Текст книги "Ёлғонлар шаҳри"
Автор книги: Рамита Наваи
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Сумайя Амир-Алига чой бериш учун эгилганида унинг кўзларига қарашга журъат қилди. У ҳам чойини олаётиб қизга тикилди. Сумайянинг қўллари титраб кетди. У нафасини ростлаб олиш учун ошхонага қайтди.
Фотима мева солинган идишни меҳмонларга узатди. Заҳронинг кўзлари бодрингга қадалган эди. Амир-Али шафтолини қўлига олди.
– Балки, иккингиз алоҳида гаплашиб оларсизлар, – деди Фотима тангликни юмшатишга уриниб. Заҳро рози бўлди.
Сумайя ва Амир-Али Муҳаммад-Ризонинг ётоқхонасига кириб, полда бир-биридан бир метр масофада ўтиришди. Яхши масофа. Йигитнинг нигоҳлари ҳайвонникидек эди. Сумайя томоғини қирди.
– Сизга саволларим бор.
– Истаганингча сўра. Фақат сен жуда гўзалсан, шунинг учун сенга маҳлиё бўлиб, саволларингга диққат қилолмаслигим мумкин.
Сумайя асабий кулди. У нақ ўн битта савол тузиб қўйган эди, эътиборини жамлаб олиши муҳим эди. Унинг келажаги йигитнинг жавобларига боғлиқ. У чодрасини ёпиб ушлаб турарди. Ҳар сафар гапирганида сирғаниб кетарди.
– Ҳеч жаҳлингиз чиқадими?
Рангпар қўллари очилди.
– Ҳеч қачон. Дўстларимнинг айтишича, мен улар таниган энг оғир-вазмин одам эканман.
Дўстлари уни сал нарсага жаҳли чиқиб кетавергани учун танбеҳ беришарди.
– Бизни қандай боқасиз?
– Меҳнатда катта бўлганман. Биласан, ҳозир дадамнинг компаниясида ишлаяпман. Бир кун келиб унинг ўрнини эгаллашга умид қиламан.
Амир-Алининг ота-онаси ўғлининг бирор тайин иш қилмаслигидан доим шикоят қиларди.
– Намоз ўқийсизми? Худога илтижо қиласизми?
У қизнинг оқ кофта кийганини кўрди, аммо кўкракларини кўрмади. Ҳозир эса Худога илтижо қилаётган эди – унинг кўкраклари асаларининг ниши каби бўлмаслигини сўраб. Ҳатто олхўридек бўлса ҳам майли.
– Азонни эшитишим билан қаерда бўлсам ҳам намоз ўқишим шарт. Бу шартли рефлекс бўлиб қолган. Ҳатто газета ўқиётганимда ҳам.
Амир-Али ҳеч қачон газета ўқимаган. Йилларча мажбурлаб ўргатишганидан кейин ҳам у ҳалигача намозда айтиладиган арабча сўзларни ёдлолмаган эди.
Сумайя жилмайди. Қўлларининг кўпроқ қисми кўринди. Йигит қизнинг бўйнига қаради – узун. Бўйни атрофидаги суяги кўриниб турибди.
– Университетда ўқишимга рухсат берасизми?
– Бундай кўзлар учун истаганингга рухсат бераман.
Сумайя кулди. Ажойиб кулги. Жуда баланд ҳам эмас, жуда очиқ ҳам эмас. Қиз боланинг кулгисига қараб кўп нарсани билса бўлади. Амир-Алининг онаси ўта очиқ кулгидан огоҳлантирган эди: аёл кишининг кулгиси қанчалик очиқлиги, баландлиги унинг одоб-ахлоқига мутаносиб боғланган. Қанчалик баланд бўлса, шунчалик ахлоқсиз.
Сумайянинг саволлари қисқа ва юзаки бўлса-да, овози юмшоқ, кўзлари сезгир эди. Амир-Али унинг саволларига ярим ҳақиқат ва ёлғонларни аямай, енгил жавоб бераётган эди. Сумайя атайин олдинга бироз силжиди, ҳар бир сўз эҳтиёткорлик билан айтилаётган эди. Икковлари бир-бирини диққат билан кузатиб, ҳар бир ҳаракатни ўзича таҳлил қилаётган эди.
Амир-Али учун ўзи мансуб тоифадаги қизларни ўқиб олиш қийин эмас эди. У бундай қизлар ўзини қандай тутишга уринишини биларди. У фақат қай бири самимий ва қай бири муғомбирлик эканини ажратиб олса бўлгани. Бунга кафолат бериб бўлмайди-ю, лекин тажрибасига суяниб, Сумайянинг самимий эканини сезди. У яна Сумайя уни аллақачон севиб қолганини ҳам пайқаган эди. Теҳронлик қизлар, одатда, ўзини бефарқ қилиб кўрсатади, аслида, бу уларнинг ўйинининг бир қисми, холос. Лекин Сумайянинг бундай ўйинлардан узоқлиги унинг маъсума ва содда эканини кўрсатди.
Сумайя ҳали жуда ғўр, ростни ёлғондан ажрата олмас эди. У учун Амир-Али ҳаётида кўрган энг жозибали йигит эди.
Бир соат ўтиб улар меҳмонхонага қайтди. Ота-оналар уларни илҳақ бўлиб кутаётган эди. Фотима мевалар солинган идишни яна меҳмонларга узатди ва бургут ўз ўлжасини кузатганидек қизидан кўз узмади. Сумайя бир шода узум олиб, бир донасини оғзига солаётиб онасига қаради. Фотима сакраб турди ва Ҳожи Оғага ширинлик олиб келиши кераклигини пичирлаб айтди. Энди нима бўлиши маълум эди: тўй.
Катта никоҳ машинаси ҳаракатга келди. Балэ-борун маросимида уларнинг унаштируви расман эълон қилингач, Амир-Али Сумайяга олтита тилла браслет, катта гулдаста ва шойи чодра совға қилди. Ота-оналар Сумайянинг маҳр масаласини ҳал қилаётганди. Фотима ва Ҳожи Оға қизининг қадри устида талашаётгани Сумайяга эшитилиб турар эди.
– У жуда чиройли, ўқимишли қиз. Амир-Али уни ёш оляпти. Ҳали қизимнинг энг гуллаган, чиройи очилган даври Амир-Алининг ёнида ўтади!
– Биламан, у бебаҳо қиз. Фотимажон, аммо биз пул ишлаб чиқармаймиз-да!
Музокара, одатда, эркакларнинг иши, лекин доимгидек икки опа-сингил эрларига гап бермас эди. Заҳро тезда юмшади ва маҳр 192 тилло танга, 12 шиа имомининг ҳар бири учун 16 тангадан этиб белгиланди. Бу Теҳрон учун анча оз миқдор эди, лекин Хуросон майдони учун қиммат. Шунингдек, Майдонда маҳрни жуда катта бериш номаъқул ҳисобланарди. Эронлик оналардан фарқли ўлароқ, Заҳро жуда яхши келин олаётганини биларди. Тўйнинг бошқа масалалари ҳам келишиб олинди: Амир-Али Сумайяни университетда ўқитишга ваъда берди, Заҳро билан Муҳаммад эса ҳали Сумайя ёш бўлгани, турмушининг дастлабки йилларида оиласи ва дўстларидан айрилмаслиги учун Майдондаги эски уйини келин-куёвга беришини айтди.
Иккала оила “аруси” никоҳ маросимини гаплашиб олишга тушди. Ҳали бу тўйга катта маблағ ва егулик кетарди. Бу аснода турли йиғилишлар ва қон таҳлили (барча эронликлар учун тўйдан олдинги мажбурий тест), яна қўшимча ширинликлар пиширилади, супур-сидир бўлади, Фотима ўзининг арусиси жуда ғамгин ва кичик маросим бўлганини эслади. У Ҳожи Оғага турмушга чиқишни хоҳламаган эди. Ўша пайт оёқ тираб туриб олса бўларди, аммо тўй бўлади деб қувониб юрган ота-онасини хафа қилишдан қўрққан эди. Ҳожи Оға уйли-жойли йигит, оиласи ҳам яхши эди. У пайтлар замон бошқача эди: аёл ўзининг тақдирини бошқалар ҳал қилишига кўнарди. У Ҳожи Оғани илк марта кўрганида енгил тортган эди, чунки у ҳам норози эди. Бу унинг кўзларидан билиниб турарди. Уни ҳам Фотимага уйланишга мажбур қилишаётган эди, чунки унинг отаси ҳурмат-эътиборли одам. Фотима турмушидан молиявий барқарорликнигина кутган эди. Агар омади чопса, яхши умр йўлдошли бўлиши мумкин эди. Аммо уни писанд қилмайдиган эр насиб қилди. Сумайя ҳиссиётларга берилувчан ёшда эканига қарамай, Фотима ҳеч бўлмаса қизи севиб турмуш қураётганидан ҳамда Мулла Аҳмад Қуръон оятларига қараб бу турмушнинг келажаги борлигини айтганидан хотиржам эди.
Сумайянинг тўйи худди ўзи орзу қилганидек бўлди. У тасмасиз оқ мунчоқли либос кийди ва оқ рўмол ўради. Уни баннерларда қораланган ғарбона қизлар каби бўянтирган пардозчига эса бир миллион туманга яқин пул беришди. Маросим тугагач эркаклар ва аёллар алоҳида гуруҳларга бўлиниб, тонггача рақсга тушди. Тўйдаги расмларида Сумайя ўзга сайёраликларга ўхшаб қолган эди: кўзлари “Photoshop”да кўк қилинган, терисига ишлов берилган, бурни ҳам ингичкалаштирилган эди – теҳронликларнинг танлови. Сумайя хурсанд эди.
Сумайянинг турмуши мактаби тугаган куннинг эртасига, никоҳ маросимидан бир неча ҳафта ўтиб бошланди. Амир-Али ваъдасини дарров унутди. У Сумайядан университетга кириш фикридан қайтишни сўради. Севгидан кўзлари кўр бўлган Сумайя бунга кўна қолди. У эрининг бу истагини эҳтиросга йўйди. Эрим мендан бир зумга ҳам ажралишни, мени ҳаёт йўлим уникидан узоқлашишини хоҳламаяпти, деб ўйлади. Амир-Али бежизга анъанадор қизни танламаган эди. Агар Сумайя тўйдан кейин яна бир неча йилни китоб ўқиш билан ўтказса, эри шаҳарлик бошқа хотинга уйланиб олиши ҳам мумкин эди. Фотима ва Ҳожи Оғанинг бошида жаҳли чиқди, лекин Сумайя университетга кирмаслик ўзининг қарори эканига уларни ишонтирди. У жуда бахтли эди, шунинг учун бу масала ортиқ муҳокама қилинмади.
Никоҳнинг биринчи йили ҳаяжонли ўтди. Амир-Али ётоқда мулойим эди. Сумайя эса қовушишни руҳий жараён, эрини қониқтиришни эса ўзининг диний бурчи деб биларди. Унинг дугоналари орасида фақат биттаси турмушга чиққан. Маҳалласидаги қизларнинг кўпи ёши йигирмадан ошишини кутар, кейин эса эрининг оиласи билан яшаш учун уларнинг уйига кўчиб ўтарди. Чунки қиммат ижара ҳақини тўлашга уларнинг қурби етмасди. Сумайя эса қайнона-қайнота муаммосига дуч келмади, эри билан яшаётган янги уйи катта ва замонавий эди. У катта телевизор, нонушта учун алоҳида ажратилган бар ва қора чарм диванлар билан жиҳозланган эди. Дугоналари унинг бундай эркин яшашига ҳавас қиларди. Бир нечта қиз университетда ўқишни бошлади (асосан, турмушга чиқиш имкониятини ошириши учун), аммо бу уларнинг ҳаётида ўзгариш ясамагач умидлари сўнди.
Сумайя деярли ҳар куни уйғонганидан кейин Амир-Алига овқат тайёрлар, қолган вақтини эса онаси ва дугоналари билан ўтказарди. Улар одамлар ўртасидаги муносабатлар ва одоб-ахлоқнинг ёмонлашаётгани ҳақидаги сўнгги янгиликлардан Сумайяни бохабар қилиб турарди. Ит-ўрдак лесбиан бўлгани учун мактаб мудиралигидан олинибди, Батул хоним жинсий ҳаётни бошламоқчи бўлган ёш йигитларга хизмат қилаётган эмиш, Тоҳира Азимий эса шаҳар марказидаги исловотхонада ишлаб ва яшаб юргани учун ҳақиқий фоҳиша деган номи чиққанмиш.
Турмуш Амир-Алининг ҳаётини кўп ҳам ўзгартирмади. Овқати аввалгидек тайёр, кийимлари озода, уй эса чинни чироқ. Фақат бонус сифатида мунтазам жинсий алоқа ва севилиш ҳисси қўшилган эди.
Кейин эса муқаррар ҳодиса содир бўлди. Амир-Али зерикди. У дўстлари билан кўпроқ вақт ўтказадиган, ароқ ичадиган, Ризо билан шиша чекадиган бўлиб қолди. Ризо дзюдони бутунлай ташлаб, кашандаликка ружу қўйган эди. Амир-Али Вали Асрнинг жанубий қисмидаги янги қиморхонага қатнай бошлади.
Бошида эри кеч қайтаётганини ва ундан ароқнинг ҳиди анқиб турганини кўрган Сумайя қаттиқ ҳайратга тушди. Аммо эрига шу қадар итоаткорлигидан буни сездирмади. Амир-Али эшитмаслиги учун ваннахонага кириб, сувни ёқиб йиғларди. Вақт ўтиши билан Амир-Алининг хулқ-атвори ёмонлашиб борди, энди Сумайя йиғисини яширмасди. Аммо унинг ёлворишлари ва кўз ёшлари эрига таъсир қилмасди. Унинг “Facebook”да дўстлари сони ҳам ортиб борди. Уларнинг аксарияти сочини сариққа бўяган, очиқ кийинган қизлар эди. Амир-Али эса онаси ҳақи қасам ичиб, у қизлар аввалдан дўстлари эканини айтди. Кейин эса у кўп нарсани яширадиган, телефонини беркитадиган бўлиб қолди. Сумайя эрининг ҳаётида бошқа аёл борлигини сўрарди. Эри эса хотини ҳар сафар уни тергаганда қиладиган одатини такрорларди: у Сумайяга бақирарди. Хотинининг анъанавий кўриниши тўсатдан унга ёқмай қолганди. Ўртадаги ҳиссиётлар сўнди. Энди Сумайя эри учун бош оғриққа айланганди.
– Сени боқмаяпманми? Яна нима хоҳлайсан? Агар ёқмаётган бўлса, ота-онангникига кет.
Амир-Али унинг ҳаётдан завқ олаётгани учун кўз ёши тўкадиган қизчани эмас, улғайган аёлни истар эди.
Уларнинг муносабати узилиб кетган бўлса ҳам, ташқаридан сезилмас эди. Жанжал, асосан, уй ичида, шунингдек, Сумайянинг миясида ҳам давом этарди. У ҳар нарсадан шубҳаланар, васвас бўлиб қолган эди. Аммо Сумайя бу ҳақда ҳеч кимга айтмади. У ота-онасининг уйига қайтиб боришга уяларди. Дугоналари уни омад чўққисида деб билар, у эса чўққидан йиқилиш азобига чидай олмасди.
Куз Вали Асрдаги яшил рангни ўғирлаб, йўллар ноябрь осмонига очилганда уларнинг фарзанди дунёга келди. Сумайя қизи Монанинг туғилиши Амир-Алини ўзгартиришига умид қилганди. Аммо ундай бўлмади. Аксинча, эри йўқолиб қоладиган одат чиқарди. Биринчисида у ишга деб кетиб, ҳафта охирида уйга келмади. Ўн уч марта қўнғироқ қилиб, йигирма марта ғазабга тўла СМС ёзганидан кейин эри жавоб қайтарди: “Мен яхшиман. Жанжални бас қил.” Бир гал у хотинига Дубайга бир ҳафтага кетаётганини айтиш учун аэропортдан СМС ёзди. Бошқа пайтлари эса у эрини кунлаб, баъзан ҳафталаб кўрмасди, гаплашмасди.
Сумайя эри биринчи марта ғойиб бўлганида ҳеч кимга билдирмади. Иккинчисини эса қайнона-қайнотаси Заҳро ва Муҳаммадга айтди. Чунки ўзининг қўлидан ҳеч нарса келмаётган эди. Улар эса ажабланмади. Улар барини биларди. Амир-Али олти ойдирки ишга бормаётган эди. Унинг бу қилиғи аввал ҳам бор эди. Ота-онаси Сумайя уни тузатади деб умид қилганди. Сумайя ўзини чув тушгандек ҳис қилди. У алданганди, ота-онаси ҳам.
Заҳро ва Муҳаммад тил бириктириб Фотима ва Ҳожи Оғадан ҳақиқатни яширган эди. Улар Сумайянинг ота-онасига айтган ёлғонларига шерик бўлишди.
– Бу кетишда шарманда бўламиз, – йиғлади Заҳро.
Обрў, номус – уларнинг дунёси пойдевори эди. Амир-Али эса Заҳро ва Муҳаммаднинг обрўсини кўп марта тўккан.
Бироз вақт ҳеч нарса ўзгармади. Амир-Али хотинининг саволларига жавоб бермасди. Сумайя янги ҳаётга мослашди, бор эътиборини жажжи Монага қаратди. Тез орада яна ғойиб бўлишлар бошланди. Бу сафар улар узоқроқ муддатга чўзиларди. Буларнинг ҳаммаси жигарранг чарм портфель келиши билан бўлди. Амир-Али уни Монанинг хонасидаги жавоннинг орқасига, кийимларнинг тагига яшириб қўярди. Баъзан тунда у тўғри жавонга бориб, рақамлар териб, портфелни очаётганини Сумайя эшитарди. Амир-Али уни яширадиган жойини ўзгартиришни бошлади. Сумайя эса ҳар сафар топиб оларди. Худди Амир-Али каби унинг ҳам хаёллари ана шу портфелда бўлиб қолди. Сумайянинг ҳамма сирли ишлар жавоби ана шу портфелда эканига ишончи комил эди.
У кичик қўллари билан портфелни очишга уч ой ҳаракат қилди. Баъзан рақамлар комбинациясини соатлаб синаб кўрарди. То ҳозиргача. Мўъжиза рўй бергунгача. Эрининг портфели унинг олдида очиқ ётарди, назр дуоси жавобсиз қолмаган эди. Унинг терлаган қўллари портфелни титкилаётганда титради. Бир қанча квитанция ва банк ҳужжатлари тагидан ўзи излаган нарсасини топди: ҳақиқат. У ёш боланинг ёзуви билан ёзилган ўнлаб хатларда эди. У Амир-Алининг ўзидан ҳеч қачон эшитмаган сўзларида эди: “Сени жуда ҳам яхши кўраман. Сен менинг ҳаётимсан. Пастинг ҳақида ўйлаш мени адо қилади.” Бу “Durex” презервативи қутисига ёзилган эди. У суратдаги қора кўзли, кўкраклари бўлиқ, сочлари малла ва тарам-тарам қилиб бўялган қизга тикилди. Аччиқ оғриқ бошланишидан олдин бир лаҳза ҳаяжон бўлди: бу ғазабдан олдинги таскин эди. Кейин эса Сумайя йиғлашни бошлади. Аламидан жинни бўлаёзган эди. У портфель ичидаги нарсаларни бирма-бир олиб, хонанинг ҳар ерига улоқтира бошлади. У портфелдан яна бир ҳовуч нарса олди – бешта тирналган DVD диск. Шошганча ноутбукини ёқиб, биттасини қўйди. Аёл киши тиззасида турар, орқасидан эса эркак у билан қовушаётган эди. Шундан сўнг жинсий аъзолар катта планда кўрсатилди, кейин камера қизил рўмол ўраган аёлга қаратилди. Бошқа видеода эса қора танли эркак икки оқ танли аёл билан бўлаётган эди. Сумайянинг кўнгли айниди. У ҳам йиғлаб, ҳам дуо қиларди. У ҳеч қачон порнографик видео кўрмаган эди-да.
Сумайя қизлик уйига кетиб қолди. Фотима анчадан бери қизининг турмушида муаммолар борлигини сезарди, аммо Сумайя ҳеч тан олмасди. Сўнгги бир неча йилда муаммолар ўз таъсирини кўрсатган эди: стресс ва юрак сиқилиши Сумайяни рангпар ва ҳушсиз қилиб қўйганди. У онасига ҳаммасини айтиб берди, ҳатто шаҳвоний видеолар ҳақида ҳам.
Сумайя турмушга чиқиб кетганидан кейин Майдонда ҳаёт анча ўзгарганди. Ҳасан Руҳоний Эроннинг янги президенти бўлганди. У Глазго Каледония университетида Конституцион ҳуқуқ бўйича фалсафа доктори даражасини олган, инглиз тилида сўзлайдиган нисбатан мўътадил клерик эди. Руҳоний “Twitter”дан мунтазам фойдаланади ва тенглик ва Ғарб билан яқинлашиш ҳақида кўп гапиради. Гарчи унинг сайловдаги ғалабасидан кўпчилик эронликлар мамнун бўлса ҳам, Майдонда ҳамма ҳам ундай эмас эди.
– Руҳоний динсиз! – деди Ҳожи Оғанинг ҳизбуллоҳий қўшниларидан бири, – у ҳам Хотамийга ўхшаб инглизларнинг агенти. Бундай клериклар ифлос бўлади! Ҳали кўрасиз, бари фош бўлади.
Улар Катта Шайтон – Америка билан дўстлашишни хоҳламади. Руҳонийнинг президент Обамага тарихий қўнғироғидан бир неча ҳафта ўтиб, аксил-Америка афишалар шаҳарнинг ҳар ерига илиб ташланди (улар олиб ташланишидан олдин ҳукумат фракциялари ўртасида яна бир ички жанг бўлди). Баъзи афишаларда шайтоннинг узун тирноқли қўлига қўл бермоқчи бўлган Эрон тасвирланган эди. Ҳар бирида ҳам форс, ҳам инглиз тилида ёзилган сўзлар бор эди: “АҚШ ҳукумати адолат қилмади”.
Руҳоний ўз салафи Аҳмадинажотнинг кетини тозалаши керак эди. Норозилик уруғлари Майдонга экилган эди. Эронга қарши санкциялар иқтисодиёт ўсишини тўхтатиб қўйди ва валюта қадри сезиларли тушди. Натижада, икки йилдан оз вақтда унинг қиймати учдан бирига пастлади. Аҳмадинажот даврида бензин учун субсидиялар бекор қилинди, бунинг эвазга ҳукумат одамларга нақд пул улашди. Аммо бу ишлар ўттиздан қирқ фоизгача бўлиб турган инфляцияга барҳам бермади. Иш ўринлари қисқариб, маошлардан ҳам барака кетди. Иқтисодиётнинг чўкиши ғазаб ва ишончсизликни келтириб чиқарди.
Тарихда биринчи марта Олий раҳнамо танқид қилинди. Бари 2009 йилдаги баҳсли сайловлардан кейин намойишчилар ўлдирилгани, калтаклангани ва зўрланганидан кейин бошланди.
Яна бошқа кичик ўзгаришлар ҳам бўлган эди. Сумайянинг дугоналари Дубайнинг кўнгилочар сунъий йўлдошли канали GEM ТВда бериладиган “Севги изтироби”, “Муҳташам юз йил” каби турк сериалларига муккасидан кетган эди. Сериалнинг ярмида барча қаҳрамонларнинг овози ўзгариб қолар, чунки Эронда шоуни яширинча дубляж қилаётган актёрлар ҳибсга олинарди. Шунингдек, мамлакатда ҳитга айланган шоуларни ҳамма кўрарди. Лондондан эфирга чиқадиган форс тилидаги Маното ТВ эронча Х Factor “Googoosh Music Academy” орқали теҳронликларнинг севимли шоуси бўлмиш Британиянинг “Мен билан тамадди қил” хит кўрсатувининг форматини олиб кирганди. Ҳозирги кунларда хандон пистанинг нархи уч баробарга ошгани учун Фотима ва дугоналари уни дастурхонга тортмай қўйишган.
Фотиманинг ажрашишга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Майдон аҳли одоб-ахлоқ жиҳатидан шаҳардагилардан ўзини устун деб ҳисобларди, тез орада улар хато ўйлаганини англади. Батул хонимнинг ажрими гўё сув тошқинини тўсиб турган тўғонни очиб юборган эди. Маҳаллада аллақачон яна тўрт ёш оила ажрашди. Охирги ўн йилда ажрим даражаси Эронда уч бараварга ортди. Ҳар беш никоҳдан бири тугатилаётган эди. Теҳронда эса бу кўрсатгич баландроқ эди.
Авваллари буни шарманда деб ҳисоблаган Фотима ҳам ажрашиш ҳақида ўйлади. У шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотгани учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини излади. Одатда, улар каравотнинг тагида, пойабзал қутисида сақланарди, аммо у ердан ҳам топа олмади. Қутини жойига суриб қўйган эди, у нимагадир урилди. У оёғини чўзиб, номаълум нарсани ташқарига чиқарди. Яна бир пойабзал қутиси. У бунисини ҳеч кўрмаганди. Ичида эски расмлар ва жигарранг конверт. Конверт ичида паспортлар бор эди. Фотима уни варақлади. Хўрсинди. Ҳожи Оғанинг диний сафарлари визалар учун ажратилган рангли саҳифага муҳрланган эди. Улардан бири қип-қизил эди. Бу Ироқми ёки Суриями? У ғалати кўк ёзувни кўрди. Яқинроқ тикилиб қаради. Бу арабча ёзув эмас. Аниқ арабча эмас. Ўзи ҳам сезмаган ҳолда юраги дукуллаб ура кетди. У кўзойнагини олгани ўрнидан турди. Ғира-шира ёзувлар тиниқлашди: хўроз оёқли, қанотли иблис унга қараб турарди. Ёнида эса у ўқий олмайдиган инглизча сўзлар ёзилган эди. У ҳаяжон билан паспортни яна варақлади. Ҳар бир саҳифада алвон иблис унга қараб турарди. Уч кўча нарида яшайдиган қўшниси инглизча ўқишни биларди, аммо Фотима бегона одамдан сўрашга қарор қилди. У нима қиларини билмай, сочилиб ётган қоғоз ва паспортлар ёнига чўзилиб ётди. Сумайя хонага кириб, онасини айиққа ўхшаб полда чалқанча ётганини кўрди.
– Мен яхшиман, яхшиман. Бироз бошим айланди. Жиддий нарса эмас, – ҳарсиллади Фотима.
У чодрасини ўраш учун ўрнидан турди. Эшикдан югуриб чиқиб, тўғри бозор тарафга, таржима бюросига кетди. У Ҳожи Оғанинг паспортини компьютер қаршисида ўтирган ёш йигитга тутқазди.
– Ўғлим мана буни ўқиб бер. Санасини билмоқчи эдим.
Йигит жим қолди.
– Таиланд қироллиги. Виза тури: Сайёҳлик.
У баъзи саналарни грегориандан ҳижрийга ўгириб ўқиди. Саналар Ҳожи Оғанинг зиёрат вақти билан мос тушаётган эди. Аммо уларнинг ичида Карбало ёки Макка йўқ. Дамашқ ҳам. Машҳад ҳам. У Таиландга борган эди. У мактабда ўтилган тарих дарсларини эслаш учун миясини қоқди ва эътиборсиз бўлгани учун ўзини айблади. У Ҳусайннинг “салиб юришлари” Таиландга томон йўналмаганини эслади. Таиландда мусулмонлар борми? Ишончи комил эмас эди. Ҳатто бу ғалати мамлакатда бирор шиа мақбараси бўлган тақдирда ҳам, бир нарса аниқ эди: Ҳожи Оға ёлғон гапирган. У таржимонга пул берганди, йигит олмади. У бозор атрофидаги тумонат одамлар орасига кириб кетиб, Вали Асрнинг орқа кўчасидан кесиб чиқишга ошиқди. Буни зудлик билан ҳал қилиш керак эди. У Мулла Аҳмад билан гаплашиб олиши керак. Нозикроқ масалаларда у мулла билан юзма-юз кўришарди. У қандай ёлғоннинг ортидан қуваётганини ҳамон билмасди, аммо бу телефонда тўрт дақиқада ҳал қилинадиган масала эмасди. У Мулла Аҳмадга қўнғироқ қилиб, ёнига бораётганини айтди.
Вали Асрда у автобусга чиқди. Шаҳар бўйлаб шундай кезишни ёқтирарди. Йўлда дўконлар ва ресторанларни кўриб ўтади. Аммо бугун уларнинг ҳеч бири кўзига кўринмасди, унинг миясига ҳар турли хаёллар келаётган эди. У Вали Асрнинг охирида тушди. У ердан Тажриш майдонига кетаётган машиналар, таксилар, автобуслар ва одамларни кўриш мумкин. Мулла Аҳмад майдон ёнгинасидаги эски бинонинг иккинчи қаватидаги катта квартирада яшарди. Унинг уйи бир-бирига мос тушмаган услублар ва ранглар қоришмаси эди: қайта ишланган французча Версал мебели 70-йилларнинг чарм дивани ёнига қўйилган, кулранг деворларга замонавий Икеа жавони ва сўзаналар осилган. Яна оддий форс хонадонларида бўлгани каби биллур, ялтироқ шокилалар, мармар ва турли ҳажмдаги қандиллар ҳар бир хонага, ҳатто ошхонага ҳам илинган. Деворларда, креслоларнинг устида ҳам форс гиламлари.
Эшикни Мулла Аҳмаднинг аёли очди. У оқ гулли чодра ўраган, унинг ичидан эса тўқ кўк шалвар ва кўйлак, устидан кенг қилиб тўқилган кардиган кийган эди.
– Эрим шошилинч деб айтдилар. Кейинги бўлиб сиз кирасиз, – деди у Фотиманинг қулоғига пичирлаб.
Кейин у меҳмонхонага кириб, Мулла Аҳмаднинг “Levi’s” кийиб олган ва “iPhone” ўйнаб ўтирган ўсмир ўғлининг олдидан ўтди.
Фотима танг аҳволда қолган ягона одам эмас эди. Юзлари тортилган ва Ҳермес шарф ўраб олган ўрта ёшли юқори табақага мансуб аёл ҳиқиллаб йиғлаётган эди. Пешонасига “Chanel” кўзойнагини қўндириб олган Шаҳрак-э Ғарбдан келган ўсмир қиз эса хўрсиниб, тўр парда ортидан тикилиб ўтирганди. Қора чодра ўраган, юзлари ва қўлларини ажин қоплаган аёл қўлларини силкитиб ибодат қилаётган эди.
Мулла Аҳмаднинг ҳаяжонланганда бақириб юборадиган одати бор эди. Хотини унинг мижозларини кутиб олиб, уларга патнисда чой ва шоколад олиб кирган маҳал Мулла Аҳмаднинг овози хонасидан эшитилиб турарди.
– Нега турмуш қурмагансиз? Ўттиз тўққиз ёшда оиласиз бўлиш – даҳшат! Ота-онангиз сизга хосиятсиз исм қўйган, бу эса бутун ҳаётингизга таъсир қилган. Исмингизни дарҳол ўзгартиришингиз керак!
Фотиманинг навбати келган эди. Мулла Аҳмад қоп-қора арғимчоқ стулда ўтирар, тевараги китоб жавонлари билан ўралган эди. Хонасидаги деворларнинг тепасида оч рангли карниз бор эди. Макканинг 70-йиллардаги оқариб кетган сурати, аждодларининг рамкага солинган оқ-қора суратлари, дин ва сиёсат айро эканига ишонган, 2006 йили Олий раҳнамонинг мутлақ ҳокимиятини танқид қилгани учун қамалган оятуллоҳ Боружердининг сурати ҳам деворга осилган эди.
Мулла Аҳмад эгнига кулранг ридосини, оқ амома салласини ва чарм шиппагини кийиб олган эди. Учта кумуш бўлакли исломий узуги – ислом динидаги энг қимматбаҳо тош саналувчи куйдирилган катта охра-карнелияли тошга Қуръон сўзлари ёзилган – унинг аёлларникига ўхшаш узун бармоқларини зийнатлаб турганди.
– Вой Фотима хоним, семириб кетибсиз-ку!
У Фотима яна ўн килога семирганини кўриб, ҳайқириб юборай деди.
– Ҳа, шундай, ҳожи. Бошимга тушган ташвишлардан кейин ўзимга қарамай қўйдим.
– Кўзлари очиқ бўлиб, кўрмаган одамдан кўр бўлса ҳам кўра оладиган одам яхшироқ, – деди Мулла Аҳмад.
Мулла Аҳмадни тушуниш осон эмасди, озари-турк талаффузи билан гапиргани етмагандек, Қуръондан оятлар қўшиб турарди. Бунинг устига хотираси ҳам чатоқроқ.
Фотима топилмаси ҳақида гап бошлади. Саналар, муқаддас зиёратгоҳлар ва тафсилотларни йиғи аралаш гапириб берди.
– Токи ҳаёт эканман, қайтиб уни Ҳожи Оға демайман!
У сумкасидан гапининг далилини чиқарди. Мулла Аҳмад Ҳожи Оғанинг паспортларини варақлаб кўрди.
– Нега Таиландга боради? У ерда Худо раҳмат қилгур бирорта шиа имомининг ёки имомлар қариндошининг қабри йўқ. Шулар ҳаж сафарими?
Мулла Аҳмаднинг тили калимага келмай қолди. Бунақаси камдан-кам бўлади. У эркаклар Таиландга борганида нима қилишини биларди. Биргина ўтган ойнинг ўзида бир мижози тай фоҳишаларига боғланиб қолганини айтди. Мулла унга қаттиқ тартибдаги ибодатлар, жумладан, ёмонликдан муҳофаза қилишига ишониладиган Оятул Курсини тонгда беш, шомда беш марта ўқишни буюрибди.
– Бошингга нега бундай ташвиш тушди? Нега тақдир сенга бундайин ёмон эрни насиб қилди?
Мулла Аҳмад Таиландга борадиган эркаклар ҳақидаги гапидан сўнг Фотиманинг кайфиятини шу гаплар билан кўтармоқчи бўлди. У тўғри ўйлаган эди. Фотима мулланинг гапларидан мамнун бўлди. Чунки тушунарли эди, аммо, энг муҳими, анчадан буён шубҳаланиб келаётган нарсаси тўғри чиққанди. Унинг ҳаётда омади чопмаган эди. Севгисиз турмуш, ютиб юборадиган кичкина уй, дангаса ўғил ва бефойда куёв.
– Ҳожи, билмайман. Намоз ўқийман, йўқсилларга ёрдам бераман, барча диний фарзларни бажараман. Балки, бу менинг айбимдир. Катходай хонимнинг шифокори одам ўз ҳаёти учун ўзи масъуллиги, келажаги ўз қўлида эканини айтибди.
– Қандай бемаънилик! Ахлоқсизларнинг қўлидаги илм-фан маст қулнинг қўлидаги шамширдан хавфлироқ! – деди у.
Кейин шеърий мисралар ва Қуръон оятларидан парчалар айтди. Фотима унинг сўзларини тушунишга ҳаракат қилиб кўрди.
– Ҳожи, нега у Таиландга қатнаб юрган?
– Фотима хоним, сиз эрингиз олдидаги хотинлик бурчингизни адо этяпсизми?
– У ҳеч қачон буни сўрамаган. Очиғини айтай, мен бутун умр ҳирсимга қарши курашиб келдим. Чунки у бундай нарсаларга қизиқмас эди.
Мулла бошини силкитди.
– Фотима, сизга ростини айтаман. Эркак киши Таиландга бунчалик кўп боришининг сабаби битта. Улар “зано-э вижа”га боради.
Мулла “фоҳиша” сўзини юмшатишга уриниб, ҳукумат яқинда қабул қилган сўз зано-э вижа – “махсус аёл” деган сўзни ишлатди.
– Тушунмадим.
– Таиланд фоҳишалар мамлакати. У ердаги ҳамма аёл сотилади. Мен буни олдин кўрганман. Дарҳол чора кўришингиз зарур. Бу жуда оғир жиноят.
– Менинг эрим фоҳишалар билан ётганми?
У бу сўзларни пичирлаб айтди. Мулла Аҳмад билан бўлган суҳбат Фотиманинг бутун ҳаётини вайрон қилди. Нега Худо унга буни раво кўрди? У таниган бир нечта аёл хиёнат ҳақида гапирарди. Бу фақат бошқаларни ғийбат қилаётгандагина гапириладиган табу (тақиқланган) мавзу эди. Ҳеч ким ўзига нисбатан қилинган хиёнатни тан олмасди. Ҳожи Оғанинг садоқатига ишонгани учун ўзини аҳмоқдек ҳис қилди. Уни художўй инсон деб билгани учун, унинг зиёратлари боиси диндорлигидир, деб ишонгани учун, энг ёмони, унинг Худо ва пайғамбарларга итоати ва эҳтироми эмас, ишқий саёҳатларга кетгани шарафига ҳар турли зиёфатлар уюштиргани учун ўзини аҳмоқ ҳис қилди. Мулла Аҳмад Фотимага қарай олмади, бошқаларнинг азоби унга таъсир қиларди, ҳатто буни тез-тез кўрмаса ҳам.
– Азизам, афюнга тобе бўлиб қолганлар ўзига ўзи ёрдам беролмаганидек, эрингизга ҳам сизнинг кўмагингиз зарур. Аллоҳ кечиримли зот эканини унутманг, – у Қуръондан парча келтирди. – Аллоҳнинг марҳаматидан умидсиз бўлманг. У барча гуноҳларингизни кечиради… Аллоҳ ёмонни ҳидоят қила олади. Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зот.
Гарчи унинг маҳри ҳозир арзимас бўлса ҳам ва у энди бир ўзи қандай кун кечиришини билмаса ҳам, Фотима эрини кечиришни истамасди. Унинг хаёлида Батул хоним ва унинг эри билан ажрашгани айланарди.
– Ҳожи, Қуръонда у инсон билан бирга қолишим кераклиги айтиладими?
Мулла Аҳмад, одатда, ажрашиш ҳақида башорат қилмас эди. Аммо бу фавқулодда ҳолат бўлгани ва Фотима унинг содиқ мижози экани учун бу сафар истисно қилди. У кўзларини юмиб, пичирлаб дуо ўқиди ва муқаддас китобни очди. Арабча сўзларни баланд овозда ўқиб, маъносини Фотимага таржима қилиб берди.
– Нима бўлса ҳам у билан қолишингиз керак. Унга ҳақ йўлни кўрсатишингиз керак.
Фотиманинг юраги чўкди. Улар дуони саловат билан бирга якунлади: Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ва уларнинг оилаларига салом ва салавотлар бўлсин.
У эри билан юзланиш учун ўрнидан турди.
У уйига келганида Ҳожи Оға телевизор кўриб ўтирган эди. У паспортларни эрига улоқтирди.
– Ҳей, ярамас… аблаҳ, зинокор!
Ҳожи Оға кўзларини чақчайтирди. У ҳаётида ҳеч қачон хотинидан бундай сўзларни эшитмаган. У кўзини пирпиратарди. Гапириш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо бир сўз деёлмади. Шунинг учун оғзини юмди. Фотима унга бақирди, у ҳаётида бунчалик бақирмаган эди. Тезда Ҳожи Оға ҳам жонланди. У айбдор одамда қўзғаладиган ҳиссиётларига эрк берди. Жаҳл, тан олмаслик ва қарши айблов. Фотима ажрим талаб қилди. У эрининг хиёнатини судьяга бориб айтишини, Мулла Аҳмаднинг сўзлари ва паспортларни далил қилиб кўрсатишини айтди. Кейин маҳалладаги ҳамма Ҳожи Оға ҳаётида Саудия Арабистонига қадам босмаганини билиб оларди. Ҳожи Оға дарров оҳангини ўзгартирди. У йиғлаб, хотинидан кечирим сўрай кетди. Ҳаммасига порнографияни айбдор қилиб кўрсатди. Бу унинг айби эмасмиш. Ака Маҳдий унга порн видеолар ёзилган диск берган, бу эса Ҳожи Оғани айнитган эмиш. У хотинини шу қадар ҳурмат қилар эмишки, видеода кўрганларини ундан сўрашга ҳадди сиғмаган экан. Шунинг учун хотинини хўрламай, Таиланддаги фоҳиша аёлларнинг олдига борган эмиш.
Беш ҳафтадан сўнг Фотима уни кечирди, у шунга мажбур эди. Бу ҳақиқат икковининг ҳам обрўсини тўкиши мумкин эдики, бу ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслик маъқул кўрилди. Бари ўтиб кетди. Ҳожи Оға энди хотини атрофида гирдикапалак эди. Сумайя отасининг қанчалар меҳрибон ва ғамхўр бўлиб қолганини сезиб ҳайрон қолди. Ҳатто эркаклар қариганда шунақа яхши эр бўлиб қолса керак, деб ҳам ўйлади.
Сумайя онасига ҳаммасини айтиб берганида Фотима қизининг тақдири ўзиникидек бўлишига йўл қўймаслиги кераклигини англади.
– Ажрашишинг керак, – деди у қизига.
– Бу шармандалик-ку! Одамлар нима дейди? Обрўйимиз тўкилади, мен ёлғиз қоламан, ҳеч ким кейин мени олишни хоҳламайди.
– Обрўни қўй! Одамлар нима ўйлашининг ҳам менга қизиғи йўқ. Амир-Али ҳеч қачон ўзгармайди. Кейин пушаймон қиласан. Отанг билан мен сени боқамиз, ҳаммамиз бошимизни баланд тутамиз, чунки сен нотўғри иш қилмадинг.
Сумайя донг қотиб қолди. У аввал сира ҳам онасидан бундай гапларни эшитмаган эди. Яна энг ҳайратланарлиси, Ҳожи Оға хотинининг ҳамма гапини тинглаб, тасдиқлаб турган эди.
– Ажрашиш – сени бахтли қиладиган ягона чора, – деди Ҳожи Оға юзида табассум билан.
Ҳатто Мулла Аҳмаднинг истиҳораси ҳам Сумайя учун энг яхши йўл ажрашиш эканини тасдиқлади.
Сумайя эрига ажрим сўраб бир марта қўнғироқ қилди-ю, бошқа сира у билан гаплашишни истамади. Амир-Али ажримга дарров рози бўлди. Чунки у Сумайя полицияга ёки судга бориб, эрининг порнографик видеолар ёзилган дисклари борлигини ва у хиёнат қилганини айтиб беришидан қўрқди. Гарчи хиёнатини исботлаш учун тўртта (мусулмон) эркак гувоҳи бўлиши керак бўлса ҳам.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?