Текст книги "Танланган асарлар: 1-жилд"
Автор книги: Ўткир Ҳошимов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 28 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
Алимардон яқин келиши билан нотаниш одам ўрнидан туриб салом берди.
– Ким сизни бу ёққа чақирди? – деди Алимардон ғижиниб. Нотаниш киши хижолатлик аҳволда қолганидан уялди шекилли, ийманиб гап бошлади:
– Мен…
– Йўқ, мен сизни таклиф қилдимми? – Алимардон унинг гапини бўлди. У шу топда кимдан бўлмасин, аламини олгиси келар, ғазабдан титрар эди. – Меҳмон бўлинг, дедимми сизга?!
Нотаниш киши баттар ўнғайсизланиб тушунтирди:
– Мен сизни қидириб келгандим, домулло.
Алимардон стулга оғир чўкди-да, жимирлашаётган кўзлари билан тикилди унга.
– Мен сизга “домулло” эмасман! Нима дардингиз бор эди?
– Тўй қилаётган эдик.
У яна нимадир демоқчи эди, Алимардон гапиртирмади. Йўқ, тўйи ҳам, ўзи ҳам керакмас унга. Ҳеч ким керак эамс!
– Ишингизни қилинг! – деди жеркиб. – Тўйингиз менсиз ҳам ўтаверади.
У ҳеч нимани кўрмаслик учун юзини кафти билан беркитди-да, столга энгашди. Унинг қулоқлари остида ашулачи йигитнинг овози яна янгради:
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмакдаман…
Алимардон алам билан пичирлаб бу сатрни ўзи ҳам такрорлади.
Бошини кўтариб қараб, нотаниш одам ҳалиям ўтирганини кўрди, ҳайқириб юборди:
– Бормайман, деяпман-ку! Нима қиласиз мени қийнаб!
– Тўй меники эмас, домулло. Бозор куни раис ўғлини уйлантираётган эди. Атайлаб юборди. Ойнатоғдан келдим.
Алимардон ярқ этиб қаради. Бирдан кўз ўнги тиниқлашиб, тикилиб қолди.
– Қаердан дейсиз? – деди энтикиб.
– Ойнатоғдан, – нотаниш киши ялинган оҳангда сўради: – “Заколат” ташлаб кетайми?
Алимардон ички бир ғижиниш билан қўл силтади.
– Пулингиз керакмас. Бораман!
* * *
Тўй тарқай деб турган эди, бирдан шамол кўтарилди-ю, зум ўтмай бўронга айланди. Шамол шиддат билан қуюндай ёпирилар, ҳовлидаги олчаларнинг шохларини қарсиллатиб, айқаш-уйқаш қилар, узун стол устидаги дастурхонларни шартта кўтариб, тақсимчаларни чил-чил қилиб юборарди. Одамлар чувиллаб қолишди. Куёв-келин ўтирган жойдаги палак узилиб тушди.
Тўйда елиб-югуриб хизмат қилаётганлар шоша-пиша келинни уйга олиб кириб кетишди. ўртадаги мингинчи лампочка лопиллаб-лопиллаб турди-да, бирданига қарсиллаб ёрилиб кетди. Тоғ табиати қутуриб, бир зумда ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлади.
Алимардон ўзига ажратилган бурчакдаги сўридан сакраб тушди. Аллаким ичкаридан ўнинчи чироқ кўтариб чиқди. Аммо шу ондаёқ бўрон чироқнинг шишасини учириб парчинлаб ташлади.
Алимардон хавотирланиб осмонга қараб қўйди. Худди шу пайт илондай чақмоқ ярақлади-ю, этаги чўққиларга осилиб ётган ваҳимали, қоп-қора булутларнинг қирраси аниқ кўриниб кетди. Кетидан еру кўкни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади.
Алимардон ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган одамлар орасидан ўтиб, тор кўчага чиқди. Нарироқда соядай қорайиб турган машинасининг олдига борди. Шошилмасдан эшикни очди.
Алимардон ҳеч қаерда бугунчалик ҳиссиз, совуқ қўшиқ айтмаган эди. Бу сафар у бир қултум ҳам чимади. Раиснинг пулини олмади ҳам. Ҳар гал ўртага тушганида кўзлари билан Муқаддамни излар, қаердадир, шу атрофда, одамлар орасида турибди, деб ишонар, хотин-халаж орасида чопишиб юрган болалар ичида ўзининг Шавкати ҳам борлигини ўйлар, қўшиқ айтарди-ю, нима деяётганини ўзи билмасди.
Алимардон ашула айтар экан, қайсидир бир бурчакда ўша Кабир ҳам ўзига илжайиб тикилиб турганини кўз ўнгига келтириб ғижинарди. Ким билсин, балки ўша рақиби ҳам унинг пешанасига пул қистириб, садақа бергандир.
Алимардон керакмас, деб ҳарчанд қайтармасин, серзавқ тоғ халқи уни пулга кўмиб ташлади. У бўрон бошланганидан хурсанд эди. Эшикни қарсиллатиб ёпди-да, машина чироғини ёқди.
Чироқ нурлари зулматни тилкалаб ташлади. Тор кўчада чекка-чеккада тўдалашиб қолган одамлар, у ёқдан-бу ёққа бесаранжом югурган хизматчилар беихтиёр машина томонга бурилиб қарашди.
Алимардон энди моторни юргизган эди, аллаким ўнг томондаги эшикни тортди. Очолмади шекилли, эшик дарчасидан мўралади.
– Ҳа? – деди Алимардон қайрилиб қарамай, кейин елкасига беқасам чопон ташлаб олган раисни таниди-ю, юмшоқроқ қилиб сўради: – нима дейсиз?
– Кетяпсизми? – деди раис шамолнинг ўкирган овозини босиш учун бақириб.
Йўқ, у ҳеч қаёққа кетмайди. Бу ерга тўй учун келган эмас!
Алимардон Муқаддамнинг уйини нима деб сўрашини билмай иккиланиб қолди.
– Вақт бўлди энди, – деди атайлаб ишонч билан.
– Шу топда-я? – деди раис яна шанғиллаб. У тағин бир нима деди-ю, момақалдироқ овозини босиб кетди. Гулдурос тўхтаганидан кейин бошини янаям ичкарироқ киритиб қичқирди: – Қолинг, йўл ёмон. Шодивой уйига олиб кетади.
Алимардон индамади. У ўтирган ерида ҳаяжонидан титрар, ўғлини кўришини ўйлаган сайин баттар энтикиб кетарди. Йўлга чиққанидаёқ юраги соғинч бир туйғу – Шавкатни кўриш туйғуси билан лиммо-лим тўлиб, типирчилаб кетган эди. Энди бу туйғу қудратли бир талабга айланган, Алимардон бу талаб қаршисида ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр эди. Ким билсин, балки бир йўла олиб кетар… Нима, ҳақи йўқми?! Олиб кетади!
– Эрта билан тушиб кетасиз! – раис нари кетиб, зум ўтмай икки киши бўлиб қайтиб келишди. – Шодивойникида қоласиз! – деди яна қичқириб.
Алимардон ўтирган ерида эгилиб ўнг эшикни очди Шодивой ўриндиққа оғир чўкди. Бу ўша – Алимардонни тўйга айтиш учун ресторанга қидириб борган йигит эди. Боя Алимардон ашула айтаётганида Шодивой унинг кетидан чой кўтариб юрган эди.
– Жониворнинг қутуришини қаранг-а, меҳмон! – Шодивой қора костюмининг елкаларини оппоқ қилиб юборган чангни қоқди. – Қани, юрдикми?
Алимардон қоронғида жирканиб қараб қўйди. “Чангини машина ичига орқалаб кирганини-чи! Нима қилса ҳам қишлоқи-да! Муқаддамнинг эри ҳам шунга ўхшаган молсифат бўлса керак!”
Ўзининг хаёлидан ўзи ғижиниб кетди. Борди-ю Муқаддам эшикдан ҳайдаб юборса-чи?
Шу пайт қанча вақтлардан бери юрагида тугилиб ётган алами қайтадан янгиланиб кетди-ю, нафрат билан пичирлади: “Нима, ўз боламни кўришга ҳақим йўқми!”
Алимардон машинани секин жилдирди-да, қишлоқнинг пастак тош деворлари орасидаги ўнқир-чўнқир йўлларидан авайлаб юриб кетди.
Баҳайбат қоялар орасида кўмилиб қолган жажжи қишлоқ табиат қудратидан ваҳимага тушгандай пусиб қолган, кичик-кичик деразаларда чироқ кўринмас, гўё ҳамма аллақандай енгилмас даҳшат олдида титраётгандай эди.
Яна чақмоқ чақди. ўамгин қовоқ уйиб турган баланд-баланд қоялар ярқ этиб ёришди, яна зулмат чўкди. Кетидан момақалдироқ гумбурлади. Тоғларнинг заҳарханда қаҳқаҳаси узоқ акс-садо бериб турди, кейин гумбур-гумбурлар бир-бирига уланиб кетди. Энди гулдурос бир нафас ҳам тинмас, қоялар чўққидан сурон солиб, қишлоқ устига ағдарилиб тушаётгандек эди.
– Тоғда момақалдироқ ваҳимали бўларкан! – деди Алимардон ғамгин хаёллардан қутулиш учун атайлаб баланд овоз билан.
– Секинроқ айтасизми, меҳмон! – Шодивой суянчиққа елкасини ташлади. – Бир куни денг, Полвонтепада тарктор ҳайдаётган эдим. Шунақа, айни баҳор. Раис ҳар куни койийди. Иш чўзилиб кетаётганидан хафа. Эрта билан оёғим тортмаса ҳам отни эгарлаб довонга чиқиб кетдим. Вақт пешиндан оғганда денг, бир сел келса бўладими! Тоғ тепасида ёлғиз ўзинг бўлсанг ҳаммаёқ ваҳима бўлиб кетаркан. Жийронни чоптириб тушиб кетаверай десам, йўлда бир кори ҳол бўлиб қоладими, деб қўрқаман. тураверайми, десам, яна қўрқаман. хуллас, яратганга минг бор сиғиндим-да! – Шодивой ўша кундаги аҳволини эслади шекилли, кулиб қўйди.
Машина пешанасидаги ойнага чирсиллаб ёмғир томчилари урилди. Яна юз қадамча йўл босганларидан кейин шаррос жалага айланиб кетди. Томдан оқиб тушаётган сув ойнани бутунлай тўсиб қўйган, йўл яхши кўринмас, ғилдираклар тагидан сув шовуллаб оқарди.
Алимардон боядан бери хаёлини чувалтириб юборган фикрлардан бир қарорга келди-ю, тормозни босди. Шодивойга қараб қўйди-да, иложи борича хотиржам гапиришга уриниб сўради:
– Кабирнинг уйи қаерда? – У овозининг титрай бошлаганидан ғижиниб, бир лаҳза жим қолди. Янаям хотиржамроқ гапирди: – Агроном Кабир…
– Ўрмончини айтасизми? – Алимардон қоронғида Шодивойнинг ҳайрат билан тикилиб турган кўзларини аниқ кўрди. – Нимага эди?
Алимардон тескари қараб олди.
– Кўрмоқчи эдим, – деди бўғилиб. – Эски танишмиз…
Шодивой яна ўша беғараз оҳангда шанғиллади:
– Қўйсангиз-чи, меҳмон! Бугун бизникида қўноқ бўласиз.
– Алимардон қатъият билан таъкидлади:
– Йўқ! Кабирникига тушаман.
Машина сув шовуллаб оқаётган тошлоқ кўчадан яна авайлаб юриб кетди. Алимардон йўлдан кўз узмай борар, аммо ҳеч нимани кўрмас, ҳаяжондан томоғи қақраб ютинолмас, руль чамбарагидан ушлаган қўллари қалтирар, ҳозир қандайдир нохуш, мудҳиш бир воқеа рўй беришини сезиб, юраги титрарди.
Девори оқланган дўкон олдидан ўтганларидан кейин Шодивой Алимардоннинг қўлига секин туртди.
– Келдик.
Алимардон қандай қилиб моторни ўчирганини, қачон ерга тушганини билмади. Костюмининг ёқасидан муздай сув оқиб тушиб, баданини сескантириб юборганидан кейингина ўзига келди.
– Машина тураверади! – деди Шодивой бақириб. – Қани, марҳамат!
Яна чақмоқ чақди-ю, тор кўча ёришиб кетди.
– Хизрни йўқласангиз бўларкан, меҳмон, – деди Шодивой момақалдироқ овозини босиш учун ҳайқириб. – Ана Кабирнинг ўзи!
Алимардон сесканиб бошини кўтарди-да қарши томондан оқ от етаклаб келаётган кишини ғира-шира кўрди. Бирданига унинг ҳамма нарсага қўл силтагиси, машинасига ўтириб, шартта орқага қайтиб кетгиси келди. Аммо Шодивой аллақачон отлиқнинг олдига бориб олган, қўшқўллаб сўрашар эди. Алимардон унинг охирги гапларини эшитиб қолди.
– Меҳмон олиб келдим, Тошкентдан…
Алимардон юрагини кемираётган азобли ғашликни енгиб, гандираклаганча юриб кетди. У ўзининг рақибини кўриб қўйгиси келар, унинг нимаси ўзидан ортиқроқ эканини, Муқаддам бу одамнинг нимасига учганини билиб оллишга уринарди.
Улар пастак эшик пештоқида осилиб турган хира чироқ тагида тўқнаш келишди. Алимардон ўзига узатилган каттакон, чайир қўлни беихтиёр қисаркан, унинг афтига қараб қўйди. Тор пешона, қоп-қора қотма юзли киши унга синчков кўзлари билан тикилиб турар, дўпписи тагидан чиқиб турган сочлари, ғира-шира ёруғликда қизариб кўринаётган юзи, ингичка мўйлови жиққа сув бўлиб кетганди. Кабир эгнига брезант ёмғирпўш, оёғига каттакон этик кийиб олган, бир қўли билан Алимардоннинг кафтини қисар, бир қўллаб отнинг жиловини ушлаб турарди. Унинг этигиданми, ёмғирпўшиданми анқиб турган чучмал балиқ мойи иси димоғига урилди-ю, Алимардон бурнини жийирди.
“…Тўпори қишлоқи-ку! – У ғижиниб юзини бурди. – Ҳали шу ҳайвон менинг ўғлимга ота бўлиб юрибдими?…”
Алимардон истеҳзоли жилмайиб қўйди-да, қўлини тортиб олди. Кабир ҳамон ундан кўз узмай турар, чамаси, қаерда кўрганини эслай оламсди.
От бегона одамни сезди шекилли, чироқ нурида йилтираб турган катта-катта кўзларини олайтириб, бошини силтаганча пишқириб юборди.
– Тек! – Кабир ингичка, кескин овоз билан ҳайқириб, жиловни тортди. – Қани, меҳмон, марҳамат, – деди тоғликларга хос тавозе билан.
Алимардон у жилмайганида ингичка мўйлови остидаги оппоқ тишлари ярақлаб кетганини кўрди.
– Тўйга бормадингиз-ку! – деди боядан бери уларни жимгина кузатиб турган Шодивой.
Кабир жиловни маҳкам ушлаганча унга бурилиб қаради:
– Ойнатоққа чиққандим. – Кейин у Алимардонга қаради-да, тағин қайтарди: – Марҳамат!
– Бўлмаса мен тўйхонага қайтаверайми?
Алимардон Шодивой ўзидан рухсат сўраётганини анчадан кейин тушунди.
– Бораверинг! – деди қайрилиб қарамай.
Улар пастак эшикдан эгилиб, ҳовлига киришди. Тағин чақмоқ чақди. Ҳовлидаги беш-олти туп олмаларнинг ёмғирдан қизарган шохлари, этакдаги қоронғи отхона бир зум ёришиб кетди.
Унинг юраги гупиллаб ура бошлади. Тубсиз алам, нафрат, алланечук ўкинч туйғулари аралашиб унинг вужудини ларзага солар, ҳеч нимани кўрмас, тусмоллаб қадам ташлаб борарди. Кабир отни қўйиб юборди-да, ўзи олдинга ўтиб йўл бошлади. Деразадан тушиб турган қизғиш нурни кесиб ўтиб, эшик олдига боришди.
– Қани, – Кабир эшикни очди. – Бемалол кираверинг.
Алимардон ҳамон ўзини босиб ололмас, чалкаш ўйлардан боши ғувиллаб, кўз ўнги хиралашиб кетган эди. Бора-бора у ўзини босиб олди. Кавшандозда туриб, бир лаҳза уй ичига назар ташлади. Пастак шифтга гулдор қоғоз қоқилган, ўртада осилиб турган кичкинагина лампочка ожиз нур сочар, токчалардаги чойнак-пиёлалар, қақир-қуқурлар ялтираб кўринарди.
Алимардон энди энгашиб, туфлисининг боғичини ечаётган эди, ичкари томондаги эшик ғийқиллаб очилди-да, дўмбоққина бола югуриб чиқди.
– Ада! Ада! – деди у янгроқ, ингичка овоз билан.
Алимардон кўпдан буён излаб юрган нарсасини бирданига топгандай беихтиёр қаддини ростлади. Бу овоз, ўзи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, аммо ўзига шу қадар қадрдон бўлган янгроқ овоз унинг қулоқларига ўқдай кирди.
Бола майкачан бўлиб олган, қоп-қора кўзлари шодликдан порлар, пешанасидаги бир тутам сочи ўзига қуйиб қўйгандай ярашиб тушган эди.
– Ада! – деди бола тағин ўша янгроқ оҳангда. Кейин қўлчаларини кенг ёзганча чопиб кела бошлади. Шу топда у онасининг оғзидан дон олаётганда қанотларини пирпиратиб турган қушчага ўхшарди.
Кабир кавшандозда чўнқайиб олганча қулочини кенг ёзди.
– Қани! Қани, оташ болам, бобош болам! Ачом! Ачом
– Ато-ом! – деди болакай ҳам ширин тил билан.
Ўғли қучоғига келиб урилиши билан Кабир даст кўтариб олди-да, юз-кўзларидан ўпа бошлади. Болакай дадасининг мўйлови текканидан қитиғи келган бўлса керак, ҳадеб қиқирлар, бошини орқасига ташлаганча қотиб-қотиб куларди.
Алимардон суратдай жонсиз бўлиб қолган, кўзлари ўтдай ёниб, уларга тикилиб турарди.
– Қани, амақинга салом бер-чи. – Кабир болани ерга қўйиб, мақтангандай Алимардонга қараб қўйди. – Катта йигит-да, бу! Ҳар куни дадасининг ишдан келишини пойлаб ухламай ўтиради.
Аммо болакай Алимардонга ётсираб қараб қўйди-да, катталардай қошини чимириб, ҳурпайиб олди.
– Вой, тентаг-эй, салом беришни эсингдан чиқариб қўйдингми? – Кабир кулди. – Ёввойи-да, амакиси, ёввойи бу. – Кейин Алимардонга қараб илтифот қилди. – Қани, ечининг, чиқинг. Мен отни арқонлаб қўяй. Ҳаммаёқни пайҳон қилиб ташлайди. – У ичкаридаги эшикка қараб қичқирди: – Ҳой, онаси, меҳмон келди!
Кабир чиқиб кетиши биланоқ Алимардон беихтиёр болага талпинди.
– Шавкат! – деди пичирлаб. У бутун борлиғи билан болага талпинар, шунча йилдан бери юрагининг тубида ожиз титраб турган нозик бир тор бор овози билан жаранглай бошлаган, энг баланд авжига чиқиб вужудини ларзага солар, турган ерида япроқдай қалтирар эди.
Алимардон бир қарашдаёқ оталик меҳри билан шу бола Шавкат эканини, ўзининг ўғли, ягона овунчоғи эканини аниқ билиб олганди.
У туфлисини ҳам ечмай, наматга оёқ қўйди. Икки қўлини олға чўзиб чақирди:
– Бери кел-чи, – деди овози титраб. – Менга ўғил бўласанми?
Бола ундан ҳурккандай ёнламаси тисарилиб-тисарилиб токча олдига бориб қолди.
Алимардоннинг кўксини тўлдирган бир нидо бўғзидан отилиб чиқди:
– Шавкат!
Бола алланарсани сезгандек, шартта бурилиб қаради, Алимардон унинг кўзларида ўзининг кўзларини аниқ кўриб, қичқириб юборди:
– Ўғлим!
Лекин шу ондаёқ ваҳима тўла яна бир қичқириқ бурилиб қарашга мажбур қилди уни. Бу оҳ чекишмиди, қўрқинч тўла нидоми, ҳар ҳолда, юракни ўртаб юборувчи бир ун эди. Алимардон қотиб қолди. Остонада одми кўйлак кийиб олган, бош яланг Муқаддам турарди. Унинг кўзлари катта-катта очилиб, ранги девор бўлиб кетган эди. Ҳа, бу Муқаддам эди. Бир вақтлар унинг ўзиники бўлган, ҳозир эса бир олами нарига кетиб қолган бегона Муқаддам эди.
Алимардон боши айланиб кетаётганини, кўз ўнгида хира ҳалқачалар пирпираётганини сезиб турар, ҳозир бир офат бўлишини, аллақандай даҳшат рўй беришини билар, аммо тили калимага келмас эди.
– Ўғлим! – деди у ниҳоят пичирлаб. Томоғи хиппа бўғилиб, гапиролмай қолди. Телбалардай силтаниб Шавкатга талпинди. – Шавкат, – деди титроқ қўлларини чўзиб. – Кел, болам. – У Шавкатнинг қаршисида чўккалаб қучоғини очди. – Кел, ўғлим… – деди пичирлаб. – Битта бағримга босай.
Бола лабини буриб тисарилди. Муқаддамнинг этагидан ушлаб орқасига яширинди.
Бу қандоқ бедодлик! Бу қандай жазо! ўғил ўз отасидан тонса! Шу ондаёқ даҳшатли бир ҳақиқат унинг юрагини қиймалаб ташлади. Нега тонмасин? ўзи ҳам қачондир боласидан тонган эмасмиди?
Алимардоннинг шунча йиллардан бери тош бўлиб кетган дийдаси бирдан эриб оқди. Ҳа, у кўпдан бери – Муқаддам кетиб қолганидан бери битта дард билан яшар эди. Бу дард кундузлари хаёлини, кечалари уйқусини олиб қочар эди! Энди билса – бу оталик дарди экан. Инсонликнинг қўл етмас баланд чўққиси экан! Мана, ўша дарднинг малҳами! Мана, ўғли! Мана! Шундоққина олдида турибди!
У Шавкатни маҳкам бағрига босиб олди. Унинг юз-кўзидан алланечук таниш бир бўй – ўз ҳиди анқиб турган сочларидан ўпа бошлади. Бахтиёр бир туйғудан тўлғаниб негадир жилмайди.
– Тентагим,… Мен сенинг отангман, билдингми, отангман!
Шавкат бирдан лаблари бурилиб йиғлаб юборди.
У чирқиллаб йиғлар, онасига талпинар, аммо Алимардоннинг қучоғидан чиқиб кетоламс эди.
– Йиғлама, Шавкат… – деди у пичирлаб. Боланинг юзларидан ўпа бошлади.
Шавкат баттар юлқиниб, оёқ-қўлларини силкитарди.
Тўсатдан Алимардон ўғлига озор бераётганани тушуниб қолди. Ички бир куч мажбур қилдими, қўйиб юборди.
Шавкат йиғлаганча яна онасининг этагига ёпишди. Муқаддам ҳамон тошдай қотиб турар, эси оғиб қолганга ўхшар эди.
Шавкат онасини қўйиб юборди-ю, чопқиллаб нариги уйга кириб кетди. Алимардон унинг силкиниб бораётган дўмбоқ қўлчаларини кўрди. У боланинг кетидан уч-тўрт қадам юрди-ю, тўхтаб қолди. Шундагина у бу бола ҳеч қачон ўзиники бўлмаслигини ҳис қилди.
– Шавкат! – У очиқ қолган эшикка қараб охирги марта сўниқ, умидсиз овозда пичирлади-да, ҳаммаси тамом бўлганини тушунди.
Шартта бурилди-ю, телбаларча икки ҳатлаб остонага тушиб қолди. Унинг кўзлари олайиб кетган, аммо ҳеч нимани кўрмас эди.
Эшикни тарақлатиб очди-да, ҳовлига отилди. Зимистон қўйнида Кабирга урилиб кетганини ҳам, югуриб бориб машинага ўтирганини ҳам сезмади.
Машинани кескин бурди-да, дарё-дарё сув оқаётган тор кўчадан елдириб кетди.
Машина шиддат билан қалтис тоғ йўлидан учиб кетди. Бир зумда қишлоқнинг тош деворлари орқада қолди.
Кўкда момақалдироқ фарёд солди. Чақмоқнинг бир лаҳзалик совуқ нури ғамгин бош эгиб турган тоғларни, ёмғирдан ялтираб кетган қизғиш қояларни, йўлнинг шундоқ чеккасидан тик тушиб кетган жаҳаннам жарлигида илондай биланглаб оқаётган сойни ёритиб ўтди. Аммо унинг кўзлари ҳеч нимани кўрмас, тасаввурида фақат бир нарса – ўз отасидан ётсираб йиғлаб, уйга қочиб кириб кетган Шавкат, унинг силкиниб бораётган дўмбоқ қўлчалари турар, аламдан вужуди қалтираб, оёғи оғриганига қарамай, бор кучи билан газни босар эди…
Машина шиддат билан елиб, икки четига омонат панжаралар ўрнатилган тахта кўприкдан ўтиб кетди. Кўприк ёғочлари лопиллаб, аянчли ғийқиллаб қолди. Йўлнинг энг хавфли жойи – энг чуқур жарлик яқинлашиб келарди.
Алимардон ҳамон газни босар, барбод бўлган умидлари ҳаққи, хазонга айланган умри ҳаққи, барча аламлари ҳаққи кўзларига ёш қуюлиб келарди. Нимаси қолди унинг! Нимаси қолди ахир?! Саҳнами? Шон-шуҳратми? Нима қолди ўзи! Нима?! Охирги, энг охирги умиди, танҳо суянчиғи юз ўгирди-ку ундан. Тағин нима керак энди?!
У ҳамон шиддат билан елиб бораркан, кўз ёшидан томоғи хириллаб, охирги марта пичирлади:
– Ўғли-им!
Тўсатдан у кўнглида хушнуд бир енгиллик сезди. Қалби сокин туйғуларга тўлиб-тошгандай бўлди-ю, рул чамбарагини чирпирак қилиб чапга буриб юборди.
Машина бир ёнбошга оға бошлади. Шундагина у хато қилаётгананини, ёмон иш қилаётгананини тушуниб қолди. Кўзлари даҳшатдан олайиб, тормозга ёпишди. Аммо машина аллақачон жаҳаннам лабига бориб етган эди.
Зум ўтмай даҳшатли сурон тоғ-тошларни ларзага солди. ўамгин қоялар қилиб қўйган гуноҳидан ўзи қўрқиб кетгандай инграб юборди… Бир нафас ҳаммаёқ жим бўлиб қолди.
Тоғ бағрига қанчадан-қанча сирларни яширишга ўрганиб қолган оқсоқол чўққилар кўклами бекор ўтиб хазон бўлган боласининг қисматига ачиниб бошини қуйи солди.
Қоп-қоронғи дара устида булутлар узоқ аза тутди.
* * *
Эртасига кечқурун Қонқус ёқасида – Алимардоннинг энг бахтиёр, энг покиза дамлари – болалик йиллари кечган ўша анҳор ёқасида жимгина мудраб ётган гўристонда яна бир қабр мунгли дўппайди. Ҳассакашлар гўристондан чиқиб кетаётганида янги мозорнинг ёмғирдан ивиган майин тупроғи уларнинг ортидан унсизгина жавдираб қолди.
…Ўша куни кунботар олдида ҳаво очилиб кетди. Уфққа қуёш қон сачратиб юборди. Анвар қабр устида узоқ қтирди. Унсиз йиғлади. Негадир шу оқшом офтоб жуда қийналиб ботди. Уфқ этагида узоқ осилиб турди-да, охири умиди узилгандай секин-секин ер ортига чўкиб кетди.
Яна бир неча кундан кейин яйраб-яшнаб баҳор келди. Гўристон ёнидан кескин бурилиб оқаётган Қонқус тошқин сувларини бағрига сиғдиролмай шовуллай бошлади. Ложувард осмон маконига қайтаётган турналарнинг қийқириғи билан тўлиб кетди.
Қабристон чеккасидаги қатор-қатор тераклар япроқ ёзиб ой нурида ҳазин шивирлади.
Тонг отиши билан жуфт-жуфт бўлиб олган қушлар безовта чирқиллаб инига хас-хашак ташиб қолди. Осмону фалакда якка-ёлғиз тўрғай нола чекди.
Сахий кўклам кўп қатори Алимардоннинг қабрини ҳам чечакларга буркади. Майсалар орасида очилган биттагина қизғалдоқ тонг шудрингига қадаҳ тутди. Эрта-индин тўкилиб кетиши, ўзидан на бир муаттар бўй, на мева қолишидан бехабар ял-ял ёнди…
1969 йил.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?