Текст книги "АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ"
Автор книги: Олдос Ҳаксли
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
5
Биринчи қисм
Соат саккизларга бориб, қош қорая бошлади. Гольф клуби минорасидаги карнайдан таралган синтетик тенор овоз майдоннинг ёпилиши ҳақида хабар қилди. Ленина ва Ҳенри ўйинни тўхтатиб, клуб биноси томон кета бошладилар. Ички ва ташқи секреция трестининг панжаралари ортидан минг бош чорванинг маъраган товуши эшитилиб турарди. Уларнинг сут ва гормонлари Фарнам-Роялдаги фабриканинг асосий хомашёси саналарди.
Оқшом ҳавосини вертопланларнинг тинимсиз шовқини босди. Ҳар икки ярим дақиқада бир изли электропоездларни жўнаётгани ҳақида огоҳлантирувчи қўнғироқ ва бўғиқ гудок чалинарди: қуйи кастага мансублар ўйин майдонларидан пойтахтдаги уйлари томон қайтмоқда эдилар.
Ленина ва Ҳенри машиналарига ўтириб, ҳавога кўтарилдилар. Икки юз метрли баландликда Ҳенри тезликни камайтирди ва бир-икки дақиқада улар хира тортаётган манзара узра муаллақ қолдилар. Бернам-Бичез ўрмони бамисоли зулмат босган кўл каби ғарбдаги порлоқ, мовий осмон томон узаниб кетганди. Уфқда кунботарнинг сўнгги малинаранг тасмаси қизариб турарди, ундан юксакроқда эса осмон хира тортган – тўқ сариқ рангдан сариққа ўтиб, сўнг яшиллаган сув тусига кирганди. Ўнгроқда, шимол томонда, Фарнам-Рояль фабрикаси чироқлари дарахтлар узра порлаб, йигирма қаватли бинонинг барча хоналарини ўткир нури билан ёритиб турарди. Пастда Гольф клуби бинолари ястаниб ётарди. Қуйи синф вакиллари учун қурилган қисми кенг ва кўримсиз, ажратувчи девордан нарида эса альфа ҳамда беталар учун мўлжалланган мўъжазроқ бинолар жойлашганди. Қуйи синфлиларнинг қумурсқаники каби галаси моновокзалга кириш йўлини қорайтириб кўрсатарди. Чироқлари ёниқ поезд шиша гумбаз остидан қоронғи кенглик томон йўлга чиқди. Уни жануби-шарққа кузатиб қўйгач, нигоҳлар Ботқоқ крематорийининг муҳташам биносига тушди. Тунда парвоз қилувчи учоқларга хавф туғдирмаслик учун тўртта баланд мўри қувури прожекторлар билан ёритилиб, учларига тўқ қизил сигнал чироқлари ўрнатилганди. Крематорий биноси кўпчилик манзилда мўлжал оладиган жой эди.
– Нега бу қувурлар балконга ўхшаш нарсалар билан ўраб чиқилган? – сўради Ленина.
– Фосфор олиш учун, – қисқача тушунтирди Ҳенри. – Газ қувур орқали кўтарилаётганда, тўрт хил қайта ишловдан ўтади. Авваллари ўликни ёқсалар, фосфор пентоксиди қувурдан осмонга чиқиб кетарди. Энди пентоксиднинг тўқсон саккиз фоизидан кўпроғи ушлаб қолиняпти. Бу эса биргина Англиянинг ўзидан йилига тўрт юз тоннадан кам бўлмаган фосфор йиғиб олиш имконини беради, – Ҳенрининг овозида кўтаринки бир фахр бор эди, бу ютуқ худди унинг ўзиникидай, чин юракдан суюнаётганди. – Қазо қилганимиздан кейин ҳам жамиятга фойда келтиришимизни билиш нақадар ёқимли. Ўсимликларнинг ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Ленина шу орада пастга, моновокзал кўриниб турган тарафга назар ташлади.
– Ёқимли, – бош ирғади у. – Лекин шуниси қизиқки, ўсимликни ундиришда альфа ва беталардан олинган фосфор ҳув анави ерда уймалашиб юрган, хунуккина гамма, дельта ва эпсилонларникидан афзалроқ бўлмайди.
– Физик-кимёвий жиҳатдан барча одамлар тенгдир, – деди Ҳенри маъноли оҳангда. – Боз устига, ҳатто эпсилонлар ҳам ўз ҳаётий вазифаларини бажарадилар.
“Ҳатто эпсилонлар…” Ленинанинг ёдига бирдан бошланғич синфда ўқиб юрган пайтлари тушди. Ўша кунлардан бирида у ярим кечаси уйғониб кетган, ҳар тун тушларига кириб чиқувчи сасни илк бор ўнгида эшитганди. Ойдин кеча, оппоқ каравотлар саф тортган; овоз мулойимлик билан шивирларди (у сўзлар керагича қайтарилгач, мияга ўрнашиб, ёддан чиқмайдиган бўлганди, албатта): “Ҳар ким ҳамма учун меҳнат қилади. Ҳар бир киши бизга керак. Ҳатто эпсилон ҳам. Эпсилонларсиз анча қийин бўларди. Ҳар ким ҳамма учун меҳнат қилади. Ҳар бир киши бизга…”
– Эпсилон ўз эпсилонлигидан афсусланмаса ҳам керак, эҳтимол, – деди у овоз чиқариб.
– Албатта, йўқ. Нега афсуслансин? Ахир улар эпсилон бўлмаслик нима эканини билмайди-ку. Бизнинг эса дилимиз сиёҳ бўлган бўларди, чунки фикрлаш тарзимиз бошқача шаклланган. Ирсиятимиз ҳам бўлак.
– Менинг эпсилон эмаслигим яхши, – деди Ленина чуқур қониқиш билан.
– Эпсилон бўлганингда ҳам, сунъий шакллантирилган рефлексларинг туфайли альфа ё бетадан кам мамнун бўлмасдинг.
Ҳенри олдинга юргизувчи парракни ёқиб, машинани Лондон томон бурди. Орқа тарафда, кунботишдаги қирмизи ва тўқ сариқ тусли шафақ деярли сўниб бўлган эди; осмон юзасида энг тепа нуқтагача қора булутлар тизмаси узанганди. Крематорий устидан учиб ўтишаётган пайтда вертопланни қувурлардан чиқаётган иссиқ газ оқими тутиб олди ва яна дарҳол салқин ҳаво тўлқинига қўйиб юборди.
– Илонизи йўлда тебраниб кетаётгандекмиз, – шодланиб кулди Ленина.
– Нега силкинганини биласанми? – деди Ҳенри деярли тушкун оҳангда. – Инсон танаси узил-кесил буғланиб ғойиб бўлади. У осмонга қайноқ газ шаклида сачраяпти. Ёнган одам ким экан-а, қизиқ – эркакми ё аёл, альфами ё эпсилон?..
У хўрсинди. Сўнг дадил, қатъий оҳангда фикрини якунлади:
– Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ: у одам ким бўлмасин, ҳаётда бахтиёр яшаб ўтди. Ҳозир ҳамма бахтли.
– Ҳа, ҳозир ҳамма бахтли, – акс-садо каби жавоб қайтарди Ленина. Бу иборани улар ўн икки йил мобайнида, ҳар кеча юз эллик мартадан эшитган эди.
Улар Вестминстердаги Ҳенри яшайдиган қирқ қаватли турар-жой биносининг томига қўнганларидан кейин тўғри овқатланиш залига тушиб боришди. Қувноқ ва сершовқин даврада кечки овқатни иштаҳа билан едилар. Уларга қаҳвага қўшиб сома ҳам беришди. Ленина иккита ярим граммлик таблеткани, Ҳенри эса учтасини ичиб юборди. Соат тўққизу йигирмада улар кўчани кесиб ўтиб, Вестминстер аббатлигидаги янги очилган кабарега йўл олдилар. Тунги осмонда булут деярли йўқ, ой кўринмас, юлдузлар чарақларди. Аммо бахтларига Ленина ва Ҳенри бу дилни хира қилувчи воқеликни пайқамадилар. Ялял ёнган реклама ортида тун зулмати ғойиб бўлганди. Янгиланган аббатликнинг олд қисмига катта-катта, ўзига жалб қилувчи ҳарфлар билан “Кeлвин Стоупс ва Унинг Ўн Олти Сексофончиси” деб ёзиб қўйилганди. “Лондондаги Энг Яхши Ифор ва Рангли Орган. Энг Янги Синтeтик Мусиқалар”.
Улар ичкари кирдилар. Димоғларига анбар ва сандалнинг ҳиди анқиган иссиқ, дим ҳаво урилди. Ўша дақиқада рангли орган аббатлик гумбази остида тропик қуёш ботишини тасвирлаётган эди. Ўн олтита сексофончи барча учун аллақачон севимли бўлишга улгурган куйни ижро этарди: “Кенг дунёни изланг, тополмайсиз, лек менинг жонажон шишамга ўхшаганини”. Сайқалланган полда тўрт юз жуфтлик “Беш одим” рақсини адо этмоқда эди. Ленина ва Ҳенри ўша ондаёқ уларга тўрт юз биринчи бўлиб қўшилди. Сексофонлар ой ёғдуси остида чинқирган мушуклар каби дод солардилар, альто ва тенор пардаларида гўё ўлимга тенг ҳижрон азобида қолгандай оҳ тортардилар. Обертонлар жўрлигида уларнинг титроқ овози кучайди, авж нуқтаси томон кўтарилиб борди, баландроқ, яна ҳам баландроқ янгради ва ниҳоят, дирижёрнинг қўл силташи билан ду-дутлаётган ўн олти одамчани абаслик томон улоқтирган ақл бовар қилмас самовий нота гумбурлади. Бу гумбурлаш ля-бемол-мажор эди. Сўнг унга деярли сассизлик ва зулмат ичра силлиқ оққан диминуэндо уланиб кетди. У оҳиста сузган чорак оҳангда доминант аккордга тушган, 5/4 тебранма ритмлар узра сокин ва сўнгсиз пичирловчи ва лаҳзаларни оғир ҳижрон ҳисси билан тўлдирувчи сас эди. Ана, кейин ҳижронлар ариди, тўсатдан тонг қуёши порлади. Сўнгра ўн олтилик бирдай ув торта кетди:
Шишагинам, нега бизни айирдилар?
Яна унинг оғушига киргим келар.
Унда мангу баҳор, унда мовий осмон;
Фароғатга ватан бўлган, нурли макон.
Кенг дунёни изланг, лекин тополмайсиз
Менинг жонажон шишамга ўхшаганин.
Ленина ва Ҳенри қолган тўрт юз жуфтликка қўшилиб Вестминстер аббатлиги атрофини айланиб, “беш одим” рақсига тушмоқда, айни дамда улар бошқа дунёда, қуёшли, ранг-баранг, қувонч-шодликка тўла тантанавор сома дунёсида ҳам эдилар. Бунча меҳрибон, бунча яхши бўлишмаса, нақадар ажойиб кишилар экан-а булар! “Шишагинам, нега бизни айирдилар?..” Аммо Ленина ва Ҳенри учун бу айрилиқ тугаганди… Улар аллақачон шиша ичига маҳкам ўрнашиб олган, нурли осмон остига, фароғатли маконларига қайтган эдилар. Тинкамадори қуриган ўн олти машшоқ сексофонларни қўйди, шундан сўнг синтетик мусиқа аппаратидан энг янги ва сокин мальтузиан блюзи янграй бошлади. Бу куй Ҳенри ва Ленинани бамисоли шиша ичра оққан, қон ўрнини босувчи суюқлик тўлқинларида тебранаётган икки эгизак эмбрионлар каби аллаларди.
– Хайрли тун, азиз дўстларим! Хайрли тун, азиз дўстларим! – радиокарнайлар хайрлаша бошлади. Буйруқ ёқимли ва мусиқий оҳангда ифода қилинарди. – Хайрли тун, азиз дўстларим…
Ленина ҳамда Ҳенри бошқалар қатори итоаткорлик билан Вестминстер аббатлигини тарк этдилар. Тушкун юлдузлар ҳам само узра бир қадар силжиганди. Аммо ял-ял ёнган реклама кўзни энди у қадар олмаётган бўлса ҳам, Ленина билан Ҳенри бу тунни аввалгидай хушбахтлик билан пайқамадилар.
Рақслар поёнига етишидан ярим соат аввалроқ қабул қилинган соманинг иккинчи дозаси икки ёшни ҳақиқий дунёдан жуда қалин девор билан ажратиб қўйганди. Улар кўчаларни кесиб ўтаётганида ҳам йигирма тўққизинчи қаватдаги ўз бўлмаларига кўтарилаётган вақтда ҳам, тиқин ичида эдилар. Бироқ Ленина соманинг иккинчи дозаси ва тиқин ичидалигига қарамай, ҳомиладан сақланиш чораларини рисоладагидек кўриб қўйишни унутмади. Йиллар давомида гипнопедия таъсирида бўлиш, ўн икки ёшидан то ўн еттига киргунга қадар ҳафтада уч бор мальтузиан машқлари билан шуғулланиш унда бу одатни деярли автоматик ҳаракатга айлантириб қўйганди..
– Ҳа, айтганча, – деди у ваннадан чиққач, – Фанни Краун мана бу чиройли, кўк сахтиён тасмани қаердан топганингга қизиқяпти.
Иккинчи қисм
Икки ҳафтада бир, пайшанба кунлари Бернард Бирдамлик йиғинларида иштирок этиши керак эди. Навбатдаги йиғин куни кеч тушишидан аввал у Гельмгольц билан биргаликда “Афродитеум“да тушлик қилди (клуб низомининг иккинчи бандига биноан, Гельмгольц яқинда у ерга қабул қилинганди), кейин дўсти билан хайрлашиб, томда таксига ўтирди-ю, учувчига Фордзон жамоат ибодатхонасига учишни айтди. Уч юз метр кўтарилгач, вертоплан шарқ томон бурилди, Бернарднинг кўз ўнгида ибодатхонанинг улуғвор қалъаси намоён бўлди. Ладгейт тепалигида “Фордзон”нинг прожекторлар билан ёритилган, уч юз йигирма метрли олд қисми оппоқ қор каби порларди; унга оқ, сунъий каррара мармарлари билан ишлов берилганди. Учиш-қўниш майдончасининг тўртта бурчагида ҳам, катта Т белгилари тунни қизил тусда ёритар, йигирма тўртта баҳайбат олтин карнайдан эса оғир, тантанавор синтетик мусиқа янграрди.
– Форд урсин, кеч қоляпман, – ибодатхона минорасидаги “Катта Ҳенри” – катта соатга кўзи тушган Бернард тўнғиллади ва чиндан ҳам, учувчининг ҳақини тўлаётганида соатлар садо берди.
– Форд, – олтин карнайлардан йўғон овоз гумбурлаб чиқарди. – Форд, форд, форд… – шу тахлит тўққиз марта қайтарилди. Бернард лифтга ошиқди.
Саройнинг пастки қаватида дабдабали маросимлар зали жойлашган бўлиб, Форд куни тантаналари билан биргаликда бошқа ибодат маросимлари ҳам ўша ерда ўтарди. Зал тепасидаги ҳар бир қаватдаги юзтадан жами етти мингта хона эса Бирдамлик гуруҳларининг ойда икки бор ўтказиб туриладиган йиғинлари учун мўлжалланганди. Бернард тезда ўттиз тўртинчи қаватга тушди, йўлакдан чопиб ўтиб, 3210 хона қаршисида тўхтади, сўнг бир тетикланиб олгач, эшикни очиб ичкари кирди.
Фордга шукр, ҳали ҳамма келишга улгурмабди. Кенг стол теграсига териб чиқилган ўн иккита ўриндиқдан учтаси ҳали бўш эди. У тезроқ ва ими-жимида энг яқинидагига ўтириб олгач, яна ҳам кечикиброқ келадиганларни таънали бош чайқашлар билан кутиб олишга чоғланди.
– Сен бугун қанақа гольф ўйнадинг – тўсиқлими ёки электромагнитли? – ёнгинасида ўтирган қиз у томон қайрилиб сўради.
Бернард унга кўз ташлади (О, Форд! Ахир бу Моргана Ротшилд-ку!), қизарганча ҳеч бирини ўйнамаганини тан олди. Ҳайратдан Моргананинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. Ўртада ўнғайсиз жимлик юзага келди.
Сўнгра Моргана чап ёнидаги, спортдан бўйин товламайдиган шериги томонга намойишкорона ўгирилиб олди.
“Бирдамлик маросими учун яхши бошланиш”, – гуноҳини ювишда яна омади келмаслигини олдиндан билиб ғамгин хаёлга толди Бернард. Ўриндиққа ўзини отишдан аввал сал у ёқ-бу ёққа қараши керак эди! Ахир Фифи Бредлоо ва Жоанна Дизеллар ўртасидаги ўринга ўтирса ҳам бўлар эди-ку! Бунинг ўрнига у Моргананинг ёнига суқилиб олди. Морганани-я! О Форд! Бу қора қошлар ўшаники – аниқроғи, яхлит узун қош, улар бурун тепасида бир-бирига туташиб кетганди. Ё Фордим! Ўнг томонида эса Клара Детердинг. Унинг қошлари туташмаган, аммо дўмбоққина. Ҳолбуки, Жоанна ва Фифи энг мақбули эди. Дўмбоққина, малласоч, аммо ортиқча семиз эмас. Афсуски, у ўринни давангир маймоқ Том Кавагучи банд қилиб бўлди.
Ҳаммадан охири Сарожини Энгелс кириб келди.
– Кеч қолдинг, – гуруҳ раиси зарда қилди. – Бошқа қайтарилмасин!
Сарожини узр сўради ва Жим Бокановский ҳамда Герберт Бакунинлар орасига аста суқилди. Энди гуруҳнинг барча аъзолари жамулжам, Бирдамлик давраси тўкис ва бенуқсон бўлди. Барчалари стол атрофида эркак, аёл, эркак тартибида ўтириб олишди. Ўн икки одам ўзларининг айро ўзликларини эритиб, қориштириб юборишга, бир катта вужуд бўлиб бирлашишга тайёр эди.
Раис ўрнидан туриб, Т ишорати билан чўқинди, синтетик мусиқани ёқди. Пуфлама ва хафиф торли созларда, дўмбираларнинг паст овоздаги бетиним гумбурлаши остида янгровчи, юракни чимдиб такрорланаверувчи ва кишини сеҳрлаб қўядиган Биринчи Бирдамлик мадҳияси эди у. Яна, яна ва яна такрорланавергач, бу тебратувчи ритм қулоқларда эмас, балки қалб тубида янграй бошлади; оҳанг ва нола бош билан эмас, эзилган ботин билан қабул қилинаётганди.
Раис яна Т ишорати билан чўқиниб, жойига ўтирди. Ибодат бошланди. Столнинг марказига табаррукланган сома таблеткалари қўйилганди. Музқаймоқ ва бир қадаҳ қулупнайли, сомали сув қўлдан қўлга ўтаркан, ўн икки аъзонинг ҳар бири навбати билан “Йўқликка кетиш учун ичаман!” дея ичиб чиқишди. Кейин, синтетик ансамбль куйи остида Биринчи Бирдамлик мадҳияси куйланди.
Форд! Бир бўлайлик ўн икки,
Дарёдаги бир томчи мисол.
Биргаликда югурайлик,
Порлоқ машинанг мисол.
Истак ифодаси бўлмиш ўн икки мисра. Сўнг севимли қадаҳ иккинчи марта келди. Қадаҳ сўзи энди шундай жаранглади: “Буюкроқ Вужуд учун ичаман”. Ҳамма ичди. Мусиқа тинмасди. Дўмбиралар чалинарди. Янграётган, инграётган оҳангдан ботинлар титради, увушди, эриди. Иккинчи Бирдамлик мадҳияси яна куйланди:
Келгин, Буюкроқ Вужуд,
Ўн иккини бир қилгин.
Улкан тана бўлиб бут,
Ўлимдан сўнг тирилсин.
Тағин ў н икки банд. Сома энди ўз таъсирини ўтказа бошлаганди. Кўзлар ёнар, ёноқлар қизарди, чеҳралар қалбдан чиққан муҳаббат ва эзгулик билан ёришиб, ичичидан ва бахтиёр жилмайди. Ҳатто Бернарднинг кўнгли ҳам бирмунча юмшади. Бир маҳал Моргана Ротшилд унга порлоқ табассум ҳадя қилди, у ҳам имкон қадар жавоб қайтарди. Аммо бу қош, қоп-қора, узун қош, э воҳ, ғойиб бўлмади; ҳар қанча уринмасин, барибир бунга кўз юма олмади, юммади. Унинг кўнгли керагича юмшамаган эди. Агар у Жоанна ва Фифилар орасида ўтирганида балки…
Қадаҳ учинчи марта келди. “Унинг келиши муқаррарлиги учун ичаман”, деди Моргана – қадаҳ айлантириш навбати унга келганди. Овози баланд ва кўтаринки руҳда эди. Сўнг ичиб, Бернардга узатди. “Унинг келиши муқаррарлиги учун ичаман”, – у чин дилдан Буюкроқ Вужуднинг яқинлигини ҳис қилишга тиришиб жумлани такрорлади. Аммо қора қош унинг миясига ўрнашиб олган ва шу сабабли Бернард учун У даҳшатли даражада узоқлигича қолди. Бернард қадаҳдан ҳўплаб, уни Клара Детердингга узатди. “Яна бирлашолмаяпман, – ўйлади сўнг. – Аниқ бирлаша олмаяпман…” Лекин у порлоқ табассум қилишга бор кучи билан ҳаракат қилди.
Қадаҳ давра бўйлаб айланди. Раис қўлини кўтарди, унинг ишорасига кўра, Учинчи Бирдамлик мадҳияси жўр овозда куйланди:
У келган пайтни англа,
Шод бўл, шодонликда ўл!
Улуғвор вужуд ичра
Мен сендирман, сен мендирман.
Банд бандга уланиб, овозлар борган сари ҳаяжонли чиқаверди. Унинг келиши яқинлигидан ҳаво ток урган каби зирилларди. Раис мусиқани ўчирди, охирги банднинг сўнгги нотаси олдидан буткул жимлик чўкди – титроқли, этни жимирлатувчи, белни музлатувчи орзиқиб кутиш онлари. Раис қўлини чўзди; уларнинг тепасида кутилмаганда Сас, ҳар қандай инсон овозидан мусиқийроқ, йўғонроқ, севги титроғи ва азобига бойроқ, сирли, мўъжизавий, ғайритабиий Сас янгради. “О Форд, Форд, Форд…” Овоз аста пасайиб, сўниб борди. Тинглаётганлар ичига ёқим ли илиқлик кирди – гардан, қўл ва оёқ бармоқлари учига қуёш шуъласи инди; димоғларга йиғи қадалди; юрак, бутун ички аъзолар шув этди, тўлғанди. “О Форд!” – улар эриб кетдилар; “Форд!” – қоришдилар, қоришдилар. Аммо кутилмаганда барчани ҳайратга солиб:
– Қулоқ солинг! – хитоб қилди Сас. – Қулоқ солинг!
Улар қулоқ солдилар. Бир оз тин олгач, овоз шивирга, аммо фарёддан ҳам таъсирлироқ шивирга айланди:
– Буюкроқ вужуд қадамлари…
Кейин яна:
– Буюкроқ вужуд қадамлари…
Энди ҳаддан ташқари сўник шивир эшитилди:
– Буюкроқ Вужуд қадамлари зиналарда эшитиляпти.
Ва яна сукунат чўкди; шундан сўнг бир лаҳзага бўш қўйган ички зўриқиш қайта кучайиб, деярли тоқат қилиб бўлмас даражага келди. Буюкроқ Вужуд қадамлари – о, улар эшитиляпти, энди яққол эшитиляпти, улар бу кўринмас зиналарда оҳиста акс-садо бериб, яқинроқ ва яна ҳам яқинроқ тушиб келмоқда. Буюкроқ Вужуд қадамлари… Ва кутилмаганда сабр-тоқат битди. Кўзлари косасидан чиқиб кетай деяётган, оғзи эса ланг очилиб қолган Моргана Ротшилд ўрнидан сакраб турди.
– Мен уни эшитяпман, – қийқириб юборди у. – Эшитяпман!
– У келяпти!.. – бақирди Сарожини.
– Ҳа, у келяпти! Эшитяпман!.. – Фифи Бредлоо ва Том Кавагучи бирдан сакраб туриб кетишди.
– О-о-о! – беихтиёр қичқирди Жоанна.
– Жуда яқин қолди!.. – фарёд кўтарди Жим Бокановский.
Раис жон ҳолатда тугмачага ўзини отди ва ўша онда мис карнай ва доиралар қий-чуви, там-тамларнинг асабий овози портлади.
– Яқин қолди! О!.. – Клара Детердинг худди уни биров бўғизлаётгандай чийилларди.
Энди нимадир қилмаса бўлмаслигини фаҳмлаган Бернард ҳам ўрнидан сапчиб туриб, ҳайқирди:
– Мен эшитяпман! У яқин.
Аммо бу ёлғон эди. У ҳеч нарсани эшитмаганди, у кимдир келаётганига ишонмасди. Мусиқага қарамай, атрофдагиларнинг тобора ақлдан озиб бораётганига қарамай, у ҳеч нарсани туймасди. Аммо Бернард қўлларини силкитди, бошқалардан ҳеч қолишмай додлади, улар жилпанглаб, тапиллаб, силтана бошлаган пайтларида эса у ҳам тепиниб рақсга тушди.
Улар доира бўйлаб айланишарди. Ҳар бири ўзидан олдинда бораётганнинг белидан ушлаб олган, ҳар бири мусиқа маромига мослаб қийқирар, депсинар ва ўзидан олдинда бораётганнинг орқасига шу маромда тарсакилар эди. Ўн икки бўрсилдоқ думбага ўн иккита кафт бирдай тарсиллаб урилгани кўйи улар айланаверишди, айланаверишди. Ўн иккита бир бутун, ўн иккита бир бутун. “Мен эшитяпман, эшитяпман, у келяпти…” Мусиқа тезлашди; оёқлар илдамроқ тепина бошлади, кафтлар ҳам ритмга мослаб тезроқ ва тезроқ тарсакиларди. Шу пайт бирдамлик юзага келгани, ўн иккининг ниҳоят Бир бўлгани, Буюкроқ Вужуднинг тажассумланганидан хабар қилувчи кучли синтетик бас гумбурлади. “Куй-ла-сайрэт”, – тамтамнинг шиддаткор зарбалари остида бас давом этди:
Куй-ла, сайр-эт, кул шодон,
Бўлайлик бир тану жон.
Форд истар бирлигимиз,
Янгитдан кўз очамиз.
– Куй-ла, сайр-эт, кул-шо-дон, – раққослар ибодат оҳангидаги ҳайқириққа зўр бердилар, – бў-лай-лик-бирта-ну-жон…
Ёруғлик аста-секин хира торта бошлади, лекин айни дамда қизиб, қизариб, қирмизи тусга ҳам кирди. Мана, энди улар Эмбрионарийнинг олча монанд зулматида рақс тушмоқда эдилар. “Куй-ла-сайр-эт…” Ўзларининг шишаларга тўлган, қондай қизил зулматларида раққослар доира шаклида айланар, маромга мослаб тинимсиз тарсаки урардилар. “Кул-шо-дон…” Сўнг айлана бир силкинди, бузилиб, майдаланиб кетди; жуфтликлар стол атрофида ҳалқа ичра ҳалқа бўлиб, сайёралар янглиғ терилган ўриндиқларга чўкдилар. “Бў-лай-лик-бир-та…” Сеҳрли Сас қуюқ, ёқимли ва ичкин тарзда давом этарди; қизил қоронғиликда улкан занжи кабутар жуфт-жуфт бўлиб ётган раққослар тепасида гир айланаётгандек эди.
*
Улар томда туришарди; “Катта Ҳенри” эндигина ўн бирга занг урди. Сокин ва илиқ тун бошланди.
– Нақадар қойилмақом бўлди!.. – деди Фифи Бредлоо Бернардга сўз қотиб. – Шунчаки, қойилмақом!
Унинг кўзлари завқдан ёнарди, аммо бу завқда нотинчлик ва ҳаяжондан асар ҳам йўқ эди, зеро, тўла қониқиш ҳосил бўлган жойда ҳаяжон йўққа чиқади. Ундаги завқ қўшилиш амалга ошганидан кейинги тинч тўлқинланиш эди; бўшлиқ ёки қуруқ қониқишдан ҳузурланиш эмас, ҳаётий мувозанатдан, ҳордиқ онидаги кучғайратдан ҳузур туйиш эди. Тўйинган ва янгиланган умр фароғати. Зеро, Бирдамлик маросими нафақат нимадир олган, балки берганди ҳам – у иштирокчилар борлиғини қайта тўлдириш учунгина бўшатганди. Фифи ўзини бор вужуди куч ва мукаммаллик билан тўлгандай ҳис этди; у ҳозир ўзидан-да каттароқ эди.
– Қойилмақом бўлди-ку, тўғрими?.. – у ажиб порлаётган кўзларини Бернардга тикаркан, ҳовурини ҳеч боса олмаётганди.
– Ҳа, беҳад қойилмақом, – кўзини олиб қочиб ёлғон гапирди у; Фифининг ўзгача қиёфаси уни ҳам айблаб, ҳам ягона вужудга синга олмай, алоҳида қолганини масхараомуз тарзда ёдига солаётганди.
Бернард ҳозир, йиғиннинг бошида бўлгани каби, бошқалардан айролик ҳиссини алам билан туяр, ҳатто ундан ҳам аччиқроқ ёлғизликка дучор бўлганди, сабаби – бўшатилган, аммо қайта тўлмаган, тўйинган, лекин бу ўлик тўйиниш эди. Бошқалар Буюкроқ Вужудга қоришиб кетган маҳалда у ажралган ва йироқлашган; ҳатто Моргана уни қучоқлаган пайтда ҳам танҳо, ҳаётида ҳеч бўлмагани каби ёппа-ёлғиз эди ва умидсизлик ботқоғига аввалгидан кўра чуқурроқ ботиб кетганди. Бернард олчаранг қоронғиликдан оддий электр чироқлари дунёсига бегоналик ҳисси билан, оғир изтиробга тўлиб чиқди. Унинг бахтиқаролиги чегарасига етганди ва, эҳтимол (Фифининг порлоқ кўзлари уни шунда айбларди), эҳтимол, бу ўзининг айби билан содир бўлганди.
– Беҳад қойилмақом, – такрорлади у; лекин кўз ўнгидан ҳамон битта нарса – Моргананинг қоши кетмаётганди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?