Читать книгу "Меҳр топдим"
Автор книги: Умида Абдуазимова
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
«Мен қизиман Момо Ҳавонинг…»
Мен қизиман Момо Ҳавонинг,
«Болам!» деган Одам Атонинг.
Дуоларимнинг савобидан,
Аллоҳ, бергин беҳисобидан.
Обод қилай болам боғини,
Кўрсатмагин асло доғини.
Маза билмай бирров турмушда
Умр сурмай дод, жиқҳамуштда.
Майли, яшаб ҳашамдан фориғ,
Куним кўнглим айласин ёруғ.
Ташлаб ташқи зийнатларимни,
Қалбан топай иззатларимни.
Она бўлиб мамнун, мукаммал,
Сўрамайман мол-мулк ё амал.
Хатто басдир чиройли хусн,
Болаларим тинч униб-ўссин!
Кўзим кулиб, сўзим ҳам кейин,
Ўғил-қизим кимнингдир, дейин:
Тахтли эри, бахтли хотини,
Гўзал зоҳиримас, ботини!..
«Ишонч билан ишга кириш…»
Ишонч билан ишга кириш,
Сабр билан ишла дер;
Онанг дуосига эриш,
Отанг учун обрў тер!
Юмшоқ гапир аёлингга,
Қадам ташлаб сен мағрур.
Софлик бўлсин хаёлингда,
Қалбига жойлаб ғурур.
Харажат қил оқилона,
Аллоҳ берсин ҳалолидан.
Опа-сингил, амма, хола,
Хабардор бўл аҳволидан.
Эркагона бўлсин гапинг,
Таомлан оз, содда кийин.
Яқин тутсанг очиб қалбинг,
Ўз-ўзидан тахтинг тайин!
Ўз ўрнига эга бўлар,
Аёл дилин топган эркак.
Омад кулар, бахти тўлар,
Ҳеч кимсага бўлмас эрмак!
«Бармоғингда узук кўрдим…»
Бармоғингда узук кўрдим,
Узук кўрдим, қоракўз.
Кўзларингни сузук кўрдим,
Сузук кўрдим, қоракўз.
Уйланибсан, бармоғингга
Кимдир узук тақибди.
Мен музлатган нигоҳингга
У оловлар ёқибди.
Мен итарган кўксингга у
Оҳиста бош қўйибди.
Мен севмайин ўкситсам, у
Овутибди, суйибди.
Куёв бўлиб кошонага
Чарақлабди кўзларинг.
Бахт ёзилган пешонага
Бўйи етмас бўзларнинг.
Беқасам тўн кийибсан сен,
Сузилибди кўзларинг.
Бўзлатмоқчи бўлгандим мен,
Лекин ўзинг бўзлатдинг!
«Севгимга севгилим…»
Севгимга севгилим,
Вафоларинг шуми?
Ғурбатга отганинг,
Жафоларинг шуми?
Ҳажру фироғингда
Ўртанди жоним, десам,
Дилимни ўртаган
Наволаринг шуми?
Умидим, ишончим,
Севгим, қувончим,
Дардимга берганинг
Даволаринг шуми?
Билмадим не сабаб
Мендан аразладинг?
Ваъдага қилганинг
Вафоларинг шуми?
Билгинки мендайин
Ҳеч ким сени севмас.
Севгимга жавобан
Садоларинг шуми?
«Оқшом фусункор…»
Оқшом фусункор,
Олам ҳуснкор.
Юлдуз жилвали,
Кўзинг ишвали,
Кўкда ой сулув,
Ёнимда ғулув
Соласан дилга,
Сўз келмас тилга.
Борми керагим,
Ёнингда, эй, қиз?
Сенинг юрагинг,
Осмондай чексиз.
Осмонга қуёш,
Юлдуз, ой сиққан.
Сени бағритош
Этиб ким туққан?
Борлигинг бахтдир,
Кетмас давлатдир.
Ноз-фироғингдан
Бахт далолатдир…
«Таъби нозик ёр…»
Таъби нозик ёр,
Этдинг зору зор,
Кетдинг аразлаб,
Кетди ёз, баҳор.
Сенингсиз қуёш
Нурмас, тўкар ёш,
Кўнглим селида
Бор-йўғим талош.
Сен бегуноҳсан,
Мен бағри торман.
Сен бегуноҳсан,
Мен ношуд ёрман.
Кайтгил, кайт, десам,
Балки қайтасан?
Нидо берсанг-чи,
Қайда, қайдасан?
Қайтгил, қайт десам,
Қачон қайтасан?!.
Сиз деб қайтдим, деб,
Наҳот айтасан?..
БАХТЛИ АЁЛ
Эй, бахтини қидираётган,
Эй, чироғи милтираётган,
Фақат сенга аталганми нур,
Ундай бўлса шошил, чоп, югур!
Ул чироқни чўғлат бирлашиб,
Уйғониб ё ухлаб, сирлашиб:
Фақат шерик бўлмай ошига,
Айланма кимдир кундошига.
Бўлиб олма ўмариб, тортиб,
Кемтик бахтни юрмаслар ортиб.
Эри қилмас ўзгани хаёл -
Дунёдаги энг бахтли аёл!
Фақат сени севсин танҳо ёр,
Сен ҳам танҳо унга бўл дилдор.
Ўздан кетма унутиб ўзинг,
Сукутинг – энг оқила сўзинг.
Гина-қудрат, араз бўлсин даф,
Қулоғингга қуйиларми гап,
Билмам, аммо ёқага енгдек,
Ярашиб ол ялиниб мендек!..
«Бугун сени тушимда кўрдим…»
Бугун сени тушимда кўрдим,
Юрганмишмиз баланд тоғларда.
Ҳушларимни йўқотиб турдим,
Кўзлар тўқнаш келган чоғларда.
Шаршаралар шаббодасидан,
Ҳаққушларнинг нағма, сасидан,
Қизқалдоқлар алдоқ исидан,
Видо эди оний оҳларда.
Висолингда йиғмай ҳушимни,
Ҳеч кимсага бермай тушимни,
Сенга дердим, тушун, тушунгин,
Юрибмиз-а, баланд тоғларда!
Мартабамиз баландир бизнинг,
Бахтимиз ишқ биландир бизнинг,
Қўлимга қўн, ё бергил изн,
Кувнай ўзинг қўнган шохларда.
Тушимда ҳам қувнаб ҳамон ман,
Бахтимдан шод эдим тамоман.
Раҳмат дердим, тақдир, замонам
Сени берди кўнгил хоҳларда!..
«Сенга бу кўнглимни очдим…»
Сенга бу кўнглимни очдим,
кўнгил кетиб,
Кўнгилда не сирим сочдим,
кўнгил кетиб.
Ўз бошимга ёққан қорни
ўзим кураб,
Кўнгил ишларидан қочдим
кўнгил кетиб.
Кўнглимга кўнглинг майлидан
шод бўлдиму,
Юракдан бир қувнаб тошдим,
кўнгил кетиб.
Кўнгилга эрк бериб, эркдан
айри тушдим.
Нега бунча ҳаддан ошдим,
кўнгил кетиб?!
Бесабр, беумид дема,
бу Умида,
Қалбда қайнаб, қалбга шошдим,
кўнгил кетиб!
«Икки гўзал келин-куёв…»
Икки гўзал келин-куёв,
Ёв қарашар биров-биров.
Гиналари нима экан,
Қай биридан гина экан?
Қайноталар, қайноналар
Минг ўргилиб айланарлар.
Қовоғидан ёққан қорни
Курайман,– деб қийналарлар.
Бири Мажнун, бири Лайли,
Бир-бирида эди майли.
Тугарми тез “сен булбулсан”,
“Сен танҳо гул” деган сайли?
Кўзларида порлаб қуёш,
Ёнмоқликка чорлаб қуёш,
Ҳузурланиб, ҳам қўрланиб,
Яшашсин кўрмайин кўз ёш.
Тонгларга қоришсин туни,
Ёшариб ёришсин куни,
Келиштиринг, қовуштиринг,
Чиқмасин ҳеч нолиш, уни!
«Баъзилар бор, ҳам ўзи…»
Баъзилар бор, ҳам ўзи,
Ҳам кўзи куладилар.
Қовушиб сўзга сўзи,
Тезда эл бўладилар.
Бахтдан олиб андоза,
Ёнимда яшайдилар.
Беминнат ёққан тоза
Ёмғирга ўхшайдилар.
Бошимдан дурлар сочиб,
Қалбимга гул экарлар.
Гуркираб, кўркин очиб
Ўссин, деб кўз тикарлар.
Гулмас, кулга ўхшашар,
Ётиш мумкин яра тан.
Нимага вақтни шошар,
Қилиб берган яратган?
Муолажам тугамай
Шамол эсмасин ғир-ғир.
Кулим сочиб, гуллатмай
Тиниб қолмасин ёмғир.
«Ҳар қулфга калит бор…»
Ҳар қулфга калит бор,
Ҳар муаммога ечим.
«Ассалом»да дил изҳор,
Дил дориси – кечирим.
Ҳасад, ёмон сифатдан
Дилни тозалапти ким;
Ғолибдир ҳар жиҳатдан,
Умрига умр тақдим!
Ҳақ ва ноҳақни бирдек
Кечирганга қандай соз!
Дилларга кириб нурдек,
Топиши аниқ эъзоз.
Унутманг, сиз уйингиз
Ойисиз, қуёшисиз.
Йўқотсангиз бўйингиз,
Тўхтамас кўз ёшисиз.
Қалқони, суянчисиз,
Йўлингиз бўлсин равон,
Кетиб – ла, севинчин сиз
Қилиб қўйманг-а, тамом…
«Миннатли ош пишмас деб…»
Миннатли ош пишмас деб,
Нима керагин билган;
Ҳўрдамас, «бўрда»син еб,
Ўзини меҳмон қилган;
Ҳеч кимга куни қолмай,
Ва бўлмай «кундошвачча»;
Ғийбатни тилга олмай,
Юрганлар яшар ан-ча!
“Ҳакилламай” тўйи деб,
Ошнаси ё қўшнисин.
Ё битмаган уйи деб,
“У ҳам бизга қўшилсин”
Бору йўғини тўкиб,
“Том сувоқ”қа деб ҳашар;
Боласи кўзин тикиб,
Турса берарми шаҳар?..
Ҳайр-эҳсон, саҳоват
Аҳли аёлдан аввал
Деганлар бой, саломат,
Бахтиёрдир мукаммал!
«Мендек сени суймаган йўқ…»
Мендек сени суймаган йўқ,
Сендек мен деб куймаган йўқ.
Яхши бўлсам яхшиланиб,
Ёмонлигин қўймаган йўқ.
Гарчанд шунча равон йўлим,
Завқ бермайди ўнгу сўлим.
Ўзгаларнинг ҳавасидан
Ҳасадланиб яшар дилим.
Хоҳламайман сендек соя,
Ҳам ҳамсоя, ҳам ҳимоя.
Қумурсқанинг ҳам ини бор
Деган гапга бериоя.
Сен яхшимни оширасан,
Ёмонимни яширасан.
Ахир бир кун тиниб оққан
Дарёларим тоширасан.
Бу дарёда оққан ўзим,
Сенга айтар сўнгги сўзим:
Сендек мен деб куймаган йўқ,
Мендек сени суймаган йўқ!.
«Туғиларсан балки қиз бўлиб…»
Туғиларсан балки қиз бўлиб,
Балки болам, бўларсан ўғил,
Ким бўлсанг-да орзуга тўлиб,
Кутаяпмиз дил меҳри, туғил!
Сени оппоқ йўргаклаб баъзан
Кўчаларда кезгум хаёлан.
Сен куласан, кулувчан олам
Ёшаради кулгулар билан.
"Дад-да" дейсан чучук тилда шод,
Даданг олар елкага қўйиб.
Шу бир сўзинг ҳур этиб ҳаёт,
Берар дилга тинчликни туйиб.
Атак-чечак қилиб наздимда,
Сен чопқиллаб юриб ҳам кетдинг,
Қувлашмачоқ ўйнаб шу зумда,
Мени нурли манзилга элтдинг.
Қувлашмачоқ ўйна майлига,
Капалаклар кетидан қувноқ.
Лекин ёмон, билиб қўй эркам,
Одамларнинг кетидан қувмоқ.
«Марҳабо, марҳабо Қор қизи…»
Марҳабо, марҳабо Қор қизи,
Кел пастлаб нарҳ-наво, Қор қизи.
Келавер, келавер, ташрифинг
Нону туз– қаҳрабо, Қор қизи.
Ҳуш келдинг, ҳуш келдинг, Қорбобо,
Саҳоват, зийнатга ёр бобо.
Умидлар рўёбда, тошни ҳам
Ёргудек гиёҳлар бор, бобо.
Қиш қаттиқ келса ҳам қўрқмаймиз,
Кузимиз ҳамиша неъматли.
Сабаби Барчиндек зўр қизмиз,
Йигитмиз Алпомиш келбатли.
Қўрқамиз хаттоки бир зумга
Ўзаро ёвлашиб яшашдан.
Келишмай гоҳ ерга, гоҳ сувга,
Гоҳ кўкка қадамлар ташлашдан.
Ассалом янги йил, яхши йил,
Одамга тинчликда таом бер.
Кўз қўриб, қорачиқ, тасдиқ қил,
Оламга самимий калом бер!
ЯНГИ ЙИЛ
Оташ эди қалбимда ҳислар,
Чақмоқ эди нигоҳларим ҳам.
Бироқ мени ёндирган кўзлар,
Ўзгаларга боқарди у дам.
Ўксиб-ўксиб йиғлардим пинҳон,
Юрак тушиб унинг қасдига.
Қалбим аро қанча сўз ниҳон,
Васлида айтолмай аксига.
Орқасидан қараб қолардим,
Тилаганча яна бахтини.
Хажр тўним сўраб олардим,
Қайтармадим дея шахтини.
Минг азоб-ла оташин ҳислар
Кўмилганда қалбимга сўниб.
Қайтиб келди у қаро кўзлар,
Қаърига дард, ўкинчлар чўмиб.
Ёнар эдим ёниқ ҳислардан
Қаро кўзлар фироғида ман.
Энди эса ўша кўзлардан,
Яширина олмай доғдаман…
«Янги йил, янги йўл бошида…»
Янги йил, янги йўл бошида,
Ўн саккиз, ўн тўққиз ёшида,
Турганлар танитсин ўзини,
Момолар, боболар қошида.
Куйласак арзийди шодланиб,
Эртанги кунларга отланиб.
Қўлингни бер, дўстим, қўлингни,
Турмагин бир четда ётланиб.
Дарёлар ирмоқдан бошланар,
Бирлашиб юрмоқдан бошланар.
Севгининг қудрати, журъати,
Висолу фироқдан бошланар.
Яшнайлик толедан севиниб,
Яшайлик севиб ҳам севилиб.
Кўнглингни очмасанг, кўнглимни,
Қаёқдан оларсан сен билиб?
Янги йил янгича чўғланар,
Дилларда янги ҳис чўғ олар.
Янгича яшашнинг имкони,
Янги йил бошида туғилар.
«Бу оламнинг тарозусин…»
Бу оламнинг тарозусин
Палласи банд – тугунча.
Мувозанат бузилмасин,
Дунё бўлсин бутунча.
Агар дўстим қанча бўлса
Душманларим ҳам шунча.
Эрта кўзим ёшга тўлар
Қувонсам мен бугунча.
Луғатимдан чиқардим мен
“Ажабо” деган сўзни.
Ҳайратимдан, ҳавасимдан
Каттароқ очдим кўзни.
Қўрқувнинг кўзи ўзи
Бўлар экан каттароқ.
Бугунимдан нолисам,
Эртам бўлар баттарроқ.
Бу оламнинг тарозусин
Палласи банд тугунча.
Юрагимдан ёниб сизга
Қўшиқ айтдим бугунча…
«Йиғилар ё тўзар одамлар…»
Йиғилар ё тўзар одамлар,
Бузади ё тузар одамлар.
Бахту андуҳ талаб, бўлишиб,
Бир-биридан ўзар одамлар.
Гарчанд осмон, ҳамда ойи бир,
Шимар ҳаво, ичар сойи бир.
Сувга тушса, кўкка учса-да
Сўнг нафасда қайтар жойи бир.
Яхши билар, қисқадир умри,
Лекин бири қўй, бири бўри.
Бири жонин берар бирига
Жаллод бўлар бирига бири.
Бировидан қиламан фахр,
Меҳр топдим, кўргуздим ахир.
Шундайин ҳам қисқадир умр,
Нега кўзга қалқади қаҳр?
Яхши аро ёмонлар яшар,
Яхшиликка ҳамоҳанг башар.
Ёмонлар оз, ишонгим келар,
Шу-чун кўзга ёмонлар тушар.
«Қалбимда бир энтикиш ҳоким…»
Қалбимда бир энтикиш ҳоким,
Қалбимда бир ширин ҳиссиёт.
Билмам буни солиб қўйди ким,
Ё бердими туйғуни ҳаёт,
Тилга тушдим ўн олти ёшда.
Кўзларимда жилва, нур тўла,
Кўзларимда сир бор, сеҳр бор.
Юрагимда ажиб ашула,
Балки бунинг сабабкори ёр?..
Дилга тушдим ўн олти ёшда.
Қайларгадир талпинар юрак,
Ўзга оро берган бўламан.
Кимгадир сир очмоқлик керак,
Гоҳ хомуш, гоҳ завққа тўламан,
Шу сеҳркор ўн олти ёшда.
Кўзгуга ҳам қарайман минг бор,
Узоқ қолиб кетаман рости.
Ҳа, биламан кимдир менга зор,
Қалбимда ҳам кимгадир рости,
Зўр меҳр бор ўн олти ёшда.
«Ҳозир ёшим ўн саккиз яшар…»
Ҳозир ёшим ўн саккиз яшар…
Кел сирдошим, ўн саккиз яшар
Қизнинг сирларига қулоқ сол,
Бошим чулғаб олган минг хаёл.
Ўртанаман хонамда якка,
Паришонман, зорман кўмакка.
Вужудимда бир ажиб олов,
Ва беаёв бир нажиб қалов.
Гоҳ тошқинман мисли анҳордай,
Гоҳ шошқинман фасли баҳордай.
Сенга очай юрагимни, кел,
Сенга айтай тилагимни, кел.
Ахир бир кун сенга ҳам каманд
Ташлаб қалбинг айлар баҳраманд,
Бола қилиб, гул-лола қилиб,
Гоҳ минг яшар дил нола қилиб…
Мендек қамраб сени бир туйғу,
Тунларингни қилар беуйқу,
Хушинг қўлдан олар ўн саккиз,
Қийноқларга солар ўн саккиз.
Ўн саккиздан ўтгим йўқ менинг,
Ўн саккиздан кетгим йўқ менинг.
«Сенга назар солсам чиндан ҳам…»
Сенга назар солсам чиндан ҳам,
Йўқдур мақтагулик жамолинг.
Қизлар кулар пинҳон оҳ урсам,
Бошим ўраб ширин хаёлинг.
Сочларинг ҳам эмас жингала,
Ялтираб ҳам турмайди, бироқ,
Сочларингни орзу қиламан,
Бўлса дейман қўлларим тароқ.
Қиз қалбига кўприк бўлгудек,
Киприкларинг ҳам қуюқ эмас.
Лек шу киприклар-ла қуралай
Кўзларингни қиламан ҳавас.
Қалб, хаёлим қўлингда, мисли
Узук қилиб тақиб олгансан.
Гўзалмисан ё хунук, майли,
Менга жуда ёқиб қолгансан.
Ширин хаёлингнинг қўрида
Вужудимда ўтлар ёқилар.
Қачонгача телба ҳис банди
Чўғ юрагим ёлғиз оҳ урар?..
«Кун чарақлаб кетар эртага…»
Кун чарақлаб кетар эртага,
Дил ярақлаб кетар эртага.
Тунлар зор чиққаним, эртага,
Келар орзиққаним эртага.
Гул-лолалар қўйдим дасталаб,
Гул-лолага қўйгум аста лаб.
Лола қадаҳ тўлади энди,
Бағрим гулхан бўлади энди.
Бошланади қувноқ кунларим,
Ҳур ухлоқ, хуш уйғоқ кунларим.
Менга ҳамроҳ келар эртага,
Мангу паноҳ келар эртага.
Эртага мен кулиб тураман,
Тошқин дарё бўлиб тураман.
Ҳисларимни жиловлаб ёрим
Ҳадя қилар мангу баҳорим.
Эртакларнинг этагин тутиб,
Мурод-мақсадларимга етиб,
Орзум топар қўним эртага,
Энг бахтиёр куним эртага.
«Мен қалбимга ҳаловат истаб…»
Мен қалбимга ҳаловат истаб,
Минг кўчага кириб чиҳаман.
Ширин сўз, ё ширин дам излаб,
Тонг, кечага кириб чиҳаман.
Ўтган хатоларимга куйиб,
Қўпол хатоларга дуч келдим.
Ношукрлик тожини кийиб,
Бахту тахтим, аҳдим ўчирдим.
Кечаги кун тарихдир, билсам,
Бугунги кун совғадир менга.
Эртам жумбоғида қоврилсам,
Биров менга демас-ку, нега?
Ҳис-ҳаяжон абадий эмас,
Деб мен қачон фикр қиламан?
Қўлимда энг ишончли компас,
Бас, мен энди яшайвераман!
Яхши ёки ёмон ҳаёт йўқ,
Ёмон ёки яхши қиларлар.
Ёмонликка отдим қайтмас ўқ,
Салом сизга, бу мен, яхшилар!
«Қўнғир сочли, қўнғир кўзлининг…»
Қўнғир сочли, қўнғир кўзлининг
Висолига қонардим пинҳон.
Энди эса юрак бўзлайди,
Фироқида тонар дил пинҳон.
Пинҳон эди кузатишларим,
Вужудимда хаяжон, титроқ.
Ўзга ёрга узатишларин
Кўриб тилга сўз чиқди бироқ.
Бироқ сохта кулгу-ла туйғум
Яширишдан ўзга илож йўқ.
Оламни тун айлайди қайғум,
Оламимда энди қувонч йўқ.
Пинҳон, пинҳон ёшим тўкаман,
Умидини йўқотган кунман.
Кўз ёшимда ўзим чўкаман,
Ой-юлдузин ухлатган тунман.
Пинҳон, пинҳон, пинҳон ёнаман,
Пинҳон эди севгим ҳам бироқ,
Пинҳон бўлмай севгимнинг ради
Пинҳон солди дилимга титроқ…
ҚАЧОН КЕЛАСИЗ?
Шамол қамчилайди бутоқлар билан,
Ёмғир томчилайди тўлғоқлар билан.
Қалбим типирчилар, қачон келасиз?
Лабларим пичирлар, қачон келасиз?
Кафтдек йўл хирадир, чироқлар хира,
Кўриниб-кўринмас йироқлар хира.
Томчилар томчилар, ҳамалда бағир,
Кўк ойсиз, сой куйсиз, шамол-да ахир!
Шамоллаб келсайдим енгил тортардим,
Ё йиғлаб олсайдим енгил тортардим!..
Чироқсиз юрибман туртиниб сизсиз,
Шу абгор ҳолимча кўриниб сизсиз.
Шамол бир саргардон, беватан махлуқ,
Томчилаб чопқиллаб турган ёмғир – буғ,
Шамолу ёмғирга куним қолдими?
Шамолу ёмғирга кўниб қолдимми?
Шамол қамчилайди бутоқлар билан,
Ёмғир томчилайди тўлғоқлар билан.
Қалбим типирчилар, қачон келасиз?
Лабларим пичирлар, қачон келасиз?..
«Рақс тушиб нафс чўғида…»
Рақс тушиб нафс чўғида,
Сўнг қайғуга чўкиб беҳуда,
Юриш шартми, ўзи шундоқ ҳам,
Умрим шошиб ўтмоқда жуда.
Эртам қандай деб бош қотирмай,
Мижжа қоқмай тонгим оттирмай,
Ўзни отиб ғам дарёсига,
Бугунимни бутун ботирмай!
Ярим тунда бежиз уйғониб
Кетмадим минг ўйга чулғониб.
Ё парилар чалган қарсакнинг
Қамчисидан қолдим тўлғониб.
Кимимдир жонланди жонимда,
Нимамдир мавжланди қонимда,
Гуноҳ қилиб улгурмаган пок
Гўдакларим турар ёнимда.
Ҳатоларим санаб адоман,
Улар ҳалос қилар ҳатодан.
Азалдан мен айтганим бўлмас,
Таваккалим энди худодан!..
«Ким у, орзуларига бефарқ…»
Ким у, орзуларига бефарқ,
Кунлик мавзуларига бенарх?
Ярим уйғоқ, ярим ғафлатда,
Бахт туймаган ишқ – муҳаббатда?
Отилган ўқ мисоли дуо,
Дуо қилмас, билмас муддао.
Ё ўзига зулмкорми у,
Тирик мурда, ўлик жонми у?
Дунё лаззатларидан бўшаб,
Яшар қалбин маъсият қуршаб,
Ўзин отган телба тўлқинга,
Ё «лишайник», ўтган салқинга?..
Уни тезроқ уйғғотсин дўсти,
Ёрдам қилсин бўлса кам-кўсти.
От топганни эшак ер экан,
Бунақалар патосли тикан!
Сачраб тоза вужуд, танага,
Учраб «бер-бер» деган таънага,
Олдимизда ишқсиз кесакка,
Айланмасин одам эшакка.
«Сизни ташлаб кетибманми…»
Сизни ташлаб кетибманми,
Манзилимга етибманми?
Ёлғизланиб, «ёв»лашганим,
Душманликни «ов»лашганим.
Душман чиқар дўстдан дерлар,
Пасту баланд сўздан дерлар.
Ким бостириб келди четдан,
Босмачи ҳам ўздан дерлар.
Вақтинчалик синовлардан,
Фавқулодда «сийлов»лардан,
Узр сўраб, сақла, дейман,
Дўстликни душман «хўплар»дан.
Ҳамон дўстми, ёндошмизми?
Неча йил жон – қондошмизми?
Бир қошиқ қонимдан кечинг,
Ёр талашган кундошмизми?!.
Жароҳатлаб қўйманг қалбим,
Биласиз-ку, нозик таъбим.
Айнан ҳудди шу тешикдан,
Кириб келмасин аллаким!
«Мужда келди менга мозийдан…»
Мужда келди менга мозийдан,
Момоларим йўллайди уни.
Учмоқ бўлсам у ёққа зимдан,
Ўчирманг сиз кўнгил чўғини.
Паричеҳра, ҳур фаришталар
Қучоғига бир зумда олмиш.
Ҳаммалари ҳам ҳар ишдалар,
Ҳаловати қўзимда қолмиш.
Ҳалос бўлиб лаш-лушларимдан,
Учар бўлсам пар каби енгил,
Айирманг сиз ҳур тушларимдан,
Ҳайратларга кўмилсин кўнгил.
Мужда келди менга мозийдан,
Кечмишимга қайтмоғим келди.
Дилга чўккан гапимни зимдан
Бор, йўғича айтмоғим келди.
Айтар бўлсам бору йўғимни,
Бисотимда бисёрдир сўзлар.
Сиз совутмай кўнгил чўғимни,
Ўз кунимга қайтаринг, дўстлар!
«Бугунги кун якун топмоқда…»
Бугунги кун якун топмоқда,
Орқангизга бир қараб олинг.
Вақт отингиз елдек чопмоқда,
Мендек бир зум хаёлга толинг.
Сиздан ҳеч ким ҳафа эмасми,
Мендан ҳафа бўлганлар, узр!
Сизни истаб, сизни демасми,
Менингдек жим денг ҳайр-маъзур.
Қандай савоб иш қолди ортда,
Бугун бенаф ўтмадими вақт?
Балки молу давлат ғаротда,
Балки олдда деб ўйларсиз нақд?
Аллоҳ куни кўп деманг, ахир,
Омонатдир жисму жонимиз.
Балки бугун яшармиз охир,
Балки эрта йўқ имконимиз?..
Қалб мужассам кўз нуримизда,
Дуолардан макон топайлик.
Ўз юртимиз, ўз ўрнимизда,
Юздан ўтиб, кўзни ёпайлик.
«Бўйи бўйинг билан тенглашганида…»
Бўйи бўйинг билан тенглашганида,
Фарзандинг тик қараб турса бермай бўй.
Сўзингни ўзгалар тинглаганида,
Боланг тингламаса юрак, урмай қўй.
Юрмай қўй, эй соат мили, илгари,
Бўйингдан бўйини оширмай бурун.
Жаннатдан қувилган Одам сингари,
Буғдойни қўйнида яширмай бурун.
Келиб кет қуп-қуруқ ёғоч мисоли,
На мева тугиб, на япроқ чиқариб.
Орзу-ниятларинг афғон шамоли
Учириб кетгани яхши, сен – ғариб…
Сен ғариб, ҳам қариб қолган етим дил,
Етдим деганида йиқилган кимса.
Бўйи бўйинг билан тенглашганида,
Фарзандинг тик қараб турса сен жимсан.
Сен жимсан, деёлмай ўз, ўзингдан дод,
Боласин "юмшоғим" деган кирписан.
"Ўз ёвинг ўзингдан чиқсин" дея ёд
Айтасан онангнинг сўзини зимдан…
«Туш кўрибман, тушимда сенга…»
Туш кўрибман, тушимда сенга
Севги изҳор қилардим тўлиб.
Сен-чи лоқайд тикилиб менга
Сўзларимни тинглардинг кулиб.
Туш кўрибман, тушимда сенга
Ялинардим дея, рад этма!
Сен-чи лоқайд тикилиб менга
Дердинг, бунча бўлибсан эзма?
Туш кўрибман тушимда сенга
Совға тутдим, юр дея, эслаб.
Сен-чи лоқайд тикилиб менга
Ҳатто олдинг неча бор эснаб.
Туш кўрибман, тушимда сенга
Илтижоли боқдим, йиғладим.
Сен-чи лоқайд тикилиб менга
На ўйландинг, на дил тиғладинг.
Туш кўрибман, тушимда сенга
Қўлим чўзсам, сен қочдинг нари.
Уйғондиму, севиниб кетдим,
Чунки булар туш эди бари.
«Менинг йўқлигим – сенинг борлигинг…»
Менинг йўқлигим – сенинг борлигинг,
Учар ўқлигим бахтиёрлигинг.
Сен турган жойда мен қандай юрай,
Хаяжонимни қандай яширай?
Менга чох қазиб юрган чоғингда
Беркиниб яшай ўрмон, тоғингда.
Сен дайди шамол, тинчим бузувчи,
Мен бир нотавон чивин, тўзувчи.
Бизларни тақдир бирлаштирмас ҳеч,
Бирлаштирса ҳам чирмастирмас ҳеч.
Аммо бир макон, битта замонда
Юрибмиз яшаб ҳамон омонда…
Аллоҳ беминнат, рисқи тўйимли,
Биз ҳам кимгадир керак, суюмли.
Аммо яшайман ҳар кун мажолсиз,
Сен борлигингдан ўлиб ажалсиз…
Менинг йўқлигим – сенинг борлигинг,
Учар ўқлигим – бахтиёрлигинг.
Сен турган жойда мен қандай юрай,
Сенинг ёнингда ўзимни кўрай?..
«Ёмон бўлаяпти юрагим…»
Ёмон бўлаяпти юрагим,
Гумон бўлаяпти юрмагим.
Бу оламда – шодлик, аламда
Армон бўлаяпти турмагим.
Мен қарийиб яшабман ғариб,
Рашкдан қариб, севгидан ариб.
Тилим лолдир, дилга малолдир,
Ҳаётимни айласам таъриф.
Дўстлар, тандан айри ҳуш бўлиб,
Мен кетарман гўзал туш бўлиб.
Бу дунёда топган, йўқотган
Кунларимнинг барин туш билиб.
Жондошларим бошга йиғилар,
Полопондек ёшда биғиллар.
Жонга оро кирмас, жон бермас
Тепамда чарх урган йиғилар.
Ёмон бўлаяпти юрагим,
Гумон бўлаяпти юрмагим.
Рашкдан қариб, севгидан ариб,
Айтинг, шартми бунда турмагим?..
АКА, СИЗНИ
Ака, сизни яхши кўраман,
Қўриқчимсиз, қўрқмай юраман.
Бизни яна ҳурсанд қиляпсиз,
Онам айтган қизни оляпсиз.
Онам айтган ишларни қилиб,
Кийинсин ёз, қишларни билиб.
Онам каби оқил, пазанда,
Келин бўлсин, қизмас арзанда!
Қизман-де, деб эркаланмасин,
Ҳамма ўзин ўрнини билсин.
Туғиб берсин уч ўғил, уч қиз,
Жиянларга бой бўлайлик биз.
Ширин бўлсин қўли онамдек,
Ва ўзин ҳам сийласин андек.
Қони пастлаб, жони қирқ бўлиб,
Қолмайлик биз пайи қирқилиб.
Ака, сизни яхши кўраман,
Янгамга тенглашиб юраман.
Ортиқ кўриб келинойимни,
Хафа қилиб қўйманг ойимни!
«Сиз туйғулар билан ўйнашманг…»
Сиз туйғулар билан ўйнашманг,
Ҳаяжонин ишониб тўкса.
Сиз қайғулар билан қийнашманг,
Олдингизда орзулар чўкса.
Соғинтириб қўйиши тайин,
Узилган гул индамай қуриб.
Уни узмай, эркалаб майин,
Парваришланг туриш-чун кўриб!
Қийин бўлар тўғри йўл доим,
Ҳаёт учун жангга отланинг.
Бўлмасидан қиёмат қойим,
Севги билан руҳ, қанотланинг.
Муҳаббатнинг вафоси гумон,
Сохтаси йўқ лек ҳиёнатнинг.
Бу дунёда яшаш-чун омон,
Қўлин тутмоқ шарт диёнатнинг.
Сизга нима дей яна, асли
Деганларим бари – ўзимга.
Мен ўзимга бериб тасалли,
Юкладим панд-дашном сўзимга…
«Кўролмаслар ўзга ютуғин…»
Кўролмаслар ўзга ютуғин,
Отадилар туҳмат тошини.
Ловуллатиб миш-мишлар чўғин,
Эгмоқ бўладилар бошини.
Эй, иғвога ногоҳ келган дуч,
Суянинг бенуқсон Аллоҳга.
Адл туриб юринг топиб куч,
Орқа қилиб олам паноҳга.
Ҳаёт синовларига кўнган,
Ризқин териб, ейди ошини.
Аъмолини келтириб ўнгдан,
Яшаб ўтар берган ёшини.
Руҳан тушиб, муддатдан аввал,
Кетиб қолмас ақли расолар.
Тафтиш қилиб ўзин мукаммал,
Солар тоза дилга ризолар.
Узоқ умр кўрганга бефарқ
Боқмас ҳайро-о-он қолиб одамлар.
Чунки улар гап-сўзларга ғарқ
Яшаётган ғолиб одамлар!