Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 9 страниц)
ОҚ ҚАЙИН ҲАҚИДА КИЧИК ШЕЪР
Шеър жажжигина эди. Назаримда жуда оддий ҳам эди. Талаба қизнинг умрида биринчи марта рус ўрмонида кўргани – оқ қайин, унинг маъюс ва маъсумлигидан юрагидан ўтган оний кечинма, оний кайфият эди. Унинг нима учун ўша даврнинг энг обрўли журналида босилганига ўзим ҳам кўп вақт ҳайрон юрдим.
Мунча хомушсан,
Оқ танли қайин?
Титрайсан нечун,
Ел эсган сайин?!
Ё ел шивиридан
Ноиложмисан?
Сен ҳам севгига
Ё муҳтожмисан?
Бошинг мағрур тут,
Тикла қаддингни.
Ўткинчи елларга
Берма қалбингни!
«Ўзбекистон хотин-қизлари» (1965 йилгача «Саодат» журнали шундай аталарди) журналида босилган дастлабки шеърим шу эди.
Журнал саҳифаларида бериладиган ҳар бир шеърни Зулфия опамлар, албатта, ўзлари кўрар эдилар. Бирон сатри, сўзига қалам теккизиладиган бўлса, албатта муаллиф розилигини олишни талаб қилар эдилар. Биз учун шеъриятгина эмас, «муаллиф» тушунчаси ҳам қалбимизга муқаддас бир нарса бўлиб кирганди. Ана шу талаблар нуқтаи назаридан қараганда шеърим анчагина жўн, риторик эди назаримда. Аммо адабиёт бўлимининг бошлиғи Гулчеҳра Нуруллаева уни бош муҳаррирга олиб кирдилар. Менку шоирликни даъво қилмас эдим. Чамамда Зулфия опамлар ҳам менинг очерк-публицистика йўналишидан кетганим тўғрироқ бўлади, деб ўйлардилар. Бир гал шундай деганлари эсимда:
– Истеъдодни турли жанрларда жиндек-жиндекдан ижод қилиб майдалаш увол. Гуноҳ ҳам. Сизда бошқаларда йўқ бўлган иқтидор бор – одамлар билан дил-дилдан гаплаша оласиз. Одамлар дилидагини ола биласиз. Демак, сиз публицистикада кетсангиз, катта ижодий ютуқларга эришишингиз мумкин. Ҳамма замонларда ҳам бадиий публицистика, ахлоқий публицистика энг ҳозиржавоб жанр ҳисобланиб келинган. Унинг адабиётдаги ўрни беқиёс…
Лекин ўша кичкина шеърни салкам миллион нусхада чоп этиладиган журналда нега бердилар экан, деб кўп ўйлайман.
Орадан қанча вақтлар ўтиб кетди. Куни кеча «Нуроний» жамғармасида Зулфияхоним хотирасига бағишланган даврада ўтирганимда назаримда ўша саволга жавоб топдим.
Даврада «Саодат»да Зулфия опамлар паноҳларида ишлаганлар жуда кўпчилик эдик. Ойдин Ҳожиева, Дилбар Маҳмудова, Дилбар Саидова, Раъно Раҳмонова… Уларнинг ҳар бирига қараб туриб, эндиликда ҳар биримиз ижодда бир олам эканимизни, аммо бир чеккаси Зулфияхонимга бориб тақаладиган оламлигимизни чуқурроқ англадим. Зулфия опамлар ҳар биримизнинг қаддимизгина эмас, қалбимиз ғурурли, бошимиз баланд, ижодимиз жўшқин бўлишини чин дилдан истаган эканлар. Эндигина тетапоя қила бошлаган менда шунинг учқунини кўрган эканлар шекилли. Балки шу учқуннинг бир умр қалбимда қолишини улар мендан ҳам аввал орзу қилган бўлсалар ажаб эмас:
Бошинг мағрур тут,
Тикла қаддингни.
Ўткинчи елларга,
Берма қалбингни!
«ОЙДИН ОПАМ ДЕРДИЛАР…»
Зарурат бўлмаса, Зулфия опамлар бошқалар асарини таҳрир қилганда «бўяб» ташламас эдилар. Қалам теккизган ерларини, албатта, муаллифга кўрсатар эдилар. Бу кўрсатиш муаллифнинг розилигини олиш эди, албатта. Кўпинча кичик ўзгартириш билан асарни анча бойитганларига қойил қолардик.
Янги иш бошлаган кезларим бундай ақл, таҳрир қилиш малакаси одамнинг ёшидан бўлса керак деб ҳам ўйлардим. Лекин кейинроқ, пенсияга кета туриб ҳам асарни қалбини бериб таҳрир қилолмаганларни, муаллифга бир жўяли маслаҳат бера олмаганларни кўрганимда, таҳрир ҳам муаллифлик каби Оллоҳ берган истеъдод эканини англадим.
Зулфия опамлар ўз қўл остларида ишлайдиган ходимларнинг дастхатини яхши танирдилар. Ҳар биримизнинг таҳриримизга жуда эътибор билан қарардилар. Муаллиф нечоғли таниқли ижодкор бўлмасин, асарини шунчаки «кўриб чиқишимиз» ни ёқтирмас, аниқроғи кечирмас эдилар.
– Фикр инсонда фикр уйғотади. Баъзан бошқа муаллифнинг асарини ўқиётган, таҳрир қилаётганингизда, шу асарни бойитиши мумкин бўлган фикр туғилиб қолса, қизғониб ўтирманг. Уни кейин ўзингиз ёзадиган бирон асарда ишлатаман деб «запас» қилиб олиб қолманг. Бировнинг асари бўлса ҳам, ўша фикрни едириб, асарни бойитиб бераверинг. Худо сизга унинг ўрнига ўнлаб яхши фикрларни беради! Ойдин опам раҳматли шундай дер эдилар. Айтганлари тўғри бўлиб чиқарди…
Ойдин Собирова… Эллигинчи йилларда «Чақалоққа чакмонча» каби халқчил ҳикоялари билан элга танилган адиба. Уруш йилларида нашри тўхтатилгани хотин-қизлар журнали 1950 йилдан «Ўзбекистон хотин-қизлари» номи билан чоп этила бошлангач, Ойдин Собирова унга бош муҳаррир этиб тайинланганлар.
… «Ўз фикрингиз билан бошқалар асарини бойитишга қизғонманг. Худо сизга унинг ўрнига ўнлаб яхши фикрларни беради!» Ноширчиликда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган Ойдин опанинг бу гаплари нечоғли тўғрилигини кўп марта синадим. Фақат бугина эмас. Кўп муҳаррирларнинг ўзлари ҳақида яхши ном қолдиришларига ҳам асосан ана шундай «савобли ишга» тайёрликлари, яъни қўлларию кўнгилларининг очиқлиги сабаб бўлади.
ТАГИГА ЧИЗИЛГАН САТРЛАР
Зулфия опамлар ҳаммамизда бир яхши одат тарбиялагандилар: бош муҳаррир қабулига, меҳмонлар билан учрашувларга, таҳририят ёки бирон бошқа йиғинларга ҳамиша қўлимизда қоғоз ва қалам билан кирардик.
Йиғилишларимиз аксарият Зулфия опамларнинг хоналарида ўтарди. Уларнинг катта иш столлари ўртасига «Т» ҳарфи сифат қилиб қўйилган стол атрофига ҳаммамиз сиғардик. Бошқаларни билмайман-у, айни шундай ижодий йиғилишларимизда мен «Саодат»ни бутун, катта ишларга қодир, жўшқин, аёлларнинг ҳеч нарсадан қўрқмайдиган ҳимоячиси бўлган жамоа деб кўрардим. Шу жамоада хизмат қилганимдан, яширмайман, ҳатто ҳозир ҳам фахрланаман.
«Саодат»да бевосита ишлаган даврим бир қизнинг балоғат ёшига етгунчалик вақтга тенг бўлгандир. Одатда бу даврда кўргани, эшитгани, дилига солингани қизларга бир умрга етгулик мулк бўлади. «Узатилганимга» ҳам кўп йиллар бўлди. Аммо шу вақтгача қалбда ҳаяжон, қўлимда қалам бор экан, бу ҳам – «Саодат»нинг меваси.
Зулфия опамларнинг (Оллоҳ улардан рози бўлсин!), «Саодат»нинг меҳр ва устоз саботи билан қалбимга жо қилган «сеп»лари баракотлик экан. Ҳамон кўзим кулиб, қалбим тўлиб китоблар ёзмоқдаман, «сеп»нинг эса тугашидан дарак йўқ.
Зулфия опамлар ҳамиша қизларининг қай бирига матбуотнинг қайси бир раҳбарлик хизматини буюришса ҳам, бемалол эплаб кетишлари ҳақида ғурур билан айтардилар. Ҳар биримизнинг йўналишимизни бағрикенглик билан белгилаб берганлари ҳам аниқ. Журналнинг режалаштириш, чиққан сонни муҳокама қилиш каби йиғилишлари биз учун катта сабоқ эди.
«Саодат»да ишлай бошлаганимдан чамаси икки йиллар кейин эди. Бир куни Зулфия опамлар публицистика адабиётнинг йўл бошловчи машъал жанри эканлиги, айниқса, ахлоқий публицистиканинг шарқ маънавиятида тутган ўрни катталиги, бу – ҳеч қачон завол топмайдиган жанрлиги хусусида гапирдилар. Кейин журналимизнинг Ростонбуви, Зийракхон каби доимий қаҳрамонлари тилидан ёзганларимни, ҳаётий ҳикояларимни ўрганганларини, ижодимни шу томон чуқурлаштирсам, аёллар учун жуда керакли кўп яхши китоблар ёзишим мумкинлигини, бу борада Мирзакалон Исмоилийга, Музаяна Алавияга ҳурматлари катталигини айтдилар. Шу суҳбат ижод йўлимни белгилаб берди.
Биринчи китобим – «Кўзларимга суртгим келади» «Саодат»да ишлаб юрган вақтимда чоп этилган эди. Умримда биринчи бор ўз китобимга дастхат ёзганим ҳаяжони ҳали ҳам эсимда. Уни чуқур миннатдорчилик билан Зулфия опамларга берганман, албатта. Кейинги китобларим: «Ибрат», «Қайноналар», «Узилмас кўнгил», «Сен оловли юраксан», «Сизга боқиб», «Аёл қалби» нинг биринчи нусхаларини дастхат билан «Саодат»га, Устоз қўлларига тутганимда суюниб-суюниб табриклаганлари ҳам эсимда. Афсус, «Эр эпламоқ осон, лекин…», «Келинлик остонасида», «Руҳ поклиги – дил жилосидан» китобларимни қўлларига эмас, кутубхоналаридаги шогирдлари китоби қаторига қўйишни Ҳулкар опамлардан илтимос қилдим…
Зулфия мактаби қизларининг нигоҳи тиниқ, меъдаси тўқ, қалами қайралган, қалби тўлган бошоқдек бўлиқлигини, ҳар бири ўзига хослигини ҳамон намоён этиб келишаяпти. Мен ҳам ёзганим ҳар саҳифа, ҳар дамда Зулфия опамларнинг руҳий мададларини сезиб тураман. Қайси қилган ишим, қайси ёзган асарим одамларга маъқул бўлса, Зулфия опамларнинг, «Саодат» тарбиясининг меваси деб биламан. «Саодат» «сепи»ни кўз қорачиғимдек авайлашим, жойида ишлатиб умрини узайтиришим шундан. Бу «сеп»ларни мен аксар шундай йиғилишларда дафтаримга ёзиб борганман.
Йиғилишлар вақтида Зулфия опамларнинг ўзлари ҳам катта столларини тарк этиб, бизнинг ёнимизга ўтиб олардилар.
– Йўл-йўлакай айтилган фикр ёддан кўтарилса ўз қадрини йўқотади. Бир-икки чизгида қоғозга тушириб қўйилса, аксинча кейинчалик етилиб яхши-яхши асарларга мағиз бўлиб хизмат қилиши мумкин, – дердилар.
Ҳар йили янги ён дафтар тутишни ҳам Зулфия опамлардан ўрганганмиз.
Журналистнинг ён дафтари… Шаҳар ва қишлоқлар номи… У ерларда бўлган ва бўлаётган ўзгаришлар… Одамлар… Одамлар… Одамлар… Тақдир билан давр ёнма-ён бўлади бу дафтарларда. Узун тунларда мижжа қоқмай бу дафтарлардаги қисқа ёзувлар билан юзма-юз ўтириб қанчадан қанча одамлар ҳақида хабарлар, репортажлар, очерк ва лавҳалар ёзилади.
Бугун фақат сенгагина таниш бўлган, сени ҳаяжонга солган замондошингни эртага элга танитишдек лаззатли туйғу қайси ижодкорга таниш эмас?!
Бироқ ҳозир мен устоз сувратига чизгилар сифатида дафтарларимдан бошқа ёзувларни келтирмоқчиман. Улар касбимизга, журналист одоби ва шаънига тегишли гаплар. Узоқ йиллар давомида ён дафтарларимдаги тагига чизиб қўйилган бу сатрларга неча марта кўз югуртирган бўлсам ҳам, ҳар гал улар бир дастуруламал вазифасини ўтаётганини сезаман. Тагига чизилган бу сатрлар – Зулфия опамларнинг «Саодат» таҳририяти кенгашларида, журнал материалларини, очеркларимизни муҳокама қилиш пайтида айтган фикрлари.
Журналист бир-икки йилда ҳақиқий журналист бўлиб қолмаганидек, бош муҳаррирнинг донишмандлик юксаклигига дарровгина чиқа олмаслигига мисол улар. Зулфия опамлар сал кам ўттиз беш йил «Саодат» журналига муҳаррирлик қилдилар ахир!
* * *
…Журналга янги ходим қабул қилинди. У таҳририят йиғилишида биринчи марта қатнашаяпти.
– Ишни аста ўрганиб бораверасиз, – дедилар Зулфия опамлар унга қарата. – Лекин бир нарсани ҳеч ҳам унутманг: журналистнинг қисмати жуда мушкул, у ҳамиша ўзгаларнинг тақдири ҳақида қайғуришдан чарчамаслиги керак.
* * *
Биримизнинг очеркимиз кўнгилдагидек бўлмади. Объект яхши ўрганилмаган. Зулфия опамлар ўринли танқид қилдилар:
– Идорада ўтириб, мияни қазиган билан ўз-ўзидан ҳеч нарса чиқмайди, яхши фикр ҳам келмайди. Келган тақдирда ҳам, ўша, илгари кўрган, билган, эшитган, ўрганганларингиз доирасидан нари кетолмайсиз. Демак, муттасил кўриш, ўрганиш, ўқиш ва изланиш керак!
* * *
Ҳамкасбимнинг боши осмонда! Бўлмасам-чи, босилган очерки ҳақида таҳририятга кетма-кет қўнғироқ бўлаяпти, раҳмат айтилган хатлар келаяпти. Ёш ходимнинг шодлиги Зулфия опанинг назаридан четда қолмади:
– Юрагингга чўғ солган киши ҳақида бошқалар хотирасида қоладиган қилиб ёзиш ниҳоятда мушкул, лекин юксак бахт ҳам!
Кейин огоҳлантириб оқилона маслаҳат бердилар, гўё бир нарсани авайлаб қолгандек дедилар:
– Тез-тез номи чиқиб турган журналистнинг ғайрати, жўшқинлиги унинг ёзганлари кетма-кет муваффақиятсиз бўлган вақтда ҳам сўнмаслиги керак. Бу кишидан жуда катта ирода талаб қилади. Ёрқин, ҳаётий нарса ёзиш учун кўп нарса билмоқ керак, кўп нарсани ҳис қилиш, фақат мия билангина эмас, қўл билан ҳам, қалб билан ҳам ишлашга ўрганиш керак.
* * *
Очерк қаҳрамони ҳақида у яшайдиган қишлоқдан таҳририятга хат келди. Журналист уни ўта мақтаб юборибди, тўқималари жуда кўп эмиш. Мактубларга ўта талабчан Зулфия опамлар тезда ҳамма ходимларни йиғдилар. Мактуб ва очерк муҳокама қилинди.
– Қанча ёзилгани эмас, қандай ёзилгани муҳим, – дедилар Зулфия опамлар куйиниб якунда. – Ёзувда ҳам одоб, этика керак. Токи, бугун сиз ёзган қаҳрамон эртасига кўчага қаддини ростлаб, ғурур билан чиқа олсин. Хайрли иш қиламан деб, қаҳрамонни биздан яхши танийдиган кишилар олдида изза қилиб қўймайлик.
* * *
Журналнинг навбатдаги сони муҳокамаси кетаётган эди.
– Сарлавҳа ўқувчига эшикни очиб беради. Кўпинча асарнинг ўқилиш-ўқилмаслиги унинг сарлавҳасига боғлиқ. Демак, ҳар сарлавҳа устида ҳам жиддий ўйлашимиз керак.
* * *
«Ўтроқ» журналист бўлиб қолмаслик ҳақида Зулфия опамлар кўп гапирар эдилар:
– Юриб, изланиб, ўқиб, куйиб-пишиб юрак ўтини янгилаб турилмаса, кул босиб қолади. Бу – журналист учун катта фожиа. Бунинг содир бўлишига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда журналистнинг қалами бошқаларнинг юрагига ўт сола олмайди.
* * *
Вилоят мухбиридан келган бир очерк сип-силлиқ эди. Аммо ҳеч кўнглим тўлмади. Фикрларини билай деб Зулфия опамларга ўқиб бердим. Ҳаммаси ойдинлашди-қолди:
– Очеркда қаҳрамон касбининг технологияси эмас, қаҳрамон характери, психологияси ёритилиши керак, – дедилар.
* * *
Навбатдаги журнал режасида турган мавзуни ёзиш учун хизмат сафарига кетаётган эдим. Ҳар галдагидек, сафар олдидан Зулфия опамлар мен билан анча суҳбатлашдилар:
– Олдиндан белгиланган мавзу фикрингизни кишанлаб қўймасин. Янги танишган қаҳрамонингиз юрагини очиб беришга ҳаракат қилинг. Жойга борганда бизнинг режаларимиз ўзгариб кетиши мумкин. Бундан чўчиш керак эмас. Юрагингиз буюрганини ёзинг!
* * *
Навбатдаги журнал режасини муҳокама қилаяпмиз. Зулфия опа режа ва мавзуларимизнинг аниқ бўлишини яхши кўрадилар. Бизнинг хаёлимиздаги истакни ярқ этиб кўра оладилар. Бир-икки туртки билан шу мавзуни нақадар бойитиш мумкинлигини кўрсатиб берадилар. Мавҳум гапларни, режаларни ёқтирмайдилар. Ҳар гал режа муҳокамаси олдидан ҳаммамиз ҳам ҳаяжонланиб турардик. Мўлжалимиздаги мавзуларнинг ярмини тасдиқласалар – бизнинг катта ютуғимиз ҳисобланарди. Эвазига неча ой мобайнида беҳуда «сузиб юришдан» ҳоли бўлардик.
* * *
– Баъзан сўзларни ишлатишда жуда сахий бўлиб кетамиз, – дедилар бир куни кимнингдир очеркини ўқиб бераётганимда. – Алишер Навоий – устоз. Кичкинагина хабарда тилга оладиганимиз тикувчини ҳам устоз деб атаймиз. Сўзларнинг ўз маъноси, қудратини билган ҳолда ўрниўрнида ишлата билиш ҳам катта санъат.
* * *
– Менимча журналист ўз қаҳрамони билан суҳбатлашаётганда у билан хайрлашишга шошмаслиги керак. Мен шу одамни яхши биламан, дейиш мумкин бўлгандагина тоза дил билан қайтиш керак. Ахир 40-50 ва ундан ортиқ йиллар билан ўлчанадиган умр, инсон ҳаётини бир неча соатда билиб бўлмайди-ку! Айрим очеркларимизнинг қуруқ, олди-қочди бўлишига, қаҳрамонларимизнинг бир-бирига ўхшаб қолаётганига сабаб ана шунда.
* * *
– Ҳозирги ёшларимиз сафимизга катта тайёргарлик билан, билим ва маҳорат билан кириб келишаяпти. Демак, ёш бўла туриб ҳам биздан ўткирроқ нарса ёза олишлари табиий. Буни қарши ола билиш, қадрига ета билиш ҳам керак.
* * *
– Талант – бу тақдир! Уни хор қилиб бўлмайди. Меҳнат билан булоқ кўзини ҳамиша тозалаб турилгандек, талантни ҳам қитиқлаб, ишга солиб турмоқ керак. Бир марта яхши, ҳақиқий, истеъдодли нарса ёзгач, орқага қайтиш инсофдан эмас. Бунга менинг ҳаққим йўқ, бошқаларнинг ҳам. Киши ўзидан қониқиб қолгандагина – бунинг акси бўлиши мумкин.
* * *
«Саодат»да ишлай бошлаганимнинг дастлабки йиллари эди. Зулфияхоним навбатдаги очеркларимдан бирини таҳлил қила туриб, деганларини қалб дафтаримга ёзиб қўйганман:
– Менимча сиз очерк, публицистика жанрида ижод қилганингиз маъқул. Шу борада жиддий шуғулланинг. Кишилар билан, айниқса аёллар билан гаплашиш, улар дилидагини билиб олиш қийин. Сезиб турибман, сиз улар билан учрашганда ишончларини қозона олаяпсиз, юрак тубларидаги, қалбларининг қат-қатидаги гапларини сизга айтишаяпти. Бунинг қадрига етинг. Бу – ҳамма ижодкорларга ҳам насиб қилавермайдиган катта бахт. Публицистика ҳам катта адабиётнинг ҳаёт билан, ҳақиқат билан боғлиқ қирраси, маълум даражада ҳаётдан олдинроқ юрадиган жанр. Бу соҳада ижод қилувчилар нафақат истеъдодли, иродали, жасоратли, покиза, ҳалол, ҳолис одамлар бўлиши керак. Истеъдодли кишиларга бу соҳада иш жуда кўп!
* * *
Зулфияхонимдек ёшларга меҳр улашиш, вақтида талабчан бўлиш, ҳар бир шогирдидаги керакли чашманинг кўзини оча билиш, авайлаб парвариш қилишни билиш учун ҳам ЗУЛФИЯ бўлиб яралиш керакдир балки. Устознинг беназир меҳри шогирдларининг уларга ихлосини беадад қилганининг сабаби ҳам шудир.
АЁЛЛАР ИШЛАГАН ЖОЙДА
Исми жисмига мос деганларидек, «Саодат»да аксарият аёллар ишлардик. Мен талабалик вақтимда иш ўргангани «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналига келган вақтда таҳририятда Холида Аҳророва, Насима Юсупова, Роза Сайфиева, Марва Жалолитдинова, Ўғилой Юсуфжонова, Гулчеҳра Нуруллаева, Гулжаҳон Абдураҳмонова, Лола Тожиевалар бор эди. Университетнинг талаба қизлари иш ўргангани келишарди. Ҳаммамизнинг ўзимизга яраша феълатворимиз бор эди, албатта. Буларнинг ҳеч бири Бош муҳаррир – Зулфия опамлар эътиборидан четда эмасди. Ёзувчи Асқад Мухтор топиб айтмоқчи, биз улар қанотлари остида эдик…
* * *
Олий партия мактабининг тингловчиси эдим. Зулфия опамларнинг чет эл сафаридан қайтганларини эшитиб, уларни зиёрат қилиш учун бир даста гул олдим-да, авваллари босмахона маъмурияти жойлашган бурчакдаги бинонинг учинчи қаватига кўтарилдим. Бош муҳаррир хонасининг эшиги очиқ, ичкаридан Зулфия опамлар Асқад акани (Оллоҳ уларни раҳмат қилсин!) кузатиб чиқаётган эканлар. Икковларининг кўзлари чўғли, лаблари табассумли эди. Салом бериб, ўзимни четга олдим. Асқад ака:
– Ана, яна бир истеъдодли жўжангиз келдилар! – дедилар саломимга алик олар эканлар. Кейин сўрадилар: – Аҳволлар яхшими?
– Ичкарига кираверинг, Раҳимахон! – дедилар Зулфия опамлар, Асқад аканинг гапларига кулиб.
Билдимки, Асқад ака одатдагидек бирон латифа ё аския айтиб Зулфия опамларни кулдирганлар. Улар Асқад акани йўлаккача кузатиб қайтганларида ҳам чеҳраларида ўша ажиб кулгининг изи турарди.
– Асқад акангиз роса кулдирдилар! – дедилар омонлашиб диванга ўтирганимизда. – Тунов куни қизлар бир гап талашиб қолиб, йўлаккача чиқишганмиш. Асқаджон хоналаридан чиқиб «Ҳай, қизлар!» десалар ҳам тинчишмабди. Ўзлари жуда зиёли, юмшоқ одам эмасми, гаплари кор қилмагач, индамай яна хоналарига кириб кетибдилар. «Зулфия опа, Сиз она товуқ бўлиб, жўжаларингизни қанотингиз остига олиб ўтирар экансиз. Йўғингизда булар «қа-қа»лашиб йўлаккача чиқиб кетишлари ҳам ҳеч гап эмас экан!» дедилар.
Ўша куни Зулфия опамлар «уришқоқ жўжалар» кимлигини менга айтганлари йўқ. Ишончим комил, бошқаларга ҳам айтмаганлар. Ҳамма жамоада бўлганидек, бу ерда ҳам гап келганда отасини аямайдиганлар ҳам, асаби қўзғаганда томоғидан таом ўтмайдиганлар ҳам, салга кўзининг ёши оқиб кечгача пиқиллаб ўтирадиганлар ҳам, бошқалар билан бир-икки гап ташлашиб қизишиб олгач, кечгача ғайрат билан ишлаб тоғни талқон қилишга қодирлар ҳам бор эди. Роза Сайфиева (Оллоҳ улардан рози бўлсин!) тўрт-беш кунлик хизмат сафаридан қайтгач, уйини кўтариб, ҳаммаёқни чиннидай қилмагунича бирон сатр ёзолмас эдилар. Санъатхон Маҳмудова эса аксарият кечаси поездда келаётгандаёқ очеркни битирардилар. Эрталабдаёқ тўғри поезддан таҳририятга келиб машинкага ўтирар, ишни топшириб, кейин уйларига кетардилар. Насима Юсупованинг (Оллоҳ раҳмат қилсин!) ижод қилишлари учун сокин хона, жимжитлик керак бўларди. Менга эса аксинча. Бир куни ҳатто Насима опанинг ўзлари Зулфия опамларга менинг устимдан «шикоят» билан кирганларини айтиб бергандилар:
– Бир ерда тинч ўтиролмайди Раҳимангиз. Ё ашула айтади, ё стол чертиб ўтиради. Хонада у ёқдан-бу ёққа юраверади. Дераза олдида туриб олиб ташқарини томоша қилади… Бўлим ишини бу аҳволда қандай тайёрлайман?
– Сарлавҳа топа олмаётгандир-да, – дептилар Зулфия опамлар кулиб.
Дарҳақиқат, менинг бу тўлғоқли ҳолатим ёзадиган нарсамнинг ёки таҳрир қилаётган материалимнинг сарлавҳасини топиб олгунимча бўларди. Кейин замбарак отилса ҳам, иш битгунча мен ҳеч нарсани эшитмасдим. Сарлавҳа мен учун кенг, атроф яхши кўриниб турган катта йўл гўё…
Холидангиз… Розангиз… Насимангиз… Лайлойингиз… Санъатингиз… Дилбарингиз… Набирангиз… Одатда Зулфия опамларга шундай деб гап бошлардик. Худди болалар ўз оналарига опалари ёки сингилларидан рози-норози бўлган вақтда эркаланиб гапиргандек… Зулфия опамлар кулибгина қўярдилар. Улар ҳар биримизнинг феълимизни яхши билардилар, ҳеч қачон камчилигимизни юзимизга солмасдилар ёки бошқа биримизга айтиб, «кўнгилларини бўшатмасдилар». Ҳали-ҳамон собиқ ходимларнинг бир-биримизга самимий ҳурмат-иззатимиз сақланиб қолгани балки шундандир.
* * *
– Қизлар, «Ватан»да янги фильм намойиши бошланибди-а… Бундай гап таҳририятда тез-тез эшитилиб турарди.
Зулфия опамлар журналист жамиятнинг олд кишиси эканлиги ҳақида, шу сабаб она юрт маданий ҳаётидаги янгилик биздан четда қолмаслиги кераклиги ҳақида кўп таъкидлардилар.
«Ватан» кинотеатри ёнгинамизда, ҳозирги Миллий театримизнинг ўрнида эди. Айниқса янги фильмлар намойиш этилганда одам доим гавжум бўларди. Билет олишга қийналган вақтларимизда Зулфия опамларнинг депутатлик гувоҳномаларидан фойдаланганимиз, касаба уюшмасининг хати билан бутун жамоа билан «маданий юриш» уюштирганларимиз эсимда. Кўпимиз оилали, бола-чақали, бир хонадоннинг келини бўлганимиз учун бундай юришларга улгуриш учун аксарият тушликдан унумли фойдаланардик. Идора ишига зиён етмасин учун бир кун тушликда жамоанинг ярми, эртасига қолганлар янги фильмни кўриб келардик. Ҳадрадаги тўрт тийинлик «ухо-горло-нос» перожкиларнинг «жонини киритардик». Ҳаммамиз ижодий кишилар бўлганимиз учун кейин норасмий, баённомаларга ёзилмайдиган муҳокама-мунозараларимиз кўп бўларди. Янги китоблар, янги спектакллар ҳам назаримиздан четда қолмасди. Табиийки, буларнинг ҳаммаси қадам-бақадам ўсишимизга, ўз йўналишимизни топишимизга, қалбимиз бойиб боришига катта ёрдам берарди.
Ҳаммамиз аёлмиз-да. Таҳририят ишидан ташқари ўзимизга етарли бошқа ишлар ҳам чиқиб қолади, икки-уч кун уйда қолишимизни талаб қилади. Қўшни таҳририятлардаги айрим танишлар шартта касаллик варақасини олиб, ишларини битириб келишарди.
– Таржимага олган катта китоб ишини бироз тезлатиш учун бир-икки баҳона топиб жавоб сўраганимда, ростдан ҳам ё болам, ё онам касал бўлиб қоларди, шу-шу Зулфия опамларга ижодий ишим бор, деб очиғини айтадиган бўлганман, – дегандилар Холида опа Аҳророва.
Биз ҳам Зулфия опамларга ёлғон гапиришга журъат қила олмасдик. Бўлим ишини расолаб, озгина ишимиз борлигини очиқ айтардик. Кўпинча у киши зарур бўлиб қолса, бизни топиш мумкин бўлган телефонни ўзларигагина қолдиришни илтимос қилардилар.
– Зулфия опа билан ишлаш жуда қийин бўлса керак? Уларни жуда талабчан дейишади. Машҳур аёллар бошқаларнинг ўзидан олдинга ўтишига йўл беришмайди… Эркалик, инжиқликлари ҳам етарлимиш…
Бундай гапларни қўшни таҳририят ходимларидан кўп эшитардик.
Аёллар ишлаган жойнинг ўзига яраша ажойиб томонлари бўлади. Ҳаммамизнинг қалбимизни, руҳиятимизни аниқ рентген қилиб берадиган асбоб кашф қилинса борми! Кўпчилигимизда бир дунё ҳавас ҳам, жичча ҳасад ҳам, раҳбаримизга нисбатан бир дунё иззат-ҳурмат ҳам, у кишини бошқалардан жичча қизғониш ҳам, у кишининг эътиборини қозонишга интилиш ҳам, жичча уларга тенглашишга ҳаракатни ҳам кўрган бўларди. Аёлмиз-да! Агар шу туйғулар қалбимизда бисёр ва турғун бўлмаганида, уларнинг ўзаро кураши, зиддияти бўлмаганида, Зулфия опамлардаги энг устун фазилат – ҳаётсеварлик, худо берган қаламга, баҳоли қудрат ўз ижодига садоқат, қалб ва қаламни пок тутиш иштиёқи ҳаммамизни аллақачон тарк этган бўларди. Негаки у киши орамиздан кетган бўлсалар ҳам, қалбимиздан кетганлари йўқ. Ҳали ҳам ҳар иш, ҳар ниятимизда биз учун маънавий эталон, пирдеклар.