Текст книги "СЎЗ"
Автор книги: Одил Ёқубов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
1978 йил
МАСЛАҲАТГЎЙИМИЗ ЭДИ
Қирқ йиллик қадрдоним Озод Шарафиддиновни бу норасо дунёдан боқий дунёга узатиб, оғир кайфиятда уйга қайтсам… радиода таниш овоз янграяпти. Қулоқ солсам… Озод!
Атоқли олимимиз ёзувчининг тарих ва ҳаёт олдидаги масъулияти ҳақида гапиряпти. Одатдагидек, куйиб-пишиб, эҳтирос билан гапиряпти. Унинг фикрича, ёзувчининг ҳеч қачон ҳаётни бирёқлама тасвирлашга ҳаққи йўқ. У ҳалол ва объектив бўлиши шарт, акс ҳолда, турмуш ҳақида китобхонда нотўғри, ноҳалол фикр туғилиши мумкин. Ҳаётда эса, адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён юради. Марҳум (бу сўзни ҳамон тилга олгим келмайди) мисол тариқасида Искандарнинг шохи тўғрисидаги машҳур ривоятни келтирди. Дўстимнинг кулиб айтган бу ривоятига қулоқ солар эканман, бундан кўп йиллар муқаддам содир бўлган бир воқеа эсимга тушди. Машҳур ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ўтмиш ҳақидаги янги қиссасини ёзиб тугатгач, уни муҳокамага қўйган эдилар. Бу муҳокамада Озод ҳам, мен ҳам қатнашган эдик. Абдулла акага хос маҳорат билан ёзилган ва кичик-кичик ҳикоялардан иборат бу қиссада қора бўёқлар жуда кўп эди. Муҳокамада иштирок этганлар буни айтолмадилар. Лекин Озод буни дангал айтди. Шунда раҳматли Абдулла ака:
– Яхши, Озод, – дедилар мийиғида кулиб.–Агар қиссага жамланган воқеаларда қора бўёқлар кўпайиб кетган бўлса, мен унинг номини ўзгартириб, «Ўтмишдан эртаклар» деб атайман. Майли, китобхонлар бу воқеаларни ҳақиқат эмас, эртак деб ўйлай қолишсин!
Умуман буюк ёзувчилар Озодни жуда ҳурмат қилар, унинг фикрларига эътибор берар эдилар. Абдулла аканинг 60 йиллик кечаси бўладиган куни у киши ўзи яхши кўрадиган барча ёшларни Дўрмондаги боғ-ҳовлисига таклиф қилган эди. Улар орасида Озод, Пиримқул, Абдулла ва Эркин ҳам бор эди. Бир маҳал Абдулла ака каминани чақириб, қўлимга бир қоғоз тутқаздилар ва одатдагидек, мийиғида кулимсираб: «Мен бу нутқимни рус тилида ёзганман. Менинг русчам «твоя-моя»дан нари ўтмайди. Бир ўқиб, нуқтавергулларини тўғрилаб бергин», деб қолдилар.
Нутқ ўткир, унинг нуқта-вергуллари ҳам жойида эди. Фақат ўша: «Мен партиянинг солдати эмасманки, честь бериб турсам, мен партиянинг онгли аъзосиман», деган гапи қалтисроқ туюлди. Мен раҳматлига шу ҳадигимни айтдим.
– Бу гапни менга Озод билан Пиримқул ҳам айтишди, – дедилар Абдулла ака. – Аммо бу сафар мен Пиримқул икковларинг у ёқда турсин, Озоднинг гапига ҳам кирмайман.
– Ахир Шолохов ҳам айтган-ку – биз ёзувчилар партиянинг солдатимиз деб.
– Мен у ёғини билмайман, аммо мен солдат эмасман партияга честь бериб турадиган. Чунки… Мен халқимга айтадиган гапларни айтиб қолишим керак…
Ҳақиқатан, улуғ ёзувчимиз Озоднинг фикр ва маслаҳатини жон қулоғи билан эшитар эдилар. Озод Шарафиддинов ҳаммамизнинг ҳам маслаҳатгўйимиз эди.
ҚИРҚ ЙИЛЛИК ИЖОД САМАРАСИ
(Иброҳим Ғафуров ҳақида)
Ғалати нарса экан ҳаёт! Кечагина Ёзувчилар уюшмасига бирда шеър, бирда ҳикоя, бирда мақолача кўтариб, маслаҳат олгани тез-тез келиб юрадиган новчагина, хушбичим йигитча – Иброҳим Ғафуров бугун олтмишга кирибди. Мен 50-йилларнинг охири 60-йилларнинг бошини назарда тутяпман. Биз – марҳум Миртемир ака, раҳматли Шуҳрат ака ва мен у маҳалда Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб ишлар эдик. Ўрта мактабни ё битирган, тўғрироғи, ҳали тугатмаган Иброҳимжон эса адабиётга бутун вужуди билан берилган, тортинчоқ, аммо ўз фикри, ўз қарашларига эга бўлган, унча-мунча маслаҳатга қўшилавермайдиган, қайсаргина ўспирин эди. Бу – воқеаларга салкам қирқ йил бўлибди. Шу давр ичида бир кун тиним билмай ижод қилган Иброҳимжон, мана, бугун таниқли олим, ўткир публицист, моҳир таржимон ва ҳикоянавис ёзувчи даражасига кўтарилди.
Мен олим эмасман, шу боисдан Иброҳимжон битган китоблар, айниқса, танқидий асарларни таҳлил қилишни зиммамга ололмайман. Аммо олим босиб ўтган йўлга бир назар ташлаб, уни таҳлил қилишим мумкин. Чунки, биринчидан, бу йўл ибратли йўл, иккинчидан, тақдир тақозоси экан, биз салкам қирқ йил бир сафда ишладик, бир-биримизга таянчиқ бўлдик, елкадошлик қилдик.
Рост, 50-йилларнинг охирида мен бир неча йил Иброҳимжонни «йўқотиб» қўйдим. Кейин эшитсам, бу маҳалда у ТошДУнинг филология факультетига кириб, ўқий бошлаган экан. Лекин тезда у ўзи топилиб қолди. Гап шундаки, 50-йилларнинг охирида ёш ёзувчилар семинари ташкил этилди. Мен эса семинар раҳбари этиб тайин ландим. Аста-секин семинар ишлари ривож топиб, баъзи мажлисларимизга 200 ва ундан ортиқ ҳаваскор ёшлар иштирок этадиган бўлди. Семинар ишларида, яъни ёшларнинг шеър ва достонлари, мақолалари, ҳикоя ва қиссаларини муҳокама қилишда ўша пайтлардаёқ яхши ном қозона бошлаган Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Норбой Ҳудойберганов, Пирмат Шермуҳамедов каби олимларимиз иштирок этишар, Миртемир ака, Шуҳрат ака, Ваҳоб акалар қатнашарди. Абдулла Қаҳҳор ва Миртемир каби атоқли ёзувчиларимиз ҳам ёшлар билан учрашишни ўзларига шараф деб билар эдилар. Саид Аҳмад, Иброҳим Раҳим, Рамз Бобожонлар, Шукрулло ва Мирмуҳсинлар ҳам уларга яхши маслаҳатлар беришарди. Сал ўтмай, бу савобли ишда Иброҳимжон ҳам фаол иштирок эта бошлади. Бу пайтларга келиб газета ва журналларда Иброҳим Ғафуровнинг илк тақризлари, гоҳ-гоҳида эса жиддий танқидий мақолалари ҳам эълон қилина бошлади. Кечагина уюшмага маслаҳат сўраб келиб юрган ёш йигитча бор йўғи 5–6 йил ўтмасдан адабий жамоатчилик эътиборини тортди ва унинг ҳурматини қозона бошлади.
Адабиётда энг қийин нарса адибнинг – хоҳ у ёзувчи бўлсин, хоҳ шоир, хоҳ танқидчи – ўзига хос йўл топа олиши, бошқаларга ўхшамаслиги, тил ва услуби жиҳатдан ҳам, маҳорати билан ҳам бошқалардан ажралиб туришидадир. Ёш ижодкор Иброҳим Ғафуровда мана шу фазилатларнинг ҳаммаси илк қадамлариданоқ озми-кўпми намоён бўла бошлади.
60-йиллардан бошлаб мен собиқ империяда чиқадиган ва ўз йўналиши бўйича энг «ўткир», «энг қаҳри қаттиқ» газеталарнинг бирида махсус мухбир бўлиб ишладим. Бироқ олтмишинчи йилларнинг бошидан бошлаб ўша даврга хос қаттиқ назорат ва тирноқ остидан кир қидиришларига сабаб «қаҳҳорчилик»да (бу кулгили атамани ҳам давр яратган) айбланиб ишдан ҳайдалдим.
Бир йилча ишсиз юрганимдан кейин кутилмаганда Ғафур Ғулом нашриётига бош муҳаррир муовини лавозимига таклиф этишди. Ўша йиллари Иброҳимжон ҳам нашриётда бош муҳаррир муовини бўлиб ишлар эди. У шеърият ва танқид бўлимларини бошқарар эди. Менга эса проза ва таржима бўлимлари топширилди. Шу кундан эътиборан Иброҳимжон иккимиз қарийб 12 йил (то 1982 йил, август ойигача) бир хонада ёнма-ён ўтириб ишладик.
Авваламбор шуни айтмоқчиманки, бу узоқ муддат давомида (12 йил озми?) орамиздан биронбир совуқ гап ўтмади.
Нашриёт директори Тўлқин ака Рустамов менга катта имтиёз туғдириб берганди, яъни мен ишга кундузи соат иккидан бориб, олтигача ишлардим. Иброҳимжон эса ишга эрталабдан келарди. Раҳматли Тўлқин аканинг яхшилиги сабаб ўша йиллари менинг ижодим учун анча самарали бўлди. Ўша 10–11 йил давомида «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», шунингдек, «Кўҳна дунё» романларимни ёзишга муваффақ бўлдим. Ўша йиллари бир нарсани одат қилгандим. Яъни, ҳар бир асаримни тугатганимдан кейин қўлёзмамни биринчилардан бўлиб Иброҳим Ғафуровга ўқишга берардим. Бу маҳалда Иброҳимжон ўзига хос тил ва услубда беш-олтита илмий-танқидий асар ёзган.
Кейинроқ эса улуғ адибимиз Мақсуд Шайхзода ижоди ҳақида диссертация ёқлаб, адабиётда ўз ўрнини белгилаб олган. Мен ўз қўлёзмаларимни Иброҳимжонга шунинг учун ҳам берар эдимки, у ҳаётда жуда камтар ва мулойим кўринса ҳам, асарга баҳо беришда жуда қаттиққўл, ҳатто «шафқатсиз» олим эди. Мен эсам шундай аёвсиз танқид керак, деган фикрда эдим (ҳозир ҳам шундай фикрдаман).
Ишонаманки, бирорта катта асар тугатган ёзувчи уни албатта жиддий олим ва адиблар кўригидан ўтказиши даркор. Шафқатсиз бўлса ҳамки, ўз дўстларининг ҳаққоний баҳоларини сабот билан тингламоқ лозим. Энг муҳими, улар маслаҳати асосида асарини мукаммаллаштириш ҳақида бош қотириши зарур. Чунки қўлёзма вақтида ёзувчи ўз асарини қанча ишлайман деса, шунча ишлай олади, китоб чиққандан кейин эса уни қайта ёзиш ёки унга жиддий тузатишлар киритиш имкони бўлмайди. Бу иш яна шунинг учун ҳам зарурки, муаллифнинг ёзган нарсаси ўзига доим яхши кўринаверади. Бошқаларнинг асаридаги камчиликлар эса лоп-лоп этиб кўзига ташланаверади. Маълумки, бир сафар Толстой: «Кошкийди мен ўз асарларимдаги камчиликларимни бошқалар асарларини ўқиганимда кўрганимдек кўра олсам!» – деб хитоб қилган.
Хулласи калом, мен ҳар бир йирик асаримни тугатганимда дўстларим: Озод, Пиримқул, Умарали, Пирмат, Норбой, жумладан, ҳамхонам Иброҳим Ғафуровга албатта берар ва уларнинг фикрларини олар эдим. Бошқа дўстларим каби Иброҳимжон ҳам аксар ҳолларда асар ҳақидаги фикр мулоҳазаларни рўй-рост баён этишга тортинмас, мени «ранжитишдан» қўрқмас эди. Мен, дўстларим, жумладан, Иброҳимжоннинг маслаҳатларини албатта эътиборга олишга ҳаракат қилардим. Чунки у ҳақиқатан ҳам билимдон олим ва юксак дидли танқидчи сифатида танилган эди. Гоҳо-гоҳо иккимиз баҳслашиб қолган пайтлар ҳам бўлган, албатта. Лекин бошида унинг фикрига қўшилмасам ҳам, кейинчалик у ҳақ эканига иқрор бўлар ва у берган маслаҳатларга амал қилишга уринар эдим.
1982 йил август ойида: бир куни мени Шароф ака чақириб қолдилар, бордим. Шароф ака мени «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бош муҳаррири этиб тайинлаши ҳақида фикр билдирди.
Шароф ака айтдики, газетанинг савияси жуда пасайиб кетибди, унинг адади қирқ мингдан ошмаяпти. Газетамизни яхшилашга ёрдам беринг, деди. Мен бош муҳаррирлик вазифасида ишламаганимни айтдим ва яна бир неча баҳоналар рўкач қилиб, бу вазифадан бош тортишга ҳаракат қилдим, лекин раҳматли баҳоналаримни қатъий рад этдилар-у, мен газетага ўтишга мажбур бўлдим. Энг муҳими газетада ишлайдиган жамоани мустаҳкамлаш, истеъдодли ёзувчи ва олимларни ишга жалб этиш лозим эди. Мен бош муҳаррир муовини вазифасига Иброҳим Ғафуровни таклиф қилдим. Иброҳимжон бир оғиз ҳам эътироз билдирмай, нашриётдаги ишидан воз кечиб, ўша куниёқ газетага ўтди ва биз – Иброҳимжон, мен, Маматқул Ҳазратқулов енг шимариб ишга киришдик. Раҳбарият бизга барча имкониятларни туғдириб берди.
Бугун адабиётда ўз ўрнини эгаллаган Саъдулла Ҳаким, Карим Баҳриев, Аҳмад Отабоев, Мурод Абдуллаев каби ижодкорлар адабиёт газетаси мактабини ўтаганликлари ҳақида ўзлари ғурурланиб гапиришади.
Табиийки, улар Иброҳим Ғафуровнинг ҳам тарбиясини олганлар. Биз жуда аҳил ишладик. Ҳар ҳафтада бир марта бўладиган летучкаларимиз ниҳоятда қаттиқ танқидий руҳда ўтар эди. Оддий ходим ҳам газета раҳбариятини аёвсиз танқид қилишдан чўчимас эди. Биз уларнинг танқидларини тўғри қабул қилишга интилардик. Мен бугун ўша йилларни эслар эканман, таҳририятда ана шундай эркинлик ва демократия руҳини ўрнатишда Иброҳимжоннинг ҳам муҳим роль ўйнаганини мамнуният билан қайд этгим келади.
Сира ёдимдан чиқмайди: кунлардан бирида бизга қўшни газетада Иброҳимжон ижоди ҳақида жуда оғир тегадиган бир мақола эълон қилинди. (Мақола муаллифи оламдан ўтгани учун унинг номини тилга олмай қўя қоламан.) Ундаги кўп жиҳатдан асоссиз гаплар ҳар қандай одамнинг кўкрагини тешиб ўтадиган маломат тошларига тўла эди. Боз устига мақола чет элга сафарга кетган Иброҳим Ғафуров қайтиб келган куни чиққан эди. Кечқурун телефон жиринглаб қолди. Телефон гўшагини олсам – Иброҳимжон.
– Одил ака, – деди у, ниҳоятда азиятли, титроқ овозда. – Мен нима қилай?
Мен дарҳол тушундим. Унинг саволи: «Бу мақоладан кейин мен қандай ишга чиқай?» – деган маънони билдирарди. Мен унга айтдимки, «Ҳозир ҳеч нарса қилманг, эртадан бошлаб ишга чиқаверинг. Курсингизда маҳкам ўтириб олиб, илгаригидек енг шимариб ишлайверинг!»
Ҳурматли ўқувчилар каминани афв этсинлар. Бу воқеани эслашдан мақсад – савоб ишлар ҳам қилганман, деб ўзимни яхши одам сифатида рўкач қилиш эмас. Мен бу ерда ўқувчиларга аҳилликнинг аҳамияти ҳақида бир оғиз бўлса ҳам айтиб ўтгим келди. Шу аҳиллик туфайли биз Иброҳим Ғафуров билан яна тўрт йил бирга ишладик. Шу аҳиллик сабаб бор-йўғи қирқ минг нусхада чиқаётган газетамизнинг сони 750 мингга етди. 1987 йили октябрь ойида мен Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайланганимдан кейин ҳам, И.Ғафуров газетада сидқидилдан ишлаб, унинг обрўсини кўтарса кўтардики, туширмади, кейин, шу обрў-эътиборда уни ҳозирги бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоевга топширди.
Юқорида мен Иброҳим Ғафуровни асарларига (гарчи бу асарларнинг кўпчилигини яхши билсам ҳам) ҳакамлик қилолмайман, бу ишни илмий жамоатчилик, яъни ўз ишининг пирлари қилгани маъқул. Шу боисдан ҳам бу кичик мақолада унинг инсоний фазилатлари, маданияти ва ишбилармонлиги тўғрисида кўпроқ гапирдим. Ўйлайманки, худди шу фазилатлари туфайли Иброҳим Ғафуровнинг мавқеи жамиятимизда янада ортди. У салобатли бир партияга раис бўлди, Олий Кенгашга депутат этиб сайланди, ўз партияси газетасига раҳбарлик қиляпти. Иброҳимжон ҳали 60 ёшга кирган одамга ўхшамайди, у ўз ёшидан анча ёш кўринади. Куч-қудрати ҳам худди шундай. Мен унинг халқимиз ва адабиётимизга жуда кўп хизмат қилишига ишонаман. Ва бу шарафли йўлда унга, рафиқаси Ойдинхон ва фарзандларига узоқ умр ва улкан зафарлар тилайман.
1997 йил
БУЛБУЛЗАБОН ҲОФИЗА
Наманганга анчадан буён бормаганимдан шаҳарни бир таниб, бир танимай қоламан. Кўчалар кенгайган, янги, сўлим хиёбонлар, гулзорлар пайдо бўлган. Эскириб, нураб қолган уйлар ўрнида оппоқ, кўркам бинолар… Кейинчалик, наманганлик дўстлар, катта сайилгоҳга айлантирилган канал бўйларини, янги кўча, янги майдонларни кўрсатишганда мен бу шаҳардан яна ҳам мамнун бўлдим…
Ҳайдовчи йигитдан машинани секинроқ ҳайдашни илтимос қилиб, ҳам таниш, ҳам нотаниш туюлган, қандайдир ўзгарган, агар таъбир жоиз бўлса, замонавийлашган кўчаларга, уйларга, одамларга, аввал келганимда эсимда қолган азим чинорларга суқланиб тикиларканман, қалбимга яна ўша таниш, илиқ туйғу ёпирилиб келади… Ҳа, Наманган анча ўзгарган, қандайдир улғайган, лекин минг шукурки, ўзининг энг дилбар хусусиятини, майинлигини, нафосатини сақлаб қолган!..
Бу ерда катта шаҳарларга хос асабийлик, шовқин-сурон, чоп-чоп йўқ. Одамлар сертакаллуф, хушфеъл. Бировдан бир жойни сўрасангиз, тўрт киши қўшилиб жавоб беради, бири тушунтириб қўйса, бири бошлаб боришга ҳозир… Бу гап муболаға эмас, биз бир жойда тўхтаб, Наманган вилоят газетасини сўраган эдик, тўрт киши йўл кўрсатди, бешинчиси эса, машинага ўтириб, редакцияга олиб бориб қўйди… Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлимининг котиби шоир Ҳабиб Саъдулла келиб қолди.
– Э, келганингиз кўп яхши бўпти-да!
– Хўш?
– Биринчидан, бугун кечқурун Задарё туманида Ҳалима опанинг юбилей кечалари. Тайёргарлик катта. Яшин акамлар ҳам шўтталар. Қатнашсан гиз, ёмон бўлмайди. Иккинчидан, эртага вилоят ёш ёзувчиларининг конференцияси очилади. Бунгаям иштирок этинг. Чунки…
– Негадир чайналяпсиз… бир гап борми?
– Гап шундаки, сиз ишлаётган нашриёт тўғрисида ҳам гап бўлади.
Қолдим. Ҳалима опа мени кўриб: «Опангизнинг юбилейига келдингизми, вой, аннаниб кетай сиздан!» – деб елкамга қоқиб қўйдилар-у, Попга кетиб қолмаганимдан яна бир хурсанд бўлдим.
Ҳалима опанинг кечаси Задарё туманида ўтар экан, Тошкентдан келган санъаткорлар бир машинага, Яшин ака бошлиқ бошқа меҳмонлар бир машинага ўтириб, йўлга тушдик.
Мен раисимиз Яшин акани бир неча марта шунақа сафарларда кузатиб, ҳайрон қолганман. Идорадан ташқарида, йўлда, дўстлар даврасида Яшин ака фавқулодда ўзгариб, завқ-шавққа тўлиб кетадилар. Бошидан кечирган кулгили воқеалар, қизиқ-қизиқ ҳангомалар, латифалар, йигирманчи йиллар адабий ҳаётига боғлиқ ғаройиб ҳикояларни қалаштириб ташлайдиларки, завқ билан эшитасиз киши.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ҳамза билан илк бор учрашганлари, «Тор-мор»нинг репетициясидаги кулгили воқеалар, Йўлдош ота билан Абдулла Қодирий ўртасидаги машҳур аскиялар, йигирманчи йилларнинг охири ва ўттизинчи йилларнинг бошидаги адабий ҳаётга оид жанговар курашларни эслаб кетдилар. Қизиқ бир тафсилот. Ўша жўшқин кураш йиллари инқилобий руҳда ёзилган бир шеърига Яшин ака Сотти Ҳусайндан бир хат олган экан. Бу хат: «Кўзингга реализм кўзойнагини таққанлигинг билан табриклайман!» деб бошланар экан…
– Кўзингга реализм кўзойнагини таққанлигинг билан табриклайман… Гапни қаранг! – завқ билан кулади Яшин ака…
Ўттизинчи йиллар адабий ҳаёти тўғрисида қайноқ баҳс-мунозаралар, тортишувлар, адабий кечалар, Абдулла Қодирий, Ғафур ака, Ойбек, Ҳамид Олимжонларнинг ёшлиги ва илк чиқишлари тўғрисида Яшин ака шундай қизиқ гаплар, ёрқин деталлар билан гапирадиларки, ҳайрон қоламан.
– Ҳаммаси керак гаплар-ку ахир! Адабиётимиз тарихи учун керак гаплар-ку, нега ёзмайсиз?
– Тўғри. Мен ҳам ўйлаб юрибман. Ёзиш керак!дейди Яшин ака ва яна гапга тушиб кетади.
Қишлоқ шундоқ дарё бўйида экан. Боғларга кўмилган кўм-кўк қишлоқ. Шаҳар маҳаллаларидаги каби тартиб ва режа билан қурилган уйлар. Кўчалар озода. Худди улкан театрларни эслатадиган муҳташам клубда одам тирбанд. Ҳисобсиз гулдасталар. Қарсакбозлик.
Тантанали нутқлар, олқишлар, самимий бўсалар, жажжигина бир қизчанинг: «Аяжон, мениям исмим Ҳалимахон, мен сизни жуда яхши кўраман!» деган ширин табригидан кейин (битта шу қишлоқнинг ўзида юздан ортиқ Ҳалима бор экан!) Ҳалима опа, ниҳоят, қучоқ-қучоқ гулдасталарни бошқаларга улашиб, ашула айтгани саҳнага чиқдилар…
Ҳалима опа!
Улуғ санъаткор ва улуғ адибларга муҳаббат кишида болалик пайтларида уйғонади, болалик эсдаликларига боғлиқ бўлади.
Ёдимда бор. Ўн бир-ўн икки яшар пайтларим. Дадамлар Тошкентда, САКУда ўқийдилар. Оиламиз ҳам Тошкентда. Лекин қаҳатчилик замонлар, мен Қарноқда, бувимникида тураман. Маҳалламизда Умар ака деган зиёлинамо бир одам бўларди. Бир кун тоғамлар «Умар ака патефон опкепди. Эшитадиган бўпмиз», деб қолди. Кечқурун тоғамнинг этагига ёпишиб, эргашиб чиқдим. Умар аканинг ҳовлисига бутун маҳалла йиғилган. Ҳамманинг кўзи эшикда. Бир маҳал Умар ака – новча, озғин, хушсурат одам, уйдан кичикроқ қора қутича билан бир даста қора ликопчаларни кўтариб чиқди. Қутичанинг қопқоғини очиб, ниманидир айлантирди. Айлантирди-ю, туйқусдан ақл бовар қилмайдиган бир нарса рўй берди: қутичадан куй, ажойиб бир куй янграйди!..
Ҳозир патефон эшитсак, унинг ингичка, чийиллоқ овозига энсамиз қотади, куламиз. Лекин у маҳалда ақлга сиғмайдиган бу мўъжиза мурғак қалбимда қанақа ҳислар уйғотганини ҳозир тасвирлаб беролмайман!..
Биринчи оҳ-воҳлар, хитоблар тинди. Ҳамма бошини хам қилиб, жим ўтириб эшитяпти. Ҳозир ёдимда йўқ. Ўша маҳалларда «Ёр ноз уйқуда» деган пластинкалар бўларди. Улардан кейин Умар ака қандайдир тантанали овозда:
– Ҳозир Ҳалима Носированинг пластинкасини қўяман. Бир яйраб эшитинглар! – деб эълон қилди.
Қайси ашула экани эсимда йўқ, лекин дарёдай эркин оққан бу қўшиқ, нафис, тиниқ оҳангларга бой бу мусаффо овозни эшитганимда, дилим гўё нур қуйилгандай ёришиб кетгани ёдимда. Мен ашуланинг сўзларини илғай ололмас, унга тушунмас, зотан тушунишга интилмас ҳам эдим, чунки кўз олдимдан юзларини ёш билан ювиб фарёд чекаётган маъсума бир жувон кетмас эди. Ажабо: минг хил оҳанглар касб этиб, озод янграган бу фарёд негадир эзмас, билъакс, дилимда аллақандай маъюс ва ёруғ ҳислар уйғонар, миямда маъносига ўзим ҳам етолмайдиган хаёллар қўзғатарди… Бизда яхши хонанда тўғрисида гапирганда «йиғлатади» дейишади. Ҳалима опанинг пластинкаси ҳам ўшанда бир маҳалла одамни йиғлатган, титратган эди!
Мана, салкам ўттиз беш йилдан кейин Қарноқдан узоқда, Наманган колхозининг саҳнасида, юбилей қилаётган Ҳалима опанинг ашуласини эшитиб, ўзини кўриб ўтирибман. Ҳалима опа елкасида зар сочилган узун шарф, эски мумтоз қўшиқнинг мунгли оҳангларига минг бир тебраниб, бутун вужуди, бутун қалби билан берилиб, ашула айтяпти. Тирбанд зал сукутда. Пашша учса, эшитилади. Ўша ҳаммамизга таниш, болаликдан қалб-қалбимизга сингиб кетган мусаффо овоз сукутга чўмган залда ажиб оҳанглар касб этиб, бурунгидай тиниқ янграйди, дарёдай, ҳа, дарёдай эркин ва қудратли оқади… Ҳамон бурунгидай. Йўқ, бурунгидай эмас, авжга чиққан пайтларида нимадир хиёл етишмайди, Ҳалима опанинг бурунги, осмони фалакни титратувчи машҳур авжларини эслатиб, бир зум юрагингизни «шиғ» эттиради. Лекин Ҳалима опа, улкан санъаткорларга хос моҳирлик билан, бу «қалтис» авжлардан ўтиб олади-ю, ашула яна равон, тиниқ оқади…
Ёшларимиз енгил куй ва лапарларга, жазга, рубобга ишқ қўйган ҳозирги замонда, мумтоз куйларимиз, ашулаларимиз, ҳатто бу ашулалар билан ном чиқарган кекса санъаткорларимиз ҳам баъзан сал эскиргандай, уларнинг даври ўтгандай туюлади. Ҳарқалай, шу фикрга борувчилар ҳам йўқ эмас. Лекин мен ўша оқшом ўтган эртасига эса Наманган вилоят театрида ўтказилган кечаларда Ҳалима опа ижро этган мумтоз ашулаларимизни эшитиб ўтириб, бу фикрлар мутлақо хато эканига имоним комил бўлди! Ҳа, йигирманчи аср жази Бетховен ва Моцартларнинг ўта жиддий, классик мусиқасини рад этолмагани каби, ҳозир бизда авж олган енгил куй ва лапарлар ҳам мумтоз куйларимиз ва қўшиқларимизни «Чоргоҳ», «Сегоҳ», «Шашмақом» куйларимизни рад этолмайди. Аксинча, «Шашмақом» куйларининг, агар таъбир жоиз бўлса, улуғвор гўзаллиги энди намоён бўлаётганининг боиси ҳам шунда! Ҳозир классик куйларимиз билан рус ва Европа мусиқаси шинавандаларининг кўп қизиқаётгани, кўп ўрганаётгани ҳам бежиз эмас!.. Фақат шуни эсда тутиш керакки, бу куй ва ашулаларни Ҳалима опадек чинакам санъаткорлар, чинакам машшоқ ва хонандалар ижро этмоғи шарт экан!..
Мен Ҳалима опанинг саҳнада ўзини тутишига, табиийлигига доим қойил бўлиб юрардим. Ҳалима опа баъзи кекса санъаткорларга ўхшаб ёш кўринишга уринмас, бунга муҳтож эмаслигини тушунар, чунки ўз қадрини яхши биларди. Шунинг учун ҳам, томошабинлар билан опаларча илиқ гаплашар эди.
Наманган вилоят театрида ўтган кечада, тинимсиз қарсаклар остида, Ҳалима опа саҳнага ўн марта чиқишга мажбур бўлдилар-у, шундай дедилар:
– Биласизлар, мен ёшлик чоғларимда машҳур бир операда чўри қиз ролини ўйнаган эдим. Оқсуяк хўжайинлар бу ёш камбағал қизга вино ичириб, маст қилиб қўйишади. Шунда қиз ширин қилиқлар қилиб, тинимсиз хахолаб, битта қўшиқ айтади. Ёшлигимда бу қўшиқни айтганимда, ҳаммага манзур бўларди. Ҳозир бу қўшиқ менинг ёшимга ярашмайди, лекин чақириб қўймадиларинг, шу қўшиқни айтиб бераман. Хоҳласаларинг, кўзларингни чирт юмиб олинглар, хоҳламасаларинг, юммасдан, илгариги, ёш Ҳалима опаларингни эслаб ўтиринглар!…
Ҳалима опажон! Мен кўзимни юммадим. Гўзал ёшлигингизни эслашга ҳам уринмадим. Мен бу ҳазил ашулангизни кўзимга ёш олиб эшитдим!..
Ҳам сахий, ҳам шафқатсиз табиат! Нега ўзинг ҳаёт берасан, шундай улуғ истеъдод, улуғ гўзаллик инъом этасан-у, яна буни қайтариб олишга уринасан? Мантиқ қани ахир?
Улкан санъаткорлар, катта истеъдодлар тўғрисида ёзиш қийин. Эсимда бор: қирқ тўққизинчи йилнинг баҳорида армиядан, Узоқ Шарқдан дам олишга келдим. Тўрт йиллик хизматдан кейин биринчи келишим. Киши туғилиб ўсган жойларининг қадрини олисда билади. Киндик қоним тўкилган суюкли қишлоғимни, ёнғоқ ўйнаб ўсган сертупроқ кўчаларни, далаларни, боғларни, куй ва қўшиқларни ниҳоят соғинганман. Бир ҳафта қишлоқда туриб, сал чанқоғим босилгандан кейин бир-икки кунга Тошкентга тушдим. Тошкентда, институтларда таълим олаётган ҳамқишлоқ дўстларим «Катта концерт»га олиб тушишди. Театрда ўтириб, ҳар бир куй, ҳар бир қўшиқни жон қулоғим билан эшитаман. Эрта-индин қайтиб кетишимни биламан. Бу сафар қачон қайтаман-у қачон бу куйларни яна эшитаман, дейман?..
Концертнинг ўрталарига борганда Мукаррама опа ижросида «Тановар»ни эълон қилишди.
Мана, қарсаклар тиниб, саҳнага машшоқлар чиқишди. Бирдан жимиб қолган улкан залда гўдакликдан қонимизга сингган, она алласидай дилрабо, ҳазин куй таралди…
«Тановар» – менинг энг суюкли куйим. Мен уни ҳар куни ўн марта эшитишга тайёрман. Лекин ўшанда балки жуда соғинганим учундир, бу мунгли куй вужуд-вужудимгача жимирлатиб юборди. Куйга маҳлиё бўлиб, саҳнага тикиламан. Ниҳоят, парда орқасидан Мукаррама опа чиқиб келдилар… Бир-бир босиб, гўё кимдандир уялгандай, қўллари билан юзини сал тўсиб, оҳиста чиқиб кел дилар… Ёш. Кўҳлик… Атлас кўйлак устидан беқасам тўн кийган, бошида нафосат билан сал қия боғланган дурра, музика тактига чарс-чарс чертилган бармоқларида ялт-ялт ёнган узуклар… Рақс ҳам куйдай ғамгин, лекин бу ғамда мислсиз бир гўзаллигу изҳор этиш қийин бўлган шоирона руҳ бор. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллий санъатда, айниқса мусиқада, рақсда, изоҳлаш қийин бўлган, ақл билан эмас, фақат қалб ҳислари билан илғаб оладиган ўзгача бир нафосат бўлади. Мукаррам опа ижросидаги «Тановар» менга шундай шоирона бир қўшиқ, ўтмиш ҳақида айтилган унсиз бир дард бўлиб туюлади…
Рақсда бирорта қувноқ ҳаракат, шодиёна боқишлар, ёшликка хос жўшқинлик йўқ. Қиё боқишлар, уятчан нигоҳлар, чўчиб қочишлар, бу – ўз ёри билан машъум хилватда учрашган ситамгар санамнинг аламли ва айни замонда ёруғ муҳаббати, тил билан эмас, ҳаракат билан гапирган кўнгил розлари…
Ҳануз эсимда: ўшанда, эгнимда аскарлик кийим, дилимда эса ёзувчи бўлиш орзуси, мен «Тановар»ни бутун вужудим билан мафтун бўлиб томоша қиларканман, Мукаррама опа тўғрисида бутун бир китоб ёзишга аҳд қилган эдим. Мана, бу аҳди паймонга чорак аср ўтибди. Бу ўртада яхшиёмон уч-тўртта китоб ҳам ёздим, лекин Мукаррама опа тўғрисида «бутун бир китоб» тугул, битта очерк ҳам ёзолмадим. Аҳдимдан қайтганим учун эмас, яхши ёзолмасликдан қўрққаним учун журъат этмадим…
…Юбилей кечаси тугайди. Узоқ қарсаклардан кейин томошабинлар, ниҳоят, Ҳалима опага рухсат беришади. Биз сукутга чўмган кимсасиз кўчалардан меҳмонхонага қайтамиз… Хаёлим ҳамон концертда… Ҳамон улуғ адиблар, буюк санъаткорлар ҳақида ўйлайман. Эсимга дам Аброр ака, дам Ғафур ака, дам Ойбек ака билан Абдулла акалар тушади. Ҳалима опа санъатимизга ўша «Могиканлар» билан бирга кириб келган улуғлардан.
Албатта, бугун ҳам санъатимиз равнақига ҳисса қўшаётган ёш истеъдодлар йўқ эмас. Умидли ёшларимиз кўп. Улуғ санъаткорлар эса ҳар куни туғилавермайди. Лекин инонаман: Аброр ака, Ғафур ака ва Ҳалима опадай буюк истеъдодларни инъом этган халқимиз улар баробаридаги санъаткорларни яна беражак. Битта қишлоқда юздан ортиқ Ҳалималар вояга етаётган экан, демак, юртимизда миллионлаб Ҳалималар бор. Улар орасидан буюк Ҳалималар чиқажак!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?