Текст книги "АЖИБ ЯНГИ ДУНЁ"
Автор книги: Олдос Ҳаксли
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
4
Биринчи қисм
Лифт Альфалар ечиниш хонасидан чиққан йигитлар билан тўлган эди. Улар Ленинани дўстона табассум билан бош ирғаб қарши олишди. У йигитларга яхши таниш эди; уларнинг деярли ҳар бири билан қачондир тунни бирга ўтказганди.
“Ёқимтой болалар” алик олаётиб хаёлидан ўтказди у. Ажойиб болалар! Фақат Жорж Эдзелнинг шалпангқулоқлиги ёмон (балки, 328-метрда унга паратироид гормонини жиндак кўпроқ қўшиб юборишгандир). Бенито Ҳуверга қарар экан, беихтиёр у ечинганда кўрган ҳаддан ташқари юнгдор бадани хаёлига келди.
Унинг қора, жингалак юнгли бадани ҳақидаги хаёлдан бироз ғашланган Ленина нигоҳини четга олиб қочди-ю, бир бурчакда биқинган Бернард Маркснинг пачоқ танаси ва ғамгин юзини кўрди.
– Бернард!.. – у йигит томон қадам ташлади. – Мен сени излаётгандим…
Қизнинг жарангдор овози юқорига қараб кўтарилаётган тезкор лифтнинг гувиллашини босиб кетди. Эркаклар қизиқсиниб, улар томон алангладилар.
– Нью-Мексикога сафаримиз ҳақида гаплашмоқчи эдим, – қиз кўз қирини ташлаб, Бенито Ҳувернинг оғзи ланг очилиб қолганини кўрди. Бу ҳолат унинг ғашига тегди.
“У билан яна саёҳатга чиқиш истагида эмаслигимдан ҳайрон”, – ўйлади у. Сўнг овозни чиқариб, яна ҳам ўтлироқ оҳангда деди:
– Июлда сен билан бир ҳафталик таътилга боришни интиқиб кутяпман (у ҳозир қандай бўлмасин, Ҳенри Фостерга садоқати йўқлигини ошкора намойиш қилишга тиришмоқда эди. Гарчи бу Бернард бўлса ҳам, Фанни севинган бўларди). Айтмоқчиманки, – Ленина Бернардга ўзининг мафтункор ва сермаъно табассумини ҳадя қилди, – кўнглинг ҳали ҳам мени тусаса, албатта.
Бернарднинг заҳил юзи қизарди. “Нега қизариб кетди?” дея таажжубланди қиз, айни дамда, ўзининг нафосат кучига бу усулдаги ғалати хушомаддан таъсирланиб.
– Балки бу ҳақда ҳозир эмас, кейинроқ гаплашармиз, – хижолатдан дудуқланиб, минғирлади Бернард.
“Худди, мен унга бирор уят сўз айтгандай, – ҳайратланди Ленина, – ўсал бўлди. Гўё мен унга бирор беодоб ҳазил қилиб, онаси кимлиги ё шунга ўхшаш нарсаларни сўрагандек…”
– Бу ерда эмас, ҳамманинг ёнида эмас… – у буткул довдираб, нафаси ичига тушиб кетганди.
Ленинанинг самимий ва дилбар кулгиси янгради.
– Бирам кулгилисанки! – ич-ичидан шодланиб деди қиз. – Фақат мени, ҳар эҳтимолга қарши, бир ҳафта олдин огоҳлантириб қўйгин, хўпми? “Мовий Тинч Океани”да учамиз-ку, тўғрими? У Черинг-Т Тауэрдан кўтарилармиди? Ёки Ҳемпстеддан?
Бернард жавоб беришга улгурмади, лифт тўхтаганди.
– Чордоқ! – эълон қилди хирилдоқ овоз.
Лифтбон маймунсифат жонзот, қора туника кийган ярим телба манфий-эпсилон эди.
– Чордоқ!
Лифтбон эшикларни ланг очди. Баҳаво ёз қуёшининг илиқ нури уни бир сескантирди ва кўзларини қисиб олишга мажбур қилди.
– О-о, чордоқ! – такрорлади у завқланиб. Шу дамда гўё жуда қаттиқ уйқудан бахтиёр уйғонгандек эди. – Чордоқ!
У йўловчиларга қараб, кўппакмонанд ялтоқилик билан жилмайди. Улар лифтдан гаплашиб кулганча чиқиб кетдилар. Лифтбон уларнинг ортидан қараб қолди.
– Чордоқ? – такрорлади у энди савол оҳангида.
Ўша онда қўнғироқ чалинди ва лифт шифтидаги карнайдан юмшоқ ва қатъий буйруқ тарзидаги сас эшитилди:
– Пастга туш, пастга туш! Ўн тўққизинчи қаватга. Пастга туш. Ўн тўққизинчи қаватга. Пастга…
Лифтбон эшикларни ёпиб, тугмачани босди ва шу ондаёқ шахтанинг ғувиллаган зулматига, ўзининг одатий мудроқлигига қайтди.
Чордоқда ҳаво иссиқ ва қуёшли эди. Ёз кунлари вертопланларнинг аллаловчи гувиллаган товушига тўлган; одамларнинг боши узра ўн километр баландликда учаётган кўз илғамас ракетопланлар эркаловчи овозда гувиллайди.
Бернард чуқур нафас олди. Нигоҳини осмонга, сўнг мовий уфқларга ва ниҳоят Ленинага қаратди.
– Қандай гўзаллик!.. – унинг овозида титроқ бор эди. Ленина унга самимий жилмайиб қаради.
– Роса гольф ўйнашли ҳаво бўляпти, – деди у ҳаяжонланиб. – Энди эса, Бернард, мен кетишим керак. Куттириб қўйсам, Ҳенрининг жаҳли чиқади. Келишганимиздек, йўлга чиқиш олдидан менга хабар бериб қўясан.
Шундан сўнг у қўлини дўстона силкитиб, кенг ва ясси том устидан ангар томон чопиб кетди. Бернард жойида тек қотганча оқ пайпоқларнинг кичрайиб, кўздан йироқлашишини, офтоб қорайтирган тиззаларнинг (бир-икки, бир-икки) букилиб, ёзилишини ва тўқ яшил кўйлак остида янада юмшоқроқ, майинроқ кўринган, таранг турган чийдухоба калта иштонга термилиб қолди; чеҳрасида ғам-андуҳ балқиди.
– У ажойиб қиз эди, – орқадан баланд ва хушчақчақ овоз эшитилди.
Бернард бир сапчиди-ю, ортига қайрилди. Тепасида Бенито Ҳувернинг иссиқда қизарган, товоқдек юзи ялтирарди. Муболағасиз, у мулойим ва самимият-ла порлаётганди. Бенитонинг дилкашлиги тилга тушганди. Унинг сомасиз ҳам ҳаётини жуда мароқли ўтказа олиши ҳақида гаплар юрарди. Бошқалардан фарқли ўлароқ, унинг тушкун ё асабий кайфият хуружларини босишга уриниб юриши шарт эмас эди. Бенито учун олам доимо порлоқ бўлган.
– Ва бағоят дуркун қиз! Лекин қулоқ сол, – давом этди Бенито жиддийлашиб, – сенинг қовоғинг жуда солиқ! Битта сома таблеткаси керак сенга.
У шундай дея шимининг ўнг чўнтагидан бир шиша флакон чиқарди. – Сомадан бир грамм – чекинар ал… Ҳей, қаёққа?
Лекин Бернард тескари ўгирилди-ю, шаҳдам юриб кетди.
Бенито унинг орқасидан ҳайрон тикилганча ўйлади: “Бу болага нима бўлган ўзи?” Кейин бошини чайқаб, унинг қон ўрнини босувчи суюқлигига спирт қўшиб қўйилгани ҳақидаги миш-мишларда жон бор экан, деган қарорга келди: “Ҳа-а, бечоранинг миясини айнитиб қўйишган.
У сома идишини яширди, жинсий-гормонал сақичларни олди ва брикетни оғзига суқиб, кавш қайтарганча ангар томон аста одимлай кетди.
Фостер вертоплани аллақачон ангар тепасига олиб чиқиб қўйилганди. Ленина югуриб келганда, кабинада уни кутаётган экан. Ленина унинг ёнига ўтирди.
– Тўрт дақиқа кечикдинг, – қисқа қилиб деди Ҳенри. Сўнг моторларни юргизиб, юқориги парракларни қўшди. Машина тикка кўтарилди. Ҳенри акселераторни босди; парраклар товуши тукли арининг ғўнғиллашидан оддий ариникига ўтиб, ингичкалашди, сўнг чивиннинг визиллашига айланди; спидометр кўтарилиш тезлиги дақиқасига салкам икки километр эканини кўрсатарди. Лондон кичрайиб, пастда қолди. Бир неча сония ичида баҳайбат ва томи ясси бинолар ям-яшил боғ-роғлар орасида қаққайган, тўртбурчак қўзиқоринларга ўхшаб қолди. Улар орасида дарозроқ ва ингичка Черинг-Т Тауэр офтобда ярақлаган бетон ликобини кўкка тутганди.
Афсонавий паҳлавонларнинг кулранг танаси каби мовий кенгликда тўп-тўп булутлар муаллақ турарди. Дафъатан, бир булут ичидан қизил рангли, ингичка ҳашарот визиллаб чиқиб, пастга шўнғиди.
– “Қизил Ракета” Нью-Йоркдан қайтяпти, – деди Ҳенри. Кейин соатига қараб, бошини чайқади: – Етти дақиқага кечикяпти. Бу Атлантика йўналишидагилар асабни бузадиган даражада бетайин.
У акселератордан оёғини олди. Парраклар шовқини қовоғаридан боларига, боларидан тиллақўнғизга ва яна ҳам йўғонлашиб, шохдор қўнғизга – бир ярим октавага тушди. Кўтарилиш тезлиги секинлади. Сония ўтгач, машина ҳавода осилиб қолди. Ҳенри дастакни сурди, алмаштирув тугмаси босилди. Олдиндаги паррак аввалига секинроқ, кейин тезроқ ва яна тезроқ айланиб, доира шаклига кирди. Шамол ҳуштаги тобора ўткирлашиб борди. Ҳенри кўрсаткичдан кўзини узмасди, ниҳоят 1200 белгисини кўрсатган пайтда, у юқориги парракларни ўчирди. Энди машинани олға интилтирувчи кучнинг ўзи олиб кетарди.
Ленина оёғи остида – полдаги кузатув ойнасига кўз ташлади. Улар Лондон марказини атрофдаги йўлдош посёлкалардан айириб турувчи олти километр масофага чўзилган боғ тепасидан учиб ўтардилар. Унда-бунда дарахтлар гуркираб ётарди. Улар орасида марказдан қочирма тўп ўйини миноралари кўзга ташланиб, милтираб турарди. Шепардс-Буш туманида икки мингтача бетаманфий аралаш жуфтликлар риман юзаси теннисини ўйнарди.
Нотингҳиллдан Уилсденгача чўзилган кўчани икки томонидан қуршаб олган эскалаторли қўл тўпи майдонлари ҳам бўш қолмаганди. Илинг стадионида дельталар гимнастика томошаси ва куй-қўшиқлар кечасини ўтказаётганди.
– Улар шу қадар иркитки – мошранг, – Ленина ўз синфий гуруҳига тегишли гипнопедик бидъатни баланд овозда ёддан айтди.
Хаунслоудаги ҳиссий киностудия етти ярим гектар майдонни эгаллаганди. Ёнгинасида эса мошранг ва қора кийимдаги ишчилар қўшини Катта ғарбий йўл юзасини янгиламоқда. Ўша вақтда кўчма эритма қозонлардан бирининг кўзи очилди. Чўғи кўзни қамаштирувчи тошли эритма жилғаси йўлга тўкила бошлади; оғир асбест цилиндрлар бир олдинга, бир орқага ҳаракатланарди; исиққа чидамли пурковчи цистерналар остидан оппоқ буғ кўтарилди.
Брентфордда Телекорпорация фабрикаси бир бутун шаҳарча кўринишида гавдаланади.
– Навбат алмашиниш вақти шекилли, уларда, – деди Ленина.
Ям-яшил гамма ишчилари ва қора кийинган ярим телбалар чумоли ҳамда шира қуртлари каби киравериш олдида ғуж бўлиб тўпланиб олган ёки бир изли трамвайларга навбатда турарди. Оломон ичида у ер-бу ерда тўқ қизил кийимли бета-манфийлар кўзга ташланиб қоларди. Асосий бино томида одамлар ғужғон ўйнар: бири вертопланга ўтирган, бошқаси учиб кетаётган эди.
– Менинг гамма эмаслигим – Форднинг марҳамати, – деди Ленина.
Ўн дақиқалар ўтиб, улар Сток-Поджесга қўнишди ва тўсиқли гольфнинг биринчи даврасини бошлашди.
Иккинчи қисм
Бернард томда кўзларини пастга қаратганча шошиб борар, кимдир учраб қолса, юзини четга буриб оларди. У биров ортидан қуваётгандай илдамлар, ўз таъқибчиларини кўришни истамасди. Аммо улар ўйлаганидан ҳам кўра адоватлироқ кўринар, ўша дамда қандайдир айбдорлик ё адоқсиз ёлғизлик ҳиссининг оғир юки уни эзиб юборарди.
“Бадфеъл Бенито Ҳувер бу!” Ахир Ҳувер хусуматдан эмас, раҳмдиллик юзасидан илинганди. Лекин раҳмдиллик вазиятни янада чигаллаштирарди холос. Ёмонлик тиламайдиган одам бамисли тилайдигани каби унга азоб берарди. Ҳатто Ленина ҳам уни қийнарди. Бернард унга яқинлашиш истагидан ҳеч кечолмай, узоқлардан термилиб, азоб чеккан, журъатсизларча иккиланиб юрган ўша ҳафталарни эслади. Камситувчи ғазабли рад жавобини олса-чи? Башарти рози бўлса, ундан бахтлироқ одам бўлмасди! Ана, Ленина рози бўлди, у эса аввалгидай бахтсизлигича қолди. Бахтсиз қолди, чунки Ленина “роса гольф ўйнашли” ҳавони топиб олди-ю, Ҳенри Фостернинг орқасидан чопқиллаб кетди; Бернард ўта шахсий гапларини ҳамманинг олдида овоза қилишни истамагани учун унга “кулгили” кўринди. Қисқаси, бахтсиз эди, чунки қиз ўзини қандайдир ғайритабиий, норасо тутмади, аксинча, бошқалар каби Англиянинг хушҳулқ ва соғлом вакиласидай тутди.
У ўз ангар бўлмаси эшикларини очиб, вертопланни томга олиб чиқишлари учун уйқусираб ўтирган икки дельта-манфий хизматчини чақирди. Ангар ходимлари битта Бокановский гуруҳи эгизакларидан ташкил топган бўлиб, барчаси бирдай кичик жуссали, ҳабаш ва бадбашара кишилар эди. Бернард ўзининг бекам-кўст эканига ишончи комил бўлмаган инсон оҳангида уларга кескин, такаббурона ва ҳатто ҳақоратомуз буйруқ берди. Қуйи синф билан ҳар қандай алоқа Бернард учун оғриқли эди. Унинг қон ўрнини босувчи суюқлигига спирт қўшиб юборишгани ҳақидаги сўзлар, гарчи қуруқ миш-миш бўлса-да (бундай хатолар юз бериб туради), унинг жисмоний қиёфаси гамма гуруҳидагиларни базўр ортда қолдирарди, холос. Бернард альфалар учун меъёр деб билинган ўлчамдан саккиз сантиметрга пастроқ ва уларга нисбатан нимжонроқ эди. Қуйи синф кишилари билан алоқа қилиши эса уни ўзининг кўримсиз қиёфаси учун қайта ва қайта азоб туяверишга мажбур қиларди. “Мен, ҳа, мен… Қанийди, ўзимдан кеча олсам…” Уни норасоликнинг аччиқ алами эзарди. Дельта синфидаги кишига қараганда пастга эмас, тўғрига қараши керак бўлардики, у ўзини шаксиз камситилгандай сезарди. Бу махлуқ унинг ҳурматини жойига қўярмикан? Гумонлар уни қиймаларди ва бу бежиз эмасди. Чунки гамма, дельта ва эпсилонлар ижтимоий мавқени тана ҳажмига қараб баҳолашга ўргатилганди. Умуман, дароз ва бақувват кишиларни улуғловчи бир қатор гипнопедик қарашлар устун эди. Бернарднинг таклифлари аёлларда кулги қўзғашига ҳам, ишхонасидаги эркакларнинг мазахомуз муносабатига ҳам шу сабабдир. Бошқаларга масхара бўлавергани учун у ўзини жамиятдан айро сезарди, оқибатда, ўзини уларга бегонадай тута бошлади. Унга нисбатан салбий муносабат янада кучайиб, одамлар унинг бужмайган жуссасидан кўпроқ жирканадиган ва нафрат туядиган бўлди. Бу, ўз навбатида, ундаги ёлғизлик ва бегоналик ҳиссини янада чуқурлаштириб юборди. Камситилишдан қўрқиб, у ўз қавмидаги кишилар билан алоқа қилишдан қочар, паст синфдагилар олдида ўзини ғоят мағрур тутарди. Ҳенри Фостер, Бенито Ҳувер кабиларга эса ўлгудек ҳасад қиларди! Эпсилон буйруқларига бўйсуниши учун улар бақиришлари шарт эмас эди-да; улар учун паст каста кишиларининг бўйин эгиши ўта табиий ҳол эди; улар ўз синфига мансублар ичида ўзларини сувдаги балиқдай сезар, худди шинам, баҳаво уйларидагидек, на уни сезишарди, на ўзларини унинг ичида ҳис қилишарди.
Хизматчилар вертопланни бамайлихотир, истаб-истамай томга олиб чиқа бошлашди ёки Бернардга шундай туюлди.
– Тезроқ!.. – буюрди у ғазаб билан.
Эгизаклардан бири унга кўз ташлади. Бу кулранг кўзларнинг маънисиз боқишида милт этган нарса ҳайвонларча беписандлик эмасмиди?
– Тезлаш! – энди ғижиниб ўшқирди Бернард. Шундан сўнг кабинага чиқди-да жанубга, Темза томонга учиб кетди.
Ҳиссиётларни шакллантириш коллежи Флит-стритдаги олтмиш қаватли бинода жойлашганди. Биринчи ва пастки қаватлар Лондоннинг уч йирик газетасига қарашли офис ва босмахоналарга берилганди. Бу ердан юқори синф вакиллари учун “Соатлик радио”, оч яшил тусли “Гамма-газета” ва, шунингдек, бир бўғинли сўзлардангина фойдаланилувчи, мошранг қоғозда босилувчи “Дельта-Миррор”лар чиқарди. Ўртадаги йигирма иккита қаватда Телевизион, Ҳиссий, Синтетик овоз, Синтетик қўшиқ орқали тарғибот бўлимлари жойлашганди.
Ундан тепадаги қаватда тадқиқот лабораториялари, шунингдек, овозли сценарий ёзувчилар ва синтетик мусиқа усталари учун мўлжалланган шовқин ўтказмас ижодхоналар жойлашганди. Юқоридаги ўн саккизта қават Ҳиссиётларни шакллантириш коллежига берилганди.
Бино томига қўнгач, Бернард кабинадан тушди.
– Жаноб Гельмгольц Уотсонга қўнғироқ қилинг, – у навбатчи гамма-мусбатга буюрди, – жаноб Бернард Маркс сизни томда кутяпти, деб айтинг.
Бернард ўтириб, сигарет тутатди.
*
Гельмгольц Уотсон ўтирган иш столи қўнғироғи жиринглади.
– Унга айтинг, ҳозир чиқиб бораман, – деди Гельмгольц ва гўшакни қўйди. Сўнг котибасига қараб, расмий оҳангда:
– Қоғозларни тартибга келтириб қўйишингиз учун қолдираман, – деди ва унинг ёрқин табассумини эътиборсиз қолдириб, шаҳдам қадамлар билан эшик томон юрди.
У норғул киши эди: кўкрак ва елкалари кенг, салобатли, айни дамда, эпчил ва чапдаст. Йўғон бўйни йирик бошини дадил тутиб турарди. Қора сочлари жингалак, юз ифодаси сермаънолиги билан ўзига жалб қиларди. У барвасталик бобида беқиёс эди; котибаси у ҳақда “сочидан тирноғигача” альфа-мусбат деб такрорлашдан чарчамасди. Касбига кўра, у коллежда ёзишдан дарс берарди, баъзида ҳиссиётларни шакллантириш бўйича муҳандис сифатида ҳам ишларди. “Соатлик радио” газетасига ҳиссий фильмлар учун сценарийлар, гипнопедик шеърлар ёзар, жарангдор, рекламабоп жумлаларни кўз очиб юмгунча тўқиб ташларди.
“Қобилиятли ходим, – унга баҳо берарди Раҳбарият. – Эҳтимол (улар бошларини чайқаб, овозларини пасайтирарди), қобилияти керагидан бироз ортиқ ҳам.
Ҳа, катталар ҳақ – бироз ортиқ эди. Ақлий қобилиятнинг тўлиб-тошгани Гельмгольцни яккалаб, Бернарддаги жисмоний қусур нимага олиб келган бўлса, унинг бошига ҳам деярли шу савдони солганди. Бернардни касбдошларидан кўримсизлик ва нимжонлик айирганди ва юзага келган яккамоховлик ҳисси (миясидаги меъёрдан ортиқ сезим) унинг ўз қобиғига яна ҳам қаттиқроқ ўраниб олишига сабаб бўлганди. Гельмгольцни эса истеъдоди сабаб пайдо бўлган ўзгачалик ва ёлғизлик ҳисси безовта қиларди. Хуллас, иккиси ҳам ўзидаги айрича хусусиятни яхши англарди. Аммо жисмоний имконияти чекланган Бернард ётлик туйғусидан ҳаёти давомида азият чекиб келаётган бўлса, Гельмгольц яқиндагина ўзининг керагидан ортиқ доно эканини сезиб қолиб, жамиятдан бегонасирай бошлади. Теннисчи чемпион, ҳормас-толмас жазман (айтишларича, сал кам тўрт йил ичида тўрт юз олтмишта қиз билан юришга улгурган), ташкилотнинг энг ишчан аъзоси, жамиятнинг юраги бўлган бу эркак кутилмаганда сезиб қолдики, спорт, аёллар ва ижтимоий масалалар иккиламчи экан, холос. Қалбининг тубида асли бошқа нарса ётарди. Лекин айнан нима? Бернард ана шу нарса ҳақида у билан яна гаплашишни, дўстининг ушбу масала ҳақидаги фикрларини тинглашни истарди, чунки бутун суҳбат давомида Гельмгольц унга умуман гап бермасди.
Лифтдан чиқаверишда Синтетик овоз орқали тарғибот бўлимида ишловчи уч мафтункор қиз Уотсоннинг йўлини тўсди.
– О, азизим Гельмгольц, биз билан Эксмурга, тунгги пикникка юрсанг-чи, – ялинчоқлик билан унга ёпиша кетди улар.
– Йўқ-йўқ!.. – у бош чайқаганча қизлар исканжасидан юлқиниб чиқди.
– Биз фақат сенигина таклиф қиляпмиз!
Аммо бу жозибадор таклиф ҳам Гельмгольцни йўлдан ура олмади.
– Йўқ!.. – такрорлади у олдинга қатъий қадам ташларкан. – Мен бандман!
Лекин қизлар унинг изидан эргашиб чиқишди. У эса Бернарднинг кабинасига ўтириб, эшикни қаттиқ ёпди. Аразли нигоҳлар уни кузатиб қолди.
– Эҳ, бу аёллар, аёллар-а! – деди у машина кўтарилаётган пайт, сўнг яна бошини чайқаб хўмрайди. – Офат булар.
– Қутулиб бўлмайди, – Бернард уни маъқуллар экан, ичида ўйлади: “Мен ҳам шунча қизга осонликча эга чиқа олсам-ку…” У тезроқ Гельмгольцга мақтаниш иштиёқида ёнарди, шу боис, имкон қадар совуққонлик билан қўшимча қилди: – Мен Ленина Краунни Нью-Мексикога олиб кетяпман.
– Наҳотки?.. – Гельмгольц номига сўраган бўлди ва бир муддат тин олиб давом этди: – Мана, икки ҳафтадирки, учрашув ва мажлисларнинг барини бир четга суриб қўйдим. Шуни деб институтда қандай шов-шув кўтарилаётганини тасаввур қила олмайсан. Аммо натижа, менимча, ўзини оқлайди. Натижа… – у тўхтаб қолди. – Натижа ғаройиб бўлади, жуда ғаройиб!
Жисмоний ноқислик ақлни керагидан ортиқ ўткирлаштириб юбориши мумкин. Аммо бунинг акси бўлган ҳоллар ҳам учраб туради. Ҳаддан ташқари ўткир ақл кишини онгли ҳамда бир мақсадга қаратилган ёлғизликнинг кўрлик ва карлик дунёсига, зоҳидликнинг ёлғизоёқ йўлига дучор қилади.
Қолган қисқа масофани улар жимгина ўтказдилар. Сўнг Бернарднинг хонасидаги юмшоқ оромкурсиларга қулай жойлашиб олгач, Гельмгольц гап бошлади.
– Сен ҳеч ичингда қандайдир номаълум нарса, – у ошиқмай гапирарди, – қамалиб қолганини ва озодлик беришингни кутиб ётганини ҳис қилганмисан? Парракларни айлантириши мумкин бўлган сув бекорга пастга оқиб ётгани каби ичингда қандайдир ўзгача бир куч беҳуда сарфлана бошлайди.
У Бернардга саволомуз назар ташлади.
– Сен одам шароит ўзгачароқ бўлганда ҳис қилиши мумкин бўлган кечинмаларни назарда тутяпсанми?
Гельмгольц инкор маъносида бош чайқади:
– Унчалик эмас. Мен баъзида юз бериб турадиган, ғалати туйғу ҳақида айтяпман. Менга гўё қандайдир муҳим гапни айтиш имкони берилган, уни ифода қилишга ҳам имконият бор, аммо у айнан нима эканлиги менга номаълум, шу боис қобилиятим бу масалада иш бермайди. Агар бошқача ёки бирор бошқа нарса ҳақида ёзганимда эди… – У узоқ жим қолди. – Кўряпсанми, – ниҳоят, тилга кирди яна, – мен одамларни дафъатан санчилган игна каби сапчитиб юборувчи сўз ва ибораларни тўқишга устаман. Гарчи улар гипнопедик сийқа гаплар бўлса ҳам, қулоққа мутлақо янги, ҳикматли сўздай эшитилади. Бироқ бу менга негадир камлик қиляпти. Жумлаларнинг пишиқ тузилгани етарли эмас, унинг яхлитлиги ва мазмуни ҳам керагича мустаҳкам бўлиши керак.
– Лекин, Гельмгольц, сенинг нарсаларинг умуман олганда ёмон эмас.
Гельмгольц елка қисди:
– Имкон қадар яхши. Аммо бу имкон жуда-жуда торда. Мен қилаётган ишларнинг қиймати ҳамин қадар, сезишимча, бундан анча бисёрроғини қила олишга қурбим етади – анча теранроқ, ҳаяжонлироғини. Лекин нима у? Бизда булардан ҳам аҳамиятлироқ бўлган бирор мавзу борми? Ўша мен ёзадиган нарсалар ўз кўнгил эҳтиёжимни қондира оладими? Агар тўғри қўлланса, сўзлар рентген нурлари каби ҳар қандай нарсани ёриб ўта олувчи кучга айланади. Кўзинг тушган ҳамон у ичингга ботиб кетади. Мен ҳам айни шу мақсадда талабаларимга, аввало, исталган нуқтани забт эта олувчи сўз санъатини ўргатишга ҳаракат қиляпман. Навбатдаги ибодат ёки ҳид сезими такомилига оид энг сўнгги янгиликлардан жар солувчи мақолалар нега керак? Ёки шу мавзуларда ёзаётган пайтда ҳам, тушуняпсанми, энг аёвсиз рентген нурлари каби чин маънодаги ўткир сўзларни қўллай олиш имкони борми? Ҳеч нарса ҳақида бирор гап айтиш мумкинми? Мана, иш охир бориб нимага қадаляпти…
– Жим!.. – деб юборди кутилмаганда Бернард ва бармоғи билан огоҳлантирувчи ишора қилди, сўнг пичирлади: – Менимча, эшик ортида кимдир бор.
Гельмгольц ўрнидан турди, оёқ учида эшик томон бориб, уни бир силташда ланг очиб ташлади. Эшик ортида, албатта, ҳеч ким йўқ эди.
Довдираб қолган Бернард гуноҳкорона оҳангда узр сўради.
– Асабларим бўшашган, шекилли. Атрофингдагилар сенга ишонмаса, ўзинг ҳам уларга ишонмай қўясан.
У пешонасини қашлади, чуқур уҳ тортди, овози эса қайғули эди. У ўзини оқлашда давом этди.
– Сўнгги вақтларда бошимдан нималар ўтганини билсанг эди, – йиғлагудай бўлиб деди у. – Билганингда борми!
Унинг ўзига нисбатан ачиниш ҳисси бамисли кутилмаганда отилган фавворага ўхшарди.
Гельмгольц ўнғайсиз ҳислар ичида уни тинглади. Унинг бечора Бернардга раҳми келаётганди. Бошқа томондан, дўсти учун бир оз хижолат чекарди. Бернард ўзини озроқ ҳурмат қилишни ўрганса, ёмон бўлмасди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?