Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]
КАТТА АДАБИЁТГА ТУЙНУКДАН НАЗАР…
Катта ёзувчилар билан учрашувдан сўнг ўзингда бир қадар юқорилашни сезасан. Уйғун домла (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин!) Ҳадича Сулаймонова кўчасида яшардилар. Ким билсин, руслар истилосидан сўнг, янги шаҳар энди пайдо бўлаётганида рус зодагонлари томонидан қурилган уймикин, ҳарқалай, ичкарига ўзбек хонадонига ўхшаб йўлакдан эмас уй ўртасидаги чарм қопланган эшикдан кириларкан. Қўнғироқни босдим. Эшик эмас, одам бўйига тенг ерда бир туйнук очилди.
– Вам кого? – деб сўради сочлари ёйиқ рус аёли саломимга жавобан.
– Простите за беспокойство. Поэт Уйгун здесь живёт? («Безовта қилганим учун узр. Шоир Уйғун шу ерда яшайдиларми?»)
– Да, здесь. А что вû хотели? («Ҳа, шу ерда. Нима ишингиз бор эди?»)
– Я к нему с заданием от женского журнала республики. Должна забрать у него новûе стихи… («Мен у киши ҳузурларига республика хотин-қизлар журналининг топшириғига кўра келдим. Янги шеърларидан олиб кетишим керак…»).
– Сейчас я ему скажу… («Ҳозир унга айтаман…») – чарм туйнук яна ёпилди.
Бироздан сўнг уй шиппагининг шипиллаши, кетидан Уйғун аканинг норози овози эшитилди:
– Я тûсячи раз твердил тебе, что с людми у нас не разговаривают через форточку!..
Чарм эшик очилиб Уйғун домланинг забардаст гавдалари кўринди:
– Ичкарига киринг, қизим, узр…
Меҳмонхонада бироз кутиб турганимдан кейин домла ваъда қилинган шеърларини олиб чиқиб бердилар.
– Аёллари русми? – идорага қайтгач, Зулфия опамлардан шундай деб сўраганим эсимда. Кейин ташриф таассуротини гапириб бердим.
– Шоир хонадони алоҳида даргоҳ, – дедилар улар бироз хаёл суриб. – Уйғун ака ҳақлар – катта адабиёт билан туйнукдан гаплашилмайди!
Машҳур зотлар билан учрашувдан сўнг ўзингда бир қадар юқорилашни сезасан. У вақтлар арузда ғазаллар битадиган Ҳабибий домланинг Чақардаги уйларига, Собир Абдуллонинг Дархондаги уйларига, Шайхзода домланинг Мутахассислар уйидаги хонадонларига, Асқад Мухторнинг коттежларига, Шуҳрат ака, Ойбек домла, Миртемир домланинг Ишчилар шаҳарчасидаги ҳовлиларига, Мирзакалон Исмоилийнинг Консерватория қаршисидаги баланд қават уйдаги оддийгина хонадонларига идора топшириғи билан бориб, ташриф оқибати руҳимда шундай кўтарилашларни кўп сезганман.
Бу туйғу биргина менда эмаслигини ҳис қилганимда эса, руҳим яна ҳам ёрқинлашарди, ажиб бир ёғду қалбимни нурафшон қиларди. Ҳатто улар ўтиб кетишгандан сўнг ҳам бу туйғу кишини тарк этмайди.
СЎНМАС ЁҒДУЛАР
Бу Қадр кечада шу йил давомида қалбимни нурафшон қилган кунларнинг бирини эслаб ўтмоқчиман. Гилос ва олчалар қийғос гуллаган баҳор куни эди. Туркқўрғон маҳалла хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан маҳалла гузарида элнинг суюкли адиблари Ойбекнинг 100 йиллиги ва Зулфияхонимнинг 90 йилликларига бағишлаб «Юртнинг сўнмас ёғдулари» мавзуида давра суҳбатида иштирок этдик.
– Ҳар бир миллатнинг ҳар бир даврда маънавий мезони ҳисобланган ёғду шахслари бўлади. Маҳалламизда домла Ойбек, ҳассос ва назокатли шоир Миртемир, қўшиқчи шоир Акмал Пўлат, таниқли фантаст ёзувчи Хожиакбар Шайхов каби шундай буюк зотлар ўтганларки, улар ёди нафақат маҳалла аҳли учун, балки юртимизда, жаҳон адабиётида ҳам сўнмас ёғду сочиб туради, – дедилар давра суҳбатини очар эканлар маҳалла раҳбари, фалсафа фанлари номзоди Даврон ака Шораҳмедов.
Давра суҳбатини домла Ойбекнинг уй музейини зиёрат қилиш билан бошладик.
Айтишларича, Миртемир домла ҳар гал шу дарвоза олдидан ўтганларида бошларидан дўппиларини оларканлар. Қўллари кўксиларида бўларкан. Тавозе билан ўзи табиатан юмшоқ қадамларини яна ҳам юмшоқ қилиб астагина босарканлар. Бошлари ним таъзимда ўтарканлар… Чунки бу ерда улуғ адиб яшайди… Миртемир домланинг Ойбек домлага эҳтиромлари шу қадар юксак бўлган.
Бу қутлуғ дарвозадан ичкарига киришингиз билан дилингизни шеъру-шуур қамраб олгандек бўлади. Қалбингиз ҳаяжонга, тозаришга, баҳор янглиғ яшнашга, кўтарилишга отланганини ҳис қиласиз. Пойингизда яшил барглар ичра яшнаб турган сиёҳранг гунафша гилам. Ифори кўнглингизни кўкларга кўтариб, қуёш нурларига чулғайди.
Хоналарни айланаётганингизда ҳам ана шу ҳис сизни тарк этмайди. Бу айни пайтда шундай зотга ўзингизнинг замондош эканлигингиздан бўлса керак. Чунки экспонатларнинг кўпи сизга таниш. Ойбек домланинг кўп асарларини чоп этилгани заҳоти топиб ўқирдик. Улар сеҳри сизни ўзига тортади, ичкарида домла ижод қилиб ўтирганларидек туюлаверади. Мана бу қўлёзмалар эндигина «Қуёшли қалам» учидан чиққандек кўринаверади. Мана, ҳозир домла Ойбек бир вақтлардагидек ичкаридан елкаларига ўзбаки тўнларини ташлаб чиқиб келадилар, чаросдек кўзлари сизга меҳрли боқади. Зарифа опамлар чой билан сийлайдилар. Сиз учун энг катта мукофот – домланинг суҳбатлари, журналингиз учун тақдим этилган янги асарлар бўлади…
Хоналар ҳозир ҳам ўшандагидек сақланган. Экспонатларга диққат қиласиз-у, ҳатто ўша даврдаги ажиб ижодий руҳ, маърифат, иймон нафаси сизни чулғаб олаётганини ҳис қиласиз. Ойбек домланинг набиралари – уймузей директори Ойнур Тошмуҳамедова ҳикояларига ғарқ бўласиз.
Китоблар… Қўлёзмалар… Шеърлар…
Нима деса десин одамлар!
Ит ҳуради – ўтади карвон,
Виждон билан қимматдир дамлар!
Ҳар вақт эшдир қалбимга виждон!
Бу – Ойбек домланинг ватан учун энг оғир бўлган уруш йиллари, чамаси ўзлари учун ҳам мушкул вақтларда, балки кимларгадир муносиб жавоб тарзида, аслида ўз руҳларига қасамёддек ёзилган тўртлик.
Хоналарни айланганда ҳазрат Навоийнинг улуғвор ҳайкаллари ва Ойбек домланинг кўзларидан ҳаётга меҳр уфуриб турган портретларига тикилар эканман, улар ўртасида камалак нурли кўприк кўргандек бўламан ва қалбимни ғурур ила тўлдирадиган яна бир кашфни сезаман.
Ҳар бир миллатнинг маънавий мезонини яққол намоён этувчи ўзининг ёғду шахслари бўлиши рост. Улар тириклик давридаёқ эл қалбини, эл шуурини нурлантирадилар, бу нур шундай кучли бўладики, у авлоддан авлодга ўтиб, сўнмас ёғдуга айланади.
Вақт ўтгани сари бундай ёғду шахслар бажарган амаллар ривоятларга, айтган сўзлари эса ҳикматга айланиб бораверади. Асрлар ҳам уларга тўсиқ бўла олмайди. Улар тобора юксалиб бораверадилар.
Бугун биз хотирлаётган шахслар ҳам ана шундай ёғдулар. Улар ўртасидаги рамзий камалак эса улардаги ўхшашлик – одамларга яхшилик соғиниш, элга фидойилик, кишилар қалбини нурлантириш. Бу ўхшашликни улар ижодида яққол кўриш мумкин:
Эй, Навоий, бода бирлан ҳуррам эт кўнгил уйин,
Не учунким, бода кирган уйга қайғу келмади.
Ойбек домланинг ҳали навқирон пайтларида ёзган бир шеърлари:
Майли, сув ич, қаттиқ нон кемир,
Лекин ёнсин қалбингда олов.
Фалсафанинг аччиғин симир,
Фароғат, тин сенга бўлсин ёв.
Тошга ҳам, рангга ҳам, сўзга ҳам,
Ҳаёт нури билан бер жило.
Нашъа эмас, ҳатто сенда ғам
Қалбга солсин ҳаётдан зиё.
Зулфияхоним ёзадилар:
Мен кетсам мунғаймас ўрним ҳеч қачон
Бу боғлар… Бир боғлар бўлади ҳали…
Кишиларга фақат яхшиликни соғинган ёғду шоирлар юрт бошига тушган кулфатларни ҳам юрагингни оғритар даражада дардли тасвирлайдилар. Мана, Ойбек домладан ўзи тўрт сатргина, лекин бетакрор «Қорахат»:
Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…
Шеърлар, бир вақтлар Миртемир домла Зулфияхоним шеърларига ташбеҳ бериб айтганларидек «ҳаётнинг ўзидай рост», ўз замонасида тушунилмаган Пастернак, Блок, Пушкин, Усмон Носир шеърлари каби оддий, содда.
Сочларининг чангига боқма,
Кўйлагининг рангига боқма…
Кўзларининг соф нурига боқ,
Севгининг маст дарёсида оқ!
Ёғдулар узоқдан ёрқин кўринади дейишади ахир! Умр тарихга нисбатан лаҳза бўлса, шу лаҳзаларда битилгани асрларга татигани, минг йилликларни боғлагани учун ҳам шундайдир?!
«Азалдан абадни бўйлайман…» эндигина ўттизга кирган Ойбекнинг башоратларимиди бу? Балки қўлларига оддий эмас – «қуёшли қалам» тутганларини сезгандирлар?
Нега энди сокин бу музей хонада ўтириб тиловат қилганда кишининг ич-ичидан хўрсиниқ келаркин?
Бу – ёғдуларни кўришга, танишга, ёзган асарларидан нурланишга насиб қилганидан шукроналик эмасми? Ўзларининг «Қуёшли қалам» достонларида Зулфия опамлар ҳам Ойбекдек ёғдуларнинг ҳеч қачон сўнмаслигига ишора қилгандилар:
Ўз кўркини кўриб тасвирларида
«Ойбек ишлаяпти!» дейди асрлар.
Аслини олганда «Саксон йил ловиллаб, сўнмаган ўт»… – Зулфияхонимнинг ўзлари ҳам бунга ёрқин мисолдирлар.
Ёғдулар – авлодлар аро камалак кўприк. Улар аждодлар ёғдулари билан тўйинган, улар билан ифтихор қилган, уларнинг маънавий бойлигини юрагига жо қилган, уни ўзи ғурурланадиган келажакка етказувчилардир:
Номлари, ёдлари пайғамбар монанд,
Ҳазрат устозларим, теран илдизлар.
Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,
Меваси – қалбимда етилган сўзлар…
Ҳикматлар баҳрида дур, марваридим,
Аждодларим – менга ифтихор, ғурур.
Шу мавжлардан томган нуқра умидим,
Шоира қизларим бахш этган сурур.
Ёғдулар қуёшдан парча олиб, уни юрагидан ўтказиб, халқига ҳовуч тўла нур таратгани учун ҳам сўнмасдир. Зулфияхоним қуёшдан озиқланганлар, ёруғликка интилганлар, тарихда ёғду бўлиб ёрқин қолганларданлар:
Мен қуёшдан узиб берай сенга бир парча,
Юрагимдан узган сингари…
Зулфияхоним ўзлари ўттиз беш йил бош муҳаррир бўлган «Саодат» журналида турмушнинг нурсиз томонларини яхши кўриб турган бўлсалар ҳам, уларни кўпам иштиёқ билан журналда ёритишга қарши эдилар. Бу – журнал саҳифаларида берилган танқидий материал тузумни танқид қилиниши каби талқин этилишидан қўрққанларидан эмас эканлигини биз, ёшлар яхши билардик. Бу – бошқа:
Лек афсус, надомат аччиқ заҳридин,
Кашф этиб бўлмайди рўшнолик илмин…
ишончидан. Бу – инсоннинг доим икки зид – яхшилик ва ёмонлик орасида яшашга мажбурлигини тан олганлари ҳолда, унинг қалбини нурга тўлдиришга интилганлари, яхшиликка чорлаганлари, киши қалбида умид учқу-нининг сўнмаслигига интилганларининг оқибати эди. Бундай эътиқод билан яшаган, шунга амал қилган кишигина ишонч билан дея олади:
Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳв этолмас завол лашкари.
Мен кетсам мунғаймас ўрним ҳеч қачон,
Бу боғлар… Бир боғлар бўлади ҳали…
Ҳамон эътиқодим ҳақиқат, ҳақдир,
Сўзлайман юзимни тутиб Каъбага.
Емира олмади ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.
Булардан ҳам кўриниб турибдики, пайғамбар монанд устозлар, теран илдизлардан жон олиб улғайган Зулфияхоним қалб нурининг қадрига жуда эрта етганлар. Ўзлари ҳам пири комилага айланган устоз тирик қалблар манзиллардан иборатлигини, қачонки қалб нур билан тўлса, нурларнинг ортган қисми бутун аъзойи баданга ёйилишини, қачонки қалб ботил билан тўлса, ундаги қоронғулик дарёси бутун аъзойи баданга тарқалишига ишонч ҳосил қилибгина қолмай, миллатнинг нурсиз қолмаслиги учун жон куйдирганлар.
Зулфияхоним қалбларини умр шомида ғоят нурлантирган, жўш урдирган, «қалбларига насими билан йўл солиб» у кишини шеъриятнинг энг баланд чўққиларига олиб чиққан, ва балки умриларидаги энг ёрқин, «келар йўлларида пинҳона толиб» кутилган нур – Ҳуррият, Истиқлол нури бўлди. Бу нур Устоз ёғдусини яна ҳам ёрқин қилди. Ҳамиша кишиларга фақат яхшилик соғинган бўлганлари учун ҳам, бу эътиқодга содиқ қолиб, бу нур маҳсули бўлган «дафтарлари» ва «дардлари»ни халқга инъом этажакларини айтдилар:
Ҳуррият, келдингми, наҳотки келдинг,
Келар йўлларингда пинҳона толдим.
Менинг ота-онам, жон Ватанимда,
Элим тақдирида абадий қолдинг…
Келдинг-ей, Истиқлол, истиқбол бўлиб,
Қалбимга насиминг билан йўл солдинг.
Сен шу ҳур назмга ихтиёр бериб,
Мен оғир булутдек бир ёғиб олдим…
Ҳуррият, келдинг-ей, ал-омон келдинг,
Сени қалбим, кўзим, сўзларим қучар,
Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…
Руҳим у ёқларга қуш бўлиб учар…
Даврада домла Ойбек ва Зулфияхоним шеърлари бетиним янграб турди. Бу икки буюк сиймолар ҳақида ўзбек миллатининг яна бир аллома ёғдуси мавлоно Ғафур Ғуломнинг сўзлари ҳам эсланди.
Ғафур Ғулом Ойбек ҳақида: «Ойбекнинг серҳосил, ўткир ижодкорлигини бизнинг адабиёт тарихида кимга ўхшатиш мумкин?
Ойбекнинг ўзига, Ойбекка ўхшатиш мумкин!»
Ғафур Ғулом Зулфияхоним ҳақида:
«Муаззам шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда,
Бу бизнингдир сенинг ахлоқу иффатга тўлиқ
нозинг!..»
Дарҳақиқат, ёғдулар сўнмайди. Бундай ёрқин ёғдулари бўлган юрт кишиларининг қалби асло нурсиз қолмайди.
ИФТИХОР
Устоз Зулфияни танувим, у киши билан биринчи бор учрашувим сиртдан – шеърларини ўқишдан, бу шеърлар сеҳрига «ғарқ бўлишдан», ғойибона уларнинг муаллифига кўнгил қўйишдан бошланган.
Азим Тошкентнинг Биродарлик қабристони ёнгинасидаги 26-мактабда еттинчими, саккизинчими синфда ўқирдим. Шоира Зулфиянинг яқингинада босмадан чиққан «Юрагимга яқин кишилар» тўплами қўлимизга тегди.
Ўша тўплам кайфиятида шоирага ўз кўнглимда бир шеърий бағишлов ёзганимдан хабар топган адабиёт муаллимимиз Муҳаммаджон Эрназаров мактабимиз директори Тожихон Абдуллаевага (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) бағишловимни кўрсатар экан, қандайдир ички мамнуният билан:
– Сен қизгинадан бир нимарса чиқадиёв! – деганлари эсимда.
Кейин ўша шеърни улар айтган манзил бўйича почта орқали Зулфия опа бош муҳаррир бўлган «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналига юборганмиз.
Мендан муаллим айтмоқчи «нимарса» чиққан-чиқмаганини билмайман-у, лекин айни ўша дамлар Зулфияни кашф қилганим, унга беадад ихлос қўйганим, ўшандан бери у киши юрагимга яқин бўлиб қолгани, шеърлари кўнглим мулкига айлангани аниқ.
Зулфия шеърларини нега яхши кўриб қолдим деб ўйлаш эсимга келмасди. Ундан ярим аср ўтгач – ҳозир ҳам бу ҳақида ўйламайман.
Ҳарқалай, Зулфия шеъриятининг нимаси ром этди мени?
Ўз ўрнини топган сўзлардаги фикр теранлигими?
Ҳар банди кўпни кўрган, кўпни туйганлигидан хабар янглиғ серҳиммат, виқорлилигими?
Ҳамиша, ҳар қадам – ҳар сатрда инсоннинг кўнгил отлиқ нозик оламини кашф қила бориш, бу кашфдан ўзи беадад ҳайратланиб, ўзгаларни ҳам ҳайратга солишими?
Балки бир умр ижод қилароқ ўзига-ўзи ҳайрат, ҳаяжон излаб топишидир?
Шоирадаги бошқаларга тез «юқувчи» улуғ ҳайрат ва ҳаётсеварликнинг илдизи, жон булоқлари қайда деб ўзимдан ўзим сўраган вақтларим кўп бўлган.
Ҳаётнинг паст-баландини кўрган, иссиқ-совуғини туйган, қаттиқчилик кўрган донишмандгина ҳақиқий донишманд бўлиши, оғзидан чиққан ҳар бир сўзи ҳикматдек талқин қилиниши мумкин деган гапни кўп эшитганман. Зулфиянинг шеърияти ана шу донишмандлик, пурҳикматлик чўққисига «осонгина кўтарилган» ёки «олиб чиқиб қўйилган» (Худо асрасин!) шеърият эмас. Бу – ўтга ҳам, сувга ҳам тушган қалб шеърияти!
Зулфиянинг юраги ҳеч қачон гипсга солиниб, атрофидан муҳофаза қилинмаган. Шамол ёки бўронлардан тўсилмаган. Зардоб чашмасининг кўзи атай беркитилиб, қувонч ва шодлик чашмасининг кўзи атай очиб қўйилган эмас.
Чорладинг, жонимни ташладинг тенгсиз куч,
жасорат жангига,
Англадим, Лутфийдек куйласам буюк дард ва
қудрат борлигин!
Ёки яна:
Аёзинг, ўтингга кўксимни бериб,
Армонни танидим, бахтни танидим!
Шунинг учун ҳам Зулфиянинг шеърларини ўқиганингда ўзингни гоҳ ўтга, гоҳ сувга тушгандек ҳис қиласан. Лекин унисидан ҳам, бунисидан ҳам омон чиқасан. Омон чиққанда ҳам томирларингда умидворлик тўлқинларини ҳис қиласан. Зулматдан сўнг ёруғликнинг келишига, бир ёмонликдан сўнг икки яхшилик бўлишига ишонасан!
На масъуд ҳузур бу, ёруғ жаҳон бу,
Ер, Инсон баҳорла қовушган онлар!
Мен бир мухлис сифатида айнан Зулфия опамларнинг шеърлари умидсизлик оламидан олиб чиққанини ўзимда кўп ҳис қилганман, шундай дамларда кўп марта ишонч билан айтганман: «Бундай шеъриятга таъзим қилсанг арзийди!»
Зулфия шеъриятини ва унинг ўзини шуҳрат чўққисига олиб чиққан пиллапояларнинг ҳаммаси ўз номига эга деб ўйлайман. Булар – Оллоҳ берган Истеъдод, Меҳнат, Ростлик, Поклик, Фидойилик, Жасорат, Элсеварлик, Садоқат, Қарздорлик… Ҳа-ҳа, айни Қарздорлик!
Саксон ёшда ҳамма шоирнинг ҳам «Божлиман элиму, юртга бир умр!» деб баралла айтиш қўлидан келармикин? Ишонинг, бу тош кўнгилларни ҳам эритиб, унча-мунча ақлли бошларни ҳам ўйлантириб қўядиган гап-а!
Балки:
Мулки лак-лак дилни этмакман аён,
Биласиз, яшадим риёдан олис.
Шеърият кечирсин, кечирсин шеърхон,
Замона зулмидан бўлмадим холис.
Гоҳ товшим етмаса, санаманг сукут,
Шояд тарк этмаса дийдаларни нур.
Шеърият санъати бўлмайди унут,
Божлиман элиму, юртга бир умр!
деб ёзиш учун ЗУЛФИЯ бўлиб дунёга келиш, айнан ЗУЛФИЯ бўлиб яшаш керакдир?
Шундай устозимиз борлигидан ифтихор бир менинг қалбимдами?
БИРИНЧИ ДАСТХАТ
Кишилар билан учрашув, танишув ҳар хил бўлади.
Зулфияхоним билан ҳар сонияси хотирамда муҳрланиб қолган биринчи учрашувим, биринчи бор юзма-юз суҳбатлашувим олтмишинчи йилларнинг бошида, айни баҳор фаслида бўлган эди. Шу йиллар ичида дарё-ю ирмоқлардан қанча сувлар оқиб ўтмади, ҳаётимизда қанча ўзгаришлар содир бўлмади. Аммо у кишига нисбатан самимий меҳрим, ихлосим асло камайгани йўқ. Аксинча, ўша илк туйғу тобора ўсиб, камолга етиб борганини сезаман, шундай инсонни таниш, билишга мушарраф этган тақдирга шукрлар айтаман.
…1962 йилнинг апрель ойи эди. Ўрта Осиё университетлари талабалари илмий жамиятларининг навбатдаги анжумани Душанбе шаҳрида ўтказилиши керак эди. Анжуманда иштирок этадиган талабалар уч-тўрт кундан сўнг жўнаши керак. Бирдан мени факультет декани Лазиз Қаюмов (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) ҳузурларига чақириб қолишди.
– Нима учун Душанбега борадиган талабалар рўйхатида сен йўқсан? – дедилар хонага киришим билан.
– Домла, мен талабалар илмий жамиятига аъзо эмасман. Келажакда мендан олим чиқишига ҳам ишончим йўқроқ, – дедим ҳайратимни ҳазилга йўйиб.
– Олим бўлиш – сен ўйлаганчалик қийин иш эмас, бошқалардан кам жойинг ҳам йўқ. Тезда мавзу олгинда, тайёрлан! Аввал маърузангни менга кўрсатасан. Машинкада ўн варақдан ошмасин. Мавзу… Зулфиянинг янги шеърларига обзор ёзақол… Икки кун кутубхонада ўтириб, жиддий шуғулланасан. Мен кўриб чиққандан кейин Зулфиянинг ўзига ҳам кўрсатсанг яхши бўларди…
Катта анжуманда ўқилиши керак бўлган маърузани тезда ёзишим кераклиги бир сари, яна уни Зулфиянинг ўзларига кўрсатишим кераклиги юрагимни ҳаприқтириб юборди! Шундай буюк одам билан қандай учрашаман?!
Ҳолбуки, унда ҳали Зулфияхоним эллик ёшга ҳам тўлмаган, ҳозирги қатор-қатор унвон ва мукофотларининг кўпи у кишида ҳали йўқ эди.
Зулфияхонимнинг ўша вақтда Москвада нашр этилган «Лирика» тўпламлари асосида маъруза ёздим. Домла айтган муддатда келтириб кўрсатдим. Маъқул кўриб:
– Опанинг ўзларига ҳам кўрсатиб ол! – дедилар.
«Навоий кўчаси, 30-уй» деса республикадаги жамики қаламкаш яхши биладиган бу улкан бинога мактабда ўқиб юрган чоғларимда ҳам кўп келардим. «Ленин учқуни» да шеърларим босилиб турар, ёш мухбир сифатида таҳририятга чақириб туришарди.
Шу муҳташам бинонинг учинчи қаватига кўтарилиб, «Ўзбекистон хотин-қизлари» журнали бош муҳаррири эшиги қаршисида тўхтадим. Қани энди журъат этиб, эшикни оча олсам!
Ўша куни маърузамни Зулфия опамларга ўқиб бера олмадим. Улар иш билан қаергадир шошиб турган эканлар. Эртаси куни эрта билан уйларига боришимни, дам олиш куни бўлгани учун ҳам бафуржа биргаликда кўриб чиқишларини айтиб узр сўрадилар.
Эртасига Зулфия опамларникига курсдошим Мукаррама Аҳмарова билан биргаликда бордик. Мукаррама ўша маҳаллада яшарди. Яна бир чеккаси адабиёт аҳлига яқин эди: акаси Ҳожи Аҳмар ёзувчи, киносценарийчи, бир неча фильм қўйган режиссёр эди. Унинг яқиндагина экранларга чиқарилган «Ганг дарёсининг қизи» фильми анча шовшув бўлган эди.
Икковимиз пештоқига «Композиторлар кўчаси, 10– уй» деб ёзилган дарвозага яқинлашдик. Дарвозага туташган уй бурчагига «Бу уйда 1941-1944 йилларда атоқли адиб Ҳамид Олимжон яшаб ижод этган» ёзувли мармар тахта ўрнатилган экан.
Мукаррама дарвозани тақиллатмай ҳам дадил ичкарига кираверди. Мен эса оёғимга титроқ тураётганини ҳис қилдим. Аста ҳовлига кирдик. Биринчи кўзим тушгани – қийғос очилиб турган лолалар бўлди! Қизил, сариқ, атлас нусха лолалар!
Орада Мукаррама зинадан кўтарилиб деразаними, эшикними чертди. Айвон четидаги эшик очилди. Зулфия опа!
Аммо у киши кеча таҳририятда кўрганим аёлга ҳам ўхшар, ҳам ўхшамасдилар. Эгниларида майда тароқ турлук атлас кўйлак. Узун сочлари елкалари узра орқалари билан битта эди.
Ҳар бир аёлда самовийлик яширин, деган гапни китобларда ўқигандим. Зулфияхоним ҳозир кўпроқ мен тасвирлашга ожиз қандайдир «самовийлардан» эдилар.
– Кечирасизлар, сочимни қуритаётган эдим, – дедилар, – қани ичкарига киринглар!
Кенггина меҳмонхона. Бир чеккада, хонанинг тўрида кишининг кўксидан келадиган ҳайбатли ялтироқ буфет. Устида катта-катта биллур гулдонлар, вазалар турибди. Икки дераза ўртасида катта экранли телевизор. Бурчакда тўрт томони ойнабанд сервант. Кираверишда, чап қўлда беқасам кўрпача тўшалган юмшоқ тахта-диван. Хона ўртасида катта, ўртадаги якка оёғи кунгурали думалоқ стол. Устида оппоқ дастурхон.
Уйда бошқа ҳеч ким йўқ экан. Зулфия опамлар бизни столга таклиф этиб, ўзлари чой дамлаб келдилар. Чойнакни ликопча устига қўйиб, салфетка-дастурхончани кўтардилар. Улар остида тўрт-беш нафис биллур идишларда конфет, бодом, ёнғоқ, хандон писта, майиз бор экан. Зулфия опамлар уларни бизга яқинроқ суриб қўйдилар ва нон ушатдилар. Пахта гулли пиёлаларга чой қуйиб узатдилар. Мен ҳамон ҳаяжонимни босолмасдим.
Кейин маърузамни ўқидик. Диққат билан тингладилар. Бир-икки ерига тузатиш киритдилар.
– Оз бўлса-да Шарқ поэзиясида хотин-қиз шоираларнинг ўрни ҳақида гапириб яхши қилибсиз, – дедилар. – Аммо Зебуннисони ўзбек шоираси десангиз, тожик биродарлар унинг форсийда битган ғазалларига асосланиб, қаттиқ мунозара бошлашади. Учинчи курс талабаси – сиз бу мураккаб масалада мунозара қилишга ёшлик, ожизлик қиласиз. Яхшиси тортишувни катта олимларга қўйиб беринг! Аслида қадимги катта шоир ва шоираларимиз бир эмас, бир неча тилни мукаммал билганлар, кўп тилда ижод қилишни шараф деб билганлар. Шарқ шоирларини дунё миқёсига олиб чиққан фазилат ҳам кўп тилни эркин билганларидир…
Суҳбатимиз мен кутгандан узоқроққа чўзилди. Аммо вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қолдим.
Шеърларнинг, хусусан Зулфия опам шеърларининг русчага таржимаси хусусида тортишиб кетдик. Маърузам рус тилида ёзилган бўлгани учун мисол тариқасида келтиришга мажбур бўлган таржималарнинг бўшлигини, уларда шоира Зулфияга хос лиризм пастроқ пардада ифодалангани ҳақида куюниб гапирибман! Мисол тариқасида бешолти тўртликни ўзбекча, кейин уларнинг Светлана Сомова таржимасидаги русча вариантини ёддан ўқиб бердим.
– Рус тилини жуда яхши билар экансиз, жуда нозик тушунар экансиз, қандай қилиб аслидан пастроқ савиядаги таржималарнинг нашр этилишига рухсат бердингиз?! – деб ҳайратимни яшира олмадим.
Зулфия опамлар талай вақтгача жим қолдилар. Кейин эса у кишини яқин билган вақтларимда азиз бўлиб қолган ҳаракат – хаёлотнинг оғир пардасини сидириб ташлаётгандек кафтлари билан кўзлари, юзларини сийпаб қўйдилар.
– Ҳа, шеърни яхши кўрар, яхши тушунар экансиз. Шеърни яхши кўрган одамдан ёмонлик чиқмайди. Шеър учун, унинг бошқа халқлар тилида муносиб жаранглаши учун шунча куюнишингиз ҳам ёқди менга. Инсон умри давомида, биласизми, ҳар хил синовларга дуч келаркан. Тўғри айтдингиз, рус тилини яхши тушунаман, гарчи жуда-жуда яхши гапира олмасам ҳам… – дедилар камтарона табассум билан.
Кейинчалик Зулфияхонимнинг катта-катта халқаро анжуманларда, халқаро шеърият байрамларида рус тилида сўзлаганларини кўрганимда, ҳам чиройли, ҳам нозик иборалар топиб ҳаммани ўзларига қаратганларида ўша кунги камтарликларига тан берганман.
Суҳбатимиз давомида Зулфия опамлар ўша биринчи учрашувимизда турли даврларда ўзлари учунгина эмас, ўзбек адабиётининг бошқа намояндалари учун ҳам қаттиққина синовлар бўлгани ҳақида анчагина гапирдилар.
Яна назаримда хаёл у кишини мендан узоқ олиб кетди. Чакки айтдим бу гапни, хафа қилиб қўйган бўлсамчи деб қийнала бошладим.
– Ҳозирги ёшларимиз анча кучли, – дедилар улар мамнуният билан.
Зулфия опамларнинг ёшлар билан ғурурланишларини ўшанда биринчи бор чуқур ҳис қилганман.
Ўша куни Зулфияхонимдан янги ёзилган шеърларидан ўқиб беришларини илтимос қилдим. Ўзлари ҳам янги битилган шеърлар ҳаяжонида юрган эканларми, дарров кўндилар. Ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган «Қатра», «Океанда» шеърларини ўқиб бердилар. Мен ёш бўлганим учунми, бу шеърларнинг ҳар мисрасига жо қилинган катта кечинмаларни унда ҳали унча тушуниб ета олмагандим. Шеърни тушуниш учун ҳам одам маълум даражада етили-ши, ички кечинмалари ўшанга яқинроқ бўлиши керак. Шундай бўлса ҳам Зулфияхоним ўзлари ўқиб берган бу шеърлар мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Кейинроқ ўзбек шеъриятида анчагина шов-шув бўлган бу шеърлардан бир нусхадан сўраб, уларни Тожикистонда, маърузамни тугатгач, она тилимда ўқиб бериш ниятида эканимни айтдим.
– Одатим ҳали эълон қилинмаган шеърларни бермайман. Бир-икки ўртоқларга ўқиб берган эдим, маъқул бўлди. Эртага радиода эшиттиришмоқчи. Шунинг учун майли, қардошларга сиз биринчи етказа қолинг, – дедилар.
Фақат шу шеърларгина эмас, ўша куни Зулфияхонимдан яна китоб ҳам олиб кетганим эсимда. Москвада нашр қилинган «Лирика» китобини топа олмаётганимни, тожик дўстларга ўзимдаги китобни беришга қизғанаётганимни айтдим. Китобимни «қизғанаётганимни» эшитиб, кўзлари нурланиб кулиб қўйдиларда, ичкаридан худди шундай бошқа китоб олиб чиқдилар. Тожикистон дорилфунуни талаба ва домлаларига чиройли дастхат ёзиб бердилар. Кейин «ўз» китобимни узатдим. Унга қуйидагиларни ёзиб бердилар:
«Раҳимажон! Қалбингиздаги муҳаббат, шеърга бўлган муҳаббатни сезиб турибман. У шеърият ирмоғига айланиб, шеър бўлиб кишилар дилига қувонч бағишласин. Опангиз Зулфия.14.04.62 йил.»
Умримда машҳур шоирдан олган биринчи дастхатим… Назаримда ҳаётим озми-кўпми адабиёт олами билан боғлиқлигини башорат қилаётган ва бу йўлдан тўғри юришни тайинлаётган табаррук дастхат…
Шоира менга ва дугонамга ўз қўллари билан бир дастадан лола узиб бердилар. Биринчи кўзим тушгандаёқ қалбимга лов этиб кирган қизил, сариқ, атласнусха лолалар!
Устоз шу тариқа мени, билмам нечанчи шогирдларини беназир меҳрлари билан қайноқ бағирларига олдилару, жавоб меҳрим, ихлосимни ҳам оловли, ҳам беадад қилдилар.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?