Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 9 страниц)
ЗУЛФИЯХОНИМ КЕЛАДИЛАР ДЕБ…
Катта ёшдагиларнинг аксарияти 1968-1969 йиллар қишининг қаттиқ келганини яхши эслашади.
Ўша йили бош муҳарриримиз учун ҳам анча «оғир» келгани, лекин у киши ҳеч сирбой бермай, журналнинг ҳар бир сонини ўз вақтида чоп этиш билан бирга, «қўзилаш» мавсумидан ҳам аъло ўтганлари ҳақида узоқ вақтгача ҳаммамиз меҳр ва муҳаббат билан гапириб юрдик. Ўшанда, 1969 йилнинг январь ва февраль ойларида «Саодат» бирданига уч «набира»лик бўлди: бош муҳаррир ўринбосари Холидахоним, бўлим мудирлари бўлган Санъатхон ва мен ўғил кўрдик. Бир вақтнинг ўзида бир эмас, уч сермаҳсул ходимнинг декрет таътилига кетиши эркак раҳбарларни ҳам серзарда қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Аммо Зулфия опамлар бизнинг андишамизни оналик ҳар қандай ижоддан, хизматдан устувор эканини сингдириш билан йўқотиб бордилар. Зулфия опамлар, Салоҳ Ҳасан, Роза Сайфиева, Насима Юсупова, Дилбар Маҳмудовалар оғирликни чиройли ғурур ила зиммаларига олиб, билдиришмади.
Эсимда ўша аёзли қишда Зулфия опамлар «Саодат»нинг бор ходимлари билан бизникига ўғил билан табриклагани келганларида яна бир хушхабарни айтдилар:
– Худо мени бу йил жуда сийлади! Ҳулкар опангиз ҳам Фотима-Ҳусанлик бўлди!
Ўша куни ҳаммамизнинг руҳимиз Зулфияхоним бағрида яйраган бошқа дамлардаги каби жуда кўтаринки эди. Меники айниқса бир парда юқорироқ бўлгандир. Бунга сабаб…
Меҳмонлар келишидан сал аввалроқ дастурхон тузаётганимизда қайнотамларнинг қўлларини иситгичга қўйиб турганларини кўрдим.
– Дада, совуқ қотдингизми? Ошхонага ўтсангиз, иссиқ қайнатма шўрва сузиб бераман. Исийсиз, – дедим.
– Йўқ, совуқ еганим йўқ. Атай қўлларимни иситиб турай дедим. Ҳозир Зулфияхон келадилар. Кўришганимда қўлларим қўлларига муздек уннамасин…
Бу оддийгина гапдан лол қолдим!
Қайнотамларнинг (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) андишалари-ю одоблари, элнинг суюкли шоираси Зулфияхонимга нисбатан ғойибона меҳр изҳорлари, ўзбекона лутфларидан қаттиқ таъсирландим. Эшикларини ланг очиб, дастурхонларини тўлдириб, юзларини кулдириб… ҳатто кафтларини ҳам иситиб меҳмон кутаётган қайнотамлар сиймосида миллатимизнинг нақадар азизу қадимийлигини, қалб бойлигини кашф қилдим.
Қишда чарақлаб офтоб чиққандек, қалбим одамларга меҳрдан қамашди. Яйраб, эркаланиб, қуш мисол парпираб меҳмон кутдим ўша куни.
БИЗ СИЗНИ СЕВАМИЗ
Зулфия опамларнинг ярим асрлик юбилейлари 1965 йилда ўша даврнинг энг салобатли ва гўзал қасри – Алишер Навоий номидаги Катта академик опера ва балет театрида нишонланди.
Гуллар… Табриклар… Табассумлар…
Ўша куни назаримда бутун олам шеъриятнинг ўзидек енгил, самовий, покиза, сертўлқин эди. Ҳаммамиз – «Саодат» ходимлари-ю, Зулфияхонимнинг яқинлари, атай шу кунга атаб янги либослар тиктирганмиз. Руҳиятимиз баланд-баланд… Оппоқ-оппоқ… Ёрқин-ёрқин…
Ўша куни ўз ойим билан дадамларни биринчи марта қасрга, шундай табаррук анжуманга олиб келишим эди. Улар кўзидаги учқун, дилидаги завқ мени осмонларга кўтарарди.
Зулфияхонимни табриклаш навбати «Саодат»нинг саодатли қизларига келганда, келишиб саҳнага ҳаммамиз баробар чиқиб, ярим доира бўлиб турдик. Холидахоним ҳаммамиз номимиздан умумий табрик сўзини айтгач, Зулфияхоним ҳаммамизни бир-бир бағриларига босдилар. Шу сония ҳамма бир оғиз сўз билан ичидагини айтиб табриклади.
Ҳали айтганим кўтаринкилик аршидан тушмаган эканманми, мени бағриларига олганларида беихтиёр:
– Зулфия опажон! Биз ҳаммамиз Сизни жуда-жуда яхши кўрамиз! – дедим ва у кишининг қўлларини ўпиб, пешонамга теккиздим. Микрофонга яқин турган эдик. Сўзимни ҳамма эшитди. Нима қилибди? Ахир «Саодат»нинг табриги-ку!
– Биламан! Жуда яхши биламан! – жавоб бердилар Зулфия опамлар ҳам. – Сизлар билан ифтихор қиламан!
Бу сўзлар шундай самимий айтилдики, кошона олқишдан, қалбимиз эса қувончдан қалқиди.
«АЁЛ ЖИНСИ КЕТМАС ҲАЁТДАН ИЗСИЗ…»
«Ҳуррият» газетасидан телефон қилишиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши муносабати билан икки оғиз фикр билдиришни сўрашди. Қалбимда ифтихор билан шу сарлавҳани қўйиб, қуйидагиларни ёзиб бердим:
«Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши ҳақидаги Фармон Ҳумо қуш мисол ҳаммамизни қувонтириб, руҳимизни тўлқинлантириб, борлиғимизни яна бир поғона кўтариб, қалбимизни эзгуликларга тўлдириб юртимиз узра учиб юрибди.
Элу юртнинг машъал қизларини тақдирлашга муносиб мукофот номини танлашда вариантлар кўп бўлганига ишончим комил. Ўзбек номини Оламга олиб чиққан момоларимиз кўплигидан азалдан фахрланиб келамиз: Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Барчиной, Саодат… Айрим вилоятлар, туманлар теграсида шу номдаги мукофотлар анчадан бери хотин-қизларимизнинг руҳини кўтариб келмоқда. Оила йили, Аёллар йили муносабати билан улар кўпаяётгани ҳам рост.
Республика миқёсидаги энг хайрли мукофот таъсис этишда Зулфияхоним номида тўхталиб Президентимиз хотин-қизларга нечоғли муҳаббатли эканларини, уларга аталган эзгуликлари қалбларида бисёр эканини, қутлуғ юртнинг фарзанди сифатида, шу буюк юртнинг отаси сифатида намоён этдилар.
Муборак мукофот кимларга берилиши ҳақида Фармонда мухтасар айтилган. Мен қалбимга қулоқ тутиб, унинг ҳам ўз мезони борлигини англадим. Атрофдаги тўлқинли, ҳаяжонли фикрлар қалбим тепкинига ҳамоҳанглигидан фаҳрландим.
Зулфия мукофоти қизларимизнинг энг улуғ фазилати – Ватанга муҳаббатлари, элу юрт учун ёниб яшаганликлари, жўшқин фаолиятлари учун берилади.
Зулфия мукофоти аёлнинг Аёллиги – қалбининг оқлиги, фидойилиги, сержилолиги, жўшқинлиги, меҳри уммонлиги, метин садоқати, туганмас сабри, битмас бардоши, сўнмас оташи, борингки, Аёлнинг ерлилиги ва айни пайтда самовийлиги, Аёл оламининг ноёблиги учун берилади.
Бу фазилатларнинг ҳаммаси ва яна қанча фаришта сифатлар элимиздагина эмас, бутун Оламда суюкли бўлган, миллатини ва Башариятни тенг суйган Зулфияхонимда бор эди.
Бор эдигина эмас, Зулфия опамларнинг вужудлари, табиатлари уларни ўзида асраб туролмасди. Улар бир умр ўз таъсир доираларини тобора кенгайтириб бу фазилатларни бошқаларга юқтириб, кул босган қалбларни аланга олдириб келганлар. Бундай қизлари бор юрт саодатли, бундай қизлари бор халқнинг қадди ҳамиша тикдир!
Машъаллик юкини адл кўтарганликлари, эргашганлар, ҳавас қилганларнинг кўплиги учун ҳам Зулфияхоним саксон ёшларида ёзган шеърларида «Божлиман элиму юртга бир умр!» дея баралла айта олдилар.
Кўпга жўровозлигимдан фахрлана айтай: Зулфия номидаги мукофотни таъсис этиш – Ҳукуматимизнинг энг хайрли, энг эзгу ишларидан бири бўлди!
Қанча-қанча замондошларимиз энг муносиб қадрга – Зулфия мукофоти лауреати нишонини тақиб юришга лойиқлар! Шунинг учун Фармоннинг ўзи аёлларимиз учун катта байрам бўлди. Зеро, Зулфияхоним бир шеърларида «Аёл жинси кетмас ҳаётдан изсиз…» деб башорат қилган эдилар.
Ҳаммамизнинг изимиз, қадамимиз қутли бўлсин!»
ВОДИЛЛИК ҚИЗЛАР
Зулфия опамлар ишга ҳамиша барвақт келар эдилар. Уларнинг бу одатларини билган масъул котибимиз Салоҳ Ҳасан ҳам улардан аввал келиб, Опа сўраб қолишлари мумкин бўлган материалларни тахт қилиб қўяр, керакли сурат, сурат тагига бериладиган кичик ёзувларгача тайёр турарди. Биз – ёшлар болаларимизни мактабга жўнатиб, боғчага киритиб келганимизда, уларнинг эшиклари очиқ, ўз хоналарида берилиб ишлаб ўтиришган бўлишарди. Табиийки, сал кечикканимиздан хижолат тортардик.
– Кишининг кўнгли уйидан, болаларидан хотиржам бўлса, беш-ўн дақиқа кечикканининг ҳиссаси албатта чиқиб кетади, – дердилар бизни хижолатдан чиқариб Зулфия опамлар. – Аёл киши уйи остонасидан чиққанидан кейин бутун диққат-эътиборини ишига қаратса, идоранинг иши битмай қолмайди, – деб тайинлардилар.
Умуман Зулфия опамларнинг бирон марта овоз кўтариб койиганларини, дарғазаб уришганларини билмайман. Энг жиддий, энг нозик, энг қалтис вазиятларда ҳам хонадаги гап эшик ортидагиларга эшитилмасди.
Кейинчалик бошқа кўплаб раҳбар аёлларни кўрган, айниқса овозларини уч-тўрт кабинет наридан эшитганда, Зулфия опамларни кўп, жуда кўп эсладим. Қўлимни кўксимга қўйиб дилимга у кишининг феълларидан юқишини тилаган вақтларим ҳам кўп бўлди.
Ўша куни ишга барвақтроқ келибман. Зулфия опамларнинг хоналари олдида икки қиз турар, девор тагида жомадон, тугунлар бор эди.
Саломлашиб, қизларни ичкарига, ўз хонамга олиб кирдим. Қизларнинг водийдан эканликлари қирқ кокил сочларидан, ироқи дўппиларидан, ширин лаҳжаларидан сезилиб турарди.
Зулфия опамлар келгунларича сўзлашиб ўтирдик. Бу йил мактабни тугатишибди. Олий ўқув юртига киришга отаоналари унамаган эканлар, кечқурунги поездга чиқиб, «Тошкент қайдасан?» деб Зулфия опамлардан нажот излаб келаверишибди.
Жасоратни қаранг!
– Ёлғиз йўлга чиққани қўрқмадингларми? – Зулфия опамларнинг ҳам биринчи саволлари шу бўлди. – Тунда… Поездда… Ўзбекчилик, ота-онангиз сўзимга кирмади, деб ғазабланса нима қиласиз? Қочиб кетган қизларнинг оталари оқ қилган ҳоллар ҳам бўлади… – Зулфия опамларнинг ҳам бошларидан минг бир хаёл ўтгани сезилиб турарди.
– Биз йигитлар билан қочиб кетибмизми, аяжон!? Ўқимоқчимиз холос! Оталаримиз ҳам аслида асло ёмон одамлар эмас. Биз ўқишга кира олмасак, сиқилиб, йиғлаб юришимиздан қўрқишади холос! Бўлмаса жон-жон деб рухсат беришади! Ҳозир хафа бўлишса ҳам, Сизнинг олдингизга кетаётганимизни хатда ёзиб қолдирдик. Хатни ўқишганда ҳеч ҳам диққат бўлишмайди. Ая, улар сизга ишонишади! Бутун Ўзбекистон ишонади сизга! Сизнинг паноҳингизда бўлсак, бизга бало ҳам урмайди!
Зулфия опамларнинг юзлари ажиб нурланиб кетди.
Туни билан поездда юриб келган бу қизларга чой тайёрлар эканмиз, гапнинг рости, шаҳдам гапларига қойил қолиб ўтирар эдик. Кези келганда Зулфия опамларга қараб, «Қизларни койиманг!» дегандек сўзсиз ялинардик ҳам.
Зулфия опамлар қизларни койишдан анча нари эдилар. Қолаверса, бундай ҳол кўп бўлган. Айниқса ўқишга кириш мавсумида «Саодат» дан, Зулфияхонимдан паноҳ излаб келувчилар кўп бўларди. Тошкентдаги талабалик йилларининг дастлабки ойларини Зулфия опамларникида яшаган, бу қутлуғ даргоҳдан туз тотиб, инсонийлик сабоғини олган ўнлаб қизлар у кунларни умр бўйи ҳаяжон билан эслашларига ишончим комил.
Ўша куни ҳам қизлар чой ичгунларича, Зулфия опамлар қўшни хонага чиқиб, ўринбосарлари Холида опага Водилга телефон қилиб, қизларнинг ота-онасини хотиржам қилишни тайинладилар.
– Имтиҳонларга яқин қолди… Ҳали ҳужжатларини топширишлари керак. Шаҳарни билишмайди… – Зулфия опамлар гўё овоз чиқариб фикр юритардилар. Биз эса топшириқ кутиб, шай турар эдик.
Биз бундай топшириқларни «журналдан ташқариги ташкилий, бизга савоб келтирадиган топшириқлар», деб атардик. Уларни иш, уй, бошқа юмушларимиздан вақт айириб жон-жон деб бажарардик.
Водиллик қизларнинг яшаш жойи тайин (яна Зулфия опамларникида) бўлгач, ТошМИга олиб бориш, ҳужжатларни топшириб, имтиҳонлар ва консультациялар вақтини, жойини билиш менга топширилди.
Эртасигаёқ Водилдан қизларнинг оталари етиб келишди. Зулфия опамлар уларни жуда яхши кутиб олдилар. Улар қизлари билан учрашиб, хотиржам бўлиб, имтиҳонлар олдидан хаёлларини бузмаслик учун ўша куниёқ қишлоққа қайтиб кетишди. Уларнинг қўллари кўксиларида, тавозе билан қабулхонадан орқалари билан чиқиб кетаётганлари ҳали ҳам кўз ўнгимда.
Қизлар тийраккина экан. Имтиҳонлардан яхши ўтишди. Бироқ йиққан баллари ТошМИга кириш учун озгина етмасди. Қизларнинг бири йиғлаб юборди. Иккинчиси қатьий деди:
– Келаси йил, албатта, топшираман. Албатта ТошМИда ўқийман!
Қизларнинг ҳужжатини олиб, уйларига кузатиб қўйиш учун институтга борганимда хушхабар эшитиб қолдим: қизлар тўплаган баллар билан янги очилган Андижон тиббиёт институтига кирса бўларкан!
У ердан келган вакил билан учрашдим, керакли ҳужжатларни тезда тўғриладик.
Зулфия опамлар водиллик қизларнинг ота-оналари билан боғландилар. Қизлар эрта билан Андижонга етиб боришини, ўша ерда ўқишини айтдилар:
– Бағрингизда бўлишади ҳисоб. Андижон тиббиёт институти ҳам жуда яхши врачлар етиштириб чиқаради. Сизлар ҳам қизлар ҳолидан хабар олиб турасизлар. Ҳар ҳафта қизлар уйига бориб туришлари ҳам мумкин бўлади. Андижон хотин-қизлар ташкилотидан ҳам илтимос қилдик. Қизларнинг ётоқхона билан таъминланишларига ёрдам берадиган бўлишди…
Шундай қилиб водиллик қизларни кузатдик. Салкам бир ой ичида уларга ўрганиб қолган эканмиз, анча вақтгача хат ёзишиб ҳам турдик.
* * *
Кўпинча «Нега хотин-қизлар ичида кучли сиёсатдонлар кам?» деган савол беришади. Шундаймикин? Менимча, «сиёсатбозлар» кам.
Аслида аёлдан ўткирроқ сиёсатчи бормикин? Унинг жисмию-жони билан ҳимоя қиладигани, катта ғояси – элсеварлик, фидойилик, ҳаётсеварлик, ҳаётга эътиқод – вақт чегарасини, ҳудуд чегарасини, миллат чегарасини тан олмайди. Лозим бўлса айнан аёл бу ғоя учун энг катта бойлиги – «қирқта жонини» ҳам садақа қилишини устоз Зулфияхоним мисолида кўп кўрдим. Уларнинг эл ичра ҳурмат, эҳтиром кўрганларининг сабаби ҳам ана шу чиройли сиёсатларида эди. «Зулфия, фақат ўз шеърларида гавдаланган тўла-тўкис аёл тимсолигина эмас, балки мукаммал шахс ҳамдир. Гўзал замонамизда шаклланиб, камолга етган шахс. «Поэзия Зулфия учун ҳеч қачон шунчаки машғулот бўлган эмас…» деган эди XX асрнинг машҳур ёзувчиси Чингиз Айтматов.
– Шеър ёзадиган ёки шеърни севадиган одамлар ёмонликка қодир бўлмайди! – деган гапни Зулфия опамлардан кўп эшитганман.
Дарҳақиқат, у киши билан учрашган, бир суҳбатини олган, шеърларини ўқиган одамлар кўнглида чироқ ёқиларди, атрофда чиройли ва эзгу нарсалар кўплигини, ҳаёт энг олий неъмат эканини англайди. Бу кашфдан ўзи ҳам қалбан кўтарилганини, олижаноблар, мақбуллар тоифасида эканидан ғурурланади, шукрланади, нурланади.
«КЕЛАЖАК МИНГ ЙИЛЛАР ЎРКАЧИН ЎТГАНДАЙ…»
Туш кўрибман…
Ўнгимда кўп марта шундай ҳолатнинг шоҳиди бўлганим учунми, кўрган тушим шундайгина эсимда…
…Чиройли, тўкин дастурхон тўрида Зулфия опамлар ўтирибдилар. Атрофларида «Саодат» қизлари. Бизникига нима биландир муборакбод этгани келишганмиш. Болаларимдан бирининг таваллуд кунимикин? Ўзимнинг таваллуд куниммикин балки. Ёки Зулфия опамларнинг саъй ҳаракатлари билан берилган уйимизнинг «тўйи»микин?
Оиламиз шодиёналарининг ҳаммасига Зулфия опамлар, албатта, қизлар билан келардилар. Табриклаб, уйимизнигина эмас, қалбимизни ҳам тўлдириб юборар эдилар.
Мана бу гал ҳам тўрда ўтирибдилар. Эгниларида майин жигарранг, аниқроғи оч кофе рангдаги костюмлари. Биз нақадар ҳавас қилардик ҳамма либосларини! Сочлари силлиқ турмакланган. Бўйинларида оқ, аниқроғи сутли кофе рангида шарф. Йўқ, чоғроқ рўмолча… Аммо у бир ёққа, чап елкаларига томон сал суриб, бўшгина, бир илмоқли боғланган. Бошқа ҳеч кимда кўрмасдик рўмолни бундай «фасон» боғлашни! Чеҳралари бирам очиқ! Бирам бахтиёрлар! Нигоҳлари бағри-бағрингни илитадиган бирам нурли-нурли… Доимгидек яйраб, қизларни ҳам яйратиб ўтирибдилар.
Дастурхонга қўйилган таомларни бирам мақтаб-мақтаб тановул қилаяптилар… Маъқул кўрганларидан бирам хурсандманей!..
– Ҳали, янги, кувраккина майда бодринг олиб қўйдим деяётувдингизми? Қани олиб келинг-чи, мазасини кўрайлик!
– Ҳозир! Ҳозир! – дедиму, бир текис, яшил, куврак бодрингларни олиб келгани шошилдим…
…Шу ерда уйғониб кетдим. Аммо сезаяпман: юзимгина эмас, қалбим ҳам кулиб турдим ўрнимдан… Устоз яйраб ўтирганларидан мен-да яйрадим!
Тиловат қилиб, «Жаннатларда юрганингиз рост бўлсин!» дедим дуойим сўнггида. Бунга ишонч ҳаммамизнинг дилимизда муҳрли, турғун!
Куни билан, эртасига ҳам кўтаринкилик, руҳий тиниқлик тарк этмади. Раънохон билан тушимни ўртоқлашдим. Уларнинг гаплари мени янада руҳлантирди:
– Устоз у дунёда ҳар биримизнинг ишимиз, турмушимиз, хаёлларимиз, ижодимиздан огоҳлар… Таомларингизни мақтаганлари – кейинги йилларда қатор китобларингиз чиқаяпти – «Эр эпламоқ осон, лекин…», «Келинлик остонасида»… Республикада биринчи марта нашр этилган «Хотин-қизлар энциклопедияси»нинг масъул муҳаррири, асосий муаллифларидан бири сифатида катта ҳисса қўшдингиз. Кўп ўтмай «Келинлик остонасида» ва «Хотин-қизлар энциклопедияси» қайта нашр қилинди. Опагинамизга маъқул бўлиб севинганлари, табриклаганлари бу! Ютуқларингиздан яйраганлари бу! Ташрифларига баҳона қидираяпсиз – «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони билан табриклагани келганлари-да! Кўк бодринг эса, тушундингизми-йўқми, аллақачон бошлаганингиз – «Қадр кеча қатралари»ни тугатмаганингизга ишора-ку! Устозимиз ҳақидаги бу чиройли ҳикоячаларингизни тўплаб, бир китобча қилиш ниятингиз бор эди. Энди шу ишга қатьий киришмасангиз бўлмайди. Нима дейсиз?
– Албатта, – дедим.
Раънохоннинг сўзларида жон бордек. Қолаверса, Зулфия опамларнинг ўзлари ҳам башорат қилган эдилар:
Мен эсам шу куйни нақ ўзим битгандай,
Келажак минг йиллар ўркачин ўтгандай,
Қувнарман!
Бошқаларнинг ижодий ютуғидан Зулфия опамлар чин дилдан, самимий севинардилар.
Зулфия опамлар неча ўн йилликлар давомида хотинқиз ижодкорларни «Саодат» атрофида бирлаштириб, Ёзувчилар уюшмаси, журналистлар уюшмаси бажариши керак бўлган меҳрибон ва қаттиққўл устоз вазифасини бажариб келганлар. Қанча ижодкор қизларни кашф қилиб, оқ фотиҳа берганлар.
«Саодат» журналига келган хатлардаги шеърлар ичидан, албатта, мағиз бўладиган сатрларни Зулфия опамлар дарров кўра олар, бошқаларнинг ҳам қалбида тўлқин пайдо қиладиган даражада чин дилдан, самимий севинардилар:
– Мана бу шеърни, мана бу мисраларни ўқинг! Бало, а! Бало!..
– Ҳикоя юборибди. Ўқинг, бало а!..
– Фалончи қисса ёзибди. Узилмай ўқидим. Ҳа, қизларимиз бало!
«Бало, а!» деганлари «Зўр-а!», «Тасанно!», «Офарин!» деганлари эканини ҳаммамиз яхши билардик. Уларнинг бу баҳоларини эшитганда ўзбек адабиётида ўз жилвасига, ўз ёғдусига эга бўлган янги юлдуз кашфи ҳаяжонини аллақачон туя бошлардик.
Бу юлдузларнинг қанчаси бугун чароғон!
ДАРЁЛАР ВА ДЕНГИЗЛАР ОША…
Эртасига Бокуга учишим кераклигини Зулфия опамлар тунда телефон қилиб айтдилар. Эрталаб ишга барвақтроқ келишимни, ҳужжатлар, олиниши керак бўлган бошқа нарсаларни тайинладилар.
Кутилмаган бу топшириқдан хайрон бўлиб қолдим.
1974 йилнинг баҳорида «Озарбайжон хотини» журналининг 50 йиллиги катта тантана қилинаётган эди. Зулфия опамлар муҳим ҳукумат тадбирида банд бўлганлари сабабли, Бокуга ўринбосарлари Холида опамлар учишлари керак эди. Кутилмаганда бошларига қайғу тушибди…
«Озарбайжон хотини» журналининг юбилейи анча юқори даражада ўтказилиши кутилаётган, одатдагидек Иттифоқнинг барча республикаларидан меҳмонлар таклиф қилинган, Москвадан Совет хотин-қизлари комитетининг раиси, космонавт Валентина Терешкова бошлиқ «Советская женùина», «Женùинû мира», «Работница», «Крестянка» журналларидан Зулфияхоним каби дунё кўрган ва дунёга танилган машҳур аёллар келиши кутилаётган эди. Уларни Озарбайжон КП МК Биринчи секретари Гейдар Алиев қабул қилиши ҳам маълум эди. Холида опа анча тайёргарлик кўрган, қайси йиғинда нима дейишларини билар эдилар. Ҳатто Зулфия опам маслаҳатлари билан бир-икки либос ҳам тиктирган эдилар.
Мен энди нима қилдим?
Иттифоқ миқёсидаги бундай юқори давраларда авваллари ҳеч қатнашмаган эдим. Уйқум қочди… Шу вақт тунда болаларни уйғотмасин деб, овози пасайтирилган телефон яна аста овоз берди. Яна Зулфия опамлар экан:
– Эртани ўйлаб уйқунгиз қочдими? – дедилар худди менинг ҳолатимни кўриб тургандек, – ҳаммамиз ҳам эртами-кечми катта давраларга кирамиз. Кўп ташвишланаверманг. Яқинда тиктирган майда тароқ турлук атлас кўйлагингизни, тўқ кўк костюмингизни олинг. Умуман кийимларингиз ёмон эмас, амиркон туфлигингиз ҳам бор-а? Катта тантаналарда керак бўлади. Самолёт билетини эртага аэропортда сизнинг номингизга ўтказамиз. «Саодат»нинг озарларга совғасини ҳам эрталаб етказишади. Ўзингизни одатдагидек эркин ва самимий тутиб юраверсангиз бўлди. Китобларингиз кўп эди. Улардан иложи бўлса озарларнинг тарихи, маданияти, адабиёти ҳақида жичча ўқиб олинг. Кўп жиҳати билан бизга жуда яқин халқ. Ҳатто тили ҳам ўхшаш. Эрталаб барвақт ҳал қиладиган энг муҳим ишингиз – болаларингиз! Улар олдига ҳар доимгидек бува ва бувиларининг келиб туришларини илтимос қиласизми? Уларнинг кўнглини олишни биласиз-ку! Қолган гапларни эрта билан гаплашамиз, қизлар ҳам барвақт келишади…
Зулфия опамлар ҳар биримизнинг ижодимизнигина эмас, турмушимиз, ҳатто кийимларимиз, зеб-зийнатларимизгача зеҳн солиб, яхши билишларига, бирон ишга сафарбар қилишда буларнинг ҳаммасини назарга олишларига қойил қолдим.
Уйдан, болалардан хотиржам бўлиб, ишга борганимда Зулфия опамлар аллақачон келган эканлар. Бир соатлар чамаси биргаликда Боку сафари, сўз беришса, қаерда нима дейишим, қайси йиғинларга қайси либосларимни кийишим маъқуллигини гаплашдик. Ҳар бир республика хотин-қизлар журналларининг бош муҳаррирлари ҳақида яқин дугоналаридек меҳр билан гапирдилар. Ҳар бирларига алоҳида самимият билан салом айтишимни илтимос қилдилар. Келаси йил бизнинг журналимиз ҳам эллик йиллигини нишонлашини, шунинг учун тантаналарга диққат қилиб, яхши томонларига алоҳида эътибор беришимни тайинладилар.
* * *
Оролимизни назарга олмаса, денгизни энди кўришим. Биринчи куниёқ мезбонлар бизни денгиз сайлига олиб чиқишди.
Осмон денгиз томон пасайган, денгиз эса осмон томон кўтарилган, туташ чизиғи сингишиб кетган уфққа маҳлиё боқаман. Мовий осмон… Мовий денгиз деб бежиз айтишмас экан. Денгиз сокин-сокин… Кема аста олдинга силжийди. У ўзи шунақа секин юраяптими ёки тинч сувда тезлиги билинмаяптими? Кўйлагимиз, рўмолимиз аста ҳилпирайди холос. Кеманинг бир ерда турмай, яхшигина тезлик билан сузаётганини шундангина билиш мумкин. Ортда тоғлар бағрига сингиб кетган гўзал Боку ҳам кўринмай қолди. Атрофда фақат сув. Кўз етган жойда мовий осмон билан мовий денгиз туташ… Кишининг қалбига ҳам алланечук мовийлик, тиниқлик кираётгандек.
Бир мен эмас, ҳамма мезбону меҳмон аёлларнинг кайфияти шеър талаб экан шекилли. Ўз-ўзидан катта давра пайдо бўлди. Навбатма-навбат шеър қуйилаяпти, қуйилаяпти, қуйилаяпти… Гўё қалбга сингиб-сингиб кетаяпти. Русча, молдованча, латишча, озорча, тожикча… Навбат менга келганда Зулфия опамларнинг «Океанда» шеърларини ўқидим:
Океан, кема, қардош, дўст,
Хурмоларда маймунлар.
Кун денгизда минг-минг кўз,
Нурдай равшан кўнгиллар.
Табиат этган сеҳр,
Қутулмоққа йўқ дармон.
Даврада қўшиқ, меҳр,
Бир сўздан сачрар гумон…
Шеър шундоқмиди, кайфият шундоқмиди, енгил титроқли овозим (даврадагиларнинг энг ёши мен эдим-да) шундоқмиди, ё шеърга оддийгина қилиб «Зулфия» деб нуқта қўйганимми, билмайман, кейинги шеър ўқилиб улгурилмай олдимга Фозу Алиева келиб, маҳкам бағрига босди. Кўзларида ёш ғилтиллаганича ҳаяжон билан деди:
– Менга «Халқ шоири» унвони берилганида дилимга келган биринчи фикр «Наҳотки мени ҳам Зулфияхоним билан тенг қўйишаяпти?!» бўлиб, ўзимни йўқотиб қўяёзганман! Иттифоқда Зулфияхоним ягона халқ шоираси эдилар, мана энди мен… У кишининг шеърларини таржима қилганимдаги ҳаяжонимни, севинчимни кўрсангиз эди! Гўё муаллиф Зулфия эмас, мендек, фақат менинг кечинмаларимни мендан олдин топиб-топиб ёзгандек!
Ҳамма бир-бир Зулфия опамларнинг соғлиқларини сўрар, тантанага келмаганларидан хавотир бўлар, мен эсам янги танишганим бу қалби денгиздек тиниқ аёлларга Зулфия опамларнинг саломларини етказар, ҳар бирларига аталган алоҳида сўзларини айтардим. Бир мен эмас, ҳаммамиз ҳам Зулфия опамлар орамизда турганларини ҳис қилибми, даврада шеърлари қайта-қайта қуйилаверди, қуйилаверди…
Зулфия опамларнинг довруқлари дарёю денгизлар оша жаҳонга ёйилганининг шоҳиди бўлиб, мен денгиз шаббодасига юзимни тутганимча Фозу хонимга қулоқ солардим:
– Поэзиямиз отахони, менинг юртдошим Расул Ҳамзатов шоиралик шоирликка нисбатан кам учрайдиган ҳодиса эканлигини таъкидлар эканлар, ярқироқ юлдузлар қаторида Зулфияхоним муносиб ўрин эгаллашини шундай ифода этган эдилар: «Агар Зулфияхоним Арманистонда туғилганида – Сильва, Ленинградда туғилганида – Бергольц, Болгарияда – Багряна, Югославияда туғилганида ҳам Десанка Максимовичдек машҳур шоира бўла олар эди…», деганлари айни ҳақиқат…
Ҳаммамиз ҳақиқий шеърият миллат, давлат чегараларини писанд қилмаслигини чуқур ҳис қилиб турардик.
Эртаси куни Озарбайжон Компартиясининг Биринчи котиби Гейдар Алиев қабулида мени ҳали таништирмаслариданоқ, у киши қўлимни самимий сиқиб:
– Биз Зулфияхонимни жуда кутган эдик. Яхши тилакларимизни у кишига албатта етказасиз, деган умиддаман! – деди.
Катта давраларда Ўзбекистон деганда Зулфия тушунилишини, Зулфия деганда Ўзбекистон тушунилишини Боку сафарида ифтихор билан ҳис қилдим. Бу туйғу миллий ғурурим ила бирлашиб, бир умр қалбимда қолди.
* * *
Бир вақтлар Зулфияхоним ёзган, таҳрир қилган мақола, ҳикоя, бадиҳаларда жумлалар ихчамлашган сари, мазмун беҳад теранлаша боришига маҳлиё бўлиб қолардим. Ёшим энди Зулфияхонимнинг мен паноҳларида ишлаган ўша 60-70 йиллардаги ёшларига етганда, қоғозларимнинг ўшандаги Зулфия опамлар ҳар тонг махсус «Саодат» жилдига ёки газета қаватига, журнал андозасига солиб олиб келадиган ва ҳар гал бўлим ходимига буйруқ тариқасида эмас, устознинг илтимос оҳангида: «Машинкага беришдан олдин бир назар ташлаб чиқинг, баъзида сатр устига ёзиб, тагидагини ўчирмай қоладиган одатим бор, фикрлар аниқ ифодасини топдимикин?», деб берадиган қоғозларига ўхшаб кетаётганини илғайман.
Ҳатто дастхатимиз ҳам бир хилдек: ҳарфлар йирик, жимжимасиз, аниқ… Дилимни ижодкорга хос ҳам қўрқув, кўпроқ юқорида айтганимдек беадад ифтихор ҳисси қоплайди. Билмам нечанчи ва нечанчи марта «Буни Зулфия опамлар ўқисалар нима дердилар?!» саволи кўндаланг бўлади. Аммо ёзмай ҳам тура олмайман. Устознинг амри ҳам шу: «ЮРАГИНГ БУЮРГАНИНИ ЁЗ!»