Текст книги "Ёлғонлар шаҳри"
Автор книги: Рамита Наваи
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
СУМАЙЯ
Хуросон майдони, жанубий Теҳрон
Сумайя мўъжизага шоҳид бўлган кун йилнинг энг жазирама куни эди. Вали Аср кўчасидаги чинорлар сояси иссиқдан пана қилолмади. Қуёш тўқ яшил барглар сувини парлатиб, йўлни қиздирар, дарахтлар илдизи сувсизликдан азият чекар эди. Уларнинг ёнидан ўтган ариқ эса чанг ва қуруқ эди.
Сумайя қўлидаги эски елпиғични ҳар қанча юзига елписа ҳам лабига оқиб тушаётган тер доначалари тўхтамасди. Асабийлашиб нам бармоқлари билан қўлидаги сумканинг олтита рақамли кодланган қулфини очишга қайсарлик билан уринарди. У Худога ва севимли имомига нола қилиб мадад сўради.
– Эй Худо, эй Имоми Замон! Илтижо қиламан, шу сумкани очишга мадад беринг. Эвазига то ўла-ўлгунимча ҳар йили қурбонлик қилиб, камбағалларга қўй гўшти тарқатишга онт ичаман, – деди у назр дуосини66
Назр дуоси – шиа мазҳабига кўра бу дуо камбағал ва муҳтожларга ёрдам бериш эвазига Худодан истаганини сўраш учун ўқилади. Дуоларда одатда имомлар эсланиб, улар орқали илтижо қилинади.
[Закрыть] овоз чиқариб ўқиб.
Металл рақамларни тирнаётган бармоқ учлари кўкариб кетди. Сумайя назр дуосини анъанага мувофиқ ўқийди. У сўрагани амалга ошиши учун ўзидан ночорларга ёрдам беришга онт ичиши кераклигини билади. Гарчи кўпчилик Имом Ҳусайннинг сабрли ва ҳалим биродари Абул Фазл (Пайғамбарнинг набираси) илтижоларга тезроқ жавоб қайтаришига ишонса-да, Сумайя доим Имоми Замон орқали Худога илтижо қилади.
Тўсатдан фавқулодда бир ҳодиса рўй берди. Ўша лаҳзада рақамлар бир қатор тизилди – қулфнинг енгилгина “чиқ” этган товуши эшитилди, Худо ва Имоми Замоннинг ризолиги ишора берди. Портфель оғзи шилқ этиб ярим очилди.
Ҳа, бу мўъжиза эди. Бунга шубҳа йўқ.
Буларнинг бари бир неча йил муқаддам худди шундай жазирама ёз кунларининг бирида бошланган эди. Сумайя ўн етти ёшда, у ўзи туғилиб, вояга етган маҳаллада – Теҳроннинг ўзи каби қадимий Хуросон майдонида яшарди. Хуросон майдони Теҳрон жанубидаги бозорнинг шарқий қисмида жойлашган. Сумайя кунни доимгидек соат олтида бомдод намозини ўқиш билан бошлади. Кейин суюкли падари Ҳожи Оға билан нонушта қилди: у ҳўплаб чой ичар, отаси эса новвойнинг ёнидан қайтаётганда сотиб олган консерватив руҳдаги “Кейхон” рўзномасини ўқиб ўтирарди. Сангак нон ҳали ҳам иссиқ, устига қизиган тошлар билан туширилган нақшлар тишлаганда карсиллаб майдаланиб кетади. Улар олчали қўлбола мураббони нонга суртиб ейишди. Мураббо ширин бўлса ҳам, мазасида бироз нордонлик бор эди, ранги эса янги қондек қип-қизил. Нонуштадан сўнг Сумайя қора чодрасини ўради-да, укаси Муҳаммад-Ризо билан мактабга жўнади.
Улар асосий йўлга чиқиш учун илон изи хиёбонлар орқали юришди. Шаҳар ҳавоси аллақачон қизиб кетган, тонгги гавжумлик авж палласида эди. Шаҳарнинг бу қисми секин-аста уйғонмайди, балки бирдан ёпирилиб кўчага чиқади. Дўкондорлар растасини очаётганди. Тамаки киоскаларининг шундоққина тагида бугунги газеталар тахлаб қўйилган. Олий раҳнамо газетанинг бош саҳифасидан қараб турибди. Сарлавҳаларда мазлумлар, сионистлар77
Cионист – Исроилни яҳудийлар мамлакатига айлантириш тарафдори.
[Закрыть], таҳдид ва Америка ҳақида сўз боради: “Эроннинг оғир мушти империализмга зарба берди” ва “Эрон ҳарбий машғулотлари душман юрагига қўрқув солди.”
Хуросон майдони бамисоли кичик орол. Йиллар ўтгани сари замонавийлик ва ёшлик тўлқинлари Сумайянинг кўз ўнгида унинг қирғоқларини емирмоқда. Эски хароба уйлар устида ялтироқ мармар тўшалган, сержилва тош қопланган уйлар қад кўтарган. Қимматга тушувчи зилзила хавфсизлиги қоидаларини четлаб ўтиш учун қурувчи ва давлат хизматчиларига пора беришнинг ўзи кифоя. Лекин Хуросон майдони юрагида яшовчи ишчи синф вакилларининг диний қадриятлари ҳали ҳам аҳамиятга эга. Улар анъанавий ижтимоий тизимни сақлаб қолиш учун курашади. Сумайяникига ўхшаган оилалар учун дин – Қуръон кўрсатмалари ва Олий раҳнамо фатволарига амал қилишдир. Шунда улар жаннатга ноил бўлишлари мумкин. Сумайянинг уйи жойлашган кўча аёллари ҳали ҳам юз йиллар муқаддам ўралгани каби чодра ўраб юради. Сумайянинг оиласи асли Хуросон майдонилик. Аждодлари ҳам асрлар бўйи шу ерда яшаб келган. Хуросон майдони у билган ягона дунё.
Мактаб дарслари унчалик қизиқарли бўлмагани учун Сумайя актриса бўлиш ҳақида хаёл қилди. Ота-онасига ўхшаб унинг ўзи ҳам актёрлик ахлоқи бузуқлар касби, деб ҳисобласа-да, баъзан ана шундай бемаъни хаёлларга берилади. Танаффусда қизлар сўнгги миш-мишларни муҳокама қилишди. Улар диний жиҳатдан ижозат берилган сериалларни кўради. Бу сериалларда соқоли қириб олинган эронликлар ёвуз одамлар сифатида тасвирланади. Исмлари ҳам қадимий форсча: Куруш ва Дариуш. Ижобий қаҳрамонлар эса соқол қўйган, исмлари ҳам исломий. Ўқувчиларнинг қарийб ярмининг уйида сунъий йўлдошга уланган телевизор бор. Улар Руперт Мёрдок қисман эгалик қиладиган, Дубайнинг “Фарси1” каналида кўрсатиладиган Лотин Америка сериалларига муккасидан кетган. Бутун Эроннинг сунъий йўлдош антенналари ликопчалари босган – Теҳрондан тортиб чекка қишлоқларгача, уйларнинг томида уларни кўриш мумкин. Бундай антенналар диндорларнинг ҳам, дунёвий одамларнинг ҳам уйида бор. Ҳатто ҳукумат вакили Эронда 4.5 миллион хонадон ана шундай антеннага уланганини маълум қилди. Сумайянинг отаси эса хорижий телеканалларни кераксиз ва исломга зид, исрофгарлик деб ҳисобларди. Унинг бу фикрини ўзгартиришнинг ҳеч иложи йўқ эди.
Соат 2 да, дарслар тугашидан бироз олдин барча қизларни мактаб мудирасининг хонасига йиғишди. Мудирани итўрдак деб аташарди, чунки унинг жаҳлдор юзи бульдогникига ўхшар, юрганида эса ўрдакка ўхшаб лапанглар эди.
– Тоҳира Азимий ўғил бола билан номақбул муносабатда бўлгани учун мактабдан ҳайдалди, – бўкирди итўрдак.
Қизлар “вой” деб юборди. Тоҳира ўша воқеадан сўнг мактабга келмаётганини ҳамма биларди, аммо авваллари ҳеч ким мактабдан ҳайдалмаганди. Итўрдак қизларни тинчитишига беш дақиқа кетди. У катта думбаларини селкиллатиб хона бўйлаб юриб, қизларга камтарлик, Худо, ота-онани алдамаслик ва сунъий йўлдош телевидение тарбияни бузаётгани ҳақида ваъз ўқиди. Тоҳира Азимийнинг қизлик иффати бутунлиги, у ота-онасига деярли ёлғон гапирмаслиги ёки унинг уйида ҳеч қачон сунъий йўлдошли антенна бўлмагани эсга ҳам олинмас эди. Муҳими шуки, у ўғил боланинг уйидан чиқиб кетаётганида қўлга тушгани ва бу вақтда боланинг ота-онаси ташқарида бўлгани Тоҳирани енгилтак деб аташга етарли эди. Энди унинг муаллимлари, синфдошлари ва маҳалла-кўй уни шундай атарди. Боз устига, Тоҳира Азимий хушрўй қиз эди. Ҳижоб ҳам, пардоз-андоз қилмаслиги ҳам унинг бу гўзаллигини беркита олмасди.
Итўрдак гапларини тез тугатди. Иштаҳани қитиқловчи селли шашликнинг деразадан кираётган ҳиди ва очлик ҳисси унинг диний ваъзига нуқта қўйди. Қизлар мактаб дарвозасидан отилиб чиқиб кетди.
– У ғирт жанда88
Жанда – фоҳиша, енгилтак.
[Закрыть], – деди Мансура. Жанда, яъни енгилтак деган сўз унинг оғзидан кутилмаганда чиқиб кетди. – Буни кўзидан ҳам билса бўлади. Қадам ташлашидан ҳам. Хонасида бир талай қизил рўмол йиғиб қўйган, ўзим кўрганман. Буларнинг бари унинг кимлигини айтиб турибди.
Қизлар Мансуранинг гапини тасдиқлагандай бош ирғади.
– Унинг хаёли бузуқ. Битта дафтари тўла уятсиз суратлар эди, эслайсизларми? – деди Наргиз Тоҳиранинг яланғоч одамларнинг қаламда чизган эскизини назарда тутиб.
Гарчи Сумайянинг синфидаги барча қизлар бокира бўлса ҳам, уларнинг бир нечтаси ўғил болалар билан тақиқланган алоқа мазасини татиб кўрган эди. Асосан, амакиваччалари билан, чунки улар алоқа қилиши мумкин бўлган ягона эркак зоти шулар эди. Мансура ҳам ўтган йили амакиваччаси билан севишиб юрди, кейин шарманда бўлди. Шунинг учун у ҳар қандай тубанликни шафқатсизларча қоралаб, шу билан гўё ўз айбини юмшатарди. У давомий нафрат ҳиссига мубтало эди.
– У пардоз қилишни ёқтирмаслигини пеш қилавериши менга ғалати туюларди. Гўё бу билан ниманидир исботламоқчи, ниманидир яширмоқчи бўлаётгандек, – деди Ника.
Никанинг асл исми Ситойиш, аммо у ўз исмини хунук ва урфдан қолган деб ҳисоблайди. Сумайянинг синфидаги қизларнинг ярми ўз исмини чиройлироқ жаранглайдиган бошқа исмга алмаштирган.
Қизларнинг ҳасади тезда ғазабга айланди – тушунса бўладиган муносабат. Тоҳира Азимий қоидаларни бузди. Аммо қизлар учун энг аламлиси у қизларнинг ҳаммаси жуда хоҳлаган ишларини қила олган эди.
– Мен уни ҳеч чодрада кўрмаганман. Ажаб бўлибди, ота-онаси у чодра ўрайдими, йўқми, иши бўлмасди. Шу қиз жанда бўлмай, яна ким бўлсин? – деди Виста (асл исми Зуҳра).
Вистанинг савдогар отаси қизининг 18 ёшга тўлиши муносабати билан туғилган кунида бурнини пластик операция қилишига рухсат берган. У мис қувур сотарди. Аммо бозорда ишламаса ҳам, уни анъанага содиқ савдогар маъносида бозорчи дейишарди. Бозорчилар шахсий манфаатини кўзлаб иш қилади ва улар қанча пул топишидан қатъи назар, ўрта синф вакили бўлиб қолаверади. Ундан юқори эмас.
Тоҳиранинг кийиниш маданияти ҳам тоза таҳлил қилинди. Қизлар унинг кийимларини ўғил боланинг уйига яширинча кирган қиз учун шубҳали даражада оддий, деб хулоса қилди.
– Қизил рўмол ўрайди, чодра ўрамайди дегани у ёмон қиз дегани эмас-ку, – деди Сумайя. “Суюғоёқ” сўзини ишлатиш у учун уят эди. – Шунчаки унинг қадриятлари бошқача.
– Ҳа, ғарбона қадриятлар, – деди Мансура “суюғоёқ” сўзининг юмшоқроқ шаклини ишлатишга уриниб. – Ота-онаси Теҳрон шимолидаги Бала-шаҳрга кўчиб кетсин. Ўша ерда ғарбона яшайверади.
Қизлар кулиб юборди. Бу жуда шафқатсиз ҳазил эди, чунки Тоҳиранинг ота-онаси камбағал эканини ва зўрға кун кўришини ҳамма биларди. Шимолий Теҳрондаги замонавий уйга кўчиш эса Париждан иккинчи уйни сотиб олиш билан баробар эди.
Сумайя ҳам дугоналари каби Тоҳиранинг қилмишидан ташвишга тушган эди. У иймонли, эътиқодли қиз. Ахлоқий меъёрлар у учун катта аҳамиятга эга.
– Хўп, тан олайлик, у одмигина кийинарди, аммо бунинг бирор яширин сабаби бор, деб ўйламайман. Лекин бир нарсани эътибордан четда қолдиряпмиз: тўйдан олдин ким биландир қовушиш гуноҳ. Жуда катта гуноҳ.
Қизлар чувуллаб, унинг гапини тасдиқлади. Сумайя бағрикенглигини ўз обрўсига путур етказмасдан кўрсата биларди. Бу эса уни нафақат ўзига ўхшаганлар, балки бошқалар орасида ҳам машҳур қилган. Унинг қатъий тамойиллари, одми ташқи кўриниши ва диний иштиёқи сабабли ҳатто Ҳизбуллоҳ99
Ҳизбуллоҳ (арабча: Аллоҳ партияси) – инқилоб пайти Хумайний ва унинг кучларига ёрдам бериш учун тузилган ҳаракат. Ҳизбуллоҳийлар атамаси мутаассиб ва ақидапарастларни англатади. Ҳизбуллоҳ аъзоси тузумнинг ашаддий ҳимоячиси, Ислом давлатини ҳимоя қилиш учун тажовуз/зўравонлик ишлатиши мумкин.
[Закрыть] қизлари ҳам уни ўзларидан ҳисобларди. Аслида, Ҳизбуллоҳий доираларга кириш қийин масала бўлиб келган. Ҳизбуллоҳлар мавжуд тузумнинг энг ашаддий ҳимоячилари ҳисобланади, дин ва сиёсатдан тузум омон қолишини таъминлаш учун фойдаланади. Сумайя ўзидан ночорроқ қизларга ҳеч қачон паст назар билан қарамаган. Ҳатто шаҳарнинг шимолий қисмида яшовчи қизларга тақлид қиладиган ва ғарбона кийинадиган қизлар ҳам (ундайлар мактабда озчилик) Сумайя уларни ажратади, деб ўйламасди. Аммо Сумайя уларни ажратарди. У бундай қизларнинг ёнида туришдан қочарди, чунки одамларнинг улар ҳақидаги фикрлари жуда уятли эди. Уни ҳам уларнинг қаторига қўшиб қўйишларини истамасди. Сумайя либосга қараб одамнинг ахлоқига баҳо бериш мумкинлигига ишонарди. Либос қанчалик ёрқин ва тор, пардоз қанчалик қалин бўлса, жандалик мақомингиз шунчалик ортади.
Сумайя ва унинг дугоналари ҳижоб ўраш мажбурий бўлиши керак, деб ҳисобларди. Улар пардози ёки либоси ижтимоий одобга зид бўлган ва эркаклар эътиборини жалб қилган аёлларни ҳибсга олиш, маҳкамага тортиш ҳақидаги қонунни ҳам маъқуллайди. Кўчада ҳижобни шаҳвоний мақсадларда турлича ўраб юрган аёлларни кўрганда уларнинг кийиниш эркинлаштирилса, ахлоқий таназзул бошланиши ҳақидаги ишончи янада мустаҳкамланарди. Виста айтганидек: “Агар ҳижоб мажбурий бўлмаганда, бу аёллар ярим яланғоч юрар, кейин эркаклар ўзини тутиб туролмас ва бизнинг бошимиз ташвишдан чиқмас эди.”
Аммо бундай мизогиник1010
Мизогиния – аёлларни ёмон кўриш, улар ҳақидаги турли асоссиз тасаввурларга ишониш.
[Закрыть] фикрлари учун қизларни айблаб бўлмасди. Уларнинг онги туғилганидан буён мавжуд тузумнинг тарғиботлари билан суғорилган эди. Шаҳарнинг ҳар бурчида осилган катта реклама лавҳалари ҳижоб ўрашга ундар эди. Ҳукумат икки хил тактика қўллади: ҳижобни “нотўғри” ўрашнинг жисмоний хавфи ҳақида огоҳлантириш (бунда аёл хавфни ўзига ўзи тилаб олган бўлади) ва уят маданиятини яратиш. Яқинда бошланган реклама кампаниясида иккита ширинлик кўрсатилди. Улардан бири очиқ, иккинчиси эса ўрамда эди. Очилган ширинликнинг атрофини учта пашша ўраб олиб, унга қўнишга тайёр турарди. Тагида эса “ҲИЖОБ – ХАВФДАН ХОЛИЛИК” деб ёзилган эди. Айрим эълон доскаларда эса бундай мулойим сўзлар бўлмасди: “Тажовузни биз ўзимиз тилаб оламиз.” Баъзи баннерлар масалага илмий ёндашарди. Ғарбга тақлид қилган иккита қизнинг расми (қуюқ пардоз, номигагина ўралган ёрқин рангли рўмолидан чиқиб турган малла сочлар, калта, тор мантия1111
Мантия – аёлнинг қоматини яшириш учун кийимлар устидан ташлаб олинадиган ёпинчиқ.
[Закрыть]) остида қуйидаги сўзлар бор эди: “Психологларнинг айтишича, номақбул кийинадиган ва қуюқ пардоз қиладиган қизларнинг феълида ҳам муаммо бўлади.”
Шимолий Теҳроннинг катта қисми Сумайяга исловотхона бўлиб кўринса-да, у ердаги аёлларнинг бари ахлоқсиз бўлиши мумкин эмас, деб ўйларди у. Улар шунчаки ўзи каби тақводор эмаслигини ҳам биларди. Лекин Теҳрон шунчалар тез ўзгараётган эдики, ким ҳақиқий фоҳиша-ю ким покиза эканини билиб бўлмасди. Ҳар ерда ҳижобни етарлича тўғри ўрамаган хотин-қизлар юрарди. Сумайя, шунингдек, чодра остида талайгина гуноҳлар яширинлигини ҳам биларди. Укаси бир гал Вали Асрнинг энг жанубий қисмида, Шуш кўчаси яқинида чодра ўраган аёллар фоҳишалик қиладиган жойни кўрсатган. Бечоралар яширин танасини битта кабоб нархига сотаётган эди. Уларнинг маъюс чеҳраси ва сўник кўзларини илк марта кўрганида Сумайя йиғлаб юборган.
Сумайя ўз чодрасини яхши кўрарди, чунки у анъананинг, маданиятнинг бир қисми. У анъаналарга ҳурмат рамзигина эмас эди. Оддий қора мато камтарлик ва художўйликни, парвардигорга илтижо қилишни ва қонунлари одамларни ҳимоя қиладиган руҳоний ва тартибли дунёни ифода этади. Ана, чодра у учун нима эди! Шунингдек, чодра у учун ҳайз кўрган пайтлари ўзини тўлиб кетгандек ҳис қилганида уни яширувчи қулай ва катта кардиган ҳам бўла оларди. У Сумайянинг муҳофизи эди – эркакларнинг ҳирс тўла нигоҳларидан унинг қоматини пана тутарди. Сумайянинг севимли либоси қора чодра, тор шим ва “Converse” кроссовкаси. Эскича ва янгича услуб омихтаси уни ҳам Худога, ҳам охирги урфга боғлаб турарди. Лекин ҳаммасидан ҳам у чодрани отаси Ҳожи Оға учун ўрарди. Ҳожи Оға учун чодра ҳижобнинг энг маъқул шакли эди.
– Чодра ўраган қиз атиргул ғунчасига ўхшайди: гўзаллиги ичида яширинган бўлади. Бу эса уни янада гўзаллаштиради ва Худога яқинроқ қилади, – дерди у.
Ҳожи Оғанинг хонадонида одмиликка жиддий қараларди. Сумайянинг соч ёки қўлларини очиқ ҳолда фақат отаси ва укаси Муҳаммад-Ризо кўрган. Сумайянинг Теҳронида ҳатто энг қадрли амакиси ёки тоғасига ҳам унинг нозик қоматига нигоҳ ташлаш мумкин эмас. Баъзан дўстлари билан тоғга чиққанда ёки оилавий пикникка борганда чодранинг ўрнига у рўмол ўраб, мантия кийиб оларди. Унинг мантияси доим кенг, тиззасидан пастда ва тўқ рангда бўларди. Унинг ичидан савдо тармоқлари – “Зара”, “Манго”, “Топшоп” ва “Бенеттон” дўконларидан олган оддий либосини киярди.
Айрим қизлар дарслар тугагач Мансураникига боришга қарор қилди, чунки унинг уйида катта меҳмонхона бор. Шаҳарнинг бу қисмида сайр қилишга арзийдиган жойлар оз. Яқин орадаги парклар гиёҳвандга тўла. Тузукроқ қаҳвахона ҳам йўқ. Анъанавий чойхоналар эса эркакларнинг тамаддихонаси ҳисобланади – чилимнинг тутуни-ю эркакларнинг қаҳқаҳаси босган.
Сумайя қизлар билан хайрлашди. У зиёфатга тайёрланиш учун онасига ёрдам бериши керак эди. Бугун оқшом уларнинг уйида Ҳожи Оғанинг охирги ҳаж сафари муносабати билан зиёфат, барча қўшнилар таклиф қилинган. Сумайя кўчасига қайрилиши билан уларни кўрди. Тоҳира Азимий ва унинг кекса ота-онаси юклари ортилган кичик фургон ёнида турган эди. Улар қишлоғига шарманда бўлиб қайтиб кетмоқда эди.
Тоҳира Азимий ҳеч қачон уларга мос бўлмаган. Унинг ота-онаси оддий одамлар: камбағал ва ишчи синф вакиллари. Улар ибодатли эди, онаси кўчада фақат чодра ўраб юрарди. Тоҳира дунёга келганида онаси элликка яқинлашиб қолганди. У ўттиз йил тирноққа зор бўлган. Тоҳиранинг отаси Содиққа эса оиласи йиллар давомида қисир хотинидан ажраб, ёшроқ, бола туғиб берадиган аёлга уйланиши кераклигини айтиб, босим ўтказиб келган. Содиқ уларга бош эгмаган. У бировга озор беришга юраги дош беролмайдиган қадар софдил инсон эди. Ҳатто ҳазрат Абул Фазл уларнинг назр дуосига кечикиб жавоб берганида ҳам, Тоҳиранинг туғилиши мўъжиза эди.
Улар қишлоқнинг чиниққан одамлари эди, аммо шаҳарга келгач Теҳрон уларнинг бор кучини сўриб олди. Тоҳиранинг ота-онаси Теҳронга ёшлигида, зилзила уларнинг қишлоғини вайрон қилган пайтлар кўчиб келган. Олти сонияда уйларининг ярми ер парчин бўлган. Бутун ҳаёт ғишт парчалари ва чанг заррачаларига бўлиниб кетгандек эди. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Уларнинг орасида Тоҳиранинг қариндошлари ҳам бор эди. Уларнинг жасади апельсин дарахтлари этагидаги қабристонга дафн этилган. Ери ҳосилдор, атрофини ўраб турган тоғлардан оқиб тушган сув мева боғларини суғорган, атрофида эса ёввойи отлар кезган қишлоқ бирпасда мусибатли ва ташландиқ жойга айланган.
Шаҳарга кўчиб ўтиш улар кутгандек оғриқли бўлмади. Теҳроннинг қўпол, хунук шаҳар ҳаёти, йўллари, бетон иморатлари ҳиссиз метрополисни эслатса ҳам, у ерда қишлоқ муҳити бор эди. Ғарбдаги шаҳарларга хос шахсий ҳаёт ва мустақиллик тушунчалари Теҳронга бегона эди. Шаҳарни кўзга кўринмас ришталар – қондошлик, қариндош-уруғчилик, меҳр-оқибат боғлаб турарди. Шу билан бирга одамлар бировнинг шахсий ҳаёти ва ишига бурун суқишни ҳам ёқтирарди.
Тоҳиранинг оиласи тез орада узоқ қариндошлари ва дўстларини топди. Аммо уларнинг алоқалари узоққа бормади. Уларнинг кўпчилиги юрак хасталиги, саратон ва тиббий малакасизлик сабабли вафот этди. Ёши ўтгани сари ота-она бир-бирига суяниб қолди. Уларнинг ҳаёти мазмуни Тоҳира эди. Бахтсизликлар бора-бора уларни ҳам ўз домига торта бошлади. Тоҳиранинг онаси фалаж бўлиб қолди. Уларнинг тиббий суғуртаси йўқ, Содиқ эса уч жойда ишларди. Тоҳира Вали Асрдаги катта савдо марказида жойлашган ательеда тикувчи бўлиб ишлай бошлади. Аммо буни сир сақлашди. Агар Тоҳира ўн олти ёшида ишлаётганини билиб қолишса, одамлар ғийбат қиларди. У бор вақтини Зингер тикув машинаси билан ишлаб ўтказса ҳам, қаршисида ўтирадиган афғон тикувчи етмишдан ошган киши бўлса ҳам аҳамияти йўқ. Вали Аср Тоҳира учун янги дунё очди. Бу ерда ўсмирлар бемалол қаҳвахоналарда ва фастфуд кафеларида вақт ўтказар эди. “Super Star” ва “Super Star Fried Chicken” кафелари эса бир-бирига кўз сузган, телефон рақамларини алишган ва учрашув белгилаган ўсмир йигит-қизларга доим тўла эди.
Тоҳира бўш вақтида Вали Асрда сайр қилар, унинг гўзаллигидан ҳайратланар, шимол томонга боргани сари бу гўзаллик янада ёрқинроқ намоён бўларди. У Вали Асрнинг чеккароғида жойлашган Фирдавс боғигача борадиган бўлди. У ерда скамейкада ўтириб, шаҳарни кузатарди. Бу ердаги одамлар гўё бошқа ирққа мансубдек эди. Ана шундай сайрларнинг бирида у қўшнисининг ўғли – Ҳасанни учратди. У Вали Асрнинг шаҳар марказига яқин қисми, Мунира майдони яқинидаги спорт дўконига футбол анжомларини кўргани келган эди. Оиласи ва маҳалла жосусларидан узоқда улар бир-бири билан бошқача гаплашди, иккови ҳам Хуросон майдонидан ташқаридаги дунёни кашф қилиш истаги бошқаларда ҳам борлигини тушунарди. Тасодифий учрашув ҳар ҳафталик мунтазам учрашувларга айланди. Тоҳира “Занан” аёллар журналини ўқий бошлади. Журнал адабиётдан тортиб интимгача турли мавзуларни қамраб олар ва гендер тенглиги учун курашарди. Тоҳира кўргазма ва театрларга боришни одат қилди. Унда рассомлик қобилияти бор эди, лекин ўқитувчилари бунга бефарқ қарарди. Фақат ота-онаси қизининг бу истеъдодини қадрларди, аммо уни қўллаб-қувватлаш учун уларда на пул, на маълумот бор эди.
Тоҳиранинг ота-онаси диндор ва анъанадор оиладан, аммо улар либерал қишлоқда улғайган. Уларнинг қишлоғида эркак ва аёллар тўйларни бирга нишонларди, хотин-қизлар оқ чодра ўрар ва агар ҳижобингиз бошингиздан сирпаниб тушиб кетса, биров индамасди. Тоҳиранинг отаси инқилоб катта хато бўлган деб, ҳисобларди ва ҳали-ҳамон Шоҳнинг тахтдан ағдарилганига сиқиларди. У ҳижоб мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши керак, Худога эътиқод эса ҳар кимнинг шахсий иши, деб ҳисобларди. У ҳеч қачон ичмаган, аммо алкоголли ичимликка қарши ҳам эмасди. Замонавийлик ислом ғояларига терс, деб ҳам ҳисобламасди. У яна одамлар турмуш қургунча бокира бўлиши керак, аммо эркак ва аёл ўртасидаги муносабатларга бошқалар аралашмаслиги керак, деб ўйларди. Аммо тез орада бундай қарашлар Хуросон майдони учун ёт эканини фаҳмлади, шунинг учун у фикрларини фақат хотини ва қизи билан бўлишадиган бўлди.
Ҳасан ҳақидаги гаплар Содиқнинг қулоғига етиб борганида у қизининг Ҳасан унинг номусига тегмагани ҳақида айтган гапига ишонди, лекин Тоҳиранинг шаъни ер қилинганидан азоб чекди.
Ҳасаннинг онаси уйга қайтгач ғазабга миниб полицияга қўнғироқ қилди ва уйига фоҳиша кириб олганини айтди. Полиция Тоҳирани маҳкамага олиб кетди ва отасини чақиртирди. Ота полициячиларга қизи пок эканини айтиб, уни қўйиб юборишларини илтимос қилди. Улар эса қишлоқи отанинг шеваси устидан кулди ва унга худди оддий деҳқонга гапиргандек менсимай муомала қилди.
– Қизингиз фоҳишанинг ишини қилди, сиз эса уни ҳимоя қиляпсизми? Номусингиз борми ўзи? Ёки қишлоғингизда шундай қилишадими? У ерда қизингизни тошбўрон қилган бўлишарди!
Полициячилар кулиб юборди. Аммо улар шимолдаги қишлоқларда ҳаёт Шоҳ давридагидан катта фарқ қилмаслигини, қандайдир маънода Теҳрондаги қонунлардан анча либералроқ эканини билмасди. Ҳасанга келсак, унинг дўстлари кулимсираб, елкасини қоқиб қўйди. Унинг энг яқин дўстигина ҳақиқатни биларди: у ва Тоҳира бир-бирини чиндан севарди, бирга санъат галереяларига боришарди, Пинк Флойдни тинглашарди. Улар журъат қилган ягона яқинлик – ўпишиш бўлган.
Тоҳира муюлишда уларнинг оиласи кетишини кутиб, у ердан бу ерга юрган Сумайяни пайқамади. Пайқаганида ҳам бу уни ажаблантирмас эди, чунки ўша воқеадан кейин ҳамма у билан алоқани узиб қўйган эди.
Хонани заъфарон ва сарёғли гуруч ҳиди тутган, газ плитада эса шавла биқиллаб қайнаётган эди. Сумайянинг онаси Фотима икки кундан бери овқат пишираётганди. Унинг юмшоқ ва дўмбоқ қўлига тушган ҳар нарса мазали таомга айланарди. Фотиманинг онаси эрингни яхши боқсанг, у ҳеч қачон тақиқланган мевани ейиш учун сени ташлаб кетмайди, деган эди. Шунинг учун Фотима ёшлигидан пазандаликни ўрганган. Унинг қўлидан овқат еганлар доим уни мақтар, уйида зиёфат беришса, тумонат одам келарди. Сумайя мева, бодринг, ёнғоқ ва хандон пистани идишларга жойлагунча Фотима қозон кавлади, қовурди, ювди. Хонадаги пластмассадан қилинган тўқ қизил гулларнинг чангини артиб чиқди. Шаҳарда дераза ёпиқ бўлса ҳам, чанг уйнинг ичига кириб, кулранг заррачалар ҳамма ёқни қопларди.
Муҳаммад-Ризо ошхонада ўтириб, компьютерда “Эронни излаб” ўйинини ўйнаётганди. Ҳожи Оға эса телевизор кўраётган эди. Саллали бир мулла бармоғини таҳдид қилаётгандек силкиб, муллалар яхши адо этадиган иш – ваъз ўқиётган эди. Эрон муллалари нафақат дин пешволари эди, балки йўқ жойдан ахлоқий таназзул топадиган эксперт деб ҳам қараларди. Бугун эса ана шундай ахлоқсизлик янги 3G мобил интернетдан топилди: “У одамларнинг иффатини хавф остига қўймоқда… у оилаларни бузиб юборади!” деди видео қўнғироқ хизматини қоралаган мулла. Тўрт нафар улуғ оятуллоҳ янги хизматни айблаб, фатво чиқарганмиш. Интернет оператор эса уларнинг фатвосига парво қилмабди эмиш.
Ҳожи Оға доим ўйга чўмгандек кўринарди. Унинг ҳамиша чимирилиб турувчи қошлари ва кичик, ўйчан кўзлари қаршингизда жиддий ва камгап одам турганини билдирарди. Ҳожи Оға бегоналар билан осон тил топишмасди, кўпинча, фикрларини ҳеч кимга айтмасди. Ёшлигида у жуда келишган йигит бўлган, аммо бахтсиз никоҳ ва зерикарли, кам маошли давлат ишлари уни анчайин чўктириб қўйди. Ҳожи Оға ҳаётининг кўп қисмини ойликдан ойликкача яшаб ўтказди. Уйланганидан кейин Фотима ҳам Ҳожи Оға ва унинг ота-онаси билан яшай бошлади. Тўрт киши уч хонада яшарди, болалар туғилганида ҳам бу ҳол ўзгармади. Икки жойда ишлагани учун Ҳожи Оғанинг кўп йиллари уйқусизликда ўтди. Чунки у оиласини боқиши керак эди. Икки ҳодиса унинг тақдирини ўзгартирди: ота-онасининг ўлими ва 2005 йили ёзда Маҳмуд Аҳмадинажотнинг президент бўлиши. Ҳожи Оға унга Олий раҳнамонинг маслаҳати билан овоз берган эди. Аҳмадинажот ўз вазифасига киришгач олиш осон бўлган, кам фоизли янги кредит жорий қилди. Ҳожи Оға ўшанда Теҳронда авж олган қурилишларга қўшилди. У ота-онасидан қолган кичик ғиштин уйни бузиб, ўрнига тўрт қаватли иморат солди. Битта квартирани сотди, ҳозир эса пастки икки қаватни ижарага берган. Шундан сўнг тўкилай деб турган ғиштин уйда яшаш ва ойликдан ойликка кун кўришга мажбур бўлмади. Энди у фарзандларини университетда ўқитишга ҳам қурби етарди. Ҳожи Оғанинг даромади ошиши яна шуни англатардики, Фотима ибодат қилишга вақти бўлмаса ҳам, руҳий хотиржамликни сотиб олишга пули бор эди. Фотиманинг отаси вафот этганида у муллага бир миллион туман (тахминан 300 АҚШ долларидан ошиқроқ) бериб, бир йилга етадиган намоз ўқишини сўради. Бу билан отаси ҳаётлик чоғида қазо қилган намозларининг ўрнини тўлдириб қўймоқчи эди. Аҳмадинажот уларга катта ёрдам берганди.
Ҳожи Оғанинг даромади ошгани сари обрўси ҳам кўтарилди. Қолаверса, унинг диндорлиги ҳам маҳаллада мавқеини анча мустаҳкамлади. Бугунги зиёфат ҳам унинг Маккага қилган иккинчи сафари боисидан уюштирилаётган эди. Охирги йилларда у Худога ва имомларга эътиқодини намойиш қилишга берилиб кетди: энг нуфузли шиа уламоси ва Муҳаммад пайғамбарнинг набираси Ҳусайннинг қабрини зиёрат қилиш учун икки марта жанубий Ироқдаги Карбалога сафар қилди. У ердан эса Нажафга бориб, Ҳусайнннг отаси Имом Алининг қабрини зиёрат қилди. Имом Али биринчи шиа имоми ва шиалар эътиқодига кўра Муҳаммад пайғамбарнинг муносиб вориси ҳисобланади. Бундан ташқари, Имом Алининг қизи, пайғамбарнинг набираси Зайнабнинг Суриядаги қабрини икки марта зиёрат қилишни ҳам унутмади.
Ҳожи Оға аввал бу қадар художўй бўлмаган. Унинг бахтсизлигида Фотима ўзини айбларди: турмуш қургач у эридан асал ойида Эроннинг энг муқаддас шаҳри Машҳадга, Имом Ризо мақбарасига олиб боришини сўраган. Имом Ризо Эронда дафн этилган ягона шиа имоми эди. Айтишларича, у заҳарланган узумни еб вафот этган. Ҳожи Оға Фотиманинг бу гапига кўнмаган. Чунки унинг саёҳатга етарли пули йўқ эди ва бундай зиёратларни кераксиз ҳисобларди. У ўжар одам эди, бир гап айтса, тамом, қарорини ўзгартириб бўлмасди. Фотима қаттиқ хафа бўлганди, аммо янги эрининг жаҳлини чиқариб қўйишдан қўрққан. Шунинг учун бориб онасига йиғлаган, онаси эса отасига айтган. Отаси эса Ҳожи Оға билан гаплашиб қўйган. Қайнотасининг гапларини ерда қолдириб бўлмасди. Фотима сафарга чиқаётганидан шод эди. Эри қарорини ўзгартирганидан эмас, хотинига муҳаббатини шу йўл билан изҳор қилганидан. Аммо у ҳеч қачон Ҳожи Оға буни мажбурликдан қилганини билмаган.
Машҳад ва дунёдаги энг гавжум мусулмон мақбараси ёш келин-куёвларга тўлиб ётган бўлса ҳам, Ҳожи Оға асал ойида у ерни зиёрат қилишни ўйлаб ҳам кўрмаган. Кўчалар афғон муҳожирлари, зиёратчилар, чайқовчилар, сайёҳлар, тиланчилар ва зарарли тутунга тўлган эди. Улкан мақбара эрта-ю кеч очиқ эди, тунда эса исломий Диснейленд каби ярқирарди.
Ҳожи Оға ва Фотима тилла суви югуртирилган гумбаз, ярқироқ ойнали мозаикалар, кўк ва яшил кошинли нафис токчалар дунёсига қадам қўйди. Миноралар сояси ва олти қаватли қандил нури тушиб турган жойда уларнинг ҳиссиётлари жунбишга келди. Фотима Худога ва У берган барча неъматларга кучли муҳаббат туйди. Ёнида турган, у кўп ҳам билмайдиган, тўйдан олдин бир марта учрашган ва турмушга чиқишни асло хоҳламаган мана шу оғир-вазмин ва камгап одамни яхши кўриб кетди. Ҳожи Оға эса ўқимагани ва дангасалик қилгани учун афсусланди. Аммо ҳаммасидан ҳам Фотимага уйланишга рози бўлгани, энди умрининг охиригача зерикарли жинсий ҳаёт кечиришга мажбурлигидан пушаймон эди. Фотима ва Ҳожи Оға имомнинг жасади кўмилган ичкари хонага ўтди.
Шиа мақбаралари доим ҳам хотиржам ўйлаб олиш ва сокинлик масканлари эмасди. Ҳар бир мақбара халифалар, шайхлар, уруш ва ўлимга йўл олган отлиқ жангчиларнинг сўнгги манзилини кўрсатардики, улар қотиллик, хоинлик ва қурбонликка қўйилган ёдгорлик ҳам эди. Фожиа учун йиғлаш керак. Яхши ҳамки эронликлар энг кўп йиғлайдиган халқ ҳисобланади. Биз қайғуни бошқалардан кўра кўпроқ юрагимизга яқин оламиз. Ўрни келганда қаттиқ уввос солиб, муҳаббат ва йўқотганларимиз жойланган юрагимизга уриб йиғлаймиз. Бизни доим айблашади, алдашади ва бошиданоқ хиёнат қилган бўлишади. Шунинг учун мақбараларда эронликлар кўксига уриб йиғлайди, Имом Ризо мақбараси ҳам бундан мустасно эмас. Аёллар кирадиган эшикдан ўтган Фотима ўзини жанг майдонида ҳис қилди. Уввос солиб йиғлаётган, қабр томон ошиқаётган аёллар унга қараб қуйилиб кела бошлади. Хизматчилар қўлига чанг тозалагич патларни олиб, уларни орқага ҳайдади. Фотима ўзи қатнайдиган маҳаллий банкда ҳам одамларнинг бундай ёпирилганини кўрмаган. Кўзидан бир томчи ҳам ёш чиқмаётгани Фотиманинг жаҳлини чиқарди. У оломонга қараб юрди ва тез орада йиғловчилар уни ҳам жазавага туширди. У кўзларидан ёш тома бошлаганини сезмай қолди.
Ҳаяжонга тўлган Фотима мақбаранинг нариги бошига ўтди. Эркак ва аёлларни ажратиб турган тўсиқ олдига бориб, Ҳожи Оғани кўзлари билан излаб топди. У сал нарида бир бурчакка тиз чўкканча йиғлаётганди. Шу қадар йиғлардики, кўзларидан оқаётган ёшни тўхтатиш имконсиз эди. Фотима довдираб қолди. Эри йиғлашда ҳаммани ортда қолдирганди. Айримлари ҳатто Ҳожи Оға билан мусобақалашгандек овозини янада баландлатиб йиғларди. Ҳожи Оға эса атрофида нима бўлаётганидан ғофил эди. У ярми яшаб, ярми йўқотилган умрига ачиниб йиғларди. Фотима эрининг бунчалар таъсирчан ва художўй эканини билмаганди.
Ана шу зиёрат уларнинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Фотиманинг қалбида эрига ўзгача ҳурмат уйғонган эди. Ҳожи Оға аввалгидек тушкун эмас эди. Гўё у диннинг сирли кучи борлигини, шиа мазҳаби моҳиятидан кўпчилик мосуво эканини англаган эди. Нима бўлганда ҳам, Ҳожи Оға қармоққа илинганди. Аммо болалар туғилганидан кейин қўшимча пул орттиролмагач бўлак сафарларга чиқолмади. Қўлида пул айлана бошлагач Ҳожи Оға зиёратларини бошлаб юборди. Аммо ҳар сафар бир ўзи борарди. Унинг эътиқоди шунчалар кучайдики, Фотиманинг ғаши кела бошлади. Фотима ва Ҳожи Оғанинг турмуши якуний шаклга кирди: хотини билан гаплашмайдиган эр ва эрининг кўнглини олишга интиладиган, доим норози, аммо тақдирга тан берган хотин. Эри маҳалладаги кўп эркаклар каби гиёҳванд моддага мубтало бўлмагани, балки йиғлашга муккасидан кетгани Фотиманинг кўнглини тинчлантирар эди.
Теҳронда Ҳожи Оға художўйлигини намойиш қилиши қийин эди. У Худони камдан-кам тилга олар, камдан-кам муқаддас китоб ёки ҳадис ўқир, масжидга ҳам онда-сонда борар эди. Уйида у телевизорга муккасидан кетган эди. Аммо Фотима қаттиқ нолий олмасди, чунки Ҳожи Оғанинг муқаддас қадамжоларга зиёратлари уларнинг оиласини ижтимоий поғонада юксакка кўтараётган эди. Бу маҳаллада имомларга ҳурмат бажо келтириш сизга обрў келтиради. Ҳожи Оға Маккага бориб, Ҳаж амалини адо этгач одамлар Фотимага ҳам бошқача муомала қиладиган бўлди. Энди у Ҳожининг хотини – ҳожи хонимга айланганди. Ана шундай сафарлари шарофатидан Ҳожи Оға Эронда ҳеч қачон қадри кетмайдиган, Хуросон майдонида эса обрў ва ҳурмат келтирадиган маънавий бойлик тўплаётган эди. Тез орада Ҳожи Оға қилган зиёратлари борасида маҳаллий муллаларни ҳам ортда қолдирди. Қўшнилари диний ва дунёвий масалалар, масалан, гап қайтарган хотин ва болаларга қандай чора кўриш кераклиги ҳақида маслаҳат сўраб унга мурожаат қиладиган бўлди. У олдига келган меҳмонларини ёстиққа суяниб ўтирган ҳолда қабул қиларди. Фотима эса уларнинг олдига мева ва иссиқ чой қўярди. У лунжига қанд солиб, чой ичарди. Унинг жавоблари қисқа ва лўнда бўларди. У гапини ҳар сафар ҳеч ким тушунмайдиган жумлалар билан якунларди: “Ўзингга тўғри бўлсанг, Худога ҳам тўғри бўласан.”
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?