Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 1

Текст книги "Қадр кеча қатралари"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 00:40


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 9 страниц) [доступный отрывок для чтения: 2 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Раҳима Шомансурова
Қадр кеча қатралари(УСТОЗ СУВРАТИГА ЧИЗГИЛАР)

МИЛЛАТИМИЗ ФАХРИ ЗУЛФИЯХОНИМ

Неча асрларда бир келиб, халқ дардини айта оладиган буюк инсонлар шахсига бўлган қизиқиш ҳамма замонларда ҳам юксак бўлган. Улар ҳақидаги ҳикоялар халқ дилига сингиб кетаверган, қалбларни ёритаверган. Вақтлар ўтиб бундай буюк инсонларни кўрган, билган, таниган кишиларнинг улар ҳақидаги ҳикоялари ҳамиша мароқ билан ўқилган, тингланган. Буюкларни кўрганларни кўрганларнинг ҳикоялари, улардан ҳикоя эшитганларнинг ҳикоялари ҳам маънавиятимиз мағзини ҳамиша тўқ тутган, элнинг ёрқин ёғду фарзандларига эҳтиромини сақлашига ёрдам берган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Раҳима Шомансурованинг Устозимиз – Ўзбекистон халқ шоираси, қатор халқаро мукофотлар лауреати Зулфияхоним ҳақидаги «Қадр кеча қатралари» эсдаликлари келажак авлод учун элнинг суюкли шоирасининг суврат ва сийратларини кўз олдиларига келтириб, тасаввурларини бойитишларига хизмат қиладиган яхши китоб бўлибди. Муаллифнинг эътирофича, бу эсдаликларни ёзишларида кундалик дафтарлари қўл келибди. Йўқса, тарихга айланиб улгурган ярим асрлик воқеаларни ҳолатлари, нозикликлари билан шу бугунда кўриб тургандек қоғозга тушириш осон кечмасди. Шу ўринда Жомий ҳазратларининг ушбу сўзлари эсга келади:

 
«Ҳар сўзки кўнгилда ўлди мавжуд,
хат бўлмаса бўлғай эрди нобуд».
 

Журналистик фаолиятларини бошлаганларида, муаллиф вақти келиб кундалик дафтарларининг хазина вазифасини ўташи хаёлларига келмагандир ҳам. Хуллас, бундай хазинаси борларга ҳавасим келди. Бу ёш журналистларга ибрат ҳам.

Рисоланинг ютуғи шундаки, унда фақат Зулфияхоним шахси билан чекланиб қолинмаган. «Саодат» топшириқларини бажариш жараёнида кўпгина устоз шоир, ёзувчилар билан суҳбатлар орқали Зулфияхоним ҳаёти ва фаолияти, «Саодат» қошидаги ижодий муҳитни имкон доирасида очиб беришга ҳаракат қилинган. Масалан, Миртемир, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғ.Ғулом, Уйғун, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Собир Абдулло, Мирзакалон Исмоилий каби ўнлаб машҳур ижодкорлар ўзларининг янги асарларини дастлаб «Саодат»га илинганлар. Журналнинг мўътабар нашр сифатида машҳур бўлиб, бир миллиондан ортиқ ўқувчилар даврасига эга бўлишида етук адибларнинг журналга, унинг бош муҳарририга меҳрларининг аҳамияти катта бўлган. Мана шундай қизғин ижодхона ва Республикани қамраб олган журналистлар аудиториясига салкам ўттиз беш йил бош бўлган Зулфияхоним ҳаёти ва фаолияти ҳозирги ижодкор, журналхон, китобхон учун ҳам ниҳоятда қизиқарли мавзу эканлигини ҳисобга олганда, «Қадр кеча қатралари» маънавиятимиз тарихига доир китоблар жавонидан ва китобхонлар қалбидан иззатли ўрин топажагига шубҳа йўқ.

Зеро, ҳадисларда келишича инсон халққа манфаат келтирувчи ишлари, қурган масжиди, мактаби, ёзган китоби, изида қолдирган яхши фарзандлари ва шогирдлари туфайли унинг амал дафтарига вафотидан кейин ҳам савоб ёзилиб турар экан. «Қадр кеча қатралари» Зулфияхонимнинг ёрқин хотираларини келажак авлодларга оқ тонгларнинг ойдинидек етказишга ҳисса қўшишига умид қиламиз. Бу хотиралар ҳамиша дилимизни тозартиб,фикрларимизни тиниқ қилишга, бу ёруғ хотиралар ҳеч қачон тугамаслигига ишонамиз. Ҳазрат Машраб ёзганларидек:

 
«Одамийнинг асли бирдур, бир-биридан фарқи бор,
Неча қарн ўтғонидин, дунёга бир одам келур.»
 

Зулфияхоним номи ана шундай, юз йилда бир туғиладиган зотлардан бири эканлиги билан миллатимиз фахрига айлангандир.

Китобдан «Оналарим–моҳларим» ёдномасининг жой олиши «Устоз – ота-онадек улуғ!» деган халқ ҳикматига ғоятда мос тушган. Ўқувчи устозга бўлган эҳтиром билан онага бўлган муҳаббатнинг бирлашиб кетишини ҳис қилса, бу – муаллифнинг ижодий ютуғининг эътирофидир.

Азиз ўқувчи, «Қадр кеча қатралари»дан баҳрамандлик Сизга ҳам қутлуғ бўлсин.

Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи, Ўзбекистон ёзувчилари ва журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

«Аёл жинси кетмас ҳаётдан изсиз…»

Зулфия


МУҚАДДИМА ЎРНИДА

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм!

Бугун – 1995 йил. 26 – февраль. Оқшом. Якшанба. Тонг отса – душанба – 27– февралдир. Буни қайд этаётганимнинг боиси, ҳозир Рамазоннинг этаги, кириб келаётган кеча – Лайлатул Қадр.

Сўзим аввалида бевосита рисоламнинг қаҳрамонига – Сизга мурожаат этмоқчиман, азизам Зулфия опа!

Ривоят қилишларича, бу кеча ухламай, тунни ибодатда ўтказган, яхши ниятлар қилган кишининг дуолари ижобат, ибодатлари қабул бўлармиш…

Яна дейдиларки, бу тунда эсланган, Яратгандан мағфират сўраб тиловат бағишланган кишилар руҳи ғоят шод бўлармиш.

Бу кеча менга ривоятларда айтиладиган, йилда бир – Лайлатул Қадрда келадиган ўша илоҳий Олов қушини кўриш насиб этса, ундан зару тиллолар эмас, руҳимга мадад, жисмимга ғайрат сўраган бўлардим, токи жичча бўлса ҳам Сизга ва Онамларга ўхшай…

Онам Карима мулла Мансур қизи Сиздан уч ёш катта эдилар. Улар ҳам Сиз таваллуд топган Ўқчига туташ Қоратошда туғилиб катта бўлганлар. Уларни Сиз билан биринчи бор 1965 йил, Сизнинг 50 ёшлик тантанангизда, Алишер Навоий номли театрда таништиргандим. Кейинчалик сизларни бир-икки ёнма-ён кўриб, кўнглим қуёш қучгандек ёришиб кетган эди. Ойижонимнинг қадлари ҳам Сизникидек адл, кўзлари Сизнинг кўзингиз каби доим нурли эди. Улар ҳам жуда файзли, фариштали, учрашганингиз эртасига кўнглимни юксалтириб айтганингиздек, «рисоладаги аёл» эдилар. Онагинам Сиз каби ўн саккиз ёшларида илк шеърий девон битмаган бўлсалар ҳам, қаламнинг кетмондан оғирлигига фаҳмлари анча эрта етганлардан эдилар. Тўрт қиз Собир тоғам олиб келган қўлёзма «Ўткан кунлар»ни, Алишер Навоий, Мирзо Бедил ғазалларини ҳижжалаб кўп ўқишган экан. Ойимлар ҳам Сиз каби топиб-топиб гапирардилар. Деганларининг кўпи ҳикмат бўларди. Ўша пайтларда айтганларини ён дафтаримга ёзиб бормаганим – ҳали ҳам армон.

Онагинамдан айрилиб қолган, терак баргидек титраб турган вужудимни бағрингизга босиб сабр тилаганингиз аёзли кундан сал аввал Ойижоним:

– Зулфия опанглар жуда тоза аёл эканлар, у кишининг этакларини тут! – деган эдилар.

Икковингизнинг бир-бирингизга нисбатан берган сифатингиз менга бугун катта қувват.

Бунга ҳам кўп йиллар бўлибди.

Шу соддагина «жуда тоза» сифатига Онагинам у вақтларда ёшлигим туфайли мен илғаб ола олмаган кўп фазилатларингизни жо қилган эканлар.

Ҳарқалай, улар кетмондан оғир қаламни қўлида тутмоқликни орзу қилган қизларини кимга ишонишни яхши билганлар.

Бу Лайлатул Қадрда тиловатларим Онагинам ва ўтганларнинг бошларига соябон бўлишини тилаганимдек, Сизга узоқ умр тилаб тонг оттирмоқдаман. Ва, биламанки, сизга умрузоқлик тилаб қолгувчи биргина мен эмасман. Қулоғимга «Зулфия қизлари»нинг мисралари эшитиляпти:

 
Меҳр ҳаққи: умрингиз мен тилаганча бўлсин,
Кўнглимни тўлдиргансиз, кўнглингиз доим тўлсин…
 

Бу – Бибисора. Ҳалима ҳам бу тунда балки қайтараётгандир:

 
Сиз юксаксиз.
Сизга боқиб, қоматимни ростлайман.
 

Кишилар бутун йил давомида интиқлик билан кутадилар бу тунни. Узун, қалбларни тозартадиган, ёритадиган тунни кутадилар… Минг бир ибодатлар ичра яхшиларни, ота-оналари, устозлари, бир вақтлар ва шу кунларда қалбларини нурлантирган, дилларини равшан қилган, мушкулларини осон қилган, яхши маслаҳат-насиҳат айтиб пок йўлдан боришга ундаган кишиларни эслайдилар. Инсоннинг Умидга, Эзгуликка, Покликка ҳамиша илҳақлигининг рамзини кўраман бу тунни интиқлик билан кутишда.

Алқисса, Лайлатул қадр қатраларидан шу кичик мажмуа пайдо бўлди.

Тонг ёришгани сари дилим ёришиб бораяпти. Унда бир кашф, бир ишонч ниш ура бошлади:

Қўшиқ дил-дилдан куйланса, у қалб тепкинини зиғирча сохталиксиз, зиғирча аслидагидан яхшироқ кўринишга уринишсиз, аксинча – оламча меҳр ва ҳаётсеварлик билан ижро этилса, уни айтгувчи шириннафас ҳофиз бўлмаса-да, эшитувчилар қалбини илита олади. Фақат бугина эмас. У ўзи ҳам билмагани ҳолда, воажабки, ўзига хос ширали овозга эга экани, ҳаёт қўшиғига жўр бўла олиш қудратига эга эканини кашф қила бораркан. Ана шу кашф беражак қанот ҳаққи-ҳурмати, Сиз ҳақингизда битилган жуда кўп илмий, бадиий асарлар, бадиалар, бағишловлар қаторида бир шогирдингизнинг ушбу «чизгилар»ини табаррук қўлингизни ўпиб, кўзимга суртиш рамзи тарзида қабул қиласиз, деган умиддаман.

ТУГАНМАС УММОН

Одатда шоирлардан «Сиз у ёки бу шеърни нима учун ёздингиз?» деб сўрамайдилар. Шеър ҳамиша ўз таржимаи ҳолини ўзи гапириб беришга қодир сеҳрли нарса. Кишилар ўз кўнгиллари, ўз руҳиятларига ҳамоҳанг шеърлар битган шоир тимсолида ўз Пирларини кашф қилишлари ҳам рост.

Биз Зулфия опамларнинг кимликларини, қай даражада буюкликларини, одамийликларини аввало уларнинг шеъриятлари орқали кашф қилганмиз.

Республикамиздаги бир гуруҳ, айтиш керакки, каттагина гуруҳ хотин-қиз ижодкорларни «Зулфия мактабининг қизлари» дейишади. Бизлар хоҳ шоира, хоҳ журналист, хоҳ бастакор, хоҳ ёзувчи, хоҳ олима бўлишимиздан қатьи назар, дастури ҳеч ерда эълон қилинмаган, маълум дарс соатлари ҳам бўлмаган, аммо ўзларини ижодий юксаклик томон поғонама-поғона етаклаган ана шу «Зулфия мактаби» да сабоқ олганимиздан ғурурланамиз.

Ҳаммамизни ҳам ижод оламига Зулфияхонимнинг шеъриятлари етаклаб келган. Шу шеъриятга, демакки Зулфия опамларга эргашиш ҳаммамизнинг қалбимиздаги барча туйғулардан ҳамиша устун туйғу эди. Бу шеъриятдан аёл оламига хос шўх-шанликни, шарққа хос салобат, ҳиммат аралаш ажабтовур виқор ва назокатни топганимиз ҳам рост.

Зулфия опамлар шеър ўқиганларида маҳлиё бўлиб қолардик! Кўпинча Пирикомиламизнинг ўз оҳларидан атроф аланга олмасин учун қалбларидан, томир-томирларидан сизиб чиққан тўлғоқли тўлқинни тўсишга уринган тишлари орасидан дона-дона дур тўкилаётгандек туйиларди. Бу дурлар ватани бўлган Қалб нақадар пок ва ўтли эди! Шеър ўқиб бўлгач, биз, тинглаганлар шеър ҳақида бир нарса дегунимизча, Зулфия опамлар ўқилган шеър оламига ғарқ ҳолда узоқ, хаёлчан бир нуқтага тикилиб қолардилар. Яширмайман, журнал ходимларига ажиб бир кўтаринкилик бахш этган шундай дақиқаларида қўлларини ўпиб, кўзларимга суртгим келган дамлар кўп бўлган. Инсонга ҳаяжон нақадар керак!

Дарвоқе, туркий халқларга хос қадриятлардан саналган ота-она, устоз каби улуғ зотларнинг қўлини ўпиб, кўзга суртиш, тавоб қилиш одатларимиз ҳам бошқа кўпгина яхши урф-одатларимиз, қадриятларимиз қатори шўро мафкурасининг қурбони бўлгани маълум. Қон-қонимиздан жой олган бу чиройли ва меҳр, ҳурмат изҳори ҳисобланган одат Туркия туркийларида «қўл ўпиш» маросими сифатида ҳозиргача сақланиб қолганини киноларда кўряпмиз. Хуллас, Зулфия опамларнинг 50 ёшлик юбилейлари тантаналари кунида қўлларини ўпишдек истагимга эришганимдан мамнунман. Бироқ бу ҳақида ҳали кейинроқ…

Бир инсоннинг ҳақиқий инсон бўлиб элга танилиши, элнинг юкини кўтара оладиганлар сафига қўшилиши учун қанча вақт кераклигини ким билади? Бир ижодкорнинг ҳаваскорликдан «ижтимоий ҳодиса» даражасига етиши учун-чи?

Зулфия опамлар каби истеъдодли ёшларни «ҳис қилиб», «кашф этиш», «катта йўлга сола билиш», Зулфия опамлар каби ёшларга меҳр улашиш, улардаги тиниқ чашманинг кўзини оча билиш, тойганни суяш, авайлаб парваришлашни билиш учун ҳам, балки ЗУЛФИЯ бўлиб яралиш керакдир. Зулфияхонимнинг беназир меҳрлари ҳаммамизнинг руҳимизни ҳамиша баланд тутиб турдигина эмас, ҳаммамизнинг парвозимизни ҳам баланд қилди.

Шоира Муҳтарама Улуғова шундай эслайдилар:

– Марғилондаги мактабда ишлаб юрганимда «Саодат»га бир туркум шеърларимни юборгандим. Аввалига Зулфия опамлардан жуда илиқ, кишининг қалбига умид бағишлайдиган мактуб олдим. Гўё елкамга иккита қанот боғлаб қўйгандек эдилар. Дунёга бошқача қарайдиган, ҳар ишда ҳикмат кўрадиган бўлдим гўё. Шеърларим журналда босилгандаги менинг қувончимни кўрсангиз эди! Журнал ходимлари кейинроқ шеърлар билан чекланибгина қолмасдан, Марғилондаги ўз ҳамкасбларим, аёллар ҳақида меҳрли очерк ва лавҳалар ёзиб юборишни таклиф қилишди. Ёзганларим Зулфия опамларга ёқиши кераклигини ўйлаб бирам ғайрат қилардимки… Кўп ўтмай бинойи очерклар ёзадиган бўлиб қолдим. Кейин журналга ишга таклиф қилишди. Тошкентга келиб, биринчи бор зўр ҳаяжонда Зулфия опамлар хоналарига кирганимда, улар ўрниларидан туриб, мени бағриларига олиб шундай деганлари эсимда:

– Ҳа, «қатим тортар қизгина», биз билан бирга ишлашни хоҳлайсизми?

Муҳтарамахон устознинг «Саодат» саҳифаларида босилган ўзининг ҳали ғўр ҳисоблаган шеърлари сатрларини ёд айтганларидан ҳайратлангани, кейин Зулфия опамларнинг беназр меҳрлари унинг ҳаёти ва ижоди йўлини белгилаб бергани ҳақида ҳанузгача тўлқинланиб сўзлаб юрадилар.

Зулфияхоним тарбиялаб, оқ фотиҳа бериб, ижод йўлига солиб юборган шоира, журналист, ёзувчи, таржимонлар қанча! Уларнинг аксарияти эндиликда ҳар бири ўзича бир дунё, аммо бир чеккаси Зулфияхонимга бориб тақаладиган, ҳамон бу туганмас уммондан баҳраманд дунё!

– Сизларни кўриб қувнайман, – дегандилар бир куни Зулфия опамлар, уларни таваллуд кунлари билан табриклагани келганимизда. – Қачон ва қаерда бўлмасин, кўчадами, йиғиндами, сизларга ўхшаган «қизларим»нинг кўзида ўзингга нисбатан меҳрни, ардоғни кўриб, ҳис қилиб юриш кишига катта бахт экан. Мен чин дилдан ҳаммангизга ҳам ана шу бахтни – дўст меҳрини, эрингиз меҳрини, ўқувчи меҳрини ҳамиша туйиб юришингизни истайман!

Зулфия опамлар қалбларда иштиёқ уйғота билардилар, ҳаммамизни ҳаяжон билан яшашга ўргатгандилар. Киши бошига тушадиган ғам-ташвиш, дардларга чидаш кераклигини, уни енгишга ҳам матонатни ўз руҳимиздан, қалбимиздан, яъни ўзлигимиздан топиш кераклигини уқдирардилар. Зарра бахтда улкан шукроналикни кашф қилишни, ҳаётнинг яхши томонини кўра билишни юқтирар эдилар…

Устозимизнинг Қалблари, Истеъдодлари шундай буюк уммон эдики, ундан биримиз ёниқликни, биримиз ҳассосликни, биримиз жасоратни, биримиз енгувчанликни, биримиз қатьиятни, биримиз фидойиликни, биримиз… хуллас кўп фазилатни олдик. Ҳамон Зулфия опамларнинг кўп фазилатларини кашф қилиб, яна бу туганмас уммондан кўп қирраларини ўзимизга олаяпмиз, яъни «юқтираяпмиз»…

БОЙЧЕЧАК

Зулфия опамлар баҳорнинг илк кунида таваллуд топганлар. Ҳар йили шу қутлуғ кунда, маълум вақт – тушликда биз, у кишининг ибораси билан айтганда «Саодат» нинг саодатли қизлари» ва дўстлари устозимизни муборакбод этгани уйларига йиғиламиз. Ҳар биримиз таклифсиз, қўнғироқсиз шаҳри азим Тошкентнинг турли идораларидаги ўз ишимизни қўйиб, энтикиб-энтикиб келаверамиз… Кўпинча узоқ-яқин вилоятлардан имконини топган дугоналар ҳам етиб келишади.

Назарлари тўқ бўлгани учун Зулфия опамларга таваллуд кунлари нима совға олиб бориш ҳеч қачон муаммо бўлиб йўлимизни тўсган эмас. Энг яхши совға ҳамиша гул эди. Меҳмонхоналари доим гулга тўлиб кетарди. Яна у кишига энг катта совға – биронтамизнинг яқинда чиққан китобимиз, газета ёки журналда босилган туркум шеъримиз, публицистик мақоламиз бўларди. Шундай совға билан келганлар Зулфияхонимнинг бағриларига сингиб кетар, ўша куни у кишининг ёнларидан жой оларди. Бундай сийланишга ҳаммамиз неча мартадан сазовор бўлганмиз!

Ҳар шундай ташрифимизда гўзал, маъсум, виқорли гулдасталар ичида жажжи идишчадаги бойчечакка кўзимиз тушади. Ажабо, кейинги йилларда биз унинг катта гулдасталар орасида туришига шундай ўрганиб қолдикки, назаримда у ҳаётимизда мен ифодалаб бера олмайдиган бир маъно касб этди.

Табиат уйғониши, баҳор келишининг илк жарчиси ҳисобланган, сой бўйи-ю тоғу тошларда ҳали изғирин вақтидаёқ муз ёриб гуллайдиган бу мурғак чечак ҳаммамизни ҳаяжонга соларди. Унинг кишининг томирларида илиқ тўлқин уйғотадиган буюк қудрати бор эди. Зулфияхоним бу жажжи чечакни жуда яхши кўрадилар! Уни ҳаммамиз ҳам «Омонлик-омонлик!» дея кўзимизга суртамиз!

Биз яшайдиган шаҳри азимдан анча узоқ далаю даштлардами, тоғ ёнбағриларидами ҳали изғирин этагини тамом йиғиб олмай, баҳор эрка рухсорини дадил очмасидан туриб очилган ва Зулфияхоним севинсинлар, саксонинчи баҳорда «Омонлик!» деб кўзларига суртсинлар деб, бир сиқим жон озиғи – ўз тупроғи билан бирга юборилган табиатнинг бу бокира муждасига қараб ўйлайман… Ўйлайман…

Табиат, Ҳаёт, Гул, Зулфияхоним, Биз, Яралиш ва Яратиш ўртасида не ришталар бор?!

Ўйлайман…

Зулфия опамлар бизга дунёга бошқача қарашни ўргатмадиларми?

Юрагингга не зарбалар келиб текканида ҳам, деворларига не довул ва тўфонларнинг пўртана тўлқинлари келиб урилганида ҳам унинг ичидаги Ҳаётга, Табиатга, Онага, Ватанга, Муҳаббатга, Фарзанд деб аталмиш буюк ва сирли мавжудодга бўлган меҳр чироғини ўчирмай қолиш сирини бизга Зулфия опамлар ўргатмадиларми?

Ўйлайман…

Ўзи жажжигина бўлган бу чечак қалбимда катта ўйлар уйғотади. Ёнимдагиларга – «Зулфияхоним қизлари»га қарайман. Ҳар йили даврамиз яна ҳам кенгайганини сезаман. Назаримда, улар дилидан ҳам КАТТА ўйлар кечаётганга ўхшайди. Ёрқин, Эзгулик, Истиқбол ва Истиқлол ўйлари! Бу ўйларни шу чечак каби бокира асраб қолишда бизга Зулфия опамлар ва шу хонадондан тўйиб симирганимиз ажиб бир кўтаринкилик руҳи мадад беради.

«ЗУЛФИЯХОННИНГ ҚИЗИ»

Арпапоя кўчасидаги тушунтирилган дарвозани қоқдим.

Эшик очилиб, қаршимда тўладан келган, майда тароқ қора атлас кўйлак кийган, кўзлари кулиб турган аёл пайдо бўлди.

– Ассалому алайкум! Домла Ғафур Ғуломнинг уйларими? – сўрадим аста.

– Ваалайкум ассалом! Адашмадингиз, қизим, Ғафур Ғуломнинг уйлари, – менга ажабтовур куч бергувлик бир илиқлик билан жавоб берди аёл. – Қани, ичкарига марҳамат қилинг!

Гулу райҳонлар бош эгиб турган узун йўлкадан бораборгунча мен «Саодат» журналининг топшириғи билан келганимни, Мавлоно ваъда қилган шеърни олиб кетишим кераклигини тушунтирдим.

Муҳаррам опа (Ғафур Ғуломнинг умр йўлдошлари исмини Зулфия опамлар жуда иззат билан айтган эдилар) мени ёруғ ва шинам меҳмонхонага олиб кирдилар-да ўзлари тепага, Ғафур Ғулом ижодхонасига кўтарилдилар. Атрофга назар солар эканман, зина тепасидан у кишининг майин овозлари эшитилди:

– Зулфияхонга шеър ваъда қилган экансиз, олиб кетгани қизларини юборибдилар…

«Зулфияхоннинг қизи»… Ичимдан қандайдир иссиқ тўлқин кўтарилгандек бўлди. Сезиб турибман – юзларим ёниб кетаяпти.

– Ҳа, телпунда Зулфиябегим билан гаплашгандим. Озгина чаласи бор. Меҳмон қизни чой билан сийлаб турасиз, мен битириб берай…

Бу минбарлардан, радиодан кўп бора эшитганим, талай кишилар овози ичидан бехато ажратиб олса бўладиган Ғафур Ғуломнинг ўзига хос таниш овозлари эди. «Телпун» ҳам Ғафурона ибора.

Муҳаррам опа қайтиб тушиб столга дастурхон ёза бошладилар. Мен раҳмат айтиб, овора бўлмасликларини, агар ижозат берсалар, ҳовлидаги чиройли гулларни томоша қилмоқчи эканимни айтдим.

Муҳаррам опа илтимосимга жуда илиқ кулиб розилик бердилар. Кейин билсам, бу гулларнинг аксариятини у кишининг ўзлари ўтказиб, ҳаммасининг ўзига хос инжиқлигига қараб парвариш қилар эканлар. Анча суҳбатларини олдим.

Шеър битиб, Ғафур ака пастга тушганларида биз Муҳаррам опа билан ошхонада тушликка манти тугаётган эдик. Ғафур Ғулом саломимга алик олгач, билмадим ўзлари бот-бот «Саодат» га борганларида ўша ерда мени кўрган бўлсалар, таниганларига шаъма қилибми ёки аллақачон Муҳаррам опа билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимдан мамнун бўлибми, Ғафурона думалоқ қилиб ўралган шеърни менга узатар эканлар:

– Ҳа, ҳақиқатан Зулфиябегимнинг қизи экан, – дегандилар.

«Зулфияхоннинг қизи»… Ҳамид Олимжоннинг волидаи муҳтарамалари Комила аядан, мавлоно Шайхзода, Собир Абдулло, Ойбек домла, Миртемир домла, устоз Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Асқад ака ва яна кўплардан бот-бот эшитардик бу иборани.

Меҳр билан айтилган бу сўзларни ҳар биримиз бир умрга татигулик мукофот сифатида қабул қилардик.

«…УЛАР БИЗНИ – БУЮК БИЛИШАДИ!»

Идорада Собиржон ака деган ҳайдовчимиз бор эдилар. Алишер Навоий кўчасидаги улкан бино олдида қатор турадиган «катталар»нинг енгил машиналари ичида Зулфия опамларнинг машиналари доим ярақлаб, бошқалардан ажралиб турарди. Республика бўйича биттагина аёл Бош муҳаррир эдилар-да! Собиржон аканинг ҳам ўзларига яраша феъллари бор эди. Машинага «эгаси»дан бўлак ходимларнинг минишини истамаётганлари шундай юзларидан билиниб турарди. Аммо Зулфия опамларни жуда ҳурмат қилар, ҳар топшириқларини сўзсиз ижро этардилар. Зулфия опамлар баъзан идорага келганларидан сўнг, биронтамиз пастга тушиб «Фалончи шоир ёки ёзувчиникига бориб келишимиз керак экан, журналга асарларидан беришни ваъда қилган эканлар!» десак, Собир ака албатта:

– Мен ўзим ҳам олиб келаверардим… – дер, аммо айтганни бажарардилар.

Таниқли адиблар, муаллифлар билан муомала масаласида Зулфия опамлар жуда «қаттиқ» турардилар. Журналга топширилган асар ҳақида икки-уч кун ичида муаллифга фикр билдирилар, яхши асари билан табриклаб, биз билан ҳамкорлиги учун миннатдорлигимизни айтардик. Бу – биз учун асосий қоида эди. Айтиш керакки, катта адибларнинг ҳам журналга, журнал ходимига муомаласи шунга яраша ҳурматли бўларди. Ғафур Ғулом, Ойбек домла, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Мирзакалон Исмоилий, Музайяна Алавия каби элимиз севган адиблар журнал учун ўз асарларини олиб келишганда, аввал тегишли бўлим ходимига учрашишар, кейин биргаликда Зулфия опамлар ҳузурларига кирардик. Адиблар журнал топшириғини бажарганлигидан хурсандликларини айтишар, журнал ва адабиёт, жаҳон адабиётида довруқ бўлган янги асарлар ҳақида гаплашиб, бирпас чақчақлашиб кетишарди. Эркак ёзувчи ва шоирлар билан хонада ёлғиз қолишни ўзларига эп билмайми ёки бу суҳбатлар бизга жуда кераклигини ҳис қилибми, Зулфия опамлар кўпинча бизга ҳам «кириб ўтиринглар» деб ишора қилардилар. Асарни биринчи бўлиб ўқиганимиздан, журналда ўз ўрнимиз борлигидан хурсанд бўлардик. Айтиш керакки, бу ҳам «Зулфия мактаби»нинг ўзига яраша сабоғи эди. Бундай суҳбатлардан кейин биз, ёшларнинг одимимиз дадилроқ, фикримиз тиниқроқ, қаламимиз ўткирроқ, ўзимизга ишончимиз кучлироқ бўларди.

Адиблардан журнал учун тайёрлаб қўйган асарларини шунчаки олиб келиш керак бўлса, бу ишни бажариш ҳайдовчимиз қўлидан келарди, албатта. Аммо Зулфия опамлар адибнинг уйига журналнинг тегишли бўлим бошлиғи ёки ходимини юборардилар. Биз эса даврнинг буюк адиблари билан учрашиб, катта адабиётга дахлдорлигимизни ҳис қилардик. Бундай учрашувлар ҳали ҳам қалбимизни илитади.

– Абдулла ака даволаниш учун эртага Москвага учиб кетяптилар, – дедилар Зулфия опамлар менга эрталаб ишга келганларида. – Кеча хайрлашиб келай деб, уйларига ўтгандим. «Муҳаббат» қиссаларини ёзиб тугатибдилар. Бугун нашриётга топширар эканлар. «Саодат»га парча беришни илтимос қилгандим. Эрталаб тайёрлаб қўйишни ваъда қилдилар. Ўзингиз уйларига ўтиб, олиб келсангиз яхши бўларди…

1968 йил баҳори эди ўшанда. Абдулла Қаҳҳорнинг шаҳар марказидаги коттеж уйларига кириб борганимда ҳовлида бир туп настарин қийғос гуллаган экан. Кибриё опа мени меҳмонхонага бошлаб кирдилар-у «Мен ҳозир…» деганларича шошиб ошхонага кириб кетдилар. У ердан қизиган ёғда пиширилаётган қатламанинг ёқимли иси келарди…

Салом бериб меҳмонхонага кирганимда, у ерда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори ёзувчи ва шоир, драматург Ҳамид Ғулом ва «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовлар ўтиришарди. Беихтиёр Зулфия опамларнинг «Эртага қиссани нашриётга топширар эканлар» деганлари ёдимга тушди. Таниқли адиблар ҳам хайрлашгани, ҳам асарни олиб кетгани ўзлари келишганини тушундим. Домла Абдулла Қаҳҳор чуқур креслода, қалин адёлга ўралган иккала оёқларини иккинчи креслога узатганларича ўтирардилар. Биз ҳамиша нурли кўришга ўрганган юзлари салқиган, кўз остлари сал қорайгандек эди. Домла оғриқни билдирмасликка уринар, шунданми лаблари ингичкалашиб, қимтилган эди…

– Зулфияхон «қизларим олиб кетишади», дегандилар. Кибриё опангиз билан кечқурун «Саодат»га аталган парчани машинкадан чиқариб қўйдик. Ҳозир Кибриёхон олиб берадилар. Маъқул бўлади, деб умид қиламан… Агар қиссанинг ўзи билан тўлиқ танишмоқчи бўлсангиз, ана, Ҳамиджон ўқишга бериб турадилар…

Сўнгги гап билан Абдулла ака «агар мен танлаган парча Зулфияхонга маъқул келмай, бошқа парча танламоқчи бўлсангиз…», демоқчи эканларини тушундим, албатта. Зулфия опамлар журналда бериладиган ҳар бир асарга жуда талабчан эдилар. Буни муаллифлар ҳам яхши билишарди. Абдулла аканинг сўзларига жавобан, Ҳамид Ғулом бош ирғаб қўйдилар. Бу розиликдан мен тез кунда фойдаланганим ҳам эсимда. Абдулла ака Кибриё опа билан тайёрлашган парча журналнинг икки сонида берилди. Лекин севимли ёзувчимизнинг қиссалари китоб бўлиб чиққунича ёки «Шарқ юлдузи»да тўлиқ босилгунича (у вақтлар бунга кўп ойлар кетарди) сабрим чидамай, нашриётдан қўлёзмани бир кечага олиб, ўқиб чиққанман.

Матн ниҳоятда текис ва озода эди. Кўз олдимга икки кекса ижодкорнинг тун оғгунча машинка чиқиллатиб ўтирганлари келди. Катта ёзувчиларда аввало ўқувчи олдида, таҳририят олдидаги масъулият жуда кучли эди. Ҳозирги ёшлар ижод қилганда қалам-қоғоз билан ишламай, матнни тўғридан-тўғри компьютерга ёзадилар. Кейин уни флешкага кўчириб, чўнтакларининг бир четида ёки қўл телефонларининг қулоғига илиб таҳририятга олиб борадилар. Ходим кўрсатган файлга кириб бир зумда асарларини таҳририят компьютерига кўчириб, «иш топширадилар». Улар туни билан машинкани чиқиллатиб чиқиш азобини билишмайди… Ижод қилишнинг «ибтидоий» гашт-сурурини, қоғознинг, сиёҳнинг ажиб ҳидини билишмайди… Қолаверса, асарни папкага солиб, фарзандингни қучгандек бағрингга босиб, нашриётга олиб боришнинг ҳам ўзига яраша гашти бор!

Кўп ўтмай Кибриё опа ошхонадан бир лаган иссиқ балиш кўтариб чиқдилар. Ҳаммамизни дастурхонга яқинроқ ўтиришни таклиф қилдилар.

– Балиш пиширишда опангиз татар аёлларидан ҳам ўтиб кетади! – хонада ҳукм сурган вазминликни тарқатиш учунми ҳазиллашдилар Абдулла ака.

– Келинг, синглим! Балишни иссиғида ейиш керак. – Кибриё опа менинг тортиниб турганимни кўриб, яна дастурхонга чорладилар. Мен эса жойимдан силжий олмасдим. Абдулла Қаҳҳор билан бир дастурхондан таом ейиш!.. Қизларга айтсам, албатта ишонишмайди!

Ҳолатимни Абдулла ака сездилар шекилли, Кибриё опага дедилар:

– Хоним, беш-ўнта балишдан эзилмайдиган қилиб қоғозга ўраб беринг. Қизлар ўзлари чақчақлашиб, иссиқ чой билан ейишади идорада. Адабиётга энди кириб келаётганлар буюклар билан бирга ўтира олмайдилар. Буларни ҳам тушуниш керак-а, Ҳамиджон! Ахир улар бизни – буюк билишади! Шунисига ҳам шукр!

Шундай қилиб Абдулла ака мени хижолатли ҳолатдан қутқардилар. Кўп ўтмай қизлар билан балишни тановул қилар эканмиз, у кишининг гапларини уларга ҳам, Зулфия опамларга ҳам айтиб бердим.

– Ҳа, Абдулла Қаҳҳор бу – Абдулла Қаҳҳор! Таъблари ниҳоятда нозик! Улар ниҳоятда сезгир инсонлар! Илоҳим, омон бўлсинлар! – Опанинг сўнгги сўзларида хавотир яширин эди. – Ўзбекчиликни жуда яхши тушунадилар, аёлларни жуда ҳурмат қиладилар.

Зулфия опамлар ҳақ эдилар. Ўша кунлари биз Абдулла Қаҳҳорнинг «Ёш гвардия» нашриётида яқинда чоп этилган хотин-қизлар ҳақидаги ўн ҳикояси ва «Синчалак» повестини қўлимиздан қўймай ўқиётган эдик. «Даҳшат», «Анор», «Бемор», «Мастон» ҳикояларининг ёзилганига анча вақт бўлган эди. Уларни мактабда ҳам таҳлил қилиб ўқигандик. Аммо ҳар гал ўқиганда, асарни энди ўқиётгандек таассурот қолдиришидан лол қолардим. Ҳар гал янги қирраларини кўрардим. Бошқалар ҳам шундай дейишарди. Зулфия опамлар айтмоқчи, «Абдулла Қаҳҳор бу – Абдулла Қаҳҳор!» лигини қалбан ҳис қилардик. «Анор», «Мастон» ҳикояларидаги каби аёлларни нозик тушунишларига ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.

Ўтган, 1967 йилнинг май ойи эди…

Абдулла Қаҳҳор Кибриё опамлар билан бирга келиб қолдилар. Янги асарлардан олиб келган эканлар. Зулфия опамлар идорада йўқ эдилар. Бўлимга кириб, ҳикояни шундай берибгина кетаверсалар ҳам бўларди. Лекин столим қаршисида икковлари ўтиришиб, бир пиёла чой берганимдан кейин ҳикояни ўқиб бердилар. Салобатлари босибми, шундай одам оддий адабий ходим олдида асарларини ўқиб бераётганлариданми, юзим тандир олдида тургандек қизариб, пешонамни майда тер босди. Аксига тўнғичимга декрет таътилига чиқишимга бир ҳафта қолган, ҳозирги ҳаяжонимни у ҳам сездимикин, майда тароқ қора атлас кўйлагим унинг типирлашидан қимирлар, сездирмаслик учун стол ортига қанча энгашишга ҳаракат қилмай, ҳеч тинчимасди. Мен Абдулла аканинг ён томонларида, столнинг нариги ёғида ўтирган, у киши менга қарамай бутун диққатлари ўқиётган ҳикояларида бўлса ҳам, аҳволимни яхши сезган эканлар. Овозлари ҳамон ўша ҳикоя ўқиётгандаги оҳангда, қоғоздан кўзларини узмай Кибриё опага дедилар:

– Биз яхшигина футболист бўламиз шекилли-а, Кибриёхон! Ҳа, миллатга полвонлар керак!

Ўша воқеадан бир ярим ой вақт ўтиб, тўнғич ўғлимиз Эркинжон туғилди. У вақтлар туғилажак чақалоқнинг қиз ёки ўғиллигини олдиндан билиб бўлмасди. Узоқ йиллик иш тажрибасига эга врачларнинг оналарга айтган тахминлари баъзан тўғри, баъзан эса аксинча бўлиб чиқарди. Узоқ вақтгача Абдулла Қаҳҳорнинг «полвон» ҳақидаги башоратларидан қувониб юргандик. Ўсмирлик вақтида ўғлим жуда кўп китоб ўқирди. Ҳатто кейин кичик-кичик ҳикоячалар ёзишни машқ қиладиган бўлди. Баъзан шу «қисқа, лўнда, аниқ» ижод услубида буюк ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ва А.П.Чеховга тақлидни кўргандек бўлиб, «Домланинг назарлари тушган-да!» деб севиниб қўярдик. Аммо кўпчиликда бўлгани каби, замон ўғлимизнинг меҳнат йўналишини ҳам ўзгартириб юборди. Барибир бор нарса йўқолмайди, деганларидек, вақти келиб унинг болаликдаги иқтидори уйғониб, юртимиздаги ўтган аср охирида рўй берган ўзгаришлар, ўзи тенгиларнинг ҳаёти ва руҳиятидаги катта эврилишлар ҳақида қаҳҳорона ёмби асарлар ёзишига (балки мемуар шаклида) умидим ҳеч сўнгиси келмайди.


Страницы книги >> 1 2 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации