Текст книги "Ёлғонлар шаҳри"
Автор книги: Рамита Наваи
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Ғарбий Теҳроннинг чекка жойларида қуёш ботди, шаҳар чироқлари эса тушаётган қоронғиликни қаршилади. Осмонга баркаш ой чиққанди. У энди яна ҳам кўтарилай деганда Ҳожи Оғанинг уйига қариндошлари, дўстлари ва қўшнилари ширинлик кўтариб кела бошлади.
Аёллар ошхона олдига тўпланиб олган, қарғалар тўдасидек ҳаммаси қора чодра ўраган, улардан тер ва ўткир атир ҳиди ва шаҳарнинг иссиқ, тутунли ҳавоси анқирди. Эркаклар деворга тақаб қўйилган стулларга ўтирди ва Фотима тарқатган секанжабиндан1212
Секанжабин – ширин ва нордон таъмли, асал ва сирка қўшиб тайёрланадиган ичимлик.
[Закрыть] ҳўплашди. Таомилга кўра, қариндошларнинг ҳол-аҳволи сўралгач иккала гуруҳда аксар теҳронликларнинг севимли мавзуси – сиёсатга ўтилди.
Сиёсат шаҳарнинг ҳар бир пучмоғида муҳокама қилинади. Ҳатто жанубий Теҳрондаги гиёҳвандлар ҳам ҳуши жойида бўлган маҳал кучли сиёсатчига айлана олади. Ҳеч бир киракаш ҳокимиятдаги охирги курашларга ўз муносабатини билдирмай қолмайди. Сиёсат ҳақидаги суҳбатлар одамларга келажаги борлигини, шунчаки нофаол кузатувчи эмасликларини ҳис қилишга имкон беради. Оддий эронликлар уйининг қалин деворлари ортида ёки машинасида ҳайратланарли даражада эркин бўлади ва норозилигини очиқ айтади. Ўзини ҳеч ким кузатмаётганини сезганлар исталган мавзуда гаплаша олади. Сиёсатчилар ва ҳокимиятга интилувчи кучларнинг бир-бирига лой чаплаши, бир-бирини айблаши оддий фуқаролар ҳам ўзаро шундай қилишига эркинлик яратиб берган. Айримлар сўз эркинлиги Шоҳ давридагидан анча яхши, деб айтади. У пайтлари одамлар ҳатто хилват жойда ҳам Шоҳ ҳақида ножўя гап айтишга қўрққан.
Инқилобдан сўнг аксарият диндор ва ўртаҳол оилалар, жумладан, Хуросон майдони аҳлининг ҳам кўксига шамол тегди. Ислом инқилоби Ҳожи Оғага ўхшаган одамларни кўтарди. Жамиятнинг ночорроқ аъзолари янги тузум жорий қилган молиявий ёрдамдан ҳаётини ўнглаб олди. Завод ишчилари учун энг кам ойлик иш ҳақи белгиланди, иш соатлари қисқартирилди. Уруш бошланиши билан егулик танқислиги бошлангани сабабли нон, пишлоқ, шакар ва ёғ каби асосий егуликлар бепул берилди. Аммо гап фақат иқтисодий фаровонликда эмасди. Ҳурмат, инсон қадрида ҳам эди. Хуросон майдони аҳли янги, замонавий Теҳронга қадам қўяётганини ҳис қилди. Шоҳ қуришни бошлаган замонавий жамият тараққиёт ва анъана орасида қолиб кетганди. У ўзгаришлар тез бўлишини истаганди, Эронни шошма-шошарлик билан Биринчи дунё мамлакатига олиб чиқмоқчи эди. Одамлар эса нотаниш дунёдан ҳадиксирарди. Гарчи отасидан фарқли равишда Шоҳ ҳижоб ва чодрани тақиқламаган бўлса ҳам, улар қуйи синф вакиллари белгисига айланиб қолганди. Аммо исломий ҳокимият ўрнатилгач Хуросон майдони аҳли ўзини жамиятнинг бир бўлаги, деб ҳис қила бошлади. Ҳукумат идоралари энди уларга бегонадек қарамасди. Уларнинг ибодати ва яшаш туруми нафақат давлат тасдиғидан ўтди, балки бошқаларга намуна қилиб кўрсатиладиган бўлди. Энди давлат уларга тушунарли бўлган диний тилда сўзларди. Шу боис одамлар ўзларини давлатга яқин ҳис қила бошлади. Уларнинг кўпи сиёсатга қизиқмасди, лекин бу яқинлик янги тузум тарафдорларини кўпайтириб юборди. Бу билан иккала томон ҳам ютди. Маънавий раҳнамонинг мутлақ ҳокимияти қонун билан белгиланаётганда одамларнинг художўйлиги жуда қўл келди. Хумайний вилояти-фақиҳ, яъни исломий ҳакам бошқарувини жорий қилгач фуқаролар устидан мутлақ ва муҳокама қилинмайдиган ҳокимиятга эга бўлди. Аллоҳ номи билан иш кўрувчи тузум улар томонида бўлгач Майдон аҳли ҳукуматга шубҳа билан қарашига ҳожат қолмади.
Сумайянинг қўшнилари қадриятлари муштарак эди: қиз бола турмушга чиқмагунича бокира бўлиши ва одмигина ҳижоб ўраши шарт. Уларнинг диндорлик даражаси бир-биридан фарқ қилса ҳам, эътиқодлари ўхшаш эди. Аммо гап сиёсатга келганда улар ўртасида тафриқа бор эди. Бу фақат тузум тарафдорлари ва унга қаршилар каби иккига бўлиниб олиш эмасди. Улар жуда кўп турга бўлинган эди.
– Хўш, демак, сиз барибир анави маймун Аҳмоқинажотга овоз бермайсиз? – сўради Масъуд қўшнисидан атайин Аҳмад сўзини Аҳмоқ деб талаффуз қилиб.
– Ҳар ҳолда, у бизни Америкага хўрлатиб қўймайди.
– Ҳар ҳолда, у мулла ҳам эмас-ку, – қўшиб қўйди Масъуд хандон писта чақиб.
Масъуд намозни канда қилмасди, ҳажга ҳам борган. Аммо муллаларни жини суймайди. У иқтисодиётнинг оғир аҳволидан тортиб, коррупциягача – ҳамма нарсада муллаларни айбларди. Суннатий оила – анъанадор оиладан бўлиш ёки ислом шартларига тўкис амал қилиш дегани мавжуд тузум тарафдорига айланиш дегани эмас эди. Масъуд давлат ва дин ўртасидаги бўлинишга ишонарди. У Олий раҳнамонинг мутлақ ҳокимиятини қўллаб-қувватламасди. Ислом инқилоби унинг кўп қўшниларига рўшнолик келтирган бўлса ҳам, Масъуднинг ҳаётида ўзгариш бўлмади. Фотима ошхонадан бақириб, муллалар айбсиз экани, ҳаммасига сиёсатчилар сабабчилигини айтди.
– Биз ўша айёр тулки инглизлар сабабли мана шу аҳволга тушиб ўтирибмиз, – деди Аббос исмли маҳаллий баққол.
“Инглизтон” шаънига доим ёмон гап айтиларди. Эронликлар британияликларни барча жиноятларда айбдор деб биларди. Масалан, эронликларнинг эътиборли бош вазири Мусаддиқнинг 1953 йили ҳокимиятдан ағдарилишида инглизларнинг қўли бор деб ҳисобланарди. Кенг тарқалган фаразларга кўра, Шоҳни ағдаришга Би-би-си радиоси ёрдам берган.
– Уларнинг ҳеч бири тоза эмас, бари ичидан чириган. Аҳмадинажот эса уларнинг энг ёмони. У иқтисодни тушунмайди, бир кун бизни хароб қилади, – деди бозорчи Али.
У бозорда электр маҳсулотлари билан савдо қилади. Гарчи ҳижоб ўраш ихтиёрий бўлиши керак деб ҳисобласа ҳам, хотини ва қизлари чодра ўрайди.
– Аҳмадинажот шу пайтгача учраган раҳбарларнинг энг тузуги. Нефт нархи ошяпти, у дангал гапирадиган ва оддий одамлар нима хоҳлашини тушунадиган одам, – деди Ҳожи Оға. Ошхонадаги аёллар унинг гапини тасдиқлаб бақирди.
Суҳбат ҳар доимги йўналишда давом этди, сиёсатдан иқтисодга, ундан эса шахсий муаммоларга. Сумайя онасига ўхшаб сиёсатга бефарқ эди, аммо улар Олий раҳнамо Али Хоменайини ўта ҳурмат қиларди. Олий раҳнамо нима деса, улар шунга амал қиларди. Баъзан уни телевизорда кўришса, унинг сўзларидан таъсирланиб, йиғлаб юборишарди. Олий раҳнамо авлиё эди; Худонинг вакили ва имомлар каби муқаддас эди. Унинг илоҳий танаси Аллоҳнинг иродасини ўзида мужассам этган. Сиёсатнинг чиркин дунёси ҳам уни айнитолмаган. Унинг ердаги ўрни пок: ислом қонунлари ва амалларини устувор қилиш. Олий раҳнамо ҳокимиятни Хумайнийдан қабул қилиб олган. Хумайний мамлакатни ахлоқий бузилишдан қўриган ва йўқсилларни сақлаб қолган. Бу икки қария Сумайянинг қаҳрамонлари – қиз уларни танқид қилишларига чидай олмас эди.
Аёллар сиёсий муҳокамадан бошқа мавзуга ўтди. Чунки улар бошқа хонада ўтирган эди, қолаверса, ўзларининг бошқа айтар гаплари ҳам бор эди. Йигирма йиллик турмушдан сўнг Батул хоним эри билан ажрашибди. У маҳаллада ёши элликдан ошиб ажрашган биринчи аёл. Ажримнинг сабабини ҳеч ким билмайди, лекин жанжал бўлгани аниқ.
– Сабаби нима? – деди Фотима. – Шунча йилдан кейин бу ишини тушунолмадим. Қандай қилиб болаларини кўзи қийди? Энди улар одамлар олдида уялиб яшайди.
Батул хоним эридан ажрашишини, аслида, болалари сўраган. Улар гиёҳванд отанинг зулмидан тўйиб кетган эди. Аёллар эрларининг рухсати билангина ажрашиши мумкин. Эркак ўзининг никоҳ бурчини бажара олмаслиги (импотентлик ва телбалик) бундан мустасно. Шунинг учун Батулнинг қизи отаси онасини калтаклаётганини ва афюн чекаётганини билдирмай видеога олган. Судья Батулнинг телефонига туширилган видеони кўргач жойида уларни ажратган. Энди Батул хоним ажрашган аёл ахлоқсиз бўлади, деб ўйлайдиган Хуросон майдони аҳли орасида ажримнинг оқибатлари билан юзлашаётган эди. Уни муҳокама қилаётган бу аёллар эрлари аллақачон Батул хонимга арқон ташлаб кўрганини билишмасди. Батул хоним уларнинг юзига тарсаки тушириб жавоб қайтарган. Фақат Озранинг келишган ва бой эри бундан мустасно.
– Ажрашиш ўзингга ва Худога хиёнатдир, – деди Сумайя.
– Ҳозирги вақтда ҳамма ажрашиб кетяпти, бутун жамият таназзулга учраяпти. Ҳаммасига ҳукумат айбдор. У ажрашишни банкда ҳисоб рақам очдиришдан ҳам осон қилиб қўйган, – деди Ҳамида.
Шу гапларни айтар экан Ҳамида ўзининг яқин дугонаси Акрам ҳам ўн йилдан бери эридан ёлвориб ажрим сўраётгани, лекин эри рози бўлмаётганидан хабари йўқ эди. Гарчи Ҳамиданинг ўзи афюнга тобе бўлиб қолганини сир сақласа ҳам, бу ажримдан анча тузукроқ, деб ҳисобларди.
Афюн асрлар бўйи форс маданиятининг бир қисми бўлиб келган. Вали Асрда ва ундан ҳам нарида чекиладиган бу модда табақа танламайди, оғриқ босишдан тортиб, зерикиш ва ишсизликкача – ҳаммасига чора уни чекишдир.
Дастурхонга тортилган таом қорни оч меҳмонларни сиёсат ва ажрим мавзуларидан чалғитди. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Фотиманинг беш йилдан бери кўрмаган синглиси Заҳро келган эди. Улар пул устида жанжаллашиб қолган эди. Шаҳарда бундай жанжаллар тез-тез учраб туради. Фотима синглисидан қарзга пул сўраган, Заҳро эса пули йўқлигини айтган. Бу ғирт ёлғон эди. Заҳро бой хонадонга – гилам сотувчилар оиласига келин бўлганди. Эри Муҳаммад аллақачон ҳашаматли ҳаёт томон юқорилашни бошлаган эди. Заҳро янги уйига Фотимани чақирмаган, чунки уйидаги кумуш идишлар ва итальян чарм мебеллар ҳақиқатни фош қилиб қўйиши – Заҳронинг оиласи Хуросон майдонидаги энг бойи эканини билдириб қўйишидан қўрққан эди. Муҳаммад ва Ҳожи Оға бунга аралашмаган. Бошида улар бир-бири билан рақобатлашаётган опа-сингилларни яраштириб қўймоқчи бўлган, аммо уддасидан чиқмаган. Яқинда Фотиманинг қулоғига Заҳро қилмишидан пушаймонлиги, бундан ҳам асосийси, у диабет билан оғригани ҳақидаги хабар етиб келди. Заҳро телефонда Фотиманинг овозини эшитганида йиғлаб юборди, Фотима уни Ҳожи Оғанинг ҳаж сафари зиёфатига таклиф қилганида эса яна йиғлади. Аммо, асосийси, Ҳожи Оға энди ўзига тўқ одам эди. Синглиси билан ярашиш энди уни пулидан айирмасди.
Диабет Заҳронинг юзини очган эди. Унинг семирган юзи ажинларни тарқатиб юборибди. Унинг ёнида эри Муҳаммад ва улғайиб қолган икки ўғли турарди, улардан бири хотинини ҳам олиб келибди. Уларнинг баридан пулнинг бошқа ҳид билан адаштириб бўлмайдиган ифори таралаётган эди. Анбар ва мушк. Баҳмал каби силлиқ табиий чарм. Майин шойидан тикилган чодра. Бармоқ ва қулоқлар тилла билан қопланган. Муҳаммад оч рангли тасма билан боғланган гуллар солинган катта қутини қучоқлаб олган эди. Ҳозирги кунда гул қиммат, шунинг учун бу қимматбаҳо совға ҳисобланади. Иккала ўғли эса полиэстер аралаштирилмаган ва ўзига лоп-лойиқ турган ғарбона костюм-шим кийган эди. Учала эркакнинг ҳам соқоли қиртишланган. Улар замонавий анъанадор оилалардан эди, хонага кирганида Ҳожи Оғанинг бирдан ҳасади келди. Улардек бўлишни Ҳожи Оға ич-ичидан истар эди.
Муҳаммад божаси Ҳожи Оғанинг диндорлашганини эшитиб, ҳурмати ошди. Унинг ўзи пул ортидан қувиб, маънавий бойлик тўплашга вақти бўлмаганди. У Ҳожи Оғани сўнгги диний сафари билан табриклаётганда, опа-сингиллар бир-бирини бағрига босди ва ошхонага кириб кетди.
Заҳронинг катта ўғли Амир-Али зиёфатга келмаслик учун роса ҳаракат қилди. Лекин хонадонга кирганида қолиш учун сабаб топди – Сумайя. Унинг кўримсиз қизалоқдан ақлни шоширадиган ўсмир қизга айлангани Амир-Алини ҳайратга солди. Унинг кўзлари кўк, бурни эса тўғри ва чиройли, қизил лаблари Амур1313
Амур – қадимги Рим мифологиясида севги Худоси. Дастлаб Амур камон ва ўқ билан қуролланган қанотли йигит сифатида, кейинчалик одамлар ва Худоларни севги азобига мубтало қиладиган муғомбир бола сифатида тасвирланган.
[Закрыть] камони сингари эди. Териси ҳам доғсиз, пардози эса билинар-билинмас эди. Уйда у оёғига ялтироқ балетка кийиб юрарди. Бу маҳалладаги бошқа қизлар киядиган кўримсиз елим шиппак эмасди. У чодрани бироз бўшатганди сочлари замонавий усулда бўялгани ва бир қулоғига учта зирак тақиб олгани кўринди. Амир-Али ҳайратдан ёқа ушлади – Хуросон майдонида яшайдиган камбағал холаваччаси пирсингни билса-я! Айнан мана шундай майда нарсалар Амир-Али учун муҳим эди. Улар Сумайя Амир-Алининг дунёсини тушунишига ишора эди.
Амир-Али миллий қадриятларга эга, аммо гўзал кўринишга ҳаракат қиладиган қизни хоҳлаганди. Амир-Али чодра ўрайдиган қизларда бу икки нарсадан фақат бири бўлишини биларди. Улар ё бесўнақай, хунук шиппак кияр, ё пешоналари ботокс билан силлиқланган, оёғига учли баланд пошнали пойабзал, бойроқлари Дубайда чиқариладиган қизил тагчармли “Louboutin” туфлиларини киярди. Ундайларни Амир-Али қора чодрадаги бўрилар дерди. Унақалар гап қайтаради ва айёр бўлади, улардан яхши хотин чиқмайди.
Хонадаги бир нечта йигит Сумайянинг эътиборини тортмоқчи бўлди. Амир-Алининг қалбида рақобат ҳисси уйғонди. Сумайя унинг холаваччаси, агар мана шу паст табақа йигитлардан бири Сумайяга эришса, унга лаънат бўлсин!
Уларнинг орасида тезда учқун порлади. Амир-Али эшикдан кирганида Сумайя юзлари қизариб кетганини сезди. Амир-Али бўйдор, мушаклари чиққан, кулгиси ўзига ишонган одамларникидек эди. Қиз Амир-Алининг бурни кичрайганини сезди: чиройли бургутбурун пластик жарроҳнинг пичоғи билан сайқалланган эди. Сумайя маҳалласида бурнини операция қилдирган йигитларнинг устидан куларди. Пулингиз етган бурунни оласиз. Майдонда яшайдиганларнинг аксарияти шаҳарнинг сертификати бор пластик жарроҳларига боришга қурби етмасди, шунинг учун косметик операцияни ҳам қилаверадиган маҳаллий стоматологларга мурожаат қиларди. Натижа доим ҳам кўнгилдагидек бўлмасди. Аммо Амир-Алининг бурнига ниҳоятда маҳорат билан шакл берилган эди, у санъат асарининг ўзи эди. Муваффақият ва нозик таъб белгиси.
– Хўш, Муҳаммад-Ризо, “Персеполис”гами ёки “Истиқлол”га? Қайси бирига мухлислик қиласан?
Амир-Али мажбурлигидан футболга оид савол берди. Унинг хаёли Муҳаммад-Ризода ҳам, Теҳроннинг мусобақалашаётган энг зўр клубларида ҳам эмас эди. Унинг кўзлари Сумайяга қадалган, қизнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатаётган эди. Сумайя унинг нигоҳлари чодрасини ёндираётганини ҳис қиларди. У иш қилаётганида қулай бўлиши ва сарвдек қоматини кўз-кўз қилиш учун чодрани маҳкам боғлаб қўйди. Амир-Али қизнинг хушбичим ва нозиклигини кўрди. Чодра ўраган қизларни билолмайсиз. Бир неча марта у чодра семиз қорин ва белдаги қат-қат ёғларни яширишига гувоҳ бўлган. У бундай “тўкислик”ни истамас эди.
– Сумайя, ҳали ҳам мактабда ўқияпсанми?
Сумайя қизариб кетди.
– Ҳа.
У шошиб нари кетди. Ахир, йигит киши билан узоқ гаплашиб туриш мумкин эмас. Маҳаллада балоғатга етган холаваччалар яқин оила аъзоси ҳисобланмайди. Сумайя илк бор ҳайз кўрганидан буён ака деб ҳисобланган бирорта қариндоши билан кузатувчисиз ўйнаши тақиқланган. Чунки улар эҳтимолий жинсий партнерга айланган.
– Ўғил бола билан қиз бола мисоли пахта билан олов. Уларни бир-бирига яқинлаштириб бўлмайди, чунки ёнғин чиқиши мумкин! – дерди бувиси у доим норози бўлганида.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳ бахт келтирадиган, худо берган имконият ҳисобланган, чунки у оилаларни жипслаштирарди. Айниқса, ака-укаларнинг фарзандлари ўртасидаги никоҳ кўпчиликни қувонтирарди. Бундай турмуш учун ҳатто махсус ибора ҳам бор – “юлдузига битилган.”
Заҳро ўғлининг Сумайяга тикилиб қараётганини сезиб қолди. Ундан тестостерон ёғилиб турарди. Ерга солинган, усти егуликлар билан тўлдирилган суфранинг – дастурхоннинг бир бошида эркаклар, иккинчи бошида аёллар ўтирганда Заҳро ўғлининг қўлидан ушлаб, қулоғига пичирлади:
– Худо ҳақи, ўзингни тутиб ўтир. Агар ниятинг жиддий бўлмаса, фикрингдан қайт. Шунча бўлиб ўтган ишлардан кейин оилавий муносабатларга путур етказишинг қолувди. Буни ўзинг ҳам биласан.
Амир-Али онасига қарамай жавоб берди:
– Ниятим жиддий.
Уйга борганда Амир-Али ота-онасига мақсадини айтди. У холасининг қизи Сумайяга уйланмоқчи эди. Ота-онасининг тез рози бўлгани уни ажаблантирди. У мукаммал қиз: чиройли, уятчан, камтар ва эпли уй бекаси. Амир-Али таниган теҳронлик қизларнинг кўпи унчалик чиройли бўлмаса ҳам, танасининг интим қисмига тилла суви югуртирилгандек тутади ўзини. Заҳро ва Муҳаммад узоқ вақтдан бери Амир-Али анъанадор оилада тарбия кўрган яхши қизни учратишини сўраб дуо қиларди. Уларнинг ўғли ҳали улғаймаган, эрка эди. Хотинли ва болали бўлгач бўйнидаги масъулият уни эркакка айлантириши мумкин эди. Улар бой бозорчиларнинг ва саноатчиларнинг қизини мўлжаллаганди, аммо Амир-Алининг “обрў”си уларнинг қулоғига етиб борган эди. У қиморхоналарга кўп борар, ичар, қизлар билан юрарди. Ҳеч ким бундай йигитни қизига раво кўрмасди. Амир-Алининг ўзи ҳам бундай ғарбча яшашни пинҳона хоҳлайдиган бой диний оиланинг қизларига хуши йўқ эди. Унга маданияти ва анъаналарини тушунадиган аёл керак эди. Самимий аёл.
Амир-Али ўн олти ёшида қўшнисининг қирқ беш ёшли хотини билан қўшилган. У буни кимдир билиб қолишидан қўрққан, аёл эса ўзини гуноҳкор ҳис қилган, шу билан уларнинг муносабати узилган. Кейин Амир-Али тенгқур қизларга ўтган. Улар билан, асосан, эркалаш ва сийпалаш бўларди. Баъзан улар ла-пае – “оёқлар орасида” қовушиш билан шуғулланарди. Амир-Али жинсий аъзосини қизнинг қаттиқ сиқилган сонлари орасига қўйиб, жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Ла-пае ўсмирлар ва анъанадор-диндор оилада ўсган, ёши йигирмадан ошган қизлар орасида кенг тарқалган жинсий алоқа тури эди. Бундай қизларнинг Худога бўлган эътиқоди Сумайяникичалик кучли эмасди.
Баъзан Амир-Али ва дўстларининг омади чопиб қолар, аммо деярли барчаси, нари борса, анал қовушиш бўларди. Чунки қизлик пардасига зиён етмаслиги, у никоҳ кечасигача бокира қолиши керак эди.
“Бир йигит гўзал қизга уйланади, – деб бошланарди Амир-Алининг севимли латифаси. – У жуда офатижон. Ва албатта, у бошқа қизлар ҳам айтадиган гапни айтади: “Менга ҳеч ким қўлини теккизмаган! Мен шунча йил ўзимни сиз учун асраб келдим!” Никоҳ кечаси куёв келиннинг ҳақиқатан ҳам бокира эканини билади. Шодлигининг чеки бўлмайди. Кейин қизнинг отасига бориб, “Сиз яхши отасиз, шундай чиройли қизингизни тўйгача бокира сақлай олибсиз. Сизга раҳмат айтишим керак,” дейди. Аммо отаси: “Йўқ, менга эмас, онасига раҳмат айт,” дейди. Кейин у қизнинг онасига бориб худди шу гапларни айтади. Она эса: “Йўқ, менга эмас, қизимга раҳмат айт, ўзини покиза сақлаган у бўлади,” дейди. Охири у гўзал хотинининг олдига келади ва унга: “Раҳмат, азизам, ўзингни ҳурмат қилганинг ва бокира сақлаганинг учун,” дейди. Хотини эса ўгирилиб: “Раҳматни менга эмас, орқамга айтинг” дейди.”
Йигитлар доим бу латифани эшитганида роса куларди. Амир-Али ва дўстлари ҳазиллашиб, Теҳронни “дунёнинг анал қовушиш маркази” дерди.
Амир-Алининг чиройли ташқи қиёфаси ва оиласининг Шаҳрак-э Ғарбга (шаҳарнинг шимоли-ғарбидаги ўрта синф аҳоли яшайдиган қисми) кўчиб ўтиши уни бутунлай бошқа дунёга тортди. У жинсий ҳаётни бошлаб юборганди. Бундай ўзгаришга йиртилган шим киядиган, Прада кўзойнакларини тақиб юрадиган, ота-онаси либерал бўлган қўшниси Араш сабабчи бўлган. Арашнинг ҳаёти қизлар ва базмлардан иборат эди. Шаҳарнинг бу қисмида айрим қизлар бир марта учрашганданоқ жинсий алоқани бошлайверарди. Улар Амир-Алининг устига чиқиб ўтириши ёқарди-ю, аммо у фоҳишага уйланишни хоҳламасди. Ана ўшанда у уйланиши учун ўзиникига ўхшаган оилада ўсган қиз кераклигини тушунди. У либерал, дунёвий оила фарзандлари ёнида ўзини ҳеч қачон эркин ҳис қилмаган. Дизайнерлик либосларга у қанча пул сарфламасин, барибир уни бошқа тоифадан эканини билиб олишарди. Унинг отаси ҳақиқий бозорчилиги ва яхши пул топиши бошида уларга қизиқ бўлиб туюлди, аммо унинг ўзи “янги” бўлаверишдан чарчади. Ҳаммасидан ҳам ёқимсизроғи – йигитлар аёлларга жуда мустақил бўлишига рухсат бериши эди. Бу нафақат қизларни айнитиб юборганди, балки бой эркакларнинг эркаклик қадрини ҳам пасайтирган эди: улар ҳаётдаги ўрнини йўқотиб қўйишганди. Гўё уларнинг ҳаёти майдонлик йигитлар фақат орзу қила оладиган қадар тўкин бўлса ҳам, улар негадир мудом руҳан тушкун эди. Амир-Али болаликдаги дўстларининг ёнида “ўзиники”ни топгандек ҳис қиларди, гарчи уларнинг орасида унинг янги турмуш тарзини маъқулламайдиган диндорлари бўлса ҳам. Ҳеч қурса, улар эркакдек иш тутарди, хотинлари ҳам уларни ҳурмат қиларди. У кўпроқ ўзига ўхшаганлар, динга эркинроқ қарайдиганлар билан мулоқот қиларди. Улар фоҳишалар билан тунни ўтказар, пули кўпайиб қолса, байрам қилгани Туркияга жўнашарди. Дам олиш кунлари – пайшанба ва жума тунлари мариҳуана ва шиша1414
Шиша – метамфетамин, оқ кристалл модда. У кучли психостимулятор, гиёҳванд модда ҳисобланади.
[Закрыть] – метамфетамин чекишарди. Амир-Алининг энг яқин дўсти, дзюдо чемпиони Ризо шиша чекишга спорт залдагидан ҳам кўпроқ вақт сарфлай бошлаганди. Шаҳрак-э Ғарбда ўртаҳол оила болалари ҳам базмларда шиша чекарди.
Аммо ҳаёт ўзгарди: Амир-Али йигирма олти ёшда, кўп дўстлари уйланган, энди улар кам кўришишади. У оила қуриш вақти келганини англади.
Эртасига тонгда Сумайянинг ота-онасига қўнғироқ бўлди. Муҳаммад Сумайяни ўз оиласи учун муносиб деб топганини эшитиб, Ҳожи Оға хурсанд бўлди. Амир-Али истаган қизини олиши мумкин, аммо улар Сумайяни танлабди. Фотима эса бақириб юборди: “У ҳали бола-ку, ҳали ёш-ку.” Охири бўлғуси эрини танлашни Сумайянинг ўзига қўйиб беришга, ота-онаси эса хастегар1515
Хастегар – куёвликка номзод.
[Закрыть] – куёвликка номзодни тасдиқлаб беришга келишиб олишди.
У мактабдан қайтганида Фотима ва Ҳожи Оға телевизорда жаннатдаги ҳур қизлар ҳақида гапираётган бир муллани эшитиб ўтиришган эди.
– Улар доим ёш ва қувватга тўла бўлади, ҳеч қаримайди. Уларга ҳеч кимнинг қўли тегмаган! Қуръонда айтилишича, уларнинг кўзлари ерга қараган бўларкан. Биз бундай қарашни хумор (бошни айлантирадиган нигоҳ) деб биламиз, аммо улар ҳаммага бундай қарайвермайди. Фақатгина эрларига!
Кўрсатув бошловчиси жуда хурсанд эди. Дин уламоси билан жаннат ҳурлари ҳақида гаплашиш унинг касбий фаолиятидаги унутилмас онлардан бири бўлиши мумкин.
– Жоним қизим, сенга янги хастегар чиқди, – деди Фотима қизи эшикдан кириб келиши билан.
У ўн беш ёшга тўлганидан бери ота-онаси совчиларни қайтараверади, аммо бу сафар совчи кимдан эканини қиз дарров сезди. Сумайя бунисини рад қилишларини хоҳламасди.
– Амир-Али хастегар бўлмоқчи.
Хастегарлик – никоҳнинг биринчи босқичи. Бунда куёвликка номзод оиласи билан қизнинг уйига келади. Сумайя хурсандлигидан қичқириб юборай деди. Аммо бошини кўтариб, билмасам, дея елкасини қисиб қўя қолди.
– Биз уларга йўқ деб юборамиз. Азизам, биласан-ку, ҳали ёшсан.
Ҳожи Оға қизининг жонига оро кирди:
– Аммо у жуда зўр номзод! Улар бой, ҳаётинг тўкин-сочинликда ўтади. Уларнинг оиласи…
– Хўп, агар дадамга маъқул бўлса, келишлари мумкин. Мен ҳам ўйлаб кўраман.
Хастегарий кейинги кун оқшомга белгиланди.
Фотима қизининг кўзларидаги маънони уқиб, ташвишга тушди. Сумайяга шаҳарлик қариндошининг эътибори таъсир қилганини кўрди. Аммо у кўролмаётган нарса – бу турмуш қизини бахтли қилиш ёки қилмаслиги эди. Унга бирор йўл кўрсатадиган одам керак. Бундай масалада у ишона оладиган ягона инсон Мулла Аҳмад эди. Бундай ҳолатларда Фотима исломий башоратга мурожаат қиларди ва “истиҳора”1616
Истиҳора – Қуръонга қараб башорат қилиш, келажакни айтиш.
[Закрыть] учун Мулла Аҳмадга борарди. Барча шахсий муаммолар, одатда, телефонда тўрт дақиқада ҳал қилинарди. У шунчаки саволини берарди, Мулла Аҳмад эса Қуръонга мурожаат қиларди. Кейин аниқ қилиб “ҳа” ёки “йўқ” деган жавобни айтарди. Қарабсизки, иш битди. Масала ҳал. У ҳеч қачон адашмаган. Аммо бошқа ишларда бўлгани каби башорат қилишда ҳам товламачилар бор эди. Салла ўраган фирибгарлар одамларнинг қайғуси ортидан пул ишларди. Бундай муллалар келажакни айтиб бергани учун мўмай пул оларди. Айримлари ҳатто кўпроқ пул эвазига сеҳр-жоду ҳам таклиф қиларди. Фотима бир сафар Теҳроннинг жануби-шарқидаги муқаддас шаҳар – Қумдаги муллага борган. Мулланинг башоратлари аниқ ва тўғри чиқади деб мақташганди. Уни полда чордона қуриб ўтирган, савол беришга чоғланиб, қўлини кўтариб турган бир гуруҳ одамлар ўраб олган эди. Икки ёрдамчиси эса тўхтовсиз жиринглайдиган телефонларга жавоб берарди. Мулла биржа савдогаридан ҳам тезроқ ишларди. Туянинг узун, ингичка суяги бўлагидан фойдаланиб (ювилмаган қўли билан мусҳафни кир қилиб қўймаслик учун), Қуръоннинг тўғри келган бетини тезда очарди-да, оятларни тезда ўқиб, жавобни айтарди. Мол-мулк ва васият масаласидан тортиб, севги ва хиёнат масаласигача ҳамма муаммолар ечими Қуръонни варақлаш билан топиларди. Фотима муллани эркак ва аёлларни ажратиб турган шаффоф яшил парда орқали кузатиб турди. Ёрдамчи мулланинг қулоғига гўшак тутди.
– Биринчисига ҳа, иккинчисига йўқ. – Гўшак қўйилди.
Бир киши муллага қўл телефонини тутди.
– Ёмон, хавф бор.
Ёш йигит унинг қулоғига пичирлади.
– Даҳшат. Жуда кўп машаққатлар бўлади.
Эркаклар бўлгач аёллар бақириб саволларини ёғдира кетди.
– Синглимдан қарз олишим керакми? – сўради Фотима.
– Аъло. Натижаси аъло бўлади. – Фотима бу муллага бошқа бормади.
Мулла Аҳмад эса ундай эмас эди. У ҳурмат қозонган уламо эди. Фотима бундай хулосани қисман ундан зиёлироқ ва у каби гўл бўлмаган юқори табақа мижозларига қараб чиқарган бўлса, қисман, Мулла Аҳмаднинг аждодлари ҳам мулла бўлганидан эди. Мулла Аҳмад меҳрибон одам эди. Башоратлари учун камдан кам ҳолларда пул оларди. Унга шундоқ ҳам етарлича тўлашарди. Бир соат ваъз ўқигани учун 500 минг тумангача пул топарди. Бу ўқитувчининг бир ой ишлаб оладиган маошига тенг. Унинг хизматларидан мотам маросимларида, ибодат хизматлари ва фестивалларда фойдаланишарди. Аммо у ҳадяларни ҳеч қачон рад қилмаган. Биринчи учрашувдан кейин Фотима унга пул солинган қалин конверт тутқазган. Шундан кейин Мулла Аҳмад Фотимага доим ишлаб турадиган телефон рақамини берган ва Фотима истаса кечаси, истаса кундузи мурожаат қилиши мумкинлигини, у қўнғироққа доим жавоб беришини айтган.
Фотиманинг рақами чиқиши билан Мулла Аҳмад дарров жавоб берди. У одоб юзасидан мулладан ҳол-аҳвол сўради-да, кейин ўзини қийнаётган саволни сўради.
– Сумайяга бугун совчи келади. Куёв синглимнинг ўғли. Бу бахтли турмуш бўладими?
Жимлик. Мулла Аҳмад китобини очаётган эди.
– Бир нима дея олмайман. Бу уларнинг қалби қанчалар поклигига боғлиқ. Агар улар турмуш қуришни хоҳласа, турмуш қурсин. Қолганини вақт кўрсатади.
Бу Фотима кутган жавоб эмасди. Аммо мулла қатъий рад жавобини бермади-ку, бу уни анча тинчлантирди. У Ҳожи Оғага Мулла Аҳмаднинг башоратини сўзма-сўз айтиб берганди, у ҳам енгил тортди. Энди ҳамма гап болаларда қолган эди.
Сумайянинг оёқлари орасидаги хоҳиш ўша тун ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўлди. У доим бу ҳирсни кўзларини чирт юмиб, танасини тезроқ тарк этишини истаб енгарди. У ҳатто сочиқда артинмай қўйди, чунки ўзининг қўли тегиб кетса, номақбул хоҳиш уйғониб қолишидан қўрқарди. Бундай вақтлар у намоз ўқиб, Худодан уни кечиришини сўрарди. Гўдаклик чоғларини ҳисобга олмаганда, у ҳеч қачон нафсига эрк бермаган. Бувиси Қуръондан бот-бот ўқиб берадиган бир оят Сумайянинг шаҳвоний ҳиссиётга берилиш оқибатларини ўйлаб, қўрқиши учун етарди: “Кимки, булардан (хотини ва канизлари) бошқаси билан ҳирсини қондирмоқчи бўлса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир.”
Сумайя, кўпинча, фатво берувчи веб-сайтларга кириб, ўзини иккилантирган шахсий масалаларни ҳал қилишга уринарди. У бир докторнинг мастурбациянинг руҳий зарари ва асаб тизимини ишдан чиқариши ҳақида ёзган узун мақоласини ўқиган. Доктор шаҳвоний истак билан қандай курашиш бўйича маслаҳатлар ҳам берган: жисмоний машқлар қилиш, пайғамбарлар ҳақида ўқиш, рўза тутиш, ҳирс уйғотувчи ҳар қандай нарсадан қочиш, диндор бўлмаган одамларга қўшилмаслик, диний маросимларда қатнашиш, доим банд бўлиш ва турмуш қуриш. Маслаҳатнинг тагига эса ҳамма ерда учрайдиган гап ёзилганди: “Аллоҳ билгувчироқ.” Сумайя бу кўрсатмаларга амал қиларди.
Кимдир Олий раҳнамонинг веб-сайтига савол ёзибди: “Рамазон ойида мен (менга тегишли бўлмаган) бир аёл билан телефонда гаплашаётган эдим. Мастурбация қилмасам ҳам ва унга (жинсий) қониқиш мақсадида атайин қўнғироқ қилмаган бўлсам ҳам, қўзғалиш ҳис қилдим. Айтинг-чи, менинг рўзам бузилдими? Агар бузилган бўлса, айбимни қандай ювсам бўлади?” Унга шундай жавоб берилди: “Агар аёл киши билан телефонда (жинсий) лаззат олмасдан ва қўзғалмасдан гаплашсангиз, (бу ҳолатда) агар мастурбация қилмай қўзғалган бўлсангиз, рўзангиз бузилмаган ва сиз айбингизни ювишингиз шарт эмас.”
Сумайянинг Худога муносабати унинг ҳаётидаги энг қадрли ришта эди. У мастурбация қилиш орқали бу муносабатга путур етказишни истамасди. У ҳаммадан ҳам кўра Худога ўзини яқин ҳисобларди. У Сумайянинг энг яқин дўсти эди. У қизнинг муҳофизи эди. Сумайя баъзи одамлар худосиз бўлишини эшитган ва ундайларга ачинганди. У буни одамнинг ўзига ишонмаслиги, деб ҳисобларди. У бундан ҳам кўра бемаънироқ нарсани тасаввур қилолмасди. Сумайя, шунингдек, имомларни ҳам яхши кўрарди. Унинг севимли имоми Имом Маҳдий. Уни Сумайя доим Имоми Замон – барча замонлар имоми деб атайди. Маҳдий ҳали ҳаёт, аммо ғойиб бўлган. Худо уни кўздан пана қилган. Танасидаги ҳар бир ҳужайраси билан у Имом Маҳдийнинг қиёмат куни хуруж қилишига ва дунёни разилликлардан халос этишига ишонади. Маҳдий унинг барча дуоларига жавоб беради, бу шунчаки тасодиф эмас, балки унинг қудрати нишонасидир.
Шубҳа ва иккиланишлар Амир-Алига туни билан уйқу бермади. Балки у Сумайяни танлаб адашаётгандир. Балки Сумайя у эслаб қолганичалик чиройли эмасдир.
– Агар қарорингдан қайтсанг, бодринг егин, – деди Заҳро ўғлининг кечаги иштиёқи сўнаётганини кўриб. – Кейин мен Фотимага ўзим қизни ҳали ёш, деб ҳисоблаётганимни айтаман.
– Агар уларнинг уйида бодринг бўлмаса-чи?
– Худо ҳақи, ҳамманинг уйида бодринг бўлади! Дастурхонга бодринг қўймаган уйга ҳеч кирганмисан?
Онаси ҳақ эди.
Сумайя билан Фотима ҳам шундай тактика қўлламоқчи эди. Улар йўталиб қўйиш, об-ҳаво ҳақида бирор гап айтиш ва муайян мевани ейиш орқали бир-бирига ишора беришни одат қилганди. Бугунги оқшом учун узум шодаси севги рамзи деб келишиб олинди.
Сумайя энг яхши либосларини кийди: чодраси тагида чиройли оқ кофта, жозибадор қора тор шим ва чодра яширмайдиган илон терисидан қилинган баланд пошнали туфли. Имом Алининг сурати ётоқхонасидаги деворга, шундоққина столининг тепасига илинган эди. Четлари қора қалам билан қалин қилиб чизилган имомнинг ўйчан яшил кўзлари узоққа тикилиб турар эди. Бошига яшил салла ўралган, орқасидан тушиб турган қуёш нурлари ҳало1717
Ҳало – расмларда тасвирланган авлиёлар боши тепасидаги нурли ҳалқа.
[Закрыть] ҳосил қилган эди. Йирик қон томчилари пешонасидаги жароҳатидан сизиб, бўртиқ ёноқларига, ундан қўнғир, тўлқинсимон сочлари квадрат шаклини берган хушбичим жағига оқиб тушаётган эди. Расмнинг тагида турган ноутбукининг ҳар икки тарафида кўк “Икеа” шамдонлари турибди. Уларни Вали Асрдаги Жам-э Жам савдо марказидаги Икеа бутикидан сотиб олган. У Сумайянинг севимли дўкони эди, у ерга, асосан, бой ва замонавий теҳронликлар борарди. Унинг пули фақат шамдон сотиб олишга етган. Қизнинг столи устида яна “Ҳарри Поттер ва файласуфлар тоши”, “Ёлғизлик тунлари”, машҳур ёзувчи Фаҳима Роҳимийнинг севги қиссалари, Қуръон ва бир қанча китоблар ётганди.
Амир-Али ва унинг оиласи келганида Сумайя ошхонага чопди. Унинг биринчи иши чой олиб кириш эди. Агар қиз бола бир томчи тўкмасдан ҳаммага чой узата олса, ундан яхши келин чиқади. Ҳамма оилалар ҳам бу одатни жиддий қабул қилмасди, лекин у Сумайянинг оиласи учун қизиқ эди. Муҳаммад-Ризо синглиси меҳмонхонага кириб келаётганда уни кулдирмоқчи бўлди.
– Шайтонча, кулдиришни бас қил, ёки устингга тўкаман!
– Оҳ, оҳ, қандай хуштаъм чой бўлибди, – Заҳро табассум билан қизга далда берди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?