Текст книги "Келиннома"
Автор книги: Рахима Шомансурова
Жанр: Руководства, Справочники
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 34 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]
БИРЛАРИ – ҚУЁШ, БИРЛАРИ – ОЙ
(Уч йиллик келин иқрори)
Тасаввур қилинг…
Тўй ўтди… Эртасидан янги ҳаётингиз бошланади. Атрофингизда янги одамлар… Одатда, бир кунда ўтадиган тўй тараддудига кўп вақт сарф қилинади. Ундан кейинги ҳаёт, янги шароит, янги одамлар билан муносабат ҳақида эса кўп қайғурмаймиз ҳам.
Дастлаб нотаниш кўринган бу одамлар сизга бегона эмас. Келинг, бир ҳикоя айтиб берай…
Бола эдим… Қўшни аёл чиқиб ойимлар билан ҳасратлашиб ўтирарди:
– Бирон марта бўлсин «Ойи!» деганини эшитмадим-а?! Бегонаманми унга, оппоғойи, айтинг, бегонаманми? Қанча жафо чекиб келин қилганман ахир! Аёл боши билан у билмаса қадримни – ким билади?! Отаси насиҳат қилмабди, онаси ўргатмабди-да! «Қизим, у ердагилар ҳам бундан кейин сенга – ота, она!» дейишмабди. Тилларига тирсак чиқибдими уларнинг…
– Эсизгина… «Келин бахти – тилида» деб шунга айтадилар-да…
Қўшни аёл чиқиб кетганига анча бўлган эди. Катталарнинг гапига қулоқ солишга одатланмаган эдик. Шунинг учун ҳам ойимлар ўша куни қўшни аёлни қандай, нима деб овутдилар, билолмадим. Ҳозирги гапни эса улар чамаси ўз хаёлларига якун ясаб айтдилар шекилли. Балки биз, қизларини эшитишсин деб, атай айтгандирлар. Опаларим ўшанда юқори синфларда ўқишар эди-да.
Ҳа, анча йиллар ўтди. У вақтдаги болалар, мана энди ўзимиз ҳам қайнона– қайнота, бува-буви бўлиб ўтирибмиз. Хўш, қайнона – келин муносабатлари-ю, оиладаги бошқа муаммомуносабатлар ўзгардими? Ҳаммаси аввалдагидек…
Икки йилча аввал дарсдан чиқиб келаётсам, яқингинада келин бўлган талабамиз айтадиган гапи борлигини, бироз вақт ажратишимни илтимос қилди. Бўш аудиторияга кирганда келингина шундай деб нолиб қолди:
– Тўйимизга бир йил ўтмасдан қайнонам ҳам, қайнотам ҳам жуда ўзгариб қолишган. Авваллари жуда меҳрибон эдилар. Дастурхонга ўтирганимизда доим олдимга уни-буни суриб қўйишарди. Тансиқроқ пишириқларни дастурхоннинг бир чеккасига ўраб, келгунимча илиниб ўтиришар эди. Ҳозир ҳамма нарса ўзгарган… Гўё мен йўқдекман… Турмуш ўртоғим эрта кетиб, кеч келадилар. Устоз, мен оиламга тобора бегоналашиб бораяпганимни сезиб, тобора даҳшатга тушаяпман… Нима қилай? Онамга айтсам, икки оила ўртасига совуқчилик тушириб қўяманми деб қўрқаяпман…
Гапнинг рости, келингинанинг мулоҳазакорлиги ёқди менга. Кўза синиб улгурмай, ташвишга тушибдими, худо хоҳласа, бахтини маҳкам ушлайдиган қизларимиздан бўлади, деган ишонч билан чин дилдан уч-тўрт марта суҳбат қурдик. Аниқроғи, опа-сингил бўлиб, турмушларини холис таҳлил этдик. Ўша келинимиз яқинда миннатдорчилик билдиргани атай келибдилар. Келинг, бор гапни шу келингинанинг ўзларидан эшитайлик. Сабоҳатой, келинг, ўзингиз сўзлаб беринг…
– Устоз тўғри айтдилар, опа-сингилдек самимий бир сидра турмушимизни таҳлил қилгандан сўнг кўп нарсага бошқача кўз билан қарай бошладим.
Кўплар тилидан «Ойижон! Адажон!» сўзларини қўймайдиган келинларни «устомон, артист келин экан» дейишади. Аммо ютгандан тили ширин келинлар ютар эканлар! Чунки кексалар яхши гапнинг гадоси, уларга ширин сўздан бўлак ҳеч нарса керак эмас экан… Буни англаб етмаганлар турмушда кўп муаммоларга дуч келишади. Шуларнинг бири мана мен бўлдим…
Авваллари уйдагиларнинг менга бунчалик меҳрибон бўлганларининг асл сабаби менинг бу оилага янги келиб қўшилганлигим, уларга тез ўрганиб, ўз уйимдек ҳис қилишим учун эканлигини устоз айтганларидан кейин англадим. Тортинмаслигим учун қайнона ойимлар ва қайнотамлар уни-буни олдимга суриб қўйишар, ўғлилари, қизлари кўргани келганда олиб келишган нарсаларни емай, менга илинишар экан. Мен бўлсам буларни улар менинг бу уйга бойвучча келин номи билан келганим учун, мол-ҳолим тўкислиги учун қилишаяпти деб ўйлабман. Калтабинликни кўринг… Бу меҳрлари учун мен уларга ҳатто раҳмат ҳам демасдим. Худди ҳаммаси шундай бўлиши керакдек. Билсам, улар менга меҳр кўргизиб, меҳр кутишган экан. Баъзи дугоналарим «уйимдаги кексаларни сийлай» деб у-бу ширинликлар олиб кетишса, менинг ғашим келарди. Менчи…
Ўқишдан келишимни кутиб илиниб ўтирган овқатларини ердим-у, раҳмат демай, идишни ҳам ювмай кириб кетардим. Дарсим кўплигини баҳона қилардим. Айвонда мўлтайиб қолишарди. Кейин қайнонам инқиллаб (беллари оғрийди) туриб, ўзлари ювиб, дастурхонни қоқиб, тахлаб қўярдилар. Уйда кунларим ҳам уларни бирон тансиқ таомлар билан сийламасдим. Бир дамгина ёнларида суҳбатлашиб ўтирмасдим…
Шу тариқа секин-секин узоқлашиб боравердик. Аввал мен уларни пайқамагандек бўлсам, бора-бора уларга уйда борйўғим ҳам билинмайдиган бўлди. Қилмишимга яраша жазойимни олдим.
Кўзимни устоз очдилар. У киши «Боқиманда бўлиб қолибсиз-ку!» дедилар. Аввал жаҳлим чиқди. Кейин тушуниб етдим. Тўғри айтибдилар. Ундан ҳам баттар, тирик товон бўлиб қолибман. Вақт-вақти билан одам ўзини таҳлил қилиб туриши кераклигини ўргатдилар. Ўзингиз ўйланг… Сиз шу оилага келиб қўшилибсиз-у, бирон бир нарсага ўз ҳиссангизни қўшмабсиз… Йўлкира ва овқатингизга куёв берсалар, кексалар қўлларидан келганича кўнглингизга қарашса… Сиз нима қилдингиз, дедилар… Биринчи навбатда, кексаларнинг кўнглини олинг, деб тайинладилар. Сизни уч йилдан бери биламиз, аммо сиз бундай эмас эдингиз, деб ўзимга четдан назар ташлашни ўргатдилар.
Ота-онангизнинг иқтисодий мавқеи қайнона-қайнотангизникидан бироз «баландроқ» бўлиши мумкиндир. Аммо бундай ҳол сизни уларга нисбатан такаббурроқ бўлишингизга сабаб бўла олмайди. Негаки, биринчидан ҳеч ким сизни шу хонадонга келин бўлишга мажбурлагани йўқ. Ўз ихтиёрингиз билан, уларни ўзингизга тенг билиб келгансиз. Шуни англаган бўлсангиз, шу ерда униб-ўсишни, уларга яхши фарзанд тенгида бўлишни чин дилдан ният қилсангиз, такаббурлик, манманликни ўзингиздан йироқ қилинг. Негаки яхши фарзанд ота-онани ҳурмат ва иззат қилади. Асло улардан олдинда юрмайди. Ҳар сўзларини инобатга олади. Такаббур ва манман кишига сўз уқдириш эса баланд жойга сув чиқариш каби амри маҳолдир. Бирларини қуёш, бирларини ой билиб, улар «етовига юрсангиз»гина, сўзларини қулоққа олсангизгина, яхши табибнинг маслаҳатларига кирган бемор тез тузалиб кетгани каби, сиз ҳам ўзингизга кўп манфаат келтирасиз. Яъни шу ерда «ўсиб-унишингиз» тез ва соз кечади, деб тайинладилар. Қайнона-қайнотангиз, қайин-бўйнингиз олдида сиз қанча камтар ва одобли, мулойим бўлсангиз улар кўзи ўнгида даражангиз шунча ошиб, қадрли бўлиб бораверасиз. Бошқаларга доим мурувват кўрсатганларгина меҳр, иззат ва икром топади, дедилар.
Орадан кўп вақт ўтгани йўқ. Турмуш тарзим бутунлай ўзгарди. Яхшилик билан кишининг кўнглини олиш осон экан. Қайнона-қайнотамларнинг аввалги меҳрлари қайтди. Уст-устига яхшилик кўрсалар одамлар, айниқса, кексалар дилларини хира қилган вақтларни тез унутиб, юзлари ёруғлашиб бораверар экан. Йўнилмаган таёқдек юрган эканман. Энди бирам яйраяпман улар бағрида. Ўғилчам катта бўлаяпти…
Дуо: Илоҳо, қалбингизни меҳр ва муҳаббат тарк этмасин! Бошингиз узра қуёшингиз, сўлимгина моҳингиз сўнмасин!
КЎПДА БАРАКА, АҲИЛЛИКДА ҲИКМАТ БОР
Аксарият қизлар катта хонадонга келин бўлганларидан нолийдилар:
– Келин бўлганимдан бери ҳар оқшом ўн иккита коса, шунча қошиқ, шунча пиёла юваман!
Ўзини билган киши катта ва аҳил хонадонга келин бўлганидан хурсанд бўлиши керак. Чунки кўпда барака, иноқликда қудрат, аҳилликда ҳикмат, сахийликда файз бор.
Сиз-чи, сиз қандай жойга келин бўлаяпсиз? Агар сиз ҳам катта хонадонга келин бўлиб тушаётган бўлсангиз, суюнишингиз керак. Негаки сизнинг камолга етиш суръатингиз тезлашади. Нега тезлашмасин? Ахир сизда оила аъзоларининг ҳар биридан ўзингизда йўқ бир кичик фазилатини бўлса ҳам юқтириш имкони яратилади-ку.
Биринчи суҳбатларимизданоқ эътиборингизни қаратаётганимиз ҳамда ҳар томонлама таърифини бераётганимиз ОИЛА аввало жамоадир. Жамоанинг зарур шарти – узоқ йиллар бирга яшашни мақсад қилиб, бир-бирига мослашув, келишув, бир-бирини қўллаган ҳолда илгарилаш. Кексаларимиз буни сермаъно қилиб муросаи мадора дейдилар. Сиз жамоанинг аъзосимисиз, шуни истайсизми – истамайсизми, жамоа билан ҳисоблашмай ҳеч бир иложингиз йўқ. «Келин киши – кенг киши» деган гапни эшитганмисиз? Бу бизнинг феълимиз ниҳоятда кенг бўлиши кераклигига, барчага баробар муомала қилишимиз кераклигига, ҳуда-беҳудага ўзимизни биринчи, яъни «йирик план»га олиб чиқаверишимиз ноўринлигига ишора.
Оила қуриш остонасида турган экансиз, сиз буни тўғри тушунишингиз, чуқур англаб етишингиз керак.
Жамоага қўшилган киши шу жамоа билан ҳамнафас бўлиш, ҳамқадам бўлиш каби хайрли ниятдан мосуво бўлса, янги жамоани қабул қилишга интилмаса, унинг ажралмас аъзосига айланмаса, жамоа уни ёт унсурдек ўзидан ситиб чиқариб ташлайди. Чунки оила узоқ йиллар мураккаб синовлардан ўтган жуда мукаммал жамоа, мустаҳкам механизмдир. Унинг ҳар бир муруввати ҳалол ишламаса, яъни оила аъзоларининг ҳар бири ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажармаса, унинг вазифаси оиланинг бошқа аъзолари зиммасига тушади. Демак, мураккаб механизмнинг бошқа муруввати бу ортиқ юкдан зўриқиб, охири бузилиши муқаррар. Бунга, ўзингиз кўргансиз, эшитгансиз, ҳаётда мисоллар жуда кўп.
Ўйлаб чиқараётганим йўқ, яқинда бир қўшнимиз келин туширди. Оила аъзолари беш кишидангина иборат жамоа бўлди: қайнона, куёв, келин, келин айтмиш «эрини ўлдириб қайтиб келган» қайинэгачи ва унинг беш яшар қизи.
«Қайинэгачи» сўзидан ва «қайтиб келган» сифатиданоқ кўпчилигингиз бир сапчиб тушдингиз-а?! Аммо ҳамиша ҳам уларга шундай «ёв қараш» қилишимиз керакмикин. Худо ҳаммамизни ҳар турлук қилиб яратгани каби қисматимиз ҳам ҳар турлук-ку. Шу турлук қисматни турлукча кўтарамиз ҳам.
Қўшнимиз хонадонидаги қайнона олтмиш ёшларда, касалманд, аммо ҳали ҳам хизматда, уй ишларига қарашишга ҳам қодир. Қайин ота қазо қилганлари сабаб, бу хонадонни бошқариш ҳам она зиммасида. Ўғил энди оила қурди ва она елкасидаги шу «бошқарувни» тезроқ ўғилга ўтказиб, зиммасидаги оғир юкдан қутилсам дейди.
Баланд қаватли бинонинг беш хонали хонадонида яшашади. Келиннинг феъли торлик қилмаса, «муросаи-мадора» тақчиллиги бўлмаса, бинойи яшаш мумкин. Бинойи яшаб келинаётган эди ҳам. Тиқ этган товуш чиқмасди бу хонадондан. Келин келгунича шундай эди. Келин келгач эса…
Келин янги оилани, янги жамоани қабул қила олмади шекилли, янги жамоа билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қилмади. Мураккаб механизмнинг бир муруввати бўлиб оилага кирдию, ўзига лойиқ юкни зиммасига олмади. Чамаси у оила тутишга тайёрланмаган ёки ўзини шундай тутиши кераклиги ҳақида кўрсатма олган. Балки ўзига ўзи бергандир бу кўрсатмани. Аммо бунинг нотўғрилигини вақтида англаб етмади. Оқибат – яккаланиб қолди. Гаҳ десам, қўлимда-ку деб ўйлаган эри ҳам унга суянч бўла олмади. Чунки унинг тарбияси бўлакча, ўзига кўрсатмалари бўлакча. Хуллас, келин янги оилага ёт унсурдек қўшила олмади, унинг ажралмас аъзоси бўла олмади…
Тўйдан кейиноқ у ҳаммадан кеч туришни одат тусига киргизди. Ўрнидан тургач, шоҳи халатига ўралганича чиқиб, бир япроқ пишлоқ билан бир бокал кофе ичиб, яна қайтиб ўз ётоғига кириб кетади. Бир-икки ҳафта шундай давом этди. Бир куни пешинда тушлик қилишаётганда:
– Ҳамма келин-куёвларнинг «асал ойи» бўлади. Бизда ҳам ҳеч бўлмаса уч кун «асал ойи» бўлсин! Биз Бахтиёр акам билан ана шу «асал ойи»мизни тоғда, «Пирамида»да ўтказамиз… – деб эълон қилди.
Бахтиёр акасининг юзида ажабланиш ҳисси қотди-ю индамади.
Қайтиб келишгандан кейин ҳам кунлар шу тариқа ўтаверди. Келин пешингача ухлайди. Пешинда туриб эрталаб қайнона ёки қайинэгачи тайёрлаган нонуштани ейди. Кейин икки соатлар телефонга «осилади». Кейин ўз хонасига кирганича йўқ бўлиб кетади.
Эри ишдан қайтишига яқин пардоз-андоз қилиб, эрни кутиб олишга эшик олдида шай туради. Эрининг юзидан ўпиб, қўлтиқлаб ўз хоналарига етаклайди.
– Овқатга чиқинглар, – дейилгачгина шоҳи халатда столга келиб ўтиради. Худди овқатни ўзи пиширгандек қозон тепасига бориб, овқат олдини ўзи ва эрига сузиб олади. Бошқаларни кутиб ҳам ўтирмай, ликобчалардаги салатларни олдига сурганича еябошлайди.
Ўзини ўта эркин тутишидан янги уйга тез киришиб кетибди, ўзиники қилиб олибди, деяётгандирсиз? Шундаймикин? Бир ойдан сўнг ўртага нозик масала қўйилди-ю ўзи таранг муҳит портлаш даражасига келди. Ва портлади.
– Уйимиз катта, уни сотиб учта квартира олиш мумкин, – деди келин, – бизга, ойимга, қайинэгачимга… Ҳамманинг бир ерда яшаши шарт эмас-ку…
Дабдурустдан айтилган гап қайнонани шошириб қўйди. Мияси ғувиллаб кетди гўё.
– Болаларимнинг отасидан қолган уй бу… Сотилмайди ҳам… Бир мусулмон набира қизимга оталик қиламан деса, опангизнинг бахти очилиб кетар… Шундайлар ҳам бор… Аввал укамни уйлантирайлик, сизни укам ва келиним қўлига топшириб, хотиржам бўлай, деб опангиз кўнмай юрувди…
– Мен современный келинман!.. – шундан кейин келин бемор онага меҳр кўрсатиш унинг зиммасига кирмаслиги, колхоз бўлиб яшашга унинг иштиёқи йўқлиги, эри топганини катта оилага сарф қилиб, ўз орзу-ҳавасига қарай олмаётгани ҳақида ҳаяжон билан гапирди. У ҳозир гапириб олмаса, кейин ҳамма ўйлагани чилпарчин бўладигандек тез-тез ва мантиқсиз гапирарди. Ёшлигидан чиройли жойларга келин бўлишни орзу қилганини ҳам, «шўр пешона» бўлмаса, домга тушмаган бўлишини ҳам, онаси отасини «Қизингга участка олиб берасан!» деб қийнаётганини, лекин у участкага булар билан кўчмаслигини… Хуллас, ҳеч нарса қолмади – ҳаммасини тўкиб солди…
Ва ўша куни «ғишт қолипдан кўчди». Бир янги қурилган оиланинг икки аъзоси икки ёққа қараб кетди. Йигит бундай хотин билан яшай олмайман, деб туриб олганида, она ҳам, опа ҳам келиннинг ёнига тушиш, уни қайириш учун келиннинг бирон яхшилигини топиша олмади. Яхшининг ёнига тушилади-да.
Уларнинг ҳаёт йўли қайта яна кесишиши амри маҳол… Сутда оғзи куйган, сувни ҳам пуфлаб ичади…
Ҳозир мени тинглаб туриб, овозимдаги афсус, бироз ранж ва ачинишни сезиб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Ҳа, тўғри, афсус ва ранж кўпроқ. Бировлар экан-ку, сизга нима дерсиз. Умуман, жичча ёмонлик олдидан ҳам бефарқ ўтиб бўлмайди, у катта кулфат келтириши мумкин. Афсус ва ранжим келиннинг ўз ҳаёти, бахти учун жонини фидо қилишни истамаганидан. Ўздан кечиб бўлса ҳам, бировларнинг кўнглини олмаганидан. Ахир у шу оилага ўз ихтиёри билан келин бўлди, лекин нега шу жамоага киришиб кетишга ҳаракат қилмади?
Ўзингиз ўйланг. Ҳар биримизнинг ҳаётимиз умр бўйи асосан икки жамоа билан боғлиқ экан. Биринчи жамоамиз – оиламиз. Иккинчи жамоамиз – боғча, мактаб, институт, идора, муассаса, корхона ва ҳоказо… Қайси ёшда ва қандай жамоада бўлмайлик, кўпчилигимиз шу асосий икки жамоада ўзимизга икки хил кўрсатма берар эканмиз. Қандай дейсизми?
Диққат қилинг: турли тоифа, турли ёш, турли феъл-атвордаги кишилардан таркиб топган иккинчи жамоамиз – боғча, мактаб, институт, иш жойимизда биз атрофдагилар билан юлдузимизни юлдузимизга тўғрилаш учун қўлимиздан келган барча ишни (баъзида қўлимиздан келмайдиганини ҳам) бажарамиз. Бошлиқнинг қош-қовоғига қараб турамиз. Унга нима ёқишини, нимани хуш кўрмаслигини махсус ўрганамиз. Унинг яққол кўзга ташланиб турган камчиликларини кўриб туриб, кўрмаганга оламиз ёки кечирамиз. Бошлиқнинг кўп ишларига ғашимиз келганда ҳам, буни асло сездирмаймиз.
Бундай диққат билан мулоҳаза қилсак… Айнан иккинчи жамоамизда биз ёшликдан кўп маротаба эшитганимиз, турмушимизда дастуримиз бўлиши керак бўлган «умр – муросаи мадора» нақлига риоя қилиб, яшашнинг олий намунасини кўрсатарканмиз! Ўзимизга шундай кўрсатма берганмиз-да!
Боғчага қатнай бошлагандан бери «урушқоқ қиз» номини олмаслик учун бошқа болалар билан талашиб-тортишмаслик, озода қиз бўлиш, бошқалардан ўйинчоғимизни қизғанмаслик кўрсатмасини олганмиз. Буни бизга ота-онамиз ҳар куни сингдиришга ҳаракат қилишарди. Лекин «ёмон қиз» бўлиб қолмаслик учун айтганларини эсимиздан ҳеч чиқармасликка интилардик.
Мактабда кўплар билан аҳил бўлишга ҳаракат қилмасмидик?
Нега ҳаётимизда асосий жамоа ҳисобланган – ОИЛАда айримларимиз ҳалиги келин каби ёт унсурдек тутамиз ўзимизни? Оқибатини эса кўрдингиз.
Дуо: Илоҳо, ҳеч бирингизни бировларга меҳр, шафқат, мурувват кўрсатиб завқ олиш, тозариш ва юксалиш бахтидан бенасиб қилмасин. Кўпдан оладиганимиз барака, иноқликдан оладиганимиз қудрат, аҳилликдан оладиганимиз ҳикмат, сахийликдан эришадиганимиз файз қалбимизга қувват бериб турсин!
ТУРКАНА ЎГИТЛАР
Яқинда бир китобда «туркана» сўзи «туркона» сўзидан келиб чиққани ҳақида ўқиб қолдим. Шунинг учун ҳам бу сўз аксарият ҳолларда туркий халқларга, яъни «ўзимизники», «шарқона», «халқона» маъноларини ўзида яшириб келар эканда, деган хаёлга бордим. Халқ табобатида туркана дори-дармонларнинг ўзимизга тез таъсир қилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Ўзимизники-да! Туркана ўгит-сабоқларнинг ҳам таъсири ниҳоятда кучлилигига неча бор тан берганмиз.
Бу ўгитларнинг қуруқ илмий тилда эмас, ҳикоятлар, ривоятлар, ҳатто «фалончи айтди» тарзида келиши ҳам кўпчилигимизга маъқул. Ўша фалончи ўз ҳаёт тажрибасидан, яъни «бошидан ўтказганига» ҳам ишончимиз комил!
Бундай ўгитлар бир томондан зериктирмаса, иккинчи томондан уларда ўзингизга албатта сингдиринг деган мажбурият ҳам йўқ. Хоҳланг, қабул қилинг, хоҳланг, қабул қилманг! Ҳа, бир эшитиб қўйсангиз бас! Яна бир сирни ҳам айтиб қўяй. Шу ўгитларда келтирилган ҳикоят, ривоят, насиҳат, ўгитлар ҳозир миянгизга жо бўлмаётгандек кўринса ҳам, ахир бир кун хотирангиз захирасидан албатта қалқиб чиқади. Қалқиганда ҳам айнан сизнинг дунёқарашингиз, лўнда ҳаётий хулосангиз сифатида қалқади. Вақтики келиб ўзингиз ҳам туркана ўгитлар айта бошлаганингизни сезмай қоласиз.
Қуйида турли вақтда турли ҳаётий воқеалар сабаб бўлиб, бир эшитганда хотирамга жо бўлган, кейинчалик мана шундай учрашувларда турмуш сабоқлари тарзида хотирамда қалққан туркана ўгитлардан намуналар келтирамиз.
Етилиш
– Бошоқ тўлишганда, пишгандагина ўрилади, айланай болам! Вақтидан аввал ўрилса, ейдиган нонимизнинг сифати ҳам айтарлик бўлмайди. Кўтарган хирмоннинг ҳам ичидан чириш, қизиб, ўт кетиш хавфи бор. Вақти ўтказилса – бошоқлар тўкилиб, исроф бўлиб, барака кетади… Ёшларнинг балоғат ёшига етди дегани, ҳали уларнинг оила қуриш учун етилганини билдирмайди. Кўпинча боламизнинг бўйи бўйимиз билан тенг бўлди, ёши балоғат ёшига етди деб, ҳовлиқиб сарполарини тайёрлаб, ўғлимизга келин қидирамиз, қизимизга куёв мўлжаллаймиз…
Аслида улар ҳали етилмагандирлар ҳам. Яъни ақл ва идрок билан, юрак қўри билан ҳаётнинг, турмушнинг моҳиятини, оиланинг шоҳ масаласини тушуниб етмагандирлар ҳам. Том маънода етилиб улгурмаганлар турмушнинг илк «мушти»даноқ ўзларини йўқотадилар. Майда икир-чикирлар ҳам уларга муҳим ва биринчи даражали бўлиб кўринаверади. Оқибат – ажралиш…
Масаланинг яна бир томони: осон топилганни йўқотиш ҳам осон бўлади. Тўғри, биз болаларимиздан ҳеч нарсани аямаймиз. Лекин улар шуни англаш, шуни қадрлаш даражасида етилмай туриб, тайёргинага эга бўлаяптилар-да. Ажралишларнинг кўплигига сабаблардан бири уларнинг ҳаётнинг асосий, яъни шоҳ масаласини англаб етмаганларидир…
Одатда, бу мавзу суҳбатлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Ёшларни оилага тайёрлашнинг энг зарур шартлари ҳақида бетиним баҳслашилади.
Ёшинг улғайгачгина мунозарадан ҳоли хулосага келиш мумкин экан. Шундай фикрларнинг бирини айтсам: назаримда Одам Ато тоифасидагиларга ҳам, Момо Ҳаво тоифасидагиларга ҳам кичиклигидан меҳрни, ҳалолликни, ички-ташқи покликни, одамга ҳурматни, энг муҳими ўзингдан ўзгага шафқат, ҳамдардликни сингдирилса, улар кейин кўпда қийналмайдилар.
Қиз-йигитларни ҳаётга, оилага тайёрлаганда улар қалбида шу қадриятлар жой олмаган бўлса, оиладаги ҳар бир иш ўзўзидан «ўғил болалар иши» ва «қиз болалар иши»га, кейинчалик эса «эрнинг» ва «хотиннинг» ишига бўлинади. Бунинг оқибати бу юмушлар катта-кичиклигидан, оғир-енгиллигидан қатъи назар – «менинг ишим нима!» дир. Инсон шу тариқа бировга яхшилик қилиб, бировга ҳамдард бўлиб завқ олиш, ҳузур қилиш бахтидан бенасиб бўлади. Бу қалб қашшоқлигига олиб келадиган йўлдир.
Биринчи галда биз ўзимизга ўзимиз хизмат қилишни ўрганишимиз керак. Катта оиланинг бир аъзоси сифатида шу оилага тегишли бирон юмуш қилганда, биринчи галда бу ўзимизга кераклигини ҳисобга олишимиз даркор. Қилаётган ишимизни кўнглимизга малол олиб, унинг натижасидан олдиндан завқ олиб, қувониб ишламасак (ахир яхши бажарсак «баракалло!» эшитамиз, бировнинг хурсанд бўлганини кўрамиз-ку), меҳнатдан оғринадиган, буни миннат биладиган бўлсак, биринчи навбатда, ўзимизга жабр. Бундан бировнинг эмас, ўзимизнинг кўнглимиз кун сайин бир поғона кўтарилиш ўрнига, бир поғона чўкиб, ғуссага кўмилиб бораверади. Негаки, ўзи бировга яхшилик қилиб завқ олмаган киши, бировнинг унга қилаётган меҳрибончилигини ҳам, яхшилигини ҳам пайқашга қодир бўлмайди. Бировлар билан оддий одамий муносабатлардан яйрай олмайди. Дили ҳам, тили ҳам «Яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтариб, мен ҳам бир яйрай!» деёлмайди.
Етилиш деганда, инсон инсонсиз яшай олмаслигини англагани, оиланинг тенг аъзоси сифатида унинг завқи-қувончи билан яшаши кераклигини англагани демакдир.
Оталар сўзи…
Киши болаликда, ёшликда ота-онасидан, кексалардан кўп панд-насиҳат эшитади. Шу заҳотиёқ ёки эртасигаёқ эшитганларига амал қилиб кетмаслиги мумкин. Эшитганлари эътиқодга айланиши учун ҳам киши муайян даврни, оғир-енгил синовларни бошидан ўтказиши керак. Аммо бир нарсага: ёшимиз, мавқеимиз, маданиятимиздан қатъи назар умримиз давомида ҳар биримиз энг мўътабар мезон – ота-оналаримиз ўгитларига тез-тез мурожаат қилиб туришимизга ишонаман.
«Қари билганини – пари билмайди» дейилгани шумикин? Оталар сўзи – ақлнинг кўзи эканлиги ҳам рост-ку. Шулар ҳақида ўйлаганда, тўрда мўйсафид ёки оппоқ сочли онахон ўтирган давра кўз олдимга келади. Қўлларидаги пиёладан озоз чой хўплаб, улар оғир-босиқ, паст овозда сўзлайдилар. Кеча билан бугун, бугун билан эрта ўртасида кўприк бўладилар.
Кўприкда турган кишига икки қирғоқ яхши кўринади. Улар атрофида бошларини эгиб ўтирган ёшлар уларнинг салмоқлаб айтган ҳар бир сўзларини диққат билан эшитадилар, бу сўзлар уларнинг томирига ўт бераётгандек, руҳига жон ато этаётгандек, секин бошларини тебрантириб қўйишади… Ўгитлар – ҳаётнинг жон озиғи.
Бу мумтоз кинофилмдан бир кўриниш эмас. Бу – ҳаёт. Минг шукрки, кўп оилаларимизда сақланиб қолган урф… Бобосидан панд-насиҳат эшитган миллат ёшларининг илдизи нақадар чуқур…
– …Мусиқа асбобларининг бири соз бўлиб, иккинчиси созланмаган бўлса, улар билан ижро этиладиган куй яхши чиқмайди. Оилада ҳам эр хотинга, хотин эса эрга мос бўлиши, ҳар бир хатти-ҳаракати бир-бирига созланган бўлиши керак. Аммо турмушда ҳамиша ҳам шундай бўлавермайди. Худо ҳаммани ўзига яраша феъл-атвор билан яратади-да. Уй-дунёчиликда эр-хотиннинг бир-бирига мослашиб олгунига қадар неча фасл, неча қовун пишиғи ўтади. Кўпинча бу чолғу асбобларини мослашга нисбатан узоқроқ ва оғирроқ кечади. Барибир одам деган Тангри берган ақл билан иш қилсин. Баъзан баланд чиқиб, баъзан паст тушиб шеригининг ҳам ўзига мослашиб олишига қарашсин… Оила қурмоқдан асл мақсад қўлга соз олгандаги мақсад билан ўхшашми – аввал шуни англаш керак. Оила қуришдан мақсад бахтли, тотув яшаш, серфарзанд ва солиҳ одам бўлиш. Қўлга соз олишдан мақсад – чиройли куй чалиб ўзини ҳам, бошқаларни ҳам хурсанд қилиш. Созлар бир-бирига соз бўлмаса, чолғуси соз бўлган созанда маълум пардаларни сабр билан лозим бўлгунча чалиб туриши керак. Чолғусини унинг чолғусига созлаётган созанда эса унга қунт ва сабр билан, ихлос ва энг кераги, катта истак билан эргашмоғи, чолғусини айнан ўша пардада чалиб туриб, оҳанглар бир бўлгунича чарчамаслиги керак. Ана шунда куй чиройли чиқади…
Ҳаётнинг ўзи каби кўҳна бу гапларни машҳур созанда Турғун Алиматов қизлари Мухтасархоннинг эллик йиллик юбилейларида қизлари ҳаётидан кўнгиллари тўлиб айтган эдилар.
Бу гапларни билганлар, ўз қалбларига жойлаб олганларнинг оилавий турмушда, ҳаётда гармонияга, камолотга, муштаракликка интилмасликларига ишонмайман.
Оғриқ тишнинг давоси ҳамиша омбир эмас…
Куни кеча Фалончихоннинг келини кетиб қолибди деб эшитдим. Ҳамма қатори бир оиланинг бузилганига ачиндим. Аёл бўлганим учун аёллар ҳақида ёмон гап айтилишига қаршиман. Лекин айнан шу келиннинг кетиб қолганига ҳайрон бўлганим йўқ. Анча енгилтабиатли кўринганди кўзимга…
Маҳалланинг ичига жойлашган стоматология поликлиникасида даволовчи врач бўлиб ишлайман. Бир куни Фалончихон келинини бошлаб келиб қолди. Дугонамнинг келин туширганига уч-тўрт ой бўлган эди. Ойдеккина келин экан. Аммо биринчи мулоқотданоқ хуснини ҳам унутиб, уни зарядланган минага ўхшатдим. Фалончихон:
– Келинимизнинг тишлари икки-уч кундан бери безовта қилаётган экан, бир кўриб қўйинг, ўртоқжон, қийналиб юрмасинлар! – деди.
Кетаётганида келинига тайинлади:
– Зебохон, мана, доктор опангиз билан таништириб қўйдим. Қўллари енгил. Маҳалламизда ҳамма бу кишидан миннатдор. Айтган вақтларида келиб, албатта тишларингизни даволатиб олинг!
Навбат келинга келганида уни юмшоқ ўриндиққа аранг ўтқаздим. Оғзини ҳам очишни истамасди.
– Тишингиз оғрияптими? – сўрадим.
– Ҳа, жудаям!
– Унда келинг, кўрайлик!
– Оғритасиз!
– Тўғри, балки оғрир, лекин чорасини албатта кўрамиз. Қани, оғзингизни очинг-чи?
– Оғритасиз! Яхшиси укол билан олиб ташланг! – ақл ўргатди келин.
– Оғриқ тишнинг давоси ҳамиша ҳам омбир эмас, қизим! – дедим унга тасалли бериб.
Биз врачлар беморлар билан муомала қилишда анча оғирмиз. Касбимиз шуни тақозо қилади. Лекин келин ўша куни мени жуда қийнаб юборди. Тишининг касали ётар олдида тиши ва оғиз бўшлиғини тозалаб ювмаганининг оқибати эканини айтганимда:
– Катталарнинг ҳаммаси насиҳат қилишни яхши кўради! – деб ранжиди ҳам. У ҳар бир ҳаракатимга ишончсизлик билан қарар, ҳатто даво учун пул беришини писанда қилиб қўярди. Гўё пул берса, оғриқ қоладигандек. Хуллас, унга кетган вақтимда икки-уч беморнинг тишини даволаган бўлардим…
Ниҳоят тишига пломба қўйиб бўлдим. Оғриғи қолганига ишончим комил. Чунки эҳтиётини қилиб, укол қилганман, малҳам қўйганман. Бироз фурсатдан кейин уни қайта ўриндиққа ўтқаздим.
– Яна нима қиласиз? Пломба қўйиб бўлдингиз-ку! – деди.
– Тўғри айтдингиз, ўша қўйилган пломба бироз қотди, энди унинг ғадир-будур жойларини текислаб, ўз тишингиз билан бараварлаб, силлиқлаб қўяман. Шунда лунжингизни ҳам, тилингизни ҳам чақа қилмайди, – дедим унга тушунтириб.
– Керак эмас, яна оғритасиз! – деди ўжарлик билан.
Мен унга энди ҳеч ҳам оғриқ бўлмаслигини, лекин текисланмаса, тилини чақа қилиб оғритишини, овқат чайнашга қийналишини айтдим.
Йўқ, кўндира олмадим. Оҳиста яна тушунтирдим. Инсон тиши учун пломба бегона жисм ҳисобланишини, у тиш билан реакцияга киришиб, уч-тўрт кун ўтмай яна ўз тишидай бўлиб кетишини, оғирроқ бўлиб уч-тўрт кун чидаса, олам гулистонлигини айтдим. Борди-ю табиий озгина оғриққа, ноқулайликка чидамай пломбани кавлаб олиб ташласа, кейинги даво бундан анча оғирроқ кечишини ёш болага тушунтиргандек тушунтирдим. Барибир гапларимни бир мирига ҳам олмади. Оғзидаги сўлак шимишга қўйган пахта золдирларини ҳам олмасимданоқ шартта ўрнидан туриб чиқиб кетди. Раҳмат ҳам насия қолди… Дугонамга ачинганимча қолдим. Бундай келинлар билан муомала қилишнинг, йўлга солиб олишнинг ўзи бўлмайди… Келиннинг оиласини ташлаб кетиб қолганига шунинг учун ҳам ҳеч ҳайрон бўлмадим. Оғзидаги битта тишининг пломбаси бир-бирига сингишиб кетгунича сабр қила олмаган енгил келин, бутун бошли одам – ўзининг янги оиласи билан сингишиб кетишига қандай чидайди?
Келинлар тушган оилаларида ўзлариники бўлиб кетгунларича неча семириб, неча озадилар. Ҳаётда «Юк кўтарган – ютади» дейилиши бежиз эмас.
Яхшики, яхшилар бор…
Яхши одамларга омадим борлигини кўп марта синаганман. Ҳар дам улар борлигига ва кўплигига шукр қиламан. Яхши одамлар бор экан, дунёнинг мувозанати бузилмайди, деган хаёл юрагимда азалдан турғун.
…Эрта саҳар кўрган тушимдан юрагим қинидан чиққудек бўлиб уйғондим. Юз-кўзимдан майда ва муздек терни артар эканман «Ё раб! Булар недан аломат?» деганимча узоқ ўйланиб қолдим.
Нонушта тайёрлаб, уйдагиларни ишга кузатаяпман ҳамки, дилим чигили ёзилмайди. Телефон жирингласа, бирон нохуш хабар эшитаманми деб, гўшакни кўтаришга қўрқаман…
Ёлғиз қолдим… Бироқ на ўқиш, на телевизор ичимдаги тошни эритишга ёрдам бера олмади.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Очсам – яқин дугонам Раънохон. Қўлида бир даста гул! Бирини бирига саралаб олингандек, ним очилган атиргул ғунчалари «Нафосат мана – менман!» деяётганга ўхшарди.
– Сабаб?! – дедим дугонамга қўлимга тутқазилган гулларига ишора қилиб, таваллуд бўлмаса, байрам бўлмаса…
– Вой, жуда соддасиз-да! – дедилар аслида гулни кўриб севинганимдан мақсадига етган одамдек самимий қувониб, ҳам завқланиб кулиб. – Сабаб – Сиз, баҳор, Наврўз! Бир зиёрат қилгим келди Сизни!
Кейин эрталаб бир юмуш билан кўчага чиққанини, гул бозоридан ўтаётганида негадир шу дастага кўнгли ийиб, мен кўзига кўринганимни, соғинчи устун келиб, қўнғироқсиз ҳам келаверганини айтди.
– Юмушдан қолдирган бўлсам, узр, – деди.
Мен эсам унинг келганига ўзимда йўқ хурсанд эдим.
Бир пиёла чой устида гулларга тикила-тикила дугонамга дилимдаги ғашликни айтдим. Кўрган тушларимни тафсилоти билан гапириб бердим.
– Инсон ўнгида-ю тушида кўрганини яхшиликка йўйиб яшаши керак, деб уқдиришарди ота-боболаримиз, донишмандлар ҳам буни кўп бор таъкидлашган, – дугонам сокин ва тиниқ кўзларини кўзларимга қаратиб шундай деди. – Одам руҳий мувозанатини йўқотганида китобларга мурожаат қилиши кераклигини ўзингиз ҳам айтардингиз. Китобларда инсон руҳиятини яхшиликка чоғлаш, йўналтириш ҳақида кўп ҳикматлар бор. Эсингиздами, Қуръоннинг «Нисо» сурасида яхши нарсаларни ёмон нарсалар ичига ўраб қўйиб берилгани ҳақида айтилган. Яхшига етгунга қадар инсоннинг сабр ва тоқати, иродаси, иймони синовдан ўтиши, ўзи-ю иймонини кўпнинг олдида имтиҳон қилинишига ишора-ку бу. «Бешинчи кун келур албат, вале тўрт кун ёмон ўтар», дейишган машойихлар. Тушларингиз бир қадар силлиқ кечаётган турмушингиз, руҳиятингизни безовта қилибди. Аслида уларда ёмонликдан кўра яхшилик бисёр эмасми? Андек заҳмат, куйиниш, астойдил меҳнат оқибатида ҳалол ва яхши натижага эришишингизга ишора-ку бу. Ҳа, яхшилик аломати бу, опажон…
Мен дугонамнинг тиниқ кўзларига тикилганимча қулоқ солардим. Айни пайтда юрагимдаги ғулувлар тарқаб, ажабтовур чиройли сокинлик ҳукмронлик қила бошлаганини сезардим.
Яхшики, яхшилар бор, дердим ичимда.
Мум эна ҳақида қисса…
…Қадим-қадим замонларда бир савдогар бўлган экан. Умрининг кўп қисми ўзга юртларда ўтар экан. Шунинг учунми ёши анча катта бўлиб қолган бўлса ҳам уйланишга кўнмас экан. Ахири кўпнинг маслаҳати билан уйланибди. Сафарга чиққунига қадар беш-олти ой саодатли ҳаёт кечирибди. Вақти келиб, савдогар яна сафарга отланибди. Йўл машаққатлари кўз олдига келиб, хотинини аяб, уни уйда қолдиришга қарор қилибди. Ёш ва гўзал келинга ўзгаларнинг кўзи тушмасин учун ҳовлиси деворларини баланд қилиб урдирибди. Зориқмасин, толиқмасин деб рўзғорини қайтгунича етадиган қилиб бадастур қилибди. Зерикмасин деб ҳовлиси ичига гулу райҳонлар экиб, шуларга қараб, парваришлаб овиниб юришни тийинлабди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?