Электронная библиотека » Уолтер Айзексон » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Стив Жобс"


  • Текст добавлен: 19 апреля 2023, 17:44


Автор книги: Уолтер Айзексон


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 52 страниц) [доступный отрывок для чтения: 15 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Жобснинг ғашни келтирадиган феъли қисман перфекционизм ва муддатларни ўтказиб юбормаслик ва бюджетдан четга чиқмаслик учун (оқилона равишда) муросага рози бўладиганларни ёқтирмаслиги билан изоҳланади. “Стив ҳеч қачон муросага келишга кўнмаган, – эслайди Аткинсон. – У перфекционист ва унга ҳамма нарсани назорат қилиш муҳим. Ўз маҳсулотини такомиллаштириш ҳақида қайғурмаган ишлаб чиқарувчилар унинг ғазабини келтирарди”. Мисол учун 1981 йил апрелда Ғарбий соҳил бўйида ўтказилган Компьютер кўргазмасида Адам Осборн биринчи ҳақиқий портатив шахсий компьютерни намойиш этди. У кичкина (диагонали беш дюйм экранли, кичкина хотирали) компьютер эди, лекин ёмон ишламасди. Осборн фахр билан шундай деди: “Унда энг зарур нарсалар бор. Унда йўқ нарсалар – ортиқчадир”. Жобсни ишга бундай муносабат ғазаблантирди, бир неча кун у тинчлана олмади – тинимсиз Осборнни масхара қилди. “У ҳеч нарсани тушунмайди. Бу санъат эмас, ахлат”, – деб такрорларди Жобс Apple йўлакларида у ёқдан бу ёққа юриб.

Бир куни Жобс Macintosh операцион тизимини ишлаб чиқаётган муҳандис Ларри Кеньоннинг хонасига кириб, тизим узоқ юкланаётганидан шикоят қилади. Кеньон тушунтирмоқчи бўлди, лекин Жобс сўзини бўлди: “Агар кимнингдир ҳаёти шунга боғлиқ бўлганида, сиз юклаш вақтини ўн секундга камайтира олган бўлармидингиз?” Кеньон ҳаракат қилиб кўрган бўлардим, деб жавоб берди. Ўшанда Жобс доскага ҳисоб-китобларни чизиб, Ларрига кўрсатди ва унга агар беш миллион киши Mac’дан фойдаланса, улар ҳар куни ортиқча ўн секунд сарфлашини, бир йилда бу қарийб 30 миллион соатни ташкил этишини, бу эса тахминан 100 та одам ҳаётига тенг эканини тушунтирди. “Ларрига бу таъсир қилди ва бир неча ҳафтадан сўнг у натижага эришди: тизим 28 секунд тезроқ юклана бошлади, – эслайди Аткинсон. – Стив у ёки бу муаммони глобал даражада кўрсатиб, ходимларни бир иш қилишга ундай оларди”.

Охир-оқибат бутун Macintosh жамоаси шунчаки фойдали эмас, балки биринчи навбатда, нодир маҳсулот яратишга бўлган Жобснинг интилишини тушуниб етди. “Жобс ўзини рассом, ижодкор деб ҳисобларди. Унинг таъсири остида дизайнерлар жамоаси ўзига ана шундай муносабатда бўлишни ўрганди, – дейди Херцфельд. – Мақсад рақобатчилардан ўзиб кетиш ёки кўпроқ пул ишлаб олиш эмасди: асосий мақсад – дунёда энг зўр компьютер яратиш эди, агар имкони бўлса, энг зўр компьютерларнинг ҳам энг зўрини яратиш эди”. Стив ҳатто шогирдларини Манхэттендаги Метрополитен музейидаги Tiffany кўргазмасига ҳам олиб борди, чунки улар кенг оммага мўлжалланган буюк санъат асарини яратишни Луис Тиффанидан ўрганиши керак деб ҳисобларди. “Биз Луис Тиффани ўз асарларини ўз қўли билан яратмаган, балки дизайнни бошқаларга топширган деб тез-тез муҳокама қилардик, – деб эслайди Бад Триббл. – Ва биз ўзимизга ўзимиз “агар биз ҳаётимизда нимадир яратсак, буни чиройли қилиб яратайлик, дедик”.

Шогирдларини ҳақоратлаш ва камситиш шартмиди? Йўқ, лоақал, бундай хулқни оқлаб бўлмайди. Ҳатто Macintosh ҳайратда қолдирадиган муваффақиятга эришган бўлса ҳам жамоани бошқа усулда рағбатлантириш мумкин эди. Жобснинг тинимсиз аралашуви ва импульсив хулқи туфайли бюджет харажатлари оширилди, муддатлар ўзгартирилди. Бу ходимларнинг иззат-нафсига текканини ҳам унутмаслик керак, кўпчилик ходимлар шунчаки синарди, сўнарди. “Стив жамоани даҳшатга солмай ҳам ўз айтганига эришиши мумкин эди, – дейди Возняк. – Менга ҳамма хотиржам бўлса, ҳеч ким уришмаса ёқади. Менимча, компания бир оиладек бўлиши керак. Мен Macintosh лойиҳасини бошқарсам, катта эҳтимол билан биз жўяли нарса ясай олмасдик. Лекин Стив ва менинг бошқарув услубим бирлаштирилса, натижа Жобс ҳаммасини бир ўзи бошқарганда эришилган натижадан яхшироқ бўларди”.

Жобс золимлигининг шак-шубҳасиз бир устунлиги бор эди: Стив Apple ходимларига инновацион маҳсулотлар яратишга интилишни сингдира олди, уларни мумкин бўлмаган нарсани бажаришга ишонтирди. Улар “Мен ҳафтасига 90 соат ишлайман ва бу менга ёқади!” деган ёзувли футболка кийиб юрарди. Жобсдан қўрққанидан ва унда таассурот қолдириш истаги туфайли улар кутилганидан ҳам аълороқ иш кўрсатишга қодир бўлиб чиқди. Боз устига, Стив жамоага кўпинча мақбул қарор бўлиб туюлган муросага боришни тақиқлаб қўйганди, агар муросага борилса, Mac’га сарфланадиган харажатларни камайтириш ва ишлаб чиқаришни тезлаштириш мумкин эди.

“Кўп йиллик иш давомида мен бир нарсани тушундим: агар ходимларинг ҳақиқатан ҳам яхши бўлса, уларга ёш болаларга қилган муомалани қилмаслик керак, – деб изоҳ берганди кейинчалик Жобс. – Улардан кўпроқ нарса талаб қилиш керак, шунда улар дурдона асар яратади. Mac’нинг биринчи жамоаси менга ўргатган нарса шуки, аъло даражали мутахассислар бирга ишлашни яхши кўради, сизни ўртача натижа қаноатлантириши мумкин, лекин бу уларга ёқмайди. Mac жамоасининг исталган аъзосидан сўранг. Улар бу фойда берган деб айтади”.

Кўпчилик бунга қўшилади. “Кенгашда Стив тез-тез “Галварс, сен доим орқанг билан иш қиласан” деб бақириши мумкин эди. Лекин мен жуда омадли инсонман, деб айта оламан, чунки мен у билан бирга ишлаганман”, – деб эслайди Деби Коулман.

12-боб. Дизайн. Ҳақиқий рассомлар соддалаштиради

Баухаус эстетикаси

Эйхлер лойиҳаси бўйича қурилган уйларда ўсган кўпчилик болалардан фарқли равишда Жобс бундай уйларнинг моҳиятини тушунарди ва уларга муносиб баҳо бера оларди. Унга кенг оммага мўлжалланган оддий ва функционал модернизм ёқарди. Яна у отаси автомобилларнинг концептуал хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришини яхши кўрарди. Apple’га асос солингандан буён Стив ўйлаб топилган саноат дизайни, яъни турли рангдаги оддий логотип, Apple II’нинг ёйма корпуси компанияни бошқа рақобатчилардан ажратиб туришига ва маҳсулотни танитишига ишонарди.

Apple’нинг биринчи офиси (Жобсларнинг гаражидан кейинги офиси) кичик бинода жойлашганди, ўша ерда Sony сотув бўлими ҳам қўним топганди. Унинг маҳсулотлари эсда қоларли, бошқаларга ўхшамайдиган ўз услуби ва дизайни билан машҳур эди. Жобс реклама материалларини кўздан кечириш учун тез-тез у ерга кириб турарди. “У, одатдагидек, пала-партиш кийимда кириб келар, бизнинг рисолаларимизни варақлар, дизайни ҳақида сўрарди, – эслайди Sony’нинг собиқ ходими Дэниел Левин. – Баъзан буклетни ўзи билан олиб кетишга рухсат сўрарди”. 1980 йилда Жобс Левинни Apple’га ишга олади.

Бироқ 1981 йилнинг июнига келиб, Стив Аспенда ҳар йили ўтказиладиган Дизайн бўйича халқаро конференцияга боришни бошлагач, кўпинча қорамтир рангларда безатилган Sony маҳсулотларига бўлган қизиқиши сўнди. Ўша йилги конференция итальянча услубга бағишланганди; унда архитектор ва дизайнер Марио Беллини, режиссер Бернардо Бертолуччи, автомобиль ишлаб чиқарувчи Сержио Пининфарина ҳамда сиёсатчи ва Fiat меросхўри Сюзанна Аньелли иштирок этди. “Олдинга ўзиш” фильмидаги итальян байкерларидан завқ олаётган йигитча каби менда аста-секин италиялик дизайнерларга ҳурмат уйғонди, – деб эслайди Жобс. – Конференция мен учун илҳом манбаига ва ноёб кашфиётлар маконига айланди”.

Аспенда у баухаус оқимининг оддий ва функционал дизайни билан танишди. Бу услуб Герберт Бауэр томонидан қурилган биноларда, люкс кошоналарида, кертма белгисиз шрифтларда ва Аспен институтининг жиҳозларида намоён этилганди. Бауэр ўзининг устози Вальтер Гропиус ва Людвиг Мис ван дер Роэ каби санъат ва амалий саноат дизайни ўртасида тафовутлар бўлмаслиги керак деб ҳисобларди. Модернистик интернационал услуб, унинг энг ёрқин тимсоли баухаус эди, оддий, лекин шу билан бирга, экспрессив дизайнни назарда тутарди. Чизиқлар ва шаклларнинг софлиги рационаллик ва функционалликка ҳамоҳанг эди. Ушбу услубнинг Мис ван дер Роэ ва Гропиус томонидан яратилган қоидасида шундай дейилади: “Худо деталларда” ва “Камроқ дегани кўпроқ дегани”. Эйхлер меъморий услубида бўлгани каби эстетика бу ерда оммавий ишлаб чиқариш мумкинлигини истисно этмайди.

Баухаус услуби ҳақидаги ўз тушунчасини Жобс 1983 йили Аспенда ўтказилган конференцияда сўзлаган нутқида айтиб берди. Маъруза “Келажак ўтмишга ўхшамайди” деб номланарди. Унинг чиқиши мусиқий павильонда бўлиб ўтди, ўз нутқида Жобс баухауснинг оддийлиги Sony услуби ўрнини босиши ҳақида башорат қилди. “Саноат дизайнининг замонавий оқими, Sony услубидаги хай-тек, жез-кул ранг ва қора ранг – буларнинг барчаси бесўнақай кўринади, – деганди Жобс. – Буни такрорлаш қийин эмас. Лекин бунинг қизиғи йўқ”. Бунинг ўрнига Стив баухаус томонидан яратилган муқобил вариантни таклиф қилди. У Apple маҳсулотларининг функционаллигига ва характерига кўпроқ мос келарди: “Биз юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз. Уларнинг дизайнига қараб у нима экани ва нима учун экани дарров аён бўлади. Биз улар учун кичик қутилар танлаймиз, маҳсулотнинг ўзи оқ ва чиройли бўлади, худди Braun электроникаси каби”.

Жобс Apple маҳсулоти оддий ва ишчан бўлишига бир неча бор урғу берди. “Бизнинг буюмларимиз ёрқин, тоза бўлади, шунинг учун дарҳол бу юқори технологиялар эканлиги аён бўлади. Бизни Sony’нинг қўпол қора қутилари қаноатлантирмайди, – деб фикр юритди у. – Биз ҳаммаси имкон қадар оддий бўлиши керак деб ҳисоблаймиз, лекин оддийлик Замонавий санъат музейига ярашади. Ҳамма нарсада оддийлик – мана бизнинг шиоримиз: компанияни бошқаришда, маҳсулотлар дизайнида, рекламада. Шунчаки оддийлик”. Apple принциплари компания илк реклама буклетининг муқовасига босилган қуйидаги иборага мос келади: “Оддийлик – юксак донолик”.

Жобс у ёки бу маҳсулотдан қандай фойдаланишни бир қарашдаёқ илғаб олиш – дизайн оддийлигининг асосий мезони деб ҳисоблаган. Лекин бу ҳар доим ҳам бир-бирига боғлиқ эмас. Ҳаддан ортиқ равон ва оддий дизайн харидорни чўчитиши мумкин ва харидор товарни қандай ишлатишни билмай қолиши мумкин. “Биз интилишимиз керак бўлган асосий нарса – маҳсулотимиз интуитив равишда тушунарли бўлиши керак”, – деб айтади Жобс дизайн даҳоларига. Macintosh’да акс эттирилган иш столига ўхшашликни ҳам тилга олиб ўтади. “Биз ҳаммамиз иш столида нима қилишни биламиз. Хонага кирсак, столда қоғозлар ётади. Тепада – энг муҳимлари. Одамлар устуворликни аниқлашни билади. Компьютерлар яратаётиб, биз иш столи билан ўхшашликни асос қилиб олганимизнинг сабабларидан бири – мавжуд тажрибадан самарали фойдаланишдир”.

Ўша чоршанбада Жобс билан бир вақтда, лекин кичикроқ аудиторияда йигирма уч ёшли Майя Лин ҳам маъруза қилди. Бундан бир йил аввал ноябрда Вашингтонда Вьетнамдаги уруш фахрийларига атаб унинг лойиҳаси бўйича мемориал очилганди. Жобс ва Лин дўстлашиб қолади ва Стив уни Apple’га таклиф қилади. Лин каби одамлар олдида Жобс ҳадиксирарди, шунинг учун Деби Коулмандан Маяга компанияни кўрсатишда ёрдам беришини сўради. “Мен Стив билан бир ҳафта ишладим, – эслайди Лин. – Ундан “Нима учун компьютерлар телевизорлар каби бесўнақай кўринади? Нима учун юпқа, блокнот каби текис компьютер ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ?” деб сўрадим. Жобс технологиялар бунга имкон берса, айнан шуни рўёбга чиқармоқчи эканини айтди.

Саноат дизайни соҳасида у вақт қизиқ воқеа юз бермаётганди. Жобсга Ричард Саппернинг чироқлари, Чарльз ва Рэй Имз жиҳозлари, Braun маҳсулоти, Дитер Рамс дизайни ёқарди. Лекин саноат дизайнерлари орасида Раймонд Лоуи ва Герберт Бауэр даражасидек шахслар йўқ эди. “Саноат дизайнидаги ишлар, шу жумладан Силикон водийсида ҳам зерикарли эди ва Стив буни ўзгартиришни хоҳларди, – деб эслайди Лин. – Унга ёйма, лекин жуда ҳам силлиқ бўлмаган истеҳзоли услуб ёқарди. Стивнинг минимализмга бўлган муҳаббати буддизмнинг оддийликка интилишига бориб тақаларди, устига-устак Жобс ўз маҳсулоти совуқ ва ўлик бўлишини хоҳламасди. Маҳсулот мароқ берадиган бўлиши керак. Стив – қизиқ табиатли инсон, у дизайнга жуда жиддий қарайди, лекин айни вақтда унга ҳазил ҳам бегона эмас.

Йиллар ўтгани сайин Стивнинг диди мураккаблашиб борди, айниқса у японча услубни хуш кўрарди, Иссе Мияке ва Йо Минг Пей каби юлдузлар билан мулоқот қила бошлади. Жобсга буддизмни ўрганиш ҳам катта таъсир кўрсатди. “Мен ҳар доим буддизмни, айниқса, японча дзен-буддизмни услубий мукаммалликнинг чўққиси деб ҳисоблаганман, – дейди Жобс. – Киото боғларидан ажойиб манзарани ҳеч қачон кўрмаганман. Мен дзен-буддизмга бориб тақаладиган бу маданият мевасидан завқ оламан”.

Porsche каби

Жеф Раскиннинг тахминича, Macintosh кичкина, чамадон каби квадрат ва текис бўлиши ҳамда экранига клавиатура ёпилиши керак эди. Лойиҳага раҳбарликни қўлига олган Жобс портатив компьютерни замонавий дизайнли ва ўрта-миёна ҳажмли компьютерга айлантиришга қарор қилди. У столга телефон маълумотномасини ташлаб, муҳандисларга корпус майдони маълумотнома саҳифасидан катта бўлмаслиги керак деб айтди. Ўшанда бош дизайнер Жерри Мэнок ва унинг умидли шогирди Терри Ояма ечим ўйлаб топди. Унга кўра экран тизим блоки устида жойлашади, клавиатурани эса олиб қўйса бўлади.

1981 йилнинг мартида бир куни Энди Херцфельд тушликдан қайтиб, хонасида Жобснинг креатив директор Жеймс Феррис билан Mac моделларидан бири олдидаги қизғин муҳокамасига кўзи тушди.

– Бу фольксваген-жукка ўхшаб эскирмайдиган классика бўлиши керак, – дейди Жобс. Отаси классик дизайнли автомобилларга нисбатан ҳурматни сингдирганди.

– Асло ундай бўлмаслиги керак, – деб эътироз билдирди Феррис. – Чизиқлар текис бўлиши, Ferrari’дагидек эҳтиросли бўлиши керак.

– Унда Ferrari эмас, у ҳам тўғри келмайди, – деб жавоб берди Жобс. – Porsche каби бўлиши керак!

Стив ўшанда Porsche 928 тақдимотига бориб келганди (Феррис кейинчалик реклама бўлими раҳбари сифатида Porsche’га ишга кириб олади). Дам олиш кунларидан бирида ишдан кейин Жобс Билл Аткинсонни ўзининг Porsche’сида айлантириб келади. “Буюк санъат асари дидга эргаштириш ўрнига уни кучайтиради”, – деди Жобс Аткинсонга. Стив шунингдек “мерседес”нинг дизайнига ҳам қойил қоларди. “Йиллар ўтиб, улар чизиқларни нафис, деталларни эса ифодали қила олишди, – деди у автомобиль қўйиш жойи бўйлаб сайр қилаётиб. – Биз Macintosh’да айнан шунга интилишимиз керак”. Ояма қоралама эскизини чизди ва гипсдан ясалган моделини яратди. Ҳаммаси тайёр бўлгач, Mac жамоаси муҳокама қилиш учун тўпланди. Херцфельд дизайннинг янги вариантини “ёқимли” деб атади. Бошқаларга ҳам ёқди. Жобс эса уни кескин танқид қилди. “Бу ҳаддан ортиқ квадратни эслатади, эгик жойларни қўшиш керак. Биринчи фасканинг радиусини ошириш керак. Ва менга қиялигининг кенглиги ёқмаяпти”. Яқинда Жобс ўзлаштириб олган график дизайннинг бу термини компьютернинг икки тарафини бирлаштирувчи унинг “чеккасини қия қилиш”ни англатарди. Лекин Стив нутқини кўтаринки нуқтада якунлади: “Бошланишига чакки эмас”.

Бир ойда бир марта Мэнок ва Ояма Жобснинг аввалги танбеҳларини ҳисобга олиб, дизайннинг янги вариантини кўрсатишарди. Навбатдаги гипс моделдан тантанали равишда ёпинчиқ олиб ташланарди, унинг ёнига барча аввалги вариантларни қўйиб чиқишарди: бу нафақат ишнинг боришини кузатиш, балки Стивга унинг барча таклифлари ҳисобга олинганини исботлашда ёрдам берарди. “Тўртинчи моделни мен учинчи моделдан базўр ажратдим, – деб тан олди Херцфельд, – лекин Стив ҳар доим танқид учун нишонни топарди, мен эътибор ҳам бермайдиган деталларни муҳокама қиларди”.

Дам олиш кунларидан бирида Стив яна маиший техникани, жумладан, Cuisinart’ни кўриш учун Пало-Альтодаги Macy’s универмагига борди. Душанба куни дизайнерларга ошхона комбайни сотиб олишни буюрди ва унинг мисолида чизиқлар, эгик жойлар ва қияликлар қандай бўлишини кўрсатиб берди. Ояма ошхона қурилмасига жуда ўхшайдиган янги моделни тайёрлади, лекин ҳатто Жобс ҳам ошириб юборилганини тан олди. Бу бир ҳафтага ишни кечиктирди, лекин охир-оқибат Жобс Mac корпуси учун макетни имзолади.

Жобс компьютер ўзига оғдириб олиши керак деб талаб қиларди. Натижада унинг дизайни кўпроқ инсон юзини эслатиб юборарди. Дисководли монитор юқорида жойлашганди ва бошқа компьютерларга қараганда торроқ эди ҳамда одамнинг бошига ўхшаб кетарди. Пастидаги чуқур жой энгакка ўхшарди, Жобс компьютернинг пешонаси кроманьон одамга ўхшаб қолмаслиги учун пластик устунини тепага қараб торайтирди. Шунақа пешона Lisa’нинг қиёфасини бузиб кўрсатарди. Apple корпуси дизайни учун патент Стив Жобс, Жерри Мэнока ва Терри Ояма номига ёзилди. “Стив чизмаларга тегинмаган бўлса-да, ҳосил бўлган дизайн – унинг ғоялари ва таъсири маҳсули эди. Тўғрисини айтсам, Стив бизга тушунтириб бермагунигача, биз компьютернинг “ўзига оғдириб оладиган” кўриниши қандай бўлиши ҳақида тушунчага эга бўлмасдик”, – деб тан олади кейинчалик Ояма.

Жобс экрандаги тасвир ҳақида ҳам шундай жон куйдирди. Бир куни Билл Аткинсон “Texaco миноралари”га югуриб кириб, чўзиқ ва доираларни тезда чизиш имконини берадиган доҳиёна алгоритм ўйлаб топганини айтди. Одатда бу вазифани ҳал қилиш учун квадрат илдизларини ҳисоблаб чиқиш керак бўларди, лекин Motorola 68000 бундай операцияга мослашмаганди. Ва Аткинсон вазиятдан чиқиш йўлини топди: тоқ сонлар суммаси оддий сон квадратини кўрсатиб берарди (масалан, 1 + 3 = 4, 1 + 3 + 5 = 9 ва ҳоказо). Херцфельднинг эслашича, Аткинсон ўз кашфиёти билан ўртоқлашганида Жобсдан бошқа ҳамма ларзага келди.

– Доира ва чўзиқ шакллар – бу яхши, – деди Стив, – юмалоқ бурчакли тўғрибурчакларчи?

– Улар бизга нимага керак? – деб ҳайрон бўлди Аткинсон ва буни ясаш деярли имконсизлигини тушунтирди. “Мен графика оддий бўлишини ва асосий геометрик элементлар билан чекланишни хоҳлайман. Уларсиз иш битмайди”, – деб эслайди у.

– Юмалоқ бурчакли тўғрибурчакларни ҳаммаёқда, ҳатто шу хонада ҳам учратиш мумкин! – деб сўзини бўлди Жобс. Сўнг ўрнидан туриб руҳланганча давом этди: – Атрофга қаранг! – Стив доскани, столнинг устини ва бошқа буюмларни кўрсатди, улар ҳақиқатан ҳам юмалоқ бурчакли тўғрибурчаклар эди. – Ташқарида эса улар яна ҳам кўп! Қаерга қараманг – улар ҳамма ерда! Шу сўзларни айтиб, у Аткинсонни сайрга олиб чиқди. Йўлда унга машиналар ойналарини, пардаларни ва йўл кўрсаткичларини кўрсатди. “Биз уч квартал юрдик, мен ўн еттита мисол топдим, – эслайди Жобс. – Билл сўзимга қўшилмагунгача мен уларни унга кўрсатавердим”.

“Охири бизга “Автомобиль тўхташи мумкин эмас” деган ёзув учради ва мен тан олдим: “Майли, сен ҳақсан, таслимман. Юмалоқ бурчакли тўғрибурчаклар бизга керак!”. Херцфельд шундай эслайди: “Кейинги куни Билл оғзи қулоғида “Texaco миноралари”га кириб келди. Энди унинг демо-версияси юмалоқ бурчакли тўғрибурчакларни тезда чиза оларди”. Lisa ва Mac’нинг, ҳар бир кейинги компьютернинг диалог дарчалари охир-оқибат юмалоқ бурчакли бўлди.

Жобс Рид университетида қатнаган каллиграфия дарси унга шрифтларга (роман шрифтларига ҳам, готик шрифтларга ҳам), очиқ жойларни мутаносиб ажратишга ва қаторлар баландлигига эътиборли бўлишни ўргатганди. “Ва биринчи Macintosh устида ишлаётганимизда менга бу жуда фойда берди”, – деб эслайди Жобс. Чунки компьютердаги тасвир растрли эди, нафис шрифтлардан бошлаб кулгули шрифтларгача чекланмаган миқдорда шрифтлар ўйлаб топиш ва уларни пикселлар орқали экранда яратиш мумкин эди.

Шрифтлар устида ишлаш учун Херцфельд ўзининг собиқ синфдоши филадельфиялик Сьюзен Карени таклиф қилди. Филадельфияга қатнайдиган эски поезд йўлининг бекатлари шарафига атаб шрифтларга ном берилди: Овербрук, Мерион, Ардмор, Роузмонт. Жобс ҳам жараёнга қўшилди. Бир куни кечаси у шрифтлар номланиши ҳақида бош қотирди. “Бу шаҳарчаларни ҳеч ким эшитмаган, – деди Стив, – агар бутун дунёга машҳур шаҳарлар номи билан атасакчи!”. Шу тариқа Каренинг сўзларига кўра Chicago, New York, London, SanFrancisco ва Venice номли шрифтлар пайдо бўлди.

Марккула ва бошқалар Жобснинг типографикага бўлган иштиёқига қўшилмасди. “У шрифтларни яхши тушунарди ва уларни мукаммал қилишга интиларди, – деб эслайди Марккула. – Мен бунга мана бундай жавоб берардим: “Шрифтлар? Бошқа ишимиз йўқми?”. Аслида Macintosh’нинг бой шрифтлар тўплами лазер нашр қилиш машинаси ва ажойиб графика билан бирга матбаа саноатининг ривожланишига туртки берганди ва Apple’га катта фойда келтирганди. Бундан ташқари, у энг оддий одамларга, масалан, синф газетасига илк мақоласини ёзаётган мактаб ўқувчиларидан бошлаб, ота-оналар қўмитаси мактубини таҳрир қилаётган оналаргача, барчага шрифтларни ўргатарди; аввал бундай имкониятга типографлар, таҳрирчилар ва бошқа китобхонлар эга эди.

Каре шунингдек график интерфейсларга хос иконкаларни (масалан, ўчирилган файллар учун ахлат саватчасини) ўйлаб топди. Шу асосда улар Жобс билан умумий тил топишди: иккови ҳам оддийликка интиларди ва Mac бошқа компьютерларга ўхшамайдиган бўлишини хоҳларди. “Стив, одатда, кечки пайт хонамга кирарди, – эслайди Сьюзен. – Нима янгилик бор, деб қизиқарди, унинг визуал деталлар борасидаги диди яхши эди”. Баъзан Стив якшанба куни эрталаб кирарди ва Каре унга янги вариантларни кўрсатиш учун дам олиш кунлари ишга чиқарди. Улар баҳслашган пайтлар ҳам бўларди. Мисол учун Стив у ўйлаб топган сичқонча тугмасини босиш тезлашганини билдирувчи қуёнча иконкасини рад этади: унинг фикрича, момиқ ҳайвонча “жуда хурсанд” кўринади.

Жобс дарчаларнинг номларига ҳам катта эътибор берди. У тўғри ечим топишга интилиб, Аткинсон ва Карени яна ва яна қайтадан ишлашга мажбур қилди. Lisa’даги жуда тўқ ва қўпол номлар Стивга ёқмади, у Mac’да номлар силлиқроқ, юпқа устунли бўлишини хоҳлади. “Биз Стивга йигирмата вариантни кўрсатдик”, – деб эслайди Аткинсон. Бир куни Каре ва Аткинсон Стивга муҳимроқ иш турганда уларнинг кучини ҳеч кимга қизиқ бўлмаган майда нарсаларга сарфлашга мажбур қилаётганини айтиб шикоят қилишди. Жобс хафа бўлди. “Одамлар бунга ҳар куни қарайди! – деб бақирди у. – Бу майда нарса эмас, бу иш ва уни яхши бажариш керак!”

Крис Эспиноса Стивнинг талабларини ва унинг назорат қилиш эҳтиросини қондирадиган ажойиб усулни топди. Эспиноса Вознякнинг гараждаги ёш ёрдамчиларидан бири эди, Жобс у ўқишга доим улгуришини, Mac’да ишлаш имконияти эса бошқа бўлмаслигини айтиб, уни Бёрклини ташлашга кўндирганди. Эспиноса компьютер калькуляторининг дизайнини ишлаб чиқди. “Нафас чиқармай, биз Крисни ўраб олдик. У калькуляторни Стивга кўрсатди. Биз у нима деркин деб кутаётгандик”, – эслайди Херцфельд.

“Бошланишига ёмон эмас, – деди Жобс. – Лекин умуман олганда бу бўлмағур нарса. Фон жуда қора, чизиқлар ҳаддан ташқари қалин ва тугмалар катта”. Эспиноса бир неча марта дизайнни қайта ясади, лекин Жобс ҳар янги вариантни кескин танқид билан кутиб олди. Ниҳоят, навбатдаги учрашувда Крис “Ўзинг тер. Стив Жобс номидаги калькулятор-конструктор” деб аталган версияни тақдим этди: фойдаланувчи чизиқлар қалинлигини, тугмалар ҳажмини, тўқ-очлигини, фонни ва ҳоказоларни ўзи ўзгартириши мумкин эди. Стив кулиб юборди, кейин эса компьютерга ўтириб, ўзига ёқадиган дизайнни яратиш учун опцияларни синаб кўришга киришди. Ўн дақиқа ўтиб у буни уддалади. Кейинги 15 йилда Mac учун калькуляторнинг айнан шу версияси стандарт вариант бўлиб қолгани ажабланарли эмас.

Стивнинг асосий лойиҳаси Macintosh бўлиб қолишига қарамай, у барча Apple маҳсулотлари учун универсал услуб яратишни хоҳларди. Жерри Мэнок ва “Apple дизайнерлари уюшмаси” деб номланган норасмий гуруҳ ёрдамида Жобс энг яхши дизайнер учун танлов уюштирди. Лойиҳани “Оппоқой” деб аташди – нафақат Стивнинг оқ рангни севгани учун, балки дизайни яратилаётган маҳсулотлар етти миттивой номлари билан аталарди. Якунида Sony Trinitron телевизорлари устида ишлаган германиялик дизайнер Хартмут Эсслингер ғалаба қозонди. Жобс у билан учрашгани Шварцвальдга учиб кетди, Стивни нафақат Эсслингернинг ўз ишига бўлган иштиёқи, балки “мерседес”ни соатига 160 километр тезликда ҳайдай олиши лол қолдирди.

Эсслингер немис бўлишига қарамай, “Apple’нинг ДНКда асл америкалик ген бўлиши керак” деб айтди, у “Голливуд, мусиқа, исёнкор руҳ ва соғлом сексуаллик” билан илҳомланган ҳолда “глобал Калифорния услуби”ни яратди. Эсслингер “дастлаб ҳиссиёт, кейин шакл” принципига, яъни шаклга нисбатан функционаллик биринчи ўринда деган иборанинг бироз ўзгартирилган ифодасига амал қилганди. У ўз ёндашувини кўрсатиш учун товарларнинг қирқта моделини ишлаб чиқди, уларни кўриб, Жобс “Айнан шу керак эди!” деб хитоб қилди. Apple II учун дарҳол тасдиқланган “Оппоқой” дизайни оқ корпусдан, юмалоқ эгик жойлардан ва безатиш ва вентиляция учун нафис кесилган чизиқлардан иборат эди. Жобс Эсслингерга у Калифорнияга кўчиб ўтиши шарти билан шартнома таклиф қилди. У рози бўлди; Жобс билан ҳамкорликни Эсслингер “саноат дизайни тарихида энг муҳим ҳамкорликдан бири” деб атайди. Унинг frogdesign компанияси[8]8
  2000 йили компаниянинг frogdesign номи frog design этиб ўзгартирилди ва Сан-Францискога кўчиб келди. Эсслингер қурбақа (frog) ўзгара олгани учунгина бундай ном бермаганди, у бундай ном билан ватанига ҳурмат бажо келтирганди – (f)ederal (r)epublic (o)f (g)ermany. Унинг фикрича, “кичик ҳарфлар Баухаус услубига хос бўлган иерархик бўлмаган тил ҳақидаги тасаввурга жавоб беради, бу эса компаниянинг демократик руҳиятига мувофиқ келади”.


[Закрыть]
1983 йилнинг ўрталарида Пало-Альтода очилди, Apple билан 1,2 миллионлик шартнома тузилди. Шундан бери Apple’нинг ҳар бир товарида “Дизайн Калифорнияда ишлаб чиқилган” деган мағрурона ёзув турибди.

Отаси Жобсни ўз ишини севадиган чинакам уста кўзга ташланмайдиган деталларни ҳам мукаммаллаштиради деб ўргатган. Микросхемалар ва Macintosh’нинг бошқа ички деталлари жойлашган босма плата топологияси билан боғлиқ воқеа ишга бўлган бундай муносабатнинг энг ёрқин мисоли эди. Бирорта ҳам харидор ҳеч қачон уларни кўрмаган бўларди. Лекин Жобс танбеҳларга кўмиб ташлади:

– Мана бу қисм ажойиб, – деди у. – Лекин хотиранинг интеграл схемаларига қаранг. Улар бадбашара. Чизиқлар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Apple’га яқинда келган муҳандислардан бири Стивнинг сўзини шундай деб бўлди:

– Фарқи нима? Асосийси яхши ишласа бўлди. Платанинг ўзини ҳеч ким ҳеч қачон кўрмайди. Жобс кутилганидек шундай жавоб берди:

– Мен ҳамма нарса, ҳатто ички деталлар ҳам мукаммал бўлишини хоҳлайман. Яхши дурадгор шкафнинг орқа девори учун ёмон тахталарни олмайди, ҳатто уларни ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаса ҳам.

Бир неча йил ўтиб Macintosh чиққанидан кейин Жобс берган интервьюсида у отасидан ўзлаштирган гапни қайтарди: “Дурадгор кийим-кечак жавони ясаётган бўлса, унинг орқа тарафига, гарчи уни ҳеч ким кўрмаса-да, фанерни михлаб қўймайди. Шкафнинг орқа тарафига, гарчи уни девор бекитиб турса-да, яхши тахталарни олади. У иш мукаммал бўлмагунча тинчланмайди. Исталган буюмда ҳаммаси уйғун бўлиши керак – ташқи кўриниш ҳам, сифат ҳам”.

Майк Марккула эса Стивга қуйидаги сабоқни берганди: китобга унинг муқовасига қараб баҳо беришади. Бу отасининг майда-чуйда нарсаларни ҳам такомиллаштиришга интилиш керак деган сўзларини тўлдирарди. Шу сабабли Macintosh қутиси ва ўрами учун Жобс рангли муҳр туширилган дизайнни танлади ва у энг яхши шаклда кўриниши учун қўлдан келган ишни қилди. “Стив болаларни ҳаммасини эллик марта қайтадан бажаришга мажбур қилди, – деб эслайди Mac жамоаси аъзоси Ален Россман (у кейинчалик Жоанна Хоффманнинг турмуш ўртоғи бўлган). – Харидор ўрамни очиши билан уни шу заҳоти ташлаб юбориши аниқ, лекин Стив барибир ҳаммаси идеал кўринишда бўлишига эришди”. Россман хотира микросхемаларига пул тежалаётган бир вақтда қимматбаҳо ўрамга пул сарфлаш мантиқсизлик деб ҳисобларди. Жобс эса Macintosh нафақат мукаммал бўлишини, балки шундай кўринишини ҳам хоҳларди. Дизайн устидаги ишлар ниҳоят якунланганда, Жобс Macintosh жамоасини норасмий маросимга тўплади. “Ҳақиқий рассомлар ўз асарларига имзо қўяди”, – деди у. Бир варақ чизма қоғоз ва маркер олиб, ҳамманинг имзо чекишини сўради.

Ўйиб ёзилган ёзувларни ҳар бир Macintosh’дан топиш мумкин. Уларни компьютер тузатаётган техниклардан бошқа ҳеч ким ҳеч қачон кўрмайди. Лекин ҳар бир жамоа аъзоси ичида унинг имзоси борлигини билади, монтаж платасининг компонентлари имкон қадар нафис терилганини ҳам билади. Жобс ҳаммани номма-ном айтиб чиқди. Биринчи бўлиб Баррелл Смит ўз исмини ёзиб қўйди. Ва 45 нафар ходим имзо қўйгандан кейингина, Стивнинг навбати келди. У варақ марказида бўш жой излади ва кичик ҳарфлар билан чиройли қилиб имзо қўйди. Шундан сўнг ҳаммага муваффақиятни шампан виноси билан нишонлашни таклиф қилди. Стив туфайли биз бундай дақиқаларда санъат асари яратаётганимизни ҳис этардик”, – дейди Аткинсон.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации