Текст книги "Илоҳийнома"
Автор книги: Шайх Фаридуддин Аттор
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
ҲАЗРАТИ ЮСУФ ВА ИБНИ ЯМИН ҲИКОЯТИ
Кириб Ибни Ямин дуч келди бахтга4545
Ибни Ямин – ҳазрати Юсуфнинг суюкли укаси.
[Закрыть],
Ўзи бирлан Юсуф ўтқизди тахтга.
Юсуф тутмиш эди юзга ниқобни,
Ниқоб тўсгаймиди ул офтобни?
Ва лекин билмас эрди Ибни Ямин,
Унинг ёнида эрди жони ширин.
1090 Гумон айларди: султони азиз ул,
У билсин қайданам, жони азиз ул?
Агар ул жонга малҳам бўлмас эрди,
Азизу жовидон ҳам бўлмас эрди.
Юсуф ёнига ўтқизди уни чун,
Хижолат ичра эгмиш эрди бошин.
Юсуф сўз очди, кўп ширин гапирди,
Нечук аҳволи деб Яъқубни сўрди.
Анга Ибни Ямин хат берди шунда,
Ёзилмиш эрди Яъқуб ҳоли унда.
1095 Олиб мактубни Юсуф бағри ёнди,
Туриб, фарзандлари ёнига борди.
Келинглар, тонг ели эсмиш, деди ул,
Бобонгиздин хабар етмиш, деди ул.
Не дермиз, очдилар мактубни охир,
Ўпиб, сўнг сурдилар кўзларга бир-бир.
Ўқиб, мазмунига ҳам етдилар сўнг,
Чекиб ғам, оҳу фарёд этдилар сўнг.
Ҳамма кўзларда ҳасрат ёши эрди,
Не ҳасрат, балки ҳайрат ёши эрди.
1100 Юсуф фарзандларига таскин айтди,
Юпатди, сўнг ўзи тахтига қайтди.
Йиғилди аҳли аркон, бўлдилар жам,
Арода этдилар шай суфрани ҳам.
Юсуф кўз ташлабон, амр айлади чун:
Яъқуб фарзандлари, айтинг, киришсин.
Уларни ўтқизинглар икки-икки,
Ака бўлсин ука ёнида токи…
Улар жуфт-жуфт бўлиб ўлтирди унда,
Боқиб, Ибни Ямин оҳ чекди шунда.
1105 Бу маҳфилда у ёлғиз қолмиш эрди,
Қани, ёнимда Юсуф бўлса, дерди.
Юсуфни ёд этиб, йиғлар эди ул,
Юрак, бағрини кўп тиғлар эди ул.
Чу андин сўрди Юсуф, шоҳи аҳрор:
Нечун ёшинг тўкарсен мунчаким зор?
Деди: ёлғиз қолибмен, ғам чекармен,
Шу боис кўзларимдин ёш тўкармен.
Бор эрди бир оғам, айрилдим ондин,
Биз эрдик бир атою бир анодин.
1110 Йўқолди, бўлди ғойиб, кетди буткул,
Биров билмас, бугун қайлардадир ул?
У бўлса менга ҳамдам бўлгай эрди,
Келиб, ёнимга чун ўлтиргай эрди.
У ёшлар тўкди боз, этсак хулоса,
Унинг кўз ёшига лим тўлди коса.
Чунон ашкин оқизди, ғамга пишди,
Ки бундоқ ғамни кимса кўрмамишди.
Юсуф ул ашки хунборини кўргач,
Бу янглиғ нолаю зорини кўргач,
1115 Деди: бас, йиғлама, эй нақди жон, сен,
Мени Юсуф деб ўйла шу замон сен.
Сенга ҳамкосадирмен, тингла бир дам,
Бўлурму мендин ортиқ сенга ҳамдам?
Арога суфрачи сўз солди ногоҳ:
Бу коса ашк ила тўлмишдир, эй шоҳ.
Не ашкдир, ашку хун, қандоқ ичарсен?
Равоми сенга чун, қандоқ ичарсен?
Анга Юсуф деди: жим бўлмоғинг хуш,
Бу ғамдин тушди шул жоним аро жўш.
1120 Симиргаймен бу қондин жонга жон мен,
Бу қон янглиғ яна топгум қачон мен?
Етимдир, қонини ичсам шу асно,
Етишгай шу замон жонимга баҳро…
Яъқуб фарзандларидин келди бу сўз:
У ёшдир, гарчи барнодир, дилафрўз.
У ёшдир, билмагай одоби мулкни4646
Одоби мулк – подшо саройидаги юриш-туриш одоби.
[Закрыть],
Ҳукмдор олдида расму сулукни.
Шу боис қўрқамиз андин, нетар ул?
Бу янглиғ шоҳга чун хизмат этар ул?
1125 Жавобин берди шунда Юсуфи хуб:
Ажаб шойистадир фарзанди Яъқуб.
Кишиким, гавҳари Яъқуб эмиш ул,
Не қилса яхши бўлгай, хўб эмиш ул.
Кейин дедики, айтгил, Ибни Ямин,
Юзинг сарғайди мундоқ не сабабдин?
Деди: куйдирди ул Юсуф фироқи,
Юзим сарғайтди васли иштиёқи.
Деди Юсуф: юзинг сарғайтди ҳижрон,
Не боис сочларинг мундоқ паришон?
1130 Деди: йўқдир онам ул, ғамгузорим,
Шу боисдин паришон рўзгорим.
Деди Юсуф: отангдин сўйла бир гал,
Йўқолмишдир унинг бир ўғли, дерлар.
Деди: кўрмас, кўзи ожиз эрур ул,
Юсуфдин айрилиб, ёлғиз эрур ул.
Мудом ўт ичра ул, сўзон ичинда,
Куну тун кулбайи эҳзон ичинда.
Куну тун ёш тўкиб, хунобга ботмиш,
Дема хуноб уни, гирдобга ботмиш.
1135 Юсуфни эслабон ул зорлар эрди,
Мени кел деб қошига чорлар эрди.
Нечук айтай унинг сўзлашларини,
Юсуфни йўқлабон бўзлашларини?
Агар тош бўлса ҳам эврилгай эрди,
Эриб, бу ғам аро қон бўлгай эрди…
Юсуф тинглаб бу сўзни, эгди бошин
Яъқубнинг ҳолига сел қилди ёшин.
Яширгай эрди лек, бермас эди сир,
Қошида бўлди Ҳақ элчиси ҳозир.
1140 Деди: очгил юзинг, ғам мунча ерсан,
Ширин сўз, оқилу қудратли эрсан…
Ниқоби шилта ҳўл, йўқ эрди тоби,
Юзидин оқибат тушди ниқоби.
Боқиб Ибни Ямин ул чекди бир оҳ,
Ширин жони танидин чиқди гўё.
Дилига тушди ўт бу эврилишдин,
Чекиб наъра, йиқилди, кетди ҳушдин.
Ҳушига келди юз бир чора бирлан,
Юсуф деди анга: эй хулқи кўркам,
1145 Не бўлди сенгаким, тарк айладинг ҳуш?
Сабаб не, тушди шу жонинг аро жўш?
Деди Ибни Ямин: билмамки кимсен?
Азиздирсенму ё Юсуфмидирсен?4747
Миср подшоларини «Азиз» дейишган.
[Закрыть]
Сени Юсуф дегаймен чун мукаммал,
Сабабким, неча бор кўрганмен аввал.
Юсуфдирсен магар, бу этганинг не?
Юсуф эрсанг, мени ранжитганинг не?
Ғарибмен, менда йўқ андоқ пару бол,
Тушунтир, сен биларсен, не эмиш ҳол?..
1150 Бировким гар буни афсона дермиш,
Анга ақлу хирад бегона эрмиш.
Эрур жон пардасида ошнойинг,
Анинг-ла бўлмиш эрди можаройинг.
Гар унга бўлса бир дам иштиёғинг,
Олардинг халқи оламдин сабоғинг.
Агар унга дилинг бегона бўлгай,
Бу гаплар сенга бир афсона бўлгай.
Дилингда бўлмаса гар ошнолик,
Ишингда бўлмагай ул рўшнолик.
1155 Агар ул ошноликдин асардир,
Ишингда қурби Ҳазратдин самардир.
Кишиким бўлса Ҳақ бирлан ҳамиша,
Ҳамиша айлагай ул Ҳақни пеша.
Қолур ул Ҳақни деб, Ҳақ бирла жовид,
Йироқмас соядин одатда хуршид…
ГУНОҲКОР ЙИГИТ ҲИКОЯТИ
Нақл бор, бир йигитким, бағри қонлик,
Тилар маҳшарда Оллоҳдин омонлик.
Бағоят журми кўп, бисёр эмишдир,
Вале қозийи фазли ёр эмишдир.
Малоиклар жазо амрига шайлар,
Жаҳаннам сори судраб, ҳайдагайлар.
Шу онда бир нидо келгай: аё, сиз
Не боисдин у ёққа судрагайсиз?
Дегайлар: судрабон элтгаймиз эмди,
Жаҳаннам қаърига отгаймиз эмди.
Нидо келгай яна, улким муаммо:
Эрурмиз, не ажаб, биз унга ҳамроҳ.
Эшитмайсиз буни сиз, бехабарсиз,
Унинг-ла бирга бўлмоқни тилармиз.
1165 Малоик бўйла сўзни туймамишлар,
Бу янглиғ лутфу эҳсон кўрмамишлар.
Бу сўздин лолу хомушдир улар, бас,
Тушиб титроққа, беҳушдир улар, бас.
Хитоб етгай йигитга: эйки маҳзун,
Нега турмоқдасен, қочгил алардин.
Йигит дер: бўйла жойким, йўқ қиёси,
На боши бор унинг, на интиҳоси.
Худо дер: бизга қоч, кўрсат саботинг,
Қутулгайсен, етар сенга нажотинг.
1170 Йигит дер: ожизу дилпорадирмен,
Қочолмам, бўйлаким бечорадирмен.
Не бўлғай, раҳм этиб, ҳолимга боқсанг,
У асрор пардасин устимга ёпсанг.
Худованд раҳм этиб, чун парда тортгай,
Уни аҳли қиёматдин бекитгай.
Ва давлатжойи асрорига элтгай,
Ва хилватгоҳи дийдорига элтгай.
Малоик унда чун беҳуш турарлар,
Йўл узра ул йигитни кўрмагайлар.
1175 Урарлар ўзни чун ҳар ёнга ҳар дам,
Ва лекин топмагайлар бир нишон ҳам.
Сўрарлар Ҳақдин: ул маҳкум қаёнда?
Фаноми топди бул боқий маконда?
Қидирдик, жаннату дўзахда бўлдик,
Тополмай, баски андин қўлни ювдик.
Биларсен, қайда ул, айтгил, Худоё,
Ўзинг бизга нажот этгил, Худоё…
Хитоб келгайки, чун ҳикматдадир ул,
Бизим-ла пардайи исматдадир ул.
1180 Мақомин ул бизим даргоҳда топмиш,
Унинг-ла эмди сизга қолмамиш иш.
У билгайдир буни, биз жовидона,
Арода сизга йўқ боис, баҳона…
Иноятким Худодин ёр бўлгай,
Қачон ул ерда бир ағёр бўлгай?
Вале аввал у айлаб чун ҳидоят,
Набийга айламиш офтоб иноят.
Иноят гар сени хос айлагайдир,
Ҳамма нуқсингни ихлос айлагайдир.
1185 Агар дийдорин этса ошкора,
Ишинг бўлгай жамолига назора…
МАҲШАР КУНИДАН ЯНА БИР ҲИКОЯТ
Қадимдин бўйла келгайдир ривоят:
Агар юз берса ул маҳшар, қиёмат.
Арога бир йигит тушгай, баҳодир,
Унинг атрофида мингларча шотир.
Биҳиштга йўл очилгай ҳар томондин,
Етишгай эҳтиром аҳли жаҳондин.
Худодин бир нидо келгай арога,
Уни элтинг фалон қасру бинога.
1190 Ўшал қасру бинога етказиб шод,
Ҳамма ҳурлар чекарлар оҳу фарёд.
Қасрда бор эмиш минглаб дарича,
Бу ёқда мунчадир, ул ёқда шунча.
Қаю бир дарчада тургусидир ул,
Муқаррар Тангрини кўргусидир ул.
Анга минглаб эшик бўлгуси пайдо,
Уларда неча минг олам ҳувайдо.
Йигит кўрмас уларни, ҳар замони
Худони кўргай ул, ёлғиз Худони.
1195 Ҳамма олам таманнойи висолдир,
Ки бундан ўзгаси баҳси маҳолдир.
На ҳар кимса хабар топгай у ёқдин,
На ҳар чавгонга тўп тушгай у ёқдин.
Бу йўлда зору гирён дил керакдир,
Сўроқчи, лолу гирён тил керакдир.
Жаҳонда айла доим Ҳақни пеша,
Сўроқла, изла, Ҳақдин қўрқ ҳамиша.
Мудом жонингда шул андиша бўлсин,
Кўнгил шаҳрингда шундоқ пеша бўлсин.
1200 Уфургай сенга бир дам атру бўйи
Бўлур жонингга ҳамдам атру бўйи.
Сенга умри ҳақиқий ул замондир,
Чу жонинг маҳрами ул жонажондир.
Агарда айрудир андин ҳисобинг,
Ҳисобинг ичра бўлгай юз ҳижобинг…
БИР ДАРВЕШ МАЖНУНДАН ЁШИНИ СЎРАГАНИ
Келиб Мажнунга дуч дарвеши дилхун,
Ёшинг неччидадир, деб сўрди бир кун.
Жавоб берди анга шўрида кўнгил,
Ки ёшим кам эмас, бир мингу қирқ йил.
1205 Деди дарвеш: ажаб девонадирсен,
Ақлга шунчами бегонадирсен?
Деди Мажнун: менга минг ҳамдам эрди,
У Лайли менга юз очган дам эрди.
Яшабмен қирқ йил умрим, бу зиёндир,
Вале минг йиллик умрим бир замондир.
Чу қирқ йил бас чекиб ҳажру фироқ мен,
Эмишдим нақди умримдин йироқ мен.
Вале ул замон минг йилча бордир,
Ки Лайли ҳамдам эрди, бешумордир…
1210 Агарки минг йилинг бир лаҳза дамдир,
Анув қирқ йил десанг, андин-да камдир.
Вужуди бениҳоят топганинг дам,
Йўқолгайдир кўзингда икки олам.
Назар сол, эй рафиқ, бу не вужуддир,
Ки ҳар бир зарраси аҳли сужуддир.
Вужуд улдирки, на ортиқ, на камдир,
Ва унда неки бордир, ул адамдир.
Не олий бир вужуддир ул вужудлар,
Бари лаззат аро барҳам топурлар.
1215 Чу инсон бунда нобуд бўлгусидир,
Зиёнлар фойдага эврилгусидир.
Анга қўл чўзса гар аҳли жаҳон ул,
Этогига етолмас битта ҳам қўл.
У қўл ҳам, у жаҳон ҳам қолмагай, бас,
Унинг гардига бир кимса етолмас…
БИР ДЕВОНАНИНГ ИСИТМА КАСАЛИГА ЧАЛИНГАНИ
Чу бемор бўлди жинни, кимса чиндан,
Иситма тутдими? – деб сўрди ундан.
Боқиб ҳайрон жавобин бўйла берди:
Агар ўлсам, у кимни тутгай энди?
ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА
1220 Ўғил дедики, шу кўнглим толибдир,
Кўнгилни ул паризодим олибдир.
Унинг васли магар андоқ азизми?
Гапир менга ўшал гулчеҳра қизни.
Уни кўрмай, фироқи ичрадирмен,
Ёнармен, иштиёқи ичрадир мен…
Ато деди: ҳикоят тинглагил боз,
Келин кўр, деб очармен пардайи роз…
САРТОПАК ҲИНДУ ҲИКОЯТИ
Бировнинг ўғли борди мулки Ҳиндда,
Ёш эрди, лек лаёқат эрди унда.
1225 Ўқиб илму адаб, этмишди таҳсил,
Этарди ўзгаларга шарҳу тафсир.
Агарчи ҳар илмда ўзгун эрди,
Вале илми нужумда устун эрди.
Ҳамма жинлар шаҳини сўйлаб унда,
Қизи таърифини айларди кунда.
Чу ўғлон бўлди ул дилбарга ошиқ.
Не дилбар, бир пари пайкарга ошиқ.
Ҳаким борди нужуму тибда машҳур,
Узоқ бир ўлкада маскун эди ул.
1230 Бировни ошно тутмас эди лек,
Уйида ўлтирарди бир ўзи тек.
Бировлар олмасин илмимни дерди,
Шунинг-чун ҳамдами йўқ, ёлғиз эрди.
Атосига ўғил юзланди бир кун,
Деди: ул олими яктога элтгин.
Келар эрмиш унинг уйига ногоҳ
Қизи бирлан парилар шоҳи гоҳо.
Паризодни кўриш кўнглимда орзу,
Кўрармен дилбаримни, келса гар у.
1235 Ва бўлгаймен илмлардин хабардор,
Жаҳонда ўлмагаймен хору мурдор.
Ато деди: на ўғли, на аёли,
Биров келса, келур ранжу малоли.
Сенингдек орзумандлар кўп эрур, бас,
Вале ҳеч кимсага ул эшик очмас.
У қўрқар, бас, бировлар топсалар йўл,
Йўқотгай илми бирлан ҳикматин ул.
Ўғил дедики, элтсанг, бас, билурмен,
Ўзим бир чораву тадбир қилурмен…
1240 Атоси йўлга тушди, ўғли ҳамроҳ,
Атосин ўғли этди ишдин огоҳ.
Деди: боргил ҳакимнинг олдига ул,
Чиқаргил кийна дилдан, меҳрибон бўл.
Бир ўғлим бор, дегил, кардир, яна лол,
Ва лекин мен фақирмен, тушкун аҳвол.
Савоби охиратга дилни рост қил,
Олиб ўғлим, мени ғамдин халос қил.
Бажарсин хизматинг, ёнингда бўлсин,
Ҳамиша амру фармонингда бўлсин.
1245 Гаҳида ўт ёқар, сув келтирар гоҳ,
Тўшак-ўрнингни ҳам айлар муҳайё.
Чиқар бўлсанг, уйингда посбон ул,
Яна не хизматинг, этгай ҳамон ул.
Бағоят зийрак ул, лекин кару лол,
Эшикдин ноумид этма, сўзим ол.
Зиёни тегмас асло, бешдиру кам,
Билинмас борлиги ҳам, йўқлиги ҳам…
Ато борди ҳакимга, айтди бир-бир,
Ҳаким ҳам рози бўлди шунга охир.
1250 Ўғилни имтиҳон этди у дарҳол,
Магарким чинданам ул кармидир, лол?
Анга бир дору берди ул синов-чун,
Йиқилди ерга ўғлон, кетди ҳушдин.
Ҳаким кетди табиблик-чун қаёққа,
Йигит ул сакрабон турди оёққа.
У дарҳол пайқади, бир имтиҳон бу,
Ҳаким истар уни ғарқ этсин уйқу.
Магар елдек ўзин ҳар ёнга урди,
Ҳаким бир иш туфайли кетмиш эрди.
1255 Йигит ул дору таъсир этмасин деб,
Юрар эрди, чу уйқу элтмасин деб.
Ҳаким қайтиб эшикка келди шул он,
Ўзини ухлаганга солди ўғлон.
У гоҳи маст каби хуррак отарди,
Ва лекин уйқусиз, ҳушёр ётарди.
Ҳаким ул келди, ўрнига ўтирди,
Асо бирлан йигит пойига урди.
Йигит турди, йиқилди ўрнига бот
Ва тилсизлар каби ул чекди фарёд.
1260 Тилидин учмади сўзу иборат,
Тилим йўқ деб этар эрди ишорат.
Баногоҳ доду фарёд ичра сўрди
Ҳаким ул: айт, болам, сенга не бўлди?
Саволга этмади лекин жавоб ул,
Топиб зийраклиги бирлан савоб ул.
Чу этди имтиҳон устоди баттол,
Ишонди, чинданам ул кар эди, лол.
Не деймиз, ул ҳакимни алдай олди,
Расо ўн йил унинг ёнида қолди.
1265 Ки ҳар гал уйини тарк этса устод,
Китобини ўқиб, айлар эди ёд.
Ҳаким сўйларди гоҳ неча илмдан,
У сир бой бермайин, тингларди зимдан.
Ва ҳар не тинглар эрса, ёд этарди,
Этиб ёд, сўнгра қоғозга битарди.
У ҳар илму фунунда бўлди устод,
Ўзиб устодин, илдамлади бот.
Бор эрди уйда бир сандиқ, нақшбанд,
Бекитмиш эрди устод парда бирлан.
1270 Ҳамиша берк эди, кўздин йироқ ул,
Магарким яхшироқдин яхшироқ ул.
Йигит дердики, не эрса, шу ерда,
Магар мен истаган нарса шу ерда.
Фақат очмоққа имкони йўқ эрди,
Сабр этмоқ керакдир бунга, дерди.
Шу аснода саройдин келди одам,
Деди: шаҳзода ётмиш хаста бул дам.
Унинг бошида бир нарса аёнмиш,
Шу боисдин йиқилмиш, нотавонмиш.
1275 Магар бир жонивор эрмиш сиёқи,
Қимирлармиш, юрармиш гоҳ-гоҳи…
Агар қутқармаса устоди даврон,
Ўлар шаҳзода бешак зору нолон.
Йигит билмасди бу иллатни, ҳайҳот,
Туриб, йўлга равона бўлди устод.
Йигит ҳам ортидин борди у жойга,
Рўмолга бурканиб кирди саройга.
Чу устод хастанинг ёнига борди,
Йигит ҳам ёндашиб, бир четда турди.
1280 Касалнинг бошида бор эрди бир шиш,
Шиш ичра қурт эди, тирноқлари ниш.
Юлиб тукларни устод шишни ёрди,
Ва кўрди: худди харчанг жониворди4848
Харчанг – саратон.
[Закрыть].
Ботирди чангалин ул этга маҳкам,
Чу устод олди асбоб қўлга илдам.
Темирни ишга ул солмоқчи бўлди,
Ва қуртни ажратиб олмоқчи бўлди.
Текизган эрди ул асбобни қуртга,
У баттар санчди тирноқларни этга.
1285 Чекиб шаҳзода оҳ, қийналди жони,
Фалакка чиқди шўрликнинг фиғони.
Баландроқ жойда эрди, кўрди шогирд,
Туганди сабри, бас, қичқирди шогирд:
Аё устоди олам, не этарсен?
Магар мақсадгами бундоқ етарсен?
Темир бирлан кетар ул этга буткул,
Бўшатгай чангалин гар доғласанг ул…
Чу иш сирридин огоҳ бўлди устод,
Йиқилди, дард ила жон берди ул бот.
1290 Ҳаким ўлгач, йигитни чорлаб ул дам,
Ўзингсен, дедилар, устоди олам.
У доғлаш бирла бошдин қуртни олди,
Ярога сурди малҳам, дардни олди.
Йигитни сийлади шаҳзода хушком,
Ва берди унга «сартопак» деган ном.
Яна зар берди, хилъат, от, бедов ҳам,
Ва устод молу мулкин ҳам жамулжам.
Йигит чун уйга қайтди, очди сандиқ,
Ва кўрди суврати ул ёри маъшуқ.
1295 Бор эрди кўп китобул илми танжим4949
Илми танжим – юлдузшунослик илми
[Закрыть],
Ўқиб ул бўлди чун устоди иқлим.
Ва охир орзу айлаб ул дилафрўз,
Туганди сабри, ёнди кеча-кундуз.
Кейин ўлтирди ул, доира чизди,
Ният айлаб, қироатга киришди.
Азимат ўқиди қирқ кеча-кундуз5050
Азимат – афсун, азайимхонлик.
[Закрыть],
Кўринди ул паризоду дилафрўз.
Киши кўрса, қолур ҳайрону лол ул,
Ки эрди бўйлаким соҳибжамол ул.
1300 Чу сартопак боқиб, ул ойни кўрди,
Ажабким, суврати жон ичра эрди.
Таажжуб айлади ва сўрди ҳушсиз:
Нечук кирдинг менинг қалбимга, эй қиз?
Жавоб берди санам: шу ерда эрдим,
Ки аввал бошданоқ сен бирла эрдим.
Сенинг нафсингмен, излаб сен ўзингни,
Ақл кўйига тикмайсен кўзингни.
Агар кўрсанг уни, олам ўзингсен,
Ичу теш ичра эш, ҳамдам ўзингсен…
1305 Ҳаким деди анга: нафс бизга маълум,
Илондир, итдир ул, тўнғиз эрур шум.
Ки зебойи замину осмонсен,
Нечук бу ҳусн ила нафси фалонсен?
Пари дедики, гар амморадирмен,
Иту тўнғизмену юз борадирмен…
Вале эрсам агарда мутмаина,
Биров қилмас гумон, этмас мазина5151
Мазина – хаёл, тусмол.
[Закрыть].
Етар лек матмаина бўлганим он,
«Менга қайт!» Худодин амру фармон.
1310 Сенинг нафсинг эрурмен, эй ягона,
Агар шайтон ила бўлсам равона,
Мени аммора дерлар аҳли иймон,
У шайтоним-да сўнг бўлгай мусулмон.
Агар шайтон мусулмон бўлгусидир,
Ҳамма ишларда сомон бўлгусидир5252
Сомон – тартибу интизом, қудрат.
[Закрыть]…
Чунон чекди машаққат марди толиб,
Ки бўлди руҳи ул нафсига ғолиб.
Кишиким сирри жон истар санамдин,
Бу йўлда бағри қон бўлгай аламдин.
1315 Эй ўғлим, ахтарурсен интиқиб, зор,
У сенда, лек сенинг тамбаллигинг бор.
Агар Ҳақ йўлида мардонадирсен,
Етарсен бир куни, ҳамхонадирсен.
Ўзингдин айрилиб чун бўзлаюрсен,
Бу йўлда сен ўзингни излаюрсен.
Ўзингсен маъшуқинг, қайт энди унга,
Қўйиб саҳрою даштни, қайт Ватанга.
Ватанни севдирар иймони покинг,
Мақоми маъшуқингдир жони покинг…
ОШИҚ БЎЛГАН СЎФИЙ ҲИКОЯТИ
1320 Бор эрди бир вазирнинг ўғли, барно,
Фалакда ой эди ҳуснига шайдо.
Ажаб хушсуврат эрди, дилбар эрди,
Лаб эрмас унда, оби кавсар эрди.
Кўзи наргиси ичра сеҳру жоду,
Қоши ёйи эди ушшоққа орзу.
Чу сўфий бўлди ул барнога ошиқ,
Бу янглиғ бўлмамишди кимса ошиқ.
Йўқ эрди ҳамдами, бир дўст-ёр ул,
Ки этса ишқ дардин ошкор ул.
1325 Ёқиб андоқ уни, куйдирди ишқи,
Магарким жонидин тўйдирди ишқи.
Чекиб оҳ, кўнглида асрар эди роз,
Ўшал роз жонини ўртар эди боз.
Кўзидин ёши оқди мисли ёмғир,
У йиғлаб, ўртаниб, кўр бўлди охир.
Чу ожиз бўлди ул ёшлар тўкиб зор,
Зиёда бўлди чун бир дарди минг бор.
Бу савдо бўлди элга ошкора,
Халойиқ келди этмакка назора.
1330 Кўзи кўрмай, юзи сарғайгач энди,
Бу дарди ўзгалар кўнглига сингди.
Улуғлар этдилар кўрмакка рағбат,
Амирлар келдилар навбатма-навбат.
Вазир бир ёққа бир кун ташриф этди,
Ўтаркан, йўлда ул манзилга етди.
Хабардор эрди баским мушкулотдин,
Халойиқ олдида ул тушди отдин.
Ва ҳеч гапдин хабарсиз ўғлини чол
У дарвеш олдига ўтқизди алҳол.
1335 Ато кўз мардуми эрди ўғил ул,
Вале ошиқ иши ҳам эрди мушкул.
Чу айрилмишди ул кўз мардумидин,
Ато энди нетиб айрилгай андин?
Вале бўлмишди рози бунга вазир,
Ки топсин, майли, деб кўз мардумин кўр.
Деди вазир анга: кечдинг ўзингдин,
Шу барно деб жудо бўлдинг кўзингдин.
Келиб, қаршингда ўлтирди шу палла,
Не истарсен яна, эй кўзи тийра?
1340 Бу сўзни тинглади, ҳис этди ошиқ,
Чекиб фарёд, ўзидин кетди ошиқ.
Кўзидин ашки дув-дув оқди, тошди,
Булут ҳам мунча кўз ёш тўкмамишди.
Аё ғофил, деди вазир, нечук сен,
Ўғил олдингда-ку, боз йиғлагайсен?
Деди дарвеш анга, кўздин тўкиб ёш:
Агар дардимни айтсам, йиғлагай тош.
Ахир мен бир умр кутдим чекиб ғам,
Ки ул келгайму деб бошимга бир дам.
1345 Мени кўрмоққа келмиш ул бу ёққа,
Уни кўрмоққа энди кўз қаёқда?
Мен аввал излар эрдим юлдузимни,
Кўрарга энди излармен кўзимни.
Агарда кўзларим тортсайди равшан,
Анга жонимни айлардим фидо ман.
Кўзим йўқ эрса равшан жовидона,
Не ҳожат менга маъшуқи ягона?
Магарким жумла олам маъбуд эрмиш,
Кўзинг кўрмас эса, не мақсуд эрмиш?
1350 Бугун кўз излагаймен, йўқки маъшуқ,
Кўзи кўрларга бирдир халқу махлуқ…
Ҳамма олам жамол узра жамолдир,
Кўзи кўрлар дегай: кўрмак маҳолдир.
Агар бу йўлда сен кўргувчидирсен,
Кўриб, зеболигинг билгувчидирсен.
Бу зиндондин мусаффо чиқса кўнгил,
Унинг ҳар жузви юз бўстон очар, гул.
Шу тупроғинг аро ҳар зарра сенга,
Қилур ою қуёшни парда сенга.
1355 Танинг гўрдирки, жон унда ниҳондир,
Унинг ҳар зарраси соҳибқирондир.
Чу бир жавҳардин эрмиш икки олам,
Кўрингай сенга ҳар бир заррадин ҳам.
Тикан эрса қаерда ё тиканзор,
Аниқ бил остида гулгун биҳишт бор.
Агар юз очса ул, кўрсатса талъат,
Кўзи кўрларга етгай ранжу ҳасрат…
ЎЗ ШАҲРИДАН ҚОЧГАН ШОҲ ҲИКОЯТИ
Шаҳарга кирди душманнинг сипоҳи,
Шаҳарни ёвга ташлаб, қочди шоҳи.
1360 Бориб бир жойга, тўнни этди ўзга,
На хосу на авом илмасди кўзга.
Йўлиқди ошно, сўрди: аё сен,
Не боис мунчалар хору гадосен?
Уларга шоҳлигинг эт ошкора,
Сенга бу хорлигу зорлик чикора?
Деди шоҳ: кимлигим айтсам агарда,
Этарлар шу танимни бурда-бурда…
Бировким кўз солиб, султонни кўрмас,
Анга бормоққа ҳам имкони бўлмас.
1365 Агарда кўрмайин султонга боргай
Ўзини маҳв этиб, қонларга қоргай…
ШАҲЗОДА ВА ЛАШКАРБОШИ ҲИКОЯТИ
Ажаб шаҳзодае, моҳпора эрди,
Қуёш рашк айлабон, овора эрди.
Фалак офтоб юзин ҳар гал кўрарди,
Дали-девона янглиғ чарх урарди.
Кумушдек манглайи узра ёруғлиқ,
Жиму мим ҳарфлари эрди ёзуғлиқ.
Паришон сочи гулдек солланарди,
Жиму мим бирла Жам мулкин оларди.
1370 Қоши чун посбон эрди қамарга,
Узун мижгони ўқ эрди жигарга.
Кўзи тимқора эрди тун мисоли,
Ҳамиша шоҳсуворликди шиори.
Ақиқдек лаблари бол эрди, шаккар,
У ширин эрди, бу ундан-да афзал.
Дудоқлар ичра ҳар ошиққа орзу
Дурахшон тишлари дур эрди, инжу.
Боқиб еттинчи осмондин ситора,
Унинг ҳуснига айларди назора.
1375 Юзини ҳар кишиким кўргай эрди,
Юзига термилиб, жон бергай эрди…
Кўриб барнони сарҳанг бўлди шайдо5353
Сарҳанг – қўшин сардори, лашкарбоши.
[Закрыть],
Дили саргашта бўлди, ақли гумроҳ.
Йўлиқди дардга чун дармони йўқди,
Тасаддуқ айлагудек жони йўқди.
Бошига не қаролик солди бу дард,
Ва лекин дардига йўқ эрди ҳамдард.
Бу янглиғ ишқ аро бўлди ситамкаш,
Ки бўйла бўлмамишди бир аламкаш.
1380 Шу асно шоҳга қарши ўзга бир шоҳ
Адоват этди, лашкар тортди ногоҳ.
Чу султон йўллади ўғлини жангга,
Силоҳ берди, совут кийдирди унга.
Ўғил бўлди азим лашкарга сардор,
Ки барча қон тўкишга шай фалаквор.
Бу гапни чун эшитди, билди сарҳанг,
Оёққа турди, бўлди озими жанг.
Чунон шод бўлди сарҳанг бу хабардин,
Чу фориғ бўлди кўнгли ғам, кадардин.
1385 Совут кийди, яроғин олди қўлга,
Миниб от, суръат айлаб, тушди йўлга.
Бориб, сафга қўшилди шул арода,
Тани от узраю ўзи пиёда.
Юриб, шаҳзодага зимдан боқарди,
Кўзидин ёши тинмасди, оқарди.
На хуш лаззат эмишдир, эй фалоний.
Агар ёр васлига боқсанг ниҳоний.
На хуш, ёрингни гар зимдан кўролсанг,
Тикиб кўз, жон ила дилдан кўролсанг.
1390 Кейин тўқнашдилар ул икки лашкар,
Қўшилди икки саф, бас, бўлди яксар.
Қоришди икки лашкар, чун уришди,
Замин тебранди, тўзон кўкка учди.
Фалак терс айланиб, зулм этди андоқ,
Гўзал шаҳзода бўлди жангда тутсоқ.
Сипоҳ тарқалди ҳар ён, қочди буткул,
Арода қолдилар сарҳанг била ул.
Ғанимлар тикмади сарҳангга кўзни,
Вале ул ёвга тутқун этди ўзни.
1395 Уларни қилдилар, бас, банди зиндон,
Бирида васл, бирида эрди ҳижрон.
Оёқларга кишанлар урдилар тез,
Этиб ҳар иккисин бир жойга маҳбус.
Йигит сарҳангга боқди, сўрди андин:
Қачон жангга қўшилдинг, не замондин?
Сени билмасмен, айтгил менга хайлинг,
Магар сен ҳам сипоҳим бирла эрдинг?
Очиб лаб сўзга ул сарҳанги гумроҳ,
Деди: эрдим шоҳи оламга шайдо.
1400 Не фурсатким чекардим кўкка оҳим,
Мени олгайму деб хизматга шоҳим.
Сафарга чун азимат айлади шоҳ,
Манам шул онда бўлдим унга ҳамроҳ.
Ғаним бирлан савашмоқ эрди аҳдим,
Ки шоҳим олдида ёр бўлса бахтим…
Ки шояд нону номим келса ондин,
Умрбод бир мақомим келса ондин…
Бу сўзларни эшитди баски шаҳзод,
Севинди, ғам, аламдин бўлди озод.
1405 Боқиб, бир илтифотлар унга этди,
Ки сарҳанг боши андин кўкка етди.
Қувонди, бахтиёр бўлди чунон ул,
Чу эрди соҳиби мулки жаҳон ул.
Агарчи эрди ул зиндонда тутсоқ,
Жасорат эрди лек кўксида мундоқ.
Анга хизматлар айларди куну тун,
Вале ул хизмати ҳар лаҳза устун.
Оёғини силаб тунларда яккаш,
Ширин сўз бирла кундузларда дардкаш.
1410 Чунон парвона бўлди ул азизга,
Бунинг таърифи ҳеч сиғмайди сўзга.
Дуо айларди ул дилхаста ҳар кун,
Ки, ё Раб, дарди ишқим айла афзун.
Жудолиқ, айрилиққа солма бизни,
Бу зиндондин сира қутқарма бизни.
Бу зиндон менга бўстондир, биҳиштим,
Алишмам юз биҳиштга битта ғиштин…
Хабар топди чу ўғли ҳолидин шоҳ,
Қаро тортди кўзи ўнгида дунё.
1415 Унинг фарзанди жони унда тутқун,
Ато қандай чидар, сабр айлагай чун?
Чу тоғдин тушди, йўлни тўсди харсанг,
Ул икки шоҳ арода қилдилар жанг.
Арода неча бир отлар чопилди,
Арода бегуноҳ қонлар тўкилди.
Кейин сулҳу салоҳ бўлди падидор,
Бу унга бўлди, ул бунга харидор.
Қарор бўлдики, бул шоҳи хирадманд
Қизини уйлагай шаҳзода бирлан.
1420 Туриб, шаҳзоданинг олдига борди,
Ўшал ойдек қизини унга берди.
Чақирди олдига сарҳангни ҳам ул,
Дедиким, ўртада сулҳу салоҳдир.
Ва берди иккисига бўйла эҳсон,
Уни тасвир этишга қайда имкон?
Қилиб инъому эҳсонни чунон ул,
Қизига айлади ганжи равон ул.
Чу шаҳзода ҳибсдин бўлди озод,
Ватанга қайтди яшнаб шоду дилшод.
1425 Басе яйратди дилларни дилафрўз,
Бериб халқига тўй қирқ кеча-кундуз.
Эди ёнида ул руҳи равони,
Шу муддат кўрмади бир кимса они.
Фақат сарҳанг паришон эрди унда,
Ними жону бими жон эрди унда5454
Ўлар ҳолатга етган эди.
[Закрыть].
На сабри қолмиш эрди, на қарори,
Эди қонларга ғарқ, қон ичра бори.
Ўшал қирқ кеча-кундуз билмайин хоб,
Ёнарди шам каби бетоқату тоб.
1430 Этиб рашк, чун жигархун эрди ҳоли,
Ки ҳар соат дигаргун эрди ҳоли.
Кишиким ёрига ёр эрди танҳо,
Не бўлгай ҳоли, андин тушса айро?
Кечиб қирқ кеча-кундуз, ул жавонбахт
Кийиб бошига тож, банд айлади тахт.
Неча жондору посбон мисли шердай5555
Жондор – қоровул.
[Закрыть],
Қилич ушлаб, қошида турдилар шай.
Ғуломлар саф чекиб киприкка ўхшаш,
Сиёҳдил эрдилар, кўздек балокаш.
1435 Вазирлар ҳолини ҳам сенга айтгум,
Ҳамма курси уза арш эрдилар чун.
Фақат шаҳзодада айро дил эрди,
У сарҳанг ёди бирла машғул эрди.
Чақирди, кирди сарҳанг, ёши кўздин
Оқаркан, эгди бошин, кетди ўздин.
Йиқилди, бўлди ҳушдин ҳам жудо ул,
Баногоҳ чекди бир наъра, нидо ул.
Кейин келди ҳушига зору ғамнок,
Чу андин сўрди ул шаҳзодайи пок.
1440 Ки, эй сарҳанг, бу не аҳволу ҳолдир?
Ишинг нола, танинг монанди нолдир?5656
Нол – қамиш.
[Закрыть]
Юзинг сўлғин, магар бемормидирсен?
Чу менсиз маҳзуну афгормидирсен?
Лаб очди сўзга сарҳанг, деди – эй шоҳ,
У зиндонда эмасдим сендин огоҳ.
Чу мен қирқ кун ғаму ҳажрингни чекдим,
Бугун кўрдим сени, бошимни эгдим.
Сени кўрдим, салобат ичрадирсен,
Басе аркони давлат ичрадирсен.
1445 Етиб васлингга топмишдим фароғат,
Ки сендин айрилишга борми тоқат?
Кийиб эски тўнинг, бўлсанг падидор,
Бўлардим жон била сенга харидор.
Вале бул жомайи хонликда қолсанг,
Бу подшолик, ҳукмронликда қолсанг,
Нечук қудрат топар бу жони пўржўш
Ва бўлгай салтанат бирлан ҳамоғуш?..
Деди бу сўзнию етди ҳалоки,
Фиғон бирла узилди жони поки…
1450 Агар сен ҳиммати мардонадирсен,
Шоҳи офоқ ила ҳамхонадирсен,
Вале сарҳангдек эрса кўзларинг ёш,
Оёғингга урилгай ҳар замон тош.
Аё йўлчи, шудир гапнинг қиёси,
Не кўрсанг даҳр аро, шоҳнинг либоси.
Агар шоҳ жомасин кўрсанг ҳазор сен,
Таниб ол, бўлма хайли беқарор сен.
Эшитгил, англаб ол, эй марди огоҳ,
Ҳамиша тўнини алмаштирар шоҳ.
1455 Жаҳон гар товланиб, оқдир, қародир,
Ҳамма унда либоси подшодир.
Магарким бир либосдир икки олам,
Чу муғлар ҳайрати ширкдир тамоман.
Ҳукмдорда либослар кўп эрур, бил,
Либосин кўрмагил сен, шоҳни кўргил.
Кўзинг зоҳирга тикма, бир нишон ул,
Боқиб, ботинни кўргил, жовидон ул.
Кўнгилларким, Худодан зинда эрмиш,
Уларга охиратбин кўз берилмиш5757
Охиратбин – охиратни кўрувчи, охират кўзи.
[Закрыть].
1460 Агар шундоқ кўзинг бўлса азалдин,
Кўрардинг бор жаҳонни ул назардин.
Бу чашми зоҳиринг алдоқчидир, бас,
Нақшни кўргай ул, наққошни кўрмас.
Вале андоқ эрур наққошда пеша,
Ўзини нақш ила ёпгай ҳамиша.
Унинг ҳусну жамоли беҳисобдир,
Жамоли ҳуснига нури ҳижобдир.
Қуёшнинг талъати тортар дилингни,
Вале равшан нури тўсгай йўлингни.
1465 Жаҳон шамшир бўлиб тўсса агарда,
Борурлар шоҳга ул асҳоби дийда5858
Асҳоби дийда – жон кўзи очиқ бўлган кимсалар.
[Закрыть].
Не эрмиш сенга ул шамширу лашкар?
Назар сол, сенга бас подшоҳи акбар.
Не эрса олду ортингда, кўзингдин
Йироқ тутгил-да сен кечгил ўзингдин.
Нақшни сур нари кўздин, дегил Ҳақ,
Қўяр ёнига ул наққоши мутлақ…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?