Электронная библиотека » Ўткир Ҳошимов » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Ўткир Ҳошимов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 28 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Алимардон Анварнинг Янги маҳалладаги шаҳар ҳовлисига кириб келганида худди шундай аҳволда эди. У бу ерга боши оғиб келиб қолди, аммо бари бир Анварнинг олдида бош эгишга мажбур бўлишини ўйлаб, ич-ичидан эзила бошлади.

Алимардон олди очиқ айвон тўрида – гулдор кўрпача устида ўтирганча атрофни соғинч билан тоомша қилар, бу ердаги ҳамма нарса унинг болалигини эслатар эди. Токчалардаги ялтироқ баркашлар ҳам, айвоннинг йўғон-йўғон, хийла сарғайиб қолган тўсинлари ҳам кўнглига яқин, қадрдон эди.

Бир вақтлар қиш кечаларида Алимардон далада зерикиб кетар, таътилда шу ерга келарди. Анвар билан кечгача уриниб ҳовли ўртасида қорбобо ясашар, кечалари худди шу айвон олдига чодир ташлаб қўйилар, улар танчага оёқ узатиб алламаҳалагача туршак чайнаб ўтиришарди. Тонг саҳарда уйғониб, ҳовондаги сопол товоқларни олишар, музлаган қаймоққа шоша-пиша қора нон бўктириб ейишарди.

У ўша дамларни эслаб, мийиғида кулиб қўйди. Ҳозир ҳам деярли ҳеч нима ўзгармаган. ўша айвон, ўша кафтдай ҳовли. ўртадаги ўша бир туп тут оқариб қолибди. Қарши томондаги болохонада Иқбол холанинг саришта қўллари билан ипга тизилган маржон-маржон гармдорилар осилиб турибди. Фақат болохона тагидаги уй ўзгарибди. Оқланибди, янги эшик ўрнатилибди, сирланган деразаларда келинлик нишони бўлган нафис дарпардалар…

Ошхонада Иқбол хола кўринди. У Алимардон кўникиб қолган майда-майда, чаққон одимлар билан келиб, лип этиб айвонга чиқди. Нон, қанд-қурс солинган патнисни Алимардоннинг олдига, хонтахта устига қўйди.

– Келганингиз қандоқ ярашиб турибди, – деди чўккалаб ўтириб нон ушатаркан. – Сантал раҳматлик шундоқ бўлиб кетганингизни кўрганида юраккинаси қоқ ушалмасмиди. Яратгандан ҳам айланай. Бандасини доим бир томондан қисиб қўяди-да! – У чой қуйиб узатди. – Олинг, айланай, бегоналарга ўхшаб ўтирманг.

Алимардон чойни оларкан, зимдан унга қараб қўйди.

“Анвар ўртамизда бўлиб ўтган гапларни айтганми, йўқми? – у Иқбол холанинг чеҳрасида ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини илғаб тинчиди. – Айтмаган…” – Иқбол хола деярли ўзгармаган эди. Ҳамон ўша меҳрибонлик, қоп-қора юзларида илиқлик. Фақат сочларининг оқи кўпайибди.

Алимардон кўпдан бери ерда – кўрпачада ўтирмагани учун оёқлари увиша бошлади. Кўзлари билан стул қидираркан, бирдан ўзининг ўзгариб кетганини, қандайдир бошқа одам бўлиб қолганини ўйлади.

– Анвар келиб қолармикан?

– Келади, ўргилай, ҳали-замон келиб қолади. – Иқбол хола овозини пасайтирди. – Келиннинг ойи – шу ой. Болам бояқиш хавотир олади-да. Ишдан чиқа солиб уйга югуради. Ўзиям бу уйда чақалоқ овози чиқмаганига иккам ўттиз йил бўляпти.

“Дарров болалик ҳам бўлишаётган экан-да!” – У бирдан яна ўзининг Шавкатини, унинг қийқириб кулишларини эслади-ю, юраги санчиб кетди. “Ҳозир йўлга киргандир”

Иқбол хола унинг чеҳрасидаги алам кўланкасини илғамади.

– Келин дўхтирга қатнаяпти. Эсон-омон қутулсин, кўп яхши чиқди-да, болам бояқиш… Сиз бемалол ўтириб туринг, қоқиндиқ! – Иқбол хола яна ўша илдамлик билан ўрнидан туриб, ҳовлига тушди.

Кунботар олдидан ҳаво қизиб кетган, дим эди. Чор-атрофдаги тунука томлардан чиққан ҳарорат ҳовли ичига қамалиб қолгандай туюлар, тутнинг қилт этган шабадага зор япроқлари ғамгин шалпайиб турарди.

Ҳовли юзида яна Иқбол хола кўринди. У кўйлагининг этагини липпасига қистириб олганча пақирлаб сув сепа бошлади қизиган тупроқнинг майин иси гуркиради. Бир ҳовуч сув айвоннинг пишиқ ғиштдан урилган пойдеворига сачради-да, шимилиб кетди.

Алимардон секин ўрнидан турди. Увушиб қолган оёқларини ёзиб, керишди. Унинг кетгиси келарди…

Алимардон Анварни қадам товушиданоқ таниди. Чеҳрасига қалқиб чиққан аламли ифодани яширишга уриниб, бурилиб қаради.

Анвар айвон олдидаги ғиштин йўлакнинг ўртасида таққа тўхтади. Унинг чеҳрасида ҳайрат ифодаси қотиб қолган, чамаси, Алимардоннинг келишини ҳеч кутмаган эди.

– Ол, қасдингни олмайсанми?! – пичирлади Алимардон ундан кўз узмай тураркан. Шу топда у Анварнинг тўлишиб, улуғвор бўлиб қолганини пайқади. У бошқаларнинг, айниқса, шу йигитнинг ўзидан устунроқ бўлишига чидаб туролмас эди.

– Кетайми? – деди у лабларини заҳарли қимтиб.

Анвар худди шу гапни кутиб тургандай яқин келди. Пастдан туриб қўл чўзди.

Алимардон унинг қўлини парвосизгина қисаркан, яна кинояли бир хаёл кўнглига шарпа солиб ўтди:

“Ўзбекчилик қиляпти. Бўлмаса аллақачон ҳайдаб юборарди”.

– Ўтир, – деди ниҳоят Анвар кўрпачага имо қилиб.

Икковлари ёнма-ён ўтиришди.

– Қачон келдинг?

“Тулкилик қилма!” – деб ўйлади Алимардон унга бурилиб қараб. Аммо Анварнинг хотиржам кўзларига кўзи тўқнашди-ю, бепарво жавоб берди:

– Ҳозир… Кетмоқчи бўлиб тургандим.

Анвар анчагача индамай ўтирди. У айвоннинг йўғон устунига тикилиб турар, чамаси, муҳим бир нарсани айтгиси келар, аммо керакли сўзларни топиб ололмасди. Ниҳоят, ҳовли томонга шошилинч қараб олди-да, Алимардоннинг кўзларига қараб сўради:

– Муқаддамда нима қасдинг бор эди?

Алимардон ич-ичидан сесканди. Истеҳзо билан кулиб кўзларини олиб қочди.

– Хурсанмисан?..

Анварнинг кўзлари чақнаб кетди. Ранги қув ўчиб, лабини тишлади. ўша тўйга айтиб борган куни Муқаддамнинг оғироёқ эканини кўрганида сўна бошлаган ўт, Эътибор оғироёқ бўлганидан бери бутунлай сўнган эди.

– Ҳалиям одам бўлмабсан!.. – деди у овози титраб. – Боланг бор, ахир…

У Алимардоннинг энг нозик ярасига тегиб кетди. Алимардон бу ерга ҳам фақат мана шунинг учун – боласи туфайли келган эди. У Анвардан енгила бошлаганини ҳис этиб, лов этиб ёнди.

– Жиғимга тегма! – деди тишлари қисирлаб.

Анвар унинг аҳволини тушунди. Анчагача ўйланиб ўтирди-да, шу топда айтиш керак бўлган энг зарур гапни топди:

– Юр, Муқаддамларникига борамиз… – у бир лаҳза ўйланиб давом этди: – Ё ойимлар борсинларми?

Алимардон бу ерга худди шунинг учун келган эди. У юрагининг бир бурчида, энг ашаддий душмани бўлса ҳам мана шу Анвар ёрдам бериши мумкинлигини биларди. Шунда ҳам ўзидан паст деб юрган кишисига бўйин эггиси келмади.

– Кераги йўқ!

Анвар унинг сидқидилдан гапирмаётганини тушунди шекилли, яна қистади:

– Кеч бўлиб кетяпти, тур…

Улар Иқбол холанинг тайёр ошини ташлаб чиқиб кетишди…

Тор кўчалар чанг-тўзон, болалар қий-чув солиб мактабдан қайтишарди.

Алимардон руль чамбарагидан ушлаганча кўча бошида турар, Анвар кириб кетган ўша кўкиш эшикка қараб-қараб қўяр, кетма-кет сигарет тутатарди. У ҳаммадан ҳам Муқаддамни кўрганида ўзини йўқотиб қўйишидан ваҳимага тушар, совуқ гаплашиб, унинг ўзини айбдор қилиб қўйиш, ялинтириш кераклигини ўйлар эди.

Оқшом қуюқлашиб кетди. Кун бўйи ўз ташвиши билан елиб-югурган шаҳар устига тунннинг қора қуши келиб қўнди. Одамлар бир оз тинчиб қолишди. Осмонда якка-ёлғиз шошқалоқ юлдузлар ёнди. Деразаларда чироқлар парпиради. Телевизорли уйлар дарчасидан кўкиш нур ёғила бошлади. Кўл четидаги боғда сурнай садолари янграб кетди. Шабада аллақаердан ёзлик кинотеатр карнайнинг овозини олиб келди. Ҳар ким ўз кўнгли тусаганча дам ола бошлаган эди.

Фақат битта ҳовлида – Анвар кириб кетган уйда тошдай сукунат қотган, тиқ этган товуш эшитилмас, гўё Анвар ҳовлига киргану аллаким қазиб қўйган тубсиз чуқурликка тушиб йўқолгандай эди.

Алимардон ғижиниб машинадан тушди. Энди олдинга бир қадам босган эди, эшик занжирнинг шиқирлагани эшитилди. У биров келиб ёқасидан оладигандай шошилиб машинага кирди. Эшикни тарақлатиб ёпиб олди.

Узоқдан Анварнинг оқ кўйлаги кўринди. У ёлғиз ўзи келар, ҳеч қаёққа қарамай, елкасидан оғир юк босган одамдай оғир-оғир қадам босарди.

“Йўқ дебди!” – Алимардон юзлари ўт бўлиб ёниб кетганини сезди-ю, ғазабдан томири тортишаётган қўллари билан моторни юргизди.

Анвар унинг ёнига оғир чўкди-да, индамай ўтираверди: Алимардон нимқоронғиликда унинг ранги ўчиб кетганини, кўзларида тубсиз бир ғусса борлигини сезди.

Машина бир сапчиб елиб кетди.

– Хўш? – Алимардон овози хириллаб сўради. – Нима деди?

Анвар яна узоқ жим кетди. У ўзини босиб олишга уринаётганини Алимардон билиб турарди.

Ҳозиргина сув сепиб ўтилган катта кўчага чиқиб олишгандан кейин Анвар унга қараб қўйди.

– Тўхтат машинангни! – деди овози хириллаб.

Алимардон тормозни таққа босди.

Анвар пешанаси билан олд томондаги ойнага урилиб кетай деди. Унинг кўзлари қоронғида чарақлар, важоҳати хунук эди.

– Муқаддам қишлоққа кетибди, – деди овози қалтираб. – Бутунлай кетибди – У боядан бери бўғзига тиқилиб турган гапни энди айтди: – Сенинг шунчалик ҳаромлигингни билганимда бу ерга келмасдим! Ҳайф сенга оталик!

Алимардоннинг қалбидаги энг нозик тор узилиб кетди. У фақат мана шу гапдан, биров ўғлини эслатишидан даҳшатга тушарди. ўазаб ичида Анварни ёқасидан олмоқчи бўлди-ю, кечикди. Анвар аллақачон ерга сакраб тушган, эшикни силтаб юборган эди. Эшик тутқичи Алимардоннинг қўлига қарсиллаб урилди. Зум ўтмай Анварнинг оқ кўйлаги зулмат ичига шўнғиди.

– Шунақами? – Алимардон алам билан пичирлаб газни босди. – Шунақами ҳали! – У шиддат билан машинасини елдириб кетди. – Ҳаромликни мендан кўрсин! Қишлоқққа кетиш мана бунақа бўлади! Бутунлай кетиш мана бунақа бўлади!

У кучи борича газни босар, машина қутуриб кетгандай у ёқ-бу ёққа силкиниб, гавжум кўчалардан учиб борар, сийрак ўркинчилар қўрқув ичида ўзини четга отишарди.

* * *

Мудҳиш бир туманлик ичида адашган икки йил ўтди. Алимардон қанча май ичганининг, қанча аёллар билан улфатчилик қилганининг ҳисобига етмади. Бир кўнгли Кларага уйлангиси келди-ю, айниди. Энди у телевизорда кам кўринар, концертларда онда-сонда чиқиб қолар, одамлар ўзини олқишламаётганини кўриб жини қуришар, лекин одамлар ҳам энди унга зор эмас эди!

Энди у ягона бир насранинг – пулнинг ҳисобини биларди. Пул учун дунёнинг нариги чеккасига боришдан ҳам тоймас, тўйларда тонготар ашула айтиб, хириллаб қоларди.

Ҳушёр пайтларда у ўзининг аҳволини ўйлаб қарар, назарида даҳшатли туш кўраётганга ўхшаб кетар эди. Гоҳо у уйғониб кетишни жуда-жуда хоҳлар, пулдан ҳам, қарсаклардан ҳам, мастона ўтиришлардан ҳам – ҳамма-ҳаммасидан воз кечиб ўтмишга, покиза ўтмишига, ўз баҳорига қайтишни орзу қилар, аммо қайтиш йўлини тополмас, яна май билан таскин берарди ўзига.

Бу орада Зуфар Ходиевич пенсияга чиқиб кетди. Театрдагилар уни алланечук меҳр билан кузатдилар. Шунда Алимардон ҳам бу одамни яхши кўришини биринчи марта ҳис қилди…

Ора-чора Анвар келиб турарди. Алимардон аввалига рўйхуш бермай юрди-ю, кейин кўникиб кетди. Улар ўтмишлари ҳақида, болалик хотиралари тўғрисида узоқ-узоқ гаплашиб ўтиришарди. Анвар гоҳи-гоҳида чопқиллаб юрадиган бўлиб қолган қизчасини кўтариб келарди. Шундай пайтларда Алимардоннинг кўз ўнгида каравотчасида қийиқриб ётган Шавкат пайдо бўлар, азобли соғинч туйғусидан титраб кетар эди. Анвар ҳар гал ьбир нарсани қистар, “Муқаддам билан ярашгин”, деб тайинлар эди. Алимардон ҳам ҳарп гал бир хил жавоб берарди: “Керак бўлса ўзи келсин!” – Шундоқ дерди-ю, кечмиш кунларини қўмсаб, дили ўртанаётганини билиб қоларди.

Шундай кунлардан бирида Алимардон эсини таниганидан буён биринчи марта ўзга кишидан енгилди. У йўлида учраган ҳар қанақа ғовни босиб-янчиб ўтишга, доимо ғолиб чиқишга ўрганган эди. Шу куни енгилди. ўзи “сўтак бола” деб юборган ўша Мутал Қодировдан енгилди!

Эрта билан вокзалга келди. Йўқ, унинг кутадиган ҳам, кузатадиган ҳам одами йўқ эди. Шунчаки, боши айланиб келиб қолди. Вокзал биноси олдидаги қаҳвахонага кирди-да, дераза ёнида турган стол қаршисида ўтирганча одамларни кузата бошлади.

Ҳаво тунд, салқин эди. Майдондаги гулзорда дакана танғиган хотинлар чўнқайиб ўтиришар, чамаси, хонаки гунафша экишарди. Энг сўнгги қор эриб кетган, асфальт майдон қуриб қолган, такси бектида одамлар машина талашарди.

Вокзал гавжум, майдончадаги скамейкалар тўлиб кетган. Биров чамадонга ёнбошлаб мудрар, биров папирос тутатиб, хаёл суриб ўтирар, бошқалар дўкондан китоб танлар эди. Ана, қизил жемпер кийган бир хотин кўксини рўмоли билан яшириб бола эмизиб ўтирибди. Унинг ёнидаги семиз киши бепарво газета ўқийди. ойнабанд эшик олдида турган йигит кўкиш ёмғирпўш кийган қиз билан оҳиста суҳбатлашади. Қиз шодон кулиб қўяди. Чамадон кўтарган, қоп орқалаган одамлар зир югуришади. Бетоқат бақириб-чақиришади. Кўк шапка кийган темир йўл хизматчилари чамадон юкланган аравачаларини ғизиллатиб ўтиб қолишади…

Алимардон уларни кузата-кузата кулиб қўйди. Ажаб, қаёққа шошилади бу одамлар? Мунча зир югурмаса булар! Қаёқа талпинади? Бари бир борар манзили битта-ку!

Навбатчи аллақайси поезд келганини эълон қилди. Одамлар тағин ҳам чаққонроқ бўлиб қолишди. Кепкасини бостириб кийиб олган бир йигит каттакон гулдастани силкитганча перрон томонга чопиб кетди. Хотининими, севгилисиними кутиб олаётган бўлса керак.

Алимардон кимдир ўзини чақирганини анчадан кейин эшитди. Бурилиб қаради-ю, қаршисида хиёл эгилиб турган Мутал Қодировни кўрди. Мутал спортчилардек таранг, кулранг жемпер кийиб олган, шунинг учун бўлса керак, гавдаси янаям ихчамроқ кўринарди.

У салом берди-да, Алимардоннинг қаршисига ўтирди.

– Наманганга, қишлоққа борган эдим. Поезддан ҳозир тушдим, – деди Мутал ингичка бармоқлари билан жингалак сочларини тараб. Кейин узр оҳангида давом этди: – Қарасам, сиз ўтирган экансиз…

Алимардон ғижиниб юзини ўгирди. У бу йигитни ёмон кўришини яшириб ўтирмас, театрдами, кўчадами дуч келиб қолса тескари қараб ўтиб кетарди. Алимардон бир кун эмас бир кун томошабинлар уни ҳам қўғирчоқни ўйнаб-ўйнаб, зериккандан кейин улоқтириб юборган боладек унутишларини кутар, аммо ниятига етолмас эди. Мутал унинг кўз ўнгида кун сайин ўсиб борар, ҳеч қачон бошқалардан олдинга ўтиб олишга уринмас, шунинг учун бўлса керак, энг олдинда ярақлаб кўриниб турарди.

– Бировни кутяпсизми?

Алимардон унинг гаплашгиси келиб турганини пайқаб яна ижирғанди.

– Ҳа, сизни кутиб ўтиргандим! – У Муталнинг ҳамон болаларча содда нур аримаган кўзларига тикилиб туриб, аччиқ кулди. – Менга бир насиҳат қилиб қўймайсизми? Театрдан гапиринг! Станиславскийдан лекция ўқинг!

Мутал унга ўйчан қараб қўйди-ю, индамади. Анчагача икковларидан садо чиқмади. Алимардон қўли билан дераза томонга имо қилиб яна кулди.

– Одамларни томоша қиляпман. Улар сизни ҳар куни томоша қилади. Сиз ҳам бир томоша қилинг, ахир. Одамларни яхши кўрасиз-ку! – У Муталнинг кўзларига тикандек қадалиб сўради: – Яхши кўрасизми, ахир?

Мутал бошини оҳиста силкитди.

– Ана, баракалла! – Алимардон ҳузур қилиб кулди. – Шулар орасида бугун сизга гулдаста тутиб, эртага унутиб юборадиганлар бебурдлар борлигини биласизми?

Мутал бошини қуйи солганча кафти билан стол устидаги нон ушоқларини бир чеккага йиғиштира бошлади. Узоқ ўйлаб турди-да, бир қарорга келгандек ишонч билан бош кўтарди.

– Биламан. Лекин шулар орасила минг йиллардан буён “Муножот”ни, “Чўли ироқ”ни чалиб келаётган, Навоийнинг ғазалларини боласига ўргатиб келаётган одамлар кўп-ку! Ахир, ўзингиз халқ қўшиқларини яхши кўрасиз-ку! Шунақа ашулаларни қайта-қайта айтгансиз-ку!

Алимардон у билан ҳеч қачон шунақа дангил гаплашмаган эди. “Тилинг бурро-ку” – деб ўйлади ҳамон эрмак қилиб жилмайиб тураркан. Кейин парво қилмагандек қўл силтади. Шоша-пиша вокзал биносига ёпирилиб кираётган одамларга имо қилди.

– Мана шуларнинг ичида бултурги олмани уч баҳосига пуллаш, худди ўзига ўхшаган одамларни лақиллатиш учун йўлга чиққанлар йўқми? Эрининг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, бегона эркакнинг сочини искаш учун курортга кетаётган хотинлар йўқми? Нечтасини топиб берай?

Мутал бу сафар ҳам унга хотиржам қараб қўйди.

– Бор…

Алимардон мамнун қиёфада столни шатиллатиб урди.

– Ҳар ким ўзининг ҳузурини ўйлайди. Сиз халққа хизмат қиляпман, ном қозоняпман, деб керилиб юрибсиз. Булар бўлса сизни саҳнага чиқариб қўйиб, юрагининг ҳовурини босади.

Мутал секин хўрсиниб қўйди. Болаларча содда юзида армон кўланкаси пайдо бўлганини кўриб, Алимардон ич-ичидан кулди. “Сўтаксан ҳали, қўғирчоқсан! Пайти келиб кўзинг мошдек очилади!”

– Қишлоғимизнинг тепасида Қодиробод деган боғ бор, – деди Мутал унинг гапини эшитмагандек. – Кеча ўша боққа бордим. Бир вақтлар отам адирдан юз гектар жой очиб, боғ қилган экан. ўлганидан кейин боғни отамнинг номига қўйишган. – У деразадан майдонга ўйчан қараб қўйди. – Мардон ака, мен отамни танимайман. Фақат битта сурати қолган. Денгизчиларнинг кокилли шапкасини кийиб тушган сурати.. Урушдан кейин бир одам отамнинг қандай ўлганини онамга гапириб берганини эшитиб қолганман. – У негадир ҳорғин қиёфада жилмайиб қўйди. – Зерикмадингизмия?

– Гапираверинг, – деди Алимардон яна эрмак қилиб. – Сиз билан кўпдан буён гаплашмаганмиз.

Мутал унинг киноясига парвосизгина қараб қўйди.

– Отам сувости кемасида хизмат қиларкан. Бир куни қирғоққа разведкага чиқишибди. Немислар отам билан ўша одамни ушлаб олибди. Кейин отамнинг оёғини осмондан қилиб, қайиқ орқасига боғлашибди-да, сувга ташлашибди. Отам типирчилаб-типирчилаб тинчиб қолганидан кейин денгизга улоқтириб юборишибди.

Алимардон бўғзига сув тиқилиб типирчилаётган одамни тўсатдан кўз ўнгига келтирди-ю, вужуди музлаб кетди.

– ўша пайтда, – деди Мутал ўзига-ўзи гапираётгандек, – отам сиз айтаётган ифлос одамларни эмас, чинакам инсонларни ўйлаган бўлса керак… Отамнинг битта хатини ҳамон асраб юраман, – деди Мутал анчадан кейин хўрсиниб. – “Дунёда одамларни яхши кўришдан каттароқ бахт йўқ”, деб ёзган экан отам ўша хатида.

Орага жимлик чўкди. Ҳали кун эрта бўлгани учунми, қаҳвахонада одам сийрак, столлар бўш, атроф жимжит эди.

– Онам бошқа турмуш қурмади, – деди Мутал ўйланиб. – Аввалига бу нарсада ҳеч қандоқ сир йўқдек эди. Онам бўлганидан кейин мен учун яшасин-да, деб ўйлардим. Мана, ўзим ҳам уйландим. Болалик бўлдим. Онамнинг қадрини энди била бошладим. Мени деб ҳамма нарсадан воз кечиш осон бўлмаганини энди тушундим.

“Нима кераги бор шу гапларнинг!” – деб ўйлади Алимардон кўнгли чўкиб. У бояги эрмак қилувчи кулгилари йўқолганини, Муталнинг гапларига илк марта жиддий эътибор бера бошлаганини ўзи ҳам сезмай қолди. Унинг кўз ўнгида онаси жонланди. Қизиқ, у ҳеч қачон онасини ўйламаган экан. ўлганидан кейин ҳам, онам мен учун яшаган эди-ку, деган гап хаёлига келмаган экан. Ахир, унинг отаси ҳам урушда ўлганди-ку! Унинг онаси ҳам, шу болам одам бўлсин, деб ярим кўнгил билан ўстирган эди-ку. Наҳотки, мана шу бола билган гапни у тушунмаса!

– Бунақа оналар кўп бўлса керак, – деди Мутал унинг хаёлини уқиб тургандек. – Билмадим, нимагадир мен шунақа деб ўйлайман.

Алимардон шу топда нимадир дейиш кераклигини билар, аммо гапиролмас эди. Узоқ вақтлардан бери, онаси вафот этганидан бери биринчи марта унинг маъюс боқишларини аниқ тасаввур этди. Кейин негадир Шавкатни, ўзининг Шавкатини кўз ўнгига келтирди-да, тағин кўнглида ўша аёвсиз соғинч дарди уйғонди.

– Мен одамларни яхши кўраман, – деди Мутал унга парво қилмай. – Йўқ, отамнинг васияти туфайли эмас. ўзим яхши кўраман. Одам боласи туғилган пайтиида покиза бўлади-ку. Унинг умрбод шунақа покиза бўлиб қолиши сизга, менга, ҳаммага боғлиқ эмасми?

Алимардон алланима демоқчи бўлди. Мутал яна гапиртирмади.

– Алимардон ака, мен сизнинг қўшиқларингизни ўрганиб ҳофиз бўлганман, – деди Мутал унга маъюс боқиб.

Алимардон унинг рост гапираётганини бир қарашдаёқ пайқади. Аммо ҳеч нима демади. Чамаси, Муталга ҳам буларнинг ҳаммаси бари бир эди.

– Сизга насиҳатгўйлик қилишга ҳаққим йўқ. ўзингиз биласиз, дунёга келгандан кейин бирон-бир мақсади бўлиши керак-да одамнинг. Сиз айтгандай томошабинларнинг қарсагини эшитиш, ном қозонишга ишқибоз эмасман. Дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Яна эллик йилдан кейин биров мени эслайдими, йўқми, унисини билмайман. Менга бунинг қизиғи ҳам йўқ. Мен юрагимдаги хурсандчиликни ҳам, аламимни ҳам одамларга – томошабинларга тўкиб соламан. Менинг ашула айтишдан мақсадим шу…

…Алимардон Муталнинг қачон туриб кетганини билмади.

Шу топда аламли бир муаммо унинг юрагини ўртар эди. Наҳотки, мана шу бола, куни кеча ўзининг қўшиқларини ўрганиб, саҳнага чиққан мана шу гўдак билган нарсани Алимардон билмаса? Наҳотки, Алимардоннинг шунча меҳнатлари бемақсад кетган бўлса?! Наҳотки, у дунёга келиб, дурустроқ ният билан яшамаган бўлса?

Қаҳвахонанинг ичи шовқин-сурон бўлиб кетди. Бир тўда ёш-яланглар сотувчининг атрофини ўраб олишди.

Алимардон аста ўрнидан турди-ю оғир-оғир қадамлар билан зиналардан тушиб кетди.

* * *

Алимардон тағин муаллақ туманлик ичида қолди. Калаванинг учини излаб кўрди-ю, тополмади, охири Муталнинг ўша кунги гаплари шунчаки валдирашдан бошқа нарса эмасдек туюла бошлади. Яна ўша сархуш кечалардан таскин излади. Аммо топмади. Тополмади.

Мана шу боши берк кўчанинг энг ичкарисида ожизгина нур йилтиллаб турар, ингичка ип бўлиб, келажакка боғланаётгандек эди… Бу нур – Шавкат эди! Икки йил ичида у ёлғиз мана шу нур умидида яшади. Қизиқ, у ўта қувончли ёки ўта ғамгин дамларида Шавкатни эслар, каравотчасида оёқ-қўлини силкитиб, қийқириб ётган ўғли хаёлида шундоқ жонланар, ҳозир унинг катта бўлиб қолганини, чопқиллаб юриб кетганини, бижилдоқ болакай бўлганини тасаввур этишга уринар, аммо ҳеч кўз ўнгига келтиролмас эди.

“ўзи келади, – дерди у Муқаддамни ўйлаб, – бола бор, бир куни келади”

Лекин Муқаддам келмади. Бир куни унинг ўрнига Алимардонни судга чақириб қоғоз келди.

Алимардон хафа ҳам бўлмади, қувонмади ҳам. Фақат бир нарса, Шавкатни кўриш истаги уни суд эшигига етаклаб борди. У машинасини суд биносининг соясига қўйди-да, иккинчи қаватга кўтарилди. Йўлак бўйлаб бораркан, ўзининг ҳаяжонланаётганини, ранги қув ўчиб кетганини сезди. Юраги гурсиллаб урганча атрофга аланглаб, Муқаддамни, тўғрироғи, Шавкатни излай бошлади. Йўлак бўм-бўш эди.

У тўғридаги эшикни очди-ю, энг аввал Муқаддамни кўрди. У хона ўртасидаги узун скамейканинг бир чеккасида эшикка орқа ўгириб ўтирарди. Муқаддам қора атлас кўйлак кийиб олган, бош яланг, сочи турмакланган эди.

Алимардон бир лаҳзада хонани кўздан кечириб чиқди. Тўрдаги алвон ёпилган стол қаршисида тепакал, озғин киши ўтирар, ёнидаги кўзойнак таққан кекса хотинга алланималарни оҳиста гапирарди. Ўн томондаги столда эса котиба қиз аллақандай қоғозларни тўлдирарди.

Алимардон ўзини мажбур этиб дадил-дадил қадамлар билан юриб келди-да, скамейканинг бериги четига ўтираркан, Муқаддамга қараб қўйди. Муқаддам ҳам унга ўгирилиб қаради. “ўзгармабди”, деб ўйлади Алимардон кўзларини олиб қочмасликка уриниб. Ҳамон ўша эгик, узун киприклар, ҳамон ўша тиниқ чеҳра… Алимардон унинг чиндан ҳам чиройли эканлигини ўйлади-ю, шошилиб юзини ўгирди. Бу одам энди унга бегона…

Тепакал судья Алимардонни сўроқ қилди. У нималар деганини ўзи билмади. Кўнглида кечмишнинг тотли дамларини қўмсаш туйғуси уйғониб, яна азоб бера бошлади. Муқаддамнинг илк бора ўз уйига кириб келгани, илк марта бағрига босгани… Соддагина, бўйсунувчан хотин бўлгани… Шавкат туғилганилда қувонганлари… Ниҳоят, эшикни қарс ёпиб, остонадан ҳайдаб юборганини эслади-ю, “Муросамиз тўғри келмади. Менга боламни қайтарса бўлди”, дегандай жавоб қилиб жойига ўтирди.

Кейин Муқаддам ўрнидан турди.

У ҳам энг аввало илк бора Алимардоннинг уйига кириб боргани, тўй бўлгани, унинг мана шу қайсар сочларини силаганини ўйлади. Кейин Шавкат кўз ўнгига келди. У, шаҳардан сенга уч ғилдиракли велосипед олиб келаман, деб уйдан чиққан эди. Кейин тағин Мардон акаси билан кечирган кунларини эслади. Охири кўз ўнгида ўзининг тўшагида ўтирган ярим-яланғоч хотин пайдо бўлди-ю, бир оғиз “йўқ, бирга яшолмайман”, деб жавоб берди.

Судья билан маслаҳатчи хотин узоқ насиҳат қилишди. Аммо натижа чиқмади. Охири суд ажратишга, болани онасида қолдиришга қарор қилди. зум ўтмай хона бўм-бўш бўлиб қолди.

Алимардон қизил бахмал ёпилган стол, шойи дарпарда тутилган пастак деразадан кўз узмай узоқ ўтирди. Кейин бирдан сакраб ўрнидан туриб кетди. Юраги гурсиллаб урганча иккинчи қаватдан ўқдек отилиб тушиб, кўчага чиқди. Йўлка чеккасидаги хонаки арча орқасига ўтиб кетаётган Муқаддамнинг қора атлас кўйлагини кўриб қолди-ю, цемент ариқчадан ҳатлаб ўтиб кетидан югурди.

– Тўхтанг… – У аввалгидек “Муқад” демоқчи бўлди-ю, нафаси қисилиб такрорлади: – Тўхтанг, Муқаддамхон!

Муқаддам ярим ўгирилб қаради, “Нима гап?” дегандек киприкларини пирпиратиб, қошини чимирди. Алимардон икки қадамча берида тўхтади.

– Шавкат қани? – деди у нафасини ростлаб ололмай.

Муқаддам унга маъносиз қараб қўйди.

– Уйда, қишлоқда…

– Қачон кўраман, қачон?! – Алимардон ўзининг ўтинч оҳангда гапирганини пайқаб, ғижиниб кетди. – ўғлимни беркитишга ҳақингиз йўқ! – деди овози титраб. – Мен унинг отасиман.

Муқаддам унга яна маъносиз бир назар ташлади.

– Сиз унга ота бўлолмадингиз! – У кескин бурилди-да, бекатга келиб тўхтаган троллейбус томонга югурди.

Алимардон етиб боргунча троллейбус юриб кетди. У ғазаб билан орқасига қайтди. Суд биноси олдида турган машинасига ўтирди-да, троллейбуснинг кетидан шиддат билан қува бошлади. Зум ўтмай етиб олди.

Алимардон троллейбуснинг катта-катта деразаларига қараб ўтди-ю, кейин бирдан ҳафсаласи пир бўлди.

“Қаёққа боради? Муқаддамнинг уйигами? Нима учун? Хор бўлиш, ҳайдалиш учунми?!”

У газни босганча шиддат билан елиб кетди. Ресторан эшигига келганидан кейингина ҳушини тўплаб олди. Бир лаҳза иккиланиб турди-ю, ичкари кирди.

* * *

Уч ойдан кейин у Муқаддамнинг эрга текканини эшитди. Консерваторияда бирга ўқиган курсдоши шу хабарни топиб келди. Ойнатоғга борганида Муқаддамнинг ўзини кўрмабди-ю, биттасидан эшитганмиш. ўша ерлик Кабир деган бир ўрмончи агроном қайта-қайта совчи қўяверганмиш. Муқаддам, ёлғиз боламни бировнинг қош-қовоғига қаратиб қўймайман, деб рози бўлмаганмиш. Йигит бўлса югура-югура охири Муқаддамни кўндирганмиш.

Ажаб, Алимардоннинг кўнгли энди таскин топгандек бўлди. Гўё худди шу хабарни кўпдан буён кутиб юргандай эди. Фақат ўша кундан бошлаб кўнглида тубсиз рашк уйғонди. Қалбининг энг чуқур яраси – ўғли қолдирган яра чидаб бўлмас азоб бериб ачишиб кетди. У Шавкатнинг бошқа бир одамни ота деб чақиришига тоқат қилолмас, асло, асло чидоламс эди! Бу яра кун сайин чуқурлашиб борар, Алимардон кечалари мижжа қоқмай тўлғаниб чиқар, ўғлини қандай қилиб бағрига қайтариш йўлини ўйлар, лекин тополмас эди. У кечалари турли режалар чизиб чиқар, тонг отиши билан бу режаларнинг ҳаммаси бемаъни эканини, рақибининг остонасига бош эгиб бориши мушкул эканини билар, ўғлини қайтариш учун яна янги режаларни излар эди. Унгас айин қалбининг яраси тағин ҳам чуқурлашар, ўз хунини кундан-кун қаттиқроқ талаб қиларди.

Ниҳоят, шундай кун етиб келди. Ниҳоят, Ойнатоғга боришга баҳона топилди.

Кечқурун Алимардон ҳар сафаргидай “Тошкент” ресторанига кирди. Официанткалар уни таниб қолишган, ёлғиз ўзи ўтиришни ёқтиришини билишар, кириши билан олдига коньяк келтириб қуйишарди.

Учинчи қадаҳдан кейин унинг фикри тиниқлашиб, атрофга разм солди. Бугун ресторанда одам сийрак, аммо залда одатдагидек оркестр жаз чалар, қувноқ садолар дунё ташвишларини унутишга, бир нафас маст бўлишга ундаётганидай ҳайқирарди!.

Алимардон яна икки қадаҳ ичди. Лимон билан газак қилди. Энди унинг қулоқлари гувуллаб, ширин, мастона кайфиятга берилди. Супачада кимдир рубоб чалиб, ашула айта бошлади. Алимардон хонанданинг бўғиқ овозидан ғижиниб, қайрилиб қаради.

Қизил свитер кийган гавдали йигит микрофон олдига келиб, оёқларини жуфтлаганича қаққайиб турар, рубоб чалиб аллақандай шўх ашулани айтар эди.

“Консерваториядан қочган сўтаклардан бўлса керак!” Алимардон жаҳл билан афтини бужмайтириб, яна қадаҳни тўлатди. Икки марта кетма-кет ичди.

Бирдан мастона шов-шувлар орасидан унинг қулоғига жуда таниш, жуда азиз бир оҳанг эшитила бошлади. Бу куй қаердадир жуда олисларда қолиб кетган, юрагидан изи ўча бошлаган ширин туйғуни қитиқлади-ю, лекин қаерда эшитганини эслай олмади.

Тўсатдан у ўрнидан туриб кетди. Ахир, бу ўзининг куйи-ку! ўзининг ашуласи – “Йигит қўшиғи”ку!

Алимардон ашулачига бир қараб қўйди-ю, ҳолсизлангандек жойига ўтирди. Энди йигитнинг овози бўғиқлиги ҳам билинмас, Алимардон бошини қуйи солганча диққат билан эшитар, қўшиқнинг ҳар бир сўзи унда жуда узоқ – қайтиб келмас манзилларга кетиб қолган дамларини эслатарди. Қўшиқ садолари унинг қулоғи тагида борган сайин қаттиқроқ жаранглар, дунёдаги ҳамма насрани – майни ҳам, пулни ҳам, ташвишларни ҳам унутишга, ўтмишни, ширин ўтмишни эслашга мажбур қила бошлади.

 
На қувончу, на ишончу, на кўнгилдан очма гап,
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмакдаман…
 

Ажаб, Алимардон қўшиқни неча марталаб айтган экану, аммо бу сўзларга эътибор бермаган экан. Тўсатдан унинг кўнгли чўкиб, чидаб бўлмас бир изтиробда тўлғана бошлади. Кафтини пешонасига босганча, кўзларини чирт юмди-да, пичирлаб қайтарди:

 
На қувончу, на ишончу, на кўнгилдан очма гап…
 

Илк бора шу қўшиқни айтган куни остонада ўзига тикилиб турган Муқаддам кўз ўнгига келди. Кейин яна Шавкатни эслади.

Шу он ашулачи худди унинг қалбидаги ҳасратларни билиб тургандек, яна дона-дона қилиб қўшиқни такрорлади:

 
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмакдаман…
 

Нима бўляпти ўзи? Нималар бўляпти, ахир?! Наҳотки, ҳаммаси адойи тамом бўлган бўлса? Наҳотки, энди у ҳам фарзандидан ҳам Муқаддамдан, ҳам истеъдодидан – ҳамма-ҳаммасидан бир йўла айрилган бўлса!

Алимардон кўзларини чирт юмди-ю, фароғатли дамларини эслади. Ахир, унинг номини эшитганда одамлар титраб қоларди-ку! Ҳар хонадонда унинг дилрабо овози жарангларди-ку! Камолот зинапояларидан дадиллик билан кўтарилган, қанчадан-қанча кишиларнинг дилини ларзага солган унинг ўзи эмасмиди! Бугун нега ҳамма ундан юз ўгирди?

У ҳаммасини бир бошдан эсламоқчи бўлди. Энг аввал кўз ўнгига Анвар келди. Ҳа, биринчи бўлиб ундан Анвар юз ўгирган эди. Кейин-чи? Кейин… кейин Муқаддам. Ундан кейин бошқалар. Ҳамма-ҳамма…

Алимардон яна ичди. Бу сафар фикри янаям тиниқлашиб кетди. Қизиқ, энг аввал энг яқин кишилари ундан қочибди. Нимага? Нима учун ахир? Тез ўсгани учунми? Истеъдоди, дадиллиги учунми? Тўсатдан хаёлига бир фикр урилди-ю, аламдан инграб юборди. Ажаб, у қанча тез ўсган бўлса одамлардан шунча тез ажралибди. Камолот зиналаридан ўтиб шон-шавкатга, мол-дунёга, ўзи бир вақтлар энтикиб орзу қилган ҳамма нарсага эга бўлибди-ю, худди ўша зиналарда битта нарсасини, энг азиз, энг покиза нарсасини – одамгарчилигини тушириб қолдирибди.

Алимардон хаёлига ўрнашиб қолган бу даҳшатли ўйдан чўчиб тушди. Наҳотки? Наҳотки шундоқ бўлса!

Унинг кайфи бутунлай тарқаб кетди.

Шартта қўлини тушириб, қадаҳни стол чеккасига суриб қўйди-да, бокални тўлдириб кўтарди.

Ашула тамом бўлди. Чекка-чеккадан сийрак қарсаклар эшитилди.

Алимардон столлар орасидан ўтиб, супача олдига борди-да, энди жойига бориб ўтирган йигитга ҳайқирди:

– Ҳой, ука!

Йигит унинг мастлигини кўриб, парво қилмади-ю, кейин таниб қолди шекилли, сакраб ўрнидан туриб, супа лабига келди.

Алимардон мастона шовқиндан кўзи тиниб кетаётганинини пайқаб, супача қиррасидан ушлаб қолди.

– Айтинг! – деди хириллаб. – Ҳозирги ашулани айтинг!

– Яна қайтарайми?

– Қайтаринг! – деди у аламли овоз билан. – Юз марта қайтаринг! Минг марта қайтаринг!

Йигит итоаткорлик билан рубобини қўлга олди.

Алимардон хира бир туманлик ичида ўзига қараб турган одамлар орасидан ўтиб, столини топиб олди. Стол ёнида чуст дўппи кийган, тожикларга ўхшаган қора қош, шопмўйлов йигит ўтирарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации