Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ҲАВАСДАН ҲАСАДГАЧА…

Ушбу суҳбатимиз сизга ғалатироқ туйилмасин. Янги ҳаёт остонасида турибсиз. Тўйдан кейин ҳаётингиз ҳақиқатда ҳам тубдан ўзгаради. Янги кишилар, янги туйғулар, янгича муносабатлар, янгича тушунчалар… Кўп нарсага бошқача қарай бошлайсиз. Ҳатто ўзингиз бундан буён кўп дуч келадиган ҳавас билан ҳасадга ҳам…

Аслида ҳавас ва ҳасад ҳам худди оқ ва қора, яхши ва ёмон, эзгулик ва ёвузлик каби бир-бирига қарама-қарши тушунчалар. Аммо улар ораси…

Элда «Ҳавасдан ҳасадгача – бир қадам!» деган гап бор. «Ҳавас билан ҳасад оралиғи – қош билан кўз ўртаси!» ҳам дейишади. Қош билан кўзнинг ўртасида эса ҳеч масофа йўқ. Бошига тушганлар: «Бу гаплар бекормас!» дейишади.

Умрингизда бирон марта бўлса ҳам бировга ҳавас қилмаган бўлишингиз мумкин эмас. Бундай бўлмайди. Ҳавас инсонни илгарилашга, камолга етишга, руҳан кўтарилишга ундовчи қувватлардан бири. Том маънодаги ҳавас ҳамиша ўзўзидан ва четдан рағбат олиб келган.

Ҳасад эса жуда ёмон туйғу. Кишини гуноҳ ишларга ундайдиган, қалбни занг бостирадиган, эркин нафасни бўғадиган қабиҳ туйғу. Ошкор бўлса, одамни ерга урадиган ҳам у. Хуллас, ёмон туйғу.

Эсланг: «Қара, анави қиз қандай яхши экан, сен ҳам унга ўхшаган одобли, озода бўлгин! Шунда ҳамма сени ҳам яхши кўрадиган бўлади» каби насиҳатни биринчи бор эшитганингизда сизда ўша қизга нисбатан ҳавас уйғонган эди-а?

Инсон ростмана шакллангунига қадар, ўзлигини муқим қилгунигача унинг диққатини яхшига қаратиб, дилида ҳавас уйғотишга ҳаракат қилинади. Бунинг яхши мевасидан ҳаммамиз ҳам баҳраманд бўлганмиз. Бува-бувиларимиз, дадаойиларимиз панду насиҳатларининг заминида яхшига эргашгин, деган гап бор. Чунки бу маънавий тарбиянинг энг ишончли йўли, Одам Ато ва Момо Ҳаво яралганидан бери намуна қилиш ўзини энг оқлаб келаётган тадбиқ.

Шундай эмасми?

Яна эсланг: синфдошингиз янги, чиройли кўйлагини биринчи марта кийиб келганида миянгизда пайдо бўлган фикр: «Мен ундан аълочироқ бўлсам ҳам, нега менга шундай кўйлак олиб беришмайди?» бўлди-а? Кейин-чи? Кейин сиз киши билмас дугонангиз кўйлагининг этагига доғ ҳам туширдингиз, гўё унинг ўзи ёмон ерга ўтириб олгандек… Бу энди – сиздаги ҳасаднинг қабиҳ кучи эди… Ақлингиз етмаган-да… Нимага ақлим етмади дейсизми?

Кишилардаги яхши фазилатларни намуна қилиб кўрсатиш – уларнинг «сиздан ортиқ» қилиб яратилганининг белгиси эмас асло. Ҳар бир инсон ўзича қайтарилмас бўлиб яратилади. Дунёда неча миллиард одам бўлса, ҳар бири алоҳида, бетакрор «ўз» дир. Аммо бунинг фарқига бориш учун кишида етарли ақл, мулоҳаза бўлиши керак.

Ақли бор одам «Фалончига қара!» дейилганда унга кўр-кўрона эргашишдан олдин, унинг барча яхши-ёмон томонини «плюс-минус» тарзида тарозунинг икки палласига солиб кўради. Агар намуна қилинаётган кишининг «минуслари» кўпроқ бўлса, дарров қувониб кетмасдан, аввало ўзидаги ўзига хос «ўз»ни, яхши, бошқаларда йўқ фазилатларини кучлантиришга киришади.

Ҳар бир инсон том маънода ноёблигини унутманг! Сизнинг ўзлигингизни топишда ёрдам берадиган, қалбингизда ҳасад деган балонинг ин қуришига йўл қўймайдиган куч айнан шу – ноёблигингизни англашингиздадир. Гар ақлингиз бўлса, буни тез тушуниб етасиз, албатта.

Онглиликка, ақллиликка бекор урғу қилаётганимиз йўқ.

Ўйланг, кимга ҳавас қиладилар, кимларга ҳасад қиладилар?

Аслида ҳавас ҳам, ҳасад ҳам тенгсизликдан келиб чиқаётганини илғаяпсизми? Негаки, бирон кишида ўзингиздан устунроқ томонни кўрсангиз, унга ҳавас қиласиз. Шундай эмасми? Ўзингиздаги ўзликни унутмай, маълум даражада шу устунликларни ўзингизда ҳам ниш олдирсангиз, бундан янада бойиётганингизни сезсангиз – бу ҳавас. Онгингиз сизни бир поғона юқорига кўтаради демак.

Борди-ю ўша тенгсизлик сизнинг одамийлигингиз синовига айланса, яъни шу бировда кўраётган устунликларни тақдирнинг адолатсизлиги деб билаётган, ичингизда «Нега худо унга бериб, менга шу нарсани раво кўрмади?!» деяётган бўлсангиз-у, бу муттасил вужудингизни кемираётган бўлса-чи? Бу тенгсизлик туйғуси дилингизда аста-аста йиғилиб, аввал ўша одамнинг ҳар муваффақиятига ғашингизни келтириб, борабора бир кун ўша одамга нафрат бўлиб портласа-чи? Бу энди – ҳасад! «Ҳавас билан ҳасаднинг ораси – қош билан кўзнинг ўртаси!» дейишганини, худо сизни ҳам ноёб қилиб яратганини унутдингиз-да! Ақл кетиб, сиз ҳаттоки ўзингизда ҳам бошқалар ҳавас қилса арзигулик томонларингиз кўплигини, яъни ўзлигингизни унутиб қўйдингиз.

Ақлингиз бўлганида, ичингизда ҳасаднинг оловланишига йўл қўймас эдингиз. Аввал бошидан хаёлингизни бир жойга тўплаб, «Шу одамнинг қайси томонларига ҳавасим келаяпти ўзи?» деб ўйлаган бўлардингиз. Ақлингиз бўлганида ҳаваснинг ҳасадга айланишига йўл қўймаган бўлардингиз. Чунки одам жуда ловиллаб турганида ақл уни анча совитади!

Ақл шундай кучки – совуққонлик билан «Ўша аёлнинг нимасига ҳавасим келди ўзи?» саволи билан ёнма-ён «Шу ҳавасим келган нарсалар менга жудаям керакми ўзи?» саволни ҳам қўярди. Совуқ ақл билан ўйланг ахир, ёшингиз бир жойга бориб қолган бўлса, яна «лўмбиллагангина» бўлсангизу нозикниҳол келинингизнинг башанг кийинишига ҳавасингиз келишидан ортиқ, юрагингиз ўртаниб турса, бу келишмаган қилиқку! Ҳа, совуқ ақл сизга ҳасад остонасидан ўтишингизга йўл бермайди.

Борди-ю совуқ ақл кимнингдир нимасигадир ўринли ҳавасингиз келаётганини тасдиқласа-чи? Унда ўша ақлнинг ўзи чора ҳам топиб беради.

Дейлик, ишда ҳамхонангизнинг ишга жон-жон деб келиши, куни билан бир дунё иш қилса ҳам, чарчамай яшнаб юриши, ҳамма билан кулиб муомала қилишига ҳавасингиз келади. «У – ўз жойида!» дейсиз ўйингиз якунида.

Совуқ ақл сизга ўзингиз ҳақингизда бунинг тескарисини айтади. Ишга бўйнингиздан арқон солиб судрагандек зўрға келасиз, дамо-дам соатга қарайсиз, кунингиз мазмуни эмас, куннинг ўтгани – бирдан бир қувончингиз. Ҳар куни шу. «Жойингда эмассан-да!» дейди совуқ ақл сизга.

Лекин шу ишхонанинг ўзида, ҳув нариги хонада сиз ондасонда учрашадиган аёлнинг иш юритиши ғашингизни келтиради. «Мана бундай қилса-ку – олам гулистон!» – хаёлан ақл ўргатасиз унга. Сиз шу ишларни тез ва соз бажарган бўлардингиз. «Сенинг жойинг – шу!» – яна хулоса қилади ақл.

Балки иш жойингизни ўзгартирганингиз, ҳалиги ҳавасингиз келган ҳамхонангиз каби фақат «ўз жойингиз»да ёниб ишлаганингиз маъқулдир? Бунга эришсангиз, бу ҳам ақлнинг сизга ёрдами – ҳаваснинг ҳасадга айланишига йўл қўймай, сизга йўл кўрсатгани. Ҳа, ҳавас… ҳасад…

Иккиси ҳам у ёки бу даражадаги тенгсизликдан пайдо бўлади дедик. Сиздан устунроққа ҳавас қиласиз, агар мулоҳаза қилмасангиз, у ҳасадга айланиб кетиши ҳеч гап эмас экан. Мулоҳаза кишига ҳамиша керак.

Дейлик, мана сиз талабасиз. Тасаввур қилинг: сиз ҳам, дугонангиз ҳам яқиндагина турмуш қургансизлар. Неча ойдирки дугонангиз танаффусларда гуруҳ қизларининг ҳавасини келтириб, ўз бахти ҳақида бетиним гапиради. Ҳали эрининг кеча қилган савдосининг ярмини унга сарф қилиб, зўр «готовий» кўйлак олиб бергани ҳақида… Ҳали шу замонда эл оғзида бўлган фалончининг концертига олиб боргани ҳақида… Ҳали бўйнига солиб қўйган тилло занжир ҳақида… Пардоз анжомлари, упа-элик ҳақида-ку гапирмаса ҳам майлига: ётоғидаги трюмоси олдида уларни қўйишга жой қолмаганмиш… Шунақа мақтанчоқ дугоналарингиз йўқ эмас-а атрофингизда?

Сиз эса индамайсиз. Сизнинг ҳаётингиз бошқачароқ. Сизнинг эрингиз олий мактабни битириб, эндигина ишга тушган. Сизга ҳам, унга ҳам «ақл ўргатувчилар», яъни қайнонақайнотангиз, қайин-бўйнингиз бутунлай бошқача тоифадаги одамлар. Улар дугонангиз оламидаги, ўша хонадон муҳитидаги «орзу-ҳавас»ларни тушунмайдилар ҳам. Уларнинг орзуҳаваси бўлакчароқ. Сизга ҳам аслида айнан шундай муҳит ёқарди, аслида худди шундай хонадонни орзу қилган эдингиз. Қайнонангиз, қайнотангиз суратлари-ю сийратлари ҳам кўзингизга салобатли кўринишарди авваллари. Улар паноҳида ўзингизни хотиржамроқ ҳис қилардингиз. Лекин…

Лекин дугонангизнинг оғзини кўпиртириб гапирган гапларига сиз ҳам қулоқ соласиз. Сиз ҳам айрим «ишонувчан» дугоналарингиз каби бу гапларнинг ҳаммасига ишона бошлайсиз. Аста-аста дугонангизнинг турмуш ўртоғи кунда олиб келадиган совғалар сизга ҳам «ҳақиқий бахт» мезони бўлиб туюла бошлайди…

Сизга айнан шулар етишмаётгандек кўринади! Кўнглингиз чўккан кунлар ҳам кўп бўлди-а? Ҳавасми, ҳасадми ичингизни роса кемирди-а?

Оҳ, у дақиқаларнинг оғирлиги!

Бу ҳасад деганлари шунақанги қора нарса эканки, ичингизда шамдек нурни ҳам қолдиргиси келмаса-я!

Ҳартугул ўз бахтсизлигингизга ўзингиз аза очиб улгурмасингиздан дугонангизнинг ниқоби очилди. Унинг ўзи хаёлида ясаган ёлғон бахт кошонаси қулади, кунпаякун бўлди!

Қаранг-а, «эрим бўйнимга солди» деб мақтанилган тилло занжири қайинсингилдан «прокатга» олиниб, қайнонанинг «Ўзимники деб, дугоналарингиз кўзини бир ўйнатинг!» деб зўрлаб тақиб қўйилган, савдонинг ярми сарф қилиниб олиб келинган кўйлаклар дўкондаги анча камоматни ошкор қилган… Хуллас…

Хуллас «топағон» эрларнинг муомаласи ҳам бўлакча, оналари-ку нақ «губернатор» бўлишади!» деб эшитган гапларингиз мағзини энди тушуна бошладингиз-а? Бундай шароитга чидаганлар чидайди, чидамаганлар…

Дугонангиз ҳозир сизникига тенг боласи билан бирга отасининг уйида… Ниҳоят…

Ниҳоят, қайнона-қайнотангиз салобати кўз ўнгингизда яна ҳам юксалди. Ва ниҳоят эрингиз ҳам аввалгидек кўзингизга бошқача, «ношуд» эмас, «бирам яхши!» кўрина бошлади-а? Бир-бирингизни қайтиб топганингиз, меҳр ришталари энди жуда мустаҳкам боғланганини ҳис қилганингиз рост бўлсин!

Сиздаги бу ўзгаришларни ёлғиз ўзингиз қилганингиз йўқ. Айнан янги уйингиздагилар ёрдами билан «Нега худо бировларга ҳамма-ҳамма нарсани раво кўради-ю, бошқаларга эса ҳеч нарса бермайди?!» деган туби йўқ савол дилингиздан анча нари кетди. Ниҳоят, ҳасад кўпинча ақлсизлар дилига ин қуриб, унинг ичидан туриб, бахтингизни кемиришига тушуниб етдингиз. Ниҳоят, ҳасад ҳавасингиз келаётганлар ҳаётининг фақат ташқи суратини ялтироқ кўрсатишини, бу ялтироқлик аксарият ёлғонлигини тушуниб етдингиз.

Энди бировга ҳавас қилишдан олдин ўз-ўзингизга кўплаб саволлар берасиз-а? «Топағон»ларнинг ҳаммаси ҳам меҳрибонми? Дугонангиз эрининг бир челак сувни кўтариб юборишганини эслай олмади-ку! Шунда сизнинг турмуш ўртоғингизнинг сизни «сиз»лаши эсингизга тушди-а? Умуман, унинг бошқаларга ўхшамаслигини, унинг ишонса, таянса бўладиган томонлари кўплигидан дилингиз яйраб кетди-а?

«Бахт фақат пулдами?» ўйлаяпсиз энди. Тобора мулоҳазакорроқ ҳам бўлиб бораяпсиз. Ниҳоят чиқарган хулосангиз жуда оддий бўлди: бошқалар нимагадир эга бўлса-ю, шу нарса сизда бўлмаса, «шунга ҳам қулоғимни қирқиш шартми?» деб ўйлаяпсиз. Қаранг-а, илгаригидагидек энди ичингизни «ит тирнамаяпти» ҳам.

Ниҳоят атрофда сизнинг ўзингизга ҳам ҳаваси келаётганлар борлигини сеза бошладингиз. Аммо бундан нигоҳингиз ҳамон тиниқ, қалбингизни ҳам ғурур лойқалатмаяпти. Ўзингизни мутлақо «бошқача» ҳис қилмаяпсиз. Ноўрин ғурур асло сизни ёлғизлатиб, атрофингиздагиларга бегона қилиб қўймаяпти. Биласизми нега шундай? Сизда ақл, мулоҳазакорлик аллақачон ниш уриб улгуриб бўлган-да! Мақтаниш, «бурун кўтариш» сизга ярашмаслигини тушунганингиз сари, сизга ҳавас қилаётганларга яқинроқ бўлишга, оддийроқ муомала қилишга ҳаракат қилаяпсиз.

Сиздаги ақл, мулоҳазакорлик доим бошқаларнинг камчилигини атай уларнинг юзига солиш, уларни камситиш билан тенглигини сизга эслатиб туради. Дугонангиз мақтанганида сизнинг қийналганларингиз сизга яхши сабоқ бўлди-а! Сиз дугонангиз каби иш тутмайсиз. Аксинча, сизга ҳавас қилаётганлар диққатини Оллоҳ ҳар бир одамни қайтарилмас ўзлик билан яратганини англашга, уларнинг ўзида ҳам ҳар ким ҳавас қилса арзийдиган фазилатлар бисёрлигига қаратасиз.

Ҳа, самимият, одамийлик, меҳр, оқибат ва ҳавас кишини юксакларга кўтарадиган туйғу эканига инсон чин дилдан ишонганидан кейингина ҳасад кишининг ичидаги бор эзгулик ва шодликни кемирувчи туйғу эканига ишонч ҳосил қилади.

Ҳа, ҳавас… ҳасад… Улар ораси бир қадам…

Озгина ақлли, озгина ишонувчан, озгина мулоҳазакор бўлсангиз, ичингиздаги чироқни ўчирувчи қора кучни енгишга ўзингизда қувват топасиз.

Дуо: Омин! Илоҳим яхши кишилар, яхши фазилатлар, эзгу ишларга ҳавасингиз бахтингизни барқарор қилсин! Илоҳим яхшиларга ҳавас дилингизни равшан қилиб, йўлингизни нурли қилсин! Ҳавас қилса арзигулик яхшилар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин! Оллоҳу Акбар!

МЕНИКИ… СЕНИКИ…

Меҳмонлар тарқалишгач, қайнона бўлмиш келинларига деди:

– Набираларнинг уйқуси келибди. Эркакларнинг ёрдам қиладиган иши қолмаган бўлса, эр-эрингизни ва болаларингизни ётқизиб чиқинглар. Мен унгача дадангизга бир пиёла чой дамлаб бераман. Кейин тезда ишлатилган чинниларни ювиб, жой-жойига қўямиз. Бўлақолинглар…

– Ойижон, анча кеч бўлиб қолди, сиз ҳам бамайлихотир кириб ётаверинг, овсиним билан ишни ўзимиз айтганингиздан зиёда қилиб бажарамиз, – деди катта келин.

Унга қайнонадан олдин кичик келин жавоб берди:

– Ойим бизни контрол қилиб туришни яхши кўрадилар. Иш битмагунча ётмайдилар ҳам, ётқизмайдилар ҳам! – унинг овозида истеҳзо аниқ сезилиб турарди. Норозилигини яширишга ҳам уринмас, қовоғи тунд эди.

«Осмон жин юзидек қорайди ўнгиб» – хаёлидан ўтди қайнонанинг.

Яшириб нима қилади, агар «менинг ҳам ёрдамим тегсин», деб қарашиш баҳонасида ҳақиқатда ҳам келинлар олдида гувраниб турмаса, кичик келин шу кириб кетганича қайтиб чиқмайди. Катта келиннинг бир ўзига шунча иш оғирлик қилади. Эрталаб ишга боради бояқиш… Қайнонасининг феълига тез тушуниб қолгани учун, мана, тушганига неча йил бўлган бўлса, ҳар меҳмондан кейин бироз уйқудан қолса ҳамки, ҳамма ишини қилиб, хотиржам уйига кириб кетади.

Ҳали чоли бир пиёла чойини ичиб тугатмай, кичик келин биринчи бўлиб чиқди.

– Тойчоғингизни адасининг ўзлари ухлатар эмишлар: «Сиз ойимгиларга қарашиб юборинг!» дедилар. Бу уйда ҳамма иш қилдиришни яхши кўради! Меҳмонлар йигирма кишига яқин бўлишди. Шунча харажатнинг бири, идиш ювадиган ходим олиб келинг, десам, ўғлингизга ёқмади. Бозор тўла шундай аёллар, бир пастда ювиб ташларди ўшалар…

Қайнонанинг чап қоши бироз кўтарилди. Энди жавоб берай деб турган эди, ичкаридан катта келин чиқиб деди:

– Вой, овсинжон, катта тўй қилибмизмики, махсус идиш ювувчиларни айтиб келсак. Тағинам қайинсинглимиз билан кичик опоқимиз ҳамма ёқни йиғиштиришиб, ҳатто пилесос қилиб, дастурхон-сочиқларни кир машинага тахлаб солиб ишлатиб кетишди-ку. Барака топишсин. Тунда машина ювиб, чайиб, сиқиб, ёйишга тайёр қилиб қўяди. Эрталаб дорга осиб қўйсак – бўлди! Бу ёғи ўзимиздан қочиб қутулмайди, кела қолинг… Кейин… Ўша идиш ювадиганлар ҳам бизга ўхшаган аёллар. Билмадим, улар ишласа-ю биз ҳай-ҳай кийим кийиб саллоланиб юрсак… Биласизми, ўтган гал негадир улардан андиша қилдим…

– Нега уяласиз? Идиш ювиш – уларнинг иши! Қилган ишини ҳақини олиб кетади, бекорга ишламайди-ку!

– Билмадим, овсинжон, уларнинг ҳам бола-чақаси, уйи, эри бор…

– Ҳа, бизга кўз тегади деб қўрқасизми?

– Нега қўрқаман?! Ўзимизнинг идрокимиз, вақтимиз, имконимиз етиб қилишимиз мумкин бўлган ишга мардикор солсак, яна улар аёллар бўлса, одам андиша қилади-да! Бунинг болалар тарбиясига ҳам таъсири яхши бўлмаса керак. Қолаверса, ўша аёллар уйига боргунча ўкинмайдими?

– Қизиқсиз-а?! Бировнинг ўкиниш, ўкинмаслиги билан нима ишингиз бор?! Бўлмаса улар ҳам сизга ўхшаб ўқишсин, олий маълумотли бўлишсин эди! Нима, биров уларнинг қўлидан ушлаб турибмиди ўқийман деганида? Сиз билан менга ўхшаб ўқисин!

– Бундай дейишингиз нотўғри, овсинжон! Ҳамманинг шароити ҳар хил. Мен шароитимиз шуни кўтараркан деб уларнинг кўнглини чўктириб, кўз ўнгида ял-ял юришимиз чиройли эмас, деб айтаяпман. Қолаверса, шу арзимас ишларни ўзимиз қилсак, ҳарна оила бюджети озгина тежалади, уни бошқа бирон зарур жойга ишлатамиз. Эрта-индин болаларнинг мактаби очилади…

«Худоё покиза кўнглингдан топ!» – қайнона ичида катта келинни алқади.

– Вой-бў! Қачондан бери болаларингизга тежалган пулни харж қиладиган бўлиб қолдингиз?!

Кичкина келин овсинига гап уқтиролмаслигини англаб, иссиқ сувни буради-ю тахланиб турган тарелка ва косалар ичидан ўзиникини ажратиб олиб, сув тагига қўйиб тез-тез юва бошлади.

– Озгина ювадиган порошокдан қўшинг, болам, ёғли идишлар тоза бўлади, – деди қайнона.

– Ҳеч нарса қилмайди! Барибир кейинги меҳмондорчиликкача сервантда туради. Сизни биламан-ку, кейинги гал ишлатишдан олдин, албатта, тозалаб ювдирасиз…

«Ҳа-а, айрим феълимни яхши ўрганибсиз!» – хаёлидан ўтди қайнонанинг. У олдига ўзининг кенг фартугини боғлади-да келин юва бошлаган идишларни тоза сочиқ билан артиб, столнинг бир чеккасини очиб, ўша ерга тахлай бошлади.

– Қўяберинг, ойи, ўзимникини ювиб, тозалаб, кириб кетаман, эрталаб ўқишга боришим керак…

Қайнонанинг чап қоши бир кўтарилиб тушди.

Ёшлигида бувисидан эшитгани бор эди. Қадимда мис билан олтинни ажратишда сир тоши деган нарсадан фойдаланилар экан. Сир тоши мисга теккизилса, миснинг ранги кўкимтир тусга кираркан. Сир тоши олтинга теккизилса, олтиннинг ранги ўзгармас экан. Қанийди, одамзоднинг ичини ҳам билиб берадиган шундай сир тоши бўлса-ю соф олтин билан мисни фарқлаб берганидек, одамнинг ҳам яхшиёмонлигини, сахий ё бахиллигини, оқибатли ёки қизғанчиқлигини аниқлаб берса, хаёлидан кечди қайнонанинг. Яна ичида ўзига ўзи таъкидлади: «Эр ўзин сўз бирла бор қилди йўқдан». Ҳа, одамзод бир ҳаракати, бир сўзи билан ўзини намоён этади. Одам учун сир тоши – унинг сўзи-ю амали эмасми? Аммо ташида келинига «Мис чиқиб қолдинг-ку!» демади.

– Бу хонадонга келган меҳмоннинг сеники-меникиси бўлмагани каби уларга хизмат қилган идишларнинг ҳам сеникименикиси йўқ, болам! – зардаси қайнаганини сездирмаслик ва қайнотага эшиттирмаслик учун атай секин деди қайнона. – Ўзингизникини айириб, қолганини қайси юз билан опангизга ташлаб кетасиз? «Ол, керак бўлса ювиб ол!» деганингизми бу? Бу чиройли иш эмас, болам!

– Кексаларга ақл ўргатиш бўлса! – кичик келин зарда билан ликопчани қўяётган эди, қўлидан отилиб кетиб, чил-чил бўлди. Дастадаги бир икки ликопчанинг ҳам четини учирди.

– Бу ақл ўргатиш эмас, болам! Борингки, шундай бўлса, билмаганингизни айтиб турсак ёмонми? Ахир шу ишларни бугун сарамжон қилиб ётсак, эртага эрта билан ўзингиз, овсинингиз ёруғ юз билан ишга, ўқишга кетасизлар…

– Ўзбеклар ҳам қизиқ! – кичик келиннинг бутун авзойидан «Жим турсангчи!» ёғилиб турар, аммо буни айтолмасдан, синган ликопчаларининг аламини бошқа нарсадан олишга ҳаракат қиларди. – Ота-онаси қизига бир дунё мол-мулк қилади, бу ёқдагилар уни аямай ишлатиб тез орада синдириб йўқ қилади… – у ликопча учқунларини териб, ахлат челакка солар экан тўнғиллашини қўймасди.

– Қизига асбоб қилганида оналар ичида «Қизим дастурхонлик бўлсин, меҳмон-изломни чиройли кутсин, мулозаматли бўлсин!» деб орзу қилади. Назарингизда бир дунё мол-мулк билан келган бўлсангиз, уларни асрашнинг, мана бундай борни йўқ қилмасликнинг ўзига яраша шартлари бор. Илгари эшитмаган бўлсангиз, эшитиб, қулоғингизга чиқмас қилиб жойлаб олинг! Келинлик сепининг умрини узоқ қилмоқчи бўлсангиз, аввало қилиғингизни равон, кўнглингизни юмшоқ, тил ва сўзингизни ширин қилинг. Шуларга риоя этмасангиз, зумда тилло халли чинниларингиз ҳам чил-чил бўлади. Буни ҳозир ўзингиз кўрдингиз. Ўзини хонадонининг бошқа келинларидан бойроқман деб юрган келинлар ҳам катталарга хизматини, кичикларга ширин сўзини раво билмаса, аҳвол чатоқ. Бойлигидан гердайиб, кишиларни оёқ ости қилган, ўзидан бошқаларни менсимаган, феъли-атворини тўғри қилмаган кишидан бойлик ҳам кийикдек ҳуркиб қочиб кетади. Бундай бойликнинг баракаси бўлмайди. Дили равшан, камтар, ҳасаддан йироқ кишининг давлатига эса давлат қўшилсақўшиладики камаймайди. Агар кишининг қилиғи суқ бўлса, кўзи оч бўлса, бошқаларга ғазаб қилса, қаҳр қилса, бундай одамларнинг қўлида дунё ҳам чил-чилдир. Э, нимасини айтасиз, ҳатто бойлик ҳам одам танлайди, болажоним! Бувим раҳматли дили равшан, эзгуликка тўлиқ кишидан бошқа кишиларга ҳар куни, ҳар соатда наф тегади. Буни у ҳеч маҳал миннат ҳам қилмайди. Бировга яхшилик қилганда, ўзини кўзлаб бирон наф ахтармайди. Аммо худонинг ўзи бундайларнинг мукофотини беради, дердилар. Агар зориқиб турган одамга озгина нафинг тегса, худо ҳам шуни ўн ҳисса қилиб қайтаради. Ана қарабсанки, сендан бой одам йўқ! Чунки бировга озгина нафинг текканидан кўксинг кўтарилади, дилинг равшанлашади, деб таъкидлардилар. Бу гапларнинг нечоғли тўғрилигини мана ҳозир ўзингиз мисолингизда кўрдингиз. Бировга эмас, ўз уйингиздагиларга бироз қарашиб юборишдан оғринган эдингиз, саники-маникига борган эдингизки, мана чинниларингиз сони камайди, энг асосийси, ўзингизни ўта феъли тор, зиқна қилиб кўрсатиб қўйдингиз. Бу биринчи марта эмас, болам, аввалдан кўриб-билиб юрибман, чамаси ҳаммасини ўзингизга айтиш вақти энди келди. Жоним болам, буларни яхшилаб ўйлаб кўринг…

Кичик келин индамай овсини ёнига ўтиб, унга кўмаклаша бошлади…

Яқингинада ўзим гувоҳи бўлган бу воқеани сизларга бекор айтиб бераётганим йўқ.

Дуо: Омин! Илоҳо феълингизнинг кенглиги, назарингизнинг тўқлиги нур бўлиб чеҳрангизга файз бахш этсин. Бу дунёда ҳар қадамингиз синов, ҳар кўрганингиз катта сабоқ эканини англаб туриш туйғусидан, улардан сизни юксалтирадиган хулосалар чиқариш идрокидан бенасиб қилмасин!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации