Электронная библиотека » Шайх Фаридуддин Аттор » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Илоҳийнома"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Шайх Фаридуддин Аттор


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
СУЛТОН МАҲМУД ВА ЎТИНЧИ ЧОЛ ҲИКОЯТИ
 
Юриб Маҳмуд ила эллик суворий,
Ҳамон қайтардилар айлаб шикорий.
 
 
1470     Туриб сўнг тикдилар йўл узра чодир,
Ёқиб ўт, кўрдилар тушликка ҳозир.
 
 
Баногоҳ учради султонга бир чол,
Юки оғир эди, афтода бир ҳол.
 
 
Ачинди чолга шоҳ, ҳормишди анча,
Чу сўрди: бу ўтиннинг нархи қанча?
 
 
Очиб лаб сўзга деди нотавон чол:
Баҳоси икки арпа, бер, бегим, ол…5959
  Баҳоси икки арпа, яъни жуда арзон демоқчи.


[Закрыть]

 
 
Ўтинга бир нафас кўз ташлади шоҳ,
Етарди бир динор, ортарди ҳатто.
 
 
1475     Очиб ҳамённи сўнгра пулни уйди
Ва чол кафтига бир олтинни қўйди.
 
 
Дедиким, бу етар, бас, ортадир ҳам,
Ўтинни сот менга гар рози бўлсанг…
 
 
Деди чол: нархидин ортгай бу олтин,
Тарозу йўқки, тортсам, сўйласам чин.
 
 
Яна берди динор, иккинчи дафъа,
Деди: кўргил, магар бу икки арпа…
 
 
Бу ортиқ, унданам оғир, деди чол,
Чу икки арпа пул истар эди чол.
 
 
1480     Яна берди динор, сўрди: нечук бу?
Бу ортиқдир, деди чол, белгилик-ку…
 
 
Шу тартиб берди шоҳ олтинни бир-бир,
Бари ортиқ эди қийматда, оғир.
 
 
Хулоса шулки, ҳамённи бўшатди,
Уни ҳам мўйсафид олдига отди.
 
 
Деди: сол барча олтинларни бунга,
Шаҳарга элт уни, тортгил, аниқла.
 
 
Олиб ҳаққингни, сўнг ҳожибга боргил6060
  Ҳожиб – эшикбон, шоҳ эшигида турувчи посбон.


[Закрыть]
,
Не қолмиш эрса ақча, унга бергил…
 
 
1485     Чу олтинлар ўтинчи чолда қолди,
Туриб шоҳ отига минди, йўл олди.
 
 
Кун ўтди, ўлтирарди тахтида шоҳ,
Ўтинчи шоҳ эшикда бўлди пайдо.
 
 
Чу шоҳни кўрди ул, титроққа тушди,
Басе қўрқув босиб, қийноққа тушди.
 
 
У кўрди, шоҳ анга ошно эмишдир,
Кеча кўрган кишиси шоҳ эмишдир…
 
 
Қўйингиз, деди шоҳ, олдимга кирсин,
Анга курси қўйинг, келсин, ўтирсин.
 
 
1490     Келиб, ўлтирди чол, шоҳ деди: эй пир,
Не қилдинг, менга энди сўйла бир-бир.
 
 
Деди: шоҳим, гуноҳ қилган эсам, кеч,
Кеча оч ухладим, туз тотмадим ҳеч.
 
 
Деди шоҳ: ҳай, нечун? Чол деди: эй шоҳ,
Кеча ўнгланмади сен бирла савдо.
 
 
Мени сени ҳожа билдинг, бой-бадавлат,
Чу очлик бўлди андин менга давлат.
 
 
Деди шоҳ: ол, у олтинлар сенингдир,
Деди чол: баски олтинлар менингдир.
 
 
1495     Кеча бермай уни буткул, ажаб, сен,
Нега кафтимга қўйдинг битталаб сен?
 
 
Деди: бегим, дединг унда, не дердим?
Бек эрмас, мен сенинг султонинг эрдим.
 
 
Ўшал дам орзуга тушдим чунон мен,
Ки билсанг, бек эмас, шоҳи жаҳонмен…
 
 
Бугун билдинг мени, огоҳдирсен,
Раводир ҳожатинг, чун шоҳдирсен…
 
 
Азизим, сен – ўтинчи, нотавон ул,
Муборак нури Ҳақ – шоҳи жаҳон ул.
 
 
1500     Нафасларким олурсен лаҳза-лаҳза,
У олтиндир Худодин ҳар нафасда.
 
 
Гар эрта умри комронинг топарсен,
Худо олдида ҳамёнинг топарсен.
 
 
Агар умринг чўзилса неча минг йил,
Бу дунё саҳнида бир лаҳза деб бил.
 
 
У бир лаҳза магар бир йилча бўлғай,
Ва қадри-қиймати бир қилча бўлгай.
 
 
Чекарсен бунда заҳмат ҳар замони,
Топарсен унда завқи жовидоний.
 
 
1501     Замон қайдида банд эрса оёғинг,
Ўлурсен қайда эрсенг, дилда доғинг…
 

БЕШИНЧИ МАҚОЛА

ИККИНЧИ ЎҒИЛНИНГ АЙТГАНЛАРИ
 
Атосига боқиб иккинчи фарзанд,
Дедиким, сеҳру жоду ўрганурман.
 
 
Чу жоду илмини истайди кўнгил,
Анинг бирлан муродим айлаб ҳосил,
 
 
Этиб сайру тамошо ҳар диёрда,
Яшармен шоду хуррам ҳар канорда.
 
 
1505     Кўриб сулҳу салоҳу ҳарбу зарбни,
Кезармен гоҳи шарқу гоҳи ғарбни.
 
 
Гаҳи қушдек этиб кўкларда парвоз,
Гаҳи инсон бўлиб, юрсам сарафроз.
 
 
Гаҳи фил жусса берсам келбатимга,
Гаҳи кирсам яна ўз сувратимга.
 
 
Гаҳи қоплон бўлиб тоғларни кезсам,
Гаҳи тимсоҳ бўлиб денгизда сузсам.
 
 
Ҳамма соҳиб жамолларга тикилсам,
Алар бирлан кейин ишратда бўлсам.
 
 
1510     Не истарсам, ўшанга топсам имкон,
Юритсам еру кўкда амру фармон.
 
 
Бу янглиғ хуш мақом бўлгайму, ўйла?
Ва бундоқ эҳтиром бўлгайму, сўйла?
 
ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ
 
Ато дедики, шайтон сенга ғолиб,
У боисдин дилинг жодуга толиб.
 
 
Чу шайтон сенга ғолиб бўлмас эрди,
Дилингга бўйла орзу келмас эрди.
 
 
Агар шайтонни қувсанг, бас, халоссен,
Йўқ эрса, мудбари шайтонпарастсен6161
  Мудбар – бадбахт.


[Закрыть]
.
 
 
1515     Худодин бехабарсен, ул сабаб ҳам
Эрурсен деву шайтонга мусаллам.
 
 
Худо деб бермагайсен кимсага нон,
Чекарсен тўймагур нафсинг учун жон.
 
 
Сахийдирсен риё бирлан ҳавога,
Ва лекин дўзахийдирсен Худога…
 
ШАЙХ ШИБЛИЙ ВА НОНВОЙ ҲИКОЯТИ
 
Бор эрди нонвой, истаб дуосин,
Эшитмиш эрди Шиблий можаросин.
 
 
Эшитмиш эрди кўп, мафтун эмишди,
Ва лекин ўзини ҳеч кўрмамишди.
 
 
1520     Анга ихлос қўйиб, дилбаста эрди,
Басе ошиқ бўлиб, пайваста эрди.
 
 
Кўриш бирла эмасди бўйла зор ул,
Эшитмоқ бирла эрди интизор ул.
 
 
Кун иссиқ шайх Шиблий эрди ҳорғин,
Шаҳарга йўл босиб келди йироқдин.
 
 
У нонвой ҳолидин эди хабардор,
Кириб дўконга, бир нон олди алҳол.
 
 
Вале нонвой қўлидин олди они,
Деди: текинга бермам сенга нонни…
 
 
1525     Равона бўлди шайх йўлга дам ўтмай,
Биров нонвойга, бу Шиблий, деди, ҳай…
 
 
Анга ҳозир эдинг бермоққа жонинг,
Не боис бермадинг бир бурда нонинг?
 
 
Югурди шайх изидин нонвой ул,
Надоматдин чекарди оҳу вой ул.
 
 
Уриб бош, ўзни чун айлаб адолар,
Тазарру этди ул, ҳам илтижолар.
 
 
Тавалло қилди, ёлборди: аё пир!..
Сўзи шайх кўнглини юмшатди охир.
 
 
Чу афсусу надомат ичра эрди,
Кўриб Шиблий деди: майли, тур энди.
 
 
Бориб, туз эртага катта зиёфат,
Ва бизни айлагил халқ бирла даъват.
 
 
Туриб, дарҳол югурди уйга нонвой,
Зиёфат бергали ҳозирлади жой.
 
 
Чунон зебо зиёфат шайлади ул,
Кам эрмас, юз динор сарф айлади ул.
 
 
Чунон жон куйдириб, этди такаллуф,
Бу янглиғ айламас кимса тасарруф.
 
 
1535     Чақирди неча кимса хушхабар деб,
Ки Шиблий айлагай бизга гузар деб.
 
 
Ҳамма жам бўлди, Шиблий эрди меҳмон,
Дуо айлаб, кейин синдирдилар нон.
 
 
Бор эрди бир азиз, шўрида ҳол ул,
Боқиб Шиблий сари сўрди савол ул:
 
 
Не яхши, не ёмон билмасмен, айтким,
Жаҳонда дўзахий ким, жаннатий ким?
 
 
Чу Шиблий қолдириб ҳайрон ахийни6262
  Ахий – дўст, биродар.


[Закрыть]
,
Деди: кўрмоқчи эрсанг дўзахийни,
 
 
1540     Назар сол бизни даъват айлаганга,
Ки боис бўлди бизнинг шуҳрат анга.
 
 
Магар нон бермади баҳри Худо деб,
Ва лекин бизга кўрди юз динор эп.
 
 
Узр Шиблийга айтур эртаю кеч,
Вале Ҳақ йўлига нон бермагай ҳеч.
 
 
Худо деб битта нон берсайди бепул.
Бўларди дўзахиймас, жаннатий ул.
 
 
Чу сўрсанг дўзахий ким деб, нигоҳ қил,
Ҳамма ошу ҳамма нонин қаро қил.
 
 
1545     Мабода дўзахий бўлмоқчи эрсанг,
Бу янглиғ бир саховат айла сен ҳам…
 
 
Кел энди, Ҳақпараст бўл, айла ихлос,
Бунингдек итпарастлик этма оғоз.
 
 
Эрурсен ит учун ҳар ерда ҳозир,
Қочарсен Ҳақ деса, эй нафси кофир…
 
НАМОЗХОН ИЛА ИТ ҲИКОЯТИ
 
Биров масжидга келди, эрди хуфтон,
Дили дин дарди бирла эрди нолон.
 
 
Тунаб масжидда, тонг отгунча албат
Намоз қилмоқни ул этмишди ният.
 
 
1550     Қоронғи чўкди, бир шарпа кўринди,
Кўринди шарпа, ул масжидга кирди.
 
 
Ўзича ўйлади марди намозхон,
Бу балки мутаққий, бир комил инсон.
 
 
Ки бундоқ жойга тунда ким келур, ҳай?
Келурса, тоати Ҳақ узра келгай.
 
 
Мени кўргай-да, ким эрмиш деб ўйлар,
Намозу тоатимга диққат айлар.
 
 
Шунинг-чун қунт билан айлай намозим,
Ки билсин кимса бундоқ ҳоли розим…
 
 
1555     Эгиб бош, тун бўйи ул тоат этди,
Намозу тоатин ҳар соат этди.
 
 
Дуою зорини бисёр этиб ул,
Тазарру айлаб, истиғфор этиб ул,
 
 
Қилиб одоби суннатга риоят,
Ўзини яхши кўрсатди бағоят.
 
 
Етишди субҳи содиқ, тонг ёришди,
Шафақранг шуъласи масжидга тушди.
 
 
Очиб кўз, боқди ул атрофга уйғоқ,
Чу кўрди, ит эди бир четда ухлоқ.
 
 
1560     Тушиб жонига ўт, жисмини ёқди,
Кўзидин қатра-қатра ёши оқди.
 
 
Хижолат оташида ёнди жони,
Дили ўртанди, чун куйди забони.
 
 
Деди: эй беадаб, ул Тангрийи тоқ,
Адаб берди сенга ит бирла мундоқ.
 
 
Чу ит деб мунча чекдинг нолаю зор
Худо деб бир кеча бўлдингми бедор?
 
 
Қачон, айт, қай кеча сен айлаб ихлос,
Ибодат айладинг баҳри Худо хос?
 
 
1565     Ўшал итдан магар афзалмидирсен?
Қара, ит қайдаю сен қайдадирсен?
 
 
Бошинг чиқмайди ҳеч макру риёдин,
Мунофиқсен, уялмайсан Худодин.
 
 
Ародин парда кетса можарода,
Худойингга не дерсан ул арода?..
 
 
Нечук тубанда эрконимни билдим,
Ўзимдин бир йўла уздим умидим.
 
 
Қўлимдин келмагай инсонга мос иш,
Агар келса, келур итларга хос иш.
 
 
1570     Нечун шайтон ила ҳамхонадирсен?
Балойи нафс ила ҳайронадирсен.
 
 
Бу шайтон ошиёнидин кўнгил уз,
Зулм зиндони бу, ондин кўнгил уз.
 
 
Не истарсен шу Дажжол хайли ҳар он
Қилурлар ўзни чун Маҳдий намоён.
 
 
Сенга ёв дўсту ёрон ичрадир ул,
Тиканлар боғу бўстон ичрадир ул.
 
 
Чу Маҳдий юзли Дажжол кам эмасдир,
Ки Дажжолдек ғурури бирла мастдир.
 
 
1575     У Дажжол ортидин юрдинг, не бўлди?
Насиҳатга қулоқ солсанг-чи энди.
 
 
Ва бул охир замонда қўйса ҳар ким
У Дажжол ортидин гар етти одим,
 
 
Чунон нақл айламишдир маҳрами роз,
У Дажжол домидин айрилмагай боз.
 
 
Ҳамиша унга эргашгай, ҳамма ҳол,
Бўлур ул то абад ҳаммоли Дажжол.
 
 
Кишиким, дин йўлида урмагай гом,
Борур Дажжол изидин хору ноком.
 
 
1580     Киши етмиш йил айлаб макру талбис,
Ажабким, йўл босар, пешвоси Иблис.
 
 
Кишиким, бўйлаким дажжоли эрмиш,
Нечук ҳоли, нечук аҳволи эрмиш?
 
 
Сени домига тортмиш деви маккор,
Яна дунёйи дун, нафси ситамкор.
 
 
Кишиким, бўйладир дажжоли саркаш,
Қолур доғу аламлар ичра яккаш.
 
 
Басе Маҳдийдилу покиза рафтор,
Эмишлар деви дунёга гирифтор.
 
 
1585     Басо қон тўкди дажжоли лаин ул,
Йўқ, ўн беш кун эмас, ўнларча минг йил…
 
ҲАЗРАТИ ИСОНИНГ ДУНЁ БИЛАН МУНОЗАРАСИ
 
Масиҳо гарчи юксалмиш эди у,
Анга дийдори дунё эрди орзу.
 
 
Бораркан бир куни чун ғарқайи нур6363
  Ғарқайи нур – нурга ғарқ бўлиб.


[Закрыть]
,
Йўлиқди йўлда бир афтода кампир.
 
 
Сочи оппоқ, бели букчаймиш эрди,
Очилган оғзида тиш қолмамишди.
 
 
Кўзи кўк, юзлари қоп-қора, чиркин,
Нажосат бурқисиб анқирди андин.
 
 
1590     Ёпинган тўнида юз ранги анво,
Дилида кин, бошида макру ғавғо.
 
 
Бўялмиш юз бўёққа бир қўли, бас,
Вале ул бир қўли қонларга пайваст.
 
 
Магар ҳар мўйи минқори уқоб ул6464
  Минқори уқоб – бургутнинг тумшуғи.


[Закрыть]
,
Юзига тортмиш эрди бир ниқоб ул…
 
 
Исо кўрди уни, сўрдики, эй зол,
Гапир, кимсен? Хунуксен, телба аҳвол!
 
 
Деди зол: одилу ҳақгўй эмишдинг,
Мени кўрмакни орзу айламишдинг…
 
 
1595     Масиҳо дедиким, дунёйи дунсен,
Дедиким, балли, улмен, сен нечуксен?
 
 
Деди: тўнинг бўятмишсен не боис?
Юзингга парда тортмишсен не боис?
 
 
Деди: парда юзимга тортадурмен,
Сабабким, кўрмасин бир кимса дерман.
 
 
Юзимни кўрса кимса, турмас эрди,
Меним-ла бир нафас ўлтирмас эрди.
 
 
Тўнимни ранг-баранг этдим бу янглиғ,
Ки андин элни гангитдим бу янглиғ.
 
 
1600     Кўриб рангин тўнимни чору ночор,
Бўлурлар жумла эл менга харидор.
 
 
Масиҳо сўрди: эй зиндони мудҳиш,
Нечун ул бир қўлинг қонларга ботмиш?
 
 
Жавоб бердики, эй садри ягона,
Басе эр ўлдирибмен ҳар замона.
 
 
Масиҳо сўрдиким, эй золи дунё,
Нечун ул бир қўлингга бердинг оро?
 
 
Жавоб бердики, мен шавҳар фирибман6565
  Шавҳар фириб – эрини алдовчи.


[Закрыть]
,
Қўлимга ул сабаб оро берибман.
 
 
1605     Масиҳо деди: ўлдирдинг жаҳонни,
Сира раҳм айламасдин, мунча жонни.
 
 
Дедиким, не эмиш раҳм айламак ул?
Тўкармен барчанинг қонин, ишим шул.
 
 
Масиҳо дедиким, эй золу бадбахт,
Не бўлғай этсанг озроқ раҳму шафқат?
 
 
Деди: шафқат сўзин кўп тингладим мен,
Ва лекин раҳму шафқат қилмадим мен.
 
 
Жаҳонда айланурмен ҳар нафас, ҳай,
Ки ул аҳли жаҳон домимга тушгай.
 
 
1610     Томоқдин олгучи, хапгир эрурмен6666
  Хапгир – писиб келиб, ташланувчи ит.


[Закрыть]
,
Муридимга муносиб пир эрурмен…
 
 
Масиҳо қолди ҳайрат ичра бир дам,
Деди: менга керакмас бўйла ҳамдам…
 
 
Кўринг бу неча нодон, бехабарни,
Ки истарлар шу золи дарбадарни.
 
 
Ажабким, ибрат олмаслар балодин,
Қочарлар барча таслиму ризодин.
 
 
Дариғо, халқ бу маънони кўрмас,
Диёнатдин кечиб, дунёни кўрмас.
 
 
1615     Неча сўз сўйлади ул поку маъсум,
Дедиким, воз кечинг, дунё эрур шум.
 
 
Ўлакса, лош эрур дунёйи ғаддор,
Сен эрсанг ит каби машғули мурдор.
 
 
Иту лош бирла бундоқ банд эрурсен,
Улардин юз карат тубан эрурсен.
 
 
Агар лош ейди ит, тўймайди асло,
Сенинг ҳам истагинг шу лоши дунё.
 
 
Оч-офат итни бойла, топ нажотинг,
Йўқ эрса, қайғу, ҳасратдир ҳаётинг…
 
БИР РОҲИБ ИЛА ШАЙХ АБУЛҚОСИМ ҲАМАДОНИЙ ҲИКОЯТИ
 
1620     Бор эрди роҳиб, ул қурди калисо,
Бекитди эшигин, очди дарича.
 
 
Кейин унда риёзатлар чекиб ул,
Ибодат бирла ҳар дам бўлди машғул.
 
 
Абулқосим кечаркан йўл босиб чун,
Калисо теграсин айланди бир кун.
 
 
Чақирди, ҳар тарафдин берди овоз,
Ва лекин чиқмади бир кимса пешвоз.
 
 
Басе қичқирди шайх чун жону тандин,
Чиқазди бошини роҳиб баланддин.
 
 
1625     Деди: эй тентираб юрган бошоғриғ,
Нега тинчимни бузгайсен бу янглиғ?
 
 
Не истарсен, не эрмиш хоҳишинг ул?
Анга шайх дедиким, бас, истагим шул,
 
 
Аён эт менга, нелар айлагайсен?
Бу даргоҳда нечук иш бирла бандсен?
 
 
Очиб лаб сўзга роҳиб деди: эй пир,
Нечук иш бунда? Сен бу гапни қўйгил.
 
 
Чу ит кўрдимки, кўп ҳургувчи эрди,
Шаҳар атрофида юргувчи эрди.
 
 
1630     Қамаб, шул жойга маҳбус этдим охир,
Бекитдим қопқа, мадрус этдим охир6767
  Мадрус этдим – қаритдим маъносида.


[Закрыть]
.
 
 
Жаҳон халқи-ла чекдим баски ташвиш,
Бугун шул дайр аро бошимда шул иш.
 
 
Хотин, фарзандларим тарк айладим мен,
Шу зиндонда итимни бойладим мен…
 
 
Итингни бойла, тентиб юрмасин ул,
Бориб, ҳар кимсага суйканмасин ул.
 
 
Итингни бойла, эркин қўйма асло,
Ки эрта бўлмагай масхинг баногоҳ6868
  Масх – инсоннинг бир шаклдан чиқиб, иккинчи шаклга кириши.


[Закрыть]
.
 
 
1635     Деди сўргувчига Паямбари дин:
Менинг умматларим масхи – кўнгилдин…
 
 
Кўнгилни нафсга қурбон айладинг, хор,
Ҳали олдинда кўп қурбонларинг бор.
 
 
Сени Афросиёби нафс ногоҳ
Тутар, Бижандек айлар маҳбуси чоҳ.
 
 
Келиб ул деви Экван, телба, бебош
Ўшал чоҳ узра қўйгай каттакон тош.
 
 
Не тошким, шу жаҳоннинг эрлари, бас,
Азим қудрат-ла жиндек қўзғатолмас.
 
 
1640     Сенга бу йўлда бир ўктам керакдир,
Шу тошни сургувчи Рустам керакдир.
 
 
Сени то чоҳи зулмонийдин олсин,
Ва хилватгоҳи руҳонийга солсин.
 
 
Қучиб руҳингни туроний табиат,
Очиб юз сўнгра эроний шариат,
 
 
Руҳинг Кайхусравига бошласин йўл,
Ва, ич, деб сенга тутсин жоми Жам ул.
 
 
Унинг ҳар қатраси жонбахшу жовид,
Чарақлар, нур сочар, андоқки хуршид.
 
 
1645     Бу йўлда сенга Рустам пир эмишдир,
Унинг тулпори шай, ҳозир эмишдир.
 
 
Буюклар бирла тур, ўлтир дамо-дам,
Келур андин сенинг дардингга малҳам.
 
 
Бировким содиқи пир бўлгусидир,
Ҳамма нуқсони тавфир бўлгусидир6969
  Ҳамма айби, нуқсони фазилатга айланади.


[Закрыть]
.
 
 
Сен эрсанг, пир эмассен, на муридсен,
Гаҳи бир Боязид, гоҳи Язидсен.
 
 
Бу янглиғ икки бурж ичра турарсен,
Ва токай дину куфр ичра юрарсен?
 
 
1650     На марди ҳирқаву на марди зуннор,
На унга сидқ, на бунга тоқатинг бор.
 
 
Мусулмонлик била ҳажру фироқсен
Ва тарсоликданам айру, йироқсен…
 
БИР НАСРОНИЙНИНГ МУСУЛМОН БЎЛГАНИ ҲИКОЯТИ
 
Мусулмон бўлди тарсо, яйради дил,
Вале иккинчи кун ичди шароб ул.
 
 
Аноси кўрди сархуш, чекди қайғу,
Дедиким, эй ўғил, не қилганинг бу?
 
 
Исо озурдадир сендин, араздир,
Муҳаммад ҳам боқиб, хушнуд эмасдир…
 
 
1655     Муханнасвор юриш бу яхши эрмас,
Магар ҳар кимса ҳам бу йўлда эрмас.
 
 
Динингда устувор бўл, этма пастлик,
Бу номардликдин авло бутпарастлик…
 
ҲАЗРАТИ УМАР ВА ТАВРОТ ҲИКОЯТИ
 
Умар олмиш эди Тавротни қўлга,
Паямбар кўрдию сўз қотди унга.
 
 
Ки Таврот бирла сен ўйнашма мунча,
Ўзинг буткул яҳудий бўлмагунча…
 
 
Ўшал буткул яҳудий гарчи ноком,
Вале андин ёмонроқ мўмини хом7070
  Мўмини хом – ғўр, чала мусулмон.


[Закрыть]
.
 
 
1660     Жуҳуд бўл, лек мулаввас бўлмагил сен7171
  Мулаввас – булғанган.


[Закрыть]
,
Динингда комил эрсанг, танти эрсен.
 
 
Ул эрмассен, бул эрмас, бу ҳаромдир,
Ки динда нотамомлик нотамомдир7272
  Нотамом – айб, нуқсон маъносида.


[Закрыть]
.
 
 
Ҳамиша дину куфр ичра мароминг,
Ўзинг айт, не эмиш тутган мақоминг?
 
КЎПРИК ҚУРГАН МАЖУСИЙ ҲИКОЯТИ
 
Бор эрди бир мажусий, пир эди ул,
Мажусийликда комил эрди буткул.
 
 
У кўприк қурди, бас, харж этди пулни,
Равон этди мусофирларга йўлни.
 
 
1665     Магар султони дин Маҳмуд юриб чун
Ўшал кўприк бошига етди бир кун.
 
 
Боқиб, сув узра ул кўприкни кўрди,
Пишиқ кўприк, керак ўрнида эрди.
 
 
Дедиким, бу баланд бир ҳиммат эрмиш,
Ким ул, бундоқ азим кўприкни қурмиш?
 
 
Дедилар: бир мажусий, исмидир Пир,
Туриб шу ерда султон тикди чодир.
 
 
Чақиртди, деди: эй, сен гарчи Пирсен,
Диёнат аҳлига душман эрурсен.
 
 
1670     Шу кўприкни қуришга қанча олтин
Бериб сен, айт уни ва мендин олгин.
 
 
Мажусийсенки, жонинг бедуруддир,
Шу боис сенга кўприкдин не суддир?
 
 
Пул олмай, эътироз этсанг-чи менга,
Қутулмайсен, қутулмоқ қайда сенга?
 
 
Очиб лаб сўзга габрий ошкора,
Деди: майлига, этгил пора-пора.
 
 
На сотгаймен, на олгаймен пулинг, шоҳ,
Уни диним учун қурганмен, илло…
 
 
1675     Эшитди, шоҳ уни зиндонга солди,
Чу бермай нону сув, қийноққа олди.
 
 
Ки ошди ҳаддидин ранжи, азоби,
Дили қонларга тўлди, битди тоби.
 
 
Юборди шоҳга мактуб: тур оёққа,
Ҳамон отингга мин, юргил бу ёққа.
 
 
Сенинг-ла келсин устойи киром ул
Ва кўприк қийматин айтсин тамом ул…
 
 
Севинди муждадин шоҳи замона,
Туриб, кўприк сари бўлди равона.
 
 
1680     Боқиб, шоҳ кўрдиким, халқ эрди бисёр,
Ва кўприк устида ул габри ҳушёр.
 
 
Лаб очди сўзга, деди: эй шаҳаншоҳ,
Бу кўприк қийматин сўргил шу асно.
 
 
Шу кўприк бошида айлаб ҳисобим,
Шу кўприк устида бергум жавобим…
 
 
Мана, кўприк баҳоси, шоҳи олам!
Деди-да, ўзни сувга отди илдам.
 
 
Ҳамон ғарқ бўлди шўрлик, кетди пинҳон,
Шу янглиғ жону танни этди қурбон.
 
 
1685     Тану жон тикди, диндан бурмади юз,
Азиз эрдики, андин бурмади юз.
 
 
Чу ўзни этди ғарқ оташпараст ул,
Динимга етмагай деб бир шикаст ул…
 
 
Вале сен бир мусулмонсанки андоқ,
Сувинг бошингдин ошмиш, тоқатинг тоқ.
 
 
Агар габрийда бундоқ сидқ ила фан,
Мусулмонликни, бор, габрийдин ўрган.
 
 
Нечук Ҳақ олдига боргуси банда,
Синиқ мис эрса пул, нақдина унда?
 
 
1690     Қиёматга асл нақдина лозим,
Сени ноқиб кутар, тошу тарозу.
 
 
Танингдин чиқса жонинг, Ҳаққа ул чоғ,
Тутарсен бут тўла кўнглингни қандоқ?
 
 
Уларни парчала, от, шафқат этма,
Ки дўст даргоҳига бутхона элтма.
 
 
Оёғи гар увушган эрса, ул, бас,
Нечук минбарга чиққай, йўқ, чиқолмас.
 
 
Карахт эрса, увушган эрса кўнгил,
Нечук Ҳақ олдига боргай, фикр қил.
 
 
1695     Бировким бир нафас бедор эмишдир,
Ўшал бир дам анга бисёр эмишдир.
 
 
Яшаб ғафлат аро умри узун сен,
Магар кўрдингми бедорлик юзин сен?
 
 
Агар уйқуга бундоқ толса кимдир,
Кўз очса, унга бедорлик ўлимдир.
 
 
Ўзинг е ўз ғамингни, бўлма ғофил,
Биров ерми ғамингни, ўйла, охир.
 
 
Юкингни торт ўзинг, тин олма зинҳор,
Адо эт ўз ишингни, ҳар нечук бор.
 
 
1700     Биров дастёр бўлиб корингни этмас,
Ва ё ҳаммол бўлиб, борингни элтмас7373
  Бор – юк.


[Закрыть]
.
 
БИР ДАРВЕШНИНГ ЖАЪФАРИ СОДИҚДАН САВОЛ СЎРАГАНИ
 
Чу дарвеш бир куни ҳол ичра эрди,
У кўрди Жаъфари Содиқни, сўрди:
 
 
Нечун сен кеча-кундуз иш билан банд?
Жавоб берди анга поку хирадманд:
 
 
Этолмас бир киши коримни мендек,
Еёлмас бир киши ризқимни ҳам лек.
 
 
Ўзим айлай адо, ҳар неки лозим,
Дедим-да, бори танбалликни қўйдим.
 
 
1705     Келур ризқим менинг субҳу азалдин,
Қутулдим бир йўла ҳирсу кадардин.
 
 
Ўлим келгай менга, қўйгай у кимни?
Кўрибмен унга ҳам ҳозирлигимни.
 
 
Жаҳонда топмадим мардум вафосин,
Ҳамиша изладим Ҳақнинг ризосин.
 
 
Ва шундан бошқасин гар ўйладим мен,
Агарчи ўйладим, тарк айладим мен…
 
 
Ўзингга билмадим келгаймисен ҳеч?
Паришонликни тарк қилгаймисен ҳеч?
 
 
1710     Тилардик уч тарафни сен билан мен,
Сен энди тўрт тарафни истаюрсен.
 
 
Кел энди, Каъба янглиғ бир жиҳат бўл,
Не ҳожат сенга бўлмоқ каъбатайн ул?7474
  Каъбатайн – икки Каъба.


[Закрыть]

 
 
Жаҳонга келмадинг ўйнаб, кулиш-чун,
Келибсен бу жаҳонга юксалиш-чун.
 
 
Умрни елга берма, этма зое,
Зиён айлаб, бу йўлни ўтма зое.
 
 
Магар биласмисен тонг тунни ўртар,
Сени ухлоқ кўриб, ёқангни йиртар.
 
 
1715     Ва андин, қўрқамен, бедор бўлурсен,
Кийимсиз, қип-яланғоч, хор бўлурсен.
 
 
Ўйиндир ҳар ишинг чун лўттибозлик,
Намоз эрмас намозинг, бенамозлик.
 
 
Ани ғафлат аро чун айлагайсен,
Анга бир бурда нон ҳам олмагайсен…
 
БИР БУРДА НОНГА АРЗИМАГАН НАМОЗ ҲИКОЯТИ
 
Бор эрди жинни, бир соҳиб маломат,
Чу андин сўрдилар: келса қиёмат.
 
 
Биров ўн йилда этган бор намозин
Сотармен, деб агар қўйса овозин.
 
 
1720     Намозин олмагайлар бурда нонга,
Гар ул овоза солгай тўрт томонга…
 
 
Деди Мажнун: анинг кори абасдир,
Намози бурда нонга арзимасдир.
 
 
Агарда арзиса, сотгайди албат,
Йўқ эрди қичқириб юрмоққа ҳожат…
 
 
Мажозий юзта иш этсанг адо, ҳай,
Намоз пайтида ул ёдингга тушгай.
 
 
Намозинг эрса гар бундоқ мажозлик,
Намоз деб айтмагил, у бенамозлик.
 
БИР ДЕВОНАНИНГ ЖУМА НАМОЗИГА БОРГАНИ
 
1725     Эди девона бир, чун аҳли роз ул,
Мудом айлар эди танҳо намоз ул.
 
 
Биров этгач анга баским шафоат,
Келиб ул жумага, бўлди жамоат.
 
 
Имом такбир учун юксалтди овоз,
Бўкирди шул замон девона рўй-рост.
 
 
Намоздин сўнг биров, соҳиб тазарру
Дедиким, ҳай, Худодин қўрқмадингму?
 
 
Бўкирдинг молга ўхшаб, билмайин чек,
Чу кесса арзигай бошингни шамдек…
 
 
1730     Деди жинни: имомим раҳнамодир,
Имомга иқтидо этмоқ раводир.
 
 
Ўқиб алҳамд, харид этди ҳўкиз ул,
Чу мен ҳам мўрадим, бас, бўлгани шул.
 
 
Ҳар ишда пешравим ул, раҳбари тоқ,
У не этса, манам этгаймен андоқ…
 
 
Биров шунда хатиб олдига борди,
Не эрди ҳолати ул дамда, сўрди.
 
 
Хатиб айтдики, такбир айтганим чоғ
Кўринди кўзларимга она қишлоқ.
 
 
1735     Чу алҳамд айтдиму кўрдим қаро мен,
Ҳўкизлар илғадим қишлоқ аро мен.
 
 
Харид этмоққа тушдим мен ҳўкиз, бас,
Шу онда ул бўкирди, берди бир сас…
 

ОЛТИНЧИ МАҚОЛА

ЎҒИЛНИНГ АЙТГАНЛАРИ
 
Ўғил дедики, мардум бор эмишлар,
Ҳамма ўз майлига дил бойламишлар.
 
 
Қадам босгай ҳаво айлаб чу кимса,
Қадамни бериё босгайму кимса?
 
 
Бугун айёми нафсдир, нафс замони,
Кўнгил бормийки, унга бўлса моне?
 
 
1740     Манам ҳою ҳавасга бойлабон дил,
Югурсам, сеҳру жоду этсам ҳосил.
 
 
Кейин этсам тазарру эртаю кеч,
Не бўлгай, эй отам, бўлмас зиён ҳеч…
 
ОТАСИНИНГ ЖАВОБ БЕРГАНИ
 
Атоси дедики, эй ўзга мағрур,
Ҳақиқат сирлари сендин йироқдур.
 
 
Умрни зое этма, сочмагил сен,
Ўтарсен, бу жаҳонда қолмагайсен.
 
 
Ҳавасдир сенга ул Бобул деган юрт,
Сеҳр устозлари Ҳоруту Морут.
 
 
1745     Неча минг йилки ул икки малак хор,
Нигунсордир қудуқда, ташнайи зор7575
  Нигунсор – оёғидан осилган.


[Закрыть]
.
 
 
Улар бирлан ўшал сув ўртаси то,
Кўп эрмас, бир қаричдир, эй дариғо.
 
 
Эрурлар қатра сувга баски чанқоқ,
Мададкорлик қилурлар сенга қандоқ?
 
 
Чу устод эрса бу янглиғ паришон,
Билим олмоққа шогирдга не имкон?
 
 
Бугун жону дилинг шайтони ғашда,
Чу эрта бўлмагайдирсен фаришта.
 
 
1750     Ажалму ул сени Бобулга тортмиш?
Ҳалокат залварин бўйнингга ортмиш?
 
 
Ажал гар сенга ўтру бўлмас эрди,
Дилингда бўйла орзу бўлмас эрди.
 
АЗРОИЛ ИЛА ҲАЗРАТИ СУЛАЙМОН ҲИКОЯТИ
 
Сулаймон эрди чун тахт узра бир кез,
Қошига келди Азроили жонсўз.
 
 
Ки унда ҳозир эрди бир йигит ҳам,
Фаришта тикди унга кўзни бир дам.
 
 
Тикиб кўз, бир нафас жумбоққа тушди,
Йигит қўрқув босиб, титроққа тушди.
 
 
1755     Сулаймон сори юзланди ҳамон зуд,
Деди: амр эт булутга шул замон зуд.
 
 
Мени бундан олиб, олисга элтсин,
Кўнгилдин шум ажалнинг ваҳми кетсин.
 
 
Булутга шоҳ Сулаймон амрин этди,
Булут бўйсунди, Ҳиндистонга элтди.
 
 
Кун ўтди, боқки Азроил баногоҳ
Сулаймон олдида боз бўлди пайдо.
 
 
Сулаймон сўрди: эй қаттоли жонсўз,
Йигитга не учун сен ташладинг кўз?
 
 
1760     Жавобин берди Азроил шу асно:
Ки бўйла бўлди менга амри даргоҳ.
 
 
Етар уч кунда ул манзилга, боргил,
Бориб, жонини Ҳиндистонда олгил.
 
 
Чу кўрдим, бунда эрмишди, дедим: хай,
Нечук уч кунда ул манзилга етгай?
 
 
Булут элтди уни, ҳайратда қолдим,
Бориб, жонини Ҳиндистонда олдим…
 
 
Сенга ушбу ҳикоят ҳасби ҳолдир,
Азал ҳукм этса, қочмоғинг маҳолдир.
 
 
1765     Бўлур ҳар нарсаким, гар тақдир эрмиш,
Йўқ эрса, чора йўқ, не тадбир эрмиш?
 
 
Чу қўймиш нуқтасин тақдири аввал,
Назар сол, бўлмагил бу ишда аҳвал7676
  Аҳвал – ғилай.


[Закрыть]
.
 
 
Унинг кори сенинг коринг эмасдир,
Агар гул очса, сенга хору хасдир.
 
 
Бир эрмас, икки дер ҳар ерда мушрик,
Бало бизга ҳамиша сену менлик.
 
 
Ародан гар йўқолса иккилик рост,
Келур бирлик, кўрингай бизга рўй-рост.
 
 
1770     Қўлинг бойлашди, борму бунга тадбир?
Қўлинг боғлиқ эса, нетгайсен охир?
 
 
Чекарлар дарди динни аҳли хоси,
Сен эрсанг сеҳру жоду мубталоси.
 
 
Ҳамма ажзойи олам бўйладирлар,
Тикиб бошларни, майдон ичрадирлар.
 
 
Бирор зум дарди дин чекдингми? Асло!
Ишинг бекорчилик, йўқ бошқа савдо.
 
 
Агар бир зарра дардинг бўлса, унда
Маишат орзуси бўлмасди сенда.
 
 
1775     Танингда чекмагунча заҳми тиғни,
Не билгайсен у дарду во дариғни…
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации