Текст книги "Танланган асарлар: 1-жилд"
Автор книги: Ўткир Ҳошимов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 28 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
Ўткир Ҳошимов
Танланган асарлар
ИЖОД ВА ЖАСОРАТ
Саид АҲМАД
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси
Ўзингга яқин ва қадрдон одам ҳақида бирон гап айтиш шунчалар қийин бґлишини билмас эканман. Ґар куни кўришадиган, неча марталаб гаплашадиган дўстингнинг фазилатлари сенга жуда оддий бир нарса бўлиб қоларкан. У саҳийми, бахилми, бағри кенгми, феъли торми, дўстига вафодорми, бировнинг қайғусига қайғудошми, негадир эътибор бермас экансан. Бу ҳаммага хос одат-да, деб қўяқоларкансан.
Истеъдодли, аллақачон халқ меҳрига сазовор бўлган ёзувчи Ўткир Ҳошимов тўғрисида бир нима ёзай, деб шунча уринаман, қани бирон сатр ёзолсам.
Бир донишманд агар азамат чинорни бўй-басти билан кўраман, десанг, сал наридан туриб қара, агар ёнидан қарасанг, унинг фақат бир бўлагини кўрасан, узоқдан қарасанг бутун салобати билан кўрасан, деган экан. Бу жуда доно гап. Рассом ҳам яратаётган асарини неча марталаб, орқага бир-икки қадам чекиниб кузатади.
Мен ҳам Ўткирни сал наридан туриб кўрмоқчи бўлдим… Ана шундан кейин мўъжизага ўхшаган бир ҳолатни сездим. Мен унчалик писанд қилмаган, баъзан назаримга илмаган ёзувчи бола кўз олдимда юксалиб, чинакам санъаткорга айланди.
Энди мен уни бор бўйи билан, жами фазилатлари билан, ўзбек адабиёти ривожига, мустақил жумҳуриятимизнинг камолига қўшаётган муносиб ҳиссаси билан аниқ кўра бошладим.
Ўткир қандай китоблар ёзгани тўғрисида гапириб ўтириш ортиқча. Улар ўзбек ва қардош халқлар мулкига айланиб кетган. Шундоқ бўлса ҳам бу истеъдодли адибнинг асарларини тилга олмаслик инсофдан бўлмас. “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Нур борки, соя бор”, “Дунёнинг ишлари”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Икки карра икки – беш” каби қисса ва романлари, юздан ортиқ дилбар ҳикоялари комедия ва фожиалари халқ орасида жуда машҳур бўлиб кетган.
Тоталитар тузумнинг оқоваси бижғиб, оқиб турган бир пайтда “Ўзбек иши”, “Давлат сири”, “Дўстлик ҳурматдан бошланади” каби ўнлаб мақолаларни ёзиш учун катта жасорат керак эди. Ўткир ҳар қандай зарбадан, ҳужумлардан қўрқмай, баъзан ҳатто ҳаётини хавф остида қолдириб, халқ дилида туғён уриб турган гапларни очиқ-ошкора айта олди.
Москва матбуоти тарқатаётган туҳмат ва ҳақоратлардан сабр косаси тошган Ўткир Ҳошимов собиқ Компартиянинг XXVIII съезди минбаридан туриб баралла овоз билан уларни фош қилди.
“Ўзбек иши” деган гапни ким ўйлаб топди? Нима учун “Арман иши”, “Молдаван иши” эмасда, айнан “ўзбек иши”? Ўзбек нима ёмонлик қилди? Қўшиб ёзишлар бошқа жойда йўқми? “Ўзбек иши” туфайли армиядаги қанчадан қанча йигитларимиз нобуд бўляпти. Темир тобутлар фақат Афғонистондан эмас, Совет Иттифоқининг турли чеккаларидан ҳам келиб турипти. Бизнинг фарзандларимизга “босмачи”, “қўшиб ёзувчи”, “порахўр” деб қарашяпти ва очиқдан очиқ ўлдиришяпти. “Ўзбек иши” деган ҳақоратли гапни ўйлаб топганлар ҳали тарих олдида жавоб берадилар”.
Қаршисида олтин погонли генераллар, маршаллар шоп-шалопи билан тикилиб турган бир пайтда, уларнинг кўзига қараб туриб, шу гапларни айтиш учун ҳеч енгиб бўлмас ирода, жасорат керак эди. Ўткир бу обрўли шахслар олдида эсанкирамади, чўчимади, халқ дардини бор овози билан айта олди.
Она халқининг дардига ҳамдард, қувончига шерик бўла оладиган, ҳар қандай мушкул шароитда ҳам уни ҳимоя қила оладиган ижодкоргина меҳрга, иззат-ҳурматга сазовор бўлади.
“Шарқ юлдузи” жумҳуриятимизда нашр қилинадиган адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий журналлар ичида энг машҳур – оммавий журналдир. Ўткир шу журналнинг бош муҳаррири сифатида актив фаолият кўрсатди.
Улуғ бобомиз Амир Темур шахсига тошлар отилаётган бир пайтда Ўткир у ҳақда қатор мақолалар эълон қила бошлади. Ҳужмлардан, дўқ-пўписалардан чўчимаган бош муҳаррир буюк саркарда фаолиятини изчил ёритишда давом этди. Бир вақтлар бадном қилинган “Темур тузуклари”, “Зафарнома” “Кеча ва кундуз” асарлари шу журналда эълон қилинди. Журналда Қуръони Каримнинг ўзбекчи таржимаси осонликча босилгани йўқ. Бу савобли ишга шахсан Юртбошимизнинг ўзи раҳнамолик қилгани ва журнал таҳририяти сайъи-ҳаракати билан Аллоҳ Каломи икки йилдан ортиқ вақт ичида нашр этилгани жиддий боқса бўлди.
Ундан олдинроқ эса ўзбекистон телевидениесида ташкил этилган “Баҳс” кўрсатувини Ўткир Ҳошимов қарийб ўн йил бошқарди. “Баҳс”да ҳаётимиздаги ижтимоий мавзулардан ташқари, оила ва муҳаббат масалалари кенг ва қамровли ёритилди. Ҳаммани қизиқтирган масалалар унда дадил ва ҳозиржавоблик билан айтилди. Бу ерда ҳам Ўткир Ҳошимов кимгадир ёқмаслиги мумкин, деган андишага бормай, миллионлаб телетомошабинлар дилидан тилига чиқолмай турган, чирсиллаган гапларни дадил айта олди.
Бу кўрсатувлар Ўткир Ҳошимовга катта обрў келтирди. Телеэкран олдида ўтирган миллионлаб киши уни адолат учун курашувчи, жасур ижодкор деб баҳоладилар.
Агар сиз унинг китобларини диққат билан ўқисангиз, ижоди халқ ҳаёти билан нақадар ҳамоҳанг эканига, саҳифалар қатидан нечалаб инсонлар тақдири бош кўтариб чиқишига гувоҳ бўласиз. Унинг ёзганлари афсона ҳам, эртак ҳам эмас. Соф ҳақиқат. Китобхон унда ё отаси, ё акаси ва ёки яқин бир кишиси билан учрашади. Уларнинг кураш ва меҳнатда ўтган тарихларига рўбарў келади.
Оламдан ном-нишонасиз ўтиб кетган, аммо шон-шараф билан яшаган кишилар кўз олдимизда пайдо бўлди. Уларнинг қувончларидан кўксимиз қалқиб-қалқиб кетади, ғаму андуҳларидан кўзларимиздан ёш тўкилади.
“Икки эшик ораси” романи қайта-қайта нашр қилинганига қарамай китоб дўконларида туриб қолмади. Талаш бўлиб кетди.
Романда уруш ва урушдан кейинги йиллардаги қишлоқ ҳаёти, урушнинг жами оғирликларини, маҳрумликларини азамат елкасида кўтарган, ўзи емай топганини жангчилар оғзига тутган, фидойи деҳқонлар жасорати мадҳ қилинган. Никоҳ кечасининг эртасига куёвини жангга жўнатиб келинлик либосини иш кийимига алмаштирган чиллали келинларнинг оғир, машаққатли меҳнатлари, ота ўрнига кетмон кўтариб далага чиққан норасида гўдаклар, ўғли ўрнига ер чопган букчайган чол-кампирлар кўз олдингизда пайдо бўлади. Сиз уларнинг овозини эшитасиз, саратон жазирасида терлаган серажин юзларини кўрасиз.
Уларнинг қаддини тик ушлаб турган куч ғалабага ишонч эди. Уруш йўлларига нигорон кўз тиккан чол-кампирлар тонг отгунча: э, худо, ўқлар тагида юрган болагинамни ўз паноҳингда асра, дея дуо қилардилар. Очлик, юпунлик, айрилиқлар, эрта ҳазон бўлган муҳаббат аламлари, жудолик, қарғиш, йиғи, ғазаб – ҳамма-ҳаммаси романда ниҳоятда ишонарли тасвирланган.
“Икки эшик ораси” романи ўзбек адабиёти хазинасидан ўз ўрнини топган асарлардан бири бўлиб қолди. Бу асар халқлар бошига кулфат солган иккинчи жаҳон уруши тўғрисида ёзилган аччиқ ва аламли йилномадир.
Ўткир Ҳошимов халқимизнинг фидойи, ростгўй ёзувчиси сифатида ҳамиша ўз мавзуи бўлиб келган халқ ҳаётини узлуксиз кузатади ва ундан айтиш ниҳоятда зарур бўлган нуқталарини қаламга олади.
Ватанимизнинг мустақилликка эришиши адиб ижоди учун янги имкониятлар берди. Шўро замонида ёзилмаган қонун бор эди. “Совет адабиёти ва драматургиясида комедия ёзиш мумкин, драма ёзиш мумкин, аммо трагедия ёзиш мумкин эмас. Чунки шўро ҳаётида фожеа йўқ!” Ҳолбуки фожеа ҳар қадамда бор эди. Саксонинчи йилларда марказдан келиб ўзбекистонда қирғинбарот ўтказган Гдлян ва Иванов деган қаллоблар қилган хунрезликлар ҳам бориб турган фожеа эди. Ўткир Ҳошимовнинг “Қатағон” трагедияси “ўзбек иши” деган бўхтон ва унинг қурбонлари ҳақидаги шиддатли асар бўлди. Трагедия бугунги ёш авлодни ота-боболаринг бошига тушган кечаги фожеалардан огоҳ бўлинг, истиқлолнинг қадрига етинглар, деб огоҳ қилаётган хитобга ўхшайди.
Истиқлол йилларида ёзилган “Тушда кечган умрлар” романи эса етмиш йил давом этган адолатсизликларни, топталган қисматларни рўй-рост, бадиий теран акс эттирган асардир.
Пишиб етилган анорни кафтингизга қўйиб, яхшилаб тикилганмисиз? Доналари пўстини туртиб туради. Сал вақт ўтса, шу қалин пўстлар ички турткиларга дош беролмай, ёрилади.
Ўткирнинг ихчамгина “Тушда кечган умрлар” романида ҳам воқеалар шунчалик зички, муқовасини ёриб юбораман, деб турганга ўхшайди.
Романнинг анчагина бобларида афғон уруши тасвирланади. Адаб бу адолатсиз урушнинг бутун фожеасини, ғайриинсонийлигини рўй-рост тасвирлайди. Мина портлаганда қўли бир томонга, боши бир томонга учиб кетган йигитнинг жон таслим қилиши, юртини соғинган аскарнинг нуқул ўлимни туш кўриши, ҳимоясиз афғон қишлоқларининг қули кўкка соврилиши манзаралари ўқувчи қалбини ларзага солади.
Роман қаҳрамонларидан бири Рустам ўз “интернационал” бурчини ўтаётганидан мамнун эди. Бироқ у бу қонли манзаралар қаршисида ўйга толади. Бу уруш халқларга фақат кулфат олиб келиши мумкинлигини тушуниб қолади. Бироқ… у ўз жонини сақлаш учун қон тўкиши шарт. Акс ҳолда унинг ўзи қурбон бўлади. У бегуноҳ афғон аёлини отиб қўйганда қанчалар гуноҳга ботганини англайди. Изтироб, алам оташида ёнади. Унинг фожеаси бу билан тугамайди. Оғир яраланиб уйига қайтганда яна бир даҳшатли фожеа устидан чиқади. Бир умр меҳнатдан боши чиқмаган, партия қаерга ташласа ўша ерни меҳр билан гуллатган, қўша-қўша орденлар олган отасини “қўшиб ёзувчи” сифатида қамашганини эшитиб, ҳайрону лол бўлиб қолади. Дунё кўзига қоронғу бўлиб кетади. Рустамнинг адолат қидириб, елиб-югуришлари беҳуда кетади. Ҳеч ким унинг арз-додига эътибор қилмайди. Қайтага “Зўравонлигингни афғонга бориб қил, бу ерда кетмайди”, деб эрмак қиладилар. У икки йил йўлига интизор кўз тиккан севгилиси Шаҳнозага уйланганида бутун ҳаёти фожеага айланганини билади. У афғондан “яроқсиз” эр бўлиб қайтганини сезади. Рустам севган қизини бахтли қилишдан мосуво бўлган.. Йигит киши учун бундан ортиқ фожеа бўлиши мумкинми?
Отасини туҳматлардан қутқаришга ожиз, севгилисини бахтли қилишдан ожиз Рустам ўз жонига қасд қилишдан бошқа илож тополмайди.
Ёзувчи фожеаларнинг илдизлари чуқур, ҳамма гап мустабид тузумнинг моҳиятида эканини очиб ташлайди. Романдаги комиссар образи орқали сўнгги эллик ил ичида юз берган золимликлар намоён бўлади. Коллективлаштириш йилларидаги сургунлар, 37 ва 50-йиллардаги қатағонлар, афғон уруши, ва ниҳоят “ўзбек иши” деган жирканч туҳмат, биз сиғинган тузум адолатсизлик ва зулм пойдевори устига қурилганини ва нураб, ер билан яксон бўлиш арафасида охирги нафасини олаётгани жуда ишонарли тасвирланганига иқрор бўламиз.
Комиссар ҳам ўзи суянган тузум билан баробар нураб бораяпти. Роман охирида ғалати бир эпизод бор. Комиссар фаррош Қурбоной билан шунчаки гаплашиб қолади. Бу аёлнинг бошига ёғилган кулфатларга шу одам сабабчи. Бир вақтлар эшон деб бобосини, халқ душмани, деб дадасини қаматган. Онасини зўрлаган. Онаси номусга чидолмай, ўзини осган. Қурбонойнинг бу мараз кимсани кўрарга кўзи йўқ.
Улар орасида шундай суҳбат бўлиб ўтади:
– Ўзингиз тузукмисиз? – деди Қурбоной бошқа гап тополмай.
– Менми? – Комиссар кулди. – Хэх-хэх-хэх! Қачон ўласан, демоқчимисан? Овора бўласан! Мен ўлмайман. Хэх!..
Назаримда бу гап тагида жуда катта маъно яшириниб ётибди. Ёзувчи бизни огоҳ қиляпти. Етмиш йиллик умримиз-ку қўрқинчли туш каби ўтди. Зулм ва мустабидликка асосланган тузумнинг комиссарлари ҳали осонликча жон таслим қилмайди, ўғри мушукдек пайт пойлаб ётади, ҳушёр бўлайлик, Ватан мустақиллигини нияти бузуқ, ёмон кўзлардан асрайлик, демоқчи.
Ўқувчи бу асарни қоқинмасдан, туртинмасдан, диққати сусаймасдан ўқиб чиқади. Бир неча саҳифа ўқиганингиздан кейин кўнглингизга қандайдир мунгли куй кириб қолганини, бу куй то охирги саҳифаларгача сизни таъқиб қилаётганини сезмайсиз. Асар қаҳрамонлари тирик инсонлардек кўз олдингиздан ўтади. Овозларини ҳам эшитаётгандек бўласиз. Бирига муҳаббат қўясиз, биридан нафратланасиз.
Бундай асарлар китоб жовонида ётиб қолмайди. Жуда тез қўлма-қўл бўлиб кетади. “Тушда кечган умрлар” романи 75 минг нусхада босилиб, жуда тез таркаб кетгани ҳам бу гапимни тасдиқлайди.
Ўткир – сўз санъаткори. Юқорида тилга олганимиз романларида халқ тили шунчалар равон, шунчалар ифодалики, ҳар бир сатри шеърдай равон оқади.
Ўткирнинг атиги учта асарини тилга олдим, холос. Телевидение орқали неча марталаб намойиш қилинган, миллионлаб томошабинларга манзур бўлган “Баҳор қайтмайди”, “Нур борки, соя бор”, “Инсон садоқати” каби асарлари, ўнлаб дилбар ҳикояларини томошабин ва китобхонлар ҳукмига ҳавола қилдим.
Айниқса, “Дунёнинг ишлари” асарини қисса эмас, достон деб аташни истардим. У қўшиқдай ўқилади. Уни ўқиб туриб, ўз оналаримизни ўйлаб кетамиз. Шу мушфиқ, шу жафокаш оналаримиз олдидаги бир умр узиб бўлмас қарзларимизнинг ақалли биттасини уза олдикми, деган бир андиша, бир савол кўз олдимизда кўндаланг туриб олади. Қисса бизни инсофга, инсонни қадрлашга, ҳурмат қилишга чақиради.
Ўткир фақат талантли ёзувчигина эмас, ажойиб дилбар инсон ҳамдир.
Мен у билан жумҳуриятимизнинг ҳамма вилоятларини, туманларини неча марталаб айланиб чиққанман. Қаерга бормайлик, уни одамлар ўраб олади, китобларидан олган таассуротларини тўлиб-тошиб гапириб берадилар ва албатта у билан дўст-қадрдон бўлиб қоладилар. Унинг суҳбатига орзуманд бўлганлар доираси борган сари кенгайиб бораверади. Эсдалик учун суратга тушиш ниятида фоточини чақириб келадилар. Айниқса, ёш китобхонларнинг шундоқ машҳур ёзувчи билан суҳбатлашганларидан кўзлари яшнаб кетади.
Ҳар галги сафаримизда дўстларимиз қаторига дўст қўшилади. Улар Тошкентга келиб унинг уйида меҳмон бўладилар. ўз юртларидаги янгиликлардан гапириб берадилар. Ва шу билан бирга ёзувчининг янги эълон қилинган асарларидан олган таассуротларини ҳам тўлиб-тошиб айтиб берадилар.
Бир йили Ўткир шоир Эркин Воҳидов билан Қашқадарё вилояти туманларида китобхонлар билан учрашувга боради. Шундай учрашувлардан бири Мирокида бўлади. Қўллари меҳнатда қадоқ бўлиб кетган бир колхозчи аёл ўрнидан туриб, йиғлаб-йиғлаб шундай дейди:
– Ҳозир худодан ваҳий келсаю, “сенинг пешонангда яна йигирма йил яшаш бор, мабодо умрингнинг қолган қисмини бировга беришга тайёрмисан”, деса ўша йигирма йил умримни шу укаларимга бўлиб беришга тайёрман, деб жавоб қилардим.
Ўша аёлнинг қўлида муқовалари қийшайиб, саҳифалари сарғайиб кетган “Дунёнинг ишлари” қиссаси бор эди. Афтидан у қиссани шу бугун ўқиб тугатган. Сўнгги саҳифаларни ўқигану йиғинга келган.
…Қува туманида китобхонлар билан учрашув бўлганди. ўшанда Мушаррафхон деган қора кийинган бир аёл ўрнидан туриб Ўткирнинг олдига келди.
– Болам, мен ҳу анаву мактабда фаррошман. Гўдаклар ивирситган синфларни ювиб, тозалайман. Сенинг онанг Пошша опа ҳам фаррош бўлган эканлар, илоё жойлари жаннатда бўлсин. Буни мен мактаб кутубхонасидан олган манаву китобни ўқиб билдим.
– У қўлида ушлаб турган “Дунёнинг ишлари” китобини кўрсатди. – Инсоннинг боши тошдан бўлар экан, бир ўғлим Афғон урушида нобуд бўлди, чидадим, чидамай иложим қанча. Кел болам, ўғлим ўрнига ўғил бўл. Ёзувчи ўғлим бор, деб юпаниб юрай…
У шундай деб нимчасининг қўйнидан марғилон нусха дўппи олиб, кўзида ёш билан, илоё бошинг омон бўлсин, деб Ўткирга кийдирди.
Бир неча йил аввал Фарғона водийси туманларида китобхонлар билан учрашувлар бўлди. “ўзбекистон” туманининг маркази Яйпандаги учрашувда “ўаниобод” давлат хўжалигининг пилла бригадаси бошлиғи Жаъфарали Пайғамов деган йигит ҳам сўзга чиқиб Ўткирнинг асарларини севиб ўқишини, китобларининг ҳаммасини авайлаб сақлашини айтди.
У бир адабиёт муҳлиси сифатида Ўткир учун пландан ташқари яна бир қути пилла қурти боқишга жамоа олдида сўз берди. Орадан икки ой ўтиб Жаъфаралидан Ўткирга бир хат келди. Конвертда хат билан Ўткир номидан тинчлик жамғармасига пул ўтказгани тўғрисида почта квитанциясини ҳам юборган эди.
Мен Ўткир Ҳошимовни жасоратли, қўрқмас, ҳақиқатни ҳар қандай шароитда ҳам айта оладиган ёзувчи деб атадим. Бу таъбиримни иккиланмай ҳар ерда дадил айта оламан.
Бор бўйини кўрмоқ учун сал орқага чекиниб туриб Ўткирга қарадим. Шунда неча йиллар бирга ижод қилган, бирга сафарларда юрган қадрдонимни бўй-басти билан, ўзини ардоқлаган халқига қилган хизматлари билан аниқ кўрдим. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек шу пайтгача менга оддий ёзувчи бўлиб кўринган бу ижодкор тўғрисида шунча гап биларканман, билганларим шунчалар кўп эканки, сизга фақат бир шингилнигина гапириб бердим холос.
Халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори “Буюк хизматлари учун” ордени сахиби Ўткир Ҳошимов қўлидаги кичкинагина, аммо тоғларни қўпоришга қодир қалами билан она халқига, мустақил юртимиз хизматига доим шайдир.
2000 йил.
Қиссалар
Баҳор қайтмайди
Бўстон қишлоғига оғир-вазмин қадамлар билан куз кириб келди. Туманлик қўйнида жимгина мудраган тонглар, илк совуқ оғушида жунжикан серюлдуз оқшомлар бошланди. Ҳавога елпиғичдай қат-қат булутлар чиқди. Қуёшнинг илиқ, тансиқ нурлари одамларга хуш ёқадиган бўлиб қолди. Ҳавода ананас иси аралаш ёнғоқ хазонларининг Ўткир ҳиди гуркиради. Ёз бўйи мева тугиш дардида яшнаган боғлар, шодон шовуллаган теракзорлар ҳаётнинг мангу, бешафқат ҳақиқати олдида ўйчан, ғамгин бош эгди. Чор-атроф япроқларнинг мунгли шивир-шивирига тўлди.
Сумбула туғди. Қишлоқни ҳалқадай ўраб оқаётган анҳор бирдан тиниқлашди. Телба тўлқинлар энди жиловланиб, ювош бўлиб қолди.
Одамлар қиличини кўтариб келаётган қишдан чўчигандай шоша-пиша ҳаракатга тушдилар. Кимдир чорбоғида ўтин арралади, кимдир қўшнисининг том сувоғига ҳашарга чиқа бошлади.
Ҳамма ягона бир ташвиш билан, куз ташвиши билан туриб, куз ташвиши билан ётадиган бўлди.
Фақат битта ҳовлида – қишлоқ чеккасида, шундоққина анҳор ёқасида жойлашган ҳовлида сукунат ҳукм сурар, фақат бир киши ёлғиз ўз ташвиши билан банд эди.
* * *
У паст-баланд қоялар орасидан от чоптириб бораётганмиш. От елдек учармиш, тоғу тошлар чирпирак бўлиб орқада қолиб кетармиш. Бирдан ҳаммаёқни зулмат қоплабди. От алланимага қаттиқ қоқилибди-да, қоп-қоронғи жарликка мункиб кетибди. У отни бўйнидан маҳкам қучоқлаб олганча шувиллаб пастга тушиб кетаётганмишу ерга ҳеч етмасмиш. Нафаси бўғзига тиқилиб, даҳшатдан оёқ-қўллари тошдай қотиб қолганмиш…
– А-а-а!
Алимардон ўз овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди. Анчагача қаерда ётганини билолмай, кўзларини катта-катта очганча шифтга тикилиб қолди. Аъзойи бадани ўт бўлиб ёнар, пешанасини муздек тер босган, бир тутам сочи тер аралаш қошларига ёпишиб қоган эди.
У анчагача беҳуш тикилиб ётди-да, вассажуфтлари сарғайиб кетган шифтни, токчадаги лаган-товоқларни, бурчакдаги шкаф устида турган, чақа солинадиган ганч мушукчани кўриб секин уф тортди. Хайрият, уйда экан!
Бир лаҳзадан кейин кўз ўнгидаги нарсалар тағин сийрак туманлик ичида йўқолди-ю, яна алаҳлай бошлади. Зум ўтмай тағин кўзини очди. Бора-бора фикри тиниқлашиб, шифтга тикилиб қолди. Қаердандир бир қалдирғоч уйга отилиб кирди. Шифт тагида айлана-айлана вассажуфтдаги узун михга келиб қўнди. ўамгингина вижирлаб қўйди. Оқ-сарғиш бўйнини буриб Алимардонга қаради. Мунчоқдек кўзларини тикиб узоқ қараб турди-да, яна бир сайраб қанотини ёзди. Лип этиб пастга шўнғиди, деразанинг очиқ тавақасидан ҳовлига отилди.
Алимардон кўрпа остидан қўлларини машаққат билан суғуриб олди. Тирсагига таяниб, секин дераза томонга ўгирилди. Терлаб ётган баданига совуқ шамол тегди. Бўғилиб-бўғилиб йўтала бошлади. Ҳар йўталганида нафаси оғзига тиқилар, кўз ўнгида хира ҳалқачалар пирпирар, қулоқлари шанғиллар эди. Ниҳоят, секин-секин дамини ростлади, ҳовлига тикилганча бир текис, чуқур-чуқур нафас ола бошлади.
Очиқ деразадан тип-тиниқ осмоннинг бир чеккаси кўриниб турарди. Чекка-чеккадаги азамат ёнғоқлар шов-шув этиб, ўтиб кетган баҳорини эслагандай жимгина хаёлга толган, ўрикларнинг қондай қизарган япроқлари узилиб кетишдан чўчиб титраб турибди. Ёнғоқ шохида зағизғон сайради. Кейин ола қанотларини ёйиб, ҳавога кўтарилди-ю, узун думини ликиллатиб, этакдаги молхона томига бориб ўнди. Том устига ёйиб ташланган маккажўхориларни бир-икки чўқиган бўлди-да, яна қанотини ёйиб ҳавога кўтарилди. Девор ошиб қўшни ҳовлига ўтиб кетди.
Алимардон шу ёзда онаси ўлганидан кейин ҳовлидан файз кетганини ҳозир айниқса чуқур ҳис қилди. Онаси неча йилдирки, уни уйлантиришни орзу қилар, аммо Алимардон унамас эди. Рост, у кўп қизларни кўрган, лекин ҳеч бири билан бирга бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. “Аввал консерваторияни битириб олай, у ёғи ўзи топилиб кетади” деб ўйларди. Алимардон диплом ёқлашидан бир ҳафта олдин онаси қазо қилди. У орзусига етолмади: келинининг қўлидан бир пиёла чой ича олмади.
Алимардон юрагининг бир бурчида уйғонган чидаб бўлмас ҳасратдан энтикиб қолди.
– Анвар ҳам келмабди, номард! – пичирлади у ғижиниб. Алимардон бетоб бўлиб қолганидан бери гоҳ Анвар, гоҳ онаси ҳар куни келиб унинг ҳолидан хабар олиб туришарди. Бугун келмабди. “Бировнинг гўрига биров тушармиди? Анварнинг мен билан нима иши бор!” У жаҳл билан кўзларини чирт юмиб, кўрпани бошига тортди.
Яна кўзи илинаётган эди, гурс-гурс қадам товуши эшитилди. Алимардон кўрпани кўтариб қарагунча, аллаким дераза ёнидан лип этиб эшик томонга ўтиб кетди.
“Анвар!” – Алимардон эшикнинг очилишини кутиб бурилиб қараб ётди.
Анвар пастак эшикдан бошини эгиб кирди-да, қўлидаги қоғоз халтани бир чеккага қўйиб, шимининг почасини қоқа бошлади.
Энгашиб турганча бошини кўтариб қаради-да, жилмайди.
– Тузукмисан?
Алимардон индамади. Қошини чимирганча тикилиб ётаверди.
Анвар ҳар келганида шундай жилмайиб қарар, худди шундай паст, меҳрибон овозда ундан ҳол сўрар эди.
Ҳозир Алимардон унинг тез юрганини, кўйлагининг тугмаларини ечиб юборганини, ичидаги майкаси терлаб баданига ёпишиб қолганини кўрди.
Анвар туфлисининг боғичини шоша-пиша ечиб, тез-тез юриб унинг тепасига келди. Каравот ёнига чўккалаб, пешанасига муздек кафтини қўйди.
– Иситманг йўқ-ку, – деди яна жилмайиб.
Алимардон унинг қўлини пешанасидан олиб ташлади. “Ёлғон айтяпти!”
– Йўлда ўлиб қолдингми, дегандим.
Анвар дўстининг бўғиқ овозидан унинг хафа бўлганини тушунди, кўз милкларининг чети тиришиб, қизариб кетди. Унинг сал нарсага қизариши ҳам, қизлардек тортинчоқлиги ҳам, чиройли чеҳраси ҳам кўпинча Алимардоннинг жиғига тегарди.
– Кеч қолдим-а? Тўғрими? – деди Анвар узр сўраган оҳангда.
Кейин бегуноҳ кўзларини Алимардондан узмай яна ўша паст, ўйчан оҳангда гапирди:
– Ишга бордим. Ҳеч иложини қилолмадим. Биринчи кун…
Алимардон унинг ўзига эмас, шифтнинг бир чеккасига қараб сўради:
– Ўша телестудиягами?
Анвар дўстининг гап бошлаганидан қувониб кетди.
– Ҳа. Биласанми, музика редакциясига! – У севинчдан чеҳраси ёришиб, ўрнидан турди. – Сен соғайишинг билан студияга борасан. Ҳозир у ердагилар ёш артистларга жуда муҳтож экан. – У дўстига синчиклаб қараб қўйди.
Алимардон мийиғида кулди-ю, индамади. Кўнглида ғижинишми, адоватми, аллақандай хира бир туйғу уйғонди. ўзидан олдин Анварнинг иш бошлагани, қувонч билан гапириши унга ёқмади.
Унинг ўзини ҳам шаҳардаги музика мактабига ўқитувчи қилиб тайинлашган, аммо ҳали иш бошламагн эди.
Анвар дўстини ранжитиб қўйганини пайқади шекилли, индамасдан бориб қоғоз халтани очди.
– Узум ейсанми? – деди турган ерида бурилиб қараб. Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай ҳовлига чиқиб кетди. Зум ўтмай тўрт бурчак патнисда икки бош узум кўтариб кирди. Яна каравот олдида чўккалади. – Ол, жуда ширин экан…
Алимардон кўз қири билан қараб қўйди. Сап-сариқ ҳусайнилар товланиб турар, шудрингдай сув томчилари таранг, текис узум доналари устида жилоланар эди.
Анвар икки дона узумни узиб олди.
– Оғзингни оч!
Алимардон узумни карсиллатиб ер экан, беихтиёр жилмайди.
– Шаҳарда нима гаплар?
– Тинчлик… – Анвар қизларникига ўхшаш тимқора кўзларини сузиб қўйди.
Алимардон унинг қизиқ бир янгилик айтишга оғиз жуфтлаб турганини сезди.
– Гапиравер! – деди жилмайиб.
Анвар ялт этиб унга қаради.
– Муқаддам шу ерга – Бўстон гузаридаги дўхтирхонага ҳамшира бўлиб келибди…
“Ҳа, шунинг учун оғзи қулоғида экан-да!” Алимардоннинг кўнглида яна ўша чалкаш туйғу уйғонди. Анвар бу қизни яхши кўришини кўп гапирар эди. “Бу ёғи ҳам беш бўлибди… Қизиқ, бир хил одамларнинг иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Меники-чи?” Алимардон ичидан хўрсиниб қўйди.
– Яхши! – деди хушчақчақ гапиришга уриниб. – Бизни келиннинг ўзи даволар экан-да?
– Айтдим унга… – Анвар бир шингил узумни унга тутқазди. – Бугундан бошлаб ҳар куни келиб туради. – У тўсатдан эсига тушгандек сўради… – Мастава қилиб берайми… Афтингни буриштирма, яхшилаб пишираман…
Салдан кейин Анварнинг ошхонада гурсиллаб ўтин ёргани эшитилди. Зум ўтмай дераза орқасида Анварнинг ўзи кўринди. У майкачан бўлиб олган эди.
– Ҳаммаёқ хазон бўлиб кетибди, супуриб ташлай, – деди у деразадан бошини суқиб. – Кейин молхона эшиги тагида ётган узун супургини олди-да, худди чалғида ўт ўраётгандай қулочкашлаб супара кетди.
Йирик-йирик ёнғоқ хазонлари қизғиш ўрик япроқларига қўшилиб, супургига эргашганча ҳавода ожизгина пирпираб учиб, анча нарига бориб тушар, ҳовлининг оппоқ сатҳи йўлакдай очилиб қолар эди. Анвар супургини ғайрат билан қаттиқ-қаттиқ силкитар, аммо зум ўтмай супурилган ерга яна хазонлар келиб қўнар, хуноби ошиб тағин орқага қайтар эди.
Алимардон япроқларнинг пирпираб учишини томоша қила-қила пинакка кетди…
* * *
Ошхона ичи тутунга тўлиб кетган эди. ўтин ўчакишгандай ёнмас, ҳадеб тутар эди. Анвар чўнқайиб олганча бор кучи билан пуфлайвериб томоқлари ачишиб кетди. Бўғилиб йўтала бошлади. Энди тоқати тоқ бўлганида ўтин лов этиб ёниб кетди.
Анвар тутундан бўғилиб ташарига отилди. Кўзларини узоқ ишқалади. Қўлини туширди-ю, кўча эшик олдида ўзига қараб турган Муқаддамни кўриб хижолатдан юзлари ловиллаб кетди. Муқаддам қизил кўйлак кийиб олган, қўлидаги ялтироқ стерилизаторни силкитганча ҳадеб куларди.
Анвар жилмайганча югуриб унинг олдига борди.
– Келдингизми? Қандоқ топдингиз?
– Ҳаммаёғингиз қоракуя бўлиб кетибди-ку! – Муқаддам эрка табассум билан унга қараб қўйди. – Қандоқ кираман, деб чўчиб турган эдим… Яхшиям ўзингиз бор экансиз!
…Муқаддам Анварга бошдан-оёқ қараб чиқди. Шу топда унинг чанг аралаш ис теккан қош-киприклари, майкачан бўлиб олиб, хижолатдан қизариб туриши ҳам кулгили, ҳам завқли эди. У Анварни ҳеч қачон ҳозиргидай содда, аммо кўнгилга яқин, дилкаш бир ҳолатда кўрмаган эди.
– Ошпазликни ҳам биласизми? – деди у Анварнинг қорайиб қолган пешанасига қараб.
Анвар соддагина жилмайиб қўйди-ю, Алимардон ётган уйга имо қилди.
– Кирайлик.
Кетма-кет уйга киришди. Девор олдидаги каравот ёнига Анвар биринчи бўлиб борди. Кўрпани кўтариб қаради-ю, Муқаддамга ўгирилиб шивирлади:
– Ухлаб қолибди-ку…
Муқаддам оёқ учида юриб келиб, беморнинг устига эгилди.
Ранги бир оз синиққан, аммо кўркам чеҳрасида қатъият балқиб турган йигит кўзларини чирт юмиб ухлаб ётарди. Муқаддам бир қарашдаёқ унинг чимирилган қошларида, маҳкам юмилган юпқа лабларида, кулгичи чуқур ботиб кирган иягида мағрур бир ифода борлигини пайқади. Негадир қип-қизариб кетди. Ўзининг ҳолатидан ўзи ийманиб, гуноҳ қилиб қўйган одамдек Анварга қаради. Анварнинг тикилганини кўриб баттар қизарди.
– Уйғотасизми? – деди секингина.
Анвар яланғоч елкаларини қисди.
– Ўзингиз биласиз…
Муқаддам бир лаҳза ўйланиб қолди.
– Майли, – деди пичирлаб. – Безовта қилмай қўя қолайлик. Стерилизаторни ташлаб кетаман. Эртага эрталаб кела қоламан.
Анвар бу сафар ҳам елкасини қисди.
– Майли…
Муқаддам эшик олдига борганида яна бир марта ўгирилиб қаради. Токчалардаги чойнак-пиёлаларга, шкаф устидаги ганч мушукчага, тахмондаги кўрпачаларга бир-бир назар ташлади-ю, тағин каравотга тикилиб қолди. Бемор ҳамон қошини чимирганча қимир этмай ётар, чеҳрасида ўша қатъият бор эди.
– Бронхит эканми? – деди Анварга қараб. Анвар бир қўлини баланд кўтариб эшик кесакисидан ушлаганча гоҳ Алимардонга, гоҳ Муқаддамга қараб турар эди.
– Болалигидан шунақа, – деди Анвар ачиниш тўла паст оҳангда. – Сал шамолласа ўпкаси қисади. Қайси куни анҳорда чўмилиб, тағин шамоллаб қолибди. Ўжар-да, ўжар. Касалхонага бормади. – У бир нафас жим қолди-да, яна Алимардон томонга қаради. – Ҳали билмайсиз… Жуда ажойиб йигит. Шунақа овози борки, шунақа яхши ашула айтадики…
– Эшитдим… Доктор айтган эди. – Муқаддам Анварга қараб жилмайди. – Кетаверайми?
Анвар унинг кўзларидан ўзига қадрдон бўлиб қолган илиқ меҳрни сезди-ю, қувониб кетди.
– Овқат пишсин… Кузатиб қўяман.
* * *
Улар анҳор ёқасидаги ёлғизоёқ йўлдан изма-из боришарди. Муқаддам олдинда кетар. Анвар уч қадамча орқада ундан кўз узмай борарди. Йўл кимсасиз бўлгани учун Муқаддам туфлисини ечиб, бармоқларига илиб олган, яланг оёқлари остидан кўтарилган чанг йўл чеккасидаги сарғая бошлаган ўтлар устига чўкар, этагининг шамолидан силкинган ғумайлар оҳиста бош силкиб қоларди. У чор-атрофни томоша қилиб борар, Анвар унинг чеҳрасини кўрмаса ҳам қувончдан жилмаяётганини, ҳаяжонланаётганини сезиб турарди.
Қишлоқ устида кузнинг атлас либоси ловиллаб ёнади, уфққа туташиб кетган полизлар, токзорлар гоҳ қизғиш, гоҳ қаҳрабо рангда товланади. Олисда, осмоннинг ер билан туташган жойида оловли бир ҳовур ичида қуёш ботиб борарди. Қаердадир бузоқлар маърайди, гузар томондан мактаб болаларининг қий-чув товушлари эшитилади.
Сўқмоқ бирдан ўнгга бурилди-ю, пастга анҳор устига шўнғиб кетди. Муқаддам тўхтаб қолди. “Энди қаёққа борамиз?” – дегандай Анварга қайрилиб қаради.
– Яккачўпдан ўтамиз… – Анвар Муқаддамни четлаб ўтди-да, тик сўқмоқдан пастга югуриб тушиб, қирғоқдаги толнинг ғадир-будир, йўғон гавдасини қўли билан ушлаб қолди. Анҳор соҳилида эркаклаб кетган баланд-баланд ялпизлар яшнаб ётар, қирғоқдаги икки туп азим тол атрофга оқшом соясини ташлаган эди. Анвар бурилиб қаради-ю, терак бўйи баландликда ўзига қараб жилмайиб турган Муқаддамни кўрди. Юқорида ҳали қуёш нури сўнмагани учун Муқаддамнинг қизил кўйлаги офтобда ярақлар, гўё унинг ўзи ҳам аланга оғушида ёнаётгандек эди.
У қўлларини ҳавода кенг ёзди-да, болаларча шодон оҳангда қичқирди:
– Ушланг, Анвар ака!
Анвар ҳушини йиғиб олгунча у чопқиллаб туша бошлади. Анварнинг юраги гупиллаб уриб етди. У Муқаддамнинг ҳозир бағрига келиб урилишини билиб турар, аммо қучоқлаб олишини ҳам, қўлидан тутиб қолишини ҳам билолмай иккиланарди. Анвар ҳушини тўплаб бўлгунча Муқаддам шиддат билан етиб келди. Анвар бирдан ўзини четга олди-да, унинг билагидан маҳкам тутиб қолди. Муқаддам кескин бурилганча унинг кўксига урилди. У негадир кўзларини юмганча ҳадеб кулар, Анвар эса ҳаяжондан нафаси тиқилиб, нима қилишини билмай қолган эди. Муқаддам унга ҳеч қачон шунчалик яқин турмаган, унинг сочлари ҳеч қачон Анварнинг юзига тегмаган эди. Анвар ҳаяжондан бўғилиб қолган, ўзи ҳам маъносини тушуниб етмаган алланимадан уялар эди.
Муқаддам қўлини тортиб олди-да, қошларини чимириб жилмайди.
– Ёмонсиз-а…
Анвар яна негадир ўзидан-ўзи уялиб, кўзларини олиб қочди.
Муқаддам туфлисини ялпизлар устига ташлаб, анҳорга оёғини осилтириб ўтирди. Анвар тикка тураверишини ҳам, унинг ёнига ўтиришини ҳам билмасди. Муқаддам елкаси оша бурилиб қаради. Худди унинг кўнглидагини билиб тургандай сўради:
– Ўтирмайсизми?
Анвар унинг ёнига ўтирди. Сувдан салқин, зах ҳаво гуркирар, нариги соҳилдаги тик қирғоқ, икки тол ўртасидан чўзилиб кетган ингичка яккачўпнинг сояси сув юзида лопиллар, анҳор тип-тиниқ бўлгани учун сув тагидаги тол хазонлари аниқ кўриниб турар эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?