Электронная библиотека » Уолтер Айзексон » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Стив Жобс"


  • Текст добавлен: 19 апреля 2023, 17:44


Автор книги: Уолтер Айзексон


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 52 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Майк Марккула

Барча бундай янги ихтиролар пул талаб қиларди. “Пластик корпусни ишлаб чиқиш бизга тахминан юз минг долларга тушарди, – деб эслайди Жобс. – Компьютер ишлаб чиқариш учун эса икки юз минг керак эди”. У яна Нолан Бушнеллнинг олдига борди. Уни акцияларнинг миноритар пакети эвазига ишга пул қўшишга кўндирмоқчи бўлди. “Стив менга компания акцияларининг учдан бир қисми учун эллик минг доллар киритишимни таклиф қилди, – деб сўзлаб берди бу воқеани Бушнелл. – Мен эса ўзбилармонларча рад этдим. Бу кулгули бўлар эди, агар шу қадар қайғули бўлмаганида”.

Бушнелл Жобсга National Semiconductor’нинг маркетинг бўйича собиқ директори ва илк венчур инвестиция компанияларидан бири Sequoia Capital асосчиси Дон Валентайнга мурожаат қилишни таклиф қилди; Валентайн ўзининг бирор ишни маҳкам тутиши билан донг таратганди. У Жобснинг гаражига “мерседес”да, кўк иш костюмида ва бўйинбоғли сипо кўйлакда кириб келди. Бушнелл унга дарҳол Валентайн қўнғироқ қилиб, ҳазил аралаш “мени бу ташландиқ жойга нимага юбординг?” деб сўраганини эслайди. Валентайн буни эслай олмаслигини айтади, лекин Жобснинг ташқи кўриниши ғалатилиги ва ундан ёқимсиз ҳид келгани унинг ёдида қолганини тан олади. “Стив тиришиб ўзини норасмий киши қилиб кўрсатарди. У ориқ, соқоли сийрак эди, Хо Ши Минга ўхшарди”, – эслайди Валентайн.

Лекин у Стивнинг ташқи кўриниши туфайли Apple’га пул киритишни рад этгани йўқ. Жобс маркетингни умуман тушунмаслиги Валентайнни ташвишлантириб қўйди: электроника дўконларини айланиб чиқиш ва компьютерларни етказиб бериш ҳақида келишувлар олиб бориш кераклиги Жобсни умуман безовта қилмаётгандек туюлди. “Агар мен сизларни молиялаштиришимни хоҳласангиз, – деди Валентайн, – маркетинг ва дистрибуцияни тушунадиган ва бизнес-режа туза оладиган ҳамкор топинг”. Одатда ёши катта одам Жобсга маслаҳат берса, у ёки уни жеркиб ташларди ёки эшитганлари ҳақида ўйланиб қоларди. Валентайннинг айтган гапи уни ўйлантириб қўйди. “Менга учта номзодни юборинг”, – деб жавоб берди у. Валентайн шундай қилди. Жобс улар билан суҳбатлашди ва Майк Марккуланинг номзодида тўхтади. У эса кейинги йигирма йилда Apple’нинг ривожланишида муҳим роль ўйнади.

Марккула 33 ёшда эди, лекин у Fairchild ва Intel’да ишлаб, истеъфога чиққанди. Intel’да у компания очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилганидан сўнг, акциядорлик опционларида миллионлаб доллар ишлаб олганди. У мактабда спорт гимнастикаси билан шуғулланган инсон каби зийрак, эҳтиёткор эди ва аниқ ҳаракат қиларди. Нарх белгилашни, сотиш тизимини, маркетингни ва молияни ҳеч ким унчалик яхши билмасди. Табиатан босиқ бўлган Марккула яқинда орттирган мол-мулкидан роҳат олиб яшамасди: у Тахо кўли бўйида уй қурди, кейин эса Вудсайдга яқин тоғларда данғиллама ҳовли-жой қурди. Жобснинг гаражидаги илк учрашувга у Валентайнга ўхшаб “мерседес”да эмас, чиннидек ялтираган тилларанг кабриолет “корветт”да келди. “Мен келганимда Воз дастгоҳ ёнида турарди. У дарҳол менга Apple II’ни кўрсатишга тушиб кетди, – эслайди Марккула. – Мен кўрган нарса мени шу қадар лол қолдиргандики, мен болаларнинг ташқи кўринишига эътибор бермасликка қарор қилдим. Ахир, соч-соқолни кейин ҳам калталатиб олса бўлади-ку”

Жобсга Марккула дарров ёқиб қолди. “У чўрткесар эди. Intel’да у маркетинг раҳбари лавозимига тайинланмади, шунинг учун, ўйлашимча, у кўпроқ нарсага қодирлигини исботлашни хоҳлаётганди”. Бундан ташқари, Марккуланинг тартиблилиги Жобсни ўзига жалб қилди. “Шуниси аниқ эди: агар кимнидир алдаш имконияти пайдо бўлса, у бундан фойдаланиб қолмайди. Унинг ахлоқий принциплари бор эди”. Вознякда ҳам уларнинг янги таниши яхши таассурот қолдирди. “Ажойиб йигит, – дейди у. – Ва қувонарлиси, унга бизнинг компьютер ёқди!”.

Марккула Жобсга бирга бизнес-режа тузишни таклиф қилди. “Агар ҳаммаси ўнгидан келса, мен пул қўшаман, – деб ваъда берди у. – Агар ўнгидан келмаса, демак, бир неча ҳафта бепул ишлаб бераман”. Энди Жобс кечалари Марккуланинг уйига борарди, улар режа тузарди ва туни бўйи суҳбат қурарди. “Биз келажак ҳақида, масалан, нечта оила компьютер сотиб олиши ҳақида гаплашардик; баъзида тонгги тўртгача гаплашиб ўтирардик”, – деб айтиб берди Жобс. Бизнес-режанинг катта қисмини Марккула ёзишига тўғри келди. “Стив ҳар доим кейинги сафар ўз қисмини албатта олиб келишини ваъда қиларди, лекин доим улгурмасди ва охир-оқибат ҳаммасини ўзим ёздим”.

Марккуланинг режаси шуниси билан эътиборли эдики, у электроника ҳаваскорларининг тор доирасигагина мўлжалланмаганди. “Майк компьютерларни оддий истеъмолчига сотиш ҳақида ўйларди”, – хотирлайди Возняк. Марккула хаёлий орзуларни тасвирларди. “Икки йилдан кейин биз энг зўр Fortune компанияларининг 500 талигига кирамиз. Саноатнинг янги тармоғини яратамиз. Бунақаси ўн йилда бир марта бўлади”, – дерди у. Apple Fortune 500’га кириши учун етти йил керак бўлди, лекин, энг асосийси, Марккуланинг тахминлари рўёбга чиқди.

Марккула икки дўстга Apple акцияларининг учдан бир қисми эвазига 250 минг долларгача кредит таклиф қилди. Шу тариқа компания корпорацияга айланди, Марккула, Жобс ва Вознякнинг ҳар бирига акцияларнинг 26 фоизидан тўғри келди. Қолган акцияларни потенциал инвесторларни жалб қилиш учун қолдиришга қарор қилишди. Бўлажак ҳамкорлар Марккула бассейни ёнидаги уйчада тўпланишар ва битим тузишарди. “Майк ўзининг 250 мингини қайтара олишига унчалик ишонмагандим ва у шундай сумма билан таваккал қилишга тайёрлиги мени лол қолдирганди”, – деб эслайди Жобс.

Энди Вознякни бутунлай Apple’га ўтиб ишлашга кўндириш лозим эди. “Бу билан HP’дан бўш вақтимда шуғуллансам бўлмайдими? Нима бўлса ҳам HP’даги иш доимий даромад келтириб туради”, – деб тушунмай ҳайрон бўлди Воз. Марккула бунақаси кетмаслигини айтди ва унга ўйлаб кўришга бир неча кун берди. “Мен раҳбарлик қилиш, ходимларни назорат қилиш қўлимдан келмайди деб шубҳаландим, – деб тан олди Возняк. – Мен аллақачон фақат муҳандис бўлишга қарор қилиб бўлгандим ва фикримни ўзгартирмоқчимасдим”. Воз Марккулага HP’дан кетмаслигини айтди. Марккула бунга жавобан шунчаки елка қисди, лекин Жобс жуда хафа бўлди. У Вознякка қўнғироқ қилиб, уни кўндиришга киришди. Унга таъсир кўрсатиш учун дўстларига ақл ўргатди. Ингради, бақирди, бир-икки марта жазаваси тутди. Ҳатто Вознякнинг ота


отасиникига бориб, Жерри Вознякдан кўз-ёш тўкиб ёрдам сўради. У вақтга келиб Вознинг отаси Apple II мўмай даромад келтиришини тушунганди ва шу сабабли Жобснинг тарафида бўлди. “Ишимга ҳамма қўнғироқ қилишни бошлади: дадам, онам, укам, дўстларим, – эслайди Возняк. – Ва уларнинг барчаси мен нотўғри қарорга келганимни айтишарди”. Лекин ҳаммаси беҳуда эди. Ўшанда Хоумстед ва Бак Фрай Клубидаги Воз ва Жобснинг таниши Аллен Баум қўнғироқ қилди. “Сен шунчаки синаб кўришинг керак”, – деб айтди у ва Возни кўндирди. Унга агар у Apple’га ўтса, муҳандисликдан бошлиққа айланиб қолмаслигини ва севимли машғулотини ташламаслигини тушунтирди. “Айнан шуни мен эшитишни хоҳлардим, – деди Возняк. – Мен ташкилий тузилманинг қуйисида қолиб, аввалгидек шунчаки муҳандис бўлиб ишлашим мумкин эди”. У Жобсга қўнғироқ қилиб, розилигини айтди.

1977 йилнинг 3 январь куни янги Apple Computer Co. корпорацияси расман рўйхатга олинди; корпорация Воз ва Жобс томонидан тўққиз ой олдин ташкил этилган ширкат акцияларининг назорат пакетини сотиб олди. Буни кўпчилик пайқамади ҳам. Ўша ойда “Уй компьютерлари клуби” ўз аъзолари орасида сўров ўтказди ва 181 кишидан атиги олти киши Apple компьютерларидан фойдаланиши маълум бўлди. Жобс Apple II вазиятни ўзгартиришига ишончи комил эди.

Марккула Жобсга жуда катта таъсир ўтказди. У кўрсатган таъсирни Стивнинг отаси кўрсатган таъсир билан таққослаш мумкин. Пол каби у ҳам дастлаб Стивнинг интилувчанлигини рағбатлантирди, лекин охири буни тўхтатди. “Марккула маълум даражада Стивга отаси ўрнини босди”, – дейди венчур молиячиси Артур Рок. Айнан Марккула Жобсга маркетинг ва савдо-сотиқ алифбосини ўргатди. “Майк мени қаноти остига олди, – деб хотирлайди Стив. – Бизнинг дунёқаршимиз кўпинча бир хил эди. Марккула компания яратаётиб, бойиб кетишга интилмаслик керак, балки ўзинг ишонган ғоянгга амал қилишинг керак, фақат шунда муваффақиятга эришиш мумкин, деб таъкидларди”.

Марккула “Apple маркетинг фалсафаси” номли қоидалар рўйхатини тузди. Бунда учта муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Биринчиси – зийраклик, харидор ҳиссиётини тушуниш. “Биз мижозлар эҳтиёжини бошқа компаниялардан яхшироқ тушунишимиз керак”. Иккинчиси – бутун фикрни белгиланган мақсадга қаратиш. “Ўзимиз шуғулланаётган мақсадга ўз вақтида етишиш учун барча иккинчи даражали мақсадларни миядан чиқариб ташлаш керак”.

Учинчи ва энг муҳим қоида “сингдириш” деган ғалати ном билан аталарди. Бу одамларда илк таассурот туғдириш орқали компания ёки маҳсулот ҳақида фикр ҳосил қилишни англатарди. “Харидорлар ҳақиқатан ҳам китобга унинг муқовасига қараб баҳо беради, – деб ёзганди Марккула. – Энг юқори сифатли энг яхши маҳсулотни, энг фойдали дастурни ва ҳоказони яратиш мумкин, лекин агар унинг тақдимоти бепарволик билан ўтказилса, унга бўлган муносабат ҳам шундай бўлади. Агар биз товарни креативлик билан ва профессиональ тарзда кўрсатиб берсак, ўзимизга керакли муносабатни сингдирамиз”.

Кейинчалик Жобс ҳар доим, баъзида ортиқ даражада маркетингга, маҳсулотнинг ташқи кўринишига ва ҳатто қутисининг деталларигача эътибор берди. “Биз iPhone ёки iPad қутисини очаётиб, ҳис этаётган туйғуларимиз маҳсулотни қабул қилишимизда ёрдам беришини хоҳлаймиз, – дейди у. – Бунга мени Майк ўргатган”.

Режис Маккенна

Энди Силикон водийсининг бош рекламачиси Режис Маккеннани Apple билан ҳамкорлик қилишга кўндириш керак эди. Маккенна Питтсбургда туғилганди, катта ишчилар оиласида ўсганди, жиддий феъл-атворини у таровати билан яширарди. Коллежни битирмай, Fairchild and National Semiconductor’га ишга кирган, кейинчалик хусусий реклама ва PR-агентлигини очганди. Асосан эксклюзив интервьюлар беришни маъқул кўрарди. Интервьюлари унга хайрихоҳ нашрлар, глобал имидж реклама компаниялари, жумладан, микропроцессорлар ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан жойлаштириларди. Intel ана шундай компанияларга мисол эди. Унинг матбуотдаги рекламасида зерикарли диаграммалар ўрнига пойга машиналари ва покер фишкалари ифодаланганди. Бу реклама Жобснинг эътиборини тортди; у Intel’га қўнғироқ қилиб, буни ким қилганига қизиқиб кўрди. Унга “Режис Маккенна” деб жавоб беришди. “Ўшанда мен Режис Маккенна нима ўзи деб сўрадим, – деб эслайди Жобс, – ва менга бу одамнинг исми эканини айтишди”. Жобс Маккеннага қўнғироқ қилди, лекин у билан гаплаша олмади – унинг ўрнига Стивни мижозлар билан ишлаш бўйича директор Фрэнк Берж билан боғлаб беришди. У Жобсдан осонгина қутилишга уриниб кўрди. Лекин Стив бўш келмади ва деярли ҳар куни тинимсиз қўнғироқ қилишни бошлади.

Берж охири Жобснинг гаражига келишга рози бўлгач, хаёлидан қуйидагилар ўтганини эслайди: “Ярамас сурбет. Уни сўкиб юбормаслигим учун қанча вақт ўзимни тийиб тура олар эканман?” Бержнинг сўзларига кўра кир жулдур-жулдур Жобс билан бўлиб ўтган учрашувда уни иккита нарса ҳайрон қолдирди: “Биринчиси – унинг кишини лол қолдирадиган ақли. Иккинчиси эса у айтган гапларнинг ярмини ҳам тушунмадим”.

Жобс ва Вознякни Режис Маккеннанинг “шахсан” ўзи билан учрашувга таклиф қилишди (унинг ташриф қоғозида шундай ёзилганди). Ўшанда оғир-босиқ Возняк ўз характерини кўрсатди. Маккенна Вознинг Apple ҳақидаги мақоласини кўриб, у жуда тор доирада ёзилганини ва унга жон киритиш лозимлигини айтди. “Қандайдир пиарчи матнимни бузишини хоҳламайман”, – деб сўзини бўлди Возняк. Маккенна унда улар боши оққан томонга кетиши мумкинлигини айтди. “Стив менга тезда қўнғироқ қилди ва яна бир марта учрашишни таклиф қилди, – деб хотирлайди Маккенна. – У Возняксиз келди ва биз ҳаммасини келишиб олдик”.

Маккенна ўз жамоасига Apple II учун реклама буклети тайёрлашни топширди. Биринчи бўлиб улар Рон Уэйн томонидан ўйлаб топилган ва агентликнинг ёрқин ва дадил реклама усулига мос келмайдиган Виктория даври нақш услубидаги логотипни алмаштиришди. Роб Яноф, арт-директор, биринчи логотипни яратди. “Жимжимадор жойи йўқ”, – деб таърифлади уни Жобс. Янов логотипнинг икки вариантини – бутун олма ва тишланган олмани таклиф қилди. Биринчиси олхўрига ўхшаб кетарди, шунинг учун Жобс иккинчисини танлади. Унга, шунингдек, яшилдан ҳаворанггача олти хил хаёлий ранглар варианти ҳам ёқди. Лекин уни ишлаб чиқариш анча қиммат эди. Буклет муқовасига Маккенна кўпинча Леонардо да Винчига мансуб деб ҳисобланган қуйидаги ҳикматли сўзни жойлаштирди: “Оддийлик энг юксак доноликдир”. Жобс учун бу дизайннинг асосий принципига айланди.

Биринчи тақдимот

Apple II тақдимоти 1977 йилнинг апрелида Сан-Францискода бўлиб ўтадиган Ғарбий соҳил бўйининг илк Компьютер кўргазмасида ўтказилиши керак эди. Ярмаркани “Уй компьютерлари клуби”нинг доимий иштирокчиси Жим Уоррен уюштирди ва Жобс бундан хабар топиши билан Apple учун стендни банд қилиб қўйди. Тақдимот самарали ўтиши учун у залнинг қоқ марказидан жой эгаллашни хоҳлади ва беш минг доллар аванс тўлади. Бу билан Вознякни хижолатда қолдирди. “Стив биз ўзимизни овоза қилишимиз, буюк компаниянинг ноёб комьютерини бутун дунёга кўрсатишимиз керак, деган хулосага келди”, – деб сўзлайди Возняк.

Бу Марккула ўйлаб топган қоиданинг амалда татбиқ этилиши эди: унутилмас таассурот қолдириш учун аудиторияни чексиз имкониятлар билан лол қолдириш керак, айниқса, сўз янги маҳсулот ҳақида кетаётган бўлса. Жобс Apple кўргазма майдонини безатишга алоҳида эътибор қаратди. Бошқа иштирокчиларда оддий столлар ва плакат тахталари қўйилганди; Apple’нинг кўргазма майдонига эса қора духоба билан қопланган пештахта ва Яноф чизган янги логотип туширилган ойнасимон пластмассадан ясалган безак ўрнатилди. Пештахтага учта Apple II компьютери қўйилди, ёнига эса бўш қутилар жойлаштирилди, улар тайёр компьютерлар кўп эканлиги ҳақида тасаввур пайдо қилиши керак эди.

Компьютерларнинг корпусида кичик нуқсонлар борлиги маълум бўлгач, Жобс дарғазаб бўлди ва бир нечта ходимни ярмарка бошлангунига қадар компьютерларни силлиқлаб ялтиратишга мажбур қилди. Оммада таассурот уйғотиш истаги шу қадар кучли эдики, бу ҳатто Жобс ва Вознякни ҳам ўзгаришга мажбур қилди. Марккула уларни пиджак, шим ва нимчадан иборат костюм олиш учун Сан-Францискодаги ательега юборди. Костюм уларга ярашмади, улар смокинг кийиб олган ўсмирларни эслатарди. “Марккула биз ҳаммамиз дурустроқ кийим кийишимиз кераклигини айтди ва ўзимизни қандай тутишни, одамлар билан қандай гаплашишни тушунтирди”, – эслайди Возняк.

Бундай саъй-ҳаракат ўзини оқлади. Оч жигар ранг корпусли Apple II кўркамлиги билан ажралиб турди, бундан ташқари, у рақобатчиларнинг қўрқинчли металл машиналари ёки шунчаки қуп-қуруқ монтаж платаларидан фарқли равишда оддий ва қулай эди. Компания кўргазманинг ўзида 300 та компьютерга буюртма олди; бундан ташқари, Жобс тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи япониялик Мицусима Сатоси билан учрашди. У Apple’нинг Япониядаги биринчи расмий вакили бўлди.

Лекин Марккуланинг насиҳатлари ҳам, дурустроқ кийим ҳам тинч туролмайдиган Вознякка оммани лақиллатишга халақит бермади. Улар кўргазмада кўрсатган дастурлардан бири одамнинг миллатини унинг фамилиясига қараб аниқлаб берарди, шундан сўнг, экранга шу мавзудаги ҳазилни юборарди. Яна у Zaltaire номли янги сохта компьютер реклама буклетини ўйлаб топди ва тарқатди; маҳсулотнинг таърифи баландпарвоз ибораларни такрорларди, масалан: “Беш ғилдиракли машинани кўз олдингизга келтиринг…”. Жобс бунга лаққа тушди ва маълум вақт Apple II’нинг рейтинги Zaltaire’никидан юқорилигидан мағрурланиб юрди. У саккиз йилдан сўнг Возняк унга туғилган кунига ўша буклетнинг ромга солинган нусхасини совға қилмагунига қадар ҳазилни ким уюштирганини билмади.

Майк Скотт

Энди Apple ўнлаб ишчиларга, кредит линиясига ва ўз муаммоларига эга ҳақиқий компанияга айланганди. Бундай муаммолар мижозлар ва етказиб берувчилар билан ишлайдиган исталган фирмада вақти-вақти билан юзага келади. Apple, ниҳоят, Жобснинг гаражидан Купертинодаги Стивенс-Крик кўчасига кўчди. У Возняк ва Жобс ўқиган мактабдан бир ярим чақирим масофада жойлашганди.

Янги мажбуриятлар Жобсга анча қийинчилик туғдирди. У ҳар доим жиззакилиги ва серғайратлилиги билан ажралиб турарди. Atari’да шунинг учун тунги сменада ишлашига тўғри келганди, лекин Apple’да бунинг имкони йўқ эди. “Стив кундан кунга қўпол ва золим одамга айланиб борарди, – эслайди Марккула. – Масалан, ходимларнинг юзига уларнинг чизмалари нажасга ўхшайди деб айта оларди”. Возняк қаноти остидаги ёш дастурчилар – Рэнди Уиггинтон ва Крис Эспиносага ҳаммадан ҳам оғир эди. “Стив хонага кириб, нима билан шуғулланаётганимни кўриб, бу лаш-лушдан бошқа нарса эмас, дерди. Бунинг устига, у лаш-луш нималигини ўзи ҳам билмасди”, – деб айтиб берди Уиггинтон. Ўшанда у эндигина мактабни битирганди.

Стив шахсий гигиенага ҳам тўғри риоя қилмасди. Шунча воқеадан кейин ҳам у ҳалигача вегетариан одам мунтазам ювиниши ва дезодорантдан фойдаланиши шартмас деб ҳисобларди. “Биз уни душга мажбурлаб олиб кирардик, – дейди Марккула. – Учрашувларда эса у оёқ яланг юргани учун унинг кир оёқларини томоша қилишга мажбур эдик”. Баъзан жамоадаги тарангликни юмшатиш учун Стив оёқларини унитазда чайиб оларди. Лекин бу ҳамкасбларининг аҳволини енгиллаштирмасди.

Марккула жанжалларни ёқтирмасди, шунинг учун Жобсни жиловлай оладиган президент керак, деган хулосага келди. Бу лавозимга Майк Скотт мос эди. Марккула ва Скотт 1967 йили Fairchild’га ишга бир кунда келганди, ёнма-ён хоналарда ўтирарди; бундан ташқари, улар бир кунда туғилганди, шунинг учун ҳар йили бирга туғилган кунларини нишонларди. 1977 йили Скотт 32 га тўлганида Марккула уни Apple президентлигига таклиф қилди.

Биринчи қарашда Скотт ажойиб номзоддек туюлганди. National Semiconductor’да у ишлаб чиқариш учун жавоб берарди, техниканинг нозик жиҳатларини тушунарди ва шу нуқтаи назардан у идеал раҳбар эди. Лекин унинг ҳам ўзига яраша қизиқ жиҳатлари бор эди. Тўладан келган, тана аъзолари хасталигига дучор бўлган ва яна бир даста бошқа дардларга чалинган Скотт шу қадар кўнгли нозик одам эдики, ходимлар билан мулоқот қилишда қийналарди. Устига-устак у баҳслашишни яхши кўрарди. Унинг Жобс билан муносабатлари қандай бўлишини билиш қийин эди.

Возняк Скотт нега ишга олинганини тезда пайқади. Марккулага ўхшаб у ҳам Жобс уюштирадиган ва эҳтимол ҳузур оладиган машмашаларни ўлгудай ёмон кўрарди. “Ёшим бор-йўғи 22 да эди ва мен компанияни ҳозирча бошқаришга тайёр эмаслигимни тушунардим, – деб тан олади Жобс. – Лекин Apple менинг меҳнатим маҳсули эди ва мен таслим бўлмоқчи эмасдим”. Раҳбарликни бошқа одамга бериш Жобс учун ўлим билан баравар эди. Уни кўндиришга узоқ ҳаракат қилишди. Асосан Возняк севган Bob’s Big Hamburgers кафесидаги ва Жобсга маъқул бўлган Good Eart ресторанидаги тушликда шу мавзуда суҳбат бўларди. Охири Жобс истар-истамас рози бўлди.

Уни Майк Марккула билан адаштирмаслик учун ҳамма уни Скотти деб чақирарди. Унга бир дона, лекин муҳим вазифа юклатилганди: у Жобсни бўйсундириши керак эди. Одатда у буни бажаришга Стивнинг севимли учрашув услуби бўлмиш узоқ сайрлар вақтида киришарди. “Энг биринчи сайр вақтида мен уни тез-тез ювинишга ишонтиришим керак эди, – деб эслайди Скотт. – Стив эвазига мен унинг мевали парҳез ҳақидаги китобини – озиш ҳақидаги йўл-йўриқларни ўқиб чиқишим лозимлигини айтди”. Скотт парҳез тутгани йўқ ва озгани ҳам йўқ, Жобс эса яхшилаб ювинишни одат қилди. Лекин “Стив у фақат мева ейиши туфайли унга бир ҳафтада бир марта ювиниш етарли деб оёқ тираб олди”, – дейди Скотт.

Жобс ҳамма нарсани бошқаришни яхши кўрарди ва ҳеч бир обрўли одамни тан олмасди, демакки, Стив ва уни бошқариш учун компанияга махсус ёлланган одам ўртасида жанжал бўлиши муқаррар эди. Айниқса, Жобс Скотт унга қаршилик кўрсата оладиган одамлардан бири эканини тушунгач, бу аниқ ва равшан бўлиб қолди. “Стив билан ўртамиздаги муносабат шундай эди: биз қайсарликка қайсарлик билан жавоб бериб, бир-биримизга гапимизни ўтказишга ҳаракат қилардик. Қайсарлик борасида менга тенг келадигани йўқ эди, – дейди Скотт. – Стивга эркалик қилишга имкон бермаслик керак эди ва табиийки, бу унга хуш келмасди”. Жобс шундай эслайди: “Мен энг кўп бақирган одам бу Скотти эди”.

Биринчи тўқнашув карточкаларга қўйилган рақамлар туфайли бўлди. Скотт 1-рақамли карточкани Вознякка, 2-рақамлисини эса Жобсга берди. Стив албатта биринчи бўлишни хоҳларди. “Мен бунга йўл қўя олмасдим, чунки бу унинг манманлигини яна ҳам


мустаҳкамларди”, – дейди Скотт. Жобс жазавага тушди, ҳатто йиғлади ҳам. Ниҳоят муроса таклиф қилди: унга 0 рақами ёзилган карточка тайёрлашни таклиф қилди. Скотт рози бўлди, лекин рақам фақат карточкага қўйилди: Bank of America‘га маошлар ахборотномаси учун мусбат сон керак эди ва ҳужжатлар бўйича Жобс 2-рақамда қолаверди.

Жиддийроқ низо келиб чиқди ва бу фақатгина Жобснинг инжиқлиги билан боғлиқ эмасди. Жобс тасодифан ресторанда танишиб қолган ва ишга олган Жей Эллиот Стив характерининг муҳим хислати ҳақида шундай дейди: “Жобс маҳсулотни мукаммал қилишга муккасидан кетган, умуман фикри-хаёли фақат маҳсулотда”. Майк Скотт эса, аксинча, мукаммалликка ишқибозлик фойдалиликдан устун бўлишига имкон бермасди. Apple II корпуси билан бўлган воқеа бунга яққол мисол бўлди. Apple буюртма берган Pantone компаниясида пластик учун мўлжалланган оч жигар рангнинг 2000 дан ортиқ туси мавжуд эди. “Ва ҳеч бири Жобсга ёқмади, – деб уф тортди Скотт. – У янги тус яратмоқчи бўлди. Уни тўхтатишимга тўғри келди”. Корпус дизайнига навбат келганда, Жобс маҳсулотнинг чети қай даражада юмалоқ бўлиши ҳақида узлуксиз бош қотирди. “Менга эса бунинг фарқи йўқ эди, – дейди Скотт. – Бу масала ечимини топишини хоҳлардим”. Кейинги баҳс муҳандислик столи ҳақида келиб чиқди. Скотт у оддий кул ранг бўлишини хоҳлади; Жобс оқ рангга буюртма бериш керак деб талаб қилди. Бу охири Марккуланинг кўз ўнгида катта жанжалга айланиб кетди: буюртма беришга ким ҳақли – Жобсми ёки Скоттми – аниқлаб олишди. Марккула Скоттни танлади. Яна Жобс мижозлар билан ўзгача мулоқот қилиш кераклигини талаб қилди: Apple II маҳсулотлари учун йиллик кафолат берилишини таклиф қилди. Бу Скоттнинг кўнглини кўтармади, чунки стандарт кафолат 90 кунни ташкил этарди. Бу мавзудаги навбатдаги баҳсда Жобс йиғлаб юборди ва улар у тинчланиб олиши учун боғни узоқ сайр қилишди. Натижада Скотт истар-истамас ён берди.

Жобснинг ҳамкасблари билан доим жанжаллашиши Вознякни жуда хафа қиларди. “Стив жуда қўрс эди, – эслайди у. – Мен компаниямиз бир жамоа бўлишини, у ерда ҳамма ўзини бемалол ҳис қилишини ва бир-бирини қўллаб-қувватлашини хоҳлардим”. Жобс эса Возняк шунчаки улғайишни хоҳламаяпти деб ҳисобларди. “У ёш болага ўхшарди, – дейди Жобс. – Бейсикнинг ажойиб версиясини ёзиб берди, лекин бошқача сонлар билан ишлай оладиган бизга керак бўлган бейсик версиясини яратишга қўли бормади. Оқибатда Microsoft билан контракт тузишга тўғри келди. Воз фикри тарқоқ бўлиб қолганди”.

Лекин Жобснинг девоналигига кўз юмиш мумкин эди, чунки компания гуллаб-яшнаётганди. Ўзининг мақолалари компьютерлар жамияти фикрини белгилаб берадиган Бен Розен Apple II’ни реклама қилишга иштиёқ билан киришди. Мустақил яратувчи шахсий компьютерлар учун VisiCalc’ни – жадвалларни ҳисоб-китоб қилувчи ва воситаларни ҳисобга олувчи илк дастурни кашф қилди; қанчадир вақт у фақат Apple II’га мослаштирилганди, бу эса уни ҳам компаниялар, ҳам оддий оилалар сотиб олишини оқларди. Apple янги нуфузли инвесторларни жалб қила бошлади. Илк венчур молиячиларидан бири Артур Рокда Жобс билан танишув дастлаб ҳеч қандай таассурот уйғотмади. Марккула томонидан юборилган Стив “ҳозиргина Ҳиндистондан қайтган одамга ўхшарди, – деб эслайди Рок, – ҳиди ҳам шундай эди”. Лекин Рок Apple II’ни ишлатиб кўриши билан компанияга пул тикди ва директорлар кенгаши аъзосига айланди.

Apple II (турли модификацияларда) ўн олти йил давомида сотилди; жами қарийб олти миллион компьютер сотилди. Айнан у шахсий компьютерлар тарқалишига энг кўп таъсир кўрсатган компьютер бўлиб чиқди. Возняк томонидан ишлаб чиқилган монтаж платалари ва тизим дастурий таъминоти унинг номини тарихга абадий ёздириб қўйди. Лекин уни қандай қиёфада етказиш – таъминот блокидан тортиб то корпуси ва қутисигача – айнан Жобснинг ихтироси. Бундан даромад олишни ҳам Жобс ўйлаб топди. Режиса Маккенна бу ҳақда шундай дейди: “Воз энг зўр компьютер яратди, лекин Стив Жобс бўлмаганида унинг ихтироси техника ҳаваскорлари дўконларининг токчаларида ҳалигача чанг босиб ётган бўларди”. Лекин кўпчилик Apple II тўлалигича Возняк шарофати билан пайдо бўлди, деб ҳисобларди ва бу Жобсни янги марраларни забт этишга ундарди. У ўзининг ролини бошқалар тан олишини истарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации