Электронная библиотека » Рахима Шомансурова » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Келиннома"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рахима Шомансурова


Жанр: Руководства, Справочники


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +
АЁЛ – ЎҚИЛМАГАН КИТОБ

Аёл – ўқилмаган китоб…

Бу ташбеҳни биринчи марта ўтган асрнинг олтмишинчи йилларининг бошида, “Саодат” журналида янги иш бошлаганимда, журналимизнинг бош муҳаррири, асримизнинг буюк шоираси Зулфияхонимдан эшитгандим. Кейин ҳам бошқалардан кўп эшитганман. Лекин ҳар гал эшитганимда, яширмайман, ҳайратдан лол қолиш билан бирга, ичимда тушунуксиз ва бир-бирига зид туйғулар пайдо бўларди: аёл зоти шунчалар сирлими? Унга не-не сифатларни лойиқ кўришмайди! Бир АЁЛ бошига шунча сифатлар кўплик қилмасмикин?

Ҳар гал ҳайратим билан тенг ёшлигимда ўқиганим бир шеър бот-бот эсимга тушаверарди. Шеър «Муҳаббат, Хиёнат ва Сеҳргар» деб аталарди. Москвада чиқадиган газеталарнинг бирида ўқигандим уни ва одатимга кўра, қалбимнинг бир изтиробли нуқтасига малҳам бўлгани учунми, ўйлантиргани учунми, ўша таниш туйғуларни уйғотгани учунми дафтаримга кўчириб ҳам олгандим.

Орадан кўп йиллар ўтди. Навбатдаги юрак хуружидан сўнг Қибрайдаги санаторийга қувватлангани юборишди.

– Қандайсиз бугун? – деб сўради эрта билан ишга келган даволовчи шифокор Валентина Фёдоровна, – оғриқлар йўқми юракда?

– Оғриқлар йўқ ҳисоби-ю…

– Аммо-лекинчи? – деди енгил, аммо ишончли табассум билан.

Мен ҳам борини яширмадим:

– Ҳаловатим йўқ…

– Ҳа-а! Хайрият-ей! Бу энди ҳақиқий аёлларга, айниқса, ижодкорларга, кўп мулоҳаза юритадиган аёлларга таниш туйғу! Бусиз иложи ҳам йўқ-да…

– Беҳаловатликнинг нимаси яхши? Яна навбатдаги инфарктга олиб келади-ку?

– Менимча, йўқ. Биласизми, менга шундай ҳолатимда мана бу шеър ёрдам беради. Беҳаловатлигимнинг асл илдизини топаман уни ўқиб. Кейин ҳаммасини яхши томонга буришга ҳаракат қиламан.

– Психолог бўлиб кетинг-а!

– Рост айтаяпман! Ишонмасангиз, ўзингиз синаб кўринг!

Бу ўша таниш шеър эди. Бизнинг авлодда бу шеърга мурожаат қилиб турадиган бир мен эмас эканман шекилли. Ҳам бекорчилик, ҳам руҳан қувват олишни ният қилиб, ўшанда қўлдан келганча уни ўзбекчага ўгирдим. Мана эшитинг:

Э. АСАДОВдан
Муҳаббат, хиёнат ва сеҳргар
 
Қаҳрдан суяги қоқ, хаёли бузғун,
Ўлтирар Хиёнат қояга миниб.
Ёнида Муҳаббат, олча тагида
Ўлтирмиш шамс нури сочларин ювиб.
 
 
Эрта тонгдан териб ўт-илдиз, энди
Тоғ кўли бўйида ором олишар.
Бирин юзи чақнаб, иккинчиси – тунд,
Охири кўринмас баҳс юритишар.
 
 
Муҳаббат дер: – Оламда энг кераги –
Садоқат, диёнат, покликдир асли!
Юзимиз меҳрла нурларга тўлсин,
Гўзаллик – ҳар недан устувор ахир!
 
 
Хиёнат дер дарғазаб: – Бекор!
Раҳмат демас шунга ҳеч биров!
Устингдан куладир миясизлар ҳам,
Ичаги узилар, гўё сен мохов!
 
 
Яшаш – бу сабоқ: айёр бўл, ҳам оқил,
Кезида – ожиза, кези – юлғич бўл!
Бойлик кўрсанг, жойин тишла, уз-у, қоч!
Ол! Олавер! Жавобини берар гўл!
 
 
– Андишасиз яшаш – қоидамда йўқ!
Сен ҳалол бўла кўр! Бўлсин севгинг зўр!
– Айт, гуноҳ завқидан юксак нима бор!
«Ҳалол бўлгин!» эмиш! Ўқимаган, ғўр!
 
 
Авжга минди баҳсу суронлар бир кун,
Уйғонди серсоқол қария ҳатто.
Уч минг йил ғорида ухлаб ётганди,
Бу улуғ Сеҳргар, жаҳли қаттиқ чол.
 
 
Қаҳри қайнаб деди: – Бу нима уруш?!
Жодугарнинг тинчин бузиш! Хап, сенга!
Ҳозироқ унингни ўчириш учун
Сизни хумга тиқиб эритай бирга!
 
 
Жоду қўли ила тутди Севгини,
Хиёнатни олди бошқа қўлига.
Аямай ғижимлаб шодлик, ғамни ҳам,
Ҳаммасини тиқди қора хумига!
 
 
Садоқату қаҳр, эзгулик ва оғу,
Чин-у ночин, ҳатто қабиҳ ёлғонни,
Хумга солиб олов ёққани замон,
Қора тутун қоплаб олди жаҳонни!
 
 
Тутун ўрлаб кетди чўққилар томон,
Жодугар хумидан бир дам кўз узмас.
Ҳаммаси эригач, оқиб, қуйилгач,
Не бало чиқаркин хумидан – билмас!
 
 
Мана хум совиди. Тажриба тайёр,
Чарсиллаб ёрилди хум ости хиёл.
Атрофга сочилди юзлаб бўлаклар,
Ва… Чиқиб келди, (ажаб!) хумчадан АЁЛ!
 

Бу – бизнинг мураккаблигимизга урғу эмасми? Балки шунинг учун ҳам кўп кишилар кўнглида «Ҳар бир аёлда ҳам ерлилик, ҳам самовийлик мужассам!» деган ақида яшар?! Балки шунинг учун ҳам «Аёл – муқаддас!», «Аёл – ўқилмаган китоб!», «Аёлнинг турган битгани – сирлилик!» дейишар.

Қаранг-а, хумдан-ку биргина аёл чиқиб келибди. Лекин хумга солинганлари нақадар кўп эди: муҳаббат, хиёнат, меҳр, шодлик, ғам, садоқат, қаҳр, эзгулик, чин ва ёлғон, оғу… Бирбирига зид фазилатлар ва иллатлар…

Инсон ҳамиша зид орасида яшашга мажбурлигига, аёл зоти айниқса мураккаб олам эканлигига ишора эмасми бу?

Инсон қалбида, айниқса, биз аёллар қалбимизнинг тубида доим кулча илон вишиллаб туриши билан бирга, қалбимиз тепасида оппоқ кабутарнинг парпираб туришига аниқ ишораку бу!

Сиз ҳам шу АЁЛ жинсига мансубсиз, сиз ҳам “ўқилмаган китоблар” сирасига кирасиз. Ўзингизни яхшилаб имтиҳон қилиб кўринг. Сизнинг ҳам муштдеккина қалбингизда шеърда тасвирланган фазилат, хислат, ҳатто иллат ҳисобланганларнинг ҳаммаси мавжудлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Шунинг оқибати яна ўзингиз билан ўзингиз баҳслашиб кетасиз: бир одамда шунча фазилатлару иллатлар бир вақтнинг ўзида мужассам бўлса, нега айрим аёлларда бир хил сифат турғун бўлади? Нега айрим аёлларни «рисоладагидек аёл» дейишса, айримларини «илондек совуқ» дейишади? Нега ҳар бир аёлнинг ҳеч ўзгармайдиган «яхши аёл», «ёмон аёл» деган содда ташбеҳи ҳамиша ўзи билан бирга юради?

Ҳар биримизнинг ичимизда шеърда санаб ўтилган фазилатлар ва иллатларнинг ҳаммаси мавжудлиги рост. Бизга бериладиган «яхши» ёки «ёмон» сифатлари хумга сиққани каби кичкинагина қалбимизга жо бўлгани ҳам рост. Шу “яхши” ва “ёмон”ларнинг қай бири қалбимизни забт этиб, бутун аъзойи баданимизга тарқалса, вужудимизда ҳукмронлик қилса, бундан кейин тилимиздан чиқадиган сўзимиз, бажарадиган амалларимиз, хатти-ҳаракатимиз уларга боғлиқ бўлади.

Булардан келиб чиқадиган мантиқий хулоса ҳам доимгидек битта: ҳар сўзимизни айтардан олдин, қадамимизни қўярдан олдин унинг оқибатини, шундан кейин бизга «ёпиштириладиган ёрлиқ»ни, яъни аксарият умр бўйи бизга ҳамроҳ бўладиган ташбеҳни ўйлашимиз керак бўлади.

«…Аёл ҳақиқатан мўрт! – деб ёзадилар Турсуной Содиқова ўзларининг «Ҳазрати аёл» китобларида бизга берилган минг бир сифатга яна бир сифат қўшиб. – Тўрт-беш етимни битта қанот билан боқсада, лочиндай боқади, болаларига келган балони арслондай даф қилади, бу заҳматларни тортар экан, битта жонида ўнта эркакнинг иродасини ясайди. Аммо кунлардан бир кун битта фаҳми калта: «Эрингиз ўттиз йил бурун ўлиб кетган фалончини ёқтирган экан», деб қўйса, бўш қопдай ер бағирлаб қолади. Қадди дол бўлади. Ўлиб кетган эрининг ўлиб кетган муҳаббати учун!..»

Менга қолса, Турсунойнинг китобига ўхшаган китобларни ҳар бир узатилаётган қизларга сеп қилиб, гулдор зар қоғозларга ўраб беришни таклиф қилардим. Фақат – ўқиш, тушуниб ўқиш, уқиб ўқиш шарти билан, албатта!

Ўқиганини тушуниб ўқишга, уқиб ўқишга ҳаракат қилганлар, эшитган гапини мушоҳада қилиб, тегишли хулосалар чиқара билганлар, кўрганидан қалбига чиройли рангларни олиб кира билганлар, ўз қалбидаги доим мавжуд зид фазилатлар ичида яхшиларининг устун бўлишига эришишлари, ўзларида яхши фазилатларни тарбиялашдан ортиқ, уларни идора этишга қодир ҳам бўладилар. Аксарият шундай аёлларга муҳаббатлари, меҳрлари, назокатлари, ҳаётсеварликлари, яхши умидлари ва келажакка ишончлари, садоқатлари, ростгўйликлари ва яна кўп фазилатлари учун «Рисоладагидек аёл», «Комила аёл» сифати берилади. Аксарият шундай аёлларимизга «Сеҳри қирқ туяга юк бўлгулик», деб айтишади. Шунча сеҳрларини улар оила мустаҳкамлигига, болалар тарбиясига бағишлайдилар.

Бу эса бахтибекамликнинг энг мустаҳкам устунидир.

Дуо: Илоҳо, қирқ туяга юк бўлгулик сеҳрингизнинг ҳаммаси меҳр ва муҳаббатингиз, қалбингизнинг туганмас ёғдусидан қувват олсин! Комила аёл ташбеҳи сизнинг бир умрлик ёрлиғингиз бўлсин!

«СИЗ»ГА НИМА ЕТСИН

Эрта-индин бошланадиган янги келинлик даврингизда кўп латифанамо воқеаларни эшитасиз.

Эмишки бир келинчак эрталаб ҳаммани чойга чақирмоқчи бўлиб:

– Ойижон, чойгум қайнадилар! – деганмиш…

Яна бир келинчак азонда ҳовлини сув сепиб супурай деб ташқарига чиқмоқчи бўлса, эшиги остонасида куёвнинг ёшликдан боқиб катта қилган Олапари ётганини кўриб:

– Вой, пошёлинг! Мен ўтиб олай, пошёлинг! – дермиш (русча «пошёл» – «нари кет!» дегани).

– Эшик тақиллаяптилар! – деганмиш яна бир келингина…

Сиз нима ўйласангиз, ўйлайверинг-у, бу гапларда менимча асос бор: шарқ одобномасига кўра, янги келин тушган ерининг каттаю кичигини «сиз»лайди!

Бунинг ҳеч эриш жойи йўқ. «Уф-ф!» дейишга шошилманг, кўнглингизга бир боқинг: чиройли муомаладан дилингиз равшан тортмаяптими? Яхши гап эшитган кишининг дили равшангина эмас, иши ҳам унумли бўлади.

Ҳа, ахир буларнинг ҳаммаси ҳазил-ку, дерсиз. Сиз ҳақсиз. Лекин ҳар қандай ҳазилнинг асосида мошдек ҳақиқат бўлиши ҳам рост. Келинларнинг янги оиладагиларни ўзига ийдириб олиши дастлаб ана шу самимий «сиз»дан, яъни яхши муомаладан бошланади. Келин бахти тилида деб бежиз айтишмаган. Аслида ҳам «сиз»га нима етсин!

Айниқса, энг яқин кишимиз ҳақида сўзлаётган ёки шу яқинимизнинг ўзи билан муомала қилаётганимиздаги «сиз»лаб гапиришимизда бўлакча маъно бор. Шу кишимизга нисбатан меҳримиз, муҳаббатимиз яширинган бу маънога…

Орқадан бировнинг ғийбатини қилиш яхши эмас. Бунинг катта гуноҳ эканлигини яхши биламан. Лекин ҳозир, сизларнинг олдингизга келаётганимда эшитганим, бутун автобусга эшиттириб гапирилган бемаъни гап кўп қатори юрагимни шу даража сирқиратдики… Кўринишидан бинойи бу келинларнинг сўзларини эшитсангиз, сўзлаганларидаги важоҳатларини кўрсангиз эди. Қулоғимдан нари кетмаётган, айниқса, икки жумлани ҳозир сизларга айтиб беришга жазм қилдим.

Автобусда кетаётган ёш келинчакларнинг бири иккинчисига мақтанди:

– Кеча сериални кўраман деб, қозондаги овқатим эсимдан чиқиб кетибди. Ўлгур тагига олиб, «кўмир кони»га айланибди! Ҳидини ҳам билмай, кинога маҳлиё бўлиб қотиб қолибман! Эрим бир нима демади-ю, тумшайиб ётиб олди. Қайнонам ишдан келиб, қозоннинг аҳволини кўрди-ю, ҳеч нарса емади. Эй, оч қолсангиз менга нима, дедим-у иккита тухумни ёғга солиб еб олдим…

– Вой, Наси (аслида қизнинг исми «Насиба» бўлса керак), жа боплабсан! Кеча мен ҳам эримни наказат қилдим («жазоладим» дегани)! Сотруднигининг («ҳамкасбининг» бўлса керак) туғилган куни экан. Кайфи анча чоғ келди. Ечиниб, ўрнига ётай деганида «Иди! Мамам қилган каравотга маст ҳолда ётма!» – дедим! Не ҳасратда квартира олиб, қайнонамдан бўлак бўлиб чиқиб кетдик-ку, бирон ёққа олиб бормайди ҳам! Менсиз туғилган кунда бало борми?! Гапирган гапимга кайфи тарқаб кетди шекилли, хўмрайиб залда ерга кўрпача солиб ётди. Эрталаб нонуштага ҳам қарамай, ишга кетиб қолибди…

Автобусдаги бу суҳбатни эшитган кўп кишилар келинларга ғалати қараш қилишди. Мен ҳам хаёл оғушига ғарқ бўлдим… Кўнгилни бундай чил-чил қилишларнинг қайтими қандай бўларкин-а ҳали, қизларим, деб ўйладим. Ботган кунку қайтиб чиқар-а… Аммо ўша келинларнинг бахт қуёши қайтиб чарақлармикин? Келинг, биргаликда бир мушоҳада қилиб кўрайлик.

Биринчи сўз бошлаган келиннинг бахтига қайнотаси хизмат сафарида экан. Кеча ўзи ва онаси оч ётиб қолганидан ори келган куёв бола бугун тўртта кабобни нон орасига солиб келиб, онаси билан бирга еб ўтирса-ю, келингинага «Келинг!» демаса, унинг аҳволу руҳияти нима кечаркин? «Ундай қилишга ҳаққи йўқ!» – деб эътироз билдирар балки, ҳаққини яхши биладиган келинлар. Сиз ҳам балки унинг гапига қўшиларсиз. Мен эса…

– Нега ҳаққи бўлмас экан? – мен хаёлан уларга эътироз билдираман. – Кеча тухумни ёлғиз ўзингиз ейишга «ҳаққингиз» бўлди-ку ахир! Бошқа вақтлар эрингизнинг нон орасида кабоб келтирганида уйингизда нақ байрам бўлиб кетарди-а, қизим, эсингиздами? Қайнонангиз имоси билан дарров дастурхон тузардингиз, иссиққина кўк чой дамлаб, ҳаммани чақирардингиз, «Олинг-олинг!» қилишиб, яйраб-чақнаб ўтирардинглар…

Бугун бундай бўлмаса керак…

Негаки кеча «сиз» тилингиз аллақачон дилингизга «сен» бўлиб кўчиб улгурганини, уйингиздагиларни писанд қилмай қўйганингизни яққол намойиш қилдингиз. Кеча ёлғиз ўзингизнинг қорнингиз қайғусини қилган бўлсангиз, бугун қилган ишингиздан уялиш, ўкиниш ўрнига, автобусни бошингизга кўтариб мақтанаяпсиз! Энг яқинингиз – эрингизни, қайнонангизни орқадан бўлса ҳам «сен»лаяпсиз… Дилингизда шу яқинларингизга ҳурмат йўқ, меҳр йўқ, муҳаббат йўқлигини очиқойдин ошкор қилаяпсиз.

«Ўлсинки, меҳр-муҳаббат иккита тухум ва «сиз»да бўлса!» – деманг, қизим! Ёшлар кўпинча тил ва хатти-ҳаракатлар дил кўзгуси эканини унутиб қўйишади. Сиз ҳам аллақачон унутибсиз…

Чамаси қозондагининг «кўмир кони»га айланиши биринчи марта эмас шекилли, қайнонангизнинг энсалари қотиб, хоналарига кириб кетибдилар. Агар биринчи марта бўлганида, ишончим комил, ҳар қандай она, шу жумладан сизнинг қайнонангиз ҳам кечирардилар. Хато қилганингиздан уялиб, қизариб турганингизда ёнингизга тушиб, тезда бошқа овқатнинг тадоригини кўрардилар, бўлган воқеани қайнотангизга, эрингизга сездирмасликка ҳаракат қилардилар. Бу икковингиз орангизда кичкина сир бўлиб қоларди. Қайнона-келин ўртасидаги бундай «сир»лар, агар билсангиз, уларни бир-бирига яқин, бир-бирига ишонадиган, суянадиган қилади.

Кеча «сиз» дилингиз аллақачон «сен»га бориб қолгани учун ҳам андиша қилмадингиз. Ўзингизга алоҳида тухум пишириш ўрнига секин қайнонангиз олдига бориб, уялибгина «Вой, ойижон, шундай бўлиб қолибди. Яхшики, адажон йўқларида бўлди. Бўлмаса бошимни қандай кўтариб юрардим-а?» десангиз олам гулистон эди. Шугинани дейиш билан қайнонангизни ўзингизга яқин олаётганингизни, у кишидан паноҳ излаётганингизни, бу уйнинг кишиларини, айниқса уйдаги эркакларнинг ҳурматини жойига қўяётганингизни кўрсатардингиз. Сиздаги бу андишани кўрган онангиз уйдаги эркаклар олдида сизга «қалқон» бўлардилар.

Бундай қилиш хаёлингизга ҳам келмади. Сизнинг қалқонингиз «Эй, оч қолсангиз, қолаверинг, менга нима?!» бўлди. Мен сизга айтсам, бу қалқон эмас, бу сизни бу уйга омонат қилиб қўядиган сабаб – жарлардан бири. Сиз билан уйингиздагилар масофасини тобора узоқлаштираётган жарлик! Лекин бу жар аввал сизнинг дилингизда пайдо бўлганини, кеча ва бугунги ошкор «сен» билан ифода этилаётганини тушунмаяпсиз, келингина қизим, тушунмаяпсиз!

Дугонангизнинг ҳам эришган «мартабаси» шу. Ишқилиб, эри кечқурун уйига қайтармикин? «Мама»сининг қизига яхши ниятлар билан қилган каравотидан дугонангиз «Иди!» деб бездириб қўйди. Ишқилиб, эри онасининг бағрига қайтиб кетмасмикин? Онасиникига қайтишга номус қилиб, ишдан қайтаётганида ўзига алоҳида каравот олиб келса-чи? Ундан ҳам бадтари, «Иди!»ни қайтиб эшитмаслик учун аллапайтгача кўча кезса, улфатчилик домига шўнғиса-чи? «Сен»нинг касрини кўраяпсизми, қизим?..

Йўқ, автобусда мен у келинлар билан мунозарага киришганим йўқ, албатта. Демоқчи бўлганларимни ҳам мана сизларга айтиб турибман. Чунки бундай мисоллар турмушда кўп учрайди. Ачинарлиси шундаки, баъзан оилада йилт этаётган бундай мисоллар, айниқса, ёшларимиз фикрининг саёзлиги, нутқининг тобора нўноқлашиб бораётгани, маданияти ҳаминқадарлигини ошкор қиляпти. Эсиз-эсиз деймиз…

Сизларнинг ичингиздан шундайлар чиқмаса хурсанд бўлардим.

Дуо: Илоҳим меҳрли, муҳаббатли дилингизнинг кўзгуси бўлган «сиз» тилингиз «сен»га бормасин. Чиройли бахтингизнинг яратгувчиси ҳам, қалқони ҳам бўлган тилингизнинг ўттиз икки посбони ҳамиша сергак бўлиб, қалбингизга доғ туширмасин! Омин!

СИЗ – ОНАНГИЗ ҚАЙТАРИҒИСИЗ

Навбатдаги суҳбатимизда сиз эрта-индин дуч келадиган ва балки сизга ғалати туйиладиган айрим удумларимиз ҳақида қисқа тўхталиб ўтмоқчимиз. Сабаби…

Келинбарорда қолган аёлларнинг зериккандан ёки тунни тонгга улашнинг чорасини излаганларидангина эмас, келингинанинг қулоғига кирсин, чиллалик уйда унинг қалбида турғун бўлиб қолсин, деган ниятда ижросига жон-дилдан киришадиган удумларимиз кўп.

Келин ва куёвни муқаддас Қуръони Карим китобига тикилтириб, чин дилдан яхши ниятлар тилашга ундаш…

Келиннинг файзли-фариштали она бўлган даврини олдиндан «башорат» қилгандек унинг қўлига бир жуфт нон ва ширинликлар бериб, унинг боши узра майин алла айтиш…

Қизини узатиб келган онага «Бу ер ҳам энди ўз уйингиз, қўниб ўтар бир работингиз бўлди, тортинмай келиб туринг, доимо иззатда бўлинг!» дегандек қудаларга нонушта тортиш…

Эрталабки салом-ку алоҳида таърифларга лойиқ урф…

Аммо гапнинг рости, бугунги суҳбатимизга сабаб бўлган кўрганим бир воқеадан, эшитганимдан кўнглим тўлдигина эмас, тўлқинланди ҳам.

Куни кеча қариндошимиз келин туширди…

Она бўлмиш қизини бағрига босиб, у билан хайрлашар экан, эрталабда «Келин салом»га чорлаб, чиройли тўртликлар айтган аёл яна байтлар бошлади. Шеърда оналик меҳри билан ҳаёлииболи, илмли-билимли қиз ўстириб, бахти очилгач, учирма қушдек узатган онанинг қизи билан хайрлашув пайтида қизига деганлари ифода этилган эди:

 
Сурнайларнинг навоси-ю
Карнайлар жарангида.
Нур юзлилир дуоси-ю
Оқ тилаклар баргида,
Чин уйингга олиб келдик,
Суюклигим, яхши қол!
 
 
Оқ тонгларим орзусида
Кўрган маскан шу эди!
Аллаларим таъриф этган,
Асл қасринг шу эди!
Таъзим айла соҳибларга,
Яшнар қизим, яхши қол!
 
 
Чин уйингга, аслзодам,
Ярашганинг рост бўлсин!
Тилакларинг кўп хайрли,
Муродинг ҳосил бўлсин!
Туб қўйгин, палак отгин -
Ўчмас изим, яхши қол!
 
 
Бахтинг шунда, тахтинг шунда,
Саодат бисёр бунда.
Сенда бўлса ҳаё, иффат,
Садоқат кўмиқ бунда!
Муруввату табассумла,
Излаб топгин, яхши қол!
 
 
Муҳаббатинг – чин қуролинг,
Сабр-тоқат унга эш.
«Ассалом!», «Хуш кўрдик биз!»
Ёдингдан чиқмасин ҳеч!
Келин бахти – тилдадир,
Ширин сўзим, яхши қол!
 
 
Не бор яхшим – сенга бўлсин!
Қанот бўлгай умрбод.
Хатоларим менга қолдир –
Қаддимни айлама дол!
Толейингни Оллоҳ берсин,
Қайтариғим, яхши қол!
 
 
Билгил, довон орти довон,
Сўқмоқ сўнгги албат равон.
Ирмоқ охир бўлур уммон,
Чунки: «Сабр таги – Раҳмон!»,
Дуо билан Шамсга эриш,
Моҳим қизим, яхши қол!
 
 
Қўшганингла қўш қаригин,
Йўлингиз – ойдин чироқ!
Аямасин сиздан фарзанд,
Ҳам давлатин Раббим Оллоҳ!
Қизлар – она қайтариғи,
Битмас умрим, яхши қол!
 
 
Чин уйингга, аслзодам,
Ярашганинг рост бўлсин!
Тилакларинг кўп хайрли,
Муродинг ҳосил бўлсин!
Пойинг узра очилсин гул,
Ўчмас изим, яхши қол!
 

Эшитганимда бир менинг эмас, кўпларнинг дили ҳам яйраган, ҳам ғалати бир ҳолатга келганди. Ҳамма аёлларнинг кўзлари ғилт-ғилт ёшга тўлди. Аммо бу ёш на дув тўкилмади, на келган изига қайтиб кетмади. Назаримда, бунда йиғилган қиз-аёлларнинг кўпчилиги янги келин бошида кўп синовлар борлигини ўйлар, бундан муносиб ўтганлар қалбида аёл қисматига бардоши шукрини чуқур ҳис қилар, ёшлар эса улардан кам бўлмасликлари кераклигини англаётган дам эди.

Эшитганимдан бери унута олмаётганим бу шеър халқ оҳангларида, урф-удумларимиз кайфиятида битилгани учунми кишиларга ўз кўнглига бир назар ташлашга даъват этарди. Унда биз кўришни, эшитишни истаган нарсалар айтилаётгани учун шунчалик таъсирчандир балки.

Шеър гарчи узатилаётган қиз ва қиз узатмиш она учун энг ҳаяжонли дақиқалар ҳақида бўлса ҳам, она сўзидан шу кунларга етиб келгунича у қизини том маънода муҳаббатли, иффатли, меҳрибон, иродали, тоқатли, вафодор, бир сўз билан айтганда, онанинг юзини ерга қаратмайдиган қилиб ўстирганига ишора бор. У ана шу «ўчмас нишонини» шукроналик билан «бир жойга», «чин уйига» қўйиб қайтаяпти. Иккинчи томондан она, қиз ўстирган оналарга хос халқона одобни ҳам маҳкам ушлаб турибди. Ҳайрон бўларли жойи йўқ.

Уйида қизи вояга етаётган оналарнинг ўзига хос одоби бўлиши керак. Қиз уйига келган совчилар, биринчи навбатда, шунга эътибор берадилар. «Онасини кўриб, қизини ол», деган гап борку ахир. Агар қизнинг онаси «Мен қизимни фалон жойда ўқитдим, фалон едирдим, фалон кийдирдим!» деб турса, ўз қизининг бахтига ўзи зомин бўлиб қолиши мумкин.

Эшитган шеъримда аёл зотининг томирига илиқлик олиб кирадиган нарса ҳам айнан шу – она қизига: «чин уйингда» қолаяпсан, биз сени гулдек авайлаб ўстирган уйимизда меҳмон эдинг, бу чин уйинг эса бўстон, сен унга жуда ярашдинг, сўзингни ассаломдан бошлагин, келиннинг бахти тилида бўлади, муҳаббатингни авайла, рост сўзла, хизматдан оғринма, юзимни ерга қаратма деяпти. Сатр тагида эса она буни қизига аввалдан сингдириб боргани сезилиб турибди. Қизига қаттиқ ишонаяпти ҳам.

Қиз боланинг момоларимиз айтмоқчи «бировнинг хасми» эканини билган ақлли оналар қиз томирига кибр аралашувига йўл қўймайдилар. Шу гапга эътиборингизни алоҳида қаратмоқчиман.

Кўпинча “бой жойга келин бўлди”, “ўзи бойваччанинг боласи-ю, “пастроқ” жойга тушиб қолди” кабиларни эшитиб қоламиз-а? Сиз келин бўлиб бораётган жой қандай?

Ақлли оналар ўзлари қанчалик бой бўлмасин, қизларини бу уйга эмас, «чин уйга» болалигиданоқ меҳрли қилиб ўстирадилар. Агар сизни ҳам шундай тарбиялашган бўлса, сиз бир ёш ниҳол сифатида борган жойингизда тез илдиз олиб, гуркираб кетишингиз осонроқ бўлади. Бу фазилатлар қалбингизда келин бўлгунингизгача шаклланган бўлиши керак.

Қизи келин бўлган, уни чин уйида қолдириб келаётган онанинг кечмишлари туғёнини ҳеч бир асбоб билан ўлчаб бўлмайди дейишади. Лекин қизнинг онаси ҳар бир асаб толасини тизгинлай билиши ҳам керак.

Аввал айтган бўлсак ҳам яна такрорлаб қўяйлик, кексаларимиз қудалар уйини «ўзга юрт», «ўзга қўрғон», «ўз подшоҳи, ўз аъмоли бор ўзга мамлакат» деб аташади. Бу бежиз эмас. Қизини эсли-ҳушли, меҳрли, тоқатли, сабрли ўстирган оналар «ўзга юрт»нинг ички ишларига асло аралашмайдилар. Аммо қизларига бу янги юртнинг яхши томонларини кўрсатиб, уларда меҳр уйғотишга ҳаракат қиладилар.

Аммо қизи уйига аралашган оналар ҳам кўп. Кузатувларимизга асосланиб айтиш мумкинки, баъзи оналар аксарият ҳолларда қизлари тарбиясида ўзлари йўл қўйган хатоларни яшириш учун ёки қизнинг тарбиясидаги оқсоқ томонлари юзага чиқиб, панд бериб қўйишидан чўчиб аралашадилар. Шу ўринда бир муаллима дугонамизнинг сўзлари эсимга келди:

– Баъзида уйга келгач, берган дарсимизнинг заиф томонларини пайқаб қолсак, эртасига шуни киши билмас тўғрилаб кетамиз… Аммо баъзи оналар қизи келин бўлгач, унинг ҳаётини «кейинги дарс» деб, унга сабоқ беришни давом эттира олмайдилар. У ерда бошқа муаллимлар бор…

Яхши ўхшатиш-а?!

Аввало қиз ўстираётган онада, отада қизининг тақдир илоҳий битган ерда ўзидан тиниб-тинчиб, ўсиб-униб кетиши ҳақида яхши ният бўлсин! Она қизига сеп йиғмасаям майли, юрагини яхшилик билан тўлдирсин, назарини тўқ қилсин. Қизига берган мол-дунёни чамалаб кўрилса, янги оиланинг кўражак фаровонлиги олдида урвоқчалик ҳам бўлмас. Лекин қилган молини пеш қилиш билан янги оила пойдеворини дарз кетказиш мумкин.

Ўзига эмас, ўзгага, «бировларга» меҳрли, яхши ниятли қилиб қиз ўстирган, кўксида шукроналик, оқилалик илдиз отган, ўз «ўчмас нишонлари»нинг бахтли бўлишини чин дилдан тилаган оналар битдимикин бу таъсирчан байтларни?

Дуо: Ҳаммангизга ҳам онангизнинг чиройли орзуларига муносиб яшаш насиб этсин! Ҳар бирингизга онангиз шукри, сабри, орзу-умидидан юққан бўлсин! Онангизга ва яхши умид, орзуларга тўла келажак авлодга муносиб яшашга қувватни тоза қалбингиздан олинг!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации