Электронная библиотека » Рамита Наваи » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Ёлғонлар шаҳри"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Рамита Наваи


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Икковлон жимгина овқатланди. Ҳисоб келишини кутиб ўтирмай Киан столга бир даста пул ташлади-да ресторандан чиқиб кетди. Дариуш унга эргашди ва улар Вали Аср бўйлаб шимолга, Тажриш майдонига олиб чиқадиган муюлишга қараб борди. Фирдавс боғидаги эски сарой боғлари ёнидан ўтаётганда уларнинг тўпиғини майин шабада силаб ўтди. Вали Асрда баҳор нафаси сезила бошлаганди: дарахтлар куртак чиқарган, янги барглар ёпишқоқ шира ҳиди билан қоплаган, жанубдан келтирилган хом бодомлар, энди сарғая бошлаган олхўрилар, ўрик ва анжирлар уюми, боғлам-боғлам тархун ва ялпизлар дўкон расталарида пайдо бўла бошлаганди.

Улар чапга бурилиб, эски Шемиран маҳалласи кўчаларига, у ердан қовурилаётган пиёз ҳиди анқиб турган кулранг кўпқаватли турар жой биносига кирди. Олтинчи қават. Айвондан юзлаб баланд бинолар тоғ соясида қурилган ўйинчоқ уйга ўхшаб кўринарди. Чўққилардаги қорнинг эса ҳали ҳам эриш нияти йўқ эди.

– Хонадон тоза. Қурт-қумурсқалар йўқ. Кеча ўзим текширдим.

Хонани чанг босган эди. Киан эски чарм диван устидаги елим чойшабни олди. Камзули чўнтагидан қуёшда ранги ўчиб кетган харитани чиқарди. Уни столга қўйиб, тахларини ёзиб, текислади.

– Сенга шуни беришим айтилган. Харитага белгилар қўйилган, шунинг учун тўғри келган жойга ташлаб кетма. Қаерга боришинг кераклигини ўрганиб ол-да, кейин ёқиб юбор.

Дариуш харитани ўрганишга тушиб кетди. Теҳроннинг нотаниш периметри бўйлаб қўлларини юргизди, бетон ва ғиштдан қурилган янги мавзелар харитада семиз бармоқларга ўхшар, тоғлар, чўллар, текисликлар ва қишлоқларга чиқадиган йўлни кўрсатиб турган эди. Харита марказида нишонга олинган Теҳроннинг собиқ полиция бошлиғининг уйи ва иш жойи иккита айлана билан белгиланганди.

– Мана бу СИМ карталар. Ҳеч бирини икки ҳафтадан ортиқ ишлатма. Такси буюртирмайсан, кўчадан тутасан. Бўлди, айтадиганларим шу. Сенга омад.

Дариуш харитадан бошини кўтарди:

– Кетяпсанми? Бўлдими? Қурол-чи? Мени шошилинч олиб кетадиган ҳайдовчи-чи?

– Нима? Улар буни ҳал қилмадими? Бу уларнинг ишику.

Дариуш қўли билан столга урди. Ҳавога чанг кўтарилди.

– Ҳазилми бу? Биз жонимизни жабборга бериб ишлаяпмиз. Мен ҳаётимни хавфга қўйяпман, сенга эса ҳеч нарсанинг фарқи йўқдек!

Киан сигаретини ёқди. Уни чуқур тортди-да, бошини кафтлари орасига қўйди. Шу ҳолда Дариушга деди:

– Биродар, сен қилаётган иш таҳсинга лойиқ. Мен буни қадрлайман. Аммо бу ерда ҳаммаси бошқача. Сенга уқтириб келишган гаплар бу ерга тўғри келмайди. Бизга қанча босим бўлишини биласанми? Катталар куну тун назорат остида бўлади. Сенга тажрибасиз бола жўнатишмаганига шукр қил. Акс ҳолда, қамалиб кетишинг ҳеч гап эмас эди. – У қоғозга рақамлар ёзди. – “Педрам дўкон яна очилганини айтиб юборди” дегин. Шуни айтсанг бўлди. Ҳайдовчини ўзим ҳал қиламан. – У эшикка етганида яна ортга ўгирилди. – Яна бир гап, бу ерда одамлар бизни кўп ҳам ёқтирмаслигини эшитсанг ажабланма. Ҳа айтганча, бу Гуруҳнинг биринчи марта аҳмоқлик қилиши эмас. – У бошини силкитганча чиқиб кетди.

Агар икки йил аввал кимдир Дариушга МEХ ташкилотига қўшилишини айтганида у бунга кулган бўларди. Дариуш ҳеч қачон сиёсатга қизиқмаган. У инқилоб ҳақидаги гапларни эшитиб катта бўлган бошқа бир қочоқ эронликдан ортиқ нарса билмасди. Виржинияда унинг ҳаёти тинч кечган. Арезуни учратди-ю, ҳаммаси ўзгариб кетди.

У Арезу билан университетда танишган. Дариуш компьютер муҳандислигига ўқиётган эди. Илк суҳбатдаёқ иккови ҳам содир бўлиши муқаррар нарсани ҳис қилишганди. Уларнинг кўп ўхшаш тарафлари бор эди: ҳаёт зарбига учраган ва жиддий ёшлар. Арезу Дариушга ота-онаси сиёсий фаол бўлгани учун инқилобда ўлдирилганини айтганди. Оиласига доир оддий саволларга ҳам у доим мужмал жавоб берарди. Бошқа талабалар уни совуқ қиз деб ҳисобларди, Дариуш эса унга қизиқиб қолди. Улар жуда эҳтиёткорлик билан бир-бирига кўнгил қўйди. Охири Дариуш Арезунинг қалбини забт этди. Дариуш қалбан яқин инсонини топган эди.

Улар илк бор қовушгач Арезу Дариушга МEХ Гуруҳига аъзо эканини айтди. Дариуш ҳайратдан ёқа ушлади. У МEХни бир гуруҳ аҳмоқлар тўдаси деб биларди. Унинг аъзолари муллалар каби қабиҳ ва ҳамманинг нафратига йўлиққан деб ҳисобларди.

У бу борада Арезу билан баҳслашганида қиз Гуруҳни ҳимоя қилиб Дариушга ташланди. Гарчи йигит Арезунинг МEХ озодлик курашчилари экани, Эронда ҳамма уларни қўллаб-қувватлаши, улар ҳукуматга қарши тура оладиган ягона гуруҳ экани ҳақидаги гапларга қўшилмаса ҳам, унинг билими, тарихдан бохабарлиги ва фактларни тўғри келтира олишига қойил қолганди. Арезу сазман ҳақида тез-тез гапирадиган бўлди. Лекин суҳбат доим тортишув билан тугарди. Қиз Дариушни Гуруҳнинг йиғилишларига боришга ундар, аммо у доим рад қиларди.

Бир сафар оқшомда кечки овқат тайёрлаётиб, Арезу орани очиқ қилмоқчи эканини айтди. Дариуш ҳўнграб юборди. Қиз унга агар Дариуш Гуруҳ унинг ҳаётининг бир қисми эканини тан олмаса ва буни ҳурмат қилмаса, ортиқ у билан қололмаслигини айтди.

У бу гапларни ҳеч бир ҳиссиётсиз айтди.

– Менинг борим шу. Агар севсанг, мени боримча қабул қилишинг шарт.

Дариушнинг кўнишдан ўзга иложи қолмаганди. У ҳаракат қилиб кўришга ваъда берди.

Яна бир неча ойдан сўнг Арезу Дариушга бор ҳақиқатни ошкор қилди. Арезунинг ота-онаси ўлмаган, Ироқдаги Ашраф лагерида яшаётган эди. Уларни МEХнинг раҳбари Масъуд Ражавий бир-биридан ажратган эди. Масъуд ва унинг рафиқаси Марям жорий қилган “мафкуравий инқилоб” мужоҳидлар садоқатини исботлайдиган оммавий ажримни ҳам ўз ичига оларди. Юзлаб одамлар яқинларидан айро яшашга маҳкум этилди. Ҳатто эр-хотинлар қонунан ажрашди. Масъуд Ашраф лагеридаги аъзолардан никоҳ узукларини топширишларини талаб қилди. Арезу у пайт ёш бола эди, ота-онаси билан лагерда яшарди. Уни дарҳол узоқ бир қариндоши ишлайдиган Вашингтондаги “умумий уй”га жўнатиб юборишди. Арезунинг ота-онаси сазманга хайрихоҳ бўлмаганлар билан алоқани узди. Арезу отасининг иккинчи амакиваччаси бошқарадиган шаҳар чеккасидаги катта уйда ўсди. Отасининг амакиваччаси оммавий ажримнинг барча қурбонларини, яъни Арезудан бошқа яна уч нафар болакайни тарбиясига олганди.

Арезу аввал ёлғон гапирганидан жаҳли чиқиш ўрнига Дариуш ўзига ишониб айтилган сирлар учун ундан миннатдор бўлди. Арезунинг сири очилиши уларни янада яқинлаштирди. Бу ҳам етмагандек, Дариуш мужоҳидлар гуруҳи Арезуга қилган яхшиликлари учун Гуруҳга меҳр қўя бошлади.

Дариуш ўсмир чоғидаёқ Ислом инқилоби унинг ва оиласининг ҳаётини барбод қилгани учун динидан воз кечганди. У динда фақатгина тақиқлар ва чекловлар рўйхатини кўрди. Аммо Арезу унда бошқача фикрлар уйғотди: Ислом – ҳақиқий ижтимоий адолат ва аёлларга ҳам тенг ҳуқуқ берадиган дин. У Дариушга Ашраф лагерида жангари аёллар танк бошқаргани ва қуролдан ўт очгани ҳақида гапириб берарди. Дариуш эса бу гапларга маҳлиё бўлиб қолганди.

Қурол сотувчи Дариушни дарров таниди.

– Кимлигинг шундоқ пешонангга ёзиб қўйилган. Жосусларга ўхшаб тутяпсан ўзингни. Ортимдан юр.

Дариуш Кианнинг кўрсатмалари бўйича иш тутаётган ва қурол етказиб берувчи билан Теҳрон марказидаги Ҳафт-э Тир майдонида жойлашган, мева шарбати сотиладиган дўконнинг олдида учрашишга келишган эди. Бу рамзий учрашув жойи эди. Дариуш қурол келтириб берувчи ҳам Гуруҳга аъзоми йўқми, қизиқди. Ҳафт-э Тир 1981 йил 28 июнь санаси билан боғлиқ. Ўша куни МEХ майдонга кўмган бомба портлаганда Олий суд раиси оятуллоҳ Беҳешти ва яна етмиш беш нафар амалдор ҳалок бўлган. Дариуш учун Теҳрон кўчалари ғалабаларга тўла. Гуруҳ мужоҳидлари бомба портлатган, ҳукумат биноси ва ҳарбий биноларга снаряд ва замбаракдан ўқ ўзиб, ҳужум қилган. 1980 йилларда МEХ аъзоларига қарши оммавий қирғинда қатнашган Эвин қамоқхонаси директорини 1998 йилда ўлдириб кетишган. 1999 йил МEХ мамлакат Олий раҳнамосининг ҳарбий маслаҳатчисини ўз уйи ташқарисида ишга кетаётган маҳал қатл қилган.

Қурол етказувчи билан учрашувга келаётганида Дариуш Киан берган харита эски эканини сезди – янги йўллар тушибди, кўп кўчаларнинг номи ўзгарибди. Баъзан Дариушга Гуруҳ жуда тажрибали, баъзида эса бир тўда безорилар бўлиб туюлади.

Қурол сотувчи тор кўчалар бўйлаб елдек учди ва бетонли турар жой биносига кириб ғойиб бўлди. Дариуш унга эргашиб учинчи қаватга чиқди ва меҳмонхонаси тўзиб ётган, 1980-йилларда урф бўлган мебель билан жиҳозланган, деразасига жигарранг духоба пардалар илинган хонадонга кирди.

– Сенга АК-47 олиб беришим мумкин. Ҳозир бори шу.

– Яхши, унда шунисидан оламан. Сиз ҳам сазман тарафдоримисиз?

– Худо сақласин! – қурол сотувчи кулди. – Қулоқ сол. Сендақаларнинг кўпини кўрганман. Ҳаммангиз халоскор бўлиш хаёли билан келасиз, худдики биз кимдир келиб қутқаришини кутаётгандек. Ҳақиқат шуки, сизларга тоқат қила олмаймиз. Шахсий адоватим йўқ. Аммо минг доллардан гаров ўйнашим мумкинки, бир ойдан кейин сени қўллаб-қувватлайдиган бирорта теҳронлик тополмайсан. Биродар, ёвузликлар ичидан тузукроғини танлайсан. Опа сен билан шуғулланади. – У боши билан пушти велюр камзул кийган малласоч аёлга имо қилди, кейин эса кетди.

Аёл сигарета тутатди, Дариушга тикилди. Йигитдаги барча нарса аёл кишини ўзига тортарди: баланд бўй, кенг елка, қалин сочлар, камсуқум қиёфа. Аёл телефонда гаплашиб, йўлак бўйлаб юриб кетди ва кўздан ғойиб бўлди. Бироздан сўнг қўлида яп-янги АК-47 ва бир халта ўқ кўтариб келди. Дариуш пулни бераётиб у билан бироз гаплашмоқчи бўлди, лекин аёл унга жавоб бермади.

– Агар тирик қолсангиз, одамларингизга Эронни ўз ҳолига қўйишини айтиб қўйинг, – деди у йигитнинг ортидан эшикни ёпаётиб.

Ташқаридагилар учун Мужоҳедин-э Халқ сира тушуниб бўлмайдиган сир. Уларнинг энг катта базаси Парижда. У ерда ўзларининг сиёсий қаноти – Эрон Миллий қаршилик кенгаши байроғи остида фаолият кўрсатади. Ҳатто баъзи аъзолар Гуруҳнинг тамойиллари ва сиёсатини аниқ изоҳлашга қийналади: марксизм, ислом ва миллатчилик қоришмаси. 2003 йил Масъуд Ражавий сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг ташкилотга унинг рафиқаси Марям Ражавий бошчилик қилиб келади. Марям ва Масъуднинг тарафдорлари уларга гурудек қараб, сиғинишдан ҳам тоймайди. Марямнинг кўзлари яшил рангда, ўзи ўрта ёшли аёл, пардоз қилмайди, аммо қошлари чиройли қилиб терилган (Эронда ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай аёл ҳар қанча сипо кўринишга уринса ҳам, қошларини чиройли шаклда териб юради), сочларини тўла ёпиб турадиган шарф ўрайди. У кўринишидан Эроннинг энг катта мухолиф гуруҳи етакчисидан ҳам кўра кўпроқ қишлоқда яшайдиган, консерватив уй бекасига ўхшайди. Ўзининг тинчлантирувчи овози ва озод Эрон ҳақида тўлқинланиб сўзлаган нутқлари билан Эрон режимига қарши курашда барча Европа ва Америка сиёсатчиларининг қўлловига эришган.

МEХ Ғарб ҳукуматларини ўзи томонга оғдириш учун миллионлаб маблағ сарфлайди, бунда сиёсатчиларнинг чиройли ва таъсирли нутқ сўзлаши учун катта пул тўлайди. Бу билан МEХ яна бир инқилобга тайёрланяпти: ёки АҚШ ё Исроил ҳужумига ёки ҳукуматдан бошқарувни тортиб олиб, мавжуд режимни вайрон қилишга.

МEХнинг Дариуш қатнашган илк йиғини черков залида бўлган эди. Ундан ташқари яна эллик чоғли киши келганди: ўрта ёшли дилкаш уй бекалари, профессионаллар, талабалар ва бир талай америкаликлар. Улардан фақат бир нечтасигина ҳақиқий аъзо эди, қолганлар эса ўзини Гуруҳ тарафдорлари деб атарди. Аёллар пешонасигача тушиб турадиган қизил рўмол ўраб олганди. Улар бир-бирига “хоҳар”55
  Хоҳар – (форсча) опа ёки сингил.


[Закрыть]
, ва “биродар”, деб мурожаат қиларди.

Америкаликлар бу жасур “озодлик курашчилари”га тасанно айтарди. МEХни қўллаб-қувватлашга рози бўлган сенаторлар (мўмайгина пул эвазига) ҳақида янгиликлар чиқарди. Маҳаллий бўлинманинг обрўли етакчиси Биродар Фаридун Эронда инсон ҳуқуқлари топталаётгани, одамлар ҳибсга олиниб, қийноқларга дучор қилинаётгани ҳақида нутқ сўзлади. Проекторда маҳбусларнинг крандан осилиб турган танаси, дарраланган баданлари ва жонсиз кўзларининг суратлари кўрсатилди. Қурбонларнинг деярли ҳаммаси Гуруҳ аъзолари эди. Дариуш ғазабланди.

Кейин улар стол атрофида зерешк поло ба морғ – зиркли гуруч ва товуқ тановвул қилиб, болалари ва ишлари ҳақида чақчақлашиб ўтиришди. Бу исёнчи гуруҳдан ҳам кўра шаҳар кенгашининг йиғилишига ўхшаб кетарди. Дариуш буларнинг ҳаммаси ўта оддийлигидан ажабланди. Арезу эса одамови қиздан кўнгли очиқ, дилкаш қизга айланди. Дариуш уни биринчи марта жуда бахтиёр ҳолатда кўрди.

Бундай йиғилишлар Дариушнинг ҳаётида мунтазам тус олди. Ислом Республикаси МEХ аъзоларига худди ҳайвондек муносабатда бўлаётгани унинг ғазабини қўзғарди. Биродар Фаридун Дариушга алоҳида эътибор бериб, бошқалардан кўпроқ вақт ажратарди. У Дариушга бошқаларга айтмаган гапларини айта бошлади, оқсаб юришига бир махфий операция сабаб эканини тушунтирди. Ўшанда Биродар Фаридуннинг дўсти қурбон бўлган, ўзи эса оёғидан жароҳат олган. У яна Дариушга Гуруҳнинг ҳукуматда жосуслари борлиги, улар юқори лавозимларда, баъзилари ҳатто ядро қуроллари синовдан ўтказиладиган жойларда ишлашини айтди. Бора-бора Дариуш етакчиларнинг нутқлари ёзилган кассеталарни соатлаб тинглайдиган бўлиб қолди. Улар айтаётган гапга ишонмасликнинг иложи йўқ эди. У Гуруҳ учун хайрия пуллари йиғиш билан шуғулланди ва ўшанда асосий база Ашраф лагерида сақланишини билиб олди. Дариуш у ерга юборишларига умид қила бошлади. Она ватанидаги аҳвол жуда танг, тезда бир чора кўрмаса бўлмасди. Дариуш худди тўти каби Биродар Фаридуннинг айтганларини такрорлай бошлади: “Халқимиз бизни севади, улар биздан нажот кутмоқда. Ўша жаҳаннамдан қутқаришимизга ишонмоқда.”

Банг. Бомба портлагандек овоз эшитилди. Дариуш беихтиёр каравотига чўкди. Банг-банг-банг-бум. Ташқарида нимадир ҳуштак чалиб, учиб ўтди. У машғулотларда барча турдаги артиллериянинг овозини эшитган, аммо ҳозиргина жаранг сочган шовқинни у сира эшитмаган. Кейин бақир-чақирлар эшитилди, кулгининг овозига ҳам ўхшайди. Аста дераза олдига бориб, ташқарига қаради ва осмонда оппоқ учқунлар отилиб, гул тасвирини ҳосил қилаётганди. Дариуш оловлар фестивали – “чаҳаршанбэ сури”ни унутиб юборган эди.

МEХ уни мусулмонларнинг Янги йили – Наврўз пайтида жўнатган эди. Наврўз Эронда баҳорнинг илк кунига тўғри келади. Бундай пайтда қочқинда юрганлар оиласини кўргани юртга келиши Дариушга қўл келиши ҳақида Гуруҳдагилар айтишганди. У энди қулай фурсатни пойлаши керак. У Киан олиб келган китобларни ўқиди, уларнинг орасида унинг севимли асари – Али Шариатининг “Марксизм ва Ғарбнинг бошқа хатолари: исломий танқид” ҳам бор.

У сайрга чиқди. Юзлаб болалар кўчаларда йўлнинг ўртасига гулхан ёқиб устидан сакраб ўтар, қадимий зардуштийлик мантрасини куйлаб омадсизлик ва касалликларни ёқиб юборишар эди. Яна бир талай болалар қўлига учқун сачратгич кўтариб, қувлашмачоқ ўйнаяпти. Вали Асрда мушакбозлик авжида. Машиналар йўл четига қўйилган, мусиқа баланд овозда янграяпти, одамлар деразадан энгашиб кўчага қараяпти. Ҳукумат “чаҳаршанбэ сури”ни зардуштийликнинг исломга зид бўлган маъжусий сарқити, деб эълон қилиб, уни нишонлашни тақиқламоқчи бўлган. Аммо Наврўз ва у билан боғлиқ барча удумлар эронликлар учун худди бошқа исломий байрамлар каби маданий аҳамиятга эга эди. Шу боис ҳукумат ҳар қанча уринмасин, бу жангда мағлуб бўлди. Дариуш одамларга ҳайрат билан қаради. Бу аҳволда қандай қилиб бунчалик завқ-шавққа тўлиш мумкин?! МEХ унга уқтирган ҳақиқатлар ва мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ўртасида нега бу қадар катта жарлик борлигини тушунолмади. Аммо шу вазиятга ҳам МEХнинг кўзи билан қараш мумкин: бу болалар мавжуд тузумга бўйсунмаслигини қўрқмасдан намойиш қилмоқда. Нариги кўчада бир гуруҳ ўсмирлар рақсга тушиб, қарсак чаляпти, баъзилари машинанинг капотига чиқиб олиб, белини қимирлатиб қўшиқ айтяпти. Қизлардан бири ҳатто бошидаги шарфни шартта ечиб, қўлига олди-да, ҳавода айлантирди, атрофидагилар эса унга хайрихоҳлик билан қичқирди. Дариуш бу оммавий ғалаён эканини англади.

Дариушга ушбу миссия топширилганда Арезу унга аввал сира бунчалик фахрланмаганини айтганди. Фахрий аъзолар унинг ташкилотга садоқатини кўрган ҳамда Ислом Республикасига қарши курашда ўлимга ҳам тайёр эканини фаҳмлаган эди. У Гуруҳга яқинда қўшилгани аҳамиятсиз эди. Уни танлашда бошқа омиллар роль ўйнади. Гуруҳга бир неча йиллардан бери аъзо бўлиб келаётган, пул ўтказаётган (ҳамма аъзо ташкилотга пул ўтказиб туради), хизматларини тақдим қилаётган, аммо мансаби сира юқориламаган, ички “танланганлар”га кирмаганлар кўп эди. Гуруҳ учун борини бағишлаш – ана шу асосий омил эди. Бу – интизом, қурбонлик ва садоқат демак. Дариушни аввал АҚШдан Парижга юборишди, у ерда йигит яна ҳам юқорироқ лавозимдаги МEХ аъзолари билан танишди. Дариуш ҳаммада ижобий таассурот уйғота олди. У мафкуравий машғулотларга муккасидан кетган, Ражавийларга нисбатан ўз ҳисларини батафсил ҳисобот қилиб топширар, уларнинг барча нутқларини ёддан билар эди. Ана ўшанда Дариушни Ироқдаги Ашраф лагерига миссияга тайёргарлик кўриш учун жўнатишди.

Ашраф лагерида қаттиқ интизом ўрнатилганди. Дариуш интенсив тайёрланиш дастурини ўташи керак эди: унга қурол ишлатиш, граната улоқтириш, бомба қўйиш, қурбонни зимдан кузатиш, махсус диктофон ва кузатув камераларидан фойдаланиш, нишонга олиш ўргатилди. Аёллар ва эркаклар айри-айри тайёргарлик кўрди. Шаҳвоний хаёллар миядан чиқариб ташланиши керак эди. Фикрни тозалаш учун Дариуш мажбурий “тазарру” машғулотларида қатнашди. Бу уни акалари ва опаларига яқинлаштираётгандек туюлди. Унга ўхшаб оиласи билан алоқасини узганлар кўп эди. Уларга доим ватанида тарафдорлари кўп экани уқтириларди. Ҳеч ким Эрондаги фаол аъзолар сонини очиқламасди, аммо гап катта тармоқ ҳақида кетаётгани ҳамда бир гуруҳ фидойилар унга ёрдам беришига Дариушни ишонтиришди.

Суиқасд куни келди. Дариуш тонгни асабларини тинчлантирувчи нафас олиш машқлари билан бошлади. Ҳаммаси режаланган. У собиқ полиция раҳбарини бир неча ҳафтадан бери кузатиб юрибди. Байрамлар тугагач биринчи куни тонг саҳарлаб у эски кийим ва йиртилган пойабзалда уйдан чиқди. Собиқ полиция бошлиғи яшайдиган маҳаллага тонгги соат 5 дан сал ўтиб етиб борди ва йўл четида ўтирди. Ҳеч ким уни сезмади.

Собиқ полиция раҳбари ҳар куни кичик офисга ўзи машина бошқариб борарди. Раҳбар бўлиб ишлаган пайтлари эса уни ўқ ўтмайдиган машинада соқчилар олиб юрарди. Дариуш кўзлаган ишим осон кечади, деб ўйлади. У ўлжасига ишдан қайтаётганда, узун тирбандликда турганида ўқ узмоқчи бўлди.

Киан МEХ ташкилотига энди қўшилган, аммо садоқати Ражавийларнинг қулоғига етиб боришини истайдиган ёш механикни Дариушга ҳайдовчи қилиб берди. Улар уйдан чиқиб кетаётганда ҳайдовчи Дариушнинг елкасига қўлини қўйиб деди:

– Мен ҳақ иш учун ўлимга ҳам тайёрман.

Дариуш унинг қўлини сиқди:

– Мен ҳам.

Собиқ полиция бошлиғи одатдаги вақтда бинодан чиқди ва машинага ўтирди. Дариуш ва ҳайдовчи унинг ортидан эргашди. Тирбандликка яқинлашганда бўлғуси қурбон машинасини секинлатди. Дариуш ҳайдовчининг елкасига секин урди – бу уларнинг сигнали эди. У полиция раҳбарининг машинасига орқа тарафдан жуда яқин борди. Дариушга қурбонининг бўйнидаги сочлар ҳам машина орқа ойнасидан кўриниб турарди. У ўқ узди. Ойна синиб кетди. Автоматини қўлида тутганча орқага қаради. Ҳамма ёққа қон сачради. Собиқ полиция бошлиғи рулга суяниб қолганди. У ҳали ҳам қимирлаяптими? Кейин Дариуш учиб кетди. Гурс этиб ерга тушди. Нафаси бўғилди. Одамлар уни пастга босарди. Боши асфальтга тегиб турарди. Юрак зарби бутун танасига тарқаётганини ҳис қилди. Кўз олди хиралашди. Нима бўлаётганини англаб олиши учун қанча вақт кетди? Бир дақиқа, икки дақиқа ёки ўн дақиқа? Билмайди.

Аста ҳаммасини тушунди: нимадир мотоциклга келиб урилди ва у ҳавога учди. Уч нафар полиция офицери унга ташланди. У иштони хўл бўлиб қолганини сезди. Ҳайдовчи кўринмасди. Полициячилар уни мажбурлаб ўрнидан турғизди. Миясига қурол тиралган эди. Шунда ҳаммаси тугаганини англади. Гуруҳдагилар унга айтишган эди: агар улар сени тутиб олса, бешафқат қийнайди, бу қийноқлар йиллаб давом этиши мумкин. Улар сени зўрлайди. У суратларни эслади. Шунинг учун оғзига цианид капсуласини солганди. Йиқилганига қарамай ҳали ҳам оғзида турибди. У капсула қопламини тишлади. Ичидан оғзига суюқлик отилиб чиққанини сезди. Тўққиз сония. Заҳар танага тарқаши учун шунча вақт керак дейишганди. Аммо ўн беш сония ўтди-ку ёки ўлаётганда вақт шунақа имиллайдими? Дариуш кўзларини чирт юмди. Аммо у ҳали ҳам тирик эди. Ўттиз сония бўлди. Балки Гуруҳ бир неча сонияга адашгандир. Улар кўп нарсада адашган кўринади.

– Фургонга чиқ деяпман!

У кўзларини очди. Бир дақиқадан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам ҳали тирик. У секин қадам босди.

– У дори ичиб олибди. Бутунлай карахт.

У полиция офисига боргунча ҳам ўлмади. Нафақат унга берилган харита, балки цианид ҳам эскирган экан. Кўп йиллик қийноқ ва зўрлик кутаётган, ўлмай қолган Дариушдан фарқли ўлароқ, заҳар эриб, учиб кетди – муддати ўтган экан.

Полиция офисида унинг қўлидан кишанларни ечиб, кичик хонага қамаб қўйишди. Полициячилар негадир уни тинтув ҳам қилмади. Яхшиям у қурол сотувчининг олдига бориб, граната сотиб олганди. У ҳали ҳам шимига қистирилган ҳолда турибди. Офицер эшикни ёпиши билан Дариуш граната ҳалқасини тортди. Фақат уни бошига кўтаришидан олдин портлаб кетди. Дариуш бир қўли хонада учиб кетганини кўрди. Кейин ҳушидан кетди.

Судья ҳорғин кўринарди. Бир пайтлар у бундай аҳмоқлардан юзтасини отишга ёки осишга ҳукм қилган. Ўшанда унинг нуфузи тўрт бўғинли аниқ ва қисқа сўз билан ифодаланган: ҳукм-э одам – ўлим жазоси. У қаршисида турган Дариушга қаради. Дариуш қўрқувдан дағ-дағ қалтираётган эди. Ўнг қўлининг ўрни бинт билан ўралганди. Адвокатлари унинг онги заҳарлангани, ҳозирда эса у қилган ишидан пушаймон эканини айтди. У ҳеч кимни ўлдирмади. Ўқ собиқ полиция раҳбарининг бўйнини силаб ўтди. Судья шарикли ручкасини олди-да, ҳукм ёзди.

Фатеми кўчаси, Теҳрон маркази, бир неча йилдан сўнг

Галоген чироқ ғинғиллаган овоз чиқариб ёниб турибди. Унинг юқоридан тушаётган кўкимтир нури ҳамманинг киртайган ёноқлари, тагига қора қопча тушган кўзларини яққол кўрсатяпти. Учта оила хароба бюродаги елим стулда сассиз ўтирибди. Елим стол устидаги чой солинган кичик финжонга ҳеч ким қўл узатмади. Уларнинг кўзлари эшикка қадалганди. Дариуш хонага кирди. Эгнида крахмалланган оқ кўйлак ва жинси шим. Яна уч киши бошини хиёл қуйи солганча унинг ортидан кирди, кўзлари хонага синчиклаб назар солди. Йиғи-сиғи бошланди. Уч кишини тезда ўраб олишди. Оналар ўғилларини бағрига босди, бир киши тиз чўкиб олди, опаси укасининг сочларини силади, ота эса бошини қўллари орасига олди, кўз ёшлари билагини ҳўл қилди. Уч кишининг бири йигирма йилдан буён оиласи билан учрашмаган. У нуқул бир сўзни такрорларди: Кечиринглар!

Дариуш протез қўлини қимирлатган кўйи хона бурчагида уларга қараб турарди. У бундай дийдорлашишларни кўп кўрган, аммо ҳар сафар кўрганида ҳалигача йиғлаб юборади. У хонага бошлаб кирган уч киши МEХнинг собиқ аъзолари. Энди эса улар Дариуш каби қочоқ ҳисобланади. Йигитлар Гуруҳда ўтказган вақтларини ҳикоя қилиб беришади. Онгни заҳарлаш ва афсусланиш ҳақида гапирилганда Дариуш индамай бош ирғайди. У Ашраф лагеридаги калтаклар ва оммавий тазарруларни яхши эслайди. Бир ўртоғини мастурбация билан шуғулланганини тан олишга мажбур қилишган. У Гуруҳда тақиқланган амал эди. У яна бошқалардан ажратиб қўйишлари, лагернинг кичик ҳудудидан ташқарига чиқишга рухсат берилмаслиги ҳамда аёллар ва эркакларни ажратиб қўйишганини эслайди. Дариуш ёрдам берган бир кишига аёли билан бирга бўлишига ўн беш йил рухсат берилмаган экан. Ваҳоланки, эр-хотин иккиси Ашраф лагерида яшаган. У лагерга мужоҳидларнинг оиласи келгани, яқинларини кўришни ўтиниб сўраганини ҳам эслайди. У МEХ культининг бир қисми бўлганини эслайди.

Муваффақиятсиз кечган суиқасд уринишидан сўнг Дариуш ҳарбий касалхонага жўнатилди. У ерда шифокорлар ва ҳамширалар Дариуш соғайгунча парвариш қилди. У бир умрга озодликдан маҳрум қилинган эди. Сўнг муддат саккиз йилга ўзгартирилди. Тўрт йилни Эвин қамоқхонасида ўтказди. У сиёсий маҳбуслар бўлимида эди, камерадошлари эса мухолифатчилар ва талабалар эди. Қамоқда Дариушнинг кўзи очилди ва мамлакати ҳақида бор ҳақиқатнинг тагига етди ҳамда МEХ унга уқтириб келган гаплар ёлғон эканини англади. Ўзининг айтишича, қамоқхонада уни қийнашмади.

Ҳукумат Дариушни нега ўлдирмагани, нега унга енгил жазо берганини ҳеч ким билмайди. Энг ҳақиқатга яқин изоҳ – у келишган: МEХнинг ички сирлари эвазига озодлик. Эронликларнинг фитна назарияларига ўчлиги чандон ортган. Дариушни мавжуд тузумнинг жосуси дейдиганлар ҳам топилади. Аслида, қандай бўлса ҳам, ҳукумат айёрлик қилди. Ислом Республикаси барча қочоқларга афв эълон қилди, ўнлаб хорижда юрганлар ватанига қайтди. Саддам Ҳусайн ағдарилгач МEХни Ироқда ортиқ хушламай қўйишди. Ашраф лагеридаги вазият оғирлашди. Дариуш Эрон Ислом Республикаси томонидан авф этилган Гуруҳ аъзоси сифатида танилди ҳамда ундан бошқаларни бу йўлдан қайтаришда фойдаланишди. Бу МEХни заифлаштириш учун кўрилган яхши чора эди. Дариуш қамоқдан чиқиши билан МEХга қўшилиб қолганларни қутқариш ва уларни оилалари билан бирлаштириш учун ҳукумат хайриясини ташкил қилишга ёрдам берди.

Оилалар офисдан чиқиб кетиши билан Дариуш эшикни қулфлайди-да, уйга кетади. У онаси билан Вали Асрдаги “Екта” кафесида учрашади: онаси ёшлигида у ерда сутли коктейль ва бургер ейишга одатланганди. Бу жой деярли ўзгармаган: ўша сариқ белги ва 1970-йиллар интерьери. У ўғли қамоқдан чиққач Теҳронга учиб келди, Дариуш эса уни бутунлай қолишга кўндирди.

Арезу Гуруҳнинг бошқа аъзолари каби уни хоинликда айблади. Дариуш у билан гаплашишга, уни Гуруҳдан совутишга уринди, бироқ қиз у билан қайта гаплашмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации