Текст книги "Қадр кеча қатралари"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 9 страниц)
ТАБАРРУК УЗУК
Ўғлимнинг никоҳ тўйи арафасида келинга деб олинган никоҳ узугини кўрсатгани биринчи бўлиб қайнона ойимларга олиб бордим. Кўзойнакларини тақиб, қўлларига олиб узоқ томоша қилдилар. Чинчалоқ бармоқларига тақиб, кунга солиб кўрдилар. Маъқул кўриб дуо қилдилар. Кейин бармоқларидаги ўзларининг никоҳ узукларини олиб менга узатдилар:
– Жуда чиройли экан. Уни шу кунлар шукри деб ўзингиз тақинг. Мана бу узукни эса ман ва додангиздан табаррук совға деб, бўлажак келинингизга мана шунақа чиройли узук ясаттириб беринг. Набираларим ҳам бизга ўхшаб ярим асрдан ортиқ бир-бирларига муҳаббат билан яшашсин! – дедилар.
Бўртган бармоқларида кўп йиллар ечилмай юрилган никоҳ узугидан қолган қабариқ изга тикилганимча эътироз билдирмоқчи бўлдим.
– Биламан, – бошқа сўзга ўрин қолдирмай дедилар ойим: – қайнингизни уйлантираётганимизда бўлажак овсинингизга аталган узукка қўшиб менга деб олгандингиз буни. Сизларнинг илтимосингиз билан дадангиз қўлимга солган эдилар. Ўша дамда деганлари ҳам эсимда: «Ёшлигингда кўрмаганни кўрадиган вақт келибди, Ҳудиста! Бир вақтлар қўлингга тилло узук сола олмадим, деб кўнглим синиқ эди. Мана қара, энди болаларимиз армонларимизни тўлдиришаяпти. Табаррук қилиб тақиб юр! Қўлингдан ечма. Худо кўрсатса, иншааллоҳ, сен ҳам набираларинг тўйида бойвучча буви бўлиб, набира келининг қўлига тақиб қўй!…»
– Бу кунларни кўриш дадангизга насиб этмади. Набиралари бахтини Аллоҳ баракали қилсин!
Узукларни олдим. Ойим айтганларидек, яхши ният қилиб бирини бармоғимга тақдим. Иккинчисини шу табаррук узук эгасига ўхшаб узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришларини тилай-тилай келинга дея олиб қўйдим.
Билмадим нечанчи марта авлодларнинг илоҳий боғлиқлиги-ю бир-бирларга садоқати ҳақида ўйлаб кетдим.
ОНАМНИНГ ГАПЛАРИ
Эсимда, ёшлигимда ойим раҳматлик, мен ухламагунимча, ўринларига кириб ётмас эдилар. Танчанинг у томонига ёки хонтахта ёнига кичкина ёстиқни икки буклаб, омонатгина ётиб турардилар. Куни билан уй юмушларидан чарчаганлари учун тезда текис нафас ола бошлардилар. Аммо бу «қуш уйқуси» эди. Кўпинча жуда тез уйғониб, қаршимда ўтириб олардилар, ёзаётган ишим билан қизиқардилар. Айниқса хизмат сафаридан келган вақтларим, борган жойларим, учрашган одамларим, ёзмоқчи бўлган қаҳрамонларим ҳақида кўп қизиқиб, суриштирардилар. Кўпинча, кўрсаткич бармоқларини олдимдаги қораламанинг бирон сатрига қўйиб:
– Бу ерда нима деб ёздинг? – деб сўрардилар.
Мен эринмай ўқиб берар, яхши тушунишлари учун аввалги ва кейинги воқеаларни батафсил тушунтирардим. Кейин билсам, ойим олдиларида ёзганим имтиҳондан ўтаркан. Энг асосийси бу савол-жавоблар менинг шууримда бошқа диалог бўлиб жаранглайверарди:
– Касб танлаётганда ишинг шунчалар мушкуллигини билармидинг, болам!
– Тасаввур қилардим, ойи!
– Нега танладинг бўлмаса уни? Қачон қарама шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ кезганинг-кезган! Нима топдинг у ерлардан?
– Одамларни, ойи, одамларни.
– Одамлар ҳамма ерда ҳам бир хил. Улар ҳақида ҳадеб нималарни ёзаверасан?
– Одамларнинг ҳар бири устозим айтмоқчи – ўқилмаган бир китоб, ойи! Мен уларни билишни истайман. Кейин улар ҳақида бошқалар ҳам билишини, уларни мен севгандек севишини истайман!
– Сени кутиб, туну кун хавотирда ўтираман! Қиз бола бўлсанг…
– Ўринсиз, ойи! Бу диёр, бу одамлар шундай ажойибки… Мен улар билан гаплашишга ташнаман. Уларнинг мен билан бир неча соатлик суҳбати мобайнида ҳаётининг оқу қорасини, ғаму шодлигини ўртага солишини севаман.
Ана шунда, уларнинг кўзларига бир дам ёш қалқиса, бир дам бахтдан порлашини кўриб, Инсон йўли мураккаблигини ҳис қиламан…
– Яратган бандасини ҳеч вақт шукридан, умид ва яхши ниятдан бенасиб қилмасин. Шукр, яхши ният ва умид одамнинг дилига ёруғлик, кўзига нур беради. Улар кишини не-не ғам гирдобидан омон олиб чиқади…
Онамнинг гаплари қаҳрамонларимни кўзимга бошқача кўрсата бошларди.
БИЗНИНГ АЁЛЛАР
Ҳар бир оила ҳаётида киши кўнглини ёрқин қиладиган хотиралар бўлади. Улар ўз вақтида жуда аянчли, вақт ўтиб эсланганида эса кишининг кўзига ёш чиқарадиган азиз хотиралар бўлса ҳам, улар ҳақида эсланганида, сўзланганда қалбингни ҳаяжонга тўлдирадиган, яқинларингга меҳрингни оширадиган, юзингда беғубор табассум уйғотиб сени узоқ тарк этмайдиган хотиралар…
Олти фарзанд, келинлару куёвлар, талай набира-аваралар йиғилганда ўтганлар ёди билан тез-тез эсга олинадиган бундай воқеалар оиламизда кўп.
…Уруш йиллари қайнотам Неъматжон ака Тўқимачилик комбинатида ишлар эканлар. Ўн тўрт-ўн олти соатлаб комбинатда қолиб кетарканлар.
– Ёш болалар билан ойингиз боғ ҳовлида ёлғиз қолиб кетар, катта ҳовли ҳосилини амаллаб тирикчиликка ёпиштирарди, – ҳикоя қилардилар қайнотам. – Тунлари бўш қолдим дегунча, уйдан хабар олгани ошиқардим. Электр энергия фронт учун ишлаётган завод ва фабрикалар учун тежалиб, шаҳар кўчалари ёритилмас, трамвайлар ҳам тунлар юрмасди. Комбинатдан дуч келган аравами, уловгами мингашиб, кўпинча эса – пиёда кетардим. Йўлни қисқартириш учун одамларнинг боғ-роғларидан ошиб, тун ярмидан оғиб қолганда уйга етиб келардим. Ойингиз берган обёвғонни ичибоқ, ҳориганимдан ухлаб қолардим…
Бир куни тунда болаларнинг хархашасидан уйғониб кетдим. Ўрнимдан турай десам, бошим гурс этиб мис тоғорага урилди. Нима гаплигини билмай гангиб қолдим. Кейин тушундим: оқшомдан шивалаб ёға бошлаган ёмғир сомон сувоқ томни обдон ивитиб, ҳар жой, ҳар жойдан чакка ўта бошлабди. Ойингиз имкон бор жойнинг ҳаммасига бисотидаги идиш-товоғини қўйиб чиқибди. Лекин менинг нақ бошимдан оқа бошлаган лойқа томчиларни тўхтатишнинг иложини қила олмай (идиш қўяй деса – мен ётибман, уйғотай деса – уйқумни қизғониб) тик турганича бошим узра тоғора тутиб турган экан! Шу алфозда ойингиз қанча турганини билмайман, ҳарқалай тоғорага сув анчагина йиғилган экан. Қаранг, уйғотай деса уйқумни аяган, ҳали замон тонг оқариб яна ишга кетишим керак… Ўртада бола уйғониб қолибди… Э, нималарни кўрмади бу бошлар! Нималарга дош беришмади бизнинг аёллар!
Ё, ХАЁЛ
Инсон заковати яратган бу улкан пўлат қуш осмону фалакка кўтарилганича паға-паға оппоқ булутлар қўйнига кириб бораяпти. Ана яна, бир қалқиб олди-ю, пастдан жуда баланд кўринган оқ булутлардан ҳам анча юқорилади. Не ажабки, булутлар юқоридан улкан пахта хирмонларига, шаршаралар оқиб тушган пастликдаги кўпикли сувга – хуллас, мен ҳали тасвирига лойиқ сўз топа олмаган жонли, тўлқинли, ҳаяжонли бир нарсага ўхшаб кетар эди.
Хаёл билан паға-паға сузиб юрган шу «жонли» оқ булутларга тикиламан. Юрагим бир орзиқиб тушди. Аллақайси тўлқин орасидан онамнинг шу оппоқ булутлардек оқ сочли азиз сиймолари кўрингандек бўлди!
Ё, хаёл!
Ҳар доим бўлганидек, ҳозир ҳам сафарга бирга чиқибдилар-да! Фақат илгарилари самолётга ўтқазардилару, маъюс қўл силкиб қолаверардилар. Онам кўзларидан ўзлари бирон марта учмаган шу улкан пўлат қушга ўтираётган қизларидан ҳам ғурур, ҳам хавотир ҳиссини ўқиш қийин эмасди. Энди эса, мана, ёнма-ён келаяптилар. Юрагимни ғижимлаган аччиқ алам билан йўл сумкамдан дастрўмол қидираман. Қўлим қоғозга ўроғлиқ, орасига пишлоқ солинган икки бурда нонга тегди. Илгарилари бўлса онам ё гўшт, ё товуқ пишириб: «Болам, узоқ йўл, самолёт бўлса ҳам, манзилингга бориб жойлашиб олгунингча толиқиб қолма, вақтида овқатлансанг яхши бўлади, бошингга оғриқ турмайди!» деб сумкамга солиб қўйган бўлардилар.
Паға-паға булутларга тикиламан. Улар кўзимни қамаштиради, онам сиймоларини яққол кўриб олишимга халақит беради. Ўзимни тута олмайман, чўғдек қайноқ икки томчи ёш ёноғимга оқиб тушди…
Менга ҳамиша Сиз етишмайсиз, ойижон!
ФАРЗАНД БОРКИ…
Фарзанд борки, у ҳамиша онаси олдида қарздор. Бу қарздорлик туйғуси она оламдан ўтгандан кейин ҳам кишини тарк этмайди. Инсон тирик экан уни дунёга келтирган она ҳам тирик. Она соғинчи, меҳрига, илоҳий кучига интиқлик фарзанд умрининг охиригача сақланади дейишганича бор.
Кунлар ўтаяпти. Ойлар ўтаяпти. Бири-бирини қувиб, йиллар ўтиб боряпти. Онам, онажоним йўқлар орамизда.
Баъзи пайтлар тушимда кўрсам кошки эди, деб тўлғониб чиқаман. Бахтим кулиб боқиб нур тўла чеҳраларини, кумуш сочларини, кулган кўзлари, юмушдан дағаллашган, аммо доим жонимни киргазадиган бармоқларини аниқ-аниқ кўрсам, неча кунларгача қуёш қучган одамдек кўнглим ёруғ юраман.
Одамларнинг туйғу уммонларига бас кела олган эй оқил-у, одил донишмандлар! Менинг моҳларимни соғингандаги бу бебардошлигим, изтиробларим олдида сизнинг тасалли сўзларингиз – ҳеч! На қуёш тафти, на дарёлар жўшқинлиги, на уфққа қўл чўзган бепоён кенглик тасалли бера олади бу кичкина юрагимга. Онамнинг иссиқ меҳри, меҳнаткаш қўллари, она бўлган қизига суянч бағрининг ҳароратини қўмсаганимда кўнглимга тасалли берувчи ҳамма нарса «ҳеч» каби орқага чекинади.
Ўчмаган номингиз буюклиги олдида, ҳамон, ҳар дақиқа тирик барҳаёт руҳингиз олдида, дилгинамга жо бўлган ўша ҳаётсеварлик туйғуларингиз, ўлмас насиҳатларингиз, ўгитларингиз олдида таъзим қиламан, моҳларим!
Ҳар дақиқа менга нақадар кераклигингизни билсангиз эди!
ЁЗИШГА ҚИЙНАЛЯПМАН…
Хизмат сафаридан қайтдим. Янги учрашувлар, янги таассуротлар… Тўлқин урган фикр-туйғуларимни бир ерга жамлашга, жиловини тутиб бир мақсад томон йўналтиришга ожизлик қиляпман. Ёзишга қийналяпман…
Илгарилари шундай узоқ «тўлғоқ» тутган вақтларида онам ўзлари билмаган ҳолда катта ёрдам берардилар. Хизмат сафаридан қайтгач, албатта узоқ суҳбатлашардик. Умрларида Тошкент атрофидаги айрим қишлоқлардан нарини кўрмаган ойим: «Қаерларда бўлдинг? Кимларни кўрдинг? Қандай яшашар экан, нима иш қилишар экан?» деб сўраб-сўраб турардилар. Кўпинча янги нарса топширган куним албатта: «Ёзганинг Зулфия опангларга ёқдими? Ўртоқларинг нима дейишди?» деб сўрардилар.
Ойимларга ҳаммасини оқизмай-томизмай сўзлаб берардим. Учрашган кишилар билан бўлган суҳбатлар, таассуротлар бу «ҳисобот» жараёнида бир ипга тизилиб очерк, ҳикоя ёки лавҳа қарийб тайёр бўларди. Уларнинг диққат билан тинглаётганларини, далда бериб айтган сўзларини инобатга олиб ўзим ҳам руҳланиб – илҳомланиб, ўша сўзлаб берганларимни шошиб қоғозга туширардим – олқиш олардим. Биринчи ўқувчим (аниқроғи – тингловчим), меҳрибон устозим эдилар ойижоним!
Ёзишга қийналяпман… Менга Сиз етишмаяпсиз, ойижон!
НОН
Онам тандирда нон ёпардилар. Кексаларга хос тўлишиб, вазминлашганларига қарамай, чаққон ҳаракат қилар, шоҳи рўмол елкаларига тушаётиб силаб ўтган оппоқ сочлари ялтирар, тандир тобидан юзлари бўртиб, кўзларида чўғ акси бўлгани учунми – чўғдек эди. Ўндан ортиқ набиранинг бувиси бўлган онамлар бугун ёш келинчаклардек чаққон ва хушчақчақ эдилар.
Нонни ҳамиша ёнимиздаги дўкондан янги-янги олгувчи эдик. Бугун бўлса келинларининг туғруқхонадан келиши шарофати билан барча фарзандлари, набиралари бағриларига тўплангани учун:
– Ўзим сизларга ёғлиқ, жизза-пиёзли нон ёпиб бераман, – дедилар-у қизлари, келинлари билан биргаликда ҳаракатга тушиб кетдилар.
Нон ҳам узилди. Буғи чиқиб турган нон ва турли нознеъматлар билан безатилган дастурхон атрофига биз – бир кўрпани талашиб катта бўлганлар тўпландик.
Бирлари чўмич шаклида, бирлари тешик кулча ясатиб олган набиралар бўлса, кулчаларини совитиб олиш учун водопровод олдида навбат талаша кетишди. Болаларнинг қий-чувига равон айвондан бошларини чиқариб қараган ойим узоқ тикилиб қолдилар.
– Ҳой, Рустамжон, олдин укангникини совитиб бер, болажоним. Вазира, сен каттасанку, оппоқ қизим, бироз сабр қил, – дедилар меҳрибонлик билан.
Болалар ниҳоят равонга келишди. «Меники ширин! Меники ширин!» – ҳаммаёқни уларнинг чуғур-чуғури тутиб кетди. Хонтахта устидаги нондан буғ чиқар, ойим бўлсалар ҳамма набираларига бир-бир тикилиб турар эдилар. Нуроний чеҳралари жилмаярди-ю кўзлари алланечук намдан йилтиллагандек бўлди назаримда.
– Рустам, Азиза! Юринглар ўйнаймиз! – йўлакдан қўшни болаларнинг овози эшитилди.
– Ура-а! Мен ўйнагани кетдим! – Суюниб кетган Рустам қўлидаги нонни ташлаб, кўчага қараб югурди.
Дам ўтмай қий-чувга тўлган айвон жимжит бўлиб қолди. Токчаларда иссиқлигида сувга ботирилган нонлар бўкиб ётарди… Ойим ўринларидан туриб ўша нонларни йиғиб олдилар-да, тақсимчага солиб, устини тоза сочиқ билан ёпиб қўйдилар. Хотирамга болалигим тушди…
Уруш эндигина тугаган вақт. Кўп оилаларда ночорлик ҳукм сурарди. Ойим фабрикада ишлардилар. Ишдан қайтишларида забор қоғозга биз учун нон алмаштириб келардилар. Бир куни нон билан кичик халтачада ун ҳам олиб келдилар.
– Бугун нон ёпамиз, болажонларим! – дедилар серкепак унга намакопли сув қуйиб хамир қорар эканлар. – Қани тандирга бир яхшилаб ўтин қаланглар-чи!
Тандиримизда анчадан бери гуриллаб олов ёнмас, уй нонининг таъмини кўпимиз унутиб ҳам қўйган эдик. Шунинг учунми улуғ бир нарсани кутгандек танчага тиқилганимизча, кўрпа остидан бошимизни чиқариб, ойимнинг чаққон ҳаракат қилаётган қўлларига тикилиб ётардик.
Тандирдаги ўтнинг гуриллаб ёниши, сал туриб қопқора тандирнинг оппоқ бўлиб «тушиши» ҳам бизга мўъжизадек кўринарди. Ниҳоят ҳовлини энг азиз неъмат – иссиқ ноннинг тасвирлаб бўлмас таровати тутди!
Онам сават тўлар-тўлмас қилиб нонни узиб келдилар. Зум ўтмаёқ ўртада атиги иккитагина кулча қолди. Яна нонсиз қолишимиз мумкинлигидан қўрқиб, ҳаммамиз ўз дўппимизга биттадан кулчани беркитиб қўйдик. Энди кўзимиз ўртадаги шу икки кулчада эди. Онам уларни ҳам ушатиб ўртага қўйдилар. Шошиб еб олдик. Ойим ўзларига олган бир бурдагина қолди холос. Улар кўзларига ёш тўлиб, бизга тикилиб ўтирар, назаримда шу нонни есалар, тиқиладигандек эди. Қандайдир ғайри тибиий куч бизларни дўппимизга яширган кулчаларни ўртага қайтариб қўйишга мажбур этди…
Мана, у кунлар унут бўлди. Ҳаммамиз улғайдик. Энг кичкина укамиз ҳам уйли-жойли бўлди. Бугун унинг учинчи фарзандини туғруқхонадан олиб келдик…
Хотирам узилиб, онажонимга қараганимда хонтахта устидаги нонга тикилган кўзлари намдан ялтирарди. Лекин бу ёшлар бўлакча. Ўша оғир йиллар хотираси – атрофини ажинлар ўраган кўзлардан чиқаётган бу ёшлар шукроналик аломати эди.
Ўша нурли кўзларингиз, улардан қалбимга оқиб кирадиган шукроналик етишмаяпти менга, ойижон.
ТОҚАТ ВА ИТОАТ
Ҳовли ўртасидаги фаввора бир маромда жилдиллаб турибди. Қайнона ойимлар узун айвон четида унинг овозигами, қушларнинг чуғуригами қулоқ солиб, хаёл суриб ўтирибдилар.
Қайнотамлардан кейин ойим анча хомуш тортиб қолганлар. Уларни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Киши ўз хаёли билан ёлғиз қолса анча қийин.
Йиғиб олган дастурхонни гуллар орасига қоқиб, ҳовлидан уч-тўрт райҳон шохчасидан узиб айвонга чиқа бошладим.
– Ҳовлингиздан райҳон ҳиди келяпти-я ё экканмисиз? – сўрадилар.
– Баҳорда йўлка четларига уруғини сепгандик. Қалингина бўлиб авж олиб кетди. Чиройли бўлар экан. Ёнидан ўтсангиз ҳам, ҳовлига сув сепсангиз ҳам – ҳаммаёқни райҳон иси тутади…
– Жаннат гули деб бежиз айтишмаган-да райҳонни. Дадангиз ҳам доим ҳовлимизга кўчатидан экишни яхши кўрардилар. Ҳовлингиз каттагинами?
Ойим кейинги йиллар кўрмайдиган бўлиб қолганлар. Янги кўчиб келган кунимизнинг эртасигаёқ уйларга жой солиб бўлгач, ойимларни олиб келгандик. Қўлларидан етаклаб хоналарни, ҳовлини айлантириб, тасвирлаб берган эдим.
– Алоқадаги ҳовлингиздек келади. Ўртасига набираларингиз фаввора ясаттиришган. Атрофига атиргул экдик. Чор атрофига бўлса райҳон сепилган, – тушунтирдим мен.
– Суви жилдиллаётган фавворами? Водопроводингиз очиқ қолибдими дебман…
– Сувини пастроқ қилиб қўйдим. Ҳовузидаги сув куни билан илиб туради. Ҳали авараларингиз келиб чўмилишади.
– Қаранг-а… – райҳонни ҳидлаб, кичик шохини чаккаларига қистирдилар. Келин бўлиб тушибманки, чеккаларида ё атиргул, ё райҳон… – Невараларим ҳам катта киши бўлиб қолишди… Ҳаммасининг тагида мошина, мана, ҳовлисида фонтан. Додангиз орзу қилардилар. Кўрармидилара, бу кунларни… Раҳматли кўчада нима яхши нарса кўрсалар, дастрўмоллари учига тугиб бўлса ҳам менга илиниб олиб келардилар. Ман уларга илина олмасам… Лоақал, мана, набирангиз ватанли бўлди, ҳовлисида сиз орзу қилган фонтани ҳам бор, деб айта олмасам… Роса севинардилар…
Хаёлларини тарқатиш ниятида гапни бошқа ёққа бурдим. Лекин сезиб турибман, мени эшитаётганлари йўқ.
– Шоиста опамларни ота-оналаримиз хилхонасига – Шайх Зайниддин бува қабристонига қўйишди (опалари қазо қилганларига ўн кунча бўлган эди). Поччамнинг ёнларига қўйиб бўлмасмиш… Келин нарса қайнона-қайнотаси, қайин-бўйни олдида оёғини узатиб ёта олмасмиш… Қаранг, шунча яшаб энди эшитганим… – овозларида кишининг кўнглини ғашлантирадиган мунг бор эди.
Ёшлари саксонни қоралаб қолган, опалари саксондан ошган эдилар. Оппоқ сочларига қараб, «келин нарса» тушунчаси ҳеч сингишмаса ҳам овозларида, сўзларида аваралик бўлиб ҳам ўша «келинлик»нинг ҳеч ким, ҳеч ерга битмаган қонун-қоидаларига тоқат-у итоатни сезиб, лол ўтирардим.
«ХОТИН ДЕВОР»
– Хўп устаси фаранг урган экан бу деворни! Сомонни ҳам аямаган экан, метин-а, метин! – деди қўлига теша ушлаган укам. Серсомон сувоқ унга бўй синмас, ҳар қарич ерни куч билан кўчиришга тўғри келар эди.
Деворни бузмасликка, устини текислаб, бўлажак уйнинг асоси қилиб қолдиришга қарор қилдик. Унга қараб турибман-у қулоғим остида: «Қўяверинг, Ҳафиза, нақ девор бўлсинки, манаман деган усталар ҳам «Бу деворни қурган уста ким экан?» деб юришсин…», деган сўзлар, хорғин аёлларнинг ҳазин кулгиси эшитилгандек бўлди. Уларнинг бири – ойим, иккинчиси – Ҳафиза холам эдилар…
Кўз олдимга эса уруш тугаган йили худди шу ҳовлида кечган бошқа манзара келди: сочларини бошларига рўмоллари аралаш чамбарак қилган икки кўҳликкина опасингил пахса уришяпти… Офтобда қорайган пешона ва юзларидан маржон-маржон тер оқиб тушяпти. Улар баъзида менга кўз ёшлари бўлиб ҳам туйилиб кетади. Балки улар чиндан ҳам кўз ёшлари бўлгандир? Иккала аёлнинг ҳам эгнида офтобда ранги синиққан чит кўйлак, иккисининг ҳам этаги липасига қистирилган…
Одам бўйидан анча баланд бу деворни холамнинг эрларидан қорахат келганидан кейин опа-сингил неча дам олиш кунида тиклашган эди. Бир-икки кун олдин лой қоришади. Эртасига этакларини липаларига қистириб лойни ағдаришади, ялангоёқ бўлиб лой тепкилашади. Кўпинча қўшнилар ҳашарга чиқишади…
Якшанбаларнинг бирида деворни сомон сувоқ қилганимиз эсимда. Холам тоғорада лой етказиб турган, ойимлар эса уни деворга чапиб суваган эдилар.
– Бу уруш йилларидан хотира – «хотин девор» бўлди, ука, – дегандилар ўшанда ойим лой қўлларини ариқда ювар эканлар, деворга имо қилиб.
Ҳали қуримаган сувоқда нозик бармоқ излари қолганди. Шунча йил ўтиб ҳам «Хотин девор»дан бу излар кетмагандек…
ДУО
Сиз ўғил ўстирдингиз. Мени келин қилиб паноҳингизга олдингиз. Кейин оқ фотиҳа бериб, ўз палапонларимиз билан учирма қилдингиз.
Кунда кечқурун менга севги, меҳр олиб келадиган ўғлингиз бугун ишдан анча ташвишли қайтдилар. Сизнинг хасталигингизни эшитибдилар…
Кошки гўдакларим каттароқ бўлса-ю, ёнингизга учиб борсам…
Менда ҳали сизга хос бўлган ақл-заковат йўқ, онажон, шу сабабли ақлли гаплар айтиб ўғлингизни овута олмадим.
Менда ҳали сиздаги жасорат ҳам йўқ, шу сабаб ҳавотирлари ҳақида батафсил суриштиришга бардошим етмади.
Мен уларни тезроқ сиз томон боришга ундадим холос. Кетаётиб улар менга:
– Азизам, ухлаш олдидан яхши дуолар қил, онажоним тузалиб кетсинлар, – деб ўтиндилар.
Дуо!
Қалбимда сизга нисбатан яхшиликларим кўп, онажон!
Аввало сиз доимо соғ бўлинг! Шунда ўғлингизнинг юзларига ташвиш соя солмайди.
Ўғлингизга, набираларингизга меҳрингиз кўп бўлсин! Токи ўғлингиз бу меҳрдан қониб-қониб симирсинлар, фарзандларини, мени ҳам шу меҳр ила қондирсинлар. Меҳр умрни узайтиради, дейишади.
Яна мен сизга бахтибекамликни тилайман! Ахир сизнинг бахтингиз уларнинг – ўғлингизнинг бахти, демак менинг ҳам бахтимдир.
Кечиринг, онажон! Сизнинг ҳаққингизга дуо айтаман дебман-у барча тилакларим улар ҳақида – сизнинг ўғлингиз ҳақида бўлибди.
Бундай ўйласам, иккимизнинг ҳам тикилганимиз бир экан!
ТИЛЛА УЗУК
Болаликдан одам қанча узоқлашиб борса, ажабо, унинг таассуротлари шу қадар ёрқинроқ бўлиб боради. Инсон турмуш, тирикчилик, қисқаси, «Ҳаёт кемаси» деб аталмиш кемада қанча чайқалиб, синов довулларида қанча пишиб бормасин, ўша болаликнинг беғубор дунёси хотирда абадий, ҳар қачон, ҳар жойда эсласанг тамом, югургилаб қошингда пайдо бўлаверади. Яхшилик, эзгулик, покликнинг бошланиши болаликнинг ўша тиниқ булоғидан тўйиб-тўйиб симириш натижаси эмасмикин? Турмушда оддийгина бўлиб кўринган қанчадан-қанча ҳаракат, воқеалар шундай хулоса чиқаришга туртки бўлган…
Мактабда эндигина таҳсил кўра бошлаган пайтим эди. Ер супада диққатимнинг кучлилигидан пишиллаб, жамалак сочларим тўзиб, дафтаримга «о» ҳарфини қатор-қатор ёзиб ўтирганимда Бахриниса аммам чиқиб қолдилар.
– Ҳа, пучуқ, қачон отин бўласан? – деб ҳазиллашиб, ойимларнинг ёнларига ўтдилар.
Ойимлар ҳам шу ерда, супада, менга фақат биринчи «Аё дўстлар, биродарлар…» деб бошланадиган сатригина маълум бўлган мунгли қўшиқларини хиргойи қилиб, қўл машиналарида иш тикиб ўтирардилар. Очиғини айтсам, бу ашулаларини ҳеч ёқтирмас эдим. Чунки уни айта бошлаганларида ойим албатта йиғлайдилар. Кўзларидан ёшлари оқиб тушишига эътибор бермай иш тикаверадилар. Ойимларга шу ашулангизни айтманг демоқчи бўламан-у, айтолмайман.
Ойим шу ашулани айтиб иш тикканларида ҳамма нарсани унутадилар. Тикув машинасининг қулоғини айлантираверадилар, айлантираверадилар… Аввалига иш тикишларига халақит берган кўз ёшлари бир-икки сидириб олингач тинади. Ойим иш тикаверадилар, тикаверадилар…
Аммам ойим билан «Эсонмисиз-омонмисиз» қилишиб ёнларидаги кўрпачага ўтирдилар. Дастурхон ёзишимга қўймай, ўзлари билан олиб чиққан дўппи кизакларини қўлларига олдилар.
– Бўпон қизим, игнага ип ўтказиб бер!
Шундай дейишларини кутиб тургандим. Доим шундай қиладилар. Ҳарна деб кизакка пилта урадилар, дўппи тепчийдилар. Икковларининг қўллари ишда-ю, роса ҳасратлашишади. Гапларининг бошини тутиб бўлмаганидек, охирини ҳам кутиб бўлмайди. Аммамнинг эрлари фронтда «бедарак» кетибдилар. Уларнинг ҳам кўзлари кўпинча ёшли бўлади….
Мен уларнинг гапларига қулоқ солмайман. Ўша гал ҳам аммам қўлларига кизак олгач, мен пишиллаб «о»ни ёзишда давом этавердим. Шу пайт аммамнинг ёнларига дўп этиб, чўзинчоқ сариқ олма тушди.
– Хаҳ, чўчиб тушдим-ей, – дедилар аммам ёқаларини кўтариб кўксиларига туф-туфлаб. Кейин олмани қўлларига олиб, олдиларидаги қийтиқларга артиб, бир тишладилар-да менга узатдилар: – ма пучуқ, нордон экан. Ранг олгани билан ҳали маза кирмабди…
Олмага қўлимни узатганим чоғ бехосдан ойимнинг гапларини эшитдим:
– Нимасини айтасиз, кичик ойи, уруш ўлгур ҳам ҳар кимга ҳар хил келди шекилли. Бировлар битта забор қоғозга зор, бировлар мол-дунё пайида. Кеча марваридимни олиб боргандим, Саври сатангга қараб туриб оғзим очилиб қолди. Қўлидаги билакузуги, бармоқларидаги қўша-қўша узуклари ҳам майлику-я, кўзойнагининг гардишигача тилла-я! Марваридимга бергани жиянларингизга уч кунга нон пули бўлмайди. Ҳалиги кўзойнакни Масковдан келган профессор аёлдан арзимаган пулга олганмиш. Бўлмаса кўзи бинойидек, олифтагарчиликка тақиб юрибди. Ўрис кампир бечора иш қила олмай роса қийналаётгандир?..
– Кўпи кетиб ози қолди, кеннойи, хафа бўлманг. Саври сатанглар кийимдаги гарддек гап. Бахтимизга мана шу жужуқларингиз омон бўлишсин. Марварид ҳам, тилла асбоблар ҳам топилиб кетадиган нарса…
Гапнинг у ёғи қулоғимга кирмади. «Ойим кеча марваридларини сотиб келибдилар-да», деган хаёл борлиғимни эгаллади.
Бир куни ойим сандиқ очганларида кўргандим уларни. Уччала шодасини бўйнимга илиб роса сакраганман. Ойим бу марваридларни «онамдан ёдгорлик» дердилар. Уларнинг бир шодасини – катта опамга, бир шодасини – кичкина опамга, бир шодасини – менга асраб қўйганларини, биз катта қиз бўлгач, беришларини айтган эдилар. Энди ўша марваридлар йўқ. Ойимнинг қўлларидаги узуклари, билакузуклари ҳам йўқ бўлиб қолганини энди пайқадим. Улар ҳам сотилган бўлса керак…
«Кўзойнагининг гардишигача тилла!» – ойимнинг гаплари қулоғимдан нари кетмасди. Ўша куни кўнглимда бир орзу, йўқ, қатъий аҳд пайдо бўлди. Катта бўлиб ишлай бошласам, худди ойимнинг узуклари, билакузуклари, марваридларига ўхшаганлардан кўп-кўп олиб бераман! Яна ойимларга ҳеч иш тиктирмайман. Ўша «Аё, дўстлар…» деб бошланадиган, доим ойимни йиғлатадиган ашулани ҳеч айттирмайман!
Катта бўлдим ҳам. Ойимларга шаҳарнинг олди тилло дўконларидан узуклар, зираклар олиб бердим ҳам… Бироқ вояга етгач, мен бошқа ҳақиқатни ҳам тушуниб етдим: ойимнинг энг навжувон пайтлари дилларига етган жароҳат ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас экан.
Ҳозир эса бошқа бир ҳақиқатни кашф қилиб турибман: оналар олдида қарздорлигимиз ҳисси ўша беғубор болалик даврида кўнглимда ниш уриб, умр бўйи мени тарк этмабди.