Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
СИЗНИНГ ОСТОНАНГИЗ
Бугун сизлар билан остона ҳақида сўзлашишни хаёлимдан ўтказганимдан бери, хотирамга бир вақтлар бувимдан эшитган бир ривоят келаверди.
Қадим замонларда бир мусофир йигит бир кўҳна кентда ов қилиб, ўтин териб тирикчилик қилар экан. Кунларнинг бирида у уйланибди. Кўп вақт ўтар-ўтмас, унинг уйланганини эшитган отаси ҳол-аҳволидан хабар олиш учун бошқа узоқ кентдан туя миниб келибди. Сўраб-суриштириб, ўғлининг уйини топиб, дарвозасини қоқибди.
Эшикни очган аёл мўйсафидга салом берибди. Аёл қайнотасини ҳали кўрмагани учун келган кишини танимабди. Ўғлининг уйда йўқлигини эшитган ота уйга кирмабди. Шу ерда турибоқ ҳол-аҳвол сўрабди:
– Рўзғорингиз бутми, ҳаётингиз яхшими, болам?
– Аҳволимиз анча ночор. Рўзғорда ҳеч нарса йўқ. Овқат қилай десам, гўшт ҳам йўқ…
– Майли, уй эгасига салом денг.
– Ким келди деб айтай?
– Кимлигимни ўзи билиб олади. Овдан қайтганида унга: «Бир мўйсафид келди, ўғлим остонасини алмаштирсин!» деб тайинлаб кетди, десангиз бўлгани.
Мўйсафид шундай деб йўлга равона бўлибди. Аёл эса ҳеч нарса тушунмай, остонасига тикилганича қолаверибди.
Эри қайтгач, хотини унга бўлган воқеани ва чол тайинлаб кетган гапни айтибди.
– Остонанинг нимасини алмаштирамиз, бинойи турибдику, – дебди хотин ҳайратини яширмай.
Йигит ўйланиб қолибди. Эртаси куни у хотинининг жавобини бериб, кўп ўтмай, бошқа аёлга уйланибди.
Орадан анча вақт ўтибди. Ўша мўйсафид бир куни яна шу эшикни тақиллатибди.
Аммо бу гал эшикни бошқа аёл очибди.
– Ассалому алайкум! – дебди у тавозе билан чолга.
Чол алик олгач, аёл мулойим дебди:
– Уйга марҳамат қилинг, отахон! Узоқ йўл босиб келаётган экансиз. Тезда хожам ҳам қайтиб қоладилар.
Чол мамнуният билан мўйлабини силаб қўйибди, аммо бу келини ҳам уни ҳали таниб улгурмагани учун ўғлиники бўлса ҳам, эркаги йўқ уйга кирмабди.
– Тирикчилигингиз қандай ўтаяпти, қизим? – сўрабди чол.
– Оллоҳга шукрлар бўлсин, Ўзи берган ризқимизни териб юрибмиз. Юрт қаторимиз, – дебди келин.
Аёл тезда уйга кириб, косани тўлдириб сув олиб чиқиб, мўйсафиднинг чанқоғини қондирибди, махси-кавушларини артиб қўйибди. Эри келганида албатта келиб меҳмон бўлишини тайинлабди.
– Йўлингиз анча олисга ўхшайди, отахон, – деб сочиққа нон ўраб, қўлига берибди.
Чол уни узоқ дуо қилибди.
– Кимлигингизни, қайси қавмдан эканлигингизни айтинг, отахон. Ҳали-замон хожам келиб қоладилар. Фалончи ота келдилар, сиз йўқ бўлганингиз учун уйга кирмадилар. Дуо қилдилар, деб айтаман.
– Барака топ, қизим. Эринг келганида айт, остонасини маҳкам ушласин. Шу гапни десанг, кимлигимни ўзи билади! – дебди ва йўлга равона бўлибди.
Ов қилиб, йўл-йўлакай ўтин териб келган эрини аёл очиқ чеҳра билан кутиб олибди. Йигит чангини қоқиб, қўлини ювгач, олдига чой билан бир бурда нон қўйибди. Сўнгра унинг ёнига ўтириб, кундузи бир мўйсафид эшикларини қоқиб келганини, аммо уйда эркак киши бўлмагани сабабли ичкари кирмаганини айтибди. Аёл бу нуроний чолга раҳми келганини, уйда бор нонни – икковининг насибасини бериб юборганини ҳам узр билан айтибди.
Қўлидаги қотган нонини сувга ботирар экан, йигит сўрабди:
– Мўйсафид кимлигини, қайси қавмдан эканини айтмадиларми?
Шунда аёл чолнинг тайинлаб кетган ғалати гапини айтибди:
– «Эрингизга айтинг, остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» деб тайинладилар. Шу гапни айтсам, сиз у кишининг кимлигини билар эмишсиз… У кишини танийсизми?
– Эшигимизга келган мўйсафид – отам эканлар! Сенинг муомалангдан у киши жуда мамнун бўлибдилар. «Остонасини энди топибди, уни маҳкам ушласин!» дейишлари билан оиламни мустаҳкамлашни буюрибдилар, – тушунтирибди йигит.
Бу ривоятни эслаганимнинг боиси, шу ерда учраган остона сўзининг ҳаётда неча хил маънода келишига, келинг, биргаликда аҳамият берайлик.
Остона – оила… Остона – уй… Остона – аёл, қиз, хотин… Остона – оиланинг маънавий муҳити, ахлоқ даражасини кўрсатувчи кўзгу… Остона – эрта-индин сизларга бериладиган рамзий баҳо…
Чунки халқимизда «Келинлик уйга тезда қулф тушмайди», деган гап бор. Келинлик уйдан вақт-бевақт меҳмон аримайди. Буни келинлар жуда яхши билишади. Барвақт туриб эшикни очиб, ҳовлини супириб-сидириб, ҳамма ёқни озода тутишади. Кексаларнинг гапига қараганда, барвақт туриб очилган эшикдан қут-барака кириб келармиш. Озода остонадан ўтганларнинг дуолари вожиб бўлармиш.
Оилани кўпинча бир кичик мамлакатга ўхшатишади. Бу бежиз эмас. Аёл кишининг вазифаси шу кичик мамлакатнинг ичини бошқариш. Бу сўзларни эшитганда, демак, аёл кишининг вазифаси уйни озода тутиш, овқат пишириш, болага қараш эканда, дегувчилар бўлади, албатта. Тўғри, бу уларнинг бирламчи вазифаси. Аммо юқоридаги ривоятдан кўриниб турибдики, аёл – шу кичик мамлакатнинг ташқари билан муносабатининг ҳам рамзи, юзи экан.
Овчининг биринчи аёли ўзи ҳали таниб улгурмаган, эндигина кўриб турган кишиси – қайнотасига сирини олдирди, рўзғорида ҳеч нарса йўқлигидан зорланиб ҳам улгурди. Шу билан остонасининг – турмушининг омонатлигини ошкор этди. Эътибор беринг, иккинчи аёли ҳам айнан шундай шароитда турмуш кечиради. Аммо берилган саволга «Худога шукр, эл қатори насибамизни териб юрибмиз!» деб жавоб берди. Яна ночорлигини мутлақ ошкор қилмайдиган ҳаракатни қилди – уйидаги бор нонини «Йўлда ерсиз!» деб олиб чиқиб берди. Эвазига дуо олди. Эрининг ови бароридан келганини шу мўйсафид кишининг дуоси туфайли деб қабул қилди, суюнди. Шундай суюнч кайфиятда эрини кутиб олди. Ўзининг ҳам, эрининг ҳам кайфияти кўтарилди. Шундан кўриниб турибдики, келиннинг ял-ял ёниб юришигина эмас, яшнаб, ўзидан нур таратиб юришида ҳам гап кўп экан.
Диққат қилган бўлсангиз, уйда ойингизнинг йиғ-тер, ишга бориб келишдан ташқари яна кўп вазифалари бор. Улар ўз болалари ўртасидаги муносабатнинг яхши бўлиши учун астойдил ҳаракат қиладилар. Ҳар бирингизнинг иш-ўқишингиздан бохабарлар. Кўпинча сизнинг ҳар бирингизга тегишли, адангиз ишига тегишли жуда яхши маслаҳатлар берадилар. Баъзида ойингизнинг жуда кўп нарсаларни билишларидан, ҳар соҳада билимдон эканликларидан ўзингиз ҳам завқланасиз. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан муроса қилишларини кузатганмисиз? Нақ дипломат бўлиб кетадилар-а! Чунки улар ўз «мамлакатлари» – оилалари ҳақида атрофда заррача бўлса ҳам ёмон фикр туғилишини истамайдилар. Бунга йўл қўймайдилар ҳам. Бу сизларга ўрнак бўлсин!
Келин бўлиб тушаётган ерингизда ҳам остонасини муқаддас биладиган шундай аёл – қайнонангиз бор. Сидқидилдан уларга эргашсангиз, сизни бека, соҳибалик йўлидан аста авайлаб олиб ўтадилар, остонангизни асрашга ўргатадилар.
Яхши ният, яхши ҳаракат, меҳр-муҳаббат билангина тўйингизда айтилган «Ёр-ёр»да ваъда қилинган тилло остоналик уйга эришасиз.
Дуо: Илоҳим, остонангиз ҳамиша покиза, ҳамиша мустаҳкам бўлсин! Илоҳим, қулфи дилингиз очиқ бўлсин! Остонангиз сизни шу хонадон аъзолари-ю меҳмонларига ҳамиша меҳрли, марҳаматли кўрсатсин! Остонангиздан ўтганларнинг яхши ниятлари вожиб бўлиб, сизга «рисоладагидек келин» мақомини олиш ва бахтибекам бўлиш насиб этсин! Буларнинг оқибати ўлароқ, шу кичик мамлакатингизнинг чин маликаси бўлиб юринг! Омин!
СИЗНИНГ ТАШРИФНОМАНГИЗ
Ҳозир кўпчилик ёнида ташрифнома (визитка) олиб юришни урф қилган. Сизларда ҳам бордир. Унинг кўп қулайликлари борлиги шубҳасиз.
Аммо ёнингиздаги шу жажжи ташрифномангизни узатгунингизга қадар қаршингизда турган кишида сиз ҳақингизда муайян фикр уйғотадиган бошқа «ташрифнома» ҳам бўлади. Кўпинча биринчи таассурот тўғри бўлиб чиқади.
Бу – сизнинг сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз. Бу ташрифнома билан сиз дастлаб кишилар қалбига бамайлихотир кириб борасиз. Баъзида қаршингиздаги эндигина танишган кишининг сизни негадир хушламаётганини сезасиз, улар учун номигагина муомала кишисига айланасиз… Баъзида эса сувратингиз, яъни ташқи кўринишингиз, кийинишингиз ёрдамида ҳамсуҳбатингизда ишонч уйғотасиз, шу қалбда узоқ қоласиз. Шунинг учун ҳам кишининг кўзига биринчи ташланадиган нарсалар жуда муҳим ҳисобланади. Шунингдек, сизнинг очиқ кўнглингиз ва самимиятингиз рамзи бўлган ним табассум ҳам жуда муҳим.
«Кутиб олиш – сувратга, кузатиш – сийратга қараб» деган гап бор. Одамнинг суврати ҳам, сийрати ҳам гўзал бўлиши керак, деган гапни ҳам кўп эшитгансиз. Аммо уларнинг иккаласини уйғун, яхлит гармонияда олиб юриш нақадар қийинлигини сиз ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз!
Балки суҳбатимиз мавзуси сизга жуда эриш туюлар. Балки минг марта эшитганингизни қайтараётгандирмиз… Панд бериб қўяётганлар бўлмаганида-ку, суҳбатимиз мавзуси ҳам ўзга бўларди. На илож, такрор-такрор ўтилган дарс эсда кўпроқ қолишини яхши биласиз. Қолаверса, ҳаётнинг ҳар сонияси сабоқ, имтиҳонлардан иборат…
Бу воқеани бировдан эшитганим йўқ. Ўз кўзим билан куни кеча, шу сизга яқин бекатда кўрдим. Ва билмадим, нечанчи бор ёшларимизнинг суврати-ю сийрати ҳақидаги, яширмай айтишим керак, оғир ўйлар яна дилимни ўртади. Шу сабабли уни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман…
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз! Ҳозирги қизларимизнинг суврати гўзал кўрингани билан сийрати ана шунақа – мажруҳ! Буни дегувчи киши ойнага қараб ўтирар, чамаси ички алғов-далғов фикрларига якун ясади шекилли.
Автобусга чиққанимда орқадаги ўриндиқда уч қиз атрофларида улардан бошқа ҳеч ким йўқдек, автобусни бошларига кўтаргудек бўлиб, баралла чақ-чақлашиб келишарди. Олдинги ўриндиқлардаги ўтирган аёллар ва мўйсафид киши баъзан ўгирилиб, баъзан эса ҳайдовчи тепасидаги кўзгудан қизларга норизо қараб қўйишар, қизлар буни пайқашса ҳам парво қилишмасди. Бирининг мини юбкаси ўтирганида яна ҳам юқори кўтарилган, беўхшов керилган оёқлари орасидан яланғоч сонигина эмас, ич кийимлари ҳам бемалол кўриниб турарди. Иккинчисининг икки ёни баланд қийилган кўйлагининг олд этаги тиззалари орасига тушиб, оппоқ сони очилиб қолганди. Учинчиси ҳартугул шим кийган экан. Бироқ у ҳам оёқларини бесўнақай чалиштириб, олдинги ўриндиқнинг суянчиғини ҳайдовчи радиосидан таралаётган мусиқа оҳангига мос тап-тап тепиб ўтирарди.
Қизлар сўнгги бекатда ҳам тушишмади. Уларнинг хаттиҳаракатига ҳайдовчининг тоқати тугади шекилли, автобус силжиганда тепасидаги кўзгу орқали уларга мурожаат қилди:
– Қизлар, қаерда тушасизлар?
– Оқтепада! – жавоб берди уларнинг бири чимирилиб.
Уччаловининг вужудидан «Сенга нима?!» ёғилиб турарди.
– Ҳозир ўтдик-ку Оқтепадан! Нега туша қолмадинглар? Маҳалла ичини айланиб, охирига бориб қайтгунча қанча вақтингиз бекор кетади!
– Йўлкирангни олгандан кейин нима ишинг бор? Йўлга қараб кетавер!
Буни дегувчи ёни кесиқли кўйлак кийган қиз эди. У оёғини ликиллатиб, чеҳрасини тунд қилиб, ойнага қараб гўё секин айтди бу сўзни. Лекин ҳамма бемалол эшитди.
Ҳайдовчининг ижирғангани кўриниб турарди-ю, индамади. Ундан кейин қизларнинг бири томонидан айтилган куракда турмайдиган сўзни ҳам эшитмаганга олди. Қизларнинг отаси тенги бу одам ичидаги зардобини тупугига жамлаб кўчага қараб тупурди…
– Болам, тўхтат мошинани! Тушириб юбор бу юзсизларни! – Бу мўйсафид кишининг сўзлари эди. – Ёшларни кўрганда дилинг яйрагувчи эди, булар бўлса автобуснинг ҳам ҳавосини бузади-я! Падарилаънатилар…
– Ҳозир тушамиз, бобой! Кейин сизга ўхшаган эзмалардан тўрт соат дарс эшитамиз…
– Хайф сенларга дарс! – кекса киши титраб кетди.
Автобус Оқтепага яқинлашганда қизлар ўринларидан туриб, худди кийимларини намойиш қилаётган манекенлар каби саллоланиб юриб, олдинги эшикка яқинлашишди.
– Фақат бизни уришасизми? Мана бу хотинлар ҳам биз билан баробар катайса қилиб юришибди. Йўл ҳақини двойной олинг улардан ҳам! – деди уларнинг бири ҳайдовчига олдинда ўтирган аёлларни кўрсатиб.
Ерга қараб жим келаётган аёлларнинг бири бехосдан тилга кирди:
– Сизни келин қилмоқчи эдим… Кеча уйингизга совчиликка бориб, онангиз билан танишдим. Бугун ўғлимдан қаерда ўқишингизни билиб, кўчада, ўқишда қандай экансиз, ўғлим янглишмаяптими, деб ортингиздан кузатиб келаётган эдим… Афсус…
– Вой, Зебош, шунақа эскишаҳаровский простой хотинларга келин бўласанми? – узун, аммо икки ёни қирқилган кўйлак кийган қиз, аёл мурожаат этган қизнинг елкасига бир туртиб хахолаб куларди.
Автобус тўхташи билан қизлар сакраб тушиб кетишди.
– Зебош, қайнанашкангга «бай-бай» де! – ҳамон куларди бояги қиз.
– Бир пас жимгин! – шим кийган қиз аёлнинг гапидан тош қотган эди.
– Вой, опа-ей, сизни худо асради! Ҳозирги қизлар жуда ўзгариб кетган… Шуларнинг бири уйингизга келин бўлиб қолса борми? Зебо эмас, офат-а, офат!
Иккинчи аёл секин гапираётган бўлса-да, унинг сўзларини ҳамма эшитиб турарди.
Қизларнинг иккитаси автобусдан тушгач, билим юрти томон кулишиб, тез юриб кетишди. Фақат ҳалиги, аёл мурожаат қилган қизгина автобусдан тушган ерига михлангандек, дугоналари кетидан юришини ҳам, автобусга чиқиб аёлларга бир нима дейишини ҳам билмай тик қотиб қолган эди. У кўзини ердан узмасди. Айни пайтда дугоналари унинг қолиб кетганини пайқашмади ҳам.
Ана шу жимжитликда мўйсафиднинг ранжиган сўзлари яққол эшитилди:
– Кийими яланғочнинг фикри яланғоч, юзи беҳаё, оғзи шармсиз. Ҳозирги кўп қизларимизнинг суврати гўзалдек кўрингани билан сийрати мана шунақа – мажруҳ!
Орага оғир сукунат чўкди.
Одатда, автобус охирги бекатда узоқ туради. Ниҳоят у силжиди. Автобус бурилаётганида аёл секин орқага қаради. Қиз ҳамон жойида қотиб турарди…
У ҳали жуда ниҳол эди… Унинг жойида қотиб қолгани, ниҳоллиги дилимга умид бериб, беихтиёр унинг олдига қайтиб, қулоғига аста шивирлагим келди. Уни сиз ҳам эшитинг:
Оҳ, қизгинам-а! Мана ҳаётдаги биринчи зарбани ҳам олдингиз… Илоҳим бу охиргиси бўлсин. Бу асосан ўзингизга боғлиқ.
Сиз ҳозир шундай ёшдасизки, ҳамма нарсага тез бериласиз. Ҳозир кийимингиз туфайли жуда оғир гапни эшитдингиз. Эҳтимол, бу кийимни сиз кўр-кўрона дугоналарингизга эргашиб кийгандирсиз. Шунинг учун берилган баҳо ҳам умумий бўлди. Умумий бир умр жузъийга айланиб қолмасин-да!
Дуо: Суврат ва сийратингиз ҳамиша гўзал ва уйғун бўлсин! Сиз келин бўлиб тушаётган хонадондагиларнинг сизни келин қилиб танлаётгандаги туйғулари сизга нисбатан меҳрмуҳаббат, сизга ишонч ва сизга суяниш туйғуларига ўсиб, қалбларини бир умрга илитиб турсин! Омин!
ОДДИЙ НАРСА-Ю…
(Талаба қизлар одобига уларнинг ўз назари)
Муҳаббатнинг адабгоҳи кўтармас қувнамакликни,
Ки шабнамдан очилур гул ва кўз ёшлардан нигоҳ анда…
Мирзо Бедил
Иқтибосдан сезиб турибсиз-ки, суҳбатимиз одоб ҳақида…
Бу жуда оддий нарса-ку, шунга бутун бир машғулотни бағишлаш тўғрими, деб ўйлаётгандирсиз. Чунки кўп ёшлар айнан шу мавзуда суҳбат юритишни – вақтни беҳуда ўтказиш деб ўйлайдилар. Аслида мана шу – жуда оддий бўлиб кўринаётган мавзу ҳаётимизнинг туб кўриниши, бизнинг кимлигимизни, ички маданиятимиз, борлиғимиз, ҳаётга қарашимизни рўй-рост ошкор қиладиган масалалардир. Шунинг учун ҳам буюк шоир Мирзо Бедил инсоннинг одоб ва адаб олами енгил-елпиликни сингиштирмайди, деб таъкидлайдилар.
Ҳар ёшда, ҳар жойда, ҳар иш ижросида ўзига яраша одоб қоидалари бўлади ва ҳаммамиз унга итоат этишга мажбурмиз.
Эртага келинлик либосини кийишга тайёрланаётган сиз – ойим қизларимизнинг аксариятингиз бугун талабасиз. Келинг, бугун қурбимиз етганича талабалар, яъни илм олувчиларнинг одоби ҳақида суҳбат юритайлик. Бу суҳбатни сизнинг фаол иштирокингиз билан ўтказамиз, деб умид қиламан. Бунинг учун ҳозир ҳар бирингиз талаба қизларнинг одоби чизгиларини айтиб чиқасиз. Фикрларингизни ҳаммамиз эшитамиз, мунозара, баҳсли фикрларни биргаликда ҳал этамиз. Шу тариқа бугун кўплашиб илм олувчининг ўзига хос кодексини яратамиз. Биринчи фикрни ижозатингиз билан мен ўртага ташлайман:
– Аввало талаба қиз бахти кулиб олий ёки ўрта махсус ўқув юртига кирган экан, ўзининг илм олиш, ўқиш мақсади ҳақиқатда ҳам қатъиймиди деб ўйлаши, мақсади аниқ бўлса, унга эришишда собит бўлиши керак. Шу тезис маъқул бўлса, уни ўзингиз давом эттириб кўринг-чи. Мен фикрингизни ёзиб бораман, кейин бирга муҳокама қиламиз. Маъқулми?
– Бунинг учун у дарс вақтидагина эмас, ҳаётининг бутун талабалик фаслида шу эзгу мақсадига эришишида унга бевосита халақит берадиган ва иккинчи даражали бўлиб кўринган нарсалардан ўзини тия билиши керак…
– Авваламбор у ўзи аъзо бўлган жамоанинг ўзига яраша қоидаларига сўзсиз итоат этиши керак…
– Жамоанинг бошқа аъзоларини ҳурмат қилиши, камтар, камсуқум бўлиши керак…
– Қизлар ҳар бир ҳаракатларида ўзларининг гўзал хулқодобларини намоён этишлари керак…
– Яхши хулққа эга бўлиш учун аввало ёмон хулқдан тийилиш керак…
– Бу тезисни аввалгисининг давомидан ёзилса, тўғрироқ бўларди. Яъни «Қизлар ўз ҳаракатларида гўзал хулқ-одобни намоён этишлари, бунинг учун аввало ёмон хулқдан тийилишлари керак»…
– Диққат билан эшитаётганингиздан мамнунмиз, қизим. Ўзингизнинг шу мулоҳазаларга айтадиган қўшимча фикрингиз ҳам борми?
– Боболаримиз илм олишни игна билан қудуқ қазишдек машаққатли дейишади. Талаба қиз қийинчиликлардан қўрқмаслиги, чўчимаслиги керак…
– Талаба қизларнинг башанг кийинишига йўл қўймаслик керак.
– Бу – инсон эркини бўғиш-ку!
– Мен кийинишда қизларнинг одоб доирасидан четга чиқмасликларини назарда тутаяпман. Дарсга худди тўйга келгандек кийиниб келиш, шу қизнинг диди ҳали шаклланмаганини, унинг мешчанлик ботқоғига ботиш хавфи борлигини намойиш этади, холос!
– Фикрларингиз тўғри, лекин фикр айтишда бундай кескинликка кетиш жуда яхши бўлмаса керак…
– Ўқитувчидан ўтказиб кийиниш ҳам тўғримас. Аввал ўқитувчидаги бор билимларга эга бўлиб олсин-чи! Бу – муаллимга нисбатан ҳурматсизлик ҳам!
– Тўғри, аксарият башанг кийинган қизлар аудиторияда ҳам, автобусда ҳам баланд овозда гаплашадилар. Ўзларини ножўя тутиб, ҳаммани эътиборини жалб этадилар… Улар оилада, боғча ва мактабда, коллеж ва институтда кийиниш маданияти ҳақида эшитмаганга ўхшашади…
– Бундайларнинг бошига дарс киришига ишониб бўлмайди. Имтиҳонни ҳам амма-тоғалар воситасида топширишади…
– Олим ва фозил кишилар ўзларининг хушфеъллиги, кишига салобат бахш этадиган чиройли виқори билан ажралиб туришади. Салга жизиллаб кетишмайди. Қизларнинг характерида, айниқса, шу фазилатлар устувор бўлиши керак…
– Ўзидан аълочироқ қизларга ҳасад қилиш қизларда кўп учрайдиган иллат… Йиғи-сиғи, ёлғон-яшиқ билан дугонасининг биқинидан туртиб, олдиндагининг товонини босиб, оёғидан чалиб олдинга ўтиб олувчилар ҳам йўқ эмас. Илм олишга астойдил интилганларни шундай ҳам муаллимлар, дугоналар зарур пайтда сийлашади…
– Бировларни ғийбат қилишдан йироқ бўлиши керак…
– Илм, билим олиш учун қизлар, биринчи навбатда, қалбни ҳар хил нопокликдан, масалан, мақтанчоқлик ва кибрдан тоза тутишлари керак. Донишмандлар кибрли ва такаббур одамларга билим беришни баланд жойга сув чиқариш азоби билан тенглаштиришади…
– Шунга яқин яна бир гап айтмоқчиман. Муаллимни ҳурмат қилган талабанинг ақлли бемор шифокорнинг айтганини қилиб тез тузалганидек, кундан-кунга билими ортиб боради. Демак, ўзига сабоқ бераётган муаллимга унинг ишончи кучли бўлиши керак…
– Дарсга бирон сабаб билан кеч келган талаба қиз, ўзига ҳамманинг эътиборини тортиб, туфлисини тақиллатиб олдинга ўтмасдан, бир чеккадан жой топиб ўтириб, танаффусгача сабр қилиши керак…
– Қизларнинг ўз билимларини намойиш этиш учун бировларнинг суҳбатини бузиб, ўртага суқилиб, ўзиникини маъқуллаши ҳунук кўринади…
– Айтилганни ўқиб бўлдим, бундан ортиқ билишим – ортиқ, деб қаноатланиш калтабинликни англатади. Киши ўзи билганидан ортиқроқ яна нима ўрганиш имкони бўлса, албатта, ўрганиши керак…
– Ўз билганларини дугоналарига ўргатишдан қизғанмаслик керак. Шу ўргатгани учун бирон нарса таъма қилиши ҳам яхши эмас. Таъма – кишининг кишидан кўнгли қолишига олиб келадиган, ишончини йўқотадиган ярамас иллат…
– Қийинчиликлар инсон зеҳни, идроки, ақли, тафаккурини чархлайди, деб бежиз айтишмаган, ҳақиқий илм ҳеч қачон осонгина киши онгига жойлашиб олмайди. Дугоналаримиз қийинчиликдан қўрқишса, ожизлик ботқоғига ботишади…
–…
– Ойим қизлар! Барча фикр-мулоҳазаларни ҳаммамиз диққат билан эшитганимиздан, бир-биримизни тўлдирганимиздан, айрим фикрларга ҳатто кескинроқ бўлса-да эътироз билдирганимиздан бугунги мавзуга ҳеч биримиз бефарқ эмаслигимизни англаш мумкин. Бугунги суҳбат мавзусини биргаликда ва кўп қиррали қилиб ёритганимиз яхши бўлди. Айтганларимиз фақат талабаларгагина оид эмаслигини ҳаммангиз яхши англаб турибсиз. Фақат уларга амал қилиш ёдингиздан чиқмасин! Шунга кўра:
Дуо: Илоҳо илмга, билимга бўлган самимий ва чин ихлосингиз кам бўлмасин! Кишининг ҳақиқий бойлиги илми ортидан келадиган маънавий бойлик эканига ишонч қалбингизни машъалдек ёритиб турсин!
НАЗОКАТ
Ёшликда инсон куй ва қўшиққа жуда берилувчан бўлади. Сиз ҳам шундайсиз, албатта. Баъзида уйда ҳеч ким йўқ вақтида ойингиз буюриб кетган, аммо ўзингизга унчалик ҳам ёқинқирамайдиган уй йиғиштириш, чанг артиш, чинни турган жовонларни тозалаш каби ишларни бажаришни енгиллатиш учун магнитофонни аста хиргойи қилдириб қўясиз-а? Кейин ўзингиз ҳам сезмаганингиз ҳолда қалбингизга тўлқин бўлиб кирган куй оҳангига шундай эшилиб-эшилиб рақс тушасиз-ки, кўрган одам сизга маҳлиё бўлмай иложи йўқ. Аммо сизни ҳеч ким кўрмайди. Бу кичик сирингизни ошкор қилаётганимиз учун узр. Лекин айни мана шундай қалб «эриган» пайтда қалбу жисм ҳаракати уйғунлиги содир бўлади. Буни ўзингиз ҳам сезасиз. Назарингизда, ҳаётингизда бир пиллапоя кўтарилгандек бўласиз. Тўғри, шундай ҳис қилишингиз ҳам табиий, чунки бу хаёлий пиллапоя – назокат пиллапоясидир.
«Янги келинчаклар каби бизга хиром айлаб келинг…»
Бу қўшиқни ҳам кўп эшитгансиз. Балки дилингизда байтнинг оҳангига эргашиб, қилаётган ишингизни ҳам унутиб, у ёқдан-бу ёққа «янги келинчаклар каби» юриб ҳам кўргандирсиз?
Янги келинчакнинг чиройли юриши – хиромида ўзига хос ибо, иффат, назокат ва гўзаллик бўлгани учун неча-неча бор уларга маҳлиё боққансиз, албатта. Ҳозир эса уларга тақлид қилаяпсиз.
Янги келинчакларнинг юриши бўлакча эканининг сири нимадалигини билишни истайсизми? Янги келинчаклар ўзларига ҳамма қизиқсиниб қарашини яхши биладилар. Шундан ҳар бир хатти-ҳаракатларини ўзлари синчковлик билан назорат қиладилар. Ҳар бир одим, бурилишларигача кўзгу олдида, бунинг имкони бўлмаса – хаёлан неча-неча бор машқ қиладилар. Шунинг оқибатида улар шунчаки юрмайдилар – хиром айлайдилар, яъни чиройли ва нафис юрадилар. Янги келинлар шарақлаб кулмайдилар – чиройли ва майин табассум қиладилар… Айни келинлик пайтида улар ҳамма нарсалари чиройли бўлишини жуда-жуда истайдилар. Истак ва ҳаракатлари уйғунлашиб, оқибат шоирона ташбеҳларга лойиқ бўладилар. Келинликнинг ўзи назокат, гўзаллик, нафосат тимсолига айланади. Ишончим комил, бу туйғуларни ҳар бирингиз, албатта, бошингиздан кечирасиз. Фақат бу жуда тез ўтиб кетмаслиги керак.
Бизга, қиз-аёлларга чиройли, назокатли кўриниш истаги, шундай бўлишга интилиш ва уриниш ҳамиша ҳамроҳ бўлиши кераклигини суҳбатларда қайта-қайта таъкидлаб ўтишимиз бежиз эмас. У ёғи ўзингизга боғлиқ.
Бу гапларни келинлик остонасида турганингизда айтаётганимизнинг боиси, айнан ҳозир сизнинг оламга-ю одамга, ҳамма-ҳамма нарсага қизиқишингиз ортган пайт. Айнан ҳозир ҳаёт, турмуш, муносабатлар, муҳаббат ва назокат бобида кўрган, эшитганларингизни илиб олиб, умр дастурингиз бобларига «михлаб» қўясиз.
Қиз боланинг, аёлнинг юриш-туриши, гап-сўзи назокатли, дилбар бўлиши керак, деган кўрсатмани қалбингизда айнан шу вақтда қарор топтирсангиз яхши бўлади.
«Агар аёл эркакликни даъво қилмай, охиригача аёллигини қилса, у кўпроқ иззат-ҳурматга сазавор бўлади. Аёлда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш унга зиён етказиш демакдир», деган экан бир донишманд.
Бу фикрни бир мушоҳада қилиб кўринг.
Аёллик… Эркаклик… Бу тоифаларни бир-биридан ажратиб турадиган хислатларни яхши биласиз. Қолаверса, «қиз бола», «аёл» тушунчалари, уларга ҳамроҳ жисмоний ва маънавий фазилатлар ҳақида кўп эшитгансиз, кўп ўйлагансиз. Ҳамма нарса сизга тушунарлидек. Бироқ негадир бунга лўнда таъриф беришга қийналяпсиз-а?
Одатда, имтиҳон вақтида жуда яхши тайёрланган саволингиз тушиб қолганда ҳам шундай бўлади-а? Лўнда таъриф қидириб уринмай ҳам қўя қолинг. Аёллик, бу – аёллик! Ана шу қисқа сўзда аёлларга, яъни бизга хос бўлган ташқи ва ички дунё акс этмайдими ахир?!
Сифатларга келсак, улар жуда кўп. Эркакларга кўпроқ меҳнатга ғайрати, жамоатчилик фаолияти, ташкилотчилиги, рўзғор сардори, куч-қудратига қараб баҳо берилади. Бу сифат, фазилатлар уларда етакчи ҳисобланади. Аёлларда эса кўпроқ назокат, меҳр-шафқат, эзгу ҳис-туйғуларга тўлиқлик устувордир. Нафсиламбирини айтганда, айнан шу хислатлар аёлга кўп қийинчиликларни енгишига, зиддиятларни бартараф этишига ёрдам беради.
Кўриб турганингиздек, қиз, аёлларга нисбат берилганда биринчи бўлиб «назокат», «дилбарлик» сифатлари эсга келади. Айнан шу сўзларда қиз-аёлларга хос бўлган хулқ, ахлоқ, одоб акс этади-да.
Назокат, дилбарлик деганда мулойимлик, нозик хатти-ҳаракат, юмшоқлик тушунилади. Қаттиқ гапириш, қаттиқ кулиш, қўлларни силтаб, ҳаммани ўзига қаратиш назокатдан йироқдир. Аксинча, тили ширин, чеҳраси гулгун, иболи, малоҳатли қиз-аёллар ўз оиласининг бахту саодати, ота-онасининг фахри бўлибгина қолмай, ўз элининг, миллатининг кўрки ҳам.
Демак, қизларда, аёл кишида, биринчи навбатда, ақлу фаросат, идроку назокат бўлиши керак.
Яна бир нарсага эътибор бериш керак. Назокат ҳамиша меҳр булоғидан сув ичади. Меҳр эса аёллигини англаган, зиммасидаги вазифа ва бурчларни шараф деб билганларда тинимсиз жўшиб туради.
Дилида меҳри йўқнинг файзи, назокати ҳам йўқ бўлади. Аёл киши нима учун яшаётганини, оила, турмуш, бола-чақа, эр нима эканини чуқур англаб етмаган бўлса, турмушдан ҳеч қандай лаззат топа олмайди.
Назокатли аёл ҳар қандай шароитда ҳам ўзини тута билади, номус ва иффатини, қадр-қимматини, шарм-ҳаёсини сақлаб қола олади. Том маънодаги назокатли аёлга (қизга) ёмон эркакларнинг тегажоғлик қилишга ҳам ҳадди сиғмайди. Бундайлар қаршисида энг чапани эркаклар ҳам вазминлашади. Кўп давраларда назокатли аёлларнинг салобати босиб, зиёфатлар чиройли ўтади.
Бундан чиқадиган хулоса шуки, қиз-аёлларнинг назокати уларнинг феъл-атворида, хулқининг латифлигида, одоб, тарбия ва садоқатида намоён бўларкан. Қизлар маънавий камол топаётганда ўз руҳиятларига масъуллик, бурч, уят, меҳрибонлик, фидойижонлик, жигаржонлик, вафо билан бирга, назокатни ҳам сингдириб боришлари керак. Шарқона феълимиздаги қондан-қонга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган орият туйғуси, авлодларнинг, хусусан қиз-аёлларнинг шаънини пок сақлаш, оилани муқаддас билиб, унинг шаънига доғ туширмаслик туйғуси қизлар учун жавоҳирлардан ҳам юксакроқ фазилатдир.
Шундай хислат-фазилатларни ўзида мужассам этган қизлар ўз уйларида ҳам, келин бўлиб тушган оилаларида ҳам, жамиятда ҳам нозик гул мисол ардоқланадилар ва эъзоз топадилар.
Дуо: Илоҳо, қалбингизнинг нафосату назокати кўзларингизни ҳамиша нурлантириб турсин! Илоҳо, «дилбар келин», «дилбар аёл» ташбеҳи сизга ҳамиша йўлдош бўлсин! Омин!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?