Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 9 страниц)
МЕЗОН
Ўзинг ёзган китобларга дастхат ёзиб бериш ҳам мушкул, ҳам масъулиятли эканини Зулфия опамларда кўп кўриб билганман. Бу масалага у киши жуда жиддий қарардилар. Таниган ва танимаган, яхши билган ва билмаган кишиларга «шунчаки» дастхат ёзиб беравермас эдилар.
Шоиранинг ҳар гал янги китоблари нашр этилиши билан дастхат ёзиб беришларини сўраб келувчилар кўп бўларди. Албатта, шу китобдан топиб биз ҳам дастхат ёзиб беришларини сўраб ҳузурларига кирардик. Зулфия опамлар олиб келган китобларимиз муқоваси орасига исмимиз ёзилган қоғоз парчасини солиб, олиб қўярдилар. Демак, дастхатни кейин, ўзлари ҳоли, бафуржа ёзиб берадилар.
Айрим пайтлар янги чиққан китобларига ўзлари дастхат ёзиб, қанотлари остида ишлайдиган шогирдларига навбати билан туҳфа қилардилар. Навбати билан деганим боиси, улар ёзган ҳеч бир дастхат бошқасини такрорламасди. Демак, устозимиз ўзлари ҳоли ҳар биримиз ҳақимизда ўйлаб, ҳар биримизга лойиқ ва керак сўз ахтарар эканлар.
Таниқли адиблардан биринчи дастхатни Зулфия опамлардан олганман. У пайтда талаба эдим. Шеърият мен учун бир сирли олам, шоирлар эса илоҳий кишилар бўлиб кўринарди. Ўша дастхатда шу туйғумга ҳурмат билан бирга, адабиётнинг асл мақсади-ю, адибнинг инсоният олдидаги масъул вазифасига ишора ҳам бор эди: «Раҳимажон! Қалбингиздаги муҳаббат, шеърга бўлган муҳаббатни сезиб турибман. У шеърият ирмоғига айланиб, шеър бўлиб кишилар дилига қувонч бағишласин. Опангиз Зулфия. 14. 04. 62й.»
Дастхатларнинг яна бири Зулфияхоним шуҳрат чўққисига кўтарилган, жаҳон кўрган ва жаҳонга танилган вақтда ёзилган эди. Менинг эса «Саодат» да ишлай бошлаганимга эндигина икки йилдан ошган эди. Ажаб, ўша дастхатда шуҳрат чўққисидаги буюк бир инсоннинг йўл бошида турган шогирдидан умиди англаниб турар ва айни пайтда ўзининг бу чўққига кўтарилиши осон бўлмаганига ишора ҳамда чўққига чиқишнинг тўғри ва ҳалол йўли кўрсатилган эди: «Зийрак, тийрак Раҳимага заҳматкашлик ва қунтли ижод келтирадиган шуҳрат ва саодат тилайман. Зулфия 21.1.66 й.»
«Раҳимага, ижодига, умидларига қанот орзуси билан Зулфия. 30 январ 1966 йил» деб ёзилган яна бир дастхатда. Мен уларни Зулфияхонимнинг менга берган оқ фотиҳалари деб тушунганман ва ҳали-ҳануз бу сатрлар олдида ўзимни масъулиятли сезаман. Гўё улар ҳаёт, қараш, турмуш мезони.
УМРБОҚИЙ ҲИКОЯ
(«Келинлар қўзғолони» тарихидан)
Бир кулганда ҳамма ташвишлар унут бўлди. Чунки…
Журналнинг ҳар бир сонида мумтоз ёки ҳозирги замон ўзбек адибларининг яхши ҳикояларидан беришимиз одат тусига кириб қолган эди.
Олтмишинчи йилларнинг охири ёки етмишинчи йилларнинг бошлари эди. «Саодат» журналининг адабиёт бўлимини бошқарардим. Бир гал оригинал ҳикоя тайёрлашда ҳеч омадим юришмади. Одатда икки-уч ҳикоя «запасда» бўларди. Бу гал таржима ҳикоялар бор-у, ўзбек адабиётидан ҳикоялар йўқ. Журнал босмахонага қатъий график билан туширилади. Журналимиз бир миллиондан кўп нусхада босилгани учун улкан машиналар бир ҳафта кечаси-ю кундузи фақат «Саодат» билан банд бўларди. Журнал босмахонага топшириладиган кун яқинлашган сари ҳикоя йўқлигидан менинг юрагим безовта. Охири Зулфия опамларга айтдим. У киши ҳам шу ташвишда, лекин сир-бой бермай:
– Қайси ёзувчилар билан гаплашдингиз? – деб сўрадилар.
Каттагина рўйхатимни кўрсатдим.
– Шунча ёзувчимиз бўлса-ю, хотин-қизлар журналига битта яхши ҳикоя топиб бера олмасак, қизиқ-ку! – дедилар. – Саидахон, Саид Аҳмадлар билан ҳам гаплашдингизми? – сўрадилар.
– Саида опамлар бир туркум шеър ваъда қилдилар. Саид Аҳмад ака катта асар билан банд эканлар…
– Қизиқ-ку, – дедилар Зулфия опам гўё ўз хаёлларига хотима ясагандек. Кейин Саид Аҳмад билан боғлаб беришимни илтимос қилдилар.
Телефонни Саида опа кўтардилар. Зулфия опамларга гўшакни узатдим ва икки катта ижодкор сўзлашаётганда хонада бўлишни ноқулай сезиб, аста чиқиб кета бошладим. Зулфия опамлар «Қолинг!» ишорасини қилдилар.
– Саидахон, эшитдим, янги шеърлар ваъда қилибсиз, – дедилар сўрашиб бўлгач, – жуда хурсанд бўлдим. Ижодингизга барака! Албатта олиб келинг, қўш саҳифада чиройли қилиб берамиз. Телефон қилаётганим – замондош аёл ҳақида Саид Аҳмаддан ҳам бир меҳрли ҳикоя ундириб олмоқчи эдик. Бормилар?
Саида опа Саид Аҳмад акани телефонга чақириб берганларида:
– Ассалому алайкум! Ҳорманг! Катта ишлар билан банд экансиз, қизларим айтишди. Худо қувват берсин! – дедилар. Кейин Саид Аҳмад асло йўқ дейишлари мумкин бўлмаган опаларча эркалик ва назокат билан: – журналга оригинал ҳикоя масаласида Раҳимахон бироз қийналиб қолибдилар. «Саид Аҳмад акангизнинг столларида, жилла бўлмаса кўнгил бисотларида ҳикоялар кўп. Хаёлларидагини бўлса ҳам эрталабгача қоралаб берадилар», деб ишонтирдим. Ҳақиқий ёзувчи қандай бўлишини бир кўриб қўйишсин-а ёшлар?!
Саид Аҳмад ака нимадир дедилар шекилли, Зулфия опамлар бир ёқимли кулиб:
– Бу бошқа гап! – дедилар. – Эртага эрта билан кутамиз. Биласиз-ку, рассомга ҳикояга муносиб расм чизиши учун ҳеч бўлмаса бир кун беришимиз керак. Ҳа, индин – журнални босмахонага топширадиган кунимиз…
Елкамдан катта тоғ ағдарилгандек бўлди. Эртаси куни бир кулганимизда ҳамма ташвишлар унут бўлди. Чунки…
Эртаси эрта билан Саид Аҳмад ака Саида опа билан бирга бўлимга кириб келдилар. Биргалашиб Зулфия опамнинг хоналарига кирдик.
– Ҳикояни ўзингиз ўқиб берасиз деб, атай Саидахонни ҳам бошлаб келдим. Жуда чиройли ўқийдилар-да! – дедилар Саид Аҳмад ака опа билан кўришар эканлар.
Лекин ўша куни ҳикояни Саида опа ҳам, Саид Аҳмаднинг ўзлари ҳам, мен ҳам охиригача ўқий олмадик. Ҳаммамизга кулги келаверди. Ярмидан ўтганда Зулфия опамлар:
– Бўлди-бўлди! Ўзим ўқиб оламан… Ўзимга қолдиринглар! – дедилар кулги оқибати чиққан кўз ёшларини дастрўмол билан артар эканлар. Улар ҳам кулгидан ўзларини аранг ушлаб турардилар. – Аёлларга бўлган меҳр-муҳаббатингиз учун раҳмат! Аммо Фармонбибини жуда топибсиз! Кўрасиз ҳали ҳамма у кишини яхши кўриб қолади. Раҳмат! Ҳозироқ рассомга айтамиз, расмларни чизаверсин… Етти келин, қўлида етти хил самовар билан … А, нима дейсизлар?
Зулфия опамлар ҳозиргина ўқилган ҳикояни аллақачон журналда кўраётган эдилар. Етти хил самовар кўтариб келаётган баланд-паст, семиз-ориқ келинларни кўз олдиларига келтирдиларми, ҳикоянинг ўқувчиларимизга берадиган завқидан севиндиларми, яна кулдилар. Эрталабдан ҳаммамизга яхши кайфият бахш этган ёзувчимизга раҳмат айтиб, ҳикоя икки сонда босилишини айтдилар.
Бу – «Келинлар қўзғолони» эди. Йўқ, пьеса эмас, Саид Аҳмад ака бир кечада йўқдан бор қилиб, атай «Саодат» учун ёзиб берган янги ҳикоя! Кейинчалик ҳамманинг «ичак узилди» кулгисига сабаб бўлган «Келинлар қўзғолони» спектаклига асос бўлган умрбоқий ҳикоя!
Саида опа ҳаммамизни спектакль премъерасига таклиф этар эканлар:
– Бу чиройли нарсанинг дунёга келишида сизларнинг ҳам ҳиссангиз катта ахир! – деганлари эсимда.
Ўшанда Ҳамза театри биносида мазза қилиб «Келинлар қўзғолони»ни тамоша қилганмиз. Ўша куни кўнглимизни яна бир ҳолат нурга тўлдиргани ҳам эсимда.
Журналимизда Салоҳ Хасан деган киши узоқ йиллар масъул котиб бўлиб ишлардилар. Доим кўзлари нурли, лаблари табассумли, юмшоқ одимли ва юмшоқ феълли бу кишининг кўнглини дарё деб билардик. Идорага доим биринчи келардилар. Хотира ва қобилиятларига қойил қолардик. У вақтлар журнал 3-4 ой аввал уч босқичда – муқовалар, ички рангли саҳифалар энг аввал, кейин суратлар ва ишланган расмлар, кейин матнлар топшириларди. Тасаввур қилинг: март ойи бошида июнь сонининг тугал режаси билан иш бошлар, майда чиқадиган журналнинг муқовалари, рангли суратлари топширилар, апрель сонининг корректуралари ўқилар, март сонининг сигнал нусхасига қўл қўйиш керак бўларди. Баъзан бошимизда тўрт сон материали айқаш-чуйқаш бўлиб кетарди. Салоҳ ака (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) билан суҳбатдан сўнг ҳаммаси жой-жойига тушарди. Баъзида редакцияга келган муаллифлар байрам билан табриклашса, Салоҳ ака кулиб «Март байрами билан табриклаяпсизми ёки май байрами билан?» деб кулиб қўярдилар. «Биз аллақачон майда яшаяпмиз!» дердик биз ҳам. Компьютерлар у вақтлар тушимизга ҳам кирмасди. Аммо Салоҳ Хасаннинг уқув ва хотиралари энг зўр компьютердан ўтарди, десам муболаға бўлмас. У кишини ҳаммамиз бебаҳо ходим ҳисоблардик. Эсимда, университетда матбуот тарихидан имтиҳондан у киши туфайли беш олганман. Матбуотда йигирманчи йиллар бошидан ишлар эдилар-да. Жонли тарих дердик у кишини.
«Келинлар қўзғолони» премьерасига таклиф қилинганимизда Салоҳ Хасан касалхонадан чиқиб уйда даволанишни давом эттираётган эдилар. Шундай феъли кенг одамнинг юраклари инфаркт бўлганига ҳеч ишонгимиз келмасди. Қизлар маслаҳатлашиб у кишини ҳам опоқимиз билан театрга таклиф этдик. Спектакль охиригача бир кўзимиз саҳнада, бир кўзимиз уларда бўлди!
– Жон дадаси, сиз қаттиқ кулманг, сизга қаттиқ кулиш мумкин эмас, яна касал бўлиб қолманг! – дердилар опоқи икки қўллари билан Салоҳ аканинг билакларини уқалагандек силаб туриб, айни пайтда саҳнадан ёшли кўзларини узолмай! – Сиз учун ҳам мен куламан, фақат сиз қаттиқ кулманг! Жоон, дадаси!
Уларни кўриб, спектаклнинг ҳаётий бўлгани учун ҳам умри боқийлигига ишонганмиз.
АТИРГУЛ МОЙИ
Янглишмасам, 1965 йилнинг эрта кузи эди. Зулфия опамлар Болгария сафаридан юксак мукофот – «Кирилл ва Мефодий» орденини олиб қайтдилар. Одатдагидек, қизлар ҳаммамиз йиғилишиб, опани зиёрат қилгани бордик. Бир дунё таассурот билан келибдилар. Ҳавас билан тингладик. Яралажак шеърлар ҳаяжонини аввалдан туйдик.
Кетар чоғимиз ҳаммамизга сафардан олиб келган совғалардан инъом этдилар. Мен билан Гулчеҳрага жажжигина шишачадаги атиргул мойини берар эканлар, чинданми ё ҳазиллашиб:
– Тўйларинггача ишлатманглар! Никоҳингиз куни очинглар! – деб тайинладилар.
Гулчеҳрани билмайман-у, мен ҳақиқатда ҳам атиргул мойини яшириб қўйдим. Опа айтганларидек уни тўйимиз куни очдим. Ўша дамларда бир бошқача ҳаяжонда ўзимгаўзим бахту ҳақиқий муҳаббат тилаб, қулоқларим ортига жинчалоғим учида атирдан суртиб қўйдим. Ёш боладек шу шишачадан аллақандай сеҳр кутдим ҳам шекилли…
Атиргул мойининг бўйи шундай ажойибмиди ёки менинг ҳаётимда рўй бераётган воқеалар шунга мойилмиди, ҳарқалай атиргул мойи бўйини ҳали-ҳали ўнлаб бошқа атирлар орасидан ажратиб оламан, вужудим бир ғалати тўлқинланибми, яйрабми кетади.
Атир бўйи бир менга эмас, хожамга ҳам маъқул бўлди шекилли бир куни:
– Суртган атирингизнинг номи нима? – деб сўрадилар.
Айтдим, аммо уни Зулфия опамлар совға қилганларини, уни тўйимиз куни ишлатишни тайинлаганларини айтишга уялдим. Атиргул мойининг бўйи хожамни ҳам ҳаяжонга солган экан шекилли.
Бир йили қайним Болгарияга дам олгани кетадиган бўлдилар.
– Келинойи, Сизга нима совға олиб келай? – сўрадилар сафар олдидан.
– Агар топа олсанг, бир-икки шишачада атиргул мойининг тозасидан олиб келсанг, кеннойингнинг энг суюкли қайниси бўласан бир умр, – дедилар мендан аввал хожам.
Кейинчалик ўзлари ҳам Афинага, Софияга, Будапештга, Рига, Вильнюс, Қримга борганларида ҳар гал чиройли ёғоч ғаладончага солинган атиргул мойидан олиб келардилар. Айримларини ҳамон тансиқ билиб алоҳида тантана-лардагина суртаман. Ҳар гал Зулфия опамлар совға қилган ўша жажжи шишача, у кишининг айтган сўзлари, очганим кунларидаги ажабтовур ҳам маъсум, ҳам ёрқин, ҳам тўлқинли ҳаяжон ёдимга тушаверади. Дилим ўз-ўзидан ёришиб кетади…
ГУЛЁМҒИР
«Умр ўтар, вақт ўтар,
Лекин ҳеч чиқмас ёдимдан…»
(Қўшиқдан)
Кутилмаганда бошимиз, елкамиздан орқа-олдимизга ёғила бошлаган турфа ранг гул япроқчалари ўзи секин бўлган одимимизни таққа тўхтатди. Бошимга ёпилган ҳарир шарф орасидан аста кўзимнигина кўтариб жавдираб атрофга қарадим. Зулфия опамлар патнисга уйиб қўйилган гул япроқчаларидан бир сиқим олиб бошимиз узра сочдилар:
– Бахтингиз гулдай очилсин!
Сезиб турибман: келин-куёв иккимизнинг ҳам қалбимиз ҳамоҳанг тўлқинланди!
Биз учун махсус ажратилган жойга бориб ўтиргунимизга қадар гул ёмғири тингани йўқ…
Тўйдан кейин қизлар айтишди. Зулфия опамлар куёвнавкарлар ташрифи олдидан дугоналаримни йиғиб икки чиройли патнисга қизил, оқ, пушти гуллар япроқларини саралаб тайёрлаб қўйишни илтимос қилибдилар.
– Шундай қилайликки, бу кун келинимизнинг ҳам, куёвимизнинг ҳам бир умр эсларидан чиқмайдиган бўлсин! – дебтилар.
Улар ҳақ. Ҳаётимда кўп гулдасталар олдим. Аммо ўша – бошимдан сочилган гул сочқининг ҳаяжони бўлакча эди!
«КУЁВНИ ПАЙҒАМБАРЛАР СИЙЛАГАН…»
Хотиралар қизиқ нарса. Баъзан улар катта тўлқиндек қуйилиб келади-ю бутун вужудингизни эгаллайди.
Сизни масофалар оша олиб ўтиб, умрнинг у ёки бу палласида бўлиб ўтган кичик воқеаларни қайтадан кашф қилдиради.
Зулфияхоним йигирманчи асрнинг буюк шоири, улкан давлат ва жамоат арбоби бўлишларига қарамай, Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар»идан бизнинг кунларга саломат етиб келган ўзбек аёли характерининг узвий давоми, классик намояндаси сифатида ҳам кўпчиликни ҳайратга солардилар.
«Саодат»нинг эллик йиллик тўйи нишонланаётганда (1966 йил) эндилик-да «яқин ҳориж» ҳисобланаётган собиқ Иттифоқ республикаларининг ҳаммасидан меҳмон чақирилди.
Самолётларнинг аксари Тошкентга тунда қўнишини билиб, биз ходимлар меҳмонларни аэропортда ўзимиз кутиб оламиз деб туриб олдик. Зулфия опамлар Москвалик меҳмонлар таркибида КПСС МК нинг аъзолари ҳам бор бўлгани учун уларни кутиб олишга барибир ўзлари чиқдилар. Биз Зулфия опамларни тунда безовта бўлмасинлар деб аясак, барибир у киши ухлай олмас эдилар. Меҳмонларни кутиб олиш ёки кузатиш жараёнида уч-тўрт марта тунда уйга қўнғироқ қилганлари эсимда. Мен аэропортга чиқишим кераклиги учун, болаларни тинчитиб, кетар пайтимгача ўқиб ёки ишлаб ўтирар эдим. Вақтим яқинлашганда ҳар гал телефон бўларди. Зулфия опамлар албатта Муроджон акани сўрардилар. Ҳар гал Муроджон ака:
– Албатта, Зулфия опа, асло хавотир бўлманг! – деб суҳбатни тугатар эдилар.
Кейин билсам, Зулфия опамлар ҳар гал у кишидан тунда оиламизни безовта қилаётганлари учун («Тўй кўпчилик билан-да!» деб) узр сўрар, кейин имкон бўлса, машина турган кўча бошигача мени ўзлари кузатиб қўйишларини («Машина бегона эмас, Марказий комитетники ёки таҳририятники» эканлигини кўриб, қаноат ҳосил қилишлари учун бўлса керак) илтимос қилар эканлар.
Бундай муомаладан кейин жуфтларимиз ҳам бир қарич ўсгандек бўлишарди.
Юбилейдан сўнг ҳаммамиз йиғилишиб, унинг таассуротларидан сўзлашганда, мен «куёвлар» билан тунги сўзлашувларни эслатсам, Зулфия опамлар: «Куёвларни пайғамбарлар сийлашган», дейишади ахир. Ўзинглар мени кўпинча онамизсиз дейсизлар. Узатган қизларимга иш буюриш учун аввал куёвларимдан изн олишим керак-да!» – дедилар кулиб.
* * *
Беихтиёр бошқа воқеани ҳам эслайман. Зулфияхоним чет эл сафаридан қайтадиган бўлсалар, самолёт Тошкентга кундузи қўнса, оила аъзоларидан ташқари биз ҳам кутиб олишга чиққимиз келарди. Бошқаларда ҳам шундай бўлса керак, лекин менинг шундай вақтларда жуда кўнглим кўтариларди.
Бир гал, мен янги келинман, самолёт оқшомда қўнишини билиб, янги уйдагилардан қандай жавоб сўрашни билмайман денг. Охири Муроджон акага айтдим. У киши «Бир айланиб келамиз», деб уйдагиларга айтдилар-да, чиқиб кетдик. Эркакларга нақадар осон-а?! Мўлжалимиз Зулфия опамларни кутиб олиш-у, уйга қайтиш эди.
Зулфия опамлар қўймай уйларига олиб кетдилар.
– Янги куёвни шундай қўйиб юбора олмайман, «Куёвларни пайғамбарлар сийлашган» дейишади-я! Уйдагилар насибамизга лойиқ бир тансиқ таом пишириб ўтиришгандир ахир? – дедилар келинларига қараб.
Риояхон опа тасдиқ аломатини қилдилар.
Дарҳақиқат, «куёв»ни тўрга, ёнларига ўтқазиб (иккинчи томонларида ҳар доимгидек Омон ака), янги таассуротлардан анча самимий сўзлаб бердилар.
Ажабо, кейин билсам, Зулфияхоним шу камтарона шарқона одобга риоя қилиш, яъни бизнинг – шогирдларининг яқинларига ҳам эътиборли, меҳрли бўлиш билан – бизнинг кўнглимизда яқинларимизга нисбатан илиқ муҳаббат уйғотибгина қолмасдан, айни пайтда яқинларимизга ҳам бизга нисбатан меҳрлари, ишончлари, муҳаббатлари кўплигини билдириб, уларни сездирмай бизга меҳрли бўлишга, суянч бўлишга даъват этарканлар.
* * *
Ойимлар билан танишган кунларининг эртасига ишга келсам, Зулфия опамлар:
– Ажойиб ойингиз бор эканлар! Оғир-босиқ, мулоҳазали, андишали… Сиз бахтли фарзандсиз! – дедилар.
Ажабо, бу сўзлар кеча оқшом бизникига «Тўй муборак!» қилиб борган Зулфия опамларни кузатганимиздан кейин ойимларнинг:
– Зулфияхон опанглар ниҳоятда тоза аёл эканлар! У кишининг этакларини маҳкам тут, айтганларини қил – асло кам бўлмайсан! – деган сўзлари билан уйғун эди!
Хотиралар қизиқ нарса. Уларнинг қудрати ҳам буюк…
КАҲРАБОЛАР ШОДАСИ
Кундаликни ҳар ким ҳам ҳафсала билан тутавермайди. Бировларга вақт етишмайди. Бировларга – жасорат. Бировлар эса андиша қиладилар: бир кун эмас бир кун дафтар бошқалар қўлига тушиб қолса, ўзлиги ўзидан бошқаларга ошкор бўлади. Тушунмасликлари мумкин. Инсон ҳамиша бошқаларнинг ўзини тушунмасликлари мумкинлигидан қўрқади. Кўп, жуда кўп эзгу туйғулари, орзу-ҳаваслари устига шу ҳадик тошини бостиради.
Кундаликнинг ўзи нима? Кундалик – инсоннинг Олам, Одам, Ҳаёт, Келажак, Фарзандга шахсий қарашлари, уларга берган баҳоси, муаллифнинг кечинмалари, ҳатто лаҳзалик, чақмоқ кайфияти.
Ҳа, кундаликни ҳамма ҳам ҳафсала билан тутавермайди.
Лекин ҳар бир ижодкорда унинг ўрнини босадиган ён дафтар бўлади. Зулфия опамлар бундай дафтарларимизни асрашни, тўлган, ўз вазифасини ўтаб бўлган дафтарларимизни ҳам авайлаб сақлашни тайинлардилар:
– Ким билсин, баъзида бир вақтлар ногоҳ ёзиб қўйилган бир чизги вақти келиб, катта бир асарнинг яратилишига туртки бўлар, – дердилар.
Руҳлари шод бўлсин, жуда тўғри айтган эканлар. Шундай дафтарлардан менда ҳам кўп сақланган экан. Қарийб қирқ йил хизмат сафарлари мобайнида ва учрашувларда тутилган ён дафтарлар.
Муқоваларигача шошиб ва зич ёзувда тўлдирилган, сиёҳдан саҳифалари қабариб кетган дафтарлар…
Охиридаги беш-ўн саҳифаси яна бир хизмат сафари ёзувларига етмаслиги учун чала қолдирилган дафтарлар…
Саҳифалари орасига қоғоз қирқими солиб қўйилган айрим ёзувларнинг журнал ёки газеталарда чоп этилган очерк қаҳрамонларига алоқаси йўқ. Улар ўша сафарлар мобайнида муаллифнинг хаёлига чақмоқдек тегиниб ўтган фикр-туйғулар. Улар замон тўлқинларидан асраб, вақтинча дафтарлар тубига чўктирилган каҳраболардек саҳифаларда сокин ётибди.
Муаллифнинг ўзигагина кўп нарсаларни аён қиладиган ён дафтарлар…
– Фақат ёзиш учунгина ёзиш керак эмас, – дердилар Зулфия опамлар.
Дуч келган нарсани ёзишдан, ҳаммадан эшитган нарсани ёзишдан, бировнинг ёзганига ўхшаб қоладиган қилиб ёзишдан тийилиш кераклигини тайинлардилар. Ижодкор ўз қалби кашфиётини ёзиши керак, ёзилган нарса муаллифнинг қалб кўзгуси бўлиши керак, деб уқтирар эдилар.
Қирқ йиллик ўнлаб ён дафтарларимда оламми, одамми, муҳитми, кайфиятми сабаб бўлиб битилган қатралар – «ҚАЛБ» деб аталмиш денгиз тубида ётган каҳраболар кўп экан. Уларни териб кафтимга олдим.
Маълум даражада умрим девони бўлган «Кафтимдаги каҳраболар» шодаси ва «Бошоқлар тўлишганда» романэссе шу тариқа дунёга келди.
Уларни асраб берган Устоз – Зулфия опамлардан миннатдорман!
ЮБИЛЕЙДАН СЎНГ
Одатда тўйлардан сўнг «Ҳорма!», «Бор бўл!» ташриф урфи бор. Зулфия опамларнинг 80 йиллик таваллуд тўйлари «Туркистон» саройида жуда катта тантана, кўтаринкилик билан ўтди. Орадан бир-икки кун ўтказиб Раъно Раҳмон билан уйларига бордик.
Юбилей кечасида Эркин Воҳидов айтганларидек, шундай катта тантаналарни, адабий кечаларни, шоирона кўтаринкиликни соғиниб юрганимиздан, ниҳоят узоқ чанқовдан сўнг мириқиб тиниқ булоқ сувидан ичган киши каби, худди бизнинг юбилейимиз бўлгандек кайфиятимиз кўтаринки, ўзимизни катта ишларга қодирдек билардик.
Зулфия опамларнинг Марказдаги уйларида узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Албатта, мавзу битта – юбилей тантаналари эди.
– Ҳамма табрикномаларни диққат билан ўқиб чиқдим. Энг ёққани сизнинг ташкилотингизники бўлди, – дедилар менга мурожаат қилиб. – Раҳбарингизнинг қалами яхши экан…
Инсон қанчалик буюк бўлса, шунчалик содда бўлишига, бировларга баҳо берганда ҳар ким ўзидан келиб чиқишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Чунки эсладим. «Саодат» да ишлаб юрган вақтимда қайси шоир ёки ёзувчини журнал номидан қутлаш зарур бўлса, қутловни Зулфия опамлар ўзлари ёзар, қутлов остида ҳар биримизнинг имзоимиз бўларди. Соддаликлари туфайли совет тузуми даврида «катта» ларнинг минбардан айтадиган ҳар бир сўзини «кичик»лар ёзиб тайёрлаб беришини билмасмидилар, балки шу сийқа изнга тушгилари келмагандир? Менимча, иккинчиси бўлса керак. Чунки Зулфия опамлар қаламидан чиққан ҳеч бир қутлов бир-бирига ўхшамасди. Самимияти, эзгу тилаклари оппоқ тонг мисол қониб-қониб сипқоргулик бўларди.
Зулфия опамлар юқорида мақтаган қутловни ёзиб бериш дастлаб менга топширилганда, у кишининг қўлларига боришини эслаб, аввалига ёзишга юрагим дов бермаган эди. Қувватни яна тасаввурим берди. Мен ўша пайтда минбарда ташкилотим раҳбарини эмас, ўзимни тасаввур қилган, шунда айтмоқчи бўлганларим ўз-ўзидан қуйилиб келаверган эди:
«Суюклигимиз, ардоқлигимиз Зулфияхоним!
Ўзбекистон Республикаси давлат матбуот қўмитасининг барча ходимлари, республикамиз ношир-муҳаррирлари номидан Сизни, эл суйган, меҳр кўзлари билан Жаҳон кўрган, ҳассос сўзлари билан юртимизни Жаҳонга танитган Қаҳрамон шоирамизни таваллудингизнинг табаррук 80 йиллиги билан қизғин қутлаймиз!
ЗУЛФИЯ номингизнинг ўзбек адабиётида чақнаб пайдо бўлиши – тонг юлдузининг туғилиши ила тенг воқеа бўлди. Ноёб юлдузнинг ёрқинлиги асрлар оша сўнмаганидек, номингиз ҳозирги замон Шарқ мумтоз адабиётидан барқарор жой олди, истеъдодингиз, шеъриятингиз субҳидам юлдузидек кишилар қалбига эзгу умид, ёрқин ҳаяжон бахш этмоқда.
«Ўздавнашр»да муҳаррирликдан бошлаган фаолиятингиз давомида муҳаррирлик ва журналистикада ўз мактабингизни яратдингиз. Республикамизнинг кўп ижодкорлари учун Сиз бағри уммон устоз бўлдингиз. Шогирдларингиз Сиздан ёниқликни, жасоратни, хассосликни, енгувчанликни, қатъиятни, ҳаётсеварликни, фидойиликни олишди, ҳамон кўп фазилатларингизни ўзларига «юқтиришаяпти». Эвазига Сиз ҳам кам бўлаётганингиз йўқ, аксинча, ҳар ким ҳавас қилса арзийдиган шукуҳли мавзуга айланиб бораяпсиз. Шогирдларингизнинг самимий «Эҳтиром»и – шундан далолат!
Давлат ва жамоат арбоби сифатида Сиз юртимизнинг камолини ўйладингиз, аёл бахти, фароғати, келажак авлод тарбияси ҳақида қайғурдингиз. Эллар, мамлакатлар узра камалакдек ёрқин кўприклар солдингиз, Ўзбекистоннинг дунёни таниши ва дунёга танилишига ўз самарали ҳиссангизни қўшдингиз.
Севимли «Саодат»нинг Сиз имзо чеккан ҳар бир сони матбуотда диққатга сазовор бўлганидек, Аллоҳ берган ёрқин истеъдодингиз рамзи, эл-юрт дардила йўғрилган ҳар бир девонингиз китобат тарихида катта воқеа бўлди.
Ниятларингиз нечоғли пок, ўзингиз нечоғли пок, элга бўлган муҳаббатингиз нечоғли поклиги эвазига халқимизнинг туганмас меҳрига сазовор бўлдингиз. Бу меҳр қаламингизни ўзининг жон булоқларидан озиқлантириб турди, бу меҳр ўзингиз таъриф қилгандек қаддингизни тик тутиб, байтларингизни ҳикматга айлантирди, бу меҳр Сизни ёмон кўздан, ёмон сўздан асради. Неча-неча авлод учун Сиз – Муҳаббат, Садоқат, Фидойилик, Назокат, Дилбарлик ва яна кўп фазилатлар тимсоли бўлиб қолдингиз. Қўша-қўша унвонлар, мукофотлар ичра энг олий мукофот – эл меҳрини ҳамиша юксак тутдингиз.
Зулфияхоним!
Муборак кунларда Сизга узоқ умр, жисму жонингизга омонлик тилаймиз!»
Юбилейдан кейинги суҳбатда Устознинг шу бир оғиз «қалами яхши экан» деганларини, Аллоҳ кечирсин-у, ташкилотим раҳбари шаънига эмас, ўз шаънимга деб қабул қилдим. Қутлов ёзиш баҳона ичимдагини тўкиб солиш имконидан бир севинсам, Устоз баҳоси кўнглимни қанотлантирди.