Текст книги "СЎЗ"
Автор книги: Одил Ёқубов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 30 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
Одил Ёқубов
Сўз
Биринчи китоб
ЖАҲОНИЙ ЭЪТИРОФГА САЗОВОР АДИБ
ХХ аср жаҳон адабиётининг забардаст вакилларидан бири, ўзбек насри ва публицистикасининг дарғаларидан бўлган, 1926 йилнинг октябрида туғилиб, 2009 йилнинг декабрида дунёдан кўз юмган Одил Ёқубовни 83 йиллик узоқ умри давомида неча авлод ижодкорлар ўз қаторларида содда, камсуқум, оддийгина, жўн бир алпозда кўравериб, жаҳоний миқёсдаги ижодий қувватини, истеъдод миқёсини, чўнг маҳоратини кўпда ҳис этавермаганлар, назаран гўё сезмаганлар ёки балки эътироф этишга не бир ички куч монелик қилгандек. Мана энди, адиб вафотидан орада бир неча сана ўтиб, бу қоянинг не қадар улуғворлиги, адабий мартабаси борган сари яққолроқ билиняпти, ҳис этиляпти. Адиб асарларини ўқиганинг сари юқоридаги таърифларга тасдиқ чиқаверади. Эл-юрт учун, унинг қалб жароҳатлари учун малҳам исташ, жонфидолик шунчалик бўлар эканда, деб ўйлаб қоласан.
Москванинг баланд минбарларидан туриб ўзбек халқи шаънига бўҳтон ёғдираётган касларга қаратиб дадил, ҳақ сўзни айтиш, ўз юртининг ор-номуси, ғурури учун ҳеч нарсадан тап тортмай, фикрий муҳорабаларга кириш маънавий жасоратнинг айни кўринишлари эди. Ваҳоланки, Одил Ёқубов ўша суронли йилларгача бўлган ижодининг миқёс ва даражоти «Муқаддас», «Қанот жуфт бўлади», «Биллур қандиллар» қиссалари, «Улуғбек хазинаси», «Диёнат», «Кўҳна дунё» романлари каби бадиий юксак асарлари шавкату шукуҳи билан тинчгина умргузаронлик қилавериши ҳам мумкин эди. Йўқ, шоир айтмоқчи, «бўронларда бордек ҳаловат» – у ўз умрининг сўнгги йилларигача уйғоқ виждон, юрагида қўр билан яшади. Тинимсиз ишлади, ижод қилди. Балки айни шу сифати ва фазилатлари туфайлидан яратилган асарлари, турли битиклари ва ирод этган нутқлари боис адиб жаҳон миқёсига менгзагулик мазмун ва шараф топди. Ҳа, ҳеч бир андиша, истиҳоласиз Одил Ёқубов ҳақида жаҳон адабиётининг намояндаси, ўзбек адабиётининг классиги дея таъриф бериб, сўз бошлашга бугун тўла асос бор.
Вақт ўтган сари адибнинг миллий маданиятимиз ва адабиётимиз равнақига қўшган ҳиссасининг миқёси ҳамда аҳамияти яққолроқ бўлиб бормоқда. Ёзувчи вафотидан кейин ҳаётлигида сўнгги нуқтасини қўйиб улгурган асарлари, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодировнинг ўзаро ёзишмалари матбуотда ва айримлари алоҳида китоблар ҳолида нашр этилди. Мазкур нашрлар улкан ижодкор ҳаёти ва ижод йўлларини теранроқ билиш, унинг табиатига хос хусусиятларни англаш, ижодий лабораториясига кириш ва умуман шахсиятини чуқурроқ ҳис қилиш учун ниҳоятда муҳим манбалар. Уларни варақлаган сари жаҳон миқёсларига менгзаётганимиз таърифлар аниқлик ва қатъийлик кашф эта боради. Агар Одил Ёқубов асарлари куллиёти тайёрланса (бунга эҳтиёж бор, албатта), миллатнинг маънавий хазинасига яна бир бебаҳо бойлик қўшилиши, авлодларга безавол мерос қолиши шубҳасиз. Фақат бу йўлда собитлик, эътиқод талаб этилади. Ана шундай эътиқод натижаси ўлароқ қўлимиздаги мазкур китоб ҳам дунё юзини кўрди. Адибнинг фарзанди, таниқли иқтисодчи олим Искандар Ёқубов падарининг адабиёт ва санъат ҳақидаги турли йилларда ва турли матбуот нашрларида чоп этилган мақолалари, публицистик чиқишларини бир тўплам остида жамлаб, «Сўз» номи билан нашрга тайёрлади.
Китобга кирган мақолалар Одил Ёқубовнинг журналист ва адиб сифатидаги ҳамда жамоат ва давлат арбоби мавқеидаги қарийб олтмиш йиллик умрининг маҳсули бўлиб, улар энг аввало адабиёт, сўнгра санъат ва умуммаданият ҳамда ижтимоий масалалар билан боғлиқдир. Агар ўзига хос тасниф шаклига келтирсак, бу мақолаларни жаҳон адабиёти, ўзбек адабиёти, ўзбек маданияти ва санъати, ижтимоий ҳаёт каби йўналишларга бўлиш мумкин бўлар эди.
Адиб жаҳон адабиёти ҳақида фикр юритар экан, унинг дунёқараши ва қамров доирасининг нақадар кенг эканлиги ўқувчида ҳавас уйғотади. Мақолалар қаҳрамонлари Абдураҳмон Жомийдан тортиб Пушкингача, Жамбул бободан Чингиз Айтматовгача – дунё адабиётининг юксак чўққилари ҳаёти ва ижодига бағишланган фикрлар, мушоҳадалар.
Ўзбек адбиёти йўналиши эса Муҳаммад Ризо Огаҳийдан бошлаб Элбегу Усмон Носиргача, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Мақсуд Шайхзодалардан бошланиб, то адибнинг ўзига яқин катта-кичик замондош бўлган Саид Аҳмадлар авлодидан то Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовгача, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султоновдан то Назар Эшонқулгача – ўнлаб забардаст адибу шоирларнинг ҳаёти ва ижодига оид ё у, ё бу саналар билан боғлиқ ҳолда ёзилган мақолалар.
Маданият ва санъат йўналишидаги очерклар, мақолаларнинг асосини Ҳалима Носирова ва бошқа санъат арбоблари, Миллий (ўша пайтлардаги Ҳамза номидаги) академик театр ҳаёти, муаммоларига доир фикрлар ташкил этади.
Ёзувчининг жамоат арбоби сифатидаги ёниқ қалби, эҳтиросли сўзи СССР Халқ депутатлари съездига тайёрланган нутқлари, «Қачон одам бўламиз?», «Ёв қочганда ботир кўпаяр» каби ўткир публицистик мақолалари ва чиқишлари мисолида ўз ифодасини топган. Мазкур мақолаларни ўқиган ўқувчи учун, айниқса, ҳозирги ёш ўқувчилар учун уларда кўтарилган масалалар бир оз тушунарсиз туюлиши эҳтимол. Сабаби, улардаги воқелик орадан ўн йилликлар ўтиб аҳамиятини йўқотгандек туюлар. Сабаби, бугун тамомила бошқа бир муҳит ва шароитда яшаётганимиз, ёшлар эса ўша даврлар ғуборли ҳавосидан «баҳраманд» бўлмаганлари учун шундай туюлар. Аммо тарихнинг ҳамиша сабоқланиш майдони эканини, келажак учун барометр вазифасини ўташини ҳамда инсоннинг ўзлигини англашидаги бениҳоя муҳим ўрнини назарда тутилса, адибнинг ўша ижтимоий ёниқ сўз билан йўғрилган чиқишлари, маърузалари ва мақолалари қандай аҳамият касб этганини англаш мумкин. Одил аканинг СССР Халқ депутатлари съездидаги нутқи ҳақида кўп ёзилган, хўп ёзилган. Озод Шарафиддиновдек зукко мунаққидлар бу нутқни ёзувчининг бутун ижоди билан қиёслаб ижтимоий салмоғи жиҳатидан жуда юксак баҳолаганлар, «адиб ҳаётининг юлдузли онлари» дея таърифлаганлар. Ҳатто хрестоматик тус ола бошлаган бу афсонавий нутқ адибнинг ўзи томонидан тарозининг бир палласига бори ижодим, иккинчи палласига мазкур нутқни қўйса, арзигулик экани эътирофи унга янада синчковроқ бўлишни, нутқ ортидаги масъулият ва жавобгарлик ҳиссининг не қадар улканлигини англашга ёрдам беради.
Адиб мақолаларини ягона китоб муқоваси остида саҳифалаганинг сари муаллифга берилган юксак таърифларнинг тасдиғи чиқаверади. Эл-юрт учун, унинг қалб жароҳатлари учун малҳам исташ, жон фидолик шунчалик бўлар экан-да, деб ўйлаб қоласан. Олий минбарларда туриб дадил сўз айтиш, ўз халқининг келажаги учун қайғуриш – чин маънода маънавий жасорат эди. Одил Ёқубов умрининг сўнгги йилларигача уйғоқ виждон билан яшади, юрагида қўр билан тинимсиз ижод қилди. Балки айни шу сифати ва фазилатлари туфайлидан у яратган асарлари, турли битиклари ва ирод этган нутқлари боис адиб жаҳон миқёсига менгзагулик эътироф ва шараф топди. Ҳа, ҳеч бир истиҳоласиз, Одил Ёқубов ҳақида жаҳоний деган истилоҳни тўла-тўкис қўллаб, ХХ аср ўзбек адабиёти ва публицистикасининг пешқадами, пешвоси, классикларидан деб айтишга тўла асос бор.
Шуҳрат РИЗАЕВ
БУ ОЛАМДАН КИМЛАР ЎТМАДИ…
ЖОМИЙ ҲАҚИДА
Ўзбек халқи Абдураҳмон Жомийни форс-тожик адабиётининг буюк вакили сифатида яхши билади. Унинг етти достондан иборат «Ҳафт авранг» китоби, уч девонга йиғилган шеърий асарлари Алишер Навоий асарлари сингари азалдан севиб ўқилади.
Фақат бугина эмас, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг устози, дўсти, маслаҳатгўйи бўлгани учун ҳам халқимиз Абдураҳмон Жомийни эъзозлайди, юрагига яқин тутади.
Самарқандда тўққиз йилча яшаб, Улуғбек мадрасасида замонасининг машҳур олимлари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчидан таълим олгани, асарларида юртимиз нафаси уфуриб тургани учун ҳам халқимиз ардоқлайди.
Устод Али Қушчининг имтиҳонда математика ва ал-жабрдан берган саволларига ўткир қобилиятли талаба Абдураҳмон Жомийнинг донолик билан жавоб бераётганини кўриб тургандай бўламиз. Кейинчалик Алишер ҳам устози йўлидан таълим олиш учун Самарқандга боради. Эҳтимол соҳибқирон Темур пойтахтига, Улуғбек мулкига бориб таълим олиш маслаҳати ҳам Жомийдан чиққандир.
Алишер Навоий деярли барча асарларида Абдураҳмон Жомийга махсус боб бағишлайди. Уларда устозини буюк санъаткор, беназир олим, ҳақиқий дўст, камтарин инсон сифатида таърифлайди.
Навоий ўзининг барча ғазалларини тўплаб, Жомий маслаҳати билан тўрт девон тузади. Жомий эса Навоий маслаҳати билан ўз ғазалларини тўплаб, уч девон жамлайди. Уларнинг ҳар бирига умр фаслларига бағишлаб ном беради.
Жомий биринчи девони «Фатиҳат-уш-шабоб» муқаддимасида Алишер Навоий ҳақида: «Уни холиқ ва халқ севгани учун таърифга сиғмайди», деб юксак қадрлаганини кўрсатади.
«Ҳафт авранг»га кирган «Лайли ва Мажнун» достонида Навоийни вафодор дўст, чин маслаҳатгўй сифатида таърифлаб: «дўстлик боғидаги вафо шоҳининг Навоийси, унинг лутф тўла навоси кўнгли синиқлар кўнглини кўтаради», дейди. «Юсуф ва Зулайҳо» достони дебочасида Навоийни замон ягонаси бўлган инсон сифатида улуғлайди.
Жомий жуда кўп шеърий ва насрий асарлар яратган сермаҳсул ижодкор. Унинг яқин-яқинларга қадар мактабларда дарслик сифатида ўқитилган «Баҳористон» номли асари бор. Бу асарни Жомий ўн яшар ўғлига бағишлаб ёзган. Ундан жуда кўп ахлоқий ҳикоятлар, латифалар, машҳур кишилар ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ўрин олган. Асар саккиз бобдан иборат. Шоир ҳар бир бобни равза, яъни чаманзор деб атайди. Алишер Навоий бу асарни «Ҳаёт баҳористони ва нажот нигористони» деб юксак баҳолаган эди.
Навоий ғазалларини «ошиқлар қалбини банд, гўзаллар лабини шакарханд этти» деган Жомий «Хирадномаи Искандарий» достонида Навоий «Хамса»сини Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий достонлари билан қиёслайди ва юксак баҳолайди. Низомий ва Деҳлавий «Хамса»лари сўз санъатининг юксак дурдоналари. Аммо Навоий «Хамса»сининг Жомийга кўпроқ ёққани сабаби: достонлардаги сюжет янгиликларидан ташқари, адолатли шоҳ, тинчлик учун, марказлашган давлат мустаҳкамлиги учун кураш, халқлар дўстлиги, ободончилик, шахс эрки, хотин-қизларга ҳурмат каби ижтимоий соҳаларга урғу берилгани бўлса керак. Чунки Навоий достонларида ижтимоий руҳ устунлик қилади.
Бундан ташқари, мумтоз адабиётда бўлганидай Жомий достонлари тасаввуф ғоялари билан суғорилган. Жомий пирга қўл бериб, Нақшбандийлар сулукига қўшилиб, сўфийлар жамоасига кирган эди. Сўфийларнинг инсонпарвар ғоялари уни бефарқ қолдиролмасди. Ўз пири Саъдиддин Қошғарий қўли остида Нақшбандий ғояларини чуқур ўзлаштиради. Бора-бора Жомийнинг ўзи Ҳиротнинг энг йирик пири муршиди бўлиб қолади. Навоий унга қўл беради. Мақсад бирлиги уларни бирлаштирган эди. Икки дўст халқ – тожик ва ўзбек халқининг фахри бўлган икки даҳо ҳамкорликда XV асрда тушкунликка учраган икки адабиётга янги қон, янги ҳаёт бердилар. Шаклан юксак даражага кўтарилган бўлса ҳам, мазмунан қашшоқлаша бошлаган шеъриятни чуқур мазмун, янги ғоя ва ифода воситалари билан беқиёс даражада бойитдилар. Улар шеъриятнинг муҳим ижтимоий вазифаси – инсон руҳини улуғ ғоялар билан тарбиялаш, турли пасткашлик, иллатлардан поклаш деб билдилар.
Бир-бирларига яхши сўз (маслаҳат), ҳурмат, эътибор билан кўмак бердилар.
Рудакий, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Ҳофизлар яратган форс-тожик шеърияти бўстони таназзулга учраган даврда Жомий даҳоси намоён бўлди. Бу бўстонни яна ҳам обод қилиш учун Жомий адабиётнинг ҳамма турларида баракали ижод қилди. Юксак санъат асарлари яратиб, ўз тақдирини халқи тақдирига пайванд қилиб юборди. Навоий шунинг учун ҳам уни «Камолот чўққисининг порлоқ қуёши» деб атаган эди.
Жомий асарларини ўзбек китобхонларига етказиш иши Навоий давридаёқ бошланган эди. Огаҳий «Юсуф ва Зулайҳо» достонини шеърий таржима қилган эди. Кейинги йилларда ўзбек тилида Жомийнинг «Баҳористон», «Искандар хирадномаси» достонлари Ш.Шомуҳамедов таржимасида, ғазаллари Ғафур Ғулом, Васфий, Чустий, Ҳабибий, Улфат, Боқир, Анисий таржимасида, «Ҳафт авранг»га кирган достонлардан «Силсилат-уз заҳоб» (Васфий) «Юсуф ва Зулайҳо» (Назармат) таржималарида китоб ҳолида босилиб чиқди. Ўзбек китобхонлари уларни қувонч билан кутиб олди ва севиб ўқимоқда. Халқаро Фирдавсий мукофоти совриндори, профессор Ш.Шомуҳамедов, олим лардан М.Исҳоқов, Ҳ.Ҳамидовлар Жомий асарларини тадқиқ ва ташвиқ қилиб мақолалар, китоблар ёздилар.
Тожик адабиётининг улуғ намояндаси Жомий биз учун инсонпарварлик, дўстлик, биродарлик, гўзаллик, меҳр-оқибат тимсолидир. У ўзбек халқига адолат ва ҳақиқат тантанаси ҳақидаги юксак ғоялари билан ҳамиша қадрлидир.
ТАЪЗИМ
Пушкин!
Бу азиз номни эшитмаган, уни масъум болалик чоғларидан севиб қолмаган, самимиятда тенгсиз, гўзал шеърларини, она алласидай мусаффо эртакларини ўқиб яйрамаган, кўзига ёш олмаган ким бор?
Пушкин асарларининг ҳануз нашр этилмаган улуғ бир сир-асрори бор: биз гўё бу асарларни ипидан игнасигача, ҳар бир сатри, ҳар бир мисрасини ёддан биламиз, лекин ҳар сафар Пушкин китобларини қўлга оларканмиз, янгидан-янги фикрлар, туйғулар, тамом янги образлар топамиз! Гўё биринчи бор ўқиётгандай ларзага тушамиз, қайта-қайта кўзёши тўкамиз!
Яқинда мен Пушкиннинг Пугачёв қўзғолони тарихига оид ҳужжатли қиссасини, тўғрироғи сафар таассуротларини қайта ўқиб чиқдим. Бу асарларнинг тасвир кучи шундай зўр, фикрга шундай бой, тили шундай равон ва тиниқ эдики, назаримда у бундан юз эллик йил муқаддам эмас, гениал бир санъаткор қўли билан шу бугун ёзилгандай туюлди! Гўё Пушкин пластик тасвир деб аталмиш ва бугунги кунга хос бўлмиш тасвир услубини ўша замондаёқ мукаммал билгану, шу услубга тўла-тўкис амал қилган!
Пушкин: «…прозада фикр, фикр ва яна бир карра фикр бўлмоғи керак», деб васият қилган. Айни замонда бу фикрни шундай равон услубда ифода қилганки, Лев Толстой Пушкин насрини доим ибрат қилиб кўрсатган.
Ажойиб рус ёзувчиси Юрий Олеша Пушкин услуби ҳақида гапираркан, унинг «Улуғ Пётрнинг ҳабаши» деган қиссасидан шундай бир парча келтиради.
«Иброҳим Подшонинг уйига келади. Пётр уни қизи билан таништиради:
«… Лиза, менинг Ораниенбаумдаги боғимдан сен учун олма ўғирлаб юрадиган кичкина ҳабаш бола бор эди-ку, эсингдами? – деди Пётр қизларидан бирига. – Мана ўша ҳабаш! Танишиб қўй!
Улуғ княгиня кулимсиради-ю дув қизарди…»
Юрий Олеша бу парчани келтираркан: «Ахир бу Лев Толстой насрига хос бир услуб билан ёзилган-ку!» деб хитоб қилади.
Ҳақиқатан, Пушкин прозаси фикрлар зичлиги, ҳиссиёт кучи ва тасвир воситаларининг тиниқлиги билан тоабад сўнмас бир ибрат тимсоли бўлиб қолади. Албатта, ёшликда, Дубровскийни ўқиб, Троекуровнинг зўравонлигидан дарғазаб бўлиб, гўзал Маша билан Дубровскийнинг қовушолмаганидан изтироб чекиб, ҳаяжондан энтикиб юрган пайтларимизда биз ёзувчининг маҳоратию, унинг тасвир воситалари тўғрисида ўйламас эдик. Мен буни энди, китобхонни ларзага солишга қодир асарни яратиш нақадар қийин иш эканини билганимдан кейин ёзаяпман.
Пушкин маҳорати тўғрисида гапирганда унинг яна бир нодир хусусиятларини айтиб ўтмоқчиман, бу ҳам бўлса, гўзалликни ҳис этиш, ҳаётни шоирона бир руҳ билан қамраб олиш қобилиятидир. Бунинг энг ёрқин намунаси сифатида шоирнинг «Қалмиқ қизига» деган машҳур шеърини келтириш мумкин.
Пушкин ижодига хос шоирона руҳни, унинг маҳорат сирларини ифода қилувчи ғалати бир детал бор: шоир «Арзирумга саёҳат» деган йўл таассуротлари китобида қалмиқ даштида бир ўтовга кирганини ҳикоя қилади. Ўтов ичи жуда ивирсиқ бўлиб, ўртадаги қозонда буламиқ пишаётган бўлади. Шоирни кутиб олган қалмиқ хотин буламиқдан татиб кўришни таклиф қилади. Шоир татиб кўрмоқчи бўлади-ю, унинг қўламсиқ ҳидидан чўчийди. Бу шунчаки бир арзимас деталь. Кейин… кейин бу кичик деталь «Қалмиқ қизига» деган машҳур шеърга айланади. Шоир қалмиқ қизининг гўзаллигини, унинг назокати ва латофатини шундай тиниқ бўёқларда тасвирлаб берадики, сиз ҳам шоирга қўшилиб, умрим шу ўтовда, шу қалмиқ гўзали билан ўтса, дейсиз!
Фақат гениал адибларга насиб бўладиган бу шоирона руҳ, энг оддий нарсаларда ҳам буюк гўзалликни кўра олиш қобилияти Пушкиннинг ҳар бир шеъри, ҳар бир асарида намоён бўлиб туради! Шу боисдан ҳам Пушкин асарларини ўқиган ҳар бир одам Россияда бўлмасдан туриб, бепоён рус диёрини, рус қалбини, Кавказни кўрмасдан туриб, Кавказ тоғларини ва бу тоғларни забт этган мард, самимий, довюрак кишиларни севиб қоласиз! Шу сабабдан ер юзида истиқомат қилувчи ҳар бир халқ Пушкинни ўз фарзандидай эъзозлайди, ўз миллий шоири деб билади, ундан абадулабад ифтихор қилади.
ТУШ
(Лев Толстой)
Илк ҳикоялар ёзиб юрган ўсмирлик чоғларим. Қизиқ воқеалар ўйлаб топишга уринаман, чиройли сўзлар ахтараман… «Қуёшнинг олтин нурлари дарахт япроқларини завқ билан ўради. Тубсиз осмоннинг мовий гумбази митти тилла сирғачаларга тўлди» каби жимжимадор жумла лар тузаман. Бу тасвирлар ўзимга ёқса ҳам, кўнглимнинг бир четида уларнинг аллақандай совуқлигини, ясамалигини, дилимдаги туйғуларимни ифода қилишга ожиз эканимни сезиб, қийналаман, изтироб чекаман… Бир куни қўлимга «Ҳожимурод» тушди. Қиссанинг муқаддимасидаги ҳикоя эзмаликдай туюлди. Мен ундан «сакраб» ўтдим, ўтдим-у қиссанинг илк мисраларини ўқиб, ғалати бўлиб кетдим…
Менга шундай туюлдики, гўё Толстой олис чечен овулини эмас, бизнинг қишлоқни тасвирла ган. Кўз олдимга қишлоқ ўртасидаги мачит, мачит нинг ёнидан сойга буриладиган тор кўча келди. Кўчанинг икки томонидаги пастқам уйларнинг томларида чоллар боғ қўриб ётишади, кечқурунлари қирдан пода қайтади, борлиқни қўй-қўзиларнинг маъраши тўлдиради, мўрилардан тутун кўтарилиб, ҳавода тезак ҳиди бурқсийди. Худди Толстой тасвирлаган манзара!.. Назаримда, Ҳожимурод шy мачит томондан келиб, бизнинг тор кўчага бурилган, бурилган-у биринчи пастқам уйнинг томидаги чолни (бу уйнинг томида ёнғоғини қўриб доим баджаҳл бир чол ётарди) уйғотган…
Мени, айниқса, «тезакнинг қўланса ҳиди» деган сўзлар ҳайратга солади. Таниш манзараларни кўз олдимга келтирган, дилимда ажиб ҳислар уйғотган нарса ҳам шу оддий сўзлар, азон айтган сўфининг овози, мўрилардан кўтарилган тутун ва тезакнинг қўланса ҳиди эди…
Бу оддий сўзларнинг аллақандай теран сири бор эди. Бу сир сизни сеҳрлаб қўяр, кўз олдингизга олис ва нотаниш чечен овули эмас, ўз қишлоғингиз, болаликдан таниш манзаралар келишининг бир сабаби ҳам шу сеҳрда эди!
Китобни бир ўтиришда тугатдим. Ҳожимуроднинг ўлимидан кўнглим вайрон, кўзёшларимни қулт-қулт ютиб, хўроз қичқириқларига, итларнинг вовиллашига қулоқ солиб узоқ ётдим. Сўнг, китобнинг биринчи саҳифасидаги улуғвор чолнинг суратига, пахмоқ қошлар остидаги ўткир кўзларини китобхонга қадаб турган Толстойнинг суратига тикилдим. Бу суратни қайси рассом чизгани ҳозир эсимда йўқ. Шуниси эсимда борки, Толстойнинг узун соқолига, ажойиб дўнг пешанасига, қудрат ёғилиб турган миқти гавдасига, аллақандай шафқатсиз чеҳрасига тикилиб узоқ ётдим, хаёлимда эса ундан ёрдам тилар, фатво беришини илтижо қилардим.. Уйқуга кетганимни билмай қолдим. Бир маҳал туш кўрибман. Тушимда… Толстой!
Эгнида ўша узун кўйлак, катта қадоқ қўлларини ингичка қамиш камарига суқиб, уйимизга секин кириб келган эмиш. Мени чақириб ниманидир дедими ё дегандай бўлдими, билмадим, ойимларнинг овозидан уйғониб кетдим. Тонг отган, ойим сигир соғишга киришган эдилар!
Мен Толстойдан, унинг менга айтадиган гаплари-ю оқ йўл тилашидан айрилганимни сезиб, дод деб юборишимга оз қолди. Худди тушида олтиндан айрилган Афандидай кўзимни қайта юмдим. Йўқ, Толстойни қайтариб бўлмас эди!.. Ойимлардан ранжиб, анча тўлғаниб чиқдим, кейин аста-секин ўзимни юпата бошладим: ахир Толстойнинг уйимизга кириб келгани, мени чақириб, бир нима дегани рост-ку! Шошма. У менга нима деди? Келажакда ёзувчи бўлишимга ишора қилмадими?
Толстойнинг нима деганини эслаш қийин эди, лекин бора-бора у менга яхши гаплар айтгандай туюла бошлади, аста-секин ёзувчиликка фатво берганига ҳам ишона бошладим, назаримда, ҳатто бошимни ҳам силагандай бўлди…
Кўнглим сув ичгандай ёришиб, ўрнимдан турдим. Қувончдан ўзимни қаёққа қўйишимни билмас, тушимни бировга тезроқ айтгим, қувончим билан ўртоқлашгим келарди.
Августнинг ўрталари эди. Мендан бир-икки ёш катта бир ўспирин билан – унинг исми ҳам Одил эди! – кун ора ғўза суғорар эдик. Ўша куни бизнинг навбатимиз эди. Рост, Одил менинг «ёзувчилигимни», ёзган шеър ва ҳикояларимни тан олмас, лекин адабиётни яхши кўрар, китобни кўп ўқир, шу сабаб, иккимиз анча яқин эдик.
Мен боғимиздан чиқиб, пахтазорга буриладиган ёлғизоёқ йўлга қадам қўйганимда, Одил ҳам етиб келди, қўл бериб кўришаркан:
– Ҳа, оғизлар қулоқда-ку? – деб пичинг қилди.
– Менга қара, Одил, бугун ғалати бир туш кўрдим,– дедим. – Кулмасанг айтиб бераман.
– Хўш, хўш?
– Мен бугун тушимда… Толстойни кўрдим.
– Шунақами? – Одил негадир кўзини кўзимдан узиб пахтазорга тикилди. – Хўш, кейин нима бўлди?
– Ҳа, шу… Ва ажойиб одам экан!
– Сенга… ёзувчиликка фатво бергандир?
– Айтсам ишонмайсан-да! Лекин… чиндан ҳам… яхши гаплар айтди.
– Катта қўллари билан бошингни ҳам силагандир?
Бошқа пайтда бўлса-ку, мен унинг овозидаги кинояни сезар эдим, албатта, лекин шодлигим ичимга сиғмай турган бир маҳалда буни пайқамадим.
– Ҳа, бошимни секин силади!
– Ҳа-ҳа-ҳа! Толстой бошини силаган эмиш! Ҳаҳа-ҳа! Орзуларингдан ўргилиб кетай!
Одилнинг заҳарли қаҳқаҳаси устимга қуйилган бир челак совуқ сувдай таъсир этди. Уятдан ўзимни қаёққа яширишни билмай пахтазорга шўнғидим. Одилдан, одамлардан яшириниб, кечқурунгача ёлғиз ишладим. Айтган гапларимни унутиш учун, уятдан қочиб қутулиш учун бутун жон-жаҳдим билан ишладим, тушимни ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмасликка қасам ичдим.
Ўзим ҳам Толстойнинг буюклигини ўша куни тушундим-ов!.. Толстой шунчалик буюк эдики, уни, ҳатто тушимда кўрдим дейиш ҳам нокамтаринлик ва мақтанчоқлик бўларди!.
Тошкент, 1969 йил
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?