Читать книгу "Меҳр топдим"
Автор книги: Умида Абдуазимова
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
«Мен сузяпман сувларда чўкмай…»
Мен сузяпман сувларда чўкмай,
Ва… учяпман айни замонда!
Гўёки дўл, ёмғирда бўкмай,
Аммо кетаяпман армонда.
Туйғуларим сиғмай танамга,
Чопган ўзим, югурган ўзим.
Ўралиб ёз, баҳорий рангга,
Тўрт фаслга улгурган ўзим.
Ўз-ўзимни ахтариб, кезиб,
Чопаверсам олам ям-яшил.
Шудрингзордан ким қолар безиб,
Қуёш ҳамроҳ бўлса муттасил?
Ёниб турган юзларим билан,
Бахтиёрман, дейман нақадар!
Кулармидим кўзларим билан,
Севгига дуч келмасам агар?
Ишқ уйғотар мени уйқудан,
Кўз тасдиқлар, қорачиқ муҳр.
Айри бўлмай ажиб туйғудан,
Сени қандай забт этай, меҳр?..
«Мен эмасман Фарҳоддек подшоҳ…»
Мен эмасман Фарҳоддек подшоҳ,
Ё бўлмадим Ғарибдек қашшоқ,
Сен ҳам эмас камбағал ё хон,
Ўтиб кетган ундайин замон.
Ўтишга-ку, ўтган у давр,
Лекин нима истайсан ахир?
Сенга етмоқ мушкул бунчалар,
Қийнайсанми мени шунчалар?
Мағрур хайр, дейми туйғумга,
Шерик қилмай қувонч, қайғумга?
Мен кетгач сен қалбсиз қоласан,
Барчин гулим, Алпсиз қоласан!
Дил тинчини ўғирлар нозинг,
Авжи баланд мавжланар созинг.
Аммо билки, севги ҳеч қачон,
Танламаган, танламас замон.
Ранжимагин синасам севгинг,
Балки рост ё ёлғондир сўзинг.
Билсанг, қизлар абад ва азал,
Ноз-фироғи биландир гўзал!
«Табрик этгил мени дугонам…»
Табрик этгил мени дугонам,
Севиб қолдим, севиб қолдим мен!
Ҳаёт гўзал экан чунонам,
Назар солдим, ўйга толдим мен.
Тўлиб кетди қўшиққа қалбим,
Бунча гўзал атроф, ер, само?
Ошиқ шоир айтгани каби,
Қўшиқлардан тўқилган ҳаво.
Эсингдами, нолигандинг ва
Нолигайсан шаксиз бугун ҳам.
Севгилигинг эмиш бепарво,
Севгилигинг тошбағир бирам!..
Мана, мен ҳам бир пўртанаман,
Йиқилишим мумкин шом, наҳор.
Гарчанд сендек зор, ўртанаман,
Вужудимда гуркирар баҳор.
Чунки уни кўрсам, ўйласам
Чекинади ҳар қандай заҳмат.
Ошиқ юрак билан сўйласам:
Унга фақат раҳмат айтаман!
«Сени севган эдим, ҳеч кимга…»
Сени севган эдим, ҳеч кимга
Насиб қилмас эҳтирос билан.
Сен эътибор бермай севгимга
Қаршиладинг эътироз билан.
Сени севган эдим иккала
Кўзим билан кўрмай бошқани.
Ҳузурингда юрдим чўккалаб,
Тик туролмай қадам босгани.
Сени севган эдим тап тортмас
Журъат билан, ўзимдан жудо.
Қийноқларинг қалбим ҳоритмас,
Ғуруримни топтамас ҳатто!
Севавердим, аммо бир куни
Ишқ алмашди худбинлик билан.
Нари суриб қўйдим севгимни,
Гўё (!) оддий бир жимлик билан…
Энди бойман, жуда ҳам бойман,
Аммо етишмайди нимадир.
Осмондаги ярқироқ ойман,
Аммо кўнгил дайди кемадир…
«Ишонаман, бизлар дўст бўлиб…»
Ишонаман, бизлар дўст бўлиб,
Хотирларда мангу қоламиз.
Боламизни хатто ўз билиб
Бағримизга мамнун оламиз.
Дўстлигимиз давом эттирар,
Ўсаётган гулу-лоламиз.
Кетганларим қайга кетдилар,
Бизлар шунда, шунда қоламиз.
Бахтимизни кўз-кўзлаб ёниб,
Шундай кулиб қараб турамиз.
Бахтимиздан бахтлар уйғониб,
Бизлар дилдан яйраб куламиз.
Ўргатамиз боламизга ҳам,
Ҳақни таниб, хуррам яшашсин.
Биз ўргатсак ўрганар олам,
Ўрганади курраи замин.
Ахир бизлар инсониятни
Яхшиликка йўлламоқчимиз.
Кимки қилса эзгу ниятни,
Ниятига холис соқчимиз!
«Тасур-тусур чанг-тўзон билан…»
Тасур-тусур чанг-тўзон билан
Шатур -шутур келган эй, ёмғир!
Кўзи учиб, тонг, азон билан
Ким чорлади сени, айт, ахир?
Аралашмай Аллоҳ ишига,
Қаҳратони, саратонига;
Яшасам-да, чидаб нишига,
Шамолининг Хайратонига;
Мен жудаям ачиниб кетдим,
Сўритакда турган узумга.
Сепкил солиб, иритиб бетин,
Кетишинг бор келиб бир зумга..
Бўлар Аллоҳ айтгани, аммо
Ёқимсиздир куйинг бу сафар.
Кайфинг тарқаб, тўлдириб қўйин,
Довуччангни терасан саҳар.
Эй, Аллоҳим, ёмғир, қор ўпган
Узумзорни ҳоҳла, ўтин қил.
Сабрни дўст қилиб бахт топган
Эл боласин ризқин бутун қил!
«Мени келмас кўргингиз…»
Мени келмас кўргингиз,
Ёнгинамда юргингиз.
Ҳавасманд ё ҳасадманд
Бўлиб қараб тургингиз.
Лол бўлдим ҳуснингизга,
Чўғ, чарос кўзингизга.
Сизга етмоққа йўл йўқ,
Таъриф этмоққа йўл йўқ!
Қачон англар кўнглимсиз,
Қачон кулар гулимсиз?
Ой кулиб, сой тўлиб, ёр,
Этасиз-а, бахтиёр?
Наҳот орзум тош бўлар,
Тоза ишқ одош бўлар?
Юзи ой, қошлари ёй,
Қалб борми, мулки чирой?
Мен сизга дилдош бўлай,
Вафодор йўлдош бўлай.
Кўз ёшимни тўктирмай,
Яшайсизми чўктирмай?..
САБРЛИЛАР
Яшашни ўрганиб ҳар лаҳза,
Сабрлилар ҳамиша ғолиб.
Хатто жажжи бир чивин чақса,
Яхшиликка,– дерлар, дарс олиб.
Дуоларин мўл-кўллаб қилиб,
Шошилмаслар ижобатига.
Тоат-ибодатини билиб,
Аллоҳ олар ҳимоятига.
Ота – жисмларига жодир,
Она эса жаннати, тахти.
Опа-ука гапи бажодир,
Ҳалол оилалари – бахти.
Ёқиб бўлмас, бўлмас ўчириб
Ўтмишларин унутмаслар ҳеч.
Ҳаётларин юрмас кўчириб,
Эрта келмиш, кетмишларга кеч.
Доим олдинга йўл бошловчи
Сабрлилар заҳмати – роҳат.
Кимга келса САБРдан совчи,
Демак охирати – фароғат!
«Дўстим Аллоҳ, улфатим Қуръон…»
Дўстим Аллоҳ, улфатим Қуръон
Давлатим деб билдим сабрни;
Деганларга, бўлинг соғ-омон,
Яшанг дейман, билмай жабрни.
Қилган яхшилигин таъналаб,
Юрмоқ яхши эмас, яхшилар!
Ёмонлардан яшанг паналаб,
Зикрда ҳар нафас, яхшилар!
Меҳр бериб, меҳр оларлар,
Муҳаббатнинг ўзаги вафо.
Ҳасад оғусин гар соларлар,
Ҳар луқмаси қўзғайди жафо.
«Сен», «мен»,– деб бошланар «уруш»да
Ўзга жинсдан «ўчар»сиз мункиб.
Ёки «дока рўмол қуриш»да
Шамолларга учарсиз энкиб…
Бир дўстимнинг маъракасидан
Келиб нега ёздим бу шеърни?
Умр сўранг баракасидан,
Меҳр бериб, олинг меҳрни…
«Сени ёниб-ёниб севсалар…»
Сени ёниб-ёниб севсалар,
Ўзларидан тониб севсалар,
Фақат сенга асир бўлсалар,
Гоҳ шаън, гоҳ жон басир бўлсалар,
Бу неъматдан мамнун бўлсалар,
Бу ҳаётга мафтун бўлсалар,
Нақадар бахтли улар!
Туйғулари ям-яшил бўлса,
Қайғулари ҳам яхши бўлса,
Шуълаларда чўмилса дунё,
Шавқу завқда тўлишса дунё,
Ширин сўзга чўмилса олам,
Сўз йўқ бошқа, тўхтайди қалам,
Нақадар бахтли улар!
Фидойи жон бўлиб қарашлар,
Қайта-қайта қилиб ярашлар,
Гўё ойдай, кундай севсалар,
Қандай бўлсанг, шундай севсалар,
Ёлғонлардан йироқ бўлсалар,
Дарё бўлсанг, қирғоқ бўлсалар,
Нақадар бахтли улар!
«Қуёш чиққач сўнган ой каби…»
Қуёш чиққач сўнган ой каби,
Ўзинг олиб қочавер, майли.
Мени қуёш билсанг шод қалбим,
Тунда нуринг сочавер, майли,
Бари бир мен яхши кўраман.
Мени йўқлаб келмасанг ҳечам,
Севгимни рад этиб кетсанг ҳам.
Ёлғизликда ёвланса кечам,
Ғуруримни поймол этсанг ҳам,
Бари бир мен яхши кўраман.
Осмонга тош отсанг қайтади,
Ўзига хос садоси билан.
Эл не деса билиб айтади,
Ваъда гўзал вафоси билан.
Бари бир мен яхши кўраман.
Тун-кун аро мен бир шуъламан,
Басдир мени кўрса кўзларинг.
Сен деб йиғлаб, сен деб куламан,
Тоабад шу айтар сўзларим:
Бари бир мен яхши кўраман!
«Ҳаётим ёмон деб нолисанг…»
Ҳаётим ёмон деб нолисанг,
Алмаштирар айт, ким яхшисин?
Балки осмон тоқин ҳоҳлайсан,
Балки моҳин – сахнин нақшисин?
Элга ёқар бўзлаганлармас,
Ҳаётига бахт бахш этарлар.
Бахту тахтга излаганлармас,
Орзулаганлар ҳам етарлар.
Ниятларин мукаммал қилиб,
Юрганларнинг йўллари тоза.
Ширин сўзин дастмоя билиб,
Сабрлидан олмиш андоза.
Бир лаҳзада ғафлатда қўйиб,
Тугаши ҳам мумкин ҳаётинг.
Берган қарзин сўраса уйиб,
Айт етар қай арзинг, қай додинг?
Ҳоли қўярлар нолиганни,
Ҳаракатда барака бўлар.
Бировларнинг санаб пулини,
Ҳасад қилган калака бўлар!
«Эркин ва озод юриб, гадо бўлганлар…»
Эркин ва озод юриб, гадо бўлганлар,
Иймон-иҳтиёридан жудо бўлганлар,
Мол-мулки билан гўё худо бўлганлар
олдида ўзим сезмас ҳолда мен – бахтли.
Ҳар бир эркак хотинин меҳрига мухтож,
Кийдиринг эъзоз билан ёр бошига тож,
Маликалардек яшанг сезмай эҳтиёж,
ибратингиздан мен ҳам сиз каби тахтли.
Ҳаётида ҳатолар қилмасга, салом!
Бошқаларга ёқишни билмасга, салом!
Алик олганга дилда бисёр ҳуш калом,
демак уларнинг бугун, эртаси нақдли!
Қачонгача берамиз панд, ўзимизга,
Тасанно ва тасали ранг сўзимизга,
Қорани қора, оқни оқ…Кўзимизга
кўринганини сўйлаб, яшаймиз шаҳдли?
Ўзга хатосин топиб, тиғланар тилим,
Ўзгада ҳам тил, хато топмоққа билим
Борлигин билиб наҳот, гап тилим-тилим
Қилмасин деб юрагин, юрагим аҳдли?!.
«Дуодаман мен ҳар куни сизлар учун…»
Дуодаман мен ҳар куни сизлар учун,
Бўз йигиту, бўйга етган қизлар учун.
Ҳозир тенгдош, хаттоки бир ҳил устивош,
Эртага сиз ҳоким, сиз-чи, наҳот фаррош?
Касбнинг яхши – ёмони йўқ, аммо орзум:
Ҳар бирингиз бўлсин тахти баланд – мавзум!
Бир – бирингиз тўлдирасиз бўлса ками,
Бу дунёда ахир йўқдир кимнинг ғами?
Ҳасад қилиш бордир илм борасида,
Ҳасадлилар ўсиб борар орасида.
Нега унинг баҳоси «беш», меники «тўрт»?-
Деб ҳаракат қилгангадир марраи зўр!
Қадр топиш – бу қабрда ётиш эмас,
Иззат тахтга миниб камон отиш эмас.
Ота – она қадрин топинг етимлардан,
Маъно изланг уруш-тинчлик битимлардан.
Ерда туриб, Марсда яшаш истаса ким,
Мен қўллайман, ойга нарвон изласа ким.
Ҳей, эртамнинг чироқлари, сўниб қолманг,
Ўзгаларнинг бахтин бахт деб, тортиб олманг!
«Мен ўзимга сўз бердим энди…»
Мен ўзимга сўз бердим энди,
Сендан нари бўлиб бораман.
Ўзим билан ўзим сўзлашиб,
Майли, ғариб бўлиб бораман.
Мен ўзимга сўз бердим, энди,
Сўзларингга ишонмоқлик бас.
Бас, кўнгилни кўнгилга боғлаб,
Яшамоқлик сенга ҳамнафас.
Мен ўзимни оларман қўлга,
Ҳисларимни жиловлаб олдим.
Сен термулиб қоларсан йўлга…
Бардошимни чўнг тилаб олдим.
Мен ўзимга сўз бердим энди,
Юрак ёниб яшамоқлик бас.
Менки кимга дил бердим энди,
Дилдан тониб яшамоқлик бас.
Ҳар кун хаёл етиб боради,
Сенга – қадам етмас манзилга.
Хаёлимда чек қўяман чек,
Тақдир тақдим этган ҳазилга.
«Қўша қариб яшамоқ яхшимасми…»
Қўша қариб яшамоқ яхшимасми,
Бир никоҳда ўтдик, – деб зурёдларга?
Баҳам кўриб яшнамоқ яхшимасми,
Чек қўйиб дард, ярим бахт, фарёдларга?
Аллоҳ ўзи ажратса – тақдир азал,
Тирик юриб четда изғимоқ ёмон.
Захар бўлиб хатто яласа асал,
Ухлай олмай, хуркиб мизғимоқ ёмон.
Ёмон, сўраб турса онасин қизи,
Отам қани?– деб йиғласа ўғил ё.
Ким яшайди банди қилиб пул иси,
Хазон бўлар ким хуснига махлиё…
Бошқарганда бир кун етишмовчилик,
Молга эмас, айро жонга куйиш бор.
Ақл кетиб, ҳис-туйғу ташласа чек,
Бирин олиб, бирин қўйиб суйиш бор.
Ҳей, тизгинин юракка топширганлар,
Эрта ўзни қандай таништирарсиз?
Муаммосин бошидан оширганлар,
Болангизнинг даккисин эшитарсиз!
«Ҳафа қилган бўлсам ножўя…»
Ҳафа қилган бўлсам ножўя,
Қабул қилинг узримни, синглим.
Либосингиз есин деб куя,
Сиздан қолди деманг-а, кўнглим.
Шу кўйлакни сизга берайин,
Эрта-индин бўйга етасиз.
Қайин сингил, қайин, эррайим…
Ота уйни ташлаб кетасиз.
Укам, сиз ҳам уюб қовоқни,
Борганимда нима гап? – деманг!
Шу ҳовлида ўсган аҳмоқни,
Шунга талпинишин ғам еманг!
Опа-сингил келганда аввал,
Кўнглин олинг акажон, дойим.
Кимнинг феъли бўлса мукаммал,
Эрта келмас қиёмат қойим!
Ўзга уйга қизингиз тантиқ
Кўникишин сўраб худодан,
Ибрат олинг, бош эгиб жуфти
Томон борган Одам Атодан!
ДЎСТ
Дунё менга кулиб боқди,
Кулиб боқ, дўст бўлсанг, дўст!
Дарёларим тўлиб оқди,
Тўлиб оқ, дўст бўлсанг, дўст!
Қувончингни ҳаммага ёй,
Бахтидан бахтлиман, – деб.
Қуёшидан қўрланар ой,
Мисли ой тахтлиман,– деб.
Дўст дегани шундай бўлар:
Айби бўлса яширар.
Кечасида кундай бўлар,
Яхшисини оширар.
Ҳамма ташлаб кетса, ташлаб
Кетмас тана аъзосидек.
Бу дунёда топмас ошаб,
Дўстин ошин мазасидек.
Ерни тешиб юборсам ҳам,
Етса ҳам бўйим тоққа;
Ҳасад қилмай қутлаган дам,
Жон фидо дўст, ўртоққа!
«Сени қувнаб қаршилаб азон…»
Сени қувнаб қаршилаб азон,
Сени кутиб шодландим ифтор.
Мендан рози кетгин Рамазон,
Дангасалик этмай гирифтор.
Таомландим соатга қараб,
Беш фарзингни уддалаб осон.
Ул-бул ишга-ям юрдим яраб,
Бунга гувоҳ ер, ҳаво, осмон.
Номозлининг иши – бежоли,
Сафарлар ҳам қилдим хайрли.
Ҳар дақиқам айлаб тежоли,
Ён-атрофим гуллар сайрли.
Бундай боқсам, рангим тозариб,
Табиатим осуда, дилбар.
Онам ёпган нондек қизариб,
Дарду ғамим бўлган дарбадар.
Нишолдадан тилимда парда,
Қучгим келар ҳаммани баъзан.
Сени кутай, шимиб парварда,
Мендан рози кетгин, Рамазон!
«Доим тўғри гапирадиганлар…»
Доим тўғри гапирадиганлар
Ён – веридан қочади кўплар.
Алдам-қалдам юрадиганлар
Атрофига кўпларни тўплар.
Эй доно ва бағри кенг одам,
Тўғри пичоқ санчмас ортингдан.
Олчоқ эса олару ҳардам,
Кечар мустаҳкаму, мўртингдан.
Ҳонадонинг бир чеккасида
Сени ўйлар бир меҳрли қалб.
Кетиб ишга сен муккасидан,
Қўймайсан-а, қалбан бир йўқлаб.
Унинг тўғри сўзи бездирар
«Ичма», «чекма» дегани оғир.
Алдам-қалдам сўзлар эса зар,
Ҳатто қанотлантиришга моҳир.
Бир-бировга даҳлдор нечоғ,
Сени асрар унинг дуоси.
Бунинг эса кўзлари бежо,
Даф қил, ўчсин дард, иддаоси!
««Ғийбат қилаётган кишини…»
«Ғийбат қилаётган кишини
Тўхтатганга юз шаҳид савоб»…
Эркак қилса аёл «иши»ни,
Аёлларни қилмаймиз тавоб!
Сўкиб-нетиб, «дода»лик қилиб
Юрар хотин зотига қирон!
Ҳар иккисин тасқара билиб,
Лаънатлайди муқаддас Қуръон.
Гарчанд келиб турибди ризқ-рўз,
Пасаймоқда умрнинг шами.
Бунча ғамли бўлма деб кам-кўст,
Оғир ғамдир – охират ғами.
Сабаб бўлар бадбахтлигингга,
Бу дунёнинг жилваси беҳад.
Етсанг ҳаёт – роҳатлигига,
Тузук бўлсин аввало сиҳат.
Биродарин гўштин тушириб,
Юрган борки, ўйламас ўзин.
Эр-эр, хотин – хотинлик ўрин
Топса топмас маломат сўзин!
«Сенинг исинг келиб турар исимдан…»
Сенинг исинг келиб турар исимдан,
Кўринган ҳар буюм, ҳар бир жисмдан.
Аллоҳдан қўрқмасдан қўрқасан, ўзинг,
Оқ-қора кунимда орқасан, ўзинг!
Билмайман, сен ўзи кимсан, нимамсан,
Нимага таъмамсан, таъна, гинамсан?
Сен эккан гиёҳлар йўлимни тўсар,
Эртага қабримнинг устидан ўсар…
Ўтмишни эсласам, бўламан ҳафа,
Мен сени йўқотиб қўйдим қай дафъа?
Хотинча гап қилиб, хотинлаштирдим,
Сен мулло йигитни «отин»лаштирдим.
Нон ёпдим, ислари тутди оламни,
Учиб кел эшитиб соғинч ноламни.
Ош қилсам, насибанг ортар товоқдан,
Очиғи, ўтмайди сенсиз томоқдан!
Сенинг исинг келиб турар исимдан,
Деб юриб мен бордим қайта изимдан.
Ажаббо, айнан мен бўлибсан-ку сен,
Сен бўлиб қолганим билибсан-ку, сен?.
«Кимгадир эртак бу, кимга ҳақиқат…»
Кимгадир эртак бу, кимга ҳақиқат,
Ўйлатиб, сўйлатиб, хаёлга толдир.
Кўнглингни ёзиб, кўз ёшини чайқат,
Лек муҳим сирингни ўзингда қолдир.
Дардингни дардчиллар англар, қолганлар
Билишар ёлғон, ё қилишар таҳмин.
Ҳаёт синовидан сабоқ олганлар,
Биргалашиб ортар елкага заҳмин.
Ожиз бандалигин унутиб юрган,
Кибру ҳаволилар кўпдир атрофда.
Ҳаттоки бурганинг кўзини кўрган
Сизларда билмадим, кўп биз тарафда.
Балиқлар билан бор сўзлашадиган,
Ўзганинг ҳамёнин санаб ҳасадли.
Пари-пайкарларга юзлашадиган,
Фаришта сиймоли, қараши наҳсли.
Эй, доно рафиқу, зукко оналар,
Сиз буюк инсонлар кашфиётчиси.
Сиз эккан ниҳолда гуллар шоналар,
Сирру синоатининг бўлинг соқчиси!
«На яхши, на ёмон, сиз кимсиз ўзи…»
На яхши, на ёмон, сиз кимсиз ўзи,
Сизга муштоқларга сиз жимсиз ўзи.
Яхши деганларим айтинг, омонми,
Яхшилар ёмонлар аро ёмонми?
Мен кулиб кулдирай, мақтаб ёмонни,
Сал-пал жилмайишга ниқтаб ёмонни.
Яхшига яхшиман, дер сўрсам кимдан,
Кечайми ёмонга яхшилигимдан?
Улар ҳам бегона амас аслида,
Одам Ато, Момо Ҳаво насли – да!
Қобилу Ҳобиллар зурёди ахир,
Пешонам тери шўр, кўз ёшим тахир.
Ким ҳафа ухласа, уйғонсин ҳурсанд,
Хунукка ҳурсан денг, қўрқоққа зўрсан.
Беморлар уйғонсин тетик ва бардам,
Яхшисан, ёмонсан, демайлик бирдан.
Биз бирга келдикми, кетармиз бирга,
Яралган тупроққа етармиз бирга,
Яратган йўриғин қилиб, яхшилар,
Ёмонин ҳам билиб, билиб яхшилар!
«Мен кутардим кўк тугмача ёнишин…»
Мен кутардим кўк тугмача ёнишин,
«Алло, сизми?»
«– Салом!»,– деган товушин. .
Дарахт эдик, томирлари туташган,
Энди бизни кимлар эгиб, буташган?
Фақирликдан қўрқиб, фақирмизми, биз,
Ҳорликдан ҳуркиб, ҳордан камми, биз?
Олам яратилган бахт, шодлик учун,
Курашдамиз наҳот барбодлик учун?!
Қушлар учар лаш-лушларсиз омонда,
Қайда ризқи бўлса, ўша осмонда.
Бизнинг кўрар кўзлар нуқси – кўрчилик,
Муаммомиз битта – ношукрчилик!
Кўринишлар тугамаган – кўриш йўқ,
Қадаримиз томон мамнун юриш йўқ.
Сим қоқиш йўқ, жим боқиш йўқ жилмайиб,
Соғ вужуд йўқ – тилу дил, ҳоҳиш майиб…
Тавба, қайда ер, сувлар талашдадир,
Одамлар оч бўридек ялашдадир.
Бизда эса ҳамма тўқ, ҳамма бурчлик,
Муаммомиз битта – ношукрчилик!..
«Кўргингиз келса кунда табассумимни…»
Кўргингиз келса кунда табассумимни,
Фироқлардан йироқланг туну кунимни.
Сиз келар сўқмоқларим чимлар босмасин,
Бегона шовқин ва ё жимлар босмасин.
Ақллилик қилиб кўп, ақллигинам,
Орттирманг маломату ё аҳли гинам.
Мени химоя қилар, яхши кўрар зот,
Аллоҳимга ҳавола ҳафаманми, шод.
Сокинлигимдан деманг бедарду беғам,
Муаммоим бўлишиб, изламам малҳам.
Бу омонат дунёда сўраб ҳолимни,
Келганга жоним берай, на-да молимини.
Меҳмонга деб боламдан қизғонганим бор,
Гадога ҳам гадодан дўсту ғаним бор.
Рост сўз одамга одам муштоқ, ғанимат,
Келинг эрта – кеч демай, бўлиб соф ният.
Ўзимдек ўйлайман мен бошқаларни ҳам,
Жавоби бордир ёлғон ваъда ё қасам.
Мен сизга боғлиқдирман, сиз менга боғлиқ,
Келинг, бир-биримизга тилайлик соғлиқ!
«Қиймати ҳиммати билан ўлчанар…»
Қиймати ҳиммати билан ўлчанар,
Ўзбек ўғлонлари, қаердасизлар?
Гуноҳдан четланиб, шашти кучланар,
Ердами, осмон, сув… ҳар ердасизлар!
Бугун бир янгилик келар, эринманг,
Яхшилик қилишни қўйманг эртага.
Бир ишва ортида сарсон, забун, занг
Кул босган қалблар ҳам шошсин юртига!
Кетсангиз зиёнда, келсангиз фойда,
Урчитманг ҳар қандай нолойиқ сўзлар.
Имкон, иш, иймон, инсонлик жойида,
Қор ёғсин, босилсин ҳар тойиқ излар.
Сизни йўқотишдан қўрқиб ухламас
Соғинчли ингроқлар эшитилмасму?
Қайси тош юрак у, отин чухламас,
Титроқ ҳотиралар қалбин тилмасму?
Ўзбек ўғлонлари, ўзига беклар,
Йўқотиб уйғонманг яқинингизни.
Ўзлик, ўз элингиз қаддингиз тиклар,
Шуъласи абадий чақинингизнинг!
СИЗНИНГ ҲАМ ҚИЗИНГИЗ
Сизнинг ҳам қизингиз ҳозир кўчада,
Синглингиз бир ўзи мошинга чиққан.
Эхтимол опангиз ёлғиз, кечада,
Сиз эса нимага, кимга кўз тиккан?
Завқланиб оромбаҳш, ойдин кечимдан.
Бўрилар емайди дедим бўрини.
Совуқ тер чиқиб зил кетдим ичимдан,
Сиз мамнун маҳлуқот, эркак зўрими?
Суякка ташланган оч итга ўхшаб,
Ёпиниб олибсиз хайвон терини.
Билмассиз кун чиқса қолишни қақшаб,
Лаънатлаб дунёнинг айш – ишратини.
Ўзганинг номусин топтамоқчининг,
Номусин сақлашга йўқдир кафолат.
Номусим кўзимда, – деб ўйлар тинчин,
Мағрур ва мард эркак ҳар қандай ҳолат.
Дунёни қутқарар ҳаёсизликдан,
Зулайҳо «ҳаром» деб боқмас Юсуфлар.
Кимлардир дарс олиб Абу Лаҳабдан,
Ўзганинг ўзлигин ўғринча овлар…
«Аллоҳнинг ҳамма кунлари бир ҳил…»
Аллоҳнинг ҳамма кунлари бир ҳил,
Ҳайрли ишлар кечиктирилмас.
Қолган меҳрми, синганми кўнгил,
«Иссиқ – совуқ»дан асло тирилмас.
Қорни тўқларга таомлар қўйиб,
Эгни бутларга кийгизганлар тўн;
Ҳайрли иш қилинг вақтида суйиб,
«Эрта», «индин»ни санаманг деб жўн!
Аллоҳникидир ўтмиш, келажак,
«Бугуним яхши, жуда-а яхши!» – денг.
Бундан зўрига ҳаёт елажак,
Бундан зўрига йўл очилар кенг.
«Шу ҳам ҳаётми?» – деб нолиганга,
Бундан баттарин Аллоҳ этар дуч.
Бундан ёмони бисёрдир анча,
Бундан баттарга қани топ, – дер куч.
Соч оласизми, тирноқми, уйда
Супурги турар тикками, чўкка.
Таваккал қилиб яшанг осуда,
Парво қилмасдан аччиқ-чучукка.
«Беркитсам мен сизнинг айбингиз…»
Беркитсам мен сизнинг айбингиз,
«Белгилаб қўйдингиз ғайбингиз», -
Деб кўкка кўтарган сизмисиз,
Қалбимнинг ҳоҳиши, изнисиз?
Билганим биларсиз, билмасдек,
Кўзимга қараб кўз илмасдек.
Улкан тоғ қулайди олдимда…
Нима гап, нима сўз олдинда?!
Бандасин синайди одил раб,
Эртанги кунларга жим қараб,
Устма-уст келганда синовлар,
Келар, деб турдим бахт, сийловлар.
Синовда қийналган одамга
Ошиқса ким агар ёрдамга,
Иккала дунёсин айбини
Ўчирар гул қилиб ғайбини.
Яхшиликни ёзиб кўнглимга,
Ёмонликни отдим чўлимга.
Кўнглимда гуллар бор ранг-баранг,
Чўлимда чанг-тўзон, ер заранг…
«Гўзал кунлар келишини кутганлар…»
Гўзал кунлар келишини кутганлар -
Ўз вақтининг салмоғин унутганлар.
Шу кичкина умрин жараёнида,
Дангасалик болалаган қонида!
Бундан кимга фойда, кимга зарардир,
Унинг келиб кетиши бесамардир.
Гина-кудрат, адоватни қовурар,
Елга бериб, ҳаётини совурар.
Шу лахзада тикилиб қизғалдоққа,
Қаранг, қора сочим бўялди оққа.
Нимагаки, қанотлари – ипакдан,
Меҳмон бўлмиш бир кунлик – капалакдан!
Чевар Аллоҳ шунча хусн, кўрк берса,
Қизғалдоқлар яшамоққа зўр берса,
Уларнингмас, Аллоҳ айтгани бўлар,
Кетганимас, балки қайтгани бўлар.
Тавба дейман, болам ғамини ейман,
Онам ишин қилиб, деганин дейман.
Харакатдан тўхтамай кучга тўлар,
Бугуним нақд, эртага бир гап бўлар!
«Ҳаммага меҳрли, ширин сўздирман…»
Ҳаммага меҳрли, ширин сўздирман,
Тилимас, сочлари узун қиздирман,
Сизга керак бўлсам, излаб келасиз,
Йўлимга гул тўшаб, сизлаб келасиз.
Қадр кечасидек хаво мўътадил,
Ҳайрат, ҳаяжонга тўла ўта дил!
Қадримга етганни етиб қадрига,
Умрингиз ўрайман жаннат атрига.
Саратон, қаҳратон, демай, чилла-да,
Инсонга инсоний муомилада,
Келсангиз камаймай соғинчларингиз,
Мен ўша-ўшаман, ҳа, тинчланингиз!
Қанчалик аразли, рашкли бўлса қалб,
Шунчалик бўларкан муруват талаб.
Кўзимнинг чўғида куйиб, қовжираб,
Келасиз кўзлари ёниб, жовдираб.
Тонг билан кўзимни очиб қарайман,
Кўнглимнинг қувончин сочиб қарайман,
Сержилва ҳаётга зийрак толибман,
Онам тарбиясин олиб, ғолибман!
«Икки дилни ажратди хатолари…»
Икки дилни ажратди хатолари,
Пешонадан нари шўр атолари.
Ўйнаб-кулиб яшамоққа қўймаган,
Рашку ранждан иборат адолари.
Масофамас, манманликдан мосуво,
Дарз кетди оҳ, пок юраклар мусаффо.
Ўз ўқида айланмоқда ер гарчанд,
Ўша-ўша олам, осмон, сув, хаво.
Лекин энди ўшамас боқар кўзлар,
Аламзада қичқириқ айтар сўзлар.
Тавба, шунча ўзгарарми одамзод,
Бирам хунук буришган совуқ юзлар.
Ким майда гап, манманликдан бўлингай,
Битта-битта ёв тўрига илингай.
Ёлғизликнинг азоби оғир келар,
Гарчанд ҳозир билинмай ё билингай.
Дунё дони хою-ҳавасли тузоқ.
Деманг ҳаёт йўлимиз ҳали узоқ.
Юкимизни енгиллатар гапирган,
Гапдан касалланган қанча, қанча соғ?..