Текст книги "АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ"
Автор книги: Олдос Ҳаксли
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
2
Жаноб Фостерни Очиб чиқариш залида қолдириб, Раҳбар ҳамда унинг талабалари шу яқин орадаги лифт орқали олтинчи қаватга кўтарилди.
Кираверишда “Болалар Боғчаси. Янги-Павловча Рефлекслаштириш Заллари” деб ёзилганди.
Раҳбар эшикни очгач, улар катта ва бўш залга кирдилар. У ер жуда ёруғ ва қуёшли, жанубга қараган девори битта яхлит деразадан иборат эди. Вискоза газламасидан тикилган оқ камзул-иштонли махсус иш кийимлари ва сочларини микроблардан ҳимоя қилувчи қалпоқлар кийган беш ё олти чоғли энага полга гул солинган гулдонларни узун қатор қилиб териб чиқиш билан овора. Бу атиргуллар билан тўлдирилган катта гулдонлар эди. Уларнинг гулбарглари митти малаклар галасининг ёноқлари янглиғ ипакдай силлиқ. Фақат латиф, пушти ҳинд-оврўпа ҳурларининггина эмас, айни вақтда порлоқ чой тусли чинларнинг, ҳам мексикалик буғдойрангларнинг, ҳам само сурчиларининг ғоят ҳимматидан тўқ қизил, ҳам ўлим фаришталари каби бўзарган, мармар қабр тошлари мисол оқ тусда эди.
Раҳбар кирди – энагалар қаддини ростлашди.
– Китобларни жой-жойига қўйинг, – деди у қисқагина қилиб.
Энагалар сўзсиз бўйсунишди. Гулдонлар орасига терилган катта бичимдаги болалар учун мўлжалланган китобларни очиб қўйишди. Китобларда ўзига жалб қилувчи, олачипор ранглар билан бўялган ҳайвонлар, балиқ ва қушлар сурати бор эди.
– Энди болаларни олиб киринг.
Энагалар буйруқни бажаргани шошилдилар ва икки дақиқа ўтгач, ҳар бири тўрт қават сим тўрли, баланд араваларни итариб кирдилар. Араваларга саккиз ойлик, бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш (ҳаммаси бир Бокановский гуруҳидан экани маълум эди) ва барчалари “дельта“ синфига оид бўлгани учун мошранг кийим кийгизилган гўдаклар юкланганди.
– Полга туширинг.
Болаларни сим тўрлардан олиб, пастга туширишди.
– Юзларини гул ва китоблар томон буринг.
Китоб ва гулларга кўзи тушган бир саф болалар жим бўлиб қолишди, сўнг эмаклаб, гуллар дастаси, оппоқ китоб саҳифаларидаги байрамона, олачипор бўёқларда тасвирланган суратлар томон яқинлашишди. Ўша онда булут ортидан қуёш ҳам чиқди. Атиргуллар дафъатан ўт олган эҳтирос мисол лоп этиб ёнди, китобларнинг сержило саҳифалари, гўё ўзгача ва чуқур маънолар зиёсини сочди. Гўдаклар ҳаяжондан чуғурлаб, хурсандликдан қиқирлаб, илдамроқ судрала бошладилар.
– Қойилмақом!.. – деди Раҳбар, қўлларини бир-бирига ишқаркан. – Худди эртакдагидек.
Болалар ичида энг тиниб-тинчимаслари мақсадларига аллақачон етиб бўлди. Қўлчалар олдинга чўзилди, аста тегинди, ушлади, қуёш нурида тусланган атиргул баргларини узди, алвон рангли суратларни ғижимлади. Барча болалар ушбу дилтортар ўйинга қўшилгунларича Раҳбар кутиб турди. Кейин:
– Диққат билан кузатинг! – деди у талабаларга. Сўнг қўлини тепага кўтариб ишора берди.
Залнинг нариги четида, бошқарув коммутатори ёнида турган катта энага дастакни босди.
Шу он нимадир гумбурлаб кетди, зални гулдураган овоз тутди. Дафъатан бошланган чинқириқ қулоқни қоматга келтирадиган даражада ўткирлашиб борди. Огоҳлантирувчи қўнғироқлар жаранги даҳшатли эди.
Болалар бақира бошлашди; юзлари қўрқувдан буришиб кетди.
– Энди эса, – баланд овозда қичқирди Раҳбар (шовқин қулоқни қоматга келтирарди), – энди олган билимларини мустаҳкамлаш учун уларга электр токи билан енгил таъсир ўтказамиз.
У иккинчи бор қўлини силкитган эди, катта энага бошқа дастакни буради.
Болаларнинг чинқириғи энди аянчли дод-фарёдларга айланди. Уларнинг кескин, саросимали, титроққа тўла овозлари оҳанги ўзгарди, унда қандайдир машъум, соғлом ақлга зид нимадир бор эди. Гўдакларнинг жажжи вужуди буралиб тарракдек қотган, қўл ва оёқлари эса симга илакишиб қолгандек типирчиларди.
– Полнинг барча қисмига электр беришимиз мумкин, – бўкирик овозда тушунтириш берди Раҳбар. – Аммо шу етарли.
У бош энагага қаради.
Гумбурлаш ва шовқин тўхтади, увиллаган овоз тинчиб, ғойиб бўлди. Таначалар титрашни бас қилди, қичқириқ ва фарёдлар оддий, қўрқувдан пайдо бўлган йиғига айланди.
– Уларга яна гуллар ва китобларни кўрсатинг.
Энагалар итоаткорлик билан гулдонларни улар томон суриб, суратларни очди; бироқ атиргуллар ҳамда қувноқ мушукчалар, тождор хўроз ва қора буқачаларни кўрган болалар энди орқага тисарилиб, йиғилари кескин кучайди.
– Кўряпсизми!.. – деди Раҳбар ғолибона руҳда. – Кўряпсизми!
Китоб ва гул суратлари кучли шовқин ва электрошок билан уйғунлашиб, гўдаклар миясида бадном бўлди. Шу ва шунга ўхшаш тажрибалар икки юз марта қайтарилгач, бу уйғунлик узиб бўлмас даражада пишиқлашади. Инсон улаган нарсани табиат узиб юбора олмайди.
– Улар гул ва китобга нисбатан руҳшунослар қачондир “инстинктив“ дея атаган нафрат билан улғаяди. Бу рефлекс бутун умр сақланиб қолади. Биз уларни китоблар ва ботаникадан бир умрга халос қиламиз, – бу гапларни айтаркан, Раҳбар энагалар томон қайрилди: – Олиб кетинг.
Ҳамон инграётган гўдакларни индамас энагалари аравачаларга жойлаб олиб кетишди. Ортларидан қатиқ ҳиди ва, энг муҳими, осудалик қолди.
Талабалардан бири қўлини кўтарди: у қуйи кастадагилар китоб ўқиб, жамият вақтини исроф қилишларига йўл қўймаслик кераклигини, лекин кейинчалик китоб ўқиб қўйиб, унинг таъсирида ҳозир шакллантириладиган рефлексларнинг йўқолиб кетиш хавфи ҳамиша борлигини яхши биларди. Аммо гуллар… Гуллар масаласи мавҳум. Дельталарга гулларни севишни руҳий жиҳатдан имконсиз қилиб қўйишга вақт ва куч сарф қилишнинг нима кераги бор?
Раҳбар ҳафсала билан тушунтира бошлади. Ҳозир бу гўдаклар гулни чинқириқ билан қарши олаётган бўлса ҳам, бу юксак иқтисодий мақсадлар йўлида амалга оширилмоқда. Яқин ўтмишда (юз йил аввал) гаммалар, дельталар ва ҳатто эпсилонларда ҳам гулларга, умуман, ёввойи табиатга муҳаббат шакллантириларди. Бундан мақсад, ишдан бўш вақтлар уларнинг кўнгли шаҳар ташқарисини, ўрмонлар, яйловларни тусаб қолса, у ерга бориш учун транспортларни тўлдириш эди.
– Кейин нима бўлди? Улар транспортдан фойдаланмадими? – сўради талаба.
– Транспортдан-ку, фойдаланишди, – жавоб берди Раҳбар, – аммо шугина холос-да.
Гуллар ва табиатдаги эътиборга молик қусур шундаки, улардаги гўзаллик ва ифор бепул, деб таъкидлади Раҳбар. Табиатга нисбатан севги фабрикаларни тўлдирмайди. Шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам, паст касталилар учун табиатга бўлган муҳаббатни бекор қилишга қарор қилинди. Лекин бу нарса транспортларнинг аввалгидай тўлиб қатнашига халақит қилмаслиги, одамлар табиатдан нафратланса-да, шаҳар ташқарисига аввалгидай бориб келишда давом этиши зарур эди. Транспортлар қатнови учун қандайдир гул ва манзараларга бўлган интилишдан кўра, иқтисодий жиҳатдан мақбулроқ бўлган бирор сабабни излаб топиш вазифаси турарди. Ўша сабаб ҳам топилди.
– Биз оломонга табиатдан жирканишни ўргатамиз. Лекин, айни чоғда, уларни табиат спортига қизиқтирамиз. Боз устига, айнан мураккаб жиҳозлар билан ишлашни талаб қиладиган турларига. Бизга нафақат транспортларнинг тўлиб қатнаши муҳим, балки спорт анжомларини ишлаб чиқарадиган фабрикаларнинг ҳам иши гуркирасин. Гулларни электрошок билан уйғунлаштириш ғояси айнан мана шундан келиб чиқди, – дея хулосалади Раҳбар фикрини.
– Тушунарли, – деди талаба ва ҳайрат ичида жимиб қолди.
Қисқа тин олишдан сўнг Раҳбар томоғини бир қириб олди-да, яна гапга тушди:
– Қадим замонларда, буюк раҳнамомиз Форд ҳали ҳаётлигида, Рувим Рабинович исмли бола бўлган экан. Рувимнинг ота-онаси полякзабон экан, – Раҳбар бир оз тин олди. – “Полякча” нима эканлигини билсангиз керак?
– Бу – тил, ўлик тил.
– Француз ва немис тиллари каби, – ўз билимини намойиш қилишга шошилди бошқа бир талаба.
– Ота-она-чи? – сўради Раҳбар.
Ўнғайсиз жимлик чўкди. Айрим талабалар уятдан қизарди. Улар ҳали тоза ва нотоза илм орасида мавжуд бўлган, лекин жуда нозик саналган фарқни илғашни ўрганмагандилар. Ниҳоят биттаси юрак ютиб қўлини кўтарди.
– Одамлар аввал… – у довдирарди, юзлари эса лавлагидай қизарди. – Улар туға оларди.
– Тўппа-тўғри, – Раҳбар маъқуллаб бош ирғади.
– Ва уларнинг болалари очиб чиққан пайт…
– Туғилган пайт, – тўғрилади Раҳбар.
– Улар шу тахлит ота-онага айланишган. Яъни болалар эмас, албатта, аксинча, бошқаси… – бечора бола саросимага тушди.
– Қисқаси, – хулоса қилди Раҳбар, – кимнидир дунёга келтирган эркак ва аёл – ота-она.
Айни дамда нотоза илмий атама саналган бу сўзларни эшитиб, уларнинг дами ичига тушди.
– Она, – атама ёдларида қолиши учун Раҳбар баланд овозда такрорлади ва оромкурсига ястаниб ўтириб олгач, вазминлик билан деди: – Булар ёқимсиз фактлар. Аммо аксар тарихий фактлар шунақа ёқимсиз. Келинг, яхшиси, Рувимга қайтамиз. Қайсидир бир кеча Рувимнинг ота-онаси (талабаларнинг дами ичига тушди) унинг хонасидаги радиоприёмникни ўчиришни унутиб қолдиради. Ёдда тутишингиз керак: туғиш оммавий бўлган ўша даврларда болаларни давлат Тарбия марказлари эмас, уларнинг ота-оналари вояга етказган.
Бола ухлаётганди, шу пайт кутилмаганда Лондондан бир эшиттириш эфирга узатилиб қолди, келаси тонгда эса ота-онасини ҳайратга солиб (айрим дадилроқ ёшлар бир бирига қараб маъноли тиржайиб қўйишди) уйғонган жажжи Рувим кекса ёзувчи Жорж Бернард Шоу билан бўлган, радиодан узатилган узоқ суҳбатни ёддан, сўзмасўз айтиб берди (“У асарлари бизгача етиб келишига имкон берилган жуда кам сонли адабиётчилардан биридир” деб ёзди қаламлар). Ишонарли ривоятларга кўра, ўша кеча у, яъни Шоу билан ўтган суҳбат мавзуси даҳолик эди. Рувимнинг ота-онаси (талабалар орасида маъноли қарашлар, ҳингиллашлар бошланди) унинг бирор сўзини, албатта, тушунмаган. Кейин уни ақлдан озганга чиқаришди-ю, шифокорни чақиришди. Хайриятки, у инглиз тилини тушунаркан, аввалги тунда ўтган радиосуҳбат мазмунини фаҳмлади, бўлиб ўтган воқеанинг қанчалар фавқулодда эканини тўла англаб, тиббий журналга хабар юборди.
– Гипнопедия, яъни уйқу вақтида билим олиш тамойиллари шу тарзда кашф қилинди, – Раҳбар узоқ сукутга чўмди.
Кашф қилишга-ку қилишди, аммо бу тамойилни амалиётга татбиқ этиш йўлини топгунларича жуда кўп йиллар ўтди.
– Рувим билан кечган ҳодиса буюк раҳнамомиз Форд автомобиль бозорига ўзининг илк “T-Model”ини чиқарган вақтдан бор-йўғи йигирма уч йил ўтиб рўй берганди (Шу сўзларни айтаркан, Раҳбар қорнига бармоғи билан Т белгисини чизиб, чўқиниб қўйди ва барча талабалар чин ихлос билан унинг ҳаракатини такрорлашди). Бироқ яна…
Қаламлар беҳад абжирлик билан қоғоз узра чопарди: “Гипнопедия Форд даврининг 214 йилида илк бор амалиётга татбиқ қилинди. Нега аввалроқ эмас? Икки сабабга кўра: а) …”
– Бу илк тадқиқодчилар, – деди Раҳбар, – хато йўлдан кетаётган эди. Улар гипнопедияни интеллектуал таълим воситаси деб ўйлардилар…
*
(Ўнг томони билан ухлаб ётган боланинг ўнг қўли ётоқдан пастга осилиб қолди. Радиокарнай – кичик, тўр симли тешикдан паст бир овоз янграрди:
“Нил – Африкадаги энг узун ва узунлигига кўра курраи заминдаги иккинчи дарёдир. Гарчи Нил Миссисипи-Миссуридан кўра қисқароқ бўлса ҳам, у жанубдан шимолга 35 даража чўзилган ҳавзаси узунлиги бўйича биринчи ўринда туради…”
Тонгда, бола нонушта қилаётган пайтда, ундан сўрашади:
– Томми, Африкадаги энг узун дарё қайси, биласанми?
Томми бошини чайқайди.
– Яхшилаб эслаб кўр, қани. Қани, қандай бошланарди: “Нил Африкадаги…”
– Нил – Африкадаги энг узун ва узунлигига кўра курраи заминдаги иккинчи дарёдир… – сўзлар ўз-ўзидан қуйилиб келарди. – Гарчи-Нил-Миссисипи-Миссуридан…
– Демак, қайси дарё Африкада бошқаларидан кўра энг узуни экан?
Болачанинг кўзлари ёниқ ва маъносиз тикилганди.
– Билмайман.
– Нил-чи?
– Нил – Африкадаги энг узун ва узунлигига кўра курраи заминдаги иккинчи дарёдир…
– Хў-ўш, энди айт-чи, Томми, қайси бири барчасидан узунроқ экан?
Томмининг кўзлари ёшга тўлади.
– Билмайман, – бақирди у.)
*
– Мана шу аччиқ нидо илк тадқиқодчиларнинг хафсаласини пир қилди, – таъкидлади Раҳбар. – Тажрибалар тўхтатилди. Ухлаётган болаларга Нилнинг узунлиги ҳақида тушунча беришга бўлак уринмадилар ва уринмай тўғри қилишди ҳам. Илмни тушунчасиз, унинг мазмунини чақмай туриб ўрганиш мумкин эмас…
Талабаларни эшик томон эргаштираркан, Раҳбар гапида давом этди.
– Агар улар ахлоқий тарбия билан шуғулланганларида эди… Ахлоқий тарбия эса ҳеч қачон, ҳеч қандай ҳолатда рационал бўлмаслиги керак.
Талабалар йўлда ҳам, лифтда юқорига кўтарилаётганда ҳам ёзишдан тўхтамадилар.
“Секинроқ! Секинроқ!” – шивирлади радиокарнайдан чиқаётган овоз. Айни пайтда улар ўн бешинчи қаватда лифтдан тушган, радиокарнайдан тарқаган бу сас эса муайян вақт оралаб, уларни йўлак бўйлаб бетиним таъқиб қилди. Талабалар ва ҳатто Раҳбарнинг ўзи беихтиёр оёқ учида юриб бораётганди. Уларнинг барчаси альфалар эди, бироқ альфаларда ҳам албатта рефлекслар керагича шакллантирилганди. “Секинроқ! Секинроқ!” – бутун ўн бешинчи қават ушбу шивирлаш оҳангидаги қатъий буйруққа бўйсунарди.
Оёқ учида эллик қадамча юргач, Раҳбар эшикни аста очди. Шундан сўнг улар ичкарига кириб, деразаларига парда тортилган ним қоронғи ётоқхонага дуч келишди. Деворлар бўйлаб узунасига ўн бешта каравот тизилганди. Енгил ва бир текисда олинаётган нафас ва кимнингдир кучсиз, ғўнғиллаган, қандайдир бетиним босинқираши эшитилиб турар, гўё олисда кимдир шивирлаётгандек эди.
Тарбиячи аёл кириб келганларни кутиб олиш учун ўрнидан туриб, Раҳбарга пешвоз чиқди.
– Бугун оқшомги дарс мавзуси қандай?
– Илк қирқ дақиқа Жинсий ҳаёт асослари эди, – жавоб берди у. – Энди Синфийлик туйғуси асосларига ўзгартирилди.
Раҳбар каравот қаторлари бўйлаб аста юриб кетди. Саксон нафар қиз ва ўғил бола қизарганча пишиллаб ухлаб ётарди. Ҳар бир ёстиқ тагидан шивирлаш эшитилади. Раҳбар юришдан тўхтади ва бир каравот узра эгилиб, қулоқ тутди.
– Синфийлик туйғуси асослари, дейсизми? Келинг, бир оз баландроқ қиламиз – карнай орқали.
Зал охирида деворга овоз кучайтиргич ўрнатилганди. Раҳбар бориб, уни ёқди.
“… гамма яшил либос кияди, – сокин, аммо жуда аниқ овозда таралаётган гап ўртасидан бошланди, – дельталар эса мошранг либосда. Йўқ, йўқ, мен дельта болалар билан ўйнашни хоҳламайман. Эпсилонлар улардан баттар. Улар шу қадар аҳмоқки, на ўқишни ва на ёзишни ўргана олади. Камига, улар қора кийимда юради. Улар шу қадар иркитки! Менинг бета эканлигим нақадар яхши!..”
Овоз тинди ва яна қайта жаранглай бошланди:
“Альфа болаларнинг кийими кулранг. Альфалар биздан кўра қаттиқроқ ишлайди, чунки улар жуда ақлли. Менинг бета эканим ва ишимиз осонлиги қандай мўъжиза! Яна биз гамма ва дельталарга қараганда анча зўрроқмиз. Гаммалар аҳмоқ. Улар яшил кийимда юради, дельталар эса мошранг кийимда. Йўқ, йўқ, мен дельта болалар билан ўйнашни хоҳламайман. Эпсилонлар улардан ҳам баттар. Улар шу қадар аҳмоқки, на…”
Раҳбар ўчириш тугмачасини босди. Овоз ўчди. Фақат унинг шарпаси – ўн саккиз ёстиқ остидан таралаётган, аввалги ожиз шивирлашгина қолди.
– Уйғонгунларича буни уларга яна қирқ ё эллик марта қайта эшиттиришади; кейин пайшанба ва жума кунлари қайта қўйиб беришади. Ўттиз ой давомида ҳафтада уч бор, бир юз йигирма мартадан. Шундан сўнг улар бошқа, мураккаброқ дарсларга ўтишади.
Атиргуллар ва электрошок, мошранг кийимли дельталар ва бадбўй саримсоқ ҳиди – улар ўзаро боғлиқ шаклда бола онгига ўрнашади. Аммо сўзлар ёрдамисиз шартли рефлекция пайдо қилиш қўпол ва ялпи таъсир қилади; унинг ёрдамида одам хулқидаги нозик фарқларни, мураккаброқ хулқни шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун сўз керак, ақлга асосланмаган сўзлар. Қисқаси, гипнопедия – айни муддао.
– Барча замонларда энг буюк ахлоқий ва жамият ҳаётига тайёрловчи куч.
Бу сўзларни талабалар ақлли оғиздан чиқиши билан тўғридан-тўғри ён дафтарларига ёзиб қўйишди.
Раҳбар яна овоз кучайтиргични ёқди.
“… жуда ақлли, – сокин, айёрона ва тинмас овоз янгради. – Бета эканимдан жуда мамнунман, чунки…”
Бу сўзлар бамисли томчи каби эди, ахир сув бўлсада, тинимсиз томиб турган томчи энг мустаҳкам тош – гранитни ҳам тешишга қодир; ёки тўғрироғи, муҳр муми каби томарди улар. Кейин бу томчилар ўша тош бутунлай қирмизи мум қотишмасига айлангунига қадар ёпишиб, унга сингиб борарди.
– Боланинг бутун онги ана шу уқтиришлар билан тўлгач, у шу уқтиришларнинг йиғиндисига айланиб қолади. Нафақат боланинг, балки катталарнинг онги ҳам бир умрга шу тарзда колади. Муҳокама, хоҳиш ва қарорларга жавобгар мия ана фақат шу уқтиришлардан иборат бўлади. Биз нимани уқтирсак, ўша!.. – Раҳбар тантанавор руҳда хитоб қилди, сўнг столга қўли билан муштлади. – Давлат сингдирган! Ва шундай экан…
Шу пайт кутилмаган ғала-ғовур уни ортга қайрилишга мажбур қилди.
– Ё Фордим! – авзойи бузилиб деди у. – Ана бўлмасам, болаларни уйғотиб юбордик…
3
Ташқарида, боғда, ўйин вақти эди. Жазирама июнь қуёши остида олти-етти юз чоғли яланғоч болачалар ва қизалоқлар майсазор узра шовқин солиб чопиб юрар, гуллаган буталар ораларида икки-учтадан тўпланиб, чўкка тушишганди. Атиргуллар ифори таралар, буталар орасида икки булбул сайрар, бу оҳангни жўка дарахтлари орасидан эшитилаётган какку қушнинг кукулаши бузарди. Ҳавода эса арилар ва вертопланларнинг мудроқ ғўнғиллаши сузиб юрарди.
Раҳбар ва талабалар бир муддат болаларнинг марказдан қочирма тўп ўйинини томоша қилиб турдилар. Йигирмата бола хромланган пўлатли минора атрофида, доира шаклида тўпланганди. Миноранинг устки саҳнига отилган тўп унинг ичкарисига, катта тезликда айланаётган диск устига тушади. Шундан сўнг тўп цилиндр шаклидаги миноранинг кўплаб тешикларидан бири орқали ташқарига куч билан отилади, доира қуриб тизилган болалар эса уни илиб олиши керак.
– Қизиқ, – деди бурилиб кетишаётганда Раҳбар баланд овозда. – Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи қизиқ. Ҳатто раҳнамомиз Форд даврида ҳам аксар ўйинлар учун ҳали бирикки дона тўп ва, нари борса, бир нечта таёқ ё қандайдир тўрдан бўлак нарса керак бўлмаган. Истеъмолчиликни заррача ўстирмайдиган мураккаб ўйинларга изн бериш ақлданми? Турган-битгани аҳмоқлик-ку, бу! Эндиликда, мана, Нозирлар мавжуд ўйинларчалик мураккаб ва кўп қиррали бўлмаса, янги ўйинга рухсат бермайди…
У бирдан сўзини ўзи бўлиб, қўли билан ишора қилди:
– Бу мафтункор жуфтлик экан.
Майсазорда, дарахтсимон арчагуллар орасидаги ўтўланлар ичида, икки болакай – етти ёшлар атрофидаги ўғил бола ва ундан бир ёшча каттароқ қиз бор диққатини жамлаган, кашфиётга чанқоқ олимлар каби жиддий қиёфада содда жинсий ўйинлар билан банд эди.
– Мафтункор! Мафтункор!.. – ҳиссиёт билан хитоб қилди Раҳбар.
– Мафтункор, – йигитчалар итоаткорона маъқуллаб қўйишди. Аммо уларнинг табассумида такаббурлик бор эди. Ўзлари яқиндагина шу каби болалик эрмакларини ортда қолдирган, энди бунга беписанд назар ташлай олардилар. Мафтункорми? Қўйсангиз-чи! Шунчаки, аҳмоқлик қилишяпти бу тирмизаклар – бошқа ҳеч нарса. Болаликка хос бебошлик.
– Ҳеч ёдимдан чиқмайди… – яна ўша чучмал оҳангда давом этди Раҳбар.
Шу пайт қаердандир йиғи овози келди. Қўшни бутазор орасидан бир энага йиғлаётган болани етаклаб чиқди. Ҳаяжонга тушган қизалоқ унинг ортидан эргашди.
– Нима гап? – сўради Раҳбар.
Энага елкасини қисди.
– Ҳеч гап йўқ, – у жавоб қилди. – Шунчаки, мана бу болакай содда ишқий ўйинда қатнашишни истамаяпти. Аввал ҳам тихирлик қилганди. Бугун яна. Дод солишини қаранг…
– Алдамаяпман, – қизалоқнинг қути учиб кетганди, – мен унга ҳеч нарса қилмадим. Рост гапиряпман.
– О, албатта, жонгинам, – энага уни тинчлантирди ва Раҳбарга юзланиб, давом этди, – мана, энди уни Бош руҳшунос ёрдамчисига олиб кетяпман. Кўрайлик-чи, нима муаммоси бор экан.
– Тўғри қиласиз, олиб боринг, – Раҳбар маъқуллади. Шундан сўнг энага ҳали йиғидан тўхтамаган шогирди билан йўлида давом этди. – Сен эса боғда қол, қизалоқ. Исминг нима?
– Полли Троцкий.
– Жуда гўзал исм экан, – Раҳбар уни мақтаган бўлди. – Бора қол, ўзингга бошқа ўртоқ топ.
Қизча чопқиллаб кетди-да, бутазорлар орасига ғойиб бўлди.
– Малаксиймо гўдак, – деди унинг ортидан тикилганча Раҳбар. Кейин талабаларга ўгирилди: – Сизларга айтиб бермоқчи бўлаётганим балки ёлғондек туюлар. Аммо тарихни ўрганмаган одамга кўп ҳолларда бу ақл бовар қилмас ҳодисадек эшитилиши мумкин.
Раҳбар шундай дея, жуда ғаройиб бир воқеани айтиб берди. Форддан аввалги узоқ асрларда ва ҳатто ундан кейинги бир неча авлодларда ҳам, болаларнинг ишқий ўйинлари қандайдир ноодатий (талабалар орасида кулги кўтарилди) ва бу ҳам етмагандек, ахлоқсизлик (“Йў-ўқ!”) саналган. Шу боис, кучли тақиқ остида бўлган.
Талабалар оғизлари ланг очилганча, қулоқларига ишонмай тинглардилар. Наҳотки, бечора болакайларни шундай вақтичоғликдан маҳрум қилишган? Ишонгинг келмайди!
– Ҳатто ўспиринларга ҳам рухсат беришмаган, – давом этди Раҳбар, – ва ҳатто сиз каби ёшларга ҳам…
– Бўлиши мумкин эмас!
– Онда-сонда яширинча юз бериб турадиган бир жинслилар алоқаси ё ўз ўзини қониқтиришларни айтмаса, ҳеч нарса бўлмаган.
– Ҳеч нарса?
– Ҳа, кўп ҳолларда ҳеч нарса – йигирма ёшга тўлгунларича.
– Йигирма ёшгача? – талабалар эшитганларига ишонолмай, бирваракайига оҳ тортиб юбордилар.
– Ҳа, йигирмагача, керак бўлса, ундан ҳам узоқроқ. Айтяпман-ку сизларга, тарихий далиллар қулоққа чўпчакдай эшитилади.
– Кейин нима бўлди? – сўрашди талабалар. – Оқибати нима бўлди?
– Оқибати даҳшатли бўлди, – суҳбатга тўсатдан баланд, дўриллаган овоз қўшилди.
Улар атрофга қарашди. Ён томонларида сочлари қора, ўрта бўйли, нотаниш киши турарди. У қирғий бурун, лаблари қизил, кўзлари эса тим қора, зийраклик билан боқувчи киши эди.
– Даҳшатли, – такрорлади у.
Боғнинг у ер-бу ерига қулай тарзда ўрнатиб чиқилган, резина ва темирдан ясалган ўриндиқлардан бирида ўтирган Раҳбар уни кўргач, ўрнидан сакраб туриб кетди ва қўлларини кенг ёзиб, 32 та тишини кўрсатиб тиржайганча у томон ошиқди.
– Бош Нозир! Қандай кутилмаган бахт! Буни қаранг, дўстларим, Бош Нозирнинг ўзи, зоти фордлари Мустафо Монд!
*
Марказдаги тўрт мингта зал ва хоналардаги тўрт мингта электрон соат бир вақтда тўртга занг урди. Радиокарнайлардан ҳиссиз овоз янгради:
– Асосий кундузги навбатчилик тугади. Иккинчи навбатчилик бошланяпти. Асосий кундузги навбат…
Лифтда ечиниш хонасига кўтарилаётган пайт Ҳенри Фостер ва Бош тайинловчи ёрдамчиси руҳшунослик бюроси мутахассиси Бернард Марксга очиқчасига орқа ўгириб олганди; улар бу шубҳали эътибордан ўзларини олиб қочишди.
Дастгоҳларнинг бўғиқ гувиллаган саси Эмбрионарийнинг қизғиш ним қоронғилиги-ю, сукунатини бир маромда тебратарди. Навбатлар келаверади ва ўтаверади, бир қизил афт ўрнини бошқаси эгаллайди; аммо улуғвор конвейер тасмалари бўлажак одамларни ёруғ дунё томон элтганча олға силжийверади.
Ленина Краун кескин қадамлар билан чиқиш томон юрди.
*
Зоти фордлари Мустафо Монд!
Саломлашаётган талабаларнинг кўзлари косасидан чиқиб кетай деди. Мустафо Монд! Ғарбий Европанинг доимий Бош Нозири! Дунёнинг ўнта Бош Нозиридан бири. Ўнтадан бири…
У Раҳбар ёнига ўриндиққа ўтирди, у шу ерда туриб гапирмоқчи эди… ҳа, ҳа, уларга Форд ёрлақаган оғиздан сўзламоқчи эди. Бу сўзларни Форд айтяпти деса ҳам бўлаверади.
Офтобда майда қисқичбақадек қўнғир тусга кирган икки болача бутазорлар орасидан пайдо бўлди, кўзларини катта-катта очиб, анграйганча бир муддат қараб туришди-да, ўйинларини давом эттириш учун буталар ичига кириб кетишди.
– Ёдингизда бор, – деди Бош Нозир ўзининг баланд, йўғон овози билан, – ўйлайманки, барчангиз улуғ Форднинг илҳомбахш, гўзал сўзларини яхши эслайсиз: Тарих – сафсата. Тарих, – у салмоқ билан такрорлади, – сафсата.
У қўлини бир силкиди ва гўё кўзга кўринмас парли елпиғич билан бир сиқим чангни қоқиб ташлади, бу ғубор эса Ҳараппа, Халдейдаги Ур эди; у эски ўргимчак уяларини яксон қилди ва улар Фивалар, Бобил, Кносс, Микена эди. Силки, силки! Қани, Одиссей, Ёқуб қаерда қолди? Юпитер, Готама, Исо қаерда? Силки! Ана, кейин Афина, Рим, Қуддус, Ўрта Қироллик номларини олган қадимги чанг уюмлари йўқликка кетди. Силки ва ўша онда Италия йўқ. Силки, бутхоналар супурилди. Силки, силки! Алвидо, Қирол Лир, Паскал мулоҳазалари. Силки, Эҳтирослар. Силки, Мотам куйи. Силки, Симфония, хайр; силки!..
*
– Ҳенри, бугун оқшом ҳиссий кинога борасанми? – сўради Бош тайинловчи ўринбосари. – Бугун “Алгамбра”да янги, биринчи нав фильм намойиш қилинаркан. Айиқ териси устидаги ишқий саҳна бор эмиш; айтишларича, жуда ғаройиб экан. Айиқнинг ҳар бир юнги акс этибди. Ажойиб эффектлар.
*
– Мана, нима учун сизларга тарихни ўқитишмаган, – гапида давом этди Нозир. – Энди вақти келди…
Раҳбар унга асабийроқ тикилди. Монднинг хонасидаги сейфда тақиқланган, эски китоблар яширин сақланиши ҳақида ғалати миш-мишлар юрарди, ахир. Библия, шеърият нима эканини Форд билади.
Мустафо Монд бу хавотирли қарашни пайқади-ю, қизил лабларининг чети истеҳзоли буралди.
– Қўрқманг, жаноб Раҳбар, – деди у бир оз масхараомуз оҳангда. – Уларнинг ахлоқини бузмайман.
Раҳбар довдираб қолди.
*
Ўзини ҳақоратлангандек ҳис этганлар ўзларини жирканч тутадилар. Бернарднинг жилмайишида нафрат қотиб қолганди. “Айиқ терисидаги ҳар бир тола”миш!.. Мана, улар нимани қадрлашади!
– Албатта, бораман, – деди Ҳенри Фостер.
*
Мустафо Монд тингловчилар томон эгилиб, уларга қарата кўрсаткич бармоғини силкитди.
– Сиз, шунчаки, фараз қилиб кўринг, – у шундай оҳангда гапирардики, ёш талабаларнинг юраги увишиб, пешоналаридан совуқ тер чиқа бошлади. – Бачадонли онангиз борлигини тасаввур қилиб кўринг.
Яна ўша бешафқат сўзлар. Лекин энди уларнинг ҳеч бири жилмаймади.
– “Оила билан бирга яшаш” нима эканини кўз олдингизга келтириб кўринг.
Талабалар уриниб кўришди, аммо уддалай олишмади.
– “Уй” нима эканини биласизми?
Улар бошларини чайқашди.
*
Ленина Краун ўзининг ним қоронғи, лоларанг ертўласидан ўн еттинчи қаватга лифтда кўтарилди. У ердан чиққач, ўнгга қайрилди ва узун йўлакдан ўтиб, тепасига “Аёллар ечиниш зали” деб ёзилган эшикни очди-ю, ғала-ғовур, билаклар, сийналар ва аёллар ич кийими қоришиб ётган муҳитга ғарқ бўлди. Юзта ваннага шовуллаб оқиб тушаётган илиқ сув шалоплаб ерга сачрарди. Саксонта тебранма-вакуумли уқаловчи ускуна гувиллаб ва вишиллаб ишларкан, шовқин кўтаришда бир-биридан қолишмаётган саксонта нозик жинс вакиласининг таранг, қуёшда куйган баданларини сўриб, уқалаб қўймоқда. Синтетик мусиқа автоматидан суперкорнет яккахон хониши янграмоқда эди.
– Салом, Фанни, – шкафи ёнма-ён жойлашган ёшгина қиз билан саломлашди Ленина.
Фанни Тиқинлаш залида ишларди. Унинг фамилияси ҳам Краун эди. Аммо дунёнинг икки миллиард аҳолиси учун жами ўн минг исм қўллангани боис, бунақа ўхшашликдан ҳеч ким ҳайратланмасди.
Ленина курткасидаги, шимининг ўнг ва чап тарафидаги, сўнг сийнабандидаги замокларни (икки қўлининг тезкор ҳаракатлари билан) пастга туширди. Бунинг учун тўрт марта уринишига тўғри келди. Сўнг кийимларини ечиб, пайпоқ ва пойабзали билан ванналар бўлмасига кириб кетди.
*
Уй, уй – бир неча ҳужрада бир эркак, вақти вақти билан аёллар ва бир гала ўғил ҳамда қиз болалар билан тўлган. Дим, тор ва бу ҳам етмагандай, ивирсиган; зулмат, касалликлар, қўланса ҳид.
(Бош Нозир бу турмани шу қадар жонли тасвирлаб бердики, бир таъсирчанроқ талабанинг ранги оқариб, мазаси қочишига сал қолди.)
*
Ленина ваннадан чиқиб обдан артинди, девордан осилиб тушган узун шлангни олди, унинг оғзини, худди ўзига ўқ узмоқчи бўлаётгандай, кўкрагига тўғрилади ва тепкини босди. Илиқ ҳаво оқими унга бағоят майин хушбўй кукунни пуркади. Раковина тепасидаги саккизта махсус жўмракча саккиз турли одеколон ва атир учун мўлжалланганди. У чапдан учинчисини буради, қўлларини атирга тутиб, ўзига сурди-ю, пойабзали ва пайпоғини кўтарганча бўшаган тебранма-вакуум томон юрди.
*
– Шахсий уй худди моддий жиҳатдан бўлгани каби, руҳий жиҳатдан ҳам ифлос ва жирканч эди. Руҳий томондан у ахлат ўраси, қуён уясига ўхшарди. Бу тузоқ ичида улар ўзаро ишқаланиб, қаттиқ қизиб, ҳиссий кечинмаларга қоришиб, сасиб кетардилар. Бу қандай бўғиқ яқинлик эди, оилавий тўда аъзолари орасидаги қандай хатарли, ваҳшиёна, бадбўй алоқа! Мияси айниган она ўз болалари (“Ўз болалари!”) устида титраб-қақшайди – худди мушук ўз болаларини тагига олиб ётгани каби уларни еру кўкка ишонмайди. Аммо бу мушук гапиришни билади, тинимсиз такрорлашни билади: “Менинг болажоним, менинг кичкинтойим”. “Оҳ, менинг қўзичоғим, қорни очиб қолибди-ку, кел ўзимга, қўлларининг миттилигини, оҳ, менинг ўхшаши йўқ, ширин кулчам, ухлади полвоним, лабларида оппоқ сут кўпиклари. Ухлаяпти жигарбандим…”
– Ҳа, – бошини ирғади Мустафо Монд, – оёғингиз қалтираши бежиз эмас.
*
– Кечаси ким билан қолмоқчисан?
– Ҳеч ким билан.
Ленина ҳайрон бўлиб, қошини чимирди.
– Сўнгги пайтларда ҳушим ўзимда эмас, – изоҳлади Фанни. – Доктор Уэльс менга сунъий ҳомиладорликни синаб кўришни таклиф қилди.
– Лекин, азизам, сен эндигина ўн тўққиз ёшдасан. Илк ҳомиладорлик йигирма бирга тўлмагунингча мажбурий эмас.
– Биламан, шириним. Аммо айримлар эртароқ бошлагани яхши. Доктор Уэльс айтдики, мен каби қорачадан келган, тос суяги катталар илк сунъий ҳомиладорлик вақтини ўн етти ёшдаёқ ўтагани маъқул экан. Демак, мен вақтидан икки йил аввал эмас, аксинча, икки йилга кечикяпман.
Фанни шкафини очиб, юқори токчага солиб қўйилган қутилар ва шиша флаконларни кўрсатди. Ленина ёрлиқларни овоз чиқариб ўқий бошлади.
– “Сариқ Тана Қиёми, Оварин, Яроқлилиги кафолатланади; Яроқлилик муддати: 1 Август Форд Тақвимининг 632 Йили. Сут Безлари Экстракти; Бир Кунда Уч Маҳал, Овқатланишдан аввал, Оз Миқдордаги Сув билан Қабул Қилинсин. Плацентин; Ҳар учинчи кунда 5 миллилитрдан, Томир Орқали Юборилади…” Эҳ-ҳ! – Ленина сесканиб кетди. – Томирга санчиладиган игнани кўришга кўзим йўқ.
– Менга ҳам ёқмайди бу. Лекин фойдаси бўлса…
Фанни чиндан ҳам мулоҳазали қиз эди.
*
Раҳнамомиз Форд ёки Фрейд (биз сирини тушуниб ета олмаган қандайдир сабабга кўра, руҳий муаммолардан сўз очган пайт, у ўзини шу исм билан атарди) оилавий ҳаётнинг ҳалокатли оқибатларини илк бор фош этди. Дунё оталарга тўла, бинобарин азоб-уқубатга тўла; оналарга тўла, демак, садизмдан тортиб иффатгача бўлган барча бузуқлик турларига тўла; акалар, сингиллар, тоғалар, холалар, умуман, телбалик ва худкушликлар уяси эди.
– Айни дамда, Янги Гвинея қирғоқларидаги айрим оролларда яшовчи, ёввойи самоаликларнинг…
Тропик қуёш нурлари яшнаб ётган ўт-ўланлар аро чувалашиб, шаҳвоний қучоқлашиб юрган шир-яланғоч болалар устига қайноқ асал каби ёғиларди. Тепаси пальма япроқлари билан беркитилган йигирмата кулбадан исталган бири улар учун уй бўла оларди. Тробрианд оролларида аёлнинг ҳомиладор бўлишини аждодлар руҳидан кўришарди; оталик, умуман, ота ҳақида бирор гап бўлиши мумкин ҳам эмасди.
– Ўта зид нарсалар мутаносиб, – таъкидлади Бош Нозир. – Бунинг сабаби уларнинг ўзаро мутаносиб бўлганидир.
*
– Доктор Уэльс айтди, уч ойлик сунъий ҳомиладорлик даври уч-тўрт йил давомида соғлиғимга яхши таъсир ўтказаркан.
– Ундай бўлса, нима ҳам дердик, – деди Ленина. – Бироқ, Фанни, сен бу уч ой давомида сен…
– Қўйсанг-чи, шириним. Бор-йўғи, икки ҳафта, ундан кўп эмас. Мен бу кечани клубда мусиқали бриж ўйнаб ўтказаман. Сен эса, албатта, кўнгилхушлик қилгани борарсан?
Ленина бош ирғади.
– Ким билан бугун?
– Ҳенри Фостер билан.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?