Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 9 страниц)
ЭҲ, ЖОНИЛ, ЖОНИЛ…
Зулфия опамларнинг фикрлари ҳамиша лўнда, топшириқлари аниқ бўларди. У кишининг одамларни, айниқса журнал ходимларини керакли йўналтира олиш салоҳиятларига кўп тан берардик. Мужмахилликни жинлари суймасди. Раҳбар одам ўзи ҳам жўшиб, бошқаларни ҳам ҳамиша ўзига монанд ижодий кўтаринки кайфиятда ушлаб турса-да!
Эсимда… Тошкентда қаттиқ зилзила бўлган 1966 йил эди. Май ойи. Гилослар қизаринқираётган пайт. Қорақалпоғистонга хизмат сафарига бордим. Ёзишим керак бўлган очеркларнинг бири гидрогеолог – Жонил Тоғаберганова ҳақида эди.
Бу аёл билан биринчи учрашувимиздан кейин ҳаловатим йўқолди. Ўша таниш ижодий тўлғоқларни ҳали ҳам унута олмайман. Фактлар лим-лим. Ёниқ, ажойиб фактлар. Аммо ёзишга жуда қийналардим. Бунга сабаб балки қаҳрамонимнинг уйида тунаб қолганимда содир бўлган воқеалардир?
Қўнғиротда мени кутиб олган ва суҳбатида бўлиб, Жонил ҳақида ёзишни тавсия этган аёл – туман хотин-қизлар кенгашининг раисаси менинг меҳмонхонада ёлғиз қолишимга кўнгли бўлмай ўзиникида ёки бўлажак қаҳрамонимникида меҳмон бўлишимни маслаҳат берди. Жонил – инженер-гидрогеолог экан. Уни яхшироқ ўрганишимга ёрдам бўлади, деган маънода уникида қолишни танладим.
Жонилнинг бир қизи ва бир ўғли бор экан. Эри газчи экан. Тун оғиб қолганида эри анчагина кайф билан келди. Уйидаги бегона кишидан нақадар андиша қилганини сездирмай, Жонил уни яхши гапириб ўрнига ётқизди.
Менга, ҳали турмуш қурмаган қизга, эрнинг шундай лобар хотини олдига маст келгани ҳақоратдай туйилди. Оддий газчи Москвадай жойда ўқиб келган олий маълумотли, ноёб касбли хотинини менсимагандай ичиб келса-я?! Бу қандоқ бўлди? Наҳотки шундай гўзал, билимдон, эътиборга лойиқ аёл эрига хор, оилада бахтсиз бўлса?!
Кейин ҳам бу савол қалбимни кўп кемирди. Аммо унда турмушда ҳар нарса бўлиб туришига ақлим етмасди, осмону фалакда юрган қиз эдим.
Орадан кўп йиллар ўтганидан кейин Жонил эри маст бўлиб келганида меҳмон олдида шовқин-сурон кўтармай, унинг обрўсини ерга урмай тўғри қилганини тушуниб етдим, албатта. У вақтлар бу ҳам аёл кишининг уйдаги кишиларни тўғри йўлга солишдаги «сеҳри», уқуви, саботидан нишон эканини билмасдим. Аслида бу ҳам аёл кишининг маҳорати экан.
Хуллас, хизмат сафаридан қайтгач, ёзган очерким ўзимга ҳам маъқул бўлмади. Очеркни Зулфия опамнинг муовинлари Холида опага ўқиб бердим. Жавоб ҳам, баҳо ҳам қисқача бўлди:
– «Не то» бўлибди…
Бу – «ўхшамабди» деганлари эди.
Бир-икки кун ўтди. Журнал саҳифалари макет қилина бошланди. Очеркимга жой қолдирилди. Мен эса уни эпақага келтира олмайман. У вақтлар жадвал-режаларга, уларнинг ўз вақтида бажарилишига қаттиқ қаралар эди…
Мен хизмат сафарига кетгач, 8 май куни яна қаттиқ шамол бўлиб, кучли зилзила қайтарилибди. Зулфия опамларнинг оёқлари лат еб ишга чиқолмай қолибдилар. Бўлим тайёрлаган айрим материалларни кўрсатиб олгани уйларига бордим. Зилзила тез-тез қайтарилиб тургани учун ҳам уйга кириш хавфли деб огоҳлантириш берилган, улар гилос тагидаги йиғма каравотда ётган эканлар.
Олиб келган материалларни ўқиб бердим. Кейин хизмат сафаридан қандай қайтганимни, кимлар билан суҳбатлашганимни, кимлар ҳақида ёзмоқчи бўлганимни сўрадилар. Одатдагидай батафсил айтиб бердим. Гап Жонилга тақалганида «Нега бундай бўлди?» деб сўрадилар.
– Билмадим, – дедим, – шу аёлга шундай меҳрим тушди-ки, асти қўяверасиз! Биласизми, бобоси қорақалпоқ алифбосини яратган одам экан. Ўзини кўрсангиз бирам дилбар, билимдон, анчагина романтик, Москвада ўқиб келган экан… Журналимизнинг ҳақиқий қаҳрамони…
– Яхши ҳамки йигит киши эмассиз… – ҳазиллашдилар Зулфия опамлар. Кейин жиддий давом этдилар: – Лекин қаҳрамонингизни чин дилдан яхши кўрганингиз жуда яхши. Туйғунгиз сўнмаса, меҳрингиз алданмаса, ўзингиз билмаганингиз ҳолда қаҳрамонларингиз бир умрлик ҳамроҳингизга айланишади, кўнглингиз мулки бўлиб қолишади. Дунёда яхши одамлар кўп, деган ишончингиз шундай кишилар ҳисобига орта боради. Ҳатто баъзан улар ҳақида ёзиш мушкуллашиб боргандек туйилади. Қийналиб кетасиз. Лекин оқибат бир яхши нарса ёзилади, албатта. Ўзи нимадир қоралабсиз шекилли, Холидахон айтаётувдилар…
– Ўйлаётганим чиқмади, бир мирига қиммат нарса бўлди… Холида опадан уялганим қолди.
– Шу ердами? Қани ўқинг-чи…
– Қўйинг, вақтингизни олмай, қайта ёзаман албатта, бу журналга бўлмаса, кейингисига…
– Ўқинг, ўқийверинг…
Зулфия опамларда тинглаш салоҳияти ўта яхши. Йўлйўлакай бир-икки туртки, тузатиш билан таҳрир ҳам қилиб кетаверадилар. Бу хилдаги иш услубини бошқа ҳеч кимда кўрганим йўқ…
Аммо ўша куни очеркимни Зулфия опамлар индамасдан тингладилар. Бирон марта бўлганлари ҳам йўқ. Назаримда хаёллари гўё мен ўқиган нарсада эмас, узоқ-узоқларда эди. Мен кичкина курсичада ўтириб ўқигунимча уялганимдан қаро терга тушиб кетдим. Ўз-ўзимни уришардим ичимда, лекин тўхтаб ҳам бўлмасди. Зулфия опамлар йиғма каравотда, иссиқданми ёки меваси яқинда тугаган, барглари шалвираб турган гилос баргларига тикилганларича жим ётардилар. Мени мутлақо тингламадилар шекилли, деган қарорга келдим.
– Ана, айтдим-ку, – дедим уятдан ёниб, – ғиж-ғиж факт бор, аммо қаҳрамонимнинг ўзи йўқ ҳали!
Гапим хаёл ипларини узиб юборгандек, кўзларини бир юмиб очдилар, кафтлари билан хаёл пардасини сидириб ташлагандек кўзлари аралаш юзларини сийпаб ўтдилар. Менга бир муддат тикилиб қолдилар. Аллақандай бўлиб турибман. Мана ҳозир койиб берадилар, «журналистика оғир юмуш, эплаган одам ишлайди, вақт борида бошқа тирикчилик қилинг», десалар-а…
– Эҳ, Жонил, Жонил… – дедилар ўйчан.
Кўз олдимга келган манзарадан ўзим ҳам ҳайратда, ҳам ҳаяжонда эдим: мана Зулфия опамлар Қўнғиротнинг ўркач-ўркач барханлари устида, Жонил билан ёнма-ён кетаяптилар. Сочлари-ю этакларини иссиқ шамол ҳилпиратаяпти. Икковларининг кўзлари «Саодат» муқовасидаги рамзий аёл кўзларига монанд ёниқ. Дамо-дам тўхтаб Зулфия опамлар Жонилни диққат билан тинглайдилар, елкаларини қоқиб чўл қизига мураккаб касбида жавлон уриб юришига қувват тилаяптилар. Баъзида Жонилнинг сал эгилган бошини кўтариб, мураккаб ҳаёт сўқмоқларидан ўтишда сабр-тоқат, меҳр-муҳаббат тилаяптилар. Жонилнинг чеҳраси тобора очилиб, кўзлари нурга тўлиб кетаяпти… Оҳ, Зулфия опамлар қандай меҳрли очерк ёзган бўлардилар-а!
Миямда бир чақмоқ ярқ этгандек бўлди. Мен йўқотган нарсамни топганимни ички бир туйғум билан сездим. Ҳа-да! Жонил чўл ўзлаштираётган бир робот эмас-ки у ҳақида қуруқ фактларни қалаштириб ташласам… У маънавияти бутун, қалби тўлиқ, ўз ўй-хаёлларига, дардига, муҳаббатига эга бўлган, чўл сароблари оша борлиғини, орзуумидларини йўқотмаган аёл! Унинг билан шунга лойиқ қалбдан, самимият билан гаплашиш керак! Эврика! Йўқ, «Эврика!» деб қичқирганим йўқ. Шартта турдим-да, шу топилмам этаги қўлимдан чиқиб кетишидан қўрққандек, шошиб-пишиб қоғозларимни йиғиштирдим.
– Ҳа, қаёққа? Гаплашиб олайлик, бир иложини топармиз, – дедилар.
Мен эса ҳовлининг ярмига етиб қолган эдим.
– Топдим, Зулфия опа! Эрталаб ўқиб бераман. Ажойиб нарса бўлади. Сизга албатта ёқади! Раҳмат, Зулфия опа!
Дарҳақиқат, туни билан очеркни битирдим. «Боболар орзуси йўлида» деб ўзлари сарлавҳа қўйиб бердилар. Оққа кўчириладиган нусха четига мамнуният билан «Яшанг!» деган сўзни ёзиб қўйибдилар!
Зулфия опа дастхатлари билан бериладиган бу баҳолар!
Журналга кетадиган очерк ё бошқа мақолаларда шундай ёзув кўрсак, ўзимизни еттинчи осмонда ҳис қилардик. Кишига, унинг ёзган нарсасига баҳо беришда Зулфия опамларчалик одил кишини кам учратганман.
ЧИЗГИЛАР
Ўн беш йил ниҳоят гўзал ва юксак қадлигина эмас, юксак қалбли аёл билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Кўп ерда – журналхонлар конференциясида, учрашувларда, вагонларнинг тор купеларида, самолётда, айрим таниқли аёллар билан суҳбатларда, меҳмонхоналарда ва меҳмонда – турли давраларда опа-сингилларимизнинг, шеърият ихлосмандларининг ёниқ қизиқишига жавобан Зулфияхоним ҳақида билганларимизни кўп гапириб беришга тўғри келарди. Аммо у киши ҳақида жуда кам ёзган эканман.
Ёзганларимнинг бири Тошкент радиосининг Ҳиндистон учун эшиттириш таҳририятига тайёрланган эди.
Зулфия опамларга Жавохарлал Неру мукофоти берилган, у киши Ҳиндистондан янги қайтиб келган вақтлари эди. Ўзбекистон радиосининг чет эллар учун эшиттириш таҳририятидан телефон қилишиб, Зулфия опамлар ҳақида сўзлаб беришни илтимос қилишди. Мен у таҳририятнинг Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётини ёритиш бўйича штатсиз мухбири эдим. Ана шунда мен Зулфия опамлар ҳақида, устозимиз ҳақида ёзиш нақадар қийинлигини англаганман. Зеро кўпга айтиладиган гап қадрли кишининг айрим хислатлари ҳақидагина эмас, йирикроқ, унинг шеъриятидек чуқур ижтимоий, фалсафий, салмоқли бўлиши керак эди. Қолаверса, радиода матнни ўқиб бериш яхши эмасди. Шунинг учун алоҳида қоғозга мавзуга оид тезислар тайёрладим.
Яқинда ён дафтарларимдан радиодаги ўша чиқишимнинг кенг тезисини топиб олдим. Уларда қуйидагилар қайд қилинган экан:
* Зулфия – билим доираси, тушунча доираси ниҳоятда кенг аёл, шоира.
* Зулфия – ниҳоятда кўп ўқийди. Яхши нарсалардан, ҳақиқий санъат асарларидан ҳамиша севинади. Уларни адабиётдаги муҳим воқеа деб билади. Бу ниҳоятда катта хислат, улкан шахсларга хос бўлган хислат. Зеро, катта талант эгаси фақат ўзи ҳақида ўйласа-ю, талант куртакларини кўра билмаса, ундан яхши устоз чиқмайди. Биёбонда якка дарахт кўкариб кетиши амри маҳол. Зулфия қанча-қанча шоира қизларни, журналист, ёзувчиларни оёққа қўйди. Уларнинг ҳар бири ҳозир ўзича бир дунё – аммо ҳамон бир чеккаси Зулфияга бориб тақаладиган, ҳамон шу булоқдан баҳраманд дунё.
* Зулфия аввалам бор Ўзбекистон шоираси. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида серқуёш Ўзбекистон бор жилоси билан акс этади.
* Зулфия – ўта меҳнаткаш, ҳамиша янги, оригинал фикр, янги сўз излайдиган, янги кечинмаларни тараннум этадиган ҳассос шоира.
* Зулфия шеърияти демак, Ўзбекистон табиати, ўзбек қалби, ўзбекларнинг меҳр-муҳаббати, гўзал, лобар аёлининг кечинмалари, бу аёл бахти, саодати, қалб тубидаги хаёли ва ниҳоят ўзбекларнинг ўзига хос урф-одати – мана шуларнинг ҳаммаси Зулфия шеъриятидир.
* Зулфия сингари аввало ўз халқининг эркаси, ўз ўқувчиларининг эъзозли шоираси бўлган шоирларгина бошқа халқлар томонидан тан олинади ва бу шоир бошқа халқлар учун ҳам ўзининг шоири бўлиб қолади.
* Зулфия ўзбек шеъриятини жаҳон минбарига олиб чиққан катта шоирларнинг бири. Дунёда шоирлар жуда кўп-у, Евтушенко айтмоқчи аёллардан чиққан том маънодаги ҳақиқий шоирлар бармоқ билан санарли («Сантьяго кабутари»). Зулфия эса айнан шундай шоир. Минбарларда унинг шеърлари равон янграяпти деган сўз заминида мен, аввалам бор ўзбек халқининг, унинг шеъриятининг тушунилишини, шоирнинг эса ўз халқи қалбини тушунишини кўраман. Шу боисдан ҳам Зулфияни биз билан теппа тенг грузин ва бошқирд, рус ва ҳинду севади.
* Зулфия жамоат арбоби сифатида жаҳон кезади. Ҳар сафар янги шеър, янги туркум – демакки, ҳамма учун шодлик келтиради. У шеърларда тинчлик, у шеърларда дўстлик, у шеърларда оналик тараннум этилади.
* Икки буюк қитъа – Осиё ва Африка халқи шундан уни яхши танийди. Шундан «Мушоира», «Бахшиш», «Тун» каби алангали шеърлари дунё халқларининг бир қанча тилларига таржима қилинган, бу шеърлар жаҳон шеъриятида жуда катта воқеа бўлиб қолди.
* Шунинг учун ҳам Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг халқаро мукофоти – «Нилуфар»га, халқаро Жавохарлал Неру мукофотига, Ўзбекистон халқ шоираси деган юксак номга, Ҳамза номидаги Давлат мукофотига айни Зулфия лойиқ деб топилди.
ЛАББАЙ!
… Бугун 2000 йилнинг 3 январидан 4 январига, душанбадан сешанбага ўтар кеча… Ушбу Қадр кечаси ҳам отам ва онамларга, қайнотам ва қайнонамларга, устозларга Аллоҳдан охиратларини обод қилишини сўрайман.
Ёшлигингда эшитганинг қулоғингда бир умр қоларкан.
Дорилфунуннинг талабаси эдим. Иш ўрганиш учун «Саодат» журналига юборишди. Дастлабданоқ ходимларнинг телефондаги нозик муомаласи эътиборимни тортди. Идорадаги уч телефоннинг қай бири жирингласа ҳам, уни ким кўтаришидан қатьи назар биринчи сўз:
– Лаббай! – бўларди.
Кейин билсам бу фазилат ҳаммага Зулфия опамлардан юққан экан. У киши ўрни-ўрнида ҳаммамизга телефон ҳам ярим дийдор эканини, қўпол муомала кишини ҳатто телефондан бездириб қўйиши мумкинлигини айтардилар.
Иш жараёнида Зулфия опамлар сим орқали яхши муомала билан узоқ манзилни яқин қилишни, ишни тез ва соз битиришни ўргатардилар. Кишиларда яхши таассурот қолдириш, учрашганда уялиб қолмаслик учун қалбимиздаги илиқлигу эзгуликни симнинг нариги ёғидагилардан аямасликни таъкидлар эдилар. У киши билан гаплашганда телефон ярим дийдор эмас, кўнгилни кўтарадиган, кўзингни нурлантирадиган тўлиқ дийдорлигини ҳис қилардик.
Катта-кичик ёзувчи, шоирларнинг ҳаммаси журналимизда асарлари билан иштирок этишни фахр билишарди. Бунда шу телефон муомалаларининг аҳамияти катта эди, албатта. Домла Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Абдулла Қаҳҳор, Шуҳрат акалардан бу оддий ва самимий муомала учун кўп марта «Боракалло!» эшитганмиз.
Зулфия опамлар қалам аҳли табиатининг нозиклигини таъкидлаб, вақти келса уларнинг рафиқалари билан муомалада ҳам эътиборли бўлишни тайинлардилар:
– Кўпинча телефонни ёзувчиларнинг умр йўлдошлари кўтаришади. Ҳаммалари адабиёт оламидан, эрларининг қандай асар устида ва қандай ишлаётганидан хабардор аёллар. Эҳтиром билан сўрашиб, ўзингизни танитиб, кейин журналга шеър ёки ҳикоя ваъда қилганларини, шуни эслатиб қўймоқчи эканлигингизни билдиринг. Ишонинг, ўша куни бўлмаса ҳам, эртасига айтган нарсангизни катта ёзувчиларнинг ўзлари олиб келиб беришади. Маданиятли, одобли муомалага жавоб ҳам юксак даражада бўлади-да!
Зулфия опамларнинг айтганлари тўғри чиқарди. Шеър ёки ҳикояларини олиб келган катта ёзувчилар, гарчи биз Зулфия опамлар номидан телефон қилган бўлсак ҳам, биринчи галда тўғри бўлимга, телефон қилган ходим ёнига келишар, кейин биргаликда Зулфия опамлар хоналарига кирардик.
Машҳур ижодкорларнинг шу ташрифлари давомида асарларини бера туриб:
– Топшириғингизни бажара олганимдан хурсандман. Бир кўз югуртириб кўринг, «Саодат» га маъқул бўлса – кўнглим юксалади, – деган камтарона гаплари ҳамон қулоғимда.
МУРУВВАТ КЎРСАТГАН…
Зулфия опамлар ҳар бир шогирдларининг ижодинигина эмас, шахсий ҳаёти, турмушини ҳам назардан четда қолдирмасдилар. Аммо бу кузатув, зарур бўлса «тўғри йўлга солиш» ўта нозик ва кишининг ғурурига тегмайдиган йўллар билан бажариларди. Бундан ўзимиз ҳам ҳайратланган вақтлар кўп бўлган.
Никоҳ тўйимиздан икки ой кейин, 1966 йилнинг 21 октябрида кундалигимда шундай сатрлар ёзилган экан: «Маним бахтим, тақдирим, келажагим ҳақида мунчаям қайғурмасалар-а!..»
Сабабсиз оқибат бўлмаганидек, бу ёзувларга ҳам Зулфия опамлар билан бўлиб ўтган ўша кунги суҳбат сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.
Навбатдаги хизмат сафари – Сурхондарё воҳасидан қайтган куним эди. Хоналарига чақиртирдилар. Фақат биринчи саволлари одатдагидек берилган топшириқни қандай бажарганим тўғрисида эмас, мен кутмаган оддий, одми масалаларга оид бўлди:
– Уйда аҳволлар яхшими? Турмушингиздан хурсандмисиз? – У киши елкамдан қучиб, диванга, ўз ёнларига ўтқаздилар.
Савол оҳангидаги самимият, меҳр, хавотир, оналарга хос бўлган безовталик ва яна алланарсалар раҳбар ва ходим орасидаги кўз илғамас деворни ўртадан кўтариб, бизни меҳрли устоз ва шогирд ёки қадим қадрдонлардек яқинлаштириб қўйдими, кўнглимни оча кетдим:
– Биласизми, Зулфия опа, мен ҳатто яхши дейишга ҳам қўрқяпман. Ҳукм чиқаришга ҳали эртадек. Тўйимизга эндигина икки ой бўлди… Лекин ёмон дейишим – гуноҳ. Чунки мен янги уйимизда ўзимни анча эркин сезяпман. Буни Сизга айтишим мумкин. Сиз тўғри тушунасиз. Мақтаняпти демайсиз…
Зулфия опамлар жавобимга кулиб, котиба келтирган чойдан қуйишга ишора қилдилар.
– Навбатдаги хизмат сафарига, яна Республиканинг энг чекка вилоятига боришингизга уйингизда монелик бўлмадими?
Мен ҳеч қачон хизмат сафарига бундай иззат билан кузатилмаганимни айтдим. Аэропортга иккала дадамиз кузатиб чиқишганини, икковлари қўлида «тугунча» – менга йўлда егулик бўлганини, «янги куёв» иккала дадамиздан уялиб, уларга кўринмай узоқдан, сув будкаси ортидан қўл силкиб қолаверганларини кула-кула гапириб бердим.
Зулфия опамларнинг кўзлари мамнун нурланиб кетди. Тўйимизгача куёв билан ҳам, бўлажак қайнотамиз билан ҳам гаплашганларини айтдилар.
– Шундай қилиш менинг бурчим деб билдим. Сиздан умидим катталигини уларга айтдим. Кўпгина ижодкор қизларимиз турмушга чиққанларидан кейин ижодлари сўниб, баъзилари умуман ёзмай қўяётганларини, сизга нисбатан бундай ҳолни кечира олмаслигимни яширмадим. Дуруст одамларга ўхшашди. Мени яхши тушунишди чоғи… Яхши дейишга қўрқаман дедингиз ҳали. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Психологлар айтмоқчи, қалбингизга қандай кўрсатма беришингизга боғлиқ. Яхши муомалангизни аяманг. Қўлингиздан келганича уйингиздагилардан яхшилигингизни аяманг. Ҳурмат қилсангиз, ўзингиз ҳам иззатда бўласиз. Мурувват кўрсатган мурувват кўради деб тўғри айтишган…
Бу оддий суҳбат, оддий ўгит ҳамма замонлар учун оддий ҳақиқатлар эди ва мен бу сўзларни авлодларимга етказаётганимдан бахтиёрман.
ИККИ ЮРАК МАҲСУЛИ
Зулфия опамлар ўзбек тилига ўгирган Некрасов, Пушкин, Анна Ахматова, Степан Шчипачев, Ольга Берггольц, Мая Борисоваларнинг шеърлари оҳанги шарқона руҳиятимизни сел қилади. Эсимда, Зулфия опамлар бошқирд шоири Мустай Каримнинг «Ой тутилган тунда» шеърий фожиасини шундай маҳорат билан таржима қилдиларки, воқеанинг қайси юртда, қайси даврда, қайси миллат бошида содир бўлганлиги ҳақида ўйлаш асарни ўқиганлар, театрга тушганларнинг хаёлига ҳам келмади чоғи.
Ҳаммамиз «Зўр бўлибди!» деб олқишимизни билдирганимизда Зулфия опамлар:
– Таржима асарнинг бўш бўлишига йўл қўйиш гуноҳ. Чунки у икки юрак маҳсули. Унда икки халқ шоирларининг маҳорати, истеъдоди ётади! – дедилар.
Ўшанда Зулфия опамлар асарнинг русчага сўзмасўз ўгирилган нусхаси билангина эмас, бошқирд тилидаги асл нусхаси билан ҳам анча чуқур ишлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Мустай Каримнинг ўзи ҳам меҳр билан шундай ёзгани эсимда:
«Зулфия ва шеърият, Зулфия ва қўшиқ – бу сўзларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Унинг шеърлари кўп йиллар муқаддам мени ҳайратга солган, қалбимни ром этган эди. Ўша кезларда қачонлардир менинг камтарин шеърларим унинг шарофати-ла ўзбек тилида жаранглашини ўйламаганман. «Ой тутилган тунда» трагедиям қаҳрамонларининг ўзбекча гапириши ҳам тушимга кирмаган. Шу тариқа, шахсий ва ижодий дўстлигимиз юзага келган эди.
Зулфиянинг шеърларини она тилим – бошқирд тилига ўгирарканман, улардан олган завқ мени лол қолдирган.
Умуман айтганда, Зулфия, унинг ижоди, шеърияти маънавий турмушимизнинг, миллий маданиятимизнинг бир қисмига айланиб кетган. Биз шундай деб ҳисоблаймиз ва бу билан фахрланамиз».
Ижоди руҳ билан боғлиқ шоир зоти учун бир неча тилни билиш ҳам бахт, ҳам омад.
Зулфия опамлар форс-тожик тилини яхши тушунар, Фузулийни аслида ўқир, рус тилини жуда мукаммал билардилар. Бу фазилатларига ҳаммамизнинг ҳавасимиз келарди.
Зулфия опамлар билан суҳбатлашганимизда суҳбат беихтиёр ўзбек ва рус тилларига кўчиб турарди. Улар рус тилида ажиб бир ёқимли лаҳжада сўзлардилар. Керакли сўзларни топиб-топиб, ҳар жумлага салмоқли мазмун юкини бериб сўзлашардилар. Баъзи-баъзида айнан керакли сўзни топа олишга қийналгандами ёки қатор сўздан энг керагини танлаётгандами, одамлардан эмас, атрофдаги бирон буюм – нарса, дарахтлар, гуллар баргидан нажот ахтараётгандек уларга кўзларини пириллатиб қараб турардилар. Гўё ёнатрофдагиларни кўрмаётгандек, хаёл отида узоқ-узоқларга бориб келардилар. Кўпинча шундай вақтда бирон кимса ёрдам бермоқчи бўлиб, бир сўз айтса, хаёл оғушидан чиқмай «маъқул» дегандек бош ирғаб қўярдилару, аммо шу дамнинг ўзида шундай бир сўз топиб ишлатардилар-ки, бу сўз нажот тариқасида айтилган бояги сўздан неча-неча марта кучлироқ ва ўринлироқ бўларди. Чуқур хаёлот дақиқаларида ҳам, тўтидай бошқа бировнинг сўзини қайтармасдилар.
Зулфия опамлар таржимонлари С.И.Липкин, Мая Борисоваларга ёзган мактубларини жўнатишдан олдин кўпинча менга бериб:
– Сиз русчада анча дурустсиз. Кўринг-чи, келишикларида хатога йўл қўймадиммикин? – дердилар.
Аксарият улар айтганидек, имлода асло хато топа олмасдим. Мазмунига эса маҳлиё бўлиб, қайта-қайта ўқирдим. Ҳар бир сўз, ҳар бир сатр устида узоқ-узоқ баҳслар юритиларди.
Одатда Зулфия опамлар ўз шеърлари таржимасидаги бирон бир сўз билан келиша олмасалар, аввало оддий сўзлар билан ўша сўз орқали нима демоқчи эканларини, кейин эса шу мазмунни бериши мумкин бўлган бир неча русча сўзларни топиб, таржимонга ҳавола қилардилар.
Шеъриятда ҳар бир сўз устида шоирнинг узоқ ва қийналиб изланишини мен ўша йиллари билганман. Ижодкор ўз қаламидан чиққан ҳар бир сўз учун жавоб беришини ҳам, зиммасида катта масъулият ётишини ҳам ўша мактублардан тушунганман.
Балки Зулфия опамлар ўша мактубларни менга атай ўқитгандирлар? Ёшлар билсин, кўрсин, ўргансин дегандирлар. «Зулфия мактаби»нинг турфа сабоқларидан биридир бу усул?
Ҳарқалай, кўп шеърларини биринчи ўқувчилари қаторида тинглаш билан бирга, бу шеърларни таржимонга, «иккинчи юракка» узатиш жараёнида уларнинг талқинини шоирнинг ўз тилидан, ўз қаламидан билиш жуда кўп нарса берди менга.
* * *
Баъзида орзуларга берилиб кетаман. Қанийди… Зулфияхоним музейи очилса… Унда буюк шоирамизнинг асрнинг энг етук шоирлари билан ёзишмалари намойиш этилса… Алоҳида китоб қилиб нашр этилса… Уларнинг ўзбек адабиётига, ёшлар тарбиясига хизмати беқиёс бўларди. Яна…
2005 йил, Зулфия опамлар таваллуд кунларининг 90 йиллигига фарзандлари Ҳулкар Олимжонова ва Омон Олимжоновлар «Ҳаётнинг ўзидай пок ва ёрқин» хотиралар тўпламини тайёрладилар. Шоирани кўрган шогирдлар азалий орзуларимиз амалга ошганидан жуда мамнун бўлгандик. Бир умр «қалам деҳқони бўлган» кишилар, бетиним ижод қилган, қуёшдан парча юлиб, уни юракларидан ўтказиб, элга ёғду қилиб узатганлар, шогирдларию инсониятга кўп фазилатларини юқтирган кишилар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимлар ўзлари тирикликларидан ортиқроқ шукуҳли мавзуга айланиб бораётганларини англадик ҳам.
Бир суҳбатимизда Ҳулкар опа Зулфия опамларнинг мавлоно Ойбекнинг Зарифахоним, домла Абдулла Қаҳҳорнинг Кибриёхонимдек кишилари борлигига ҳаваслари келганини, ва ўша онда юзларида ўксикка ўхшаш чуқур хаёлот бўлганини айтгандилар. Яна…
Ўз даврининг буюк ва ҳақиқий халқ шоири бўлган Зулфияхонимнинг турли ижод дафтарларида ўз дастхатлари билан «Босилмаган… балки босилмас ҳам…», «Турли йилларда ёзилган шеърлар», «Маромига етмаган қораламалар»… ёзувли қолиб кетган шеърлар кўплигини ҳам айтгандилар.
Адабиётимизда мемуар, кундалик, эссе, хотира жанрлари ҳозир жуда ривожланиб кетди. Етук олима, элнинг машҳур кишиларига ҳамроҳ бўлганлари туфайли Ҳулкар Олимжонованинг Ойбек домла, Ҳамид Олимжон, Зулфияхоним ҳақида ҳаётий ва меҳрли талайгина мақолалари чоп этилаяпти. Ва айтиш мумкинки, улардан катта асарларнинг, ўчмас хотира китобларининг умиди эсиб турибди. Бир вақтлар Татъяна Толстая-Сухотинанинг «Отам бағрида» деб номланган кундалиги адабиёт оламида катта воқеа бўлган, буюк адибга қўйилган энг муносиб ҳайкал деб баҳоланган эди. Ўзбекларда ҳам анча кейин Зарифа Саидносированинг «Ойбегим маним», Кибриё Қаҳҳорованинг «Чорак аср ҳамнафас» каби китобларини ўқиганда, биз шогирдлар дилида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимлар ҳақидаги шундай китобларни Ҳулкар опа, Омон ака ёзадилар деган умид пайдо бўлганди. «Ҳаётнинг ўзидай пок ва ёрқин» хотиралар тўплами ва Зулфияхоним асарларидан саралаб олинган – «Тонг билан шом аро» («Шарқ» нашриёти-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти Т. 2005) катта шеърий тўплам умидларимизни куртак ёздирди. Минг шукрки, Зулфияхонимнинг Ҳулкар қизлари, «алп Омонлари» бор. Уларнинг халқ севган шоирлар – ота ва оналари ҳақида фақат ўзларигагина хос бўлган айтар сўзлари ҳам бор ва бу ишда Зулфияхонимнинг беҳисоб «Зулфия қизлари» доимо кўмак беришга шай.
Бир буюк мутафаккир одамийлик, донишмандлик, яратувчиликнинг асоси оилададир, ўз ота-онасини (мен бу ерга яна «устозини» сўзини ҳам қўшгим келади) эъзозламаган киши ўз келажагини йўққа чиқаради, деган экан. Зулфия опамларнинг ижод денгизи бисотларини ўрганиш, келжак авлодларга қолдириш ҳаммамизнинг масъулиятли бурчимиздир.
Сўзларимнинг далили сифатида «Зулфия қизлари»дан яна икки дугонам сўзини келтираман:
Қутлибека Раҳимбоева (шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими): – Биз, вилоятлардан пойтахтга ўқишга келган кўп қизлар Зулфия опамларнинг ва Ҳулкар опамларнинг том маънодаги яхши тарбиясини олганмиз. Саҳройилигимиз бор. У кишиларнинг бу қутлуғ хонадондаги назокат, ички маданият талабларига тўлиқ жавоб бермаганимиз аниқ. Лекин бирон марта бўлсин – йўқ, бу мана бундай қилинади деган танбеҳ олмаганмиз. Бизга бу хонадонда иш буюрилмасди. Ўз фаҳм-фаросатимиз билан бир юмуш бажариб қўйган бўлсак, албатта хизматимизга яраша назокатли ва қадримизни кўтарадиган ташаккур эшитардик. Ўзимизни шахс деб билишимизга шу хонадон муҳити сабаб.
Биз Зулфия опамлар, Ҳулкар опамлардек инсонлар олдида ким эдикки, шунчалик ҳурматлансак. Бизда ўзимизга нисбатан аввало инсон, кейин шоир ҳурматини, оддий дунёни бошқа кўз билан кўриш, киши қалбини нурлантириш, шунга яраша масъулиятни Зулфияхоним ва Ҳулкар опалар ўргатишган…
Ойдин Ҳожиева (Ўзбекистон халқ шоираси): – Бу хонадон эшиги биз учун ҳар доим очиқ эди. Кўпинча Ҳулкар опамлар ҳам шу ерда бўлардилар. Кийик яраланганда тиниқ ва соф булоқдан сув ичиб, малҳам топганидек, улар қанча дардларимизни эшитишган, ҳамма шеърларимизни тинглашган… Ўз қалбимиздан қувват олишни ҳам ўргатишган. Зулфияхоним неча бор «Уй остонасидан чиққанимдан кейин ундаги барча муаммолар ортда қолади. Бу ёғи борлиғим – халқимга!» дердилар. Ҳаммамизга ҳам шуни ўргатган эдилар. Сермаҳсуллигимиз шундан.
Ота-онам, опаларим кийгазмаган зардўзи тилло кавушни бу хонадонга келганимда Зулфия опамлар ёки Ҳулкар опа кийгазардилар. Шу кичик ҳаётий лавҳада ҳам бу хонадон, бундаги кишиларнинг инсонга, сўзга, шеъриятга бўлган улуғ бир ҳурмати, ҳикмати рамзини кўраман. Қалбим шундай соф булоқдан сув ичиб, юксалганидан мағрурман. (Қутлибека ва Ойдинхоннинг сўзлари Тошкент шаҳридаги 14-оилавий поликлиникада Зулфияхоним хотирасига бағишланган ва қизлари Ҳулкар опа, келинлари Риояхонлар иштирок этган 2005 йил 23 сентябр учрашувидаги чиқишдан олинган.)