Текст книги "Танланган асарлар: 1-жилд"
Автор книги: Ўткир Ҳошимов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 28 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
Муқаддам Анварга бир қараб қўйди-да, энгашиб, ҳовучлаб сув олганча оёғини юва бошлади. Анварнинг юраги боягидан ҳам қаттиқроқ гупиллаб уриб кетди. Қулоқларигача ловиллаб юзини ўгирди.
– Бу ерда чўмилса бўладими?
Анвар ҳайрон бўлиб қаради. Муқаддам унга қарамасдан иккинчи оёғини ювар эди. Анвар муздек сувни ҳис қилиб, эти жунжикиб кетди.
– Совуқ-ку ҳозир…
– Совуқмас пайтда-чи?
– Бўлади. – Анвар сув тагида силкиниб турган хазонлардан кўз узмай жилмайди. – Бу ерда кўп чўмилганман… Болалигим шу ерда ўтган…
Икковлари ҳам жимиб қолишди.
Анҳор юзи секин-секин қорая бошлади. Қаердадир чигиртка чириллади. Анҳор бир шовуллаб, яна жимиб қолди. Анвар Муқаддамга бурилиб қаради. У тиззаларини қучоқлаб олганча нариги соҳилга тикилиб ўтирар, Анвар унинг нималарни ўйлаётганини билмаса ҳам чуқур хаёлга толганини ҳис этди. Муқаддам унинг қараб ўтирганини сезди шекилли, секин сўради:
– Алимардон билан бирга ўсганмисизлар?
Анвар ўша беғубор хотираларни эслаб жилмайди.
– Иккаламиз шу ерларда сигир боқардик, – у бирдан кулиб юборди, – Алимардон ўшанда ҳам шайтон эди… Бир марта анҳорнинг нариги бетидаги Собир чўлоқнинг полизига қовун ўғирликка тушганимизда мени роса дўппослатган… Мен чайла яқинига бориб Собир чўлоқни пойлаб турдим. Агар уйғониб қолса ҳуштак чалишим керак эди. Алимардон ҳам қовунни олиб чиққанидан кейин ҳуштак чалиб мени чақирмоқчи эди. – Анвар Муқаддамга қараб кулиб қўйди. – Ҳали ўтирибман, ҳали ўтирибман Алимардоннинг ҳуштагидан дарак йўқ. Бир маҳал биров елкамдан маҳкам ушлаб, тарсаки қўйиб юборса бўладими. Собир чўлоқнинг уйғонганини билмай қолибман… Уйга келсам, Алимардон аллақачон қовунга тўйиб, ухлаб ётибди. Ишини битириб, индамай кетаверган экан.
Муқаддам елкаларини силкитиб қаҳ-қаҳ уриб кулди.
– Сиз ўшанда ҳам бўшгина экансиз-да…
Анвар ювош жилмайди.
– Ким билсин…
Аста-секин оқшом қўна бошлади. Тол шохлари соядай қорайиб қолди. Шабада турди. Япроқлар дув тўкилиб, сув юзига чипиллаб туша бошлади.
– Дадам ўлганидан кейин биз шаҳар ҳовлига кўчиб кетдик, – деди Анвар ўйчан овозда. – Шунда ҳам мен ўнинчини битиргунча Бўстондан кетмадим. Мактабни битираётганда одам бошқача бўлади-ку… Мен шоирликни орзу қилгандим.
– Шоир бўлолмадингиз! – Муқаддам кулги тўла овозда унинг гапини кесди. Кейин юпатди: – Майли, журналист бўлдингиз-ку!
– Ким билсин ҳали… Ишни энди бошладик-ку! – У яна дўстини эслади. – Алимардон консерваторияни яхши битирди. Кўрасиз, ундан яхши бастакор, яхши артист чиқади…
Икковлари тағин жимиб қолишди. Муқаддам бемалол ўтирар, кетгиси келмаётганга ўхшар эди. Анвар кеч бўлиб кетаётганини кўриб ийманар, бу йўл камқатнов бўлса ҳам биров ўтиб қолишидан, “Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар?” – дейишидан истиҳола қиларди. Атрофни ғира-шира қоронғилик ўради. Сув юзига илк юлдузлар шўнғиди.
– Кетамизми? – деди Анвар ўрнидан туриб. – Қаранг, қоронғи тушиб кетди.
У Муқаддамни қўлидан ушлаб, лопиллаб турган яккачўпдан эҳтиёт билан олиб ўтди.
– Катта анҳор экан… – Муқаддам қирғоққа чиқиб енгил нафас олди. – Оти нима?
– Қонқус… – деди Анвар йўл бошлар экан.
Муқаддам таққа тўхтаб қолди.
– Қонқус?!
Анвар унинг орқада қолиб кетганини овозидан пайқади-ю, ўгирилиб қаради. Муқаддам беш-олти қадам орқада турар, қоронғиликда гавдаси элас-элас кўринарди.
Анвар қайтиб келиб шивирлади:
– Юринг! – Бир неча қадам босгандан кейин тушунтирди. – Эски ном-да…
Муқаддам оппоқ сўқмоқдан авайлаб қадам ташлаб бораракан, яна сўради:
– Нега унақа?
– Ҳар хил гаплар бор, – Анвар унга қараб қўйди. – Биттаси менга айниқса ёқади… Бир вақтлари бу ердан катта дарё ўтган, дейишади. Дарё бўйида шаҳар бор экан… Бир куни шаҳарга душман ҳужум қилиб қолибди. Шаҳар одамлари дарёнинг кўпригини бузиб ташлашибди… – У яна Муқаддамга бурилиб қаради. – Дарёнинг кечув жойи бор экан-у, уни шу шаҳардаги икки йигитдан бошқа ҳеч ким билмас экан. Иккала дўст битта қизни яхши кўришар экан.
Қамал бўлмасидан бир ҳафта илгари қиз йигитлардан бирига – ўз севганига теккан экан. Иккинчи йигит дўстидан қандай қилиб бўлмасин қасос олишга, қизни қўлга киритишга қасам ичган экан. Душман шаҳарни ўраб олиши билан ўша йигит хоинлик қилибди. Дарёдан сузиб ўтиб, душман саркардасига сирни айтибди: “Агар сен рақибимни ўлдириб севгилимни менга топширишга ваъда берсанг, йўлни кўрасатаман”, – дебди. Саркарда рози бўлибди. Душманлар кечувдан ўтиб, шаҳарни босиб олишибди. Қизнинг севгилиси урушда ўлибди. Саркарда хоинни чақириб, май тутибди. “Хизмат ҳақингни ол”, – дебди. Хоин май ичиб, охирги тилагини айтибди: “Мен сенинг буйруғингни бажардим. Энди сен ҳам менинг шартимни бажар. Одамларингга айт, севгилимни олиб келишсин”. Саркарда кулиб юборибди. “Севгилингни кўриш сенга насиб қилмайди, ҳозир ичганинг май эмас, заҳар! ўз дўстига хиёнат қилган одам менга дўст бўлолмайди. Сен қон қусиб ўласан!” – дебди. Хоин чиндан ҳам қон қусиб ўлибди.
Анвар жимиб қолди. Унинг қадам товушлари сўқмоқ устида текис гурсиллай бошлади.
– Қиз-чи, қиз нима бўпти?
Анвар Муқаддамнинг овозини эшитиб бурилиб қаради-ю, унинг ваҳимада катта-катта очилиб турган кўзларини қоронғиликда аниқ кўрди.
– Севгилисининг ўлганини эшитган замони ўзини дарёга ташлаган экан.
Муқаддам қўрқув тўла кўзларини терак бўйи пастликда жимгина оқаётган анҳорнинг қоп-қора сувларига тикди.
– Тезроқ юрайлик…
– Майли. Мен ҳам тезроқ қайтишим керак… Алимардон хуноб бўлиб ўтиргандир.
* * *
Алимардон уйғонди-ю, ўзидан бир неча қадам нарида турган қизни кўрди. Қиз бош яланг, сочлари турмакланган, оппоқ халат кийган эди. У катак-катак дастурхон ёпилган стол устида биқирлаб қайнаётган ялтироқ стерилизатордан пинцет билан игналарни авайлаб олар, совутиш учун бўлса керак, бир чеккага қўяр эди. Қиз ёнламаси тургани учун Алимардон унинг чеҳрасини яхши кўролмас, аммо деразадан ёғилаётган тонг нурида қирра бурни, силлиқ, хушбичим юзининг бир томони, майин тукли лаблари аниқ кўринарди.
“Муқаддам, – деб ўйлади у қиздан кўз узмай. – Анварнинг куйиб юрганича бор экан”.
У кўп қизларни кўрган, аммо бунақа жозибадор қизни учратмаганди. Юраги гупиллаб ура бошлаганини сезиб, бошини кўтарди. Қиз каравот ғичирлаганини эшитиб, бурилди.
– Уйғондингизми? – Қиз жилмайганида узун, қайрилма киприклари туташиб яна ҳам чиройли бўлиб кетди.
“Фариштадай экан…” – Алимардон ҳам беихтиёр жилмайди.
– Сиз Муқаддамхонсиз-а? – у яна нимадир дейиш кераклигини ўйлаб сўради. – Анвар кетдими?
– Мен келсам, кетган эканлар, – деди Муқаддам яна шприцларни олиб. – Ишга етган бўлсалар керак…
“Келганига анча бўлган экан-да…” – Алимардон нима учун қувонаётганини ўзи билмаса ҳам қиздан кўз узолмай қолди.
Муқаддам флакондаги дорини шприцга тортиб олди-да игнасини юқори кўтарди. Игна учидан тизиллаб дори отилди.
– Билагингизни чиқаринг… – деди у Алимардонга қарамай.
Алимардон унинг уялаётганини сезиб турарди.
– Қўрқаман-да, – у атайлаб кўрпага бурканиб олди. Кўрпа тагидан мўралаб қаради-ю, Муқаддамнинг қизариб кетганини, ўзини жиддий тутишга уринаётганини пайқади.
– Бўлинг! – Муқаддам ҳамон игна учидан отилаётган доридан кўз узмай, қуруққина буюрди. – Чанг қўнса, шприцларни бошқатдан қайнатишга тўғри келади.
Алимардон ҳамон ундан кўз узмай, кўйлагининг енгини шимарди.
– Ўлиб қолсам, ўзингиз жавоб берасиз!
У уколнинг оғриғини сезмади ҳам. Тепасида энгашиб турган Муқаддамга тикилиб ётаверди.
Муқаддам авайлаб дори юборар, қўллари билинар-билинмас титрар, Алимардоннинг эмас, ўзининг жони оғриётгандай лабининг бир бурчини қимтиб турарди. Алимардон унинг оппоқ юзидан кўз узолмас, халатининг очиқ ёқасидан кўринаётган бўйнидаги холи ҳам, кундуздай қошлари ҳам юрагини ўртар эди.
– Мана, бўлди. – Муқаддам игна ўрнини спиртли пахта билан артиб жилмайди. – Шунга қўрқиб ўтирибсиз....
У секин-секин стол олдига юриб борди-да, игнани чиқариб стерилизатор қопқоғига ташлади.
Алимардон унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатар, мияси ғувиллаб кетган, чалкаш туйғулар ичида тўлқинланар эди.
Муқаддам анжомларини йиғиштириб бўлгунича у бир қарорга келди-ю, чақирди:
– Нима қилиб қўйдингиз… – деди ҳаяжондан овози титраб. – Ҳамма ёғим олов бўлиб ёниб кетяпти-ку!
– Нима? – Муқаддам чўчиб ўгирилди. Унинг чеҳрасида қўрқув бор эди.
– Ишонмасангиз пешанамни ушлаб кўринг!
Муқаддам шошилиб келиб унинг пешанасига кафтини босди. У энди гапиришга оғиз жуфтлаган эди, Алимардон бўйнидан маҳкам қучди-ю, силтаб пастга тортди, лабларидан, юзидан ўпа бошлади.
Муқаддам бир лаҳза гангиб қолди. У ўзини йўқотиб қўйган, Алимардоннинг оғушида талпинар, аммо чиқиб кетолмас эди. Қизиқ, шунча ойлардан бери Анвардан кутиб юрган кескин ҳаракатларни Алимардон қилар, бу айёр йигитни уриб юборишини ҳам, индамаслигини ҳам билмасди. Аммо Анвар эслаши билан силтаниб қаддини росладида, Алимардоннинг юзига тарсаки туширди.
– Уятсиз! – У кўз ўнгини тўсган ёш пардасидан ҳеч нимани кўролмай, тусмоллаб стол ёнига борди.
Шоша-пиша стерилизаторни йиғиштираётганида орқа томондан Алимардоннинг бўғиқ овози келди.
– Кечиринг…
Муқаддам ёшли кўзлари билан унга қаради.
Алимардон каравотда маъюс бош эгиб ўтирарди.
– Кечиринг, Муқаддам, – деди у бўғиқ оҳангда. Кейин унга тик қараб туриб таъкидлади: – Мени, ифлослик қиляпти, деманг. Сиз бари бир меники бўласиз!
Муқаддам кўксини тошириб юбораётган йиғидан бўғилиб, ташқарига отилди.
Кўча эшик ғийқиллаб очилиб ёпилганидан кейин, Алимардон ўзини ёстиққа ташлади. Виждонининг туб-тубида енгил бир азоб уйғонди.
“Яхши бўлмади… – У шифтга бир лаҳза тикилиб ётди-да, ўзига тасалли берди. – Нима бўпти?! Қизлар ҳам мард йигитларни яхши кўради. ўша латтадан кам жойим борми?!”
… Шу куни тушда Иқбол хола ош олиб келганда Алимардон у билан совуққина саломлашди. Анварни сўрамади ҳам…
* * *
Муқаддам Анвар акаси билан нурли кўчадан борарди. Салқин сезилиб қолган, олди одамлар ёмғирпўш кийиб олишган эди. Каттакон шаҳар серюлдуз куз осмони тагида чироқларини яшнатиб ётар, йўлкалар у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтаётган кишилар билан гавжум эди. Одамлар ётиш олдидан шаҳар кезишади, чекка-чеккалардаги газсув дўконлари олдида навбат кутиб тўдаланиб туришади. Чор-атроф сайилчиларнинг ғовур-ғувури, трамвай-троллейбусларнинг шовқини билан тўлиб-тошган.
Улар йўловчилар дарёсига қўшилиб жимгина боришар. симёғочлар тагида ўз сояларига етиб олишар, уч-тўрт қадам юришлари билан соя яна олинга ўтиб кетар, келгуси симёғочга яқинлашган сайин орқага чекинар эди.
Меҳмонхона ёнидаги ер ости йўлидан ўтиб, гулзор майдонга чиқишди. Энг чеккадаги скамейкага бориб ўтиришди. Бу ерда ҳамма нарса – баланд-баланд бинолар пештоқидаги афишалар ҳам, шовуллаб отилаётган фаввора ҳам, скамейкалар ҳам камалак нурида товланади. Меҳмонхонанинг еттинчи қаватидаги ресторандан оркестр садоси, мастона қийқириқлар эшитилади. Тошкент ўзининг ташвишию қувончи, нурларию зулмати билан яшайди.
Муқаддам зимдан Анварга қараб қўйди. У фавворадан кўз узмай ўтирар, чеҳраси сув ичида айланаётган нурлар аксида гоҳ қизариб, гоҳ кўкариб кўринарди.
– Алимардонни кўриб турибсизми?
Муқаддамнинг юраги зирқираб кетди. Анварнинг ўзига қарамай гапирганидан шубҳага тушиб, иккиланиб қолди: “Сезибди! Айтайми, йўқми?” У яна бир лаҳза иккиланиб турди-да, ички бир ишонч билан ўзига далда берди: “Билса нима!”
– Ҳа бориб турибман… – У шундай деди-ю, икки юзининг ловиллаб кетганини сезиб, тилини тишлаб қолди.
Анвар ўгирилиб қаради. Унинг кўзларидан ювош табассум бор эди.
– Тузукми?
– Яхши… – Муқаддам елкаларини учириб қўйди. – ўзингиз бормадингизми ҳеч?
– Иш кўпайиб кетди, – деди Анвар чарчоқ оҳангда, – эртадан-кечгача югур-югур… Ҳали бастакор билан учраш, ҳали шеърларни муҳокама қил… Телевизорни кўраверарканмизу томошаларни тайёрлаш қанчалик машаққатли бўлишини билмас эканмиз.
Муқаддам унинг сидқидилдан гапираётганини пайқади.
Йўқ, Анвар қувлик-шумлики билмайди!
У Анваринг ўйчан кўзларига қараб, оҳиста хўрсинди. ўша кундан бери ўзининг кўнглида уйғонган муаммога жавоб топгандек бўлди. “ўзимнинг Анвар акам яхши!” – У хаёлида шундай деди-ю, аммо кўнглининг бир чеккасини аёвсиз кемираётган чидаб бўлмас бир куч тағин жунбушга келди. Муқаддам бу муаммонинг нима эканлигини тушуниб етолмас, аммо бир нарса аниқ эди: у Алимардоннинг нимасидир Анвардан устунроқ, кучлироқ эканини ҳис этар эди. Кўпдан буён Анварнинг алланимаси ўзига ёқмай келаётганини пайқаган, лекин бу нарса нима эканини аниқ билмас эди. Алимардонни учратганидан кейин билди. Анвар бўшанг экан, латта экан!
– Кетамизми?
Муқаддам унинг ювош овозини эшитди-ю, нима деганини пайқамай саволомуз қараб қўйди.
– Кеч бўлиб кетди, – деди Анвар ноқулай жилмайиб. – Уйингиздагилар хавотир олишади.
Улар тор кўча бошидаги каттакон харсангтош олдида хайрлашдилар. Кун бўйи тош устида писта сотиб ўтирадиган хотин аллақачон уйига кетган, чор-атрофда писта пўчоқлари сочилиб ётарди.
Анвар хайрлашиб қўл чўзаркан, Муқаддамнинг кўнглидаги бояги хижиллик йўқолди. Хаёлида яна ўша юпанчли, тиниқ фикр уйғонди: “Йўқ, ўзимнинг Анвар акам яхши!” Муқаддам унинг қўлини узоқ қисиб турди-да, ишонч тўла кўзларига қараганча хўрсиниб қўйди.
Кўча ичкарисидан аллакимнинг қадам товушлари эшитилди. Анвар дарров қўлини тортиб олди.
– Хайр…
Муқаддам шартта бурилди-да, қоронғи кўча ичига шўнғиб кетди.
Ажаб, қиз боланинг қалби ловиллаб ёнса-ю, йигит киши ҳадеб бўшашаверса…
Анвар Муқаддамнинг нимадандир кўнгли чўкканини сезди шекилли, кетидан гапириб қолди:
– Алимардондан хабар олиб туринг…
Муқаддам эшитса ҳам индамай кетаверди. Анварнинг қулоқлари остида кескин, асабий пошна садолари узоқ вақт қарсиллаб турди. Бора-бора қадам товушлари сусайиб, тинчиб қолди.
* * *
Муқаддам амбулаторияга кириб келганида анчагина одам тўпланиб қолган эди. У бири боласини овутаётган, бири тинимсиз йўталаётган беморлар орасидан ўтиб, йўлак охиридаги эшикни очди. Тўрдаги стол қаршисида сочлари оқарган доктор ўтирарди. Муқаддам ишга келган биринчи куниёқ бу аёл қишлоқда “Ҳури дўхтир” деб танилиб кетганини, одамлар уни қаттиқ ҳурмат қилишини эшитганди. Унинг ўзи ҳам бу аёлнинг оналардай меҳрибон муомаласини яхши кўриб қолганди.
– Мен келдим, опа… – деди у ичкари кириб.
Доктор ёзаётган касаллик варақасидан бош кўтариб, жилмайди. Ташқарида ёмғир ёғаётгани учун чироқ ёқиб қўйилган, стол устидаги шиша банкага солинган термометрлар ялтираб кўринарди.
– Бугун яна хонадонларга қатнайсиз, – деди доктор.
“Яна Алимардоннинг уйига бораманми?” – деб ўйлади Муқаддам. Ўша кунги воқеани, кеча Анвар акаси билан совуқ хайрлашганини эслади-ю, чойшаб тўшалган диваннинг бир чеккасига бўшашибгина ўтирди.
– Бошқа одам борса бўлмайдими? – деди у чойшабни ғижимлаб. Ҳури опа ўзига синчиклаб қараб турганини ҳис этса ҳам бошини кўтармай ўтираверди.
– Ким боради?
Муқаддам кўз қири билан қаради-ю, докторнинг кўзларидан ажабланаётганини пайқади.
– Хадича опангиз боролмайди-да, – деди доктор хотиржам оҳангда.
Муқаддам ўзининг лов этиб қизариб кетганини сезди. У ишга келган кунидан Хадича таътилга чиқиши керак эди. Аммо Муқаддам ҳали тажрибасиз бўлгани учун оғироёқлигига қарамай, у ҳамон қатнаб турар, иш ўргатарди.
Муқаддам стол устидаги шиша банкага, ташқарида деразага оҳиста урилаётган ёмғир томчиларига журъатсиз қараб қўйди-да, шивирлади:
– Уяламан…
Доктор шу қадар беғараз қаҳ-қаҳ уриб юбордики, Муқаддам беихтиёр бошини кўтариб қаради.
Доктор кула-кула халатининг енги билан кўзларини артди.
– Техникумда Ибн Синонинг гапини айтишмаганмиди? Бемордан сесканган табиб – табиб эмас. Сиз бировга она, бировга опа, бировга сингил бўлишингиз керак.
“У-чи, – деб ўйлади Муқаддам. – У шундоқлигини билармикан?” Алимардоннинг чиройли чеҳраси, чимирилган қошлари кўз ўнгига келди-ю, ҳам қўрқинчли, ҳам алланечук эркаловчи туйғулар ичида иккиланиб ўрнидан турди. Эшик олдига етганида негадир ўзининг ҳам ўша ёққа талпинаётганини сезиб, ҳаяжон ичида тутқични ушлади.
– Айтинг, навбатдаги одам кирсин, – деб қолди доктор унинг кетидан.
…Ёмғир ҳаммаёқни эзиб юборган эди. Қишлоқ жимиб қолган, пахса деворлар зах босиб кетган, ҳали кўмилмаган токлар эгри-бугри қизғиш гавдасини яширолмай, иймангандай осилиб ётарди. Чор-атрофда ёмғир аралаш намиққан хазон ҳиди гуркирарди.
Муқаддам ўша таниш, пастак эшик тагига етганидан кейингина тез юрганини, юраги аллақандай қарама-қарши туйғуларга тўлиб-тошганини пайқаб қолди. Эшикни қия очиб, ҳовлига кирди-да, ерда ётган бир қарич ёнғоқ чўпини олиб, туфлисига ёпишган лойни сидириб туширди.
Ҳовлидаги нарсалар деярли ўзгармабди. Фақат ёнғоқлар яп-яланғоч бўлиб қолибди. Шохларининг уч-учидаги битта-яримта япроқлар ёмирдан ивиган танини кўтаролмай ожиз силкинади. Молхона томидаги маккажўхорилар йиғиб олинибди, қамиш бўғотдан сизиб тушаётган йирик-йирик томчилар ора-чора ярақлайди.
У девор тагидаги қуруқ йўлкадан уч-тўрт қадам юриб, тўхтаб қолди. Ичкаридан рубоб овози эшитилди. Аввалига ҳиссиз, эринчоқ тинғиллаб турди-ю, кейин бирдан жўшқин садоларда жаранглаб кетди. Муқаддам бир нафас қулоқ солиб, бу куйни аввал ҳеч қаерда эшитмаганини сезди. Ҳа, бу куй янги куй эди. Унда эндигина ердан бош кўтарган бойчечакларнинг нозик шивирлаши ҳам, тантанавор баҳор шалолалари ҳам, қуёшдай тиниқ туйғулар ҳам бор эди.
Муқаддам беихтиёр жилмайди. “ўзи чаляпти”. У куй оғушида эркаланиб яна уч-тўрт қадам юрди. Энди дераза ёнига етганида куйга худди торларнинг ўзидай тиниқ бир овоз қўшилди. У қўшиқнинг биринчи сатрларини яхши англаб ололмади-ю, кейин аниқ эшита бошлади:
…Яхши қол, эй дилбарим, дилда кадар, кетмакдаман,
Ишқ аро энди ҳолим зеру забар кетмакдаман.
На ишончу, на қувончу, на кўнгилдан очма гап,
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмакдаман!
Овоз шу қадар тиниқ, дилрабо эдики, Муқаддам ҳаяжондан энтикиб кетганини сезди. Қўшиқ уни аллалар, ширин туйғуларга ғарқ этарди. У ёқасидан муздек сув қуюлиб кираётганини анчадан кейин сезди. Бўғотдан бир қулочча чиқариб қўйилган тарнов тагида тўхтаб қолганини билиб, дераза олдига яқинроқ борди. Ичкари қоронғироқ бўлгани учун Алимардоннинг юзини аниқ кўролмаса ҳам, унинг каравот ёнида тик турганча рубоб чалаётганини кўрди. У ўз куйидан ўзи маст эди, дераза томонга қайрилиб ҳам қарамасди.
Мен қуёш юзлимга деб тун кечалар бердим юрак,
Оқибат отганда тонг қондир жигар, кетмакдаман.
Шунча кунлар ўтди, аммо сўрмадинг ҳолимни бир,
Охирида ҳол сўраб келсанг магар, кетмакдаман.
Муқаддам тўхтаб қололмади. Тез-тез юрди-да, йўлакдан ўтиб, эшикни очди. Алимардон уни кўриб, бир лаҳза тўхтади. Лекин зум ўтмай яна рубоб жарнглади. У қўшиқнинг охирги байтини Муқаддамдан кўз узмай айтди:
Келганингда дедиларки, бу йигит кони зарар,
Кетмагимдан охир, айт, борми зарар, кетмакдаман?
У негадир енгилгина хўрсиниб жилмайди.
– Муқаддам…
Муқаддам унинг қувонч тўла кўзлари парпираб кетганини, хўрсинганини сезди.
– … Келдингизми? – деди Алимардон, худди унинг албатта келишини билгандай.
Муқаддам ёмғирпўшини эшик олдидаги михга илди.
– Чалаверинг…
– Эшитасизми? – Алимардон шодлик тўла кўзлари билан унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. – ўтиринг. Ивиб кетибсиз…
Муқаддам катак-катак адёл тўшалган каравотнинг бир чеккасига ўтирди. Алимардон унинг ёнига оғир чўкди-да, қошларини чимирди.
– Чалайми?
Муқаддам индамасдан бош силкиди. Пастак шифт остида яна торлар нола чекди. Алимардоннинг қўллари пардадан пардага енгил кўчар, тошқин садолар текис парвоз этар эди.
Куй тамом бўлгандан кейин Алимардон унга яна қошларини чимириб қараб қўйди.
– Раҳмат! – Муқаддам унга меҳр билан тикилиб қолганини пайқаб, дарров кўзларини яширди.
– Ўша куни шунақаям урган экансизки, уч кунгача юзим ловиллаб юрди. – Алимардон кулди.
– Яхши чалар экансиз, – деди Муқаддам унга яна тезгина қараб олиб.
– Сиз куйдан ҳам яхшисиз…
Муқаддам унинг қўллари чаккасидаги сочларига текканини сезиб, чўғ теккандай сесканди. Аммо туриб кетмади.
– Мана шу ашула сиз учун ёзилган… – Алимардоннинг овози негадир титраб кетди. Муқаддам хавотирланиб унга ўгирилди-ю, шу ондаёқ Алимардоннинг қайноқ, титроқ лаблари ўзига ёпишганини ҳис этди. Муқаддам ожиз талпинар, аммо унинг оғушидан чиқиб кетолмасди. Бу дақиқалар унга ҳам лаззатли, ҳам азобли туюларди. Анчадан кейин у каравотдан сакраб турди-да, тескари қараб қўллари билан юзини яширди.
– Яхшимас, нима кераги бор, Алимардон ака… – деди бўғиқ овозда.
Шу ондаёқ елкаларига яна унинг оғир қўллари тушганини пайқади. Силтаниб, бурчакдаги шкаф тагига бориб олди. У юзларини кафти билан яширганча турар, оёқларидан мадор кетиб, қалтирарди.
– Муқад…
У Алимардоннинг овозини яна қулоқларининг тагида эшитиб, кафтини туширди-да, унинг аллақандай ҳаяжонли, ўт ёниб турган бежо кўзларини кўриб қўрқиб кетди.
– Қўйинг! – У Алимардоннинг кўкрагидан итариб юборди. – Худо ҳаққи, тегманг…
Лекин Алимардоннинг бақувват қўллари белига чирмашганини кўриб, даҳшат ичида шивирлади:
– Қочинг, ҳозир додлайман!
Икковлари гандираклаб бориб шкафга урилишди. Шкаф устидаги ганч мушукча ағдарилиб Алимардоннинг елкасига, ундан ерга тушди-да, чил-чил бўлди.
– Қочинг! Уятсиз! – У Алимардоннинг юз-кўзига урар, типирчиларди. Яна бир лаҳзадан кейин Муқаддам каравотга учиб тушди. – Нима қиляпсиз? – деди қўрқувдан кўзларини катта-катта очганча пичирлаб. Кейин кучи борича юлқина бошлади.
Алимардон уни бўшатмас, ҳадеб бир гапни қайтарарди:
– Муқад… Бари бир бирга бўламиз-ку… Муқад…
Муқаддам кучли эди. У узоқ олишди. Кейин бирдан бўшашди-ю, жимиб қолди. Ҳозиргина ўзи шилиб ташлаган Алимардоннинг юзларини силаб, кўзларини чирт юмиб олди. Энди у ҳеч нимани ўйламас, унга ҳамма нарса бари бир бўлиб қолган, фақат қўрқарди…
…Ярим соатлардан кейин у гандираклаб ўрнидан турди. Токчага суяб қўйилган ойна олдига секин-секин борди. Кўзгудан сочлари паришон тўзғиган, юзлари сўлғин бир қиз қараб турарди. Шу топда у ўзининг қадри бирданига пасайиб кетганини юрак-юракдан ҳис қилдию, ўкраб-ўкраб йиғлади. Алам ичида орқасига ўгирилиб қаради. Алимардон каравотга қўлларини тираганча бошини қуйи солиб ўтирарди.
Муқаддам чидаб туролмади.
– Энди нима бўлади, Алимардон ака?
Бирданига ўзига яқин, азиз бўлиб қолган кишисининг қучоғига ўзини отди. Унинг тиззаларидан қучоқлаб, юзларини яширди.
– Дадам сўйиб ташлайди мени!
Алимардон унинг сочларини силаб, хўрсинди.
– Бўлди… Йиғламанг.
Унинг овози негадир ҳиссиз, совуқ эди.
… Анчадан кейин Муқаддам чил-чил бўлган мушукчанинг синиқ бўлакларини босиб ўтиб, ёмғирпўшини кийди. Эшикдан чиқиб кетаётганида яна бир қайрилиб қаради. У мана шу пастак уйга, қошини чимириб ўтирган Алимардонга ўзининг бир умр боғланиб қолганини ҳис этар, кетгиси келмасди.
* * *
Тўсатдан келиб теккан ўқнинг зарби анчадан кейин билинаркан.
Муқаддам эшиги тагига етганидан кейингина ўзи қилиб қўйган гуноҳнинг бутун даҳшатини ҳис этди. Бу юк шундай оғир эдики, борган сайин унинг икки елкасидан қаттиқроқ эзар, ерга букиб, мажақлаб ташлаётгандай бўларди.
“Дадам сўйиб ташлайди!” У зах ҳиди анқиб турган кесакига суянганча лабларини маҳкам тишлаб, мункайиб қолди. Эшик гўрдай совуқ оғзини ланг очиб, қорайиб турарди. Зулмат қуюқлашиб борар, пастак булутлар қоп-қора этакларини судраб шаҳар устида кезиб юрар, ҳамон ўша совуқ, лоқайд томчиларини пуркар эди.
Муқаддам елкасидан муз ўтиб кетганини сезиб, секин мўралади. Ичкаридан тиқ этган товуш эшитилмас, фақат тарнов ғамгин шовулларди. Унинг қадам босишга мажоли қолмаган, ичкарига кириши биланоқ пичоқ кўтариб турган дадасига рўпара бўладигандай юраги зирилларди. У неча йиллардан бери ўқитувчилик қилиб, одамларга тарбия берган, пенсияга чиққанидан кейин ҳам домком раиси бўлиб элга бош-қошлик қилиб юрган, маҳалла-кўй “ғори ака” деб орқа-олдидан қаттиқ ҳурматлайдиган отаси ёлғиз қизининг шармандалагини кечирмаслигини биларди.
Йўлак томондан гурс-гуср қадам товушлари, кейин йўтал овози эшитилди.
“Дадам!” – Муқаддам юраги узилиб тушгандай тағин кесакига суяниб қолди.
– Муқад! – У дадасининг йўғон овозини эшитиб, бошини кўтарди, қоронғида унинг қалин, ҳали оқ ораламаган соқолини, қуюқ қошлари тагидан синчиклаб тикилиб турган кўзларини аниқ кўрди. – Нима қилиб турибсан? – Дадасининг баланд овози яна унинг қулоқларига михдай қоқилди.
– Ўзим, – деди Муқаддам бепарво гапиришга уриниб. – Ишдан келдим.
– Кир уйга! Шалаббо бўлиб кетибсан-ку!
Дадаси уни четлаб ўтди-ю, уч қадамча нарига бориб қўлидаги соябонини очди. Боши устида баланд кўтарганча тез-тез юриб, зулмат қўйнига сингиб кетди.
Муқаддам саросима ичида ҳовлига мўралади. Равон айвондан ёғилаётган нур кафтдаккина ҳовлини, бир туп ўрикнинг ёмғирдан қорайиб кетган пастак шохларини ёритиб турарди. Водопровод тагидаги ҳовузчага йиғилиб қолган ҳалқоб сув хира йилтирарди.
Муқаддам девор тагига ташлаб қўйилган япалоқ ғиштлар устидан сакраб-сакраб ўтиб, айвон эшигини шарақлатиб очди.
Токчадан алланимани олаётган Анзират хола чўчиб ўгирилди.
– Келдингми?… Ёмғир ҳам эзилди-ей…
Муқаддам онасининг касалманд юзига, шишиб кетган қовоқларига қаради-да, кўзларини яширди.
– Йиғладингми? – Онаси лаганни қучоқлаганча унинг олдига келди. – Нима бўлди?
Муқаддам даҳшат ичида эшикка ёпишди.
– Лобарларникига чиқаман…
* * *
Уй ичи қоронғи эди. Шифтдаги қандил ташқаридан тушиб турган ожиз нурда хира ялтирар, ёмғирнинг шивир-шивири эшитилиб турар, қаердадир соат чиқилларди.
Муқаддам болаликданоқ қадрдон бўлиб қолган бу уйга кўп чиқар эди. Шодлигини ҳам, аламини ҳам мана шу уйда, мана шу Лобарга тўкиб соларди. Аммо ҳозир у нима дейди? Қандоқ гапирсин?
Муқаддам шифтга тикилганча ётар, хаёли чувалашиб кетган, нимани ўйлаётганини ўзи билмасди.
Лобар ётган каравот ғирчирлади. Қоронғида унинг уф тортагни эшитилди.
– Муқад…
Муқаддам индамай ётарди.
– Муқад… – деди Лобар яна секингина.
– Нима дейсан? – деди у жеркиб.
– Ухлаганинг йўқми?
Муқаддам индамади.
Яна Лобарнинг хўрсингани эшитилди.
– ўлсин! Бошимни ювган эдим, сочим ҳеч турмаяпти.
Муқаддам қарамаса ҳам Лобарнинг туриб ўтирганини, семиз қўлларини иягидан ўтказиб, сочини ўраётганини аниқ тасаввур этди.
Анчадан кейин тағин каравот ғирчирлади. Лобар яна уф тортди.
– Жаҳонгир мени қишлоғига олиб кетаман, деяпти…
Муқаддам сарғиш жингалак сочли, серҳаракат, хушчақчақ йигитни эслади. Жаҳонгир Лобарни яхши кўрар, яқинда улар билан баравар техникумни битириб, фельдшер бўлган эди.
– Тегавер, – деди Муқаддам бепарво.
– Вой, опам турибди-ку..
– Бўлмаса сабр қил!
Муқаддам тескари қараб олди. Яна жимлик чўкди. Қаердадир чиқиллаётган соат Муқаддамнинг азобли дақиқаларини лоқайдлик билан битта-битта санай бошлади. Ташқарида ёмғир қаттиқроқ шивирлади.
– Муқад…
– Нима, нима?!
– Вуй, мунча, а! – Лобар сирли пичирлади. – Нимани ўйлаяпсан?
Муқаддам индамай ётаверди.
Лобарнинг пиқиллаб кулгани эшитилди.
– Биламан… Анварни…
“Анвар!” – Муқаддамнинг мияси зирқиллаб кетди. Елкасидан босиб ётган юк устига яна бир тоғ ағдарилди. “Анвар!” – деди у пичирлаб. Елкалари аввалига секин-секин титради. Кейин силкиниб-силкиниб йиғлаб юборди. У бугун негадир Анварни эсламаган экан. Шунча йиллик қадрдон Анвар акасини, Анвар акажонини ўйламаган экан.
Муқаддам овозини чиқармаслик учун кўрпачага бурканиб олди. Бир вақт Лобар кўрпани тортқилаётганини сезиб яна ҳам қаттиқроқ бурканди.
– Қоч! – деди нафаси бўғзига тиқилиб.
– Вой, жинни, нега йиғлайсан?
– Яқинда мен ўламан, Лобар! – у ҳайратдан оғзи очилиб қолган ўртоғига тик қараб қичқирди. – ўламан! Эшитдингми?!
* * *
Алимардон эрта уйғонди. Ёмғир тинганидан бери ҳаво тиниқлашиб, ерлар селгиб қолган эди. У ювингани анҳор бўйига тушди. Ҳали қуёш чиқмаган, сув юзида нозик туман пардаси силкиниб турарди. Алимардон сирғанчиқ соҳилдан авайлаб юриб, пастга тушди. Қумлоқ соҳилга чўнқайиб, муздек сувни кафтига олди-ю, совуқдан бармоқлари зирқираб кетди. Кейин билакларини шимариб олганча пишқириб-пишқириб ювина бошлади. Бир зумда қўллари, бўйни қип-қизариб кетди. Шимининг тиззаларига сув сачраб, шалаббо бўлди.
Кўнглида алланечук бир енгиллик сезиб сакраб турди-ю, бир чеккада, ҳўл ўтлар устида ётган сочиқ билан узоқ артинди. Қирғоқдан юқорига чиққунча қуёш кўринди. Ёнғоқларнинг яланғоч шохида чумчуқлар сайради. Ердан майин ҳовур кўтарила бошлади.
У енгил-енгил қадамлар билан ҳовли томонга юриб кетди.
Уч кундан бери Алимардон шод, руҳи тетик эди. Бутунлай соғайиб қолди. Бешёғочдаги музика мактабига бориб, дарс бера бошлади. Фақат ўша кундан бери Муқаддам кўринмаётгани кўнглини хижил қилиб турарди. Кеча ишга кетаётганида гузардаги дўхтирхонага киргиси келди-ю, тағин айниди: “Нима, ялиниб кираманми?” У яхши иш қилмаганини, бир қизни бахтиқаро қилиб қўйганини билар, уни соғинарди. “Бари бир уйланишим керак!” – ўша кундан буён унинг хаёлида шу фикр чарх урарди.
Ҳозир ҳам елкасига ташлаб олган сочиқнинг бир учидан ушлаганча шудринг босган сўқмоқдан юриб келаркан, яна Муқаддамни ўйлади: “Бугун дўхтирхонага кираман!”У кўча эшикни очиб ҳовлига кириши билан ўртадаги сўрининг темир панжарасига суяниб турган Анварни кўрди-ю, сесканиб тўхтаб қолди. Кўнглида уйғонган қўрқувми, уятми, аллақандай тушуниб бўлмас бир туйғудан ранги ўчиб кетганини ўзи ҳам сезиб, Анварга зимдан қараб қўйди. У Анварнинг ҳозироқ келиб ёқасидан олишини, уриб юборишини кутарди. Аммо Анвар ҳамон сўри панжарасига тирсагини тираганча, оёқларини чалиштириб хотиржам турарди.
“Билмабди! Ниманинг маъносига тушунарди бу!” Алимардон Анварнинг ҳолидан ҳузур қилиб ич-ичидан кулиб қўйди.
– Қачон келдинг!
Анвар секин-секин юриб келиб қўлини узатди. У куёвлардек ясаниб, янги костюм-шим кийибди. Кўкиш ялтироқ галстук тақиб олибди.
– Яна совуқ сувга ювиндингми? – деди у ёлғондака пўписа қилиб.
– Нима қипти? – Алимардон кулди. – Сенга ўхшаб ойимқиз бўлайми?
– Ким, ким шунақа? – Анварнинг кўзлари аламдан қисилиб кетди. – Қаҳрамон-эй! Бир ой инқиллаб ётмагин тағин…
– Бўпти! – Алимардон унинг ҳеч нимадан хабари йўқлигига тамоман ишонди-ю, елкасига шапиллатиб уриб қўйди. – Ҳазил, уйга кирайлик.
– Йўқ… – Анварнинг кўзларига жиддият чўкди. – Эртага эрталаб студияга боргин… Концерт бор. Сен ҳам чиқасан.
Алимардон кўпдан ўйлаб юрган орзуси чиндан ҳам рўёбга чиқаётганидан қувониб, юраги гурсиллаб уриб кетди. Ялт этиб Анварга қаради-ю, атайлаб талмовсиради:
– Қўйсанг-чи!
– Ҳазили йўқ! – Анвар астойдил тайинлади. – Мен дастурга киритиб қўйдим.
Алимардон ўзига соддалик билан тикилиб турган дўстига қараб, яна атайлаб бепарво гапирди:
– Мени бошларига уришармиди?
– Кутаман! – Анвар яна жиддият билан тайинлади-да, қўлини чўзди. – Хайр!
Унинг учи ингичка туфлиси селгиб қолган ҳовлида билинар-билинмас из қолдириб, кўча эшигига етганидан кейин Алимардон шодон табассум билан шивирлади: “Галварс!”
* * *
Тушга яқин Анвар уни телестудия эшиги олдида кутиб олди. Яна энг аввал Алимардоннинг кўзи унинг чиройли галстугига тушди.
– Рубобинг қани? – деди Анвар Алимардоннинг қуруқ келаётганини кўриб.
– Бошимни қотирмасанг-чи, нима деб чиқаман? – У ичида жон деб турса ҳам атайлаб тихирлик қилди.
– Майли, юравер-чи… – Анвар уни милиционер турган вестибюлдан олиб ўтиб, кенг, ёруғ йўлакка бошлаб кирди. пояндоз тўшалган зиналардан иккинчи қаватга кўтарилишди. Тепасига “Музика редакцияси” деб ёзилган эшик олдида тўхтаб қолишди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?