Текст книги "Танланган асарлар: 1-жилд"
Автор книги: Ўткир Ҳошимов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 28 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
Қалбингга қулоқ сол
Биринчи қисмҚиш келди. Кечагина беморнинг инграшидек ҳазин куз садоларига тўлган боғлар бугун жимиб қолди. Хазон шитирламайди яланғоч шохларга арғамчи осган мезонлар чайқалмайди…
Қиш келди, Шаҳарда уни дарров пайқашмади ҳам. Тўғри, талабалар аллақачон пахтадан қайтиб, ёмғирдан ивиган боғлар яна ошиқ-маъшуқларнинг шивир-шивирига тўлди. Автомат-телефон будкаларидан тағин атир иси келадиган бўлиб қолди. Кинотеатр кассаси олдида ёмғирдан қочиб, навбат кутаётганлар кўпайди. Аммо ҳақиқий қиш биринчи қор ёққанида билинди.
Ёдгор шу куни тушдан кейин кутубхонага борганди. Ҳали имтиҳонлар узоқ бўлгани учунми, залда ўн-ўн беш кишидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Кутубхонада вазмин бир сукунат ҳукм сурар, чироқлар ёқиб қўйилган, ташқарида эса ёмғир шовилларди. Ёдгор буғланиб кетган дераза ёнига ўтирганча мутолаага берилди.
– Қор ёғаяпти, – деди аллаким ўйчан овозда.
Ёдгор бирдан эти увушгандек деразага қаради.
Оқшом тушиб, ташқари қоронғилашиб қолган, гупиллатиб йирик-йирик қор ёғарди. Ёдгор ёмғирнинг шовуллаши аллақачон тинганини энди пайқади. Ҳар сафар биринчи қор ёғаётганини кўрганида унинг қалбини аллақандай тушуниб бўлмас, этни жунжиктирувчи ўйчан туйғу қамраб олар, елкасидан оғир бир юк босиб тушаётгандек бўлаверарди. Шу топда залда ўтирган бошқа одамлар ҳам негадир бир лаҳза сукутга кетишган, ҳамма ташқарига қараб ўтирарди.
Қор қоп-қорайиб ётган ҳўл асфальтга тушиб тез эриб кетар, онда-сонда ғилдиракларини шариллатиб машиналар ўтиб қолар, уларнинг ҳам овози одатдагидан бўғиқроқ чиқаётганга ўхшарди. Бора-бора кўчанинг бетидаги уйнинг қия томи оппоқ бўлиб қолди. Кейин аста-секин кўчанинг ўзи ҳам оқара бошлади.
Ёдгор Италия архитектурасига оид гапларни яна ўқишга тушди. Анчагача миясига ҳеч нарса кирмай турди-ю, кейин ўша саҳифаларни жиддийлик билан қайта-қайта такрорлай бошлади.
– Кеч бўлиб кетди, йигитча, бир ўзингиз қолдингиз.
Ёдгор кутубхоначи хотиннинг таниш овозини эшитиб” бошини кўтарди. Зал тўридаги алвон ёпилган стол қаршисида ўтирган жиккаккина татар аёл китобларни бир чеккага тахлар, юпқа гардишли кўзойнагини чироқда ялтиратиб унга қараб-қараб қўярди.
Ёдгор ён-верига аланглаб, зал бўшаб қолганини кўрди-да, дарров ўрнидан турди.
– Кечирасиз… раҳмат, – деди китобларни топшириб.
Конспект дафтарини плашининг тагидан қўлтиғига қистириб ташқарига чиқди.
Муздек қор нафаси юзига урилиб, бир лаҳза зинада тўхтаб қолди.
“Аксига шапка ҳам киймаган эканман”, деб ўйлади у зиналардан тушиб бораркан.
Қорбобо ҳамон шаҳар устида супрасини қоқар, қиш фариштаси момиқ қанотларини беозор силкитар, осмон негадир қизғиш тус олган эди. ўознинг тумшуғига ўхшатиб ишланган симёғочлардаги лампочкалар остидан нурли нуқралар ёғилар, ғужғон ўйнаб айқаш-уйқаш бўлиб кетарди. Кўча ўртасида машиналар изи тасмадек қорайиб қолибди, аммо йўлкаларга оёқ ботади. Одам сийрак. Ҳамма ин-инига кириб кетган бўлса керак. “ғиш ўчоғи тор…” Рост гап.
Ёдгор бўйни музлаб кетганини пайқаб, плашининг ёқасини кўтариб олди-да, тез-тез юриб кетди. Симёғоч тагида турган йигит билан қизни кўриб кулиб қўйди. “Шу ҳавода нима зарил”. Улар ҳам қор ёғишини билишмаганми, юпқа плаш кийиб олишган эди. Қиз тилини чиқарганча сакраб-сакраб қор учқунларини илиб олмоқчи бўлар, аммо, учқунлар унинг тилига қўнмас, қиз бошқа учқунни мўлжаллаб сакрар, йигит эса завқланиб кулар эди. Унинг кулгиси жимжит кўчада янграб эшитилар, бу кулгида алланечук бахтиёрлик бор эди.
Ёдгор ҳам беихтиёр кулиб юборди. Кейин уларга халал бермаслик учун тезлаб ўтиб кетди.
Навоий театрида томоша тугаган бўлса керак, чироқлар ўчиб қолибди. Фонтан атрофидаги майдон ҳам кимсасиз, скамейкаларни қор босган. Универмаг пештоқида лампочкалар занжири липиллаб айланади. “Янги йилингиз билан” деган ёзув гоҳ ёнади, гоҳ ўчади.
Ёдгор кимсасиз трамвай бекатига келиши билан ёнидан “Тез ёрдам” машинаси қизил чироғини липиллатганча фарёд солиб учиб ўтди. Қор тумани орасида унинг ноласи анчагача акси-садо бериб турди. Кейин “Меҳмонхона Тошкент” деган пуштиранг чироқ ёниб турган бинодан қаҳқаҳа товуши, джаз садоси янгради.
“Тошкент ғалати шаҳар, – деб ўйлади Ёдгор совқотган оёқлари билан ер тепиниб. – Қачон қарасанг, кўз ёши билан кулги ёнма-ён туради”.
– Марказий универмаг тарафдан ғийқиллаганча трамвай чиқиб келди.
– Хадрага боради, Хадрага! – деди жун рўмолга ўраниб олган аёл олдинги эшикни очиб.
– Майли! – Ёдгор зинадан сакраб чиқди.
Вагон деярли бўш эди. ўртадаги ўриндиқда жигарранг пальто кийган қиз билан қизил шарфини бўйнига ўраб олган бир йигит қисилишиб ўтирар, уларнинг тепасида курткали бошқа бир йигит сигарет тутатиб турарди.
“Яна ошиқ-маъшуқлар”, деб ўйлади Ёдгор хаёлан жилмайиб.
Кейин бир нима эсига тушгандай, беихтиёр яна ўша томонга қараб қолди. Қизнинг оппоқ, тиниқ юзи, йирик кўзлари шу қадар таниш эдики, бир лаҳза кўз узолмай турди. “ғизиқ, қаерда кўрган эканман? – деб ўйлади у гоҳ қизга, гоҳ шарфли йигитга қараб. – Кўрганман, аниқ кўрганман”.
У ўзининг ноқулай аҳволда туриб қолганини, бировнинг “қизи”га суқланиб қараётгандай бўлаётганини анчадан кейин пайқади. Олдинги ўриндиққа ўтириб деразадан ташқарига қаради. Вагон ғизиллаб борар, кўча чироқлари хира доғдек тизилишиб ўтар, аммо ҳеч нимани кўриб бўлмасди: дераза музлаб қолибди.
Унинг хаёлига ўрнашиб олган савол ҳамон нари кетмасди. “Қаерда кўрувдим-а?!”
Бир бекатми, икки бекатми ўтганидан кейин бирдан миясига лоп этиб урилди: “Бўлди! Театр-рассомлик институтида ўқийдиган қиз. Худди ўшанинг ўзи!”
Кузда, Темурийлар даври санъатига бағишлаб ўтказилган ЮНЕСКО симпозиуми арафасида телевидениеда талабалар мусобақаси ташкил қилинган эди. Рассомлар билан архитекторлар ўртасида ўтказилган мусобақада Ёдгор ҳам қатнашган, ўшанда бу қиз Беҳзод, унинг шогирдлари тўғрисида шу қадар тўлқинланиб гапирган эдики, Ёдгор унинг отини билолмай қолган бўлса ҳам билимига тан берган, узоқ вақтгача қизнинг гапларини, чиройли чеҳрасини унутолмай юрган эди. “Худди ўзи”” деб ўйлади у ҳаяжонланиб. ўшанда бу қиз унинг наздида фариштадек бўлиб жонланган, хаёлида алланечук покиза из қолдирган эди. Ҳозир унинг аллаким билан қисилишиб ўтиргани Ёдгорга ёқмади, Кўнгли хижил тортди, Аммо қайрилиб қарагиси келмади. “Менга нима?!”
Бир оздан кейин вагоннинг тарақлаши орасидан қизнинг товушини эшитди:
– Қанақа одамсиз, қўйиб юборинг, ахир!
Ёдгор ҳайрон бўлиб ўгирилиб қаради. Бояги йигит қизни ўриндиқ бурчагига янаям қисиб олган, қип-қизил юзидан сурбетларга табассум аримай алланималарни тушунтирар эди.
– Қочинг, мен ушаман, – деди қиз йигитни итариб.
– Секин, яхши қиз, секин, – деди шарфли йигит ҳамон кулиб.
Ёдгор, қиз бу йгитларга бегона эканини тушунди, Шу ондаёқ қизнинг ранги қув ўчиб, рўмоли бўйнига тушиб кетганини, катта-катта чиройли кўзларида қўрқув борлигини пайқади. Қиз ингичка қўллари билан яна йигитнинг кўкрагидан итарди.
– Қўйиб юбор, – деди йиғламсираб.
Ёдгор кўнглида бу қизга нисбатан алланечук яқинлик сезди. Шилқим болалар фақат уни эмас, ўзини ҳам қўшиб ҳақоратлаётгандек ғижиниб кетди.
– Нега бировга осиласан? – деди ўзини аранг босиб. – Тинч қўй уни!
Сигарет тутатиб турган курткали йигит Ёдгорга хўмрайиб қараб қўйди-ю, қизнинг тепасига энгашиб кулди:
– Қўрқманг, ҳеч нима қилмайди… Қор… Юмшоқ…
Унинг беҳаё қарашидан нияти ёмон эканини билди-ю, Ёдгорнинг қони қайнаб кетди. Сакраб турди-да, югуриб келиб, ўтирган йигитнинг шарфига ёпишди. Силтаб ўрнидан турғизди. Бир лаҳзада қиз учиб ўрнидан турганини, этикчаларини тақиллатганча қўлидаги тугунчасини силкитиб ҳайдовчи томонга чопганини кўриб қолди. Эшик тарақлаб очилди. Қиз вагон зинасида турганча бир дақиқа бурилиб қаради. Ёдгор унинг чиройли кўзларида чуқур миннатдорчилик борлигини сезиб қолди. Аммо у ҳамон ўзини босиб ололмас, титрар эди.
Вагон яна ғизиллаб кетди. Ёдгор йигитни қўйиб юборди.
– Шуям ишми? – деди гоҳ у, гоҳ бу йигитга қараганча овози титраб.
Афтидан, йигитлар бундай бўлишини кутишмаган экан шекилли, бир-бирига тезгина қараб олишди. Ёдгор қулоқ-чаккасига келиб тушган мушт зарбидан ўриндиқ суянчиғига таяниб қолди. Шарфли йигит унга яна бир мушт туширди.
Ёдгор интернатда ўқиб юрганида кўп муштлашган эди. Аммо анчадан буён бировни чертган эмасди. Кўз ўнги қоронғилашиб кетди-ю, тишини ғижирлатиб устига ёпирилиб келаётган курткали йигитни тепди. Йигит букчайганча қорнини ушлаб нари кетди. Зум ўтмай, яна ўша гурзидай мушт гарданига тушди. Ёдгор ўриндиққа чўкиб қолди.
– Безорилар, туш ҳамманг! – ҳайдовчи хотин кабинадан бошини чиқариб бақирди. – Ҳозир милиция чақираман. Эй, милиция!
Ёдгор ҳамон чаккасини чангаллаб букчайиб ўтирарди.
Ҳайдовчининг дағдағаси таъсир қилдими, йигитлар олдинга ўтиб кетишди.
Шарфли йигит зинадан тушиб бораркан, Ёдгорга мушт дўлайтирди.
– Иккинчи ювилмаган қошиқдай бировнинг ишига суқилмайдиган бўласан!
Ёдгор индамади. Рўмолчасини олиб юзига босди. Оёғи остида эзғиланиб ётган конспект дафтарини олиб, қўлтиғига қистирди.
Яна бир бекат юриб тўхтагач, ҳайдовчи хотин унинг тепасига келди.
– Ёмон урдими? Ўлдиришдан ҳам тоймайди бу безорилар.
Ёдгор, ҳечқиси йўқ, дегандай ўрнидан турди. Унинг қовоғи ачишар, тишлари сирқилларди.
…Ҳамон қор ёғар, кўча жимжит, кимсасиз эди. “Бу ёғи қизиқ бўлди-ку”, деб ўйлади у йўлка чеккасидаги мармар фавворачага юзини тутиб. Кейин қонга беланган рўмолчасини чайди. “ғизиқ, сув илиқ-а… Айтгандай, рассом қиз етиб олганмикин уйига”. У қизнинг сўнгги дақиқада ўзига миннатдор тикилиб турган кўзларини эслади. Фотоаппарат бир лаҳзада киши тасвирини қандай илиб қолса, унинг тасаввури ҳам қизнинг ўша қиёфасини шундай эслаб қолган эди. ўшанда ҳам худди шундай бўлганди. Мусобақада ўзларининг институти ютқазган бўлса-да, қувонган, кўплар орасидан шу қиз айниқса ажралиб кўриниб турганига севинган эди. “Чиройли қиз бўлса, нима қиларкан ярим кечада кўчага чиқиб, – деб ўйлади у куюниб. – Кейин қизнинг қўлидаги гулдор рўмолга ўроғлиқ тугунчани эслади. – Бирон ташвиши бордир-да?”
У ётоқхонага етиб келганида алламаҳал бўлганди. Чироқлари хира ёниб турган йўлакдан ўтиб, тўртинчи қаватдаги ўз хонасининг эшигини очди. Ичкарига қадам қўйиши билан оёқ остида турган чойгумга қоқилиб кетди. Чойгум тарақ-туруқ қилиб тун сукунатини бузиб юборди. ўз каравотида ётган Зойиржон ғингшиб қўйди.
“Оббо, энди шуям бормиди?” Ёдгор чироқни ёқди. Газ плитага қўйилавериб сарғайиб кетган чойгумни бир чеккага олиб қўйди. Плашининг қорини қоқиб, каравотга ташлади.
Зойиржон нон-чой қилиб ётган шекилли, клеёнка ёпилган столда нон бурдалари, парраклаб тўғралган колбаса, қанд ётарди. Чироқ ёниши билан стол устидаги сувараклар ўрмалаб қочди. Улар хонани ҳарчанд тоза тутишга уринишмасин, сувараклардан қутилиши олмасди.
Зойиржон икковлари икки йилдан буён шу хонада туришади. Шу икки йил ичида бу хонанинг қоғози кўчган деворлари ҳам, бесўнақай шкаф устида ётадиган чизмалару китоблар ҳам, лиқиллаб турган стуллару ювилавериб сизилиб кетган дарпардалар ҳам Ёдгорга қадрдон бўлиб қолган эди. Қиш кунлари хона яхши иситилмас, Зойиржон комендантнинг кўзини шамғалат қилиб электр иситгични ёқиб қўяр, қўлга тушиб қолишгудек бўлса бир амаллаб ийдирарди. Андижонлик мана шу қоп-қора йигит Ёдгорга қадрдон бўлиб қолганди.
Ёдгор совуб қолган чойдан ичди. Колбаса емоқчи бўлган эди, тиши сирқиллади.
– Тушиям ҳаромини чиқардингиз-да! – деди Зойиржон кўрпага бурканаркан, тўнғиллаб.
Ёдгор ундан кўз узмай ўтираркан, негадир гаплашгиси келди.
– Кимни кўраётгандингиз?
– Айтганимда топиб берармидингиз тушими?
Зойиржон каравотни ғирчиллатганча пишиллаб ўгирилди. Бошини кўрпадан чиқарди-да, анграйиб қолди.
– Ҳа?! – деди анчадан кейин ҳушини тўплагандай. Сакраб турди-да, майкачан югуриб унинг тепасига келди. – Ким? Қачон?
Ёдгор илжаймоқчи бўлган эди, юзи оғриди.
– Қўяверинг! – деди қўл силтаб.
– Қаерда бўлди? Ким ўзи? – Зойиржон ҳозир бориб муштлашмоқчи бўлгандай ранги ўчиб кетди.
– Йўлда… – Ёдгор ўзининг аҳволига кулгиси қистади. “Кап-катта одам ёш болалардек муштлашиб юрса”. – Иккитаси бир қизга хиралик қилаётган эди, шунга… – деди кулимсираб.
Унинг кулаётганини кўриб Зойиржоннинг кўнгли жойига тушди шекилли, қаршисидаги стулга ўтирди.
– Ким экан қизнинг ўзи?!
– Қаёқдан билай? – деди у қўл силтаб. “Илгари бир кўргандим”, – дегиси келмади. – Бари бир эмасми, у танимайди-ку мени”.
– Емаган сомсага пул тўлаш деб, шуни айтади. – Зойиржон Ёдгорнинг юзига қараб туриб кулиб юборди. – Арча байрамига лампочка етишмай турувди, – деди унинг ғуррасини силаб.
Ёдгор ҳам беихтиёр кулиб қўйди.
Чироқни ўчиришганидан кейин ҳам икковлари анчагача ухлай олмади. Зойиржон ўзича ғудраниб Ёдгорни урганларнинг гўрига ғишт қалар, яниб қўяр, ташқарида эса шамол ғувиллар, деразанинг аллақайси тирқишидан совуқ кириб турарди.
– Аваз ака Янги йилни бизникида кутамиз деяпти, борамизми? – деди Зойиржон анчадан кейин. Ёдгор, уни юпатиш учун Зойиржон гапни атайлаб бошқа ёққа бурганини тушунди.
– Майли, – деди лоқайдлик билан.
– Қизларгаям ҳайронман. Ярим кечада майиз бор эканми кўчада? – деди Зойиржон яна ўша мавзуга қайтиб.
– Билмасам, – Ёдгор кўрпага бурканиб олди. Қизнинг оппоқ тиниқ юзи, миннатдор боқиши кўз ўнгига келиб жилмайди.
– Юрмасин эмас, юрсин. Мана, бизга ўхшаган йигитлар билан чиқсин кўчага. – Зойиржон мамнун хўрсинди. – Бутун Наргиза икковимиз ҳам алламаҳалгача тентираб юрдик. ўзининг ҳам оёғи акашак бўлиб қолди-ёв.
Ёдгор ўзлари билан ўқийдиган Наргизани Зойиржон яхши кўришини билар эди. Яна бояги рассом қизни ўйлади. Тиниқ чеҳраси кўз ўнгига келди.
– Бормайсизми?
– Нима? – деди Ёдгор Зойиржоннинг гапига дафъатан тушунолмай.
– Эртага дарсга бормайсизми, деяпман.
– Қандоқ бораман… – деди Ёдгор кўзларини юмиб. – Кулмайдими ҳамма.
Анчадан кейин Зойиржон пишиллаб, текис нафас ола бошлади. Уй совиб кетди.
Ёдгорнинг уйқуси келмас, боши лўқиллар, ҳамон ўша тиниқ чеҳра кўз ўнгидан кетмас эди. “ғизиқ, нима қилиб юрибди ярим кечада? Бояги болалар унга ҳеч ким эмас, – деб ўйларди у ачишаётган ғуррасини пайпаслаб. – Булар унинг тирноғига ҳам арзимайди. – У муштлашувнинг бутун тафсилотини эслаб, жилмайиб қўйди. – Қизиқ бўлди-ку!”
Ёдгор бўлиб ўтган нохушликка ранжимас, узоқ вақтлар хаёлини банд этиб юрган қизни бир лаҳза бўлсин, кўрганидан қувонар эди.
* * *
Чаросларнинг уйи шаҳарга энди қўшилган чеккадаги қишлоқда эди. У охирги автобусга қандоқ илинганини, қишлоққа қандоқ етиб келганини ўзи ҳам билмади. Тийғана-тийғана ўзларининг тор кўчасига етганидан кейингина нафасини ростлаш учун тўхтади. Тез югурганидан бўлса керак, юраги гупиллаб урар, юзлари ловиллаб ёнар эди. Сочлари жиққа сув бўлиб кетган, бўйнига қўнган қор эриб, ёқасидан оқиб тушар, ғашини келтирарди.
Кўча четидаги каллакланган толлар шарпадай қорайиб кўринар, энг ичкарида – уларнинг уйи пештоқида чироқ ёниб турарди. Қор кечиб дарвозага яқин боргандагина у қаттиқ толиққанини, оёқлари қалтираб кетаётганини пайқади. Қўлидаги тугунни остонага қўйиб, рўмолини қайта ўрамоқчи бўлди-ю, бўшашиб туриб қолди. “ўлсин тушиб қопти”. У энди эси жойига келгандек боя ўзини ҳимоя қилган баланд бўйли, ингичка мўйлови ўзига ярашган, озғингина, жингалак соч йигитни ўйлади. “Анавилар индамаганмикин унга… Турқингни ел егурлар, индамай қўярмиди?” Юрагида оғир бир ғашлик билан эшикни итарди: очиқ экан. “Опам ухламай ўтиргандирлар”, деб ўйлади у қори супурилган цемент йўлкадан тез ўтиб бораркан. У этакдаги ошхонанинг қор босган томини, кўмилмай қолган токнинг оппоқ тасмадай осилиб ётган сўриларини, музлаб қолмаслиги учун жўмраги очиб қўйилган водопроводни кўриб, зудлик билан айвон олдига борди.
Онаси эшитсин, деб этикчаларининг қорини атайлаб қаттиқ-қаттиқ қоқди-да, ойнабанд зинадан кўтарилди. Эшикни очиши билан гуп этиб иссиқ ҳаво юзига урилди. Худди шу пайт ичкари уйнинг ҳам эшиги очилиб, остонада онаси кўринди. Васила Назаровна бош яланг, оқ оралаган сочлари силлиқ таралган, кўк жемпер кийиб олган, бир қўлида коса кўтариб, иккинчи қўли билан эшик дастасидан ушлаб турарди.
Чаросни кўрди-ю, худди қизиникига ўхшаш йирик, қоп-қора кўзларида қўрқув пайдо бўлди. Ҳали аёллик кўркини йўқотмаган юзи жиддийлашди.
– Ҳа? – деди косаларни айвон ўртасидаги столга қўйиб. – Нима бўлди, қаёқдайдинг?
“Овқатланмай кутиб ўтирган эканлар”, деб ўйлади Чарос. Бояги воқеаларни эслаб хўрлиги келди-ю, ерга қаради.
– Дарсдан кейин тоғамникига борувдим, – деди ўпкаси тўлиб: – Чақалоқ касал бўлиб қолибди. Тоғам ҳадеганда келавермаганидан кейин, кеннойимни касалхонага обордим… Мана, кийимлари. – Чарос тугунни бир чеккага қўйди.
Васила Назаровна тўла гавдасига ярашмаган илдамлик билан келиб қизининг пальтосини ечишга кўмаклашди.
– Вой, рўмолинг қани? Нега йиғладинг?
Чарос онасининг кўзига қарашга ботинолмай, этикчасини еча бошлади.
– Тушиб қолибди, – деди бош кўтармай. – Йиғлаганим йўқ, чопдим… Қўрқдим.
Онанинг юзига қон югурди.
– Қилган ишинг тушмасин. ўтир, овқатингни ич.
Чарос иштаҳасизлик билан шўрва ичаркан, онасининг ўзига диққат билан қараб қўяётганини сезар, шунинг учун бош кўтармас эди. У онасининг қаттиққўллигидан чўчир эди.
– Ҳали Дилшод ҳам келувди, – деди Васила Назаровна жимликни бузиб.
Чарос “Келиб нима қиларкан”, дегандек онасига кўз қирини ташлади. Қошиқни стол чеккасига қўйди.
Васила Назаровна унинг кўнглидан ўтганларни сезди.
– Овқатингни ич.
– Бўлдим, опа, – деди Чарос чой қуяётиб.
Яна бирпасдан кейин у ўз хонасига кириб кетди. Ҳорғинлик билан ўрнига чўзилди. Каравоти тепасида, шундоқ шифт остида турган рамкадаги расмга ўйчан тикилиб, узоқ ётди. Расмда шалағи чиқсаям ҳамон айланиб турган чархпалак тасвирланган эди. Унинг тарновларига яшил сув ўтлари ёпишган, кўп пақирчалари тушиб кетган. Аммо тарновда ҳамон сув тўлиб оқяпти. Ариқ соҳилидаги жийда соясида эса мисқоли яктак кийган оппоқ соқолли чол кетмон дастасига суяниб букчайиб турибди. У ўсиқ қошлари остидаги қисиқроқ кўзлари билан чархпалакка ўйчан тикилиб қолган.
Бу – бултур биринчи курсни битириб, таътилда Чимёндаги бувисиникига борганида Чарос ўзи чизган расм эди. У чол билан чархпалакни қиёсламоқчи бўлганди. Чархпалак сувни юқорига – ташна далаларга чиқариб беради. Оқар сув асло ортига қайтмайди. Чархпалак эса ўз ўрнида туриб, яна янгидан-янги далаларни суғораверади. Чол ҳам шундай. Кўпларга яхшилик қилган. Ҳаёт ортга қайтмайди. Чолни биров эслайди, биров эсламайди… Чароснинг “Мироб” деб аталган бу асари институтда кўпчиликка маъқул бўлган эди.
Нариги хонада гугурт чизилди. Чарос ҳамон ёнбошлаб ётганча эшик ғирасидан онасини кўрди. Васила Назаровна сигарет тутатганча, стол лампаси ёруғида ўтириб ишлар, афтидан, ўқувчиларнинг ёзма ишини текширарди.
Чарос кўзларини юмиб олди. Ташқаридаги шамол кучайган бўлса керак, дераза ортидаги толларнинг шохи қисирлаб кетди. Қор учқунлари ойнага чирсиллаб урилди. Ҳовлида ит ғингшиди.
Чарос исиб кетди. Кўрпани очиб ташлаганча, “ҳовуз” қилиб ишланган фанер шифтга тикилди. Боядан бери кўнглини ғаш қилаётган нарсани энди топиб олгандек оғир хўрсинди. “Опам ҳам қизиқлар, Дилшодни нима қиладилар гапириб. Турқи қурсин… – Кейин бояги трамвайдаги йигитни эслади. – Нега қочиб кетдим, – деб пичирлади лабларини тишлаб, – Анави сурбетлар соғ қўймайди уни. Қаёқданам ўша трамвайга ўтира қолдим?!”
У ўйлай-ўйлай яна бир нарсани топди. Бўй етган ҳар бир қиз қатори унинг ҳам хаёлини аллақандай бир йигит тимсоли ҳамиша тарк этмасди. Қизиқ, бугун худди ўша тасаввуридаги одам учради. Баланд бўйи, жингалак соч… Худди ўзи… Қисматнинг ўйинини қаранг. Учради-ю, бир лаҳзада йўқолди.
Айтгандай, плаш кийган эди шекилли… Кулранг плаш. Чарос у ёғини эслай олмади. Анчагача шу алфозда ётди. Ташқарида бўлса ҳамон шамол изиллар, тол шохлари қирсиллар, ит ғингширди.
* * *
Ёдгор ғалати туш кўрибди. Келесдаги ҳовлисида юрганмиш. Ҳовлининг ўртасидан каттакон анҳор оқиб ўтаётганмиш. “ғизиқ, ҳовлимизда анҳор йўқ эди-ку”, деб ўйлармиш у ҳайрон бўлиб. Тағин анҳор бўйида бир тупми, икки тупми ёнғоқ ҳам бор эмиш. Ёдгор яланғоч бўлиб, сувга тушиб олганча ёнғоқ териб юрганмиш. Бирини тутаман деса, иккинчиси оқиб кетармиш…
Бирдан дарахтнинг ўрнида Оқила буви пайдо бўлиб қолибди, “Ҳой, чиқ, оқиб кетасан”, дермиш у чирқиллаб. Ёдгор сузаман деса, қўлларини қимирлата олмасмиш. Бир вақт мундай қараса, уни чақираётган Оқила буви эмас, жигарранг пальтоли чиройли қиз эмиш. Ёдгор шу алфозда сувдан чиқишга қиздан уялармиш. Туравериб музлаб кетибди.
У совқотиб уйғонди. Кўзларини чала очиб, атрофга разм солди. Зойиржон ўрнини тузатиб, кетиб қолибди, вақт алламаҳал бўлиб кетган шекилли, уй ёп-ёруғ, аммо совуқ эди.
Ёдгор шишиб кетган лунжини силаб қўйди-да, ғужанак бўлиб, адёлга бурканиб олди. “Ҳалиям қор ёғяпти шекилли”, деб ўйлади у тиззаларини қорнига тортиб. Кўзини юмиб, ҳарчанд уринмасин энди уйқуси келмади.
Бир маҳал эшик оҳиста тақиллади.
– Керакмас, – деди Ёдгор кўрпадан бошини чиқармай.
Эшик қаттиқроқ тақиллади.
“Жуда сурбет-да”, деб ўйлади у ҳар куни қатиқ олиб келадиган боладан аччиғланиб.
– Қаттиқ керакмас, – деди бақириб. Кейин девор томонга ўгирилиб олди.
Тағин бир лаҳзадан кейин эшик ғийқиллаб очилди.
“Оббо, тинчлик йўқ экан-да, буларнинг дастидан”. У жаҳл билан бурилиб, бошини кўтарди. Кўтарди-ю, тирсагига таянган кўйи қотиб қолди. Остонада Азиза турарди. У бошига чиройли шарф ўраб, шуба кийиб олган, қўладаги сумкачасини ликиллатганча эшикнинг бир тавақасига суяниб, ноқулай жилмайиб турар, унинг табассуми кулгидан кўра йиғини эслатар эди.
– Келинг, – деди Ёдгор овози титраб. Унинг важоҳатида “нега келдинг”, деган маъно борлигини Азиза тушунди шекилли, ўзини босиб, кинояли кулди.
– Келдим… – У ичкарига қадам ташлаб, столнинг бир чеккасини қўлининг учи билан жиркангандек артди-да, сумкасини қўйди. Шарфини бошидан олиб, стул суянчиғига илди, истамайгина ўтирди. Сочлари паришон тўзиб кетди. Нафис бўялган киприкларини пирпиратиб, хонани кўздан кечириб чиқди. Лабини буриб жилмайиб қўйди.
Ёдгор унинг бу қарашида: “ўл-а, шу кунга тушиб қолдингми?” – деган маънони уқиб, ғижинди.
– Кечирасиз, мен кийиниб олишим керак, – деди у қовоғини солиб.
Азиза яна лабини буриб кулди.
– Кийинаверинг, қарамайман, кераккинасиям йўқ…
Ёдгор ёнламаси турганча шим кияркан, Азизанинг бир лаҳза ташлаган ғамзалик назарини илиб олди-ю, юраги гупиллаб кетди. “Зойиржон ўқишга кетган, бутун ётоқхонада ҳам ҳеч ким бўлмаса керак…” У Азизага кўз қирини ташлади. Азиза энди унга қарамас, сувоғи кўчиб тушган шифтни томоша қилиб ўтирарди.
Ёдгор хаёлига келган аҳмоқона фикрдан ўзи ижирғаниб кетди. “ўл, аҳмоқ!” У тезгина кийинди-да, бурчакдаги жўмракда ювинди.
“Нега келди бу, тағин нима даъвоси бор экан?” – деб ўйлади артина туриб.
Кейин Азизанинг қаршисидаги стулга келиб ўтирди-да, унинг кўзларига хотиржам тикилди. Азиза бир оз ўзини олдирган, аммо ҳамон ўшандай чиройли, кўзлари киртайиб қолган бўлса ҳам тетик боқар эди. Бир вақтлар Ёдгор мана шу кўзларни бир бор кўриш учун жонини фидо қилишга тайёр эди. Мана шу юпқа лаблардан бир ўпич олиш эришиб бўлмайдиган бахтдек туюларди. Худди шу кўзлардан ғазаб сочилиши шу лаблар заҳардек қақшатиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтиролмасди. Сўнгги воқеалар кўз ўнгида жонланди-ю, Азизанинг ҳозирги қиёфаси ҳам совуқ кўриниб кетди.
– Муборак бўлсин… – деди Азиза унинг шишиб кетган юзига имо қилиб.
Ёдгор бу гапда меҳрибонлик эмас, ҳузур оҳанги борлигини сезиб, қўл силтади. “Кел, шуям бир қувонсин!”
– Ҳа, кеча кўпроқ ичиб қўйган эканман. Болалар билан муштлашибмиз. Боплаб пўстагимни қоқишди.
Азиза қийқириб кулди. ўтирган стули ғирчиллаб кетди.
– Кўпроқ ичинг! – деди у “ажаб бўпти” деган маънода.
Ёдгор унинг роҳатланаётганини кўриб, негадир ўзининг ҳам кунгли таскин топди. Ёмонми, Азиза ўзи кўмган гўрни ўзи тепкиласа…
– Кечирасиз, – деди Ёдгор бир оздан кейин. – Қуруқ чой йўқ эди…
Бу унинг: “Энди иззатинг битди, кетавер”, дегани эди.
Азиза тушунди.
– Зиёни йўқ, мен бир минутга… ўлибманми, сизнинг чойингизни ичиб.
Ёдгор бу гапдан: “Гадойдан хайр сўрайманми, сен-ку шунча менинг тузимни ичдинг, ҳалиям бўлса, отам сендақаларнинг ўнтасини боқишга қодир”, деган маънони уқди. Кўнгли чўкиб, бир лаҳза ерга қараб қолди.
– Мен ҳам ўқияпман. – деди Азиза унга диққат билан тикилиб. – Пединститутнинг сиртқи бўлимида.
– Эшитгандим, – Ёдгор шундай деди-ю, Азизанинг кўнглига “халиям мени қумсар экансан-ку”, деган ўй келмаслиги учун қўшиб қўйди: – Тошкент катта шаҳар, даргоҳи кенг.
– Қанча стипендия оласиз? – деди Азиза ниҳоятда жиддийлик билан.
“Яна пул, – деб ўйлади Ёдгор ижирғаниб. – Нима бало, булар ўлгандаям пулдан кафан қилади шекилли”.
– Ўзимга етади, – деди секингина.
Азиза кўриб турибман, дегандай, яна хонани кўздан кечирди. ғоғози кўчган деворлар, тоза бўлса ҳам эскириб кетган дарпарда, сарғайган чойгумни кўриб қаноат ҳосил қилди шекилли, яна кўзларида кулги ўйнади.
Энди уларнинг гапи тамом бўлган эди. Аммо иккови ҳам бир-биридан алланимани кутгандек ўтиришарди. Ёдгорнинг назарида уй янаям совиб кетгандек кўринди. Азиза олтин узукли бармоқларини ўйнаб ўтираркан, илкис бошини кўтарди.
– Ўйлаб кўрдингизми?
“Ҳа, гап мана бу ёқда экан, – деб ўйлади Ёдгор. – Бояги гапларнинг ҳаммаси даромад экан-да”.
– Нимани ўйлайман?..
Азизанинг кўзларидаги бир лаҳзалик маъюслик йўқолиб, ўрнини асабий хушчақчақлик эгаллади.
– Балки ялиниб келди дерсиз, – у шодон кулди.
Аёл киши ўзини бахтиёр кўрсатишга уриняптими, билингки, юрагида дарди бор. Ёдгор буни тушунди. Азизанинг аҳволига негадир ачиниб кетди. Маъюс қиёфада бошини кўтариб, унга тикилди.
– Кераккинасиям йўқ. – деди Азиза яна асабий кулиб.
У Ёдгорнинг қоқ юрагига ханжар уришни мўлжаллагандек бир зум тўхтаб қолди-да, кўзига тик қараб гапирди:
– Мен эрга тегяпман.
Ҳар кимда бўладиган худбинлик Ёдгорда ҳам бор эди. Бу гап ростми, ёлғонми, бари бир юрагининг бир чеккасида оғриқ пайдо бўлди. ғачонлардир ўзиники бўлган хотин бировнинг бўйнига осилиши унга алам қилди.
Ёдгор Азизанинг ўзидан кўз узмай ўтирганини, юрагидагиларни билишга уринаётганини пайқаб турарди. У анчадан кейин ўзини босиб олди. “Кимсан ўзинг, – деб ўйлади нафратланиб. – Хўш, эрга тегмаганида қайтиб бориб ярашармидинг”. Шу тобда ўша эски адоватлар, бир-биридан жирканганлари кўз ўнгига келди-ю, алланечук енгиллик сезди.
– Табриклайман! – деди у бошини кўтариб.
Бу гап Азизага шунчалик таъсир қилишини билмаган экан. Тўсатдан Азизанинг ранги бўзариб кетди. Титроқ қўллари билан сумкасини юлиб олди-да, силтаниб эшик олдига борди. ўазаб билан бурилиб қаради.
– Эркак эмиш! Бу кунингдан ўлганинг яхши!
У эшикни шу қадар қарсиллатиб ёпдики, деразалар зириллаб кетди.
Ёдгорнинг қулоқлари анчагача шанғиллаб турди. У чаккасини бармоқлари билан қисиб олганча, столга тирсагини тираб, мункайиб ўтирар, Азизанинг оқариб кетган юзи, титраётган лаблари кўз ўнгидан кетмас эди: “Бу кунингдан ўлганинг яхши?”
Дунё қизиқ экан. Қачон қарасангиз, етдим деганда қоқиласиз. Ё қисмат ҳаммага бахт улашаётганида унга етмай қолганми? Эсини танибдики, одам бўлсам, нимадир яхши иш қилсам, дейди. Узоқда нурли бир нуқтадай порлаб турган толега интилади. Амаллаб яқин борганида бахт деган ўша нур яна бир олам нарига кетиб қолади. У югураверади, толе ундан қочаверади.
Чойхоначи Мирзо бувага кўмаклашиб, сув ташиб юрганиям баҳарнав экан. Энди тўртинчи синфга ўтганда ота ўрнида ота бўлиб қолган Мирзо бува тўсатдан ўлиб қолди. Анчадан буён тувакка тушиб ётган Оқила буви ҳам чолнинг қирқи чиқмасидан кўз юмди, Чол-кампирнинг Туркистонга келин бўлиб тушган ёлғиз қизи ота-онасининг катта маъракасини ўтказиб, ҳовли-жойни сотиб кетди.
Ёдгорни ўша, Келеснинг ўзидаги интернатга жойлаштиришди. ўлиб-тирилиб ўқиди. ўишт терувчилик ҳунарини ўрганди.
Биринчи маошини олган куни чол-кампирнинг мозорига борди. Мозорни қиртишлаб тозалади. Гўристон қоровулига пул бериб Қуръон тиловат қилдирди. ўзининг ота-онаси нега йўқлигини ўйлаб йиғлади.
Қурилиш трести унга ётоқхонадан жой берди. Хуллас, йигит кишининг бошига бахт қуши қўнмай иложи йўқ экан. Унинг ҳам ҳаёти бир нав яхши бўлиб қолди. Икки йилча шу тарзда ишлаб юрди. Кейин бирдан ороми бузилди. Ҳаммаси шим олиш баҳонасидан бошланди.
Биринчи Май арафаси эди. Ёдгор байрамга янги мода бўлган лавсан шим олиш ниятида туман марказидаги универмагга борди. Пештахта ортида турган қош-кўзлари қоп-қора, дўмбоққина қизни кўрди-ю, юраги жиз этди. Шим танлаган бўлиб узоқ ивирсиб қолди. Қиз, охири жаҳли чиқди шекилли, койиб берди:
– Оласизми, йўқми? Олсангиз олинг, бўлмаса бўшатинг йўлни.
– Оламан, оламан! – деди Ёдгор ҳовлиқиб пул чиқараркан,
Ётоққа келиб кийиб кўрса, икки мўлжал каттасини олибди. Ҳамхоналари кулишди.
– Обориб бер, бошқасини айирбошлаб беришади.
Ёдгор катта шим олганига, яна боришга баҳона топилганига ҳатто севинди ҳам.
Бу сафар қиз унга зарда қилмади.
– ўзим ҳам дадангизга оляпсизми, деб ўйловдим, – деди кулиб.
Қизнинг кулгиси Ёдгорга шунчалар қувонч бағишладики! “Бундан чиқди, мени эслаб қолган экан-да”, деб ўйлади у севинчи тошиб.
Шу-шу ҳар куни совунми, тиш чўтками, тугмачами баҳона қилиб универмагга келадиган бўлди. Бора-бора қиз ҳам уни таниб қолди. Ёдгор қизнинг бир марта кулиб қарашини кўриш орзусида саккиз чақирим наридан гоҳ пиёда, гоҳ ўртоғининг велосипедида келиб кетарди.
Бир куни у иккита кино билети кўтариб келди.
– Клубда ҳиндча кино кетаётган экан, – деди қўрқа-пўса. У қизнинг ҳозироқ олдига солиб ҳайдаб юборишини кутиб турарди, Йўқ, қиз ҳайдамади.
– Бугун вақтим йўқ, ишдан кеч чиқаман, – деди у.
Шундан кейин унинг энг шодон кунлари бошланди. Ёдгор Азизанинг билагидан ушлашга ҳам ботинолмас, аммо бир кун кўрмаса туролмасди.
Айни узум пишиғида Азиза Ёдгорни иккита ўртоғи билан меҳмонга чақирди. Уларнинг каттакон боғи бор экан, йигитлар узумхўрлик қилишди.
Азизанинг сельпо раиси бўлиб ишлайдиган отаси Ёдгорнинг авлод-аждодини суриштиди. “Тамом, – деб ўйлади Ёдгор эти увушиб. – Ҳаммаси тамом бўлди!”
Йўқ, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам жуфт бўлади, дейишгани рост экан.
Бир ойдан кейин худди ўша катта боғда данғиллама тўй бўлди. Ёдгор жаранглаган уйлар, қора дарахтдан қилинган гарнитурлар, қўша-қўша гиламларни кўриб, оғзи очилиб қолди. Бу нима, тушими, ўнгими? ўзига шунчалар фидойилик қилган мана шу гўзал қизнинг – жондан ортиқ Азизасининг олдидаги қарзини қандоқ узсин. Бошига кўтариб юрса арзимайдими?! Яқиндагина чойхона сўрисини супуриб, чой ташиб юрган Ёдгор шуми? Бировдан туртки еб, бировдан сўкиш эшитиб ўрганган югурдак бола шуми? ўзининг ота-онаси қани, шу топда ўғлини кўрса бўлмайдими? Ёдгор ҳарир рўмол ёпинган келин ёнида ўтириб, бахт-саодат тилаб гапираётган кишиларнинг жарангдор сўзларини, қарсбадабанг куй садоларини эшитаркан, буларнинг ҳаммаси эртакдек туюлар, ишонгиси келмас эди.
Қизиқ, ишонмаганича бор экан. Тақдирнинг ўйинини қаранг. Бир кун илгари қувончдан боши кўкак етган Ёдгор, тўйнинг эртасига тўрвасини йўқотган гадойдек бўшашиб қолди. Севинчлари момақалдироқдек гумбурлаб, чақмоқдек бир зум ярақлади-ю, ўчди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?