётни, характерларни бутун мураккаблиги, зиддиятлари, ҳаётий муаммоларни ўткирлиги, кескинлиги билан кўрсатиш тамойили хийла кучайдики, бу ҳол тарихий мавзудаги асарларга, жумладан Ибн Сино, Улуғбек, Бобур образлари талқини, ифодасига ҳам дахлдордир.
Тарихий роман, умуман тарихий асар учун яна бир мушкул ижодий муаммо – тарихий давр, тарихий шахслар руҳиятини, колоритини ифода этишдан иборат.
Ойбек даҳоси, истеъдод сеҳри яна шундаки, «Навоий» романининг илк сатрларини ўқий бошлашингиз биланоқ хаёлингиз беш аср бурунги макон ва замонга кўчади-қолади: қадимги Ҳирот манзаралари кўз олдингизда жонланади, фақат ўша даврга хос манзаралар, Ҳиротдаги мадрасаларнинг ҳайбатли гумбазлари, хона қоҳлар, катта-кичик ҳужралар эмас, давр руҳини берадиган аллақандай нурлар ва тасвирдаги ички бир ҳиссий оҳанг сизни ўзига асир этади. Кўкнинг тиниқ ферузасида мадрасанинг ҳайбатли гумбази устида порлаган баҳор қуёши, қуёш шуълаларида азамат пештоқларнинг нақшлари ҳавойи бир чаманзор каби турли-туман олов ранглар чақнатиши, кабутарлар дам учиб, дам сирпаниб қўниб, гумбаз теварагида қувонч билан иноқ ўйин қилиши – булар хаёлингизни бутунлай ўзига тортади-олади. Бутун асар давомида сизни романдаги ана шу сеҳрли руҳ-кайфият асло тарк этмайди. Шу билан баробар, мадраса толиби илмлари аҳвол-руҳияти, уларнинг тирикчилик ташвишлари, уларни қизиқтирган ҳаётий муаммолар, Навоий, Бойқаро ҳақидаги гурунглари тасвири орқали муаллиф бизни даврнинг ижтимоийсиёсий ҳодисалари ичига олиб киради. Китобхон бутун асар давомида шу ҳодисалар руҳи билан нафас олади.
ЁЗУВЧИ: Тарихий асарда тарихий давр, тарихий шахслар руҳияти, колоритини ҳаққоний ифода этиш учун экзотик лавҳа, деталларни қалаштириш шарт эмас. Бунинг учун ҳаммадан бурун ўша қаламга олинган даврни фақат чуқур ўрганишгина эмас, уни юракдан ҳис этиш ҳам керак. Чуқур ҳис этилган материал қоғозга тушгандагина давр руҳини ифода этадиган ҳиссий оҳанг туғилади. Ойбекда бу хислат жуда кучли.
ТАНҚИДЧИ. «Навоий»га бағишланган бир қатор адабий-танқидий ишларда романда улуғ шоирнинг ижод психологияси яхши очилмагани, буюк шоир асарларининг яратилиш жараёни йўл-йўлакай қайд этиб ўтилгани айтилади. Шундай эътироз кейинги пайтларда яратилган тарихий романлар, жумладан, «Кўҳна дунё»га нисбатан ҳам билдирилди. Бундай танқидий мулоҳазалар ҳақида нима дер эдингиз?
ЁЗУВЧИ. Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов билан суҳбатларимиздан бирида у тарихий роман ҳақида фикр юритиб шундай деган эди: «Мени шоҳлар, улкан лашкарбошилар олиб борган сонсаноқсиз жангу жадаллар мутлақо қизиқтирмайди. Бундай асарлар даври ўтди. Ўтмиш ҳақида, ўтмиш сиймолари ҳақида ўйлаганда, мени биринчи навбатда уларнинг тафаккури, фалсафий ўйлари, бошқачароқ қилиб айтганда, уларнинг ҳаётиймаънавий концепцияси, кўнглида кечган ғоялар драмаси, қалбидаги туйғулар туғёни қизиқтиради. Асло жанг тафсилотлари эмас».
Мен ўшанда унинг бу фикрини тўла қўллабқувватлаган эдим. Албатта, шоҳ ёки саркарда ҳақида ёзилган асарда жанг картиналари, олим ҳақидаги асарда илмий қарашлар, шоир ҳаётига бағишланган асарда эса, ижод психологияси, асарларининг туғилиш жараёни, тарихи бир қадар бўлса-да ифода этилиши даркор. Лекин мен, барибир, биринчи навбатда тарихий шахснинг касб-кори, ҳунари, машғулоти эмас, унинг ҳақиқат, адолат учун олиб борган курашлари, бу йўлда чеккан машаққатлари, изтироблари, ўйкечинмалари биринчи даражага қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки адабиётнинг бош вазифаси оқибат-натижада яхшилик билан ёмонлик орасидаги курашни, адолат ва адолатсизлик орасидаги зиддият, тўқнашувларни кўрсатишдан, қаҳрамоннинг маънавий оламини забт этишдан иборат. Шу маънода, мен ўзимни асло оқламаган ҳолда, аввало Беруний, Ибн Синоларнинг илмийижодий фаолиятини эмас, унинг жамиятда инсоф ва адолат йўлида олиб борган курашлари, чеккан заҳматлари, қалб туғёнларини ифода этишни асосий мақсад қилиб қўйганман. Ўйлайманки, «Навоий» романида Ойбек ҳам шу мақсадни кўзлаган.
ТАНҚИДЧИ. Тарихий романда замон, яъни асар яратилган давр руҳини ифода этиш, тарихий асарнинг замонавийлиги, бугунги кун учун аҳамияти ниҳоятда муҳим масала. Бу ҳақда кўп гапирилади. Баъзан асарнинг замонавийлиги утилитар– тор амалиётчилик тарзида, баъзан эса ўта мавҳум тарзда талқин этилади. Шахсан Сиз тарихий романнинг, конкрет ҳолда «Навоий» асарининг замонавийлигини нималарда кўрасиз? Ойбекнинг: «Мен, ёзувчи қайси бир тарихий даврга мурожаат қилмасин, мабодо у даврнинг ғайри ёки ҳаттоки ғалати кўринган барча хусусиятлари орасидан ўзига таниш бўлган ҳис-туйғулар ва фикрлар изласа, пировардида мутлақо хато қилмайди, деб ўйлайман». «Бегона даврни билиш, яъни унинг бизнинг давримиздан нимаси билан ажралиб туришини тасаввур қилишнинг ўзигина етмайди. Уни яна тушунмоқ, яъни бизнинг давримиз билан боғлаб турган нарсаларини кўрмоқ лозим», – деган сўзлари, менингча, бу масала моҳиятини очиш учун калит бўла олади.
ЁЗУВЧИ. Дарҳақиқат, тарихий асарнинг бугунги кун билан боғлиқ томонлари, замонавий қимматини белгилашда бирёқламаликлар, чунончи, тарихий асарда акс этган ҳодисалар билан бугунги воқеалар орасида жўнгина параллеллар қидириш ҳоллари учраб туради. Мен умуман тарихий асар бугунги кунга батамом ҳамоҳанг бўлиши керак, деган гапга қўшила олмайман. Бундан беш юз йил ёки минг йил бурунги давр акс этган асардан бугунги кунга мос келадиган ўринларни қидириш ақлдан эмас. Беш юз ёки минг йил олдинги феодал даври қаёқда-ю бугунги давр қаёқда! Аммо масаланинг бошқа бир нозик жиҳати бор. Бу шундан иборатки, инсоният ҳамиша ўзи босиб ўтган йўлга бот-бот назар ташлаб туриши, ундан тегишли сабоқлар чиқариши лозим. Минг афсуски, ўтмишнинг аччиқ сабоқлари гоҳо унутилади, тарихда йўл қўйилган хатолар такрорланиб туради. Ахир Гитлер давлат тепасига келиб инсон тафаккурининг энг буюк маҳсули бўлмиш гуманист алломалар яратган асарларни ўтда ёққанида Улуғбек замонида ҳам айни шу ҳодиса юз берганини, бу улкан хато, йўқотиш, жоҳиллар учун тавқи лаънат бўлганлигини ўйлаши лозим эмасмиди? Йўқ, у буни ўйламади! Тарихнинг аччиқ сабоғидан ўзи учун хулоса чиқармади. Ёки у ўз замонасининг буюк истеъдод соҳибларини қувғин остига олганида минг йиллар аввал кечган ҳодисаларни – ўтмишда яшаб ўтган мустабид ҳукмдорлар ҳам шундай қабиҳ ишлар қилганини, оқибатда эса, улар номи ҳам тавқи лаънатга учраганини ўйлаши лозим эди-ку!
Йўқ, ундай қилмади! Демак, адабиётнинг вазифаларидан бири бундай аччиқ тарих сабоқларини эслатиб туришдан ҳам иборат. Иккиламчи, инсон руҳиятидаги кўп ҳолат ва хусусиятлар – яхшилик ва ёмонлик, сахийлик ва худбинлик, мурувват ва тошбағирлик, адолат ва адолатсизлик – даврлар ўтиши билан шаклан ўзгариши мумкин, аммо ботинан ўз кучини, характерини, моҳиятини сақлаб қолаверади. Модомики шундай экан, кишилар орасида бундай қарама-қарши хусусиятлар туфайли келиб чиқадиган зиддиятлар, фожиалар ҳамма давр учун хос, аҳамиятли бўлиб қолаверади, муҳимлигини асло йўқотмайди. Демак, ёзувчи беш юз йил бурунги воқеалар, одамлар характерини тасвирлаганда мана шу жиҳатларни назардан четда қолдирмаслиги керак. Ойбек ўтмишдан ўзига, бинобарин ҳозирги давр кишисига таниш бўлган ҳис-туйғулар, фикрлар излаш, ўтмишнинг бизнинг давримиз билан боғлаб турган жиҳатларини кўриш лозимлиги ҳақида гапирганда, эҳтимол, шуларни назарда тутгандир. Буларсиз тарихий роман чин маънодаги замонавий аҳамият касб эта олмайди.
ТАНҚИДЧИ. Ниҳоят, «Навоий» романининг тили, Ойбекнинг тарихий роман тили бобида тутган йўли, умуман, Ойбек тажрибасининг кейинги йиллар тарихий романчилигимиз учун аҳамияти ҳақида нима дер эдингиз!
ЁЗУВЧИ. Бу саволга жавоб қайтаришдан олдин суҳбатимизнинг бошида чала қолган бир гапни давом эттирсам – «Навоий» романининг шахсан менга кўрсатган таъсири ҳақида озгина сўзлаб ўтсам дейман. Менинг «Навоий» романи билан танишувим ўзгачароқ, «совуқроқ» бошланган. Мен армияда, Узоқ Шарқда хизмат қилиб юрган кезларим «Навоий» романи довруғини эшитиб, уни таниш-билишлардан сўраб-суриштириб, почта орқали олиб, ўқишга тушдим. Лекин бу асар негадир «Қутлуғ қон»чалик мени ўзига мафтун этмади. Кейинчалик армиядан қайтиб, Тошкент давлат университетида таълим олиб юрган кезларим бу асарга яна қайта мурожаат этдим, диплом ишим учун мавзу қилиб шу романни танладим. Асарни синчиклаб ўргана бошладим. Секин-аста бу етук асар бағрига жо бўлган улкан ҳаёт ҳақиқати, бой тарихий материал, теран маъно, чуқур туйғуларни, адибнинг реалистик маҳорат сирларини ўзим учун кашф эта бошладим. Шунда билдимки, бу асарни чуқур тушуниш, тўла қабул этиш учун ҳам китобхонда муайян тайёргарлик бўлиши зарур экан. Эҳтимол, бир чеккаси, менда тарихий ўтмишга, тарихий мавзуга майл шу романни ўзим учун кашф этган кезлар туғилгандир… Ф.Достоевский «Бизларнинг ҳаммамиз Гоголнинг «Шинел»идан чиққанмиз», деб ҳақ гапни айтган. Шу сўзларни сал ўзгартириб, биз, тарихий мавзуда қалам тебратаётган барча ўзбек ёзувчилари Ойбекнинг «Навоий»сидан таълим олганмиз, десам хато қилмайман. Ойбекдан кейин тарихий ўтмишга, буюк зотлар ҳаётига қўл урган бирорта адиб «Навоий» тажрибасини четлаб ўтган эмас. Мирмуҳсин ҳам, Пиримқул Қодиров ҳам, мен ҳам тарихий мавзуда бирон муваффақиятга эришган бўлсак, бунинг учун биринчи галда устоз Ойбекка қуллуқ қиламиз. Кўп соҳаларда, жумладан, тил бобида, ҳеч шубҳасиз Ойбек тажрибаси, даҳоси биз учун катта мактаб бўлган.
Умарали Норматов суҳбатлашди
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?