Читать книгу "Меҳр топдим"
Автор книги: Умида Абдуазимова
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
«Йиғламай кулмаган бахтга…»
Йиғламай кулмаган бахтга,
Ва насиб бўлмаган тахтга,
Орзу қилиб яшайин шод,
Садоқатли бўлиб аҳдга.
Ким қарашма, ким рашк қилди,
Мени шу аҳд бирлаштирди.
Эртаси йўқ деганларни
Ўтмиши йўқ адаштирди.
Мен кўзгуга қараб бот-бот,
Кимлигимдан кўринсам шод,
Одил хакам – Вақт бўлиб дўст,
Эт-бетимдан топар кам– кўст.
Қора сочлар тақимида…
Жўшқин ҳаёт оқимида,
Ўнгу чапга сузганим бор,
Ўз ҳаётим бузганим бор.
Шайтон кезар жисмидаман,
Қодир Аллоҳ измидаман.
Қурқувим бор – қиёматдан,
Йўқотиш ва ҳиёнатдан.
«Оғзи билан юрарлар кўп…»
Оғзи билан юрарлар кўп,
Сўзинг кутиб турарлар тўп.
Илиб олиб сўзинг, ўзинг
Калтак қилиб урарлар хўп.
Ичинг ғубор босса, нима,
Кўз ёшингда юв жимгина.
Аммо «гуллаб» илло-билло,
Қилиб юрма дод, тавалло!
Ёлғиз бўлсанг, куйинма кўп,
Ой ёлғиз, деб суюнма кўп,
Ойнинг кўнгли осмондадир,
Сенга кўл, чўл, осмон надир?
Яхши-ёмон кўрарга – кўз,
Эҳтиёжинг сўрарга – сўз,
Ақлинг бордир – илғамоққа,
Қалбинг билан чулғамоққа.
Парво қилмай гап-сўзларга,
Баҳона топ бахт изларга.
Ёнингдаги бахтинг билиб,
Салом ҳаёт!,– дегин кулиб.
«Гулим, сенинг тиконинг чақди…»
Гулим, сенинг тиконинг чақди,
Юрагимга ҳадигин тақди.
Бир айланиб кетсам ёнингдан,
Печак чирмаб, шимар қонингдан.
Сабр қилиб турсам нолимай,
Салга демай, вой, аҳволим-ай!,-
Дакки бермай кечирсам агар,
Яйраб-яшнар эдинг муқаррар!
Гарчанд ҳамма тупроқдан бунёд,
Тупроқ силаб-сийпаб дил обод.
Бегона ўт бегона сирин,
Баён қилмай ўсар яширин.
Тупроққа қўшилса оқава,
Мундарижа «нўл» – зар муқова.
Лойқаланар лойга айланиб,
Бир чиқинди мойга айланиб…
Маҳзунликнинг масрурлиги бор,
Деб яшабман мен беэътибор.
Яхшига кун, ёмонга ўлим,
Йўқ дегани шумикан, гулим?
«Ким аразлар ота-онадан…»
Ким аразлар ота-онадан,
Ака-ука, опа-сингилдан?
Боши чиқмас ғамдан, таънадан,
Ёзилиб бир кулмас кўнгилдан!
Ким етимга, мискин, фақирга
Ва беморга бўлар бағри тош;
Арзимайди у бир пақирга,
Ҳурматини қилмас қари-ёш!
Ўғри, каззоб, ҳасадгўй, ман-ман,
Миллат хоинидан юз буринг.
Йўқса сизни қолдирар ҳанг-манг,
Қулоқ тинглаб, ва ё кўз кўринг!
Вафоли дўст, содиқ муҳлисга,
Яқин юриб топарсиз обрў.
Кетиб қолманг қалбдан олисга,
Номардларга бўлиб рўбару.
Илм бошқаради дунёни,
Аллоҳ берган онгни чарҳланг.
Элга ёйиб илму зиёни,
Ёзган сатрларим шарҳланг.
УЛАР
Менинг ғамим билан яшаган,
Кўпу-камим билан яшаган
Ота-онам, опа-укамдир,
Улар билан умрим бекамдир.
Битта қўлдан шапалоқ есак,
Икки қўлдан чиқади қарсак.
Бир-бировни қўллаб, маъқуллаб,
Яшадик ёш ёки қарисак.
Кечагидан соғиниб кўпроқ,
Олтин билиб сочса қум, тупроқ,
Мақсадингни унутма деган,-
Улар менинг ҳаётим экан!
Ёқтирмаслик мумкинмас, улар,
Майли йиғлар, бемаврид кулар.
Фикрим йўқдир ақлимдан ортиқ,
Улар менга Аллоҳдан тортиқ.
Ким бурнини кесар, сассиқ деб,
Бир ҳил таом ер ким тансиқ деб,
Улар менинг кечам, бугуним,
Кемтик қилмай эртанги куним!
«Мен ҳамиша ҳақман дейишдан…»
Мен ҳамиша ҳақман дейишдан,
Бир ўзининг ғамин ейишдан
Нари бўлиб, гарди ариган -
борки, бари қўша қариган!
Бошқаларни қилмас назорат,
Гина-қудратдан йўқ асорат.
Арз-дод қилмас, бефарқ танқидга,
Ва рашк, араз деган таҳдидга!
Маъқуллаб бир ўзин сўзини,
Ўйиб юрмас ўзга кўзини.
Кўз-кўз қилиб бисотин ёймас,
Ўз наздида қуёшмас, оймас.
Ўз нафсини енгадиган мард,
Юрагига сингадиган дард,
Ташқарига ташимас сирин,
Номаҳрамга солмас кўз қирин.
Менинг бобо-бувимдир улар,
Ҳаёт дарсин ўқитган шулар.
Мен шулардан андоза олиб,
Яшаяпман ҳотиржам, ғолиб…
«Юракка тушса ишқ чўғи…»
Юракка тушса ишқ чўғи,
Аввало ёнар кўзлар.
Рақсга мойил қўшиғи,
Сержилва, серзавқ сўзлар.
Бутун олам кафтидадир,
Бир-бирин топса юрак.
Ер, хаво, сув тафтидадир,
Тўхтатманг, чопса юрак.
Арзимасдай муаммолар,
Йўқотишлар сезилмас.
Тоға, амаки, аммалар
Пандларидан эзилмас.
Ўзларига билар рақиб,
Баланд-пастни рашк қилар.
Бир-бирини қилиб таъқиб,
Бир-бирисиз ғашланар.
Эҳ, шунақа ошиқликнинг
Қурбониман, ҳудойим!
Қалбга солма ноҳушликни,
Қани деб жон фидойим?..
«Мен эртамга отланарканман…»
Мен эртамга отланарканман,
Бугунимга раҳмат айтаман.
Кўп демайман, демайман камман,
Тажрибамга ҳар он қайтаман.
Кўрганим тун, кундузлар ҳаққи,
Босиб ўтган изларим гувоҳ,
Бузилмаган орзулар таҳи,
Борар жойим қилиб лойсувоқ.
Лойга ботган тупроқ қизини
Тиззалари қалтирамасин.
Ёлғон ўйнатай деб кўзини,
Зар-кумушлар ялтирамасин.
Нима сўрсам бошимни эгиб,
Бандасига букилганим бор.
Аллоҳимга қаддим тик этиб,
Дуодаман айтиб истиғфор.
Муз ва олов уйғунлиги жам
Вужудимни тупроққа қориб;
Ибодатда шодман, ҳотиржам,
Мен эртамга хаёлан бориб…
«Тезроқ катта бўлайин деб…»
Тезроқ катта бўлайин деб,
Орзулаган мен аҳмоқ.
Пари қизга пайти келиб,
Айланди сочи паҳмоқ.
Қуёшим деб чақирганга,
Ой бўлиб, бағрим очдим.
Қанисан, деб бақирганга
Тош отиб, заҳар сочдим.
Ишламас, рашк қилмас, туғмас,
Париларга мазадир.
Катталарнинг сўзин уқмас,
Шошган қизга жазодир..
Энди эса бурним тортиб,
Бир этак болаликман.
Елкамга зил юким ортиб,
Амма-ю ҳолаликман.
Тўй-ҳашаму, қовурдоққа
Шошиб юрган кайвони.
Пул тополмай лаб бўёққа,
Ўлчовлидир ҳамёни…
«Бахт ва толе берар калом…»
Бахт ва толе берар калом,
Тангрининг бир исми салом,
Саломлашиб юргин, болам,
Одамийлик жисми салом.
Дарёларни силжитар дев,
Тоғ–тошларни силкитар дев,
Ёш баҳодир салом берса,
Дили юмшар, шундайин деб:
Бесаломлар калласидан,
Қара, қандай тоғ кўтардим.
Гар саломинг бўлмасами,
Икки ямлаб бир ютардим!..
Ҳа, баҳайбат ваҳший ҳайвон,
Ҳатто ёвуз жодугарлар,
Салом бериб кирганинг он,
Таъзим қилиб, бош эгарлар.
Одоб боши – салом сўзин,
Одат қилиб муродга ет.
Ёмон сўздан сақлаб ўзинг,
Иродангни идора эт.
«Изтироб ва сабр – тоқатга…»
Изтироб ва сабр – тоқатга
Тўла йўлдир умри онанинг.
Эриштиргай ҳалол роҳатга,
Машаққати ул парвонанинг.
Бу ҳаётнинг қонунларини
Билиб севсин оға – инини.
Қайин бўйни, овсин ажинни
Қўзғатмасин асло ранжини.
Истиғфорни айтиб беадоқ,
Ўз феълидан топсин яхшилик.
Саҳовати қайтарар ардоқ.
Ширин сўз ажри ярашиқлик.
Сиз онамни тавоб этиб, сўнг
Қошимга келинг,– дер Нақшбанд.
Басир бўлиб, бўлиб соқов, гунг,
Юм-юм ёш тўкдим бу олқишдан!
Она бўлиб, оналик юкин
Кўтарганлар туринг бир томон.
Биз ўстирган бола – эл мулки,
Олим бўлсин, бўлсин пир омон!
«Мажнунтолнинг тагида у кун…»
Мажнунтолнинг тагида у кун,
Илтижоли тикилдинг, менга.
Юрагимга солганча тугун,
Изтиробда ўкиндинг, нега?
Бизнинг сирни сўйлаб елларга,
Шодон қарсак чалган мажнунтол,
Маҳзунлигинг йўйди неларга,
Туриб қолди ҳижолатда лол.
Нигоҳингни узолмай мендан,
Жовдирайсан нечун ҳар томон?
Ахир шуни истабди, Ватан,
Ахир шуни сўрабди, замон.
Фахр этгил, кунларинг тўлар,
Сени кутар катта, улуғ йўл.
Ишқ соф бўлса, ҳижрон соб бўлар,
Қайда бўлсанг майли, омон бўл.
Мен ҳам мағрур юрарман бунда,
Ёрим Ватан қўриқчиси, деб.
Сен ҳам мени эслаб юр, унда,
Садоқатнинг қўшиқчиси, деб.
«Ўткинчидир дунё ғами…»
Ўткинчидир дунё ғами,
Кимнинг йўқдир кемтик, ками?
Қанча ғамкаш кетди ўтиб,
Қиёматни ётар кутиб.
Ҳар они мингга баробар,
Узоқмас узлат, биродар!
Қош ва қовоқ орасида,
Ёки юрак ярасида.
Яқинларинг ярқирарлар,
Яқин-йироқ чақирарлар.
Энг яхши совғадир меҳр,
Меҳрдандир, ширин таҳир.
Ўтган-кетган борки, сендан,
Ё боғ кутар, ёки зиндон.
Гулбоғингда билмай қўрқув,
Улашиб юр қувонч, кулгу.
Ҳасад билан ўртоқлашма,
Тушкун тушиб, йироқлашма.
Энг олий куч – ишончингдир,
Кечиримли қалб -тинчингдир!
«Ҳаёт бизга кулмаган…»
Ҳаёт бизга кулмаган
Вақт учун қайғурмайлик.
Тугал-тўкис бўлмаган
Бахт учун қайғурмайлик.
Боламизни койир чоғ,
Боласизни ўйлайлик.
Йўлимиздан тойир чоғ,
Йўли йўққа бўйлайлик.
Бизда бори унда йўқ,
Унда бор, бизда ҳавас.
Муқим эмас, бўлинг тўқ,
Ҳаёт, хаёл ҳам абас.
Саловатдан, сабрдан
Азоб, ғазаб сўнади.
Ишонч қочган умрдан
Шиша кўнгил синади.
Эҳтимол, бориб кимга,
Ким шишасин «хўп»лаган.
Аммо шиша кўнгилга
Аллоҳ рухин пуфлаган!..
ИНТИЛИШ
Тезроқ баҳор кела қолса,
Кела қолса гулбаҳор.
Шўх сувларга тўла қолса,
Музлаб ётган шу анҳор.
Сумалаклар эриб оқса,
Тарновларни тўлдириб.
Қуёш майин-майин боқса,
Бинафшани кулдириб.
Ечиб қалин кийимини,
Ер нафасин ростласа.
Қушлар қўйиб тинимини,
Қувноқ торин созласа.
Соз бўларди, соз бўларди,
Кела қолса кўкламим.
Қувончларга дил тўларди,
Чиққандай илк тўпламим.
Куйлагим бор завққа тўлиб,
Қадам шахдам, қаддим ғоз.
Келажакка мафтун бўлиб,
Интиқ яшаш қандай соз!
«Тоғлардан келади кўклам ҳабари…»
Тоғлардан келади кўклам ҳабари,
Орзуманд туйғулар кўнглингни хушлар.
Ҳавасинг келтириб гул-чечак бари,
Лолақизғалдоқлар қўлингни ушлар.
Шамоллар чопади, сени топади,
Булутлар йиғади, ёғади ёмғир.
Ғуборинг ювади, айбинг ёпади,
Бағрингга сиғади, синггади ғир-ғир.
Дилларга чўғ солган бу кўклам фасли,
Юртим кенгликларин бирдек забт этмиш.
Яшариш, яралиш ҳам ёниш фасли,
Кўнгилнинг қушлари уйғониб кетмиш
Мен сени севаман юртим шамоли,
Уйғониб кетаман сен билан бирга.
Кўндаланг бўлганда ёз, куз саволи,
Мен ёза бошлайман исмингни ерга.
Она ер ястаниб, ясаниб борар,
Ҳабарчи шамоллар қутлар мевасин.
Қарсакчи япроқлар тинмай ёлворар,
Бузманг деб муштарак ҳаёт шевасин.
«Баҳор кўз-кўз қилади кўркин…»
Баҳор кўз-кўз қилади кўркин,
Ҳавосига қонаман тўйиб.
Гуллар ханда қилади, бирин
Узиб олгим келади суйиб.
Гул узмоқлик… Дилда ҳаяжон,
Хаёлларга толиб кетаман.
Булбул жўшиб куйлайди шодон,
Куйлар билан қолиб кетаман.
Ўзга юрак ёнишларига
Бу кун илк жўр бўлган юрагим
Булбулларнинг хонишларига
Бефарқ қараб тура олмас жим.
Кулар гуллар, гулларми улар,
Йўқ-йўқ, юзинг боқишларинг-ку!
Юрак жўшир, юрак ҳапқирар,
Вужудимни қамрар бир туйғу.
Баҳор билан қалбга кирдинг сен,
Юракда илк севги тўлишди.
Жуда-жуда орзулайман мен
Сенинг ҳам илк севгинг бўлишни…
«Атак-чечак қилиб турган навбаҳор…»
Атак-чечак қилиб турган навбаҳор
Наврўз билан хушлашиб ҳандон отди.
Ҳониш қилиб турган қушлар ҳар наҳор
Боғлар кезиб раъноларга сўз қотди.
Қошларида ўсма қизалоқларнинг,
Сочларига тақилди толбаргаклар.
Ёноғи ол бўлди қизғалдоқларнинг,
Қозонидан тошганда сумалаклар.
Турналар қайтиб келди эртак олиб,
Варрагин учирган болакайларга.
Қўшиқлар айтиб келди, кела солиб
Шўнғиб олди чулдираган сойларга.
Ҳалимдек момоларим ҳалим туйиб,
Хина қўйган қўлларда меҳр тутди.
Қўймасидан осмоним қовоқ уюб,
Бобо деҳқон оромини унутди.
Барака уруғлари тушди ерга,
Саҳоватин аямайди тупроғим.
Пушаймонлар қоришмасин деб терга,
Шартдир бунда мен ҳам адл турмоғим.
«Кўп қўллар етмаган сочларни ўйнаб…»
Кўп қўллар етмаган сочларни ўйнаб,
Тортқилар қизларнинг ҳарир рўмолин.
Ҳаётбахш қўшиқлар куйлаган шўх таъб,
Ассалом баҳорим, эрка шамолим.
Қирларга етакла тер, деб лолалар,
Эркингни эркликка улаш беминнат.
Куй олсин куйингдан шўх шалолалар,
Қалбимга журъат бер, танимга қувват.
Кўкалам ҳисларни гул каби қадай,
Ифори атрофга кетсин ёйилиб.
Чиркин хаёлларни бир чирқиратай,
Кетсин «ҳут-ют»ларда тойиб, тойилиб.
Ғунча-ю гулларга қўру кўрк бериб,
Боғларда эсавер сарсари, ғир-ғир,
Ё дўллар дўмбира чалса эрк бериб,
Ё булут йиқилса, бўл шаррос ёмғир,
Ярлақаб деҳқоннинг эзгу аъмолин,
Сувини тоширгин анҳор, ариқнинг.
Ассалом баҳорим, эрка шамолим,
Уйғотмоқ бўл тезроқ бутун борлиқни.
«Кундан-кун гул очади баҳор…»
Кундан-кун гул очади баҳор,
Кундан-кун соз, мароқли ҳаёт.
Кундан-кун бахт, толе бўлиб ёр,
Юрагимга боғлайди қанот.
Учгим келар, кўк қучгим келар,
Куёш порлаб турса бошимда.
Булбул бўлиб мен жўшгим келар,
Қушлар сайраб турса қошимда.
Мен завқланиб яшасам, қаранг,
Осмонимдан булутлар арир.
Бахт куйидан торларим таранг,
Андуҳларим кичраяр, қарир.
Гулдек яшнаб, ўлкам қучоғин,
Гул-лолага тўлдириб яшай.
Ловуллатиб ёшлик ўчоғин,
Ёшли кўзни кулдириб яшай.
Кулгулардан қайғу ҳеч бўлар,
Мароқли ҳам ардоқли ҳаёт.
Кимга қувноқ кулгу эш бўлар,
Осмонларда қоқади қанот.
«Дунё, бугун гўзалсан бунча…»
Дунё, бугун гўзалсан бунча,
Тоза ҳаво, боғлар беқасам…
Гўзалликни қачондан шунча,
Ўз бағрингда этдинг мужассам?
Илгари ҳам айт, эй, сен булбул,
Шундай ширин куйлаганмидинг?
Қулоғимга неларнидир ел,
Шивир-шивир сўйлаганмидинг?
Менга таниш, нотанишлар ҳам,
Меҳрин ташир боққаним сари.
Тугун тушган турфа ишлар ҳам
Эшилгудек мулойим, майин.
Ҳайрат билан қарайман ҳар ён,
Ҳаммасини кўргандай энди.
Мавжудотни этиб лол, ҳайрон,
Гў ёғамгин нағмалар тинди.
Ўайронлигу ҳайрат боиси —
Дил изҳорин тингладим ёрнинг.
Энди мени ким ҳам койисин,
Мен шоҳиман ул вафодорнинг!
«Вужудимда туйғулар жанги…»
Вужудимда туйғулар жанги,
Савр ойин чақин, жаранги.
Қарға-зоғлар аро, қарангки,
Булбулларнинг торин таранги.
Вужудингни кемираман, дил,
Кулфатингни симираман, дил.
Ғунчайдим гул бўлдим муттасил,
Мева бериб семираман, дил.
Ер тўярми тўкилсам тутдек,
Тик турарман борлиғим бутдек.
Вужудимда туйғулар ўтдек,
Қанотларим чайир бургутдек.
Қароланмоқ,ёришмоқ нега?
Ўазонларга қоришмоқ нега?
Ҳазоним ҳам мевамга эга,
Сен умримга солмагин чега.
Тоққа чиқдим, тушдим баъзан чох,
Иззам кетди, кетди мазам гоҳ,
Узлатимдан айлаган огоҳ,
Умидворман ўзингдан, АЛЛОҲ!
«Мени йўқлаб келибсан кеча…»
Мени йўқлаб келибсан кеча,
Келмоғинг йўқ эди ўйимда.
Йўқлигимдан нолибсан пича,
Келганмишсан ёниб кўйимда,
Шундай деди қизлар тушмагур.
Кўзларингда чақнаган олов
Ҳар юракка ғулув солармиш.
Сенга кимки қараса бирров,
Ўаяжонинг билиб олармиш,
Шундай деди қизлар тушмагур.
Сўзларинг ҳам қовушмай сира,
Сирларингни ошкор этармиш.
Қўлларингда гуллармиш сара,
Бари менга, менга аталмиш,
Шундай деди қизлар тушмагур.
Умид билан деб «зора келса»,
Йўлларимга бўлибсан маҳтал.
Ўйимга ўй, қалбимга эса
Ўт—оловни қалашиб баттар,
Шундай деди қизлар тушмагур…
«Гулларнинг ҳуш бўйини туйиб…»
Гулларнинг ҳуш бўйини туйиб,
Қумриларнинг куйини суйиб,
Қўшним қувончидан қувониб,
Кулфатидан эзилиб, куйиб,
Мен мен бўлиб яшашим керак.
Кимларнидир қарздор қилиб мен,
Қуллигидан арздор қилиб мен,
Ҳалол билан ҳаромни англар
Вужудини фарздор қилиб мен,
Мен мен бўлиб яшашим керак.
Тош уришса олов чиқар деб,
Уришқоқ юрт файзин йиқар деб,
Яқинлашсанг қозон қораси
Сизу бизга албат юқар деб,
Мен мен бўлиб яшашим керак.
Тарангдир биз созлаган торлар,
Ҳар юракда ҳар-хил оҳ-зорлар.
Аммо менинг юрак сўзимни
Эшитади юраги борлар,
Мен мен бўлиб яшашим керак.
ЭЙ,АЁЛ!
Эй, аёл, либосларинг,
Сабрданми, тоқатдан?
Ҳаётингга мосладинг,
Пардозинг садоқатдан.
Меҳнатдан кийиб ковуш,
Рўзғорнинг ғоридасан.
Ташга чиқармай товуш,
Оғалар оридасан.
Ўғлонларинг ҳадемай,
Босар отасин ўрнин.
Қиз, куёвинг бўлиб шай,
Кўрсатар уйнинг тўрин.
Сен шунақа орзулар
Билан юмасан кўзинг.
Оқиб ўтади сувлар,
Устозу шогирд ўзинг!
Ҳалол ҳаётинг тўккан
Дурларини кўрасан.
Гуручми, тариқ эккан
Ҳосилингни ўрасан!
«Гулларимнинг сараси…»
Гулларимнинг сараси
Сенсан, Атиргул.
Олам-олам гулларга
Мушкинг татир, гул.
Боғимга чирой қўшган
Ўзингсан ёлғиз.
Бахт, латофат гулисан,
Десам, – Сулув қиз,
Аввали менга бунча
Мафтун эмасдинг.
Ҳуснимни, ҳушбўйимни
Бунча сезмасдинг.
Мени бир барно йигит
Тутганди сенга,
Шундан бери ардоқлаб,
Мафтунсан менга,-
Дея атиргул баттар
Ёқар қалбимни.
Тегизаман мен аста
Гулга лабимни…
«Ял-ял ёниб, кулавер…»
Ял-ял ёниб, кулавер,
қилмайман парво,
Лолақизғалдоқ!
Ял-ёниб туришинг
чиройли, аммо,
Бариси алдоқ!
Чунки сенга югуриб
етганим чоғда,
Хатто ҳавасманд туриб,
тутганим чоғда,
Тўзиб кетасан.
Ўйноқи шамолларга
қўшилиб боғда,
Ўйноқи шамоллардек
эшилиб боғда
Сузиб кетасан!
Ял-ял ёниб кулишинг
қуёшдек порлоқ,
Лолақизғалдоқ!
Ял-ял ёниб туришинг,
чиройли, бироқ,
Бариси алдоқ!..
«Самовий қудрат билан…»
Самовий қудрат билан
Севган эдим.
Бетакрор журъат билин
Севган эдим.
Фаришта каби учиб
Юрар эдим.
Бахтни боладек қучиб
Юрар эдим.
Ғурурим эди баланд,
Орзуларим мўл.
Минг ўй, минг хаёл билан
Етганида қўл
Бир сўздан узилди-ку,
Кўнгил тори!
Йўқ само эмасдир у
Дил озори!
Ернинг оддий одами
Талпинганим.
Ернинг оддий одами
Топинганим…
«Мен битта дўстингман бир ер, бир осмон…»
Мен битта дўстингман бир ер, бир осмон,
Усти-ю остида юрган тинч, омон.
Ҳаётнинг ҳар они синов, имтиҳон,
Кимга нақд бахту тахт, ишкал, интиқом.
«Юрак юм-юм йиғлаб, дод солаяпти,
Яхшидан эҳ, ёмон от қолаяпти»…
Деб бахтдан оқизиб кўзининг намин,
Кимгадир кўрсатма кўнглингнинг камин.
Аллоҳга сиринг ҳам, сиртинг ҳам аён,
Шарт эмас сўз билан қилмоғинг баён.
Гар ўн тил билган тил – дил билан бирмас,
Демак у забонсиз, соқов, гапирмас.
Ҳоҳ қилсин яхшилик, ҳоҳи ёмонлик,
Иккала дунёси – ўша томонлик.
Қалбинг тарбияси бўлса мукаммал,
Икки оламингни ёритгай амал.
Пешона тер билан топилса бойлик,
Болангнинг бахти ҳам тахти чиройлик…
Аччиқни ширин тил билан сўзлаган,
Мен битта дўстингман, тинчинг кўзлаган…
«Ўтмишимни варақлаб, топдим келажагимни…»
Ўтмишимни варақлаб, топдим келажагимни,
Орзуларим чарақлаб, олға елажагимни.
Асов дарёлар тиниб, сув топмоқда ўзанин,
Отам отига миниб, паст демайман узанин.
Момом кийган либослар яна қайта урф, қаранг,
Пахта унган ерлардан дон ўсар демай заранг.
Қадамжолар қадамлар етганидан яшнаб шод,
Ўрмаламас илонлар, гўристонлар гулобод.
Диний, дунёвий илм олиб диллар тозарар,
Аллоҳ биру бор – бормиз, бошқа ғоялар зарар.
Ким хотинин қақшатиб, боласин мўлтиратар,
Хотин устига хотин соф дилларни титратар?..
Ёки шум хиёнатин ошкор қилар хотини,
«Сен эмас, мен!»– деб янчар улуғ эркак зотини?
Бўлди, етар, бас, энди оқни оқ дейди ҳамма,
Гарчанд у кимга тоға, кимга амаки, амма!
/Қулоққа ёқмас данғур-дунғур фанограмма/…
Табиий ва самимий бўла бошлади ишлар,
Олдинда обод Ватан, орзуманд қурилишлар.
Яшаган сари яна яшай дейсан ҳуррам, шод,
Қандай соз одам бўлиб, одамдек сурсанг ҳаёт!
«Ёш улғайиб, кичрайиб маъюс бораётганлар…»
Ёш улғайиб, кичрайиб маъюс бораётганлар,
Фожеа деб юрагин бевақт ёраётганлар,
Шерикман ғамингизга, ҳамроҳ ҳар дамингизга,
Ямоқ бўла олмайман лек йиртиқ – камингизга.
Фақат «Аллоҳга шукр!» дея шивирлайди лаб,
Гарчанд кўнгилда тинмай болалайди минг талаб.
Бутун оламни тортиқ қилар бу талабчанлик,
Эртага солар айвон, уй – бугунги тапчанлик.
Ёлғиз ташлаб қўймайди менинг буюк Ворисим,
Келтирмоқда покиза ёмғир ҳидин, қор исин.
Ҳеч гапмас тубанликни юксаклик қилмоқлиги,
Ҳар қусур ул камоли билан балқимоқлиги!
Ёмғир, қор майли, жўшиб, дўлларига айлансин,
Жилға-ю сойлар тошган кўлларига айлансин.
Албат бажо бўлгувси тақдиримиз ёзиғи,
Шак келтирмай, ширк қилмай тўлсин иймон озиғи!
Боқий қолувчи зот бор, юрагим парчаламанг,
Ришталарни узай деб ҳар ён типирчиламанг.
Даргоҳидан меросҳўр ато этган паноҳим,
То қиёмат ўчирмас чироғин ҳонадоним!
«Истамайман сизнинг ортга қайтишингизни…»
Истамайман сизнинг ортга қайтишингизни,
«Қайтдим, кечир…» – деган сўзни айтишингизни.
Мард сўзидан, арслон қайтмас изидан дерлар,
Занжирбандлансинми хажр ханжари – шеърлар?
Гарчанд юрак исмингизни такрорлаб тинмас,
Кўзга уйқу, кўнгилга завқ, ҳаловат инмас.
Кетишни сиз танладингиз, кузатдим ҳайрон,
Ҳайронликда қотди ҳайрат, қоқшоқ дил вайрон.
Ташлаб кетмагансиз тоза хаёлларимда,
Илк муҳаббат, илоҳий ҳис– ҳалолларимда…
Мен ўзимни ёлғон билан овутганимда,
Қайтиб келманг, чўғ юракни совутганимда…
Кетишга-ку кетиб мағрур, маъюс қайтдингиз,
Қадрингиз кетгазиб энди букманг қаддингиз.
Ичимдаги душманимни ўлдириб яшаб,
Ташқаридан ҳадигим йўқ ғамларни ташлаб.
Шунчаки индамай шунча тош дилингизга,
Кексаликни орттирибман «ёш» дилингизга.
Менинг эса… мени ўнглаб турар ўгитим:
Қийин дамда менинг билан юрар сукутим!
«Юлдузмисиз, сизни тундан қидириш керак…»
Юлдузмисиз, сизни тундан қидириш керак?!.
Ахир тунда кўринмас дер ҳар нарса юрак.
Меҳр сўраб меҳрингизни қилмангиз дариғ,
Кибру ҳаво, адоватдан бўлингиз фориғ.
Бенуқсонни излаб хуноб бўлманг, юлдузим,
Мукаммаллик Аллоҳга ҳос, ахир – ёлғизим!
Ёлғонларга ишониб бу ёлғон дунёда,
Ўзингизни алдаб юрманг қолиб зиёнда.
Қаранг, қандай сафар ёзуқ пешонамизда,
Аввал ота маркаби, сўнг она қорнида.
Кейин эса ерга тушдик ватан деб билиб,
Шу ватанга хизмат қилиб, иззатли бўлиб.
Сўнг олади ўз қорнига бизни яна ер,
Хисоб кунин кутамиз деб, бизга нима дер…
Улуғ сафар зафарларин қучайлик омон,
Элга яраб, ерга қараб, боқиб тўрт томон.
Ичар сув ва шимар хаво бизга омонат,
Замондошга зиён – захмат етса – хиёнат.
Юлдузмисиз, кундуз бўлиб ерга тушинг тез,
Миннатига қолманг сизни кўкмас, Ер ер кез..
«Узр. ўртоқ, ўртоқ эдинг, ўртоқ бўлиб қол…»
Узр. ўртоқ, ўртоқ эдинг, ўртоқ бўлиб қол,
Болаликдан иноқ эдинг, иноқ бўлиб қол.
Дўстим дердим, севишингни сезмагандим ҳеч,
Яхши кўрар эдим, аммо севмагандим ҳеч.
Билмагандим кечалари бедорлигингни,
Менинг каби золим ишққа дучорлигингни.
Нечун менга кўнгил қўйдинг,севдинг бунчалик,
Қаҳри қаттиқ бўламанми сенга шунчалик?!
Оҳ, нақадар сенга оғир…Оғир бўлди-я.
Қалбингда гул очган баҳор тўсат сўлди-я.
Кошки эди, сўлса эди, дўстим, дўстгинам,
Сенга оғир,ортиқ бўлди сўлганидан ҳам.
Чунки мен ҳам бир ўзгани севар эдим-ку,
Бутун жону таним унга деяр эдим-ку.
Недир севги, недир севги дарди, садоқат,
Менга аниқ…Сендан узр сўрайман фақат.
Узр ўртоқ, ўртоқ эдинг, ўртоқ бўлиб қол,
Болаликдан иноқ эдинг, иноқ бўлиб қол.
ШУКР
Тавба қилишин кутар, гуноҳкор бандасини,
Сабр қилар деб тезроқ йиғиб олсин эсини,
Аллоҳ мен билан бирга, биров билан ишим йўқ,
Ишим тушмас бировга бирровга, ташвишим йўқ.
Ер билан айланаман, кучимга куч қўшаман,
Суянган осмонларим демас, қулаб тушаман.
Ўзимни яхши кўриб, мен ўзимга бораман,
Мен ўзимдан топаман оппоқманми, қораман.
Оқлаш учун ўзини кўпдир баҳоналари,
Эй ғофил банда, дейман, айт, яратдинг нимани?
Самолётинг туғарми, сумалагинг гулларми,
Қалбинг призмасидан ўтқазиб қўй шуларни.
Ярашмас калон димоғ, манманлик, кибру хаво,
Иллат ўзимиздадир, ўзимиздадир даво,
Чириб кетар бу тана тупроқ бўлиб, ер бўлиб,
Яшайлик мунис аёл ва меҳрибон эр бўлиб.
Ҳамма билса ўрнини, вазифасин мукаммал,
Гўзал сўзига ўзи аввало қилса амал,
Бало-қазодан ҳоли яшармидик дейман-да,
Шукр қилиб Аллоҳга, болам ғамин ейман-да!..