Электронная библиотека » Шайх Фаридуддин Аттор » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Илоҳийнома"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Шайх Фаридуддин Аттор


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ИККИНЧИ МАҚОЛА

ЎҒИЛНИНГ САВОЛ СЎРГАНИ
 
770     Ўғил дедики, шаҳват бўлмаса гар,
Аёл эр бирла хилват қилмаса гар.
 
 
Бўлурму халқи оламнинг давоми,
Бузилгай эрди шу дунё низоми.
 
 
Агар шу ҳикмату таркиб эмасди,
Бисоти мулк аро тартиб эмасди.
 
 
Керак минг битта танни тикламоқ, ҳай,
Оғизга токи ул бир луқма тушгай.
 
 
Шу ҳикмат бирла ердин токи осмон
Юритгайлар эранлар амру фармон.
 
 
775     Шу осмон, шу замин гар бўлмас эрди,
Улар зимнида асрор бўлмас эрди.
 
 
Агарда бўлмаса шаҳват арода,
На мен бўлгаймену на сен қарода.
 
 
Дегайсен: юрмасин шаҳватга мардум,
Менга бу сирни англат, айла маълум…
 
ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ
 
Атоси деди: бундоқ ўйлама сен,
Тушун, шаҳватни мен рад этмагаймен.
 
 
Вале оламда улдир сайлагонинг,
Мудом тинглаб, ҳамиша сўйлагонинг.
 
 
780     Шу олам ичра юзлаб сирру асрор,
Сен эрсанг битта шаҳватдин хабардор.
 
 
Сенга дерман этиб мен бўйла хилват:
Ҳазир бўл, тортмасин домига шаҳват.
 
 
Агар Ийсо била ҳамроз эрурсен,
Қачон эшшак ила анбоз эрурсен?3939
  Анбоз – шерик, ҳамдам.


[Закрыть]

 
 
Сену эшшакдадир ул айни шаҳват,
Бориб, Ийсо билан этсанг-чи хилват…
 
 
Фақат бир лаҳзадир ул шаҳват охир,
Бўлакдир жовидоний хилват охир.
 
 
785     Келур сенга сафо ул хилватингдин,
Не келгай бир нафаслик шаҳватингдин?
 
 
Чу хилват бўлмагай шаҳватга матлуб,
Буни ким билмас эрса, ул эмас хуб.
 
 
Ва лекин эрса ул шаҳват бағоят,
Туғилгай ишқ андин бениҳоят.
 
 
Вале ул ишқу савдо эрса бисёр,
Муҳаббат ўртада бўлгай намудор.
 
 
Муҳаббат ошса ҳаддин, жон фидодир,
Етиб маҳбубга ул, буткул адодир.
 
 
790     Чу шаҳватни ўзингга этма матлуб,
Асл оламда маҳбуб иста, маҳбуб.
 
 
Бу йўлда гар сени ўлдирсалар зор,
Шараф бил, бўлма шаҳватга гирифтор…
 
БИР ХОТИН ШАҲЗОДАГА ОШИҚ БЎЛГАНИ
 
Бор эрди бир ажиб шаҳзода, барно,
Мунаввар ҳуснига ой эрди шайдо.
 
 
Уни ким кўрса, қувнаб бул шарафдин,
Кўзини узмас эрди ул тарафдин.
 
 
Бу янглиғ гавҳари офоқ эди, бас,
Ки офоқ оҳ чекиб, ушшоқ эди, бас.
 
 
795     Икки қоши камон эрди ажойиб,
Ки жон султони эшигида ҳожиб.
 
 
Кўзу мижгонини ким кўргай эрди,
Муқаррарки, анга жон бергай эрди.
 
 
Қоши ёйини кимса кўрса бир бор,
Бўларди жонини бермоққа тайёр.
 
 
Тиш эрмас оғзида дур эрди яккаш,
Икки лаъли ёнарди мисли оташ.
 
 
Хати ҳам қоши янглиғ кўркам эрди,
Боқиб ошиқ, адо мен сенга, дерди.
 
 
800     Занахдонига ҳайрон эрди барча,
Етолмай, кўнгли вайрон эрди барча…
 
 
Бор эрди бир аёл, чун бўлди ошиқ,
Ки ошиқ бўлмамишди андин ортиқ.
 
 
Ёниб ул ишқ аро саргашта бўлди,
Куйиб, жону тани оташда бўлди.
 
 
Сочиб кул, тутди кул устида маскан,
Кул эрди унга чун маъвойи гулшан.
 
 
Куну тун йиғлар эрди, оҳ чекарди,
Кўзидин қон тўкиб, эвоҳ чекарди.
 
 
805     Агар дашту далога чиқса ул моҳ,
Аёл ҳам йўлга тушгайди ҳамоно.
 
 
Оти олдида тўпдек чарх урарди,
Ўзи тўп эрса, сочи чавгон эрди.
 
 
Боқарди қайрилиб ул ой юзига,
Ва кўз ёшин тўкар эрди изига.
 
 
Таёқ ерди дамо-дам юз човушдин,
Ва лекин нолимасди хўрланишдин.
 
 
Томошога чиқар эрди халойиқ,
Кўрингиз, дердилар, не телба ошиқ.
 
 
810     Ҳамма мардум анга чун лолу ҳайрон,
Аёл шўрлик эса саргашта, сарсон.
 
 
Ва охир ҳаддидин чун ошди бул иш,
Ва шаҳзода дилига тушди ташвиш.
 
 
Деди: ота, толиқдим можародин,
Халос этгил мени бу бедаводин.
 
 
Эшитди подшоҳ, амр айлади бот,
Деди: майдонни шайлаб, келтиринг от.
 
 
Сочидин ул аёлни отга бойланг
Ва судраб, жисмини чилпора айланг.
 
 
815     Этинг ул шумни андоқ пора-пора,
Унинг дардига жоиз бўйла чора.
 
 
Суринг, маст фил каби от судрасин то,
Бу ишдин бор раият бўлсин огоҳ.
 
 
Шаҳу шаҳзода майдон сори юрди,
Халойиқ тўпланиб, майдонда эрди.
 
 
Аёлнинг дардидин хунбор эди эл,
Алар кўз ёшидин гулзор эди ер.
 
 
Сипоҳийлар аёл сочидин ушлаб,
Чу элтмоқ бўлдилар от сори судраб,
 
 
820     Аёл шўрлик ҳамон юзланди шоҳга,
Эшит арзимни, деб бўзланди шоҳга.
 
 
Мениким ўлдирарсен қақшатиб зор,
Эшит, эй подшоҳ, бир ҳожатим бор…
 
 
Деди шоҳ: гар десанг, қўй, олма жоним,
Бу бўлмас, чун этибман қасди жонинг.
 
 
Сочимдин судрама, деб сўрмагил ҳам,
Бу янглиғ истадим қонингни тўксам.
 
 
Десанг гар: бир нафас бергил омоним,
Омонинг бергали йўқ бир замоним,
 
 
825     Ва шаҳзода била ўлтирмагайсен,
Юзини этма орзу, кўрмагайсен…
 
 
Аёл дедики, мен жон истамасмен,
Омонлик бир замон ҳам истамасмен.
 
 
Демам: отлар туёғи остида то
Мени хор айлабон ўлдирма, асло!
 
 
Менинг жонимда бир орзу, ҳавасдир,
У тўрт ҳожатга асло ўхшамасдир.
 
 
Чу истармен, муяссар бўлса буткул…
Деди шоҳ: сўйла менга, не эмиш ул?
 
 
830     У тўрт ҳожатдин ўзга не эса, сен
Баралла айтавер, вожиб этармен.
 
 
Аёл дедики, отга судратиб зор,
Гар ўлдирмоқ тиларсен бўйла ночор,
 
 
Менга, эй подшоҳ, бир ҳиммат айла,
Сочимни севгилим отига бойла.
 
 
Унинг оти оёғи остида жон
Берар бўлсам, дилимда қолмас армон.
 
 
Унинг йўлида ўлмоқ менга пеша,
Унинг кўйида қолгаймен ҳамиша.
 
 
835     Мени ўлдирса ёр, шукрона этгум,
Муҳаббат шавқидин осмонга етгум.
 
 
Аёлмен, менда мардлик ончунон йўқ,
Дилим хун, ўйлаким, жисмимда жон йўқ.
 
 
Аёлни ўлдириб, жондин жудо эт,
Вале шул ҳожатин унга раво эт…
 
 
Бу сўздин шоҳ дили юмшаб, ёришди,
Кўзидин оқди ёши, ерга тушди.
 
 
Кечирди, кўшку айвонга жўнатди,
Бағишлаб жонни, жононга жўнатди…
 
 
840     Аё мард, бўлса бизга иштиёқинг,
Аёллардин ўқи севги сабоғинг.
 
 
Аёлдин кам эсанг ёки муханнас,
Келиб, шу қиссани ҳам тингла бирпас…
 
БИР АЛАВИЙ, БИР ОЛИМ, БИР МУХАННАС
 
Алавий бирла олим, ҳам муханнас4040
  Алавий – ҳазрати Али тарафдори. Муханнас – хунаса, ҳезалак.


[Закрыть]

Юриб Рум сори йўлда эрдилар, бас.
 
 
Уларни тутди кофирлар баногоҳ,
Кейин бут олдига судраб ҳамоно,
 
 
Дедилар: бутга сажда айлангиз бот,
Йўқ эрса, оқибатни ўйлангиз бот.
 
 
845     Йўқ эрса, қонингиз алҳол тўкармиз,
Таҳаммул этмайин, дарҳол тўкармиз.
 
 
Дедилар уч ғариб: этманг ёмонлик,
Берингиз бизга бир оқшом омонлик.
 
 
Ки шояд ўйласак, андиша қилсак,
Ажаб йўқ, бутпарастлик пеша қилсак…
 
 
Омонлик бердилар бир кеча куффор,
Кўрайлик, дедилар, не бунда асрор.
 
 
Алавий очди сўз: мен найлагаймен,
Белимга балки зуннор бойлагаймен.
 
 
850     Ки жаддим эрди пири аҳли тоат4141
  Жаддим – катта бобом.


[Закрыть]
,
Менга ул тонг-ла этгайдир шафоат…
 
 
Очиб лаб сўзга олим дедики, мен
Тану жондин жудолик истамасмен.
 
 
Сиғинсам бутга, чун бош урсам унга,
Шафоат айлагай дин илми менга.
 
 
Муханнас дедиким, ёлғизмен энди,
Суянчим йўқ, шафоатсизмен энди.
 
 
Сиз айланг саждалар, сизда шафодир,
Вале мен сажда этсам, нораводир.
 
 
855     Бошимни кессалар шамдек, не боким?
Ки эгсам, эгмасам, келгай ҳалоким.
 
 
Бошимни олсалар ҳам неча бебош,
Ўшал бут олдида индирмагум бош…
 
 
Чу жонни ўйлади ул иккиси тек,
Муханнас мард бўлиб чиқди бунингдек.
 
 
Синов пайти кўрингким бул ажаб иш,
Муханнас этди эрликни намойиш.
 
 
Чу Қорун ҳам гадо бу йўлда, дерлар,
Чумолидин паноҳ излайди шерлар.
 
 
860     Муханнасдин эсанг ёр ишқида кам,
Бу йўлда хорсен қумурсқадин ҳам…
 
СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ВА ЧУМОЛИ ҲИКОЯТИ
 
Сулаймон йўл босади ел мисоли
Баногоҳ учради бир тўп чумоли.
 
 
Этиб таъзим бари бош эгди шул дам,
Магар бир зумда минглаб бўлдилар жам.
 
 
Ва лекин биттаси иш бирла машғул
Бўлиб, таъзимга бош индирмади ул.
 
 
Ини олдида дўнг, бир тепа эрди,
Ташиб бир-бир, битирсам дўнгни, дерди.
 
 
865     Сулаймон деди чорлаб: эй чумоли,
Заифсен, қудратинг йўқ фил мисоли.
 
 
Агар Нуҳ умри бирлан сабри Айюб
Муяссар бўлса ҳам, бўлмас ишинг хўб.
 
 
Бу мушкул сен кабиларнинг ишимас,
Кучингдин бу тепа бир ёққа жилмас…
 
 
Чумоли лаб очиб, дедики, эй шоҳ,
Бу йўлда раҳнамун ҳимматдир, илло,
 
 
Ҳақир боқма ниҳоду фитнатимга,
Назар сол бу камоли ниятимга.
 
 
870     Бу ерда бир чумоли ақлим олмиш,
Олиб ақлим, мени домига солмиш.
 
 
Демишким, шу улуғвор тепани гар,
Қўпорсанг, айласанг ерга баробар,
 
 
Бу ҳижрон тошини йўлдин олурмен,
Бориб ёнингга, дилдоринг бўлурмен…
 
 
Белимни бойладим, қаршимда ишдир,
Ишим шу, ҳар нафас тупроқ ташишдир.
 
 
Агар шу тепани барҳам этурмен,
Ўзимни ёр ила маҳрам этурмен.
 
 
875     Магар бу йўлда жон берсам, насибам,
Боҳарҳол бетайин, каззоб саналмам…
 
 
Азизим, ишқни сен шу мўрдин ўрган4242
  Мўр – мўрча, чумоли.


[Закрыть]
,
Кўришни кўзи ожиз, кўрдин ўрган.
 
 
Чумолининг тўни гарчи қаро ул,
Камарбаста, ҳамиша йўл аро ул.
 
 
Чумоли деб баланддин боқма зинҳор,
Унинг ҳам қалбида шери жаён бор.
 
 
Чу этмиш ишқ аро ҳимматни пеша,
Етакчи унга арслондир ҳамиша.
 
АМИРУЛ МЎМИНИН АЛИ КАРАМАЛЛОҲУ ВАЖДАҲУ БИЛАН ЧУМОЛИ ҲИКОЯТИ
 
880     Али йўлда бораркан шашт ила то,
Чумолига зиён етказди ногоҳ.
 
 
Чумоли қўл-оёқ силкирди нолон,
Али кўрди ва бўлди кўнгли вайрон.
 
 
Чумоли ҳолидин қайғуга тушди,
Агарчи шер эди, қўрқувга тушди.
 
 
У йиғлаб-сиқтади тургаймикин деб,
Мадад берди, яна юргаймикин деб…
 
 
Шу кеча тушда кўрди Мустафони,
Али, тез юрма йўлда, бу хатони.
 
 
885     Сен этдинг, деди, барча ғамда бўлди,
Самолар икки кун мотамда бўлди…
 
 
Наҳотки йўл юришликни унутдинг,
Чумолини босиб, озурда этдинг.
 
 
Чумоли эрди-ку йўлида қоим,
Худо эрди унинг зикрида доим…
 
 
Алининг жисми тушди титрамоққа,
Чумоли важҳидин тушди тузоққа
 
 
Паямбар дедики, ғам чекма, албат,
Чумолининг ўзи этгай шафоат.
 
 
890     Дегай: ё Рабки, Ҳайдарда гуноҳ йўқ,
Уни айбларга менда ранжу оҳ йўқ…
 
 
Йигит, кўргил, бу бори дарди диндир,
Чумоли бўйла, шери Ҳақ чуниндир.
 
 
Аликим дин аро арслон эмишди,
Чумоли важҳидин не ҳолга тушди.
 
 
Хабар топгайди Ҳақдин дам-бадам ул,
Худо номи-ла босгайди қадам ул.
 
 
Сен эрсанг, ғафлат ичра, жаҳл аро сен,
Агарчи шоҳ эрурсен, лек гадосен.
 
 
895     Назар сол, сўнгра қўйгил ул қадамни,
Назарсиз бу жаҳонда чекма дамни.
 
 
Назарсиз йўл босиш бу бағрихунлик,
Йўлинг сўнггида келгай сарнигунлик..
 
 
Эшакдек кўр-кўрона юрмагил сен,
Шу ҳолда ўзгадин афзалмудирсен?
 
 
Қадамни бос санаб, эй мард сиёқли,
Заминдин то само ҳар не саноқли.
 
 
Қадам боссанг агар беамру фармон,
Келур дард сенга, бўлмас унга дармон.
 
 
900     Чу бунда йўл босиб, ўлтирмоғинг йўқ,
Қабрда бир жаҳон йўл юрмоғинг йўқ.
 
 
Бу ёқда бир нафас юрсанг-чи, эй қул,
У ёқда юз жаҳондин ошмоғинг ул.
 
 
Бу ёқда бир нафас суръат этарсен,
У ёқда юзта оламга етарсен.
 
 
Бу ёқда гар қадамни ташласанг пок,
У ёқда бўлмагайсен дардли, ғамнок.
 
 
Дариғо, кўз юмарсен чин юмушдин,
Агар билсанг, қўл узмас эрдинг ишдин.
 
 
905     Бугун бир бор қадам қуйсанг-чи, албат,
Берар сенга мукофотингни ҳазрат.
 
 
Чунончи фойда етгай сенга ҳар дам,
Нечун танбаллик этгайсен, зиён ҳам?
 
НЎШИРАВОНИ ОДИЛ ВА КЕКСА БОҒБОН ҲИКОЯТИ
 
Суриб Нўширавон отини хушҳол
Бораркан, учради бир мўйсафид чол.
 
 
Дарахт экиш ила машғул эди ул,
Деди Нўширавон: эй ишга машғул,
 
 
Дарахт экмоқдасен, улмунча сабринг,
Етарму мевасин тотмоққа умринг?
 
 
910     Деди чол: бу ақлдин холи эрмас,
Дарахт экди бировлар биз учун, бас.
 
 
Ки ермиз мевасин ҳар лаҳза, ҳар кун,
Не бўлғай, биз-да эксак бошқалар-чун.
 
 
Ҳар ишда бир маром бўлмоғи лозим,
Маромда интизом бўлмоғи лозим.
 
 
Басе хуш келди шоҳга не деди чол,
Узатди бир ҳовуч олтин, деди: ол…
 
 
Олиб, чол дедиким, эй шоҳи олам,
Дарахтим мева берди менга бул дам.
 
 
915     Умр кўрсам эди дунёда юз йил,
Бу янглиғ келмас эрди менга ҳосил.
 
 
Бугун экдим, бугун кўрдим самарни,
Мана, кафтимга ул тўлдирди зарни…
 
 
Бу сўздин шоҳ севинди, бўлди хушком,
Анга ер берди ул, суву этди инъом…
 
 
Болам, иш қилки андоқ мева берсин,
Ишинг йўқ эрса, қандоқ мева берсин?
 
 
Тутиб йўл, динга юрмоғинг керакдир,
Жаҳлни ерга урмоғинг керакдир.
 
 
920     Агар эрсан, ўзингни тоза тутгил,
Бу йўлда ишни беандоза тутгил.
 
 
Кучинг кўпдир билакда ўйланиб боқ,
Тарозуга ўзингни солма мундоқ.
 
 
Санар бўлсанг ўзинг итдан баланд сен,
Эшит бу сўзниким, итдан-да кам сен…
 
ХЎЖА ЖАНДИЙ ВА ИТ ҲИКОЯТИ
 
Бириси сўрди Жандийдин: аё қул,
Сен афзалми ва ёки итми, айтгил?
 
 
Муридлар бу ҳарифни ошкора,
Қилурмиз, дедилар, биз пора-пора.
 
 
925     Уларни тўхтатиб, ман айлади пир,
Дедиким, маълум эрмас бизга тақдир.
 
 
Аё жоним болам, маълум эмас ҳол,
Нечук сенга жавоб бергумдир алҳол?
 
 
Агар иймонни манзилга саломат
Этолсам, яхшироқмен итдан албат.
 
 
Агар иймонни йўлда чалса авбош,
Дегаймен: кошки бўлсам итга йўлдош.
 
 
Чунон қаршингда парда эртаю кеч,
Ўзингни итдин ортиқ кўрмагил ҳеч.
 
 
930     Агарчи ит юриб, тупроқ кечар, кул,
Ва лекин сен билан бир гўшадин ул…
 
МАЪШУҚИ ТУСИЙ, ИТ ВА СУВОРИЙ ҲИКОЯТИ
 
Ўшал Маъшуқи Тусий чун уриб жўш,
Равона бўлди бир кун йўлга беҳуш.
 
 
Йўлидин чиқди бир ит, ул азиз зот
Анга тош отди беҳушлик аро бот.
 
 
Яшил тўнли суворий бўлди пайдо,
Юзида нури осмоний ҳувайдо.
 
 
Келиб, Тусийга ул бир қамчи урди,
Деди: бу қилмишинг, айтгил, не энди?
 
 
935     Аё ғофил, отарсен тошни кимга?
Асл зотида ул тенг эрди сенга.
 
 
Эрурсен битта қолипдин иту сен,
Нечун итни ўзингдин паст тутарсен?
 
 
У ҳам қолиби қудратдин жудомас,
Анга тош отмоғинг асло равомас.
 
 
Ниҳондир пардада итлар, аё дўст,
Теран боқ, мағз эсанг, бўлма фақат пўст.
 
 
Агар ит суврат ичра нописанддир,
Сифат бобида салмоғи баланддир.
 
 
940     Басе асрор эрур унда ниҳоний,
Ва лекин зоҳири асрорга моний.
 
АБУ САИД, СЎФИЙ ВА ИТ ҲИКОЯТИ
 
Чу бир сўфий борарди йўлда танҳо,
Асо бирлан туширди итга ногоҳ.
 
 
Етиб илкига лат, вой-войлади ит,
Йиқилди ерга, фарёд айлади ит.
 
 
У инграб, Бу Саид ёнига келди,
Басе кийну аламга тўлмиш эрди.
 
 
У илкин кўрсатиб, бас, чекди фарёд,
У сўфийдин қасосин истади бот.
 
 
945     Деди сўфийга шайх: эй кўнгли қаттиқ,
Бу тилсизга жафолар этдинг ортиқ.
 
 
Унинг илкини бундоқ синдирибсен,
Не боис бўлди, тупроққа қорибсен?..
 
 
Деди сўфий очиб лаб сўзга: эй пир,
Мен эрмасмен, гуноҳкор асли итдир.
 
 
У суйканди, бўлиб чун бенамоз мен,
Туширдим илкига чўпи дароз мен…
 
 
Вале ит йиғлар эрди, кўнмас эрди,
Чекарди доду фарёд, тинмас эрди.
 
 
950     Деди чун итга ул шайхи ягона:
Берурмен таъзирин мен одилона.
 
 
Юрит ҳукмингни, мен ижро этармен,
Қиёматга қадар лек чўзмагил сен.
 
 
Тилармен, унга бергаймен сазосин,
Менинг илкимдин олгайдир жазосин.
 
 
Мен асло истамам ўртанмоғингни,
Тилармен шоду хуррам юрмоғингни.
 
 
Деди ит унга: эй шайхи ягона,
Чу кўрдим, тўни эрди сўфиёна.
 
 
955     Дедимки, менга озор бермагай ул,
Ва лекин ёқди ул жонимни буткул.
 
 
Ҳашам тўнликни кўрсайдим мабодо,
Ўзимни четга олгайдим ҳамоно.
 
 
Кўриб ул жомайи аҳли саломат,
Ишондим, оқибат чекдим надомат.
 
 
Берар эрсанг, анга бергил жазосин,
Ечиб ол устидин эрлик либосин.
 
 
Ки андин кўрмасин ҳеч ким зиёне,
Ва барча шарридин топсин омоне.
 
 
960     Ечиб ол хирқайи аҳли саломат,
Жазоси бўйла бўлсин то қиёмат…
 
 
Бу йўлда итгаким мундоқ мақомдир,
Сенинг манманлик этмоғинг ҳаромдир.
 
 
Ўзингни итдин ортиқ гар билурсен,
Чу итлик важҳидин андоқ қилурсен.
 
 
Сени тупроқ аро чун этдилар зор,
Яна тубанга кетгайсен бўлиб хор.
 
 
Чу саркашлик бу янглиғ хислатингдир,
Билошак сарнигунлик қисматингдир.
 
 
965     Танинг тупроқ эрур, лоф урмоғинг не?
Яна тупроқ бўлур, ўлтирмоғинг не?
 
 
Бу ерда кимки тупроқ бўлгуси, хок,
У ерда ул мусаффо бўлгуси, пок.
 
 
Эранлар ўзларин хок айламишлар,
Тамизлаб жону тан, пок айламишлар.
 
 
Бу йўл сарварлари, боқ, бўйла юксак,
Ки бор кибру ҳавони этдилар тарк.
 
АБУЛФАЗЛ ҲАСАННИНГ ЖОН БЕРАЁТИБ, АЙТГАНЛАРИ
 
Абулфазл жон берар эркан, шу асно
Анга кимдир деди: эй пири доно,
 
 
970     Азиз бир жойда қабринг шайлагаймиз,
Ўшал ерда сени дафн айлагаймиз.
 
 
Буни этманг, деди шайх унга зинҳор,
Бузурглар жойидир ул, жойи аброр4343
  Аброр – яхши инсон.


[Закрыть]
.
 
 
Ким эрмишманки, унда мадфун ўлсам,
Ўшандоқ бир мозор ичра кўмилсам?
 
 
Ёронлар сўрдилар: айтгил, нетайлик,
Сени қай жойда биз мадфун этайлик?
 
 
Лаб очди сўзга шайх, дедики, сизлар
Анув қумтепада қабрим қазинглар.
 
 
975     Неча мискин, хароботийлар унда,
Неча ўғри, фирибгар доғи шунда.
 
 
Басе осий, гуноҳкор унда мадфун,
Басе каззобу ағёр унда мадфун.
 
 
Ўшал жойда менинг қабрим уйинглар,
Уларнинг пойига бошим қўйинглар.
 
 
Уларнинг қавмидин эрдим ҳамиша,
Улардек эрди менда фикру пеша.
 
 
Ётай осийлар ичра мен гуноҳкор,
У комиллар била не нисбатим бор?
 
 
980     Агар бир қавм эрса кўп қоронғу,
Эмишким, нури раҳматга яқин у.
 
 
Қаерда ташналик эрса бағоят,
Югургай ташна, сув топгай ниҳоят.
 
 
Қаерда ажзу кулфат ошса ҳаддин,
Назар тушгай у ерга раҳматидин…
 

УЧИНЧИ МАҚОЛА

ЎҒИЛНИНГ АЙТГАНЛАРИ
 
Ўғил дедики, инсон уйланишдан
Муроди улки, кўрсам дейди фарзанд.
 
 
Кишининг бўлса фарзанди ягона,
Дуойи зикри бўлгай жовидона.
 
 
985     Агар фарзандим ул огоҳ бўлгай,
Маним-чун ул шафоатхоҳ бўлгай.
 
 
Атоси ўрнини босгай баякбор,
Ҳамма бўлгай анга жондин харидор.
 
 
Кишининг бўйлаким фарзанди бўлсин,
Не фарзанд, жонига пайванди бўлсин.
 
ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ
 
Атоси дедиким, фарзанд матлуб,
Вале инсон хўб эрмас, эрса маъюб4444
  Маъюб – айбли, нуқсонли.


[Закрыть]
.
 
 
Атоси бўлса каззобу ғалаткор,
Уялгай ўғли андин, айлагай ор.
 
 
990     Атоси йўлига ҳам қайрилур ул,
Ва сирри маърифатдин айрилур ул.
 
 
Дини Иброҳиминг бор эрса, шайсен,
Ўғилни Ҳаққа қурбон айлагайсен.
 
ИБРОҲИМ АДҲАМ ВА ДАРВЕШ ҲИКОЯТИ
 
Чунончи бир куни Иброҳим Адҳам
Савол сўрди: аё дарвеши пурғам,
 
 
Магар этганмисен хотину фарзанд?
Деди: йўқ, этмаганмен, деди: аҳсан!..
 
 
Деди дарвеш анга: эй марди майдон,
Тушунтир бул сўзингни, айла осон.
 
 
995     Деди Иброҳим Адҳам унга: эй мард,
Агар уйланса дарвеш, билки, албат,
 
 
Чиқибдир ҳеч вақосиз кемага ул,
Чу фарзанд кўрса, ғарқ бўлгуси буткул…
 
 
Дема фарзанд, чу боғи бандинг эрмиш,
Ширин душман сенга фарзандинг эрмиш.
 
 
Адаб бобида гар соҳибқиронсен,
Чу фарзандинг туғилди, бас, тамомсен.
 
 
Агар зоҳид эрурсен, пири доно,
Кўриб фарзанд, бўлурсен ринду расво.
 
ШАЙХ ГУРГОНИЙ ВА МУШУК ҲИКОЯТИ
 
1000     Жаҳони сидқ, шайхи Гургоний,
Эди қутби замон, баҳри маъоний.
 
 
Яшарди бир мушуги хонақода,
Ки ҳар кун шайх кўрарди шул арода.
 
 
Оёғу илкига тери ғилофи
Кийилмиш эрди доим, йўқди лофи.
 
 
Магарким қайга борса, лоймидир, кул,
Оёғу илкини булғатмагай ул.
 
 
Гаҳи шайх оғушида ётгай эрди,
Гаҳи сажжода узра қотгай эрди.
 
 
1005     Етишса соати, бергайди овоз,
Миёвлар эрди, хизматчи келиб боз,
 
 
Ғилофин кийгизар эрди ҳамона,
Уни айлар эди йўлга равона.
 
 
Кириб ошхонага, олгай эди тин,
Бекитмас эрди кимса гўштни андин.
 
 
Пишиқми, хомми, асло тегмас эрди,
Ва ҳар не қўйсалар олдига, ерди.
 
 
Биров кўрган эмасди эртами, кеч,
Бирор нарса ўғирлаб қочганин ҳеч.
 
 
1010     Ва лекин бир кеча сабр айламай то,
Ўмарди бир бўлак гўштни баногоҳ.
 
 
Тутиб ошпаз, қулоғин чўзди анча,
Уриб, ранжу алам етказди анча.
 
 
Мушук шайх олдига келмай ўшал кун,
Бориб, ўлтирди бир бурчакда маҳзун.
 
 
Чақирди шунда шайх ошпазни, сўрди,
Чу айтиб берди ул, аҳвол не эрди.
 
 
Мушукни ёнига шайх чорлади сўнг,
Ва сўрди: нега бундоқ айладинг сен?
 
 
1015     Мушук фош этди шунда не эди сир,
Бориб, уч боласин келтирди бир-бир.
 
 
Уларни қўйди шайх олдига шул дам,
Ўзи чиқди дарахт устига илдам.
 
 
Йироқ турди у ошпаз кўзидин чун,
Боқарди ҳар тараф чекмас эди ун.
 
 
Бу ҳолни кўрди, таҳлил айлади шайх,
Таажжуб этди, сўнгра сўйлади шайх:
 
 
Мушукнинг айби йўқ, у ноилождир,
Эмизгай уч гўдакни, қорни очдир.
 
 
1020     Эмасдир бовужуд тарки адаб бул,
Ки бўйла эҳтиёж унда, талаб ул.
 
 
Зарурат ичра гар қолса мақоминг,
Қабул бўлгай сенга ҳар не ҳароминг.
 
 
Магар ўргимчак, андин майда ҳайвон,
Олур фарзанди-чун шер оғзидин нон.
 
 
Дема: мушук иши андоқ ғарибдир,
Унинг наслига меҳри кўп ажибдир.
 
 
Боланг то юз очиб, зоҳирга келмас,
Унинг дарду ғами хотирга келмас.
 
 
1025     Кейин ошпазга шайх шундоқ демишдир:
Бу тилсиз, меҳрибон ҳайвон эмишдир.
 
 
Дарахтга чиқмиш ул, боқ бу ишига,
Пушаймонлар чекар ўз қилмишига…
 
 
Бошидин отди дасторини ошпаз,
Мушук олдида истиғфор этиб, бас,
 
 
Вале унга асар ҳам этмади бул,
Ва ошпазга назар ҳам этмади ул.
 
 
Ниҳоят шайх шафоат этди унга,
Чақирди, ул оғочдин тушди ерга.
 
 
1030     Келиб, тупроққа этди ўзни жо ул,
Бу янглиғ этди узру илтижо ул.
 
 
Ҳамма оҳ чекди, кўнгиллар ёришди,
Магар ўт чиқди, жонларга туташди.
 
 
Мушук боис чу ҳамроз бўлди барча,
Шукр айтиб, сарафроз бўлди барча.
 
 
Бировким бўлса бир фарзандга пайванд,
Не эрмиш эрса юз оламга пайванд?
 
 
Чу фарзанд дардидан осуда доим
Азизу поку беҳамто Худойим…
 
ТАРСО САВДОГАР ҲИКОЯТИ
 
1035     Бор эрди тожири тарсоки, пурсийм,
Бадавлат эрди ул, доройи иқлим.
 
 
Бор эрди ўғликим, эрди чунон ул,
Дема барно уни, шамъи жаҳон ул.
 
 
Бинафша – зулфи мушкафшони эрди,
Гули нозик – лаби хандони эрди.
 
 
Юзидин ул ниқоб олса муқаррар,
Кеча бўлгайди кундуздек мунаввар.
 
 
Ўриб гар сочу зулфин этса ошкор,
Ҳамма бойлар эди белига зуннор.
 
 
1040     Гажакди сочининг ҳар тори они,
Йўқ эрди тўғриликдин бир нишони.
 
 
Агарда бошласа мижгони ҳарба,
Тушарди икки олам узра зарба.
 
 
Камон қоши камонларни эгарди,
Ўқи жону жаҳонни титратарди.
 
 
Шакар сочмоқлик унга мазҳаб эрди,
Ширинлик чашмаси икки лаб эрди.
 
 
Лаб эрмас, лаъли хандон эрди унда,
Тиш эрмас, дури маржон эрди унда.
 
 
1045     Шу барно бўлди бемор, хаста ётди,
Ва охир юмди кўз, дунёдин ўтди.
 
 
Атоси ёндириб, куйдирди ўзни,
Чекиб ғам, жонидин тўйдирди ўзни.
 
 
Мусулмон бўлди, чун иймонни туйди,
Ювиб ўғлини ул тупроққа қўйди.
 
 
Деди: бу қайғу, ғамлар етдилар то,
Чу диним бўлди менга ошкоро.
 
 
Худонинг чинданам фарзанди йўқдир,
Аёлу ақрабо, дилбанди йўқдир.
 
 
1050     Агарда бўлса эрди унда фарзанд,
Менинг доғимга ул бўлмасди хурсанд.
 
 
Бу ишнинг, англадим, бир ҳикмати бор,
Киши гар мўмин эрса, давлати бор.
 
БИР ОТА ВА УНИНГ ГЎЗАЛ БИР ЎҒЛИ ҲИКОЯТИ
 
Бировнинг ой каби бир ўғли борди,
Гўзал хулқу ҳунарда устуворди.
 
 
Атоси ўғли бирлан маст-аластди,
Уни ўлгай дебон ҳеч ўйламасди.
 
 
Ўғил ўлди, атонинг жони куйди,
На ёлғиз жони ул, даврони куйди.
 
 
1055     У тобут ортидин дилсўзу нолон,
Борарди гоҳи ҳайрон, гоҳи гирён.
 
 
Фиғон чекди, басе кўз ёши тўкди,
Алам тортиб, нигоҳин кўкка тикди.
 
 
Деди ул: эйки пайвандинг йўқ эрмиш,
Ва маъзурсанки, фарзандинг йўқ эрмиш.
 
 
Чу фарзанд доғини мен тортамен, ваҳ.
Худойим, сен бу савдодин муназзаҳ…
 
 
Гар истиғфору тавба этмагайсен,
Не эрмиш кулбайи эҳзон, билурсен.
 
 
1060     Ўғилким чоҳу зиндон ичра унда,
Атоси байтул эҳзон ичра бунда,
 
 
Унинг ҳам бўлмаса пайванди сендек,
Басе бўлмас эди монанди сендек.
 
 
Ўғил қирқ йил атога бўлди пайваст,
Атонинг саъйи кетди бесамар, бас.
 
 
Ёзилган эрса шундоқ, бу хатодир,
Дейилган эрса, ул ҳам нораводир.
 
ҲАЗРАТИ ЯЪҚУБ ВА ЮСУФ ҲИКОЯТИ
 
Чу Яъқуб бирла Юсуф икки дилдор
Кўришди айрилиқ сўнгида дийдор.
 
 
1065     Деди Яъқуб: аё чашму чароғим,
Мени ўлдирди ҳижрон, дарду доғим.
 
 
Мени сен кулбайи эҳзонга солдинг,
Ёқиб ўт бир жаҳон, ҳижронга солдинг.
 
 
Кечирдинг ҳар замон вақтингни хуррам,
Ва лекин кўрмадинг отангни бир дам.
 
 
Нега этдинг менга мундоқ зулм сен?
Нега бир бора мактуб ёзмадинг сен?
 
 
Қаю дил бирла этдинг менга мунча,
Отанг сендин хабарсиз қолди шунча?..
 
 
1070     Юсуф чорлаб, мулозим бўлди ҳозир,
Буюрди: бор, анув хатларни келтир.
 
 
Бориб, келтирди ул, Юсуфга берди,
Неча минг нома бир хил, якранг эрди.
 
 
Ёзилмиш эрди «Бисмилло», кабир сўз,
Кейин оппоқ саҳифа, йўқди бир сўз.
 
 
Атога деди: эй шамъи биҳиштим,
Бу хатларнинг барин мен сенга биттим.
 
 
Ёзиб, дарж айладим ҳолимни бунда,
Омонлик ичра аҳволимни бунда.
 
 
1075     Ва лекин ҳар сафар кўрдимки, қолмас,
Худонинг номи қолгай эрдию бас.
 
 
Ҳамма хатлар ила ҳол эрди шундоқ,
Қоларди бир ёзувсиз, қор каби оқ.
 
 
Келарди Жаброил, дердики, этма,
Битиб мактубни, отангга жўнатма.
 
 
Жўнатсанг мактубингни ҳар сафар лек,
Оқаргайдир қоғозинг худди сутдек.
 
 
Бор эрди иштиёқим, англагил сен,
Иложим йўқ эди, маъзур эдим мен.
 
 
1080     Мен истар эрдиму Ҳақ истамасди,
Шу боис менга бу мумкин эмасди…
 
 
Ўғил меҳрига тушсанг, ўйла бир дам,
Жигар қонингни ютгайсен дамо-дам.
 
 
Ўғил гар бўлса ул шойиста фарзанд,
Бўлур Юсуф каби зиндон аро банд.
 
 
Ўғил Юсуф эса ғамдин ўлурсен,
Магарким ғам аро Яъқуб бўлурсен.
 
 
Ким истар бир ўғилким, мисли Юсуф,
Ки чекди неча Яъқублар таассуф.
 
 
1085     Ўғил эрсанг, атонинг жони ёнгай,
Ато эрсанг, ўғил ғамларга қоргай.
 
 
Яна янги далил бунга ниҳоят,
Қулоқ сол, эй ўғил, айтай ҳикоят.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации