Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Қадр кеча қатралари"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 00:40


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ХОТИМА ЎРНИДА

Зулфияхонимнинг сувратига чизгилар ёзиш нияти пайдо бўлиб, юқоридаги қатраларнинг кўпи битилганида Зулфия опамлар ҳаёт, бутун юрт шоиру фузалолари, аҳли зиёли у кишининг 80 йиллик юбилейларига тайёргарлик кўраётган эди. Тантаналарни кейинроқ ўтказиш мўлжалланган. Бироқ тайёргарлик ишлари кўп. Юбилейни ўтказиш ҳақидаги ҳукумат дастурига кўра халқ шоирасининг кўп китобларини нашр қилиш, Тошкент ва вилоятларда адабий кечалар, учрашувлар ўтказиш назарда тутилганди. Яна… Яна биз – «Саодат»нинг саодатли қизлари Ҳулкар опамлар кўмагида Зулфия опамларга билдирмай бир совға – «Зулфия қизлари»нинг эҳтиром сўзларидан иборат мажмуа тайёрлаётган эдик. Нашрга тайёрлаш мен билан Раънохон Раҳмонова зиммасида эди.

«Қувончлиси шуки, ўзи қалбимизга сиғмайгина турган бу истак қанот ёзиб, нафақат «Саодат»чилар, «Зулфия қизлари» теграсини, адабиётимизнинг катта олами теграсини, юртимизнинг, эндиликда «узоқ» ва «яқин» хориж деб аталаётган мамлакатларнинг чегарасини ҳеч тўсиқсиз, аксинча меҳр ва соғинч ила кутиш оқибатида бўладигандек завқ ва шавқ, интиқлик билан ёриб ўтди. Гўё биз ўз билгимизча бир қўшиқ айтмоқчи бўлдигу унга жўр бўлишни истаганлар дил амри билан келиб қўшилаверди, даврамиз олам қадар кенгайиб бораверди…

…Жамласа бир неча жилд бўладиган дил сўзларининг биринчи китоби – юрагимизни ифтихор ҳислари билан тўлдирган, миннатдор туйғумиз изҳори – «Эҳтиром»имизни табаррук таваллудингиз шодиёнаси кунларида муборак қўлингизни кўзимизга суртиш истаги ўрнида қабул қилишингиздан умидвормиз» деб ёзгандик каттагина «ЭҲТИРОМ» (Тошкент. «Ўзбекистон». 1995 й.) китобимизнинг сўз бошиси ўрнида.

Ўша йили тақвим бўйича баҳорнинг илк куни, Зулфия опамлар туғилган кун Рамазоннинг 29 кунига тўғри келганди.

– Ҳаммангиз рўза тутиб, ибодатда эканингизни биламан, – дедилар улар. – Шунинг учун одатдагидек тушликда эмас, ифтор вақтига келинглар. Тутган рўзаларингиз савобидан зора менга ҳам тегса…

Ифторни одатдагидек бир қултум сув ичиш билан бошладик. Фақат…

Қандайдир ички бир туйғу биримизни пиёлани тўлдириб сув олиб келишга, уни Зулфия опамларга узатиб «Табаррук қилиб беринг!» дейишга ундади. Ўша пиёладаги сувни навбати билан даврада ўтирганларнинг ҳаммаси озоздан (ҳаммага етсин-да!) ичиб, ҳаммамиз бир овоздан «Тутган рўзамиз – Сизга!» дедик.

Ақлли китобларда айтилишича, яхшиларга эргашиш, уларнинг яхши фазилатларини юқтириш, яхшилигини гапириш, яхши кишиларга дилидаги муҳаббатини изҳор қилиб қўйиш ҳам Ибодат экан.

… Бугун 1999 йилнинг 13 январидан 14 январига, чоршанбадан пайшанбага ўтар кеча…

… Бугун 2000 йилнинг 3 январидан 4 январига, душанбадан сешанбага ўтар кеча…

… Бугун 2000 йилнинг 23 декабридан 24 декабрига, шанбадан якшанбага ўтар кеча… Йигирманчи асрнинг сўнгги Қадр кечаси…

…Бугун 2001 йилнинг 11 декабридан 12 декабрига, сешанбадан чоршанбага ўтар кеча… Йигирма биринчи асрнинг биринчи Лайлатул Қадри…

Мен эса яхшиларни ёд этиб, минг бир ибодат ичра устоз битган мисраларни ўқимоқдаман:

 
Ижод денгизимнинг масъуд жўшқинин
Қўмсаб, дил бисотин очаётирман.
Олдда бекатларнинг туйиб йўқлигин,
Нотугал машқларим сочаётирман.
Ўйласам, ҳаётга ўзни бағишлаб,
Бурчлар савалабди мисоли жала.
Маҳрам қаламимни тишимда тишлаб,
Яшабман ишларим гоҳ бут, гоҳ чала.
Гоҳида қаламни бўлмас ўткирлаб,
Столимда қоғоз ётар заъфарон…
Шу туйғу савалаб, кўксимни тирнаб,
Гоҳи шом, гоҳ саҳар ўйларим гирён.
Ҳордиқ билмас, толган дилни парчалаб,
Ҳислар мендан кутар оташдай сўзлар.
Қалбимнинг тубида қолдими яхлаб,
Мен қўр бахш этмаган номсиз юлдузлар…
Қанча таваллолар қилмай тақдирдан,
Сочилган умримдан бермас бир йилин.
Лек афсус, надомат аччиқ заҳридан
Кашф этиб бўлмайди рўшнолик илмин.
Силқиб-силқиб қанча сув бермасин ер,
Қудуқ ҳеч жаҳонда тўлиб тошарми?
Қалбим, тафаккурим синчковлаб қазир –
Қаламимни қайноқ қўлим тутарми?
Мулки лак-лак дилни этмакман аён,
Биласиз, яшадим риёдан олис.
Шеърият кечирсин, кечирсин шеърхон,
Замона зуғмидан бўлмадим холис.
Гоҳ товшим етмаса санаманг сукут,
Шояд тарк этмаса дийдаларни нур.
Шеърият санъати бўлмайди унут,
Божлиман элиму юртга бир умр.
Завқим, ҳайда мендан узлатни йироқ,
Емрилди гумроҳлик йиллар мақоли.
Очунда, ҳар дилда парпирар чироқ,
Истиқлол нуридан ҳаёт сафоли…
Ажинлар из солган кенг пешонамни
Истиқбол ҳаётбахш қўли силасин.
Қатли ом йилларим ютган жигарлар
Доғини тортмоққа тоқат тиласин.
Йиллар, нодир севги, ҳижроним,
Дилимни зам-замлаб кетмаган учиб…
Бор бўлса бешми, ўн мухлис шеърхоним,
Ёзмоқ – бахт қаламим учини ўпиб…
 

Тонг ёришгани сари қутлуғ Қадр кеча қатралари битилган, асрдан асрга биз билан бирга ўтган яхшилар ёдидан дилим ёришиб бораяпти.

Бугун 2007 йил 9 октябрдан 10 октябрга ўтар кеча.

Қутлуғ Рамазон ойининг Қадр кечаси. Рамазоннинг илк кунида эса Республикамиз Президентининг «Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди.

Шу ҳақида эсладим-у беихтиёр яна Сизга мурожаат қилгим келди, азизам Зулфия опа! Адабиёт аҳли, фарзандларингиз, шогирдларингиз шодлигининг чеки йўқ. Ҳаммамиз бу қарорни сизнинг, яъни ўзбек халқининг ўз севимли фарзанди, таниқли жамоат арбобининг миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига қўшган улкан ҳиссангизнинг, бетакрор ижодий меросингиз ва ибратли фаолиятингизнинг амалий эътирофи деб қабул қилдик. Меҳнат кишини шарафлайди, дер эдингиз. Қарор бунинг яна бир исботи. Бу қарор таваллудингизнинг 80 йиллиги муносабати билан Президентнинг сизга йўллаган табрик хатида таъкидланганидек, сиз латиф ижодингиз билан миллионлаб кишиларга эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берганингизнинг исботидир. Аслида бу ёруғ дунёда айрилиқ ва ҳижрон азоби ҳамманинг ҳам бошида борлигининг, аммо ғам-андуҳларни матонат билан маҳв этган, армонларидан тирик орзулар яратган, тоғдек бардоши билан садоқат ва вафо рамзига айланган сиз каби аёллар жуда кам топилишининг исботидир.

1999 йилдан бери юзлаб, минглаб қизлар сизнинг номингиздаги давлат мукофотининг лауреати бўлиш учун турли босқичда курашадилар. Тўққиз йил ичида бир юз ўттизга яқин иқтидорли қизлар шу юксак мукофотга сазовор бўлишди. Бу ҳам юртнинг сизнинг талантингиз, хизматингиз, фидойилигингиз эътирофидир. Шунинг учун қувончимизнинг чеки йўқ.

2008 йил 1 март. Шанба. Бугун орзуларимиз ушалиб, Тошкентнинг гўзал масканларидан бири – Ўзбекистон Давлат санъат музейи ёнидаги гўзал хиёбонга ўрнатилган Сизнинг – Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг ҳайкали тантанали очилади. Бу ҳақида кеча эшитганимдан бери ҳаяжоним ўзгача.

Ҳулкар опамларнинг овозлари кеча телефонда худди Сизнинг овозингиз каби майин, умидбахш эшитилди. Дастлабки:

– Раҳимахон! Омонмисиз? Ҳиндистондан яхши қайтдингизми? Операция муваффақиятли ўтдими? – сўзлариданоқ йиқилиб, тиззаси лат еган бола онасини кўриши билан ўзини тутиб туролмаганидек, овозимга титроқ туриб, кўзларимдан унсиз оловли ёшлар оқа бошлади.

Ҳулкар опамларга, Ҳиндистон сафаридан бугун тонгда қайтганимни, юрагимдаги мураккаб операция яхши ўтгани ҳақида айтиб бердим.

– Хаёлан бутун вужудим билан ўша ерда, ёнингизда, дугоналарим – «Зулфия қизлари» қаторида бўламан, – дедим. Юра бошлагач, биринчи галда, албатта, Зулфия опамларни зиёрат қиламан…

– Ҳали вужудингизда тиғнинг оғриғи кучли, сизни кўп уринтирмай. Ҳали кўп учрашамиз… Муҳими – тушкунликка тушманг! Ҳаммаси ортда қолгани рост бўлсин!

Йўқ, тушкунликка тушишимга йўл беришмади. Исмини Сиз қўйиб берганингиз қизим тун ва кунлар парвона бўлди. Унга қараб Сизнинг Ҳулкар опамлар ҳақида ёзганларингизни неча бор эсладим:

 
Эсимда… Ҳаммаси эсим, сезгимда,
Инсон туғилишин севинчи, дарди…
Ўзим тўнганда ҳам бўлдинг севгимда,
Дардлар унутилди… гўё йўл гарди.
 
 
Ўсдинг ёзда яйраб, лекин қиш ҳоврин
Меҳрим ўтларида синдирсам дедим.
Баҳор гўзаллигин, куз саҳийлигин,
Қор поклигин сенга сингдирсам дедим.
 
 
Шундай… тандан уздим, юлмадим дилдан,
Аввал эргаштирдим, сўнг ўтдим ортга.
Ортдан кўрмоқ осон бахтлими чиндан,
Лойиқми мен эккан ниҳол ҳаётга…
 

Мен ҳали қизимга атаб бундай шеърлар ёза олганим йўқ. Аммо Деҳли сафари оиламиз меҳру оқибатига катта синов бўлди. Ҳаётнинг навбатдаги бу синовидан ўзим ҳам, фарзандлар ҳам муносиб ўтганимизга шукрлар қилдим.

Инсон руҳи дард ва изтироблар аро тобланиб бориши, шукрлар кишини маънавий юксакликка кўтариши рост. Бундай одам Сизга ўхшаб эл дилида қоладиган кўп ҳикмат гап айта олишга қодир бўлади. Хаёлим руҳингиз ўзингиз айтмоқчи енгил учиб юрган ўша майдонда-ю ўйлайман: ҳайкал остига қайси мисраларингиз ёзилди экан:

 
Ҳамиша эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир,
Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,
Емира олмайди ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.
 

Бандими ёки:

 
Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориламон, ҳур,
Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман.
 

Бандими? Ёки:

 
Аёл бахти! Мендай аёл бахтига
Тақдир маликани кўрганми лойиқ?
Халқ меҳрида, ёрман эл шуҳратига,
Бахтли аёл деса ҳақли халойиқ…
 

Балки мана бу банддир:

 
…Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,
Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…
 

Мана бу сатрлар ҳам мармарга битилишга жуда лойиқ:

 
Мен ўтган умримга ачинмай қўйдим…
Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:
Суйдим,
   Эркаландим,
         Айрилдим,
               Куйдим,
Иззат нима билдим,
Шу-да бир яшаш!
 

Мармарга қайси мисралар ёзилган бўлишидан қатъи назар, элнинг қалбига, авлодлар хотирасига ёзилган шеърларингиз асло ўчмайди.

Келгусида Сиз таваллуд топган баҳорнинг илк кунида бу ерга юзлаб адабиёт мухлислари, издошларингиз ва шогирдларингиз келиб, йигирманчи асрнинг буюк шоираи даврони пойига гулдасталар қўядилар, ва албатта, шеърхонлик бўлади. «Зулфия қизлари»нинг бири балки номингиздан дер:

 
Менми? Мен ишқ отлиғ бир жаҳон аро
Шеър тинглаб, шеър тизиб – шеърларда қолдим… 11
  Рисоланинг қўлёзма варианти 2002 йилда матбуотда эълон қилинган қатралар асосида Ўзбекистон хотин-қиз журналистлари клубининг «АТИРГУЛ» конкурси дипломи ва соврини билан тақдирланди.


[Закрыть]

 

ОНАЛАРИМ –МОҲЛАРИМ

 
Ўн саккизда шеър битмай, завққа тўла дилларни
Дилбандларга улашган, фидойижон моҳларим!
Аллоҳ берган қаламни кетмондан оғир дея,
Нукталарим юкига мезон бўлган моҳларим!
«Аллоҳ сиздан рози бўлсин!» – Ҳаққа етсин оҳларим,
Сиз ҳам биздан рози бўлинг, Оналарим – моҳларим!
 

* * *

Онам – Карима Мансур қизи оламдан ўтганларида ўттиз икки ёшга тўлмаган, қайнона ойим – Ҳужиста Шомаҳмудбой қизи қазо қилганларида эса ўттиз икки йиллик келин эдим…

Оила – инсонни инсон қилиб шакллантирадиган, унинг қалбини озиқлантирадиган бир қутлуғ даргоҳ. Оналар эса шу қутлуғ даргоҳнинг маънавий муҳитини ушлаб турадиган меҳри дарё соҳибаларидир. Шулар ҳақида ўйлаганимда бугунги борлигим-у борлиғимда иккала оналаримнинг ҳиссалари теппа-тенг экан, деган хулосага келаман.

Шу боис уларни тенг кўриб «Оналарим-моҳларим» деб атагим келади.

Инсоннинг инсонлиги онасига бўлган меҳридан бошланади, менимча. Инсон бир кунда инсон бўлиб шаклланиб қолмаганидек, оналаримизга бўлган улкан муҳаббатимиз ҳам заррама-зарра йиғилиб, улғайиб, бутун умринг давомида қалбингни илитиб, йўлингни ёритиб турадиган машъалга айланаркан.

Қуйидаги ҳаётий қатралар – оналаримизнинг бизга қолдирган, бизга юқтирган боқий қадриятлари зарраларидан намуналардир.

Муаллиф
УЧТА ЧИТ КЎЙЛАК

Эндигина мактабга чиққан сочлари жамалак қизалоқ эдим. Урушдан кейинги, одамлар турмуши эндигина ўнгланаётган оғир йиллар эди. Рамазон ҳайити ёз кунларига тўғри келди. Ойим ҳайит арафасида менга бир эмас – учта чит кўйлак тикиб бердилар. Уччаласи уч хил фасонда…

Мен уларнинг бирини олиб, бирини кийиб, анча вақтгача ҳовлида чирпирак бўлиб юрдим. Қувончимнинг чеки йўқ эди: мендан катта опаларимга ойим ҳайитга биттадан кўйлак тикиб бердилар-у, менга эса бир эмас – учта!

Бошқалардан шўхроқ бўлганим учун, бир мавсумга менга битта кўйлак чидамаслигига унда ақлим етмасди. Ойимлар ҳам буни бошқача тушунтирдилар:

– Биттаси – менинг яхши қизим бўлганинг учун, биттаси – укангни яхши ўйнатиб юрганинг учун, биттаси – эчкингга яхши қараганинг учун!

Ажабо, учта чит кўйлак билан ойим мени қувонтирибгина қолмай, уҳдамга ота-онага меҳрли бўлиш, кичикларни севиш, жониворларга ҳам бепарво бўлмаслик каби уч савобли фазилатни юклабдилар. Фақат юклабгина эмас, бу фазилатларга эга бўлган киши мукофотга лойиқ бўлишига нозик ишора ҳам қилибдилар.

«ҲИМО» НИМА, ОЙИЖОН

Ўн беш кунлик келин эдим. Ён қўшнимиз – амакимизникида тўй бўлди. Янги келин биринчи бор катта даврага киришим, янги қариндошлар олдида биринчи бор кўринишим керак… Қалбимни ваҳима босди: қандай бўларкин? Ишқилиб «типпа-тик келин экан» сифатини олмасам бўлгани!

Безовталигимни қайнона ойимлар сездилар шекилли, менинг бу кунги вазифаларимни қуйидагича тушунтирдилар:

– Аёлларга дастурхонни катта айвонга тузаганмиз. Бошингизга чиройли тўрингизни ёпиниб, ним таъзим билан кириб боринг. Овсин опангиз ёнингизда бўладилар. Қариндошларни таништираётганларида уларга бир-бир эгилиб таъзим қилиб: «Хуш келибсиз!» денг. Салом тугагач, сизни дуо қилишади. Кейин меҳмонларга бир пиёладан чой бериб, секин ҳимо билан чиқиб кетарсиз. Зинага етганингизда ҳаммага яна бир умумий таъзим қилинг. Оёқ остидаги кавушларни тўғрилаб, аста айвондан тушиб кетинг…

Ҳаммаси тушунарлику-я бироқ «ҳимо билан» чиқиб кетиш қандай бўларкин?

– Ойижон, «ҳимо» нима? – титрабгина сўрадим.

– «Ҳимо»ми? – Ойим ўйланиб қолдилар. Кейин соддагина қилиб, – келинларнинг ҳимралибгина чиройли юришида, болам! Аёлларга чой берганингиздан кейин тўрингизни яна бошингизга илинг-у оҳиста, ним таъзимда орқангиз билан битта-битта қадам ташлаб чиқинг, деганимда бу. Кўпчилик аёллар ўтирган ерда чирс ўгирилиб, «тап-тап» юриб кетиш келинларга ярашмайди…

Айтилган жараёнлар ойим тушунтирганларидек ўтди. Охирида «Хуш келибсизлар!» деб ойимлар айтмоқчи «ҳимо» билан чиқиб кетаётиб зимдан иккала оналаримга нигоҳ ташладим. Икковларининг кўзларида бирдек ажиб нур жилваланарди! Гўё мен эмас, улар келинлик имтиҳонидан ўтган эдилар! Бир айвон тўла меҳмон аёлларнинг «Хушбахт бўлинг! Илоҳо қўша қаринглар!» дуолари-ю олқишларига маст эдилар моҳларим!

ҲАЛОВАТЛИ ОДАМ…

Жавзонинг этаклари, серёғин кунлар эди.

Ойим хаста бўлиб қолдилар. Уларнинг ҳеч касал бўлиб, кўрпа-тўшак қилиб ётганларини билмасдик. Бу оғришларидан жуда хавотирга тушдик. Врачларга кўрсатиб, бирикки ҳафта давомида қиз уйимга одатдагидан тез-тез келиб туришга тўғри келди.

– Ўзи ишга энди тушувдинг, мен деб ёлчитиб ишлолмаяпсан ҳам. Бошлиқларингдан гап эшитиб қолма яна! Сангинанинг ҳам ҳаловатинг йўқолди, – дердилар ойим ҳар гал келганимда хижолат тортгандек.

– Мендан хавотир олманг, ойижон! Ишимни уйимга олиб келиб, болалар ухлаганидан кейин ишлаб, етказиб бераяпман. Сиз тузалиб олсангиз – бўлди! – деб у кишини хотиржам қилишга уринардим.

Дарҳақиқат, у вақтлар аёлларнинг ҳомиладорлик ва бола туғилгандан кейинги таътиллари қисқа бўлгани учун, ўғлим тўрт ойлик бўлар-бўлмас, уни қайнона ойимларга бериб, ишга тушиб кетгандим. Аксига олиб ойим бетоб бўлиб қолдилар…

Шундай кунларнинг бирида иш вақтимгача ойимларни бирров кўриб кетай деб шошилаётсам, қайнона ойим қўлимга бир тоғорачада тут тутқаздилар:

– Янгилик-да, қудамга олиб боринг. Қонни тозалайди, – дедилар.

Қўшнимизникидан атай чодир тутиб қоқтирибдилар. Ғарқ пишган, пилладек йирик-йирик, оппоқ тутлар…

Бора-боргунча инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат ҳақида ўйладим. Трамвайдан тушганимда яна ёмғир шивалай бошлади. Қадамимни тезлатдим. Муйилишда…Не кўз билан кўрайки, мен кўргани шошилиб келаётганим – ойимлар бошларида-ю қўлларида катта тугунлар билан бекат томон келаётган эдилар.

– Тинчликми? – Бошларидаги тугунни олиб, шамсиямни тутар эканман, хавотирланиб сўрадим. – Ҳамма соғми? Дадам тинчмилар?

– Ҳа-ҳа, ҳамма яхши, хавотир бўлма! Тинчимадингтинчимадинг-да! Яна келаяпсанми-я? Ахир кеча анча тузукман, дедим-ку сенга! Сенгинада ҳам ҳаловат йўқ…

– Вой, ҳаловатли одам-эй! Ҳа, ўзлари қайга кетаяптилар, тугунларини бошларига қўйиб? – овозимда албатта, норозилик оҳанги бор эди.

– Қўшнимиз – Бувининг келинлари туққан эди. Кечаги кун жавоб беришган экан. Ҳеч ким бормагани учун бояқиш туғруқхонада қолиб кетибди. Эрталаб бизникилар ишга кетиб бўлишувди. Буви чиқиб зорланиб қолдилар: «Мен юролмасам, келинингиз ўртоғининг кийимларини етказиб берармикин, девдим»…

Келинойинг ишга кетган эдилар, ўзим бора қолай дедим…

– Шу аҳволда, шу ёмғирда, касал одам…Буви юролмасалар ўғиллари бор, катта овсин бор…Ҳар қандай зарур ишдан ҳам янги меҳмонни олиб чиқиш учун бир кунга рухсат берилади-ку! – аммо норозилигим ичимда қолди.

– Қўй, болам, Худога шукр, мана – туппа-тузукман! Хайрли ишга Оллоҳнинг ўзи қувват беради. Бувининг диллари оғримасин. Биронтангизга шикаст етиб юрмасин яна… Мен яхшиман, сен ишингга боравер…

Туғруқхона унча узоқ эмасди. Тугунларни кўтаришиб, қабулхонагача бирга бордим. Ойим тоғорачадаги тутлардан уч-тўрттасини «Омонлик-омонлик! Кўрмайлик ҳеч ёмонлик!» деб оғзиларига солдилар-у қолганини ҳамшираларга бердилар:

– Оғзингиз тегсин, айланай! Қудам бериб юборибдилар! Бир чиройли тутлар экан, енглар!

Тутларнинг диркиллаб бошқа идишга тушаётганини кўриб, хаёлим кетибди: «Мен онамни десам, онам…»

Аммо трамвайга шошилаяпман-у бирам ўзимни енгил сезаяпман денг!

Ў, азиз моҳларим-а! «Омонлик!» дея яқинига илиниш, «Кишининг дили оғримасин, биронтангизга шикаст етиб юрмасин яна!» деб болаларига қалқон бўлиш каби улуғ сабоқларни шу тариқа оддий ва одми бердингиз!

ЯХШИЛИГИМ ОШИРГАН

Тушлик танаффусда қайнона ойимлардан хабар олгани бордим. Одатдагидек равон айвонларида ўтирган эканлар. Кайфиятлари анча чоғ кўринди. Сабабини кўп ўтмай билдим:

– Кеча касалхонага дадангизни кўргани мени ҳам олиб боришди. Кўзларига ёш олиб, қизингиз билан куёвингизни мақтаб, дуо қилиб ўтирибдилар: «Янги келин бўлса ҳам, қара-я қудаларимиз неча хил ноз-неъматлар билан сийлашиб, дадангизни кўриб келинглар, деб юборишибди. Овқатларни бироз кўнглим тусамай турувди. Набира қизинг бўлса ўзим едириб қўяман деб зўрлайди дегин… Аммо набира куёвинг анча зийрак экан. «Дадам нима истаётганларини мен топдим, овқатни қўйиб тур, кейин ейдилар» – деди-ю ўзи олиб келган нашватидан битта артди. Шу десанг, ҳалиги нашватидан оғзимга лойиқ қилиб, паррак-паррак қирқиб тилим устига қўйиб турди. Бирам ширин уннади! Бирам кўнглим очилди-ки… Мен сенга айтсам, Ҳудиста, шу невара куёвинг бошқачароқми ёки ўзи невара куёвлар шунақа меҳрибон бўладими-а? Э, кўрсатганига шукр қилиб, оғзимда нашватининг мазасини ҳали ҳам туйиб ётибман! Илоҳо қўшгани билан қўша қаришсин! Мени сийлашибди, Оллоҳ уларни сийлайдиган фарзандлар ато қилсин!..» Дадангизнинг севинчларини кўриб, бир паррак нок билан кишининг кўнгли шунчалар кўтарилар экан-да, деб ҳайрон бўлиб ўтирибман. Ё, қариганда одам ёш бола бўлиб қолади, дейишгани ростмикин?

Ойимларни кўргани яна кимдир келди. Чойни янгилаб, улар олдига қўяр эканман, ишга боришим кераклигини айтиб, узр сўрадим. Ойимлар бўлса келган одамга ҳалиги ҳикояни бошлаган эдилар:

– Кеча набира қизим билан янги набира куёвимиз дўхтирхонага бувасини кўргани боришибди…

Ёши улуғ одамнинг ҳаётдаги кичик нарсага ҳам ҳайрати йўқолмаганидан ўзим ҳам ҳайратда, арзимагандек кўринган шу ҳикоя билан ойим ичимга чироқ ёққанларини пайқамай қолдим.

Инсоннинг қувониши учун нима керак ўзи? Ҳарқалай, ойимнинг фарзандларимиз ҳақидаги гаплари, дадамнинг дуолари талай вақтгача юрагимга қувват бериб туришини сезардим…

«ҚАЛАМ КЕТМОНДАН ОҒИР»

Отам ва онам жуда ажойиб одамлар эдилар. Ўзиникини мақташга тушди, дейишга шошилманг. Назаримда ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай вақт келадики, у ўз отаонаси ҳақида: «Улар аслида қандай одамлар?» деб савол беради. Одатда бу кўпроқ балоғат ёшида, инсон ўзига-ю ўзгага, одамга-ю оламга баҳо бера бошлаган даврда содир бўлади. Маълум даражада инсон шунга тайёр ҳам бўлиши керак.

Ота-она бўлгани учун ҳурмат қилишга интилгани билан, қарашлари туфайли ёки бирон бошқа нарса сабаб бўлиб, бу саволга ижобий жавоб берилмаган ҳолда оталар ва болаларнинг йўли бошқа-бошқа бўлиб кетади. Яна бир оғир томони ота-онасини севмайдиган, дилида уларга нисбатан самимий меҳр-муҳаббати йўқ одамлар «ҳурмат» юзасидан, «одоб» юзасидан буни бирон марта тилига чиқармаган бўлсалар ҳам, наслида яқинларига-ю бошқаларга меҳр-мурувват кўрсатиш фазилати йўқ кишилар мунофиқлик йўлига айнан шу даврдан қадам қўядилар. Икки юзламачилик уларга бир умр ҳамроҳ бўлади… Бу – жичча фалсафа билан айтмоқчи бўлганим – инсон ота-она бағрида шаклланади, ота-онасидан олганини умр бўйи ривожлантиради.

…Қизиғи шундаки, мен табиатан жўшқинроқ, куйинчакроқ бўлсам-да, баъзан таниш кишиларнинг орқаваротдан: «Карима опа каби вазмин бўлибди», дейишганини эшитиб қоламан.

Ойим камгап, аммо топиб-топиб гапирадиган, жуда самимий аёл эдилар. Халқ мақол ва маталларини, байт ва ўланларини кўплаб билардилар, билиб-билиб, жойида ишлатардилар. Мирзо Бедилнинг ҳаётий, чуқур фалсафий байтларини ёддан айтардилар. У киши билан суҳбатда бўлган одамнинг кўнгли ёришиб кетарди.

Яна мени «Отасига тортибди», деб ҳам айтишарди. Асоссиз эмасдир.

Дадагинам – Шомансур қори Шоумаров бир сўзли, серғайрат, ёмонликка муросасиз киши эдилар. Қуръони каримни ёд биладиган, Тошкентда кўплар танийдиган, ҳурмат қиладиган қори эдилар. Улар Қуръон тафсирида ҳамиша инсон ҳаракатига даъватни қалб беришига урғу берардилар. Шунинг учун киши қалбини, руҳини пок ушламоғи керак, деб уқтирардилар, ҳалолликка ундардилар.

Эсимни танибманки, ойимларга ўхшашни орзу қиламан. Табиатан кўза кўтариб юрадиган, баланд-пастга мослашган тоғ аёлларига ўхшаш баланд бўйли аёл эдилар. Адл ва сал дуркун қоматларини, енгил ва назокатли юришларини кўз ўнгимга келтирганимда, болалигимдан таниш бир алам дилимни тирнаб ўтади: мен шундай назокатли аёлнинг қизиман-у, бироқ у кишидек бўлолмасам керак! Шундай дейман-у, бироқ у кишининг бир умр ҳаётдагина эмас, ижодда ҳам ёнма-ён келаётганларини ҳис қиламан.

 
Қиз ўхшар онага дейишар халқда,
Гоҳида қалбимни ўраб ҳаяжон,
Сизга тикиламан ўйлаб шу ҳақда,
Кошкийди ўхшасам сизга, онажон!
Баҳслаша олмайман чиройда сиз-ла,
Гўзал қиз бўлишлик мақсадим эмас.
Инсонни сиз каби севолганимда,
Дилим дилингизга ўхшатсалар бас.
 

– «Қалам кетмондан оғир!»

Ҳикматдек лўнда бу гапни биринчи марта ойимлардан эшитганман. Балки уни биринчи шеърим босилиб чиққан куни айтгандирлар. Ҳали ёшим етиб, паспорт олмаганим учун, ўшанда қалам ҳақини почтадан ойим билан бирга олганмиз. Газетада босилган шеърга пул беришлигини, унинг «гонорар» – қалам ҳақи деб аталишини ойим ҳам, мен ҳам билмасдик.

«Ўзингники ўзингга бўлсин», дегандилар ўшанда ойим ва Тўқимачилик шаҳарчасининг бозорчасидаги дўкондан янги чиққан мато – штапелдан фартуклик олиб бергандилар. Яна укаларимга пряник, тешиккулча олганмиз…

Менга шундай туйилдими ёки аслида ҳам шундаймиди, билмадим-у, лекин назаримда ўша кундан эътиборан ойим менда ўз қизларидан ортиқ бир кимсани кўраётганларини ҳис қилардим!

– «Қалам кетмондан оғир!»

Бўрон ёши осуда ўтган, ўн саккизда шеър битмаган онам айтгандилар бу сўзни. Фақат айтиш эмас, ўзлари ҳам сезмаганлари ҳолда фарзандлари қалбига сўзнинг буюк қудратига эҳтиромни, китобга ҳурматни, зиёлига эъзозни сингдирган эдилар. Ҳар гал матбуотда янги бир нарсамни кўрсам, биринчи шеърим чиққандаги ўша ёрқин ҳаяжон қалбимни чулғаб олади. Бу менга ойимлардан мерос.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации